Ne’mat Arslon. Bir yigitning xayoli yoxud kuyning tug’ilishi

08

Алиқамбар бобоси Юсуф Фарёдийга ўхшаб бошини оҳиста ликиллатганча қаршисидаги дарахтга қараб ўтирар ва энг қадимий, энг ғамгин, энг маҳзун қўшиқларни хиргойи қиларди. Гоҳида бундан шу даражада таъсирланардики, кўзларидан шашқатор ёш оқаётганини сезмасди. Ёш, навқирон, куч-қувватга тўлган йигитга хос ва мос эмасди, албатта, бундай қилиқ. Аммо начора, табиат уни шундай қилиб яратганди. Дарахтлардаги минг-минг япроқларнинг бири иккинчисига ўхшамаганидек, Алиқамбар ҳам бошқаларга ўхшамасди.

021
Неъмат Арслон
БИР ЙИГИТНИНГ ХАЁЛИ ЁХУД КУЙНИНГ ТУҒИЛИШИ
Новелла
09

047Неъмат Арслон (Арслонов) 1941 йил 7 июн куни Шаҳрисабз тумани Мираки қўрғончаси яқинидаги Такия қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган (1965). 1971-80 йиллардан бошлаб «Адабиёт ва санъат» газетаси, «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида ҳикоя, қисса ва романлари босила бошлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Адибнинг»Аёл сувратига чизгилар», «Олдинда яна тун бор» ҳикоялар тўпламлари, «Адам водийси», «Мавҳумот» романлари ва бир қатор асарлари чоп этилган .

021
099илингизда бирор куйни, тўғрироғи, энг севган куйингизни хиргойи қилатуриб дарахтга қараганмисиз? Келинг, бир шундай қилиб кўринг, жуда қизиқ ҳолатни кашф этасиз. Муштараклик! Инсон қалби билан дарахт вужуди ўртасидаги ҳамдардлик. Шохлар, новдалар ва япроқлар ўша сиз куйлаётган мусиқага монанд тебранади. Ҳатто қилт этган шабада йўқ паллада ҳам киши бу муштаракликни илғаши мумкин. Аслида ёруғ дунёда ҳамма нарса титраб туради: ҳатто ғиштлар, уйлар, тоғлар ҳам. Аммо уларнинг ҳеч бири дарахтларчалик инсон дилини забт этган оҳангларга эш бўлолмайди.

Алиқамбар ҳамиша шундай қиларди. Бобоси Юсуф Фарёдийга ўхшаб бошини оҳиста ликиллатганча қаршисидаги дарахтга қараб ўтирар ва энг қадимий, энг ғамгин, энг маҳзун қўшиқларни хиргойи қиларди. Гоҳида бундан шу даражада таъсирланардики, кўзларидан шашқатор ёш оқаётганини сезмасди. Ёш, навқирон, куч- қувватга тўлган йигитга хос ва мос эмасди, албатта, бундай қилиқ. Аммо начора, табиат уни шундай қилиб яратганди. Дарахтлардаги минг-минг япроқларнинг бири иккинчисига ўхшамаганидек, Алиқамбар ҳам бошқаларга ўхшамасди.

Чоргоҳ. Йигитнинг кўнгли ана шу куйга мойил. «Қаро кўзингни асири мудом сурмагун» деб паст, босиқ ва шикаста овоз билан бобоси Юсуф Фарёдий услубида хиргойи қиларкан, ҳамиша кўз ўнгида тошқин, сокин-у жуда қудратли дарё намоён бўларди. Унинг қирғоқлари йўқ. Тўлқинлар салобатли, поёнсиз бу дарёнинг чайқалишлари маҳобатли ва улуғвор. Қаршисидаги дарахт ҳам дарё тўлқинларига сингиб бормоқда. Новдалар дам жазавага тушгандек шиддаткор силкиниб, дам сокин дарёдек икки қирғоқ ўртасида чайқалади. Аммо қирғоқнинг ўзи кўринмайди. Узоқ- узоқлардан, нариги соҳилдан, бобосининг
… Чаманда сарви қаддингдек нафис эмас шамшод, Юзинг гули каби ризвон гули эмас мумтоз…
деб куйлаётгани эшитилгандек бўлади. Алиқамбар донишманд қариянинг сўзларини энди маҳдудлик занжирини узиб чиқиб тобора кучайиб бораётган овоз билан такрорлайди. Бобосининг шу ғазални куйлаётган зеру забар ҳолатини, нуроний кўзларидан оқиб тушаётган ёшларни аниқ кўради. Дарахт шохлари эса нафосат билан гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга таъзим қилади. Танасининг тебранишларида босиқлик ва худди дарёдек салобат бор. Юқоридан пастга томон таралаётган титроқларга бағри кенглик билан тебраниб мойиллик билдираётир. Япроқлар эса бутун вужуди билан зириллаб, пириллаб ўйинга тушмоқда. Кекса шамшоднинг бу ҳолати ҳам бобосига ўхшайди. Қария дуторнииг қулоғини бураб, жўр қила туриб: «Ўғлим, шуни ёдингиздан фаромуш қилманг, дарахт нафақат мўъжиза, балки мусиқадир» деганди ва дуторнинг силлиқ косасини силаб қўйиб «Чоргоҳ»ни чалиб берганди. Бу куй Алиқамбарнинг қалбида бир умрга муҳрланиб қолди. Юсуф Фарёдий теран ақл эгаси бўлишига қарамасдан боладек соддадил эди. Унинг сўроқлари одатда шу қадар жўнгина, муғомбирликдан шунчалик йироқ бўлардики, Алиқамбарнинг кўнглида бобомга нима бўлган ўзи деган шубҳа кечарди. Бир сафар Юсуф бобо дуторни чертиб ўтираркан, мадрасадан қайтган набираси муллаваччаларга хос тавозеъ билан қаршисида турганини кўриб ўтиришга имо қилди. Бармоқлари бир дам ҳаракатдан тўхтади, куй тинди.
— Алиқамбарбек, устодингиз не сабоқлар ўргатдилар?- сўради беқиёс меҳр кўрсатиб.
Ўспирин аввал билимдонлик билан, аммо одоб доирасидан чиқмай мадрасада олган
сабоғини такрор этди, сўнгра бир болани хипчин билан уришганини сўзлай бошлади: Биз: «Э худо, хипчинлар тезроқ синса эди» деб дуо ўқиб турдик, деди ҳаяжонини яширолмай.
— Дуоингиз синдирдими хипчинларни?
— Йўқ! — жавоб қилди ўспирин гўё шундай бўлиши ҳам мумкинми дегандек ҳайрат билан.
Бобо тепадан қуюқ соя ташлаб турган зардоли дарахтига қаради ва бундай деди:

— Набирам, шу жонивор ҳам қариб ҳосилдан қоляпти. Уни кесиб ўрнига бошқа бирор нарса ўтқазсак қандай бўларкин?
Ўспирин дарҳол жавоб қайтарди:
— Бобожон, ахир ўзингиз айтгандингиз-ку, бу дарахт табаррук, катта бобонгиздан хотира деб. Зеро, шундай экан, уни кесмайлик.
Бобо анчагача булқиллаб кулди. Алиқамбар «зеро» сўзини бошқачароқ оҳанг билан айтган, кези келганда ана шундай калималарни билишини кўрсатмоқчи эканлиги билиниб қолганди. Бобо бу учун эмас, балки бутунлай бошқа нарса туфайли кулаётганини билдириш мақсадида яна сўради:
— Унинг хивичи билан устодингиз сизни саваласалар-чи? Шунда сиз кекса зардолуни лаънатлайсизми?

Ўспирин бобосининг бароқ қошлари остидан ҳорғин кулиб турган кўзларига қаради. Чолнинг ўсмоқчилаб сўраётгани, бу гапларнинг ҳаммаси кексаликка, меҳру оқибатга, фақат фойда деб муқаддас нарсаларни поймол этмасликка қаратилганини ҳамда бошқа кўп яширин маънолар борлигини пайқади. Пайқади-ю ўзининг ҳам анчагина нарсаларга ақли етадиган йигит бўлиб қолганини ҳис қилди. Бобосининт бу қадар соддадиллик билан синов ўтказаётганидан кулиб қўйди-да, кўрпача устида турган дуторга қўл чўзди.

Алиқамбарнинг бармоқлари худди қизларникидек учига томон ингичкалашиб кетган, нозик, тирноқлари нафис, пушти рангда эди. Улар пардалар о расига босилганда оқарар, тор устида сукут қилганда яна гул япроғи рангини оларди. Бобо беихтиёр ўзининг қўлларига қаради. Ичига чўккан тирноқлари вужудида хасталик хуруж қилаётганини ёдига солди. Бир лаҳза дилига чўккан ўксик туйғуларни торларнинг жаранглаши тарқатиб юборди. Набиранинг бармоқлари нозик бўлса ҳам таралаётган куй қудратли эди, ёшлик жўшқинлиги, келажакка умид тароналари чалинаётган куйга ўзгача шукуҳ бағишларди. Бу ўспирин болалик беғуборлигидан чиқиб, йигитлик умидлари, висол иштиёқи билан сайқал топаётганидан дарак берарди. Қария буни англади. Ҳалиги дарахт тўғрисида берган саволи энди ўзига ҳам эришроқ туюлди.
— Умрингиздан барака топинг! — деди чол. Кўзларида қувонч ёшлари ҳалқаланди.
— Машқини зап олибсиз.
Фақат авжига чиқаётганингизда бироз кескинлик бор. Мана бу жойда…
Бобо дуторни олиб чалиб кўрсатди. «Мана, мана бу жойда сакталикни сездингизми» деб авжини қайта чалди. Ўспирин бош ирғаб маъқуллади. Дуторни олиб ўша жойини бобоси ўргатгандек чертди.
— Авжини ҳеч чиқаролмай юргандим, — тан олди Алиқамбар, — икки парда
пастдан олсам нимадир етмаётгандай, уч парда олсам ошиб кетаётгандай бўлаверди. Бутунлай бошқа жойдан олиш хаёлимга келмаган экан.
— Бу қандай куй ўзи? Аввал ҳеч жойда эшитмагандайман.
— Ўзимизники бобожон! «Кўчабоғи биринчи» деб атамоқчиман.
— Балли, набирам! Сиздан умид ҳам шу эди аслида. Энди омонатини топширсам ҳам армон қилмайман.

* * *

Алиқамбар ҳужрасига анча кеч қайтди. Дарвоқе, ўтган йил куздан буён Дор-ут тиловат мадрасасининг кичкина бир ҳужрасида истиқомат қила бошлаганди. Бобосининг вафотидан кейин унинг раъйига ота-она қаршилик кўрсатишмади. Алиқамбар мадраса ҳовлисини кесиб ўтиб ҳужрага кирганда шам липиллаб ёниб турар, дўсти кўрпача устида чордона қуриб ўтирганча китоб кўрарди. У мутолаадан бош кўтариб Алиқамбарга қаради.
— Биродар камнамосиз?
— Шундай… Ҳелак бўйида бироз юриб қайтдим, — тутилиброқ жавоб берди  Алиқамбар. Юзига қизиллик югурди. Ҳаяжонланганиданми ёки ҳолатини билдириб

қўйишдан истиҳола қилибми ё бўлмаса атайлабми шамни ўчириб қўйди. Тахмондан такя олиб кўрпача устига тап этғизиб ташлади, липиллаб турган шам ўчди-қолди. Кичкина ҳужра йигитларнинг кулгусидан жаранглаб кетди. Адҳам болаларнинг қўлда айлантириб ўйнайдиган тартарагидек қуруқ шақирлаган овоз билан кулар, Алиқамбарнинг майингина, қиқирлашга яқин, аммо тоғ дарёсидек жўшқин кулгуси «тартарак» овози орасидан аниқ эшитиларди.
— Кўп кулманг, йиғлайсиз!
Адҳам дўстига шундай деса ҳам ўзи тўхтамай куларди.
— Хона ёруғ ҳам эмаски, тирноқ кўкига назар қилсак, — Алиқамбарнинг овози эшитилди қоронғуликдан.

— Дарвоқе, биродар, шу ақида тўғрими ўзи дейман. Шайтони ражим қутқу солиб ўзингизни босолмай турганингизда тирноқ кўкига қарашингиз билан кулгу таққа тўхтайди. Қайси кун устод Минқорийнинг сабоқлари пайтида нима ҳам бўлиб ичимда чунон ҳам кулги қўзғалдики, хайрият бирдан шу ақида ёдимга келиб ўзимни босиб олдим.
Йигитлар жимиб қолишди. Бир-икки дақиқадан сўнг пўлат ҳалқанинг чақмоқтошга шарқиллаб урилиши эшитилди. Учқунлар сачраб пахта олов олди; Ундан пиликни ёндиришди. Шам ёруғида йигитлар бир-бирларига мамнун нигоҳ ташладилар. Адҳам бироз дағалроқ бўлса ҳам самимий йигит. Айниқса ҳозир юракдан кулгандан кейин янада дилкаш кўринарди. Алиқамбар унинг юзига тикилиб тураркан, бор ҳақиқатни айтсаммикан деган хаёлга бориб жим қолди. Шу қисқагина фурсатда кўз олдида яна ўша хилқат гавдаланди. Аслида аёл зотига ҳадеб қарайвериш одати йўқ эди. Аммо шу куни қизиқ воқеа рўй берди. Илми нужумдан оғир бир сабоқни дилида такрор қилиб шаҳарнинг хилватроқ кўчасидан бораркан, йўл бўйидаги дарвозалардан бирининг занжири шиқирлагани диққатини тортди. Қаради. Аёл кишининг шарпасини англаб нигоҳини ерга олди ва шу заҳоти бош кўтариб яна дарвоза томонга назар ташлади. Кўчанинг нариги бошигача бориб ортига қайтди. Гўё кўзга кўринмас иплар уни изига қайтишга мажбур қилаётгандай. Қайси йўлга юрмасин, тағин шу дарвоза олдидан келиб чиқаверди. Неча бор қайтиб келмасин, ҳалиги қизни бошқа кўрмади. Нафақат ўша куни, балки ундан кейин ҳам кўрмади. Мадраса томон йўл оларкан, дарвозадан қанчалик узоқлашса, уни банд этиб турган иплар шунчалик кучлироқ тортар, салгина иродасизлик қилса ўша кўзга кўринмас куч шиддат билан дарвоза томон судраб кетишини биларди.
— Ё парвардигор! Ким бўлди бу жон офати! — дея ички бир нидо билан хитоб қиларди Алиқамбар. — Нега бундай қаради? Нигоҳидан учган қора бир чақин кўзларимдан кириб юрагимни куйдириб юборди. Вужудим ўша ларзадан ҳамон дарахт япроғи янглиғ титраб турибди. Мендек фақирул ҳақирга не боисдан бундай ғамза қилди! Ё шундай туюлдимикин? Йўқ, сурмагун кўзларидаги ёлқинни аниқ қўрдим. Қўрқиб нигоҳимни ерга олдим. Сўнгра шу пайқаганим ҳақиқатми деб яна қарадим. Эгнида арғувоний кўйлак. Юзларида ҳам шу ранг жилваси бор. Этаги нозик оёқларини беркитиб, сахтиён ковушининг садаф тугма қадалган бетига тушиб турибди. Қизиқ, шуларнинг ҳаммасини наҳотки бир-икки назар солишда илғаб олган бўлсам. Ҳатто ҳаракатлари ҳам кўзимга аниқ кўриниб турибди. Дарвозани қия очиб ташқарига мўралади. Илкис бир қадам қўйиб остонадан ҳатлаб ўтди. Аввал мени тасодифан кўриб қўрқиб кетгандек бўлди. Сўнгра кўзининг бир чети билан қиё боқди. Қизлар нима учун шундай қарашаркин ўзи?! Лабларида табассум зуҳр этди. Ортига ўгриларкан, мени чорлади. Лекин нима билан чорлади? Овоз бермади, имо қилмади. Кўзлари биланми? Йўқ, юз ифодаси билан, бутун вужуди билан чорлади. Илтижо-чи, хаёлимда нигоҳида илтижо ва ўтинч, ҳатто озроққина ғам бордек эди. Аёл зотини нега бундоқ қилиб яратди экан! Кўз ўнгингда бир лаҳза намоён бўлиши билан бир дунё муаммони, минглаб нуқталарни ҳавола этишга улгуради.
Адҳам дўстининг шам алангасига тикилганча сукутга чўмиб қолганини ўзича тушуниб дарҳол бошқа масала хусусида гап бошлади.

* * *

— Бойғуро-о-об, анта калбан кабиро-о-о!
Алиқамбар ҳайратдан қотиб қолди. Хатиб етти иқлимга донғи кетган бойни хутбага қўшиб ўқимоқда эди. Шу эшитганим ростми дегандек ён-верига аланглади. Ҳамма, ҳатто Адҳам ҳам намоз тартибини ҳеч қандай нуқсонсиз бажармоқда. Алиқамбар янглиш эшитдиммикин деган ўй билан хатибга қаради. Бойғуроб бойлиги билан қанчалик машҳур бўлса, Дор-ут тиловат мадрасасида, балки бутун Шаҳрисабзда хатиб ҳам шунчалик эътиборли эди. Жўшқин ғазаллари, аччиқ ҳажвиёти билан тобора шуҳрат топиб борарди. Билими кучлилигиданми, шаҳар боёнлари орасида эркин сезарди ўзини. Кескин мулоҳазалари, ўзига ёқмаганларни ҳажв қилиши билан уларни чўчитиб турарди.

Алиқамбар хатибнинг улуғвор юзига, оппоқ дасторига қараркан, бир дам кўзлари тўқнашди. Бойғуроб билан хатиб ўртасида азалдан низо борлигини эшитгандай бўлганди. Шундай бўлса ҳам хатибнинг ўз душманидан хутба орқали қасос олмоқчи бўлаётганлигига ишонмади. Хатибнинг овози қироат билан янграрди:
— Бойғуроб, анта калбан каби-и-р-о-о!

Алиқамбар нигоҳини ерга олди.

—Бойни хутбага қўшиб ўқиш мумкинми? — сўради у жума намози тугаб ҳамма тарқалгандан сўнг Адҳамдан.
—Йўқ, фақат мамлакат ҳукмдоринигина хутбага қўшиш мумкин, — жавоб берди Адҳам.
Улар мадрасадан чиқиб катта йўлга ўтишди. Кўк Гумбаздан Оқсаройгача чўзилиб кетган расталарда одам кўп. Савдо-сотиқ қизғин. Ҳинд савдогарлари қопларнинг оғзини ҳимариб қўйиб чойга чақиришади. Раста олдида тўхтаб чойнинг сифатини кўрмоқчи бўлганларга бир ҳовуч чой тутқазиб, олиб бориб ичиб кўришни, ёқса келиб савдо қилишни айтишади. Араблар, фаранглар, руслар ҳам бор. Бозор ари уясидек ғувиллайди. Бироқ Алиқамбарнинг эътиборини заррача ҳам тортмади бу ғала-ғовур. «Хутбага қўшиб ўқиш балки жоиздир, лекин ҳақорат этиш-чи?» дерди ўзига ўзи. “Бойғуроб, анта қалбан кабиро”, бу — Бойғуроб, сен катта итсан дегани-ку. Ё қалбан сўзини янглиш эшитдиммикин. Балки «қалбан»дир, аммо бундай сўз…
— Дарвоқе, сиз нега буни сўраяпсиз?
Адҳамнинг товушидан ўзига келди. Аммо нимани сўрагандим деб бир дам ўйланиб қолди. Гарчи шу ҳақда фикр юргизиб бораётган бўлса-да, ўз ўйлари билан шу даражада банд эдики, ҳатто ёнида дўсти борлигини унутганди.
— Сўрадингиз-ку, бойни хутбага қўшиб ўқиш мумкинми деб.
— Ҳа, хатибимиз Бойғуробнинг номини айтгандай бўлдилар.
—Тўғри англабсиз. Гап бундай: уч кун аввал Бойғуроб мадрасага келиб хатибни ҳузурига чорлаган. Яъни ичкарига кирмай, қудуқ ёнида катта тут бор-ку, ўшанинг тагида тўхтаб бир муллаваччадан чақиртирган. Аввалдан низоли эмасми, хатибнинг кўнглига оғир ботган. Шундай бўлса ҳам чиқиб салом-алик қилганлар. Бойғуробнинг аъёнларсиз, хизматкорларсиз ёлғиз ўзи келганидан муҳимроқ гап бўлишини сезганлар хатибимиз.
—Мулло, нега хутбага Иброҳим бойни қўшасиз, Муҳаммад бойнинг номини тилга оласиз. Қаҳҳор бою Жабборбойларни мадҳ этасиз-у улардан ўн чандон бой бўлатуриб менинг номимни айтмайсиз? — деб гинахонлик қилган бой. Хатибимизни биласиз, ҳазил-мазаҳ бўлса ҳатто… Хуллас, саводсиз бойдан қутилиш мақсадида бундай гап қилганлар:
— Тақсир, Иброҳимбой номи муборакларини хутбага қўшиб ўқишим учун мадрасага минг танга ҳадя этганлар.

Бой бу гапдан бир лаҳза каловланиб қолган, сўнгра «Минг танга бўлса, о ласиз, бу жума намозда менинг номимни ҳам қўшиб ўқинг» деб буюрган. Мана, хамир учидан патир, деб беш-ўн танга ташлаб чиқиб кетган. Бу калондимоғлик хатибнинг кўнглига қаттиқ теккан. Қолганини ўзингиз эшитдингиз.

—Бойғуроб-чи, ахир у киши тушунмайдими бу сўзларни?

—Бойғуробми, йўқ, араб лафзидан бир сўз ҳам билмайди.

—У киши билмаса халқ билади-ку, эшитади-да.
—Ҳеч нарса бўлмайди. Ҳақиқат хатибимиз томонда. Бу гап мамлакат подшосининг қулоғига чалингудек бўлса, бойнинг ўзига ёмон. Чунки хутбага пайғамбарлар номидан кейин фақат бир кишининг, у ҳам бўлса, подшоҳнинг номи қўшилиши мумкин. Бўлак нарса жоиз эмас.
Адҳам гап билан бўлиб дўстининг ҳолатидан бехабар қолди. Алиқамбар йўл ўртасида тўхтаб нақшинкор дарвозага тикилганча қотиб қолганди. Адҳам ортига қайтиб унинг ёнига борди. Тўхтади, дўстининг олдига ўтиб кўзларига тикилди. Қўрқиб кетди. Дўсти ҳеч нарса пайқамас, бутун вужуди билан дарвоза томонга талпинар, аммо оёқлари михлаб қўйилгандек жойидан қўзғалмасди. Шаҳарнинг Кўчабоғ маҳалласидаги бу дарвоза Бойғуробникилигини Адҳам биларди. Лекин Алиқамбарни бунчалик сеҳрлаб қўйган нарса нима? Дарвозанинг олтин суви юритилган нақшларимикин? Нилий гумбазларми? Аммо Алиқамбар бойликка сира қизиқмасди. Унинг ҳушу фикри мусиқа ва ғазалиёт. Шундай бўлгач нега дарвозага тикилганича титраб-қақшамоқда?
Алиқамбар қаршисида Адҳамнинг ажабланиб турганини кўриб ўзига келди. Юзи алвондек қизарди. Дарҳол узр сўради. Жимгина орқаларига қайтишди. Ҳар ким ўз хаёли билан банд. Адҳам бу ҳолатнинг сирини мавриди келганда сўраш мақсадида оғиз очмади. Назарида дўстининг тоби қочган кўринарди. Балки бойнинг қизини севиб қолгандир, деган хаёлга ҳам бордию бу фикрни дарҳол рад этди. Бойнинг ўн етти яшар қизи борлигини эшитганди. Лекин уни кўриш Алиқамбарга йўл бўлсин! У маҳлиқога ҳатто қуёшнинг ҳам назари тушмаган дейишади.

***

Орадан кунлар ва ойлар ўтди. Дўстининг ҳолати Адҳамни тобора ташвишга соларди. Баъзан ярим тунда уйғониб унинг нималарнидир шивирлаётганини ёки аста-аста кулаётганини эшитиб қоларди. Кузнинг рутубатли кунларидан бирида ҳужрада олов ёқиб танча олдида икки дўст ёлғиз ўтиришарди. Алиқамбар ҳамишагидек қўлига дуторни олди. Адҳамнинг кайфияти кўтарилиб кетди. Бундай лаҳзалар ҳаётнинг бетакрор дамлари ҳисобланарди. Хурсандчилик шарафига қумғон қўйилди. Дастурхонда патир нон, бир пиёлагина асал пайдо бўлди.

Тун оқшом бўлдию келмас менинг шамъи шабистоним…

Алиқамбарнинг майин, бироз хастароқ ёқимли овози ҳужрада таралар, танча ичидаги қумғон чўғ устида нола қилар, Адҳам куйга монанд тебранганча эриб ўтирарди.

Ташқарида оқшом чўкмоқда. Ҳужра деразасининг чорчўплари ортидан кўриниб турган осмон қорайиб боряпти. Бу оқшом одатдан ташқари нимадир юз берадигандай. Қоронғулик борган сари қуюқлашар, борлиқ қора ранглар шарпасига ҳокисорлик билан қулоқ тутиб, унинг измига бўйсунишга тайёр тургандек.
Куй тўсатдан узилди. Алиқамбар ирғиб ўрнидан турди ва ташқарига шошилди.
— Подшолар пиёда борадиган жойгами?

Жавоб бўлмади.
Бироздан сўнг Адҳам унинг ортидан чиқди. Аввал ҳовлини айланиб юрди. Чиқиб қолар деб ўйлади. Бошқа муллаваччалар истиқомат қиладиган ҳужралардан бир- иккитасига кириб чиқди. Алиқамбардан дарак йўқ. Хужрага қайтиб кирди. Бир муддат оловнинг ловуллашини томоша қилди. Бироздан кейин қумғон ғингиллаб ашула айта бошлади. Унинг ноласига одатда биз эътибор қилмаймиз. Тезроқ қайнасин деб оловини кучайтирамиз, қумғон бўлса баттарроқ нола қилаверади. Ниҳоят тинчийди ва шақирлаб кула бошлайди. Балки аламдан, балки ўз вазифасини ўтаганидан, ё бўлмаса умрини чўғ устида нола қилиб ўтказганидан кулади. Адҳам бу ҳолатларнинг ҳаммасида инсон умрига хос нимадир борлигини ҳис қилди, аммо нималигини англолмади. Бирдан Алиқамбар ёдига тушиб ташқарига отилди. Тўғри Кўчабог маҳалласи томон юрди. Дўстининг ўша кунги ҳолатини эслаб уни албатта ўша ердан топаман деб ўйлади. Қоронғулик бағрига шўнғиб бораркан, кўнглини бир-бирига қарама-қарши фикрлар қамраб олди.

