O’rxon Kamol. Eng muhimi, non!..

Ashampoo_Snap_2016.10.09_18h41m30s_003_.pngСаҳифа атоқли турк ёзувчиси Ўрхон Камол таваллудининг 100 йиллигига бағишланади.

Умуман, ҳозирги одамларга ҳам ҳайрон қоласан: кунига беш марта минорадан азон айтиб намозга чақиришади, черковда қўнғироқлар чалинади, одамлар тўп-тўп бўлиб мачит, черков, синагогларга боришади, яна шундай оломон бўлганча мачит, черков, синагоглардан чиқиб келишади. У ерга нимага боришади? Рамазон, ҳайит ёки бошқа байрамларда одамлар ҳаво шари учиришади, болаларга пушти, бинафша, кўк, сариқ рангли кўйлаклар кийдириб ясантириб қўйишади, болалар ҳам роса яйраб олишади. Кейин рамазон ҳамда бошқа байрамлар ўтгач, яна одатдаги олачалпоқ кунлар бошланади. Ёмғир ёғиб, шиддатли шамол уй пиромонларини узиб юлқийди, ёмғир аралаш парча-парча қор ёғади, изғирин кучаяди.

Ўрхон Камол
ЭНГ МУҲИМИ,НОН!..
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси
02

Ashampoo_Snap_2016.10.09_18h37m00s_001_.png    Маҳмуд Рашид Ўғутчи (тур. Mehmet Raşit Öğütçü), тахаллуси Ўрхон Камол (15.9.1914,Адана, Жайхун, — 2.6.1970, София, Болгария) — турк ёзувчиси. Илк ҳикоясини Бачаксиз Ўрхон имзоси остида эълон қилган. 1943 йилдан бошлаб асарлари Ўрхон Камол номи остида чиқв бошлаган. Сиёсий қарашларига кўра Нозим Ҳикматга яқин бўлган. 1958 йили «Қардош ҳақи» ҳикочи учун Саид Фоиқ мукофотига сазовор бўлган. 1966 йили сиёсий қарашлари туфайли қамоққа олинган. 1967 йили «Анқара Санъатсеварлари» журнали Ўрхон Камолни энг яхши ҳикоя устаси деб эълон қилди. 1969 йили эса Турк тили жамияти ва Саид Фоиқ ҳикоя мукофоти билан тақдирланди. 1970 йилнинг 2 июлида Болгария ёзувчилари уюшмаси таклифи билан Софияда даволанаётган пайтида вафот этди. Адибнинг романларилари: Baba Evi (1949), Avare Yıllar (1950), Murtaza (1952), Cemile (1952), Bereketli Topraklar Üzerinde (1954), Suçlu (1957), Devlet Kuşu (1958), Vukuat Var (1958), Dünya Evi (1958), Gavurun Kızı (1959), Küçücük(1960), El Kızı (1960), Hanımın Çiftliği (1961), Eskici ve Oğulları (1962), Gurbet Kuşları (1962), , Sokakların Çocuğu (1963), Kanlı Topraklar (1963), Bir Filiz Vardı (1965), Müfettişler Müfettişi (1966),Yalancı Dünya (1966), Evlerden Biri (1966), Arkadaş Islıkları (1968), Sokaklardan Bir Kız (1968), Üç Kağıtçı (1969), Kötü Yol (1969), Kaçak (1970-ö.s.), Tersine Dünya (1986-ö.s), Dünya Dönüyor (1953), Neden Böyle (1956), Uçurum (2014).

02

Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Шифт таккинасидаги бирдан-бир лампочка хонани ғира-шира ёритарди. Ойтан ҳафталик газетага берилган рекламаларга тикилган кўйи чорпояда ётарди. У босма сатрларга қанчалик тикилмасин, бари бир ҳеч нарсани кўрмас, ҳолбуки, худди шу саҳифада номининг ўзиёқ қизларнинг юрагини орзиқтириб юборадиган ашёлар реклама қилинган эди. Бунда ип ва жундан тўқилган, одми сатиндан тикилган, расмли ҳамда расмсиз нархи ўн бешдан етмиш лирагача бўлган жимжимадор қўлқоплар; етмиш бешдан уч юз лирагача бўлган кумуш ҳамда олтин суви юритилган упадонлар; билагузугу тароқлар; тақинчоғу мунчоқлар; кечки туфли-ю ботинкалар; сумка-ю кечки кўйлаклар; чепчигу, орлону жун ҳамда нейлондан тўқилган свитерлар, кофталар; юзга ишлатиладиган гриму киприк учун тушлар; идиш-товоқ, гулдону қанддонлар, керамика хуллас, ҳамма-ҳаммасидан бор.

Ойтан иловани қўлида ушлаб турса ҳам унда нималар ёзилганини кўрмасди. Шундай қилиб, бошқа иложи йўқ: мактабни ташлаб ишга кириши керак. Ҳадемай пивохонадан отаси маст-аласт келади-да, одатдаги дийдиёсини бошлайди: «Жонга тегдиларинг, бадбахтлар! Ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди! Ахир, неча бор сенларга айтдим: иш йўқ, сенлар бўлса тушунишниям истамайсанлар! Мени тириклай гўрга тиқмоқчимисанлар? Ўлиб-нетиб қолсам борми, дарров ишга югургилаб қолардиларинг. Сенга айтяпман, ҳой хотин, ишга кир. Қизимизам ишласин».

