Asqad Muxtor. Atir & Hikoya asosida qisqa metrajli film

009   Хайрига атир? Мадраим хоҳолаб кулиб юборишига сал қолди. Хайрига-я! Шишаси билан уриб бошингни ёрар! Бугун йигирмаси, ауансни кутиб кўзи тўрт бўлиб ўтиргандир. Пул ўрнига мана бу шишачани олиб борса, жазаваси тутиб, доктор чақиришга тўғри келади. Бу паризотлар нимани билади, нимани кўрибди, на рўзғор буларда, на бола…

Асқад МУХТОР
АТИР
04

AMАсқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўрта Осиё университетининг филология факультетини тугатган (1942). Дастлабки достони — «Бизнинг авлодлар» (1939) йилда эълон қилинган. «99 миниатюра» (1962), «Шеърлар» (1966), «Сирли нидо» (1984) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. «Бўронларда бордек ҳаловат» (1976) қиссаси ҳамда «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1969), «Амударё» (1986) каби романлари бор. «Мардлик чўққиси» (1948), «Чин юракдан» (1956), «Дунё болалари» (1962), «Илдизлар», «Жар ёқасидаги чақмоқ» (1984), «Кумуш тола» (1988) тсингари асарлари болаларга бағишланган. «Тонг билан учрашув» (1987) песалар тўплами нашр этилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1972). «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995). 1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.

04

У идоранинг эшигига барвақт келиб қолган экан. Ҳали қоровул ҳам тол соясидаги чорпояга чопонини ташлаб, хуррак отиб ётибди. «Ҳой, Мадраим, нима қилиб юрибсан саҳармардонда?» дейдиган одам йўқ. Сувчиники шуда, ҳамма ухлаганда ишлайди, ҳамма ишлаганда ухлайди. Қуёш найзага келганда шийпоннинг заҳроқ бурчагини танлаб жиндак мизғиб оладида,— тун ўзиники — ойдинда сув тараб тонг оттиради.

Ҳозир ҳам даладан келиши. Кетмонни зинапояга суяб, этигининг лойини обдон қириб артгач, қабулхонага кириб ўтирди. Нос отиб, мулоҳазага тушди: бемаврит келди-ёв… жавоб бериши амримаҳол. Ҳа, саратонда сувчининг жойи худди шаҳарда, дея кесатиб чиқариворсачи? Тағин билиб бўлмайди, қайси томони билан турганига ҳам боғлиқ. Омад юришиб, ёш хотиндан хурсанд бўлиб, чеҳраси очилиб келиб қолса…

Раиснинг машинаси чарақлаган қуёшни чақнатиб, соат саккизларда келиб тўхтади.

— Сув қалай?
— Сув сероб.
— Кўллатманглар.

Раис шундай дедию саломлашмасданоқ идорасига кириб кетди. Мадраим қабулхонада эсанкираб, яктагининг этаги билан пешонасини қайта-қайта сидириб артганча, кирсамми-кирмасамми дегандай депсиниб турдида, таваккал қилди шекилли, носқовоғини қайта белбоғига қистириб, эшик қоқди. Ичкаридан овоз келмаса ҳам очиб кираверди.

— Фронтчи ўртоғим касалхонага тушиб қолибди, хўжайин. Хабар олмасам бўлмайди. Ўзингиздан қолар гап йўқ, бирга ўлиб, бирга тирилган қиёматлик ошна… Шомгача айланиб қайтаман, хўжайин,— деди иланиб. Нима деса ҳам, жеркиб ташласа ҳам, чидаб бераман, дегандай ерга қараганча кутди. Раис узоқ индамади.

— Майли…— деди анчадан кейин. Тавба — астағфирилло, кўз тегмасин бу ёш хотиннинг шарофати, албатта. Лекин айнимасдан туриб, пайтида жўнаб қолиш керак.

— Менга қаранг,— деди раис уни остонада тўхтатиб. Мадраимнинг юраги шув этди: «Айтмадимми, ана, айниди!»

Раис бир парча қоғозга нимадир ёзиб, эллик сўм пул қўшиб узатди.

—«Домдеҳқонга» тушасизку? Уша ерга яқин. Шута Руставиллининг муюшида ойнавонлик магазин бор, «Теже» деган. Атир оласиз.

Мадраимнинг эллик сўмни ушлаганча ҳайрон бўлиб турганини кўриб, юзи кенгайиб жилмайди.

