Nusrat Rahmat.Jadid. Roman.

022

    Агар Туркистонда Навоий ва Улуғбекдан бошқа бирор илм ва маданият арбобига ҳайкал қўйиладиган бўлса, у Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали бўлғусидир (Лазиз Азиззода).   «Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасидаги Туркистоннинг орзу- армонларидан бири сифатида майдонга келди(Бегали Қосимов).

Нусрат Раҳмат
«ЖАДИД» РОМАНИДАН ИККИ БОБ
09

ШАКУРИЙ ЁКИ БИРИНЧИ МУАЛЛИМ ҚИССАСИ

Обимашҳад жарлигига туташ ўтлоқдан келаётган болакайнинг нигоҳидаги нотабиийлик ва хавотир муаллим Абдуқодир Шакурийнинг эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди.
− Қаёқдан келаябсан?- сўради одатига кўра юмшоқ ва меҳрибон оҳангда.
− У ердан,- жавоб берди болакай катта жийда дарахти томон имлаб.

− У ерга нега боргандинг?- саволда давом этди муаллим, қизиқувчанлик билан.
− Чақирдилар.
− Ким?
− У киши.
− Ким у киши?

Бола жавоб бермади. Муаллим жилла қистаган эди, у йиғлаб юборди. Шакурий болага жавоб бериб, дарахт томон ўтди. Аммо бу ерда ҳеч ким йўқ эди. У айқашиб ётган шўра, ғумой ва мингдевоналар орасига синчиклаб назар ташлади, аммо бирор бегона из ёки шубҳали буюмга кўзи тушмади. Шундан кейин узоқ мушоҳадага борди ва бу иштибоҳли ҳолнинг илдизига етишга аҳд қилиб уйига жўнади.

Боланинг отасини Орифи орд дейишади, у Галаосиёда тегирмончилик қилади. Аниқроғи, отасидан қолган тегирмон тошини айлантириш билан овора эди.
− Муаллим, “тегирмон” деганини мазмунини биласизми, сўраганди у бир куни Шакурийдан ва жавобини кутмай тушунтиришга киришганди. “те –бер, дегани, яъни олиб келган ғаллангни топшир; гир – ол, яъни тортиб бўлдим деган маънода; мон − қўй, яъни каминанинг ҳақини қолдириб кет”. Тирикчилигимиз ана шу “мон”дан”.
− Оллоҳ имон берсин,- деди Абдуқодир муаллим одатига кўра.

Орифи орднинг яшаши тузук. “Бизнинг авлоддан ҳам ўқиган киши чиқсин, дейман”, зорланганини эслади муаллим, у ўғлини олиб келганда.

Эртаси болани кўздан қочирмади. Дарс пайти дафтарини кўриб, мақтаб қўйди. Муаллим сўраган эди, Бедилдан шеър ҳам ўқиди. Аммо нигоҳлари аллақандай девонавордай эди.

Танаффус пайтида тағин уни кўздан қочирди. Хавотир аралаш жийда томон йўл олса, бола пақир ўша ердан чиқиб келаябди. Ўсмирнинг нигоҳлари олазарак, нохуш эди. Абдуқодир муаллим бу ҳолатда саволга тутиш ножоиз эканлигини ҳис этиб, унга жавоб берди. Тағин жийда остига борди. Аммо кечагидан ҳамма ёқ хотиржам эди.
Синфга қайтиб, боланинг батамом тинчланганига ишонч ҳосил қилгач, бир чеккага олиб ётиғи билан савол берди.
− Сани чақирган киши бобойми ёши ёшми.
− Бобой.
− Либослари қанақа?
− Катта саллалари бор, бугун шапка кийиб келдилар.
− Қизиқ, қизиқ, у киши сандан нималарни сўради?

Бола жавоб беришдан бош тортди. Шакурий уни ортиқча қистамади. Аммо устози Маҳмудхўжа ҳожи Беҳбудийнинг мактабнинг очилиши куни “Дастор саллалилардан ҳамда шапка кийганлардан бохабар бўлинг”, деган огоҳлантириши ёдига тушди. Бу ҳол, жадид мактаби душманларининг ҳийла-найранги, деган хулосага келди ўзича.

Бу гал у болани пойлаб, пинҳона орқасидан борди. У тиз чўкиб ўтирганича, мантиқсиз гапирар, гоҳида зорланарди. “Йўқ, йўқ, деди у бир маҳал оқ от олиб бермасангиз бўлмайди, бошқаси керак эмас…” Унинг қаршисида эса тирик жондан дарак ҳам йўқ эди. Андак мулоҳаза ва хавотир ила муаллим енгил йўталди. Бола сесканиб тушди ва йиғлаб юборди. Шакурий уни бағрига босди. Шўрликнинг савдойи бўлиб қолганига шубҳа йўқ эди.

У пайтларда ( гап 1903 йил ҳақида кетаябди) Самарқандда русларнинг шифохонаси бор эди. Мазкур шифохона, дастлаб фақат русларга хизмат қилган бўлса-да, кейинги пайтларда мусулмонларни ҳам қайтаришмаётганди. Аммо одамлар улардан кўра Қорабой оқсоқол маҳалласидаги Атоуллохон табибни афзал билишарди. Бу номдор табиб билан муаллим таниш эди, эътиқод қўйганди.

Болохонали уйнинг пастида навбат кутаётганлар анчагина экан. Одамларни аллақандай салобат босгандай, пичирлаб гапиришар, айримлари зўр бериб болаларини овутишга ҳаракат қиларди. Юқори қаватда беморларни кўздан кечираётган табиб чорлагандан кейингина интизом билан зинага оёқ қўйишарди.

Уларнинг ҳам навбат кутишдан ўзга чоралари йўқ эди. Тушгача ўтиришга тўғри келди. Бу орада муаллим болани зериктирмаслик, чўчитмаслик учун шакаргуфторликлар қилиб турди. Аммо тушга яқин болакайнинг кўзида ўша саросималик, қўрқув бошланганини сезиб қолди.
− Ана у киши келди,− деди бола бир маҳал эшик томон имлаб.

У ерда эса ҳеч ким йўқ эди. Муаллим болани бағрига олди.
− У ерда ҳеч ким йўқ, овутишга киришди, сан қўрқма, у одамга қарама, мана ёнингда борман..

Атоуллохон табиб боладан андиша қилиб, Шакурий муаллим билан арабча гаплашди, аниқроғи беморлик аломатларини батафсил сўради. Кейин болага ўгирилди.
− Қани чароғим, менинг қўлимга қарачи,- деди.

Ўнг қўлини жилла юқори кўтариб, соат капкиридан аста-секин қимирлата бошлади ва ўзи боланинг нигоҳларига синчков тикилиб турди. Бугун қайси кун эканлигини сўради. У қийналиб бўлса ҳам жавоб қайтарди.
− Сенга ҳалиги саллали одам оқ от бераман, дедими? Бола  бош силкиб маъқуллади.

− Муаллим, буларнинг авлодидан ақлдан озган киши бўлганми, билмайсизми?- сўради сўнг муаллимдан.
− Бобоси вос-вос бўлиб, ўзини дарёга ташлаганини эшитган эдим,- деди Шакурий бир оз фикрлаб олгач.
− Уч хил гиёҳ бераман, уларни дамлаб, ҳар куни ичириш керак, болани бир зум бўлса ҳам кўздан қочирманглар. Лекин бу дарднинг тузалиб кетиши даргумон…

Муаллим минг бир андиша ва надоматлар ила болани қўлидан етаклаб Орифи орднинг тегирмонига равона бўлди ва унга бор гапни жилла юмшоқ оҳангда гапириб берди. Тегирмончи жуда хафа бўлди.

Орадан икки кун ўтгач, жума намозида юзлаб мусулмонлар жам бўлган масжиди жомъеда имом-хатиб фатво эълон қилди.
− Мусулмонлар! Фарзанди мукаррамларингни кофирлар мактабига берманглар! У ерда шайтон маскан қурган. Бо ин сабаб, бу мактабга ўқуганлар муқаррар ақлдан озурлар..

Имом-хатиб, магарам бунга ҳаққи бўлмаса ҳамки, Шакурийни диндан тонган кофир деб эълон қилди.

Мачитда айтилган гап мусулмон учун, кўп ҳолларда ҳукми вожибдур. Эртадан бошлаб, ўқувчилар сони нақ ярмига камайди. Энг ёмони, Шакурий муаллимни ўлдириш хавфи кучайди. Шунда унинг кўз ўнгида муфти Беҳбудий ҳазратлари пайдо бўлди. Фақат бу бузург инсонгина бечора муаллимга қалқон бўлиши, мадад кўрсатиши мумкин эди.

011
Янги усул мактаби ўқувчилари (марказда Абдуқодир Шакурий).

Эҳ, янги мактабни очиш осон кечмаганди. Отасидан қолган ернинг ярмини, файтунга қўшиладиган ягона отларини сотишга; ҳовлидаги хоналарни мослаштириш, ибтидоий ва жўн бўлса ҳамки, парта, доска, кураи мужассама (глобус), дафтар сотиб олишга тўғри келганди. Дарслар туркий ва форсийда бўлганлиги боис, икки тилда қўлланмалар зарур эди.

Шакурийнинг кўз ўнгида мактабнинг очилиш маросими намоён бўлди. Энг аввало, файтунда Маҳмудхўжа ҳожи Беҳбудий, Сиддиқий Ажзийлар кириб келишганди. Аҳли кабир жадидлар деб эътироф этадиган бу солиҳ инсонлар Шакурийга жуда қадрдон эдилар. Ўшанда қадам ранжида қилганлар орасида унинг онаси − Биби Робиядан таълим олган Вадуд Маҳмуд, Исматулло Раҳматулло, Кенжа Ҳомидий сингари музаффар зиёлилар ҳам бор эдилар. У киши бағоят зукко ва ҳушёр аёл эди. Оёқ шарпасиданоқ ким келаётганлигини англаб оларди.

Ҳовли байрамона тус олганди ўшанда. Атрофда файтунлар, аравалар, отлар; ўрталикда эса болакайларни етаклаб олган замон зиёлилари, савдогарлар, батраклар, чоракорлар…Мезбонлар ўзгача либос ва тавозеда эдилар. Бошқалардан фарқли ўлароқ, ихчам салла ўраган, чўққисоқол, кўп ҳолларда ёқаси тугмали кўйлак кийган Шакурий муаллим меҳмонларга пешвоз чиқди, уларни бирма-бир бағрига босиб кўришди.
− Келмоғингиздан беҳад умидвор эдим,- деди муаллим Беҳбудийга,- рақиблар эмди андак андишага борурлар. Оллоҳ имон берсин!

Ҳа, бу вақтга келиб, устод Беҳбудийнинг мавқеи жамоа ва ҳукумат олдида нуфузли эди ва у билан ҳисоблашишарди.

Улар янги мактабдан алламаҳалда қайтишди. Вадуд Маҳмуд ҳамон Биби Робия ҳақида гапирарди.
− Ҳовлилари ҳамон сарамжон-саришта бўларди, бу ерда овоз  чиқармай гапириш одат тусига кирганди, бирорта барг ёки хас тушса, уни олишга кўникиб қолгандик. Биз шовқун-сурон билан келсак ҳамки, остона ҳатлашимиз билан жимиб қолардик, ҳатто ҳазил-мутоиба ҳам қилмасдик. Бир кун ўғил болалар келарди, бир кун қизлар…
− Мулло Абдуқодирга осон бўлмас,- деди Саидризо муаллим, фикри ожизимча, мутаассиблар хуруж бошлайдурлар ва анга туҳматлар ёғдирмоқлик эҳтимолидан ташвиш тортурман.
− Ҳар қандоқ жадид рафторга тўсиқлар бисёр бўлур,-деди Беҳбудий, − Ибн Сино, Мирзо Улуғбекларга ҳам осон кечмаган. Лекин алар тафаккур инжуларини журъат ила баён этдилар. Инсониятни олға тортадурғонлар, жадид сўз айтадурғонлардур. Вазмин вазифалар, улуғ мақсадлардан чўчимоқ ноўрин.

Амриколик бир олим, номи хотирамдан чиқиб турубдур “Оврупо қўлидаги бугунги машъала мусулмонлар ёқиб кетган шамлар ва чароқларнинг ёғдусидан майдонга келган”, деб эди. Мусулмонлардан чиққан олим-у фозилларнинг ҳисоби йўқ. Шу боис ҳам ислом ғояси ярим дунёни якқалам қилди. Фақат дин бирла хурофотни фарқламоқ ва буни мактабхонларга уқдирмоқ лозим. Бо ин боис Шайх ул-раис андоқ рубоий битибдурлар:

Куфри чу ман газоф ва осон набувад,
Маҳкамтар аз имони ман, имон набувад.
Дар даҳр ча ман яке он ҳам кофир
Пас, дар ҳама даҳр як мусулмон набувад.

(Мени кофирликда айблаш осон бўлмас.
Чунки дунёда менинг имонимдан маҳкамроқ имон йўқ
ва у ҳам кофир аталадиган бўлса,
бу дунёда мусулмоннинг ўзи йўқ экан.)

− Ибн Синонинг бу ва дигар ашъорларини туркийга таржима қилмоққа киришдим,- деди Ализода ва бир нечтасини ёддан айтиб берди.
− Хўш, янги жадид мактабига ҳукумат қандоқ муносабат қилур деб фикр билдирурсизлар,- суҳбатга аралашди Ҳожи Муин.
− Ҳукумат рус-тузем мактаби тарафдори. Локинда Шакурий мактабда туркий бирла форсийдан берун русийни ҳам ўргатурлар ва шул боис ҳукумат зид бормас. Эски мактаблардан кўра жадид мактаблари уларнинг сиёсатига яқин турур.
− Масаланинг дағи бир томони бор,- деди Ализода, рус ҳукумати халқни саводсиз ва жаҳолатда тутиб турмоқдан манфаатдордур. Мусулмонлар билимли бўлсалар, ҳақ-ҳуқуқ талаб қилмоқларидан ҳавотир тортур.

Хуллас, бошга тушган ташвишдан, яъни мачитда чиқарилган нохуш ҳукмдан устозни бохабар қилиш, мадад сўраш умидида муаллим эрталаб Беҳбудийнинг Ёмини маҳалласидаги ҳовлисига боришга шайланаётган пайт, обдон безатилган, оқ от қўшилган икки кишилик таниш файтун келиб, унинг қаршисида тўхтади. Ундан Муҳаммадрайимбой тушди. Самарқандликлар Московчи бой деб аташадиган бу ориф, равшанфикр инсонга пешвоз чиқишди.

Муҳаммадраҳимбой ўғлини Шакурий мактабига олиб келган эди. Боланинг иқтидорини фаҳмлаган муаллим унга алоҳида эътибор берарди.
− Бор гапни эшитдим,- деди бой салом-аликдан кейин, кўнгилга олманг. Болохонам бўш турибди, мактабни ўша ёққа кўчиринг. Алардан андиша этадурғон жойим йўқ! Анжомларга ароба юборурман.

Шакурий муаллим бу ҳидояткорликдан енгил тортди. Қўшҳовуз маҳалласидаги икки қаватли бино Оврупоча усулда қурилган бўлиб, Регистон майдонининг шундоққина орқасида эди. Мактаб очилиши билан узоқ−яқиндаги равшанфикр мусулмонлар фарзандларини етаклаб келабошладилар. Муаллимлар ҳам пайдо бўлдилар: рус тилидан Саидризо Ализода дарс ўтадиган бўлди. Андак хавотирли бўлса ҳамки, умидбахш, завқли кунлар бошланди.

Аммо таассуфки, кўп ўтмай, бечора муаллимни, аниқроғи Туркистоннинг илк жадид мактабини Обимашҳадда таъқибга олган, сўхтаси совуқ жаҳолат бу ерга ҳам етиб келди.

Орадан икки-уч ой ўтмай, эрталаб, аҳли мусулмонни ваҳимага солиб, ҳовлида, аниқроғи, ҳожатхонада портлаш юз берди. Ногаҳоний зарбдан бино титраб кетди, ҳожатхонанинг девор-у томлари ҳар томонга учиб кетди ва унинг ўрнида каттагина, бадбўй ўра пайдо бўлди. Даштлик Тоғай деган болани ҳисобга олмаганда, ҳеч ким зарофат кўрмаганди. Бола бечора харобага айланган ҳожатхонадан бир неча қадам берида чалқанча ҳолда беҳуш бўлиб ётарди. Абдуқодир муаллим югуриб бориб, уни кўтариб олди. Энг аввало, шошилинч кўздан кечириб, бирор еридан қон оқмаётганлиги, ярадор бўлмаганини кўриб, андак хотиржам бўлди, сўнг даст кўтариб, ётоғига олиб кирди. Кимдир унинг юзига сув сачратган эди, Тоғай енгилгина сесканди.

Муаллимнинг ёдида: янги жойга кўчиб келишларининг дастлабки ҳафталари эди. Бир куни мактабхон болалар чувиллашиб, даштдан “тилбилмас” бола келиб, синфда ўтирганини, ҳеч ким билан гаплашмаётганлигини, бири қўйиб, бири гапиришга шошилишарди. Шакурий муаллим синфга кириб, ҳаммадан орқада ҳуркибгина ўтирган, юпун кийинган болакайни дарҳол илғади.
− Сани исму шарифинг надур?- савол берди, хушфеъл оҳангда.

Бола муаллимнинг эминлигини ҳис қилиб, жавоб берди:
− Тоғай.
− Сан қайдансан?
− Жомдин келдим.

Жом деганлари шаҳардан эллик чақирим наридаги дашт бағридаги қишлоқ бўлиб, боланинг шундай узоқ жойдан мактабни топиб келганлиги муаллимни баттар қизиқтирди.
− Ялғуз ўзунг қандоқ келдинг?
− Самонфурўшлар ила.

Шакурий муаллим атроф қишлоқлардан туя ва эшакларда ўтин, хашак, сомон келтириб сотишларини биларди. Унинг қизиқиши эса тағин ошди.
− Нима учун келдинг? — саволда давом этди ўша табассум ила.
− Ўқимоқ учун.
− Боракалло, қароғим,- қувончини яширолмади муаллим бу жавобдан.
− Атоинг бирла волиданг хабардорларму?

Бола ийманиб, жавоб бермади. Муаллим уни ортиқча зўрламади. Ноўнғай жимликни Тоғайнинг ўзи бузди.
− Ман Хожа Аҳмад Яссавий ашъорларини ёд билурман.
− Тузук, тузук, қани қироат қил-чи.

Бола ҳеч иккиланмай шеър айтишга киришди:

Етти ёшда Арслон бобом бердим салом,
Ҳақ Мустафо омонатин қилди инъом.
Ўшал вақтда минг бир зикрин қилдим тамом,
Нафсим ўлуб ломаконга ошдим мано.

Хурмо бериб, бошим силаб, назар қилди,
Бир фурсатда уқбо сари сафар қилди,
Алвидо, деб бу оламдан гузар қилди,
Мактаб бориб, қайнаб, тўлиб тошдим мано.

Шакурий муаллим боланинг бурролиги, заковатидан беҳад қувонди.
− Мир Алишер Навоийдан ҳам ашъор биладурман,- деди Тоғай, тағин шеър ўқишга шайланиб.
− Бедил, Саъдий, Ҳофиздан-чи,- сўради муаллим ҳавас билан.
− Билурман, аммо форсийга фаҳмим етмайдур,- деди айбдорлардан бошини хам қилиб.
− Безарар, қароғим, безарар, ўрганиб кетурсан.

Шакурий муаллим уни аввал ювинтириб, кийинтириш, қолган саволларни эса кейинга қолдиришга қарор қилди.
− Эмди маним ортимдан юр,- деди жилла буйруқ оҳангида. Боланинг ранги ўзгарди, хавотири ошди.
− Мани ҳайдаманг, савод олғани келдим,- деди илтижо оҳангида.
− Бўталоғим, сени пеш қилмаймиз, либос кийдирурмиз, таом едурурмиз, бадаз он ўқийдурсан,- деди тағин шафиқ оҳангда.
Бола ишонди ва унинг ортидан эргашди.

Тоғайнинг онаси вафот этганлиги, отаси чўпон эканлиги ва марҳум бувиси саводли бўлиб, унга ҳарф ўргатганини, Самарқанд ёки Бухорога бориб билим олишини бот-бот насиҳат қилганлигини муаллим кейинроқ билиб олганди.

Лекин болани бугун барҳақ ва қодир Оллоҳнинг ўзи сақлаб қолганига имон келтирди. Чунки портлаш, Тоғай ўша машъум жойга етиб бормасидан содир бўлганди. Агар…

Тоғай ҳушига келди, аммо у ҳамон хўрлиги келиб, ич-ичдан йиғлар ва бошида турган муаллимнинг меҳрибон нигоҳлари, шакаргуфтор овутишларидан ўпкаси баттароқ тўлиб келарди.
− Майли, қароғим, эмди йиғлама, дилимни эзиб юборма,-
деди Шакурий болани бағрига босиб ва гапни бошқа ўзанга буриш ҳаракатида бўлди. Сан Мир Алишер ашъорларидан қироат қилурга ваъда бериб эдинг. Қани, ўқи-чи…Ўқи, бўталоғим…

Инсон қалби ғаладон эмас, у ҳамма нарсани ҳам сиғдиравермайди. Зада бўлган икки ҳамдард дилшикастанинг шу ондаги ҳолатини тушунмоқ қийин эмасди.

Кўкси ҳамон бир маромда енгилгина сесканиб тушаётган Тоғай муаллимнинг илтимосини ерга қолдиргиси келмади. Диққатини бир жойга жамлаб, ҳазратдан шеър ўқишга киришди:

Сўздурки нишон берур ўлукка жондин,
Сўздурки берур жонга хабар жонондин
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин…

Шакурий Тоғайни бағрига маҳкамроқ босди. Сўнг эса шакаргуфторликлар ила ётқизиб, устига кўрпа тортди. Ихтиёр унда бўлса, бор меҳрига қуёшни ҳам қўшиб узатгудек эди унга!

Бола ҳадемай ухлаб қолди.

Абдуқодир муаллим оғир ҳаёлга чўмди. Аввало, бугунги нохушлик сабабларини чамалади ўзича. Аммо ҳарчанд қилмасин, бир тўхтамга келолмади. Кейин хаёллари тағин Тоғайга кўчди. Келажакда Туркистон деган ярадор ўлканинг жароҳатларини тузатиш учун ана шундай зеҳни тез болалар кўп бўлиши зарурлигини, уларни энди йўлдан қайтариб бўлмаслигини хаёлдан кечириб, бу фикридан ўзи ҳам мамнун бўлди. Улар туфайли Туркистон тўкин ва мустақил бир юртга айланишига имон келтирди!

Одамлар тўп-тўп бўлиб, содир бўлган ногаҳоний воқеани муҳокама этишар, миш-миш, ғийбатлар тафти пасаймас, турли тахминларни ўртага ташлашарди. Аммо бу – қайси олчоқнинг иши ва ана шу бузғунчиликдан муддао нелигини ҳеч ким айтиб беролмасди. Ўша замонларда эса, ҳукуматнинг ҳарбийларидан ташқари ҳеч кимда портловчи модда бўлмаган. Самарқандда илгари ана шундай нохушлик содир бўлганини ҳам эслашолмасди.

Тафтиш ишлари эса кун сайин нохуш тус олабошлади. Маҳкамадан бир неча қирриқ ва баттарин миршаблар келиб, бу кўнгилсиз ҳолнинг сабабларини эзмалик ва бадбинлик билан ўрганишга киришдилар. Бор айб Муҳаммадраҳимбойнинг елкасига ағдариладиган бўлди. Унинг уйлари, ертўлалари бирма- бир тинтув қилиниб, бомбани қаердан олганлиги, нима мақсадда харид қилганлиги билан қизиқишди. Кейин уни маҳкамага чақиришди. Бойнинг ҳовлисидаги портлашни ҳукуматга қарши ҳаракат, деб баҳолашди. Шериклари кимлиги билан қизиқишди.

“Бу номаъқулчиликни ё ўзингиз қилган ёки жадид муаллимлардан бировининг иши, деди татарча лаҳжада гапирадиган миршаблар сардори, сиз мусулмонларни русларга, уларнинг буюк рус императорига қарши қўймоқчисиз”.

Шумшук қиёфали бу зиқна қасамхўрларнинг дилни узлуксиз ғаш этувчи таҳликали хуружларидан кейин Шакурий бошқа жойдан ижара излашга мажбур бўлди. Бу бешафқат ҳақиқатлар унинг руҳини заррача ҳам туширолмаганди. Аммо қайси маҳалладан хона топишмасин, кўп ўтмай, бир ишкали чиқаверди. Бу саргардонликларни ўз кўзи билан кўрган Вадуд Маҳмуд кейинроқ шундай деб ёзганди.

“Миллат – ғофил, муллалар − мутаассиб, пулдорлар – молу-мулк бандаси, амалдорлар – мансабпараст, ҳукумат ва мустамлака мамлакат залолат оғушида бўлган шароитда миллатни ким ҳам ўйлар эди”.

Минг қатла шукурки, Маҳмудхўжа Беҳбудий бор экан: ул зоти мукаррам жадид мактабни ўз ҳовлисига кўчириб кетди.

Муфти ҳазратлари турадиган шоҳсупа эса анча баланд эди. Туркистоннинг аввалги ва ҳозирги ҳукумат раҳбарлари, ҳаттоки, генерал-губернаторлари ҳам бу зоти олийни зудлик билан қабул қилишлари, у киши билан бақамти гаплашишлари ва салобатидан андак чўчиб туришларини уламо ҳам, раият ҳам яхши биларди. Шу боис, дастор саллалилар ҳам шапка кийганлар ҳам тақсир билан ҳисоблашиб, муомала қилар эдилар.

МУФТИ ҲАЗРАТЛАРИ

− Агар сендан бирор масала сўралса, нима билан ҳукм қилурсан?
− Аллоҳнинг китоби ила.
– Агар жавобни Аллоҳнинг китобидан топмасангчи?
– Унда Аллоҳ Русулининг суннати ила ҳукм
қилурман.
– Агар Аллоҳ Расулининг суннатидан ҳам топмасангчи?
– Унда бор билимим, тажрибамни ишга
солурман.

“Усули фиқҳ”дан

* * *

Бизга бошқа масъулият – инсонларни золимлар зулмидан қутқариш масъулияти юкланган.

Хожа Аҳрори Вали

Нуқул беўхшов Қўқон аравалар, сокин туя карвонлари ва ўйчан мусофирлар қатновига кўникиб қолган ҳангоматалаб болакайлар учун арабий отга қўшилган, ўзгача дид билан бўяб, безатилган файтунни томоша қилиш мароқли эди, албатта. Икки кишига мўлжалланган рессорли “ўрис арава”ни бошқариб бораётган йигирма беш-ўттиз ёшлар чамасидаги адлқад амакининг хушқилиқ рафтори ҳам ўзгача: соқол-мўйлови қисқа қилиб қиртишланган, камзули тугмали, белида кумуш туғали қайиш, салласи оҳорли, ихчам. Юзлари қуёшда тоблангандай тоза, тароватли, нигоҳлари болаларникидай тиниқ, тийран.

Бу зоти олий, алломайи замон, ҳаққониятни юзага чиқарадиган муфти Маҳмудхўжа ибн Беҳбудийдирлар!

Ҳазрат Кобут бўлиси (волости) нинг маркази (ҳозирги эски Жомбой ҳудуди)га муфтилик вазифасини адо этмоқлик ниятида йўлга чиққанлар. Ҳафтанинг чаҳоршанба ва шанба кунлари жоме масжидидаги ( қози фуқаролар ишини уйида кўрарди, муфти ҳазратларининг саъю-ҳаракатлари билан шу ерга кўчирилди) қозихонада, шунингдек, янги очилган мактабда, шолизорда интиқ, интизор бўлиб кутишади у кишини. Ҳафтанинг шу икки куни давомида зарур фатволарни чиқариш, қозиёт ҳужжатларини кўздан кечириш, раиятнинг арз-додини тинглашдан ташқари, эндигина эшик очган жадидий усулдаги мактабни оёққа қўйиш, боғ ва шолизордан хабар олиш, ишбошилар билан гаплашиш…

Ҳафтанинг қолган кунлари Самарқанд шаҳрида ва бошқа волостларда ҳам айнан шундай юмуш-у ташвишлар кутади у кишини.

Ташвиш сени ташвишга солмагунча, сен ташвишни ташвишга солма, деган беғамларга хос нақл бор. Аммо бунинг акси ўлароқ, шундай кишилар ҳам борки, улар ташвишсиз каллани рўйи-рост ошқовоққа тенглаштиришади. Ёш муфти шулар жумласидан: унинг хаёлларини банд қилган ташвишларнинг саноғига етиш қийин. Ва бу ташвиш, мақсадлар одатдаги жўн режалар бўлмай, бағоят улуғвор ва жилла қалтис ҳамдир.

Улуғ вазифалар, жасурона ислоҳотлардан чўчимайдиган, баръакс уларга интиладиган инсонларга Яратгандан шарафлар ёғилган бўлсин!.
Улуғларни шунинг учун ҳам кафтда кўтариш керакки, кўп ҳолларда улар жисм-жонларини гаровга қўйиб, йўл бошловчилик қилишади. Синашта бўлмаган бу йўлларнинг ҳар қадамида жаҳолат чоҳлари қазилган бўлиши ҳеч гап эмас!

Келинг, бу гал асосан, муфтиликнинг қалтис сўқмоқлари, ташвишлари, кечинмалари ҳақида сўз юритайлик. Ҳозир унинг ўзи йўлда бўлса ҳамки, хаёлидаги алғов-далғов фикрлар, кечинмалар, турли томонларга тортарди уни. Ўтган гал худди мана шу ерда – кўприкдан ўтиши билан бошига катта рўмол ўраб олган, ёшгина бир жувон югуриб чиқиб, отнинг олдида ўтириб олганича, дил тўла дард билан йиғлайбошлаганди. От тўхтади. Муфти файтундан тушиши билан ҳалиги жувон югуриб келиб, унинг оёғига бош қўйди. − Ҳазратим, шафқат қилинг, раҳм қилинг! Болаларингизнинг ҳузурини кўринг!- дея илтижо қилабошлади.

Нарироқда ҳам паранжили бир аёл турар, алланима деб зорланарди. Беҳбудий ҳазратлари аёлни тинчлантириб, арзу- додига қулоқ тутди. Аён бўлишича, қози унинг эрини иккала қўлини ҳам кесиш ҳақида ҳукм чиқарган экан. Адолат сўраб, муфтининг йўлига чиққан экан, шўрлик жувон. Нарироқ тургани эса аввал давогар бўлган, энди эса давосидан кечган экан.
Энди андак сабр-тоқат билан жиноят тафсилотига қулоқ тутинг.

Булунғурга туташ Қирқ қишлоғида бир майда заминдор рўзгурзонлик қиларкан. Унинг ихтиёрида ўн танобча ер, бир жуфт ҳўкиз, отасидан қолган бия, уч-тўрт хизматкор бўлган экан.
Кунлардан бирида бия оппоқ, ҳа лоақал бирорта ҳам доғи бўлмаган тойчоқ туғибди.

Тойчоқ некқадам келибди – ўша ҳафта бека ўғил кўрибди.

Аёл бундан олдин тўрт фарзанд кўрган, аммо пешанага сиғмаган эканми, берган Аллоҳнинг ўзи уни қайтариб олган экан. Той ва фарзанд бағоят ардоқли бўлиб вояга етабошлабдилар. Ягона фарзандлари келажакда ана шу оқ дулдул билан олам кезишини, пойга-ю кўпкариларда донг таратишини орзу қилишар, бу лаззатли умид, туйғулар билан сарафроз-у, сарбаланд эканлар, бояқишлар.

Йил ўтар-ўтмас бола йўлга кирибди, кейинроқ отни ҳам салт минишга ўргатишибди. Буларнинг бари оилага битмас-туганмас қувонч, беҳудуд хуррамлик олиб келибди. Аммо бу оламда дилафрўз дамлар ғаниматлигини зинҳор ва зинҳор фаромуш этмаслик керак. Шунинг учун ҳам бандаси руҳан ҳар бир дақиқада шодликка ҳам, нохушликка ҳам шай бўлиб турмоғи зарур. Ахир, соат миллари ҳамиша сенинг фойдангга айланавермайди-ку!

Қисса кўтоҳ, ана шундай нохуш кунларнинг бирида қадрдон отлари йўқолиб қолади. Чорбоғда боғлиқ турган тулпор йўқ, вассалом! Уни кимдир миниб кетган. Ўша бадният ўғри тойнинг ўрнига алвастисуроб қирчанғи отини боғлаб кетганини ҳам айтиб ўтиш керак, албатта. Эҳ, оила изтироб-у, рутубатлари қора булут каби қуюқлашади ўша тобда.
− Кўп куйинаверма,- хотинига далда беради эр, дард билан, отимиз узоққа кетгани йўқ − у шу атрофларда. Уни, албатта топамиз!
− Йўқ, бу яхшилик аломатимас,- кўз ёшларини тиёлмайди аёл. Эй, Оллоҳ, гуноҳимиз нимада? Энди қандай қиламиз?

Шу дақиқадан бошлаб, бояқиш аёл фарзанди тақдиридан дил тўла дард билан хавотир тортабошлайди; той ва бола кечмишининг бошданоқ ҳамранг, ҳамоҳанг бўлиб келганлигини ўйлаб, ваҳима оғушида қолади. Надоматлар бўлғайким, оқ дулдулни дараклаб кетган эркаклар шом маҳали ноумид бўлиб, шалвираб кириб келадилар.

Аёл туш кўрса, таниш бир тепалик эмиш; нарёғида кўча, унинг икки томонига зичлаб ўтқазилган шамшодлар… Бораверса… от ўша ерда эмиш…У энг аввало, ана шу тепаликни қачон, қаерда кўрганини зўр бериб ўйлайди ва элас-элас эслаб. “Ё, Жамшид!” дея илкис ўрнидан туради ҳамда Самарқанд томонни мўлжаллагунча, йўлга тушади. Йўл-йўлакай қаршисидан талай тепаликлар чиқади, аммо уларнинг бирортаси жилла бўлса ҳам дилини жизиллатмайди. Йўл юравериб, Тагитеппа деган қишлоққа етиб келади. Қараса, таниш тепалик, нарёғида қатор шамшодлар. У дил тўла ҳаяжон ва умид билан дарахтзор оралаб олдингга интилади ва, ё қудратингдан… жигаргўшасига менгзаб кетадиган тойини топиб олади. Шоша-пиша унинг бошини қучоғига босганича, меҳр тўла кўзларидан қайта-қайта ўпади. Жонивор ҳам фақат оналарга хос бўлган меҳрибонлик, ҳидояткорликдан ийиб, бошини сарак-сарак тебратади, хавотирона кишнайди.

Энди тағин жилла орқага қайтишга тўғри келади. Қирғизовулда яшайдиган Мамат деган йигирма уч ёшли бир  қоқвош Ойқор тоғидан ошиб, Панжакентга туташ қишлоқлардан от ўғирлашни, уни Самарқанд бозорларига элтиб сотишни одат қилган бўлади. Ўша куни хуфтон намозини мўлжаллаб ( фарз учунми, ўғрилик учунми – буниси Яратганнинг ўзига аён) Панжакент яқинидаги жоме мачитига боради. Қараса, аксарият саждага бош қўйган бўлиб, ташқарида талай отлар ер депсиниб турибди. Бунинг устига ғара-шира қоронғулик ҳам. Мамат дуч келган биринчи отни ечиб, нарироққача етаклаб боради, сўнг қўрқув аралаш устига сакраб минади ва қамчи босади. Аммо кўп юрмай, саросималик билан танлаган қирчанғиси сариқ чақага ҳам арзимаслигини ҳис этади. Боиси: қамчи кўтарса, ҳўпга қўшилган ҳўкиздай бир жойда айланишни канда қилмайди, силаб-сийламоқчи бўлса, қулоғини чимириб, тишлашга шайланади. Хуллас, от эмас, алвастининг ўзгинаси. Шу уқубатларда Булунғургача етиб келади ва Қирқ қишлоғидан ўтаётганда, ногаҳонда чорбоғда узун арқонга боғлаб қўйилган оқ дулдулни кўриб қолади.

Мамат бу ҳудудлардан от ўғирламасликка онт ичганлигини эслатиб ўтиш керак, албатта. Ҳатто бўри ҳам ини атрофидагиларга озор етказмайди-ку, ахир! У эса, иншооллоҳ, мусулмон фарзанди. Аммо қандай йўл тутмоқ керак? Бу отни миниб юриш – дўзах азоби. От тойнинг эса сағринлари қуёшда ялтирайди, қомати тик, кучи ошиб-тошиб ётибди. “Ўрнига буни боғлаб кетсам, ноинсофлик бўлмас, ўйлайди ўзича, ахир, бу ўғрилик эмас, шунчаки алмаштириб олиш-ку”.

У шундай йўл тутади: оқ дулдул енгил йўрғалаб йўлга тушади. Жониворнинг ҳулқ-атвори Маматга шу қадар ўтиришадики, охир-оқибат уни сотиш фикридан қайтади ва вақтинча тагитепалик қавминикига қолдириб кетишга қарор қилади.

Аммо тугунни бир қўли билан ечиб бўлмайди, деганларидек, галварс Мамат қўлга тушади. Жомбой қозиси унинг қўлини кесиш ҳақида ҳукм чиқаради, локинда уни эълон қилмай туради: таомил бўйича муфти жаноблари ҳукмни тасдиқлаб, муҳр босишлари талаб этилади.

Муфти иккала муштипар аёлни овутди, кўмак кўрсатишга ваъда берди. Ишонч билан сўз беришининг тағин бир боиси шундаки, у бундан илгарироқ Туркистон генерал-губернатори номига мактуб битиб, қозилик ишларида ҳам ислоҳотлар ўтказиш, аниқроғи мусулмонлар учун ҳам аста-секинлик билан бўлса-да, суд ишларини жорий этиш фурсати етганлигини, энг аввало, дорга осиб ўлдириш ҳукмини узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштиришни тавсия этганди. Бунга асос қилиб эса Қуръони Карим жиноят учун ўлим ҳукмини ман қилганлигини кўрсатганди. Кўп ўтмай, уни Тошкентга таклиф этишган ва фикрлари ҳисобга олинганини айтишганди.
− Йўқ, бу ҳукм жоиз эмас, эътироз билдирди муфти Беҳбудий қозига, ўша куни мачитга бориб, ҳужжатларни кўздан кечиргач. − Бунинг устига, ҳукумат тез кунларда қўлни кесиш, тошбўрон қилиш, дарра билан уришни бекор қиладиганга ўхшайди.
− Тақсири олам, ахир, буни бекор қилиш мумкинми?

Қози анча чаққонлик, зоҳирий ифтихор ва зарда билан “Қуръони Карим”ни қўлга олиб ўпди, “Моида” сурасининг ўттиз саккизинчи оятига кўрсатгич бармоғини нўқиб, ишора қилди. “Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун қўлларини кесинглар”, деб битилганди.

Беҳбудий ҳали ўн уч ёшидаёқ бу муқаддас китобни ўқиб туширган, аниқроғи ёд олган эди. Шунинг учун ўша сокинлик ва ишонч билан қўлга олиб ўпди ва “Нисо” суръасини очиб, тўқсон тўққизинчи оятига бармоқ қадади. “Аллоҳ авф этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир”, деб ёзилганди унда.

Бу ердаги қози зоти олийни ўзининг устози деб биларди.

Муфти ҳазратлари салоҳиятини тағин бир бор тан олганлиги ва умуман шогирдлик эҳтиромини мавлоно Саъдийнинг шеъри билан ифодалади:

Бе пир марав ки дармони,
Магар ту Сикандари замони.
( Жаҳон Искандари бўлсанг ҳам, пирсиз иш тутма)

Уларнинг ўзаро суҳбати охирига етмай, ногаҳонда Сиддиқий Ажзий кириб келди. Юзидан нур ёғилиб турадиган, дона-дона қилиб, вазмин гапирадиган бу нуроний, заковатпеша инсонни кўриб, икковлари ҳам, сарафроз бўлдилар. Гогол асарларини ўзбекча ва тожикчага таржима қилганини эшитиб, яқинда Беҳбудий бу захматкаш алломани муборакбод этганди.

Саидаҳмад Сиддиқий яъни Ажзий асли жомбойлик бўлиб, Шакурийдан кейин, ҳеч иккиланмай қишлоғи Ҳалвойида янги мактаб очган, равшанфикр муаллимлардан. Мазкур мактабда устоз икки-уч бор бўлган, Ажзийнинг бир неча дунёвий фанлардан, шу жумладан рус тилидан ҳам ўзи дарс беришига тасанно айтганди. Бу солиҳ одамнинг тағин бир хислатига тан бермасликнинг иложи йўқ эди. Магарам қишлоқда яшаса ҳамки, газета хабарларидан ҳаммадан аввал огоҳ бўларди. Беҳбудийнинг “Хуршид” “Ҳуррият” газеталарида эълон қилинган мақолаларини идорага келтириб, устозни муборак этганди. Жадидлар сарвари Регистон майдонида, бир неча минг кишилик намозхон ҳузурида Шакурий, Ажзий ва унинг ўзини кофир деб эълон қилишганини ва улар биргалашиб Ибн Синонинг зарбакор тўртлигини таржима қилиб “Ойна”да эълон қилишганини хотирлади ва шу ҳақда гап очмоқчи бўлди. Аммо суҳбатдоши нигоҳидаги безовталик, хавотирни фаҳмлаб, фикридан қайтди. Ҳарқалай, Ажзий муддаога ўтди:

− Тақсир, бугун ташриф этмоғингизни эшитиб, истиқболингизга чиқдим. Якчанд юмушлар пайдо бўлдики, мададингизга муҳтождурман.
− Хўш, муаллим, қулоғим сизда. Жоҳиллар ҳужум қилмоқдаларму?
− Ҳа, айрим тўқимтабиатлар мактабни ёқиб юбормоққа паймон қилғанлар. Бир ҳушёр ўсмирни қўриққа қўйган эрдик. Шаби дароз мизғимай мактаб қўруқлар эрди. Аммо бала тушмагур шайтонга ҳай бериб, гуноҳ иш қилди.

− Хўш…
− Бир мусулмоннинг ожизасига савчи юборғон экан, анинг момокалони дебдики: “Кофир мактабини қўруқлайдурғон итга қизимнинг эски кавшини ҳам раво кўрмасман!” Бу ҳақорат йигитчага сахт теккан чамаси, қизни ўғурламоққа аҳд қилибдур. Нисфишаб кириб, кўрпага ўраб олиб қочибдур. Тасодифни ва хандаворликни кўрунгки, қизгина момокалони бирла бир хонада ётар экан, ўпка ошуқ кўр-кўрона кампирни кўтариб қочгон экан…

Суҳбат шу нуқтага келганда, улар қаҳ-қаҳ отиб кулишди.

Кейин Ажзий давом этди.
− Зиқна қози қирқ дарра урмоқликни ҳукм қилди: кампиршонинг ўлумига ҳам балани айбдор, деб билди. Локинда кампир арадан уч ҳафта ўтуб, оламдан кўз юмган. Мантиқан, анинг ўлумига бала айбдор бўлмас. Қўрқадурманки, ул қирқ даррага тирик қолмас деб.
−Хўп, ман ўрганурман, жазони енгиллатмоққа койиш қилурман,- деди устоз.

Ажзий беҳад қувонди. Кейин икковлон Беҳбудийнинг Жомбойда очган мактабида бўлдилар. Исму шарифи Мирзохўжа ибн Ўрунхўжа бўлган ўсмир Саъдий, Навоий шеърларни ёд айтиб, уларни беҳад мамнун этди. Сўнг эса тақсирга қарашли шолизорга ўтишди.
− Аввол ғалла экардук, бироқ Зарафшон тошиб, борини барбод қилди,- изоҳ берган бўлди устоз. − Дедимки, шоли сепинглар, сув босса ҳам ҳеч вақо бўлмағай…

Улар алламаҳалда хайру хуш қилдилар. Аммо орадан бирор ҳафта ўтмай, Ажзий муаллим “Туркестанские ведомости” газетасини кўтарганча, шодон кириб келди. “Устоз табрик этарман”, деди қувонч билан газетани Беҳбудий афандига узатар экан. Унда Россия Думасининг суд ишларини ислоҳ қилиш ҳақидаги фармойиши эълон қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатда дорга осиш, қўлни кесиш, дарра билан савалаш чораларини бекор қилиш, маҳаллий аҳоли учун ҳам суд ишларини жорий этиш аксини топганди.

− Генерал Куропаткин жаноблари ҳузурига кирувимда котиба дедики: “Сиз билан гаплашмоқ учун ўн дақиқа вақт жудо қилинган, давом этди Беҳбудий, ундан зиёдига ул зоти олийнинг имконлари йўқдур”. Бо ин вужуд, арзу додимни тез изҳор этдим. Дедимки: “эмди мусулмонлардан ҳам равшанфикрлар бисёр ўлди ва биз император ҳазратларига хизмат қилмоққа бел боғлагандурмиз.
− Тақсир, зиёда хайру хушлик намоён қилмадингизму?-унинг сўзини бўлди Ажзий

− Зинҳор. Хушрафторлик, хушмуомалиликни ўзини ерга урмоқ, ҳукуматдорларнинг жиғига тегмоқликни ботирлик деб тушунмоқ хатодир. Кимгаким кўп ҳуқуқ ато этилган бўлса, анинг гарданидаги масъулият ҳам шу қадар бисёрдур. Мансаб соҳиблари, замон пешқадамлари бирлан мулоқотдан фахр этурлар. Биз −Туркистон мусулмонлари руслар мадади ила билим ва маърифат олмоғимиз, дунё кўрмоғимиз зарур. Бадазон мухторият ва ёинки мустақиллик хусусида нажиб фикр юритмоқ мумкин бўлур. Халқни ғазавотга чорлаб, қон тўқмоқлик беҳуда ва уволдур. Қисса кўтоҳ, генерал жаноблари ила ярим соат гаплашдук, соатга қараб танг бўлдум, генерал дедиларки:

− Беҳбудий жаноблари саросима бўлманг, ўтурунг. Бугун мусулмон қози ва имомлари эски жазо чораларини сақлаб қолмоққа зўр бераётган маҳал, муфти бўлатуриб, бундоқ ташаббус кўрсатувингиз бизни хурсанд этур. Эмди маҳаллий аҳолининг кайфияти, аларнинг бизга бўлғон муносабатлари ҳақида сўз юритинг. Билурман, сиз соҳиби қаламсиз, роҳиб эмассиз. Шу боис, дилингизда борини ошкор этинг.
− Дедимки: бисёр хуб. Ҳар қандоқ ислоҳот қаршиликка рўбарў бўлур. Аммо бу ҳолдин зиёда хавотир тортмоқ чикора. Локинда, ислоҳотни амалга оширмоқ чоғи миллий урфиятларни ҳисобга олмоқ, маърифат соҳиблари бирла бўлмоқ, думада ҳам маҳаллий аҳоли сонини кўпайтирмоқ лозим.

Шу тариқа денг бир соат гаплашдук. Иккимиз ҳам бисёр сарафроз бўлдук.

 

АСАРНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА CALAMEO
ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ.

044

(Tashriflar: umumiy 253, bugungi 1)

1 izoh

  1. Инсон канча ЯШАГАНЛИГИ. Билан эмас Кандай ЯШАГАНЛИГИ билан фаркланади.домла 83 ешингиз Мубарак булсин МАЗМУНЛИ хаетингиз БИЗЛАРГА урнак вазифасини утайди. Доимо сог ва саломат булинг. Юзингиздан кулгу ва ТАБАССУМ АРИМАСИН..,..

Izoh qoldiring