Демак, мактаб билан хайрлашишга унинг навбати келганга ўхшайди. Унинг кўпгина тенгдошлари биринчи синфга йиғилганларида қанчалик шўх-шодон ва беғам-беташвиш эдилар-а! иш дея мактаб билан хайр-маъзур қилишга мажбур бўлгандилар.

Ҳамма орзулари чиппакка чиқди, энди унга на мактаб, на медицина институти, на врачлик дипломи насиб қилади. Келажаги номаълум ҳаёт бошланади. Чўнтакда ҳемирисиз, аянчли, ярим оч ҳолдаги тирикчилик. Гавжум кўчалар ҳамда хиёбонлар бўйлаб дайдиб юриш. Шундоққина ёнгинангдан ғизиллаб ўтаётган автомашиналар оқимига қараш. Буларнинг ҳаммаси сен учун эмаслигини биласан ҳам. Орзуларингнинг сароблигини, ҳеч вақога ҳаққинг йўқлигини тушунасан. Оч қолмаслик учун дугоналарингга ўхшаб мактабни ташлаб, трикотаж фабрикаси ёки бошқа бирон жойга ишга киришга мажбурсан. Онаси неча марта кўз ёши тўкканча: «Отангга қулоқ солма, қизалоғим, мактабни ташлама, хоҳиш ва иқтидоринг бор экан, ўқийвер. Бугун биз бормиз, эртага худо подшо!» деб унинг қулоғига қуярди.

Қиз жаҳл билан реклама варағини итқитиб юборди.
Худонинг берган куни дадаси онасини қистовга олиб қаерга бўлмасин кирчими, ё пол ювадиган бўлибми ишга жойлашиб олишини талаб қиларди. Қиз шўрлик беҳисоб жанжалу ғиди-бидиларни эшитавериб неча-неча кечаларни қон йиғлаб ўтказганди. «Ҳой хотин, отанг прокурорлиги вақтида сурган давру давронларинг тугади энди,— деб гап бошларди дадаси кўпинча, — сен айтган толлар аллақачон кесилиб кетган. Хомтама бўлма. Ҳа, мана шунақа.» «Ҳой, дадаси, ҳеч бўлмаса қўшнилардан номус қилсангизчи. Шундоғам бизларни бутун оламга абтар-дафтар қилиб юбордингиз!» «Абтар-дафтарларингга тупурдим!» «Мен эсам тупурмайман! Қизимиз катта бўляпти, ахир, ҳеч бўлмаса ўз пуштикамарингиздан бўлган қизчангизнинг келажаги ҳақида ўйласангиз бўларди!» «Мен тўғримда ким бош қотирганди, хўш? Менинг келажагим ҳақида ким қайғурганийди? Бўйнимга тўрва халта осиб кўчага ҳайдаганларида ўн беш ёшга ҳам кирмагандим. Менга осон тутасан, шекилли? Ё мен одаммасмидим? Ўқишни хоҳламаганмидим? Ўқиб, касб-ҳунарли бўлиб олган оғайниларимни кўрсам, ич-этимни мушук тирнайди! Менга биронтасининг раҳми келдими ё ночор вақтимда ёрдам бердими?» «Унда уйланиб бола-чақа орттиришнинг нима ҳожати бор эди?» «Ғунажин кўзини сузмаса, буқа арқонни узмайди. Ўзинг-ку китоб ичига ўлдим-куйдим деб, ишқий мактублар солиб берган. Ё ёлғонми?» «Бас қилинг!» «Нега бас қиларканман? Ё тағин қўшниларингдан чўчияпсанми?» «Қизимиз ҳали ухлагани йўқ, эшитиб қолади! Номус қилсангиз-чи!» «Эшитса эшитаверсин! Бу уйланиш менга қайси ҳузур-ҳаловат учун керак эди? Тағин, келиб-келиб, манман деган прокурорнинг қизига уйланишни менга ким қўювди! Менга оддий хизматчи қиз ҳам бўлаверарди! Бир биримизга ёрдам берардик, уялиб ҳам ўтирмасдик, таъна-маломатларга ҳам ўрин қолмасди!» «Ҳақиқатанам яхши бўларди. Ўтган ишга саловат, энди обидийда қилишнинг ҳожати йўқ!» «Нимаси кеч экан, ҳалиям тузатиш мумкин. Қизингнинг ўқимишли бўлишини истасанг, пол ювишгами, кир ювувчиликками, ошпазликками ёки хоҳлаган жойингга бориб ишла! Мени унут! Қизинг ҳақида ўйла!» Худонинг берган куни шу аҳвол.

Ойтан кўрпага ўралиб юм-юм йиғлаганча, бу жанжалларни эшитиб ётарди. Кўчада қор ёғар, бўрон қутурар, шамол ойналарни тарақлатарди. Кейин баҳор бошланарди. Уйда эса ҳар кеч даҳанаки жанг давом этарди. Онанинг бўзарган юзи жиддий тус олган, худди иситмалаётгандай йилтиллаган кўзлари остида теран қора кўлагалар пайдо бўлганди. Бод ва юрак хасталигидан заифлашиб қолган аёл бировларникида пол ювувчи, кир ювувчи, ошпаз ёки тикувчи бўлиб қандай ишлай олсин?

Эшик тақиллади. Ойтан ўрнидан сакраб туриб, эшикни очишга шошилди. Остонада жаҳлдор, хом семиз, қип-қизил юзлари шишган отаси турарди. У ҳатто қизига қиё ҳам боқмай уйга кириб келди. У ўзининг бутун турқ-таровати билан шу тарзда гапираётгандай бўларди: «Наҳот, унга, пенсионерга, пивохонада ўтириш ҳуқуқи ман этилган бўлса? Уйдагилари рўзғорни тебратиб турганда борми!»
— Бундан буён ишлар пачава, деб неча бор айтдим, дея у одатдаги дийдиёсини бошларди.
— Нафақа юқ ҳам бўлмайди. Эҳ, қани энди ҳамма оила аъзоларингни, ўғил-қизларингни йиғиб тергаб ишга жўнатсанг! Уйга ҳам дарҳол қутбарака кирарди. Ҳа, энг муҳими, нон!

У аллақачон дастлабки сариқ рангини йўқотган, йиртиқ-ямоқ, лойбалчиққа беланган ботинкасини ечди-да, оғир қадам ташлаганча зинадан кўтарила бошлади.
— Аввал таом, сўнгра калом! Билим олиш, ҳунар эгаллашнинг ўзи бўлмайди. Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак. А, лаббай? Ҳа, аввало нон, ундан кейин ҳар хил мактаблар. Ҳамма билан муроса қиладиган, ҳар қандай гапга ҳа, баракалла, деб турган даврларим ўтиб кетди. Энди икки қўлимни бурнимга тиқиб ўлтиравераман. Ё раббим! Пичоқ бориб суякка тақалди-ку. Ортиқ бу тарзда яшашга қодир эмасман. Ўлганимдан кейин қизим врач бўлганидан менга нима фойда? Ўзига ўхшаш врач ёки аптекачига тегади-кетади-да?! Уҳ! Дармоним қолмади-я!

У ҳозиргина қизи ётган чорпояга чўзилди. Ойтан бир пайтлар, кичкинтойлигида қиладиган одати бўйича унинг ёнига келиб ўтирди. У қўлини отасининг елкасига қўйди-да, мулойимгина суйкалди. Бирдан отанинг кўнгли юмшаб, қизнинг қуюқ қўнғир сочларидан силади. Уйга қайтаётиб янги жанжал чиқариш учун бутун дунёни, шу жумладан, хотини, оиласи ва албатта, хотинининг отаси прокурорни ҳам астар-пахтасини ағдариш ниятида дилига тугиб қуйган барча дағал сўзларию ҳақоратлари ҳам эсдан чиқди.
— Дадажон, мен мактабдан кетмоқчиман.

У худди шапалоқ егандай бирдан бошини силкитди.
— Нега энди кетаркансан?
— Ишга киряпман.
— Қаерга?
— Трикотаж фабрикасига. У ерда дугоналарим ишлашади. Айтишларича, аввалига маош озроқ бўларкан, кейинчалик, иш ўрганиб, тажрибам ортгач эса. Биласизми, улар билан бирга ишлашимни эшитиб, шунақаям суюниб кетишдики! Эртага эрталабдан борадиган бўлдим.

Икки гапнинг бирида, она-бола ишлашгандагина уйда фаровонлик бўлиши мумкин, деб таъкидлайдиган ана шу жоҳил одамнинг қалбида нимадир титраб кетди. У ўкинч, ҳатто афсусланиш ҳиссини туйди. Томоғига бир нарса тиқилгандай нафаси қисилиб, кўзида ёш айланди,
— Хотин! Ҳой хотинжон! — бўғиқ овозла чақирди у. Кўпикли қўлини кир пешбандига артганча, баланд бўйли, озғин, рангпар аёл унга яқинлашди.
— Гапиринг, қулоғим сизда.

У: «Биласанми, қизимиз ишга кирмоқчиймиш?»—демоқчи бўлди-ю, лекин индамади, агар ҳозир оғиз очиб бир нарса дейдиган бўлса, йиғлаб юбориши аниқ эди.

Эр-хотин бир-бирларига сассиз тикилиб қолишди. Ойтан ҳамон, аввалгидек, отасининг ёнида ўтирганча унинг бармоқларини ўйнарди. У хайрлашиши лозим бўлган мактаби ҳақида, айниқса, энг севимли химия дарси ҳақида ўйларди. Химия, биология, математика. Эртанги кунга анча дарс берилганийди. Агар ҳозир ўтириб дарс тайёрлай бошласа, ярим кечада тугатиши ҳам амримаҳол. Химия ўқитувчиси унинг мактабга келмаганини эшитиб роса ажабланса керак ўзиям. Математика муаллимичи?! Ойтан мактабга келмабди? Йўғ-е, иссиғи қирқ даражага кўтарилиб турганда ҳам дарсларни қолдирмайдиган ўша Ойтан-а? Бўлмаган гап! Касал бўлиб қолганида ҳам қанча қисташмасин, у бирор мартаям мактабдан уйига кетмасди! Ёпирай, шу қиз мактабга келмадими, деб росаям ҳайрон қолишса керак.

Ўқитувчилар доим у билан фахрланишарди! Ахир, биология ўқитувчиси уни ўқишни давом эттириб, албатта, доктор бўлишга кўндирмаганмиди? Севимли муаллими ҳамда ярим хароба кулбада умрининг охирги дамларини кечираётган етмиш ёшли қўшниси Ҳадия хола унга катта умид боғлашганди. Агар қўшнилар ҳолидан хабар олиб, ўтину кўмир, кийим-бошидан тортиб овқатигача галма-галдан ташиб туришмаса бечора кампирнинг шўрига шўрва тўкиларди.

Ойтан ҳам тез-тез ундан хабар олиб турарди. Югуриб келиб: «Ҳадия бувижон!»—деб чақирарди. «Ҳа, чироғим»: «Доктор бўлганимдан кейин, сизни албатта касалхонамга олиб бориб оёғингизни тузатаман». «Илойим айтганинг келсин, қизалоғим!» «Яп-янги оппоқ кофта, янги туфли олиб бераман». «Ўша вақтга бориб мени эсингдан чиқариб юборасан, бўталоғим». «Ҳечам эсимдан чиқармайман, Ҳадия буви, худо ҳаққи рост, гапиряпман!» «Эсингдан чиқарсанг-чи?» «Агар эсимдан чиқарсам кўр бўлай, бувижон!» «Ундай демагин, бўталоғим! Душманларимизнинг кўзлари кўр бўлсин. У вақтда эсингдан чиқарсанг ҳам, мени ҳозирги кунда эслаб турганингнинг ўзи кифоя».

Ташқарида яна ҳаво айниган: шамол аралаш ҳўл қор ёғяпти, ҳаммаёқда лойгарчилик. Ойтан бирдан бугун Ҳадия бувиникига бормаганлигини эслаб қолди.

Чорпоядан сакраб туриб, ошхонага чопиб кирдида, ясмиқ ёвғонидан товоққа солиб, бир бўлак нон, озроқ туз, катта бош пиёз олволди. Энди унга отаси билан онасининг нима ҳақда гапираётганлари бари бир эди. У шитоб билан уйдан чиқди-да, худди шамол билан қувлашмачоқ ўйнагандай, ўқдай учиб Ҳадия бувининг кулбасига отилиб кирди. Кампиршо нимдошгина қуроқ кўрпага оёғини ўраганча, икки букилиб оловда исиниб ўтирарди. Афтидан, қўшнилардан кимдир яқингинада кўмир олиб келиб манқални ёқиб берган шекилли. Кекса аёлнинг фикрлари узоқ ўтмишда айланиб юрарди.

У бундан эллик йил аввал Истамбулдаги худди бугунгидай совуқ, бўронли тунни эслаганди. Зейрекнинг чекка маҳалла-кўйларидан биридаги пештоқи ўймакор улкак ёғоч уйни хотирлади. Ўшанда у ғунчадаккина эди, эрталабдан кечгача тиним билмай пиллапоядан юқоридан пастга югургани-югурган эди, эрталаб эса тонг ёришар-ёришмас на қор, на совуқни писанд қилмай булоқдан сув олиб келгани борарди.

— Ҳадия буви, бу ёққа қаранг, мен келдим!
Ойтаннинг овозини эшитиб, кекса аёл хаёл дарёсидан шўнғиб чиққандай бўлди.
— Хуш келибсан, бўталоғим!
— Нима ҳақда ўйланиб қолдингиз?
— Ўзим ҳам билмайман, аввалги ҳаётим ҳақида эслаётгандим.
— Ясмиқ ёвғон, нон ва топингчи, яна нима олиб келганимни.
— Пиёздир-да?
— Ҳа, топдингиз!
— Раҳмат, сенга, қизалоғим. Бу дунё-ю у дунё Оллоҳ таоло сени ёрлақасин.

Ойтан энгашиб овқатни кампирга яқинроқ сурди, кейин нон билан пиёзни ҳам қўйди. Ҳадия буви қизнинг қўнғир сочли бошини меҳр билан қучоқлаб, ёноқларидан ўпди.
— Ойтан, қизалоғим, қандай қарорга келганимни биласанми? Сен доктор бўлмагунингча ўлмасликка аҳд қилдим. Кутаман. Доктор бўлишингга яна неча йил бор.
— Саккиз.

Ҳадия буви бармоғини букиб санай бошлади, бу вақтга келиб у етмиш саккизга кираркан! Ўша кунларга ета олармикан? Тағин саккиз йил яшай олармикан? Ҳа, майли, бу ҳақда ўйламаслик керак. Қизни хафа қилиб, умидларини пучга чиқаришнинг нима ҳожати бор.
—Сенинг касалхонангни супуриб-сидириб тозалайман, беморларга қараб тураман, сен бўлсанг, оёғимни даволайсан, кейин қанд касалимни, ошқозонимни.

Ойтан кўз ёшларини зўрға тийганча, одатдагидек:
— Албатта, албатта!—деб жавоб қилди.
Кейин у кулбадан отилиб чиқди-да, қор ҳамда халқобларни босиб уйига чопиб кетди.

OrhanKemalicsayga.jpg
O’rxon Kamol
ENG MUHIMI, NON!..
Hikoyat Mahmudova tarjimasi
02

    Mahmud Rashid O’g’utchi (tur. Mehmet Rasit Ogutcu), taxallusi O’rxon Kamol (15.9.1914,Adana, Jayxun, — 2.6.1970, Sofiya, Bolgariya) — turk yozuvchisi. Ilk hikoyasini  Bachaksiz O’rxon imzosi ostida e’lon qilgan. 1943 yildan boshlab asarlari O’rxon Kamol nomi ostida chiqv boshlagan. Siyosiy qarashlariga ko’ra Nozim Hikmatga yaqin bo’lgan. 1958 yili «Qardosh haqi» hikochi uchun Said Foiq mukofotiga sazovor bo’lgan. 1966 yili siyosiy qarashlari tufayli qamoqqa olingan. 1967 yili «Anqara San’atsevarlari» jurnali O’rxon Kamolni eng yaxshi hikoya ustasi deb e’lon qildi. 1969 yili esa Turk tili jamiyati va Said Foiq hikoya mukofoti bilan taqdirlandi. 1970 yilning 2 iyulida Bolgariya yozuvchilari uyushmasi taklifi bilan Sofiyada davolanayotgan paytida vafot etdi. Adibning romanlarilari: Baba Evi (1949), Avare Yıllar (1950), Murtaza (1952), Cemile (1952), Bereketli Topraklar Üzerinde (1954), Suçlu (1957), Devlet Kuşu (1958), Vukuat Var (1958), Dünya Evi (1958), Gavurun Kızı (1959), Küçücük(1960), El Kızı (1960), Hanımın Çiftliği (1961), Eskici ve Oğulları (1962), Gurbet Kuşları (1962), , Sokakların Çocuğu (1963), Kanlı Topraklar (1963), Bir Filiz Vardı (1965), Müfettişler Müfettişi (1966),Yalancı Dünya (1966), Evlerden Biri (1966), Arkadaş Islıkları (1968), Sokaklardan Bir Kız (1968), Üç Kağıtçı (1969), Kötü Yol (1969), Kaçak (1970-ö.s.), Tersine Dünya (1986-ö.s), Dünya Dönüyor (1953), Neden Böyle (1956), Uçurum (2014).

02

Vaqt allamahal bo’lib qolgandi. Shift takkinasidagi birdan-bir lampochka xonani g’ira-shira yoritardi. Oytan haftalik gazetaga berilgan reklamalarga tikilgan ko’yi chorpoyada yotardi. U bosma satrlarga qanchalik tikilmasin, bari bir hech narsani ko’rmas, holbuki, xuddi shu sahifada nomining o’ziyoq qizlarning yuragini orziqtirib yuboradigan ashyolar reklama qilingan edi. Bunda ip va jundan to’qilgan, odmi satindan tikilgan, rasmli hamda rasmsiz narxi o’n beshdan yetmish liragacha bo’lgan jimjimador qo’lqoplar; yetmish beshdan uch yuz liragacha bo’lgan kumush hamda oltin suvi yuritilgan upadonlar; bilaguzugu taroqlar; taqinchog’u munchoqlar; kechki tufli-yu botinkalar; sumka-yu kechki ko’ylaklar; chepchigu, orlonu jun hamda neylondan to’qilgan sviterlar, koftalar; yuzga ishlatiladigan grimu kiprik uchun tushlar; idish-tovoq, guldonu qanddonlar, keramika xullas, hamma-hammasidan bor.

Oytan ilovani qo’lida ushlab tursa ham unda nimalar yozilganini ko’rmasdi. Shunday qilib, boshqa iloji yo’q: maktabni tashlab ishga kirishi kerak. Hademay pivoxonadan otasi mast-alast keladi-da, odatdagi diydiyosini boshlaydi: «Jonga tegdilaring, badbaxtlar! Hammasi ostin-ustun bo’lib ketdi! Axir, necha bor senlarga aytdim: ish yo’q, senlar bo’lsa tushunishniyam istamaysanlar! Meni tiriklay go’rga tiqmoqchimisanlar? O’lib-netib qolsam bormi, darrov ishga yugurgilab qolardilaring. Senga aytyapman, hoy xotin, ishga kir. Qizimizam ishlasin».

Demak, maktab bilan xayrlashishga uning navbati kelganga o’xshaydi. Uning ko’pgina tengdoshlari birinchi sinfga yig’ilganlarida qanchalik sho’x-shodon va beg’am-betashvish edilar-a! ish deya maktab bilan xayr-ma’zur qilishga majbur bo’lgandilar.

Hamma orzulari chippakka chiqdi, endi unga na maktab, na meditsina instituti, na vrachlik diplomi nasib qiladi. Kelajagi noma’lum hayot boshlanadi. Cho’ntakda hemirisiz, ayanchli, yarim och holdagi tirikchilik. Gavjum ko’chalar hamda xiyobonlar bo’ylab daydib yurish. Shundoqqina yonginangdan g’izillab o’tayotgan avtomashinalar oqimiga qarash. Bularning hammasi sen uchun emasligini bilasan ham. Orzularingning sarobligini, hech vaqoga haqqing yo’qligini tushunasan. Och qolmaslik uchun dugonalaringga o’xshab maktabni tashlab, trikotaj fabrikasi yoki boshqa biron joyga ishga kirishga majbursan. Onasi necha marta ko’z yoshi to’kkancha: «Otangga quloq solma, qizalog’im, maktabni tashlama, xohish va iqtidoring bor ekan, o’qiyver. Bugun biz bormiz, ertaga xudo podsho!» deb uning qulog’iga quyardi.

Qiz jahl bilan reklama varag’ini itqitib yubordi.
Xudoning bergan kuni dadasi onasini qistovga olib qaerga bo’lmasin kirchimi, yo pol yuvadigan bo’libmi ishga joylashib olishini talab qilardi. Qiz sho’rlik behisob janjalu g’idi-bidilarni eshitaverib necha-necha kechalarni qon yig’lab o’tkazgandi. «Hoy xotin, otang prokurorligi vaqtida surgan davru davronlaring tugadi endi,— deb gap boshlardi dadasi ko’pincha, — sen aytgan tollar allaqachon kesilib ketgan. Xomtama bo’lma.  Ha, mana shunaqa.» «Hoy, dadasi, hech bo’lmasa qo’shnilardan nomus qilsangizchi. Shundog’am bizlarni butun olamga abtar-daftar qilib yubordingiz!» «Abtar-daftarlaringga tupurdim!» «Men esam tupurmayman! Qizimiz katta bo’lyapti, axir, hech bo’lmasa o’z pushtikamaringizdan bo’lgan qizchangizning kelajagi haqida o’ylasangiz bo’lardi!» «Men to’g’rimda kim bosh qotirgandi, xo’sh? Mening kelajagim haqida kim qayg’urganiydi? Bo’ynimga to’rva xalta osib ko’chaga haydaganlarida o’n besh yoshga ham kirmagandim. Menga oson tutasan, shekilli? YO men odammasmidim? O’qishni xohlamaganmidim? O’qib, kasb-hunarli bo’lib olgan og’aynilarimni ko’rsam, ich-etimni mushuk tirnaydi! Menga birontasining rahmi keldimi yo nochor vaqtimda yordam berdimi?» «Unda uylanib bola-chaqa orttirishning nima hojati bor edi?» «G’unajin ko’zini suzmasa, buqa arqonni uzmaydi. O’zing-ku kitob ichiga o’ldim-kuydim deb, ishqiy maktublar solib bergan. YO yolg’onmi?» «Bas qiling!» «Nega bas qilarkanman? YO tag’in qo’shnilaringdan cho’chiyapsanmi?» «Qizimiz hali uxlagani yo’q, eshitib qoladi! Nomus qilsangiz-chi!» «Eshitsa eshitaversin! Bu uylanish menga qaysi huzur-halovat uchun kerak edi? Tag’in, kelib-kelib, manman degan prokurorning qiziga uylanishni menga kim qo’yuvdi! Menga oddiy xizmatchi qiz ham bo’laverardi! Bir birimizga yordam berardik, uyalib ham o’tirmasdik, ta’na-malomatlarga ham o’rin qolmasdi!» «Haqiqatanam yaxshi bo’lardi. O’tgan ishga salovat, endi obidiyda qilishning hojati yo’q!» «Nimasi kech ekan, haliyam tuzatish mumkin. Qizingning o’qimishli bo’lishini istasang, pol yuvishgami, kir yuvuvchilikkami, oshpazlikkami yoki xohlagan joyingga borib ishla! Meni unut! Qizing haqida o’yla!» Xudoning bergan kuni shu ahvol.

Oytan ko’rpaga o’ralib yum-yum yig’lagancha, bu janjallarni eshitib yotardi. Ko’chada qor yog’ar, bo’ron quturar, shamol oynalarni taraqlatardi. Keyin bahor boshlanardi. Uyda esa har kech dahanaki jang davom etardi. Onaning bo’zargan yuzi jiddiy tus olgan, xuddi isitmalayotganday yiltillagan ko’zlari ostida teran qora ko’lagalar paydo bo’lgandi. Bod va yurak xastaligidan zaiflashib qolgan ayol birovlarnikida pol yuvuvchi, kir yuvuvchi, oshpaz yoki tikuvchi bo’lib qanday ishlay olsin?

Eshik taqilladi. Oytan o’rnidan sakrab turib, eshikni ochishga shoshildi. Ostonada jahldor, xom semiz, qip-qizil yuzlari shishgan otasi turardi. U hatto qiziga qiyo ham boqmay uyga kirib keldi. U o’zining butun turq-tarovati bilan shu tarzda gapirayotganday bo’lardi: «Nahot, unga, pensionerga, pivoxonada o’tirish huquqi man etilgan bo’lsa?Uydagilari ro’zg’orni tebratib turganda bormi!»
— Bundan buyon ishlar pachava, deb necha bor aytdim, deya u odatdagi diydiyosini boshlardi.
— Nafaqa yuq ham bo’lmaydi. Eh, qani endi hamma oila a’zolaringni, o’g’il-qizlaringni yig’ib tergab ishga jo’natsang! Uyga ham darhol qutbaraka kirardi. Ha, eng
muhimi, non!

U allaqachon dastlabki sariq rangini yo’qotgan, yirtiq-yamoq, loybalchiqqa belangan botinkasini yechdi-da, og’ir qadam tashlagancha zinadan ko’tarila boshladi.
— Avval taom, so’ngra kalom! Bilim olish, hunar egallashning o’zi bo’lmaydi. Bir tovuqqa ham suv, ham don kerak. A, labbay? Ha, avvalo non, undan keyin har xil maktablar. Hamma bilan murosa qiladigan, har qanday gapga ha, barakalla, deb turgan davrlarim o’tib ketdi. Endi ikki qo’limni burnimga tiqib o’ltiraveraman. YO rabbim! Pichoq borib suyakka taqaldi-ku. Ortiq bu tarzda yashashga qodir emasman. O’lganimdan keyin qizim vrach bo’lganidan menga nima foyda? O’ziga o’xshash vrach yoki aptekachiga tegadi-ketadi-da?! Uh! Darmonim qolmadi-ya!

U hozirgina qizi yotgan chorpoyaga cho’zildi. Oytan bir paytlar, kichkintoyligida qiladigan odati bo’yicha uning yoniga kelib o’tirdi. U qo’lini otasining yelkasiga qo’ydi-da, muloyimgina suykaldi. Birdan otaning ko’ngli yumshab, qizning quyuq qo’ng’ir sochlaridan siladi. Uyga qaytayotib yangi janjal chiqarish uchun butun dunyoni, shu jumladan, xotini, oilasi va albatta, xotinining otasi prokurorni ham astar-paxtasini ag’darish niyatida diliga tugib quygan barcha dag’al so’zlariyu haqoratlari ham esdan chiqdi.
— Dadajon, men maktabdan ketmoqchiman.

U xuddi shapaloq yeganday birdan boshini silkitdi.
— Nega endi ketarkansan?
— Ishga kiryapman.
— Qaerga?
— Trikotaj fabrikasiga. U yerda dugonalarim ishlashadi. Aytishlaricha, avvaliga maosh ozroq bo’larkan, keyinchalik, ish o’rganib, tajribam ortgach esa. Bilasizmi, ular bilan birga ishlashimni eshitib, shunaqayam suyunib ketishdiki! Ertaga ertalabdan boradigan bo’ldim.

Ikki gapning birida, ona-bola ishlashgandagina uyda farovonlik bo’lishi mumkin, deb ta’kidlaydigan ana shu johil odamning qalbida nimadir titrab ketdi. U o’kinch, hatto afsuslanish hissini tuydi. Tomog’iga bir narsa tiqilganday nafasi qisilib, ko’zida yosh aylandi,
— Xotin! Hoy xotinjon! — bo’g’iq ovozla chaqirdi u. Ko’pikli qo’lini kir peshbandiga artgancha, baland bo’yli, ozg’in, rangpar ayol unga yaqinlashdi.
— Gapiring, qulog’im sizda.

U: «Bilasanmi, qizimiz ishga kirmoqchiymish?»—demoqchi bo’ldi-yu, lekin indamadi, agar hozir og’iz ochib bir narsa deydigan bo’lsa, yig’lab yuborishi aniq edi.

Er-xotin bir-birlariga sassiz tikilib qolishdi. Oytan hamon, avvalgidek, otasining yonida o’tirgancha uning barmoqlarini o’ynardi. U xayrlashishi lozim bo’lgan maktabi haqida, ayniqsa, eng sevimli ximiya darsi haqida o’ylardi. Ximiya, biologiya, matematika. Ertangi kunga ancha dars berilganiydi. Agar hozir o’tirib dars tayyorlay boshlasa, yarim kechada tugatishi ham amrimahol. Ximiya o’qituvchisi uning maktabga kelmaganini eshitib rosa ajablansa kerak o’ziyam. Matematika muallimichi?! Oytan maktabga kelmabdi? Yo’g’-ye, issig’i qirq darajaga ko’tarilib turganda ham darslarni qoldirmaydigan o’sha Oytan-a? Bo’lmagan gap! Kasal bo’lib qolganida ham qancha qistashmasin, u biror martayam maktabdan uyiga ketmasdi! Yopiray, shu qiz maktabga kelmadimi, deb rosayam hayron qolishsa kerak.

O’qituvchilar doim u bilan faxrlanishardi! Axir, biologiya o’qituvchisi uni o’qishni davom ettirib, albatta, doktor bo’lishga ko’ndirmaganmidi? Sevimli muallimi hamda yarim xaroba kulbada umrining oxirgi damlarini kechirayotgan yetmish yoshli qo’shnisi Hadiya xola unga katta umid bog’lashgandi. Agar qo’shnilar holidan xabar olib, o’tinu ko’mir, kiyim-boshidan tortib ovqatigacha galma-galdan tashib turishmasa bechora kampirning sho’riga sho’rva to’kilardi.

Oytan ham tez-tez undan xabar olib turardi. Yugurib kelib: «Hadiya buvijon!»—deb chaqirardi. «Ha, chirog’im»: «Doktor bo’lganimdan keyin, sizni albatta kasalxonamga olib borib oyog’ingizni tuzataman». «Iloyim aytganing kelsin, qizalog’im!» «Yap-yangi oppoq kofta, yangi tufli olib beraman». «O’sha vaqtga borib meni esingdan chiqarib yuborasan, bo’talog’im». «Hecham esimdan chiqarmayman, Hadiya buvi, xudo haqqi rost, gapiryapman!» «Esingdan chiqarsang-chi?» «Agar esimdan chiqarsam ko’r bo’lay, buvijon!» «Unday demagin, bo’talog’im! Dushmanlarimizning ko’zlari ko’r bo’lsin. U vaqtda esingdan chiqarsang ham, meni hozirgi kunda eslab turganingning o’zi kifoya».

Tashqarida yana havo aynigan: shamol aralash ho’l qor yog’yapti, hammayoqda loygarchilik. Oytan birdan bugun Hadiya buvinikiga bormaganligini eslab qoldi.

Chorpoyadan sakrab turib, oshxonaga chopib kirdida, yasmiq yovg’onidan tovoqqa solib, bir bo’lak non, ozroq tuz, katta bosh piyoz olvoldi. Endi unga otasi bilan onasining nima haqda gapirayotganlari bari bir edi. U shitob bilan uydan chiqdi-da, xuddi shamol bilan quvlashmachoq o’ynaganday, o’qday uchib Hadiya buvining kulbasiga otilib kirdi. Kampirsho nimdoshgina quroq ko’rpaga oyog’ini o’ragancha, ikki bukilib olovda isinib o’tirardi. Aftidan, qo’shnilardan kimdir yaqinginada ko’mir olib kelib manqalni yoqib bergan shekilli. Keksa ayolning fikrlari uzoq o’tmishda aylanib yurardi.

U bundan ellik yil avval Istambuldagi xuddi bugungiday sovuq, bo’ronli tunni eslagandi. Zeyrekning chekka mahalla-ko’ylaridan biridagi peshtoqi o’ymakor ulkak yog’och uyni xotirladi. O’shanda u g’unchadakkina edi, ertalabdan kechgacha tinim bilmay pillapoyadan yuqoridan pastga yugurgani-yugurgan edi, ertalab esa tong yorishar-yorishmas na qor, na sovuqni pisand qilmay buloqdan suv olib kelgani borardi.

— Hadiya buvi, bu yoqqa qarang, men keldim!
Oytanning ovozini eshitib, keksa ayol xayol daryosidan sho’ng’ib chiqqanday bo’ldi.
— Xush kelibsan, bo’talog’im!
— Nima haqda o’ylanib qoldingiz?
— O’zim ham bilmayman, avvalgi hayotim haqida eslayotgandim.
— Yasmiq yovg’on, non va topingchi, yana nima olib kelganimni.
— Piyozdir-da?
— Ha, topdingiz!
— Rahmat, senga, qizalog’im. Bu dunyo-yu u dunyo Olloh taolo seni yorlaqasin.

Oytan engashib ovqatni kampirga yaqinroq surdi, keyin non bilan piyozni ham qo’ydi. Hadiya buvi qizning qo’ng’ir sochli boshini mehr bilan quchoqlab, yonoqlaridan o’pdi.
— Oytan, qizalog’im, qanday qarorga kelganimni bilasanmi? Sen doktor bo’lmaguningcha o’lmaslikka ahd qildim. Kutaman. Doktor bo’lishingga yana necha yil bor.
— Sakkiz.

Hadiya buvi barmog’ini bukib sanay boshladi, bu vaqtga kelib u yetmish sakkizga kirarkan! O’sha kunlarga yeta olarmikan? Tag’in sakkiz yil yashay olarmikan? Ha, mayli, bu haqda o’ylamaslik kerak. Qizni xafa qilib, umidlarini puchga chiqarishning nima hojati bor.
—Sening kasalxonangni supurib-sidirib tozalayman, bemorlarga qarab turaman, sen bo’lsang, oyog’imni davolaysan, keyin qand kasalimni, oshqozonimni.

Oytan ko’z yoshlarini zo’rg’a tiygancha, odatdagidek:
— Albatta, albatta!—deb javob qildi.
Keyin u kulbadan otilib chiqdi-da, qor hamda xalqoblarni bosib uyiga chopib ketdi.

006

(Tashriflar: umumiy 443, bugungi 1)

Izoh qoldiring