Shahodat Ulug’. Qayta tug’ilish

041    Ёзувчи зоти баъзан кутилмаганда ўзининг дастлабки машқларини излаб-топиб, аллақандай соғинч билан кўздан кечира бошлайди, ўша олис йиллар юрагини нималар ҳаяжонга солганини билишга уринади. Истеъдодли адиба Шаҳодат Улуғ ўзининг ёшлик дафтаридан олинган кичик новеллани сизга тақдим этар экан, излагани сизнинг юрагингиздаям борлигига ишонади.

Шаҳодат УЛУҒ
ҚАЙТА ТУҒИЛИШ
Ички монолог-новелла
041

042   Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китобларининг муаллифи. 2014 йили нашр этилган Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» романи адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинди.

041

… Мен худбин кимсалар ўз тақдирини ўзга кимсалар билан боғлай олмаслигини тушиниб қолдим… ва шунда ногоҳ ўзимдан чўчиб кетган эдим. Мен нодон наҳот Қиблам қаерда эканин унутдим. Наҳот, бу ҳолим учун Роббимдан қўрқмадим?! Йўқ, йўқ, мен Роббимдан Ҳаё қилгандим…

О, лаънати ёлғизлик! О, лаънати мағрурлик! О, лаънати ўз-ўзига бино қўйиш ва одам иси ёқмаслик иллати. Булар менинг ёлғиз бошимга бало бўлмоқда эди.
Менда бу лаънати иллатлар қачон ва қай ҳолда пайдо бўлганини билолмай ҳалакман. Эҳтимол, табиатан шундай яралгандирман. Эҳтимол, болалик чоғимда орттириб олгандирман бу қусурларни. Эҳтимол, яқин-яқинларда менга илашгандир бу лаънати иллатлар.

Мен отамнинг гапини жуда тиниқ эслайман, зеро бундай гапларни эсдан чиқариб бўларми? Дадам онамга айтганди:
— Онаси, бу қизингнинг тупроғи бошқа жойдан олинган кўринади. Бола бўлиб синфдошларига қўшилиб, ўйнаб-кулиб юрганини кўрмадим ҳеч!

Мен болалигимдаёқ ўзимни бола — кичик одам санамас эдим…

Ҳеч кимга қўшилмасдим, ҳеч кимсага аралашмасдим. Ёшим улғайган сари бу лаънати иллатлар менда янаям кучайиб, бир кунмас бир кун ёлғиз бошимга балолар ёғдиришидан қўрқиб юрардим. Сут билан кирган мижоз жон билан чиқар деганидек, бу қусурлардан сира қутула олмасдим. Ҳе-е! Мен қутулишга ҳаракат ҳам қилмасдим. Бундай хаёллар менинг далли хаёлимда йўқ эди сира!

Ҳар доим бир нимадан кўнглим тўлмай, бир нимадан норозидай яшар эдим. Аммо недан кўнглим тўлмаётир, кимдан бу қадар норозиман – билмай титраб-қақшаб юрган кезлар мен бир нимани туйқус англаб қолдим. Мен кунларим, наинки кунларим, балки бутун умрим беҳуда ўтаётгани англаб қолгандим. Э-э! Кунлар ҳақида гапирмай Сизга! Улар ҳар доимгидек ҳиссиз, руҳсиз кечар эди. Қачонлардир шоду ҳуррам ўтган кунларимни ҳеч эслай олмайман! Бундай туғилган, туғилаётган ва туғилажак кунларга лаънатлар бўлсин! Энди мен кунларнинг қандай ўтаётгани ҳақида деярли ўйламай қўйдим. Фақат, фақат хуфтон чоғи мен типирчилаб қолардим. Чунки қуёш ёниқ умримнинг яна бир ёниқ парчасин олиб ботар эди-да! Тириклик қисматимнинг яна бир заррасини ўғирлаб ботаётганини ўшандагина ҳис этиб қолдим. Алҳол, ожиз танамда фавқулодда қўзғолган руҳий жазавани босолмай, анчага қадар ўзим билан ўзим овораи сарсон бўлиб қолардим. Шундан кейин кунлаб, ойлаб кимсанинг кўзига кўринмай, ётиб қолар эдим. Кейин дафъатан ўрнимдан туриб кетардим. Шундан кейин ўзимни гўё тирик одам ҳис этардим.

Аммо руҳим аллақандай интиҳосиз бўшлиқ ичида озод кезарди. Руҳим ҳур эди, мен банди эдим.

