Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan beshinchi parcha.

044     Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг бешинчи парчасини мутолаа қилишингиз мумкин…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан бешинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

“РАЖАЪНО МИН-АЛ-ЖИҲОДИ-Л-АСFАРИ ИЛА-Л-ЖИҲОДИ-Л-АКБАРИ”1
ҲАДИСИНИНГ ТАФСИРИ

Ташқи ёвни айладик биз тору мор,
Ичда ундан баттари бўлмиш дучор.

Ақлу ҳушга ўлдириш мансуб эмас,
Ҳам қуёнга қалб шери мағлуб эмас.

Нафс дўзах эрса, дўзах – аждаҳо,
Бўлмагай дарё сувидан кам, адо. 1375

Етти денгизни симирган чоғда ҳам,
Ҳалқумин чанқоғи бўлмас зарра кам.

Тошлару ҳар тошбағир кофир қатор,
Унга тушгайдир бўлиб шармандавор.2

Нафси тўймас, ютса ҳам қанча ғизо,
Келмагай то унга Ҳақдан бул нидо:

“Тўймадингми?” Дер: “Ҳануз, бергил яна”
Дейди Ҳақ: “Ол, сенга оташ, тафт, мана”.

Бул жаҳон бир луқма унга, дам сайин,
Меъдаси фарёд қилар: “Борми тағин?” 3 1380

Келса гар Ҳақ ломакондан ул томон,
Улни сокин айлагайдир “кун факон”.4

Нафсимиз дўзахга ўхшайди тамом,
Чунки, тобе жузвимиз куллга мудом.

Ҳақ қадам қўйгач, тинар ўт бирма-бир
Ҳақдан ўзга ким камонин тортадир?

Тўғри бўлмоғи керак ёй ўқлари,
Бул камоннинг ўқлари қийшиқ бари.

Тўғри бўл ёй ўқи янглиғ, олға бос,
Чунки, ёйдан тўғри ўқ бўлгай халос. 5 1385

Ташқи ёв енгилди, бўлдим ҳоли хуш,
Ички ёв-ла айлагум энди уруш.

“Қайтамиз асғар жиҳод6дан энди биз”,
Мустафо бирлан буюк жиҳоддамиз.

Берса Ҳақ тавфиқ, мадад, игна билан
Кўҳи Қофни ағдарармиз тагидан.

Шерга осон, гар у сафни синдирар,
Шердир ул, гар ўзда нафсни синдирар.7

——————————
1 – “Ражаъно мин-ал-жиҳоди-л-асғари ила-л-жиҳоди-л-акбари” – “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик, яъни, банданинг ўз нафсига қарши курашмоғи катта жиҳоддир”. (Ҳадис)

2 – “Энди агар бундай қилолмасангизлар ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам – у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қуйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 24-оят).

3 – “У Кунда Биз жаҳаннамга: “Тўлиб битмадингми?”, дермиз, у эса: “Яна қўшимча борми?”, дер”. (Қуръони карим, «Қоф» сураси, 30-оят).

4 – “Иннама амруҳу иза арода шай-ан ай яқула лаҳу кун фаякун” – “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 82-оят).

Абу Ҳурайра(р.а) ривоят қилган ҳадис: Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: “Жаннат билан дўзах ўзаро баҳслашиб қолишди. Дўзах: “Мен мутакаббир ва золимлар учун яратилганман”, деди. Жаннат эса: “Менга инсонларнинг фақат заиф, бечоралари киради”, деди. Оллоҳ таборака ва таоло жаннатга: “Сен Менинг Раҳматимсан, сен сабабли бандаларимдан хоҳлаганимни раҳмат қиламан”, деди. Дўзахга эса: “Сен азобсан, сен билан бандаларимдан хоҳлаганларимни азоблайман”, деди. Ҳар иккиси ҳам (одамлар билан) тўлур. Дўзах тўлмай, (Парвардигорга “яна, яна-яна азобланажак бандаларингдан бергин” деганида) Оллоҳ таоло Оёғини (унинг устига) қўйиб эзади, бас, у “етарли, етарли” дейди ва шунда тўлади ҳамда четлари бир-бирига жамланиб (юмилиб қолади).

5 – “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ва Сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда бўлингиз!” (Қурони карим, “Ҳуд” сураси, 112-оят)

6 – Асғар жиҳод – кичик жиҳод

7 – “Курашда йиқитишга кучи етган кучли эмас, ғазаби келганда ўзини босишга кучи етган кучлидир”. (Ҳадис).

РУМ ЭЛЧИСИНИНГ АМИРУЛМЎЪМИНИН УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ҲУЗУРИГА КЕЛГАНИ
ВА У КЎРСАТГАН КАРОМАТГА ГУВОҲ БЎЛГАНИ

Ахтариб келмиш Умарни чўл кезиб,
Битта Румлик элчи, пойтахтга етиб. 1390

Деди: “Ҳазрат қасри қайда, хожалар?
Лаш-лушим, отим қаерга жойланар?”

Дедилар: “Йўқдир Умарнинг қасри, лек,
Нурли жон қасри унинг, бир шуъладек.

Гарчи шавкат-шон, амирлик номи бор,
Худди, дарвиш кулбасидай томи бор.

Қасрини қандоқ кўрарсан, ошно?
Бўлса гар кўнглинг кўзи кўр, нобино.

Қалб кўзин иллат ва хасдан асрагин,
Сўнг Умар қасрига сен кўз ташлагин.1 1395

Кимда бордир ҳирс-ҳавасдан холи жон,
Ул кўрар Ҳазрат ва пок қасрин аён.

Пок эди доғдан Муҳаммад сарбасар,
Эрди “важҳуллоҳ”, қаён солса назар.

Ёр эсанг гар васваса, кинлар билан,2
“Самма важҳуллоҳ”3ни ҳис айлармисан?

Кимда бағрин эшиги очиқ бўлар,
Ҳар шаҳарда порлаган офтоб кўрар.

Ҳамма ерда кўринар Ҳақдан нишон,
Порлаган юлдузлар ичра ойсимон. 1400

Икки бармоғингни кўзга қўйган он,
Ҳеч кўрингайми, ахир, сенга жаҳон?

Кўрмасанг, йўқмас жаҳон, бор аслида,
Ҳамма айб бармоқларинг шум нафсида.

Кўздан ол бармоқларингни ўша чоқ,
Хоҳлаганча шунда сен атрофга боқ.

Сўрди Нуҳдан уммати: «Қайда савоб?»
Деди: “Ул нарёғда, “вастағшав сибоб”.4

Бош, юзингиз тўнга чирмаб ҳар қадам,
Кўрмагайсиз кўз очиқ бўлганда ҳам.5 1405

Одамий кўздир ва қолган бори пўст,
Кўз эрур ул, унда гар акс этса Дўст.

Кўрлик аъло кўрмаган кўздан, бироқ,
Бебақо дўстдан йироқлик яхшироқ.

Румлик элчи булни тинглаб титради,
Ортди ҳазратни кўришга истаги.

Интизор бўлмиш Умарга кўз тикиб,
Оти ҳам анжомлари эсдан чиқиб.

Ҳар тарафдан, келса дуч гар кимки бор,
Улни йўқлаб, изламиш девонавор: 1410

“Бормикан ушбу жаҳон ичра, наҳот,,
Даҳр аро жондай ниҳон бўлгувчи зот?”

Изламиш токи бўлай деб унга қул,
Шубҳасиз, ахтарса ким, топгувчи ул.

Бир аёл учраб деди: “Кўрдим анин
Битта хурмо остида жим ётганин.

Эрди хурмо ости хилватхонаси,
Соя остинда ётар Ҳақ сояси.6

—————————
1 – Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а) ривоят қилган ҳадис: Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: “Мен жаннатга кириб (ёки жаннатга келиб) бир қасрни кўрдим. Бас, мен: “Бу ким учун?” – деб сўрадим. “Умар ибн Хаттоб учун”, дейишди.

2 – “Икки биқининг орасида турган нафс энг ёвуз душманингдир”. (Ҳадис).

3 – “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Ёлғиз Оллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Оллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз Оллоҳ (ҳамма томонни) Қамраб олгувчи Билимдондир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 115-оят).

“Важҳуллоҳ” – “Оллоҳнинг юзи”

“Самма важҳуллоҳ” – “Ўша тараф Оллоҳнинг юзидир”.

4 – “… ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган Дин Йўлига) даъват қилсам, улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўраб-чирмаб олдилар ва (ўз куфрларида) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар”. (Қуръони карим, «Нуҳ» сураси, 7-оят).

“Вастағшав сибоб” – “Кийимларини ўраб-чирмаб олдилар”.

5 – “… кўзлари бору кўра олмайдилар…” (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 179-оят)

6 – “Подшоҳ Оллоҳнинг ердаги соясидирким, уни ҳурмат қилган кишини Оллоҳ ҳам ҳурмат қилади. Уни хорлаганни Оллоҳ ҳам хорлайди”. (Ҳадис).

РУМ ЭЛЧИСИНИНГ АМИРУЛМЎМИНИН УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИ
ХУРМО ДАРАХТИ ОСТИДА УХЛАБ ЁТГАН ҲОЛДА ТОПГАНИ

Борди ул ерга, бироз олис туриб,
Титрамиш бирдан Умарга термулиб. 1415

Англагач уйқудаги зот ҳайбатин,
Бир ажиб ҳис этди ошкор ҳайратин.

Меҳру ҳайбат, иккиси зид бўлса ҳам,
Икки зидлик жони ичра эрди жам.

Дерди: “Подшоҳларни кўрдим неча бор,
Ҳам улар олдида топдим эътибор.

Солмади қўрқувга шоҳлар шавкати,
Лек, мени босди бу зотнинг ҳайбати!

Гоҳ келиб ўрмонда шер, йўлбарсга дуч,
Қилмаганди шунда ҳам қўрқув хуруж. 1420

Айладим не қирғину не сафда жанг,
Шер мисоли, қайда ҳолим бўлса танг.

Гоҳи қаттиқ зарб бериб, гоҳ зарб едим,
Бошқалардан довюракроқ, зўр эдим.

Ерда ором олса-да жим, беқурол,
Етти аъзом қалтирар, недир бу ҳол?

Ҳайбати Ҳақдан эрур, элдан эмас,
Бул ямоқтўнлик, ҳақир эрдан эмас.1

Қўрқса ким Ҳақдан, тутиб тақво йўлин,
Қўрқадир, кўргач уни ҳар инсу жин.2 1425

Турди шундай ўй-хаёл бирлан кутиб,
Сўнг Умар уйғонди бир соат ўтиб.

Эгилиб берди Умарга ул салом,
Дер Расул: “Аввал саломдир, сўнг калом”.3

Ул алик олди ва чорлаб ёнига,
Ёнидан жой берди сўнг меҳмонига.

“Ло тахофу”4 дир зиёфат бирла панд,
Кимки қўрқса, бўлгай ундан баҳраманд.

Кимки қўрқар, айлагайлар бехатар,
Кўнглига таскин берарлар ҳар сафар.5 1430

Улки қўрқмас, “қўрқмагил” деб берма дарс,
Не сабоқ бул? Ул сабоққа зор эмас.

Ғамли дилни шул йўсин шод айламиш,
Ҳам паришон ёдин обод айламиш.

Сўйламиш қанча каломлар хуш, дақиқ,
Сўйлагай Ҳақ васфидан, “неъму-р-рафиқ”.6

Сўйлади Ҳақ суйганин абдолни,
Англасин деб то мақому ҳолни.

Ҳол Келинчакдан таралган жилвадир,7
Унга хилватда мақом ёр, биргадир. 1435

Жилвани кўргуси шоҳу бошқа ҳам,
Лек, азиз Шоҳ бўлгуси хилватда жам.

Хос-авомга айлагай жилва келин,
Хилват ичра шоҳ-ла олгай бирга тин.

Кўп эрур сўфийлар ичра аҳли ҳол,
Лек, мақом аҳлини топмоқ кўп маҳол.

Жонининг манзилларин ҳам эсламиш,
Руҳининг талпинганин ҳам эсламиш.

Ҳам замони йўқ замондан сўйлади,
Ҳам азиз қудсий мақомдан сўйлади. 1440

Ул ҳаводан, жон қушиким етганин,
Бундан олдин фатҳу парвоз этганин.

Улки, ҳар парвози борликдан баланд,
Ҳам умид, мақсад ва зорликдан баланд.

Билди дўст ётни Умарким ул сабаб,
Элчининг жонин билиб асрорталаб.

Шайх эди комил, мурид топқир эди,
Шайх чавандоз, от эса чопқир эди.

Кўрди муршид, унда бордир тўғри йўл,
Пок уруғ сочди ўшал пок ерга мўл. 1445

————————

1 – Айтишларича, Умар айримлари чармдан бўлган ўн икки ямоқлик кўйлак кийиб юрган.

2 – “Ким Оллоҳдан қўрқса, (Оллоҳ) унинг ишини осон қилур”. (Қуръони карим, «Талоқ» сураси, 4-оят).

“Кимки Оллоҳдан қўрқса, Оллоҳ ундан ҳар нарсани қўрқитади”. (Ҳадис).

3 – “Аввал салом, сўнгра калом”. (Ҳадис).

4-5 – “Албатта: “Парвардигоримиз Оллоҳдир”, деб, сўнгра (Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри-устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар!” (Қуръони карим, «Фуссилат» сураси, 30-оят).

“Ло тахофу” – “Қўрқмангиз”.

6 – “Неъму-р-рафиқ” – “Нечоғлик гўзал Дўстдир”.

7 – Оллоҳга бирикиш йўлидаги руҳий ҳолат ва мақом кўзда тутилган.

РУМ ЭЛЧИСИНИНГ АМИРУЛМЎМИНИН УМАР
РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУДАН СЎРАГАНИ

Сўрди элчи: “Эй, амирулмўминин!
Тушди жон қандоқ заминга кўкидин?

Айт, қафас чўнг қушни қандоқ қамрамиш?”
Деди: “Ҳақ ҳар жонни афсун айламиш”.

Гарчи йўқлик кўз-қулоқсиздир, чунон
Қўзғалар, Ҳақ қилса афсун бегумон.

Бор адам Ҳақ сеҳридан тез қалқинар,
Сўнгра борлик ёнга дарҳол талпинар.

Айлагач борликни афсун қайтадан,
Айланар йўқликка борлик дафъатан. 1450

Гулга сўйлаб, гулни хандон айламиш,
Тошга сўйлаб, лаълига кон айламиш.

Танга оят сўйлагач, тан жон бўлур,
Сўйлагач хуршидга, порлаб сочди нур.

Тингласа Ҳақнинг хатарли ҳар сўзин,
Юзта парда қоплагай офтоб юзин.

Айт, булутга айлаган амри надир?
Мешдайин ёш тўкди кўздан бирма-бир.

Не демиш Ернинг қулоғига Худо?
Жим қолиб ўйларга толмиш бесадо. 1455

Ким тараддудда паришон бўлгуси,
Ҳам қулоғига муаммо тўлгуси.1

Банд этар икки гумон ўй-ақлини:
“Не қилай, Ул айтганин ё аксини?2

Иккисиндан Ҳақ бирин афзал билар,
Иккисиндан биттасин таклиф қилар.

Иккилантирмай десанг жон ҳуш-эсин,
Жон қулоғиндан суғургил пахтасин.

Англагин токи муаммосин барин,
Англагин то бор ниҳон-ошкорларин. 1460

Сўнг ваҳийга жон қулоғидир макон,
Не ваҳий? Ҳис сўйлаган сўздир ниҳон.

Жон қулоғи, кўзи3 ул ҳисдан жудо,
Ҳуш, гумонларнинг қулоғи мосуво,

Қилди жабрим лафзи ишқ сабрин адо,
Кимки ошиқмас, жабрга мубтало.

Бул Худо ҳамроҳлигидир, жабр эмас,
Бул булутмас, ой жилоси ҳар нафас.4

Бўлса ҳам гар бул жабр, халқ жабримас,
Ўз йўлига ундаган нафс амримас. 1465

Эй, ўғил, англар улар недир жабр,
Ҳақ улар кўнглин кўзин қилмиш басир.

Эрталик асрор уларга бўлди фош,
Олдида ўтмиш баёни бўлди лош.

Ихтиёри, жабри ҳам ўзга улар,
Қатралар бўлгай садаф ичра гуҳар.

