Shahodat Ulug’ova. Qush begi yoki yarqiroviq tug’sa, subhidam sovir emish…

087Муаллифдан: Шакл-шамойили беқиёс бу қуш ҳақидаги ҳикоятни Отам раҳматли сўзлаб бергандилар… Нуротада бир қуш ўтган — беқиёс бир қуш. Нурликлар-тоғликлар уни Қуш Беги аташар эди. Бургутнинг оти — Қуш Беги эди…

   Бургут шамолнинг шиддатидан қувватланиб, қудратга дўнаётир эди. Қўрмас ва жасур Қуш Беги — бургут пат-пат қанот қоқиб, дарз кетган қояда турган модасининг ёнига келиб қўнди. Бургут ҳар қандай захматни доғда қолдириб ўзи истаган ўлжага эга чиқарди. У ўз иқтидорига ишонар эди. Инчунун довюрак, қўрқмаслиги сабаб тоғнинг беш ўртасида белгили эди. Абжирлиги, давюраклиги, ҳамда ақли ва тағин ҳеч вақодан тап тортмас ғайирли боис тоғликлар орасида Қуш Беги лақабини олганди. Бекаму кўст эканини ўзи ҳам англар, англагани сари қаққаяр, қаққайгани сари қудратга дўниб, иқтидорига кўра давронар эди. Нар ва мода қуш дарз кетган қоя чўққисида тиғдек ўткир нигоҳларини олисларга тикиб, қилт этмай қотиб туришарди.

    Модаси нигоҳларини жуфтига қайириб боқди. Аммо нар қуш қилт этмасди. Мода бургут жуфтининг парво қилмаётганини кўриб безовталанди. Ниҳоят жуфти бир нуқтага қадалган нигоҳларини узиб, ғалати овоз чиқрарди-ю модасига кетмоқ ишоратини берди. Сўнгра қўрғошиндек тош қотган, мустаҳкам қанотларини пат-пат қоқиб учишга чоғланди… «Тўхта юзи чаманим», романини баҳоли қудрат нашрга тайёрлар эканман, отам айтган ҳикоя — Қуш Беги эсимга тушиб, уни романга киритдим.

Шаҳодат УЛУҒОВА
ҚУШ БЕГИ ЁКИ ЯРҚИРОВИҚ ТУҒСА,
СУБҲИДАМ СОВУР ЭМИШ…


   033Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – юртимизнинг кўҳна Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. «Қайта туғилиш» (1997), «Ғаниматим» (2004) сингари бир неча насрий асарлар ҳамда “Афтондил”, “Суюнчи”, “Шамс, Қамар — Қурбонгул” (2010) номли достонлар ва “Амстердам хотиралари” лавҳалари муаллифи.

Хоразмшоҳлар тарихидан ҳикоя қилувчи уч романдан иборат — «Жайҳун эпкинлари», «Сен йиғлама фақат», «Халоскор султон Қутуз» — трилогияси адибанинг марказий асари ҳисобланади. Моҳиятига кўра тарихий-эпик асар саналган, Қуръоний тимсоллар билан зийнатланиб, назмий эҳтирослар билан тўйинтирилган услубда битилган ушбу асарлар ўқувчини юртимизнинг улуғвор ва айни пайтда ғуссаларга тўла ўтмиши томон етаклайди. Бу ўтмишнинг салмоқли саҳифаси ўлароқ Тарихга битилган Хоразмшоҳлар салтанатининг – Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фирот ва Дажла соҳиллари қадар ўз таъсирини ёйган бу давру даврон салтанатнинг юксалиш ва инқирозидан ҳамда сўнгги ҳукмдор Жалолиддин Мангубердининг Чингизий мўғул истилочиларига қарши беомон курашидан, унинг бутун шаънли ҳаёти-ҳолотларидан ҳикоялар сўзлайди. Трилогиянинг учинчи романи — “Халоскор султон Қутуз” шу кунларда “Академнашр” нашриётида кашрга ҳозирланмоқда.

Адиба ҳозирда Нидерландияда яшаб ижод этади.


     Офтоб тобин ташлади, зада бўлган Чаман амма келини Саодатга қараб:

— Содат! Содат дейман, ай, Содат! Чилла чиқсаям, пасаймади-я, гармсели аримади иссиқнинг. Кўкка қарадингми, кеч? Кўрдингми ҳеч?

Ярқировуқ туғдимикан? Кўк косасин ёриб, чиқса эди, ярқировуқ ярқираб!

Кўк тоқи бежо қалқиб, шамол шиддатга кирди. Кибор тоғнинг мағрур даҳоси шамолнинг шаҳдига шиддат қўшаётганди. Тангри талъатли эмиш, безовталик бежизмасмиш. Юлдузларнинг киши билмас ва англамас силжишида коиноти оламнинг рутбаси зоҳир эмиш. Эмишки, ўн икки буржнинг яширин-ошкор балқишида неча-неча яшноқ юлдузлар чақнаб, Тангри талъатига талпинар эмиш.

Бир турли зийнатли амали билан кўкариш олиб кирган ҳамал олислаб кетганди. Унинг ортидан ҳаллослаб келган саратоннинг жазили жонни ёқди. Ёмон ёқди. Улар мезонни интиқ кутишар эди. Кутишарди мезонни…

Ярқировуқ туғса, субҳидам совур эмиш!

Салқин ҳувур ёйилмоқда эди. Муздек ёйилган ҳовур жоннинг ҳузури эди. Хуш ёқарди одамга. Тоғнинг этагидаги яйдоқ далада суғурлар ёйилиб бордилар, асад сувин қониб ичгали…

Нурликлар, дарахтлари баравж ўсиши учун асад сувин қуярдилар чорбоғларига. “Асад-экинингни ясат”, дердилар.

Саодат кўкка қараганди кеч, ўшанда кўрган эди. Чиндан ярқировуқ туққан эди. Кўк косасин ёриб чиққанди, ярқировуқ ярқираб!

Тонга яқин, пештоқда юлдуз мулгиб турарди; бу юзданмиди, аввалига ташрифи билинмади. Аммо муқаррар эди; хушрў эди унинг ташрифи, чунки мезон юртга хушрў оёқлаганди. Сунбула шираси кирган чорбоққа асад суви оралади…

Нуротада кунинг ҳарорати ҳийла пасайди. Тўрт — беш кун илгари кучли шамол эсиб, дурустгина ёғингарчиликдан сўнг дала-дашт жавониб қолди. Жавониб! Ва шунда чашмада сув саёзлашди. Нур булоғи хомуш оқди, жилдираган жилға мисол. Аммо Сирнинг суви кўпайди. Буни фаҳмлаган қушлар безовта чирқиллашди. Тунов куни Чаман амманинг ёзги айвонига ин қурган қушлар ошёнини тарк этиб, иссиқ ўлкаларга учиб кетишди.

Осмон денгизининг шимолий қирғоғидаги икки чақноқ, икки ярқироқ юлдуз қувончдан жавониб қолди. Бири беш-олти кун илгари, иккинчиси эса бу кеч чақнаб кўриниш берди. Буржида узаниб турган юлдуз, кутилмаганда чақноқ юзига чойшабин ёпган булутларнинг босқинини ёриб чиқди-да, келгуси булутга қарши мудофаага тайёрланди. Осмон равоқларида гўёки сувости кемалари худди отилган замбараклар билан чўктирилгандай. Шунда ой, саваш чоғида жосусларнинг олган ҳуфя маълумотларини тортиб олиш пайига тушди. Шафқатсиз қирғин уч кун давом этди. Ертўла ва ер ости йўлларида қурол ва ўқлар ҳозир эди. Анов кўприкка эса думалоқ қора мина қўйилган. Қароқчи юлдуз уланган сим орқали кўприкни портлатиб юборганди, шундан сўнг қиғинбарот саваш бошланди . Унинг оқибатида қишки истеҳком ҳам зарар кўрди… Бу чақин чақирувчи анави юлдузнинг севимли истеҳкоми эди. Унда юлдузнинг яшалмаган ҳаёти, рўёларида кечган дунёси бор эди, аттанг. Бир пайтлар бу истеҳком қишда роҳати жон эди. Ҳамма қаҳратон қишнинг аёзли, қақшаган зулмат тунларида истеҳкомнинг иссиқ бағрида паноҳ топарди.

Амма юлдузларнинг хавотири ҳақида ҳикоят сўзларкан, невараларининг аста-аста мулгиётганини кўриб, очилиб қолган устларини ёпинчиқ билан ёпиб қўйди.