* * *

Алиқамбар қоронғуда пайпаслаб дарчани топди. Аввал секингина ўзига тортиб кўрди, сўнгра итарди. Эшикча товушсиз очилди. Йигит эгилганча эҳтиёткорлик билан ичкарига кирди. Юрагининг гурсиллаб уриши баралла эшитиларди. Дарахтларнинг қора кўланкаси орасидан узоқда бир даста нур милтираб турибди. Сирли оламга кириб қолгандек нафасини ичига ютиб кута бошлади. Бир пайт ўша нурни қандайдир шарпа лип этиб кесиб ўтди. Ё ҳаёт ё мамот, шивирлади йигитнинг вужудида титроқ бир товуш. Шошилинч, аммо эҳтиёткорлик билан босилаётган қадам товушларига бутун вужуди билан қулоқ тутаркан, келаётган киши ким бўлганда ҳам эркак эмаслигини англади. Шарпа тўхтади. Алиқамбар лоақал қизнинг исмини ҳам билмаганлиги сабабли нима қиларини англамай турарди. Секингина томоқ қирди.
—Кимсиз? — чўчинқираган товуш билан сўради қиз.
—Мени кечиринг, умидворлик била… Сизни ўшанда дарвоза олдида кўргандим.
—Исмингиз Алиқамбар, шундайми?

Қизнинг овозидаги илиқликдан бироз тетикланди йигит.
— Ҳа, ҳа, биларкансиз…- қизга яқинроқ борди, -ўзингизнинг номи муборагингиз?
— Фотима.

— Фотима бону, мен фақирул ҳақирни қаердан танийдурсиз?

— Ундоғ сўзламанг, сиз энг бадавлат кишидурсиз… эркингиз бор.

— Камина тутқунмен, домингизга илинганмен.

Қиз оҳиста хўрсинди:
— Бу домга мен сиздан аввалроқ илинганман. Шу кўчадан бот-бот ўтасиз. Дарвоза ёриғидан кўп кузатганман. Икки йил бўлди. Ўша куни ниҳоят дарвозани очиб ўзимни кўрсатдим…
Йигит унинг енги учига астагина қўл узатди.
— Бўлди, энди кетинг!

Йигит бош эгганча тураверди.
— Ожиз бир кабутарнинг ўлимини истайсизми?
Бу шивирлашда йигитнинг кетишига даъват бўлса ҳам қизнинг овозидаги оҳанг бунинг бутунлай тескарисини ифодалаб турарди. Шу ерда мангу қол, сен учун жонимни қурбон қилишга розиман деган чорлов бор эди. Бир муддат жим қолишди. Ҳар қандай суҳбатдан жозибали эди бу жимлик. Сукут оғушида бир-бирига етишишди улар. Юракнинг ва бутун вужуднинг мулоқоти эди бу. Энг ёрқин ва энг соҳир оламда сайр этардилар. Аммо бу олам гирдо гирди тубсиз жарлар билан ўралган эдики, шу бахтиёр дамда бир-бирига талпиниб турган икки қалб даҳшатли чоҳнинг фақат узоқ-узоқлардан таҳдид солиб турган шарпасинигина англар, бироқ висол лаззати ва учқур орзулар хавф- хатарни писанд этмас, юксак-юксакларда учиб юрар, фақат бу пастликда қолган тубсизликнинг қора ҳалқаси ожиз бир соядек кўринар ва бу тўғрида ўйлашмасди улар.
Бирдан йигитнинг хаёлига Бойғуроб келди. Хатибнинг хутбасини эслади. «Бойғуроб анта калбан кабиро» калимасини худди хатибдек қироат билан айтиш истаги туғилди:
— Бойғуроб… — давомини айтолмади.
— Падари бузрукворим у киши.
— Фотима!
— Нима дейсиз!
— Бобом Мулла Юсуфнинг айтишларича, бизнинг етти пуштимиз аёл зотига беқиёс ҳурмат билан қараган. Биз аёлни Бибимарямдек улуғлаганмиз… Сизни ҳам шундай… бир кун келиб менинг ғариб кулбамни қуёшдек чароғон қилармикансиз! Сизга атаб оламда тенгсиз бир куй яратардим. Шундай куйки!

* * *

— Қандай куй! Дўстим, нималар демоқдасиз?
Адҳам ана шундай ҳайқириқлар билан Алиқамбарнинг елкасидан тутиб силкитаверди. Йигит намчил туманда туравериб ивиб кетганди. Адҳам қоронғи ва совуқ тун бағрини ёриб Боғкўча маҳалласи томон келаркан, ҳали узоқданоқ дарвоза олдида қоққан қозиқдек қотиб турган гавдани кўрди. Кўчада ҳеч ким йўқ. Сукунат. Бойнинг қасри деразаларидан тушиб турган ёруғ нур туман билан тарқалиб атрофни бироз бўлса- да ёритганди. Шунинг учун ҳам шарпани узоқдан пайқади ва шу томон югурди. Уни қўрқитиб юборган нарса шарпанинг ғайритабиий ҳолатда туриши эди. Худди дарвоза равоғига осилиб турганга ўхшарди Алиқамбарнинг гавдаси.
— Ким билан гаплашяпсан, дўстим!
Ҳатто одатга кўра сизлашни ҳам унутиб сенсирашга ўтди Адҳам.
— Фотима!..
Йигит шилқ этиб дўстининг қўлига йиқилди.

* * *

Адҳам дўстидан бошқа ҳеч нарса сўрамаган бўлса ҳам ҳаммасига тушунди. Туни билан бошида ўтириб чиқди. Йигитнинг ҳарорати баланд, алаҳларди. Эртаси ўзига келиб ҳеч нарса англамаётгандек дўстига мўлтираб қаради. Ота-онасига хабар бермасликни қаттиқ тайин қилди. Адҳамнинг ўз билганича қилган туркона дори-дармонлари фойда бердими, бемор бир ҳафтада аввалги аслига қайтди. Муллаваччалар, ҳатто домуллалар ҳам унинг ҳолидан хабардор бўлиб туришди.

Рутубатли кунлар ўтиб ҳаво очилди. Яна кузнинг илиққина дамлари бошланди. Қуёш Дор-ут тиловат мадрасасининг нилий кошинларини баҳоли қудрат ёритиб, ҳужраларга илиқлик бахш этиб турган кунларнинг бирида сира кутилмаган мўъжиза юз берди. Ўша куни Алиқамбар ҳужра эшиги олдидаги тош устида офтобда тобланиб ўтирарди. Ҳовлига Адҳам кириб келди. Хурсандлигини яширолмай илжаярди. Алиқамбар ҳам жилмайди. Шу алпозда бир муддат туриб қолишди. Адҳам теграсига бирров қараб олди-да, дасторининг қатидан майда буклоғлик қоғоз чиқарди. Хатни оларкан дунёда мадрасалар, қонун-қоидалар, ҳужралар борлигини тамом унутди Алиқамбар. Ким берганлигини ҳам сўрамади. Юраги ёлғизликни қўмсарди.

Чиқиб кетди….

* * *

Шаҳар четидаги яланглик. Алиқамбарнинг бир ўзи. Кўздан пана бу жойга дамба-дам келарди. Куз ўртаси бўлишига қарамасдан майсалар яшиллигини йўқотмаган. Тўп-тўп ўсган буталар баҳордагидек яшнаб турибди! Кузнинг рангпаргина гуллари қуёшнинг саховатли нурларига шукрона ўқиб олдинда кутиб турган аёзлар дағдағасини унутгандек масрур тебранишади. Даланинг қоқ ўртасидаги бир туп шамшод ана шу гуллар бошида жимгина ёш тўкади. Заъфарон япроқлар пирпираб учиб майсалар устига тўшалади. Совуқ кунлару аёзли тунлар муқаррарлигини фақат ёлғиз шу дарахтгина ҳис қилаётгандай.
Йигит аста-аста юриб унга яқинлашди. Дарахтнинг адл қоматига бошдан оёқ кўз ташлади. Нигоҳидаги илтижонинг кучиданми ёки енгилгина эсиб турган шабада кучайдими, шамшод япроқлари қаттиқроқ шовуллай бошлади. Новдалар силкинди. Дарахтнинг силлиқ танасида титроқ турди. Алиқамбар қўлларини чўзганча яна ҳам яқинроқ келди. Шамшод келинлар таъзим қилгандек нафосат билан бир эгилиб яна қаддини ростлади. Бармоқлари тегиши билан унинг танидаги титроқлар Алиқамбарнинг вужудига оқиб ўтаверди. Қўллари ана шу титроқларнинг ҳар бир чизиғини ва зарбини илғаб олар, тана бўйлаб гоҳ юқорига кўтарилар, гоҳ пастларди. Юқоридаги кучли қалтирашлардан пастдаги энг нафис, энг тиниқ ва энг қисқа титроқларга томон эниб келарди йигитнинг қўллари.
Сўнгра кўксини, кўкрагининг юрак зарбидан зирқираб турган бўлагини дарахт танасига маҳкам босди. Шунда беқиёс мўъжиза юз берди. Дарахт вужудидаги титроқлар билан инсон юрагининг зарбалари қўшилиб кетди…

Бу Алиқамбар орзу қилган куй эди…

08

021
Ne’mat Arslon
BIR YIGITNING XAYOLI YOXUD KUYNING TUG’ILISHI
Novella
09

Ne’mat  Arslon (Arslonov) 1941 yil 7 iyun kuni Shahrisabz tumani Miraki qo’rg’onchasi yaqinidagi Takiya qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetini tamomlagan (1965). 1971-80 yillardan boshlab «Adabiyot va san’at» gazetasi, «Yoshlik», «Sharq yulduzi» jurnallarida hikoya, qissa va romanlari bosila boshladi. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.  Adibning»Ayol suvratiga chizgilar», «Oldinda yana tun bor» hikoyalar to’plamlari, «Adam vodiysi», «Mavhumot» romanlari va bir qator asarlari chop etilgan .