Сиртда неки қатра бор катта-кичик,
Бил, садафда дур улар майда, йирик.

Унга оҳу киндигин хуш таъби ёр,
Сирти қон, сийратда, лек, хуш атри бор. 1470

Сен дема: “Қон бу суюқлик сирти гар,
Борса ул киндикка, қандоқ мушк бўлар?”

Сен дема: “Сиртдан бу мис беқадр эрур,
Ул нечук иксир ичинда бўлди дур?”

Сенда эрди бир хаёл жабр, ихтиёр,
Сўнг уларга етгач, ўлди Нурга ёр.

Супранинг устинда жонсиз гарчи нон,
Лек, одамзод жисмида шод мисли жон.

Супрада эврилмагайдир нон агар,
Салсабилдан жони жонга эврилар. 1475

Шунча қудрат бўлса жонда эй, басир,
Жондаги Жон қудрати, айт, қанчадир?

Парча эт одамда ақлу жон билан,
Тоғни тешгай кон билан, уммон билан.

Одамий жон қурби гар тош парчалар,
Жонда жон қурбиндан “иншаққал-қамар”.5

Очса гар сир тўрвасин кўнгил шу он,
Жон ҳужумни бошлагайдир Арш томон.

—————————
1-2 – “(Шунингдек), то Сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!” (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 99-оят).

3 – “Ҳар бир қалбда икки қулоқ ва икки кўз бордир. Агар Оллоҳ таоло бир бандага яхшилик қилмоқчи бўлса, унинг қалбидаги икки кўзини очади”. (Ҳадис).

4 – “Сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир. Оллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир”. (Қуръони карим, «Ҳадид» сураси, 4-оят).

5 – “Иқтарабатис-саъату ваншаққал қамар” – “(Қиёмат) Соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди”. (Қуръони карим, «Қамар» сураси, 1-оят).

ОДАМ: “РАББАНО ЗАЛАМНО”1 — ДЕБ ЎЗ ГУНОҲИНИ ЎЗИДАН КЎРГАНИ
ВА ИБЛИС: “БИМО АҒВАЙТАНИ”2 — ДЕБ
ЎЗ ГУНОҲИНИ ҲАҚ ТАОЛОГА ТЎНКАГАНИ

Иккисин кўр: Ҳақ ишин, бизнинг амал,
Неки бор, пайдо қилар Ҳақ ҳар маҳал. 1480

Одамийга ўз иши боғлиқ эмас,
“Нега қилдинг бундайин?” деб айтма, бас.3

Ҳақ ижоди биздадир мавжуд азал,
Ҳақ яратган белгидир бизнинг амал.4

Сўзлагувчи маъни ёхуд сўз кўрар,
Икки ҳол бир жойда қандоқ жам бўлар?

Кўрса маънони, ниҳон қолгуси сўз,
Бир қараб олд-ортини кўргайми кўз?

Ул замон, олдингни сен кўрган ҳамон,
Бир йўла ортингни кўргайсан қачон? 1485

Сўз билан маънони жон айро билар,
Иккисин бирдан нечук пайдо қилар?

Эй, ўғил, Ҳақ борни қамрар ҳар маҳал!5
Бир ишинга бошқа иш бермас халал.6

Деди шайтон: “Йўлдан урдинг Сен мани”,
Шум, ёвуз феъли ниҳон эрди ани.

Деди Одам: “Айладик ўзга жафо”,
Ҳақ ишиндан ул эмасди мосуво.

Айбини қилмиш адаб сақлаб ниҳон,
Айбидан тонмай, у топди ажру шон. 1490

Тавба қилгач, Ҳақ дедики: “Эй, Одам,
Мен яратгандим-ку нуқс-айбингни ҳам.

Ул ҳукм эрди маним ҳукмим аён,
Сен узр вақти нечун тутдинг ниҳон?”

Деди Одам: “Қўрқиб, одоб сақладим”,
Деди: “Одобингни кўргач, асрадим”.

Кимки ҳурмат қилса гар ҳурматланар,
Ҳолва ейди, кимки қанд элтгай агар.7

Ким учун поклик, сафо? “Ли-т-таййибин”,
Ёрни суй, сўнг ранжитиб кўргин тағин.8 1495

Бир мисол келтир, кўнгил, то қил баён,
Ихтиёр бирлан жабр фарқин аён.

Титрагай қўл хасталикдан, гоҳи дам
Титрагай қўл ихтиёрий тарзда ҳам.

Иккисин ҳам Ҳақ яратган қалтироқ,
Иккисин бир нарса деб билма, бироқ.

Бўлгуси пушмон – уни титратгани,
Гар ўзи титрар, пушаймонлик қани?

Бул ақл баҳси. Нечук ул? Ҳийлагар,
Ҳар заиф, балки, у ёнга тирғалар. 1500

Гар ақлнинг баҳсидир маржону дур,
Ўзга бир баҳс борки, жон баҳси эрур.

Ўзгадир қай бир мақомда борлиги,
Ўзгадир жон бодасин пойдорлиги.

Ул ақл баҳси қачонки фош эди,
Бул Ҳаким бирлан Умар сирдош эди.9

Ақлидан келгач Умар жонга дадил,
Бул Ҳаким ҳукми-ла бўлмиш Бул Жаҳл.

Ақлу ҳиснинг наздида комил эди,
Лек, у жоннинг қошида жоҳил эди. 1505

Бил ақл баҳсини таъсир ё сабаб,
Англа, жон баҳсин ажаб ё булажаб.

Келди, эй, ёғдупараст, жон ёғдуси,
На зарурат, нафталаб на қолгуси.

Кимки кўргай ёғдусин гар ёруғ ул,
Ҳар асо янглиғ далилдан фориғ ул.

——————————
1 – “Улар: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз”, дедилар”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 23-оят).

“Раббано заламно” – “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга зулм қилдик”.

2 – “У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 16-оят).

“Бимо ағвайтани” – “Мени йўлдан оздирганинг сабабли”.

3-4 – “Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Оллоҳ яратган-ку?!” (Қуръони карим, «Вас-Саффот» сураси, 96-оят).

5 – “Осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир. Оллоҳ ҳамма нарсани Иҳота қилгувчи – Ўраб олгувчи бўлган Зотдир”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 126-оят).

6 – Бу сатр Али ибн Абу Толибнинг “Уни бир иш бошқа бир ишдан чалғитолмайди” деган фикрининг бироз ўзгартирилган шакли.

“Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У Зот ҳар куни иш-амалдадир”. (Қуръони карим, «Раҳмон» сураси, 29-оят).

7 – “Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 160-оят).

8 – “…Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни, нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат неъматлари) бордир”. (Қуръони карим, «Нур» сураси, 26-оят).

“Ли-т-таййибин” – “Покиза (эрлар) учун”

9 – Абу Жаҳл – дастлаб унинг лақаби Абу-л-Ҳаким бўлиб, Умар ибн Хаттоб билан бир сафда эди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига иймон келтирмагандан сўнг лақаби ўзгарган.

“ВА ҲУВА МАЪАКУМ АЙНАМО КУНТУМ”1 ОЯТИНИНГ ТАФСИРИ

Биз тағин қисса сари бўлдик равон,
Қиссани тарк айлаган эрдик қачон?

Жаҳлимиз Ҳақ чоҳининг энг қаъридир,
Илм аро эрсак, бу Ҳақнинг қасридир. 1510

Ухласак, Ул мастидирмиз баримиз,
Гар эсак бедор, Унинг измидамиз.

Ул булутин сувимиз пок, йиғласак,
Кулгимиз чақмоғидан бергай дарак.2

Жанг, ғазабда қаҳрин акси бор Унинг,
Узру сулҳ этганда, меҳри ёр Унинг.

Асли киммиз тўзғиган олам аро?
Бир алифмиз. Унда не бор? Ҳеч вақо.

———————-
1 – “Ва ҳува маъакум айнамо кунтум” – “Сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир”. (Қуръони карим, “Ҳадид” сураси, 4-оят).

2 – “Албатта кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир”. (Қуръони карим, «Нажм» сураси, 43-оят).

РУМ ЭЛЧИСИНИНГ, УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУДАН,
СУВУ БАЛЧИҚДАН ИБОРАТ ВУЖУД БАХТСИЗЛИГИГА РУҲНИНГ
НЕГА МУБТАЛО ЭКАНЛИГИ САБАБИНИ СЎРАГАНИ

Деди: “Эй, Уммар, бу не ҳикмат, не сир?
Нега ифлослик аро поклик асир? 1515

Балчиқ ичра тоза сув бўлмиш ниҳон,
Бўлди тан ичра асир покиза жон”.

Деди: “Сен ғоят ажиб баҳс бошладинг,
Сўзларингга маъниларни боғладинг.

Маҳбус этдинг маънини, озодни,
Сўзга банди айладинг сен ёдни.

Сен қиларсан булни, кўзлаб фойдасин
Сенки, парда ичрасан ул фойдадин.

Улки, пайдо айламиш фойда, нафин,
Биз кўриб турганни қандоқ кўрмасин? 1520

Неча юз минг фойдалар бирдак эрур,
Бари бир олдида, лек, қилдак эрур.

Улки, нутқинг жузв жузви эрди, хўш,
Фойда бўлди, не учун кулл кулли бўш?

Жузв эрурсан, ҳар ишингда фойда гар,
Нега куллга ёғдирарсан таъналар?

Сўйлама, гар унда йўқдир фойда бир,
Бўлса гар, сен эътироз, шукринг қидир.

Ҳар бўйинга ҳалқадир Ҳақ шукри, бас,
Ул араз ёхуд қовоқ ўймоқ эмас. 1525

Гар қовоқ ўймоқлигинг шукр ичрадир,
Шукрини сўйловчи ёлғиз сиркадир.

Сирка гар олса жигар томонга йўл,
Айт: Дўниб шарбатга, болдан тотли бўл.

Назм аро маъно бериш осон эмас,
Ул палахмон тошидай ҳеч тўхтамас”.

“МАН АРОДА АН ЯЖЛИСА МАЪАЛЛОҲИ ФАЛИЯЖЛИС
МАЪА АҲЛИ-Т-ТАСАВВУФИ”1 ҲАДИСИНИНГ МАЗМУНИ

Элчини маст айламиш бир-икки жом,
Ёдда қолмиш на рисолат, на паём.

Бўлди Оллоҳ қудратин шайдоси то,
Элчи эрди, бунга келгач бўлди шоҳ. 1530

Бўлди денгиз, сойга келгач сел кейин,
Дон экинзорга тушиб бўлмиш экин.

Нон билан қилгач алоқа Бул Башар,2
Топди нон жони тирикликдан хабар.

Мум, яғоч қилганда ўтга жон фидо,
Зулматин қаъринда нур бермиш жило.

Кўзга суртилганда сурма бирма-бир,
Бунда бўлди посбон, бўлгач басир.

Бахтлидир ул, чиқса гар ўздан ўсиб,
Бир тирик жисмига сўнг пайванд бўлиб. 1535

Вой, у жонга, гар жасад бирлан юрар,
Ўлгай ул, ундан ҳаёт ҳам юз бурар.

Сен агар огоҳ Ҳақ Қуръонидан,
Нам туярсан анбиёнинг жонидан.3

Анбиёнинг ҳоли Ҳақ Қуръонидир,
Ул – балиқ, асровчи Ҳақ уммонидир.

Олмасанг рағбат, ўқиб Қуръонни гар,
Анбиё ҳам авлиёга сол назар.

Гар қабул этсанг, ўқирсан қиссалар,
Жон қушинг сиғмай қафасга қийналар. 1540

Гар қафасда қуш асир, нолон эрур,
То халослик изламас, нодон эрур.

Неки руҳлар бор, қафасдан мосуво,
Анбиёдирлар муносиб раҳнамо.

Ғойибона саслари диндан келур:
“Бил, халослик йўли сенга шул эрур.

Тор қафасдан дин ила бўлдик халос,
Йўқ бу йўлдан ўзга тадбир, чорасоз.

Бўлгин ожиз, инграсин дил зорлари,
Токи бўл овозадан, шондан нари. 1545

Ҳар яралмиш шони тўр, маҳкам эрур,4
Йўлни тўсган қай кишандан кам эрур?”

——————————-
1 – “Ман арода ан яжлиса маъаллоҳи фалияжлис маъа аҳли-т-тасаввуфи” – “Кимки Худо билан бирга ўтиришни истаса, у тасаввуф аҳли билан ҳамроҳ ўтирсин”. (Ҳадис)

2 – Бул Башар – Одам Ато.

3 – “Ким Қуръон ўқиса, унда пайғамбарлик намоён бўлади, фақат, ваҳий келмайди, холос”. (Ҳадис).

4 – “Шуҳрат офатдир…” (Ҳадис).

ТИЖОРАТГА БОРАЁТГАН ЧОFИДА ТУТҚУН ТЎТИСИ ҲИНДИСТОН
ТЎТИЛАРИГА САЛОМ ЙЎЛЛАГАН САВДОГАР ҚИССАСИ

Бор эди тужжор, анга ёр тўтиси,
Тор қафас ичра гўзал, зор тўтиси.

Кўрди савдогар тадорик шул замон,
Ул сафар қилмоқчи бўлди Ҳинд томон.

Ҳар каниз, хизматчисин чорлаб шу пайт
Сўрди: “Мен не келтирай сенларга, айт?”

Барчаси ўз истагин билдирди шод,
Ваъда берди барчага ҳимматли зот. 1550

Тўтидан сўрмиш: “Гапир, сенга бу он,
Келтирай Ҳинд юртидан не армуғон?”

Деди: “Ногоҳ тўтилар дуч келса гар,
Ушбу ҳолим тарзидан бергин хабар.

Айт, фалон бир тўти сизга интизор,
Бизга тақдир улни этмиш банди, ёр.

Йўллагай сизларга пайғом оташин,
Истагай сиздан бирор йўл чорасин.

Балки, дўст дийдорига муштоғу зор,
Жон берарман бунда мен девонавор. 1555

Менга тутқунлик раводир жилвасиз,
Сиз дарахтзор ҳам чаманлар ичрасиз.

Шулмикан дўстдан вафолар, оҳ, наҳот?
Мен асир, сизлар гулистон ичра шод.

Ёдда сақланг мендайин зор қушни ҳам,
Бир саҳар бўлгач чаманзор ичра жам.

Дўстни гар ёд этса дўст, мамнун эрур,
Чунки, чин дўст Лайлию Мажнун эрур.

Ёр қучиб, сиз унда топгайсиз фараҳ,
Мен ичарман бунда қоним лиқ қадаҳ. 1560

Бир қадаҳ май бирла бўл ёдимга ёр,
Келмагай бергинг агар додимни зор.

Битта хоксор хотирин ўйлаб ҳазин,
Ул қадаҳдан хокка тўк бир қатрасин.

Воажаб, қайларда ул аҳду қасам?
Ҳам шакар лаб ваъдаси, лутфу карам?1

Фарқ қани, қул гар ёмондир – ҳоли танг,
Гар ёмонга сен ёмонлик айласанг?

Эйки, қаҳринг келса, берсанг гар жазо,
Бил, самоъ, чанг бонгидан хуш ул наво. 1565

Эй, жафоси молу мулкдан яхшироқ,
Интиқоминг жондан афзал дўст, иноқ.

Оташинг бул бўлса, қандоқ сенда нур?
Мотаминг бул бўлса, қандоқ ул сурур?

Ҳар жафо-жабринг ҳаловат бахш этар,
Айласанг лутф, айт, тубингга ким етар.

Қўрқаман, менга ишонгай, нолисам,
Раҳми келгач, жабрин айлар деб У кам.

Айладим Ул қаҳрию раҳмин талаб,
Икки зиднинг ошиғиман, воажаб! 1570

Бўлса боғ, валлоҳ, тикондан сўнг макон,
Шул сабаб, булбулдайин қилгум фиғон.

Бир ажиб булбулки, оғзин очса ул,
Луқмадир унга тиконлар бирла гул.

Бул не булбул? Бул – оловнинг аждари,
Унга хушдир ишқ билан нохуш бари.

Кулл ўзи, ҳам куллга ошиқ, беқарор,
Ўзига ошиқдир, ўз ишқига зор”.

————————-
1 – “Эй мўминлар, битимларга (Оллоҳ таоло билан ўрталарингиздаги битимларга – У Зотга бандалик қилиш ҳақида берган аҳд-паймонларингизга ҳам, ўзаро бир-бирларингиз билан келишиб олган битимларингизга ҳам) вафо қилингиз!”. (Қуръони карим, «Моида» сураси, 1-оят).

ЗИЙРАК ҚУШЛАРНИНГ ИЛОҲИЙ ҚАНОТИ БАЁНИДА

Шул йўсин жон тўтисин нақли келур,
Қайда ул, қушларгаким маҳрам эрур? 1575

Қайда ул қушким, заиф, ширкдан нари?
Ҳам ул ичра шоҳ Сулаймон лашкари?1

Тортса гар оҳу фиғонлар зору зор,
Етти иқлим қалбини қоплар ғубор.

Юз хабар Ҳақдан – чиқарса бир садо,
Битта “Ё, Рабб”ига юз “лаббайк” ато.2

Тоатиндан айби афзал Ҳақ учун,
Куфрининг олдида иймонлар юпун.3

Ҳар нафасда унга хос меърож бўлар,
Бошига юз хосу мумтоз тож қўяр. 1580

Жисми ерда, жони бўшлиқ қаърида,
Ломаконким, жўн хаёлдан нарида.

Ломаконким, айлагай ақлингни лол,
Ҳар нафас пайдо эрур унда хаёл.

Унга тобе ломакон ичра макон,
Тўрт ариқ жаннатники бўлгансимон.4

Қисқа қил бул шарҳини, юз бур шу тоб,
Урма дам, “валлоҳу аълам би-с-савоб”.5

Биз яна қайтдик, аё, дўстлар, бу кез,
Тожиру тўти ва Ҳиндистонга тез. 1585

Қуш паёмин олди тожир – йўлга шай,
Деб, саломин тўтиларга етказай.

————————
1 – “Ер ҳам, осмонлар ҳам мени сиғдира олмас, аммо, мўмин бандамнинг қалбига сиғаман”. (Ҳадис).

2 – “Эй, Парвардигор” Ҳақ “лаббайк”ларин пайдо қилди.

“Лаббайк” – “Ҳозирман”

“Мўмин банданинг дуоси ижобат бўлади. Вақтики банда “Эй, Парвардигорим!” – деса, Оллоҳ таоло унга “лаббайка” деб жавоб беради. (Ҳадис).

3 – “Мўминнинг нияти қилган ишидан афзалроқдир. Кофирнинг нияти қилган ишидан ёмонроқдир”. (Ҳадис).

4 – “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир…” (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 15-оят).

5 – “Валлоҳу аълам би-с-савоб” – “Оллоҳ савоб(Ҳақ)ни билгувчи Донодир”.

САВДОГАРНИНГ САҲРОДА ҲИНДИСТОН ТЎТИЛАРИНИ УЧРАТГАНИ
ВА ЎЗ ТЎТИСИДАН ХАБАР ЕТКАЗГАНИ

Етди Ҳиндистонга савдогарки то,
Кўрди бир тўп тўтиларни чўл аро.

Отини тўхтатди, сўнг чорлаб барин,
Сўйламиш қушнинг омонат гапларин.

Тўпдаги бир тўти шул дам ногаҳон,
Қалтираб, ҳолсиз йиқилди, берди жон.

Сўзидан тожир пушаймон, қолди лол
Деди: “Бир қуш жонига бўлдим завол. 1590

Бул, наҳот, ул тўти бирлан қони бир?
Бул, наҳот, икки вужуд, лек, жони бир?

Оҳ, нечун мен унга келтирдим салом?
Хом гапимдан куйди бул шўрлик тамом”.

Тил мисоли темиру тошдай эрур,
Неки тилдан чиққай, оташдай эрур.

Тош-темирни беҳуда қилма хилоф,
Сўйласанг гоҳ қисса, гоҳ урганда лоф.

Қоп-қоронғу, ҳар тараф гар пахтазор
Пахта ичра учқуну ўтга не бор? 1595

Улки золим қавмдир, кўр кўзлари,
Куйдириб оламни буткул сўзлари.

Битта сўз дунёни вайрон айлагай,
Ҳам ўлик тулкини арслон айлагай.

Барча жон Ийсо даминда жам эрур,
Гоҳ жароҳат, гоҳида малҳам эрур.

Гар ҳижобдан айри эрса барча жон,
Эрди ҳар жон лафзи ҳам Ийсосимон.

Гоҳ ширин сўз истасанг мисли шакар,
Қил сабр, ҳирс ҳолвасиндан қил ҳазар. 1600

Сабру тоқатдир закийлар ёғдуси,
Ҳолвадир барча гўдаклар орзуси.

Кимда бор сабри гар, осмонга етар,
Ким егай ҳолва, тубанликка кетар.

ФАРИДУДДИН АТТОР 1 ҚАДДАСАЛЛОҲУ РУҲАҲУ СЎЗИНИНГ ТАФСИРИ:

Сен, эй, нафс соҳиби, ғофил, шу тупроқ ичра қон ичгил,
Ки кўнгил соҳиби ичгай агар оғу, асал бўлгай.

Кўнгил аҳли кўрмагай ҳеч гоҳ зарар,
Ошкор ичганда ҳам қаттол заҳар.2

Чунки, соғлик топди, парҳез қилмагай,
Ҳирсталаб тафт ичра ором билмагай.

Деди Пайғамбарки: “Эй, журъатли кас,
Ҳеч талаб аҳли билан сен қилма баҳс.3 1605

Сенда бор Намруду ўтни айла даф,
Ёки Иброҳим бўлиб бор ўт тараф.

На сузолгайсан на сенда кема бор,
Қил сабр, бўлма ҳалокатга дучор!

Улки ўтдан ундирар гул, бехатар,
Келтирар буткул зарарлардан самар.

Кимки комил, бўлди зар, хок олса гар,
Кимки ноқис, бўлди кул, олганда зар.

Ҳақ суяр, ким тўғри йўлда ҳар маҳал,
Қўлидир Ҳақ Қўли, қилгай не амал.4 1610

Қўл тутар шайтонга, ноқис бўлса ким,
Чорлагай қопқонга макри бетиним.

Унда нодонлик мудом зоҳир бўлар,
Илмидир нодонлиги, кофир бўлар.5

Неки иллат олса, иллат бўлгуси,
Кимки кофир, куфри миллат бўлгуси.

Эй, пиёда, қилма отлиқ бирла баҳс,
Бош керак бўлса, бу баҳсни айла бас.

———————-
1 – Фаридиддин Муҳаммад ибн Абубакр ибн Иброҳим Аттор (1448/51 – 1220) – форс-тожик мутафаккири, мутасаввиф шоир. Замонасининг Тариқат пешволаридан бири бўлиб, “Фаридиддин” (“динда ягона”) ва шайх унвонларини олган. Мўғулларнинг Эронга биринчи босқини пайтида душман қўлида ҳалок бўлган. Нишопурда дафн этилган. “Илоҳийнома”, “Мусибатнома”, “Мазҳар ул-ажойиб”, “Асрорнома”, “Ҳайдарнома”, “Жавҳар уз-зот”, “Ҳайлож”, “Мухторнома”, “Хусравнома”, “Шарҳ ул-қалб”, “Булбулнома”, “Меърожнома” каби асарларида илоҳий маърифат ғояларини тарғиб этган, Ҳақ ва ҳақиқат сирларини кашф қилишга уринган. Асосий асарларидан бири “Мантиқ ут-тайр” (“Қуш нутқи”) достони сўфийликнинг энг йирик адабиё ёдгорлиги ҳисобланади. “Тазкират ул-авлиё” асари ислом оламида машҳур.

2 – “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун – агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб, (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Оллоҳдан) қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар – (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Оллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади”. (Қуръони карим, “Моида” сураси, 93-оят)

3 – “Бас, улар (яъни, замондош аҳли Китоблар билан Асҳобул-Каҳф) хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала мунозара қилинг ва (Асҳобул-Каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатфо – савол сўраманг!” (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 22-оят).

“Биродаринг билан тортишма ва унинг устидан кулма”. (Ҳадис).

“Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини ўзи азоблайди. Кимнинг ғами кўпайса, бадани касалланади. Кимнинг кишилар билан тортишаверадиган одати бўлса, ҳурмати кетади ва обрўси тушади” (Ҳадис).

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳга байъат қилурлар — Оллоҳнинг Қўли уларнинг қўллари устида бўлур…”(Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 10-оят).

“Яҳудийлар: “Оллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни, бахил), дедилар, – Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. – Йўқ! У Зотнинг ҳар икки қўли очиқдир ва Ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур…” (Қуръони карим, “Моида” сураси, 64-оят).

5 – “(Устларига) Таврот юкланган сўнгра уни кўтара олмаган (яъни, унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди (устига ортиб қўйилган) китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, бу кимсалар унинг вазминлигидан чарчаб толадилар-у, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар)…” (Қуръони карим, «Жумъа» сураси, 5-оят).

СЕҲРГАРЛАРНИНГ МУСО АЛАЙҲИССАЛОМДАН:
“АВВАЛ СЕН АСО ТАШЛАЙСАНМИ?”- ДЕБ СЎРАГАНИ

Жодугарлар Фиръавннинг амридин ,
Қилдилар таҳдид, Мусога фитна-кин.1 1615

Лек, Мусони пешқадам деб билдилар,
Эҳтиром айлаб, мурувват қилдилар.

Дедилар: “Не сўйласанг, бўлгай бажо,
Истасанг, сен аввало ташла асо”.

Деди: “Йўқ, аввал сиз айланг ошкор,
Ўздаги сеҳру макрни, неки бор!”.

Бул карам чалғитди фикру йўлларин,
Ҳам ғараз кесмиш оёғу қўлларин.

Бор сеҳргарлар бериб Мусога тан,
Қўл-оёғи сўнг кесилмиш зиддидан.2 1620

Луқма бирлан сўз ҳалол комил учун,
Бўлмасанг комил, ема, айлар забун.

Сен қулоқсан, тил у, сендан айридир,
Ҳар қулоққа “Анситу” Ҳақ амридир.3

Қай гўдак янги туғилгай, ўша чоқ,
Анча фурсат жим туриб, солгай қулоқ.

Сўзга лаб очмас, тияр бир зум тилин,
Англагунча токи сўзнинг нелигин.

Айлагай “тий-тий”, қулоқ солмай агар,
Ўзни бул оламда айлар гунгу кар. 1625

Ҳеч қулоқ солмас, яралган бўлса кар,
Сўйласин қандоқ, ахир, гунг бўлса гар?

Сўзни аввал тингламоқ жоиз эрур,
Тингламоқ мантиқ томонга йўл берур.

“Удхулу-л-абёта мин абвобиҳо,
Ва-т-лубу-л-ағроза фй асбобиҳо”.4

Тингламоқдан сўз агар олис эрур,
Бил, фақат, Оллоҳ сўзи жоиз эрур.

Ул яратгай, пир-паноҳи йўқ Унинг,
Ул суянчиқ, такягоҳи йўқ Унинг. 1630

Ўзгалар сўз ва амалда неча бор
Бўйсунар устозига, ўгитга зор.

Бўлмаса сенга бу сўз бегона гар,
Жанда кий, ёш тўк, юриб вайроналар.

Топди кўз ёшин тўкиб Одам нажот,
Тавбакорга бўлгуси кўз ёш қанот.

Ерга келмиш гиря деб Одам ҳазин,
Токи гирёнликда қилсин ноласин.

Кетди жаннат, етти қат кўкдин у то
Узрини сўрмоқ учун пойгоҳ аро. 1635

Сен агар эрсанг Одамнинг зотидан,
Қил Одам янглиғ талаб, юр ортидан.

Қалбда ўт ёндир ва кўз ёшингни тўк,
Бил, булут, офтоб тарар бўстонга кўрк.

Ёшли кўзлар завқи йўқ сенда чунон,
Нонни суйдинг, кўрмагандай, худди, нон.

Нонидан бўш бўлса бул халтанг агар,
Унга тўлгай иззат отлиғ сийму зар.

Ичмасин шайтон сутин жон гўдагинг,
Сўнг малакларга шерик қил, йўллагин. 1640

Токи торсан, тийрасан, зулмат аро,
Сен лаъин шайтонга бир сингилнамо.5

Нур тараб, бергай камол ҳар луқма гар,
Бил, ҳалол касбу ҳунардан ул унар.6

Қайси мойдан сўнса гар бизнинг чироқ,
Гар чироқ сўнгай, у сув, моймас, бироқ.

Илму ҳикмат топилур пок луқмадан,
Ишқ, меҳр ҳам ёғилур пок луқмадан.7

Луқмадан кўрсанг хусумат бирла дом,
Жаҳлу ғафлат келтирар, билгил ҳаром. 1645

Арпани, буғдой экиб, ўрганмисан?
От хўтик туққайми, айт, кўрганмисан?

Луқма дондир, жавҳари – фикру хаёл,
Луқма – уммон, гавҳари – фикру хаёл.

Бўлса бўғзинг ичра луқма гар ҳалол,
Ул жаҳонга кетмагинг келмас малол.

—————————
1 – “Бас, улар арқон ва асоларини (Ерга) ташладилар ва: “Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз”, дедилар…” (Қуръони карим, «Шуаро» сураси, 44-47-оятлар).

2 – “Улар айтдилар: “Эй Мусо, ё сен (қўлингдаги асони) ташла, ёки биз (ўзимизнинг қўлимиздаги нарсаларимизни) ташлаймиз”. (Мусо): “Сизлар ташланглар”, деди. Бас, улар ташлаган эдилар, одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 115-116-оятлар).

“(Шу пайт) у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида Ерга ташланиб: “Бизлар барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дедилар. Фиръаве айтди: “Мен сизларга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Шубҳасиз, бу қилган найрангларингиз ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир. Энди яқинда билурсиз – албатта мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни) кесурман, сўнгра сизларнинг барчангизни дорга осурман”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 120-124-оятлар).

3 – “Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз – шояд (Оллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 204-оят).

“Анситу” – “Жим турингиз”.

4 – “ …Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Оллоҳдан қўрқингиз! Шояд нажот топсангиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 189-оят).

“Удхулу-л-абёта мин абвобиҳо,
Ва-т-лубу-л-ағроза фй асбобиҳо” – “Уйларига эшикларидан кирингиз, сабабларидан манфаат ахтарингиз”.

5 – “… Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик – нурдан қоронғу – зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 257-оят).

6 – “(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни Билгувчидирман”. (Қуръони карим, «Мўминун» сураси, 51-оят).

7 – “Эй инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар!..” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 168-оят).

САВДОГАР ЎЗ ТЎТИСИГА ҲИНДИСТОН ТЎТИЛАРИ БИЛАН ҚАНДАЙ
КЎРИШГАНИНИ СЎЙЛАБ БЕРГАНИ

Қилди савдогар тижоратни тамом,
Қайтди ўз манзилига, элтиб паём.

Олди ундан совғасин ҳар битта қул,
Ҳар канизга бир матоҳ келтирди ул. 1650

Тўти сўрмиш: “Мен учун ҳадянг надир?
Неки кўрдинг, сўйладинг, айт бирма-бир”.

Деди: “Мен афсус-надомат айларам,
Энди бармоғимни тишлайман бу дам.

Қайданам элтдим хабар хом, фойдасиз,
Бул маним нодонлигимдан, шубҳасиз”.

Деди: “Сен беҳад пушаймон, дарғазаб?
Айт, надир ғам бирла қаҳрингга сабаб?”

Деди: “Учраб тўтиларга ногаҳон,
Айладим бор арзу зорингни баён. 1655

Дардларинг бир тўти ҳис қилган ҳамон,
Титради, ўти ёрилди, берди жон.

Дедим аттанг, не учун бердим хабар?
Энди бул пушмонлигимдан не самар?”

Қай калом учгай тилингдан ногаҳон,
Ўқ эрур, учган камондан бегумон.

Ортга ўқ қайтмайди, эй, ўғлон, тағин,
Бошидан тўсмоқ керак сел йўлларин.

Тўсмасанг бошдан, жаҳон сел ичрадир,
Не ажаб, дунёни элтса бирма-бир. 1660

Неки ғайбдан келса, ундан қолгай из,
Оқибат рўй бергуси халқ ҳукмисиз.

