Deyl Karnegining “Mashhur kishilar hayotidan noma’lum sahifalar” kitobidan lavhalar .

001
Қаҳратон қиш пайти эди. Кичкина печка хонани деярли иситмас, ёзаётган пайтда қўллар совуқдан увишиб қоларди. Грей ҳар беш дақиқада печканинг дарчасини очиб, қўлини ичига тиқиб иситишга мажбур бўларди. У бутун қиш бўйи ва ёзнинг ярмига қадар қунт ва сабр-тоқат билан янги қисса устида ишлади. Ёзиб тугатганидан кейин “Xарпер” нашриёти бу асарни ҳам рад этди. Умидсизликдан бутун руҳи тушиб кетган Зейн Грей сал бўлмаса муҳаррирнинг оёғига тиз чўккудай бўлиб, қўлёзмани уйига элтиб ўқишини ёлвориб сўради.

009
Дейл Карнеги
“Машҳур кишилар ҳаётидан номаълум саҳифалар” китобидан лавҳалар
006

ЁЗУВЧИ БЎЛИШ ЯХШИМИ ЁКИ АРИҚ ҚАЗИШМИ?
————————————

Исо Масиҳ туғилишидан беш аср муқаддам грек драматурги Эсхил ўзининг ўлмас трагедияларини Афина саҳналарида қўйган. Аммо энг қадимий даврдан ҳозирга қадар бирорта асар намойиши “Кичкина хотинлар” китоби асосида ишланган фильм каби катта муваффақият қозонмаган. Мазкур киноасар Нью-Йоркда сурункасига уч ҳафта мобайнида қўйилган эди.

Ҳатто, фильм премьерасининг ўн еттинчи кунида ҳам чиптага талаб шунчалик катта эдики, одамларнинг навбатда тургани бир неча даҳагача чўзилиб кетди. Рождество ҳадясини олиш учун келган харидорлар бу навбатни кўриб, ҳайратга тушишган. Мазкур ҳолатни Нью-Йоркнинг бутун тарихида бирор марта кузатишга тўғри келмаган эди.

002Ушбу сентиментал нодир асарларни ёзиш тарихининг ўзи ҳам худди эртакни эслатади.
Луиза М.Олкотт ўзининг болалик йилларида тўполончи, шўх қиз бўлиб, ҳақиқий ўғил болаларнинг айни ўзи эди. Ҳатто, вояга етганидан кейин ҳам ўзи ҳақида гапириб, қизларга доир муаммоларга қизиқмагани, айниқса, улар тўғрисида ёзишни ҳеч қачон режалаштирмаганини айтган эди. Аммо Луизанинг ношири айнан қизлар тўғрисида китоб ёзишни талаб қилиб, оёқ тираб олди. Ич-ичидан қаршилик кўрсатса-да, у барибир кўнишга мажбур бўлди.

Ҳозирги пайтда адабий доираларда муаллиф асар ёзаётганида, завқ-шавқ, хурсандчилик туйғусини ҳис этмаса, унга мурожаат этган китобхон ҳам ҳеч қандай хурсандчиликни туймайди, деган ақида аксиомага айланиб кетган. Луиза Олкоттга келганда, айтиш жоизки, у “Кичкина хотинлар” китоби устида ишлар экан, ҳеч қандай қониқиш ҳиссини туймади. Луиза шу даражада жиғибийрон бўлардики, ўзининг қаҳр-ғазабини зўрға тийиб турарди. Вақт-вақти билан у қаламини бир четга қўйиб, ҳуштак чалиб итини чақирар, сўнг уйи яқинидаги ўрмонда кезиб юрарди. Бошқа кунлари қўлёзма жонига текканида, бутун шаҳар бўйлаб, шоша-пиша ўзининг яқин дўсти Ралф Эмерсон билан битмас-туганмас тортишувлар ила вақт ўтказиш учун борарди.

“Кичкина хотинлар” устидаги ишни тугатгач, унинг барбод бўлишини кутди. Қарангки, бунинг ўрнига эътирофлар, муваффақият юзага келди. Китоб бирдан харидоргир бўлиб, етмиш йил давомида диққат-эътибор қозонди. Шу муддат ичида уни энг камида етмиш миллион киши мутолаа қилди. Кутубхоначиларнинг эътирофига кўра, у дунёда қизлар учун энг оммабоп машҳур қисса бўлиб қолган.

