Abdunabi Abdiyev. Muallaq odam & O’rolboy Qobil. Pomuqlik «Don Kixot»

Ashampoo_Snap_2017.07.28_17h08m44s_007_.png  Бир таниқли адибнинг саргузашт китоби анчагина шов-шувга айланган йиллар эди. Кунларнинг бирида чўл туманида ёзувчи билан китобхонларнинг учрашуви ташкил этилди. Сўзга чиққан нотиқларнинг бири муаллиф ва унинг асари ҳақида шунчалик кўп мақтов сўзларни айтди-ки, бундан минбарда ўтирган ёзувчи ҳам хижолатга тушиб, қизариб кетди.

Ўролбой ҚОБИЛ
ПОМУҚЛИК “ДОН КИХОТ”
08

Шанба куни эди.
Телефоним жиринглади.
Олдим.

Гўшакдан қадрдон дўстимнинг қувноқ овози эшитилди:

-Ҳой, ётибсизми, соғлиқ қалай? Мендан сўрасангиз, Қамашининг Қорабоғида юрибман. Совчи бўлиб келдим. Куёв бўлмишнинг уйидагилар илтимос қилишди, бу ёғи элчилик, йўқ дея олмадим. Анчадан бери чўзилиб юрганди бу иш, яна ошиқ йигитга ҳам раҳмим келди. Севги, муҳаббат дегани ҳамманинг бошидан ўтган савдо… қизнинг отаси “Узоқдан экан, бўлмайди”, деб кўнмаган экан. Эй, ўзимизга ўхшаган муаллим экан, кўнглини топдим, розилик берди. Қизнинг онаси сизлар томондан экан, шекилли… яқинда фотиҳа тўйни қиламиз.

-Совчиман, денг?
-Ҳа, мен бу ишнинг ҳадисини олганман, ҳали совчи бўлиб, қуруқ қайтганим йўқ!
-Эй, қойилман,-дедим.

***

Шу дўстим бир йили нуфузли танловнинг ғолиби бўлди. Мукофотни олиш учун йўлга отланган дўстимизга аёли, ўғил-қизлари, набиралари нималарнидир “заказ” қилишни ҳам унутишмади.

Аввал тақдирлаш маросими, сўнгра шеърхонлик бўлди. Залда ўтирганларнинг бири ғолибга савол берди:

-Сиз кўпроқ яхшилик, савоб, эзгулик ҳақида ёзар экансиз, ўзингиз ҳам бирорта савоб иш қилганмисиз?

Дўстимиз барига тушунди.

-Яқинроқда бирорта мактаб ёки боғча борми?
-Бор, мен боғча мудирасиман, -деб ўрнидан турди истарали жувон.

Укамиз чўнтагидаги мукофот пулининг тенг ярмини жувонга узатди.

-Олинг, болаларга китоб, ўйинчоқлар харид қилинг.

Залдагилар қарсак чалиб, ёзувчини қутлашди.

Кейин у уч кун пойтахтдаги шоир ва ёзувчи укаларини меҳмон қилиб мукофотни “ювди”. Тўртинчи куни чўнтаги бўшаб қолди.

-Ука, -деди дўстимиз шоир укаларидан бирига,-Эллик минг қарз бериб тур, уйга етиб олай!…

Укаси барига тушунди ва акасига пул берди. Ғолиб кетди. Шоир укаси эса ортидан бош ирғаб деди:

-Ана дарвеш, вот чудак…

***

Бир таниқли адибнинг саргузашт китоби анчагина шов-шувга айланган йиллар эди. Кунларнинг бирида чўл туманида ёзувчи билан китобхонларнинг учрашуви ташкил этилди. Сўзга чиққан нотиқларнинг бири муаллиф ва унинг асари ҳақида шунчалик кўп мақтов сўзларни айтди-ки, бундан минбарда ўтирган ёзувчи ҳам хижолатга тушиб, қизариб кетди.

Дўстимиз жим туролмади. Сўз олиб асар ҳақидаги ўзининг фикрларини айтди, сўнгра жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан қатор мисоллар келтирди ва бояги нотиққа қараб:

-Биродар, сиз таърифлаган асарнинг ҳали булар даражасига етишига кўп қовун пишиғи бор,-деб жойига ўтирди.

Учрашув тугаб, ҳамма тарқаётган пайт адиб дўстимизни чақиртириб деди:

-Сизга раҳмат, буларга қолса, мени аллақачон буюкка айлантириб, ўтган асрга улоқтиришлари тайин эди…

***

Бир танишим айтиб қолди.

-Анови миришкорлик ёзувчи жўрангиз бор-ку, ўша одам яқинда зўр иш қилди.

-Қандай иш?-дедим қизиқиб.

-Ўн беш йилдан бери юз кўрмас бўлиб, аразлашиб юрган тоға-жиянларни яраштириб қўйди. Бўлмаса, ундан аввал ҳам мана-ман деганлар ўртага тушганди. Дўстингиз бўлса, бир зумда ишни дўндирди.

-Қандай қилиб?

-Бу ёғини билмадим, менимча у кишининг сехрими, меҳригиёсими бор-ов…энг қизиғи ўша аразчи тоға-жиянларнинг кўзлари ёшга тўлиб, бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришганини кўрсангиз эди.

-Савоб ишни қилибди.
-Ҳа, савоб ҳам гапми, эзгу иш денг…

Дарвоқе, ёш адиб Жасур Кенгбоев бу ҳақда эшитиб, “Мунг” деган ҳикоя ҳам ёзган.

***

Китоби чиққан ёш шоирлардан бири дўстимизга дастхат билан китобини совға қиларкан, илтимос қилди:

-Ака, таниқли ижодкорсиз, шеърларим ҳақида газетага битта тақриз ёзиб беринг.

Дўстим кўнгли бўш одам-да,“Майли, бир ўқиб кўрайин”, деб рози бўлди.

Тўпламни варақлаб кўрди, рости шеърлар унга ёқмади. Буни мен унинг юз ифодасидан ўша дамдаёқ англадим. Индамадим.

Орадан кунлар, ҳафталар ўтди, тақриздан дарак йўқ, тақриз ёзилмади. Таҳририятда дўстимизни учратган шоир сўради:

-Ака, тақриз нима бўлди, ёздингизми?

Дўстимиз эса:
-Кечирасиз ука, кундузи иш кўп, қўл тегмайди, тунда эса уйқучиман, кўп ухлайман,-деди.

***

Дўстим ҳақида қаламкаш укамиз сўзлаб берган эди:

-Кунларнинг бирида чўлдаги хўжаликлар ҳаёти ҳақида газетага қўшсаҳифалик материал тайёрлаш учун йўлга тушдим. Туман газетасининг муҳаррири мени самимий кутиб олди ва дарров адабий жараён, янги китоблар, ёзувчи ва шоирлар, хуллас адабиёт ҳақидаги билимларимни аниқлаш учун роса “имтиҳон” қилиб кўргач, ўзи эшитган, гувоҳи бўлган қизиқ воқеаларни сўзлаб, икки соат вақтимни ўғирлади.

Мен учун акамизнинг гурунги қизиқ бўлса-да, зиммамдаги топшириқнинг юки боис бетоқатланардим. Муҳаррир эса сигарет тутатганча, сўзлашда давом этарди. Ниҳоят телефон жиринглаб, у сўзлашдан тўхтади ва гўшакни қўлга олиб, аллаким билан қисқа сўзлашгач, менга қаради.

-Туринг, меҳмон, обед қиламиз.

Мен истар истамас муҳаррирнинг ортидан эргашдим. Тушлик зўр бўлди. Мезбоним менга қуярда-қўймай бир-икки пиёла ичиришга ҳам эришди. Ичкиликнинг таъсири туфайли ташвишлар унутилиб, ўзимни енгил ҳис эта бошладим. Машина иккаламизни муҳаррирнинг уйига олиб келди. Яна дастурхон ёзилди…

Алламаҳалда кўзимни очсам, ёнимда уй эгаси варанглатиб ҳуррак отарди. Соатимга қарадим, беш бўлибди. Тонг бўзариб келарди. Мезбонни туртиб уйғотдим.

-Ака, мақола нима бўлади, мени ишдан ҳайдашади-ку?

-Қўрқма, мен борман, икки соатда ишингни дўндириб қўлингга тутқазаман.

У ўрнидан туриб чироқни ёқди, ташқарига чиқиб ювиниб келгач, нариги хонага ўтиб, ёзув машинкасини юргиза бошлади.

Мен ҳам юз-қўлимни ювиб унинг ёнига бордим. Муҳаррир оғзида сигарет тутатганча тинимсиз ёзарди.

Тахт бўлган мақолаларни ўқий бошладим. Илғор чўпон, пахтакор, боғбон, фидойи муаллим ҳақидаги лавҳалар тахт эди.

-Яна кимлар ҳақида керак, ука?
-Иложи бўлса, полвонлар, чавандозлар ҳақида ҳам ёзинг.
-Хўп бўлади.

Муҳаррир яна ёзишда давом этди ва ниҳоят еттита ранг-баранг лавҳа тахт бўлди. Эҳ, ўшанда менинг қувонганимни бир кўрсангиз эди.

-Ука, агар мақолаларнинг савияси кўнглингга ўтирса, ўз имзоинг билан чиқар, акс ҳолда хафа бўламан, ахир топшириқ сенга берилган-ку.

Мен бош ирғадим. Сўнг хайрлашдик. Эртасига мақолалар газетада босилиб чиқди, лекин саҳифада унинг эмас, менинг фамилиям турарди. Кунларнинг бирида телефонда акахонимизнинг гулдиракдек овози эшитилди.

-Ука, ёзганларинг ёмон чиқмабди, яна қачон келасан?

Мен уялиб кетдим, фақат “Насиб бўлса” дея олдим, холос…

***

Бир куни ҳажвчи адиб Турсунбой Боймиров хуноб бўлиб деди:

-Эй, ука, нимасини айтасиз, ўша миришкорлик ёзувчи оғайнингиз катта “ўғри” экан-у, билмай юрган эканмиз.

-Қанақа “ўғри”?-дедим ҳайрон бўлиб.
-“Кўпкари гурунглари”ни ўқидингизми?
-Ҳа, ўқидим, зўр ёзибди.

Турсунбой ака менга ажабланиб қаради ва бошини сарак-сарак қилди.

-Аттанг, мен сизни укам деб юрсам, сиз ҳам ўшаларга шерик экансиз-да?

Мен Турсунбой аканинг нимага шама қилганини тушунмадим. Ҳаёлимда эса наҳотки дўстим Боймировнинг қўлёзмасини ўғирлаган бўлса, деган гумон уйғонди.

-Ака, тушунтириб айтинг, ўзи нима бўлди?

-Эй, дард бўлди, ўша ошнангиз ёзган мавзу, тоғликлару, азалий удумлар, чавандоз ва отбозлар ҳақида кўпдан бери бир нималар қоралаётгандим, бариси куйиб кетди, эссиз меҳнатларим…

-Балки нимадир қолгандир?

-Йўқ, ҳеч нарса қолмабди, ҳатто бобом Шоймардон оқсоқолнинг машҳур Оқбурун отини ҳам илиб кетибди.

-Йўғ-а?!
-Ҳа, улоқни ҳалоллаб олиб кетишди даштликлар…

Кўп ўтмай дўстимни учратиб Турсунбой аканинг иддаосини айтдим. Дўстим бундан завқланиб кулди ва галдаги режасини ошкор қилди.

-Энди Қамашининг Жонбўзсойига “ўғриликка” бораман! Йўлдошбек Кенжанинг “хазина”сини ураман. Гузардаги почтахона ёнидан Тошпўлат махсумни топиб, бова-момолар билан суҳбат қурмоқчиман.

Айтганидай бўлди, кўп ўтмай унинг “Жонбўзсойлик анойи”си республика нашрларидан бирининг тўрт сонида давомли босилиб чиқди.

***

Ижодкор Сайфулла Ал-Мурод ҳайратланиб деди:

-Миришкорлик ёзувчи бор-у, исми нима эди, ҳа, ўшанга қойилман, ўзиям тинимсиз ёзади, ёзганда ҳам зўр ёзади, чиқмаган нашри қолмаган, бир “Шарқ юлдуз”ининг ўзида тўртта қиссаси босилган. Ўзи олис қишлоқда яшайди, яна мактабда директор, фермерлиги ҳам бормиш, иккита газета таҳририяти аъзоси. Бир нечта ижодий танловларнинг ғолиби, “Олтин қалам”ни олган. Яна гурунгбоз, таниш-билиши, ошна-оғайнисининг сон-саноғи йўқ. Ҳатто хоразмлик машҳур ҳофиз билан ҳам борди-келдиси бор, тўй-маъракадан қолмайди. Оиласи ҳам каттагина, ҳар йили тўй қилади, санъатнинг, мумтоз ашуланинг шайдоси, футбол, кураш, кўпкарининг ишқибози, воҳамизда бўладиган барча тадбир ва учрашувларда ҳозиру нозир. Айтинг, бу одам буларга қачон, қандай улгуради?

Аслида дўстимнинг исм-шарифини аён қилишим шарт эмас эди, бугун помуқлик адиб, журналист Абдунаби Абдиевни танимайдигандан танийдиган кўп.

Энди айтингчи, дўстим чиндан ҳам Дон Кихотга ўхшамайди-ми? Гоҳ пиёда, гоҳ уловли тоғу-даштларни кезган одам ҳақида бошқача қандай таъриф бериш мумкин?

Мақола  муаллифи: Ўролбой Қобил  1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Мактабда муаллим бўлиб узоқ йиллар ишлади. Ҳозир нафақада. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган. Бир неча бор ижодий танловлар ғолиби бўлган.

Абдунаби АБДИЕВ
МУАЛЛАҚ ОДАМ
08

Ashampoo_Snap_2017.07.28_17h21m23s_008_.png– Айтинг, мен кимман ўзи, кимман?

Гоҳо асов сойдек пишқириб, баъзан тошбақадек судралиб ўтаётган умрингиз мобайнида қулоғингизга чалинган саволлар силсиласида бундан кўра мавҳум ва бетайини эҳтимол учрамас, бу савол оғриғини сўроққа тутгувчидан ўзга ким ҳам билсин. Бинойидек гурунг бериб ўтирган суҳбатдошим хотима тариқасида жазавага тушиб бақириши ҳар қандай одамни ҳайратлантириши, юракка ғулу солиши, “ақли жойида эмас” деган қатъий қарорга келиш учун асос бўлиши мумкин эди. Фақат менгагина бундай ҳадик-хавотирлар аллақачон бегоналашган, мен унинг кайфияти, қиёфасидаги зиғирдек ўзгаришни ҳам илғашга қодир эдим, боиси, сўнгги бир неча кундирки, суҳбатдошим дил дафтари сўнгги саҳифасини ғаройиб китоб янглиғ зориқиш, зерикиш нелигини билмай варақлаётгандим. Эгилиш, букилиш, вазиятга мувофиқлашиш йўлини қидирмай, кўксидаги ёлғизлик аталмиш худо қулига айланиб яшаётган бу кимса эмранишларини тинглар эканман, ўзим ожиз, нотавон банда эканлигимга тобора иймон келтирдим.

– Билмадим, – ғулдураганча жавоб қайтардим.

Уккиникидек чуқур ботиб чақчайган кўзлар жуссамга санчилиб, қалбимни парчин этди, мисоли бир қоп этга дўндим, жисмимни совуқ тер қоплаб жунжикдим, теграмда қимирлаган жонзот йўқлигини, гадой топмас овлоқда ўтирганимизни билсам-да, бахтли тасодифдан умидланиб, кимдандир нажот кутгандек чор тарафга олазарак назар ташладим.

– Афсус, мен кимга сир инондим, сизларда ҳис-ҳаяжон нима қилсин, – деди у афсусланганнамо, ҳатто вақтини беҳудага сарфлагани учун ўзидан нафратланаётганини англатадиган оҳангда. – Наҳот шунчалик калтафаҳмман, ахир, бор-йўқ ташвишингиз қорин бўлиб қолганини билардим-ку, ҳайф-эй инсон деган ном.

Важоҳатидан башарамга мушт туширадиганга менгзарди, тилим танглайимга ёпишди, бир юмалаб ростакамига у чўтлаётган беҳис, беҳаяжон кимсага айланишни жон-дилим билан орзуладим, ҳаммасига ўзим, кўпинча ўзимга ҳам бўйсунмас синчилигим сабаб, унинг ўзгаларникига ўхшамас хатти-ҳаракатини мендан бошқа илғаган банда йўқмиди, ювилмаган қошиқдек ҳар нарсага тумшуқ тиққунча бефарққина юравермайманми, қуюшқондан чиққан қизиқувчанлигим туфайли илгари бирор маротаба яхшилик қозонганмидим.

Суҳбатдошим қаҳ-қаҳ отиб кулиши (балки нафратини шундай ифодалагандир), сўнгра ҳўнграб йиғлаши дилимда ўрмалаган ҳадигу хавотирлар қатини тўзғитиб, ботинимда раҳм-шафқат туйғуларини қўзғади, мискингина гавдаси кўз ўнгимда янада кичрайиб, елкалари силкиниб-силикиниб тушар, хастаҳол овозида бир олам ғусса жамланган эди.

У сарсон изларди ўзини-ўзи… Фаранг шоири Артюр Рембода шундай мисра бор – ўқиган бўлсангиз керак. Билсангиз мен ўшаман, ҳа, на ўликлар, на тириклар сафида ўрнашолган, ўзини-ўзи зир қақшаб излаётган муаллақ одам мен бўламан…

-2-

Инсон яратганнинг энг ожиз мавжудоти, на яхшилик, на ёмонликка шукрона келтиради, ўзгалар эмас, ёлғиз мен бўлсам дейди, беқусурлик холиққа хос хислат эканлигини тан олгиси келмайди, айниқса, иқтидорсизлигини эътироф этиш ҳеч кимга ёқмайди, мен – ғўза униб чиққани, қатор ораларига ишлов берилаётгани (ёзмай қўйсам шу иш тўхтаб қолармиди?) ҳақида уч-тўрт қатор хабар ёзиб юрган ўртамиёна мухбир ҳам бунга журъат этолмасдим. Ўзимни салкам тан олинмаган даҳо чўтлаб юрган кезларимда ногоҳ уни учратдим-у, бутун муваффақиятсиз одимларимни босиб тушадиган асар ёзишга чоғландим.