Неки бор, ёлғиз яратмишдир Эгам,
Не яралмиш, бизга дахли бўлса ҳам.

Зайд Амирга ўқ узаркан ногаҳон,
Ўқ Амирга солди чанг йўлбарссимон.

Бир йил ичра дард яралмиш, ҳар нафас,
Дардни Ҳақ пайдо қилар, одам эмас.

Қўрқиб ўлса шунда гар отгувчи Зайд,
Токи ўлгунча туғилгай унда дард. 1665

Оқибатда ўлдирар дарди, лекин,
Зайдни сен аввал сабаб қотил дегин.

Унга мансуб дард бари ундан эрур,
Гарчи барча ҳодиса Ҳақдан келур.

Ҳам зироат, ҳам нафас, дому жимо,
Бўлди Ҳақнинг қудратин туйгач бино.1

Авлиё олгай Илоҳдан қудратин,
Учган ўқни қайтарар ортга тағин.

Берк – сабабдан оқибат эшиги то,
Бўлса пушмон Ҳақ қўлиндан авлиё. 1670

Дер, демас, очиқ эшикдан ўша тоб
Қилгуси, то куймасин сих, ҳам кабоб.

Қайси дилда ул фикр бергай садо,
Айлагай улни ниҳону бебақо.

Гар далил қилсанг талаб, бергай жило,
Ўқигин: “Мин оятин ав нунсиҳо”.2

Англа, “Ансавкуму зикри” оятин,
Бил, унуттирмоқ кучию қудратин.3

Гоҳ унуттиргай улар, гоҳ эслатар,
Бор яралмиш қалбини ишғол этар. 1675

Боғлагач ғафлат нигоҳнинг йўлларин,
Иш қилар ким, боғласанг гар қўлларин?

“Хилтуму сухриййатан” аҳл-ас-суму,
Сен Китобдан тингла то “ансавкуму”.4

Кимки мулкка эга, тан султонидир,
Қалбга ким соҳиб, у дил ҳоқонидир.

Ҳар амал унмиш назардан, йўқ шак,
Қорачиғдан ўзгамас банда, демак.

Айта олмам мен бу сўзлар ҳаммасин,
Бунга йўл бермайди асло Қутбу дин. 1680

Не унутгай халқу нени ёд этар,
Унга боғлиқ, барча додга ул етар.

Дилда не яхши-ёмон бор, бегумон
Тарқатар ҳар кеча ўшал нурга кон.

Кунда қалб лим-лим тўла нур айлагай,
Ул садафдан энг асил дур айлагай.

Воқиф ул ўтган ва кетган фикридан,
Ҳам танир ҳар тўғри йўлни зикридан.

Илм амаллар сенга бўлсин мангу ёр,
То сабаб эшикларин очсин қатор. 1685

Бўлмагай темирчи заргар ҳеч қачон,
Хулқи соз бўлмайди, мункир бўлса жон.

Ҳар амал, жонлар жиҳоздай, сўнгги он
Келгуси ўз соҳибига бегумон.

Уйқудан сўнг кўз очиб бор жон, амал,
Қайтадир ўз соҳиби ёнга жадал.

Ўй-амаллар қайтадир, отганда тонг,
Қайтадир, ҳар неки бор яхши-ямон.

Худди, каптарлар мисол, кезгач шаҳар,
Келтирар юртига ёзмишдан хабар. 1690

————————
1 – “Сизлар (хотинларингизнинг бачадонига) тўкадиган маний-уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб курдингларми? Уни сизлар (комил инсон қилиб) яратурмисизлар ёки Биз яратгувчимизми?!” (Қуръони карим, «Воқеа» сураси, 58-59-оятлар).

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Оллоҳ ҳар нарсага Қодир зот эканини билмадингизми?” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 106-оят).

“Мин оятин ав нунсиҳо” – “Бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқасак”.

3-4 –“Фаттахазтуҳум сихраййан ҳатта ансавкум зикри ва кунтумм минҳум тазҳакун” – “Сизлар эса уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унутдирди. Сизлар улардан кулган эдингиз”. (Қуръони карим, «Мўминун» сураси, 110-оят).

“Авсавкуму зикри” – “Мени эслашни унутдирди”.

“Хилтуму сухриййатан аҳл-ас-суму” – “Сизлар уларни масхара қилдингиз”.

“Ансавкуму” – “Сизларни унутдирди”

УЛ ТЎТИЛАРНИНГ ҲАРАКАТИНИ ЭШИТИБ, БУ ТЎТИНИНГ ҚАФАСДА
ЖОН БЕРГАНИ ВА САВДОГАРНИНГ УНГА НОЛА-ФАРЁДИ

Тўтининг не қилганин тинглаб шу он,
Қалтираб, бул тўти ҳам топширди жон.

Хожа лол қолди бу ҳолдан, қўзғалиб
Ерга урди сўнг кулоҳин ўртаниб.

Хожа бул ҳолдан бутун бўлмиш адо,
Ўрнидан сапчиб, шу он йиртмиш яқо.

Деди: “Оҳ, бийрон қушим, эй, беназир,
Сенга не бўлди, бу ҳолинг, айт, надир?!

Водариғ, оҳ, хушнаво, дилдош қушим!
Водариғ, оҳ, ҳамдамим, сирдош қушим! 1695

Водариғ, хушхону армоним маним!
Руҳга ёрим, равза-райҳоним маним!

Бўлса сендай қуш Сулаймонда у пайт,
Бошқа қушга қайрилиб боққайми, айт?

Водариғ, арзонга топгандим, бироқ,
Тўймадим дийдорига, кетмиш йироқ!”.

Эй, тилим, кони зарарсан бетиним,
Ҳамда гўё, сенга не ҳам дер эдим?

Эй, тилим, оташ ўзинг, хирмон ўзинг,
Токай ул хирмонга ўт қўйгай сўзинг? 1700

Сен сабаб, жон ўртаниб, чеккай жафо,
Гарчи, не айтсанг, барин айлар бажо.

Эй, тилим, поёни йўқ ганж ҳам ўзинг!
Эй, тилим, дармони йўқ ранж ҳам ўзинг!

Гаҳ тузоқ қушларга, маккор ҳам ўзинг!
Айрилиқ дардига гаҳ ёр ҳам ўзинг!

Гоҳ омонлик келтириб, эй, беомон!
Қасд қилиб, жонимга тортгайсан камон!

Боқ, қушим қўлдан учиб кетмиш бу дам,
Сен ситам саҳросига дон ташла кам! 1705

Бер жавобим ёки менга бир мадад,
Шодлигимга ё сабаб бер беадад.

Водариғ, нурим маним тунлар аро,
Водариғ, тонгим маним кунлар аро!

Водариғ, оҳ, кўкка парвоз қилганим,
Охиримдан аввалимга келганим!”

Fамга ошиқ ўлгуси нодон абад,
Ўқи “ло уқсим”ни сен то “фй кабад”.1

Шод эдим нурли юзингнинг васлидан,
Пок эдим жўшгувчи сойин мавжидан. 1710

Оҳларим соғинч ўйи, ингроқ эрур,
Ўз вужудим бирма-бир тилмоқ эрур.

Чора йўқ Ҳаққа, бу Ҳақнинг азми, бас,
Борми дил, Ҳақ ишқидан садпорамас?

Рашки шулким, ўзгадир Ул ҳаммадан,
Ҳам баланд ҳар хил баёну ғалвадан.

Водариғ, кўз ёшларим, дарё эдинг,
Менга ёримдан ато, савғо эдинг!

Оҳ, қушим, зийракҳушим, оҳ, тўтижон!
Барча сир-асрорларимга таржимон! 1715

Менга келмиш неки эзгу, неки дод,
Сўйламиш аввалда Улки, айла ёд.

Қайси бир қуш гар ваҳий-ла берса ун,
Ул вужуди ибтидодан ҳам бурун.2

Ўша тўти сенда, сен ичра ниҳон,
Кўрдинг ул-булларда ундан бир нишон.

Шод эрурсан, шодлигингни элтса ул,
Зулмини инъомдай этгайсан қабул.

Эйки, жонни тан учун ёқдинг у дам,
Жонни ёққан чоғ ёритдинг танни ҳам. 1720

Ўзни ёқдим, ким қалов истар бу дам?
Токи ёқсин мен билан хасларни ҳам!

Гар қалов бўлгай аланга бирла бир,
Торт қаловни, ул олов элтгай, ахир!

Водариғ-эй, водариғ-эй, водариғ!
Ой булут остинда қолмиш ноаниқ!

Мен олай қандоқ нафас? Ёнмоқда жон,
Беқарор ҳижрон шери тўкканда қон.

Улки ҳушёр эрди, масту дарғазаб,
Не бўлар, қўлга қадаҳ олса, ажаб? 1725

Сиғмагай маст шер баёнга, лим тўлар,
Ул чаман кенглигидан ҳам кенг бўлар.

Қофия ҳаққинда гар ўйлай десам,
“Ўйла дийдоримни” дер Дилдор бу дам.3

Шод ўтир, эй, қофиясозим маним,
Қофия мулки ўзинг бунда азим!

Сўз надирки, ўйларинг ул сорида?
Сўз тикондир токзор деворида.

Ҳарфу савту сўзга мен барҳам берай,
То учовсиз сен билан суҳбат қурай. 1730

Айладим бул сўзни Одамдан ниҳон,4
Сенга, эй, сир олами, қилгум баён!

Айтмадим бул сўзни Иброҳимга ҳам,
Жабраил ҳам билмаган ғамдир бу ғам.

Шундайин сўзки, Исо ул сўзга лаб
Очмади “мо”сиз, Худо азми сабаб.

“Мо” надир? Инкори исботнинг у, бас,
Зотсиз инкорману исбот эмас.

Топдим ул касликни нокасликда мен,
Алмашиб касликни нокасликка мен”. 1735

Барча шоҳлар бандасидир бандасин,
Барча халқлар мурдасидир мурдасин.

Барча шоҳлар пастлигиндан паст эрур,
Барча халқлар мастлигиндан маст эрур.

Ўлжадир қушларга сайёд, аслида,
Бир куни қушларни овлаш қасдида.

Излагай бедилни дилбар жон аро,
Бўлгай ошиқларга маъшуқ мубтало.

Кимки ошиқ, бил уни маъшуқ мудом,
Чунки, хосдир унга ҳар икки мақом.5 1740

Гар жаҳондан ташналар сув ахтарар,
Сув ҳам излар қайда бор деб ташналар.

Ошиқ эрса ул агар, жим тур у чоқ,
Тингламоғинг истаса ул, бўл қулоқ.

Йўлни тўс дарҳол, қутургай сел агар,
Йўқса, кетгай қолдириб вайроналар.

Нега вайронлик аро чекдим фиғон?
Остдадир бир салтанат ганжи ниҳон.

Ҳаққа ғарқ, ғарқ бўлгисин истар тағин,
Остин-устин мавжидек жон денгизин. 1745

Денгиз усти хушми ёхуд қаърими?
Дилга хуш қалқони ё ўқларими?

Пора айлар сени, эй, дил, васвасанг,
Сен сурурни гар балодан фарқласанг!

Гар муродингда шакарнинг таъми бор,
Бемуродликдан мурод топмасми ёр?

Қон тўкар ҳар юлдузин деб юз ҳилол,
Унга олам қонини тўкмоқ ҳалол.

Қадримиз, қон эвазин топгувчимиз,
Жон гаров қўймоқ сари чопгувчимиз.6 1750

Эй, ўлик ҳолда яшовчи ишқ аро,
Дил топилмас, бўлмасанг гар мубтало!

Кўнглин ахтардим қилиб юз ишва-ноз,
Айламиш менга баҳона, эътироз.

Унга айтдим: “Ақлу жоним сенга ғарқ”,
Ул демиш: “Бор, айла бул афсунни тарк”.

Нега билмай, не хаёлинг ичра бор?
Эй, ғилай, қандоқ кўрингай сенга Ёр?

Эй, меҳрсиз, арзимас билдинг уни,
Чунки, сен арзонга олгандинг уни. 1755

Кимки арзон олса, арзон топширар,
Бурда нон деб, бола бергай сийму зар.

Ишққа ғарқман, бўлса ким бул ишқ аро,
Илк ва энг охирги ишқдир унда жо.

Қисқа айтдим, этмадим борин баён,
Йўқса, куйгай ҳам баёну ҳам забон.

“Лаб” десам, дарё лаби иншо эрур,
“Ло” дейишдан мақсадим “илло” эрур.7

Лаззатим боис маним тунддир юзим,
Жим эрурман, гарчи кўп айтар сўзим. 1760

Икки олам лаззатин токи бу он,
Юзларим тунд пардаси этсин ниҳон.

Токи бул сўз ҳар қулоққа кирмасин,
Сўйладим ғайб сирларин юздан бирин.

——————————
1 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шу шаҳарга — ҳолбуки, Сиз ҳам мана шу шаҳарда яшарсиз — ҳамда Ота ва ундан бўлган болаларга (яъни, Одам алайҳис-салом ва унинг барча зурриётларига) қасамёд қилурманки; Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик”. (Қуръони карим, «Балад» сураси, 1-4-оятлар).

“Ла уқсим” – “Қасамёд қилурманки”

“Фй кабад” – “Меҳнат, машаққатга яратдик”

2 – “Қуш” – Бу ерда “жон” назарда тутилмоқда

“Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Оллоҳ томонидан пайғамбарларга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Қуръони карим, “Ва-н-нажм” сураси, 3-4-оятлар).

3 – “Оллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини етказинг!” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 223-оят).

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Албатта Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач), қуритилган лойдан инсон Яратувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!”, деганида;” (Қуръони карим, “Ҳижр” сураси, 28-29-оятлар).

5 – “…Оллоҳ уларни яхши кўрур, улар Оллоҳни яхши кўрурлар…” (Қуръони карим, «Моида» сураси, 54-оят).

6 – “Ким менга ошиқ бўлса, мен унга ошиқ бўламан. Мен кимга ошиқ бўлсам, ишқимда ўлдираман. Кимни ўлдирсам, қонига кафил бўламан”. (Ҳадис).

7 – “Ла илаҳа илла-л-Лоҳу” – “Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”

“Илло” – “Ўзга”

09

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan beshinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

“RAJA’NO MIN-AL-JIHODI-L-ASFARI ILA-L-JIHODI-L-AKBARI”1
HADISINING TAFSIRI

Tashqi yovni ayladik biz toru mor,
Ichda undan battari bo’lmish duchor.

Aqlu hushga o’ldirish mansub emas,
Ham quyonga qalb sheri mag’lub emas.

Nafs do’zax ersa, do’zax – ajdaho,
Bo’lmagay daryo suvidan kam, ado. 1375

Yetti dengizni simirgan chog’da ham,
Halqumin chanqog’i bo’lmas zarra kam.

Toshlaru har toshbag’ir kofir qator,
Unga tushgaydir bo’lib sharmandavor.2

Nafsi to’ymas, yutsa ham qancha g’izo,
Kelmagay to unga Haqdan bul nido:

“To’ymadingmi?” Der: “Hanuz, bergil yana”
Deydi Haq: “Ol, senga otash, taft, mana”.

Bul jahon bir luqma unga, dam sayin,
Me’dasi faryod qilar: “Bormi tag’in?” 3 1380

Kelsa gar Haq lomakondan ul tomon,
Ulni sokin aylagaydir “kun fakon”.4

Nafsimiz do’zaxga o’xshaydi tamom,
Chunki, tobe juzvimiz kullga mudom.

Haq qadam qo’ygach, tinar o’t birma-bir
Haqdan o’zga kim kamonin tortadir?

To’g’ri bo’lmog’i kerak yoy o’qlari,
Bul kamonning o’qlari qiyshiq bari.

To’g’ri bo’l yoy o’qi yanglig’, olg’a bos,
Chunki, yoydan to’g’ri o’q bo’lgay xalos. 5 1385

Tashqi yov yengildi, bo’ldim holi xush,
Ichki yov-la aylagum endi urush.

“Qaytamiz asg’ar jihod6dan endi biz”,
Mustafo birlan buyuk jihoddamiz.

Bersa Haq tavfiq, madad, igna bilan
Ko’hi Qofni ag’dararmiz tagidan.

