22 феврал — Таниқли шоир Азим Суюн таваллуд топган кун
Азим Суюн — ўзбек шеъриятига ўзининг дадил парвозлари ва собит қадамлари билан янги сўқмоқ очиб кириб келган шоирдир. Азим Суюн — шеъриятида Қизилқум ва Устюрт кенгликларининг, Бойсун ва Нурота тоғларининг ёқимли ва жадал шамолларини эсиб турган шоир (Тўлепберген Қайипбергенов мақоласидан).
Азим Суюн
ЭЙ, ДЎСТ
Қайирмалар
Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Нурота тизма тоғлари этагига жойлашган Қудуқча қишлоғида туғилган. Накурт қишлоғида Суюн бобоси тарбиясида ўсиб, улғайди. Унинг отаси Олим саводхон бўлганига қарамай, «қулоқ»нинғ ўғли бўлгани учун қўлига чўпонлик таёғини олишга мажбур бўлган. Ёш Азим чўпон отаси кетида юриб, табиат сирлари билан ошно тутинган. Шу нарса бўлғуси шоирнинг шаклланишига таъсир ўтказган.
«… Кейин аскар бўлдим, — деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида, — Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факультетини битирдим. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози» газеталарида?«Гулистон» журналида хизмат қилдим. Шеърларим, шеърий туркумларим турк, инглиз, араб, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман, қорақалпоқ ва бошқа тилларда чоп этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ноиби бўлдим. Жаҳон Маданият ва санъат академияси аъзосиман.
***
Эй дўст!
Сўнма орзум, тушмагил терга,
Зил умримни етаклагил аҳд.
Бошин эгиб қўйса ҳам ерга,
Фақат кўкка кўкарар дарахт.
***
Эй дўст!
Юзинг қани сенинг? Юзинг йўқ.
Сўзинг қани сенинг? Сўзинг йўқ.
Юзинг ҳам, сўзинг ҳам бўларди, аммо,
Ўзинг қани сенинг? Ўзинг йўқ!
***
Эй дўст!
Не учун ортимдан узмайсан қадам,
Узун-қисқа кўлка цингари мудом.
Қўй, танийман сенинг икки юзингни,
Тилининг тагида тили бор одам!
***
Эй дўст!
Одамни одам одам қилади,
Оламни одам олам қилади.
Одамни олам адо қилмагай,
Одамни одам адо қилади.
***
Эй досът!
Бир боқмас бу гулрў, ҳар кун шу сазо,
Қайси бир гуноҳим учун бу жазо?
Тўярми ошиқлар хилхонаси, айт,
Тағин бир ошиққа етса гар қазо?
***
Эй дўст!
Ўн тўрт кунлик ойни осмонда учратдим,
Унга етмоқ орзу, уммонда учратдим.
Висол дебон ўзни отдим қучоғига,
Ҳар ён сочилди у, ҳар ёнда учратдим.
***
Эй дўст!
Бир қошиқ туздирман, таом бўлмасман,
Бир жонга арзирли инъом бўлмасман.
Лекин ёр таоми менсиз бўлмагай,
Пок дастурхонида тамом бўлмасман.
***
Эй дўст!
Ул санам қошида ҳушдан айрилдик,
Жодуландик, тилло қушдан айрилдик.
Бир жилва қилибон уялди – кетди,
Куппа-кундуз кун қуёшдан айрилдик.
***
Эй дўст!
Ошиқлик дегани кўп қизиқ бозор,
Унда ҳамма бир-бирига интизор.
Ўртада сувлар оқар айланч-айланч,
Сотгувчи, олгувчи – бирдек харидор.
***
Эй дўст!
Овчига сўзлайди жонзотлар изи,
Мунажжимга сўзлар тунлар юлдузи.
Не сўзлар экан деб оғзин пойлама, —
Бу жононнинг менга сўзлайди кўзи.
***
Эй дўст!
Боғсупада ухлаб қолибди бир қиз,
Ёйилиб оқибди – сочлар жамалак.
Ҳайратдан тек қотдим: ғунча лабига
Қўниб бўса олар битта капалак.
***
Эй дўст!
Гарчи либослари оддий ва одми,
Ораста аёллар суюмли, дилбар.
Нилуфар қавмидан уларнинг қавми –
Жўн бир ҳовузда ҳам гул-гул нилуфар.
***
Эй дўст!
Аёл қалби чексиз сирлар уммони,
Тугал билмоқ насиб бўлмагай они.
Гоҳо дур ахтарсанг, тош бўлиб чиқар,
Тош кутганингда дур тутар жони.