Эҳтимол, ўзингиз ҳам аллақачон фаҳмига етгандирсиз – бу чархи дунда тугал ҳақиқат топиш даргумон, майда, хашаки ҳақиқатчалар эса ўткинчи, шу боис қоғозга тушираётган ҳамма нарсамга кўр-кўрона ишонишингиз шарт эмас, буни талаб этишга ҳақдорман деган бемаза фикр етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган, ушбу кўриниш учун ҳадеб бош силкитиб бечора бўйинга жабр этаётганингизни англаб турибман. Мени камситмоқчи бўлаяпти деб ўйламанг, биров гапираётганида маъқуллаш, ҳеч қурса жим туриш таълимоти қон-қонимизга синдирилган, ҳаммамиз яқин-яқингача ҳуқуқларни чегараловчи, фикрларни ягона қолипга жамловчи қизил фирқа ҳукмронлик қилган таъзим-тавозелар мамлакатининг хокисор фуқаролари бўлганмиз. Кўримсиз ҳолатимиз ғуруримизни ўлдириб бораверади, охир-оқибат ўзимизни ҳукми зўр гапирганда қўлимиз кўксимизга етиб, бошимиз беихтиёр бешиктерватар янглиғ тебранишга тушади. Аслида ҳар кимнинг ўзига яраша фаҳми-фаросати бўлгани мақбул, бугун бошқа биров, эртага ўзганинг айтганларига қулоқ қавартириб “мана шу айнан ҳақиқат” деб қабул қилаверсак аллоҳ ёрлақаган Одам-Ато қавмига мансублигимиз қаерда қолади. Эҳтимол, айтиб беришга чоғланаётган ҳикоям янгилик эмасдир, балки ўқувчида ортиқча қизиқиш ҳам уйғотмас, шундай экан, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ихтиёр ўзингизда. Аммо умрим бино бўлиб, у каби ғалати, у сингари чекишга муккасидан кетган бандани учратмаганимни озроқ бўрттиришга ҳақим бордир деб ўйлайман, ахир, мен ҳам нимадир билан овунишим керак-ку. Афтидан гап уриш оҳангим алмойи-жалмойидек кўриниб, телба кимсанинг дийдиёсини ўқиш шартми деган хулосага келаётгандирсиз. Хавотирингиз бекор, мен савдойи эмас, бир оз одамовиман, холос. Ҳақиқий жинни у, ақли бут банда ширин жонини азобга қўйиб бунчалик чекмайди, ҳа-ҳа, ишонаверинг, арзимаган бир-икки соатга чўзиладиган гурунгларимиз асносида оғзи нафақат гап, балки папиросдан ҳам бирон дақиқа бўшамади ҳисоби, босиб-босиб, изини узмасдан иштаҳа билан тамаки сўргани, онда-сонда гезарган лабидан папиросни айирганида ҳам тирноқларигача сарғайган қалтироқ қўлларидаги сўнишига фурсат берилмагинидан учи қип-қизил чўғга дўнган папиросни ғаройиб топилмадек авайлаб айлантириб ўйнагани, печканинг дуд босган мўриси каби оғиз-бурнидан ситилиб чиқаётган тутунни маҳлиё бўлиб кузатгани, кўкиш ҳалқачалардан ёш боладек завқ олгани, узоқ жим қолса ҳикоясини тинглашдан воз кечишим мумкиндек шошиб ҳикоясини давом эттиргани, мўмин-қобил ўқувчидек қўл қовуштириб ўтирганимни кўриб беозор, сабр-бардошли қулоқ топганидан оғзининг таноби қочгани – бари-бари ҳаракатга молик эди. Тасодиф учраштирган одамни шунча эзмалик билан таърифлашга нима ҳожат дея ажабланманг, ҳали бу оз, таъриф-тавсифнинг бошланиши: қисқа мулоқотлар чоғида бу кимсани кузатиб олган таассуротларимни баён қилишга бисотимдаги сўзлар ожизлик қилаётганини пойинтар-сойинтар гапиришим эҳтимол ошкор этаётгандир. Хуллас, у қарийб қирқ йил умрим мобайнида мен учратган, яқин муносабатда бўлган сон-саноқсиз одамларнинг биронтасига менгзамасди. Ҳеч бир тақдир ўзгаси такрори бўлолмайди. Авж қиш чилласида фалакдан тўкилаётган қор заррачаларини кузатганмисиз, бири-иккинчисига сира ўхшамайди, фақат ерга қўнганидан сўнг бир-бирини тўлдириб оппоқ момиқ кўрпачага эврилади. Одамлар ҳам шундай, уларни инсон деган атамагина боғлайди, “фалончи умри фарзандалари тимсолида давом этяпти” деган ибора нисбий, ҳар бир инсон ўз умрини ўтайди, бировникига ҳукмронлик қилолмайди. Рости, у ҳам мен учун қизиқарли, ўзига ниҳоятда зерикарли кўринган умрининг сўнг манзилига шитоб билан интилаётган бир банда эди, холос.

-3-

Аслида мени 3. шаҳридаги атрофи баланд девор билан ўралган бу оромгоҳга ихтиёримга зид тарзда юборишмаганида балки ўша ғалати инсонни учратмаган, қимматли вақтингизга човут солиб, ушбу ҳикояни сизга илинмаган бўлармидим. Алҳол ишхонамда сурункали муваффақиятсизликка (эҳтимол омадсиз одамдирман) дуч келиб, ишларим хуржун бўлавергач, нафрати ёки ҳурматини сир тутгувчи бошлиғим хонасига таклиф этиб, ясама такаллуф билан деди:

– Асабингиз чарчабди, оғайни, сиз учун яхшигина оромгоҳга йўлланма топтириб қўйдим, бир оз дам олиб қайтсангиз.

Гап уриш оҳангидан масала аллақачон узил-кесил ҳал этилгани, эътирозларим фойдасиз эканлиги яққол сезилиб турарди, шундай қилиб хазонли куз фаслида шу фасл ўзидан-да ҳазин шу оромгоҳга келиб қолдим. Кечирасиз, малол келмаса бир саволим бор – сизнинг ҳам ўз севимли, ёлғиз ўзингизникига айлантиришни атойдил истайдиган машғулотингиз борми? Мен хазонрезги боғда сайр этишни (на ёш, на кексага қўшиладиган лаънати қирқ ёшда балки ўзгалар ҳам шундай кайфиятга тушишар), қовжираган япроқ баргидан айро тушган новдаларнинг унсиз фарёдини қалбим кўзида кўриб, қулоғида тинглашни севаман, ҳазин ўйлар миямни титкилайди, ҳатто чинакам илҳом менга бегона бўлса-да, ўз изтиробларимни қоғозга тўкаман:

Куз. Дарахтнинг новдаларидан
Ерга қочар энг сўнгги япроқ.
Хазонрезги боғ орасидан,
Ўтиб борар дайди руҳ титроқ.
Қулоғига чалинар тинмай,
Олтин баргдан таралган фарёд.
Довдирайди нетарин билмай,
Энди кимга солади у дод.
Дардларини эшитар ким ҳам,
Табиатнинг алами тетик.
Баргларидан айрилган новда,
Баёзининг чўғи йўқ битик.
Хўрсинади ёлғизлик оғир,
Жасадсиз руҳ фанода сағир,
Бақогача ҳали манзил бор.
Ўй суради, хаёл паришон:
“Мотамсаро боғларга маза,
Қиш баҳордан келган илк нишон,
Очишмаса бўларди аза.
Фақат унга яшариш йўқдир,
Ёлғиз унга умидлар абас.
Танҳо унга ҳаёт сўлғиндир,
Тасодифга кўнгил тикмам, бас”.

Теша тегмаган ташбеҳ топдим демоқчи эмасман. Лекин, эътирофимки негадир яшиллик алдамчи либос бўлганда боғлар асл қиёфасига қайтгандай, юзи ғижимга дўнган қуруқшаган дарахтлар умр ўткинчилигидан сабоқ бераётгандай, “Эй вақтинча навқиронликдан масрур одам, ўтаёган ҳар бир дақиқа умрнинг интиҳоси – кузига етаклаяпти, огоҳ бўл!” деяётгандай туюлади. Шундай изтиробли хаёллар оғушига тушган кезларим қайсидир пистирмадан туриб, ҳар босган одимини ҳисоблаётган ажалнинг совуқ тиржайган маъшум афтини кўргандек бўлавераман, эҳтимол, у қаерга қўнишини билмай шилдираб учаётган заҳил япроқнинг яғир елкасида ўрнашгандир, ҳар ҳолда вақти соати етмагунча уни тасаввур этиш, ташрифини қучоқ очиб кутиб олиш биз – бани одамга хос хислат эмас.

-4-

Рости, оромгоҳдан унчалик кўнглим тўлмаса-да, теградаги руҳиятимга мос маҳзунлик учун дам олишимнинг илк куниёқ саховатпеша бошлиғимга ғойибона раҳматимни ёғдирдим. Эгизак кунларнинг билмадим нечанчисидир (бу ерда аниқ ҳисоб юритиш мушкул), тун қоронғуси ариб улгурмаган палла ногоҳ уни боғ оралаб юрганида учратдим. Сирли туюлган ҳамма нарса – каттами-кичик кишида бир хил қизиқиш уйғотади. Бир сиқимгина жусса, пилдираб ташланган одимлар, шарпамни илғаганидан ўзини панага тортиши юрагимни музлатди: бемаҳалда мен каби бедор бу шарпа ким, нега ўзгалар билан юзма-юз келиш, яккама-якка қолишдан чўчийди. Оромимни ўғирлаган саволларга жавоб олиш беш-олти кун насиб этмади, гоҳ у ўзини нигоҳимдан четга олар, гоҳ нонуштага чорлаётган занг урилиб қоларди. Бу ердаги тартиб-интизом ўзга оромгоҳлардагига сира менгзамас, занг чалинганидан сўнг ошхонадаги ўрнинг бўш қолса бошлиқнинг шахсан ўзи бинойигина танобингни тортиб қўяр, сурункали тартиббузарни ички қонун-қоидаларга бўйсунмасликда, ўзгаларни бош-бошдоқликка даъват этишда айблаб оғир тан жазоси тайинлашдан ҳам қайтмасди. Ихчамгина қора калтак кўрар кўзга унчалик ваҳшат солмаса-да, бошинг узра ҳавони кесиб ўтганча шувиллаб яғринингга тушганда жисмингни қақшатиб юборар, танангга қонли излар туширарди. Қанчалик азоб бўлмасин, дастлабки зарбаларга дош беролсанг кейингилари аста-секин ўтмаслашиб бораверарди, қизиғи, айримлар аллақачон игнага ўтирган гиёҳванд мисол калтакни тез-тез қўмсайдиган бўлиб қолишар, улар танасига урилган зарба кучидан дод-вой солиб ором олишса, жабрланаётган касларни томоша этиб лаззатланувчилар ҳам учраб турарди. Бундайлар янги келганларни жазолашга олиб чиқишганида олд қаторда жойлашиб, калтакка кўникмаган танадан томчилаётган қонни кўриб кўзлари қувнар, “оҳ, қандай қизил”, “баданига нақш солингандек бўлди” деб жазоловчини ҳам, жазоланувчини ҳам рағбатлантиришарди. Жазоланувчи намойиш этадиган ирода, жазоловчининг кўзини қон тутиб, қутирганча инсоний қиёфасини қай даражада тез йўқотиши маросимларга ўзига хос безак берарди. Жазо гуруҳи аъзолари алоҳида тайёргарликдан ўтказилган зобитлардан таркиб топтириларди, одамлар орасида “бу гуруҳга ёлланиш учун фақат ташқи қиёфанг инсонга менгзаши кифоя, ботининг мараз иллатлардан тўлиб-тошиши керак” қабилидаги гап-сўзлар юрарди. Ҳар ҳолда мазкур оромгоҳга ёлланган зобитлар ўз вазифасини аъло даражада бажаришарди шекилли, маросимлар жуда ҳаяжонли бўлар, янгидан-янги жазо усуллари ишқибозлар кўзи олдида муваффақиятли синовдан ўтказилар, айтиш мумкинки, жазо майдончаси оромгоҳнинг энг гавжум томошахонаси унвонига рақобатсиз даъвогарлик қила оларди.

-5-

Нима бўлганда ҳам қизиқиш қўрқувдан устун келди, сурункали тартиббузарлар сафига тушиб қолишни-да унутиб, тунги шарпани очиқдан-очиқ таъқиб этишга астойдил киришдим. Бу ғалати кимсани топиб олиш унчалик машаққат туғдирмас, сира қўлидан тушмайдиган папиросидан таралаётган қўланса ҳид (эҳтимол, бутун жисмига ҳам шундай ҳид ўрнашгандир), бўғиқ овоз, тез-тез қўзғайдиган йўтал хуружи минг бир азобда қидириб топган энг овлоқ гўшаларини фош этиб қўярди. Бироқ у жуда сезгир, ширт этган шарпани ўн-ўн беш одимдан пайқар, ёнига етиб келганимда эзғилаб ташланган папирос қолдиқларинигина кўрардим, чап беравергани сайин ўжарлигим ортиб борар, уни кимсасиз жойда ушлаб олишнинг янгидан-янги услубларини излай бошлардим, инсон иродаси тош эмаслиги, тинимсиз таъқибим уни қачондир мувозанатдан чиқаришига ишонардим, натижа кутганимдек бўлиб чиқди.

– Сизни ҳам “нур йўлакчаси” дан олиб ўтишганми?

Тахта ўриндиқда муқим жой туриб, хаёл тузоғида ўтирганимда қулоғим остида янграган хирқироқ овоз, берилган саволнинг ғалатилиги вужудимни сескантириб юборди, ялт этиб қарадим, қаршимда ерданми, осмонданми пайдо бўлгани номаълум ўша дарвешнамо тамаки-одам (ўзимча унга шундай лақаб қўйиб олгандим) турарди, ажабо, уни тумшуғим тагига тиқилиб келгунча пайқамабман, энг машҳур жосуслар ҳам ҳавас қилса арзигулик чапдастлигига ичимда қойил қолиб, ёнимизда учинчи кимса бўлмаса-да, ўзимни гўлликка олдим:

– Менга гапиряпсизми?
– Бошқа кимга бўларди.

– Тушунмадим, “нур йўлакчаси” нима деганингиз, тағин мени кимгадир ўхшатаётган бўлманг?

– Нега адашар эканман, неча кундирки босган қадамимни жосуслардек назардан қочирмаётганингиз ҳам ёлғонми?

Галдаги эътироз ўринли эди, тайинли жавоб қайтара олмаслигим туфайли қисқагина рад этиб қўя қолдим:
– Ҳечам-да.

– Гарангсиманг, мени инонаяпти деб ўйласангиз хато қиласиз, “нур йўлакчаси”дан ўтмаган бўлсангиз менга бунчалик қизиқмасдингиз, афтидан тақдирдошмиз шекилли, билмадим, йўлакчадан ўтишни ўзингиз ихтиёр этганмисиз ёки сизни ҳам ҳушингиздан айириб олиб кетишганми?

– Азбаройи худо, ишонинг, қандайдир йўлакча ҳақида илк бор сиздан эшитаяпман.

– Талвасага тушманг, гуноҳкорлардек ўзини оқлашга ҳаракат қиладиган кишиларни жиним суймайди, йўлакчага келганда менга уларниниг услуби қўлимдаги беш бармоқдек аён, дастлаб имо-ишора қилиб кўришади, чап бермоқчи бўлсангиз ухлатиб жисмингизини олиб кетишади.

У маъшум сирни очаётгандек кўзларини одатдагисидан ҳам олазарак этиб, чор тарафга ўғринча назар ташлади, шубҳали нимарса илғамади шекилли, оғзининг таноби қочгунча иршайиб, барглар тонг насимида шилдираб ўйнаётган йўлкага оёқ босди, мен эса ҳадикли яшаш нақадар аянчли қисмат эканлигига иймон келтириб, суҳбатдошимни телба-тескари муомаласидан шубҳага тушдим: наҳот савдойи бўлса, бирданига тутқаноғи қўзиб устимга ташланиб қолса-я! Аммо синчков назар, ички овоз шивири унинг дунё кўрган, анча-мунча нарсадан хабардор одам эканлигини таъкидларди.

– Китоб ўқиш севимли машғулотингизми? – сўради у эрмак учун кўтариб чиққан китобчамга ишора этиб.

– Онда-сонда варқлайман, вақтни ўлдириш учун.
– Ёмон, кўпроқ мутолаа қилинг, ҳуда-беҳуда давралардан шу афзал.

– Бўш вақтим йўқ.
– Баҳона қидирманг, ҳафсалангиз кам.
– Эҳтимол.

Нонуштага чалинган занг суҳбатимизни бўлди, эртага вақтлироқ учрашишга келишиб, хайр-хўшладик, у қаршимда қандай пайдо бўлган бўлса шундай кўз илғамас тезликда бутазор орасига сингиб кетди.

У билан хайрлашдиму руҳиятимга азоб бергувчи оғирлиқ ва жавобсиз саволлар исканжасида қолдим: одамовилиги боиси нимада, дилидан ўзи сингари инсонларга нисбатан бунчалик нафрат ўрин олишига нима туртки берди экан, “нур йўлакчаси” савдойи банданинг тўқимасими ёки воқелик… Туни билан кипригим илинмади ҳисоби, озгина мизғидимми, бас, қайсидир бурчакда чақчайиб турган кўзлар ногаҳ хонани забт этар, устимдан зил-замбил қора кўланка босиб тушар, бўғзимга нимадир тиқилиб нафасим сиқилар эди – энди тунги шарпани мен эмас, у мени таъқиб этишга киришганди. Диққинафас хонанинг ҳавосини тозалаш илинжида қўш табақали деразани очсам кузги боғдан мен томон ўнлаб, юзлаб қўшчироқдек совуқ ёнгувчи кўзлар тикилиб тургандек бўлар, даҳшатли кўланкалар ғимирсиланиб қоларди. Менга сирли суҳбатдошимдан васвасага тушиш касали юққанди, ўзимни идора этишим, ҳаётга қувонч кўзи билан қарашим сусайиб борарди. Инсон ғайритабиий нарса таъсирига бир тушмасин, тушгандан кейин сир-синоатига етишмасдан тинчимас экан, мен зўр бериб тезроқ тонг отишини кутардим.

-6-

– Қанийди гумашта Грегор Замза (Франц Кафканинг “Эврилиш” ҳикояси қаҳрамони) сингари эврилиб қолсам, ўз қадр-қимматингни баҳолаш, инсоният, жумладан, ўзинг нақадар жирканч мавжудот эканлигингни англашнинг бундан қулайроқ имконияти борми, фараз қилинг, баҳайбат тасқара – ҳашорат айланиб, атрофимдагиларни, масалан, сизни кузатаяпман, табиийки, дастлаб ижирғанганингизни ҳисобга олмаганда бефарқ қарайсиз, қандайдир сўхтаси совуқ, исқирт махлуқдир-да дейсиз. Шу ҳолат такрорланавергани сайин жиғингизга тегаман: нега ҳар кун, ҳар соат иштаҳамни бўғиб, оёғим остида ўралашасиз. Охир-оқибат мени жисман йўқ қилишнинг пайига тушасиз ва ниятингизга етасиз, шу жараёнда мен нафақат зоҳиран, балки ботинан турланишингизни кузатиб, ҳордиқ оламан, маза-я?

– Мени кўпинча мол-дунёсига эга бўлиш мақсадида Загрейни ўз жонига қасд этишга кўндирган Патрис Мерсо (Альбер Камюнинг “Бахтли ўлим” романи қаҳрамонлари) ҳақмиди, ноҳақмиди деган савол қийнайди, тўғриси, мажруҳ Загрейнинг одамларга заррача фойдаси тегмайди, бундайларни иккиланмасдан жамият ҳуснига доғ бўлиб тушган сўгал аташ ўринли, тасқара, яримжон кишилар ўзгаларнинг ҳаётга муҳаббатини , гўзалликдан завқланишини сўндиришдан ўзга ҳеч нарсага ярамайди, демак, Загрейнинг файзини йўқотган ҳаёти кераксиз, бемалол йўқлик сари улоқтириш мумкин. Бироқ у жисман заиф, қусурли бўласа-да – одам, уни ҳам қайсидир гуноҳкор ота-она дунёга келтирган, яшашга ҳақли. Ўйлаб кўрсам барибир тошбағир Мерсо бўлолмас эканман, Мерсо бўлиш осон эмас, сиз нима дейсиз?

– Айтинг-чи, Достоевский “Жиноят ва жазо” романидаги Расколниковни севадими ёки ундан нафратланадими, ахир, ёрқин бўёқ шу икки ҳолатдагина туғилади, менимча муҳаббати ўлмас қаҳрамонни вужудга келтирган.

