Nusrat Rahmat. O’z-o’zimdan intervyu & Buni hayot deydilar. Hikoyalardan iborat roman.

001

3 июль – Ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат таваллуд топган кун.

   Бугун сиз ўқийдиган интервьюни роппа-роса 13 йил аввал Нусрат ака ўз-ўзидан олган эди. Албатта, 60 ёшлик йигит билан етмиш учга тўлган мўйсафиднинг ўртасида катта фарқ бор. Айтмоқчиманки, мабода Нусрат ака яна ўзидан интервью олишни ўйласа,ўртада мутлақо бошқача суҳбат бўлиши табиий. Яна ишончим борки, бўлажак суҳбатда ўтган 13 йиллик вақт давомида ёзган асарлари маъноси, хусусан, устоз Асқад Мухторга бағишланган асардаги айтилган ҳикматларга тенг қувватли маъно намоён бўлади. Қолаверса, ўша йиллар Нусрат акани жиғибийрон қилган кўп муаммоларга ўрганиб, аниқроғи кўникиб ҳам қолдик.
Муборак ёшга тўлган Нусрат акани барча қадрдон дўстлари, укалари ва шогирдлари номидан чин юракдан табриклаб,Яратгандан узоқ умр тилаб қоламиз.

021

   Қирқ йил давомида қўлда блокнот билан турфа тоифа, миллат ва ёшдаги кишилар билан мулоқотда бўлдим; дунёқарашлари, эътиқодлари бир-бирини инкор этадиганларнинг мулоҳазаларини ўзимча синтезладим.
Бугун олтмиш ёш арафасида эса биринчи бор ўзимни саволга тутишга жазм қилдим.

* * *

— Азроилга чап бериб, олтмишинчи бекатга етиб келибсиз, буёғига ҳам Оллоҳ сиздан нусрати ҳамда раҳматини аямасин!
—  Ҳеҳ, ғалати сўз ўйини.

—  Ҳарҳолда ижодкор учун олтмиш  —  кучга, тажрибага тўлган, айни ижод қиладиган палла.
— Бу, азизим, юбилей тантанасида қўлда микрофон тутиб айтиладиган тавозе ва такаллуф, ўрисчасига айтганда — комплимент. Аслида ёзувчи ҳам, журналист ҳам ўз вақтида нафақага чиққани маъқул. Намоз — вақтида фарз.

—  Балки тўғридир! Ўттизга яқин юпқа-қалин китоблар чоп эттирдингиз.
—  Лекин булардан икки-учтасигина қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Аслида озроқ ва созроқ ёзсам бўларкан.

—  Бунинг устига одамлар борган сари кам китоб ўқишябди.
— Ўзим ўтказган тадқиқотларга суянадиган бўлсам, бугун китоб ўқийдиганлар асосан ТВ кўриш имкони бўлмаган кишилар, шу жумладан, ёлғизлар, кексалар, беморлар, туристлар, асаларичилар, қоровуллар…
Аммо зиёлилар, ҳатто ёзувчиларнинг ўзлари ҳам кам ўқишябди. Ваҳоланки инсоният тараққиётининг (ижтимоий ва иқтисодий) локомотиви (таъбир жоиз бўлса) зиёлилар бўлиб келишган.

—  Адабиёт ўлади, демоқчимасмисиз?
—  Бир-бирига зид бўлган икки ҳолатни кузатганмисиз? Биринчиси, «Адабиёт ўладими», деган серхавотир сўроқ. Иккинчиси, ҳар бир муаллифнинг «Мен зўр асар ёздим» деган ишончи, гоҳида мақтанчоқлиги. Мен буларнинг иккаласига ҳам истеҳзо билан қарайман. Адабиёт ҳам ўлмайди, зўр асар ҳам ёзилмаябди

.
—  Газета билан студентлик пайтимдан бошлаб дўст тутинганман, дегандингиз…
—  Газета билан илк бор етти ёшимда, яъни 1948 йилдан эътиборан иноқ бўлганман. Шунда биз Ургутнинг Қўзичи деган қишлоғида яшардик. Бир куни мактабмиз директори бизни ҳовлига тўплади. «ҳамма диққат қилсин: бизни газетада мақташган» деди у ва ўқишга киришди.

«Доҳиймиз Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз ғамхўрлиги туфайли Ургут районида автомашиналар сони учтага етди: «Қизил Шарқ» колхози ҳам «политурка» машинасига эга бўлди.
Буюк доҳиймиз, саркардамиз Иосиф Виссарионович Сталин кўрсатмаларига амал қилаётган шофёр Жумаев Раҳмат колхоз раиси билан ҳам, колхозчилар билан ҳам яхши муомала қилмоқда. Машинага илғор колхозчилар миндирилмоқда».

Жумаев Раҳмат — менинг дадам эдилар.

— Айтингчи бирор нимарсадан хавотир тортиб яшайсизми?
— Рак, инфаркт, автомобил ҳалокатидан!  Фарзандларим, набираларимга бирор кори ҳол бўлишидан.

— Ёлғон гапирганмисиз?
— Гапирмаганман, десам ёлғон бўлади. Ёлғон эзгуликка хизмат қилса гапириш мумкин. Чин бўлса-ю, ҳеч ким ишонмаса ёки унга тайёр бўлишмаса, ўйлаб кўриш керак. Мансури Ҳаллож: «Анал ҳақ» яъни «Мен ҳақман», дегани учун териси шилинганини бот-бот кўз ўнгимга келтирадиган бўлганман!

— Тан оласизми, йўқми — сиз шўролар даврининг мухбирисиз. Бугунги ижодкорнинг, табиийки, рафтори бўлакча. Газеталар, ТВ, радио моҳиятан дигаргун, жадиддурлар.
— Бундай максимализм ноўрин. Аксар оммавий-ахборот воситалари-миз ўз фаолиятларини айнан ўша — ўзлари инкор этаётган даврда бошлаганди. Улар устивор анъаналарга содиқ қолиб, мустақиллигимизга камарбаста бўлишди.

— Суҳбатимиз якунида «Мен мухбирман» деган китобингиз ҳақида гапирсангиз.
Кўзгуга боқиб, аввал ундаги доққа эътиборни оширадиганлар бор. Китобнинг биринчи нашридан кейин каминани андишасизликка айблаганлар ҳам бўлди. Булар, асосан ўзларини таниб қолган бандалар эдилар. Гоголдан истеҳзо билан: «Кимнинг устидан кулаяпсиз» деб сўрашганда, такаллуф билан: «Ўз устимдан, чироғим, ўз устимдан», деган экан. Мен ҳам шуни такрорлаган бўлур эдим.
Зеро руслар беҳудага: осмон гумбирламаса, мужик чўқинмайди, дейишмайдида.

Китобнинг бош қисмида: «Афсуски, ҳозир муаллифларга умуман жавоб йўлламай қўйишди», деб ёзгандим. Аммо бу – надоматимнинг бир қисми эди, холос. Таҳририят ва нашриётлар қонуний қалам пули тўлашни ҳам йиғиштириб қўйишди. Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри гонорарига янги «Жигули» ҳарид қилган эдим. Иккинчисига…

Китобни «Мен мухбирман» деб атаганим бежиз эмас. Мен ёзувчи эмас, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган мухбир, журналистман. Ёзувчи деганда, Робиндранат Тагор, Лев Толстой, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний сингари даҳоларни назарда тутишга кўникиб қолганман.

— Бу асар мухбир учун қўлланма ҳам эмас, уни менинг сардафтарим деб ўйламоқ ҳам хато. Асар одамларни эзгуликка, эврилишга, эминликка даъват этса бўлгани.
Насиб бўлса, ноумид қолмасман!
Ва тағин – ўтинчим ҳам бор – ушбу китобни ўқиб, энг яқин елкадошингизга туҳфа этишингизни жуда-жуда истар эдим!
Остонангизга осойишталик берсин!

«Мен мухбирман» китобидан.

04

012   Публицист, ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган.“Ленин йўли” газетасида ишлаган, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири бўлган. Кейин Тошкентга кўчиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “ Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилган.
“Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси 1975 йили нашр этилди. Кейин “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “ Селекция муъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” цингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари босилган.
“Тақдимот” шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, шунингдек, “Мен мухбирман”, “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари; газета, журнал ва Интернет сайтларида юздан ортиқ мақолалари чоп этилган (Бу асарлар билан Нусрат Раҳматнинг шахсий блогида танишиш имкониятига эгасиз).
У 2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган.

  Publitsist, yozuvchi va jurnalist Nusrat Rahmat 1941 yilning 3 iyul kuni Samarqand tumanidagi Qo’shmachit qishlog’ida tug’ilgan.“Lenin yo’li” gazetasida ishlagan, “Qishloq haqiqati” gazetasining Samarqand, Buxoro viloyatlari buyicha muxbiri bo’lgan. Keyin Toshkentga ko’chib “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “ Mehnat” nashriyoti, O’zbekiston tabiatni muhofaza qilish qo’mitasida xizmat qilgan.
“Agar tabiatni sevsangiz” degan ilk kitobchasi 1975 yili nashr etildi. Keyin “Chanqovuz”, “Olis-olis so’qmoqlar”, “Dasht”, “Zamondosh o’ylari”, “ Selektsiya mu’jizasi”, “So’qmoqlar va saboqlar” singari yigirmadan ko’proq hikoya va ocherklardan iborat kitob va kitobchalari bosilgan.
“Taqdimot” she’rlar, “Fojia” deb nomlangan hikoyalar to’plami, shuningdek, “Men muxbirman”, “Men redaktsiyadanman”, “Eng ashaddiy kallakesar“, “Asqad Muxtor dedilar” singari kitoblari; gazeta, jurnal va Internet saytlarida yuzdan ortiq maqolalari chop etilgan. U 2004 yilda “O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist” unvonini olgan.

04

022
НУСРАТ РАҲМАТНИНГ «БУНИ ҲАЁТ ДЕЙДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ КУНДАЛИГИ» РОМАНИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
01

хдк

(Tashriflar: umumiy 220, bugungi 1)

Izoh qoldiring