Жони ҳамон талваса ичида титрар экан, кутилмаганда ҳужра эшиги шарақлаб очилган чоғ, Нажмия қаттиқ чўчиб ўйғонди.Тушими эди бу ва ёки ўнгги? Эшик зарб билан очилган чоғ Нажмия қўрқув ичида кўзини очди. Азобга мустаҳиқ этгувчи кўргулик аслида тушида кечарди.
Шаҳодат Улуғова
АМСТЕРДАМ ХОТИРАЛАРИ
Кундаликдаги битиклардан
Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китоблари чоп этилган. Сўнгги йилларда Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» роман устида ишлади ва 2014 йилда нашрдан чиққан асар адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинди.
Тун иккинчи ярмидан оғди. Соат миллари тунги иккидан ўттиз икки дақиқа ўтганини кўрсатиб турарди.
Аввал сочларимни, сўнгра эса пешонамни тер босди. Назаримда, миям қаттиқ ишлаб кетди. Жазбадан далолат бергувчи инжа титроқ кирди бармоқларимга. Бора-бора бир бошқача ҳолга, ижодий жазава комига тушиб қолдим. Иситмам чиққан каби жуда қизиб кетдим. Бориб юзимни муздек сувда ювдим. Менда баъзан шундай кечади. Аммо бундай ҳолимдан сира малолланмайман. Шундай жазаваки, бу хушсаодат жазба ичида қолмоқни мудом орзу қиламан… Буюк қудрат соҳиби ва ягона Иқтидор эгаси Парвардигор кўнглим сарҳадларига униб ўссин дея, зангори – ям-яшил чечакларин қадаган эди…
Ниҳоят, мен қўлёзманинг навбатдаги бобига тонгнинг этагида хотима ясадим.
ТАВОФИ ДИЛ
Нафаси қирқилажак жазира фасл ичида у сочарди ҳасратли нола… Фиғони туннинг тубсиз қучоғига сингиб кетган чоғ, вужудини омонсиз чанқоқлик шаффоф тиллари билан ямлай бошлади.
Азобга мустаҳиқ этгувчи ситамгир кўргулик аслида тушида кечарди. Ва тушида кечажак кўргуликлар ўнггида кечаётган ҳаёти сингари залворли эди. Бу пешонанинг шўри-тақдирнинг ҳукми эмас, бу муҳаққақ руҳий инқироз узун тушининг давоми эди, холос…
Жони ҳамон талваса ичида титрар экан, кутилмаганда ҳужра эшиги шарақлаб очилган чоғ, Нажмия қаттиқ чўчиб ўйғонди.Тушими эди бу ва ёки ўнгги? Эшик зарб билан очилган чоғ Нажмия қўрқув ичида кўзини очди. Азобга мустаҳиқ этгувчи кўргулик аслида тушида кечарди.
Эшиги қийриҳон очиқ нариги ҳужрадан эса Хожасининг қироат ичидаги ширали овози эшитилди. Қироат бамисли шуъла мисоли ҳужра ичра оқиб кирди – да, сўнгра Нажмиянинг шуурини шаффоф нури билан ўрай бошлади. “Нафас олиб, кириб келган тонг билан қасам”. Илоҳнинг муборак муждаси Ҳожасининг тилидан тарала-тарала атрофга ёйила бошлади. Бу Таквир сурасининг ўн саккизинчи ояти эди.
Тун ҳали вери чекинай демасди.
Нажмия атрофдан қониб нафас олгач, бошини яна болишга ташлади. Уни ўраётган уйқу сароб мисоли тилсимини ёя бошлади. Энди у бошқа бир тушининг шошқин оқимида сузиб юрди.
Ўша тонг, ўша субҳидам Ҳожа завжасини тонгнинг этагида қаттиқ уйқу ичида кўрди. Хожа ҳали завжасини бундай ҳолда ҳеч кўрмаган, зотан Нажмия жуда хушёр ухлар, қачонки, ҳожаси ёнидан ўтса, ҳатто уйқу ичида буни сезиб турар эди.
Кейинги пайтлар у завжасининг руҳиятида бир ҳоллар кечаётганини англаб турар, аммо айнан, не ҳодиса рўй бераётганидан унинг хабари йўқ эди.