***
Эй дўст!
От кимники – минганники,
Тўн кимники – кийганники.
Олган – олганники эмас,
Қиз кимники – суйганники.
***
Эй дўст!
Бу на жондир, кузда излар баҳорини,
Баҳорида тирамоҳ тонготарини.
Ҳушвақтликда суҳбат қурар ҳуштор билан,
Беморликда излаб қолар ўз ёрини.
***
Эй дўст!
Кўз бердинг, оламнинг кўрдим суратин,
Ақл ато этдинг, очдим сийратин.
Тил бердинг ва лекин у шунча ожиз –
Шарҳи йўқдир ҳамон кўнгил ҳайратин!
***
Эй дўст!
Меҳрингни бер бугун ғунча, куртакка,
Эртага муҳаббат бўлиб қайтади.
Ҳақ сўзинг айт бугун мурғак гўдакка,
У ҳам эртан сенга ҳақ сўз айтади.
***
Эй дўст!
Яшасин адолат – азалий дарахт!
Яшнасин адолат – абадий дарахт!
Кимдир бешик ясар гўдакка ундан!
Кимдир ундан ясар жаллодга кунда!
***
Эй дўст!
Бир хурсанд қилай деб ўз эгасини
Соат илдамлатди юриш тусини.
О, буни кўрдию титради жон-тан, —
Деди: «Вақт инсонга ягона душман!”
***
Эй дўст!
Учмоқ, парвоз қилмоқ – илоҳий неъмат,
Аллоҳ қудрат берса, учгайдир намат.
Парвоздан воз кечди туяқуш – ялқов,
Алалоқибатда дуч келганга – ов.
***
Эй дўст!
На сир қолди Осмон ичинда,
На сир қолди Уммон ичинда.
Ва лекин мозийдан тинглаганим бор:
«Барча сирлар эрур Инсон ичинда!”
***
Эй дўст!
Бир дарахтда турли қушлар ошёни,
Бир тоғда жонзотлар алвон-алвони.
Қасд билан яшайдир бунча одамзот,
Гарчи бор ҳар кимнинг ризқи, макони.
***
Эй дўст!
Кўзлари тиллодан, тирноқлар тилло,
Султон саройида яшар бир тулки.
Емаклар тиллодир, ялоқлар тилло,
Лекин товуқ пойлаб эл-юртга кулки.
***
Эй дўст!
Одамзот чидамас иссиқ, совуққа,
Гап топиб юргайдир йироқ-ёвуққа.
Кўкдаги бургутни тутмоқ бўлар гоҳ,
Дон бера олмай гоҳ ерда товуққа.
***
Эй дўст!
Чексиз-чегарасиз коинот аро
Учиб юрар сонсиз дайди сайёра.
Ерга урилмоқдан сақлар-ку Аллоҳ,
Одам балосидан сақларми аммо?
***
Эй дўст!
Кафолат бермайман, ростдир ё ёлғон,
Бу гапни айтганди бир даштлик чўпон.
Бир овчи қизига илон уйланмиш,
Меҳмон бўлиб кетар эмиш ҳар замон.
***
Эй дўст!
Миққиқушга сичқон қолди чув тушиб,
Ва нима дейди де, бу сичқон фақир:
— Мени қўй, қорнингни юборгум тешиб,
Деворларни тешиб юрганман ахир.
***
Эй дўст!
Уйқучи уккиқуш рангин дунёни
Фақат оқ ва қора рангда кўргайдир.
Ва ҳатто патларин туси – жилони
Қалби кўр кимсадек билмай ўлгайдир.
***
Эй дўст!
Ғалат қуш – дунёнинг бир чеккасида,
Дон-дунлар тўладир гир чеккасида.
Лекин ўз ахлатин яшайдир титиб,
Нимадир ахтариб, нимадир кутиб.
***
Эй дўст!
Не жонзот мавжудким катта ўрмонда,
Бир-бирини пойлар, овлар ҳар онда.
Бу ҳолни кузатиб, ўйлаб қолдим мен –
Овчи бўлмаган зот борми жаҳонда?!
***
Эй дўст!
Жаҳон саҳнасин табъ рангга бўярлар,
Инсонми, замонми кулар, куярлар.
Ўқидим, кўрдим: не улуғларни
Аввал ўлдирарлар, кейин суярлар.
***
Эй дўст!
Бу олам, билгилки, бир хонадондир,
Дини ёр ё динсиз – бари бир жондир.
Бунда мезбон йўқдир, зафарбардор йўқ,
Бари бир-бирига мағлуб меҳмондир.
***
Эй дўст!
Бу осмон, каттакон мозор бу осмон,
Бу уммон, каттакон мозор бу уммон.
Қабрлар уларда дўнг бўлиб турмас,
Азалий қабристон, абад қабристон.
***
Эй дўст!
Абадий музликлар қаърида – асрор,
Балки мамлакатлар, шаҳарлар пойдор.
Инсон – фикри жумбоқ. Билмайсан асло,
Мен ўзим айтмасам, қалбимда не бор!
***
Эй дўст!
Чаённи қарагил, кўркли, нозикдир,
Ушла, томоша қил, жуда қизиқдир.
Мамонт аждодидан аждоди қадим,
Лекин тузалмагай – феъли бузуқдир.
***
Эй дўст!
Бу олам тилсимдир, одамзод тилсим,
Улар сирин очмоқ бўлади ҳар ким.
Сўнгги дарвозага етганда, бироқ,
Умри тугар, тағин барчаси жумбоқ.
***
Эй дўст!
Тенг ярми тупроққа кўмилган оқ Тош, —
Ёнидан ўтардим, сўз қотди ювош:
— Тангри ярлақагур, дуо ўқиб ўт,
Остимда аждодинг, мен-чи, қабртош.
***
Эй дўст!
Менга дер сайёҳ дўст: «Ҳа, кенгдир олам,
Лекин бор ҳар жойда тақдир ёзиғи.
Қурбақа илонга энг тотли таом,
Илондир лайлакнинг ширин озиғи.”
***
Эй дўст!
Алам билан ғозга деди қурбақа:
— Балиқ бўлолмайсан сувда сузсанг ҳам,
Қирғий бўлолмайсан кўкда учсанг ҳам,
Ерда эса мендек йиртасан ёқа!
***
Эй дўст!
Қулоғим кар эрур, кўзларим – бедор,
Тоғдами, саҳрода – бўри бўридир.
О, кимки у каби бўлса ҳукмдор,
Битта сурув эмас, эл-юрт шўридир.
***
Эй дўст!
Ёвни кам кўрмагил, суст кўрма уни,
Бошингга етмоғи мумкин бир куни.
Саҳрода кўрдимки, митти қорақурт
Тупроқ тишлатибди катта йилқини.
***
Эй дўст!
«Қоплон ўлдирганман…” – менга бир овчи
Ёш пайтим мақтаниб қилганди баён.
Кеча хабар айтди битта йўловчи:
Чақиб ўлдирибди уни бир чаён.
***
Эй дўст!
Бир қуш учиб кирди хонамга ўзи,
Сўнг зарбдан қизарди дераза юзи.
Наҳотки сиғмади бепоён кўкка,
Жон берди кулбамда куппа-кундузи.
***
Эй дўст!
Мен бир гап эшитдим даштлик тулкидан,
Ўзимни тиёлмай қолдим кулкидан:
«Товуқ зоти борки, меники эрур,
Итингиз қувлайди нечун мулкимдан?”
***
Эй дўст!
Қўлларингда бир чўп кўрдим бир куни,
Чаёнлар инига тиқдинг сен уни.
Чўп ҳолинг тасаввур қилдим мен ғариб,
Чўпдай ўйнатмоғинг мумкин-ку мени.
***
Эй дўст!
Қалқон бўлай дея қўйлар умрига
Қопқон қўйган эдим битта бўрига,
Бу фалак дастидан кимга айлай дод,
Бир кийик тушибди бўри ўрнига.
***
Эй дўст!
Томчиман, дарё билан оқмоқдаман,
Юлдузман, кўк тоқидан боқмоқдаман.
Бордирман ўн саккиз минг олам ичра,
Одам ичра, шодлик ичра, ғам ичра.
***
Эй дўст!
Оташ қум уммони – Саҳрои Кабир,
Кундуз тухум пишар, тунда музлар у.
Аёл муҳаббати шу ўт кабидир:
Пиширар, музлатар – сир эрур мангу.
***
Эй дўст!
Биринчи амалим – сабр-қаноат,
Иккинчи амалим – ҳаракат, ғайрат.
Тўтиқуш эмасман Олам қасрида,
Ҳаётим асоси – тафаккур, ибрат!
***
Эй дўст!
Мардикор бозорга бордим. Қанақа?
Бир жигит қошимга келди. Шунақа!
Баҳойинг қанча деб сўраган эдим,
Одамнинг баҳоси, деди, бир чақа!
***
Эй дўст!
Дев каби баҳодир бўлсаю хоқон,
Донолик мулкидан бўлса мосуво,
Демак, вайрона у тахт тутган макон,
Демак, пиширибди бўйрачи ҳалво.
***
Эй дўст!
Қабристон ёнидан ўтар эдик жим,
Ногаҳон табассум қилди шеригим.
Деди, гўристонга қилиб ишора:
«Унинг тўлганлигин кўрганми ҳеч ким?”
***
Эй дўст!
Сўз сўзга сўзсизсан, деди,
Кўз кўзга кўзсизсан, деди.
Туздондан бир шивир эшитдим:
Туз тузга тузсизсан, деди.
***
Эй дўст!
Ит айтмиш, шу қишдан чиқсам гар омон,
Ёзда суяклардан қураман макон.
Ёз келар, макон йўқ, ўтиб кетар ёз,
Қиш келар, бизнинг ит матал айтар боз.
***
Эй дўст!
Дўст! Ҳар ким яшаб ўтар ўзин умрини,
Бенуқсон дўст ахтарма, топмайсан уни.
Боғимда дарахтларим кўп эрур, айтсам,
Бирин ҳосили мўл, бириники кам.
***
Эй дўст!
Бу йўл охирида саодат борми?
Бу йўл охирида садоқат борми?
Барча тушиб олган шу битта йўлга,
Бу йўл охирида адолат борми?
***
Эй дўст!
Дарёлар заминга тушар осмондан,
Ва қайтар осмонга кўлу уммондан.
Мен асли сенман-ку, сен эса менсан,
Изламоқ жоизми тоғу ёбондан?
***
Эй дўст!
Нуртоғда яшарди етим қиз ёлғиз,
Кашта тикар эди сеҳрли, тенгсиз.
Камалакранг илон устози экан,
Унга эрга тегмиш шу каштачи қиз.
***
Эй дўст!
Шар устида қумурсқа юрар айланиб,
Қулаб тушмас, қандайдир юрар бойланиб.
Йўлин на боши бор, на охири бор,
Беқарор мангулик, барқарор асрор.
***
Сигир ўтлаб юрар яшил ўтлоқда,
Одам Ато боққан бу сигирни.
Сигир кавш қайтариб ётар ётоқда,
Момо Ҳаво соққан бу сигирни.
***
Эй дўст!
Жон бермиш бир иффатли жувон,
Ечинтирмиш ювғувчи отин.
О, бир зум мурдага қайтмиш жон,
Қўли билан ёпмиш авротин.
***
Эй дўст!
Чўпон қизни севарди чўпон йигит – дов,
Ва бир айиқ ҳам севмиш чўпон қизини.
Қиз айиқни севмиш, қочди тоққа икков,
Йигит қизни ўлдирди, айиқ – ўзини.
***
Эй дўст!
Султон гадо бўлди, гадо бой бўлди,
Баланд чўққи қулаб, бир гум – сой бўлди.
Бошингни чайқама тушунмадим деб,
Баҳри уммон қуриб, саҳрожой бўлди.
***
Эй дўст!
Учмоқ учун қанот керак, қанот керак,
Қанот керак, лекин уни қоқмоқ керак.
Қоқмоқ керак осмонларни қучмоқ учун,
Қучмоқ учун сабот керак, сабот керак.
***
Эй дўст!
Ёз очиқ кунлари. Доира ясаб
Бургут парвоз қилар ўз одатича.
Уни тутмоқликни орзулаб, истаб,
Соясини қувлаб юрар бир лайча.
***
Эй дўст!
Мен ким, қанотига ишонган қушман,
Ақли – ғолибдирман, ақли – беҳушман.
Узоқ яшамадим, лекин кўп кўрдим:
Олдимдаги дўстим, ортимда душман.
***
Эй досът!
Тумон. Тумонинг билан нима ишим бор.
Бўрон. Бўронинг билан нима ишим бор.
Абадият йўлидаман, адашдимми?..
Замон. Замонинг билан нима ишим бор.
***
Эй дўст!
Тоғлар бўронида қолганман омон,
Саҳро бўронидан чиққанман эсон.
Мени қўрқитмагин денгиз бўрони,
Одам бўронидан қўрқаман ёмон!
***
Эй дўст!
Чўққининг чўққиси эрур – найзатош,
Даракчиқуш унга қўниб турибди.
Пойида бақирдим: — Не янгилик, хўш?
У деди: — Бу ерда кўкнор унибди.
***
Эй дўст!
Ғайб бегонадир, илм – бегона,
Ўзича «оҳ” урди бир чўпон бола:
«Кимга суянайин?…” Бир нидо келди:
— Таёғингга суян, ҳой, султон бола!
Azim Suyun
EY, DO’ST
Qayirmalar
Azim Suyun 1948 yil 22 fevralda Samarqand viloyati Nurota tizma tog’lari etagiga joylashgan Quduqcha qishlog’ida tug’ilgan. Nakurt qishlog’ida Suyun bobosi tarbiyasida o’sib, ulg’aydi. Uning otasi Olim savodxon bo’lganiga qaramay, «quloq»ning’ o’g’li bo’lgani uchun qo’liga cho’ponlik tayog’ini olishga majbur bo’lgan. Yosh Azim cho’pon otasi ketida yurib, tabiat sirlari bilan oshno tutingan. Shu narsa bo’lg’usi shoirning shakllanishiga ta’sir o’tkazgan.
«… Keyin askar bo’ldim, — deb yozadi u o’z tarjimai holida, — Toshkent Davlat dorilfununining jurnalistika fakul`tetini bitirdim. G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, O’zbekiston Davlat matbuot qo’mitasi, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi, «Xalq so’zi», «O’zbekiston ovozi» gazetalarida?«Guliston» jurnalida xizmat qildim. She’rlarim, she’riy turkumlarim turk, ingliz, arab, rus, qozoq, tojik, qirg’iz, turkman, qoraqalpoq va boshqa tillarda chop etilgan.O’zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi noibi bo’ldim. Jahon Madaniyat va san’at akademiyasi a’zosiman.
***
Ey do’st!
So’nma orzum, tushmagil terga,
Zil umrimni yetaklagil ahd.
Boshin egib qo’ysa ham yerga,
Faqat ko’kka ko’karar daraxt.
***
Ey do’st!
Yuzing qani sening? Yuzing yo’q.
So’zing qani sening? So’zing yo’q.
Yuzing ham, so’zing ham bo’lardi, ammo,
O’zing qani sening? O’zing yo’q!
***
Ey do’st!
Ne uchun ortimdan uzmaysan qadam,
Uzun-qisqa ko’lka singari mudom.
Qo’y, taniyman sening ikki yuzingni,
Tilining tagida tili bor odam!
***
Ey do’st!
Odamni odam odam qiladi,
Olamni odam olam qiladi.
Odamni olam ado qilmagay,
Odamni odam ado qiladi.
***
Ey dos’t!
Bir boqmas bu gulro’, har kun shu sazo,
Qaysi bir gunohim uchun bu jazo?
To’yarmi oshiqlar xilxonasi, ayt,
Tag’in bir oshiqqa yetsa gar qazo?
***
Ey do’st!
O’n to’rt kunlik oyni osmonda uchratdim,
Unga yetmoq orzu, ummonda uchratdim.
Visol debon o’zni otdim quchog’iga,
Har yon sochildi u, har yonda uchratdim.
***
Ey do’st!
Bir qoshiq tuzdirman, taom bo’lmasman,
Bir jonga arzirli in’om bo’lmasman.
Lekin yor taomi mensiz bo’lmagay,
Pok dasturxonida tamom bo’lmasman.
***
Ey do’st!
Ul sanam qoshida hushdan ayrildik,
Jodulandik, tillo qushdan ayrildik.
Bir jilva qilibon uyaldi – ketdi,
Kuppa-kunduz kun quyoshdan ayrildik.
***
Ey do’st!
Oshiqlik degani ko’p qiziq bozor,
Unda hamma bir-biriga intizor.
O’rtada suvlar oqar aylanch-aylanch,
Sotguvchi, olguvchi – birdek xaridor.
***
Ey do’st!
Ovchiga so’zlaydi jonzotlar izi,
Munajjimga so’zlar tunlar yulduzi.
Ne so’zlar ekan deb og’zin poylama, —
Bu jononning menga so’zlaydi ko’zi.
***
Ey do’st!
Bog’supada uxlab qolibdi bir qiz,
Yoyilib oqibdi – sochlar jamalak.
Hayratdan tek qotdim: g’uncha labiga
Qo’nib bo’sa olar bitta kapalak.
***
Ey do’st!
Garchi liboslari oddiy va odmi,
Orasta ayollar suyumli, dilbar.
Nilufar qavmidan ularning qavmi –
Jo’n bir hovuzda ham gul-gul nilufar.
***
Ey do’st!
Ayol qalbi cheksiz sirlar ummoni,
Tugal bilmoq nasib bo’lmagay oni.
Goho dur axtarsang, tosh bo’lib chiqar,
Tosh kutganingda dur tutar joni.
***
Ey do’st!
Ot kimniki – minganniki,
To’n kimniki – kiyganniki.
Olgan – olganniki emas,
Qiz kimniki – suyganniki.
***
Ey do’st!
Bu na jondir, kuzda izlar bahorini,
Bahorida tiramoh tongotarini.
Hushvaqtlikda suhbat qurar hushtor bilan,
Bemorlikda izlab qolar o’z yorini.
***
Ey do’st!
Ko’z berding, olamning ko’rdim suratin,
Aql ato etding, ochdim siyratin.
Til berding va lekin u shuncha ojiz –
Sharhi yo’qdir hamon ko’ngil hayratin!
***
Ey do’st!
Mehringni ber bugun g’uncha, kurtakka,
Ertaga muhabbat bo’lib qaytadi.
Haq so’zing ayt bugun murg’ak go’dakka,
U ham ertan senga haq so’z aytadi.
***
Ey do’st!
Yashasin adolat – azaliy daraxt!
Yashnasin adolat – abadiy daraxt!
Kimdir beshik yasar go’dakka undan!
Kimdir undan yasar jallodga kunda!
***
Ey do’st!
Bir xursand qilay deb o’z egasini
Soat ildamlatdi yurish tusini.
O, buni ko’rdiyu titradi jon-tan, —
Dedi: «Vaqt insonga yagona dushman!”
***
Ey do’st!
Uchmoq, parvoz qilmoq – ilohiy ne’mat,
Alloh qudrat bersa, uchgaydir namat.
Parvozdan voz kechdi tuyaqush – yalqov,
Alaloqibatda duch kelganga – ov.
***
Ey do’st!
Na sir qoldi Osmon ichinda,
Na sir qoldi Ummon ichinda.
Va lekin moziydan tinglaganim bor:
«Barcha sirlar erur Inson ichinda!”
***
Ey do’st!
Bir daraxtda turli qushlar oshyoni,
Bir tog’da jonzotlar alvon-alvoni.
Qasd bilan yashaydir buncha odamzot,
Garchi bor har kimning rizqi, makoni.
***
Ey do’st!
Ko’zlari tillodan, tirnoqlar tillo,
Sulton saroyida yashar bir tulki.
Yemaklar tillodir, yaloqlar tillo,
Lekin tovuq poylab el-yurtga kulki.
***
Ey do’st!
Odamzot chidamas issiq, sovuqqa,
Gap topib yurgaydir yiroq-yovuqqa.
Ko’kdagi burgutni tutmoq bo’lar goh,
Don bera olmay goh yerda tovuqqa.
***
Ey do’st!
Cheksiz-chegarasiz koinot aro
Uchib yurar sonsiz daydi sayyora.
Yerga urilmoqdan saqlar-ku Alloh,
Odam balosidan saqlarmi ammo?
***
Ey do’st!
Kafolat bermayman, rostdir yo yolg’on,
Bu gapni aytgandi bir dashtlik cho’pon.
Bir ovchi qiziga ilon uylanmish,
Mehmon bo’lib ketar emish har zamon.
***
Ey do’st!
Miqqiqushga sichqon qoldi chuv tushib,
Va nima deydi de, bu sichqon faqir:
— Meni qo’y, qorningni yuborgum teshib,
Devorlarni teshib yurganman axir.
***
Ey do’st!
Uyquchi ukkiqush rangin dunyoni
Faqat oq va qora rangda ko’rgaydir.
Va hatto patlarin tusi – jiloni
Qalbi ko’r kimsadek bilmay o’lgaydir.
***
Ey do’st!
G’alat qush – dunyoning bir chekkasida,
Don-dunlar to’ladir gir chekkasida.
Lekin o’z axlatin yashaydir titib,
Nimadir axtarib, nimadir kutib.
***
Ey do’st!
Ne jonzot mavjudkim katta o’rmonda,
Bir-birini poylar, ovlar har onda.
Bu holni kuzatib, o’ylab qoldim men –
Ovchi bo’lmagan zot bormi jahonda?!
***
Ey do’st!
Jahon sahnasin tab’ rangga bo’yarlar,
Insonmi, zamonmi kular, kuyarlar.
O’qidim, ko’rdim: ne ulug’larni
Avval o’ldirarlar, keyin suyarlar.
***
Ey do’st!
Bu olam, bilgilki, bir xonadondir,
Dini yor yo dinsiz – bari bir jondir.
Bunda mezbon yo’qdir, zafarbardor yo’q,
Bari bir-biriga mag’lub mehmondir.
***
Ey do’st!
Bu osmon, kattakon mozor bu osmon,
Bu ummon, kattakon mozor bu ummon.
Qabrlar ularda do’ng bo’lib turmas,
Azaliy qabriston, abad qabriston.