– Китобхўрга қийин, китобхўрга азоб, у ҳаётга ўз севган, қалбан интилган, дилдан сиғинган қаҳрамонлари нуқтаи-назари билан қарайди, унинг саодати ва фожеаси шундан иборатки, ҳаёт ҳеч қачон сира-сира китоб бўлолмайди ва у ҳаётдан, одамлардан буткул ажралиб қолади, мана мен, гап-сўзим, ўзимни тутишимда оддий, одатий одамларга хос бирор белги борми? ..

У ҳар гал қисқа гурунгларимизни (аксар ҳолларда ёлғиз ўзи гапириб, ўзи ниҳоялайдиган бундай мулоқотларимизни гурунг атаб бўлса) юқоридагидай узуқ-юлуқ, мен мазмун моҳиятига етолмайдиган жумлалар билан бошлар, навбатдаги луқмаси қандай таъсир этаётганини англаш учун қиёфа ўзгаришимни кузатар, уни тушуниш ўринига сувдан зўравонлик билан тортиб олинган балиқдек оғзимни очиб ўтиганимни кўриб садқаи гапим кетсин қабилида менга ҳам, борлиққа ҳам ҳафсаласиз қўл силтарди. Шу билан суҳбатимиз поёнига етарди. Менда унинг кўҳна очунда ўзини англайдиган, дарддош бўла оладиган, чархи дун юкларини кўтаришда елкадошлик қиладиган кимсани излаётган йўловчи эканига ишончим ортиб борарди, хуллас, ғалати танишим ўз тақдирини узундан-узун ҳикоя тизимига тизмагунича на бир-биримизни тушундик, на учрашувларимизда файз бўлди.

-7-

– Бу кўҳна дунёда аллоҳ иродаси билан яратилган энг тилсим мавжудот инсон қўш кўзи тупроққа тўймагунча разиллик қилишни қўймайди. Одам жуда айёр ва бардошли, истаган нарсасига эришиши, чап бериши, энг мудҳиш қисмат – ажалдан ҳам вақтинча қочиб қутулиши, йўқсиллик домидан бош олиб чиқиши, тубанлик ботқоғига ботиши мумкин, – у ҳикоясини қўлидаги тутаб турган папиросни асабий ўйнаганча, олис-олисларга кўз ташлаб, китобий сўзлардан тузилган муқаддима билан бошлади. – Аммо у ҳеч қачон, қанча уринмасин, талвасага тушмасин, қора бошини қаерга урмасин ўз ёзғитидан қочиб қутулолмайди, тақдиру азалда пешонасига зарб этилмиши ҳар бир бандасини таъқиб этиб юради, турмуш сўқмоқларини ўзгартиришдан асраб ўз чизиғига солади, бағрига олиб, сўнг манзил сари етаклайди, ҳатто умри давомида ўзида мужассамлаштирган, яхши ва ёмон фазилатлари ҳам инсоннинг туғма ёзғитидир, машойихлар беҳуда кенг тутганга кенг дунё, тор тутганга тор дунё деб башорат этишмаган, модомики шундай экан, бир муддат кўнглингизни кенг тутасиз, бесабрлик бетадбирликдир. Мен одамлар орасида ёлғизланиб, ҳатто ўз уйимда ҳам бегонасиратишганини англагач, сўнгги илинжда бу муждага осилгандим, зулмат ичра нур, ҳалокат, ёлғизлик азобидан асраб қолгувчи нажот деб ўйлагандим уни, эрта чиқарган хулосамга шу даражада берилгандимки, бу нажоткор мужда мени сира чалғитмайди, ўзиданда ортиқроқ эъзозлайди деган комил ишонч вужудимни, фикру ёдимни батамом эгаллаб олганди, оламда танҳо шу мужда, илоҳий туйғу борлиги яшаш учун кифоя, ҳар ҳолда кимгадир, нимагадир талпинаяпман, демак, дилим ғуборлари ариши шубҳасиз, у мени ҳар қандай вазиятда тарк этмайди деб ўйлардим.

У кутилмаганда жим қолиб хомушланди:
– Йўқ, кечирасиз, чиқмади, ўтлаб кетдим шекилли, агар кўнглингизга олмасангиз ҳикоямни бошқача бошласам, ахир мен китобий одамман.

Узундан-узун муқаддима сирли мусиқа сингари мени ром этиб олган, қаршимдаги ҳали бўёғи қуриб улгурмаган китоб саҳифасида жоду кучи билан рўёга чиққан қаҳрамонга монанд кишини лол қолиб кузатардим, пешонасига саф тортган ажинлар, бўртиб турган томирлар тонг ғира-ширасида уни янада сирлироқ кўрсатарди. Сўнгги мурожаати мени хаёлот аршидан воқеликка қайтарди.

– Майлингиз, – беихтиёр нима учун зарурлигини ҳам ўйламай рухсат бериб юбордим, у эса ўзини оғир савашга чоғлаётгандек ҳушёр тортди, кўкрак қафасини папирос тутунига тўлдирди.

– Эй биродар, мана буниси жарангдорроқ чиқди, ҳа-ҳа, айнан шундай бошласам бўлади, – у ўз кашфиётидан мамнунлигини яширмади, қайтага овозини янада баландроқ кўтарди. – Эй биродар, жасоратингизга минг бора тасанно, мендек мижғов кимсанинг суҳбатини олишга қарор қилибсизми, худо сабр-бардошингизни берсин, иноятини аямасин. Ўзимни яқинроқ таништиришим шарт эмас, қизиқсиниб ўтирманг, бундан ҳалигача на ўзим, на мени билганлар наф топишган, икки орада ўз асабларини эговлашгани қолган, тўғриси, баъзан ўзимнинг ростакамига яшаб юрганимга ҳам ишонгим келмайди. Бир жасадда икки руҳ жой тутганини ҳеч эшитганмисиз, мен ягона қиёфадаги бири иккинчисини инкор этгувчи жуфт одамман, мен қўш қалб исканжасидаман, жисмим бу оғирликни кўтара олмай қийналади, эзғиланади, парчаланади, балки ғижимлаб ташланган қоғозга монанд қиёфам ҳорғинлигимни ошкор этиб тургандир. Одамларга ҳавасим бисёр, уларнинг олисда қўл етмас манзилларда қолган болалик йиллари ҳақида эҳтирос билан сўзланадиган хотираларни тинглаганимда ўз ҳаётим саҳифаларини титкилаш иштиёқи туғилади. Билмадим, негадир дилим яйраб гапирадиган ҳодиса тополмайман, аслида менинг болалигим бўлмагандир, эҳтимол, руҳан оқсоч, қиёфа жиҳатдан гўдак бўлиб таваллуд топгандирман. Сизга юрагимда асраб келаётганим – бир сирни очай, мен жинниман, ишонаверинг, ғирт жинниман, савдойилик белгиларини нуқсимдан эмас қалбимдан изланг, унинг қат-қатларига яширинган дардларимни аёвсиз ковланг, майли, кўричакни тополмаган нўноқ жарроҳ бемор ичак-чавоғини бамайлихотир ағдариб ташлагандай, қудратли трактор кўҳна замин ингранишларига қулоқ тутмай ўткир пўлат зирҳларини санчиб шудгорлаётгандай титкилайверинг, мен чидайман, чидаш учун туғилган бандаман, тағин устимдан арз этар, руҳиятимни, жисмимни тажриба майдонига айлантирмоқчи бўлди деган айбномани қўяр деб ҳайиқманг, буни сиздан ўзим талаб этаяпман, зора дардларимни тўкиб-сочсам моғор босган қалбимдан ғуборлар ариса, қолаверса, бунга сизнинг юз фоиз ҳаққингиз бор, негаки, керакли-кераксиз кўнглингиз тусаган юмушларга сарфлашингиз мумкин бўлган вақтингизнинг бир бўлагини гарчи бу ерда имкониятларингиз чекланган бўлса-да, менинг дийдиёмни тинглашга қурбон бераяпсиз-ку. Гапнинг лўндаси, болалигимданоқ жинни бўлган эканман, кулманг – китоб жинниси, хўп деяверинг, савдойиликнинг шундай кўриниши ҳам учраб туради, ҳали мактаб остонасини ҳатлаб улгурмасимданоқ ўқиш-ёзишни билиб, китобга муккасидан кетган хумкалламни эрта бўлар-бўлмас ахборотларга тўлдириб ташлаган эканман, раҳматли бувим: “Ёш боланинг кўп китоб ўқиши бехосият бўлади, бугинани ўқимайдиган қилинглар”, дея тинимсиз жавраши ҳам беҳуда кетаркан. Тенгдошларим кунни кўча чангитиб ўтказишса, мен кимсасиз овлоқда китоб титкилашга сарфлардим, онам бечора билим урган савдойи боласини дастурхон бошида ўтирғизиш учун гоҳ ўзим кашф этган кимсасиз гўшалардан, гоҳ ёшини яшаб, ошини ошаган, эндиликда орқасини қаро ерга қўйиб биронта тили бурро ёш-ялангга китоб ўқитиб тинглашни эрмак қилган кексалар ҳузуридан топтириб келар экан, ҳайронман, балки мен умримни тескарисига яшаётгандирман, Раймонд Моудини ўқиганмисиз? Ўзга олам, ўлимдан кейинги ҳаёт рўё бўлганида умрни тескари яшаш нима деган гап, бемалол ишониш мумкин, ахир, инсон тетапояни тўрт оёқлаб бошлаганидек, одимларини ҳам ўрмалаб ташлайди-ку. Гоҳида илк бор учратган кишингизни, суқланиб тикилган масканингизни, ғайриоддий табиат ҳодисасини илгари ҳам ғира-шира кўргандек бўласизми? Менда шундай ҳолат кўп такрорланади, билмадим, ҳозиргиси ҳаётга нечанчи бор қайта келишим, тенгдошларимга қараганда кексалар билан тез тил топишиб кетишим эҳтимол шундандир, дунё ғаройиботлари сирига ким етганки, биз етсак. Мавзудан бир оз чалғидим шекилли, минг бора узр, бошқа такрорланмайди. Хуллас, китоблар оламида ўтган болалик менда ўжарлик ва ёлғондан ҳазар туйғуларини эрта уйғотди, қатъий фазилатга ўгирди, тилидан бол томиб, аслида дилини моғор босган кимсаларни (афсуски бундай кўп, жуда кўп) учратганимда, уларнинг шахсий манфаат қобиғига ўралиб содир этаётган ноинсоний ғаюрликлари гувоҳи бўлганимда бўғилиб кетардим.

Тамаки-одам ўзидан қўланса ҳид таратиб тинимсиз гапирар, мен эса мавзу тезроқ дилимга ором бермаётган “нур йўлакчаси”га бурилишини бесабрлик билан кутардим…

-8-

– Ҳар бир инсон ҳаёт саҳнасидаги ўзига ажратилган ролни сабр-тоқат билан ижро этаётган актёр, ҳеч кимга ўзи истаганича, ботинидаги “мен” буюрганича яшаш насиб этмаган, этмайди ҳам. Ўзига ажратилган ролни ўринлатолмаган кишини жамият осонгина супуриб ташлайди. Эҳтимол, турмуш тарзимизни мувофиқлаштирувчи, ижтимоий, ҳуқуқий ҳимояловчи қонунлар бор-ку, дея эътироз билдирарсиз, ўзингизни ҳам, мени ҳам алдашга чоғланманг, ҳаммаси кулгули моддиюн, хўп деяверинг.

Турмуш сир-синоати, инсон зоти интилиши сабабларини аниқлаганим сайин теграмдаги борлиқ, воқелик мени қизиқтирмай борар, умримни матонат билан яшаш учун ўзимни мажбурлашдан ўзга чорам қолмаганди. Ўткинчи, ҳамма нарса ўткинчи, ҳақ сўзга интилганинг, қабоҳат қаърига ботганинг, шоҳона либослар, тўкин ва нотўкин дастурхонлар, ҳою ҳавас йўлида бурнинг билан тезак юмалатаётганинг, бир бурда нонга зор ўтган дамларинг – ҳамма-ҳаммаси ўткинчи. Умр – синов майдони, у ҳеч кимга қайта-қайта тақдим этилавермайди, ҳар ким ўзига буюрилганини, ато қилинганини ейди, кияди, яшайди.

Мен инсон турланишини чуқурроқ тадқиқот этганим сайин китоб ва ҳаёт батамом қарама-қарши икки қутблигига тобора яққол кўз етказардим, аммо турмуш тарзимни ўзгартиришга на ўзимда хоҳиш, на имконият топардим. Китобни истаган пайтинг қайта варақлаш, завқланиш мумкин, ҳаётни-чи?.. Мен кун сайин сурбетлашиб борардим, ҳар қандай кишидан қусур излаш, топиш ва орани очди қилиш кундалик эҳтиёжимга ўгирилди, совуқ муносабатим оқибатими ёхуд турмуш сўқмоқларида учратган одамларим ҳам ўз қарашлари, нуқтаи-назаридан келиб чиқибми, мендан тезгина узоқлашарди. Баъзан кимлардир қўлини бигиз қилганича устимдан кулаётганини, анави китоб урган аҳмоқни қаранг, деб ошкора гапираётганини аниқ-тиниқ кўрганман.

Ногаҳон ҳаётимда у пайдо бўлди-ю, зимистон қалбим ёришди, умр дафтаримда янги, ёрқин саҳифа очилди. Очиғи, минг изламанг, аёл зотига мен сингари бефарқ қарайдиган эркакни тополмасангиз керак. Неча асрларки, шоирлар ким ўзарга баҳс бойлагандек лабларидан бол томиб мадҳ этаётган ожизалар менда ортиқча қизиқиш уйғотмас, илк ташлаган одимиёқ Одам-Атони жаннатдан қувғин бўлишдек аянчли қисматга дучор этган аёл зотига шайтоний амаллар дояси сифатида нохуш муносабатда бўлардим. Эҳтимол, шу оромгоҳ кайфиятимдаги бу нохуш муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилгандир. Ҳали “ҳордиқ” муддатини тугатиб аҳли-жамоага қайтганингизда қарашларингиз мутлоқ ўзгарганини англайсиз, иродангиз мўрт бўлса сиздан ҳокисор, сиздан оёғости одам топилмайди ёхуд аксинча кундалик ташвишлар сизни заррача қизиқтирмайди, икир-чикирлардан устувор яшашга интиласиз, ёлғизлик домига тортаётганини сезсангиз-да, ўз билганингиздан қолмайсиз, ўзгалар танбеҳи чивин чаққанчалик таъсир қилмайди. Мен заррача иккиланишларсиз иккинчи йўлни танлагандим, ўз дил дунёйимга бировни йўлатмаслик учун қатъий аҳд этган чоғимда у сўроқсиз, истагимни инобатга олмай қалбимга бостириб кирди. Дастлаб ноёб топилмадан карахтланиб қолдим, наҳот у менинг бахтим бўлса, яна ким билсин, фано-манзилда дуч келганим навбатдаги кулфатимдир. Агар ўзи қулай фурсат топиб, дабдурустдан саволга тутмаганида унга бефарқ қарашим давом этавериши шубҳасиз эди.

– Нега ўзингизни одамлардан четга тортасиз?

Афтидан бундай “тасодифий” учрашувларда мен ва эски танишим гапдонликка тушиб кетишимиз туфайли унинг суҳбатга аралашишини фараз этолмас, учинчи даврадошимизга хонадаги буюмлардан биридек қарардим.

– Сизга шундай туюлгандир, – сир бой бермай мужмал жавоб қайтардим.

– Яширманг, давраларга қўшила олмаётганингиз, ҳадеб баҳона излашингиз, ўн саволга зўр-базўр бир жавоб қайтаришингиз, онда-сонда сархуш дамларда сергап бўлишингизни кўриб юрибман, нега бунчалик одамовисиз?

Ҳимоянинг осон услуби қарши ҳужум, мен ушбу ҳаётий ақидага амал қилдим:

– Мана сиз майда-чуйда, зўраки гап – гурунгдан бошланиб кимларнингдир устига мағзава ағдариш билан якунланадиган давралардан нима олаяпсиз?

Унинг туташиб кетган қуюқ, камон қошлари чимирилди, чарос кўзлари маъюс тортди, ўз-ўзи билан гаплашаётгандек ғудранди:

– Мени шу давраларга ишқибозликдан кираяпти деб ўйлайсизми, одамлардан ўзингни четга олсанг, сени нималарга чиқаришмайди, қолаверса, имиллаган вақтни  ҳам нимагадир сарфлаш керак-ку…

Шу тобда у гуноҳ устида ушланган болакайга менгзанди, беихтиёр қўполлигим учун надомат чекиб вазиятни юмшатиш ниятида маслаҳат берган бўлдим:

– Вақтни ўтказиш ҳам муаммо бўлибдими, саёҳатга чиқинг, кинога тушинг, китоб ўқинг.

– Тағин аёл зотига шаҳват кўзи билан қарайдиган, бир лаҳзалик лаззат учун ҳамма насадан воз кечишга тайёр, ҳис-ҳаяжон, мусаффо туйғуларга бегона кимсалар биланми? Кино, китоб ҳақида эса гапирмай қўя қолинг, бир-иккисини ҳисобга олмаганда аксарияти ясама, жўн нарсалар, Тольстой ёки Қодирийни ўқигандан сўнг ўрнини босадиганини тополмайсан.

Янги танишим мулоҳазаларини тинглар эканман, бирдан ирғишлагим, шарт бағримга босиб топдим деб ҳайқиргим келди…

-9-

– Уни топдим-у, тумтарақай тушлар мендан бегоналашди, тор дунём кенгайиб кетгандек бўлди, янги танишим билан олис-олисларга, қўл етмас, гап етмас манзилларга кетишни орзуладим.

У қисқа фурсатда ҳаётим фараҳи, чархи дундаги ягона овунчим ҳам севинчимга айланиб улгурганди. Бир гал илкис ҳаракат этиб эгилганида ёқаси чокидан беғуборликда оппоқ сийнабандини ҳам мот қилишга қодир сутга чайилгандек гард юқмаган сийнасини кўриб қолдим. Бизнинг кунларда очиқ сийналарни кўз қамашгунча томоша этиш имкони бор, кўчада, ишхонада чорпаҳил сийнабанд ҳимоясига ишонилган лорсилдоқ кўкракларни истаганча кўриш мумкин. Кечагина зуғум остида қисилиб-қимтиниб паранжисини улоқтирган муслималар бугун ярим-ялонғоч кийинишда насроний дугоналарини ҳам бир чўқишда қочирадиган бўлиб қолишди. Аммо бу сийна дахлсиз ва мусаффо эди. Бир лаҳза кўз ўнгимда товланган рўё қонимни кўпиртирди, лак-лак лашкар тортиб дилимга хуруж бошлаган ҳирсни жиловлаш илинжида титроқ кирган қўлларимни чўзиб, нозик бармоқларини ушладим, уларни омбурдек кафтим орасига олиб озор етказадиган даражада эзғиладим. Ҳатто, бир оз қўпол чиққан шу ҳаракатим ҳам қалбимнинг туб-тубида авайланаётган, сир тутилаётган туйғуларимни изҳор этишга шошиларди. Кейинчалик энг суйган, ардоқлаган, тез-тез қўмсаб амал қиладиган эрмагим бармоқларини бирма-бир эзғилаш бўлди. Мен шу йўл билан унга бўлган чексиз муҳаббатимни изҳор этардим. Биласизми, инсон зоти аслида ёлғончи дунёга бир кам эндирилар, эркак ва аёл бири иккинчиси камини тўлдирар экан, эҳтимол бу қусур аллоҳ Одам-Ато қовурғасидан Ҳаво Энани яратганидан қолгандир, киши ўзига бағишланган чақиндек умри мобайнида ўз ярмини излаб изғир, бироқ уни топиш имкони эркагу аёлга ягона маротаба инъом этар, шу имкондан қай даражада фойдаланиш эса бандасининг иши экан. Мен умрим давомида зир югуриб излаган ўз ярмимни учратгандим, бироқ бунгача бир бутун бўлиш имкони бой берилганди, энди унга эришиш учун хиёнат қилишим лозим эди. Мен ҳаётим кузагида маъшум хатога йўл қўйгандим, ўзим истамаган ҳолда уни (эҳтимол у мени) дилим дунёсига бошлаб киргандим. Биз қачонлардир бир бутун бўлган, кейинчалик илоҳий қудрат кучи билан тенг тақсимланиб икки жасаддан жой олган, эндиликда тун-кун зўр бериб бирлашиш йўлини излаётган ягона муқаддас руҳга ўхшардик. Аммо вақт аталмиш бош ҳакам измимизга бўйсунмас, у бизни чорак аср муқаддам бир-биримиздан олисга ирғитган, шу фурсатда бирлашиш имкони бой берилган эди. Орадаги тўсиқ кундан-кунга болалаб майда-майда тўсиқчалар ҳосил этар, ожизлик менинг руҳимни қанчалик азобласа, уникини ҳам парчалаётганини ҳис этиб турардим. Кимгадир чин дилдан боғланиб қолган одам беғараз болага ўхшайди, мен севибгина қолмасдан севикли бўлишга ҳам улгургандим, гоҳида соатлаб ундан нигоҳимни узолмас, вужудим тинмай унга талпинар, суҳбатларимиз ҳам кун сайин туйғуларимизга бўйсуниб борарди:

– Наҳот бирон чораси бўлмаса? – сўрайди у титраб-қақшаб.

– Чораси ягона, бу ердан кетиш, – дейман мен. – Инсон зоти оёғи тегмаган манзилларга кетиш.

– Йўқ, кимнингдир бахтсизлиги эвазига эришиладиган бахтдан фироқ алангаси яхшироқ.

– Бўлмаса сен кет, нега эртаю-кеч кўз ўнгимда ўралашаверасан, балки сени йўқотсам тақдирга тан бериб, кўникиб қоларман.

Мен унга, у менга заҳар сочиб овунамиз, у истамайгина тарк этади хонамни, биламан эшикни тарс ёпишга кўнгли қўймайди, чорлашимни кутади.

– Эртага келасанми?
– Келайми? – бурилиб сўрайди у, юзида нур жилваланиб.

– Кел. Мен сени умримнинг поёнигача кутаман, кутавераман, – дейман шоша-пиша.

Беихтиёр ўзимга ҳам, унга ҳам ачинаман, мен уни қалбимдан ситиб чиқаролмаганим каби, у менинг дилимни оғритолмайди, биз бир-биримизга қай даражада шафқатсиз бўлсак, ундан-да юксакроқ меҳрибон – икки ўт орасидаги одамлар эдик. Азоб! Ёлғончи ягона кимсага, қўл етмас манзилдаги инсонга талпиниб яшаш, у билан боғланган орзуларинг саробдан ўзга нарса эмаслигини ҳар сонияда англаб туриш азоб. Лекин барибир оламда шундай мужда борлиги дилимизга фараҳ бағишларди. Мен қувваи ҳофизамда такрор-такрор ўлчаб, унинг қай кундир надомат билан айтган қуйидаги сўзлари маъносини ечолдим:

– Инсон қалби улкан ғор экан.

Билсам, у, сени қалбим тубига яширдим, ундан ҳеч ким, ҳар қандай куч ҳайдаб чиқаролмайди, демоқчи экан, биз бир-бировимиз учун яратилган бўлсак-да, тақдир сўқмоқларидаги муҳаббат бекатига кечикиб келгандик. Сўнгги учрашув куни у негадир тунги базмга бошдан-оёқ қоп-қора либос кийиб чиққанди. Ёшгина хонанда ажнабий мусиқа садоларига мослаб қўшиқ айтар, кўчани тўлдирган ёш-яланглар давранинг тўс-тўполонини чиқариб, телба-тескари рақс тушарди. Ҳамма маза-матрасиз давранинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётган бир вақтда мен шишадаги оғудек аччиқ шаробдан очкўзлик билан симирганча зимдан уни кузатардим. Ғала-ғовур даврада мендан ўзга бирон кимса дастлаб юз ифодалари ўзгариб, ҳис-ҳаяжонсиз кимсага дўниб борганини, сўнгра эса жуссаси ҳам тун зулматида юлдузсиз самога ҳаволаб кетганини сезмай қолди. Уни йўқотдиму руҳимни ғаройиб карахтлик эгаллади, охир-оқибат уйқуга зўр бердим, кейин эса кипригим илиниши билан жисмимга ажиб илиқлик бағишлаб “нур йўлакчаси” аралашаётганини илғадим.

-10-

Ҳикоянинг залвори, ўзига маҳлиё этиш кучи ортиб борарди, шеригим гўёки менинг мавжудлигимни, ўзи гапираётганини унутиб қўйгандек эди, гўзал бир санъат асари яратаётган ижодкорга саҳнада ўз роли ижросига буткул берилиб атрофдагиларни кўрмай қолган, уларнинг ҳис-ҳаяжони билан ҳисоблашгиси келмаётган актёрга менгзарди, галдаги саҳна ёрқин ёки сўлғин бўлишини унинг қиёфасига қараб баҳолаш мумкин эди. “Нур йўлакчаси” ҳақида гапира бошлаши билан у астойдил тинглаётганимни бир бор синовдан ўтказмоқчи бўлдими ёки ўтмишни хотирлаш оғирлик қилаётганмиди, ҳар ҳолда чуқур хўрсиниб, одатдагидан узоқроқ тин олди, биз ўтирган овлоқ шунчалик осойишта эдики, мен юраги бетоқат дупурини аниқ-тиниқ эшитиб турардим. Ҳар иккаламиз қуруқ жуссага эврилиб, руҳимиз аллақачон ўзга манзилларда қанот қоқаётганди. Мен имкон қадар чалғимасликка, сўзларини эшитмай қолиш, тугал бирорта ҳаракат, қиёфа ўзгаришини кўздан қочирмасликка тиришардим.

-11-

– Севиш – ожизлик, айтиш мумкинки, у инсонга ягона марта иноят этиладиган туҳфадир. Лекин ҳамма бирдек бу бахтдан баҳраманд бўлавермайди, ўзга жинс вакилини фақат тўшакда тасаввур этишга одатланганлар сони нечта ва муҳаббат шаробини тотганлар бутун борлиққа қўл силтайди, ўзгалар отаётган маломат тошлари ҳам кўзларига кўринмайди. Муҳаббат инсондаги қатъиятлиликни ўлдиради, буни гоҳ ўзимга бўйсуниб, гоҳ панд берадиган идроким эвазига англадим. Агар шу “нур йўлакчаси” тунлари ожизликдан зир қақшаган миямни, ҳорғин тортган жисмимни маълум даражада эмламаганида ҳаёт мен учун мислсиз азобга айланиши шубҳасиз эди. Мен қандайдир нотабиий ўзгаришни, эврилишни кутиб яшардим. “Нур йўлакчаси”ни шакл-шамойилини кўришга кўз, тасвирлашга қалам ожизлик қиладиган кўринмас мавжудот бошлаб келар, иккинчи учинчи жуссамга туташтириши билан зим ғойиб бўларди. Бу нотабиий жуфтликнинг ҳар ташрифидан сўнг уйқудан кўз очганимда жисмимни зил-замбил юк босаётганини ҳис этар, анчагача тўшакка михланиб ташлангандек ўрнимдан қўзғала олмасдим, деразамни оҳиста чертаётган новдаларни ҳам шамол эмас, мени таъқиб этаётган нимадир тебратаётганга ўхшарди, вужудим бўм-бўш майитдек иссиқдан бўғриқар, нафасим қайтар, жисмим лоҳаслашарди. Аммо тонг отиши билан ҳаммасини унутиб бетоқатланардим, тезроқ кўршапалаклар ғужғон ўйнайдиган тун киришини истаб, илгари у билан учрашувга қанчалик интиқланиб ошиқсам, энди “нур йўлакчаси” ташрифини ҳам шунчалик орзиқиб кутадиган одат чиқардим. Мен чинакамига тун фуқаросига айлангандим, қоронғида аранг кўзга ташланадиган шарпалар ҳам нечундир гўзал ва фусункор туюларди.

– Яхшилаб разм сол, кимни ва нимани кўряпсан?

Навбатдаги боғланиш чоғида янграган момақалдироқдек товушдан сесканиб тушдим.

– Кўрдингми, – энди бир оз майинроқ овозда гапирди суҳбатдошим, – мен “нур йўлакчаси” бошловчисиман, юрагингга қўл қўй, ҳар ҳолда сенга ёмонлик истамайман, хаёлингни жамлаб йўлакча тугаш жойига қара.

Ҳаяжонимни жиловлаб, итоаткор қул мисол буйруқни бажардим, бажардим-у, во-оҳ деб бақирдим.

Йўлакча кўз илғамас олисликни ёритар, ям-яшил ўтлоқ, сўлим табиат қўйнида тим-қора сочларини ёйиб, маъсум кўзларини менга тикканча у ширин жилмайиб турар, кўз имоси билан мени ўз ёнига чорларди.

– Ҳа, адашмадинг, фано синовларига дош беролганингиз учун сизларни бир бутун қилиш ниятида уни иккинчи иқлимга олиб чиққандик, энди навбат сеники, унинг ҳузурига боришга тайёрмисан?

– Қани эди, аммо шунча юксакликка қандай кўтариламан?
– Бу қийин эмас, йўлакча истагингга етказади.

– Мен тайёрман.

– Бунинг ўзи кифоя бўлмайди, ҳали олдинда асосий синовлар турибди, энг муҳими ҳар қандай вазиятда ҳаяжонланмаслигинг, қўрқмалигинг шарт.

– Нега?
– Ўз туйғуларингни жиловлай олмасанг тубсиз чоҳга йиқилиб тушасан.

– Англадим.
– Бўлмаса йўлга чиқдик.

Жисмим қушдек енгил тортганини, аста-секин ҳавога кўтарилганимни ҳис қилдим.

-12-

– Кўзимни аянчли тун зулумоти чулғади, ингичка ипдек чўзилган “нур йўлакчаси”дан ўзга ҳеч нарсани кўрмасдим, гоҳида танамга қуртдек шилимшиқ, илондек совуқ алланималар тегиб кетар, қўрқувдан вужудимга қалтироқ аралашарди, ўргимчак тўридек ипирисқи нарса оёғимга ўралиб пастга тортганида даҳшатга тушиб додлаб юборишимга бир бахя қолди, зўр бериб калима ўгиришга киришдим. Аллоҳ каломининг мўъжизакор таъсириданми, билмадим, кўп ўтмай тонг ғира-ширасидек атрофим ёриша бошлади, кўз ўнгимда афтодаҳол қишлоқ, кўримсизгина, лойсувоғи кўчган сўққабош бино, чор атрофга аланглаганча ойнаси синган деразасидан ўғирликка кираётган бола, қўйнига тиқиб чиққан қалингина ойнома, сабоқхона раҳбари хонасидаги муҳокама, кўзини лўқ қилиб айбини дунё бехабар тенгдошига ағдараётган ўғри ўқувчи, калтафаҳм ўқитувчининг ҳавони сермаб ўтган дўмбоққина шапалоғи, кутилмаган зарбадан учиб тушган иккинчи толиб, унинг нигоҳида қотган изтироб намоён бўлди, дилида инсон турланишига нисбатан нафрат алангаси ёнган иккинчи ўқувчи менинг болалигим эди.

– Бу сенинг шуурингда одамият аҳли ҳақида дастлабки нохуш таассуротнинг туғилиши, уни мустаҳкамлаган манзараларни кузат, – деди мени бетамом тизгинлаб олган овоз.

Синчиклаб қарадиму инсон онги ихтиро этган жамики нохуш ҳолатларнинг шоҳиди бўлдим, энг мудҳиши ғийбат етказиб, миш-миш тарқатиб рўшнолик кўраётганлар, порага қўл чўзаётганлар, бировнинг хасмига кўз олайтираётганлар, баданини матоҳдек арзон сотаётганлар, ким ўзарига лаганбардорлик мусобақасини авж олдираётганлар… менга таниш башаралар эди. Турланиш манзаралари тугаганда “нур йўлакчаси” мени иккинчи иқлимга чиқариб қўйганди.

– Баракалла, илк синовга дош буринг, – луқма ташлади ўша гулдурос товушнинг кўринмас соҳиби мени рағбатлантириб. – Аммо сен манзилга келгунингча йиллар давомида излаганинг, турфа чиғириқлардан ўтиб топганинг, висолига талпинганинг яна шунча юксакликка кўтарилди, унинг ҳузурига иккинчи иқлим томошахоналарини оралаб боришинг лозим, унутма, синов давом этаяпти.

-13-

– Кўзимни ўткир ёруғликка ўргатиш учун қўлимни соябон қилиб, секингина очдим, қулоғимга кучли шовқин-сурон чалинди:

– Гумбур-гумбур
– У-в-в, -у-в-в…

Дод-фарёдлар тинмас, гўё бутун-борлиқ уввос тортиб йиғлаётгандек…

– Ё, аллоҳим, ёзуғимиз не эди, нега бизга бундай кулфатни раво кўрдинг?

Барала овозда Қуръон сураларини тиловат этаётганлар барча нарсанинг яратгувчиси ва охират кунининг эгасидан мадад сўрашарди.

– Ҳақ дўст, ё Оллоҳ, ҳақ дўст, ё Оллоҳ…

Дарвеш-қаландарлар қўлларини силкитиб, жазаваси тутиб зикр тушишарди.

Ҳайратдан лол қолдим, кейинги йилларда казо-казолар қайтиши баҳона икки-уч кунлаб “ойнаи жаҳон”, овознигорда руҳни синдирувчи мотам мусиқаси янграганда ҳам фуқаролар қиёфасида бу даражадаги чорасизлик, ғам-алам зуҳур бўлганини кўрмагандим, мен ўзимни олис мовий дунё ҳаётидан кино олинаётган майдончага тушиб қолгандай ҳис қилдим.

– Эй биродар, бир дақиқа тўхтасангиз-чи, нима гап ўзи? – атрофимда зир югуриб юрганлардан бирига мурожаат этдим.

У на овозимни эшитди, на ўзимни пайқади, шундагина иккинчи иқлимда четдан кузатувчи эканлигимни, на овозим, на сувратим бу ердагиларга таъсир қилишини англадим.

– Кўрмаяпсанми, қуёш тутилган-ку, – изоҳ берди кўринмас йўлбошловчим.

Илгари ахборотлардан қисилган қишлоғимизда ой тутилса, биз болаларни шундай шовқин-сурон кўтаришга ундашганини эсладим. Улар таъбирича, ой ва қуёшнинг тутилиши ёвуз кучлар дахл солиши оқибати бўлиб, кучли шовқин ёвуз кучларни қўрқитиш баробарида олову оташни тутқунликдан бўшатар экан. Бизнинг болалик ортда қолди, вақт ўтиши билан инсониятни завқланиш, ҳайратланиш, ишонч туйғулари тарк этиб бормоқда.

-14-

– Хиёбондан чиқишим билан қўл чўзсам етадиган манзилда уни кўрдим, ортда қолган машаққат ўз кучини йўқотади, унинг васлига етиш кутганимдан осонроқ кўчганга менгзади, бир муддат ўзимни, жунбишга келган ҳиссиётларимни тиёлмадим, юрагим дупури кучайиб, бўғзимни ғалати ҳайқириқ ёриб чиқди:
– А-а-а!…

Ўша заҳотиёқ кўкрагимдан биров бор кучи билан итарганини, теграм тағин қоронғи зулматга чулғанганини, мислсиз баланд қоядан пастга, тубсиз чоҳга учиб бораётганимни зўр-базўр илғадим. Мен қулаб тушган чоҳ шу оромгоҳ эди. Бу ғалати саёҳатдан аниқлаганим дунёда ҳамма нарса ўткинчилиги-ю, фақат муҳаббатнинг боқийлиги бўлди…

Тамаки-одам ҳикояси тугагандан сўнг, ҳозиргина чекиб ташлаган бўлса-да, бўшаган қутини сермалади, қўлига ҳеч нарса илашмагач, бор кучини қоқ суяк бармоқларига жамлаб, қутини эзғилаб отди ва чуқур ботган кўзларини бир муддат олис нуқтага қадаб турди, шу тобда у жонли одамдан кўра кўпроқ қоядан йўнилган ҳайкалга ўхшарди.

– Айтинг, мен кимман ўзи, кимман? – жазавага тушиб бақирди у.

Талмовсираб қолганимни кўриб, ўз саволига ўзи жавоб қайтарди:

– Мен одамман, фақат на ўликлар, на тириклар сафидан жой олган муаллақ одам! Мени бу оламда унинг хотираси ва ҳамма нарса бой берилган тақдирда ҳам олдинда келажак бор деган илинж ушлаб турибди!..

-15-

Орадан ўн беш йилча вақт ўтди, мен ҳамон ўша учрашувни, воқеликдан кўра хаёлотга монанд ҳикояни сира унутолмайман, қулоғим остида эса сўнгги жазавали сўзлар такрор ва такрор жаранглайди, яна дийдорлашиш насиб этса ҳеч иккиланмай:

– Сен одам экансан, ўзлигини таниган бахтли одам, қанийди мен ҳам сенга ўхшасам! – деган бўлардим.

Қарши, 2009

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали веб-саҳифаси

0110.jpgBir taniqli adibning sarguzasht kitobi anchagina shov-shuvga aylangan yillar edi. Kunlarning birida cho‘l tumanida yozuvchi bilan kitobxonlarning uchrashuvi tashkil etildi. So‘zga chiqqan notiqlarning biri muallif va uning asari haqida shunchalik ko‘p maqtov so‘zlarni aytdi-ki, bundan minbarda o‘tirgan yozuvchi ham xijolatga tushib, qizarib ketdi.

O‘rolboy QOBIL
POMUQLIK “DON KIXOT”
08

Shanba kuni edi.
Telefonim jiringladi.
Oldim.

Go‘shakdan qadrdon do‘stimning quvnoq ovozi eshitildi:

-Hoy, yotibsizmi, sog‘liq qalay? Mendan so‘rasangiz, Qamashining Qorabog‘ida yuribman. Sovchi bo‘lib keldim. Kuyov bo‘lmishning uyidagilar iltimos qilishdi, bu yog‘i elchilik, yo‘q deya olmadim. Anchadan beri cho‘zilib yurgandi bu ish, yana oshiq yigitga ham rahmim keldi. Sevgi, muhabbat degani hammaning boshidan o‘tgan savdo… qizning otasi “Uzoqdan ekan, bo‘lmaydi”, deb ko‘nmagan ekan. Ey, o‘zimizga o‘xshagan muallim ekan, ko‘nglini topdim, rozilik berdi. Qizning onasi sizlar tomondan ekan, shekilli… yaqinda fotiha to‘yni qilamiz.

-Sovchiman, deng?
-Ha, men bu ishning hadisini olganman, hali sovchi bo‘lib, quruq qaytganim yo‘q!
-Ey, qoyilman,-dedim.

***

Shu do‘stim bir yili nufuzli tanlovning g‘olibi bo‘ldi. Mukofotni olish uchun yo‘lga otlangan do‘stimizga ayoli, o‘g‘il-qizlari, nabiralari nimalarnidir “zakaz” qilishni ham unutishmadi.