Йўқ, йўқ, бу ёлғон! Руҳим аллақандай қонталаш ва тушуниксиз туман ичра кезиниб юрарди. О, менинг чорасиз руҳим! У борлиқ ва йўқлик орасида сарсон эди. Чунки мен бандаи ожиз бу ёруғ, мукаммал дунёда бор ва ҳам йўқ кимса эдим! Аллақандай бемаъни ва бачкана ўйларнинг бандиси бўлиб юришимни қара! Аллақандай жимжимадор либосларга бу қуруқ савлатни ўраб юришимни қара! Дорилфунунда қуруқ сафсата сотаётган домланинг тутуриқсиз гапига қулоқ осиб юришимни қара! Бундай телба ўйлар менга сира ором бермасди.

Мана бу талаба қиз ўғрилар, фоҳишалардан нафратлаганида мен ҳам унга қўшилиб нафратландим. Эртаси куни ўзининг ҳам шу йўлдан кетаётганини кўргач, шундоғам покиза қўлимни ювиб, қўлтиғимга урдим. ”Ҳаёт яшашга арзимайди!” Ницшега эргашарак ҳайқирдим. Барига тупуриш керак! Тупуриш! Бу беҳосият фикр менинг далли хаёлимга кутилмаганда ташриф буюрди. Мен бу фикрга шу қадар ёпишиб қолдимки, оқибатда ҳеч кимсанинг кўзига кўринмай қўйдим. Одамларнинг фикри мутлақ қизиқтирмай қўйди. Уларнинг сотаётган сафсаталари менинг жинимни қўзғатарди. Мен ижара кулбамда қамалиб олдим. Ва ҳеч ким бу ерга мени сўроқлаб келмасди. Мен дарсларга бормай қўйдим. Икки кўзимни шифтга қадаган кўйи ётаверардим-ётаверардим. Аммо шу чоққача ҳайронман, унда мен ўйлармидим, атрофда кечаётган тириклик ҳақида зиғирча фикр қилармидим?.. Агар бу рост бўлса нимани ўйлардим? Ва ё кўзим очиқ ҳолида туш кўрармидим? Ҳеч бирини англай олмасдим.

* * *

Шу тақлид туну кунларим ўтаверарди, ўтаверарди… Бу ҳолат жонимга тегмаганини қара! Аҳён-аҳёнда ёстиғим тагида бекиниб ётган уч-тўртта китобни варақлаган бўлардим. Ҳмм! Ўйламанг, бу анчайин китоблар эмас эди. Бу китоблар шундоғам чатнаб-чирсиллаб, узилай деб турган асаб толаларимни баттар сиқувга олса-да, менга мукаммал ҳаёт ҳақида муттасил ўгит бергани рост эди. Бу китоблар ҳаёт ҳақида шафқатсизларча ёзилган эса-да, менга ҳузур бағишлар эди. Ҳа, шундай. Ҳа, худди шундай бахт ҳақидаги сафсаталарни бира тўла сўндирса-да, аммо барибир менга ўгит берар эди. Кейинчалик мен буларни ҳам ўқимай қўйгандим.

Мен нечундир ўзимни аярдим. Ҳа, ҳа худди шундай қилардим. Шубҳасиз шундай кун туғилажак ва у шаксиз менга аталажак! Янаям аниқроғини айтар бўлсам: мен ўзим ўйлаб чиқарган бу ақидага ўзимни ишонтирардим. Негаки Ҳаёт дея кўкларга кўтарганлари менинг яшашимга арзимай қолганди.

Ҳеч кимcага ва ҳеч нарсага қул бўлмаган бу жисму жоним ёлғизликнинг қули бўлган кунларнинг бирида хонамга ижарадор аёл кириб келди. Мен буни сездим, аммо орқамга қайрилиб қарамадим. Қандай ётган бўлсам, шу ҳолимда ётавердим. Ниҳоят, у ёнимга келгач, тўхтади. Рости, у менга ҳалақит бергандек эди, шу боис ёқтирмагандек , айни пайтда аллақандай кибру ҳавога тўлиқ истеҳзо билан ундан азмойиш олдим. У менга нимадир деди, аммо мен унинг дедикларини англамадим. Гапирганини эса лаблари қимирлашидан сездим. Агар инсон ҳеч кимсага қўшилмаса, шундай ҳиссиз ва руҳсиз бўлиб қолар экан. У қўлимга мактуб тутқазди, сўнг омонатгина қадам ташлаб хонадан чиқиб кетди. Мен ҳар галгидек ёлғиз қолдим. Қўлимдаги мактубни ўқиш-ўқимасликни билмай, анчага қадар кўзимни юмган ҳолда ётдим. Ниҳоят, конвертни очдим ва хатни ўқий бошладим. Товба, ўқиганим сари телба калламга бирор жўяли фикр кирмасди. Эртаси куни яна мактубни олиб ўқидим. Мен нодон тахтадек қотиб қолдим. Бу отамдан келган нома эди!

Мен кунларни санай бошладим.

Ёлғизликнинг қули бўлганимга қирқ уч кун бўлибдики, э воҳ, бирор марта отам ва онамни эсга олмабман! Мен ўзимга лаънатлар ўқидим. Нахот, шу икки улуғ зот борлигини унутдим?!

Яратган Эгам мени яратмасдан бурун мен ҳақимда муттасил қайғурадиган икки улуғ зотни яратган эди. Булар — ота-онам эди.
Яратганга ҳамд-санолар бўлсин!

Улар ота-онам эди ва туну кун дуои жонимни қилиб яшашарди. Мен ҳам улар учун яшамоғим шарт эди. Мен жаҳд ўрнимдан туриб кетдим. Гўё шундан кейин ўзимни тирик одам ҳис эта бошладим…

Ёлғизликнинг қули бўлган кезлар менга бир нима ҳеч тинчлик бермасди: худбин кимсалар ўз тақдирини ўзга кимсалар билан боғлай олмаслигини мен англаб қолгандим. Мен худпараст-худбин, мен нодон, наҳот Қиблам қаерда эканин унутдим?! Бузруквору волидамни ёдга олмадим. Наҳот, бу ҳолим учун Роббимдан қўрқмадим?!

Йўқ, йўқ, Мен Роббимдан Ҳаё қилгандим.

Бир фурсат кечикиб бўлса-да, бу забун ҳолим учун Роббимдан Ҳаё қилдим.

Мен Ҳаё қилдим!

1989 йил,16 май. Тошкент — Ҳувайдо.

041 Yozuvchi zoti ba’zan kutilmaganda o’zining dastlabki mashqlarini izlab-topib, allaqanday sog’inch bilan ko’zdan kechira boshlaydi, o’sha olis yillar yuragini nimalar hayajonga solganini bilishga urinadi. Iste’dodli adiba Shahodat Ulug’ o’zining yoshlik daftaridan olingan kichik novellani sizga taqdim etar ekan, izlagani sizning yuragingizdayam borligiga ishonadi.

Shahodat ULUG’
QAYTA TUG’ILISH
Ichki monolog-novella
041

042Shahodat Ulug’ (Ulug’ova) – 1970 yilda Nurota shahrida tug’ilgan. O’rta maktabni tamomlagach, ToshDU jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Uning «Qayta tug’ilish» (1997) va «G’animatim» (2004) deb nomlangan nasriy kitoblarining muallifi. 2014 yili nashr etilgan Xorazmshohlar saltanati tarixidan, ulug’ sarkarda Jaloliddin Manguberdining jasoratlarga to’lug’ hayotidan hikoya etuvchi «Jayxun epkinlari» romani adabiyot ixlosmandlari tomonidan iliq qarshi olindi.

041

… Men xudbin kimsalar o’z taqdirini o’zga kimsalar bilan bog’lay olmasligini tushinib qoldim… va shunda nogoh o’zimdan cho’chib ketgan edim. Men nodon nahot Qiblam qaerda ekanin unutdim. Nahot, bu holim uchun Robbimdan qo’rqmadim?! Yo’q, yo’q, men Robbimdan Hayo qilgandim…

O, la’nati yolg’izlik! O, la’nati mag’rurlik! O, la’nati o’z-o’ziga bino qo’yish va odam isi yoqmaslik illati. Bular mening yolg’iz boshimga balo bo’lmoqda edi.
Menda bu la’nati illatlar qachon va qay holda paydo bo’lganini bilolmay halakman. Ehtimol, tabiatan shunday yaralgandirman. Ehtimol, bolalik chog’imda orttirib olgandirman bu qusurlarni. Ehtimol, yaqin-yaqinlarda menga ilashgandir bu la’nati illatlar.

Men otamning gapini juda tiniq eslayman, zero bunday gaplarni esdan chiqarib bo’larmi? Dadam onamga aytgandi:
— Onasi, bu qizingning tuprog’i boshqa joydan olingan ko’rinadi. Bola bo’lib sinfdoshlariga qo’shilib, o’ynab-kulib yurganini ko’rmadim hech!

Men bolaligimdayoq o’zimni bola — kichik odam sanamas edim…

Hech kimga qo’shilmasdim, hech kimsaga aralashmasdim. Yoshim ulg’aygan sari bu la’nati illatlar menda yanayam kuchayib, bir kunmas bir kun yolg’iz boshimga balolar yog’dirishidan qo’rqib yurardim. Sut bilan kirgan mijoz jon bilan chiqar deganidek, bu qusurlardan sira qutula olmasdim. He-ye! Men qutulishga harakat ham qilmasdim. Bunday xayollar mening dalli xayolimda yo’q edi sira!

Har doim bir nimadan ko’nglim to’lmay, bir nimadan noroziday yashar edim. Ammo nedan ko’nglim to’lmayotir, kimdan bu qadar noroziman – bilmay titrab-qaqshab yurgan kezlar men bir nimani tuyqus anglab qoldim. Men kunlarim, nainki kunlarim, balki butun umrim behuda o’tayotgani anglab qolgandim. E-e! Kunlar haqida gapirmay Sizga! Ular har doimgidek hissiz, ruhsiz kechar edi. Qachonlardir shodu hurram o’tgan kunlarimni hech eslay olmayman! Bunday tug’ilgan, tug’ilayotgan va tug’ilajak kunlarga la’natlar bo’lsin! Endi men kunlarning qanday o’tayotgani haqida deyarli o’ylamay qo’ydim. Faqat, faqat xufton chog’i men tipirchilab qolardim. Chunki quyosh yoniq umrimning yana bir yoniq parchasin olib botar edi-da! Tiriklik qismatimning yana bir zarrasini o’g’irlab botayotganini o’shandagina his etib qoldim. Alhol, ojiz tanamda favqulodda qo’zg’olgan ruhiy jazavani bosolmay, anchaga qadar o’zim bilan o’zim ovorai sarson bo’lib qolardim. Shundan keyin kunlab, oylab kimsaning ko’ziga ko’rinmay, yotib qolar edim. Keyin daf’atan o’rnimdan turib ketardim. Shundan keyin o’zimni go’yo tirik odam his etardim.

Ammo ruhim allaqanday intihosiz bo’shliq ichida ozod kezardi. Ruhim hur edi, men bandi edim.

Yo’q, yo’q, bu yolg’on! Ruhim allaqanday qontalash va tushuniksiz tuman ichra kezinib yurardi. O, mening chorasiz ruhim! U borliq va yo’qlik orasida sarson edi. Chunki men bandai ojiz bu yorug’, mukammal dunyoda bor va ham yo’q kimsa edim! Allaqanday bema’ni va bachkana o’ylarning bandisi bo’lib yurishimni qara! Allaqanday jimjimador liboslarga bu quruq savlatni o’rab yurishimni qara! Dorilfununda quruq safsata sotayotgan domlaning tuturiqsiz gapiga quloq osib yurishimni qara! Bunday telba o’ylar menga sira orom bermasdi.

Mana bu talaba qiz o’g’rilar, fohishalardan nafratlaganida men ham unga qo’shilib nafratlandim. Ertasi kuni o’zining ham shu yo’ldan ketayotganini ko’rgach, shundog’am pokiza qo’limni yuvib, qo’ltig’imga urdim. ”Hayot yashashga arzimaydi!” Nitsshega ergasharak hayqirdim. Bariga tupurish kerak! Tupurish! Bu behosiyat fikr mening dalli xayolimga kutilmaganda tashrif buyurdi. Men bu fikrga shu qadar yopishib qoldimki, oqibatda hech kimsaning ko’ziga ko’rinmay qo’ydim. Odamlarning fikri mutlaq qiziqtirmay qo’ydi. Ularning sotayotgan safsatalari mening jinimni qo’zg’atardi. Men ijara kulbamda qamalib oldim. Va hech kim bu yerga meni so’roqlab kelmasdi. Men darslarga bormay qo’ydim. Ikki ko’zimni shiftga qadagan ko’yi yotaverardim-yotaverardim. Ammo shu choqqacha hayronman, unda men o’ylarmidim, atrofda kechayotgan tiriklik haqida zig’ircha fikr qilarmidim?.. Agar bu rost bo’lsa nimani o’ylardim? Va yo ko’zim ochiq holida tush ko’rarmidim? Hech birini anglay olmasdim.

* * *

Shu taqlid tunu kunlarim o’taverardi, o’taverardi… Bu holat jonimga tegmaganini qara! Ahyon-ahyonda yostig’im tagida bekinib yotgan uch-to’rtta kitobni varaqlagan bo’lardim. Hmm! O’ylamang, bu anchayin kitoblar emas edi. Bu kitoblar shundog’am chatnab-chirsillab, uzilay deb turgan asab tolalarimni battar siquvga olsa-da, menga mukammal hayot haqida muttasil o’git bergani rost edi. Bu kitoblar hayot haqida shafqatsizlarcha yozilgan esa-da, menga huzur bag’ishlar edi. Ha, shunday. Ha, xuddi shunday baxt haqidagi safsatalarni bira to’la so’ndirsa-da, ammo baribir menga o’git berar edi. Keyinchalik men bularni ham o’qimay qo’ygandim.

Men nechundir o’zimni ayardim. Ha, ha xuddi shunday qilardim. Shubhasiz shunday kun tug’ilajak va u shaksiz menga atalajak! Yanayam aniqrog’ini aytar bo’lsam: men o’zim o’ylab chiqargan bu aqidaga o’zimni ishontirardim. Negaki Hayot deya ko’klarga ko’targanlari mening yashashimga arzimay qolgandi.

Hech kimcaga va hech narsaga qul bo’lmagan bu jismu jonim yolg’izlikning quli bo’lgan kunlarning birida xonamga ijarador ayol kirib keldi. Men buni sezdim, ammo orqamga qayrilib qaramadim. Qanday yotgan bo’lsam, shu holimda yotaverdim. Nihoyat, u yonimga kelgach, to’xtadi. Rosti, u menga halaqit bergandek edi, shu bois yoqtirmagandek , ayni paytda allaqanday kibru havoga to’liq istehzo bilan undan azmoyish oldim. U menga nimadir dedi, ammo men uning dediklarini anglamadim. Gapirganini esa lablari qimirlashidan sezdim. Agar inson hech kimsaga qo’shilmasa, shunday hissiz va ruhsiz bo’lib qolar ekan. U qo’limga maktub tutqazdi, so’ng omonatgina qadam tashlab xonadan chiqib ketdi. Men har galgidek yolg’iz qoldim. Qo’limdagi maktubni o’qish-o’qimaslikni bilmay, anchaga qadar ko’zimni yumgan holda yotdim. Nihoyat, konvertni ochdim va xatni o’qiy boshladim. Tovba, o’qiganim sari telba kallamga biror jo’yali fikr kirmasdi. Ertasi kuni yana maktubni olib o’qidim. Men nodon taxtadek qotib qoldim. Bu otamdan kelgan noma edi!

Men kunlarni sanay boshladim.

Yolg’izlikning quli bo’lganimga qirq uch kun bo’libdiki, e voh, biror marta otam va onamni esga olmabman! Men o’zimga la’natlar o’qidim. Naxot, shu ikki ulug’ zot borligini unutdim?!

Yaratgan Egam meni yaratmasdan burun men haqimda muttasil qayg’uradigan ikki ulug’ zotni yaratgan edi. Bular — ota-onam edi.
Yaratganga hamd-sanolar bo’lsin!

Ular ota-onam edi va tunu kun duoi jonimni qilib yashashardi. Men ham ular uchun yashamog’im shart edi. Men jahd o’rnimdan turib ketdim. Go’yo shundan keyin o’zimni tirik odam his eta boshladim…

Yolg’izlikning quli bo’lgan kezlar menga bir nima hech tinchlik bermasdi: xudbin kimsalar o’z taqdirini o’zga kimsalar bilan bog’lay olmasligini men anglab qolgandim. Men xudparast-xudbin, men nodon, nahot Qiblam qaerda ekanin unutdim?! Buzrukvoru volidamni yodga olmadim. Nahot, bu holim uchun Robbimdan qo’rqmadim?!

Yo’q, yo’q, Men Robbimdan Hayo qilgandim.

Bir fursat kechikib bo’lsa-da, bu zabun holim uchun Robbimdan Hayo qildim.

Men Hayo qildim!

1989 yil,16 may. Toshkent — Huvaydo.

044

(Tashriflar: umumiy 288, bugungi 1)

Izoh qoldiring