021
099ilingizda biror kuyni, to’g’rirog’i, eng sevgan kuyingizni xirgoyi qilaturib daraxtga qaraganmisizyo Keling, bir shunday qilib ko’ring, juda qiziq holatni kashf etasiz. Mushtaraklik! Inson qalbi bilan daraxt vujudi o’rtasidagi hamdardlik. Shoxlar, novdalar va yaproqlar o’sha siz kuylayotgan musiqaga monand tebranadi. Hatto qilt etgan shabada yo’q pallada ham kishi bu mushtaraklikni ilg’ashi mumkin. Aslida yorug’ dunyoda hamma narsa titrab turadi: hatto g’ishtlar, uylar, tog’lar ham. Ammo ularning hech biri daraxtlarchalik inson dilini zabt etgan ohanglarga esh bo’lolmaydi.

Aliqambar hamisha shunday qilardi. Bobosi Yusuf Faryodiyga o’xshab boshini ohista likillatgancha qarshisidagi daraxtga qarab o’tirar va eng qadimiy, eng g’amgin, eng mahzun qo’shiqlarni xirgoyi qilardi. Gohida bundan shu darajada ta’sirlanardiki, ko’zlaridan shashqator yosh oqayotganini sezmasdi. Yosh, navqiron, kuch- quvvatga to’lgan yigitga xos va mos emasdi, albatta, bunday qiliq. Ammo nachora, tabiat uni shunday qilib yaratgandi. Daraxtlardagi ming-ming yaproqlarning biri ikkinchisiga o’xshamaganidek, Aliqambar ham boshqalarga o’xshamasdi.

Chorgoh. Yigitning ko’ngli ana shu kuyga moyil. «Qaro ko’zingni asiri mudom surmagun» deb past, bosiq va shikasta ovoz bilan bobosi Yusuf Faryodiy uslubida xirgoyi qilarkan, hamisha ko’z o’ngida toshqin, sokin-u juda qudratli daryo namoyon bo’lardi. Uning qirg’oqlari yo’q. To’lqinlar salobatli, poyonsiz bu daryoning chayqalishlari mahobatli va ulug’vor. Qarshisidagi daraxt ham daryo to’lqinlariga singib bormoqda. Novdalar dam jazavaga tushgandek shiddatkor silkinib, dam sokin daryodek ikki qirg’oq o’rtasida chayqaladi. Ammo qirg’oqning o’zi ko’rinmaydi. Uzoq- uzoqlardan, narigi sohildan, bobosining

… Chamanda sarvi qaddingdek nafis emas shamshod,
Yuzing guli kabi rizvon guli emas mumtoz…

deb kuylayotgani eshitilgandek bo’ladi. Aliqambar donishmand qariyaning so’zlarini endi mahdudlik zanjirini uzib chiqib tobora kuchayib borayotgan ovoz bilan takrorlaydi. Bobosining shu g’azalni kuylayotgan zeru zabar holatini, nuroniy ko’zlaridan oqib tushayotgan yoshlarni aniq ko’radi. Daraxt shoxlari esa nafosat bilan goh u yonga, goh bu yonga ta’zim qiladi. Tanasining tebranishlarida bosiqlik va xuddi daryodek salobat bor. Yuqoridan pastga tomon taralayotgan titroqlarga bag’ri kenglik bilan tebranib moyillik bildirayotir. Yaproqlar esa butun vujudi bilan zirillab, pirillab o’yinga tushmoqda. Keksa shamshodning bu holati ham bobosiga o’xshaydi. Qariya dutorniig qulog’ini burab, jo’r qila turib: «O’g’lim, shuni yodingizdan faromush qilmang, daraxt nafaqat mo»jiza, balki musiqadir» degandi va dutorning silliq kosasini silab qo’yib «Chorgoh»ni chalib bergandi. Bu kuy Aliqambarning qalbida bir umrga muhrlanib qoldi. Yusuf Faryodiy teran aql egasi bo’lishiga qaramasdan boladek soddadil edi. Uning so’roqlari odatda shu qadar jo’ngina, mug’ombirlikdan shunchalik yiroq bo’lardiki, Aliqambarning ko’nglida bobomga nima bo’lgan o’zi degan shubha kechardi. Bir safar Yusuf bobo dutorni chertib o’tirarkan, madrasadan qaytgan nabirasi mullavachchalarga xos tavoze’ bilan qarshisida turganini ko’rib o’tirishga imo qildi. Barmoqlari bir dam harakatdan to’xtadi, kuy tindi.
— Aliqambarbek, ustodingiz ne saboqlar o’rgatdilaryo- so’radi beqiyos mehr ko’rsatib.
O’spirin avval bilimdonlik bilan, ammo odob doirasidan chiqmay madrasada olgan sabog’ini takror etdi, so’ngra bir bolani xipchin bilan urishganini so’zlay boshladi: Biz: «E xudo, xipchinlar tezroq sinsa edi» deb duo o’qib turdik, dedi hayajonini yashirolmay.
— Duoingiz sindirdimi xipchinlarniyo
— Yo’q! — javob qildi o’spirin go’yo shunday bo’lishi ham mumkinmi degandek hayrat bilan.
Bobo tepadan quyuq soya tashlab turgan zardoli daraxtiga qaradi va bunday dedi:

— Nabiram, shu jonivor ham qarib hosildan qolyapti. Uni kesib o’rniga boshqa biror narsa o’tqazsak
qanday bo’larkinyo 
O’spirin darhol javob qaytardi:
— Bobojon, axir o’zingiz aytgandingiz-ku, bu daraxt tabarruk, katta bobongizdan xotira deb. Zero, shunday ekan, uni kesmaylik.
Bobo anchagacha bulqillab kuldi. Aliqambar «zero» so’zini boshqacharoq ohang bilan aytgan, kezi kelganda ana shunday kalimalarni  bilishini ko’rsatmoqchi ekanligi bilinib qolgandi. Bobo bu uchun emas, balki butunlay boshqa narsa tufayli kulayotganini bildirish maqsadida yana so’radi:
— Uning xivichi bilan ustodingiz sizni savalasalar-chiyo Shunda siz keksa zardoluni la’natlaysizmiyo  O’spirin bobosining baroq qoshlari ostidan horg’in kulib turgan ko’zlariga qaradi. Cholning o’smoqchilab so’rayotgani, bu gaplarning hammasi keksalikka, mehru oqibatga, faqat foyda deb muqaddas narsalarni poymol etmaslikka qaratilganini hamda boshqa ko’p yashirin ma’nolar borligini payqadi. Payqadi-yu o’zining ham anchagina narsalarga aqli yetadigan yigit bo’lib qolganini his qildi. Bobosinint bu qadar soddadillik bilan sinov o’tkazayotganidan kulib qo’ydi-da, ko’rpacha ustida turgan dutorga qo’l cho’zdi.

Aliqambarning barmoqlari xuddi qizlarnikidek uchiga tomon ingichkalashib ketgan, nozik, tirnoqlari nafis, pushti rangda edi. Ular pardalar o rasiga bosilganda oqarar, tor ustida sukut qilganda yana gul yaprog’i rangini olardi. Bobo beixtiyor o’zining qo’llariga qaradi. Ichiga cho’kkan tirnoqlari vujudida xastalik xuruj qilayotganini yodiga soldi. Bir lahza diliga cho’kkan o’ksik tuyg’ularni torlarning jaranglashi tarqatib yubordi. Nabiraning barmoqlari nozik bo’lsa ham taralayotgan kuy qudratli edi, yoshlik jo’shqinligi, kelajakka umid taronalari chalinayotgan kuyga o’zgacha shukuh bag’ishlardi. Bu o’spirin bolalik beg’uborligidan chiqib, yigitlik umidlari, visol ishtiyoqi bilan sayqal topayotganidan darak berardi. Qariya buni angladi. Haligi daraxt to’g’risida bergan savoli endi o’ziga ham erishroq tuyuldi.
— Umringizdan baraka toping! — dedi chol. Ko’zlarida quvonch yoshlari halqalandi.
— Mashqini zap olibsiz.  Faqat avjiga chiqayotganingizda biroz keskinlik bor. Mana bu joyda…
Bobo dutorni olib chalib ko’rsatdi. «Mana, mana bu joyda saktalikni sezdingizmi» deb avjini qayta chaldi. O’spirin bosh irg’ab ma’qulladi. Dutorni olib o’sha joyini bobosi o’rgatgandek chertdi.
— Avjini hech chiqarolmay yurgandim, — tan oldi Aliqambar, — ikki parda pastdan olsam nimadir yetmayotganday, uch parda olsam oshib ketayotganday bo’laverdi. Butunlay boshqa joydan olish xayolimga kelmagan ekan.
— Bu qanday kuy o’ziyo Avval hech joyda eshitmagandayman.
— O’zimizniki bobojon! «Ko’chabog’i birinchi» deb atamoqchiman.
— Balli, nabiram! Sizdan umid ham shu edi aslida. Endi omonatini topshirsam ham armon qilmayman.