Avval taqdirlash marosimi, so‘ngra she’rxonlik bo‘ldi. Zalda o‘tirganlarning biri g‘olibga savol berdi:

-Siz ko‘proq yaxshilik, savob, ezgulik haqida yozar ekansiz, o‘zingiz ham birorta savob ish qilganmisiz?

Do‘stimiz bariga tushundi.

-Yaqinroqda birorta maktab yoki bog‘cha bormi?
-Bor, men bog‘cha mudirasiman, -deb o‘rnidan turdi istarali juvon.

Ukamiz cho‘ntagidagi mukofot pulining teng yarmini juvonga uzatdi.

-Oling, bolalarga kitob, o‘yinchoqlar xarid qiling.

Zaldagilar qarsak chalib, yozuvchini qutlashdi.

Keyin u uch kun poytaxtdagi shoir va yozuvchi ukalarini mehmon qilib mukofotni “yuvdi”. To‘rtinchi kuni cho‘ntagi bo‘shab qoldi.

-Uka, -dedi do‘stimiz shoir ukalaridan biriga,-Ellik ming qarz berib tur, uyga yetib olay!…

Ukasi bariga tushundi va akasiga pul berdi. G‘olib ketdi. Shoir ukasi esa ortidan bosh irg‘ab dedi:

-Ana darvesh, vot chudak…

***

Bir taniqli adibning sarguzasht kitobi anchagina shov-shuvga aylangan yillar edi. Kunlarning birida cho‘l tumanida yozuvchi bilan kitobxonlarning uchrashuvi tashkil etildi. So‘zga chiqqan notiqlarning biri muallif va uning asari haqida shunchalik ko‘p maqtov so‘zlarni aytdi-ki, bundan minbarda o‘tirgan yozuvchi ham xijolatga tushib, qizarib ketdi.

Do‘stimiz jim turolmadi. So‘z olib asar haqidagi o‘zining fikrlarini aytdi, so‘ngra jahon adabiyotining durdona asarlaridan qator misollar keltirdi va boyagi notiqqa qarab:

-Birodar, siz ta’riflagan asarning hali bular darajasiga yetishiga ko‘p qovun pishig‘i bor,-deb joyiga o‘tirdi.

Uchrashuv tugab, hamma tarqayotgan payt adib do‘stimizni chaqirtirib dedi:

-Sizga rahmat, bularga qolsa, meni allaqachon buyukka aylantirib, o‘tgan asrga uloqtirishlari tayin edi…

***

Bir tanishim aytib qoldi.

-Anovi mirishkorlik yozuvchi jo‘rangiz bor-ku, o‘sha odam yaqinda zo‘r ish qildi.

-Qanday ish?-dedim qiziqib.

-O‘n besh yildan beri yuz ko‘rmas bo‘lib, arazlashib yurgan tog‘a-jiyanlarni yarashtirib qo‘ydi. Bo‘lmasa, undan avval ham mana-man deganlar o‘rtaga tushgandi. Do‘stingiz bo‘lsa, bir zumda ishni do‘ndirdi.

-Qanday qilib?

-Bu yog‘ini bilmadim, menimcha u kishining sexrimi, mehrigiyosimi bor-ov…eng qizig‘i o‘sha arazchi tog‘a-jiyanlarning ko‘zlari yoshga to‘lib, bir-birlari bilan quchoqlashib ko‘rishganini ko‘rsangiz edi.

-Savob ishni qilibdi.
-Ha, savob ham gapmi, ezgu ish deng…

Darvoqe, yosh adib Jasur Kengboyev bu haqda eshitib, “Mung” degan hikoya ham yozgan.

***

Kitobi chiqqan yosh shoirlardan biri do‘stimizga dastxat bilan kitobini sovg‘a qilarkan, iltimos qildi:

-Aka, taniqli ijodkorsiz, she’rlarim haqida gazetaga bitta taqriz yozib bering.

Do‘stim ko‘ngli bo‘sh odam-da,“Mayli, bir o‘qib ko‘rayin”, deb rozi bo‘ldi.

To‘plamni varaqlab ko‘rdi, rosti she’rlar unga yoqmadi. Buni men uning yuz ifodasidan o‘sha damdayoq angladim. Indamadim.

Oradan kunlar, haftalar o‘tdi, taqrizdan darak yo‘q, taqriz yozilmadi. Tahririyatda do‘stimizni uchratgan shoir so‘radi:

-Aka, taqriz nima bo‘ldi, yozdingizmi?

Do‘stimiz esa:
-Kechirasiz uka, kunduzi ish ko‘p, qo‘l tegmaydi, tunda esa uyquchiman, ko‘p uxlayman,-dedi.

***

Do‘stim haqida qalamkash ukamiz so‘zlab bergan edi:

-Kunlarning birida cho‘ldagi xo‘jaliklar hayoti haqida gazetaga qo‘shsahifalik material tayyorlash uchun yo‘lga tushdim. Tuman gazetasining muharriri meni samimiy kutib oldi va darrov adabiy jarayon, yangi kitoblar, yozuvchi va shoirlar, xullas adabiyot haqidagi bilimlarimni aniqlash uchun rosa “imtihon” qilib ko‘rgach, o‘zi eshitgan, guvohi bo‘lgan qiziq voqealarni so‘zlab, ikki soat vaqtimni o‘g‘irladi.

Men uchun akamizning gurungi qiziq bo‘lsa-da, zimmamdagi topshiriqning yuki bois betoqatlanardim. Muharrir esa sigaret tutatgancha, so‘zlashda davom etardi. Nihoyat telefon jiringlab, u so‘zlashdan to‘xtadi va go‘shakni qo‘lga olib, allakim bilan qisqa so‘zlashgach, menga qaradi.

-Turing, mehmon, obed qilamiz.

Men istar istamas muharrirning ortidan ergashdim. Tushlik zo‘r bo‘ldi. Mezbonim menga quyarda-qo‘ymay bir-ikki piyola ichirishga ham erishdi. Ichkilikning ta’siri tufayli tashvishlar unutilib, o‘zimni yengil his eta boshladim. Mashina ikkalamizni muharrirning uyiga olib keldi. Yana dasturxon yozildi…

Allamahalda ko‘zimni ochsam, yonimda uy egasi varanglatib hurrak otardi. Soatimga qaradim, besh bo‘libdi. Tong bo‘zarib kelardi. Mezbonni turtib uyg‘otdim.

-Aka, maqola nima bo‘ladi, meni ishdan haydashadi-ku?

-Qo‘rqma, men borman, ikki soatda ishingni do‘ndirib qo‘lingga tutqazaman.

U o‘rnidan turib chiroqni yoqdi, tashqariga chiqib yuvinib kelgach, narigi xonaga o‘tib, yozuv mashinkasini yurgiza boshladi.

Men ham yuz-qo‘limni yuvib uning yoniga bordim. Muharrir og‘zida sigaret tutatgancha tinimsiz yozardi.

Taxt bo‘lgan maqolalarni o‘qiy boshladim. Ilg‘or cho‘pon, paxtakor, bog‘bon, fidoyi muallim haqidagi lavhalar taxt edi.

-Yana kimlar haqida kerak, uka?
-Iloji bo‘lsa, polvonlar, chavandozlar haqida ham yozing.
-Xo‘p bo‘ladi.

Muharrir yana yozishda davom etdi va nihoyat yettita rang-barang lavha taxt bo‘ldi. Eh, o‘shanda mening quvonganimni bir ko‘rsangiz edi.

-Uka, agar maqolalarning saviyasi ko‘nglingga o‘tirsa, o‘z imzoing bilan chiqar, aks holda xafa bo‘laman, axir topshiriq senga berilgan-ku.

Men bosh irg‘adim. So‘ng xayrlashdik. Ertasiga maqolalar gazetada bosilib chiqdi, lekin sahifada uning emas, mening familiyam turardi. Kunlarning birida telefonda akaxonimizning guldirakdek ovozi eshitildi.

-Uka, yozganlaring yomon chiqmabdi, yana qachon kelasan?

Men uyalib ketdim, faqat “Nasib bo‘lsa” deya oldim, xolos…

***

Bir kuni hajvchi adib Tursunboy Boymirov xunob bo‘lib dedi:

-Ey, uka, nimasini aytasiz, o‘sha mirishkorlik yozuvchi og‘ayningiz katta “o‘g‘ri” ekan-u, bilmay yurgan ekanmiz.

-Qanaqa “o‘g‘ri”?-dedim hayron bo‘lib.
-“Ko‘pkari gurunglari”ni o‘qidingizmi?
-Ha, o‘qidim, zo‘r yozibdi.

Tursunboy aka menga ajablanib qaradi va boshini sarak-sarak qildi.

-Attang, men sizni ukam deb yursam, siz ham o‘shalarga sherik ekansiz-da?

Men Tursunboy akaning nimaga shama qilganini tushunmadim. Hayolimda esa nahotki do‘stim Boymirovning qo‘lyozmasini o‘g‘irlagan bo‘lsa, degan gumon uyg‘ondi.

-Aka, tushuntirib ayting, o‘zi nima bo‘ldi?

-Ey, dard bo‘ldi, o‘sha oshnangiz yozgan mavzu, tog‘liklaru, azaliy udumlar, chavandoz va otbozlar haqida ko‘pdan beri bir nimalar qoralayotgandim, barisi kuyib ketdi, essiz mehnatlarim…

-Balki nimadir qolgandir?

-Yo‘q, hech narsa qolmabdi, hatto bobom Shoymardon oqsoqolning mashhur Oqburun otini ham ilib ketibdi.

-Yo‘g‘-a?!
-Ha, uloqni halollab olib ketishdi dashtliklar…

Ko‘p o‘tmay do‘stimni uchratib Tursunboy akaning iddaosini aytdim. Do‘stim bundan zavqlanib kuldi va galdagi rejasini oshkor qildi.

-Endi Qamashining Jonbo‘zsoyiga “o‘g‘rilikka” boraman! Yo‘ldoshbek Kenjaning “xazina”sini uraman. Guzardagi pochtaxona yonidan Toshpo‘lat maxsumni topib, bova-momolar bilan suhbat qurmoqchiman.

Aytganiday bo‘ldi, ko‘p o‘tmay uning “Jonbo‘zsoylik anoyi”si respublika nashrlaridan birining to‘rt sonida davomli bosilib chiqdi.

***

Ijodkor Sayfulla Al-Murod hayratlanib dedi:

-Mirishkorlik yozuvchi bor-u, ismi nima edi, ha, o‘shanga qoyilman, o‘ziyam tinimsiz yozadi, yozganda ham zo‘r yozadi, chiqmagan nashri qolmagan, bir “Sharq yulduz”ining o‘zida to‘rtta qissasi bosilgan. O‘zi olis qishloqda yashaydi, yana maktabda direktor, fermerligi ham bormish, ikkita gazeta tahririyati a’zosi. Bir nechta ijodiy tanlovlarning g‘olibi, “Oltin qalam”ni olgan. Yana gurungboz, tanish-bilishi, oshna-og‘aynisining son-sanog‘i yo‘q. Hatto xorazmlik mashhur hofiz bilan ham bordi-keldisi bor, to‘y-ma’rakadan qolmaydi. Oilasi ham kattagina, har yili to‘y qiladi, san’atning, mumtoz ashulaning shaydosi, futbol, kurash, ko‘pkarining ishqibozi, vohamizda bo‘ladigan barcha tadbir va uchrashuvlarda hoziru nozir. Ayting, bu odam bularga qachon, qanday ulguradi?

Aslida do‘stimning ism-sharifini ayon qilishim shart emas edi, bugun pomuqlik adib, jurnalist Abdunabi Abdiyevni tanimaydigandan taniydigan ko‘p.

Endi aytingchi, do‘stim chindan ham Don Kixotga o‘xshamaydi-mi? Goh piyoda, goh ulovli tog‘u-dashtlarni kezgan odam haqida boshqacha qanday ta’rif berish mumkin?

Maqola muallifi: O‘rolboy Qobil 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Maktabda muallim bo‘lib uzoq yillar ishladi. Hozir nafaqada. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan. Bir necha bor ijodiy tanlovlar g‘olibi bo‘lgan.

Abdunabi ABDIYEV
MUALLAQ ODAM
08

13600067_130419060722592_3961298242617696012_n.jpgAbdunabi Abdiyev. 1957-yilda Mirishkor tumanidagi Pomuq qishlog‘ida tug‘ilgan. Qarshi davlat pedagogika institutining tarix-jamiyatshunoslik fakultetini tugatgan «Tilsim», «Yozg‘ib bitigi», «Muallaq odam» qissalari «Sharq yulduzi» jurnalida, «O‘tov gurunglari», «Ko‘pkari gurunglari» esse-qissalari matbuotda e’lon qilingan. «Hayrat jamlangan oqshomlar» esse-qissasi uchun Respublika Kasaba uyushmaslari federatsiyasi kengashi laureati bo‘lgan. «Ijodkor o‘qituvchi» tanlovi g‘olibi, “Oltin qalam” Xalqaro Milliy mukofoti sohibi. Hozirda Mirishkor tumanidagi 22-maktab direktori.

08

– Ayting, men kimman o‘zi, kimman?

Goho asov soydek pishqirib, ba’zan toshbaqadek sudralib o‘tayotgan umringiz mobaynida qulog‘ingizga chalingan savollar silsilasida bundan ko‘ra mavhum va betayini ehtimol uchramas, bu savol og‘rig‘ini so‘roqqa tutguvchidan o‘zga kim ham bilsin. Binoyidek gurung berib o‘tirgan suhbatdoshim xotima tariqasida jazavaga tushib baqirishi har qanday odamni hayratlantirishi, yurakka g‘ulu solishi, “aqli joyida emas” degan qat’iy qarorga kelish uchun asos bo‘lishi mumkin edi. Faqat mengagina bunday hadik-xavotirlar allaqachon begonalashgan, men uning kayfiyati, qiyofasidagi zig‘irdek o‘zgarishni ham ilg‘ashga qodir edim, boisi, so‘nggi bir necha kundirki, suhbatdoshim dil daftari so‘nggi sahifasini g‘aroyib kitob yanglig‘ zoriqish, zerikish neligini bilmay varaqlayotgandim. Egilish, bukilish, vaziyatga muvofiqlashish yo‘lini qidirmay, ko‘ksidagi yolg‘izlik atalmish xudo quliga aylanib yashayotgan bu kimsa emranishlarini tinglar ekanman, o‘zim ojiz, notavon banda ekanligimga tobora iymon keltirdim.

– Bilmadim, – g‘ulduragancha javob qaytardim.

Ukkinikidek chuqur botib chaqchaygan ko‘zlar jussamga sanchilib, qalbimni parchin etdi, misoli bir qop etga do‘ndim, jismimni sovuq ter qoplab junjikdim, tegramda qimirlagan jonzot yo‘qligini, gadoy topmas ovloqda o‘tirganimizni bilsam-da, baxtli tasodifdan umidlanib, kimdandir najot kutgandek chor tarafga olazarak nazar tashladim.

– Afsus, men kimga sir inondim, sizlarda his-hayajon nima qilsin, – dedi u afsuslangannamo, hatto vaqtini behudaga sarflagani uchun o‘zidan nafratlanayotganini anglatadigan ohangda. – Nahot shunchalik kaltafahmman, axir, bor-yo‘q tashvishingiz qorin bo‘lib qolganini bilardim-ku, hayf-ey inson degan nom.

Vajohatidan basharamga musht tushiradiganga mengzardi, tilim tanglayimga yopishdi, bir yumalab rostakamiga u cho‘tlayotgan behis, behayajon kimsaga aylanishni jon-dilim bilan orzuladim, hammasiga o‘zim, ko‘pincha o‘zimga ham bo‘ysunmas sinchiligim sabab, uning o‘zgalarnikiga o‘xshamas xatti-harakatini mendan boshqa ilg‘agan banda yo‘qmidi, yuvilmagan qoshiqdek har narsaga tumshuq tiqquncha befarqqina yuravermaymanmi, quyushqondan chiqqan qiziquvchanligim tufayli ilgari biror marotaba yaxshilik qozonganmidim.

Suhbatdoshim qah-qah otib kulishi (balki nafratini shunday ifodalagandir), so‘ngra ho‘ngrab yig‘lashi dilimda o‘rmalagan hadigu xavotirlar qatini to‘zg‘itib, botinimda rahm-shafqat tuyg‘ularini qo‘zg‘adi, miskingina gavdasi ko‘z o‘ngimda yanada kichrayib, yelkalari silkinib-silikinib tushar, xastahol ovozida bir olam g‘ussa jamlangan edi.

U sarson izlardi o‘zini-o‘zi… Farang shoiri Artyur Remboda shunday misra bor – o‘qigan bo‘lsangiz kerak. Bilsangiz men o‘shaman, ha, na o‘liklar, na tiriklar safida o‘rnasholgan, o‘zini-o‘zi zir qaqshab izlayotgan muallaq odam men bo‘laman…

-2-

Inson yaratganning eng ojiz mavjudoti, na yaxshilik, na yomonlikka shukrona keltiradi, o‘zgalar emas, yolg‘iz men bo‘lsam deydi, bequsurlik xoliqqa xos xislat ekanligini tan olgisi kelmaydi, ayniqsa, iqtidorsizligini e’tirof etish hech kimga yoqmaydi, men – g‘o‘za unib chiqqani, qator oralariga ishlov berilayotgani (yozmay qo‘ysam shu ish to‘xtab qolarmidi?) haqida uch-to‘rt qator xabar yozib yurgan o‘rtamiyona muxbir ham bunga jur’at etolmasdim. O‘zimni salkam tan olinmagan daho cho‘tlab yurgan kezlarimda nogoh uni uchratdim-u, butun muvaffaqiyatsiz odimlarimni bosib tushadigan asar yozishga chog‘landim.

Ehtimol, o‘zingiz ham allaqachon fahmiga yetgandirsiz – bu charxi dunda tugal haqiqat topish dargumon, mayda, xashaki haqiqatchalar esa o‘tkinchi, shu bois qog‘ozga tushirayotgan hamma narsamga ko‘r-ko‘rona ishonishingiz shart emas, buni talab etishga haqdorman degan bemaza fikr yetti uxlab tushimga ham kirmagan, ushbu ko‘rinish uchun hadeb bosh silkitib bechora bo‘yinga jabr etayotganingizni anglab turibman. Meni kamsitmoqchi bo‘layapti deb o‘ylamang, birov gapirayotganida ma’qullash, hech qursa jim turish ta’limoti qon-qonimizga sindirilgan, hammamiz yaqin-yaqingacha huquqlarni chegaralovchi, fikrlarni yagona qolipga jamlovchi qizil firqa hukmronlik qilgan ta’zim-tavozelar mamlakatining xokisor fuqarolari bo‘lganmiz. Ko‘rimsiz holatimiz g‘ururimizni o‘ldirib boraveradi, oxir-oqibat o‘zimizni hukmi zo‘r gapirganda qo‘limiz ko‘ksimizga yetib, boshimiz beixtiyor beshiktervatar yanglig‘ tebranishga tushadi. Aslida har kimning o‘ziga yarasha fahmi-farosati bo‘lgani maqbul, bugun boshqa birov, ertaga o‘zganing aytganlariga quloq qavartirib “mana shu aynan haqiqat” deb qabul qilaversak alloh yorlaqagan Odam-Ato qavmiga mansubligimiz qayerda qoladi. Ehtimol, aytib berishga chog‘lanayotgan hikoyam yangilik emasdir, balki o‘quvchida ortiqcha qiziqish ham uyg‘otmas, shunday ekan, xoh ishoning, xoh ishonmang, ixtiyor o‘zingizda. Ammo umrim bino bo‘lib, u kabi g‘alati, u singari chekishga mukkasidan ketgan bandani uchratmaganimni ozroq bo‘rttirishga haqim bordir deb o‘ylayman, axir, men ham nimadir bilan ovunishim kerak-ku. Aftidan gap urish ohangim almoyi-jalmoyidek ko‘rinib, telba kimsaning diydiyosini o‘qish shartmi degan xulosaga kelayotgandirsiz. Xavotiringiz bekor, men savdoyi emas, bir oz odamoviman, xolos. Haqiqiy jinni u, aqli but banda shirin jonini azobga qo‘yib bunchalik chekmaydi, ha-ha, ishonavering, arzimagan bir-ikki soatga cho‘ziladigan gurunglarimiz asnosida og‘zi nafaqat gap, balki papirosdan ham biron daqiqa bo‘shamadi hisobi, bosib-bosib, izini uzmasdan ishtaha bilan tamaki so‘rgani, onda-sonda gezargan labidan papirosni ayirganida ham tirnoqlarigacha sarg‘aygan qaltiroq qo‘llaridagi so‘nishiga fursat berilmaginidan uchi qip-qizil cho‘g‘ga do‘ngan papirosni g‘aroyib topilmadek avaylab aylantirib o‘ynagani, pechkaning dud bosgan mo‘risi kabi og‘iz-burnidan sitilib chiqayotgan tutunni mahliyo bo‘lib kuzatgani, ko‘kish halqachalardan yosh boladek zavq olgani, uzoq jim qolsa hikoyasini tinglashdan voz kechishim mumkindek shoshib hikoyasini davom ettirgani, mo‘min-qobil o‘quvchidek qo‘l qovushtirib o‘tirganimni ko‘rib beozor, sabr-bardoshli quloq topganidan og‘zining tanobi qochgani – bari-bari harakatga molik edi. Tasodif uchrashtirgan odamni shuncha ezmalik bilan ta’riflashga nima hojat deya ajablanmang, hali bu oz, ta’rif-tavsifning boshlanishi: qisqa muloqotlar chog‘ida bu kimsani kuzatib olgan taassurotlarimni bayon qilishga bisotimdagi so‘zlar ojizlik qilayotganini poyintar-soyintar gapirishim ehtimol oshkor etayotgandir. Xullas, u qariyb qirq yil umrim mobaynida men uchratgan, yaqin munosabatda bo‘lgan son-sanoqsiz odamlarning birontasiga mengzamasdi. Hech bir taqdir o‘zgasi takrori bo‘lolmaydi. Avj qish chillasida falakdan to‘kilayotgan qor zarrachalarini kuzatganmisiz, biri-ikkinchisiga sira o‘xshamaydi, faqat yerga qo‘nganidan so‘ng bir-birini to‘ldirib oppoq momiq ko‘rpachaga evriladi. Odamlar ham shunday, ularni inson degan atamagina bog‘laydi, “falonchi umri farzandalari timsolida davom etyapti” degan ibora nisbiy, har bir inson o‘z umrini o‘taydi, birovnikiga hukmronlik qilolmaydi. Rosti, u ham men uchun qiziqarli, o‘ziga nihoyatda zerikarli ko‘ringan umrining so‘ng manziliga shitob bilan intilayotgan bir banda edi, xolos.

-3-

Aslida meni 3. shahridagi atrofi baland devor bilan o‘ralgan bu oromgohga ixtiyorimga zid tarzda yuborishmaganida balki o‘sha g‘alati insonni uchratmagan, qimmatli vaqtingizga chovut solib, ushbu hikoyani sizga ilinmagan bo‘larmidim. Alhol ishxonamda surunkali muvaffaqiyatsizlikka (ehtimol omadsiz odamdirman) duch kelib, ishlarim xurjun bo‘lavergach, nafrati yoki hurmatini sir tutguvchi boshlig‘im xonasiga taklif etib, yasama takalluf bilan dedi:

– Asabingiz charchabdi, og‘ayni, siz uchun yaxshigina oromgohga yo‘llanma toptirib qo‘ydim, bir oz dam olib qaytsangiz.

Gap urish ohangidan masala allaqachon uzil-kesil hal etilgani, e’tirozlarim foydasiz ekanligi yaqqol sezilib turardi, shunday qilib xazonli kuz faslida shu fasl o‘zidan-da hazin shu oromgohga kelib qoldim. Kechirasiz, malol kelmasa bir savolim bor – sizning ham o‘z sevimli, yolg‘iz o‘zingiznikiga aylantirishni atoydil istaydigan mashg‘ulotingiz bormi? Men xazonrezgi bog‘da sayr etishni (na yosh, na keksaga qo‘shiladigan la’nati qirq yoshda balki o‘zgalar ham shunday kayfiyatga tushishar), qovjiragan yaproq bargidan ayro tushgan novdalarning unsiz faryodini qalbim ko‘zida ko‘rib, qulog‘ida tinglashni sevaman, hazin o‘ylar miyamni titkilaydi, hatto chinakam ilhom menga begona bo‘lsa-da, o‘z iztiroblarimni qog‘ozga to‘kaman:

Kuz. Daraxtning novdalaridan
Yerga qochar eng so‘nggi yaproq.
Xazonrezgi bog‘ orasidan,
O‘tib borar daydi ruh titroq.
Qulog‘iga chalinar tinmay,
Oltin bargdan taralgan faryod.
Dovdiraydi netarin bilmay,
Endi kimga soladi u dod.
Dardlarini eshitar kim ham,
Tabiatning alami tetik.
Barglaridan ayrilgan novda,
Bayozining cho‘g‘i yo‘q bitik.
Xo‘rsinadi yolg‘izlik og‘ir,
Jasadsiz ruh fanoda sag‘ir,
Baqogacha hali manzil bor.
O‘y suradi, xayol parishon:
“Motamsaro bog‘larga maza,
Qish bahordan kelgan ilk nishon,
Ochishmasa bo‘lardi aza.
Faqat unga yasharish yo‘qdir,
Yolg‘iz unga umidlar abas.
Tanho unga hayot so‘lg‘indir,
Tasodifga ko‘ngil tikmam, bas”.

Tesha tegmagan tashbeh topdim demoqchi emasman. Lekin, e’tirofimki negadir yashillik aldamchi libos bo‘lganda bog‘lar asl qiyofasiga qaytganday, yuzi g‘ijimga do‘ngan quruqshagan daraxtlar umr o‘tkinchiligidan saboq berayotganday, “Ey vaqtincha navqironlikdan masrur odam, o‘tayogan har bir daqiqa umrning intihosi – kuziga yetaklayapti, ogoh bo‘l!” deyayotganday tuyuladi. Shunday iztirobli xayollar og‘ushiga tushgan kezlarim qaysidir pistirmadan turib, har bosgan odimini hisoblayotgan ajalning sovuq tirjaygan ma’shum aftini ko‘rgandek bo‘laveraman, ehtimol, u qayerga qo‘nishini bilmay shildirab uchayotgan zahil yaproqning yag‘ir yelkasida o‘rnashgandir, har holda vaqti soati yetmaguncha uni tasavvur etish, tashrifini quchoq ochib kutib olish biz – bani odamga xos xislat emas.

-4-

Rosti, oromgohdan unchalik ko‘nglim to‘lmasa-da, tegradagi ruhiyatimga mos mahzunlik uchun dam olishimning ilk kuniyoq saxovatpesha boshlig‘imga g‘oyibona rahmatimni yog‘dirdim. Egizak kunlarning bilmadim nechanchisidir (bu yerda aniq hisob yuritish mushkul), tun qorong‘usi arib ulgurmagan palla nogoh uni bog‘ oralab yurganida uchratdim. Sirli tuyulgan hamma narsa – kattami-kichik kishida bir xil qiziqish uyg‘otadi. Bir siqimgina jussa, pildirab tashlangan odimlar, sharpamni ilg‘aganidan o‘zini panaga tortishi yuragimni muzlatdi: bemahalda men kabi bedor bu sharpa kim, nega o‘zgalar bilan yuzma-yuz kelish, yakkama-yakka qolishdan cho‘chiydi. Oromimni o‘g‘irlagan savollarga javob olish besh-olti kun nasib etmadi, goh u o‘zini nigohimdan chetga olar, goh nonushtaga chorlayotgan zang urilib qolardi. Bu yerdagi tartib-intizom o‘zga oromgohlardagiga sira mengzamas, zang chalinganidan so‘ng oshxonadagi o‘rning bo‘sh qolsa boshliqning shaxsan o‘zi binoyigina tanobingni tortib qo‘yar, surunkali tartibbuzarni ichki qonun-qoidalarga bo‘ysunmaslikda, o‘zgalarni bosh-boshdoqlikka da’vat etishda ayblab og‘ir tan jazosi tayinlashdan ham qaytmasdi. Ixchamgina qora kaltak ko‘rar ko‘zga unchalik vahshat solmasa-da, boshing uzra havoni kesib o‘tgancha shuvillab yag‘riningga tushganda jismingni qaqshatib yuborar, tanangga qonli izlar tushirardi. Qanchalik azob bo‘lmasin, dastlabki zarbalarga dosh berolsang keyingilari asta-sekin o‘tmaslashib boraverardi, qizig‘i, ayrimlar allaqachon ignaga o‘tirgan giyohvand misol kaltakni tez-tez qo‘msaydigan bo‘lib qolishar, ular tanasiga urilgan zarba kuchidan dod-voy solib orom olishsa, jabrlanayotgan kaslarni tomosha etib lazzatlanuvchilar ham uchrab turardi. Bundaylar yangi kelganlarni jazolashga olib chiqishganida old qatorda joylashib, kaltakka ko‘nikmagan tanadan tomchilayotgan qonni ko‘rib ko‘zlari quvnar, “oh, qanday qizil”, “badaniga naqsh solingandek bo‘ldi” deb jazolovchini ham, jazolanuvchini ham rag‘batlantirishardi. Jazolanuvchi namoyish etadigan iroda, jazolovchining ko‘zini qon tutib, qutirgancha insoniy qiyofasini qay darajada tez yo‘qotishi marosimlarga o‘ziga xos bezak berardi. Jazo guruhi a’zolari alohida tayyorgarlikdan o‘tkazilgan zobitlardan tarkib toptirilardi, odamlar orasida “bu guruhga yollanish uchun faqat tashqi qiyofang insonga mengzashi kifoya, botining maraz illatlardan to‘lib-toshishi kerak” qabilidagi gap-so‘zlar yurardi. Har holda mazkur oromgohga yollangan zobitlar o‘z vazifasini a’lo darajada bajarishardi shekilli, marosimlar juda hayajonli bo‘lar, yangidan-yangi jazo usullari ishqibozlar ko‘zi oldida muvaffaqiyatli sinovdan o‘tkazilar, aytish mumkinki, jazo maydonchasi oromgohning eng gavjum tomoshaxonasi unvoniga raqobatsiz da’vogarlik qila olardi.

-5-

Nima bo‘lganda ham qiziqish qo‘rquvdan ustun keldi, surunkali tartibbuzarlar safiga tushib qolishni-da unutib, tungi sharpani ochiqdan-ochiq ta’qib etishga astoydil kirishdim. Bu g‘alati kimsani topib olish unchalik mashaqqat tug‘dirmas, sira qo‘lidan tushmaydigan papirosidan taralayotgan qo‘lansa hid (ehtimol, butun jismiga ham shunday hid o‘rnashgandir), bo‘g‘iq ovoz, tez-tez qo‘zg‘aydigan yo‘tal xuruji ming bir azobda qidirib topgan eng ovloq go‘shalarini fosh etib qo‘yardi. Biroq u juda sezgir, shirt etgan sharpani o‘n-o‘n besh odimdan payqar, yoniga yetib kelganimda ezg‘ilab tashlangan papiros qoldiqlarinigina ko‘rardim, chap beravergani sayin o‘jarligim ortib borar, uni kimsasiz joyda ushlab olishning yangidan-yangi uslublarini izlay boshlardim, inson irodasi tosh emasligi, tinimsiz ta’qibim uni qachondir muvozanatdan chiqarishiga ishonardim, natija kutganimdek bo‘lib chiqdi.

– Sizni ham “nur yo‘lakchasi” dan olib o‘tishganmi?

Taxta o‘rindiqda muqim joy turib, xayol tuzog‘ida o‘tirganimda qulog‘im ostida yangragan xirqiroq ovoz, berilgan savolning g‘alatiligi vujudimni seskantirib yubordi, yalt etib qaradim, qarshimda yerdanmi, osmondanmi paydo bo‘lgani noma’lum o‘sha darveshnamo tamaki-odam (o‘zimcha unga shunday laqab qo‘yib olgandim) turardi, ajabo, uni tumshug‘im tagiga tiqilib kelguncha payqamabman, eng mashhur josuslar ham havas qilsa arzigulik chapdastligiga ichimda qoyil qolib, yonimizda uchinchi kimsa bo‘lmasa-da, o‘zimni go‘llikka oldim:

– Menga gapiryapsizmi?
– Boshqa kimga bo‘lardi.

– Tushunmadim, “nur yo‘lakchasi” nima deganingiz, tag‘in meni kimgadir o‘xshatayotgan bo‘lmang?

– Nega adashar ekanman, necha kundirki bosgan qadamimni josuslardek nazardan qochirmayotganingiz ham yolg‘onmi?

Galdagi e’tiroz o‘rinli edi, tayinli javob qaytara olmasligim tufayli qisqagina rad etib qo‘ya qoldim:
– Hecham-da.

– Garangsimang, meni inonayapti deb o‘ylasangiz xato qilasiz, “nur yo‘lakchasi”dan o‘tmagan bo‘lsangiz menga bunchalik qiziqmasdingiz, aftidan taqdirdoshmiz shekilli, bilmadim, yo‘lakchadan o‘tishni o‘zingiz ixtiyor etganmisiz yoki sizni ham hushingizdan ayirib olib ketishganmi?

– Azbaroyi xudo, ishoning, qandaydir yo‘lakcha haqida ilk bor sizdan eshitayapman.

– Talvasaga tushmang, gunohkorlardek o‘zini oqlashga harakat qiladigan kishilarni jinim suymaydi, yo‘lakchaga kelganda menga ularninig uslubi qo‘limdagi besh barmoqdek ayon, dastlab imo-ishora qilib ko‘rishadi, chap bermoqchi bo‘lsangiz uxlatib jismingizini olib ketishadi.

U ma’shum sirni ochayotgandek ko‘zlarini odatdagisidan ham olazarak etib, chor tarafga o‘g‘rincha nazar tashladi, shubhali nimarsa ilg‘amadi shekilli, og‘zining tanobi qochguncha irshayib, barglar tong nasimida shildirab o‘ynayotgan yo‘lkaga oyoq bosdi, men esa hadikli yashash naqadar ayanchli qismat ekanligiga iymon keltirib, suhbatdoshimni telba-teskari muomalasidan shubhaga tushdim: nahot savdoyi bo‘lsa, birdaniga tutqanog‘i qo‘zib ustimga tashlanib qolsa-ya! Ammo sinchkov nazar, ichki ovoz shiviri uning dunyo ko‘rgan, ancha-muncha narsadan xabardor odam ekanligini ta’kidlardi.

– Kitob o‘qish sevimli mashg‘ulotingizmi? – so‘radi u ermak uchun ko‘tarib chiqqan kitobchamga ishora etib.

– Onda-sonda varqlayman, vaqtni o‘ldirish uchun.
– Yomon, ko‘proq mutolaa qiling, huda-behuda davralardan shu afzal.

– Bo‘sh vaqtim yo‘q.
– Bahona qidirmang, hafsalangiz kam.
– Ehtimol.

Nonushtaga chalingan zang suhbatimizni bo‘ldi, ertaga vaqtliroq uchrashishga kelishib, xayr-xo‘shladik, u qarshimda qanday paydo bo‘lgan bo‘lsa shunday ko‘z ilg‘amas tezlikda butazor orasiga singib ketdi.

U bilan xayrlashdimu ruhiyatimga azob berguvchi og‘irliq va javobsiz savollar iskanjasida qoldim: odamoviligi boisi nimada, dilidan o‘zi singari insonlarga nisbatan bunchalik nafrat o‘rin olishiga nima turtki berdi ekan, “nur yo‘lakchasi” savdoyi bandaning to‘qimasimi yoki voqelik… Tuni bilan kiprigim ilinmadi hisobi, ozgina mizg‘idimmi, bas, qaysidir burchakda chaqchayib turgan ko‘zlar nogah xonani zabt etar, ustimdan zil-zambil qora ko‘lanka bosib tushar, bo‘g‘zimga nimadir tiqilib nafasim siqilar edi – endi tungi sharpani men emas, u meni ta’qib etishga kirishgandi. Diqqinafas xonaning havosini tozalash ilinjida qo‘sh tabaqali derazani ochsam kuzgi bog‘dan men tomon o‘nlab, yuzlab qo‘shchiroqdek sovuq yonguvchi ko‘zlar tikilib turgandek bo‘lar, dahshatli ko‘lankalar g‘imirsilanib qolardi. Menga sirli suhbatdoshimdan vasvasaga tushish kasali yuqqandi, o‘zimni idora etishim, hayotga quvonch ko‘zi bilan qarashim susayib borardi. Inson g‘ayritabiiy narsa ta’siriga bir tushmasin, tushgandan keyin sir-sinoatiga yetishmasdan tinchimas ekan, men zo‘r berib tezroq tong otishini kutardim.

-6-

– Qaniydi gumashta Gregor Zamza (Frans Kafkaning “Evrilish” hikoyasi qahramoni) singari evrilib qolsam, o‘z qadr-qimmatingni baholash, insoniyat, jumladan, o‘zing naqadar jirkanch mavjudot ekanligingni anglashning bundan qulayroq imkoniyati bormi, faraz qiling, bahaybat tasqara – hashorat aylanib, atrofimdagilarni, masalan, sizni kuzatayapman, tabiiyki, dastlab ijirg‘anganingizni hisobga olmaganda befarq qaraysiz, qandaydir so‘xtasi sovuq, isqirt maxluqdir-da deysiz. Shu holat takrorlanavergani sayin jig‘ingizga tegaman: nega har kun, har soat ishtahamni bo‘g‘ib, oyog‘im ostida o‘ralashasiz. Oxir-oqibat meni jisman yo‘q qilishning payiga tushasiz va niyatingizga yetasiz, shu jarayonda men nafaqat zohiran, balki botinan turlanishingizni kuzatib, hordiq olaman, maza-ya?

– Meni ko‘pincha mol-dunyosiga ega bo‘lish maqsadida Zagreyni o‘z joniga qasd etishga ko‘ndirgan Patris Merso (Alber Kamyuning “Baxtli o‘lim” romani qahramonlari) haqmidi, nohaqmidi degan savol qiynaydi, to‘g‘risi, majruh Zagreyning odamlarga zarracha foydasi tegmaydi, bundaylarni ikkilanmasdan jamiyat husniga dog‘ bo‘lib tushgan so‘gal atash o‘rinli, tasqara, yarimjon kishilar o‘zgalarning hayotga muhabbatini , go‘zallikdan zavqlanishini so‘ndirishdan o‘zga hech narsaga yaramaydi, demak, Zagreyning fayzini yo‘qotgan hayoti keraksiz, bemalol yo‘qlik sari uloqtirish mumkin. Biroq u jisman zaif, qusurli bo‘lasa-da – odam, uni ham qaysidir gunohkor ota-ona dunyoga keltirgan, yashashga haqli. O‘ylab ko‘rsam baribir toshbag‘ir Merso bo‘lolmas ekanman, Merso bo‘lish oson emas, siz nima deysiz?