Sherga oson, gar u safni sindirar,
Sherdir ul, gar o’zda nafsni sindirar.7

——————————
1 – “Raja’no min-al-jihodi-l-asg’ari ila-l-jihodi-l-akbari” – “Kichik jihoddan katta jihodga qaytdik, ya’ni, bandaning o’z nafsiga qarshi kurashmog’i katta jihoddir”. (Hadis)

2 – “Endi agar bunday qilolmasangizlar hargiz qilolmaysizlar ham – u holda kofirlar uchun tayyorlab quyilgan do’zaxdan qo’rqinglarki, uning o’tini odamlar va toshlardir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 24-oyat).

3 – “U Kunda Biz jahannamga: “To’lib bitmadingmi?”, dermiz, u esa: “Yana qo’shimcha bormi?”, der”. (Qur’oni karim, «Qof» surasi, 30-oyat).

4 – “Innama amruhu iza aroda shay-an ay yaqula lahu kun fayakun” – “Biron narsani (yaratishni) iroda qilgan vaqtida Uning ishi faqatgina «Bo’l», demoqligidir. Bas, u (narsa) bo’lur – vujudga kelur”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 82-oyat).

Abu Hurayra(r.a) rivoyat qilgan hadis: Payg’ambar (s.a.v) aytdilar: “Jannat bilan do’zax o’zaro bahslashib qolishdi. Do’zax: “Men mutakabbir va zolimlar uchun yaratilganman”, dedi. Jannat esa: “Menga insonlarning faqat zaif, bechoralari kiradi”, dedi. Olloh taboraka va taolo jannatga: “Sen Mening Rahmatimsan, sen sababli bandalarimdan xohlaganimni rahmat qilaman”, dedi. Do’zaxga esa: “Sen azobsan, sen bilan bandalarimdan xohlaganlarimni azoblayman”, dedi. Har ikkisi ham (odamlar bilan) to’lur. Do’zax to’lmay, (Parvardigorga “yana, yana-yana azoblanajak bandalaringdan bergin” deganida) Olloh taolo Oyog’ini (uning ustiga) qo’yib ezadi, bas, u “etarli, yetarli” deydi va shunda to’ladi hamda chetlari bir-biriga jamlanib (yumilib qoladi).

5 – “Bas, (ey Muhammad alayhis-salom), Siz va Siz bilan birga tavba qilgan zotlar o’zingizga buyurilgani yanglig’ To’g’ri Yo’lda bo’lingiz!” (Quroni karim, “Hud” surasi, 112-oyat)

6 – Asg’ar jihod – kichik jihod

7 – “Kurashda yiqitishga kuchi yetgan kuchli emas, g’azabi kelganda o’zini bosishga kuchi yetgan kuchlidir”. (Hadis).

RUM ELCHISINING AMIRULMO»MININ UMAR RAZIYALLOHU ANHU HUZURIGA KELGANI
VA U KO’RSATGAN KAROMATGA GUVOH BO’LGANI

Axtarib kelmish Umarni cho’l kezib,
Bitta Rumlik elchi, poytaxtga yetib. 1390

Dedi: “Hazrat qasri qayda, xojalar?
Lash-lushim, otim qaerga joylanar?”

Dedilar: “Yo’qdir Umarning qasri, lek,
Nurli jon qasri uning, bir shu’ladek.

Garchi shavkat-shon, amirlik nomi bor,
Xuddi, darvish kulbasiday tomi bor.

Qasrini qandoq ko’rarsan, oshno?
Bo’lsa gar ko’ngling ko’zi ko’r, nobino.

Qalb ko’zin illat va xasdan asragin,
So’ng Umar qasriga sen ko’z tashlagin.1 1395

Kimda bordir hirs-havasdan xoli jon,
Ul ko’rar Hazrat va pok qasrin ayon.

Pok edi dog’dan Muhammad sarbasar,
Erdi “vajhulloh”, qayon solsa nazar.

Yor esang gar vasvasa, kinlar bilan,2
“Samma vajhulloh”3ni his aylarmisan?

Kimda bag’rin eshigi ochiq bo’lar,
Har shaharda porlagan oftob ko’rar.

Hamma yerda ko’rinar Haqdan nishon,
Porlagan yulduzlar ichra oysimon. 1400

Ikki barmog’ingni ko’zga qo’ygan on,
Hech ko’ringaymi, axir, senga jahon?

Ko’rmasang, yo’qmas jahon, bor aslida,
Hamma ayb barmoqlaring shum nafsida.

Ko’zdan ol barmoqlaringni o’sha choq,
Xohlagancha shunda sen atrofga boq.

So’rdi Nuhdan ummati: «Qayda savob?»
Dedi: “Ul naryog’da, “vastag’shav sibob”.4

Bosh, yuzingiz to’nga chirmab har qadam,
Ko’rmagaysiz ko’z ochiq bo’lganda ham.5 1405

Odamiy ko’zdir va qolgan bori po’st,
Ko’z erur ul, unda gar aks etsa Do’st.

Ko’rlik a’lo ko’rmagan ko’zdan, biroq,
Bebaqo do’stdan yiroqlik yaxshiroq.

Rumlik elchi bulni tinglab titradi,
Ortdi hazratni ko’rishga istagi.

Intizor bo’lmish Umarga ko’z tikib,
Oti ham anjomlari esdan chiqib.

Har tarafdan, kelsa duch gar kimki bor,
Ulni yo’qlab, izlamish devonavor: 1410

“Bormikan ushbu jahon ichra, nahot,,
Dahr aro jonday nihon bo’lguvchi zot?”

Izlamish toki bo’lay deb unga qul,
Shubhasiz, axtarsa kim, topguvchi ul.

Bir ayol uchrab dedi: “Ko’rdim anin
Bitta xurmo ostida jim yotganin.

Erdi xurmo osti xilvatxonasi,
Soya ostinda yotar Haq soyasi.6

—————————
1 – Jobir ibn Abdulloh (r.a) rivoyat qilgan hadis: Payg’ambar (s.a.v) aytdilar: “Men jannatga kirib (yoki jannatga kelib) bir qasrni ko’rdim. Bas, men: “Bu kim uchun?” – deb so’radim. “Umar ibn Xattob uchun”, deyishdi.

2 – “Ikki biqining orasida turgan nafs eng yovuz dushmaningdir”. (Hadis).

3 – “Mashriq ham, Mag’rib ham Yolg’iz Ollohnikidir. Bas, qay tarafga yuz bursangizlar, o’sha joy Ollohning tarafidir. Shubhasiz Olloh (hamma tomonni) Qamrab olguvchi Bilimdondir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 115-oyat).

“Vajhulloh” – “Ollohning yuzi”

“Samma vajhulloh” – “O’sha taraf Ollohning yuzidir”.

4 – “… har qachon men ularni Sening mag’firatingga (sabab bo’ladigan Din Yo’liga) da’vat qilsam, ular (mening so’zlarimni eshitmaslik uchun) barmoqlarini quloqlariga tiqib, (meni ko’rmaslik uchun yuzu ko’zlariga) kiyimlarini o’rab-chirmab oldilar va (o’z kufrlarida) oyoq tirab turdilar hamda (menga itoat etishdan bosh tortib) kibr-havo qildilar”. (Qur’oni karim, «Nuh» surasi, 7-oyat).

“Vastag’shav sibob” – “Kiyimlarini o’rab-chirmab oldilar”.

5 – “… ko’zlari boru ko’ra olmaydilar…” (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 179-oyat)

6 – “Podshoh Ollohning yerdagi soyasidirkim, uni hurmat qilgan kishini Olloh ham hurmat qiladi. Uni xorlaganni Olloh ham xorlaydi”. (Hadis).

RUM ELCHISINING AMIRULMO’MININ UMAR RAZIYALLOHU ANHUNI
XURMO DARAXTI OSTIDA UXLAB YOTGAN HOLDA TOPGANI

Bordi ul yerga, biroz olis turib,
Titramish birdan Umarga termulib. 1415

Anglagach uyqudagi zot haybatin,
Bir ajib his etdi oshkor hayratin.

Mehru haybat, ikkisi zid bo’lsa ham,
Ikki zidlik joni ichra erdi jam.

Derdi: “Podshohlarni ko’rdim necha bor,
Ham ular oldida topdim e’tibor.

Solmadi qo’rquvga shohlar shavkati,
Lek, meni bosdi bu zotning haybati!

Goh kelib o’rmonda sher, yo’lbarsga duch,
Qilmagandi shunda ham qo’rquv xuruj. 1420

Ayladim ne qirg’inu ne safda jang,
Sher misoli, qayda holim bo’lsa tang.

Gohi qattiq zarb berib, goh zarb yedim,
Boshqalardan dovyurakroq, zo’r edim.

Yerda orom olsa-da jim, bequrol,
Yetti a’zom qaltirar, nedir bu hol?

Haybati Haqdan erur, eldan emas,
Bul yamoqto’nlik, haqir erdan emas.1

Qo’rqsa kim Haqdan, tutib taqvo yo’lin,
Qo’rqadir, ko’rgach uni har insu jin.2 1425

Turdi shunday o’y-xayol birlan kutib,
So’ng Umar uyg’ondi bir soat o’tib.

Egilib berdi Umarga ul salom,
Der Rasul: “Avval salomdir, so’ng kalom”.3

Ul alik oldi va chorlab yoniga,
Yonidan joy berdi so’ng mehmoniga.

“Lo taxofu”4 dir ziyofat birla pand,
Kimki qo’rqsa, bo’lgay undan bahramand.

Kimki qo’rqar, aylagaylar bexatar,
Ko’ngliga taskin berarlar har safar.5 1430

Ulki qo’rqmas, “qo’rqmagil” deb berma dars,
Ne saboq bul? Ul saboqqa zor emas.

G’amli dilni shul yo’sin shod aylamish,
Ham parishon yodin obod aylamish.

So’ylamish qancha kalomlar xush, daqiq,
So’ylagay Haq vasfidan, “ne’mu-r-rafiq”.6

So’yladi Haq suyganin abdolni,
Anglasin deb to maqomu holni.

Hol Kelinchakdan taralgan jilvadir,7
Unga xilvatda maqom yor, birgadir. 1435

Jilvani ko’rgusi shohu boshqa ham,
Lek, aziz Shoh bo’lgusi xilvatda jam.

Xos-avomga aylagay jilva kelin,
Xilvat ichra shoh-la olgay birga tin.

Ko’p erur so’fiylar ichra ahli hol,
Lek, maqom ahlini topmoq ko’p mahol.

Jonining manzillarin ham eslamish,
Ruhining talpinganin ham eslamish.

Ham zamoni yo’q zamondan so’yladi,
Ham aziz qudsiy maqomdan so’yladi. 1440

Ul havodan, jon qushikim yetganin,
Bundan oldin fathu parvoz etganin.

Ulki, har parvozi borlikdan baland,
Ham umid, maqsad va zorlikdan baland.

Bildi do’st yotni Umarkim ul sabab,
Elchining jonin bilib asrortalab.

Shayx edi komil, murid topqir edi,
Shayx chavandoz, ot esa chopqir edi.

Ko’rdi murshid, unda bordir to’g’ri yo’l,
Pok urug’ sochdi o’shal pok yerga mo’l. 1445

————————

1 – Aytishlaricha, Umar ayrimlari charmdan bo’lgan o’n ikki yamoqlik ko’ylak kiyib yurgan.

2 – “Kim Ollohdan qo’rqsa, (Olloh) uning ishini oson qilur”. (Qur’oni karim, «Taloq» surasi, 4-oyat).

“Kimki Ollohdan qo’rqsa, Olloh undan har narsani qo’rqitadi”. (Hadis).

3 – “Avval salom, so’ngra kalom”. (Hadis).

4-5 – “Albatta: “Parvardigorimiz Ollohdir”, deb, so’ngra (Yolg’iz Ollohga toat-ibodat qilishda) to’g’ri-ustivor bo’lgan zotlarning oldilariga (o’lim paytida) farishtalar tushib, (derlar): “Qo’rqmanglar va g’amgin bo’lmanglar. Sizlarga va’da qilingan jannat (xushxabari) bilan shodlaninglar!” (Qur’oni karim, «Fussilat» surasi, 30-oyat).

“Lo taxofu” – “Qo’rqmangiz”.

6 – “Ne’mu-r-rafiq” – “Nechog’lik go’zal Do’stdir”.

7 – Ollohga birikish yo’lidagi ruhiy holat va maqom ko’zda tutilgan.

RUM ELCHISINING AMIRULMO’MININ UMAR
RAZIYALLOHU ANHUDAN SO’RAGANI

So’rdi elchi: “Ey, amirulmo’minin!
Tushdi jon qandoq zaminga ko’kidin?

Ayt, qafas cho’ng qushni qandoq qamramish?”
Dedi: “Haq har jonni afsun aylamish”.

Garchi yo’qlik ko’z-quloqsizdir, chunon
Qo’zg’alar, Haq qilsa afsun begumon.

Bor adam Haq sehridan tez qalqinar,
So’ngra borlik yonga darhol talpinar.

Aylagach borlikni afsun qaytadan,
Aylanar yo’qlikka borlik daf’atan. 1450

Gulga so’ylab, gulni xandon aylamish,
Toshga so’ylab, la’liga kon aylamish.

Tanga oyat so’ylagach, tan jon bo’lur,
So’ylagach xurshidga, porlab sochdi nur.

Tinglasa Haqning xatarli har so’zin,
Yuzta parda qoplagay oftob yuzin.

Ayt, bulutga aylagan amri nadir?
Meshdayin yosh to’kdi ko’zdan birma-bir.

Ne demish Yerning qulog’iga Xudo?
Jim qolib o’ylarga tolmish besado. 1455

Kim taraddudda parishon bo’lgusi,
Ham qulog’iga muammo to’lgusi.1

Band etar ikki gumon o’y-aqlini:
“Ne qilay, Ul aytganin yo aksini?2

Ikkisindan Haq birin afzal bilar,
Ikkisindan bittasin taklif qilar.

Ikkilantirmay desang jon hush-esin,
Jon qulog’indan sug’urgil paxtasin.

Anglagin toki muammosin barin,
Anglagin to bor nihon-oshkorlarin. 1460

So’ng vahiyga jon qulog’idir makon,
Ne vahiy? His so’ylagan so’zdir nihon.

Jon qulog’i, ko’zi3 ul hisdan judo,
Hush, gumonlarning qulog’i mosuvo,

Qildi jabrim lafzi ishq sabrin ado,
Kimki oshiqmas, jabrga mubtalo.

Bul Xudo hamrohligidir, jabr emas,
Bul bulutmas, oy jilosi har nafas.4

Bo’lsa ham gar bul jabr, xalq jabrimas,
O’z yo’liga undagan nafs amrimas. 1465

Ey, o’g’il, anglar ular nedir jabr,
Haq ular ko’nglin ko’zin qilmish basir.

Ertalik asror ularga bo’ldi fosh,
Oldida o’tmish bayoni bo’ldi losh.

Ixtiyori, jabri ham o’zga ular,
Qatralar bo’lgay sadaf ichra guhar.

Sirtda neki qatra bor katta-kichik,
Bil, sadafda dur ular mayda, yirik.

Unga ohu kindigin xush ta’bi yor,
Sirti qon, siyratda, lek, xush atri bor. 1470

Sen dema: “Qon bu suyuqlik sirti gar,
Borsa ul kindikka, qandoq mushk bo’lar?”

Sen dema: “Sirtdan bu mis beqadr erur,
Ul nechuk iksir ichinda bo’ldi dur?”

Senda erdi bir xayol jabr, ixtiyor,
So’ng ularga yetgach, o’ldi Nurga yor.

Supraning ustinda jonsiz garchi non,
Lek, odamzod jismida shod misli jon.

Suprada evrilmagaydir non agar,
Salsabildan joni jonga evrilar. 1475

Shuncha qudrat bo’lsa jonda ey, basir,
Jondagi Jon qudrati, ayt, qanchadir?

Parcha et odamda aqlu jon bilan,
Tog’ni teshgay kon bilan, ummon bilan.

Odamiy jon qurbi gar tosh parchalar,
Jonda jon qurbindan “inshaqqal-qamar”.5

Ochsa gar sir to’rvasin ko’ngil shu on,
Jon hujumni boshlagaydir Arsh tomon.

—————————
1-2 – “(Shuningdek), to Sizga aniq narsa (ya’ni, o’lim soati) kelgunicha Parvardigoringizga ibodat qiling!” (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 99-oyat).