* * *

Aliqambar hujrasiga ancha kech qaytdi. Darvoqe, o’tgan yil kuzdan buyon Dor-ut tilovat madrasasining kichkina bir hujrasida istiqomat qila boshlagandi. Bobosining vafotidan keyin uning ra’yiga ota-ona qarshilik ko’rsatishmadi. Aliqambar madrasa hovlisini kesib o’tib hujraga kirganda sham lipillab yonib turar, do’sti ko’rpacha ustida chordona qurib o’tirgancha kitob ko’rardi. U mutolaadan bosh ko’tarib Aliqambarga qaradi.
— Birodar kamnamosizyo
— Shunday… Helak bo’yida biroz yurib qaytdim, — tutilibroq javob berdi  Aliqambar. Yuziga qizillik yugurdi. Hayajonlanganidanmi yoki holatini bildirib  qo’yishdan istihola qilibmi yo bo’lmasa ataylabmi shamni o’chirib qo’ydi. Taxmondan takya olib ko’rpacha ustiga tap etg’izib tashladi, lipillab turgan sham o’chdi-qoldi. Kichkina hujra yigitlarning kulgusidan jaranglab ketdi. Adham bolalarning qo’lda aylantirib o’ynaydigan tartaragidek quruq shaqirlagan ovoz bilan kular, Aliqambarning mayingina, qiqirlashga yaqin, ammo tog’ daryosidek jo’shqin kulgusi «tartarak» ovozi orasidan aniq eshitilardi.
— Ko’p kulmang, yig’laysiz!
Adham do’stiga shunday desa ham o’zi to’xtamay kulardi.
— Xona yorug’ ham emaski, tirnoq ko’kiga nazar qilsak, — Aliqambarning ovozi eshitildi qorong’ulikdan.

— Darvoqe, birodar, shu aqida to’g’rimi o’zi deyman. Shaytoni rajim qutqu solib o’zingizni bosolmay turganingizda tirnoq ko’kiga qarashingiz bilan kulgu taqqa to’xtaydi. Qaysi kun ustod Minqoriyning saboqlari paytida nima ham bo’lib ichimda chunon ham kulgi qo’zg’aldiki, xayriyat birdan shu aqida yodimga kelib o’zimni bosib oldim.
Yigitlar jimib qolishdi. Bir-ikki daqiqadan so’ng po’lat halqaning chaqmoqtoshga sharqillab urilishi eshitildi. Uchqunlar sachrab paxta olov oldi; Undan pilikni yondirishdi. Sham yorug’ida yigitlar bir-birlariga mamnun nigoh tashladilar. Adham biroz dag’alroq bo’lsa ham samimiy yigit. Ayniqsa hozir yurakdan kulgandan keyin yanada dilkash ko’rinardi. Aliqambar uning yuziga tikilib turarkan, bor haqiqatni aytsammikan degan xayolga borib jim qoldi. Shu qisqagina fursatda ko’z oldida yana o’sha xilqat gavdalandi. Aslida ayol zotiga hadeb qarayverish odati yo’q edi. Ammo shu kuni qiziq voqea ro’y berdi. Ilmi nujumdan og’ir bir saboqni dilida takror qilib shaharning xilvatroq ko’chasidan borarkan, yo’l bo’yidagi darvozalardan birining zanjiri shiqirlagani diqqatini tortdi. Qaradi. Ayol kishining sharpasini anglab nigohini yerga oldi va shu zahoti bosh ko’tarib yana darvoza tomonga nazar tashladi. Ko’chaning narigi boshigacha borib ortiga qaytdi. Go’yo ko’zga ko’rinmas iplar uni iziga qaytishga majbur qilayotganday. Qaysi yo’lga yurmasin, tag’in shu darvoza oldidan kelib chiqaverdi. Necha bor qaytib kelmasin, haligi qizni boshqa ko’rmadi. Nafaqat o’sha kuni, balki undan keyin ham ko’rmadi. Madrasa tomon yo’l olarkan, darvozadan qanchalik uzoqlashsa, uni band etib turgan iplar shunchalik kuchliroq tortar, salgina irodasizlik qilsa o’sha ko’zga ko’rinmas kuch shiddat bilan darvoza tomon sudrab ketishini bilardi.
— YO parvardigor! Kim bo’ldi bu jon ofati! — deya ichki bir nido bilan xitob qilardi Aliqambar. — Nega bunday qaradiyo Nigohidan uchgan qora bir chaqin ko’zlarimdan kirib yuragimni kuydirib yubordi. Vujudim o’sha larzadan hamon daraxt yaprog’i yanglig’ titrab turibdi. Mendek faqirul haqirga ne boisdan bunday g’amza qildi! YO shunday tuyuldimikinyo Yo’q, surmagun ko’zlaridagi yolqinni aniq qo’rdim. Qo’rqib nigohimni yerga oldim. So’ngra shu payqaganim haqiqatmi deb yana qaradim. Egnida arg’uvoniy ko’ylak. Yuzlarida ham shu rang jilvasi bor. Etagi nozik oyoqlarini berkitib, saxtiyon kovushining sadaf tugma qadalgan betiga tushib turibdi. Qiziq, shularning hammasini nahotki bir-ikki nazar solishda ilg’ab olgan bo’lsam. Hatto harakatlari ham ko’zimga aniq ko’rinib turibdi. Darvozani qiya ochib tashqariga mo’raladi. Ilkis bir qadam qo’yib ostonadan hatlab o’tdi. Avval meni tasodifan ko’rib qo’rqib ketgandek bo’ldi. So’ngra ko’zining bir cheti bilan qiyo boqdi. Qizlar nima uchun shunday qarasharkin o’ziyo! Lablarida tabassum zuhr etdi. Ortiga o’grilarkan, meni chorladi. Lekin nima bilan chorladiyo Ovoz bermadi, imo qilmadi. Ko’zlari bilanmiyo Yo’q, yuz ifodasi bilan, butun vujudi bilan chorladi. Iltijo-chi, xayolimda nigohida iltijo va o’tinch, hatto ozroqqina g’am bordek edi. Ayol zotini nega bundoq qilib yaratdi ekan! Ko’z o’ngingda bir lahza namoyon bo’lishi bilan bir dunyo muammoni, minglab nuqtalarni havola etishga ulguradi.
Adham do’stining sham alangasiga tikilgancha sukutga cho’mib qolganini o’zicha tushunib darhol boshqa masala xususida gap boshladi.

* * *

— Boyg’uro-o-ob, anta kalban kabiro-o-o!
Aliqambar hayratdan qotib qoldi. Xatib yetti iqlimga dong’i ketgan boyni xutbaga qo’shib o’qimoqda edi. Shu eshitganim rostmi degandek yon-veriga alangladi. Hamma, hatto Adham ham namoz tartibini hech qanday nuqsonsiz bajarmoqda. Aliqambar yanglish eshitdimmikin degan o’y bilan xatibga qaradi. Boyg’urob boyligi bilan qanchalik mashhur bo’lsa, Dor-ut tilovat madrasasida, balki butun Shahrisabzda xatib ham shunchalik e’tiborli edi. Jo’shqin g’azallari, achchiq hajviyoti bilan tobora shuhrat topib borardi. Bilimi kuchliligidanmi, shahar boyonlari orasida erkin sezardi o’zini. Keskin mulohazalari, o’ziga yoqmaganlarni hajv qilishi bilan ularni cho’chitib turardi.

Aliqambar xatibning ulug’vor yuziga, oppoq dastoriga qararkan, bir dam ko’zlari to’qnashdi. Boyg’urob bilan xatib o’rtasida azaldan nizo borligini eshitganday bo’lgandi. Shunday bo’lsa ham xatibning o’z dushmanidan xutba orqali qasos olmoqchi bo’layotganligiga ishonmadi. Xatibning ovozi qiroat bilan yangrardi:
— Boyg’urob, anta kalban kabi-i-r-o-o! Aliqambar nigohini yerga oldi.

