Jalol Ol Ahmad. Setor

07    Қўлида бир янги, ғилофсиз сетор тутганча, кўкраги очиқ, ўпкаси тиқилиб кетиб борарди. Шоҳ масжиди пиллапояларидан шоша – пиша пастга тушиб, майда – чуйда сотувчи ёймачилар ва уларнинг ёйилган бисотлари ўртасида нима қидираётганини ўзи ҳам билмай уймалашиб юрган оламон орасидан бир амаллаб ўтиб борарди.

Жалол Ол Аҳмад
СЕТОР
Форсчадан Аҳмад Қуронбеков таржимаси
022

null     Эроннинг мумтоз ёзувчиси Жалол Ол Аҳмад 1923 йил 2 декабр куни руҳоний оиласида дунёга келди. Бошланғич мактабнинг тугугандан сўнг отаси Саид Аҳмад Толиқоний ўрта мантабда ўқишни давом эттиришга изжозат бермади. У отасидан яширин ҳолда ўқишни давом эттирди. Мактабни тугаш пайтида Жалол Ол Аҳмад Касравий ва Шариат Шангулжий билан учрашиб «Тўда» партиясига аъзо бўлди. 1940 йил Теҳрон университетига ўқишга киради. У 3 йилдан сўнг  партиядан чиқиб, зиёлийлик йўлини танлайди.
Китоблари: «Хаси дар миқоб», «Санги дар гури» , «Аз ранже ки мебарем», «Зане зиёди» ва бошқалар.

022

Қўлида яп-янги, ғилофсиз сетор тутганча, кўкраги очиқ, ўпкаси тиқилиб кетиб борарди. Шоҳ масжиди пиллапояларидан шоша-пиша пастга тушиб, майда- чуйда сотувчи ёймачилар ва уларнинг ёйилган бисотлари ўртасида, нима қидираётганини ўзи ҳам билмай, уймалашиб юрган оламон орасидан бир амаллаб ўтиб борарди.

Сеторни маҳкам қорнига босган ва биронтасининг тугмасига ёки ҳаммолларнинг юкларининг четига илиниб узилмасин деб симларини қўли билан авайлаб тутиб борарди.

Ниҳоят шу бугун орзусига етган эди. Энди бирон йиғинга боргудай бўлса бошқалардан тор сўрашга, отасининг хунини қўшиб ижара ҳақи тўлашга ва устига-устак уларнинг ҳиллат – димоғини эшитишига ҳожат йўқ эди.

Сочлари тўзғиган, пешонасига тушиб, ўнг кўзини тўсиб турарди. Яноқлари ич-ичига тушган ва қиёфаси сарғайган эди. Аммо оёғи ерга тегмас ва шодлигидан тўлиб-тошиб пилдираганича кетиб борарди. Агар бирон йиғинда бўлса ва унга тегишли жойи бўлса завқи тутган пайтда тор чалиб хониш қиларди ва ички шодлиги ва бахтиёрлигини бошқаларга ҳам сингдирарди. Аммо ҳозирда нима иши борлиги номаълум, шу атрофда ғужғон ўйнаган оламон орасидан тезроқ ўтиб, бирон манзилга етиб олиш учун халлослаб югуришдан бўлак нима ҳам қила оларди. Хурсанчиликдан босар-тусарини билмас ва энди ўз-ўзиники бўлган сеторини ўйларди.