Навбатдаги тун шарпалари тонг этагига оғар маҳал, шамоллар уввос тортди. Вади ал-Хитан тўлқинлари пишқириб, тўфон кўтарилган чоғ, Нажмия қаттиқ чўчиб уйғонди. Аслида, ундаги асрий уйқусизлик ўшанда бошланган эди.Ўшанда Нил дарёси атрофида кезинган дарбадар шамоллар ва асов тўлқинлар тириклик қисмати бўлиб унинг жон томирига қуйилган эди.
Шундан буён Нажмия уйқу не эканин билмайди.
Шундан буён бедор эди у.
Энди бедорлик эртасига ҳам давом этди. Нажмия уйқусиз тунларнинг яна нечанчисини бошидан ўтказар экан, атрофида тинимсиз кезинаётган даврнинг димоғдор эпкинларига панд беришни чиндан истаган эди. Аслида у бедор тунларни беором кунларга улаган ҳолида вақтнинг шошқин оқимида сузиб юрар эди.
Хожаcи Ҳайсама ибн Абдуллоҳ меҳр-оқибатли, кўп раҳмдил инсон эди: Нажмия ҳожасини айнан меҳрибон ва раҳмдиллиги учунмас, инчунун севгисига лойиқ ҳалим зот экани учун қадрлар эди. Йиллар ўтган сари улар орасидаги меҳр-муҳаббат ришталари янада жипс боғлана бошдади. Шу тақлид Нажмия Хожасининг паноҳида нурли кунларини хотиржам ва саодат ичида кечирди.
Ҳожаси истамас бўлди, остонасин ҳатлаб, бир қадам нарига чиқмади.
Аммо йиллар ўтган сари Нажмиянинг дарди тутиб, сарғайиб сўла бошлади. Бу зафарон сўлиш не эканини даслабига ўзи-да англамади. Бу аслида киндик қони тўкилган юртга, ота-онаси ва жигарбандларига бўлган соғинч ҳисси эди-ки, буни ўзи ўтли қўмсаш эканини-да ҳали мукаммал англамас эди.
У олис юртга келин қилиб узатилган заифа эди.
Бир кун у остонада туриб чанқовуз чалди. Шунда чанқовузнинг зангин титроқлари кўшкида уни туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган гўшага етаклаб борди. Кўз ўнггида қир-адирлар оша ястаниб ётган бепоён Ватани, отаси, онаси ва жигарлари шакл шамойилини кўрсата бошлади. Бу шундай хушсаодат муддат эдики, Нажмия фақат ўша муддат ичидагина бафуржа нафас ола билар эди.
Ниҳоят, бир кун у Отасига нома йўллаб, забун ҳолини баён этди. Бу — ўзини “ота эшиги”га олиб кетишини ўртаниб ва ўтиниб сўровчи бир нолали мактуб эди.
Ўшанда у отасини ранги сомон, қадди камон бўлиб, интиқ кута бошлади, аммо отаси ҳа деганда кўриниш бермади. Ниҳоят, еттинчи куни бузруги қизининг остонасига кириб келди.
Нажмия отасининг ўнг елкасидан пок тавоф олар экан, ўзига разм солаётган кўзларга қарашга ботина олмади.
Отаси кўрдики, қизининг хонадони зимистон мисоли совуқ ва кўрксиз. Англадики, жигарбандининг ҳоли танг, ранги эса беранг эди.
Нажмиянинг бир пайтлар ёқут каби алвон бўлган лаблари тусини йўқотган, юзи қум каби туссиз эди. Ё, Роббим! Чиндан у ўз исми билан заифа эди. У жудаям заиф, жуда шикаста эди. Инжа киприклари остида маъюс боқиб турган тим қора кўзларида ёш ғилтиллар эди. Ота қизининг бу забун ҳолига дош бера олмади. Вужудини оғир титроқ босди.
– Мактубинг қўлга теккач, онангда ором бўлмади, қизим!
– Мани олиб кетсангиз!
Отаси вазмин тин олгач, томоқ қириб қизидан сўради:
– Домоднинг бирор қусури борми, йўқса?!
– Йўқ, деди қизи, — аcлида у кўп раҳимдил, кўп меҳрибон инсон, — деди.
– Унда недан олиб кетмоғимни истадинг?
– Сизлардан, онамдан, жигарларимдан олисда яшай билмадим. Мусофир юртда сизларсиз ҳеч яйрамадим. Бас, етар ортиқ, онам бағрида, яқинларим ҳузурида яшай. Бунга изн беринг.
Отаси чиндан закий инсон эди, у узоқ ўйлаб, ниҳоят:
– Мен сенга маслаҳат беришим, таскин беришим мумкин, аммо ўзим билан олиб кетмоққа ботинмасман. Буни асло қилмасман. Бунга менинг ҳаққим йўқ, энди сен бировнинг хасмисан қизим, — деди.
Сўнг ўзига қараб турган бир жуфт кўзларга қарашга ботина олмай, нигоҳларини бошқа томонга бурган киши бўлиб сўйланди:
– Ҳар нарса бўлса бўлсин, аммо дили харобликдан Худо сақласин! Расулимиз ҳам бежизга айтмаган қизим:”Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ўнгланса, жасаднинг бари ўнгланади. Агар у барбод бўлса, жасаднинг бари барбод бўлади. У — қалбдир.”
Шу пайт Нажмия девор ортида ҳожасининг қадамлари зарбини эшитди. Ҳожаси жуда асбий қадам ташларди. Домод қайнотаси қандай қарор чиқармоғидан бехабар, қаттиқ асабийлашарди.
Ота кетаётиб қизига деди:
– Бошинг тошдан бўлсин қизим. Сен энди бировнинг хасмисан. Сув келса симириб, тош келса кемириб яша. Шунда ҳаёт Сенга асл мазмунини кўрсатади ва бир кун барибир бахтинг бутун эканини англай бошлайсан. Дўсту душманингга қаттик кулгунгни ва қаттиқ йиғингни сира кўрсатма, болам! Ҳар нарсада меъёрни бил!
Қайнота ҳув нарида безовта юрган Ҳайсамага яқинлашди. Ўшанда у куёвига ваъз насиҳат қилмади, фақат гапнинг индаллосини айтди:
– Домод, қизимни сизга, сизни эса Оллоҳга омонат топшириб кетаяпман, — деди.
Ичкарида эса Нажмия нолон қолди.У дод сололмас, аммо ичида қиёмат қўпаётган ҳолини — да жиловлай билмасди. Бошидаги рўмоли ёлкаси томон сирғалиб, сочлари шаршара мисоли қуйига ёйилиб тушди.
Ўшанда митти ўғли онасига рўмолини тутаётиб:
– Бошингизга чачвонни ташланг, шамол сочингизни ортиқ тўзғитмасин, — деди.
Онаси адоқсиз ҳасрат ичида ўғлига қаради, сўнг ўзи томон узалган рўмолни бошига танғиди.
У ҳасрат ва ғурбат ичида жойидан вазмин қўзғолди. Бўғизида нимадир ғалаён қилмоқда эди: ўшанда серталваса жон тўйиб нафас олмоқни соғинган эди.
Қай куч уни олдинга итарди. Ё ҳу, унинг жисми банди, руҳи қуш эди. Ўшанда Нажмия ўзини дарбозаси ёнида кўрди. Ичида бир сас уни сира омон қўймади.”Онамнинг тор қорнига сиққан эдим, эй воҳлар бўлсин, фарёдлар бўлсин, отамнинг қўрғонга менгзалган ҳайҳотдай уйига сиғмас чиқдим?” У қирғоғидан тошаётган ҳисларини ичкарига қамаб, бир дам тин олгач, сўнгра нидо этди:
– Тўхтанг Ота, кетар чоғингиз ўнг елкангиздан муборак тавоф олиб, сўнг омон кузатиб қўяй Сизни! — деди.
Отаси бурилиб қаради. Эй воҳ, унинг ичида шерлар, арслонлар наъра тортарди. Cалоҳиддин Аюбийлар ўзини қиблага отарди.
Нажмиянинг эса ичида ота эшигига сиғмаган, фақат меҳмон бўлиб, сўнг ҳожасининг эшигига қайтмоққа маҳкум бўлган — бировнинг хасмига айланган жамики мусофир заифаларнинг доди пинҳон эди. Фиғони яширин эди. Шундай! Қизи фақат отасининг ёнида йиғлай олмасди. У бошқаларнинг ёнида сира йиғлай олмасди. Бундай қилмоқликдан ҳаё қиларди.
Шунда ота қизини буюк ахлоқ устида кўрди.
Нажмия отасининг ўнг елкасидан олган тавоф ичида кузатиб қолди, сўнгра меҳрли ва раҳмли Хожасининг бағрига қайтди.
2016 йилнинг 24 январи. (Нидерландия тонгги)
Shahodat Ulug’ova
AMSTERDAM XOTIRALARI
Kundalikdagi bitiklardan
Shahodat Ulug’ (Ulug’ova) – 1970 yilda Nurota shahrida tug’ilgan. O’rta maktabni tamomlagach, ToshDU jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Uning «Qayta tug’ilish» (1997) va «G’animatim» (2004) deb nomlangan nasriy kitoblari chop etilgan. So’nggi yillarda Xorazmshohlar saltanati tarixidan, ulug’ sarkarda Jaloliddin Manguberdining jasoratlarga to’lug’ hayotidan hikoya etuvchi «Jayxun epkinlari» roman ustida ishladi va 2014 yilda nashrdan chiqqan asar adabiyot ixlosmandlari tomonidan iliq qarshi olindi.
Tun ikkinchi yarmidan og’di. Soat millari tungi ikkidan o’ttiz ikki daqiqa o’tganini ko’rsatib turardi.
Avval sochlarimni, so’ngra esa peshonamni ter bosdi. Nazarimda, miyam qattiq ishlab ketdi. Jazbadan dalolat berguvchi inja titroq kirdi barmoqlarimga. Bora-bora bir boshqacha holga, ijodiy jazava komiga tushib qoldim. Isitmam chiqqan kabi juda qizib ketdim. Borib yuzimni muzdek suvda yuvdim. Menda ba’zan shunday kechadi. Ammo bunday holimdan sira malollanmayman. Shunday jazavaki, bu xushsaodat jazba ichida qolmoqni mudom orzu qilaman… Buyuk qudrat sohibi va yagona Iqtidor egasi Parvardigor ko’nglim sarhadlariga unib o’ssin deya, zangori – yam-yashil chechaklarin qadagan edi…
Nihoyat, men qo’lyozmaning navbatdagi bobiga tongning etagida xotima yasadim.
TAVOFI DIL
Nafasi qirqilajak jazira fasl ichida u sochardi hasratli nola… Fig’oni tunning tubsiz quchog’iga singib ketgan chog’, vujudini omonsiz chanqoqlik shaffof tillari bilan yamlay boshladi.
Azobga mustahiq etguvchi sitamgir ko’rgulik aslida tushida kechardi. Va tushida kechajak ko’rguliklar o’nggida kechayotgan hayoti singari zalvorli edi. Bu peshonaning sho’ri-taqdirning hukmi emas, bu muhaqqaq ruhiy inqiroz uzun tushining davomi edi, xolos…
Joni hamon talvasa ichida titrar ekan, kutilmaganda hujra eshigi sharaqlab ochilgan chog’, Najmiya qattiq cho’chib o’yg’ondi.Tushimi edi bu va yoki o’nggi? Eshik zarb bilan ochilgan chog’ Najmiya qo’rquv ichida ko’zini ochdi. Azobga mustahiq etguvchi sitamgir ko’rgulik aslida tushida kechardi.
Eshigi qiyrihon ochiq narigi hujradan esa Xojasining qiroat ichidagi shirali ovozi eshitildi. Qiroat bamisli shu’la misoli hujra ichra oqib kirdi – da, so’ngra Najmiyaning shuurini shaffof nuri bilan o’ray boshladi. “Nafas olib, kirib kelgan tong bilan qasam”. Ilohning muborak mujdasi Hojasining tilidan tarala-tarala atrofga yoyila boshladi. Bu Takvir surasining o’n sakkizinchi oyati edi.
Tun hali veri chekinay demasdi.
Najmiya atrofdan qonib nafas olgach, boshini yana bolishga tashladi. Uni o’rayotgan uyqu sarob misoli tilsimini yoya boshladi. Endi u boshqa bir tushining shoshqin oqimida suzib yurdi.
O’sha tong, o’sha subhidam Hoja zavjasini tongning etagida qattiq uyqu ichida ko’rdi. Xoja hali zavjasini bunday holda hech ko’rmagan, zotan Najmiya juda xushyor uxlar, qachonki, hojasi
yonidan o’tsa, hatto uyqu ichida buni sezib turar edi.
Keyingi paytlar u zavjasining ruhiyatida bir hollar kechayotganini anglab turar, ammo aynan, ne hodisa ro’y berayotganidan uning xabari yo’q edi.
Navbatdagi tun sharpalari tong etagiga og’ar mahal, shamollar uvvos tortdi. Vadi al-Xitan to’lqinlari pishqirib, to’fon ko’tarilgan chog’, Najmiya qattiq cho’chib uyg’ondi. Aslida, undagi asriy uyqusizlik o’shanda boshlangan edi.O’shanda Nil daryosi atrofida kezingan darbadar shamollar va asov to’lqinlar tiriklik qismati bo’lib uning jon tomiriga quyilgan edi.
Shundan buyon Najmiya uyqu ne ekanin bilmaydi.
Shundan buyon bedor edi u.
Endi bedorlik ertasiga ham davom etdi. Najmiya uyqusiz tunlarning yana nechanchisini boshidan o’tkazar ekan, atrofida tinimsiz kezinayotgan davrning dimog’dor epkinlariga pand berishni chindan istagan edi. Aslida u bedor tunlarni beorom kunlarga ulagan holida vaqtning shoshqin oqimida suzib yurar edi.
Xojaci Haysama ibn Abdulloh mehr-oqibatli, ko’p rahmdil inson edi: Najmiya hojasini aynan mehribon va rahmdilligi uchunmas, inchunun sevgisiga loyiq halim zot ekani uchun qadrlar edi. Yillar o’tgan sari ular orasidagi mehr-muhabbat rishtalari yanada jips bog’lana boshdadi. Shu taqlid Najmiya Xojasining panohida nurli kunlarini xotirjam va saodat ichida kechirdi.
Hojasi istamas bo’ldi, ostonasin hatlab, bir qadam nariga chiqmadi.
Ammo yillar o’tgan sari Najmiyaning dardi tutib, sarg’ayib so’la boshladi. Bu zafaron so’lish ne ekanini daslabiga o’zi-da anglamadi. Bu aslida kindik qoni to’kilgan yurtga, ota-onasi va jigarbandlariga bo’lgan sog’inch hissi edi-ki, buni o’zi o’tli qo’msash ekanini-da hali mukammal anglamas edi.
U olis yurtga kelin qilib uzatilgan zaifa edi.
Bir kun u ostonada turib chanqovuz chaldi. Shunda chanqovuzning zangin titroqlari ko’shkida uni tug’ilib o’sgan, kindik qoni to’kilgan go’shaga yetaklab bordi. Ko’z o’nggida qir-adirlar osha yastanib yotgan bepoyon Vatani, otasi, onasi va jigarlari shakl shamoyilini ko’rsata boshladi. Bu shunday xushsaodat muddat ediki, Najmiya faqat o’sha muddat ichidagina bafurja nafas ola bilar edi.
Nihoyat, bir kun u Otasiga noma yo’llab, zabun holini bayon etdi. Bu — o’zini “ota eshigi”ga olib ketishini o’rtanib va o’tinib so’rovchi bir nolali maktub edi.
O’shanda u otasini rangi somon, qaddi kamon bo’lib, intiq kuta boshladi, ammo otasi ha deganda ko’rinish bermadi. Nihoyat, yettinchi kuni buzrugi qizining ostonasiga kirib keldi.
Najmiya otasining o’ng yelkasidan pok tavof olar ekan, o’ziga razm solayotgan ko’zlarga qarashga botina olmadi.
Otasi ko’rdiki, qizining xonadoni zimiston misoli sovuq va ko’rksiz. Angladiki, jigarbandining holi tang, rangi esa berang edi.
Najmiyaning bir paytlar yoqut kabi alvon bo’lgan lablari tusini yo’qotgan, yuzi qum kabi tussiz edi. YO, Robbim! Chindan u o’z ismi bilan zaifa edi. U judayam zaif, juda shikasta edi. Inja kipriklari ostida ma’yus boqib turgan tim qora ko’zlarida yosh g’iltillar edi. Ota qizining bu zabun holiga dosh bera olmadi. Vujudini og’ir titroq bosdi.
– Maktubing qo’lga tekkach, onangda orom bo’lmadi, qizim!
– Mani olib ketsangiz!
Otasi vazmin tin olgach, tomoq qirib qizidan so’radi:
– Domodning biror qusuri bormi, yo’qsa?!
– Yo’q, dedi qizi, — aclida u ko’p rahimdil, ko’p mehribon inson, — dedi.
– Unda nedan olib ketmog’imni istading?
– Sizlardan, onamdan, jigarlarimdan olisda yashay bilmadim. Musofir yurtda sizlarsiz hech yayramadim. Bas, yetar ortiq, onam bag’rida, yaqinlarim huzurida yashay. Bunga izn bering.
Otasi chindan zakiy inson edi, u uzoq o’ylab, nihoyat:
– Men senga maslahat berishim, taskin berishim mumkin, ammo o’zim bilan olib ketmoqqa botinmasman. Buni aslo qilmasman. Bunga mening haqqim yo’q, endi sen birovning xasmisan qizim, — dedi.
So’ng o’ziga qarab turgan bir juft ko’zlarga qarashga botina olmay, nigohlarini boshqa tomonga burgan kishi bo’lib so’ylandi:
– Har narsa bo’lsa bo’lsin, ammo dili xaroblikdan Xudo saqlasin! Rasulimiz ham bejizga aytmagan qizim:”Ogoh bo’ling! Jasadda bir parcha go’sht bor. Agar u o’nglansa, jasadning bari o’nglanadi. Agar u barbod bo’lsa, jasadning bari barbod bo’ladi. U — qalbdir.”
Shu payt Najmiya devor ortida hojasining qadamlari zarbini eshitdi. Hojasi juda asbiy qadam tashlardi. Domod qaynotasi qanday qaror chiqarmog’idan bexabar, qattiq asabiylashardi.
Ota ketayotib qiziga dedi:
– Boshing toshdan bo’lsin qizim. Sen endi birovning xasmisan. Suv kelsa simirib, tosh kelsa kemirib yasha. Shunda hayot Senga asl mazmunini ko’rsatadi va bir kun baribir baxting butun ekanini anglay boshlaysan. Do’stu dushmaningga qattik kulgungni va qattiq yig’ingni sira ko’rsatma, bolam! Har narsada me’yorni bil!
Qaynota huv narida bezovta yurgan Haysamaga yaqinlashdi. O’shanda u kuyoviga va’z nasihat qilmadi, faqat gapning indallosini aytdi:
– Domod, qizimni sizga, sizni esa Ollohga omonat topshirib ketayapman, — dedi.
Ichkarida esa Najmiya nolon qoldi.U dod sololmas, ammo ichida qiyomat qo’payotgan holini — da jilovlay bilmasdi. Boshidagi ro’moli yolkasi tomon sirg’alib, sochlari sharshara misoli quyiga yoyilib tushdi.
O’shanda mitti o’g’li onasiga ro’molini tutayotib:
– Boshingizga chachvonni tashlang, shamol sochingizni ortiq to’zg’itmasin, — dedi.
Onasi adoqsiz hasrat ichida o’g’liga qaradi, so’ng o’zi tomon uzalgan ro’molni boshiga tang’idi.
U hasrat va g’urbat ichida joyidan vazmin qo’zg’oldi. Bo’g’izida nimadir g’alayon qilmoqda edi: o’shanda sertalvasa jon to’yib nafas olmoqni sog’ingan edi.
Qay kuch uni oldinga itardi. YO hu, uning jismi bandi, ruhi qush edi. O’shanda Najmiya o’zini darbozasi yonida ko’rdi. Ichida bir sas uni sira omon qo’ymadi.”Onamning tor qorniga siqqan edim, ey vohlar bo’lsin, faryodlar bo’lsin, otamning qo’rg’onga mengzalgan hayhotday uyiga sig’mas chiqdim?” U qirg’og’idan toshayotgan hislarini ichkariga qamab, bir dam tin olgach, so’ngra nido etdi:
– To’xtang Ota, ketar chog’ingiz o’ng yelkangizdan muborak tavof olib, so’ng omon kuzatib qo’yay Sizni! — dedi.
Otasi burilib qaradi. Ey voh, uning ichida sherlar, arslonlar na’ra tortardi. Calohiddin Ayubiylar o’zini qiblaga otardi.
Najmiyaning esa ichida ota eshigiga sig’magan, faqat mehmon bo’lib, so’ng hojasining eshigiga qaytmoqqa mahkum bo’lgan — birovning xasmiga aylangan jamiki musofir zaifalarning dodi pinhon edi. Fig’oni yashirin edi. Shunday! Qizi faqat otasining yonida yig’lay olmasdi. U boshqalarning yonida sira yig’lay olmasdi. Bunday qilmoqlikdan hayo qilardi.
Shunda ota qizini buyuk axloq ustida ko’rdi.
Najmiya otasining o’ng yelkasidan olgan tavof ichida kuzatib qoldi, so’ngra mehrli va rahmli Xojasining bag’riga qaytdi.
2016 yilning 24 yanvari. (Niderlandiya tonggi)