— …Келинингизга. Отини мана бу қоғозга ёздим.

— Хўп бўлади, хўп бўлади,— дея чиқиб кетди ўзида йўқ хурсанд Мадраим.

Осонгина жавоб берганининг боиси бу ёқда эканку. «Селмаг» га бир асил мол келса аввал шу кишининг олдидан ўтишади: «Келинойимизга мабодо…?» Эллик сўмни яна олиб қараб қўйди Мадраим. Ўзининг кеча олган икки ойлик «аванси» 43 сўм, мана, белбоққа тугуглиқ… Наҳотки битта атир эллик сўм бўлса? Оти ҳам… оти ҳам қиёмат, бегона сўз бўлса керак, одамнинг тили келишмайди.

Шийпонга қайтиб тоза этик, оқ иштон, янги яктак кийиб, барини белбоққа қистирдида, йўлга тушди. Ҳаяллаб бўлмайди, кечга қайтиб келиши керак. Яхши бўлди. Бўтавой-сержантдан ҳол сўраш қиёмат-қарз эди, раисга раҳмат… жонон келинга раҳмат, очиғи. Мадраим ўзича жилмайиб қўйди.

Шошсанг шаҳарга бор. Ҳамма елиб-югуриб юради. Кўпчилик қатори сен ҳам. Имиллаб кўрчи, туртиб ўтади. Эшитасан эшитмаганингни. Шошганингдан, ишинг битганини ўзинг ҳам пайқамай қоласан. Бозор, касалхона, Бўтавой билан апоқ-чапоқ суҳбат, яна «Домдеҳқон», Шута… Руставилли, чакана йўл босмади, ўйлаб қараса. Тўғри, Бўтавой-сержант билан узоқ ўтиришга рухсат беришгани йўқ. Бу ҳам ўз йўлига омадда. Ойнавандлик «Теже» ёпилиб қолса нима бўларди!

«Теже» дегани нима дегани — худо билади. Мадраим раиснинг ёзиб берганини ичида такрорлаб-такрорлаб, яна ўзига ишонмай қоғозни очиб боқди. «Поисоҳ»— эскича ҳарфда ёзилган экан. Капиталистларда тутганини қўймайди, ҳали-ҳали ўша эски алифбода ўқиб-ёзиб юришибди.

Эшикни очиши билан — оҳ-оҳ-оҳ!— аллақандай хушбўйлар димоғига урилди. Сотувчи қизалоқларничи? Осмондая тушган паризотларми дейсиз, қўғирчоқдай бежирим, узун киприклари юзига соя солиб, яноқлари ял-ял ёниб турибди. Айниқса ўртада бирови — чилвирсоч, кўзлари теран чашмадай, қарашлари осуда… Хайрининг ёшлигига ўхшаб кетади. Худо ҳаққи, сал ёндан қарасанг, Хайрининг ўзгинаси-я, иягининг чуқурчасигача…

Мадраимнинг эсини йиғиб олишига анча вақт кетди.

— Атирни шўтта сотадими?
— Атир дўконида турибсизку, амаки!—деб чиройли кулди сотувчи қиз.

Овози ўхшамас зкан. Айниқса ҳозирги Хайриникига. Мадраимнинг қулоғига хотинининг овози эшитилиб кетди: «Ҳой, қайси қора гўрда юрибсиз? Аванс қани, бугун йигирмаси! Опкелинг  буёққа, супрани қоқиб, қозонни қантариб қўйибман!»
Аванс… Ойлик, маош деган гаплар бўларди, бизда аунас дегани чиққан. Ялинтириб берадида, йиллик ҳисобда ялинтирмай-нетмай осонгина чийириб қолади…

Мадраимнинг хаёли кетиб қолган экан, ҳалиги па-ризотнинг овози ўзига келтирди.

— Хизмат?

— Пайсон деган атир керак,— деди Мадраим қоғоздаги ёзувни зўрға эслаб.

Қиз елкасини қисиб, дугонасига кулиб қаради.

— Унақасини эшитмаганмиз, амаки.

— Нега эшитмас зкансиз, мана,— деб Мадраим раиснинг қоғозини узатди. Қизлар, ўқиб, кулиб юборишди. Кейин ҳалигиниси содда одамдан узр сўрагандай, мулойим овозда тушунтирди:

— «Пуазонг» дейилади бу, амакижон,— атир номидаги охирги «Н» ҳарфини димоғидан чиқариб айтди,— Франсуз атри бу, жуда қиммат.

