Farhod Abdullayev ‘Hammasi hayot haqida’ ko’rsatuvida

09

Агар одам ўзини таҳлил қила олса, атрофга очиқ кўз билан қарай олади. Бу борада Фарҳод акани “Устаси фаранг”, деб айта олмасам-да, кўп бора қилинган суҳбатлардан англадимки, у ўз ҳаётий тамойилларига эга Шахс! Бу одам билан зерикмайсиз, аммо мулоқотдан кейин жиддий ўйлашга мажбурсиз…

01


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев «Маданият ва маърифат» телеканалининг «Ҳаммаси ҳаёт ҳақида» кўрсатувида. Суҳбатдош журналист Гулшод Иброҳимова

065
Фарҳод Абдуллаев:
““ТИРИКЧИЛИК” УЧУН ЎЙНАГАН РОЛЛАРИМ ҲИСОБГА ЎТМАЙДИ”
01

021Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев чўрткесар, қайсар, аммо софдил иносн. Фарҳод ака билан суҳбат “темп”и бир нуқтада кечмайди. Бу актёрда эътироз ҳам, эътироф ҳам ўз ўрнида. Ўзбек Миллий академик драма театрида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб, театр жамоаси спектаклларни Ўзбек давлат драма театрида намойиш этмоқда. Фарҳод ака билан суҳбатимиз “Кўнгил” спектакли бошланишидан олдин айнан ўша даргоҳда бўлди…

— Ўзбек Миллий академик драма театри билан Ўзбек давлат драма театрининг саҳналари ўртасидаги фарқ сезиларли даражада. Ёки профессионал актёр учун саҳнанинг ҳолати муҳим эмасми?

—… жуда муҳим бўлмаслиги мумкин. Лекин озгина ноқулайликлар юзага келаяпти. Театрнинг ўз андозалари бор. Парда, учинчи қўнғироқ… Қонун-қоидалар бекорга ўйлаб топилмаган. “Кўнгил” спектаклини ўйнаяпмиз, декорация масаласида қийналдик. Саҳна безакларимиз бу театрнинг эшигидан сиғмади. Театр анча “тўкилибди”. Гримхоналар йўқ…

— Шу театрда ишлагансиз. Хотиралар бўлиши табиий?

— Ҳар қадамда эслайдиган хотираларим бор. Ёшлигим, ўйнаган ролларим, саҳнага чиқолмаган пайтларим… Ўша пайтлардаги директор Мавлон Хўжаев ҳар доим алдарди. Йиллар давомида актёрлик штатига ўтолмай қийналган кезларимни ёдга солди. Деярли ҳамма спектаклда борман, аммо АКТЁР эмасдим. Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов раҳбар бўлиб келганида “Мени актёрликка ўтказинг”, деганман. Шунда “Нима? Актёрмасмисиз? Ҳамма ролни сиз ўйнаяпсиз-ку!” деганди ва ўша кунни ўзида штатимни ўзгартирган. Ҳозир мана шу ҳовли этагидаги Баҳодир Йўлдошев билан бўлган охирги суҳбатни эсладим. “Тўғрисини айтинг, кетишимни истайсиз-ку!” деганимда “ҳа”, деб жавоб берганди… Эртаси куни кетганман.

— Нима учун кетишингизни истаган?

—…ҳаммага итоат керак. Лекин кимдир спектаклга келмай қолса ёки шошилинч саҳналарда Баҳодир ака “Тез Фарҳодни топинг”, дерди. Аммо Баҳодир Йўлдошевдан миннатдорман. Билиб-билмай катта саҳнага шу тариқа йўл очиб берган. Агар “кетма” деганида ҳали ҳам юрган бўлармидим. Ролларим бўларди, аммо бу даражада кўринмасдим.

— Тамоман бошқа “амплуа”даги образни беришди. Услубингиздан кеча оласизми?

— Йўқ!

— Бизга услубингиз керакмас, дейишса…

— Айнан ўша фильм учун менинг услубим жуда кераклигини исботлаб бераман! Актёр рад этишдан олдин, сабаб кўрсата олиши керак. Думаланг, дейишса “Кечирасиз, бу ерда думалаш ноўрин”, деган раддия қабул қилинмайди. Яхши актёр режиссёрнинг топшириғига кўра думалайди ва “Менда айнан шу ҳолатга бошқа ёндошув бор”, деб ўз топилмасини кўрсатади. Мана бу энг тўғри йўл. Шундай ижро этингки, сизни рад эта олишмасин! Услубсиз актёр томошабин учун қизиқ эмас. Масалан, Тимур Мусоқов “Бекатдаги одам” фильмида терговчи образини менга берганди.

— Фатхулла Маъсудов ижро этди, шекилли?

— Ҳа, дастлаб шу образни менга таклиф қилишганди. Тимур терговчини ҳар доимгидек бўлишини истамаганди. Коломбо, Катани, Пуародек образни кўзлаганди. Бошқачароқ ёндошгани сабаб рози бўлгандим. Аммо Тимур кутган ва менга айтилган қиёфа экранда кўринмади.

— Лекин шу фильмда кичик эпизодда ишладингиз?

— Бекор қилибман. Кинокартинани кўриб пушаймон бўлдим. Ота-бола битта фильмда ишламаслиги керак экан, деган хулосага келдим. Эҳтимол, Тимурнинг режиссёрлик ишига Зулфиқор аралашмаганида яхши бўлармиди. У тўлиқ Тимур Мусоқовнинг иши бўлиши керак эди.

— Адашмасам Зулфиқор Мусоқов билан аввал ишлагансиз?

— Ишлаганман… Бу сафар образим очилмай қолди. Тугалланмаган иш ёқмайди.

— Дангалчилик кўп панд ейишингизга сабаб бўлса керак?

— Зулфиқор ҳам шундай, ёқмаганини айтади. “Ўртоқ Бойкенжаев” фильми ёқмади, ёлғон йиғи бор”, деганди. У фикрни тўғри қабул қилади. Айтганча, мен ҳозир ўйлаб фикр билдирадиган бўлганман. Авваллари гап келганда аямасдим, ҳозир… Лекин барибир гапирман.

— Қайси режиссёрнинг ижоди ҳақида ҳозир илиқ фикр билдира оласиз?

— Хилол Насимов, Ёлқин Тўйчиев!

— Улар ўз “режиссёрларингиз”-да!

— Ана шу муносабат нотўғри. Режиссёрларнинг аксарияти шундай ўйлар экан. Актёрман, таклиф бўлса, маъқул келса ишлайвераман. Нимагадир “фалончининг актёри, пистончининг режиссёри”, деган гап урфга айлангандек.

— Ҳар бир санъаткорнинг даври бўлади. Шундай ҳамкасбларингиз борки, “отдан тушса ҳам эгардан тушмайди”

— Ақлли одам отга чиқишдан аввал кейинги чораларни кўриб қўяди! Ўша сиз айтаётган “Эгардан тушмаётганлар” отга қандай чиқиб қолганини чамалаб тахмин қилса бўлади. Бир гап бор-ку, томдагидан пастдаги одам: “Нарвонни олиб қўями”, деса “Йўқ, туриб турсин”, деган экан.

— Ҳамиша ақл билан ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлайсиз. Бу бир қолипга ўхшамайдими? Одам баъзида ҳиссиётларига йўл очиб бериши керакмасми?

— Мен ҳиссиётларимни ҳурмат қиламан. Шўхликлар қиламан, кўнглимнинг ҳар бир сўзини ерда қолдирмайман. Аммо ҳар доим ҳам эмас. Ҳаммаси ўз вақтида бўлгани яхши. Одам очликдан, йўқчиликдан ўлмайди, уни бир хиллик адо қилади. Шунинг учун ҳам касбимни яхши кўраман.

— Дублёр сиз учун…

— Халоскор! Шу кунга қадар дублёрдан ҳеч нарса ўрганмадим. Балки мен ҳам ким учундир халоскордирман? Мен партнёр танлайман. Куни кеча бир фильмда суратга тушдим, партнёр билан ишлаш қийин бўлди. Кейин партнёрнинг кимлигини сўрамаганим учун афсусландим.

— Агар сизни режиссёр сифатида фильмимга таклиф қилсам…

— Рози бўламан!

— Демак ном муҳим эмас?

— Мен учун муносабат, фикр ва мақсад муҳим. Ишлайдиган одамим билан дунёқарашда туташ нуқталар бўлиши керак.

— “Тирикчилик” учун ўйналган ролларга қандай таъриф берасиз?

— Биласизми, баъзида ёқмаган ишни қилишга мажбур бўласан. Бу табиий… Масалан, оёғим синиб ётганимда, ишлаш шарт эмасди, аммо кейинги операцияларга маблағ зарур бўлгани учун баъзи таклифларга рози бўлганман. Ўша “тирикчилик” учун суратга тушган фильмларимни шахсий рўйҳатимга киритмайман.

РS: Агар одам ўзини таҳлил қила олса, атрофга очиқ кўз билан қарай олади. Бу борада Фарҳод акани “Устаси фаранг”, деб айта олмасам-да, кўп бора қилинган суҳбатлардан англадимки, у ўз ҳаётий тамойилларига эга ШАХС! Бу одам билан зерикмайсиз, аммо мулоқотдан кейин жиддий ўйлашга мажбурсиз…

«Даракчи» газетасида босилган суҳбатни Севдо Ниёзова тайёрлаган.

022

(Tashriflar: umumiy 960, bugungi 1)

Izoh qoldiring