3 – “Har bir qalbda ikki quloq va ikki ko’z bordir. Agar Olloh taolo bir bandaga yaxshilik qilmoqchi bo’lsa, uning qalbidagi ikki ko’zini ochadi”. (Hadis).

4 – “Sizlar qaerda bo’lsangizlar U sizlar bilan birgadir. Olloh qilayotgan amallaringizni ko’rib turguvchidir”. (Qur’oni karim, «Hadid» surasi, 4-oyat).

5 – “Iqtarabatis-sa’atu vanshaqqal qamar” – “(Qiyomat) Soati yaqinlashib qoldi va oy ham bo’lindi”. (Qur’oni karim, «Qamar» surasi, 1-oyat).

ODAM: “RABBANO ZALAMNO”1 — DEB O’Z GUNOHINI O’ZIDAN KO’RGANI
VA IBLIS: “BIMO AG’VAYTANI”2 — DEB
O’Z GUNOHINI HAQ TAOLOGA TO’NKAGANI

Ikkisin ko’r: Haq ishin, bizning amal,
Neki bor, paydo qilar Haq har mahal. 1480

Odamiyga o’z ishi bog’liq emas,
“Nega qilding bundayin?” deb aytma, bas.3

Haq ijodi bizdadir mavjud azal,
Haq yaratgan belgidir bizning amal.4

So’zlaguvchi ma’ni yoxud so’z ko’rar,
Ikki hol bir joyda qandoq jam bo’lar?

Ko’rsa ma’noni, nihon qolgusi so’z,
Bir qarab old-ortini ko’rgaymi ko’z?

Ul zamon, oldingni sen ko’rgan hamon,
Bir yo’la ortingni ko’rgaysan qachon? 1485

So’z bilan ma’noni jon ayro bilar,
Ikkisin birdan nechuk paydo qilar?

Ey, o’g’il, Haq borni qamrar har mahal!5
Bir ishinga boshqa ish bermas xalal.6

Dedi shayton: “Yo’ldan urding Sen mani”,
Shum, yovuz fe’li nihon erdi ani.

Dedi Odam: “Ayladik o’zga jafo”,
Haq ishindan ul emasdi mosuvo.

Aybini qilmish adab saqlab nihon,
Aybidan tonmay, u topdi ajru shon. 1490

Tavba qilgach, Haq dediki: “Ey, Odam,
Men yaratgandim-ku nuqs-aybingni ham.

Ul hukm erdi manim hukmim ayon,
Sen uzr vaqti nechun tutding nihon?”

Dedi Odam: “Qo’rqib, odob saqladim”,
Dedi: “Odobingni ko’rgach, asradim”.

Kimki hurmat qilsa gar hurmatlanar,
Holva yeydi, kimki qand eltgay agar.7

Kim uchun poklik, safo? “Li-t-tayyibin”,
Yorni suy, so’ng ranjitib ko’rgin tag’in.8 1495

Bir misol keltir, ko’ngil, to qil bayon,
Ixtiyor birlan jabr farqin ayon.

Titragay qo’l xastalikdan, gohi dam
Titragay qo’l ixtiyoriy tarzda ham.

Ikkisin ham Haq yaratgan qaltiroq,
Ikkisin bir narsa deb bilma, biroq.

Bo’lgusi pushmon – uni titratgani,
Gar o’zi titrar, pushaymonlik qani?

Bul aql bahsi. Nechuk ul? Hiylagar,
Har zaif, balki, u yonga tirg’alar. 1500

Gar aqlning bahsidir marjonu dur,
O’zga bir bahs borki, jon bahsi erur.

O’zgadir qay bir maqomda borligi,
O’zgadir jon bodasin poydorligi.

Ul aql bahsi qachonki fosh edi,
Bul Hakim birlan Umar sirdosh edi.9

Aqlidan kelgach Umar jonga dadil,
Bul Hakim hukmi-la bo’lmish Bul Jahl.

Aqlu hisning nazdida komil edi,
Lek, u jonning qoshida johil edi. 1505

Bil aql bahsini ta’sir yo sabab,
Angla, jon bahsin ajab yo bulajab.

Keldi, ey, yog’duparast, jon yog’dusi,
Na zarurat, naftalab na qolgusi.

Kimki ko’rgay yog’dusin gar yorug’ ul,
Har aso yanglig’ dalildan forig’ ul.

——————————
1 – “Ular: “Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga jabr qildik. Agar O’zing bizlarni mag’firat qilmasang va bizlarga rahm-shafqat ko’rsatmasang shubhasiz, ziyon ko’rguvchilardan bo’lib qolurmiz”, dedilar”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 23-oyat).

“Rabbano zalamno” – “Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga zulm qildik”.

2 – “U aytdi: “Qasamki, endi meni yo’ldan ozdirganing sababli mudom Sening To’g’ri Yo’ling ustida ularni (Odam bolalarini) kutib o’tirurman”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 16-oyat).

“Bimo ag’vaytani” – “Meni yo’ldan ozdirganing sababli”.

3-4 – “Holbuki, sizlarni ham, yasab olgan butlaringizni ham Olloh yaratgan-ku?!” (Qur’oni karim, «Vas-Saffot» surasi, 96-oyat).

5 – “Osmonlardagi bor narsa va Yerdagi bor narsa Ollohnikidir. Olloh hamma narsani Ihota qilguvchi – O’rab olguvchi bo’lgan Zotdir”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 126-oyat).

6 – Bu satr Ali ibn Abu Tolibning “Uni bir ish boshqa bir ishdan chalg’itolmaydi” degan fikrining biroz o’zgartirilgan shakli.

“Osmonlar va Yerdagi (barcha) jonzot (Unga muhtojdir va bor tilak-maqsadlarini yolg’iz) Undan so’rar. U Zot har kuni ish-amaldadir”. (Qur’oni karim, «Rahmon» surasi, 29-oyat).

7 – “Kim biron chiroyli amal qilsa, unga o’n barobar qilib (qaytarilur). Kim biron yomon ish qilsa, faqat o’shaning barobarida jazolanur va ularga zulm qilinmas”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 160-oyat).

8 – “…Pokiza ayollar pokiza erlar uchundir, pokiza erlar pokiza ayollar uchundir. Ana o’sha (pokiza erlar va pokiza ayollar) ularning (ya’ni, nopok erlar va nopok ayollarning) aytayotgan bo’htonlaridan pokdirlar. Ular uchun mag’firat va ulug’ rizq (ya’ni, jannat ne’matlari) bordir”. (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 26-oyat).

“Li-t-tayyibin” – “Pokiza (erlar) uchun”

9 – Abu Jahl – dastlab uning laqabi Abu-l-Hakim bo’lib, Umar ibn Xattob bilan bir safda edi. Muhammad alayhissalomning payg’ambarligiga iymon keltirmagandan so’ng laqabi o’zgargan.

“VA HUVA MA’AKUM AYNAMO KUNTUM”1 OYATINING TAFSIRI

Biz tag’in qissa sari bo’ldik ravon,
Qissani tark aylagan erdik qachon?

Jahlimiz Haq chohining eng qa’ridir,
Ilm aro ersak, bu Haqning qasridir. 1510

Uxlasak, Ul mastidirmiz barimiz,
Gar esak bedor, Uning izmidamiz.

Ul bulutin suvimiz pok, yig’lasak,
Kulgimiz chaqmog’idan bergay darak.2

Jang, g’azabda qahrin aksi bor Uning,
Uzru sulh etganda, mehri yor Uning.

Asli kimmiz to’zg’igan olam aro?
Bir alifmiz. Unda ne bor? Hech vaqo.

———————-
1 – “Va huva ma’akum aynamo kuntum” – “Sizlar qaerda bo’lsangizlar U sizlar bilan birgadir”. (Qur’oni karim, “Hadid” surasi, 4-oyat).

2 – “Albatta kuldirgan ham, yig’latgan ham Uning O’zidir”. (Qur’oni karim, «Najm» surasi, 43-oyat).

RUM ELCHISINING, UMAR RAZIYALLOHU ANHUDAN,
SUVU BALCHIQDAN IBORAT VUJUD BAXTSIZLIGIGA RUHNING
NEGA MUBTALO EKANLIGI SABABINI SO’RAGANI

Dedi: “Ey, Ummar, bu ne hikmat, ne sir?
Nega ifloslik aro poklik asir? 1515

Balchiq ichra toza suv bo’lmish nihon,
Bo’ldi tan ichra asir pokiza jon”.

Dedi: “Sen g’oyat ajib bahs boshlading,
So’zlaringga ma’nilarni bog’lading.

Mahbus etding ma’nini, ozodni,
So’zga bandi aylading sen yodni.

Sen qilarsan bulni, ko’zlab foydasin
Senki, parda ichrasan ul foydadin.

Ulki, paydo aylamish foyda, nafin,
Biz ko’rib turganni qandoq ko’rmasin? 1520

Necha yuz ming foydalar birdak erur,
Bari bir oldida, lek, qildak erur.

Ulki, nutqing juzv juzvi erdi, xo’sh,
Foyda bo’ldi, ne uchun kull kulli bo’sh?

Juzv erursan, har ishingda foyda gar,
Nega kullga yog’dirarsan ta’nalar?

So’ylama, gar unda yo’qdir foyda bir,
Bo’lsa gar, sen e’tiroz, shukring qidir.

Har bo’yinga halqadir Haq shukri, bas,
Ul araz yoxud qovoq o’ymoq emas. 1525

Gar qovoq o’ymoqliging shukr ichradir,
Shukrini so’ylovchi yolg’iz sirkadir.

Sirka gar olsa jigar tomonga yo’l,
Ayt: Do’nib sharbatga, boldan totli bo’l.

Nazm aro ma’no berish oson emas,
Ul palaxmon toshiday hech to’xtamas”.

“MAN ARODA AN YAJLISA MA’ALLOHI FALIYAJLIS
MA’A AHLI-T-TASAVVUFI”1 HADISINING MAZMUNI

Elchini mast aylamish bir-ikki jom,
Yodda qolmish na risolat, na payom.

Bo’ldi Olloh qudratin shaydosi to,
Elchi erdi, bunga kelgach bo’ldi shoh. 1530

Bo’ldi dengiz, soyga kelgach sel keyin,
Don ekinzorga tushib bo’lmish ekin.

Non bilan qilgach aloqa Bul Bashar,2
Topdi non joni tiriklikdan xabar.

Mum, yag’och qilganda o’tga jon fido,
Zulmatin qa’rinda nur bermish jilo.

Ko’zga surtilganda surma birma-bir,
Bunda bo’ldi posbon, bo’lgach basir.

Baxtlidir ul, chiqsa gar o’zdan o’sib,
Bir tirik jismiga so’ng payvand bo’lib. 1535

Voy, u jonga, gar jasad birlan yurar,
O’lgay ul, undan hayot ham yuz burar.

Sen agar ogoh Haq Qur’onidan,
Nam tuyarsan anbiyoning jonidan.3

Anbiyoning holi Haq Qur’onidir,
Ul – baliq, asrovchi Haq ummonidir.

Olmasang rag’bat, o’qib Qur’onni gar,
Anbiyo ham avliyoga sol nazar.

Gar qabul etsang, o’qirsan qissalar,
Jon qushing sig’may qafasga qiynalar. 1540

Gar qafasda qush asir, nolon erur,
To xaloslik izlamas, nodon erur.

Neki ruhlar bor, qafasdan mosuvo,
Anbiyodirlar munosib rahnamo.

G’oyibona saslari dindan kelur:
“Bil, xaloslik yo’li senga shul erur.

Tor qafasdan din ila bo’ldik xalos,
Yo’q bu yo’ldan o’zga tadbir, chorasoz.

Bo’lgin ojiz, ingrasin dil zorlari,
Toki bo’l ovozadan, shondan nari. 1545

Har yaralmish shoni to’r, mahkam erur,4
Yo’lni to’sgan qay kishandan kam erur?”

——————————-
1 – “Man aroda an yajlisa ma’allohi faliyajlis ma’a ahli-t-tasavvufi” – “Kimki Xudo bilan birga o’tirishni istasa, u tasavvuf ahli bilan hamroh o’tirsin”. (Hadis)

2 – Bul Bashar – Odam Ato.

3 – “Kim Qur’on o’qisa, unda payg’ambarlik namoyon bo’ladi, faqat, vahiy kelmaydi, xolos”. (Hadis).

4 – “Shuhrat ofatdir…” (Hadis).

TIJORATGA BORAYOTGAN CHOFIDA TUTQUN TO’TISI HINDISTON
TO’TILARIGA SALOM YO’LLAGAN SAVDOGAR QISSASI

Bor edi tujjor, anga yor to’tisi,
Tor qafas ichra go’zal, zor to’tisi.

Ko’rdi savdogar tadorik shul zamon,
Ul safar qilmoqchi bo’ldi Hind tomon.

Har kaniz, xizmatchisin chorlab shu payt
So’rdi: “Men ne keltiray senlarga, ayt?”

Barchasi o’z istagin bildirdi shod,
Va’da berdi barchaga himmatli zot. 1550

To’tidan so’rmish: “Gapir, senga bu on,
Keltiray Hind yurtidan ne armug’on?”

Dedi: “Nogoh to’tilar duch kelsa gar,
Ushbu holim tarzidan bergin xabar.

Ayt, falon bir to’ti sizga intizor,
Bizga taqdir ulni etmish bandi, yor.

Yo’llagay sizlarga payg’om otashin,
Istagay sizdan biror yo’l chorasin.

Balki, do’st diydoriga mushtog’u zor,
Jon berarman bunda men devonavor. 1555

Menga tutqunlik ravodir jilvasiz,
Siz daraxtzor ham chamanlar ichrasiz.

Shulmikan do’stdan vafolar, oh, nahot?
Men asir, sizlar guliston ichra shod.

Yodda saqlang mendayin zor qushni ham,
Bir sahar bo’lgach chamanzor ichra jam.

Do’stni gar yod etsa do’st, mamnun erur,
Chunki, chin do’st Layliyu Majnun erur.

Yor quchib, siz unda topgaysiz farah,
Men icharman bunda qonim liq qadah. 1560

Bir qadah may birla bo’l yodimga yor,
Kelmagay berging agar dodimni zor.

Bitta xoksor xotirin o’ylab hazin,
Ul qadahdan xokka to’k bir qatrasin.

Voajab, qaylarda ul ahdu qasam?
Ham shakar lab va’dasi, lutfu karam?1

Farq qani, qul gar yomondir – holi tang,
Gar yomonga sen yomonlik aylasang?

Eyki, qahring kelsa, bersang gar jazo,
Bil, samo’, chang bongidan xush ul navo. 1565

Ey, jafosi molu mulkdan yaxshiroq,
Intiqoming jondan afzal do’st, inoq.

Otashing bul bo’lsa, qandoq senda nur?
Motaming bul bo’lsa, qandoq ul surur?

Har jafo-jabring halovat baxsh etar,
Aylasang lutf, ayt, tubingga kim yetar.

Qo’rqaman, menga ishongay, nolisam,
Rahmi kelgach, jabrin aylar deb U kam.

Ayladim Ul qahriyu rahmin talab,
Ikki zidning oshig’iman, voajab! 1570

Bo’lsa bog’, valloh, tikondan so’ng makon,
Shul sabab, bulbuldayin qilgum fig’on.

Bir ajib bulbulki, og’zin ochsa ul,
Luqmadir unga tikonlar birla gul.

Bul ne bulbul? Bul – olovning ajdari,
Unga xushdir ishq bilan noxush bari.

Kull o’zi, ham kullga oshiq, beqaror,
O’ziga oshiqdir, o’z ishqiga zor”.

————————-
1 – “Ey mo’minlar, bitimlarga (Olloh taolo bilan o’rtalaringizdagi bitimlarga – U Zotga bandalik qilish haqida bergan ahd-paymonlaringizga ham, o’zaro bir-birlaringiz bilan kelishib olgan bitimlaringizga ham) vafo qilingiz!”. (Qur’oni karim, «Moida» surasi, 1-oyat).

ZIYRAK QUSHLARNING ILOHIY QANOTI BAYONIDA

Shul yo’sin jon to’tisin naqli kelur,
Qayda ul, qushlargakim mahram erur? 1575

Qayda ul qushkim, zaif, shirkdan nari?
Ham ul ichra shoh Sulaymon lashkari?1

Tortsa gar ohu fig’onlar zoru zor,
Yetti iqlim qalbini qoplar g’ubor.