– Ayting-chi, Dostoyevskiy “Jinoyat va jazo” romanidagi Raskolnikovni sevadimi yoki undan nafratlanadimi, axir, yorqin bo‘yoq shu ikki holatdagina tug‘iladi, menimcha muhabbati o‘lmas qahramonni vujudga keltirgan.

– Kitobxo‘rga qiyin, kitobxo‘rga azob, u hayotga o‘z sevgan, qalban intilgan, dildan sig‘ingan qahramonlari nuqtai-nazari bilan qaraydi, uning saodati va fojeasi shundan iboratki, hayot hech qachon sira-sira kitob bo‘lolmaydi va u hayotdan, odamlardan butkul ajralib qoladi, mana men, gap-so‘zim, o‘zimni tutishimda oddiy, odatiy odamlarga xos biror belgi bormi? ..

U har gal qisqa gurunglarimizni (aksar hollarda yolg‘iz o‘zi gapirib, o‘zi nihoyalaydigan bunday muloqotlarimizni gurung atab bo‘lsa) yuqoridagiday uzuq-yuluq, men mazmun mohiyatiga yetolmaydigan jumlalar bilan boshlar, navbatdagi luqmasi qanday ta’sir etayotganini anglash uchun qiyofa o‘zgarishimni kuzatar, uni tushunish o‘riniga suvdan zo‘ravonlik bilan tortib olingan baliqdek og‘zimni ochib o‘tiganimni ko‘rib sadqai gapim ketsin qabilida menga ham, borliqqa ham hafsalasiz qo‘l siltardi. Shu bilan suhbatimiz poyoniga yetardi. Menda uning ko‘hna ochunda o‘zini anglaydigan, darddosh bo‘la oladigan, charxi dun yuklarini ko‘tarishda yelkadoshlik qiladigan kimsani izlayotgan yo‘lovchi ekaniga ishonchim ortib borardi, xullas, g‘alati tanishim o‘z taqdirini uzundan-uzun hikoya tizimiga tizmagunicha na bir-birimizni tushundik, na uchrashuvlarimizda fayz bo‘ldi.

-7-

– Bu ko‘hna dunyoda alloh irodasi bilan yaratilgan eng tilsim mavjudot inson qo‘sh ko‘zi tuproqqa to‘ymaguncha razillik qilishni qo‘ymaydi. Odam juda ayyor va bardoshli, istagan narsasiga erishishi, chap berishi, eng mudhish qismat – ajaldan ham vaqtincha qochib qutulishi, yo‘qsillik domidan bosh olib chiqishi, tubanlik botqog‘iga botishi mumkin, – u hikoyasini qo‘lidagi tutab turgan papirosni asabiy o‘ynagancha, olis-olislarga ko‘z tashlab, kitobiy so‘zlardan tuzilgan muqaddima bilan boshladi. – Ammo u hech qachon, qancha urinmasin, talvasaga tushmasin, qora boshini qayerga urmasin o‘z yozg‘itidan qochib qutulolmaydi, taqdiru azalda peshonasiga zarb etilmishi har bir bandasini ta’qib etib yuradi, turmush so‘qmoqlarini o‘zgartirishdan asrab o‘z chizig‘iga soladi, bag‘riga olib, so‘ng manzil sari yetaklaydi, hatto umri davomida o‘zida mujassamlashtirgan, yaxshi va yomon fazilatlari ham insonning tug‘ma yozg‘itidir, mashoyixlar behuda keng tutganga keng dunyo, tor tutganga tor dunyo deb bashorat etishmagan, modomiki shunday ekan, bir muddat ko‘nglingizni keng tutasiz, besabrlik betadbirlikdir. Men odamlar orasida yolg‘izlanib, hatto o‘z uyimda ham begonasiratishganini anglagach, so‘nggi ilinjda bu mujdaga osilgandim, zulmat ichra nur, halokat, yolg‘izlik azobidan asrab qolguvchi najot deb o‘ylagandim uni, erta chiqargan xulosamga shu darajada berilgandimki, bu najotkor mujda meni sira chalg‘itmaydi, o‘zidanda ortiqroq e’zozlaydi degan komil ishonch vujudimni, fikru yodimni batamom egallab olgandi, olamda tanho shu mujda, ilohiy tuyg‘u borligi yashash uchun kifoya, har holda kimgadir, nimagadir talpinayapman, demak, dilim g‘uborlari arishi shubhasiz, u meni har qanday vaziyatda tark etmaydi deb o‘ylardim.

U kutilmaganda jim qolib xomushlandi:
– Yo‘q, kechirasiz, chiqmadi, o‘tlab ketdim shekilli, agar ko‘nglingizga olmasangiz hikoyamni boshqacha boshlasam, axir men kitobiy odamman.

Uzundan-uzun muqaddima sirli musiqa singari meni rom etib olgan, qarshimdagi hali bo‘yog‘i qurib ulgurmagan kitob sahifasida jodu kuchi bilan ro‘yoga chiqqan qahramonga monand kishini lol qolib kuzatardim, peshonasiga saf tortgan ajinlar, bo‘rtib turgan tomirlar tong g‘ira-shirasida uni yanada sirliroq ko‘rsatardi. So‘nggi murojaati meni xayolot arshidan voqelikka qaytardi.

– Maylingiz, – beixtiyor nima uchun zarurligini ham o‘ylamay ruxsat berib yubordim, u esa o‘zini og‘ir savashga chog‘layotgandek hushyor tortdi, ko‘krak qafasini papiros tutuniga to‘ldirdi.

– Ey birodar, mana bunisi jarangdorroq chiqdi, ha-ha, aynan shunday boshlasam bo‘ladi, – u o‘z kashfiyotidan mamnunligini yashirmadi, qaytaga ovozini yanada balandroq ko‘tardi. – Ey birodar, jasoratingizga ming bora tasanno, mendek mijg‘ov kimsaning suhbatini olishga qaror qilibsizmi, xudo sabr-bardoshingizni bersin, inoyatini ayamasin. O‘zimni yaqinroq tanishtirishim shart emas, qiziqsinib o‘tirmang, bundan haligacha na o‘zim, na meni bilganlar naf topishgan, ikki orada o‘z asablarini egovlashgani qolgan, to‘g‘risi, ba’zan o‘zimning rostakamiga yashab yurganimga ham ishongim kelmaydi. Bir jasadda ikki ruh joy tutganini hech eshitganmisiz, men yagona qiyofadagi biri ikkinchisini inkor etguvchi juft odamman, men qo‘sh qalb iskanjasidaman, jismim bu og‘irlikni ko‘tara olmay qiynaladi, ezg‘ilanadi, parchalanadi, balki g‘ijimlab tashlangan qog‘ozga monand qiyofam horg‘inligimni oshkor etib turgandir. Odamlarga havasim bisyor, ularning olisda qo‘l yetmas manzillarda qolgan bolalik yillari haqida ehtiros bilan so‘zlanadigan xotiralarni tinglaganimda o‘z hayotim sahifalarini titkilash ishtiyoqi tug‘iladi. Bilmadim, negadir dilim yayrab gapiradigan hodisa topolmayman, aslida mening bolaligim bo‘lmagandir, ehtimol, ruhan oqsoch, qiyofa jihatdan go‘dak bo‘lib tavallud topgandirman. Sizga yuragimda asrab kelayotganim – bir sirni ochay, men jinniman, ishonavering, g‘irt jinniman, savdoyilik belgilarini nuqsimdan emas qalbimdan izlang, uning qat-qatlariga yashiringan dardlarimni ayovsiz kovlang, mayli, ko‘richakni topolmagan no‘noq jarroh bemor ichak-chavog‘ini bamaylixotir ag‘darib tashlaganday, qudratli traktor ko‘hna zamin ingranishlariga quloq tutmay o‘tkir po‘lat zirhlarini sanchib shudgorlayotganday titkilayvering, men chidayman, chidash uchun tug‘ilgan bandaman, tag‘in ustimdan arz etar, ruhiyatimni, jismimni tajriba maydoniga aylantirmoqchi bo‘ldi degan aybnomani qo‘yar deb hayiqmang, buni sizdan o‘zim talab etayapman, zora dardlarimni to‘kib-sochsam mog‘or bosgan qalbimdan g‘uborlar arisa, qolaversa, bunga sizning yuz foiz haqqingiz bor, negaki, kerakli-keraksiz ko‘nglingiz tusagan yumushlarga sarflashingiz mumkin bo‘lgan vaqtingizning bir bo‘lagini garchi bu yerda imkoniyatlaringiz cheklangan bo‘lsa-da, mening diydiyomni tinglashga qurbon berayapsiz-ku. Gapning lo‘ndasi, bolaligimdanoq jinni bo‘lgan ekanman, kulmang – kitob jinnisi, xo‘p deyavering, savdoyilikning shunday ko‘rinishi ham uchrab turadi, hali maktab ostonasini hatlab ulgurmasimdanoq o‘qish-yozishni bilib, kitobga mukkasidan ketgan xumkallamni erta bo‘lar-bo‘lmas axborotlarga to‘ldirib tashlagan ekanman, rahmatli buvim: “Yosh bolaning ko‘p kitob o‘qishi bexosiyat bo‘ladi, buginani o‘qimaydigan qilinglar”, deya tinimsiz javrashi ham behuda ketarkan. Tengdoshlarim kunni ko‘cha changitib o‘tkazishsa, men kimsasiz ovloqda kitob titkilashga sarflardim, onam bechora bilim urgan savdoyi bolasini dasturxon boshida o‘tirg‘izish uchun goh o‘zim kashf etgan kimsasiz go‘shalardan, goh yoshini yashab, oshini oshagan, endilikda orqasini qaro yerga qo‘yib bironta tili burro yosh-yalangga kitob o‘qitib tinglashni ermak qilgan keksalar huzuridan toptirib kelar ekan, hayronman, balki men umrimni teskarisiga yashayotgandirman, Raymond Moudini o‘qiganmisiz? O‘zga olam, o‘limdan keyingi hayot ro‘yo bo‘lganida umrni teskari yashash nima degan gap, bemalol ishonish mumkin, axir, inson tetapoyani to‘rt oyoqlab boshlaganidek, odimlarini ham o‘rmalab tashlaydi-ku. Gohida ilk bor uchratgan kishingizni, suqlanib tikilgan maskaningizni, g‘ayrioddiy tabiat hodisasini ilgari ham g‘ira-shira ko‘rgandek bo‘lasizmi? Menda shunday holat ko‘p takrorlanadi, bilmadim, hozirgisi hayotga nechanchi bor qayta kelishim, tengdoshlarimga qaraganda keksalar bilan tez til topishib ketishim ehtimol shundandir, dunyo g‘aroyibotlari siriga kim yetganki, biz yetsak. Mavzudan bir oz chalg‘idim shekilli, ming bora uzr, boshqa takrorlanmaydi. Xullas, kitoblar olamida o‘tgan bolalik menda o‘jarlik va yolg‘ondan hazar tuyg‘ularini erta uyg‘otdi, qat’iy fazilatga o‘girdi, tilidan bol tomib, aslida dilini mog‘or bosgan kimsalarni (afsuski bunday ko‘p, juda ko‘p) uchratganimda, ularning shaxsiy manfaat qobig‘iga o‘ralib sodir etayotgan noinsoniy g‘ayurliklari guvohi bo‘lganimda bo‘g‘ilib ketardim.

Tamaki-odam o‘zidan qo‘lansa hid taratib tinimsiz gapirar, men esa mavzu tezroq dilimga orom bermayotgan “nur yo‘lakchasi”ga burilishini besabrlik bilan kutardim…

-8-

– Har bir inson hayot sahnasidagi o‘ziga ajratilgan rolni sabr-toqat bilan ijro etayotgan aktyor, hech kimga o‘zi istaganicha, botinidagi “men” buyurganicha yashash nasib etmagan, etmaydi ham. O‘ziga ajratilgan rolni o‘rinlatolmagan kishini jamiyat osongina supurib tashlaydi. Ehtimol, turmush tarzimizni muvofiqlashtiruvchi, ijtimoiy, huquqiy himoyalovchi qonunlar bor-ku, deya e’tiroz bildirarsiz, o‘zingizni ham, meni ham aldashga chog‘lanmang, hammasi kulguli moddiyun, xo‘p deyavering.

Turmush sir-sinoati, inson zoti intilishi sabablarini aniqlaganim sayin tegramdagi borliq, voqelik meni qiziqtirmay borar, umrimni matonat bilan yashash uchun o‘zimni majburlashdan o‘zga choram qolmagandi. O‘tkinchi, hamma narsa o‘tkinchi, haq so‘zga intilganing, qabohat qa’riga botganing, shohona liboslar, to‘kin va noto‘kin dasturxonlar, hoyu havas yo‘lida burning bilan tezak yumalatayotganing, bir burda nonga zor o‘tgan damlaring – hamma-hammasi o‘tkinchi. Umr – sinov maydoni, u hech kimga qayta-qayta taqdim etilavermaydi, har kim o‘ziga buyurilganini, ato qilinganini yeydi, kiyadi, yashaydi.

Men inson turlanishini chuqurroq tadqiqot etganim sayin kitob va hayot batamom qarama-qarshi ikki qutbligiga tobora yaqqol ko‘z yetkazardim, ammo turmush tarzimni o‘zgartirishga na o‘zimda xohish, na imkoniyat topardim. Kitobni istagan payting qayta varaqlash, zavqlanish mumkin, hayotni-chi?.. Men kun sayin surbetlashib borardim, har qanday kishidan qusur izlash, topish va orani ochdi qilish kundalik ehtiyojimga o‘girildi, sovuq munosabatim oqibatimi yoxud turmush so‘qmoqlarida uchratgan odamlarim ham o‘z qarashlari, nuqtai-nazaridan kelib chiqibmi, mendan tezgina uzoqlashardi. Ba’zan kimlardir qo‘lini bigiz qilganicha ustimdan kulayotganini, anavi kitob urgan ahmoqni qarang, deb oshkora gapirayotganini aniq-tiniq ko‘rganman.

Nogahon hayotimda u paydo bo‘ldi-yu, zimiston qalbim yorishdi, umr daftarimda yangi, yorqin sahifa ochildi. Ochig‘i, ming izlamang, ayol zotiga men singari befarq qaraydigan erkakni topolmasangiz kerak. Necha asrlarki, shoirlar kim o‘zarga bahs boylagandek lablaridan bol tomib madh etayotgan ojizalar menda ortiqcha qiziqish uyg‘otmas, ilk tashlagan odimiyoq Odam-Atoni jannatdan quvg‘in bo‘lishdek ayanchli qismatga duchor etgan ayol zotiga shaytoniy amallar doyasi sifatida noxush munosabatda bo‘lardim. Ehtimol, shu oromgoh kayfiyatimdagi bu noxush munosabatni mustahkamlashga xizmat qilgandir. Hali “hordiq” muddatini tugatib ahli-jamoaga qaytganingizda qarashlaringiz mutloq o‘zgarganini anglaysiz, irodangiz mo‘rt bo‘lsa sizdan hokisor, sizdan oyog‘osti odam topilmaydi yoxud aksincha kundalik tashvishlar sizni zarracha qiziqtirmaydi, ikir-chikirlardan ustuvor yashashga intilasiz, yolg‘izlik domiga tortayotganini sezsangiz-da, o‘z bilganingizdan qolmaysiz, o‘zgalar tanbehi chivin chaqqanchalik ta’sir qilmaydi. Men zarracha ikkilanishlarsiz ikkinchi yo‘lni tanlagandim, o‘z dil dunyoyimga birovni yo‘latmaslik uchun qat’iy ahd etgan chog‘imda u so‘roqsiz, istagimni inobatga olmay qalbimga bostirib kirdi. Dastlab noyob topilmadan karaxtlanib qoldim, nahot u mening baxtim bo‘lsa, yana kim bilsin, fano-manzilda duch kelganim navbatdagi kulfatimdir. Agar o‘zi qulay fursat topib, dabdurustdan savolga tutmaganida unga befarq qarashim davom etaverishi shubhasiz edi.

– Nega o‘zingizni odamlardan chetga tortasiz?

Aftidan bunday “tasodifiy” uchrashuvlarda men va eski tanishim gapdonlikka tushib ketishimiz tufayli uning suhbatga aralashishini faraz etolmas, uchinchi davradoshimizga xonadagi buyumlardan biridek qarardim.

– Sizga shunday tuyulgandir, – sir boy bermay mujmal javob qaytardim.

– Yashirmang, davralarga qo‘shila olmayotganingiz, hadeb bahona izlashingiz, o‘n savolga zo‘r-bazo‘r bir javob qaytarishingiz, onda-sonda sarxush damlarda sergap bo‘lishingizni ko‘rib yuribman, nega bunchalik odamovisiz?

Himoyaning oson uslubi qarshi hujum, men ushbu hayotiy aqidaga amal qildim:

– Mana siz mayda-chuyda, zo‘raki gap – gurungdan boshlanib kimlarningdir ustiga mag‘zava ag‘darish bilan yakunlanadigan davralardan nima olayapsiz?

Uning tutashib ketgan quyuq, kamon qoshlari chimirildi, charos ko‘zlari ma’yus tortdi, o‘z-o‘zi bilan gaplashayotgandek g‘udrandi:

– Meni shu davralarga ishqibozlikdan kirayapti deb o‘ylaysizmi, odamlardan o‘zingni chetga olsang, seni nimalarga chiqarishmaydi, qolaversa, imillagan vaqtni ham nimagadir sarflash kerak-ku…

Shu tobda u gunoh ustida ushlangan bolakayga mengzandi, beixtiyor qo‘polligim uchun nadomat chekib vaziyatni yumshatish niyatida maslahat bergan bo‘ldim:

– Vaqtni o‘tkazish ham muammo bo‘libdimi, sayohatga chiqing, kinoga tushing, kitob o‘qing.

– Tag‘in ayol zotiga shahvat ko‘zi bilan qaraydigan, bir lahzalik lazzat uchun hamma nasadan voz kechishga tayyor, his-hayajon, musaffo tuyg‘ularga begona kimsalar bilanmi? Kino, kitob haqida esa gapirmay qo‘ya qoling, bir-ikkisini hisobga olmaganda aksariyati yasama, jo‘n narsalar, Tolstoy yoki Qodiriyni o‘qigandan so‘ng o‘rnini bosadiganini topolmaysan.

Yangi tanishim mulohazalarini tinglar ekanman, birdan irg‘ishlagim, shart bag‘rimga bosib topdim deb hayqirgim keldi…

-9-

– Uni topdim-u, tumtaraqay tushlar mendan begonalashdi, tor dunyom kengayib ketgandek bo‘ldi, yangi tanishim bilan olis-olislarga, qo‘l yetmas, gap yetmas manzillarga ketishni orzuladim.

U qisqa fursatda hayotim farahi, charxi dundagi yagona ovunchim ham sevinchimga aylanib ulgurgandi. Bir gal ilkis harakat etib egilganida yoqasi chokidan beg‘uborlikda oppoq siynabandini ham mot qilishga qodir sutga chayilgandek gard yuqmagan siynasini ko‘rib qoldim. Bizning kunlarda ochiq siynalarni ko‘z qamashguncha tomosha etish imkoni bor, ko‘chada, ishxonada chorpahil siynaband himoyasiga ishonilgan lorsildoq ko‘kraklarni istagancha ko‘rish mumkin. Kechagina zug‘um ostida qisilib-qimtinib paranjisini uloqtirgan muslimalar bugun yarim-yalong‘och kiyinishda nasroniy dugonalarini ham bir cho‘qishda qochiradigan bo‘lib qolishdi. Ammo bu siyna daxlsiz va musaffo edi. Bir lahza ko‘z o‘ngimda tovlangan ro‘yo qonimni ko‘pirtirdi, lak-lak lashkar tortib dilimga xuruj boshlagan hirsni jilovlash ilinjida titroq kirgan qo‘llarimni cho‘zib, nozik barmoqlarini ushladim, ularni omburdek kaftim orasiga olib ozor yetkazadigan darajada ezg‘iladim. Hatto, bir oz qo‘pol chiqqan shu harakatim ham qalbimning tub-tubida avaylanayotgan, sir tutilayotgan tuyg‘ularimni izhor etishga shoshilardi. Keyinchalik eng suygan, ardoqlagan, tez-tez qo‘msab amal qiladigan ermagim barmoqlarini birma-bir ezg‘ilash bo‘ldi. Men shu yo‘l bilan unga bo‘lgan cheksiz muhabbatimni izhor etardim. Bilasizmi, inson zoti aslida yolg‘onchi dunyoga bir kam endirilar, erkak va ayol biri ikkinchisi kamini to‘ldirar ekan, ehtimol bu qusur alloh Odam-Ato qovurg‘asidan Havo Enani yaratganidan qolgandir, kishi o‘ziga bag‘ishlangan chaqindek umri mobaynida o‘z yarmini izlab izg‘ir, biroq uni topish imkoni erkagu ayolga yagona marotaba in’om etar, shu imkondan qay darajada foydalanish esa bandasining ishi ekan. Men umrim davomida zir yugurib izlagan o‘z yarmimni uchratgandim, biroq bungacha bir butun bo‘lish imkoni boy berilgandi, endi unga erishish uchun xiyonat qilishim lozim edi. Men hayotim kuzagida ma’shum xatoga yo‘l qo‘ygandim, o‘zim istamagan holda uni (ehtimol u meni) dilim dunyosiga boshlab kirgandim. Biz qachonlardir bir butun bo‘lgan, keyinchalik ilohiy qudrat kuchi bilan teng taqsimlanib ikki jasaddan joy olgan, endilikda tun-kun zo‘r berib birlashish yo‘lini izlayotgan yagona muqaddas ruhga o‘xshardik. Ammo vaqt atalmish bosh hakam izmimizga bo‘ysunmas, u bizni chorak asr muqaddam bir-birimizdan olisga irg‘itgan, shu fursatda birlashish imkoni boy berilgan edi. Oradagi to‘siq kundan-kunga bolalab mayda-mayda to‘siqchalar hosil etar, ojizlik mening ruhimni qanchalik azoblasa, unikini ham parchalayotganini his etib turardim. Kimgadir chin dildan bog‘lanib qolgan odam beg‘araz bolaga o‘xshaydi, men sevibgina qolmasdan sevikli bo‘lishga ham ulgurgandim, gohida soatlab undan nigohimni uzolmas, vujudim tinmay unga talpinar, suhbatlarimiz ham kun sayin tuyg‘ularimizga bo‘ysunib borardi:

– Nahot biron chorasi bo‘lmasa? – so‘raydi u titrab-qaqshab.

– Chorasi yagona, bu yerdan ketish, – deyman men. – Inson zoti oyog‘i tegmagan manzillarga ketish.

– Yo‘q, kimningdir baxtsizligi evaziga erishiladigan baxtdan firoq alangasi yaxshiroq.

– Bo‘lmasa sen ket, nega ertayu-kech ko‘z o‘ngimda o‘ralashaverasan, balki seni yo‘qotsam taqdirga tan berib, ko‘nikib qolarman.

Men unga, u menga zahar sochib ovunamiz, u istamaygina tark etadi xonamni, bilaman eshikni tars yopishga ko‘ngli qo‘ymaydi, chorlashimni kutadi.

– Ertaga kelasanmi?
– Kelaymi? – burilib so‘raydi u, yuzida nur jilvalanib.

– Kel. Men seni umrimning poyonigacha kutaman, kutaveraman, – deyman shosha-pisha.

Beixtiyor o‘zimga ham, unga ham achinaman, men uni qalbimdan sitib chiqarolmaganim kabi, u mening dilimni og‘ritolmaydi, biz bir-birimizga qay darajada shafqatsiz bo‘lsak, undan-da yuksakroq mehribon – ikki o‘t orasidagi odamlar edik. Azob! Yolg‘onchi yagona kimsaga, qo‘l yetmas manzildagi insonga talpinib yashash, u bilan bog‘langan orzularing sarobdan o‘zga narsa emasligini har soniyada anglab turish azob. Lekin baribir olamda shunday mujda borligi dilimizga farah bag‘ishlardi. Men quvvai hofizamda takror-takror o‘lchab, uning qay kundir nadomat bilan aytgan quyidagi so‘zlari ma’nosini yecholdim:

– Inson qalbi ulkan g‘or ekan.

Bilsam, u, seni qalbim tubiga yashirdim, undan hech kim, har qanday kuch haydab chiqarolmaydi, demoqchi ekan, biz bir-birovimiz uchun yaratilgan bo‘lsak-da, taqdir so‘qmoqlaridagi muhabbat bekatiga kechikib kelgandik. So‘nggi uchrashuv kuni u negadir tungi bazmga boshdan-oyoq qop-qora libos kiyib chiqqandi. Yoshgina xonanda ajnabiy musiqa sadolariga moslab qo‘shiq aytar, ko‘chani to‘ldirgan yosh-yalanglar davraning to‘s-to‘polonini chiqarib, telba-teskari raqs tushardi. Hamma maza-matrasiz davraning faol ishtirokchisi bo‘lishga intilayotgan bir vaqtda men shishadagi og‘udek achchiq sharobdan ochko‘zlik bilan simirgancha zimdan uni kuzatardim. G‘ala-g‘ovur davrada mendan o‘zga biron kimsa dastlab yuz ifodalari o‘zgarib, his-hayajonsiz kimsaga do‘nib borganini, so‘ngra esa jussasi ham tun zulmatida yulduzsiz samoga havolab ketganini sezmay qoldi. Uni yo‘qotdimu ruhimni g‘aroyib karaxtlik egalladi, oxir-oqibat uyquga zo‘r berdim, keyin esa kiprigim ilinishi bilan jismimga ajib iliqlik bag‘ishlab “nur yo‘lakchasi” aralashayotganini ilg‘adim.

-10-

Hikoyaning zalvori, o‘ziga mahliyo etish kuchi ortib borardi, sherigim go‘yoki mening mavjudligimni, o‘zi gapirayotganini unutib qo‘ygandek edi, go‘zal bir san’at asari yaratayotgan ijodkorga sahnada o‘z roli ijrosiga butkul berilib atrofdagilarni ko‘rmay qolgan, ularning his-hayajoni bilan hisoblashgisi kelmayotgan aktyorga mengzardi, galdagi sahna yorqin yoki so‘lg‘in bo‘lishini uning qiyofasiga qarab baholash mumkin edi. “Nur yo‘lakchasi” haqida gapira boshlashi bilan u astoydil tinglayotganimni bir bor sinovdan o‘tkazmoqchi bo‘ldimi yoki o‘tmishni xotirlash og‘irlik qilayotganmidi, har holda chuqur xo‘rsinib, odatdagidan uzoqroq tin oldi, biz o‘tirgan ovloq shunchalik osoyishta ediki, men yuragi betoqat dupurini aniq-tiniq eshitib turardim. Har ikkalamiz quruq jussaga evrilib, ruhimiz allaqachon o‘zga manzillarda qanot qoqayotgandi. Men imkon qadar chalg‘imaslikka, so‘zlarini eshitmay qolish, tugal birorta harakat, qiyofa o‘zgarishini ko‘zdan qochirmaslikka tirishardim.

-11-

– Sevish – ojizlik, aytish mumkinki, u insonga yagona marta inoyat etiladigan tuhfadir. Lekin hamma birdek bu baxtdan bahramand bo‘lavermaydi, o‘zga jins vakilini faqat to‘shakda tasavvur etishga odatlanganlar soni nechta va muhabbat sharobini totganlar butun borliqqa qo‘l siltaydi, o‘zgalar otayotgan malomat toshlari ham ko‘zlariga ko‘rinmaydi. Muhabbat insondagi qat’iyatlilikni o‘ldiradi, buni goh o‘zimga bo‘ysunib, goh pand beradigan idrokim evaziga angladim. Agar shu “nur yo‘lakchasi” tunlari ojizlikdan zir qaqshagan miyamni, horg‘in tortgan jismimni ma’lum darajada emlamaganida hayot men uchun mislsiz azobga aylanishi shubhasiz edi. Men qandaydir notabiiy o‘zgarishni, evrilishni kutib yashardim. “Nur yo‘lakchasi”ni shakl-shamoyilini ko‘rishga ko‘z, tasvirlashga qalam ojizlik qiladigan ko‘rinmas mavjudot boshlab kelar, ikkinchi uchinchi jussamga tutashtirishi bilan zim g‘oyib bo‘lardi. Bu notabiiy juftlikning har tashrifidan so‘ng uyqudan ko‘z ochganimda jismimni zil-zambil yuk bosayotganini his etar, anchagacha to‘shakka mixlanib tashlangandek o‘rnimdan qo‘zg‘ala olmasdim, derazamni ohista chertayotgan novdalarni ham shamol emas, meni ta’qib etayotgan nimadir tebratayotganga o‘xshardi, vujudim bo‘m-bo‘sh mayitdek issiqdan bo‘g‘riqar, nafasim qaytar, jismim lohaslashardi. Ammo tong otishi bilan hammasini unutib betoqatlanardim, tezroq ko‘rshapalaklar g‘ujg‘on o‘ynaydigan tun kirishini istab, ilgari u bilan uchrashuvga qanchalik intiqlanib oshiqsam, endi “nur yo‘lakchasi” tashrifini ham shunchalik orziqib kutadigan odat chiqardim. Men chinakamiga tun fuqarosiga aylangandim, qorong‘ida arang ko‘zga tashlanadigan sharpalar ham nechundir go‘zal va fusunkor tuyulardi.

– Yaxshilab razm sol, kimni va nimani ko‘ryapsan?

Navbatdagi bog‘lanish chog‘ida yangragan momaqaldiroqdek tovushdan seskanib tushdim.

– Ko‘rdingmi, – endi bir oz mayinroq ovozda gapirdi suhbatdoshim, – men “nur yo‘lakchasi” boshlovchisiman, yuragingga qo‘l qo‘y, har holda senga yomonlik istamayman, xayolingni jamlab yo‘lakcha tugash joyiga qara.

Hayajonimni jilovlab, itoatkor qul misol buyruqni bajardim, bajardim-u, vo-oh deb baqirdim.

Yo‘lakcha ko‘z ilg‘amas olislikni yoritar, yam-yashil o‘tloq, so‘lim tabiat qo‘ynida tim-qora sochlarini yoyib, ma’sum ko‘zlarini menga tikkancha u shirin jilmayib turar, ko‘z imosi bilan meni o‘z yoniga chorlardi.

– Ha, adashmading, fano sinovlariga dosh berolganingiz uchun sizlarni bir butun qilish niyatida uni ikkinchi iqlimga olib chiqqandik, endi navbat seniki, uning huzuriga borishga tayyormisan?

– Qani edi, ammo shuncha yuksaklikka qanday ko‘tarilaman?
– Bu qiyin emas, yo‘lakcha istagingga yetkazadi.

– Men tayyorman.

– Buning o‘zi kifoya bo‘lmaydi, hali oldinda asosiy sinovlar turibdi, eng muhimi har qanday vaziyatda hayajonlanmasliging, qo‘rqmaliging shart.

– Nega?
– O‘z tuyg‘ularingni jilovlay olmasang tubsiz chohga yiqilib tushasan.

– Angladim.
– Bo‘lmasa yo‘lga chiqdik.

Jismim qushdek yengil tortganini, asta-sekin havoga ko‘tarilganimni his qildim.

-12-

– Ko‘zimni ayanchli tun zulumoti chulg‘adi, ingichka ipdek cho‘zilgan “nur yo‘lakchasi”dan o‘zga hech narsani ko‘rmasdim, gohida tanamga qurtdek shilimshiq, ilondek sovuq allanimalar tegib ketar, qo‘rquvdan vujudimga qaltiroq aralashardi, o‘rgimchak to‘ridek ipirisqi narsa oyog‘imga o‘ralib pastga tortganida dahshatga tushib dodlab yuborishimga bir baxya qoldi, zo‘r berib kalima o‘girishga kirishdim. Alloh kalomining mo‘’jizakor ta’siridanmi, bilmadim, ko‘p o‘tmay tong g‘ira-shirasidek atrofim yorisha boshladi, ko‘z o‘ngimda aftodahol qishloq, ko‘rimsizgina, loysuvog‘i ko‘chgan so‘qqabosh bino, chor atrofga alanglagancha oynasi singan derazasidan o‘g‘irlikka kirayotgan bola, qo‘yniga tiqib chiqqan qalingina oynoma, saboqxona rahbari xonasidagi muhokama, ko‘zini lo‘q qilib aybini dunyo bexabar tengdoshiga ag‘darayotgan o‘g‘ri o‘quvchi, kaltafahm o‘qituvchining havoni sermab o‘tgan do‘mboqqina shapalog‘i, kutilmagan zarbadan uchib tushgan ikkinchi tolib, uning nigohida qotgan iztirob namoyon bo‘ldi, dilida inson turlanishiga nisbatan nafrat alangasi yongan ikkinchi o‘quvchi mening bolaligim edi.

– Bu sening shuuringda odamiyat ahli haqida dastlabki noxush taassurotning tug‘ilishi, uni mustahkamlagan manzaralarni kuzat, – dedi meni betamom tizginlab olgan ovoz.

Sinchiklab qaradimu inson ongi ixtiro etgan jamiki noxush holatlarning shohidi bo‘ldim, eng mudhishi g‘iybat yetkazib, mish-mish tarqatib ro‘shnolik ko‘rayotganlar, poraga qo‘l cho‘zayotganlar, birovning xasmiga ko‘z olaytirayotganlar, badanini matohdek arzon sotayotganlar, kim o‘zariga laganbardorlik musobaqasini avj oldirayotganlar… menga tanish basharalar edi. Turlanish manzaralari tugaganda “nur yo‘lakchasi” meni ikkinchi iqlimga chiqarib qo‘ygandi.

– Barakalla, ilk sinovga dosh buring, – luqma tashladi o‘sha gulduros tovushning ko‘rinmas sohibi meni rag‘batlantirib. – Ammo sen manzilga kelguningcha yillar davomida izlaganing, turfa chig‘iriqlardan o‘tib topganing, visoliga talpinganing yana shuncha yuksaklikka ko‘tarildi, uning huzuriga ikkinchi iqlim tomoshaxonalarini oralab borishing lozim, unutma, sinov davom etayapti.

-13-

– Ko‘zimni o‘tkir yorug‘likka o‘rgatish uchun qo‘limni soyabon qilib, sekingina ochdim, qulog‘imga kuchli shovqin-suron chalindi:

– Gumbur-gumbur
– U-v-v, -u-v-v…

Dod-faryodlar tinmas, go‘yo butun-borliq uvvos tortib yig‘layotgandek…

– Yo, allohim, yozug‘imiz ne edi, nega bizga bunday kulfatni ravo ko‘rding?

Barala ovozda Qur’on suralarini tilovat etayotganlar barcha narsaning yaratguvchisi va oxirat kunining egasidan madad so‘rashardi.

– Haq do‘st, yo Olloh, haq do‘st, yo Olloh…

Darvesh-qalandarlar qo‘llarini silkitib, jazavasi tutib zikr tushishardi.

Hayratdan lol qoldim, keyingi yillarda kazo-kazolar qaytishi bahona ikki-uch kunlab “oynai jahon”, ovoznigorda ruhni sindiruvchi motam musiqasi yangraganda ham fuqarolar qiyofasida bu darajadagi chorasizlik, g‘am-alam zuhur bo‘lganini ko‘rmagandim, men o‘zimni olis moviy dunyo hayotidan kino olinayotgan maydonchaga tushib qolganday his qildim.

– Ey birodar, bir daqiqa to‘xtasangiz-chi, nima gap o‘zi? – atrofimda zir yugurib yurganlardan biriga murojaat etdim.

U na ovozimni eshitdi, na o‘zimni payqadi, shundagina ikkinchi iqlimda chetdan kuzatuvchi ekanligimni, na ovozim, na suvratim bu yerdagilarga ta’sir qilishini angladim.

– Ko‘rmayapsanmi, quyosh tutilgan-ku, – izoh berdi ko‘rinmas yo‘lboshlovchim.

Ilgari axborotlardan qisilgan qishlog‘imizda oy tutilsa, biz bolalarni shunday shovqin-suron ko‘tarishga undashganini esladim. Ular ta’biricha, oy va quyoshning tutilishi yovuz kuchlar daxl solishi oqibati bo‘lib, kuchli shovqin yovuz kuchlarni qo‘rqitish barobarida olovu otashni tutqunlikdan bo‘shatar ekan. Bizning bolalik ortda qoldi, vaqt o‘tishi bilan insoniyatni zavqlanish, hayratlanish, ishonch tuyg‘ulari tark etib bormoqda.

-14-

– Xiyobondan chiqishim bilan qo‘l cho‘zsam yetadigan manzilda uni ko‘rdim, ortda qolgan mashaqqat o‘z kuchini yo‘qotadi, uning vasliga yetish kutganimdan osonroq ko‘chganga mengzadi, bir muddat o‘zimni, junbishga kelgan hissiyotlarimni tiyolmadim, yuragim dupuri kuchayib, bo‘g‘zimni g‘alati hayqiriq yorib chiqdi:
– A-a-a!…

O‘sha zahotiyoq ko‘kragimdan birov bor kuchi bilan itarganini, tegram tag‘in qorong‘i zulmatga chulg‘anganini, mislsiz baland qoyadan pastga, tubsiz chohga uchib borayotganimni zo‘r-bazo‘r ilg‘adim. Men qulab tushgan choh shu oromgoh edi. Bu g‘alati sayohatdan aniqlaganim dunyoda hamma narsa o‘tkinchiligi-yu, faqat muhabbatning boqiyligi bo‘ldi…

Tamaki-odam hikoyasi tugagandan so‘ng, hozirgina chekib tashlagan bo‘lsa-da, bo‘shagan qutini sermaladi, qo‘liga hech narsa ilashmagach, bor kuchini qoq suyak barmoqlariga jamlab, qutini ezg‘ilab otdi va chuqur botgan ko‘zlarini bir muddat olis nuqtaga qadab turdi, shu tobda u jonli odamdan ko‘ra ko‘proq qoyadan yo‘nilgan haykalga o‘xshardi.

– Ayting, men kimman o‘zi, kimman? – jazavaga tushib baqirdi u.

Talmovsirab qolganimni ko‘rib, o‘z savoliga o‘zi javob qaytardi:

– Men odamman, faqat na o‘liklar, na tiriklar safidan joy olgan muallaq odam! Meni bu olamda uning xotirasi va hamma narsa boy berilgan taqdirda ham oldinda kelajak bor degan ilinj ushlab turibdi!..

-15-

Oradan o‘n besh yilcha vaqt o‘tdi, men hamon o‘sha uchrashuvni, voqelikdan ko‘ra xayolotga monand hikoyani sira unutolmayman, qulog‘im ostida esa so‘nggi jazavali so‘zlar takror va takror jaranglaydi, yana diydorlashish nasib etsa hech ikkilanmay:

– Sen odam ekansan, o‘zligini tanigan baxtli odam, qaniydi men ham senga o‘xshasam! – degan bo‘lardim.

Qarshi, 2009

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali veb-sahifasi

09

(Tashriflar: umumiy 351, bugungi 1)

Izoh qoldiring