G‘ani A’zamov «Oltin devor» spektaklida & Sevdo Niyozova. G‘ani A’zamov sahna uchun tug‘ilgan edi & G‘ani A’zamov. Videofilm

05     Ғани Аъзамов ҳақида маълумот излаб интернет саҳифаларини титкиладим. У ҳақида жуда кўп илиқ фикрларни учратдим. Яхши актёр, буюк истеъдод эгаси, ўзбек санъатининг отаси, бундан ташқари “Маҳаллада кўп одамларга ёрдами теккан”… Одамлар касбидан обрў-эътибор, яхши феълидан эса ҳурмат ва яхши ном орттиради, деган ҳикмат шу ерда яна бир карра ўз исботини топгандек…

ҒАНИ АЪЗАМОВ САҲНА УЧУН
ТУҒИЛГАН ЭДИ

Севдо Ниёзова тайёрлаган
008

Ҳаёт аслида катта бир саҳна. Унинг бағрида ҳар биримизнинг ўз “образимиз” бор. Қарангки, умримиз давомида томошабинлар – ёнимиздагилар бизни хатти-ҳаракатларимиз асосида “яхши одам”, “феъли чатоқ”, “бағрикенг инсон”, “одамгарчилиги йўқ” деган турфа хил эътирофу – эътирозлар билан сийлаб бораркан… Бир қарашда бу сўзларнинг бугунги қаҳрамонимизга ҳеч қандай дахли йўқдек… Ахир биз Ғани Аъзамовнинг саҳна ва экрандаги образлари орқали кўпроқ таниймиз, биламиз, деган фикрлар ҳам бўлиши табиий. Мен эса сўзни саҳнадан эмас ҳаётдан бошлагим келди…

Фарзандлари санъат йўлини танлашмади

1447473684_ani-azamov.jpgҒани Аъзамов ҳақида маълумот излаб интернет саҳифаларини титкиладим. У ҳақида жуда кўп илиқ фикрларни учратдим. Яхши актёр, буюк истеъдод эгаси, ўзбек санъатининг отаси, бундан ташқари “Маҳаллада кўп одамларга ёрдами теккан”… Одамлар касбидан обрў-эътибор, яхши феълидан эса ҳурмат ва яхши ном орттиради, деган ҳикмат шу ерда яна бир карра ўз исботини топгандек…

Актёрлик бу инсоннинг қисматига айланиши эҳтимол ўзининг хаёлига ҳам келмагандир. Бироқ ҳар доим Ғани Аъзамов саҳнага чексиз эҳтиром билан муносабатда бўлган. Бу инсонни билган, таниган ёки эшитганлар фақат ва фақат яхшилик билан тилга олишади. Аслида инсонийликнинг чин саодати ҳам шу бўлса керак.

Ғани Аъзамов 1909 йилнинг 7 январида Тошкентда туғилган. 1930 йилда Ҳамза ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга келган. 1961 йилда унга Ўзбекистон халк артисти унвони берилган. Актёр 60 йиллик ижодий фаолияти мобайнида устозлардан ўрганиш, муттасил ўз устида тинмай ишлаш ва ижодий изланиш натижасида юздан ортиқ мукаммал образлар яратиб, томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлган. Ғани Аъзамовнинг икки ўғил, икки қизи бор. Фарзандлари Раъно, Сўнмас, Феруз ҳамда Дурдона Аъзамовалар ҳозир нафақада. 10 дан зиёд неваралари, 40 дан ортик эвара – чеваралари бор. Энг қизиғи буюк актёрнинг фарзандлари ҳам, невара – эваралари ҳам санъат йўлини танлашмаган.


“Олтин девор” театр санъатининг олтини

09.jpgУйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» драмасидаги Мунажжим, Туйғуннинг «Чин муҳаббат»идаги Арслоншер, Рамз Бобожоннинг «Тоға-жиян»ларидаги Соқи сумбат, Абдулла Қаҳҳорнинг «Сўнгги нусхалар»идаги Юсуф, Гоголнинг «Ревизор»идаги Бобчинский, Вильям Шекспирнинг «Вероналик икки йигит»идаги Лаунс каби образлар актёрнинг “маҳорат мактаби” сифатида алоҳида эътироф этилади. “Олтин девор” спектакли эса чин маънода ўзбек театр санъатининг дурдоналаридан бири бўлиб қолди.

Аввал оддий муаллим , кейин буюк актёр

Ғани Аъзамов 1935 йилдан бошлаб кинода ҳам суратга тушади. Актёр «Ўзбекфильм» киностудиясида дунёга келган қатор кинофильмларда эсда қоларли образлар яратди.
490693.jpg

«Бой ила хизматчи»даги домла имом, «Қутлуғ қон»даги куёв, «Абу Али ибн Сино»даги кутубхоначи, «Мафтунингман»даги сартарош, «Икки дил достони»даги Қорашоҳ, «Тошкент – нон шаҳрида»ги оқсоқол, «Қари устанинг васияти»даги Юсуф, «Сенга шаҳримни туҳфа этаман»даги дорбоз, «Суюнчи»даги Холмат каби қатор кинокаҳрамонлар томошабинларнинг ёдида олган. Буюк санъаткор ижросидаги ҳар бир образ ўзининг тўлақонлилиги ва ёрқинлиги билан кино санъатининг олтин хазинасидан муносиб жой олган. Актёр «Наштар» ҳажвий киножурнали ташкил этилгандан сўнг, узоқ йиллар давомида Хўжа Насриддин образини ижро этди.

Энг қизиғи, Ғани Аъзамов театрнинг ижодий гуруҳига лотин ёзувини ўргатувчи муаллим сифатида келган экан. У санъатга дахлдор ҳеч қандай билим юртида ўқимаган. Дастлаб оммавий саҳналарда кичик ролларни ижро этиб, санъат сирларини ўрганган. Фурсат ўтиб Ғани Аъзамов актёр сифатида ўзини намоён этадиган юзлаб ролларнинг муаллифига айланди.

35 йил маҳалла раиси

Феруз Аъзамов, ўғли: — Отам жуда бағрикенг, ҳаддан зиёд меҳрибон инсон эди. Улар бизни ҳеч қачон қаттиқ уришганини эслай олмайман. Биргина қарашлари билан хатоларимизни тўғирлашга ўрганган эдик. Оилада отамдан бўлак санъаткор йўқ. Биз уларнинг изидан борамиз деганимизда, отам “Агар ҳақиқатдан ҳам истеъдодинг бўлса, марҳамат, агар шунчаки ҳавас, шон-шуҳрат учун бу йўлни танламоқчи бўлсанг адашасан”, деганлари ёдимда. Эсимда маҳаллага 60-йилларда кўчиб келганмиз. У пайтлар энди-энди янги ҳовлилар қурилаётган эди.

Отам 35 йил мобайнида маҳалла раиси бўлиб ишлади. Фаолияти давомида маҳаллага газ, электр токи, сув қувурларини олиб келди… У пайтлар бу ишларни бажариш анча мураккаб эди. Ҳеч бир оиланинг ҳол-аҳволидан бехабар қолмас эди. Ўйлаб қарасам, болаларимиз – неваралари ортидан биздан кўра кўпрок юрган, қайғурган ҳам отам экан…

Жуда оилапарвар, боласевар эди. Бу гапларни у киши отам бўлгани учун эмас ростдан хам шундай инсон бўлгани учун айтаяпман. Мен ҳамиша санъатда уларни Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонов каби буюк санъаткорлар қаторида кўраман.

Оилавий спектакл томошаларига борганимда отамни умуман бошқа бир руҳиятда кўрардим, уйда, маҳаллада эса яна бир бошқа қиёфада… Лекин юрак битта эди. Ҳамиша ёниб турарди…

“Олтин девор” минг марта саҳналаштирилган

Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Ғани Аъзамов оддий актёр эмас. Бу инсон буюк санъаткорлар қаторида алоҳида эъзозга эга. “Олтин девор” спектаклини бирга минг марта ўйнаш бахтига муяссар бўлганман. Ёнма-ён ишлаганлар, суҳбатида бўлганлар бу одамнинг санъатга ўзгача меҳри билан чексиз ҳурматини яхши билади. Минг марта ижро этилган Мўмин образида бир марта ёлғон сезмаганмиз. Ғани аканинг саҳнада нафақат ўз образини, балки ёнидагиқаҳрамонларни ҳам назорат қилиш қобилияти бор эди. Одамохун, яхшиликни яхши кўрадиган инсонлар дунёни асрайди. Ғани ака шундайлар тоифасидан эди. Бу одам нафақат санъатга, балки яшайдиган маҳалласи, ватанига сидқидилдан хизмат қилган. Унинг маҳалласи томонга ўтсангиз Ғани Аъзамовнинг нафасини сезасиз, у ерда яшайдиганлар бу одамни аввало бағрикенг одам, эътиборли маҳалла раиси, жонкуяр елкадош деб хотирлашади…

“Аввал хислатлар, кейин камчиликлар…”

Ботир Мухаммаджонов, актёр: — Ғани ака ёшларни яхши кўрарди. Уларни қўллаб-қувватлар, камчиликларни омма олдида эмас, ўзига қаттиқ тегмайдиган қилиб тушунтирарди. Биз ҳамиша улар билан ишлашни орзу қилардик. Саҳнада тўғридан-тўғри томошабинга сездирмай, партнёрга халақит бермасдан образни йўналтирарди. Яна бир жиҳати: бировнинг камчилигини айтишдан олдин унинг яхши хислатларини санаб ўтар эди… Ғани ака 92 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Лекин вафотидан икки-уч ҳафта олдин ҳам саҳнада эди… Бундай табаррук устозларнинг қолдирган ижод йўли бизлар учун ҳамиша мактаб. Ўзбек театрининг бугунги мавқеи, актёрлик мактабининг ўзига хос жиҳатларини шаклланишида Ғани Аъзамов каби фидоий устозларнинг меҳнати ҳамиша қадрли!

“Бир актёр шаклланиши учун салкам 40 йил керак”

Тоҳир Саидов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
— Биз устоз билан ижодий сафарларга кўп чиқардик ва бундан фахрланардик. Турғун Хонтўраев билан Ғани аканинг ёши ўртасидаги фарқ адашмасам 10 ёшча эди… Биз ёшлар бу икки устозимиз билан кўп ҳазил қилардик. Сафарларда Турғун акага ҳам, Ғани акага хам бир хил совға беришарди. Чопонлар, пичок, дўппи ва шунга ўхшаш эсдалик совғалари. Биз Ғани акага “иккиси ҳам бир хил экану, лекин Турғун аканинг совғасини материали сизникидан пича қимматроқ шекилли”, десак дарҳол ҳазиллашиб совғаларни алмаштириб олардилар. Шунда Турғун ака “бунисини ҳам олинг”, дея хафа бўларди. Баъзида “Аввал Ғани кийиб, кўриб олсин,қолганини мен оларман“, деб жавоб берарди. Бир куни театрда Абдураим Абдуваҳобовни кичик хатоси учун ишдан бўшатиш учун мажлис қилинди. Ғани ака дастлаб гап нимадалигини билмай қовушмай ўтирди, мажлис охирида бўлаётган гап-сўзларнинг моҳиятини тушуниб қолган. Шунда “Хамма Абдурайимни айблайди, иш бор жойда хато бўлади. Ҳозир шу йигитга қарши гапираётганларнинг ўзи иш жараёнида бенуқсонми? Битта актёр туғилиши, шаклланиши учун қирқ йил керак”, деб ҳамманинг хатоларини бирма-бир санаб берган. Дангал, жонкуяр ва меҳрибон инсон эди. Охиратлари обод бўлсин!

Хулоса ўрнида

Яшаш учун берилган имконият фурсатлар билан эмас, балки қилинган эзгу ишлар билан ўлчаниши бор гап. Лекин бу фикр эски бўлса-да сийқаси чиқмаган, ҳар бир инсон ўз ҳаётида уни янгилаши, жило бериши мумкин. Фақат… ўтаётган вақтни илғаш ва унга тўғри муносабатда бўлишга улгуриш керак… Гарчи ҳозир орамизда бўлмаса-да, Ғани Аъзамовнинг ҳаётида, ундаги лаҳзаларда яхшилик ёниб турганини ҳис этиш қийин эмас…

Манба: «Ўзбегим» маърифий газетаси

G‘ANI A’ZAMOV SAHNA UCHUN
TUG‘ILGAN EDI

Sevdo Niyozova tayyorlagan
008

Hayot aslida katta bir sahna. Uning bag‘rida har birimizning o‘z “obrazimiz” bor. Qarangki, umrimiz davomida tomoshabinlar – yonimizdagilar bizni xatti-harakatlarimiz asosida “yaxshi odam”, “fe’li chatoq”, “bag‘rikeng inson”, “odamgarchiligi yo‘q” degan turfa xil e’tirofu – e’tirozlar bilan siylab borarkan… Bir qarashda bu so‘zlarning bugungi qahramonimizga hech qanday daxli yo‘qdek… Axir biz G‘ani A’zamovning sahna va ekrandagi obrazlari orqali ko‘proq taniymiz, bilamiz, degan fikrlar ham bo‘lishi tabiiy. Men esa so‘zni sahnadan emas hayotdan boshlagim keldi…

Farzandlari san’at yo‘lini tanlashmadi

G‘ani A’zamov haqida ma’lumot izlab internet sahifalarini titkiladim. U haqida juda ko‘p iliq fikrlarni uchratdim. Yaxshi aktyor, buyuk iste’dod egasi, o‘zbek san’atining otasi, bundan tashqari “Mahallada ko‘p odamlarga yordami tekkan”… Odamlar kasbidan obro‘-e’tibor, yaxshi fe’lidan esa hurmat va yaxshi nom orttiradi, degan hikmat shu yerda yana bir karra o‘z isbotini topgandek…

Aktyorlik bu insonning qismatiga aylanishi ehtimol o‘zining xayoliga ham kelmagandir. Biroq har doim G‘ani A’zamov sahnaga cheksiz ehtirom bilan munosabatda bo‘lgan. Bu insonni bilgan, tanigan yoki eshitganlar faqat va faqat yaxshilik bilan tilga olishadi. Aslida insoniylikning chin saodati ham shu bo‘lsa kerak.

469985.jpg   G‘ani A’zamov 1909 yilning 7 yanvarida Toshkentda tug‘ilgan. 1930 yilda Hamza hozirgi O‘zbek Milliy akademik drama teatriga ishga kelgan. 1961 yilda unga O‘zbekiston xalk artisti unvoni berilgan. Aktyor 60 yillik ijodiy faoliyati mobaynida ustozlardan o‘rganish, muttasil o‘z ustida tinmay ishlash va ijodiy izlanish natijasida yuzdan ortiq mukammal obrazlar yaratib, tomoshabinlarning mehriga sazovor bo‘lgan. G‘ani A’zamovning ikki o‘g‘il, ikki qizi bor. Farzandlari Ra’no, So‘nmas, Feruz hamda Durdona A’zamovalar hozir nafaqada. 10 dan ziyod nevaralari, 40 dan ortik evara – chevaralari bor. Eng qizig‘i buyuk aktyorning farzandlari ham, nevara – evaralari ham san’at yo‘lini tanlashmagan.


“Oltin devor” teatr san’atining oltini

Uyg‘un va Izzat Sultonning «Alisher Navoiy» dramasidagi Munajjim, Tuyg‘unning «Chin muhabbat»idagi Arslonsher, Ramz Bobojonning «Tog‘a-jiyan»laridagi Soqi sumbat, Abdulla Qahhorning «So‘nggi nusxalar»idagi Yusuf, Gogolning «Revizor»idagi Bobchinskiy, Vilyam Shekspirning «Veronalik ikki yigit»idagi Launs kabi obrazlar aktyorning “mahorat maktabi” sifatida alohida e’tirof etiladi. “Oltin devor” spektakli esa chin ma’noda o‘zbek teatr san’atining durdonalaridan biri bo‘lib qoldi.

Avval oddiy  muallim, keyin buyuk aktyor

490742.jpgG‘ani A’zamov 1935 yildan boshlab kinoda ham suratga tushadi. Aktyor «O‘zbekfilm» kinostudiyasida dunyoga kelgan qator kinofilmlarda esda qolarli obrazlar yaratdi.

«Boy ila xizmatchi»dagi domla imom, «Qutlug‘ qon»dagi kuyov, «Abu Ali ibn Sino»dagi kutubxonachi, «Maftuningman»dagi sartarosh, «Ikki dil dostoni»dagi Qorashoh, «Toshkent – non shahrida»gi oqsoqol, «Qari ustaning vasiyati»dagi Yusuf, «Senga shahrimni tuhfa etaman»dagi dorboz, «Suyunchi»dagi Xolmat kabi qator kinokahramonlar tomoshabinlarning yodida olgan. Buyuk san’atkor ijrosidagi har bir obraz o‘zining to‘laqonliligi va yorqinligi bilan kino san’atining oltin xazinasidan munosib joy olgan. Aktyor «Nashtar» hajviy kinojurnali tashkil etilgandan so‘ng, uzoq yillar davomida Xo‘ja Nasriddin obrazini ijro etdi.

Eng qizig‘i, G‘ani A’zamov teatrning ijodiy guruhiga lotin yozuvini o‘rgatuvchi muallim sifatida kelgan ekan. U san’atga daxldor hech qanday bilim yurtida o‘qimagan. Dastlab ommaviy sahnalarda kichik rollarni ijro etib, san’at sirlarini o‘rgangan. Fursat o‘tib G‘ani A’zamov aktyor sifatida o‘zini namoyon etadigan yuzlab rollarning muallifiga aylandi.

35 yil mahalla raisi

Feruz A’zamov, o‘g‘li: — Otam juda bag‘rikeng, haddan ziyod mehribon inson edi. Ular bizni hech qachon qattiq urishganini eslay olmayman. Birgina qarashlari bilan xatolarimizni to‘g‘irlashga o‘rgangan edik. Oilada otamdan bo‘lak san’atkor yo‘q. Biz ularning izidan boramiz deganimizda, otam “Agar haqiqatdan ham iste’doding bo‘lsa, marhamat, agar shunchaki havas, shon-shuhrat uchun bu yo‘lni tanlamoqchi bo‘lsang adashasan”, deganlari yodimda. Esimda mahallaga 60-yillarda ko‘chib kelganmiz. U paytlar endi-endi yangi hovlilar qurilayotgan edi.

Otam 35 yil mobaynida mahalla raisi bo‘lib ishladi. Faoliyati davomida mahallaga gaz, elektr toki, suv quvurlarini olib keldi… U paytlar bu ishlarni bajarish ancha murakkab edi. Hech bir oilaning hol-ahvolidan bexabar qolmas edi. O‘ylab qarasam, bolalarimiz – nevaralari ortidan bizdan ko‘ra ko‘prok yurgan, qayg‘urgan ham otam ekan…

Juda oilaparvar, bolasevar edi. Bu gaplarni u kishi otam bo‘lgani uchun emas rostdan xam shunday inson bo‘lgani uchun aytayapman. Men hamisha san’atda ularni Olim Xo‘jayev, Sora Eshonto‘rayeva, Shukur Burxonov kabi buyuk san’atkorlar qatorida ko‘raman.

Oilaviy spektakl tomoshalariga borganimda otamni umuman boshqa bir ruhiyatda ko‘rardim, uyda, mahallada esa yana bir boshqa qiyofada… Lekin yurak bitta edi. Hamisha yonib turardi…

“Oltin devor” ming marta sahnalashtirilgan

Erkin Komilov, O‘zbekiston xalq artisti:
08.jpg — G‘ani A’zamov oddiy aktyor emas. Bu inson buyuk san’atkorlar qatorida alohida e’zozga ega. “Oltin devor” spektaklini birga ming marta o‘ynash baxtiga muyassar bo‘lganman. Yonma-yon ishlaganlar, suhbatida bo‘lganlar bu odamning san’atga o‘zgacha mehri bilan cheksiz hurmatini yaxshi biladi. Ming marta ijro etilgan Mo‘min obrazida bir marta yolg‘on sezmaganmiz. G‘ani akaning sahnada nafaqat o‘z obrazini, balki yonidagiqahramonlarni ham nazorat qilish qobiliyati bor edi. Odamoxun, yaxshilikni yaxshi ko‘radigan insonlar dunyoni asraydi. G‘ani aka shundaylar toifasidan edi. Bu odam nafaqat san’atga, balki yashaydigan mahallasi, vataniga sidqidildan xizmat qilgan. Uning mahallasi tomonga o‘tsangiz G‘ani A’zamovning nafasini sezasiz, u yerda yashaydiganlar bu odamni avvalo bag‘rikeng odam, e’tiborli mahalla raisi, jonkuyar yelkadosh deb xotirlashadi…

“Avval xislatlar, keyin kamchiliklar…”

Botir Muxammadjonov, aktyor: — G‘ani aka yoshlarni yaxshi ko‘rardi. Ularni qo‘llab-quvvatlar, kamchiliklarni omma oldida emas, o‘ziga qattiq tegmaydigan qilib tushuntirardi. Biz hamisha ular bilan ishlashni orzu qilardik. Sahnada to‘g‘ridan-to‘g‘ri tomoshabinga sezdirmay, partnyorga xalaqit bermasdan obrazni yo‘naltirardi. Yana bir jihati: birovning kamchiligini aytishdan oldin uning yaxshi xislatlarini sanab o‘tar edi… G‘ani aka 92 yoshida hayotdan ko‘z yumdi. Lekin vafotidan ikki-uch hafta oldin ham sahnada edi… Bunday tabarruk ustozlarning qoldirgan ijod yo‘li bizlar uchun hamisha maktab. O‘zbek teatrining bugungi mavqei, aktyorlik maktabining o‘ziga xos jihatlarini shakllanishida G‘ani A’zamov kabi fidoiy ustozlarning mehnati hamisha qadrli!

“Bir aktyor shakllanishi uchun salkam 40 yil kerak”

Tohir Saidov O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist
— Biz ustoz bilan ijodiy safarlarga ko‘p chiqardik va bundan faxrlanardik. Turg‘un Xonto‘rayev bilan G‘ani akaning yoshi o‘rtasidagi farq adashmasam 10 yoshcha edi… Biz yoshlar bu ikki ustozimiz bilan ko‘p hazil qilardik. Safarlarda Turg‘un akaga ham, G‘ani akaga xam bir xil sovg‘a berishardi. Choponlar, pichok, do‘ppi va shunga o‘xshash esdalik sovg‘alari. Biz G‘ani akaga “ikkisi ham bir xil ekanu, lekin Turg‘un akaning sovg‘asini materiali siznikidan picha qimmatroq shekilli”, desak darhol hazillashib sovg‘alarni almashtirib olardilar. Shunda Turg‘un aka “bunisini ham oling”, deya xafa bo‘lardi. Ba’zida “Avval G‘ani kiyib, ko‘rib olsin,qolganini men olarman“, deb javob berardi. Bir kuni teatrda Abduraim Abduvahobovni kichik xatosi uchun ishdan bo‘shatish uchun majlis qilindi. G‘ani aka dastlab gap nimadaligini bilmay qovushmay o‘tirdi, majlis oxirida bo‘layotgan gap-so‘zlarning mohiyatini tushunib qolgan. Shunda “Xamma Abdurayimni ayblaydi, ish bor joyda xato bo‘ladi. Hozir shu yigitga qarshi gapirayotganlarning o‘zi ish jarayonida benuqsonmi? Bitta aktyor tug‘ilishi, shakllanishi uchun qirq yil kerak”, deb hammaning xatolarini birma-bir sanab bergan. Dangal, jonkuyar va mehribon inson edi. Oxiratlari obod bo‘lsin!

Xulosa o‘rnida

Yashash uchun berilgan imkoniyat fursatlar bilan emas, balki qilingan ezgu ishlar bilan o‘lchanishi bor gap. Lekin bu fikr eski bo‘lsa-da siyqasi chiqmagan, har bir inson o‘z hayotida uni yangilashi, jilo berishi mumkin. Faqat… o‘tayotgan vaqtni ilg‘ash va unga to‘g‘ri munosabatda bo‘lishga ulgurish kerak… Garchi hozir oramizda bo‘lmasa-da, G‘ani A’zamovning hayotida, undagi lahzalarda yaxshilik yonib turganini his etish qiyin emas…

Manba: “O‘zbegim” ma’rifiy gazetasi

009

(Tashriflar: umumiy 1 929, bugungi 1)

4 izoh

  1. Sevdo Niyozovadan oldingi safar yo’l qo’ygan xatoliklar uchun uzr so’raymiz. Snuningdek, muallifning izohidan kelib chiqib maqolaga ham tuzatishlar kiritdik. Sevdodan yangi maqolalar kutib qolamiz.

  2. Ҳа, Ғани Аъзам буюк актер эди! Аммо, нимагадир, камроқ эсланадиган буюклардан эди. Севдо, яшанг! Яна биласизми, сизнинг қаламингизда ҳам, каломингизда ҳам миллий санъатимиз чеҳрасига гўзал туйғулар бахш этиши мумкин бўлган латофатли ижодий имкониятлар бор. Сиздан ана шу неъматни тўлиқ ишга солиб, қаҳрамонларингизнинг ҳаёти ва ички оламлариниям чуқур таҳлил қилиб берадиган мақолалар ҳам кутиб қоламиз.
    А. Наби

  3. Ustoz, avvalo shu maqolaga sizning e’tiboringiz tushganidan xursandman. Uzr…dan hijolatman. Maqolaning xato bilan ketgan varianti uchun G’ani A’zamovning farzandlari oldida juda hijolat bo’lgandim. Va nihoyat «Turfa taqdirlar» ko’rsaruvi orqali buyuk aktyorning oila a’zolaridan uzr so’rab tog’ri va aniq ma’lumotlarni tomoshabinga yetkazdim. Xurshid aka, rahmat, yozganlarimga e’tiboringiz men uchun juda katta voqea!

  4. Domla, rahmat. Sizning bahoingiz menga kerak! Yozganlaringiz ruhlantirdi, yaxshi narsalar yoza olishimga ishontirdi! Boringizga shukr!
    Sevdo

Izoh qoldiring