Yuz xabar Haqdan – chiqarsa bir sado,
Bitta “YO, Rabb”iga yuz “labbayk” ato.2

Toatindan aybi afzal Haq uchun,
Kufrining oldida iymonlar yupun.3

Har nafasda unga xos me’roj bo’lar,
Boshiga yuz xosu mumtoz toj qo’yar. 1580

Jismi yerda, joni bo’shliq qa’rida,
Lomakonkim, jo’n xayoldan narida.

Lomakonkim, aylagay aqlingni lol,
Har nafas paydo erur unda xayol.

Unga tobe lomakon ichra makon,
To’rt ariq jannatniki bo’lgansimon.4

Qisqa qil bul sharhini, yuz bur shu tob,
Urma dam, “vallohu a’lam bi-s-savob”.5

Biz yana qaytdik, ayo, do’stlar, bu kez,
Tojiru to’ti va Hindistonga tez. 1585

Qush payomin oldi tojir – yo’lga shay,
Deb, salomin to’tilarga yetkazay.

————————
1 – “Er ham, osmonlar ham meni sig’dira olmas, ammo, mo’min bandamning qalbiga sig’aman”. (Hadis).

2 – “Ey, Parvardigor” Haq “labbayk”larin paydo qildi.

“Labbayk” – “Hozirman”

“Mo’min bandaning duosi ijobat bo’ladi. Vaqtiki banda “Ey, Parvardigorim!” – desa, Olloh taolo unga “labbayka” deb javob beradi. (Hadis).

3 – “Mo’minning niyati qilgan ishidan afzalroqdir. Kofirning niyati qilgan ishidan yomonroqdir”. (Hadis).

4 – “Taqvo egalari uchun va’da qilingan jannatning misoli – sifati (budir): “Unda aynimagan suvdan bo’lgan daryolar ham, ta’mi o’zgarmagan sutdan bo’lgan daryolar ham, ichguvchilar uchun lazzatli (ya’ni, badta’m va aqldan ozdirguvchi bo’lmagan) maydan bo’lgan daryolar ham, musaffo asaldan bo’lgan daryolar ham bordir…” (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 15-oyat).

5 – “Vallohu a’lam bi-s-savob” – “Olloh savob(Haq)ni bilguvchi Donodir”.

SAVDOGARNING SAHRODA HINDISTON TO’TILARINI UCHRATGANI
VA O’Z TO’TISIDAN XABAR YETKAZGANI

Yetdi Hindistonga savdogarki to,
Ko’rdi bir to’p to’tilarni cho’l aro.

Otini to’xtatdi, so’ng chorlab barin,
So’ylamish qushning omonat gaplarin.

To’pdagi bir to’ti shul dam nogahon,
Qaltirab, holsiz yiqildi, berdi jon.

So’zidan tojir pushaymon, qoldi lol
Dedi: “Bir qush joniga bo’ldim zavol. 1590

Bul, nahot, ul to’ti birlan qoni bir?
Bul, nahot, ikki vujud, lek, joni bir?

Oh, nechun men unga keltirdim salom?
Xom gapimdan kuydi bul sho’rlik tamom”.

Til misoli temiru toshday erur,
Neki tildan chiqqay, otashday erur.

Tosh-temirni behuda qilma xilof,
So’ylasang goh qissa, goh urganda lof.

Qop-qorong’u, har taraf gar paxtazor
Paxta ichra uchqunu o’tga ne bor? 1595

Ulki zolim qavmdir, ko’r ko’zlari,
Kuydirib olamni butkul so’zlari.

Bitta so’z dunyoni vayron aylagay,
Ham o’lik tulkini arslon aylagay.

Barcha jon Iyso daminda jam erur,
Goh jarohat, gohida malham erur.

Gar hijobdan ayri ersa barcha jon,
Erdi har jon lafzi ham Iysosimon.

Goh shirin so’z istasang misli shakar,
Qil sabr, hirs holvasindan qil hazar. 1600

Sabru toqatdir zakiylar yog’dusi,
Holvadir barcha go’daklar orzusi.

Kimda bor sabri gar, osmonga yetar,
Kim yegay holva, tubanlikka ketar.

FARIDUDDIN ATTOR 1 QADDASALLOHU RUHAHU SO’ZINING TAFSIRI:

Sen, ey, nafs sohibi, g’ofil, shu tuproq ichra qon ichgil,
Ki ko’ngil sohibi ichgay agar og’u, asal bo’lgay.

Ko’ngil ahli ko’rmagay hech goh zarar,
Oshkor ichganda ham qattol zahar.2

Chunki, sog’lik topdi, parhez qilmagay,
Hirstalab taft ichra orom bilmagay.

Dedi Payg’ambarki: “Ey, jur’atli kas,
Hech talab ahli bilan sen qilma bahs.3 1605

Senda bor Namrudu o’tni ayla daf,
Yoki Ibrohim bo’lib bor o’t taraf.

Na suzolgaysan na senda kema bor,
Qil sabr, bo’lma halokatga duchor!

Ulki o’tdan undirar gul, bexatar,
Keltirar butkul zararlardan samar.

Kimki komil, bo’ldi zar, xok olsa gar,
Kimki noqis, bo’ldi kul, olganda zar.

Haq suyar, kim to’g’ri yo’lda har mahal,
Qo’lidir Haq Qo’li, qilgay ne amal.4 1610

Qo’l tutar shaytonga, noqis bo’lsa kim,
Chorlagay qopqonga makri betinim.

Unda nodonlik mudom zohir bo’lar,
Ilmidir nodonligi, kofir bo’lar.5

Neki illat olsa, illat bo’lgusi,
Kimki kofir, kufri millat bo’lgusi.

Ey, piyoda, qilma otliq birla bahs,
Bosh kerak bo’lsa, bu bahsni ayla bas.

———————-
1 – Farididdin Muhammad ibn Abubakr ibn Ibrohim Attor (1448/51 – 1220) – fors-tojik mutafakkiri, mutasavvif shoir. Zamonasining Tariqat peshvolaridan biri bo’lib, “Farididdin” (“dinda yagona”) va shayx unvonlarini olgan. Mo’g’ullarning Eronga birinchi bosqini paytida dushman qo’lida halok bo’lgan. Nishopurda dafn etilgan. “Ilohiynoma”, “Musibatnoma”, “Mazhar ul-ajoyib”, “Asrornoma”, “Haydarnoma”, “Javhar uz-zot”, “Hayloj”, “Muxtornoma”, “Xusravnoma”, “Sharh ul-qalb”, “Bulbulnoma”, “Me’rojnoma” kabi asarlarida ilohiy ma’rifat g’oyalarini targ’ib etgan, Haq va haqiqat sirlarini kashf qilishga uringan. Asosiy asarlaridan biri “Mantiq ut-tayr” (“Qush nutqi”) dostoni so’fiylikning eng yirik adabiyo yodgorligi hisoblanadi. “Tazkirat ul-avliyo” asari islom olamida mashhur.

2 – “Iymon keltirgan va yaxshi amallar qilgan zotlar uchun – agar (harom narsalardan) saqlanib, iymon va yaxshi amallarida sobit bo’lsalar, so’ngra o’zlarini saqlab, (u narsalarning haromligiga) iymon keltirsalar, so’ngra (Ollohdan) qo’rqib, chiroyli amallar qilsalar – (ilgari) yeb-ichgan narsalarida gunoh yo’qdir. Olloh chiroyli amal qilguvchilarni sevadi”. (Qur’oni karim, “Moida” surasi, 93-oyat)

3 – “Bas, ular (ya’ni, zamondosh ahli Kitoblar bilan As’hobul-Kahf) xususida faqat (o’zingizga nozil bo’lgan vahiy vositasida) ochiq mujodala munozara qiling va (As’hobul-Kahf) haqida ularning birontasidan fatfo – savol so’ramang!” (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 22-oyat).

“Birodaring bilan tortishma va uning ustidan kulma”. (Hadis).

“Kimning xulqi yomon bo’lsa, o’zini o’zi azoblaydi. Kimning g’ami ko’paysa, badani kasallanadi. Kimning kishilar bilan tortishaveradigan odati bo’lsa, hurmati ketadi va obro’si tushadi” (Hadis).

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), darhaqiqat, Sizga bay’at-qasamyod qiladigan zotlar hech shak-shubhasiz, Ollohga bay’at qilurlar — Ollohning Qo’li ularning qo’llari ustida bo’lur…”(Qur’oni karim, «Fath» surasi, 10-oyat).

“Yahudiylar: “Ollohning qo’li bog’liq (ya’ni, baxil), dedilar, – O’zlarining qo’llari bog’lanib qolgay va aytgan gaplari bilan la’natga uchragaylar. – Yo’q! U Zotning har ikki qo’li ochiqdir va O’zi istagandek infoq-ehson qilur…” (Qur’oni karim, “Moida” surasi, 64-oyat).

5 – “(Ustlariga) Tavrot yuklangan so’ngra uni ko’tara olmagan (ya’ni, uning ko’rsatmalariga amal qilmagan) kimsalar (yahudiylar)ning misoli xuddi (ustiga ortib qo’yilgan) kitoblarni ko’tarib ketayotgan eshakka o’xshaydi (ya’ni, bu kimsalar uning vazminligidan charchab toladilar-u, ammo u Kitobning ichidagi narsalardan foydalanmaydilar)…” (Qur’oni karim, «Jum’a» surasi, 5-oyat).

SEHRGARLARNING MUSO ALAYHISSALOMDAN:
“AVVAL SEN ASO TASHLAYSANMI?”- DEB SO’RAGANI

Jodugarlar Fir’avnning amridin ,
Qildilar tahdid, Musoga fitna-kin.1 1615

Lek, Musoni peshqadam deb bildilar,
Ehtirom aylab, muruvvat qildilar.

Dedilar: “Ne so’ylasang, bo’lgay bajo,
Istasang, sen avvalo tashla aso”.

Dedi: “Yo’q, avval siz aylang oshkor,
O’zdagi sehru makrni, neki bor!”.

Bul karam chalg’itdi fikru yo’llarin,
Ham g’araz kesmish oyog’u qo’llarin.

Bor sehrgarlar berib Musoga tan,
Qo’l-oyog’i so’ng kesilmish ziddidan.2 1620

Luqma birlan so’z halol komil uchun,
Bo’lmasang komil, yema, aylar zabun.

Sen quloqsan, til u, sendan ayridir,
Har quloqqa “Ansitu” Haq amridir.3

Qay go’dak yangi tug’ilgay, o’sha choq,
Ancha fursat jim turib, solgay quloq.

So’zga lab ochmas, tiyar bir zum tilin,
Anglaguncha toki so’zning neligin.

Aylagay “tiy-tiy”, quloq solmay agar,
O’zni bul olamda aylar gungu kar. 1625

Hech quloq solmas, yaralgan bo’lsa kar,
So’ylasin qandoq, axir, gung bo’lsa gar?

So’zni avval tinglamoq joiz erur,
Tinglamoq mantiq tomonga yo’l berur.

“Udxulu-l-abyota min abvobiho,
Va-t-lubu-l-ag’roza fy asbobiho”.4

Tinglamoqdan so’z agar olis erur,
Bil, faqat, Olloh so’zi joiz erur.

Ul yaratgay, pir-panohi yo’q Uning,
Ul suyanchiq, takyagohi yo’q Uning. 1630

O’zgalar so’z va amalda necha bor
Bo’ysunar ustoziga, o’gitga zor.

Bo’lmasa senga bu so’z begona gar,
Janda kiy, yosh to’k, yurib vayronalar.

Topdi ko’z yoshin to’kib Odam najot,
Tavbakorga bo’lgusi ko’z yosh qanot.

Yerga kelmish girya deb Odam hazin,
Toki giryonlikda qilsin nolasin.

Ketdi jannat, yetti qat ko’kdin u to
Uzrini so’rmoq uchun poygoh aro. 1635

Sen agar ersang Odamning zotidan,
Qil Odam yanglig’ talab, yur ortidan.

Qalbda o’t yondir va ko’z yoshingni to’k,
Bil, bulut, oftob tarar bo’stonga ko’rk.

Yoshli ko’zlar zavqi yo’q senda chunon,
Nonni suyding, ko’rmaganday, xuddi, non.

Nonidan bo’sh bo’lsa bul xaltang agar,
Unga to’lgay izzat otlig’ siymu zar.

Ichmasin shayton sutin jon go’daging,
So’ng malaklarga sherik qil, yo’llagin. 1640

Toki torsan, tiyrasan, zulmat aro,
Sen la’in shaytonga bir singilnamo.5

Nur tarab, bergay kamol har luqma gar,
Bil, halol kasbu hunardan ul unar.6

Qaysi moydan so’nsa gar bizning chiroq,
Gar chiroq so’ngay, u suv, moymas, biroq.

Ilmu hikmat topilur pok luqmadan,
Ishq, mehr ham yog’ilur pok luqmadan.7

Luqmadan ko’rsang xusumat birla dom,
Jahlu g’aflat keltirar, bilgil harom. 1645

Arpani, bug’doy ekib, o’rganmisan?
Ot xo’tik tuqqaymi, ayt, ko’rganmisan?

Luqma dondir, javhari – fikru xayol,
Luqma – ummon, gavhari – fikru xayol.

Bo’lsa bo’g’zing ichra luqma gar halol,
Ul jahonga ketmaging kelmas malol.

—————————
1 – “Bas, ular arqon va asolarini (Yerga) tashladilar va: “Fir’avnning qudratiga qasamki, albatta bizlargina g’olib bo’lguvchidirmiz”, dedilar…” (Qur’oni karim, «Shuaro» surasi, 44-47-oyatlar).

2 – “Ular aytdilar: “Ey Muso, yo sen (qo’lingdagi asoni) tashla, yoki biz (o’zimizning qo’limizdagi narsalarimizni) tashlaymiz”. (Muso): “Sizlar tashlanglar”, dedi. Bas, ular tashlagan edilar, odamlarni ko’zlarini bo’yab dahshatga solib qo’ydilar va zo’r sehr ko’rsatdilar”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 115-116-oyatlar).

“(Shu payt) u sehrgarlar sajda qilgan hollarida Yerga tashlanib: “Bizlar barcha olamlarning Parvardigoriga – Muso va Horunning Parvardigoriga iymon keltirdik”, dedilar. Fir’ave aytdi: “Men sizlarga izn bermay turib unga iymon keltirdingizmi?! Shubhasiz, bu qilgan nayranglaringiz ushbu shahardan uning aholisini chiqarish uchun qilgan makringizdir. Endi yaqinda bilursiz – albatta men oyoq-qo’llaringizni qarama-qarshisiga (o’ng qo’l, chap oyog’ingizni) kesurman, so’ngra sizlarning barchangizni dorga osurman”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 120-124-oyatlar).

3 – “Qachonki Qur’on qiroat qilinsa, unga quloq tutingiz va jim turingiz – shoyad (Olloh tarafidan) rahmatga sazovor bo’lsangizlar”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 204-oyat).

“Ansitu” – “Jim turingiz”.

4 – “ …Uylarga eshiklaridan kiringiz! Va Ollohdan qo’rqingiz! Shoyad najot topsangiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 189-oyat).

“Udxulu-l-abyota min abvobiho,
Va-t-lubu-l-ag’roza fy asbobiho” – “Uylariga eshiklaridan kiringiz, sabablaridan manfaat axtaringiz”.

5 – “… Kofirlarning do’stlari esa shaytonlardir. Ular (kofirlarni) yorug’lik – nurdan qorong’u – zulmatlarga chiqaradilar. Ana o’shalar jahannam egalaridir va unda abadiy qolajaklar”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 257-oyat).

6 – “(Yuborgan barcha payg’ambarlarimizga shunday dedik): «Ey payg’ambarlar, halol-pok taomlardan yenglar va yaxshi amallar qilinglar! Albatta Men qilayotgan amallaringizni Bilguvchidirman”. (Qur’oni karim, «Mo’minun» surasi, 51-oyat).

7 – “Ey insonlar, Yerdagi halol-pok narsalardan yenglar va shaytonning izidan ergashmanglar!..” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 168-oyat).

SAVDOGAR O’Z TO’TISIGA HINDISTON TO’TILARI BILAN QANDAY
KO’RISHGANINI SO’YLAB BERGANI

Qildi savdogar tijoratni tamom,
Qaytdi o’z manziliga, eltib payom.

Oldi undan sovg’asin har bitta qul,
Har kanizga bir matoh keltirdi ul. 1650

To’ti so’rmish: “Men uchun hadyang nadir?
Neki ko’rding, so’ylading, ayt birma-bir”.

Dedi: “Men afsus-nadomat aylaram,
Endi barmog’imni tishlayman bu dam.

Qaydanam eltdim xabar xom, foydasiz,
Bul manim nodonligimdan, shubhasiz”.

Dedi: “Sen behad pushaymon, darg’azab?
Ayt, nadir g’am birla qahringga sabab?”

Dedi: “Uchrab to’tilarga nogahon,
Ayladim bor arzu zoringni bayon. 1655

Dardlaring bir to’ti his qilgan hamon,
Titradi, o’ti yorildi, berdi jon.

Dedim attang, ne uchun berdim xabar?
Endi bul pushmonligimdan ne samar?”

Qay kalom uchgay tilingdan nogahon,
O’q erur, uchgan kamondan begumon.

Ortga o’q qaytmaydi, ey, o’g’lon, tag’in,
Boshidan to’smoq kerak sel yo’llarin.

To’smasang boshdan, jahon sel ichradir,
Ne ajab, dunyoni eltsa birma-bir. 1660

Neki g’aybdan kelsa, undan qolgay iz,
Oqibat ro’y bergusi xalq hukmisiz.

Neki bor, yolg’iz yaratmishdir Egam,
Ne yaralmish, bizga daxli bo’lsa ham.

Zayd Amirga o’q uzarkan nogahon,
O’q Amirga soldi chang yo’lbarssimon.

Bir yil ichra dard yaralmish, har nafas,
Dardni Haq paydo qilar, odam emas.

Qo’rqib o’lsa shunda gar otguvchi Zayd,
Toki o’lguncha tug’ilgay unda dard. 1665

Oqibatda o’ldirar dardi, lekin,
Zaydni sen avval sabab qotil degin.

Unga mansub dard bari undan erur,
Garchi barcha hodisa Haqdan kelur.

Ham ziroat, ham nafas, domu jimo,
Bo’ldi Haqning qudratin tuygach bino.1

Avliyo olgay Ilohdan qudratin,
Uchgan o’qni qaytarar ortga tag’in.

Berk – sababdan oqibat eshigi to,
Bo’lsa pushmon Haq qo’lindan avliyo. 1670

Der, demas, ochiq eshikdan o’sha tob
Qilgusi, to kuymasin six, ham kabob.

Qaysi dilda ul fikr bergay sado,
Aylagay ulni nihonu bebaqo.

Gar dalil qilsang talab, bergay jilo,
O’qigin: “Min oyatin av nunsiho”.2

Angla, “Ansavkumu zikri” oyatin,
Bil, unuttirmoq kuchiyu qudratin.3

Goh unuttirgay ular, goh eslatar,
Bor yaralmish qalbini ishg’ol etar. 1675

Bog’lagach g’aflat nigohning yo’llarin,
Ish qilar kim, bog’lasang gar qo’llarin?

“Xiltumu suxriyyatan” ahl-as-sumu,
Sen Kitobdan tingla to “ansavkumu”.4

Kimki mulkka ega, tan sultonidir,
Qalbga kim sohib, u dil hoqonidir.

Har amal unmish nazardan, yo’q shak,
Qorachig’dan o’zgamas banda, demak.

Ayta olmam men bu so’zlar hammasin,
Bunga yo’l bermaydi aslo Qutbu din. 1680

Ne unutgay xalqu neni yod etar,
Unga bog’liq, barcha dodga ul yetar.

Dilda ne yaxshi-yomon bor, begumon
Tarqatar har kecha o’shal nurga kon.

Kunda qalb lim-lim to’la nur aylagay,
Ul sadafdan eng asil dur aylagay.

Voqif ul o’tgan va ketgan fikridan,
Ham tanir har to’g’ri yo’lni zikridan.

Ilm amallar senga bo’lsin mangu yor,
To sabab eshiklarin ochsin qator. 1685

Bo’lmagay temirchi zargar hech qachon,
Xulqi soz bo’lmaydi, munkir bo’lsa jon.

Har amal, jonlar jihozday, so’nggi on
Kelgusi o’z sohibiga begumon.

Uyqudan so’ng ko’z ochib bor jon, amal,
Qaytadir o’z sohibi yonga jadal.

O’y-amallar qaytadir, otganda tong,
Qaytadir, har neki bor yaxshi-yamon.

Xuddi, kaptarlar misol, kezgach shahar,
Keltirar yurtiga yozmishdan xabar. 1690

————————
1 – “Sizlar (xotinlaringizning bachadoniga) to’kadigan maniy-urug’ haqida hech o’ylab kurdinglarmi? Uni sizlar (komil inson qilib) yaraturmisizlar yoki Biz yaratguvchimizmi?!” (Qur’oni karim, «Voqea» surasi, 58-59-oyatlar).

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Biz biron oyatni bekor qilsak yoki yodingizdan chiqarsak, albatta undan yaxshirog’ini yoki o’shaning mislini keltiramiz. Olloh har narsaga Qodir zot ekanini bilmadingizmi?” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 106-oyat).

“Min oyatin av nunsiho” – “Biror oyatni bekor qilsak yoki yodingizdan chiqasak”.

3-4 –“Fattaxaztuhum sixrayyan hatta ansavkum zikri va kuntumm minhum tazhakun” – “Sizlar esa ularni masxara qildingiz, hatto ular(ning ustidan kulish) sizlarga Meni eslashni unutdirdi. Sizlar ulardan kulgan edingiz”. (Qur’oni karim, «Mo’minun» surasi, 110-oyat).

“Avsavkumu zikri” – “Meni eslashni unutdirdi”.

“Xiltumu suxriyyatan ahl-as-sumu” – “Sizlar ularni masxara qildingiz”.

“Ansavkumu” – “Sizlarni unutdirdi”

UL TO’TILARNING HARAKATINI ESHITIB, BU TO’TINING QAFASDA
JON BERGANI VA SAVDOGARNING UNGA NOLA-FARYODI

To’tining ne qilganin tinglab shu on,
Qaltirab, bul to’ti ham topshirdi jon.

Xoja lol qoldi bu holdan, qo’zg’alib
Yerga urdi so’ng kulohin o’rtanib.

Xoja bul holdan butun bo’lmish ado,
O’rnidan sapchib, shu on yirtmish yaqo.

Dedi: “Oh, biyron qushim, ey, benazir,
Senga ne bo’ldi, bu holing, ayt, nadir?!

Vodarig’, oh, xushnavo, dildosh qushim!
Vodarig’, oh, hamdamim, sirdosh qushim! 1695

Vodarig’, xushxonu armonim manim!
Ruhga yorim, ravza-rayhonim manim!

Bo’lsa senday qush Sulaymonda u payt,
Boshqa qushga qayrilib boqqaymi, ayt?

Vodarig’, arzonga topgandim, biroq,
To’ymadim diydoriga, ketmish yiroq!”.

Ey, tilim, koni zararsan betinim,
Hamda go’yo, senga ne ham der edim?

Ey, tilim, otash o’zing, xirmon o’zing,
Tokay ul xirmonga o’t qo’ygay so’zing? 1700

Sen sabab, jon o’rtanib, chekkay jafo,
Garchi, ne aytsang, barin aylar bajo.

Ey, tilim, poyoni yo’q ganj ham o’zing!
Ey, tilim, darmoni yo’q ranj ham o’zing!

Gah tuzoq qushlarga, makkor ham o’zing!
Ayriliq dardiga gah yor ham o’zing!

Goh omonlik keltirib, ey, beomon!
Qasd qilib, jonimga tortgaysan kamon!

Boq, qushim qo’ldan uchib ketmish bu dam,
Sen sitam sahrosiga don tashla kam! 1705

Ber javobim yoki menga bir madad,
Shodligimga yo sabab ber beadad.

Vodarig’, nurim manim tunlar aro,
Vodarig’, tongim manim kunlar aro!

Vodarig’, oh, ko’kka parvoz qilganim,
Oxirimdan avvalimga kelganim!”

Famga oshiq o’lgusi nodon abad,
O’qi “lo uqsim”ni sen to “fy kabad”.1

Shod edim nurli yuzingning vaslidan,
Pok edim jo’shguvchi soyin mavjidan. 1710

Ohlarim sog’inch o’yi, ingroq erur,
O’z vujudim birma-bir tilmoq erur.

Chora yo’q Haqqa, bu Haqning azmi, bas,
Bormi dil, Haq ishqidan sadporamas?

Rashki shulkim, o’zgadir Ul hammadan,
Ham baland har xil bayonu g’alvadan.

Vodarig’, ko’z yoshlarim, daryo eding,
Menga yorimdan ato, savg’o eding!

Oh, qushim, ziyrakhushim, oh, to’tijon!
Barcha sir-asrorlarimga tarjimon! 1715

Menga kelmish neki ezgu, neki dod,
So’ylamish avvalda Ulki, ayla yod.

Qaysi bir qush gar vahiy-la bersa un,
Ul vujudi ibtidodan ham burun.2

O’sha to’ti senda, sen ichra nihon,
Ko’rding ul-bullarda undan bir nishon.

Shod erursan, shodligingni eltsa ul,
Zulmini in’omday etgaysan qabul.

Eyki, jonni tan uchun yoqding u dam,
Jonni yoqqan chog’ yoritding tanni ham. 1720

O’zni yoqdim, kim qalov istar bu dam?
Toki yoqsin men bilan xaslarni ham!

Gar qalov bo’lgay alanga birla bir,
Tort qalovni, ul olov eltgay, axir!

Vodarig’-ey, vodarig’-ey, vodarig’!
Oy bulut ostinda qolmish noaniq!

Men olay qandoq nafas? Yonmoqda jon,
Beqaror hijron sheri to’kkanda qon.

Ulki hushyor erdi, mastu darg’azab,
Ne bo’lar, qo’lga qadah olsa, ajab? 1725

Sig’magay mast sher bayonga, lim to’lar,
Ul chaman kengligidan ham keng bo’lar.

Qofiya haqqinda gar o’ylay desam,
“O’yla diydorimni” der Dildor bu dam.3

Shod o’tir, ey, qofiyasozim manim,
Qofiya mulki o’zing bunda azim!

So’z nadirki, o’ylaring ul sorida?
So’z tikondir tokzor devorida.

Harfu savtu so’zga men barham beray,
To uchovsiz sen bilan suhbat quray. 1730

Ayladim bul so’zni Odamdan nihon,4
Senga, ey, sir olami, qilgum bayon!

Aytmadim bul so’zni Ibrohimga ham,
Jabrail ham bilmagan g’amdir bu g’am.

Shundayin so’zki, Iso ul so’zga lab
Ochmadi “mo”siz, Xudo azmi sabab.

“Mo” nadir? Inkori isbotning u, bas,
Zotsiz inkormanu isbot emas.

Topdim ul kaslikni nokaslikda men,
Almashib kaslikni nokaslikka men”. 1735

Barcha shohlar bandasidir bandasin,
Barcha xalqlar murdasidir murdasin.

Barcha shohlar pastligindan past erur,
Barcha xalqlar mastligindan mast erur.

O’ljadir qushlarga sayyod, aslida,
Bir kuni qushlarni ovlash qasdida.

Izlagay bedilni dilbar jon aro,
Bo’lgay oshiqlarga ma’shuq mubtalo.

Kimki oshiq, bil uni ma’shuq mudom,
Chunki, xosdir unga har ikki maqom.5 1740

Gar jahondan tashnalar suv axtarar,
Suv ham izlar qayda bor deb tashnalar.

Oshiq ersa ul agar, jim tur u choq,
Tinglamog’ing istasa ul, bo’l quloq.

Yo’lni to’s darhol, quturgay sel agar,
Yo’qsa, ketgay qoldirib vayronalar.

Nega vayronlik aro chekdim fig’on?
Ostdadir bir saltanat ganji nihon.

Haqqa g’arq, g’arq bo’lgisin istar tag’in,
Ostin-ustin mavjidek jon dengizin. 1745

Dengiz usti xushmi yoxud qa’rimi?
Dilga xush qalqoni yo o’qlarimi?

Pora aylar seni, ey, dil, vasvasang,
Sen sururni gar balodan farqlasang!

Gar murodingda shakarning ta’mi bor,
Bemurodlikdan murod topmasmi yor?

Qon to’kar har yulduzin deb yuz hilol,
Unga olam qonini to’kmoq halol.

Qadrimiz, qon evazin topguvchimiz,
Jon garov qo’ymoq sari chopguvchimiz.6 1750

Ey, o’lik holda yashovchi ishq aro,
Dil topilmas, bo’lmasang gar mubtalo!

Ko’nglin axtardim qilib yuz ishva-noz,
Aylamish menga bahona, e’tiroz.

Unga aytdim: “Aqlu jonim senga g’arq”,
Ul demish: “Bor, ayla bul afsunni tark”.

Nega bilmay, ne xayoling ichra bor?
Ey, g’ilay, qandoq ko’ringay senga Yor?

Ey, mehrsiz, arzimas bilding uni,
Chunki, sen arzonga olganding uni. 1755

Kimki arzon olsa, arzon topshirar,
Burda non deb, bola bergay siymu zar.

Ishqqa g’arqman, bo’lsa kim bul ishq aro,
Ilk va eng oxirgi ishqdir unda jo.

Qisqa aytdim, etmadim borin bayon,
Yo’qsa, kuygay ham bayonu ham zabon.

“Lab” desam, daryo labi insho erur,
“Lo” deyishdan maqsadim “illo” erur.7

Lazzatim bois manim tunddir yuzim,
Jim erurman, garchi ko’p aytar so’zim. 1760

Ikki olam lazzatin toki bu on,
Yuzlarim tund pardasi etsin nihon.

Toki bul so’z har quloqqa kirmasin,
So’yladim g’ayb sirlarin yuzdan birin.

——————————
1 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), mana shu shaharga — holbuki, Siz ham mana shu shaharda yasharsiz — hamda Ota va undan bo’lgan bolalarga (ya’ni, Odam alayhis-salom va uning barcha zurriyotlariga) qasamyod qilurmanki; Darhaqiqat, Biz insonni mehnat-mashaqqatga yaratdik”. (Qur’oni karim, «Balad» surasi, 1-4-oyatlar).

“La uqsim” – “Qasamyod qilurmanki”

“Fy kabad” – “Mehnat, mashaqqatga yaratdik”

2 – “Qush” – Bu yerda “jon” nazarda tutilmoqda

“Va u (sizlarga keltirayotgan Qur’onni) o’z havoyi-xohishi bilan so’zlamas. U (Qur’on) faqat (Olloh tomonidan payg’ambarlarga) vahiy qilinayotgan (tushirilayotgan) bir vahiydir”. (Qur’oni karim, “Va-n-najm” surasi, 3-4-oyatlar).

3 – “Ollohdan qo’rqingiz va bilingizkim, sizlar Unga ro’baro’ bo’lguvchisiz. (Ey Muhammad alayhis-salom), iymonli kishilarga (jannat) xushxabarini yetkazing!” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi,223-oyat).

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), eslang, Parvardigoringiz farishtalarga: “Albatta Men (asli) qora botqoqdan (bo’lib odam surati berilgach), quritilgan loydan inson Yaratuvchiman. Bas, qachon uni tiklab, ichiga O’z (dargohimdagi) jondan kiritganimda, sizlar unga sajda qilgan holingizda yiqilingiz!”, deganida;” (Qur’oni karim, “Hijr” surasi, 28-29-oyatlar).

5 – “…Olloh ularni yaxshi ko’rur, ular Ollohni yaxshi ko’rurlar…” (Qur’oni karim, «Moida» surasi, 54-oyat).

6 – “Kim menga oshiq bo’lsa, men unga oshiq bo’laman. Men kimga oshiq bo’lsam, ishqimda o’ldiraman. Kimni o’ldirsam, qoniga kafil bo’laman”. (Hadis).

7 – “La ilaha illa-l-Lohu” – “Ollohdan o’zga iloh yo’q”

“Illo” – “O’zga”

09

(Tashriflar: umumiy 973, bugungi 1)

Izoh qoldiring