Луиза Олкотт ўсмир ва ҳаётдан масрур экан, Массачусетс штатининг Конкорд шаҳри жамоати у ҳақида ижобий фикрламасди. Аслида у ҳуштак чалар ва кўйлагини тиззасигача кўтариб, ўғил болалар билан пойга чопишарди. Луиза, ҳатто олма дарахтига тирмашиб чиқар, катта шохга ўтириб китоб ўқирди. Конкорднинг пешқадам кишилари бир неча бор танбеҳ бериб, бу яхшилик билан тугамайди, дейишган.

Луиза Олкотт ҳаммадан кўра хаста онаси ҳамда кичик сингилларига ёрдам бериш, уларни қўллаш мақсадида ёзувчиликка қўл урганди. Отасидан умид қилиб бўлмасди. Бу эркак хушмуомала, ёқимтой, ҳар жиҳатдан мўмин-қобил бўлиб, қўшнилари шундай деб таърифлашса-да, аслида бир умр хаёлпараст ва ўз ўйлари билан банд киши эди. Тўғри, у баъзан маърузалар билан чиқиш қилар, бундан бир ёки икки фунт топар, аммо бу чиқишларни ҳеч ким эшитишни хоҳламасди. Отаси асосий вақтини уйда ўтказар, хушбахтлик ила тирсакларини қашир ва нуқул одми ҳаётни мақтагани-мақтаган эди. Ана шундай пайтларда оила эртага бир бурда нонни қаердан топишни сира билмасди.

Қўли ҳаддан зиёд очиқ, сахий бўлган ота бир куни қўшниларига охирги ўтинни ҳам тарқатиб берди. Буни кўриб, хотини ва қизлари, ўзимиз совқотиб турибмиз-у, энди нима билан печни қизитамиз, деб шикоят қилишди. Шунда отаси бепарво ҳолда: “Ташвиш тортманглар, Яратганнинг ўзи бизга ўтин юборади!” ─ деди уларга.
Шу сўзлардан сўнг ҳаммалари кўрпа ичига киришди, бу билан салгина қолган илиқликни сақламоқчи бўлдилар.

Ўша тунда Янги Англия бўйлаб қор бўрони кўтарилди. Эртаси куни уйғониб, Олкоттлар оиласи шундоқ уйлари олдида ўтин ётганини кўрдилар. Маълум бўлишича, ўша ўтган тунда юк ортган қандайдир фермер қорда ботиб қолган ва аравадаги юкни ташлашга мажбур бўлган.

Луизанинг отаси эса, бу ўтинни Худонинг ўзи юборган, деб ишонди ва ундан фойдаланишни кечиктирмадилар.
Луиза Олкотт биринчи марта ўзининг ҳикояларини ноширларга юборганида, улар бамисоли деворга тепилган тўпдек қилиб, дарҳол қайтариб беришган. Қарангки, бир муҳаррир унга очиқдан-очиқ жамоатчилик диққатини тортадиган асар ёза олмаслигини айтди. Шу билан бирга Луиза Олкотт адабий машғулотини бир умрга ташлаб, фойдали бирор юмуш билан шуғулланиши зарурлигини илова қилди.

Конкордда ҳозиргача Луиза Олкотт яшаган эски уй сақланади. У ерда ҳар йили 23 мингга яқин одам ибодат қилади. Улар учун бу жой муқаддас ҳисобланади. Мен, масалан, ташрифим чоғида бир аёлнинг йиғлаб, Мег ва Жо, Бес ва Ами яшаган, азият чеккан, яхши кўрган хоналари бўйлаб юрганини ўз кўзим билан кўрганман.
Бир шуҳратпараст навқирон йигит адабиёт соҳасида нуфузга эга бўлишни орзу қилган ва у Луиза Олкоттдан ёзувчи бўлиш ёки бўлмасликни билиш учун маслаҳат сўраган эди. “Йўқ, ─ деб жавоб берди унга адиба, ─ йўқ, сиз албатта, бошқа бирор иш билан, масалан, ҳеч бўлмаганда, ариқ қазиш билан машғул бўлинг”.

ЭНГ ОММАБОП КИТОБ
————————————

Бу китоб муаллифи сал бўлмаса муҳаррирнинг оёғига тиз чўккан!

Зейн Грей тушкунлик ва ночорликдан иборат ҳаёт йўли устида ўйлаб кўриб, дунёдаги энг машҳур кишилардан бири бўлиб етишди. Бу машаққатли йўлни эса у кичкина қишлоқда яшаган даврда бошидан кечирган эди.

003Ноширлар Зейн Грейга унинг журнал ҳуқуқига хос асарлари учун кўпинча 15 минг фунтгача тўлардилар. Шуниси борки, у мазкур маблағни асар ёзилгунича олар, ваҳоланки, ўзининг дастлабки китобларини уч шиллингга ҳам сота олмаганди. Ноширларнинг сўзларига қараганда, улар уч йил давомида ҳар йили Грейнинг миллионтадан китобларини сотишган. Ҳолбуки ёзувчиликнинг дастлабки йилларида у ҳам очлик, ҳам совуқ гирдобида фақат устма-уст муваффақиятсизликлардан боши чиқмаганди.

Зейн Грей ёшлигида отасининг қистови билан тиш шифокори бўлиш учун ўқишга йўл олди, аслида бу касбга асло хоҳиши йўқ эди. Лекин нима ҳам қила олардинг: ота амри – вожиб! Шу тариқа пешанасига Американинг ёввойи ғарбида дунёдаги саргузашт асарларнинг энг яхши муаллифларидан бири бўлиш битилган йигитча тиш шифокори бўлиб қолди. У шахсий амалиётини ишга солиб, беморларнинг тишини тешиб, уларга пломба қўйиб, умрини ўтказа бошлади.

Аммо Зейннинг фикр-ўйлари машғул бўлаётган бу ишидан анча узоқ эди. Бу, айниқса унинг хонаси деразаси орқали тош тўшалган кўприк устидан отларнинг туёқ товуши эшитилган дақиқаларда кўпроқ билинар эди. Ўша лаҳзаларда Грейнинг кўз олдида ёввойи саваннада қирмиз тонг пайтини қарши олган отлиқлар бор бўй-басти билан гавдаланар, яқинлашаётган почта поездининг шарпаси ва унга ҳужум қилишга шайланаётган қуролли босқинчилар тўдаси кўриниб кетгандай бўларди.

Вақт ўтган сари Зейн Грей ўзининг кундалик фожиаси билан юзма-юз бўла борди. У танлаган касбини кўрарга кўзи йўқ эди. Xудди кўп эшкакли кемага боғлаб қўйилган қул каби ҳар куни эрталабдан ўзини азоблаб ва қамчилаб ургандай бўлиб, беморларни қабул қилиш учун йўлга тушарди. Грей ҳаётдаги ягона лаззатни ўзининг ҳақиқатда рўй берадиган орзуларида туярди.

У ёзувчи бўлишга узил-кесил қарор қилди: ўзининг амалиётидан воз кечиб, кичкина қишлоққа кўчиб ўтди. Зейннинг ҳисоб-китобига кўра, янги масканда тежаб-тергаб яшаши мумкин: бу ов қилиш ва балиқ тутиш ҳисобига амалга ошмоғи керак. Шу билан бирга у бир вақтнинг ўзида ёзишни ўрганмоқчи эди.

Зейн Грей ўз ҳикоялари устида қунт ва тиришқоқлик билан ишлади. У ёзар ва воқеаларни бир неча бор қайтадан ўзгартириб, қаҳрамонлар феълини чуқурлаштириб, яна ёзиш билан овора бўларди.
Грей навбатдаги ҳикояни тугатар экан, уни бошидан-охиригача шиддатли ғайрат-шижоат билан қайта ўқиб чиқди. Ёзилгани жуда ажойиб кўринди. У умум томонидан эътироф этилишига ишонди. Аммо бошқа киши бунга асло ишонмасди. Бу мамлакатда Зейн Грей асарларига қизиқадиган бирорта ҳам ношир йўқ эди.

Ҳикоялар устида тиришқоқлик билан ишлар экан, у узоқ давом этган беш йил давомида бирор цент ҳам даромад олмади. Грейга фақат ёз пайтида қандайдир пул тегди, у ҳам бўлса профессионал баскетбол жамоасида ўйнагани учун. Шу, холос. У бир куни ҳикоясини ноширга кўрсатишга уринар экан, полковник Жон Буффало билан танишиб қолди. Буфалло ғарб томон сафарга бориш учун ёзиш қўлидан келадиган бирорта кишини ахтариб юрган экан, кейинчалик у ҳақда ёзиши лозим эди у. Бу Зейн Грей учун руҳлантириб юборадиган таклиф бўлди. У дуч келган имкониятни қўлдан чиқармасликка уринди, юраги ҳапқириб, олдинда кутаётган саргузаштларни ўйлади.

Грей ғарбдаги ковбойлар ҳамда ёввойи отлар орасида олти ойни ўтказиб, уйга қайтди ва “Tекисликдаги одамлар” номли қисса ёзди. Энди у мувафаққият қозонишига бутунлай ишонган эди.
Шундан сўнг у қўлёзмани “Xарпер” нашриётига жўнатиб, икки ҳафта жавобини кутди. Кейин эса жавобини кутишга бардоши етмай, ўша даргоҳга шоша-пиша ўзи борди. Нашриётда унинг қўлига хат тутқазишди. “Биз ниҳоятда афсусдамиз, аммо ёзганларингизда бадиий асар яратишга қодир эканингизни исботловчи ҳеч нимани кўрмадик”, – деб ёзилганди унда.

Грей адойи тамом бўлди. У бамисоли жонсиз одамдек серрайиб қотиб қолганди. Ахир асарларининг бешинчи марта ноширлар томонидан қайтарилиши эди бу. Грей шу даражада гангиган ва эсанкираб қолгандики, айни дамда кимдир бор кучи билан унинг жағига туширгани минг карра яхши эди.
У гандираклаб ва қоқиниб, зинапоядан зўрға пастга тушди, йиқилиб кетмаслик учун чироқ устунига суяниб, ушлаб қолди. Устунга бошини тирар экан, қўлтиғига қистирган қўлёзмани олишга ҳам ҳоли келмай, аччиқ аламдан йиғлаб юборди.

Ниҳоят, бутунлай эзилиб, ўлмоқдан баттар бўлиб уйга қайтди. Грей беш йил давомида асосан хотинининг топгани ҳисобига яшаганди. Энди эса у ҳам тугаб қолган. Боз устига қўлида боласи ҳам бор.
Уларнинг оиласи бутунлай умидсизлик гирдобида ғарқ бўлди. Қарангки, Грейнинг хотини уни яна бир асар ёзишга ундаб, ишонтиришга эришди.

Қаҳратон қиш пайти эди. Кичкина печка хонани деярли иситмас, ёзаётган пайтда қўллар совуқдан увишиб қоларди. Грей ҳар беш дақиқада печканинг дарчасини очиб, қўлини ичига тиқиб иситишга мажбур бўларди.
У бутун қиш бўйи ва ёзнинг ярмига қадар қунт ва сабр-тоқат билан янги қисса устида ишлади. Ёзиб тугатганидан кейин “Xарпер” нашриёти бу асарни ҳам рад этди. Умидсизликдан бутун руҳи тушиб кетган Зейн Грей сал бўлмаса муҳаррирнинг оёғига тиз чўккудай бўлиб, қўлёзмани уйига элтиб ўқишини ёлвориб сўради.

Орадан икки кун ўтгач, Зейн Грей юраги музлагандай бўлиб, жавобини билиш учун нашриётга келди. “Xотиним бутун тун бўйи ухламай китобингизни ўқиб чиқди. Унинг фикрича, асар жуда ажойиб экан, – деди муҳаррир шодон кулиб. – Биз уни албатта нашр этамиз”.

Мазкур китоб “Саҳро мероси” деб номланарди. У дарҳол энг оммабоп ва бозоргир китобга айланди.
Ниҳоят узоқ йиллик ночорлик ҳамда умидсизликдан сўнг Зейн Грей муносиб тақдирланди. У йиллар ўтган сайин энг машҳур ва муваффақиятли ёзувчилардан бирига айланиб, олтмишдан зиёд китоб чиқарди. Бу китобларнинг умумий адади олтмиш миллион нусхадан ҳам кўп эди.

Дейл Карнегининг “Машҳур кишилар ҳаётидан номаълум саҳифалар” китоби асосида Фатҳулла Намозов таржимаси

004

(Tashriflar: umumiy 1 611, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum, manga shu kitob judayam zarur edi, anchadan buyon qidiraman. Ozbek tilida elektron variantini qatdan topsa boladi?
    Iltimos yordam bervoring
    Javob uchun oldindan raxmat.

Izoh qoldiring