Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда сайёрамиз Ернинг бир неча хусусияти келтирилган. Биз қуйида Ерга хос бўлган етти хусусиятни келтирамиз.
ЕРНИНГ ЕТТИ ХУСУСИЯТИ
1. Ер покловчи.
Поклик Исломнинг асоси саналади. Динимизда ҳар бир нарса покликка таянади. Бандалар моддий тарафдан пок бўлишларида сувнинг ўрни беқиёс. Аммо таҳорат ёки ғусл қилиш учун сув топилмаганда ёки сув ишлатишга қодир бўлмаганда, банда покиза тупроқ билан таяммум қилади. Бунда ер жинсидан бўлган пок нарсаларни қўллаш жоиз. Масалан, тупроқ, қум, майдо тошлар, оҳак ва ҳоказо.
2. Ер намозгоҳ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ер мен учун масжид ва покловчи қилинди” (Сунан соҳиблари ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Бошқа динларда ибодат қилиш учун маълум жойларга бориш талаб этилади. Аммо динимиз Исломда ибодатларни махсус жойда бажариш шарт эмас. Чўл бўладими ёки боғу-роғми, фарқи йўқ, агар ер тоза бўлса, у ерда намоз ўқиш мумкин. Мавриди келганда эслатиб ўтиш лозимки, Ернинг покловчилиги ва ерда намоз ўқиш жоизлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа пайғабарлардан ажратиб турувчи сифат ҳисобланади.
3. Ер бешик.
Аллоҳ таоло Набаъ сурасининг 6-7 оятларида шундай деган: “Биз Ерни тўшак ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!”
Бу ерда ажойиб ўхшатиш қилинмоқда. Тўшак (арабчаси “миҳаадаа”) аслида чақалоқ ётиши учун тайёрланган ўринни, яъни бешик маъносини англатади. Ер ҳам инсонлар фойдаланишлари ва ҳаёт кечиришлари учун қулай қилиб қўйилгани назарда тутилиб, “тўшак”ка ўхшатилмоқда.
Ҳақиқатан, Ер ва унинг тузилиш, ундаги қулайликлар ҳақида ўйлаб кўрган киши ушбу оятнинг нақадар ҳақлигига амин бўлади. Ер коинотдаги кичик сайёралардан бири бўлишига қарамай у инсон ҳаёт кечириши, тирикчилик қилиш, экин экиши, яшаши ва макон тутиши учун Аллоҳ томонидан жуда қулай қилиб қўйилган. Коинотдаги бошқа сайёраларда Ерга хос бундай хусусият йўқ.
Ернинг қулай қилиб қўйилганини қуйидагилардан кўриш мумкин:
1. Ерда инсон учун энг муҳим бўлган, унинг нафас олишини таъминлайдиган ҳаво мавжуд.
2. Ер ўзининг унумдорлиги билан одамларга деҳқончилик ва шунинг орқасидан тирикчилик қилиш имконини беради. Чунки Ер кавлаш учун қулай – юмшоқ ва унда унумдорлик бор. Бандалар ибрат олишлари учун ернинг баъзи қисмлари унумсиз ва қаттиқ қилиб қўйилади.
Аллоҳ таоло бандаларига ризқларини етказиб беришни ваъда қилган. Ана ўша ризқнинг пайдо бўлиши учун Аллоҳ ерни сабабчи қилиб қўйган. У Зот осмондан ёмғир ёғдиради ва ердан турли-туман ўсимликлар, ўт-ўланлар ўсиб чиқади ва бу нарсалар инсоният ва бошқа жониворлар учун ризқ бўлади.
3. Ерда одамлар фойдаланишлари учун анҳор ва дарёлар чиқариб қўйилган, чучук сув ва ундан фойдаланиш енгил қилинган.
4. Ернинг қулай қилиб қўйилганини озон қатлами мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ердан тахминан 20-25 км тепада жойлашган ушбу қатлам махлуқотларни осмондан келадиган турли зиён етказувчи нарсалардан – зарарли нур ва шу кабилардан ҳимоя қилиб туради.
4. Ер бўйсундирилган.
Аллоҳ таоло айтади: “У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида юринглар ва У (Аллоҳ)нинг ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бордир” (Мулк, 15).
Аллоҳ таоло бандалар учун Ерни бўйсундириб, уни хокисор ва сокин қилди. Қаттиқ силкиниб устидаги махлуқотларни ҳалок қилмаслиги учун уни тоғлар билан мустаҳкамлаб қўйди. Ердан сув чиқариб, анҳор, дарё ва денгизларни яратди. Махлуқотлари фойдаланиши, бандалари зироат ва чорвачиликда манфаат олишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Шунингдек, Аллоҳ Ерда турли йўлларни пайдо қилди. Бас, эй инсонлар, Ернинг турли жойларида юринглар, ризқ талабида ҳаракат қилинглар! Унутмангларки, қиёмат кунида дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалингиз ҳақида ҳисоб бериш учун Аллоҳнинг даргоҳига қайтасизлар, деган маъно чиқади ушбу оятлардан.
Аллоҳ таолонинг Ерни бўйсундириб қўйганини яна қуйидаги мисолларда ҳам кўриш мумкин. У Зот Ерни тошдек қаттиқ қилиб қўймади, балки юриш осон бўлиши учун юмшоқ қилди. Бандалар ерни кавлаб, экин экишлари, бино қуришлари учун майин қилди. Агар ер тош, олтин ёки темир каби бўлганида, ёз фаслида жуда иссиқ, қишда эса ҳаддан ташқари совуқ бўлар эди. Шунингдек, Ер ўликларни ўз бағрига олиб, атроф-муҳитни мусаффо ҳолида сақлайди ва кўплаб касалликлар тарқалишининг олдини олади. Мана шу нарсаларнинг барчаси Ернинг инсон учун бўйсундириб қўйилганини англатади.
5. Ер кифоя қилувчи.
Ер ҳамма нарсага кифоя қилади. Инсон тириклигида ўз елкасида кўтариб юради. Вафот этганидан кейин эса уни бағрига олади. Шу билан ер инсониятга оналик вазифасини бажаради. Бежизга одамлар сайёрамизни “она ер”, ўзлари туғилиб ўсган юртни “она ватан” деб айтмайдилар.
Бундан ташқари Ер бошқа нарсаларга ҳам кифоя қилади. Масалан, дарахт унинг барглари ва бошқа чиқиндиларни олайлик. Агар Ер бу нарсаларни ўз вақтида чиритиб турмаса, ҳамма ёқ чиқиндига тўлиб кетган ва оқибатда инсон катта муаммо остида қоларди. Демак, Ер чиқиндиларни ўз бағрига олиб, ҳаво ва атроф-муҳит тозалигини сақлашга ёрдам беради.
6. Ер қимирлайди.
Ер аҳён-аҳёнда Аллоҳнинг изни билан қимирлайди. Бу турли даражада бўлади. Баъзан қаттиқ, баъзида эса секин. Аммо қиёмат куни Ер қаттиқ қимирлайди. Ҳозирдаги каби унинг маълум қисми бир озроқ силкинмайди, балки бутун Ер шиддат билан қимирлайди. Шунда Ердаги барча нарса остин-устин бўлиб кетади.
Инсон ердан пайдо бўлган ва яна ерга қайтади, вақт ўтиши билан тупроққа айланади. Бу Аллоҳнинг ўзгармас қонуни. Шу сабаб банда ерга яқин бўлиши, бурни осмонда бўлишдан – кибрдан сақланиши керак. Уламолар ерда кўпроқ намоз ўқишнинг фойдалари кўплигини таъкидлашган. Ўша фойдалардан бири Ернинг қиёмат куни банда фойдасига гувоҳлик бериши бўлса, иккинчиси бу билан банда секин-аста кибр ва манмаликдан халос бўлади.
7. Ер хабар берувчи.
Аллоҳ таоло Залзала сурасининг 4-5-оятларида “ана ўша кунда Парвардигори унга амр қилгани сабаб (Ер ўз) хабарини айтади”, деган.
Охиратда Ер Аллоҳнинг амри билан гапириб, бандалар қилган яхши ва ёмон амаллар ҳақида гувоҳлик беради.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ “ана ўша кунда (Ер ўз) хабарини айтади!” оятини тиловат қилдилар ва: “Унинг хабари нима эканини биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Унинг хабари устида ҳар бир эркак ва аёл нима амал қилганини айтишидир. У: “Шу-шу кунда фалон амални қилди”, деб айтади”, дедилар” (Термизий, Насоий, Ҳоким, Байҳақий, Ибн Жарир Табарий ривояти. Термизий ва Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, дейишган).