— Биламан, эллик сўм,— деди Мадраим белбоғидан пулни чиқариб.

Қизлар тушунишдики, бу содда одамга нозик харидни бир бойвачча буюрган. Олиб кўрсатишди. Кичкинагина, тилларанг хат битилган шишача. Мадраим уни авайлаб олди, шишача дағал бармоқлари орасида нақ йўқолиб кетди. Харидор ишонинқирамай, қошини чимириб узоқ боқди. Ажабо, эллик томчи ҳам келмайдику бу! Наҳодки томчиси бир сўмдан ошиқ бўлса?

— Бошқа ҳеч нарса олмайсизми, амак,— деди ҳалиги Хайрининг ёшлигига ўхшаган қиз бўялган узун тирноқли бармоқларида қаламни ўйнатиб,— келинойимларга ҳам олинг, арзонроғи бор.

Хайрига атир? Мадраим хоҳолаб кулиб юборишига сал қолди. Хайрига-я! Шишаси билан уриб бошингни ёрар! Бугун йигирмаси, ауансни кутиб кўзи тўрт бўлиб ўтиргандир. Пул ўрнига мана бу шишачани олиб борса, жазаваси тутиб, доктор чақиришга тўғри келади. Бу паризотлар нимани билади, нимани кўрибди, на рўзғор буларда, на бола…

Ўтган йигирманчи числони эслади. Ауансни олиб энди кўчага чиқса, дўконга муздек пиво тушган экан, тўртта улфат учраб икки кружкани ичиб қўйдида. Мадраим ўзи ичмайди, ҳадеганда нафсга ҳам чалғимайди, аммо кўнгил экан, ҳа-ҳа ол билан яна бир кружка ич-ди. Пивопуруш лотерей ҳам сотаётган экан, жизманларига йўл-йўлакай тўртта-бештасини тутқизиб турибди. Гапдан-гап чиқиб, ола-ғовурда кимдир мақтаниб қолди: қўшни совхозда бир ошнаси шу лотерейга машина ютибди эмиш. Яна биров кимдир гилам, кимдир мотоцикл ютган деб хабар қилди. Сал кайф қилган Мадраимни ҳам шайтон чалғитдими, йигит-яланг қатори учта лотерей олса бўладими?!

— Ютасиз, ютасиз, қаторасига олинг!—деб туришибди текин насиҳатчи шериклари…

Қисқаси, энди уйга келгандаги аҳволни кўринг. «Ауанс»ни кутиб ўтирган Хайри лотерей билетларини шундоқ олдию ширакайф эрининг башарасига урди, билетлар сочилиб, шабадада ҳовлининг бурчак-бурчагига, бири токлар орасига, бири ўчоқ бошига капалакдай пирпираб учди.

— Балонинг ўқини ютасиз! Туяни думи ерга текканда!—деб бақирди Хайри,— ана боқинг тўртта болани ўша қоғозларингиз билан!—бўхчасини тугиб онасиникига кетиб қолди. Бундай пайтда унга қарши гапириб бўлмайди, жазаваси тутиб йиқилиб қолиши ҳам бор. Мадраимнинг кайфи елдай учиб, остонада қаққайганча қолди.

Бола боқиш нималигини ана ўшанда билган Мадраим. Ёлғизликнинг ўн тўртинчи куни кечаси билан йиғлаб, хаёлида хотинининг ёрилиб кетган чақа бармоқларини ўпганини ҳалигача бировга очилиб гапиргани йўқ. Хотини ўн етти кун деганда болаларига тугунчада у-бу кўтариб қайтиб келди. Адабини еган Мадраим Хайрини ҳали ҳам яхши кўришини ич-ичидан тан олган эди ўшанда.

— Бошқалар оладию сиз нега олмас экансиз келинойимларга!—деди ҳалиги қиз,— ёзаман чек, ўн тўққиз сўм бўлади, хўпми, амакижон?

Унинг овози эритворди Мадраимни. Атирни қўлига олганида ўша ширинзабоннинг қўлини олгандай бўлди: кичкина, чиройли, хушбўй… Индамай ўйланиб турганида қиз чекни ёзиб, у томон суриб қўйди. Мадраим туфугини зўрға ютиб, қуруқшаган лабларини ялади. Юзига мулойим қараган қизга бир нима деёлмай, пулни чиқарди, хаёллари чувалиб, «мен нега олмас эканман, мен… нега олмас эканман…» дея кўнглида такрорлаб дўкондан чиқди. Қизчага раҳмат, хайр деёлдими-йўқми — эсида ҳам йўқ.

Энди унинг хаёли бошқа ёқда эди: уйга қандай кириб боради, нима дейди, ходинига атирни қандай беради, ундан кейин нима бўлади? 19 сўм! Ауансни қарийб ярми-я!

Кечга яқин эшикни ғирчиллатмасдан очиб, ёзвош кириб борди. Хотини ўчоқ бошида болалар билан чуғуллашарди.

— Ўзингизмисиз?—деди Хайри шарпани сезиб, қайрилиб қарамасдан.— Улфатлар учрамадими ишқилиб? Бугун йигирманчи число — я…

«Бошланди!»—деди Мадраим ичида: саволларга жавобан, «Ҳа, келдим», дегандай йўталиб қўйди. Лекин ҳамони этигини ечмай, гарангсиброқ турарди.

— Ҳа, қўлингиз чўнтагингизга ёпишиб қолдими?

— Йўғе, нега…— Мадраим ҳали ҳам атирни маҳкам ушлаб турганини энди пайқаб, қўлини олди. Жилмайган бўлди. Сунъий чиқди жилмайиши.

— Бир нимани яширяпсиз,— деди хотини.

Мадраим болаларнинг ҳам келиб, «ҳозир жанжал бўлади» дегандай бақрайиб туришганини кўрди.

— Қизиқмисан… Нимани…

Ўзи бўлса ўйларди: аввал совғани берсаммикан, ё қолган пулними? Иккаласи ҳам хатарли, иккала ҳолатда ҳам ўт олиб кетиши мумкин…» Энди таваккал, бўлар иш бўлди. Мадраим ҳар нарсага тайёр эди. Атирни яктак киссасидан шартта чиқардию хотинига узатди.

— Мана!

Хайри беихтиёр икки қўллаб олдию пешонасини тириштириб бежирим қутичага тикилиб қолди. Кейин уни аста очиб, жажжигина юмалоқ атир шишасини худди учиб кетадиган қушчадай ҳовучида ушлаганча яна узоқ тикилиб турди.

Нима бўлди унга? Тезроқ бир нима десачи?! Ё ғазаби томоғига тиқилдими? Бақир, Хайри, сўк, қарға, фақат жим турма!

…Ҳозир жазаваси тутади, идиш-товоқни кўтариб уради, йиқилади… Мадраим жуда кўрқиб кетди: Хайри тилдан қолган, юмуқ кўзидан ёш сизиб, кўкси тўлқинланиб, гавдаси чайқалиб кетди.

— Ойи! Ойи! Нима бўлди сизга?—дейишди болалари.

— Хайри,— деди унинг йиқилиб кетишидан қўрққан Мадраим. Ҳақиқатан ҳам йиқиладиган экан, эрига суялиб қолди ва шу зумдаёқ бўйнидан маҳкам қучиб осилиб қолди.

— Хайри…— деди яна Мадраим хавотирда.

— Ҳиди яхши экан,.. бошим айланди. Ўзингиз яхшисизда,—деди Хайри яна маҳкамроқ қучоқлаб,— эсингизда турган экан… тўйимиз бўлган кун. Эсингизда экан…

— Хайри, ўзингни бос, болалар қараб турибди,— дедн бахтиёр Мадраим илжайиб. Аллақачон унутгансиз деб ўйловдим.

— Хайри, эсингни йиғ, куппа-кундузи…— дея шивирлади хотинининг ҳароратини бутун вужуди билан сезган Мадраим.

— Ахир кечаси яна кетасиз… бугун ҳам ойдин, сув тарайсиз…

Xayriga atir? Madraim xoholab kulib yuborishiga sal qoldi. Xayriga-ya! Shishasi bilan urib boshingni yorar! Bugun yigirmasi, auansni kutib ko‘zi to‘rt bo‘lib o‘tirgandir. Pul o‘rniga mana bu shishachani olib borsa, jazavasi tutib, doktor chaqirishga to‘g‘ri keladi. Bu parizotlar nimani biladi, nimani ko‘ribdi, na ro‘zg‘or bularda, na bola…

Asqad MUXTOR
ATIR
04

23Asqad Muxtor 1920 yil 23 dekabrda Farg‘ona shahrida tug‘ilgan. O‘zbekiston xalq yozuvchisi (1980). O‘rta Osiyo universitetining filologiya fakultetini tugatgan (1942). Dastlabki dostoni — “Bizning avlodlar” (1939) yilda e’lon qilingan. “99 miniatyura” (1962), “She’rlar” (1966), “Sirli nido” (1984) va boshqa she’riy to‘plamlar muallifi. “Bo‘ronlarda bordek halovat” (1976) qissasi hamda “Davr mening taqdirimda” (1964), “Chinor” (1969), “Amudaryo” (1986) kabi romanlari bor. “Mardlik cho‘qqisi” (1948), “Chin yurakdan” (1956), “Dunyo bolalari” (1962), “Ildizlar”, “Jar yoqasidagi chaqmoq” (1984), “Kumush tola” (1988) tsingari asarlari bolalarga bag‘ishlangan. “Tong bilan uchrashuv” (1987) pesalar to‘plami nashr etilgan. Hamza nomidagi O‘zbekiston Davlat mukofoti laureati (1972). “Do‘stlik” ordeni bilan mukofotlangan (1995). 1997 yil 17 aprelda Toshkent shahrida vafot etgan.

04

U idoraning eshigiga barvaqt kelib qolgan ekan. Hali qorovul ham tol soyasidagi chorpoyaga choponini tashlab, xurrak otib yotibdi. “Hoy, Madraim, nima qilib yuribsan saharmardonda?” deydigan odam yo‘q. Suvchiniki shuda, hamma uxlaganda ishlaydi, hamma ishlaganda uxlaydi. Quyosh nayzaga kelganda shiyponning zahroq burchagini tanlab jindak mizg‘ib oladida,— tun o‘ziniki — oydinda suv tarab tong ottiradi.

Hozir ham daladan kelishi. Ketmonni zinapoyaga suyab, etigining loyini obdon qirib artgach, qabulxonaga kirib o‘tirdi. Nos otib, mulohazaga tushdi: bemavrit keldi-yov… javob berishi amrimahol. Ha, saratonda suvchining joyi xuddi shaharda, deya kesatib chiqarivorsachi? Tag‘in bilib bo‘lmaydi, qaysi tomoni bilan turganiga ham bog‘liq. Omad yurishib, yosh xotindan xursand bo‘lib, chehrasi ochilib kelib qolsa…

Raisning mashinasi charaqlagan quyoshni chaqnatib, soat sakkizlarda kelib to‘xtadi.

— Suv qalay?
— Suv serob.
— Ko‘llatmanglar.

Rais shunday dediyu salomlashmasdanoq idorasiga kirib ketdi. Madraim qabulxonada esankirab, yaktagining etagi bilan peshonasini qayta-qayta sidirib artgancha, kirsammi-kirmasammi deganday depsinib turdida, tavakkal qildi shekilli, nosqovog‘ini qayta belbog‘iga qistirib, eshik qoqdi. Ichkaridan ovoz kelmasa ham ochib kiraverdi.

— Frontchi o‘rtog‘im kasalxonaga tushib qolibdi, xo‘jayin. Xabar olmasam bo‘lmaydi. O‘zingizdan qolar gap yo‘q, birga o‘lib, birga tirilgan qiyomatlik oshna… Shomgacha aylanib qaytaman, xo‘jayin,— dedi ilanib. Nima desa ham, jerkib tashlasa ham, chidab beraman, deganday yerga qaragancha kutdi. Rais uzoq indamadi.

— Mayli…— dedi anchadan keyin. Tavba — astag‘firillo, ko‘z tegmasin bu yosh xotinning sharofati, albatta. Lekin aynimasdan turib, paytida jo‘nab qolish kerak.

— Menga qarang,— dedi rais uni ostonada to‘xtatib. Madraimning yuragi shuv etdi: “Aytmadimmi, ana, aynidi!”

Rais bir parcha qog‘ozga nimadir yozib, ellik so‘m pul qo‘shib uzatdi.

—“Domdehqonga” tushasizku? Usha yerga yaqin. Shuta Rustavillining muyushida oynavonlik magazin bor, “Teje” degan. Atir olasiz.

Madraimning ellik so‘mni ushlagancha hayron bo‘lib turganini ko‘rib, yuzi kengayib jilmaydi.

— …Keliningizga. Otini mana bu qog‘ozga yozdim.

— Xo‘p bo‘ladi, xo‘p bo‘ladi,— deya chiqib ketdi o‘zida yo‘q xursand Madraim.

Osongina javob berganining boisi bu yoqda ekanku. “Selmag” ga bir asil mol kelsa avval shu kishining oldidan o‘tishadi: “Kelinoyimizga mabodo…?” Ellik so‘mni yana olib qarab qo‘ydi Madraim. O‘zining kecha olgan ikki oylik “avansi” 43 so‘m, mana, belboqqa tugugliq… Nahotki bitta atir ellik so‘m bo‘lsa? Oti ham… oti ham qiyomat, begona so‘z bo‘lsa kerak, odamning tili kelishmaydi.

Shiyponga qaytib toza etik, oq ishton, yangi yaktak kiyib, barini belboqqa qistirdida, yo‘lga tushdi. Hayallab bo‘lmaydi, kechga qaytib kelishi kerak. Yaxshi bo‘ldi. Bo‘tavoy-serjantdan hol so‘rash qiyomat-qarz edi, raisga rahmat… jonon kelinga rahmat, ochig‘i. Madraim o‘zicha jilmayib qo‘ydi.

Shoshsang shaharga bor. Hamma yelib-yugurib yuradi. Ko‘pchilik qatori sen ham. Imillab ko‘rchi, turtib o‘tadi. Eshitasan eshitmaganingni. Shoshganingdan, ishing bitganini o‘zing ham payqamay qolasan. Bozor, kasalxona, Bo‘tavoy bilan apoq-chapoq suhbat, yana “Domdehqon”, Shuta… Rustavilli, chakana yo‘l bosmadi, o‘ylab qarasa. To‘g‘ri, Bo‘tavoy-serjant bilan uzoq o‘tirishga ruxsat berishgani yo‘q. Bu ham o‘z yo‘liga omadda. Oynavandlik “Teje” yopilib qolsa nima bo‘lardi!

“Teje” degani nima degani — xudo biladi. Madraim raisning yozib berganini ichida takrorlab-takrorlab, yana o‘ziga ishonmay qog‘ozni ochib boqdi. “Poisoh”— eskicha harfda yozilgan ekan. Kapitalistlarda tutganini qo‘ymaydi, hali-hali o‘sha eski alifboda o‘qib-yozib yurishibdi.

Eshikni ochishi bilan — oh-oh-oh!— allaqanday xushbo‘ylar dimog‘iga urildi. Sotuvchi qizaloqlarnichi? Osmondaya tushgan parizotlarmi deysiz, qo‘g‘irchoqday bejirim, uzun kipriklari yuziga soya solib, yanoqlari yal-yal yonib turibdi. Ayniqsa o‘rtada birovi — chilvirsoch, ko‘zlari teran chashmaday, qarashlari osuda… Xayrining yoshligiga o‘xshab ketadi. Xudo haqqi, sal yondan qarasang, Xayrining o‘zginasi-ya, iyagining chuqurchasigacha…

Madraimning esini yig‘ib olishiga ancha vaqt ketdi.

— Atirni sho‘tta sotadimi?
— Atir do‘konida turibsizku, amaki!—deb chiroyli kuldi sotuvchi qiz.

Ovozi o‘xshamas zkan. Ayniqsa hozirgi Xayrinikiga. Madraimning qulog‘iga xotinining ovozi eshitilib ketdi: “Hoy, qaysi qora go‘rda yuribsiz? Avans qani, bugun yigirmasi! Opkeling buyoqqa, suprani qoqib, qozonni qantarib qo‘yibman!”
Avans… Oylik, maosh degan gaplar bo‘lardi, bizda aunas degani chiqqan. Yalintirib beradida, yillik hisobda yalintirmay-netmay osongina chiyirib qoladi…

Madraimning xayoli ketib qolgan ekan, haligi pa-rizotning ovozi o‘ziga keltirdi.

— Xizmat?

— Payson degan atir kerak,— dedi Madraim qog‘ozdagi yozuvni zo‘rg‘a eslab.

Qiz yelkasini qisib, dugonasiga kulib qaradi.

— Unaqasini eshitmaganmiz, amaki.

— Nega eshitmas zkansiz, mana,— deb Madraim raisning qog‘ozini uzatdi. Qizlar, o‘qib, kulib yuborishdi. Keyin haliginisi sodda odamdan uzr so‘raganday, muloyim ovozda tushuntirdi:

— “Puazong” deyiladi bu, amakijon,— atir nomidagi oxirgi “N” harfini dimog‘idan chiqarib aytdi,— Fransuz atri bu, juda qimmat.

— Bilaman, ellik so‘m,— dedi Madraim belbog‘idan pulni chiqarib.

Qizlar tushunishdiki, bu sodda odamga nozik xaridni bir boyvachcha buyurgan. Olib ko‘rsatishdi. Kichkinagina, tillarang xat bitilgan shishacha. Madraim uni avaylab oldi, shishacha dag‘al barmoqlari orasida naq yo‘qolib ketdi. Xaridor ishoninqiramay, qoshini chimirib uzoq boqdi. Ajabo, ellik tomchi ham kelmaydiku bu! Nahodki tomchisi bir so‘mdan oshiq bo‘lsa?

— Boshqa hech narsa olmaysizmi, amak,— dedi haligi Xayrining yoshligiga o‘xshagan qiz bo‘yalgan uzun tirnoqli barmoqlarida qalamni o‘ynatib,— kelinoyimlarga ham oling, arzonrog‘i bor.

Xayriga atir? Madraim xoholab kulib yuborishiga sal qoldi. Xayriga-ya! Shishasi bilan urib boshingni yorar! Bugun yigirmasi, auansni kutib ko‘zi to‘rt bo‘lib o‘tirgandir. Pul o‘rniga mana bu shishachani olib borsa, jazavasi tutib, doktor chaqirishga to‘g‘ri keladi. Bu parizotlar nimani biladi, nimani ko‘ribdi, na ro‘zg‘or bularda, na bola…

O‘tgan yigirmanchi chisloni esladi. Auansni olib endi ko‘chaga chiqsa, do‘konga muzdek pivo tushgan ekan, to‘rtta ulfat uchrab ikki krujkani ichib qo‘ydida. Madraim o‘zi ichmaydi, hadeganda nafsga ham chalg‘imaydi, ammo ko‘ngil ekan, ha-ha ol bilan yana bir krujka ich-di. Pivopurush loterey ham sotayotgan ekan, jizmanlariga yo‘l-yo‘lakay to‘rtta-beshtasini tutqizib turibdi. Gapdan-gap chiqib, ola-g‘ovurda kimdir maqtanib qoldi: qo‘shni sovxozda bir oshnasi shu lotereyga mashina yutibdi emish. Yana birov kimdir gilam, kimdir mototsikl yutgan deb xabar qildi. Sal kayf qilgan Madraimni ham shayton chalg‘itdimi, yigit-yalang qatori uchta loterey olsa bo‘ladimi?!

— Yutasiz, yutasiz, qatorasiga oling!—deb turishibdi tekin nasihatchi sheriklari…

Qisqasi, endi uyga kelgandagi ahvolni ko‘ring. “Auans”ni kutib o‘tirgan Xayri loterey biletlarini shundoq oldiyu shirakayf erining basharasiga urdi, biletlar sochilib, shabadada hovlining burchak-burchagiga, biri toklar orasiga, biri o‘choq boshiga kapalakday pirpirab uchdi.

— Baloning o‘qini yutasiz! Tuyani dumi yerga tekkanda!—deb baqirdi Xayri,— ana boqing to‘rtta bolani o‘sha qog‘ozlaringiz bilan!—bo‘xchasini tugib onasinikiga ketib qoldi. Bunday paytda unga qarshi gapirib bo‘lmaydi, jazavasi tutib yiqilib qolishi ham bor. Madraimning kayfi yelday uchib, ostonada qaqqaygancha qoldi.

Bola boqish nimaligini ana o‘shanda bilgan Madraim. Yolg‘izlikning o‘n to‘rtinchi kuni kechasi bilan yig‘lab, xayolida xotinining yorilib ketgan chaqa barmoqlarini o‘pganini haligacha birovga ochilib gapirgani yo‘q. Xotini o‘n yetti kun deganda bolalariga tugunchada u-bu ko‘tarib qaytib keldi. Adabini yegan Madraim Xayrini hali ham yaxshi ko‘rishini ich-ichidan tan olgan edi o‘shanda.

— Boshqalar oladiyu siz nega olmas ekansiz kelinoyimlarga!—dedi haligi qiz,— yozaman chek, o‘n to‘qqiz so‘m bo‘ladi, xo‘pmi, amakijon?