Энди ич-ичидан қайнаб тошган шавқ-завқдан нохун — медиатрни зарб билан торнинг симларига урганида, кўнглининг бир чеккасида ишқилиб торнинг симлари узилиб кетиб, торнинг эгаси ёруғ кунини қора тунга айлантирмасайди, деган ваҳима уни қийнамаслигини ўйларди. Бундай ташвишлардан қутулган эди. Бундан кейин шундай ҳунарини кўрсатсин, шунақа торнинг додини бериб чалсин ва одамларнинг завқини туғёнга солсинки, ўзи ҳам чидай олмай, беихтиёр кўзларидан ёш чиқиб кетсин, деб ўйларди. Лекин кўнглининг бир чеккасида, кўздан ёш чиқадиган даражада чала олсамиди, деб орзу қиларди. Кўзларимдан ёш чиққудай тор чалгандагина яхши чалган бўлардим, деб қатъий ишонарди. Ҳозиргача ўзи хоҳлаганчалик тор чала олмаганди. Ҳар доим одамларга, ўзининг йўқотган, қўлдан бой берган шодликларини унинг тор садоларидан ва ҳазин хонишидан излаган одамларга тор чаларди.  Унга фақат сохта ва безовта хурсандчилик бағишлайдиган бу шоду  хуррамлик йиғинларида соз чалиб ашула айтгану  аммо  бирон марта торининг садосидан кўзидан ёш чиқадиган даражада чалмаган эди.

Ўзини ҳам йиғлатадиган даражада соз чалолмаганди. Ё шунга муносиб йиғин бўлмаган  ёки уни чақирган ва хизматига ҳақ тўлаган мижозларнинг  унинг кўз ёшларини кўтарадиган қурби йўқ эди. Ёки унинг ўзи мабодо симлари узилмасин деб, нохунни аяб-авайлаб симларга теккизарди. Бунга унинг ишончи комил эди… Ҳозиргача ўзи чала оладиган ва ашула айта оладиган даражадан анча бўшроқ ва астароқ даражада тор чалиб келганига ишонарди.

Энди ўзини тийиб ўтирмасликка қарор қилди. Энди эҳтиёт қилмаса ҳам бўлаверади. Энди, ўзининг таъбирича, мижозларнинг  “бебарака ” пулларига тор сотиб олган эди, энди у ўз орзусига эришган эди. Энди сози ўзиники эди. Энди бемалол ўзи хоҳлаган нарсасини чала оларди. Энди шундай тор чалсинки, ўзининг кўзларидан ҳам ёш чиқиб кетсин.

Ашула айтиш билан шуғулланганига уч йил бўлди. Шу ҳунарни деб мактабни ҳам ташлаган эди. У синфнинг энг чеккасига ўтириб олиб хиргойи қиларди. Бошқалар бунга аҳамият беришмас ёки уни тушунмасди. Аммо  ўта кетган қаттиқ қўл ҳисоб ўқитувчиси унинг хонишини шунчалар ёқтирмас эдики, жон-пони чиқиб кетарди ва аламини синфдан оларди. Уч-тўрт марта синфда хиргойи қилма деб танбеҳ берган, аммо қани бунинг имкони бўлса! Фақат кейинчалик унинг синфнинг охиридан келадиган хиргойисига  ҳеч ким эътибор бермай қўйди. У кечаларни уйқусиз ўтказганидан шунчалик силласи қуриган  эдики, ё пешингача ухларди, ёки дарс пайтида мизғиб оларди. Аммо бу можаро кўпга чўзилмади, тез  орада мактабни ташлади.

Биринчи йили ҳар кеча тор чалиб, ашула айтиб, ўзини ўлгудай чарчатди, ҳар куни пешингача ухларди. Аммо кейинчалик  ўз ишларини тартибга солди, ҳафтасига икки–уч мартадан ортиқ  одамлар таклифини қабул қилмай қўйди. Бора-бора анчагина таниқли  бўлиб олди, энди у ёки бу созандалар гуруҳига мурожаат қилишига ҳожат қолмаганди. Одамлар уни таниб қолишган, мижозлар фақирона кулбаси остонасига келиб, бор гапни онасига тайинлашар, энг муҳими,  унинг келишига ва уларнинг хурсандчилик кечаларини қойилмақом ўтказиб беришига ишончлари комил эди.

Шунга қарамай ҳали ҳам иши одамни силласини қуритадиган даражада эди. Кундан кунга ҳолдан тойиб кетаётганини онаси сезарди. Унинг ўзи аҳволига унчалик эътибор бермас,  фақат ишдан қоп кетмасликни, ўзининг тори бўлишини ва ўзи хоҳлаганча тор чалишини ўйларди. Аммо, бу осон ҳал бўладиган иш эмасди. Ниҳоят охирги пайтда бир обрўли никоҳ тўйида “яшавор”лар билан тушган маблағдан бир қисмини асраб-авайлаб, янги сетор олишга муваффақ бўлганди. Энг қизиғи, янги торга эга бўлгандан кейин яна нимани орзу қилишни мутлақо билмасди. Эҳтимол кўпроқ нарсаларни орзу қилса ҳам бўларди. Ҳозир буни ўйлаб ўтирадиган вақт эмасди, ҳозир фақат бирон жойга етиб олишни ва ўзининг сеторини бошдан-оёқ яхшилаб кўздан кечиришни ва уни созлашнинг фикрида эди. Ҳатто ўша ўртамиёна шоду  хуррамлик кечаларида ҳам тор чертиб хониш қилган пайтида, шу қадар мириқиб ором олардики, торини бир лаҳза бўлса-да қўлдан қўймасликка ҳаракат қиларди. Аммо буни имкони бормиди? Бировларнинг хонадони бўлса, бировларнинг айшу  ишрати бўлса ва унинг вазифаси фақат уларнинг базмини қизитиш бўлса.

Йиғинларда мириқиб ором олгани билан ҳали бирон марта  ўзи истаган завқу хуморга етишолмаган эди. Қишнинг узун тунларида  йиғинлардан чарчаб-ҳориб, қоронғи кўчаларда уйига борадиган йўлни зўрға топиб кетаётганида ўзи истаган завқу хуморни шунчалар жонли ва юракдан ҳис қилардики, агар ўша ҳис бўлмаса уйимга ҳам ета олмасам керак деб ўйларди. Ана ўша лаҳзаларда ногаҳон даҳшатга тушар ва ўзининг йўқотган нарсасини излаб неча кечаларни тонггача қовоқхоналарда ўтказар эди.

Табиатан ўта нимжон эди. Бир қарашда кўпроқ  нашавандга ўхшарди. Аммо бугун, бир соатча олдин –  ўз торига эга бўлган вақтдан буён – ҳаяжондан ҳаприқиб, яноқлари ял-ял ёниб, пешонасидан ўт чақнаб борарди.

У мана шу ўй-хаёллари билан Шоҳ масжидининг катта дарвозасига етиб, унинг қайроқтошдан ясалган остонасига қадам қўйган ҳам эдики, масжиднинг кираверишидаги супада молларини ёйиб, мижозлар келишини пойлаб тасбиҳ ўгириб ўтирган аттор бола моллари оша пастга сакради ва унинг билагидан тутди.
— Имонсиз! Мана шу куфр асбоби билан масжидни ичига–я? Худонинг уйига–я?

Унинг ўй–хаёллар ипи узилди. Бир онда унинг қалбига йўл топган илиқлик маҳв бўлди. Аввал бироз гарансиб турди, сўнг болакай нима деганини англай бошлади. Ҳали нима бўлаётганини ҳеч ким тушунмаган, ўткинчилар ҳам ҳали унча кўп эмасди. Улар ҳам  ёймачилар  молларини кўриш билан оввора эди. У ҳеч нарса демади. Билагини тортиб олиб ўз йўлига равона бўлишга уринди, аммо аттор бола уни қўйворадиган анойилардан эмасди. Унинг билагидан маҳкам қисганча, олдингидан баттар лаънатлар ёғдириб,  дод–фарёд соларди.
— Худодан қўрқмаган! Худонинг олдида уялмайсанми? Шарм… Ҳаё… ахир!

У яна бир бор билагини тортиб олиб, ўз йўлига жўнашга уриниб кўрди: аммо болакай, гўё бозори касодлигининг аламини ундан олмоқчи бўлгандай, қўлини қўйиб юбормасди. Боланинг шовқини  аста–секин одамлар диққатини  жалб қилиб, кишилар бирин-сирин уларнинг атрофига тўплана бошлашди, аммо ҳали ҳеч ким гап нимадалигини англаб улгурмаганди. Ҳали ҳеч ким аралашмасди.

У тез орада бирон кори ҳол содир бўлишини сезди. Аммо дилини эгаллай бошлаган муз ҳам эрий бошлаганини ҳис қилди. Аввал кўнглида, кейин миясида илиқлик сезди. Бирдан тутақиб кетди. У ихтиёрини қўлдан берган эди, ўзи ҳам билмаган ҳолда болакайнинг қулоғининг тагига тортиб юборди. Болакайнинг нафаси ўчди, лаънатлар, ҳақоратларини ичига ютди. Бир лаҳзага довдираб, унинг қўлини қўйиб юборди ва икки қўллаб юзларини уқалашга тушди. Бироздан сўнг эс-ҳушини йиғиб олди. Сўнг бирдан олдинга ташланиб,  сетори билан масжидга кириб кетаётган чоғида унинг костюми  этагига ёпишди ва яна  билагидан маҳкам  тутди.

Жанжал авж олди. Бошқалар аралаша бошлади. Болакай тинмай аюҳаннос солар, оғзидан боди кириб, шоди чиқар, кофирларга лаънатлар ёғдирар, уни худонинг уйига  ҳурматсизликда айблаб  қайнаб–тошар ва мусулмонларни ёрдамга чақирарди.

Нима бўлганини ҳеч ким тушунмасди. Унинг ўзи ҳам тузук англаб ололмасди. Фақат сетори косаси билан ерга тушиб,  қисқа ва жарангдор садо билан уч бўлакка ажраб, симлари чувалашиб, тўдаланиб қолганида ўзини четга тортди ва ҳангу манг ҳолатда оламонга тикиларди. Ўз диний бурчини қойиллатиб бажардим деб ишонган болакай ҳам бирдан тинчиди. Бор вужуди билан кўрсатганига шукр қилганча, ёйилган моллари тепасига қайтди ва юз-бошини тартибга келтиргач, тасбиҳини айлантириб зикр айта бошлади.

Унинг бор ўй-хаёли сеторининг узилган симларидай чувалашиб кетган эди, қалбини босиб келаётган ва миясига ҳам ўта бошлаган совуқ таъсирида музлаб қолган, ғужанак бўлиб ерда ётар  ва эндигина қўлга киритган торининг косасидай уч бўлакка бўлиниб кетган умид пиёласи синиқлари юрагини тинмай тимдаларди.

09

Jalol Ol Ahmad
SETOR
Forschadan Ahmad Quronbekov tarjimasi
022

 Eronning mumtoz yozuvchisi Jalol Ol Ahmad 1923 yil 2 dekabr kuni ruhoniy oilasida dunyoga keldi. Boshlang’ich maktabning tugugandan so’ng otasi Said Ahmad Toliqoniy o’rta mantabda o’qishni davom ettirishga izjozat bermadi. U otasidan yashirin holda o’qishni davom ettirdi. Maktabni tugash paytida Jalol Ol Ahmad Kasraviy va Shariat Shanguljiy bilan uchrashib «To’da» partiyasiga a’zo bo’ldi. 1940 yil Tehron universitetiga o’qishga kiradi. U 3 yildan so’ng partiyadan chiqib, ziyoliylik yo’lini tanlaydi.
Kitoblari: «Xasi dar miqob», «Sangi dar guri» , «Az ranje ki mebarem», «Zane ziyodi» va boshqalar.

022

045Qo’lida yap-yangi, g’ilofsiz setor tutgancha, ko’kragi ochiq, o’pkasi tiqilib ketib borardi. Shoh masjidi pillapoyalaridan shosha-pisha pastga tushib, mayda- chuyda sotuvchi yoymachilar va ularning yoyilgan bisotlari o’rtasida, nima qidirayotganini o’zi ham bilmay, uymalashib yurgan olamon orasidan bir amallab o’tib borardi.

Setorni mahkam qorniga bosgan va birontasining tugmasiga yoki hammollarning yuklarining chetiga ilinib uzilmasin deb simlarini qo’li bilan avaylab tutib borardi.

Nihoyat shu bugun orzusiga yetgan edi. Endi biron yig’inga borguday bo’lsa boshqalardan tor so’rashga, otasining xunini qo’shib ijara haqi to’lashga va ustiga-ustak ularning hillat – dimog’ini eshitishiga hojat yo’q edi.

Sochlari to’zg’igan, peshonasiga tushib, o’ng ko’zini to’sib turardi. Yanoqlari ich-ichiga tushgan va qiyofasi sarg’aygan edi. Ammo oyog’i yerga tegmas va shodligidan to’lib-toshib pildiraganicha ketib borardi. Agar biron yig’inda bo’lsa va unga tegishli joyi bo’lsa zavqi tutgan paytda tor chalib xonish qilardi va ichki shodligi va baxtiyorligini boshqalarga ham singdirardi. Ammo hozirda nima ishi borligi noma’lum, shu atrofda g’ujg’on o’ynagan olamon orasidan tezroq o’tib, biron manzilga yetib olish uchun xalloslab yugurishdan bo’lak nima ham qila olardi. Xursanchilikdan bosar-tusarini bilmas va endi o’z-o’ziniki bo’lgan setorini o’ylardi.

Endi ich-ichidan qaynab toshgan shavq-zavqdan noxun — mediatrni zarb bilan torning simlariga urganida, ko’nglining bir chekkasida ishqilib torning simlari uzilib ketib, torning egasi yorug’ kunini qora tunga aylantirmasaydi, degan vahima uni qiynamasligini o’ylardi. Bunday tashvishlardan qutulgan edi. Bundan keyin shunday hunarini ko’rsatsin, shunaqa torning dodini berib chalsin va odamlarning zavqini tug’yonga solsinki, o’zi ham chiday olmay, beixtiyor ko’zlaridan yosh chiqib ketsin, deb o’ylardi. Lekin ko’nglining bir chekkasida, ko’zdan yosh chiqadigan darajada chala olsamidi, deb orzu qilardi. Ko’zlarimdan yosh chiqquday tor chalgandagina yaxshi chalgan bo’lardim, deb qat’iy ishonardi. Hozirgacha o’zi xohlaganchalik tor chala olmagandi. Har doim odamlarga, o’zining yo’qotgan, qo’ldan boy bergan shodliklarini uning tor sadolaridan va hazin xonishidan izlagan odamlarga tor chalardi. Unga faqat soxta va bezovta xursandchilik bag’ishlaydigan bu shodu xurramlik yig’inlarida soz chalib ashula aytganu ammo biron marta torining sadosidan ko’zidan yosh chiqadigan darajada chalmagan edi.

O’zini ham yig’latadigan darajada soz chalolmagandi. YO shunga munosib yig’in bo’lmagan yoki uni chaqirgan va xizmatiga haq to’lagan mijozlarning uning ko’z yoshlarini ko’taradigan qurbi yo’q edi. Yoki uning o’zi mabodo simlari uzilmasin deb, noxunni ayab-avaylab simlarga tekkizardi. Bunga uning ishonchi komil edi… Hozirgacha o’zi chala oladigan va ashula ayta oladigan darajadan ancha bo’shroq va astaroq darajada tor chalib kelganiga ishonardi.

Endi o’zini tiyib o’tirmaslikka qaror qildi. Endi ehtiyot qilmasa ham bo’laveradi. Endi, o’zining ta’biricha, mijozlarning “bebaraka ” pullariga tor sotib olgan edi, endi u o’z orzusiga erishgan edi. Endi sozi o’ziniki edi. Endi bemalol o’zi xohlagan narsasini chala olardi. Endi shunday tor chalsinki, o’zining ko’zlaridan ham yosh chiqib ketsin.

Ashula aytish bilan shug’ullanganiga uch yil bo’ldi. Shu hunarni deb maktabni ham tashlagan edi. U sinfning eng chekkasiga o’tirib olib xirgoyi qilardi. Boshqalar bunga ahamiyat berishmas yoki uni tushunmasdi. Ammo o’ta ketgan qattiq qo’l hisob o’qituvchisi uning xonishini shunchalar yoqtirmas ediki, jon-poni chiqib ketardi va alamini sinfdan olardi. Uch-to’rt marta sinfda xirgoyi qilma deb tanbeh bergan, ammo qani buning imkoni bo’lsa! Faqat keyinchalik uning sinfning oxiridan keladigan xirgoyisiga hech kim e’tibor bermay qo’ydi. U kechalarni uyqusiz o’tkazganidan shunchalik sillasi qurigan ediki, yo peshingacha uxlardi, yoki dars paytida mizg’ib olardi. Ammo bu mojaro ko’pga cho’zilmadi, tez orada maktabni tashladi.

Birinchi yili har kecha tor chalib, ashula aytib, o’zini o’lguday charchatdi, har kuni peshingacha uxlardi. Ammo keyinchalik o’z ishlarini tartibga soldi, haftasiga ikki–uch martadan ortiq odamlar taklifini qabul qilmay qo’ydi. Bora-bora anchagina taniqli bo’lib oldi, endi u yoki bu sozandalar guruhiga murojaat qilishiga hojat qolmagandi. Odamlar uni tanib qolishgan, mijozlar faqirona kulbasi ostonasiga kelib, bor gapni onasiga tayinlashar, eng muhimi, uning kelishiga va ularning xursandchilik kechalarini qoyilmaqom o’tkazib berishiga ishonchlari komil edi.

Shunga qaramay hali ham ishi odamni sillasini quritadigan darajada edi. Kundan kunga holdan toyib ketayotganini onasi sezardi. Uning o’zi ahvoliga unchalik e’tibor bermas, faqat ishdan qop ketmaslikni, o’zining tori bo’lishini va o’zi xohlagancha tor chalishini o’ylardi. Ammo, bu oson hal bo’ladigan ish emasdi. Nihoyat oxirgi paytda bir obro’li nikoh to’yida “yashavor”lar bilan tushgan mablag’dan bir qismini asrab-avaylab, yangi setor olishga muvaffaq bo’lgandi. Eng qizig’i, yangi torga ega bo’lgandan keyin yana nimani orzu qilishni mutlaqo bilmasdi. Ehtimol ko’proq narsalarni orzu qilsa ham bo’lardi. Hozir buni o’ylab o’tiradigan vaqt emasdi, hozir faqat biron joyga yetib olishni va o’zining setorini boshdan-oyoq yaxshilab ko’zdan kechirishni va uni sozlashning fikrida edi. Hatto o’sha o’rtamiyona shodu xurramlik kechalarida ham tor chertib xonish qilgan paytida, shu qadar miriqib orom olardiki, torini bir lahza bo’lsa-da qo’ldan qo’ymaslikka harakat qilardi. Ammo buni imkoni bormidi? Birovlarning xonadoni bo’lsa, birovlarning ayshu ishrati bo’lsa va uning vazifasi faqat ularning bazmini qizitish bo’lsa.

Yig’inlarda miriqib orom olgani bilan hali biron marta o’zi istagan zavqu xumorga yetisholmagan edi. Qishning uzun tunlarida yig’inlardan charchab-horib, qorong’i ko’chalarda uyiga boradigan yo’lni zo’rg’a topib ketayotganida o’zi istagan zavqu xumorni shunchalar jonli va yurakdan his qilardiki, agar o’sha his bo’lmasa uyimga ham yeta olmasam kerak deb o’ylardi. Ana o’sha lahzalarda nogahon dahshatga tushar va o’zining yo’qotgan narsasini izlab necha-necha kechalarni tonggacha qovoqxonalarda o’tkazar edi.

Tabiatan o’ta nimjon edi. Bir qarashda ko’proq nashavandga o’xshardi. Ammo bugun, bir soatcha oldin – o’z toriga ega bo’lgan vaqtdan buyon – hayajondan hapriqib, yanoqlari yal-yal yonib, peshonasidan o’t chaqnab borardi.

U mana shu o’y-xayollari bilan Shoh masjidining katta darvozasiga yetib, uning qayroqtoshdan yasalgan ostonasiga qadam qo’ygan ham ediki, masjidning kiraverishidagi supada mollarini yoyib, mijozlar kelishini poylab tasbih o’girib o’tirgan attor bola mollari osha pastga sakradi va uning bilagidan tutdi.
— Imonsiz! Mana shu kufr asbobi bilan masjidni ichiga–ya? Xudoning uyiga–ya?

Uning o’y–xayollar ipi uzildi. Bir onda uning qalbiga yo’l topgan iliqlik mahv bo’ldi. Avval biroz garansib turdi, so’ng bolakay nima deganini anglay boshladi. Hali nima bo’layotganini hech kim tushunmagan, o’tkinchilar ham hali uncha ko’p emasdi. Ular ham yoymachilar mollarini ko’rish bilan ovvora edi. U hech narsa demadi. Bilagini tortib olib o’z yo’liga ravona bo’lishga urindi, ammo attor bola uni qo’yvoradigan anoyilardan emasdi. Uning bilagidan mahkam qisgancha, oldingidan battar la’natlar yog’dirib, dod–faryod solardi.
— Xudodan qo’rqmagan! Xudoning oldida uyalmaysanmi? Sharm… Hayo… axir!

U yana bir bor bilagini tortib olib, o’z yo’liga jo’nashga urinib ko’rdi: ammo bolakay, go’yo bozori kasodligining alamini undan olmoqchi bo’lganday, qo’lini qo’yib yubormasdi. Bolaning shovqini asta–sekin odamlar diqqatini jalb qilib, kishilar birin-sirin ularning atrofiga to’plana boshlashdi, ammo hali hech kim gap nimadaligini anglab ulgurmagandi. Hali hech kim aralashmasdi.

U tez orada biron kori hol sodir bo’lishini sezdi. Ammo dilini egallay boshlagan muz ham eriy boshlaganini his qildi. Avval ko’nglida, keyin miyasida iliqlik sezdi. Birdan tutaqib ketdi. U ixtiyorini qo’ldan bergan edi, o’zi ham bilmagan holda bolakayning qulog’ining tagiga tortib yubordi. Bolakayning nafasi o’chdi, la’natlar, haqoratlarini ichiga yutdi. Bir lahzaga dovdirab, uning qo’lini qo’yib yubordi va ikki qo’llab yuzlarini uqalashga tushdi. Birozdan so’ng es-hushini yig’ib oldi. So’ng birdan oldinga tashlanib, setori bilan masjidga kirib ketayotgan chog’ida uning kostyumi etagiga yopishdi va yana bilagidan mahkam tutdi.

Janjal avj oldi. Boshqalar aralasha boshladi. Bolakay tinmay ayuhannos solar, og’zidan bodi kirib, shodi chiqar, kofirlarga la’natlar yog’dirar, uni xudoning uyiga hurmatsizlikda ayblab qaynab–toshar va musulmonlarni yordamga chaqirardi.

Nima bo’lganini hech kim tushunmasdi. Uning o’zi ham tuzuk anglab ololmasdi. Faqat setori kosasi bilan yerga tushib, qisqa va jarangdor sado bilan uch bo’lakka ajrab, simlari chuvalashib, to’dalanib qolganida o’zini chetga tortdi va hangu mang holatda olamonga tikilardi. O’z diniy burchini qoyillatib bajardim deb ishongan bolakay ham birdan tinchidi. Bor vujudi bilan ko’rsatganiga shukr qilgancha, yoyilgan mollari tepasiga qaytdi va yuz-boshini tartibga keltirgach, tasbihini aylantirib zikr ayta boshladi.

Uning bor o’y-xayoli setorining uzilgan simlariday chuvalashib ketgan edi, qalbini bosib kelayotgan va miyasiga ham o’ta boshlagan sovuq ta’sirida muzlab qolgan, g’ujanak bo’lib yerda yotar va endigina qo’lga kiritgan torining kosasiday uch bo’lakka bo’linib ketgan umid piyolasi siniqlari yuragini tinmay timdalardi.

09

(Tashriflar: umumiy 189, bugungi 1)

Izoh qoldiring