***
Ey do’st!
Abadiy muzliklar qa’rida – asror,
Balki mamlakatlar, shaharlar poydor.
Inson – fikri jumboq. Bilmaysan aslo,
Men o’zim aytmasam, qalbimda ne bor!
***
Ey do’st!
Chayonni qaragil, ko’rkli, nozikdir,
Ushla, tomosha qil, juda qiziqdir.
Mamont ajdodidan ajdodi qadim,
Lekin tuzalmagay – fe’li buzuqdir.
***
Ey do’st!
Bu olam tilsimdir, odamzod tilsim,
Ular sirin ochmoq bo’ladi har kim.
So’nggi darvozaga yetganda, biroq,
Umri tugar, tag’in barchasi jumboq.
***
Ey do’st!
Teng yarmi tuproqqa ko’milgan oq Tosh, —
Yonidan o’tardim, so’z qotdi yuvosh:
— Tangri yarlaqagur, duo o’qib o’t,
Ostimda ajdoding, men-chi, qabrtosh.
***
Ey do’st!
Menga der sayyoh do’st: «Ha, kengdir olam,
Lekin bor har joyda taqdir yozig’i.
Qurbaqa ilonga eng totli taom,
Ilondir laylakning shirin ozig’i.”
***
Ey do’st!
Alam bilan g’ozga dedi qurbaqa:
— Baliq bo’lolmaysan suvda suzsang ham,
Qirg’iy bo’lolmaysan ko’kda uchsang ham,
Yerda esa mendek yirtasan yoqa!
***
Ey do’st!
Qulog’im kar erur, ko’zlarim – bedor,
Tog’dami, sahroda – bo’ri bo’ridir.
O, kimki u kabi bo’lsa hukmdor,
Bitta suruv emas, el-yurt sho’ridir.
***
Ey do’st!
Yovni kam ko’rmagil, sust ko’rma uni,
Boshingga yetmog’i mumkin bir kuni.
Sahroda ko’rdimki, mitti qoraqurt
Tuproq tishlatibdi katta yilqini.
***
Ey do’st!
«Qoplon o’ldirganman…” – menga bir ovchi
Yosh paytim maqtanib qilgandi bayon.
Kecha xabar aytdi bitta yo’lovchi:
Chaqib o’ldiribdi uni bir chayon.
***
Ey do’st!
Bir qush uchib kirdi xonamga o’zi,
So’ng zarbdan qizardi deraza yuzi.
Nahotki sig’madi bepoyon ko’kka,
Jon berdi kulbamda kuppa-kunduzi.
***
Ey do’st!
Men bir gap eshitdim dashtlik tulkidan,
O’zimni tiyolmay qoldim kulkidan:
«Tovuq zoti borki, meniki erur,
Itingiz quvlaydi nechun mulkimdan?”
***
Ey do’st!
Qo’llaringda bir cho’p ko’rdim bir kuni,
Chayonlar iniga tiqding sen uni.
Cho’p holing tasavvur qildim men g’arib,
Cho’pday o’ynatmog’ing mumkin-ku meni.
***
Ey do’st!
Qalqon bo’lay deya qo’ylar umriga
Qopqon qo’ygan edim bitta bo’riga,
Bu falak dastidan kimga aylay dod,
Bir kiyik tushibdi bo’ri o’rniga.
***
Ey do’st!
Tomchiman, daryo bilan oqmoqdaman,
Yulduzman, ko’k toqidan boqmoqdaman.
Bordirman o’n sakkiz ming olam ichra,
Odam ichra, shodlik ichra, g’am ichra.
***
Ey do’st!
Otash qum ummoni – Sahroi Kabir,
Kunduz tuxum pishar, tunda muzlar u.
Ayol muhabbati shu o’t kabidir:
Pishirar, muzlatar – sir erur mangu.
***
Ey do’st!
Birinchi amalim – sabr-qanoat,
Ikkinchi amalim – harakat, g’ayrat.
To’tiqush emasman Olam qasrida,
Hayotim asosi – tafakkur, ibrat!
***
Ey do’st!
Mardikor bozorga bordim. Qanaqa?
Bir jigit qoshimga keldi. Shunaqa!
Bahoying qancha deb so’ragan edim,
Odamning bahosi, dedi, bir chaqa!
***
Ey do’st!
Dev kabi bahodir bo’lsayu xoqon,
Donolik mulkidan bo’lsa mosuvo,
Demak, vayrona u taxt tutgan makon,
Demak, pishiribdi bo’yrachi halvo.
***
Ey do’st!
Qabriston yonidan o’tar edik jim,
Nogahon tabassum qildi sherigim.
Dedi, go’ristonga qilib ishora:
«Uning to’lganligin ko’rganmi hech kim?”
***
Ey do’st!
So’z so’zga so’zsizsan, dedi,
Ko’z ko’zga ko’zsizsan, dedi.
Tuzdondan bir shivir eshitdim:
Tuz tuzga tuzsizsan, dedi.
***
Ey do’st!
It aytmish, shu qishdan chiqsam gar omon,
Yozda suyaklardan quraman makon.
Yoz kelar, makon yo’q, o’tib ketar yoz,
Qish kelar, bizning it matal aytar boz.
***
Ey do’st!
Do’st! Har kim yashab o’tar o’zin umrini,
Benuqson do’st axtarma, topmaysan uni.
Bog’imda daraxtlarim ko’p erur, aytsam,
Birin hosili mo’l, biriniki kam.
***
Ey do’st!
Bu yo’l oxirida saodat bormi?
Bu yo’l oxirida sadoqat bormi?
Barcha tushib olgan shu bitta yo’lga,
Bu yo’l oxirida adolat bormi?
***
Ey do’st!
Daryolar zaminga tushar osmondan,
Va qaytar osmonga ko’lu ummondan.
Men asli senman-ku, sen esa mensan,
Izlamoq joizmi tog’u yobondan?
***
Ey do’st!
Nurtog’da yashardi yetim qiz yolg’iz,
Kashta tikar edi sehrli, tengsiz.
Kamalakrang ilon ustozi ekan,
Unga erga tegmish shu kashtachi qiz.
***
Ey do’st!
Shar ustida qumursqa yurar aylanib,
Qulab tushmas, qandaydir yurar boylanib.
Yo’lin na boshi bor, na oxiri bor,
Beqaror mangulik, barqaror asror.
***
Sigir o’tlab yurar yashil o’tloqda,
Odam Ato boqqan bu sigirni.
Sigir kavsh qaytarib yotar yotoqda,
Momo Havo soqqan bu sigirni.
***
Ey do’st!
Jon bermish bir iffatli juvon,
Yechintirmish yuvg’uvchi otin.
O, bir zum murdaga qaytmish jon,
Qo’li bilan yopmish avrotin.
***
Ey do’st!
Cho’pon qizni sevardi cho’pon yigit – dov,
Va bir ayiq ham sevmish cho’pon qizini.
Qiz ayiqni sevmish, qochdi toqqa ikkov,
Yigit qizni o’ldirdi, ayiq – o’zini.
***
Ey do’st!
Sulton gado bo’ldi, gado boy bo’ldi,
Baland cho’qqi qulab, bir gum – soy bo’ldi.
Boshingni chayqama tushunmadim deb,
Bahri ummon qurib, sahrojoy bo’ldi.
***
Ey do’st!
Uchmoq uchun qanot kerak, qanot kerak,
Qanot kerak, lekin uni qoqmoq kerak.
Qoqmoq kerak osmonlarni quchmoq uchun,
Quchmoq uchun sabot kerak, sabot kerak.
***
Ey do’st!
Yoz ochiq kunlari. Doira yasab
Burgut parvoz qilar o’z odaticha.
Uni tutmoqlikni orzulab, istab,
Soyasini quvlab yurar bir laycha.
***
Ey do’st!
Men kim, qanotiga ishongan qushman,
Aqli – g’olibdirman, aqli – behushman.
Uzoq yashamadim, lekin ko’p ko’rdim:
Oldimdagi do’stim, ortimda dushman.
***
Ey dos’t!
Tumon. Tumoning bilan nima ishim bor.
Bo’ron. Bo’roning bilan nima ishim bor.
Abadiyat yo’lidaman, adashdimmi?..
Zamon. Zamoning bilan nima ishim bor.
***
Ey do’st!
Tog’lar bo’ronida qolganman omon,
Sahro bo’ronidan chiqqanman eson.
Meni qo’rqitmagin dengiz bo’roni,
Odam bo’ronidan qo’rqaman yomon!
***
Ey do’st!
Cho’qqining cho’qqisi erur – nayzatosh,
Darakchiqush unga qo’nib turibdi.
Poyida baqirdim: — Ne yangilik, xo’sh?
U dedi: — Bu yerda ko’knor unibdi.
***
Ey do’st!
G’ayb begonadir, ilm – begona,
O’zicha «oh” urdi bir cho’pon bola:
«Kimga suyanayin?…” Bir nido keldi:
— Tayog’ingga suyan, hoy, sulton bola!