Uning ovozi eritvordi Madraimni. Atirni qo‘liga olganida o‘sha shirinzabonning qo‘lini olganday bo‘ldi: kichkina, chiroyli, xushbo‘y… Indamay o‘ylanib turganida qiz chekni yozib, u tomon surib qo‘ydi. Madraim tufugini zo‘rg‘a yutib, quruqshagan lablarini yaladi. Yuziga muloyim qaragan qizga bir nima deyolmay, pulni chiqardi, xayollari chuvalib, “men nega olmas ekanman, men… nega olmas ekanman…” deya ko‘nglida takrorlab do‘kondan chiqdi. Qizchaga rahmat, xayr deyoldimi-yo‘qmi — esida ham yo‘q.

Endi uning xayoli boshqa yoqda edi: uyga qanday kirib boradi, nima deydi, xodiniga atirni qanday beradi, undan keyin nima bo‘ladi? 19 so‘m! Auansni qariyb yarmi-ya!

Kechga yaqin eshikni g‘irchillatmasdan ochib, yozvosh kirib bordi. Xotini o‘choq boshida bolalar bilan chug‘ullashardi.

— O‘zingizmisiz?—dedi Xayri sharpani sezib, qayrilib qaramasdan.— Ulfatlar uchramadimi ishqilib? Bugun yigirmanchi chislo — ya…

“Boshlandi!”—dedi Madraim ichida: savollarga javoban, “Ha, keldim”, deganday yo‘talib qo‘ydi. Lekin hamoni etigini yechmay, garangsibroq turardi.

— Ha, qo‘lingiz cho‘ntagingizga yopishib qoldimi?

— Yo‘g‘ye, nega…— Madraim hali ham atirni mahkam ushlab turganini endi payqab, qo‘lini oldi. Jilmaygan bo‘ldi. Sun’iy chiqdi jilmayishi.

— Bir nimani yashiryapsiz,— dedi xotini.

Madraim bolalarning ham kelib, “hozir janjal bo‘ladi” deganday baqrayib turishganini ko‘rdi.

— Qiziqmisan… Nimani…

O‘zi bo‘lsa o‘ylardi: avval sovg‘ani bersammikan, yo qolgan pulnimi? Ikkalasi ham xatarli, ikkala holatda ham o‘t olib ketishi mumkin…» Endi tavakkal, bo‘lar ish bo‘ldi. Madraim har narsaga tayyor edi. Atirni yaktak kissasidan shartta chiqardiyu xotiniga uzatdi.

— Mana!

Xayri beixtiyor ikki qo‘llab oldiyu peshonasini tirishtirib bejirim qutichaga tikilib qoldi. Keyin uni asta ochib, jajjigina yumaloq atir shishasini xuddi uchib ketadigan qushchaday hovuchida ushlagancha yana uzoq tikilib turdi.

Nima bo‘ldi unga? Tezroq bir nima desachi?! Yo g‘azabi tomog‘iga tiqildimi? Baqir, Xayri, so‘k, qarg‘a, faqat jim turma!

…Hozir jazavasi tutadi, idish-tovoqni ko‘tarib uradi, yiqiladi… Madraim juda ko‘rqib ketdi: Xayri tildan qolgan, yumuq ko‘zidan yosh sizib, ko‘ksi to‘lqinlanib, gavdasi chayqalib ketdi.

— Oyi! Oyi! Nima bo‘ldi sizga?—deyishdi bolalari.

— Xayri,— dedi uning yiqilib ketishidan qo‘rqqan Madraim. Haqiqatan ham yiqiladigan ekan, eriga suyalib qoldi va shu zumdayoq bo‘ynidan mahkam quchib osilib qoldi.

— Xayri…— dedi yana Madraim xavotirda.

— Hidi yaxshi ekan,.. boshim aylandi. O‘zingiz yaxshisizda,—dedi Xayri yana mahkamroq quchoqlab,— esingizda turgan ekan… to‘yimiz bo‘lgan kun. Esingizda ekan…

— Xayri, o‘zingni bos, bolalar qarab turibdi,— dedn baxtiyor Madraim iljayib. Allaqachon unutgansiz deb o‘ylovdim.

— Xayri, esingni yig‘, kuppa-kunduzi…— deya shivirladi xotinining haroratini butun vujudi bilan sezgan Madraim.

— Axir kechasi yana ketasiz… bugun ham oydin, suv taraysiz…

05

(Tashriflar: umumiy 452, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring