Leonid Andreev. Himoya. Bir kun tarixi

09
Уйқудаги йиртқич жониворлар шундай ҳимояланади, бошини ёнбошига ташлаган, тишлари кўтарилган қўлларга ғазабдан ташлангудек бўлиб ваҳима қилади, аммо мана шу ясама, ёлғондакам ғазабда чинакам ўкиргандагидан ортиқроқ даҳшат ва ўлим важоҳати намоён бўлади.

07
Леонид Андреев
ҲИМОЯ. БИР КУН ТАРИХИ
Ҳусан Эрматов таржимаси
09

012Таниқли рус адиби Леонид Андреев 1871 йилнинг 9 августида Россия империясининг Орёл шаҳрида туғилган. У рус адабиёти тарихида Кумуш аср деб аталган давр вакили ва рус экспрессионизми асосчиси ҳисобланади. ижодида Шопенгауэр ва Гартман ғояларига мойиллик кўзга ташланади. Дастлаб инқилобий ҳаракатларга тарафдор бўлган адиб кейинчалик бу ғоялардан четлашади. Октябрь тўнтаришини қабул қилолмай, чет элга кетади ва 1919 йилнинг 12 сентябрида Финляндиянинг Нейвола шағрида вафот этади.У таниқли рус файласуф адиби, Даниил Адреевнинг отасидир.

09

Суд коридори бўйлаб фрак кийган новча, озғин, малласоч киши у ёқдан-бу ёққа юряпти. Унинг исми шарифи Андрей Павловиx Колосов, уч йилдан буён суд оқловчисига ёрдамчи. Ҳар бир каттароқ иш олдидан Андрей Павлович қаттиқ ҳаяжонга тушади, аммо бу гал ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Бунинг сабаблари кўп эди. Энг аввали, асаблари адойи тамом бўлгани билан боғлиқ. Охирги вақтларда худди асабларининг бардоши тугагандек, қабул қиладиган сув муолажалари ҳам сезиларли ёрдам бераётгани йўқ. Чекишни ташлаши керак эди, бироқ кашандаликка ҳаддан ташқари берилган Колосов бундай қарор қабул қилишга ўзида ирода тополмади. Ҳозир ҳам, гарчи оғзидан сурункали чекувчиларда бўлганидек бадбин ҳид келаётган бўлса-да, тамаки тутатгиси келяпти. Колосов шу онда бўш бўлган дўхтирнинг хонасидаги диванга ёнбошлади ва чека бошлади.

Оҳ, нақадар толиққан эди у. Бутун ҳафта давомида фракини ечмаса-я! Қанақа ҳафта? Бир қарасанг, яраштирув судида, бир қарасанг, съездда, кеча бўлса арзимаган фуқролик ишини деб кун бўйи бошини оғритишига тўғри келди.Оғайнилари унинг кўп пул топаётганига ҳасад қилишади, унинг ҳормас ва толмас эканини мисол келтиришади, аммо ўша пуллар қаёққа кетяпти? Бир йилда уч минг рубль, мана шунақа машаққатлар эвазига топадиган шунча маблағ бармоқлари орасидан сирғалиб кетгандек ғойиб бўлади. Ҳамма нарса қимматлашиб, болалар ҳам йилдан-йилга каттароқ, кўпроқ ҳаражат талаб қилмоқда. Қарзлари ошиб кетаётгани-чи? Индинга квартира ҳаққининг муддати келади, эллик рубль тўлаш керак, унда бўлса бор-йўғи ўн рубль қолган холос. Яна тирмашиш талаб этилади чамаси. Бу ёқда хотини…

Қарзлари ва хотини ҳақида ўйласа, Колосовнинг афти буришиб, чуқур нафас олади.

— Менга қара, қаёққа йўқолдинг? Мен бўлсам сени излайман, ахтараман! – хонага Колосовнинг бугунги ҳимоя бўйича ҳамроҳи Померанцев отилиб кирди, у ҳам оқловчининг ёрдамчиси, ёш бўлса-да истедодли криминалист сифатида ном қозонган йигит.