—Boyni xutbaga qo’shib o’qish mumkinmiyo — so’radi u juma namozi tugab hamma tarqalgandan so’ng Adhamdan.
—Yo’q, faqat mamlakat hukmdorinigina xutbaga qo’shish mumkin, — javob berdi Adham.
Ular madrasadan chiqib katta yo’lga o’tishdi. Ko’k Gumbazdan Oqsaroygacha cho’zilib ketgan rastalarda odam ko’p. Savdo-sotiq qizg’in. Hind savdogarlari qoplarning og’zini himarib qo’yib choyga chaqirishadi. Rasta oldida to’xtab choyning sifatini ko’rmoqchi bo’lganlarga bir hovuch choy tutqazib, olib borib ichib ko’rishni, yoqsa kelib savdo qilishni aytishadi. Arablar, faranglar, ruslar ham bor. Bozor ari uyasidek g’uvillaydi. Biroq Aliqambarning e’tiborini zarracha ham tortmadi bu g’ala-g’ovur. «Xutbaga qo’shib o’qish balki joizdir, lekin haqorat etish-chiyo» derdi o’ziga o’zi. “Boyg’urob, anta qalban kabiro”, bu — Boyg’urob, sen katta itsan degani-ku. YO qalban so’zini yanglish eshitdimmikin. Balki «qalban»dir, ammo bunday so’z…
— Darvoqe, siz nega buni so’rayapsizyo
Adhamning tovushidan o’ziga keldi. Ammo nimani so’ragandim deb bir dam o’ylanib qoldi. Garchi shu haqda fikr yurgizib borayotgan bo’lsa-da, o’z o’ylari bilan shu darajada band ediki, hatto yonida do’sti borligini unutgandi.
— So’radingiz-ku, boyni xutbaga qo’shib o’qish mumkinmi deb.
— Ha, xatibimiz Boyg’urobning nomini aytganday bo’ldilar.
—To’g’ri anglabsiz. Gap bunday: uch kun avval Boyg’urob madrasaga kelib xatibni huzuriga chorlagan. Ya’ni ichkariga kirmay, quduq  yonida katta tut bor-ku, o’shaning tagida to’xtab bir mullavachchadan chaqirtirgan. Avvaldan nizoli emasmi, xatibning ko’ngliga og’ir botgan. Shunday bo’lsa ham chiqib  salom-alik qilganlar. Boyg’urobning a’yonlarsiz, xizmatkorlarsiz yolg’iz o’zi kelganidan muhimroq gap bo’lishini sezganlar xatibimiz.
—Mullo, nega xutbaga Ibrohim boyni qo’shasiz, Muhammad boyning nomini tilga olasiz.
Qahhor boyu Jabborboylarni madh etasiz-u ulardan o’n chandon boy bo’laturib mening nomimni aytmaysizyo — deb ginaxonlik qilgan boy. Xatibimizni bilasiz, hazil-mazah bo’lsa hatto… Xullas, savodsiz boydan qutilish maqsadida bunday gap qilganlar:

— Taqsir, Ibrohimboy nomi muboraklarini xutbaga qo’shib o’qishim uchun madrasaga ming tanga hadya etganlar.

Boy bu gapdan bir lahza kalovlanib qolgan, so’ngra «Ming tanga bo’lsa, o lasiz, bu juma namozda mening nomimni ham qo’shib o’qing» deb buyurgan. Mana, xamir uchidan patir, deb besh-o’n tanga tashlab chiqib ketgan. Bu kalondimog’lik xatibning ko’ngliga qattiq tekkan. Qolganini o’zingiz eshitdingiz.

—Boyg’urob-chi, axir u kishi tushunmaydimi bu so’zlarniyo

—Boyg’urobmi, yo’q, arab lafzidan bir so’z ham bilmaydi.

—U kishi bilmasa xalq biladi-ku, eshitadi-da.
—Hech narsa bo’lmaydi. Haqiqat xatibimiz tomonda. Bu gap mamlakat podshosining qulog’iga chalingudek bo’lsa, boyning o’ziga yomon. Chunki xutbaga payg’ambarlar nomidan keyin faqat bir kishining, u ham bo’lsa, podshohning nomi qo’shilishi mumkin. Bo’lak narsa joiz emas.
Adham gap bilan bo’lib do’stining holatidan bexabar qoldi. Aliqambar yo’l o’rtasida to’xtab naqshinkor darvozaga tikilgancha qotib qolgandi. Adham ortiga qaytib uning yoniga bordi. To’xtadi, do’stining oldiga o’tib ko’zlariga tikildi. Qo’rqib ketdi. Do’sti hech narsa payqamas, butun vujudi bilan darvoza tomonga talpinar, ammo oyoqlari mixlab qo’yilgandek joyidan qo’zg’almasdi. Shaharning Ko’chabog’ mahallasidagi bu darvoza Boyg’urobnikiligini Adham bilardi. Lekin Aliqambarni bunchalik sehrlab qo’ygan narsa nimayo Darvozaning oltin suvi yuritilgan naqshlarimikinyo Niliy gumbazlarmiyo Ammo Aliqambar boylikka sira qiziqmasdi. Uning hushu fikri musiqa va g’azaliyot. Shunday bo’lgach nega darvozaga tikilganicha titrab-qaqshamoqdayo  Aliqambar qarshisida Adhamning ajablanib turganini ko’rib o’ziga keldi. Yuzi alvondek qizardi. Darhol uzr so’radi. Jimgina orqalariga qaytishdi. Har kim o’z xayoli bilan band. Adham bu holatning sirini mavridi kelganda so’rash maqsadida og’iz ochmadi. Nazarida do’stining tobi qochgan ko’rinardi. Balki boyning qizini sevib qolgandir, degan xayolga ham bordiyu bu fikrni darhol rad etdi. Boyning o’n yetti yashar qizi borligini eshitgandi. Lekin uni ko’rish Aliqambarga yo’l bo’lsin! U mahliqoga hatto quyoshning ham nazari tushmagan deyishadi.

***

Oradan kunlar va oylar o’tdi. Do’stining holati Adhamni tobora tashvishga solardi. Ba’zan yarim tunda uyg’onib uning nimalarnidir shivirlayotganini yoki asta-asta kulayotganini eshitib qolardi. Kuzning rutubatli kunlaridan birida hujrada olov yoqib tancha oldida ikki do’st yolg’iz o’tirishardi. Aliqambar hamishagidek qo’liga dutorni oldi. Adhamning kayfiyati ko’tarilib ketdi. Bunday lahzalar hayotning betakror damlari hisoblanardi. Xursandchilik sharafiga qumg’on qo’yildi. Dasturxonda patir non, bir piyolagina asal paydo bo’ldi.

Tun oqshom bo’ldiyu kelmas mening sham’i shabistonim…

Aliqambarning mayin, biroz xastaroq yoqimli ovozi hujrada taralar, tancha ichidagi qumg’on cho’g’ ustida nola qilar, Adham kuyga monand tebrangancha erib o’tirardi.

Tashqarida oqshom cho’kmoqda. Hujra derazasining chorcho’plari ortidan ko’rinib turgan osmon qorayib boryapti. Bu oqshom odatdan tashqari nimadir yuz beradiganday. Qorong’ulik borgan sari quyuqlashar, borliq qora ranglar sharpasiga hokisorlik bilan quloq tutib, uning izmiga bo’ysunishga tayyor turgandek.
Kuy to’satdan uzildi. Aliqambar irg’ib o’rnidan turdi va tashqariga shoshildi.
— Podsholar piyoda boradigan joygamiyo Javob bo’lmadi.
Birozdan so’ng Adham uning ortidan chiqdi. Avval hovlini aylanib yurdi. Chiqib qolar deb o’yladi. Boshqa mullavachchalar istiqomat qiladigan hujralardan bir- ikkitasiga kirib chiqdi. Aliqambardan darak yo’q. Xujraga qaytib kirdi. Bir muddat olovning lovullashini tomosha qildi. Birozdan keyin qumg’on g’ingillab ashula ayta boshladi. Uning nolasiga odatda biz e’tibor qilmaymiz. Tezroq qaynasin deb olovini kuchaytiramiz, qumg’on bo’lsa battarroq nola qilaveradi. Nihoyat tinchiydi va shaqirlab kula boshlaydi. Balki alamdan, balki o’z vazifasini o’taganidan, yo bo’lmasa umrini cho’g’ ustida nola qilib o’tkazganidan kuladi. Adham bu holatlarning hammasida inson umriga xos nimadir borligini his qildi, ammo nimaligini anglolmadi. Birdan Aliqambar yodiga tushib tashqariga otildi. To’g’ri Ko’chabog mahallasi tomon yurdi. Do’stining o’sha kungi holatini eslab uni albatta o’sha yerdan topaman deb o’yladi. Qorong’ulik bag’riga sho’ng’ib borarkan, ko’nglini bir-biriga qarama-qarshi fikrlar qamrab oldi.

* * *

Aliqambar qorong’uda paypaslab darchani topdi. Avval sekingina o’ziga tortib ko’rdi, so’ngra itardi. Eshikcha tovushsiz ochildi. Yigit egilgancha ehtiyotkorlik bilan ichkariga kirdi. Yuragining gursillab urishi baralla eshitilardi. Daraxtlarning qora ko’lankasi orasidan uzoqda bir dasta nur miltirab turibdi. Sirli olamga kirib qolgandek nafasini ichiga yutib kuta boshladi. Bir payt o’sha nurni qandaydir sharpa lip etib kesib o’tdi. YO hayot yo mamot, shivirladi yigitning vujudida titroq bir tovush. Shoshilinch, ammo ehtiyotkorlik bilan bosilayotgan qadam tovushlariga butun vujudi bilan quloq tutarkan, kelayotgan kishi kim bo’lganda ham erkak emasligini angladi. Sharpa to’xtadi. Aliqambar loaqal qizning ismini ham bilmaganligi sababli nima qilarini anglamay turardi. Sekingina tomoq qirdi.
—Kimsizyo — cho’chinqiragan tovush bilan so’radi qiz.
—Meni kechiring, umidvorlik bila… Sizni o’shanda darvoza oldida ko’rgandim.
—Ismingiz Aliqambar, shundaymiyo

Qizning ovozidagi iliqlikdan biroz tetiklandi yigit.
— Ha, ha, bilarkansiz…- qizga yaqinroq bordi, -o’zingizning nomi muboragingizyo
— Fotima.

— Fotima bonu, men faqirul haqirni qaerdan taniydursizyo

— Undog’ so’zlamang, siz eng badavlat kishidursiz… erkingiz bor.

— Kamina tutqunmen, domingizga ilinganmen. Qiz ohista xo’rsindi:
— Bu domga men sizdan avvalroq ilinganman. Shu ko’chadan bot-bot o’tasiz. Darvoza yorig’idan ko’p kuzatganman. Ikki yil bo’ldi. O’sha kuni nihoyat darvozani ochib o’zimni ko’rsatdim…
Yigit uning yengi uchiga astagina qo’l uzatdi.
— Bo’ldi, endi keting! Yigit bosh eggancha turaverdi.
— Ojiz bir kabutarning o’limini istaysizmi-yo?
Bu shivirlashda yigitning ketishiga da’vat bo’lsa ham qizning ovozidagi ohang buning butunlay teskarisini ifodalab turardi. Shu yerda mangu qol, sen uchun jonimni qurbon qilishga roziman degan chorlov bor edi. Bir muddat jim qolishdi. Har qanday suhbatdan jozibali edi bu jimlik. Sukut og’ushida bir-biriga yetishishdi ular. Yurakning va butun vujudning muloqoti edi bu. Eng yorqin va eng sohir olamda sayr etardilar. Ammo bu olam girdo girdi tubsiz jarlar bilan o’ralgan ediki, shu baxtiyor damda bir-biriga talpinib turgan ikki qalb dahshatli chohning faqat uzoq-uzoqlardan tahdid solib turgan sharpasinigina anglar, biroq visol lazzati va uchqur orzular xavf- xatarni pisand etmas, yuksak-yuksaklarda uchib yurar, faqat bu pastlikda qolgan tubsizlikning qora halqasi ojiz bir soyadek ko’rinar va bu to’g’rida o’ylashmasdi ular.
Birdan yigitning xayoliga Boyg’urob keldi. Xatibning xutbasini esladi. «Boyg’urob anta kalban kabiro» kalimasini xuddi xatibdek qiroat bilan aytish istagi tug’ildi:
— Boyg’urob… — davomini aytolmadi.
— Padari buzrukvorim u kishi.
— Fotima!
— Nima deysiz!
— Bobom Mulla Yusufning aytishlaricha, bizning yetti pushtimiz ayol zotiga beqiyos hurmat bilan qaragan. Biz ayolni Bibimaryamdek ulug’laganmiz… Sizni ham shunday… bir kun kelib mening g’arib kulbamni quyoshdek charog’on qilarmikansiz! Sizga atab olamda tengsiz bir kuy yaratardim. Shunday kuyki!

* * *

— Qanday kuy! Do’stim, nimalar demoqdasizyo  Adham ana shunday hayqiriqlar bilan Aliqambarning yelkasidan tutib silkitaverdi. Yigit namchil tumanda turaverib ivib ketgandi. Adham qorong’i va sovuq tun bag’rini yorib Bog’ko’cha mahallasi tomon kelarkan, hali uzoqdanoq darvoza oldida  qoqqan qoziqdek qotib turgan gavdani ko’rdi. Ko’chada hech kim yo’q. Sukunat. Boyning qasri derazalaridan tushib turgan yorug’ nur tuman bilan tarqalib atrofni biroz bo’lsa- da yoritgandi. Shuning uchun ham sharpani uzoqdan payqadi va shu tomon yugurdi. Uni qo’rqitib yuborgan narsa sharpaning g’ayritabiiy holatda turishi edi. Xuddi darvoza ravog’iga osilib turganga o’xshardi Aliqambarning gavdasi.
— Kim bilan gaplashyapsan, do’stim!
Hatto odatga ko’ra sizlashni ham unutib sensirashga o’tdi Adham.
— Fotima!..
Yigit shilq etib do’stining qo’liga yiqildi.

* * *

Adham do’stidan boshqa hech narsa so’ramagan bo’lsa ham hammasiga tushundi. Tuni bilan boshida o’tirib chiqdi. Yigitning harorati baland, alahlardi. Ertasi o’ziga kelib hech narsa anglamayotgandek do’stiga mo’ltirab qaradi. Ota-onasiga xabar bermaslikni qattiq tayin qildi. Adhamning o’z bilganicha qilgan turkona dori-darmonlari foyda berdimi, bemor bir haftada avvalgi asliga qaytdi. Mullavachchalar, hatto domullalar ham uning holidan xabardor bo’lib turishdi.

Rutubatli kunlar o’tib havo ochildi. Yana kuzning iliqqina damlari boshlandi. Quyosh Dor-ut tilovat madrasasining niliy koshinlarini baholi qudrat yoritib, hujralarga iliqlik baxsh etib turgan kunlarning birida sira kutilmagan mo»jiza yuz berdi. O’sha kuni Aliqambar hujra eshigi oldidagi tosh ustida oftobda toblanib o’tirardi. Hovliga Adham kirib keldi. Xursandligini yashirolmay iljayardi. Aliqambar ham jilmaydi. Shu alpozda bir muddat turib qolishdi. Adham tegrasiga birrov qarab oldi-da, dastorining qatidan mayda buklog’lik qog’oz chiqardi. Xatni olarkan dunyoda madrasalar, qonun-qoidalar, hujralar borligini tamom unutdi Aliqambar. Kim berganligini ham so’ramadi. Yuragi yolg’izlikni qo’msardi.

Chiqib ketdi….

* * *

Shahar chetidagi yalanglik. Aliqambarning bir o’zi. Ko’zdan pana bu joyga damba-dam kelardi. Kuz o’rtasi bo’lishiga qaramasdan maysalar yashilligini yo’qotmagan. To’p-to’p o’sgan butalar bahordagidek yashnab turibdi! Kuzning rangpargina gullari quyoshning saxovatli nurlariga shukrona o’qib oldinda kutib turgan ayozlar dag’dag’asini unutgandek masrur tebranishadi. Dalaning qoq o’rtasidagi bir tup shamshod ana shu gullar boshida jimgina yosh to’kadi. Za’faron yaproqlar pirpirab uchib maysalar ustiga to’shaladi. Sovuq kunlaru ayozli tunlar muqarrarligini faqat yolg’iz shu daraxtgina his qilayotganday.
Yigit asta-asta yurib unga yaqinlashdi. Daraxtning adl qomatiga boshdan oyoq ko’z tashladi. Nigohidagi iltijoning kuchidanmi yoki yengilgina esib turgan shabada kuchaydimi, shamshod yaproqlari qattiqroq shovullay boshladi. Novdalar silkindi. Daraxtning silliq tanasida titroq turdi. Aliqambar qo’llarini cho’zgancha yana ham yaqinroq keldi. Shamshod kelinlar ta’zim qilgandek nafosat bilan bir egilib yana qaddini rostladi. Barmoqlari tegishi bilan uning tanidagi titroqlar Aliqambarning vujudiga oqib o’taverdi. Qo’llari ana shu titroqlarning har bir chizig’ini va zarbini ilg’ab olar, tana bo’ylab goh yuqoriga ko’tarilar, goh pastlardi. Yuqoridagi kuchli qaltirashlardan pastdagi eng nafis, eng tiniq va eng qisqa titroqlarga tomon enib kelardi yigitning qo’llari.
So’ngra ko’ksini, ko’kragining yurak zarbidan zirqirab turgan bo’lagini daraxt tanasiga mahkam bosdi. Shunda beqiyos mo»jiza yuz berdi. Daraxt vujudidagi titroqlar bilan inson yuragining zarbalari qo’shilib ketdi…

Bu Aliqambar orzu qilgan kuy edi…

02

(Tashriflar: umumiy 271, bugungi 1)

Izoh qoldiring