Тонг отгач, очиқ деразадан муздек ёйилган ҳовур ичкарига оралади. Амма салқин ҳовур жонига хуш ёққанидан пича турди. Қараса, сурувлар тепаликка ёйилиб борардилар.

*** 

Жума куни тиловат хуш ўтди. Комилнинг тоғдаги уйида Хатмига тўпланган қариндошлар тарқалдилар. Комил аммани олиб қолгиси бор, аммо унинг Форишда узоқ тургиси йўқ. Одамларнинг кетидан у ҳам кетса, тезроқ Нуротага етса. “Тағин бирор кун қолинг, эртага Маҳмуд поччам билан кетарсиз “ дея қўярда-қўймай олиб қолди у аммани. Маҳмуд поччаси эса касалхонада ётган, қариндоши Садбар опани “Можрим шифохонаси”га бориб, кўриб қайтадиган бўлди. Шундай қилиб Маҳмуд куёв касал кўргани жўнади. Унинг ортидан амма,”Садбарга салом айтгин-а, тезроқ тузалиб кетсин”, дея қўл силтаб, хайр-хўшлаб қолди.

— Негадир, тоққа келиб тетиклашиб қолдим. Форишнинг ҳавоси бўлакда. Тоза ҳаводан тўйиб нафас олиб, узала тушиб ётишга не етсин! Кечқурун бирам яхши ухладим. Уйда бўлса, хаёл олиб қочами, ким билсин, уйқум ҳеч келмайди. Минг йил бурун бўлиб ўтган ҳодисалар эсга тушади, де. Қанча замон ўтди, не бир сувлар оқиб битди. Бурунгилар ўтди-кетди! Отам ҳам йўқ, онам ҳам йўқ! Лекин остонамда мунғайиб тургандай бўлаверади. Супамда юришгандай бўлади. Дард ёмон,
дарддан қарилик ёмон, дерди буругилар. Топиб айтишган экан. Мундай ўйласам, етмиш, етмишдан кейин кетмиш, бўларкан одам. Ким билсин, яна! Ёш ҳам кетяпти, мана…Қарасам, пешонамда ой туради. Ўй устига ўй ёпирилиб келади. Ётаман, тураман. Ташқарига чиқаман, ичкарига кираман. Шу десанг, алламаҳалгача кўзга уйқу келмай, у ёқдан бу ёққа ағдарилиб, тонгга яқин ухлаб қолардим. Бу ерда бўлса, мана келганимга тўрт кун бўлипти-ки, тўшакка киришимга билқ этмай ётаман. Кўз очсам тонг отган. Уйқуга қониб, бир бошқача яхши бўлиб тураман. Тетикман шукур.

— Ана бўлмасам, амма! Яна кетаман, дейсиз. Кетаманга тушганиззи эшитиб, аммам бу ерда яхши дам олмадимикан? Ё бўлмасам, жой танлаб кечқурун ухламай чиқяптими, дея хавотир бўп турувдим.

— Дам олганда қандоқ! Уйинг хуш ёқиб, дим яхши ётдим, болам! Барака топ, тўшакниям қалин солган экансан. Бай-бай, тўра хонимлардай, байбичалардай қалин тўшакда бирам яхши ётдим! Ўзиям Форишни ҳавоси бўлакда…

— Тўра хонимлардан қаериз кам! Уй хуш ёққан бўлса, бошим устига. Ҳар куни келиб ётибсизми? Қалин тўшак солиш вазифам, амма…

— Шукур болам. Борларингга шукур.

—Келиб яхши қилдиз-да…Болаларнинг суюнганини айтмайсизми?

—Болларга яхши қара болам. Бешикдаги беш турланар,
қаёққа бурсанг, шунга ўрганар.

Чиндан энасининг келиши болаларни суюнтириб юборганди! Айниқса, невараси Дилдорани. Келини Саодатни айтмайсизми? Саодатга бир боқинг, у ўзига хос содда ва самимий, меҳмон келса, ўзини қўярга жой тополмай қоладиган, кўнглиям, қўлиям очиқ, меҳмондўст аёл эди. У суюнганидан тинмай айланиб-ўргилмоқда эди. Аммага қараб, “келиб жа яхши қилдиз-да амма, уйимиз тўлиб қолди. Қариси бор уйнинг париси бор. Тағин бирор ҳафта қолинг. Ана, Назарали каттакон йигит бўлиб қолди. Сигирим туғиб қоладимикан, дея ғам еманг. Анбар опам бор, вақти соати етганида сигирни бир амаллаб туғдириб олар, ташвиш тортманг сиз”, дея сўйланарди.

Ҳаял ўтмай ўртага дастурхон солди. Зум ўтмай, дастурхонга шаппати нон, ширинликлар, тоғ олчаси, писта-бодом қўйди. Орада ўчоқда, қатлама пишириб келганини амма сезмай қолди. Саодат суяги енгил, чаққонгина, қўли ширин аёл эди.

Таомланиб бўлгач, амма ёстиққа ёнбошлади. Саодат эса рўзғор ишларига унаб кетади.

— Айланиб кетай Содат! Содат дейман. Минда қарагин келин! Урчиғингни узат болам. Бўш ўтириппан! Бекордан Худой безор. Урчиқни узат. Ҳарна-да бир икки чуйка жунингни йигириб кетай, — дейди аммаси тушмагур.

Саодатнинг қошлари чимирилиб:

— Бир пас тинч ўтиргиз кемайди-я амма, — дея илжайиб қўяди.

— Бўш ўтираманми, бер урчиқни…

—Майлн, тек ўтиринг. Шунча урчиқ йигирганиз етар! — У шундай деб қўлида пешгир, шошиб даҳлизга чиқиб, четга ташлаб қўйилган хуржунга қўл тиқиб, чорсига ўралган бир нимани олганча ташқарига чиқиб кетди. Кичкинтойи онасининг ортидан эргашди.

— Эҳтият бўлгин! Ҳазир юр, супадан йиқилиб тушмагин тағин, ай, Хайрулло! Оёғингга қараб юргин-а…Худо хайрингни берсин, умр келгур! – Кичкинтойнинг дуои жонинии қилиб қолади ортидан.

—Ая менга беринг, менга беринг!-Онасининг ортидан эргашади Хайрулло.

Онаси индамади, шошганидан ортига қайрилиб қарамадиям. У сайсхонага, молларга емиш солгани кириб кетди. Дилдора билан Ибодулло мактабдан нари, клубда бўладиган мусобақага ўтишган, ҳовли тинчиб қолганди. Комил кечқурун тунги сменада ишлармиш. Бир-икки соат дам олгач, қўриқхонага жўнармиш. Шунинг учун дам олгани нариги хонага кириб кетганди.

—Хайрулло, Хайрулло дейман! Нега ундай қиляпсан?

Чаман амма ҳовлига югуриб кирган Хайруллонинг ёнига борди. Болакай эса қувиб келаётган болалар бостириб киришидан қўрқиб, темир дарвозани даранглатиб ёпти-ю, шоша-пиша энасига “Қулпланг эна, қулпланг!”Деди. Йиғламсираб, ўзини урмоқчи бўлишганини айтар экан, улар билан қайтиб ўйнамаслиги уқтирди! Энаси, нега, дея сўраганида. Боқи чолнинг хуржунидан олма ўғирлашганини бобога айтиб қўйгани учун уни урмоқчи бўлишипти.

Амма шумтака болаларни койиган бўлиб, Хайруллони ичкарига олиб кирди. Аммо фурсатлар ўтиб, уйда ўтира олмаган болакай, тағин қаергадир кетиб қолганини сезиб, илжайиб қўйди.

Дераза ойнасидан шуъла оқиб, худди қалбига оралаб киргандай амма бирдан тетиклашади.Кўнгли бир турли бошқача, худди беш- олти ёшга ёшаргандай. Агар ҳозир ўрнидан туриб дала-даштга чиқмаса бўлмайдигандай, даст ўрнидан туриб, ташқарига отилади.

Атрофда эсган шамол унинг танига куч- қувват бағишлаб ҳур-озод эсарди. Шундай маъволар борки, инсон зоти бундай ерларга талпингани-талпинган. Қуёш энкайиб уфқдан тавоф олаётгандек. Бузрук тоғ эса тутаб ёнган гулханни муаллақ кўтариб турарди. Тоғ манзараси бошқача, ҳайратли эди. Тоғ тепасида ва ёнбағирларида қор эримаганлиги учун қуёш нурларида ялтираб кўзга ташланади. Шу атрофда кимларнингдир гангир-гунгур овози эшитилди. Улар ёрдамчи чўпонлар экан. Амма бироз юриб қўрага калла суқди, Саодат ерга шолча ёзиб чордона қуриб, ўтириб олганча, макка жўхорини ситаётган экан. Амма тик турган жойида у билан пича гаплашиб қолди. Кейин яйдоқ дала томон, пастга тушиб кетди. Онда-сонда тоққа қараб кетаётган одам шарпаси кўриниб қолади. Мундай қараса, клубга етиб қолипти. Аммо болалар орасида унинг Дилдориям, Ибодуллосиям кўринмади.

Амма одамлар ишлаётган йўлдан ўтиб, кўприк ёнида тўхтади. Бу ерда дўнглик бор. Ўша дўнглик тепасида бир болакай турарди. Бу дўнгликни худди у кўтаргандай, пастда турган шерикларига қараб:

—Дўнгликка чиқмайсанлар…-дейди адл туриб.

—Дўнгликти сен кўтариб қўйипсанмикан? Дўнгалак, Дўнгалак! -Мазақлаб устидан кулади шериклари.

Ҳаво очиқ, қуёшнинг жилосидан чор тарафи нурга ғарқ бўлгандек, кўнгли янада равшанлашди. Шунда у қирга қараб йўл солди. Ўнг томонида дара, сўлида сайҳонлик, хушрў яланглик қуёш нурида ажойиб товланади. Тўғрида азамат тоғлар аммага виқор -ла қараб туришар эди. Бирдан жимирлаган жило амманинг қалбига оқиб кирди, бу илоҳий шуъла сўнгги муаззам томирига омон етиб борганида, амма чуқур-чуқур нафас олди. Бу беқиёс зам-зама, шошқин шамол шаҳдига шижоат қўшиб эсди. Офтоб-оламтобнинг рўшнолиги ва шамолнинг шошқин шиддати ҳаққи нурафшон кунга омон етганидан мамнун экан, қуёшнинг зиёсини кўзга тўтиё қилиб сургиси келди. Бу зам-зама, ёши саксонга етганида нуроний чеҳрасига ажин тушиб,сочларига оқ оралаб, қарилик гаштини сурар чоғида, умрнинг, муаззам ҳаётнинг қадрига янада теранроқ етиши керак эканини эсга солгандир, балки. Бирдан қурғоқ кўзларидан селлари оқди. Бу қарияларга хос бўлган тилсимли ҳолат эди. Шу дам у тоғ бағридамас, ҳужраи саодат ичида умрининг қолган қисмини яшаб ўтаётганди. У ички бир ўк билан умри ўтиб бораётганини ҳиc этиб чўкка тушиб қолди-да, бирдан ҳўнграб-ҳўнграб йиғлай бошлади. Шундан сўнг бола каби беташвиш ва беғубор бўлиб қолди. Катта-катта кўзларини олисларга тикиб узоқ қолиб кетди. Амма ён атрофига қарамасди, ҳеч бир зоғни кўрмасди, чўкка тушган ерида жим турар эди. Тоғлар ва даралар иси анқиган ер уни михлаб қўйганди.

Қир-адирдан ўтиб, тоққа яқинлаша борганида ҳолсирай бошлади. Шунда бир овоз янгради:

— Салом тоғнинг даҳоси.Эшитяпсанми, бузрук тоғ!

Овоз акс садо бериб атрофга қайтди. Садо амманинг қулоғи остида жаранглаб турди.

“Салом тоғнинг даҳоси. Эшитяпсанми бузрук тоғ!”

”Бу-Икромнинг овозимасми?” Ғир-ғир эсган шамол жонига оро кириб, бир йўла узала тушди. Кўкда қаймоқранг булутлар чордона қуриб, қуйига ҳайрон боқишар эди. Амма тоза ҳаводан тўйиб сипқорди. Тепасидан учиб кетаётган анов бургутни амма таниб қолди. Бу-Қуш Беги эди. Уни тоғликлар шундай аташарди.Оти унинг Қуш Беги эди.

* * *

Ваҳшиёна овоз чиқариб, тобора қўрқмай кўкка қўтарилиб борди. У шамолнинг шиддатидан қувват олиб, қудратга дўнаётган эди. Қўрқмас ва жасур Қуш Беги- бургут пат-пат қанот қоқиб, дарз кетган қояда турган модасининг ёнига келиб қўнди. Бургут ҳар қандай захматни доғда қолдириб ўзи истаган ўлжага эга чиқарди. У ўз иқтидорига ишонар эди. Инчунун довюрак, қўрқмаслиги сабаб тоғнинг беш ўртасида белгили эди. Абжирлиги, давюраклиги, ҳамда ақли ва тағин ҳеч вақодан тап тортмас ғайирли боис тоғликлар орасида Қуш Беги лақабини олганди. Бекаму кўст эканини ўзи ҳам англар, англагани сари қаққаяр, қаққайгани сари қудратга дўниб, иқтидорига кўра давронар эди. Нар ва мода қуш дарз кетган қоя чўққисида тиғдек ўткир нигоҳларини олисларга тикиб, қилт этмай қотиб туришарди.
Модаси нигоҳларини жуфтига қайириб боқди. Аммо нар қуш қилт этмасди. Мода бургут жуфтининг парво қилмаётганини кўриб безовталанди. Ниҳоят жуфти бир нуқтага қадалган нигоҳларини узиб, ғалати овоз чиқрарди-ю модасига кетмоқ ишоратини берди. Сўнгра қўрғошиндек тош қотган, мустаҳкам қанотларини пат-пат қоқиб учишга чоғланди.

Қуш Беги бошқа шерикларидан шафқатсиз ва ниҳоят йиртқич экани билан ажралиб турарди. Унинг чўяндек бақувват, қайрилган тумшуғи, катта-катта ўткир кўзлари, қотган қўрғошиндек қаттиқ оёғи, тиғдек ўткир тирноқлари чиндан йиртқич, чунон шафатсиз эканини кўрсатиб турарди. Қуш беги учиб кетди. Модаси-Жибаси яралангани сабаб қолди. Унинг сўл оёғи-ю қанотлари заҳоланганди. Бу жароҳатни қояга урилган чоғ оттириб олган, шу сабаб у овга чиқа олмади. Жуфтининг ўлжа олиб қайтишини кутиб қолди.Шу топ унинг қорни оч эди. Қора патлари обтобда ялтираб кетар, у ҳам нарига ўхшаб, абжирлиги билан танилган эди. Жиба ўлжасига фавқулотда ташланиб, эсанкиратиб ташларди. Ўтган йили Қора қарға дарасида кўпайишганди. Улар аслида Помир тоғларидан бу ёнларга келиб қолганди.

Помирнинг қуйида бир кўл бўларди. Шу кўл атрофида ин қурган даррандалар уларнинг севимли хўраги эди. Ўшанда улар ғозлар уялаган кўл атрофини топиб олишди. Эҳ, ўша пайтлар қандай тўкинчилик, омон-омон замон келганди-я! Ўтди даврон, кетди даврон, энди даврон қайдадир! Осмон ҳам, ер ҳам, ой ҳам шу икки қушга, қуёш ҳам шу икки бургутга эмакдош бўлганди. Ажабтовур кўпайишди. Кейин полопонларини учирма қилишди. Кутилмаганда иқлим ўзгариб, кўл қурий бошлади. Ёзнинг чилласида тоғлардан оқиб келган сўнгги оқава ва лойқа сувлар ҳар ерга сингиб, соб бўлди. Шамоллар кеча-кундуз тинмай эсарди. Қуриган кўл ўрни биёбонга айланди-қолди. Кўл ўрнида қум уюмлари пайдо бўлганини кўрган бургутлар ғалати овоз чиқариб, бу ерни тарк этдилар. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиб, ҳаросат ичида беқарор яшадилар. Ҳайвон ва паррандаларга тўла тўқайзорлар энди йўқ. Кўл ўзанларида балиқ тутиб ейишганини туш кўрар эди бургут. Балиқ уларнинг севимли озуқаси эди-да! Энди эса ўша қамишзор, кўл, кечаги кун қиёфаси ўтмишга айланди-қолди. Кўл қуриб, ўрни икки ҳисса кўпроқ биёбон шаклига кирди. Бир жуфт бургут эса, дайдий-дайдий ташландиқ гўртепага келиб қўнишди. Егулик тополмагач, пат-пат қаноқ қоқиб, бу бехосият ерни тарк этиб,олислар томон учиб кетдилар. Улар Тоғли Бадахшонни ортда қолдириб, неча-неча паст текисликлар, далалар, саҳролар устидан учиб ўтдилар, сўнгра бепоён даштда қўним топишди. Бу дашт икки қушнинг ҳудудига айланди. Улар бу ерда суғурларни овлаб едилар. Шунда улар дашт ниҳоят инжиқ, иқлими беқарор эканини англаб етдилар. Ҳа, чиндан дашт қишда – совуқ ва ўта қуруқ эди. Бироқ қуйи томон силжиб боргани сари ҳарорат мўътадиллашиб бораверди. Бу тарафларда қўй -қўзилар сероб, подалар кўп эди. Уларга озуқа етарли эди. Минтақадаги дашт кўчманчилари ўт-ўланли, яйдоқ тепаликларга мол ҳайдаб боқишар эди. Бир кун улар Узунмўла, Довтепа, Қизилжар қишлоқлари тепасидан учиб ўтаётган кез ялангликда бир ниманинг қорасини кўриб қолишди. Қўнишгач, бунинг ўлимтик эканини билишди. Бургутлар ўлим тик ейишмасди.

Дайди шамол таъсириданми, худди тўлқинланган денгиз манзарасини эслатувчи бепоён қум тепалар кўзга бўлакча ташланади. Қизил қум ва Қора қум саҳроларига бир пайтлар чирой бериб турувчи ўт-гиёҳлар саратоннинг жазирамасида сарғайиб, қовжираб битган. Теварак-атроф абадий сукутга чўмган, ҳаёт тўхтаб қолгандай. Бу аросат дунёда аҳён-аҳёнда учраган шўрак , янтоқ ёки сазоқ орасидан югуриб чиққан калтакесаклар саҳрода ҳам ҳаёт борлигидан дарак беради. Бургутлар шу калтакесакларни овлаб юрди. Саҳро ичига кириб борган сари, улар кўп замонлардан буён бу ерларга ҳали инсон қадами етиб келмаганига иқрор бўлишди. Шунда улар бу саҳрода яна ҳам бошқачароқ манзарани кўриб қолишди. Тошбақалар бор экан, аммо улар бўлакча, тоғда учраган тошбақалардан кескин фарқ қилар эди. Улар жазирамада обдон чиниққан эди. Тош косалари эса худди қуйилган қўрғошиндек қаттиқ бўларкан. Уларни овлаб ейиш машаққат экан. Тошбақалар бошларини тош косалари ичига яшириб, суткалаб қотиб туришар, бургутлар улардан зерикиб, мўмай озуқа тополмаганларидан саҳрони ташлаб кетгилари келди. Қуёш ботар чоғи бу ерлар жуда чиройли бўлиб кўринади. Мовий осмон остида, қизил қум уюрлари товланиб туради. Мана, саҳрони ҳам тарк этишди.Шундан сўнг Қора қарға дарасида ўтроқ бўлиб қолдилар. Бургутлар кабутарлар, чумчуқларни овлаб юрдилар. Аммо бир ҳодисадан сўнг улар Қора қарғани тарк этишга мажбур бўлдилар. Ерлик чўпонларнинг милтиғидан чиққан ўқ уларни сергак торттирди. Бургутлар шундан сўнг Фориш тарафга кўчиб ўтишди. Тўғри Қора қарғани тарк этишганидан кейин Қуш Беги биринчи бор каттиқ, бутун тоғни ағдар-тўнтар қилгулик ҳолатда овоз чиқарди. Уни ниманинг хумори қаттиқ тутаётган бўлса. Қўрғошин мисол қотган, мустаҳкам панжаси билан қояни қириб ташлади. Тепада Қуш Бегига ҳайрон боққан булутлар телбавор кезинди, арчалар эса шамол шиддатиданми, ё-да баҳайбат қушнинг исёнкор овозиданми безовта чайқалдилар. Қоя тошнинг сўлида қизғиш ва қўнғир буталарнинг афтода ҳоли борган сари сўниб, сувсизликдан қовжираб бораётган барглари дилдирай-дилдирай шамолда мажолсиз силкиниб қўярди. Ҳув олисдаги ўйдим чуқур тепалик эса борган сари чўзилиб, сайҳонликка уланиб кетган.

Дарз кетган қоя биқинида пастак гужум бор; ўша дарахтнинг новдасида кеча унутиб қолдирган Комил мол духтирнинг чорчиси қистирилган турарди. Кеча у, терга ботиб кетган бўйни ва юзини шу чорсида артганди. Сўнгра дарахт новдасига қистириб қўйди-да, ерга узала тушиб, пича дам олди. Қаттиқ ҳолдан тойганди. Шу кунларда қўриқхонада иш кўпайган. Қўл-қўлга тегмайди. Пойтахтдан каттакон бир олим тўрт аспиранти билан келган. Улар анқорларни кўпайтириш борасида аллақандай илмий иш олиб боряптилар. Улар билан бирга юрган бизнинг мол духтиримиз Комилнинг бош қашлашга вақти йўқ. Елади, югуради. Гоҳ тоққа, гоҳ қўриқхонага, гоҳ фермага, гоҳ идорага кетишаркан, уларга йўл кўрсатувчилик қилиб толди. Шаҳарликлар ҳам мол дўхтирнинг ортидан эргашаркан, тили сангиллаб, тоғу тош кезиб чарчашди. Чаман амма уйга силласи қуриб қайтган Комилга қараб тегишади:

— Дўнгпешонам! Дўнгпешонам, недан уйтиб тумтайиб қолдинг, минда кел, илдима кел-чи, -дейди.

Жиғибийрони чиқиб ичкарига кирган Комил шарақлаб, яйраб кулади. Комил болалик чоғида, баъзан тумтайиб қолганида, “Ўзимми дўнгпешонам! Дўнгпешонамни илдига бир борай-чи, нега мунча тумтайиб қолди экан”, дерди . Амма атай “олдига” сўзини “илдига”, дея қўлларди унинг кулгисини қисташ важида. У эса пиқ этиб кулиб юборишдан ўзини зўрға тийиб, атай ўчашгандай, “ Илдимга кемай қўя қолинг, амма! Нима ишиз бор, дўнгпешонамга? Дўнгпешона эканман, деб шунгаям ғам еб ётайми энди, дерди тўнғиллаб. Шуларни эслаб хўп кулишди,кейин Комил ёзғирди:

— Дўнгпешонайиздан буяғиниям сўранг амма, иғирим чиқти тоз-за. Бу шаҳарликлар йўлга ярамайдикан.

— Тоғни тоғликларга чиқарган. Шаҳарликлар қайдан билсин.

— Шу, шу! Тоғни орзулашади, тоққа чиқсак ҳовримиз кўтарилади, сизларга мазза-да тоғда яшайсизлар, дейишади.

— Лекин тоғда юрган сен кўпроқ биласан.

— Энди тоғни қўйиб туринг, буяғдаги аспирантларнинг ҳолини қўринг. Шу денг бир пасда ҳали унисининг оёғи оғриган, ҳали бунисининг иссиққа тови йўқ, ҳали мановсининг боши оғриб қолиб, дори ичгани бир кафт сув йўқ , тоғма-тоғ булоқ излаб кетаман.

— И-и-би, одам деган бидонда сув олиб юрмайдими, тоққа чиқишингди билганингдан сўнг.

— Менам шуни айтаман-да… Ҳали ановси сўлжайиб қолади. Бу шаҳарликлар бўлмайдиган сортидан экан. Шу кунларда биттаси ёмон ич кетти бўлиб, банисага тушди. Уни банисадан кўриб келаётган ерим эди, ём-мон чарчадим лекигин, — ёзғиради Комил.

Кечаги кун шундай ўтди, бугун эса манзилига тағин дарз кетган қоя орақали ўтиши керак. Қараса, дарахт новдасида кеча унутиб қолдирган чорсиси ҳалиям қистирилган турипти. У чорсини олиб белига боғлади, сўнг пайраха тилган бош бармоғини пайпаслаб қўйди. Бармоғида ҳалиям оғриқ бор, эти битгунча шундай лўқ-лўқ оғриққа чидаб беради, энди.

054 Muallifdan: Shakl-shamoyili beqiyos bu qush haqidagi hikoyatni Otam rahmatli so’zlab bergandilar… Nurotada bir qush o’tgan — beqiyos bir qush. Nurliklar-tog’liklar uni Qush Begi atashar edi. Burgutning oti — Qush Begi edi…

Burgut shamolning shiddatidan quvvatlanib, qudratga do’nayotir edi. Qo’rmas va jasur Qush Begi — burgut pat-pat qanot qoqib, darz ketgan qoyada turgan modasining yoniga kelib qo’ndi. Burgut har qanday zaxmatni dog’da qoldirib o’zi istagan o’ljaga ega chiqardi. U o’z iqtidoriga ishonar edi. Inchunun dovyurak, qo’rqmasligi sabab tog’ning besh o’rtasida belgili edi. Abjirligi, davyurakligi, hamda aqli va tag’in hech vaqodan tap tortmas g’ayirli bois tog’liklar orasida Qush Begi laqabini olgandi. Bekamu ko’st ekanini o’zi ham anglar, anglagani sari qaqqayar, qaqqaygani sari qudratga do’nib, iqtidoriga ko’ra davronar edi. Nar va moda qush darz ketgan qoya cho’qqisida tig’dek o’tkir nigohlarini olislarga tikib, qilt etmay qotib turishardi.

Modasi nigohlarini juftiga qayirib boqdi. Ammo nar qush qilt etmasdi. Moda burgut juftining parvo qilmayotganini ko’rib bezovtalandi. Nihoyat jufti bir nuqtaga qadalgan nigohlarini uzib, g’alati ovoz chiqrardi-yu modasiga ketmoq ishoratini berdi. So’ngra qo’rg’oshindek tosh qotgan, mustahkam qanotlarini pat-pat qoqib uchishga chog’landi… «To’xta yuzi chamanim», romanini baholi qudrat nashrga tayyorlar ekanman, otam aytgan hikoya — Qush Begi esimga tushib, uni romanga kiritdim.

Shahodat ULUG’OVA
QUSH BEGI YOKI YARQIROVIQ TUG’SA,
SUBHIDAM SOVUR EMISH…


037Shahodat Ulug’ (Ulug’ova) – yurtimizning ko’hna Nurota shahrida tug’ilgan. O’rta maktabni tamomlagach, ToshDU (hozirgi O’zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakulьtetida tahsil olgan. «Qayta tug’ilish» (1997), «G’animatim» (2004) singari bir necha nasriy asarlar hamda “Aftondil”, “Suyunchi”, “Shams, Qamar — Qurbongul” (2010) nomli dostonlar va “Amsterdam xotiralari” lavhalari muallifi.

Xorazmshohlar tarixidan hikoya qiluvchi uch romandan iborat — «Jayhun epkinlari», «Sen yig’lama faqat», «Xaloskor sulton Qutuz» — trilogiyasi adibaning markaziy asari hisoblanadi. Mohiyatiga ko’ra tarixiy-epik asar sanalgan, Qur’oniy timsollar bilan ziynatlanib, nazmiy ehtiroslar bilan to’yintirilgan uslubda bitilgan ushbu asarlar o’quvchini yurtimizning ulug’vor va ayni paytda g’ussalarga to’la o’tmishi tomon yetaklaydi. Bu o’tmishning salmoqli sahifasi o’laroq Tarixga bitilgan Xorazmshohlar saltanatining – Pomiru Tiyonshongacha, Fors ko’rfazidan Firot va Dajla sohillari qadar o’z ta’sirini yoygan bu davru davron saltanatning yuksalish va inqirozidan hamda so’nggi hukmdor Jaloliddin Manguberdining Chingiziy mo’g’ul istilochilariga qarshi beomon kurashidan, uning butun sha’nli hayoti-holotlaridan hikoyalar so’zlaydi. Trilogiyaning uchinchi romani — “Xaloskor sulton Qutuz” shu kunlarda “Akademnashr” nashriyotida kashrga hozirlanmoqda.

Adiba hozirda Niderlandiyada yashab ijod etadi.


   Oftob tobin tashladi, zada bo’lgan Chaman amma kelini Saodatga qarab:

— Sodat! Sodat deyman, ay, Sodat! Chilla chiqsayam, pasaymadi-ya, garmseli arimadi issiqning. Ko’kka qaradingmi, kech? Ko’rdingmi hech?

Yarqirovuq tug’dimikan? Ko’k kosasin yorib, chiqsa edi, yarqirovuq yarqirab!

Ko’k toqi bejo qalqib, shamol shiddatga kirdi. Kibor tog’ning mag’rur dahosi shamolning shahdiga shiddat qo’shayotgandi. Tangri tal’atli emish, bezovtalik bejizmasmish. Yulduzlarning kishi bilmas va anglamas siljishida koinoti olamning rutbasi zohir emish. Emishki, o’n ikki burjning yashirin-oshkor balqishida necha-necha yashnoq yulduzlar chaqnab, Tangri tal’atiga talpinar emish.

Bir turli ziynatli amali bilan ko’karish olib kirgan hamal olislab ketgandi. Uning ortidan halloslab kelgan saratonning jazili jonni yoqdi. Yomon yoqdi. Ular mezonni intiq kutishar edi. Kutishardi mezonni…

Yarqirovuq tug’sa, subhidam sovur emish!

Salqin huvur yoyilmoqda edi. Muzdek yoyilgan hovur jonning huzuri edi. Xush yoqardi odamga. Tog’ning etagidagi yaydoq dalada sug’urlar yoyilib bordilar, asad suvin qonib ichgali…

Nurliklar, daraxtlari baravj o’sishi uchun asad suvin quyardilar chorbog’lariga. “Asad-ekiningni yasat”, derdilar.

Saodat ko’kka qaragandi kech, o’shanda ko’rgan edi. Chindan yarqirovuq tuqqan edi. Ko’k kosasin yorib chiqqandi, yarqirovuq yarqirab!

Tonga yaqin, peshtoqda yulduz mulgib turardi; bu yuzdanmidi, avvaliga tashrifi bilinmadi. Ammo muqarrar edi; xushro’ edi uning tashrifi, chunki mezon yurtga xushro’ oyoqlagandi. Sunbula shirasi kirgan chorboqqa asad suvi oraladi…

Nurotada kuning harorati hiyla pasaydi. To’rt — besh kun ilgari kuchli shamol esib, durustgina yog’ingarchilikdan so’ng dala-dasht javonib qoldi. Javonib! Va shunda chashmada suv sayozlashdi. Nur bulog’i xomush oqdi, jildiragan jilg’a misol. Ammo Sirning suvi ko’paydi. Buni fahmlagan qushlar bezovta chirqillashdi. Tunov kuni Chaman ammaning yozgi ayvoniga in qurgan qushlar oshyonini tark etib, issiq o’lkalarga uchib ketishdi.

Osmon dengizining shimoliy qirg’og’idagi ikki chaqnoq, ikki yarqiroq yulduz quvonchdan javonib qoldi. Biri besh-olti kun ilgari, ikkinchisi esa bu kech chaqnab ko’rinish berdi. Burjida uzanib turgan yulduz, kutilmaganda chaqnoq yuziga choyshabin yopgan bulutlarning bosqinini yorib chiqdi-da, kelgusi bulutga qarshi mudofaaga tayyorlandi. Osmon ravoqlarida go’yoki suvosti kemalari xuddi otilgan zambaraklar bilan cho’ktirilganday. Shunda oy, savash chog’ida josuslarning olgan hufya ma’lumotlarini tortib olish payiga tushdi. Shafqatsiz qirg’in uch kun davom etdi. Yerto’la va yer osti yo’llarida qurol va o’qlar hozir edi. Anov ko’prikka esa dumaloq qora mina qo’yilgan. Qaroqchi yulduz ulangan sim orqali ko’prikni portlatib yuborgandi, shundan so’ng qig’inbarot savash boshlandi . Uning oqibatida qishki istehkom ham zarar ko’rdi… Bu chaqin chaqiruvchi anavi yulduzning sevimli istehkomi edi. Unda yulduzning yashalmagan hayoti, ro’yolarida kechgan dunyosi bor edi, attang. Bir paytlar bu istehkom qishda rohati jon edi. Hamma qahraton qishning ayozli, qaqshagan zulmat tunlarida istehkomning issiq bag’rida panoh topardi.

Amma yulduzlarning xavotiri haqida hikoyat so’zlarkan, nevaralarining asta-asta mulgiyotganini ko’rib, ochilib qolgan ustlarini yopinchiq bilan yopib qo’ydi.

Tong otgach, ochiq derazadan muzdek yoyilgan hovur ichkariga oraladi. Amma salqin hovur joniga xush yoqqanidan picha turdi. Qarasa, suruvlar tepalikka yoyilib borardilar.

***

Juma kuni tilovat xush o’tdi. Komilning tog’dagi uyida Xatmiga to’plangan qarindoshlar tarqaldilar. Komil ammani olib qolgisi bor, ammo uning Forishda uzoq turgisi yo’q. Odamlarning ketidan u ham ketsa, tezroq Nurotaga yetsa. “Tag’in biror kun qoling, ertaga Mahmud pochcham bilan ketarsiz “ deya qo’yarda-qo’ymay olib qoldi u ammani. Mahmud pochchasi esa kasalxonada yotgan, qarindoshi Sadbar opani “Mojrim shifoxonasi”ga borib, ko’rib qaytadigan bo’ldi. Shunday qilib Mahmud kuyov kasal ko’rgani jo’nadi. Uning ortidan amma,”Sadbarga salom aytgin-a, tezroq tuzalib ketsin”, deya qo’l siltab, xayr-xo’shlab qoldi.

— Negadir, toqqa kelib tetiklashib qoldim. Forishning havosi bo’lakda. Toza havodan to’yib nafas olib, uzala tushib yotishga ne yetsin! Kechqurun biram yaxshi uxladim. Uyda bo’lsa, xayol olib qochami, kim bilsin, uyqum hech kelmaydi. Ming yil burun bo’lib o’tgan hodisalar esga tushadi, de. Qancha zamon o’tdi, ne bir suvlar oqib bitdi. Burungilar o’tdi-ketdi! Otam ham yo’q, onam ham yo’q! Lekin ostonamda mung’ayib turganday bo’laveradi. Supamda yurishganday bo’ladi. Dard yomon,
darddan qarilik yomon, derdi burugilar. Topib aytishgan ekan. Munday o’ylasam, yetmish, yetmishdan keyin ketmish, bo’larkan odam. Kim bilsin, yana! Yosh ham ketyapti, mana…Qarasam, peshonamda oy turadi. O’y ustiga o’y yopirilib keladi. Yotaman, turaman. Tashqariga chiqaman, ichkariga kiraman. Shu desang, allamahalgacha ko’zga uyqu kelmay, u yoqdan bu yoqqa ag’darilib, tongga yaqin uxlab qolardim. Bu yerda bo’lsa, mana kelganimga to’rt kun bo’lipti-ki, to’shakka kirishimga bilq etmay yotaman. Ko’z ochsam tong otgan. Uyquga qonib, bir boshqacha yaxshi bo’lib turaman. Tetikman shukur.

— Ana bo’lmasam, amma! Yana ketaman, deysiz. Ketamanga tushganizzi eshitib, ammam bu yerda yaxshi dam olmadimikan? Yo bo’lmasam, joy tanlab kechqurun uxlamay chiqyaptimi, deya xavotir bo’p turuvdim.

— Dam olganda qandoq! Uying xush yoqib, dim yaxshi yotdim, bolam! Baraka top, to’shakniyam qalin solgan ekansan. Bay-bay, to’ra xonimlarday, baybichalarday qalin to’shakda biram yaxshi yotdim! O’ziyam Forishni havosi bo’lakda…

— To’ra xonimlardan qayeriz kam! Uy xush yoqqan bo’lsa, boshim ustiga. Har kuni kelib yotibsizmi? Qalin to’shak solish vazifam, amma…

— Shukur bolam. Borlaringga shukur.

—Kelib yaxshi qildiz-da…Bolalarning suyunganini aytmaysizmi?

—Bollarga yaxshi qara bolam. Beshikdagi besh turlanar,
qayoqqa bursang, shunga o’rganar.

Chindan enasining kelishi bolalarni suyuntirib yuborgandi! Ayniqsa, nevarasi Dildorani. Kelini Saodatni aytmaysizmi? Saodatga bir boqing, u o’ziga xos sodda va samimiy, mehmon kelsa, o’zini qo’yarga joy topolmay qoladigan, ko’ngliyam, qo’liyam ochiq, mehmondo’st ayol edi. U suyunganidan tinmay aylanib-o’rgilmoqda edi. Ammaga qarab, “kelib ja yaxshi qildiz-da amma, uyimiz to’lib qoldi. Qarisi bor uyning parisi bor. Tag’in biror hafta qoling. Ana, Nazarali kattakon yigit bo’lib qoldi. Sigirim tug’ib qoladimikan, deya g’am yemang. Anbar opam bor, vaqti soati yetganida sigirni bir amallab tug’dirib olar, tashvish tortmang siz”, deya so’ylanardi.

Hayal o’tmay o’rtaga dasturxon soldi. Zum o’tmay, dasturxonga shappati non, shirinliklar, tog’ olchasi, pista-bodom qo’ydi. Orada o’choqda, qatlama pishirib kelganini amma sezmay qoldi. Saodat suyagi yengil, chaqqongina, qo’li shirin ayol edi.

Taomlanib bo’lgach, amma yostiqqa yonboshladi. Saodat esa ro’zg’or ishlariga unab ketadi.

— Aylanib ketay Sodat! Sodat deyman. Minda qaragin kelin! Urchig’ingni uzat bolam. Bo’sh o’tirippan! Bekordan Xudoy bezor. Urchiqni uzat. Harna-da bir ikki chuyka juningni yigirib ketay, — deydi ammasi tushmagur.

Saodatning qoshlari chimirilib:

— Bir pas tinch o’tirgiz kemaydi-ya amma, — deya iljayib qo’yadi.

— Bo’sh o’tiramanmi, ber urchiqni…

—Mayln, tek o’tiring. Shuncha urchiq yigirganiz yetar! — U shunday deb qo’lida peshgir, shoshib dahlizga chiqib, chetga tashlab qo’yilgan xurjunga qo’l tiqib, chorsiga o’ralgan bir nimani olgancha tashqariga chiqib ketdi. Kichkintoyi onasining ortidan ergashdi.

— Ehtiyat bo’lgin! Hazir yur, supadan yiqilib tushmagin tag’in, ay, Xayrullo! Oyog’ingga qarab yurgin-a…Xudo xayringni bersin, umr kelgur! – Kichkintoyning duoi joninii qilib qoladi ortidan.

—Aya menga bering, menga bering!-Onasining ortidan ergashadi Xayrullo.

Onasi indamadi, shoshganidan ortiga qayrilib qaramadiyam. U saysxonaga, mollarga yemish solgani kirib ketdi. Dildora bilan Ibodullo maktabdan nari, klubda bo’ladigan musobaqaga o’tishgan, hovli tinchib qolgandi. Komil kechqurun tungi smenada ishlarmish. Bir-ikki soat dam olgach, qo’riqxonaga jo’narmish. Shuning uchun dam olgani narigi xonaga kirib ketgandi.

—Xayrullo, Xayrullo deyman! Nega unday qilyapsan?

Chaman amma hovliga yugurib kirgan Xayrulloning yoniga bordi. Bolakay esa quvib kelayotgan bolalar bostirib kirishidan qo’rqib, temir darvozani daranglatib yopti-yu, shosha-pisha enasiga “Qulplang ena, qulplang!”Dedi. Yig’lamsirab, o’zini urmoqchi bo’lishganini aytar ekan, ular bilan qaytib o’ynamasligi uqtirdi! Enasi, nega, deya so’raganida. Boqi cholning xurjunidan olma o’g’irlashganini boboga aytib qo’ygani uchun uni urmoqchi bo’lishipti.

Amma shumtaka bolalarni koyigan bo’lib, Xayrulloni ichkariga olib kirdi. Ammo fursatlar o’tib, uyda o’tira olmagan bolakay, tag’in qayergadir ketib qolganini sezib, iljayib qo’ydi.

Deraza oynasidan shu’la oqib, xuddi qalbiga oralab kirganday amma birdan tetiklashadi.Ko’ngli bir turli boshqacha, xuddi besh- olti yoshga yosharganday. Agar hozir o’rnidan turib dala-dashtga chiqmasa bo’lmaydiganday, dast o’rnidan turib, tashqariga otiladi.

Atrofda esgan shamol uning taniga kuch- quvvat bag’ishlab hur-ozod esardi. Shunday ma’volar borki, inson zoti bunday yerlarga talpingani-talpingan. Quyosh enkayib ufqdan tavof olayotgandek. Buzruk tog’ esa tutab yongan gulxanni muallaq ko’tarib turardi. Tog’ manzarasi boshqacha, hayratli edi. Tog’ tepasida va yonbag’irlarida qor erimaganligi uchun quyosh nurlarida yaltirab ko’zga tashlanadi. Shu atrofda kimlarningdir gangir-gungur ovozi eshitildi. Ular yordamchi cho’ponlar ekan. Amma biroz yurib qo’raga kalla suqdi, Saodat yerga sholcha yozib chordona qurib, o’tirib olgancha, makka jo’xorini sitayotgan ekan. Amma tik turgan joyida u bilan picha gaplashib qoldi. Keyin yaydoq dala tomon, pastga tushib ketdi. Onda-sonda toqqa qarab ketayotgan odam sharpasi ko’rinib qoladi. Munday qarasa, klubga yetib qolipti. Ammo bolalar orasida uning Dildoriyam, Ibodullosiyam ko’rinmadi.

Amma odamlar ishlayotgan yo’ldan o’tib, ko’prik yonida to’xtadi. Bu yerda do’nglik bor. O’sha do’nglik tepasida bir bolakay turardi. Bu do’nglikni xuddi u ko’targanday, pastda turgan sheriklariga qarab:

—Do’nglikka chiqmaysanlar…-deydi adl turib.

—Do’nglikti sen ko’tarib qo’yipsanmikan? Do’ngalak, Do’ngalak! -Mazaqlab ustidan kuladi sheriklari.

Havo ochiq, quyoshning jilosidan chor tarafi nurga g’arq bo’lgandek, ko’ngli yanada ravshanlashdi. Shunda u qirga qarab yo’l soldi. O’ng tomonida dara, so’lida sayhonlik, xushro’ yalanglik quyosh nurida ajoyib tovlanadi. To’g’rida azamat tog’lar ammaga viqor -la qarab turishar edi. Birdan jimirlagan jilo ammaning qalbiga oqib kirdi, bu ilohiy shu’la so’nggi muazzam tomiriga omon yetib borganida, amma chuqur-chuqur nafas oldi. Bu beqiyos zam-zama, shoshqin shamol shahdiga shijoat qo’shib esdi. Oftob-olamtobning ro’shnoligi va shamolning shoshqin shiddati haqqi nurafshon kunga omon yetganidan mamnun ekan, quyoshning ziyosini ko’zga to’tiyo qilib surgisi keldi. Bu zam-zama, yoshi saksonga yetganida nuroniy chehrasiga ajin tushib,sochlariga oq oralab, qarilik gashtini surar chog’ida, umrning, muazzam hayotning qadriga yanada teranroq yetishi kerak ekanini esga solgandir, balki. Birdan qurg’oq ko’zlaridan sellari oqdi. Bu qariyalarga xos bo’lgan tilsimli holat edi. Shu dam u tog’ bag’ridamas, hujrai saodat ichida umrining qolgan qismini yashab o’tayotgandi. U ichki bir o’k bilan umri o’tib borayotganini hic etib cho’kka tushib qoldi-da, birdan ho’ngrab-ho’ngrab yig’lay boshladi. Shundan so’ng bola kabi betashvish va beg’ubor bo’lib qoldi. Katta-katta ko’zlarini olislarga tikib uzoq qolib ketdi. Amma yon atrofiga qaramasdi, hech bir zog’ni ko’rmasdi, cho’kka tushgan yerida jim turar edi. Tog’lar va daralar isi anqigan yer uni mixlab qo’ygandi.

Qir-adirdan o’tib, toqqa yaqinlasha borganida holsiray boshladi. Shunda bir ovoz yangradi:

— Salom tog’ning dahosi.Eshityapsanmi, buzruk tog’!

Ovoz aks sado berib atrofga qaytdi. Sado ammaning qulog’i ostida jaranglab turdi.

“Salom tog’ning dahosi. Eshityapsanmi buzruk tog’!”

”Bu-Ikromning ovozimasmi?” G’ir-g’ir esgan shamol joniga oro kirib, bir yo’la uzala tushdi. Ko’kda qaymoqrang bulutlar chordona qurib, quyiga hayron boqishar edi. Amma toza havodan to’yib sipqordi. Tepasidan uchib ketayotgan anov burgutni amma tanib qoldi. Bu-Qush Begi edi. Uni tog’liklar shunday atashardi.Oti uning Qush Begi edi.

* * *

Vahshiyona ovoz chiqarib, tobora qo’rqmay ko’kka qo’tarilib bordi. U shamolning shiddatidan quvvat olib, qudratga do’nayotgan edi. Qo’rqmas va jasur Qush Begi- burgut pat-pat qanot qoqib, darz ketgan qoyada turgan modasining yoniga kelib qo’ndi. Burgut har qanday zaxmatni dog’da qoldirib o’zi istagan o’ljaga ega chiqardi. U o’z iqtidoriga ishonar edi. Inchunun dovyurak, qo’rqmasligi sabab tog’ning besh o’rtasida belgili edi. Abjirligi, davyurakligi, hamda aqli va tag’in hech vaqodan tap tortmas g’ayirli bois tog’liklar orasida Qush Begi laqabini olgandi. Bekamu ko’st ekanini o’zi ham anglar, anglagani sari qaqqayar, qaqqaygani sari qudratga do’nib, iqtidoriga ko’ra davronar edi. Nar va moda qush darz ketgan qoya cho’qqisida tig’dek o’tkir nigohlarini olislarga tikib, qilt etmay qotib turishardi.
Modasi nigohlarini juftiga qayirib boqdi. Ammo nar qush qilt etmasdi. Moda burgut juftining parvo qilmayotganini ko’rib bezovtalandi. Nihoyat jufti bir nuqtaga qadalgan nigohlarini uzib, g’alati ovoz chiqrardi-yu modasiga ketmoq ishoratini berdi. So’ngra qo’rg’oshindek tosh qotgan, mustahkam qanotlarini pat-pat qoqib uchishga chog’landi.

Qush Begi boshqa sheriklaridan shafqatsiz va nihoyat yirtqich ekani bilan ajralib turardi. Uning cho’yandek baquvvat, qayrilgan tumshug’i, katta-katta o’tkir ko’zlari, qotgan qo’rg’oshindek qattiq oyog’i, tig’dek o’tkir tirnoqlari chindan yirtqich, chunon shafatsiz ekanini ko’rsatib turardi. Qush begi uchib ketdi. Modasi-Jibasi yaralangani sabab qoldi. Uning so’l oyog’i-yu qanotlari zaholangandi. Bu jarohatni qoyaga urilgan chog’ ottirib olgan, shu sabab u ovga chiqa olmadi. Juftining o’lja olib qaytishini kutib qoldi.Shu top uning qorni och edi. Qora patlari obtobda yaltirab ketar, u ham nariga o’xshab, abjirligi bilan tanilgan edi. Jiba o’ljasiga favqulotda tashlanib, esankiratib tashlardi. O’tgan yili Qora qarg’a darasida ko’payishgandi. Ular aslida Pomir tog’laridan bu yonlarga kelib qolgandi.

Pomirning quyida bir ko’l bo’lardi. Shu ko’l atrofida in qurgan darrandalar ularning sevimli xo’ragi edi. O’shanda ular g’ozlar uyalagan ko’l atrofini topib olishdi. Eh, o’sha paytlar qanday to’kinchilik, omon-omon zamon kelgandi-ya! O’tdi davron, ketdi davron, endi davron qaydadir! Osmon ham, yer ham, oy ham shu ikki qushga, quyosh ham shu ikki burgutga emakdosh bo’lgandi. Ajabtovur ko’payishdi. Keyin poloponlarini uchirma qilishdi. Kutilmaganda iqlim o’zgarib, ko’l quriy boshladi. Yozning chillasida tog’lardan oqib kelgan so’nggi oqava va loyqa suvlar har yerga singib, sob bo’ldi. Shamollar kecha-kunduz tinmay esardi. Qurigan ko’l o’rni biyobonga aylandi-qoldi. Ko’l o’rnida qum uyumlari paydo bo’lganini ko’rgan burgutlar g’alati ovoz chiqarib, bu yerni tark etdilar. Bir joydan ikkinchi joyga ko’chib, harosat ichida beqaror yashadilar. Hayvon va parrandalarga to’la to’qayzorlar endi yo’q. Ko’l o’zanlarida baliq tutib yeyishganini tush ko’rar edi burgut. Baliq ularning sevimli ozuqasi edi-da! Endi esa o’sha qamishzor, ko’l, kechagi kun qiyofasi o’tmishga aylandi-qoldi. Ko’l qurib, o’rni ikki hissa ko’proq biyobon shakliga kirdi. Bir juft burgut esa, daydiy-daydiy tashlandiq go’rtepaga kelib qo’nishdi. Yegulik topolmagach, pat-pat qanoq qoqib, bu bexosiyat yerni tark etib,olislar tomon uchib ketdilar. Ular Tog’li Badaxshonni ortda qoldirib, necha-necha past tekisliklar, dalalar, sahrolar ustidan uchib o’tdilar, so’ngra bepoyon dashtda qo’nim topishdi. Bu dasht ikki qushning hududiga aylandi. Ular bu yerda sug’urlarni ovlab yedilar. Shunda ular dasht nihoyat injiq, iqlimi beqaror ekanini anglab yetdilar. Ha, chindan dasht qishda – sovuq va o’ta quruq edi. Biroq quyi tomon siljib borgani sari harorat mo»tadillashib boraverdi. Bu taraflarda qo’y -qo’zilar serob, podalar ko’p edi. Ularga ozuqa yetarli edi. Mintaqadagi dasht ko’chmanchilari o’t-o’lanli, yaydoq tepaliklarga mol haydab boqishar edi. Bir kun ular Uzunmo’la, Dovtepa, Qiziljar qishloqlari tepasidan uchib o’tayotgan kez yalanglikda bir nimaning qorasini ko’rib qolishdi. Qo’nishgach, buning o’limtik ekanini bilishdi. Burgutlar o’lim tik yeyishmasdi.

Daydi shamol ta’siridanmi, xuddi to’lqinlangan dengiz manzarasini eslatuvchi bepoyon qum tepalar ko’zga bo’lakcha tashlanadi. Qizil qum va Qora qum sahrolariga bir paytlar chiroy berib turuvchi o’t-giyohlar saratonning jaziramasida sarg’ayib, qovjirab bitgan. Tevarak-atrof abadiy sukutga cho’mgan, hayot to’xtab qolganday. Bu arosat dunyoda ahyon-ahyonda uchragan sho’rak , yantoq yoki sazoq orasidan yugurib chiqqan kaltakesaklar sahroda ham hayot borligidan darak beradi. Burgutlar shu kaltakesaklarni ovlab yurdi. Sahro ichiga kirib borgan sari, ular ko’p zamonlardan buyon bu yerlarga hali inson qadami yetib kelmaganiga iqror bo’lishdi. Shunda ular bu sahroda yana ham boshqacharoq manzarani ko’rib qolishdi. Toshbaqalar bor ekan, ammo ular bo’lakcha, tog’da uchragan toshbaqalardan keskin farq qilar edi. Ular jaziramada obdon chiniqqan edi. Tosh kosalari esa xuddi quyilgan qo’rg’oshindek qattiq bo’larkan. Ularni ovlab yeyish mashaqqat ekan. Toshbaqalar boshlarini tosh kosalari ichiga yashirib, sutkalab qotib turishar, burgutlar ulardan zerikib, mo’may ozuqa topolmaganlaridan sahroni tashlab ketgilari keldi. Quyosh botar chog’i bu yerlar juda chiroyli bo’lib ko’rinadi. Moviy osmon ostida, qizil qum uyurlari tovlanib turadi. Mana, sahroni ham tark etishdi.Shundan so’ng Qora qarg’a darasida o’troq bo’lib qoldilar. Burgutlar kabutarlar, chumchuqlarni ovlab yurdilar. Ammo bir hodisadan so’ng ular Qora qarg’ani tark etishga majbur bo’ldilar. Yerlik cho’ponlarning miltig’idan chiqqan o’q ularni sergak torttirdi. Burgutlar shundan so’ng Forish tarafga ko’chib o’tishdi. To’g’ri Qora qarg’ani tark etishganidan keyin Qush Begi birinchi bor kattiq, butun tog’ni ag’dar-to’ntar qilgulik holatda ovoz chiqardi. Uni nimaning xumori qattiq tutayotgan bo’lsa. Qo’rg’oshin misol qotgan, mustahkam panjasi bilan qoyani qirib tashladi. Tepada Qush Begiga hayron boqqan bulutlar telbavor kezindi, archalar esa shamol shiddatidanmi, yo-da bahaybat qushning isyonkor ovozidanmi bezovta chayqaldilar. Qoya toshning so’lida qizg’ish va qo’ng’ir butalarning aftoda holi borgan sari so’nib, suvsizlikdan qovjirab borayotgan barglari dildiray-dildiray shamolda majolsiz silkinib qo’yardi. Huv olisdagi o’ydim chuqur tepalik esa borgan sari cho’zilib, sayhonlikka ulanib ketgan.

Darz ketgan qoya biqinida pastak gujum bor; o’sha daraxtning novdasida kecha unutib qoldirgan Komil mol duxtirning chorchisi qistirilgan turardi. Kecha u, terga botib ketgan bo’yni va yuzini shu chorsida artgandi. So’ngra daraxt novdasiga qistirib qo’ydi-da, yerga uzala tushib, picha dam oldi. Qattiq holdan toygandi. Shu kunlarda qo’riqxonada ish ko’paygan. Qo’l-qo’lga tegmaydi. Poytaxtdan kattakon bir olim to’rt aspiranti bilan kelgan. Ular anqorlarni ko’paytirish borasida allaqanday ilmiy ish olib boryaptilar. Ular bilan birga yurgan bizning mol duxtirimiz Komilning bosh qashlashga vaqti yo’q. Yeladi, yuguradi. Goh toqqa, goh qo’riqxonaga, goh fermaga, goh idoraga ketisharkan, ularga yo’l ko’rsatuvchilik qilib toldi. Shaharliklar ham mol do’xtirning ortidan ergasharkan, tili sangillab, tog’u tosh kezib charchashdi. Chaman amma uyga sillasi qurib qaytgan Komilga qarab tegishadi:

— Do’ngpeshonam! Do’ngpeshonam, nedan uytib tumtayib qolding, minda kel, ildima kel-chi, -deydi.

Jig’ibiyroni chiqib ichkariga kirgan Komil sharaqlab, yayrab kuladi. Komil bolalik chog’ida, ba’zan tumtayib qolganida, “O’zimmi do’ngpeshonam! Do’ngpeshonamni ildiga bir boray-chi, nega muncha tumtayib qoldi ekan”, derdi . Amma atay “oldiga” so’zini “ildiga”, deya qo’llardi uning kulgisini qistash vajida. U esa piq etib kulib yuborishdan o’zini zo’rg’a tiyib, atay o’chashganday, “ Ildimga kemay qo’ya qoling, amma! Nima ishiz bor, do’ngpeshonamga? Do’ngpeshona ekanman, deb shungayam g’am yeb yotaymi endi, derdi to’ng’illab. Shularni eslab xo’p kulishdi,keyin Komil yozg’irdi:

— Do’ngpeshonayizdan buyag’iniyam so’rang amma, ig’irim chiqti toz-za. Bu shaharliklar yo’lga yaramaydikan.

— Tog’ni tog’liklarga chiqargan. Shaharliklar qaydan bilsin.

— Shu, shu! Tog’ni orzulashadi, toqqa chiqsak hovrimiz ko’tariladi, sizlarga mazza-da tog’da yashaysizlar, deyishadi.

— Lekin tog’da yurgan sen ko’proq bilasan.

— Endi tog’ni qo’yib turing, buyag’dagi aspirantlarning holini qo’ring. Shu deng bir pasda hali unisining oyog’i og’rigan, hali bunisining issiqqa tovi yo’q, hali manovsining boshi og’rib qolib, dori ichgani bir kaft suv yo’q , tog’ma-tog’ buloq izlab ketaman.

— I-i-bi, odam degan bidonda suv olib yurmaydimi, toqqa chiqishingdi bilganingdan so’ng.

— Menam shuni aytaman-da… Hali anovsi so’ljayib qoladi. Bu shaharliklar bo’lmaydigan sortidan ekan. Shu kunlarda bittasi yomon ich ketti bo’lib, banisaga tushdi. Uni banisadan ko’rib kelayotgan yerim edi, yom-mon charchadim lekigin, — yozg’iradi Komil.

Kechagi kun shunday o’tdi, bugun esa manziliga tag’in darz ketgan qoya oraqali o’tishi kerak. Qarasa, daraxt novdasida kecha unutib qoldirgan chorsisi haliyam qistirilgan turipti. U chorsini olib beliga bog’ladi, so’ng payraxa tilgan bosh barmog’ini paypaslab qo’ydi. Barmog’ida haliyam og’riq bor, eti bitguncha shunday lo’q-lo’q og’riqqa chidab beradi, endi.

099

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

Izoh qoldiring