Қорачадан келган, кўркамгина, серғайрат, сўзамол ва шўх, аммо озғина қув ва хира одам. Померанцев ҳаётда эркатой бўлиб яшайдиганлар сирасидан. Бой-бадавлат хонадонда уни кўкка кўтаришади, унга ҳар қандай жабҳада бахт кулиб боққан, — шуҳрат ҳам, пул ҳам ўз-ўзидан келади.
— Биз ҳимоя борасида келишиб олишимиз лозим, — тез гапирди Померанцев.
— Худо ҳаққи, мени тинч қўй, кейин гаплашамиз, деди сесканиб кетган Колосов.
— Қанақасига кейин?

Колосов ҳорғинлик билан қўлларини силтади, ва Померанцев елкасини силкитиб, хонани ошиғич тарк этди.
Колосов билан Померанцев иштирок этаётган иш унчалик мураккаб эмас эди. Москва атрофларидаги газакхона, чойхона ўрнини босиб, кейин яна қовоқхонага айланадиган ва пойтахт аҳолисидан чиққан газандалар қўним топган жойда қотиллик содир этилган. Қандайдир келгинди йигит, афтидан ишбошими, олибсотарми, пул тўла халтасини кўрсатиб иккита жулдурвоқи ва “Танька-Белоручка” исмли суюқоёқ қиз ҳамроҳлигида ишрат қилган. Эртасига у ўлдирилган ва таланган ҳолатда топилади. Бир ҳафта ўтиб Танька ва жулдурвоқилар қўлга олинган ва улар қотилликни бўйинларига олишган. Колосов “Танька–Белоручка”ни ҳимоя қилиши керак.

Айбланувчи билан суҳбатлашгани қамоқхонага бориб у кутилмаган вазиятга дуч келди. Танька, ёки Колосов атай бошлаганидек, Таня ёш, сариқ сочлари силлиқ таралган, камтар ва қўрқоқ қиз бўлиб чиқди. Ёлғиз камерада сақланганими ёки шафқатсиз руҳий изтироблардан иродаси қувват олганми, хуллас, Андрей Павлович кутганидек, унда одатда дуч келинадиган жирканч ва аянчли мавжудотдан асар ҳам йўқ эди. Фақатгина фаҳш ва ичкиликбозлик билан ўтган тунлар ҳақида гапирар экан, унинг овозида бўғиқлик ва дағаллик бор эди.
Биринчи суҳбатлашишданоқ Колосов тушуниб етди, Таня бу қотилликда на маънан, ва жисман айбдор эмас. У қўрқувдан жувонмаргга айланаётган эди. Бу жамоатчилик наздидаги энг пасткаш тоифага мансубликдан, қолаверса, ўзидан баланддаги ҳамманинг босимидан қўрқув эди. Унинг уришқоқ ва бешафқат жазмани бўладими, ёки бу сариқ билет соҳибасини ўзининг ялтираган ҳар турли нишонлари-ю значоклари ва ҳам юпитерларга хос кўриниши билан ваҳимали даҳшатга солувчи миршабми, Таняни урар ва яна ураверар эди.Таня шундай эҳтирос ва шиддат билан гапирдики, зуғум ўтказувчиларга қарши йиғилиб қолган нафратдан унинг кўзлари порлаб кетган ва ҳолсизгина жуссаси ҳам титраб кетарди. Колосов шу ваҳима ичидаги қиз ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳам қодир эканлигини кўриб турарди.

Уйқудаги йиртқич жониворлар шундай ҳимояланади, бошини ёнбошига ташлаган, тишлари кўтарилган қўлларга ғазабдан ташлангудек бўлиб ваҳима қилади, аммо мана шу ясама, ёлғондакам ғазабда чинакам ўкиргандагидан ортиқроқ даҳшат ва ўлим важоҳати намоён бўлади. Таня кўзда ёш билан бу қотилликнинг қандай бўлиб ўтганини ҳикоя қилар экан, кимдир унинг сўзларига ишонишига ҳам шубҳа қиларди.Уларнинг бари қовоқхонадан чиқиб харобалар оралаб юришганида бошланди, унинг жазмани Иван Горошкин ва Василий Хоботьевлар нотаниш кимсага ташланишади ва уни бўға бошлашади.

— Тўрам, ўлгудай қўрқиб кетдим. Уларга сиз ярамас, қонхўрлар, нима қилмоқдасиз, дея бақирдим.
Ванька менга пўписа қилган вақтда бу бояқиш хириллай бошлаганди. Уларга ёпиша кетдим, ярамас Ванька бўлса менинг қорнимга қараб тепди. “Ўчир овозингни, йўқса, сени ҳам шундай қиламан”, дея бақирди. Мен улардан қочиб чорбоғлар оралаб кетдим, Марфушканинг тўшагига қандай етиб келганимни ўзим ҳам билмайман… Рўмолимни ўша қочган пайтимда йўқотдим…

Кейинги куни Таня Иванга содир қилинган жиноятни эслатганди, у бўлса икки мушт билан бўлиб ўтган воқеани ўзгартириб бўлмаслигини тушунтириб қўя қолди, бир ярим соатдан сўнг эса Таня талон-тарож қилинган пуллар эвазига олиб келинган ароқни ичиб бир қўшиқ айтар, бир кулар эди. Колосов яна бир-икки марта Танядан хабар олди ва ҳар галги суҳбатдан кейин тобора уни ҳимоя қилиш қийин эканлигига амин бўла борди. Олайлик, у судда нима ҳам дея олади? Ахир бу оламдаги нимаики аччиқ ҳақиқат ва адолатсизлик бор экан, ҳаммасини айтиб бериши, ҳаёт учун тўхтамайдиган ва тинмайдиган курашни гапириши, бир кўкраги билан қонга ботиб ётган ғолиблар-у мағлублар ҳақидаги бор гапни айтиши лозим… Аммо бу ингроқ овозлар ҳақида уни ўзи эшитмаган ва эшитмайдиганларга айтиб бериш мумкинми?

Кеча тунда (у кундузи бинд эди) Андрей Павлович ҳимояга тайёргарлик кўрди. Даставвал иши қовушмади, бироқ бир неча стакан аччиқ чой ичиб ўнтадан кўп папиросни бурқситганидан кейин тарқалиб ётган фикрларини бир жойга жамлаай олди. Тобора жунбушга келиб, ўзини қуйилиб келаётган иборалари, чиройли жумлалари билан янада авжлантириб ниҳоят кескин ва ишонарли, аниқроғи энг аввало, ўзи учун ишонарли нутқ тайёрлади. Бир дақиқага унда гўёки Танядан юққандек қўрқув йўқолди ва у ўзига ва ғалаба қозонишига ишонч билан уйқуга ётди. Аммо уйқусизлик барибир уни тарк этмаганди. Бугун унинг боши оғирлашиб қолган, кейин бўм-бўш ҳолатда. Кечаги оташин нутқидан юлиб олинган айрим ибора ва жумлалар унга нотабиий ва ҳаддан ортиқ баландпарвоз кўриняпти. Ҳамма умиди асаблари жойига тушиб, керак пайтда ўзини идора қилишида қолди.

У бугун Таня билан кўришди ва унинг овозининг қотиб қолганидан янада хуноби ошди.
Менга қаранг, Таня, сиз ҳамма гапни худди менга айтиб берганингиздек қилиб ҳикоя қилиб беринг. Хўпми?
— Яхши, деди бўйсинувчан оҳангда Таня, аммо ана шу бўйсуниш оҳангида ҳам унинг бутун борлиғи сингишиб кетган бир ўзига маълум бўлган қўрқув зоҳир бўлиб турарди.

Иш бошланди.
Коридордан судланувчилар жойлашадиган панжара ортига олиб кирувчи эшик очилиб улар бирин-кетин кириб кела бошлаганида кутишдан зериккан жамоа ҳаракатланиб қолди. Жандармларнинг пихлари жаранглаб, яланғоч қиличлари ялтиради, ва томошабинлар тушунишдики, драма бошланяпти. Хона бўйлаб таралган шивир-шивир-у шитирлашлардан маълум эдики, одамлар таассуротларни бир-бирига етказмоқда. Иван Горошкин ва Хоботьевларнинг ўртамиёна кўриниши салбий таассурот уйғотган бўлса, Таня – драманинг ҳақиқий қаҳрамони бўлиб ҳаммага маъқул келиб турарди.

Судланувчиларнинг исми-шарифи ҳақидаги одатдаги савол-жавоблардан кейин суд раисининг нима иш билан шуғуллунасиз, деган саволига Таня :
— Фоҳишаман, — дея жавоб қилди.

Ўзларига оро бериб, ясан-тусан қилиб олган тоза аёллар-у, тўқ ва мамнун эрлар орасига ташланган мана шу бир сўз худди дафн маросимидаги қўнғироқдек, худди ўлган кишининг барча тирикларга таҳдидли иддаосидек жаранглади. Аммо ҳеч кимнинг боши эгилгани, ҳеч кимнинг кўзи ерга қарагани йўқ. Қайтанга улар кўзларини янада бахил қизиқиш билан бақрайтириб туришарди – судланувчи ўзининг ролини қандай чиройли бажаряпти…
Биринчи бўлиб Горошкинни тинглашди, у қорамағиздан келган, ўзига бино қўйган манерадаги кўркамгина киши. У шошилмасдан, ибораларни танлаб-танлаб ва худдики атрофдагиларга нисбатан устунлигини яхши ҳис этиб тургандег-у, яна бу алоҳида намоён бўлиб турганидан уялиб тургандек тутаётган эди. Унинг гапларидан бу ҳар уч киши қотилликда бир хил улушда айбдор деган маъно келиб чиқарди. У ўша нотаниш кимсанинг қўлидан ушлаб турган, Таня унинг бўйнига сиртмоқни осган, Хоботьев эса бўғиб ўлдирган. Ҳар қандай маънода, ҳеч бир ўзига хос жиҳати кўринмайдиган Хоботьев ҳам қарийб Горошкиннинг гапларини тасдиқлади, фақатгина майда бир жиҳатларда, яъни пулларни тақсимлаш масаласида уларнинг фикри икки хил чиқди. Уни кутиб турган каторга олдида ўзини осойишта тутгани билан Иван талон-тарож қилинган пулларнинг жуда озгинаси унга текканидан норози эди. Навбат Таняга келди.

Колосов унинг гапиришини қўрқув билан кутаётган эди, синиқ овоздаги илк сўзларданоқ тушундики, ишлар пачава. Бояги ўзига маҳлиё қиладиган самимийлик ва оддийликдан асар ҳам йўқ эди, ахир бу Танянинг ягона қуроли эди-я. Аҳамиятсиз тафсилотлар ва чекинишларга чалкашиб кетган Таня ўзини зўр бериб оқлашга интилар, бу эса аксинча таассурот уйғотмоқда эди.”Яхшиси, умуман гапирмаса бўларди!” Таняга нисбатан қаҳр билан ўйларди Колосов, у ҳар бир хато далилни азоб билан тинглаб ўтирарди. У маслаҳатчилар ва жамоага қарагани йўқ, аммо улардаги нохуш кайфият ва ишончсизликни бутун вужуди билан сезиб турарди.
— Агар сиз қотилликда айбдор эмас экансиз, унда нега полицияда ва тергов вақтида бунга иқрор бўлгансиз? – сўради раис.

Таня аввал довдираб қолди, кейин уни полицияда уришганини айтди. Бу жавобда тўғридан тўғри ва “сурбетларча” ёлғон сезилиб турарди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, Таня ўзининг ҳимоячисига бу ҳақида ҳеч нима демаганди. Дарвоқе, бу муҳим жаноблар олдида у унга кўз қирини ташлаб турган ва хаёлига қандай тентакликлар келгани ёлғиз Худога аён бўлган пристав рўбарўсидаги қўрқувини уришганидан бошқа яна қанақа изоҳ билан ҳам тушунтира оларди. Тилла тугмали бу зодагон фақат шу бир ялтироқ тугмалардан ҳам қўрқиш мумкинлигини тушунармиди дейсиз? Бу ҳолатда нафақат бу оқсуяк, балки Колосов ҳам Таняни тушунгани йўқ.. Тишларини ғазаб билан ғижирлатиб у анави ўйноқи ва ишончсизлик аломатини ифода этувчи илжайишларни кўрмаслик илинжида ўзини пюпитр панасига олди.

— Терговчи ҳам сизни урдими? Енгил истеҳзо билан сўради раислик қилувчи.
Орқадаги қаторда ўтирганларнинг кинояли кулгиси эшитилди.
Таня сукут сақларди.
— Сиз маст одамнинг ҳамёнини ўмарганлик учун судланмаганмидингиз? Яраштирув судьяси сизга икки ойга қамоқ жазоси бермаганмиди?

Таня жим эди. Нима ҳам дея оларди? Ёмони, у рисоладагидек гапириб бера олмай Андрей Павловичнинг ҳам жаҳлини чиқариб қўйди.

Гувоҳларни сўроқ қилишдек узундан-узоқ жараён бошланди. Колосовнинг тобора хиралашиб бораётган кўзи ўнгида қовоқхоналарнинг муомалали, сўзамол ва истараси иссиқ хўжайинлари, ухлайвериб юзлари солқиган ва бамисоли нима биландир овози ўчирилган хизматчилар бир-бир ўта бошлади. Уларнинг баъзи бирлари ўз нутқларида минглаб майда тафсилотларни келтириб бошни оғритди ҳам, аммо уларни тўхтатишнинг имкони йўқ эди, аммо бошқа бирларидан эса ҳар бир сўзни суғуриб олишга мажбур бўлинди. Яна бир гувоҳ пайдо бўлди, истарали, тоза кийинган, озғиндан келган ва тортинчоқкина болакай. Икки оғиз маъқулловчи сўзлардан кейин раислик қилувчи Белоручка ва бошқалар унинг бувисиникига кириб нима қилганини сўради.
— Картошка тозалашди, — деди бола ва зимдан раисга қараб жилмайиб қўйди.

Суд раиси ҳам, маслаҳатчилар ҳам, унсиз йиғлаётган Таня ҳам жилмайишди. Танянинг кўзларида ёш йилтирарди. Колосов ўз боласини ерга қўйган онанинг меҳрли жилмайишини пайқади ва “Биргина шу табассуми учун ҳам уни оқлаш керак!” дея ўйлади. Соатлар кетидан соатлар ўтиб Андрей Павлович тобора ўзини ёмон ҳис қила борарди. Унинг толиққан кўзлари олдида ялтироқ иплар ўтгандек бўлди, у овозларни қийинчилик билан қабул қиларди, раис томонидан бир саволни икки бора таклиф этгани учун огоҳлантирилганидан ҳам маълум эдики, унинг учун бу ерда айтилаётган гапларнинг аҳамияти ҳам йўқолган эди. У мутлақо лоқайд ва зерикканди. У ўзини идора қилиб олишга ҳаракат қилди, танаффусда боши айлангунча чекди, бир рюмка коньяк ҳам ичиб олди, аммо бир зумлик бедорликдан кейин қувватини бутунлай йўқотди. “Эй худойим, менга нима бўляпти ўзи?”- унинг хаёлига келган савол шу эди, у қўрқувни, елкалари бўйлаб совуқ терни ҳис этди. Померанцев эса терговни дадил, курашчан, қатъиятлилик билан ажойиб тарзда ўтказди: гувоҳларнинг тинкасини қуритиб керакли гапларни суғуриб олди, раис ва прокурор билан кескин тортишувлар қилди ва тўпланганларда ижобий таассурот уйғотишга эришди.

Музокаралар кечки ўн бирга бориб бошланди. Кексайиб, беллари букчайиб колган прокурор ақлли, кўп маънони ифодаламайдиган қиёфадаги киши экан, унинг нутқи сокин, бир маромда ва чиройли, шу билан бирга, оламда ундан-да ёлғонроғи бўлмаган мантиқ каби қақшатқич ва кескин эди. Далиллар ва фақат далиллар теграсида қолиб прокурор тамтароқ иборалар ва қанақадир иддаоларсиз Таняни ўраб олган тўрнинг ипидан игнасигача моҳирона чизиб берди. Жиноятчилар яшаган муҳитнинг манзарасини хаёлан эҳтиросларга берилмай чизиб берар экан, у жиноий ҳаракатни тавирлашга киришди.

Совуқ қўлларини ёзиб қўйган қайдлари устидан асабий юргизар экан, Колосовнинг назарида қораловчининг ҳар бир сўзидан сўнг залда чироқ ўчаётгандек ва тобора қоронғу бўлиб бораётгандек эди. У ўзининг орқасида мунғайиб, жим ўтирган Таняни сезиб турарди. Унинг кўзлари ҳар бир сўздан кейин худди бошига тегирмон тоши билан уришаётгандек катта–катта очилаётганди. Колосов энди илк бор унинг елкасида қанчалар беўлчов ва оғир масъулият турганини бутун даҳшатли аниқлик ва мадорсиз қувват билан тушуниб етди. Унинг юраги музлаётган, қўллари қалтирар, кескин овоз эса қатъият билан таъкидларди:”Сен қотилсан, сен қотилсан!…” Колосов орқага қарашга ботинолмасди, бехосдан Танянинг кўзлари билан тўқнашиб кетишдан ва унинг нигоҳларидаги нажот ва унга бўлган кўр-кўрона умидни кўриб қолишдан чўчирди. Негаям уни қамоқхонада тинчлантирди ва оқланиб кетиши ҳам мумкинлиги ҳақида гапирди-а?…

…Танянинг боши узра айбловлар булути тобора қуюқлашиб борарди. Прокурор худди боягидек хотиржамлик билан “Танка-Белоручка”нинг шармандали ўтмишидан, унинг оппоқ қўлларини бегуноҳ қонларга ботирганидан гапирмоқда эди. Ўғрилик ҳақида тўхталди, балки бу унинг ҳаётида биринчиси бўлмаган бўлиши ҳам мумкинлигига ишора қилди…

Сукунатга чўмган залда ҳаво етишмасди. Колосов бўғилиб кетди. У худди ҳозир қатл этиладиган жиноятчидек кўзларини юмди, ва узоқ-узоқларда қуёшни, ям-яшил майсазорни, кўм-кўк осмонни кўргандек бўлди. Ҳозир унинг уйида қандай хотиржамлик ва сокинлик ҳукмрон? Болалар ўз кроватларида ухлашаётган бўлса керак. Уларнинг ёнига борса яхши бўларди. Тиз чўкиб, улардан ҳимоя кутиб уларни қучса. Бу даҳшатлардан қочиб кетса! Қочмоқ керак! Қочмоқ! Аммо унинг ҳам фарзанди бор эди-ку! Фақат биргина, давомли, изтиробли, аламли, ёввойи қичқириқ билан Колосов ўз ҳиссиётини билдира олиши мумкин. О, қани энди унда илоҳий забон бўлса? Қанақанги важоҳатли, ҳадсиз нутқ ирод этилган бўларди бу оломон теграсида! Мана бу шафқат билмайдиган юраклар эриб кетарди, фиғонлар залдагиларга етиб борарди, шамлар даҳшатдан ўчиб қоларди, ва раҳм-шафқат ва ғам-андуҳдан хона деворлари ҳам титраб кетармиди?! Одам бўлиш, оддий одам бўлиш қанчалар оғир иш-а?…

Прокурор ўз сўзини тугатди. Йўтал овозлари, бурун тортишлар, оёқларнинг қимирлаши билан ўтган бир дақиқалик танаффусдан сўнг Померанцевга сўз тегди. Унинг равон нутқи худди оқиб турган жилға каби оҳангда эди. Тетик, енгил тебранувчи овоз зулматни ёритаётгандек. Мана, енгил кулги кўтарилди – Померанцев гап орасида прокурор шаънига ҳам кескин фикр билдириб ўтди. Колосов ўртоғининг тўла, чиройли юзига қараб унинг билдираётган равон шаъмаларини кузатди: “Сенга яхши, сен ғам нималигини билмайсан ва уни тушунмайсан ҳам!…” Колосов ўз сўзини бошлади, аммо у ўз овозини танимасди, ғўлдирарди у, дўриллоқ овози шу тобда унинг ўзига ҳам ёқимсиз эди. Маслаҳатчилар, бошида ҳадиксираб туришган маслаҳатчилар унинг гапларини эшитиб ҳаракатга тушишди, соатларига қараб қўйишар, уларнинг энсалари қотаётгани кўриниб турарди. Нотабиий, сунъийдан-сунъий иборалар толиққан судялар учун янада зерикарли эди. Қолипга тушган, юзлаб айтилган ва улар эшитган гапларнинг такроридан иборат нутқ эди бу. Раис ҳам унинг сўзларига эътибор бермай қўйди, у суд аъзоси билан бир нималар ҳақида шивирлашиб турибди. “Тезроқ бас қилса эди!” – деб ўйлади Колосов.

Суд маслаҳатчилари кенгаш хонасига кириб кетишди. Ярим соатнинг ўтиши ҳам шунчалар азоб бўлдики… Колосов ўртоқларидан четлашди, у улар билан тўқнаш келишни истамаганди, аммо бир ёш, семиз ва нима гапириш мумкин-у, нима мумкин эмаслигини тушунмайдигани барибир унга ёпишди:
— Сизга нима бўлди, отагинам, бунақа эмасдингиз-ку! Бизлар атай сизнинг нутқингизни эшитиш учун келгандик…

Колосов илтифот билан табассум қилди, бир нималар деб ғудранди, аммо бу йигит Померанцевни кўриб қолиб, узоқдан унга қичқира кетди:
— Тасанно, Сергей Васильевич! Гап йўқ!

Мана, қўнғироқ ҳам чалинди. Валдираётган, хаёли чалғиган ва тамаки бурқситган жамоа ёппасига тиқила-тиқила эшикдан залга кирди. Кенгаш хонасидан маслаҳатчилар турнақатор бўлиб чиқиб келишди, залдагилар сукут сақлаб уларнинг қарорини кутарди. Одамлар оғизларини ярим очган, кўзлар эса раис маслаҳатчиларнинг старшинасидан олаётган қоғозга тикилганди. У қоғоздаги ёзувни хотиржамлик билан ўқиб кўрди ва имзолади. Колосов Танянинг оқариб кетган юзларидан кўзини узмай эшик олдида турибди.

Маслаҳатчиларнинг бошлиғи ғализ ёзилган ёзувларни қийналиб ўқимоқда:
— Москва губернияси, Бронницкий уездида яшовчи деҳқон қизи йигирма бир ёшли Татьяна Никаноровна Палашова саккизинчи декабрдан тўққизинчига ўтар кечаси … мол-мулкидан фойдаланиш мақсадида … бошқа шахслар билан уюшган, келишган ҳолда… бўғиб ўлдиришда… айбдорми?
— Ҳа, айбдор.

Колосовга шундай туюлдими ёки Таня ростдан ҳам силкиниб кетдими? Ёки унинг ўзи шундай бўлдими?
Суд ҳукм чиқариши учун яна ярим соат кутиш лозим. Андрей Павлович бу жунбушга келган жамоа ичида қоладиган ҳолатда эмасди ва у коридорнинг олисдаги, ёруғлик кам тушадиган томонига кетди. У олдинга ва орқага оҳиста қадам ташлар, одимлари эса баралла эшитиларди. Зал томондан эса қадам товушлари, шовқин, овозлар эшитилади – демак ҳаммаси тугади. Колосов шу оломон орасига шошиб кириб борди, шоду-хуррам одамларнинг баланд овоз билан такрорлаётганини эшитди: “Ўн йил каторгага!”… у эшик олдида тўхтади, бу ердан жиноятчилар чиқаётган эди. Таня унинг ёнидан ўтаётганида унинг жонсиз осилиб турган қўлларидан тутди, энгашди ва деди:
— Таня, мени кечир!

Таня нурсиз кўзлари билан унга қаради ва ҳеч нима демасдан йўлида давом этди.

Колосов ва Померанцев қўшни туришади, шу боис ҳам улар битта извошда кетишди. Ҳурматли Померанцев бугунги иш ҳақида тўхтамасдан гапирарди, Таняга раҳми келганини, Хоботьевга шафқат қилинганидан хурсандлигини таъкидларди. Колосов бу гапларга қисқа-қисқа, истар-истамас жавоб бериб келди. Уйига келгач, шошмасдан кийимларини ечди, хотини ухлаётганини сўради, унинг ёнидан ўтиб болалар хонасига кирди ва беихтиёр эшикнинг тутқичини тутди, у одатича, кириб болаларини ўпиб қўймоқчи бўлди, аммо ўйланиб қолди ва ўзининг ётоғига кириб кетди.

021

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring