Ne’mat Arslon. Ikki hikoya: Amalgama & Almamater daraxtining mevasi

0_165d99_e3d14cfd_orig.png  “Амальгама!..” Хаёллар оламининг узоқ гўшасида қолиб кетган, мазмуни ҳам, моҳияти ҳам нотаниш бу сўз кўксимга афсонавий эликсирдай қуйилиб, вужудимни ҳиссиётларга тўлдириб, ёқимли аллалаб турган илоҳий неъмат..

Неъмат Арслон
ИККИ ҲИКОЯ
08

nemat_arslon-640x40.jpgНеъмат Арслон (Арслонов) 1941 йил 7 июн куни Шаҳрисабз тумани Мираки қўрғончаси яқинидаги Такия қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган (1965). 1971-80 йиллардан бошлаб «Адабиёт ва санъат» газетаси, «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида ҳикоя, қисса ва романлари босила бошлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Адибнинг»Аёл сувратига чизгилар», «Олдинда яна тун бор» ҳикоялар тўпламлари, «Адам водийси», «Мавҳумот» романлари ва бир қатор асарлари чоп этилган.

08

АМАЛЬГАМА

1

“Амальгама!..”

Хаёллар оламининг узоқ гўшасида қолиб кетган, мазмуни ҳам, моҳияти ҳам нотаниш бу сўз кўксимга афсонавий эликсирдай қуйилиб, вужудимни ҳиссиётларга тўлдириб, ёқимли аллалаб турган илоҳий неъмат.

Амальгама деганим ана шу.

Фақат шунинг ўзигина эмас. Қишлоқнинг ой бус-бутун ёритган сокин ва соҳир кечалари ва кўчалари, йўл бўйида қалашиб ётган туятошлар, харобгина қишлоқ кутубхонаси ва тупроқ томли бир уй… ҳаммаси ана шу биргина сўзда мужассам. Мен узоқ йиллар амальгаманинг сеҳрига лол бўлиб яшадим. Унга бутун вужудим билан интилдим ва ундан қочдим. Ҳар иккала ҳолатнинг ҳам сабаби бор.

2

Ўн уч ёшда эдим ўшанда.

Қишки таътилдан кейин ўн беш кун мактабга бормадим. Январь совуқ келди. Қор, қиров, томлар бўғотида шўша. Дераза шишаларида пальмаларнинг ғаройиб сурати. Сувнинг, шамолнинг, ҳавонинг ва инсон хаёлларининг изи. Эрталабки қуёш деразага чизилган суратларни илиқ нурлари билан юва бошлаганда кутубхонага йўл олдим. Иссиққина хонада Назира опа нималарнидир ёзиб ўтирарди. Бурчакда ўзича гувранаётган ва ўз юмушини бажараётган тунука печдан олов ҳарорати билан бирга енгилгина керосин ҳиди таралади. Жавондаги китобларга кўз югуртирарканман, кутубхона эшиги очилганини ва кимдир кириб келганини пайқадим. Бу Розия эди! Ортимга ўгирилиб қарамасдан ва ҳали қизгина кутубхоначи опа балан саломлашишга улгурмасдан буни пайқаган эдим. Шу лаҳзада Назира опа қизни сўроққа тутди:

– Ўқидингми?
– Ҳимм, – жавоб қилди қизалоқ.
– Тушундингми?
– Битта сўзни тушунмадим.
– Қандай сўз экан?
– Амаль…

Мен ўгирилиб қараб Розиянинг алвондек қизариб кетганини ва ҳадеб бошидаги мунчоқли дўпписини тўғрилаб кийишга уринаётганини кўрдим. Қиз бироз сукут қилди ва ниҳоят сўзнинг давомини топди:
– Амальгама…

Розия бу сўзни жуда чиройли қилиб, “л” ҳарфини айтаётганда тилини “тўшаб”, яъни тилини пастки тишларига босиб талаффуз қилди. Мен ҳам ичимда қайта-қайта айтиб кўрдим. “Амальгама, амальгама…”

– Бу бир қизнинг номи.

Кутубхоначи опа айтган бу гапнинг ёлғонлигини мен узоқ йиллар билмадим. Ўша куни Розия топширган китобни мен ёздириб олдим. Агар янглишмасам, бу Лев Кассиль деган ёзувчининг “Менинг азиз ўғлонларим” деган китоби эди. Кутубхонадан чиқиб йўлга қарадим. Розия кўринмади. Уйга келиб китобни варақлашга тушдим. Мен китоб варақларидан уни, Розиянинг ўзини излардим.

3

Йиллар ўтиб, ёшимизга ёш қўшилган сайин журъатим камайиб борарди. Ке­йинчалик ҳаётимни таҳлил этиб кўриб, бахтсизлигимга ана шу журъатсизлигим, журъатсизлигимга эса, ҳалиги дардим сабаб бўлганлигини англадим. Ҳаётдаги асосий эрмагим – ўтин ёриш. Бу ҳам Розияга бориб боғланарди. Баҳайбат тўнкалар – девлар. Улар Розияни ўғирлаб кетишган. Мен эса девларни енгиб, уни қутқазиш мақсадида эртадан кечгача болта урардим. Натижада тўққизинчи синфларга бориб пайлари бақувватгина йигитчага айландим. Лекин журъатсизлигим заррача камаймади. Ҳар йил ёз ойлари буғдой ўримига чиқардик. Ўша пайтларда хўжаликнинг асосий ишчи кучи ўсмирлар эди.

Бир куни даладан Розия билан бирга қайтдик. Аёллар анча олислаб кетишган. Ҳадемай улар қир ортига ўтиб кўздан пана бўлишди. Розия билан иккаламиз ёлғиз. Нима учундир у шошилмаяпти. Қуёш ҳали ботмаган. Буғдой ғарамлари устига бостириб келаётган тепаликлар сояси ўркач-ўркач туяларга ўхшайди. Гўё ҳамма нарса йириклашиб бораётгандай. Пастликда камбаргина сайҳонлик бор. Ногоҳ Розия йўлни шу томонга бурди. Юрагим така-пука бўлиб ортидан юрдим. Қизгина сув ювган ғалдир бўйига ўтирди-да, лозимининг жиякларига ёпишган сертикан риндак ва чакамуғ уруғларини авайлаб битта-битта тера бошлади. Мен орқароқда ўтирар, унинг отнинг ёлидек қалин, қаттиқ ва қоп-қора сочидан кўзимни узмасдим. Кейин у оёғини мен томон узатди ва “анавини ол” деди юзидаги ранж ифодаси билан пойчасига ишора қилиб. Измагининг попугига ёпишган риндак уруғларини ажратиб олиш осон кечмади. Розия афтидан менга осон бўлсин деб лозимини бироз юқорироқ кўтарди. Унинг тўпиғидан юқориси оппоқ эди… майин ва сийрак қора туклар билан қопланган эди… Мен бу “манзара”га қарамасликка интилиб риндак ва чакамуғлар билан узоқ олишдим. Бармоқларим шилиниб, қонаб кетди. Риндакнинг пўлат симдек қаттиқ, қавссимон уруғлари ёпишган жойидан ажралишни сира истамасди. Лаънатилар измак попугига ўраниб, шу қадар маҳкам ёпишиб ётардики, уларни қўл билан ажратиб олишнинг сира имкони йўқ эди. Шунда мен тишларимни ишга солдим. Энгашиб мустаҳкам тугунга айланган ипак попукни бор кучим билан тишлаб торта бошладим. Лаб­ларим оёқларининг тукларига тегиб қитиғини келтирардими ёки бошқа бир сабабданми, Розия қиқирлаб куларди. Ниҳоят, мен риндак устидан ғалаба қилдим, лабларимнинг қонига бўялган попукни кафтимга қўйиб эгасига узатарканман, бошимни кўтариб мағрур бир қиёфада унга қарадим. Аслида буни ғурур деб ҳам бўлмасди. Кейинроқ қонли тугунчани тишлаб турган ўша ҳолатимни қайта-қайта кўз ўнгимдан ўтказарканман, қонли лабларим, зўриқишдан қизариб кетган кўзларим ва юзимдаги важоҳатли ифода билан қизнинг кўзига қандайдир даррандага ўхшаб кўринган бўлсам керак деган хулосага келдим.

…Розиянинг кулгиси тинди. Унинг кўзларидаги ифодани ўша лаҳзада тушунишга ожиз эдим. Бир нафас менга жимгина тикилиб турди-да, сира кутилмаганда “сен шоир бўласан” деди ва гўё менинг борлигимни ҳам унутгандай индамай йўлга тушди. Биз олдинма-кейин жимгина юриб қишлоққа қайтдик.

4

Орадан бир йил ўтди. Куз. Дов-дарахтлар заъфарон рангда. Бу фасл менга касалманд қиз қиёфасида намоён бўлиб, юрагимда мунгли ҳиссиётлар уйғотади. Розияни қўмсаб хазонрез боғларда кезардим. Қизиқ ҳолат: мен қизнинг ўзидан кўра у ҳақда хаёл суришни кўпроқ севардим. Бундай паллада кўпинча ёмғир ёғишини орзу қилардим. Ҳинд киноларидагидай ёмғирлар остида юрсак, “боғуми баҳоруми…” деб биргаликда қўшиқ айтсак, шалаббо бўлиб ивисак, том бўғоти остида бир-биримизга қапишиб турсак…

Шу йил ичида Розиянинг бўйи чўзилди. Ранги тиниқ тортиб, йигитлар ундан кўз узолмайдиган бўлиб қолишганди. Ана шундайларнинг бири, назаримда энг хавфлиси – Рўзимат. Кенг елкали, бўйдор, безори бола. Розиянинг узоқроқ қариндоши. Тез орада қизни унга унаштиришди.

Бир куни туятошлар олдида уларнинг гаплашиб турганини кўриб қолдим. Йигит қизни кинога таклиф қиларди. Уларнинг ёнидан қадамимни тезлатиб ўтдим. Қарамадим, шундай бўлса ҳам Розиянинг учрашувдан норози эканлигини тушундим… Қиз кетишга чоғланар, аммо Рўзимат унинг йўлини тўсиб, кеткизгани қўймасди.

Уйга келиб мадад беришларини истагандек жавондаги китобларга термилиб ўтирдим. Ногоҳ “Мартин Иден”га кўзим тушди. Китобни олиб рўпарамга қўйдим-да, иягимни кафтларим орасига олиб мушоҳада юрита бошладим. Шунча кучи ва енгилмас иродаси билан Мартин ҳам севган қизини бошқа бировга бериб қўйган эди. Мен Рўзиматни енга оламанми? Розия уни севиб улгурдимикин? Бугун улар кинога боришармикин?..

Ана шундай хаёллар билан қандай қилиб кўчага чиқиб кетганимни пайқамай ҳам қолибман. Узоқдан ўша қадрдон ва сирдош туятошлар кўрингандагина Розия­нинг уйига яқинлашиб қолганимни англадим. Ёмғир томчилаб турарди. Тупроқ ҳиди, оғир булутлар карвони, йўл ҳали қуруқ, аммо йўл бўйидаги тошлар чанги ювилган…
Ҳамишаги жойимга келиб, бўйимдан баланд харсанглар орасидан унинг дарвозасига қарадим. Хаёл олиб қочди. Яна ўша ҳинд киноларидаги манзаралар: Рўзимат-Жага, қўлида пичоқ, мен енгил яраландим, Розия келиб бошимни бағрига босди ва бўзлаб қўшиқ айта бошлади. Унинг кўзларидан оқаётган томчилар юзларимга томяпти…

Ўзимга келганимда ёмғир шаррос қуяр, бўтана сув йўлнинг нишаб томонига қараб жилға бўлиб оқарди. Бу манзарадан кўз узиб яна дарвозага қараганимда дарвоза занжири тебраниб турарди. Демак, кимдир дарвозани очган, кўчага қараган ва яна ёпиб уйига кириб кетган. Бу, албатта, Розия!

Дилимни афсус ўртади. Қош қорайди. Энди уни кутишдан фойда йўқ. Кеч тушганда қизлар ҳовлига ҳам оналари ҳамроҳлигида чиқадилар. Сўнгги бор дарвозага қарадим. Энди занжир кўринмасди. Ёмғир кучайган, дарвоза ёндори, девор бурчаклари, том бўғотлари сурмаранг олиб, бир-бирига қўшилиб борарди. Уйга томон юрдим. Кутубхона биноси ёнидан ўтарканман, қўлида китоб ушлаганча кутубхоначининг саволларига жавоб бераётган Розиянинг ҳолати кўз ўнгимга келди, товуши қулоғимга эшитилди: “Амальгама…”

Такрорлаб кўрдим: “Амальгама… Амальгама…”

Ортимга қарадим. Бу ердан унинг уйи кўринмасди. Қишлоқ кўчалари кимсасиз. Рўзиматнинг ҳолига ич-ичимдан кулдим. Унга йўл бўлсин шундай ёмғирли тунда кўчага чиқиш! Томларнинг қорайган кўланкасига қарадим. Рўзиматдан устунлигимни ҳис қилдим ва ортимга қайтдим. Туятошлар олдидан ўтдим, мана унинг дарвозаси! Юрагим гурс-гурс урарди. Дарвозанинг қалпоқчали темир михлари ва ёғочнинг бўялмаган ғадир-будир сиртини силадим. Сўнгра занжирни, Розиянинг бармоқлари теккан занжирни қўлимга олдим-у, унинг ҳиссиз ва совуқ сиртига лабларимни босдим.

5

Орадан ўн йил ўтиб биз яна учрашдик. Университетни битириб келиб, анчагача иш танлаб юрдим. Ниҳоят, номи ёқимсизроқ бўлган бир корхонага ишга жойлашиш ниятида раҳбар билан учрашиш учун ювиниб, дурустроқ кийиниб пештоқига “ХКМК” деган ёрлиқ осилган идорага кириб бордим. Қабулхонада қорачадан келган бир аёл нималарнидир ёзиб ўтирарди. Бошлиқни суриштирдим. Аёл жилмайганча, бир сўз демай, менга қараб тураверди. Унинг бундай қилиғидан бироз ранжиб яна аввалги гапимни такрорладим:

– Менга бошлиқ керак.
– Бошлиқ менман.

Унинг табассум ёйилиб турган юзидан кўз узиб эшикдаги лавҳага қарадим: “Рўзимат Салимович Ниҳонов”. Бирдан кўз ўнгимда Розиянинг билагидан ушлаб, уни қийнаб турган безори гавдаланди. Наҳот бу аёл ўша…

– Қандай иш билан келгандингиз? – сўради аёл энди расмий оҳангда.
– Муҳаббат изҳор этиш учун.

Бунчалик сурбетлик қила олишимни ўзим ҳам кутмагандим. Гапни юмшатмоқ ниятида дарҳол сўрадим:
– Сиз Розиямисиз?

– Ҳа, мен сизни таниб турибман. Китобларингизни ҳам ўқиганман. Айтганим тўғри чиққанидан хурсандман. Сиз шоир бўласиз дердим.

– “Сен” дердингиз.
– Ҳа, у пайтлар ёш бола эдингиз, ўзгариб кетибсиз.

Биз бир-биримиз билан юзма-юз ва жуда яқин турардик. Яна бир шаккоклик қилгим келиб қолди. Унинг билагидан шартта ушладим. Худди бундан ўн йил аввал дарвоза занжирини ушлагандай. Ва овозимни пасайтириб шивирладим: “Мен сизни севардим, Амальгама!”

Розия бўшашган бармоқларим орасидан қўлини тортиб олди. Шошқин бир тарзда мендан узоқлашди. Эшик очилди. Розиянинг остона ҳатлаб даҳлизга чиқаётганини кўрдим. “Алвидо, биринчи муҳаббатим!” – дедим кўзларимни чирт юмиб. Кутилмаганда лабларимда илиқ бир ҳарорат туйдим. Розия! Хаёлимда у лабларини бўсага тутди-ю, шошқин узиб олди…

Юрагимда ҳиссиётлар қайта жонланди. Аммо бу ҳиссиёт улкан алангадан сўнг кул остида қолган ва тобора сўниб бораётган чўққа ўхшарди. Ва у аввалги ранглари билан кўзни қамаштирмас, ловулламас, олов каби куйдирмасди.

– Алвидо, Амальгама!

Уйга қайтиб, қўлимга Фасмернинг луғатини олдим. Шунча йиллар давомида мени мафтун этган, қалбимни соҳир туйғуларга тўлдирган бу сўзнинг мазмуни ҳафсаламни пир қилди. Нега шу пайтгача бу сўзнинг мазмунига қизиқмаганим, бу нарса мутлақо хаёлимга келмаганидан таажжубдаман.

“Амальгама” симобда эриган маъданнинг совуқ қотишмаси экан…

АЛЬМАМАТЕР  ДАРАХТИНИНГ МЕВАСИ

1

…Мен Оверда кутиб турардим. Таважжуҳ ҳолатида. Атрофда одам кўп, аммо мен ёлғиз. Аслида таважжуҳ сўзининг мазмуни бироз бошқачароқ. Бу ҳолатга кирган одам ёлғиз бўлади ва у ҳеч нарсани эшитмайди, ҳеч нарсани кўрмайди деган тасаввурдаман. Начора, мен шундай бўлишини хоҳлайман. Қадимий Қаршининг “Овер” деб юритиладиган бу ҳудудида бундан анча йиллар аввал ночоргина бир тикувчилик корхонаси бўлган. Унинг пастқам ва нимқоронғи хоналарида кийимлар бичилган, тикилган ва… оверловка қилинган, яъни чокланган. Бу сўзнинг тилимиздаги атамасини топганимдан қувониб кетдим. “Чокланган!” Чок – алоҳида икки бўлакнинг бирлаштириб тикилган жойи. Орамизда севги ҳақида ҳали бирор гап бўлмаган, шунга қарамай, қачондир бир кун бизнинг бечора қалбларимиз ҳам муҳаббат ришталари билан чокланадигандай ва бир-бирига қўшиб мустаҳкам тикиладигандай.

…Аммо ўша куни у келмади. Мен ҳар доимгидек Оверда кутдим.

Дарвоқе, ҳозир бу корхона йўқ, қаршиликлар лафзида унинг номигина сақланиб қолган, холос. Биринчи марта бу сўзни бир такси ҳайдовчисидан эшитдим. Тушунмадим. Унинг “Оверда тушасизми?” деган сўроғини хаёлан миямда айлантириб кўрдим. Овер… бу сўз менга ёқинқираб турарди. Нима бўлса ҳам тушиб қолдим. Шу сўзнинг шираси учун тушдим. Эски Овер ўрнида замонавий бинолар қад ростлаб турган бу минтақа ҳозир мен учун жуда қадрдон. Чунки уни шу жойда учратганман ва бизнинг қалбларимиз шу жойда “оверловка” қилинишидан умидвор бўлганман. Бахт ва бахтсизликнинг ёнма-ён юришини ҳам шу ерда мушоҳада қилганман.

2

…Бугун ҳам унинг келиши гумон.

Шундай бўлса ҳам узоқ кутдим. Чорраҳанинг кесишган бурчагида, дарахт соясидаман. Умрида кўп азобларни кўрган бу дарахт. Унинг эгри-бугри танасида инсон қўлининг беҳад кўп изи бор. Арра, теша, болта, дасткола излари… Кимдир мих қоққан, кимдир чопқи билан қиртишлаган. Унинг дағал-дўққи, эгриланиб ўсган танасида инсон хаёллари ва ниятларининг қотиб қолган изларини ҳам кўриб турардим. Шунча тазйиқларга қарамай, дарахт мени ўз фарзандидай қабул қилди. У жазирама қуёш тафтидан инсонни ҳимоя қилаётганидан хурсанд. Бу фақат оналарга хос. Она энг дилозор, энг ноқобил фарзандини ҳам қаноти остига олади. Агар бола ношуд ва дардманд, бошқаларга нисбатан бахтсиз бўлса, она биринчи навбатда шу фарзандига меҳр кўрсатади. Мен эса биринчи даражали ношудман. Уйим йўқ, пулим йўқ, мансабдор ҳам эмасман. О, аслида булар ҳаммаси ўқувчининг жиғига тегадиган ҳавойи гаплар. Аммо мен чин қалбдан, юрагим гурс-гурс урган ҳолда айтяпман. Дарахт эса фикримга қўшилгандай билинар-билинмас овозда шивирлаб, ҳамдардлигини изҳор этарди. Ҳатто мени сийлашга ҳам жазм этди. Елкамга тўп этиб урилган зарбадан ўзимга келдим. Болалар коптогидай бир нарса елкамга урилиб оёқларим остига тушди. Мева! Ҳеч ким, ҳатто бирон бир жонивор ҳам емайдиган, шумтака болалар қийқирганча тўп ўрнида тепиб тепкилаб юрадиган мева. Қўлга олдим уни. Оғир, залворли. Кўкимтир рангда. Бурнимга босиб ҳидладим, ваҳоланки, унинг ҳеч қандай ҳиди йўқлигини билардим. Ерга урилган томони бирозгина эзилибди. Эзилган жойларида оппоқ, қуюқ, сершира сут. Унинг тахир сутини оғизга олиб бўлмаслигини ҳам азалдан биламан. Шундай бўлса ҳам бармоғимнинг учи билан олиб ялаб кўрдим ва бошим узра юксалиб турган яшил соябонимдан яшириб секингина четга туфлаб ташламоқчи бўлдим. Уни ранжитгим келмасди. Ахир у ўзида борини берди… Четга тупураётиб кимдир мени кузатиб турганини пайқадим. Жуда ноқулай ҳолат. Кўчада тупуриш – маданиятсизлик. Лабимда кўпикланиб турган сут билан уни ютишни ҳам, ташлашни ҳам билмай, бош кўтариб қарадим. Унинг келганини пайқамай қолибман. Ёшгина жувон мени таҳқир назари билан кузатиб турарди. Кафтим билан лабларимни артарканман, нима маънодалигини ўзим ҳам билмаган ҳолда бош тебратар ва жилмайишга уринардим. Жувон иддао қилгандай илкис бир ҳаракат билан юзини четга бурди. Қулоғидаги оғир олтин исирға бир муддат силкиниб, дарахт япроқлари орасидан сизғириб ўтаётган риштаи Марямдек бир қатим нурни атрофга сочиб ташлади. Ҳеч шубҳасиз, менинг буришиб турган юзим жувонга ёқмаган эди. Томоқ қирдим. Жувон менга бу сафар кўз қири билан қаради. Чап қошининг чеккасига томон тортилган ингичка учи юқорига кўтарилиб, жувоннинг дилида ва тилида турган заҳарни сочишга тайёр турарди. Бу ҳолат менга ғазабнок арини эслатди ва мен ўзимни тутолмай кулиб юбордим. Ҳеч шубҳасиз, жувон мени ақли ноқис одамлар жумласидан деб ўйлаётганди. Майли, бундан хафа эмасман. Жувонинг “ғазабнок ари”ни ифодаловчи ҳолати узоқ чўзилмади, у бутунлай тескари ўгирилиб олди.

– Сиз каминани нотўғри тушундингиз, – дедим ўзимга ўзим гапираётгандай бир оҳангда.

– Фф-у! – деган жавоб бўлди.

– Мен тартиб-интизомли одамман.

– Кўриниб турибди.

– Бу дарахтнинг сути тахирлигини билардим…

– Билсангиз нима учун ялайсиз?

– Албатта, унинг ҳурмати учун! Ҳа, фақат унинг ҳурмати учун.

– Кимнинг?

Мен бошим билан дарахтга имо қилдим. Жувоннинг кўзларида ишончсизлик аломатлари зуҳур этди. Шу ҳолатда у анчагина чиройли кўринарди. Унинг буғдойранг юзи, бироз чўккан ёноқлари, оғиз-бурни атрофидаги нозиккина қавссимон чизиқларнинг ҳар бир кунжида унга шукуҳ бағишлаб турган ўша ишончсизлик. О, Худойим, аёл зотига жиддийликдан бошқа ҳамма нарса ярашади деган хаёл шууримдан ўтди.

– Кимнинг ҳурмати учун? – саволини такрорлади жувон мендан кўз узмай.

– Дарахтнинг.

– Уф-ф! – қўл силтади жувон, сўнгра бекатга келиб тўхтаган машинага бир қараб олди-да, сўради:

– Бу қандай дарахт ўзи?

Дарахтнинг номини билмасдим. Ногоҳ тилимга келган сўзни айтиб юбордим:

– Альмаматер.

– Сиз немисмисиз?

Жувоннинг лабларида ўйнаб турган табассум беозор эди, бу менга ҳам юқди.

3

Орадан бир ҳафта ўтиб яна учрашдик. Ўша жойда, ўша дарахт паноҳида. Биз саломлашмадик. Бир-биримиздан бегонасираётгандаймиз. Жувон телефонда ким биландир гаплашди ва икки-уч марта менга қараб қўйди. Ҳар сафар менга қараркан, лаблари кенг ёйилиб жилмаярди. Унинг ширин табассуми кимга аталгани мен учун қоронғи. Телефонини сумкачасининг киссасига жойлаштираётиб зериккан қиёфада менга қаради. Бу Овердаги бекатда иккинчи учрашувимиз. Қани менинг аввалги журъатим?

Жувон ўзи ўтириши керак бўлган “Дамас”ни тўртинчи марта ҳам ўтказиб юборди. “Это кое-что…” дедим ўзимга ўзим. Чунки бекатда тўхтаб ўтаётган машиналарда бўш ўрин кўп эди.

– Сиз бу дарахтнинг номини эслаб қолдингизми? – сўрадим дабдурустдан дадил туриб.

– Альма…

– Ҳа, ҳа… альмаматер. Хотирангиз кучли экан.

– Қандайдир ёқимли экан номи.

– Лотинча бу сўз.

– Маъноси нима?

– Сут берган она.

– Шунинг учун унинг сутини ялаётган экансиз-да.

– Бу сўзни талабалар университет маъносида ишлатишади.

– Йўқ, сут берган она дейилгани маъқул.

– Ҳа, унда эркалаш маъноси ҳам бор.

Жувон хўрсиниб қўйди. Ҳаётининг фақат аёлларгагина хос бўлган қайсидир лавҳаси ёдига тушганди афтидан. Кейин дарахтга қаради. Шох ва новдаларда беҳисоб “тўпча”лар. Ерда ҳам бир қанчаси тупроққа қоришиб ётибди. Жувон ҳақида кўп нарса билгим келарди. Назаримда унинг ҳаёти таассуротларга бой эди. Савол беришга чоғландим, аммо сира кутилмаганда бекатга келиб тўхтаган “Дамас” томон одимлади у. Машинага чиқиб дераза тагидан жой оларкан, мен турган томонга қаради. Унинг шошқин нигоҳида мен ғарибга аталган илиқ бир нарса борлигини пайқадим. Машина узоқлашиб борарди. Бошимни қуйи эгдим, кўзларимни юмдим…

4

Оёғим ердан узилди. Шиддат билан юқорига томон кўтарилиб бораяпман. Қоронғилик. Ҳеч нарсани кўрмайман, ҳеч қандай товушни эшитмайман. Назаримда йиллар, асрлар менинг ёнимдан лип-лип этиб ўтиб бормоқда. Бу ҳар доим мен машқ қиладиган таважжуҳ ҳолатининг ўзига хос жиҳатларидан бири. Баъзан ердаги ҳаётнинг узуқ-юлуқ парчалари намоён бўлади, аммо уларни хаёл пардасидан сидириб ташлайман. Ерга қайтгим келмайди. Чунки бош билан ҳудудсиз само қаватларини ёриб коинотнинг чуқур қаърига кириб бориш ва бу ҳолатнинг узлуксизлиги, ҳеч қачон тугамаслиги жуда ёқимли. Бу ҳолатнинг мангу давом этиши учун ўтмиш ҳаётимдан ҳеч нарсани эсламаслигим керак. Қандайдир ёруғ юлдузга бориб урилдим. Балки бу метеоритдир… Яна йиллар, асрлар ўтди. Юлдузлар пастга томон шиддат билан тушиб боришарди. Хира туманлик пардаси ортида бир бўлак музга ўхшаган нарса оқариб кўринди. Бу ой бўлса керак деб ўйладим.

…Кўзимни очдим. Шифт. Қорга монанд ёруғлик таратувчи бурама лампочка. Тепамда оқ халатли аёл. “Ўзига келди”, – деди у кимгадир қараб. Унинг кимга гапираётганини билмоқчи бўлдим, аммо кучли оғриқ сўнггида яна қоронғилик қўйнига шўнғидим. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Ва ниҳоят, шифохонада эканлигимни англадим. Юзим танғиб ташланган. Бошимни пайпаслаб кўриб кайфиятим тушиб кетди…

Бир ой деганда чиқдим шифохонадан. Милиция формасидаги бир йигитдан бошқа бирор киши ҳолимдан хабар олмади. “Милиция сержанти Носиров”, – деб таништирди ўзини йигит ва саволга тутди. Унинг талаби билан тушунтириш хати ёздим ва ҳеч кимга даъвом йўқлигини билдирдим. Кейинроқ мени машинаси билан уриб кетган ҳайдовчи амнистия билан оқланиб… тўғрироғи, суд бўлмай иши тўхтатилганини эшитдим. Мен учун бунинг ҳеч қандай қизиқ жойи қолмаган. Ундан кўра ойнага қараб юзимни томоша қилиш мароқлироқ. Юзим бамисоли қайрағоч дарахтининг танасидай ғадир-будур. Бурним чап томонга қийшайиб қолган, иягимда чандиқнинг чуқур изи. Ёноқларим пачақланган, чап қошимнинг ярми йўқ… Чап ёнга бироз оғиб чўлоқланганча хона ичида кезинаман.

5

Орадан тўққиз ой ўтди. Тошкентда малака ошириш курсида ўқияпман. Баҳор. Турли вилоятлардан бу ерга турли қиёфадаги одамлар келишган. “Абдулла Авлоний”нинг кенг ҳовлисида машғулотлардан кейин сайр қилиб юрган касбдошларимни деразадан кузатишни яхши кўраман. Орадан бирор ҳафта ўтиб бу машғулотни тўхтатдим. Чунки қора дўланалар гуллай бошлаганди. Бундай паллада уйда ўтириш гуноҳ. Институт дарвозасидан чиқиб чап томонга юрдим. Чамаси эллик-олтмиш қадам нарида бир тўп қора дўлана дарахти бор. Ҳали унинг олдига етиб бормасимданоқ ҳавонинг муаттар бир ҳидга тўйинганини ҳис қилдим. Бошим айланиб кетди. Бу дарахт гулларидан тараладиган ачқимтир ҳид менга жуда ёқади. Ачқимтир, аммо жуда муаттар. Қора дўланалар гуллаган дамларда бу дунёни ташлаб кетиш сира мумкин эмас. Дарахт малака ошириш институтининг ҳовлисига яқин жойда. Бу ўқув даргоҳини кўпинча оддийгина қилиб “Абдулла Авлоний” деймиз. Дарахт деворга тақалиб ўсган. Унинг тагида тўхтаб кўзларимни юмдим, ўпкамни тўлдириб нафас олдим. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб таважжуҳ ҳолатига кирдим ва бошим билан дарахт гуллари орасига шўнғидим. Гуллар ва мен… Бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса йўқ. Олам фақат гулдан иборат. Саватчаларда даста-даста бўлиб жойлашган сон-саноқсиз гулларнинг ҳар бири ўз ҳолича ҳавога атир пуркайди. Ариларнинг бир маромда ғувуллаши… О, қани энди бутун умр шу жойда, шу гуллар орасида, шу ҳолатда қолсам!

Ногоҳ кимдир тирсагимдан тутди. “Қори ака, йўлдан ўтказиб қўяйми?” – деган овоздан борлиққа қайтдим. Рўпарамда ёшгина бир аёл турарди. Уни танидим. Унга раҳмат айтмоқчи бўлдим. Аммо кўзларим очилганини кўрган аёл дарҳол йўлига равона бўлди. Бу Сайёра эди…

6

…Сайёра енгилгина кийиниб чиқди. Япон шифонидан тикилган калта енгли кўйлаги эгнига қуйиб қўйгандай турар, аёлнинг қоматига жозиба бахш этарди. Унинг назарида гўё оламдаги бор нурлар шу кўйлакдан таралар, шу кўйлак гуллари атрофга атир пуркарди. Себзор кўчасига етганда бироз иккиланиб туриб қолди. Кўнглида дугонасига хабар бермай ёлғиз сайр этиш истаги туғилди, бунга арзирли баҳона ҳам топилди. Дугонасининг гапдонлиги, ҳадеб икки-уч йил аввал рўй берган севги тарихини куйиб-пишиб гапиравериб жонига тегиб кетганлиги ногоҳ шу лаҳзада – дугонасининг дарвозасига бир неча қадам қолганда ёдига тушиб, индамай ортига қайтди-ю, ложувард осмонда ҳаволаниб юрган кабутардек эркин ҳис этди ўзини.

Йўл-йўлакай атторлик молларига тўлиб кетган дўконларга бирров кириб чиқди, сўнгра тайёр кийимлар растаси бўйлаб юрди. Ва… ва бирдан дилида яшириниб ётган истак аслида бу эмаслигини, бирор нарса харид қилишдан кучлироқ нимадир безовта қилаётганини англаб қолди-ю, кўнгли қўмсаётган нарсанинг нималигини тушуниб етмай, йўлдан адашган кишидек кадамлари сустлашди. Ниманидир қаттиқ қўмсарди. Ана шу қўмсаш уни Анҳор бўйига етаклади. Одам кам, хилватсаро бу гўша дастлаб чўчитди уни. Баҳайбат акас ва эман дарахтлари хаёл оғушида. Анҳор суви уларнинг хаёлини бузишга журъат этмаётган каби ёки бу сокинликдан бирор нарса англаб олмоқчидек сокин оқар, кўчаларни тўлдириб сирғалаётган машиналар ва одамларнинг аралашиб кетган гувраниши элас-элас эшитиларди. Одатда гуруҳ-гуруҳ бўлиб сайр этиб юрадиган ёшлар кўринишмайди. “Одамлар бозорларда, Чорсуда, Отчопарда, – мулоҳаза қилди Сайёра. – Бу жойга аввалроқ келмаганимни қара-я, қандай тинч, осойишта”.

Темир панжаранинг қора бўёқли сиртини бармоқларининг учи билан сийпалаганча, ўйинқароқ бир кайфиятда сув оқими бўйлаб бораверди. Анҳор кўпригининг баҳайбатлиги эътиборини тортиб ва бундан ҳайрати ортиб, айни пайтда шундай баландликдан ўзини сувга йиқилиб тушаётгандай ҳис қилганча юраги ҳаприқиб бораркан, хиёбондаги энг чекка ўриндиқда ўтирган кишини дафъатан пайқамади. Унга кўзи тушганда эса юраги “шиғ” этиб кетди. Эркакнинг чекка сочлари оқарган, худди қулоғига икки дона оқ атиргул қистириб қўйилгандай. Ёши эллик беш-олтмишларда. Қошлари чимирилиб бурун қирраси томон интилиб тургани сабабли пешонанинг ўртасида ловия катталигидаги тугунча. У сигарета тутатиб ўтирар ва афтидан ниманидир қаттиқ ўйларди. Ўриндиқ суянчиғи устида қора ёмғирпўши, ёнида шу рангдаги шляпа. Шляпа устидаги суйрисимон чуқурчада бир қути сигарет. Унинг устида бир қути гугурт. Сайёранинг нигоҳи буларнинг барчасини бир сермаб ўтди-да, эркакнинг ғамгин қиёфаси устида тўхтади. Эркак нигоҳини ердан узмасдан ва ҳайкалдай қотиб қолган ҳолатини ўзгартирмасдан яна сигаретга қўл чўзди. Бегона эркакнинг рўпарасида туриб қолганидан ўнғайсизланиб шошилганча йўлида давом этди. Уч-тўрт қадам ўтиб ортига қаради. Ўз хаёллари оғушида ўтирган эркак танишга ўхшарди. Танишдай ва ҳатто жуда қадрдондай.

7

Орадан уч кун ўтиб яна анҳор бўйида, ўша жойда, ўша алпозда ўтирган ҳолатда учратди уни. Ҳаво бироз айниб, шамол эсар, дов-дарахтлар норози бир қиёфада бош тебратиб турарди. Олдидан ўтаётиб, эркакка кўз қири билан назар солди. Бу сафар эркакнинг қўлида қандайдир қоғоз бор. “Гап бу ёқда экан-да, – ўйлади Сайёра. – Демак, бу одамнинг оиласи узоқда. Хатнинг мазмуни эса таҳликали. Балки хотини рашкчидир…”

Эркак варақ қатини очаркан, кўзини бирдам қоғоздан узиб рўпарасида қотиб турган аёлга қаради. Нигоҳларнинг қисқа, оний бу тўқнашувида кўз кўзга тушди, холос. Сайёра шошқин қадамлар билан узоқлашди. Эркакнинг кўзлари қорамиди, қўнғирмиди, англолмай қолди. Хатни ўқиб бўлади-ю, йўлга тушади, майли, борсин-да тезроқ уйига, деди Сайёра ўзига ўзи. Аммо охирги гап гўё “кетмаса яхши бўларди”, деган фикрнинг шуурида бош кўтариб қолишидан чўчигандай бир тарзда айтилдики, ўз хаёлидан ўзи уялиб кетди. Анча жойга боргандан сўнг яна ортига қаради. Эркакнинг хат ушлаган қўли тиззаларидан пастга мажолсиз осилиб турар, бармоқлари учида қоғоз оқариб кўринарди.

Жувоннинг қадамлари сустлашди. Йўлдан четга ўтиб панжарага суянди. Пешонасини темир панжаранинг совуқ сиртига бир лаҳза босиб турди. Сўнгра хиёбон четидаги ўриндиққа омонатгина ўтирди. Энди хат ерга тушиб ётар, енгилгина эсаётган шамол уни варақлар, аммо учириб кета олмай титкиларди.

Қуёш уфққа томон оғди. Дарахт япроқлари аввалгидан кучлироқ шовуллар, новдалар тобора қаттиқроқ силкинар. Ниҳоят эркак ўрнидан қўзғалди. Ёмғирпўшини ва шляпасини кийди-да, бошини қуйи солган кўйи хиёбон бўйлаб битта-битта қадамлаганча Сайёра ўтирган томонга қараб келаверди. Қиз тараддудланиб қолди. Дастлаб ўрнидан туришга, тезроқ жўнаб қолишга чоғланди, аммо шу сониянинг ўзида фикридан қайтиб, сумкачасини тиззалари устига олганча кавлаштира бошлади. Эркак яқинлаб келиб ёнидан ўтаётганда ўзини шу иш билан машғулдек кўрсатди. Аммо уни пинҳона кузатишда давом этди. Эркак шошилмай қадамларди. Оёғида қишки ботинка, тумшуғи ингичкароқ, тагчарми қалин, аскарларникидай. Чап оёғини босганда тагчармнинг нола қилгандай ғирчиллаши эшитилади. Шимининг пойчаси ботинка товонидан пастроққача тушиб ерга тегай деб турибди.

8

Эркак кўздан пана бўлиши билан ўрнидан сакраб турди ва узоқда оқариб кўринаётган қоғозга томон юрди. Йўлнинг ярмига борганда, сира кутилмаганда шиддатли шамол эса бошлади. Чанг-тўзон кўтарилди. Тепада гувранаётган кучли оқимнинг ер бағирлаб ўтаётган эпкини йўлакда ётган қоғозни Анҳор томон учириб кетди. Сайёра энди ҳавода чирпирак уриб айланаётган ва тобора узоқлашиб бораётган икки варақ қоғоз ортидан югуриб борар, қандайдир сирли бир куч уни чорларди. Қоғоз шамол қанотида учиб бориб соҳил панжарасига ёпишди ва уни қувлаб келаётган аёл билан хайрлашаётган каби шалдираб силкина бошлади. Сайёра бутун вужуди билан хатга интилди, қўл чўзди, аммо шамол ундан чаққонлик қилиб, қоғозни панжара симидан юлқиб олди-ю, учириб кетиб Анҳор сувига улоқтирди.

Сайёра ёмғирда ивиб хонасига қайтди. Даставвал сумкачасидан сигерета қутисини олиб кўздан кечирди: сўзларини қизиқиш билан ўқиди. Уни дераза токчасига, бошқа худди шундай қутичалар олдига қўйди-да, жавондан иссиқроқ кийимларини олиб кийди. Эти жунжикар, қайноққина чой ичгиси келарди. Елкасига тивит рўмолини ташлаб ошхонага ўтди. Бухоролик аспирант йигит газўчоққа чойдиш қўйиб, қайнашини кутиб турарди.

– Мана, меникидан дамлаб олақолинг, – мулозамат қилди йигит. – Кутиб ўтирасизми? Ана, қайнай деб қолди. Икковимизга ҳам етади.

– Раҳмат, – жавоб қилди Сайёра.

Йигит яна бир-икки гап ташлаб кўрди-ю, унинг сукут сақлашидан ўзича маъно сезиб бошқа индамади. Касбдошининг чойнагига қайноқ сув қуйиб бераркан: “Ҳаёт шу экан-да”, – дея хўрсиниб қўйди.

Орадан ярим соатлар ўтиб даҳлизчада журъатсиз босилаётган қадам товушлари эшитилди. Эшик оҳиста тиқиллади. “Яна “Абушқа”ни сўрайди”, – хаёлидан ўтказди Сайёра. Китобни олди-да, эшикни қия очиб: “мана” деди. Йигит китобни оларкан, раҳмат айтди ва қаддини хам қилганча, оғир қадамлар билан ўз хонаси томон кетди. Йигитнинг мақсади икки оғиз гаплашиш, китоб эса баҳона эканлигини тушунарди Сайёра. Аммо рўйхушлик бермади.

Унинг руҳиятида нимадир ўзгарган, нимадир етилган ва яна нимадир бўй кўрсата бошлаганди. Хона деворига қараса ҳам, китоб варақласа ёки идиш-товоқ ювишга тутинса ҳам мутлақо бегона, лекин айни пайтда “минг йиллик қадрдон” ўша ғамгин қиёфа кўз ўнгида намоён бўларди. Каравот панжараси орасидан қўл чўзиб интилганча сигарет қутичасидан бирини олди, ёзувларига, рангига, айлана ичидаги отлиқ кишининг ҳайкалига қаради ва секингина бурнига яқинлаштирди. Ҳидлаб кўрди. Бу қизил қутичани ҳам ўриндиқ ёнидан ўтиб кетаётиб ўт-ўланлар орасидан топиб олган ва “уники” эканлигини биларди. Ногоҳ эшикнинг тақиллаши Сайёрани чўчитиб юборди. Юраги ҳаприққанча ўрнидан отилиб турди, тезроқ ҳаракат қилмаса “У” кетиб қоладигандай шошиб эшикка қўл чўзди.

– Китобингизни олиб келгандим, – деган товуш эшитилди ташқаридан.

Сайёра алам билан уф тортди. Эшикни очди ва индамай китобни оларкан, аспирант йигитнинг истеҳзоли нимтабассумидан ўзига келди.

– Сигарет қутиси?..

– Ҳа, чекаман. Нима, мумкин эмасми? – терс гапирди Сайёра.

Шошилиб эшик томон борганида сигарет қутисини қолдиришни унутган экан. Йигит лабларида қотиб қолган ўша истеҳзоли табассум билан индамай бош тебратди-ю, шахдам қадамлар билан ортига қайтди. Унинг ҳаракатида зарда ва кескинлик яққол кўриниб турарди.

9

Анҳор бўйи Сайёранинг муқаддас манзилига айланиб қолди. Энди у ғамгин қиёфали одам ўтирган ўриндиққа яқинроқ бориб оғзига бир дона нордон “Дьюшес” қандидан соларди-да, сумкачасидан китобини олиб ўқишга тутинар, дунё бехабар қўшнисининг сигарета тутатишига қарар, унинг газетани кўздан кечириши, сўнгра қандайдир қалин журнални варақлашини ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмасди. Ғамгин қиёфали одам баъзан нималарнидир ёзарди ҳам.

Кўк, қизил қутичалар ўн олтитага етди. Ҳар сафар ғамгин қиёфали одам кетиши ва кўздан пана бўлиши билан Сайёра унинг ўрнида пайдо бўларди. Бу ўриндиқда ўтириш ўнғай, орқа суянчиғи ётиқроқ, бемалол ястаниш мумкин. Оёқ ва бел толиқмайди. Ҳалиги хат ғамгин қиёфали одамнинг ҳаётида у қадар муҳим аҳамият касб этмаганини аллақачон тушунганди Сайёра. Чунки у ҳеч қаёққа кетмади. Балки ўша қоғозда бутунлай аҳамиятсиз битиклар бўлгандир?

Улар ўтирадиган ўриндиқлар орасидаги масофа етти қадамча келади. Шу боис ғамгин қиёфали кишининг юз ифодаси аниқ кўринади. Унинг узунчоқ юзи, чап томонга бироз қийшиқ ўрнашган қирра бурни, иягидаги чандиқ ва яримта қоши қизга жуда чиройли, ҳатто бир қадар савлатли кўринади. Фақат лаблари юпқа ва ҳамиша қаттиқ қимтилган. Оғиз ўрнида икки чети пастга томон осилган қавссимон иккита чизиқ. Бу “қавс”ни унчалик чиройли деб бўлмайди. Журнални ўқиётганда бармоқлари билан чекка сочини тортқилаб туради. Қошлари чимрилган, юзида гоҳ изтироб, гоҳ ўкинч акси. Бир сафар унинг юзи ёришиб кетди. Четлари пастга осилган “қавс” тўғриланди. Ғамгин қиёфали одам, Сайёра уни танигани ва”дўстлашгани”дан буён, илк марта жилмайди. Аммо ғамгин қиёфа лабларнинг бундай хиёнати ва ўзаро битишувини пайқамай ўқишда давом этди. Аёл бир муддат нигоҳини ундан узмади. Шу бегона одамнинг юзидаги ҳар бир чизиқни ва ҳар бир ифодани хотирасида узоқроқ сақлаб қолиш мақсадида астойдил тикилди. Қулоғининг солинчоғи катта. Қулоқ ичида ўсган юнглар қорайиб кўриниб турибди. Уларнинг айримлари юзи томон қайрилиб, чекка сочига қўшилиб кетган. “Сочи Бетховенникига эмас, Бальзакникига кўпроқ ўхшайди, – хаёлидан ўтказди Сайёра, сўнгра лаҳза ўтмай фикридан қайтди. – Йўқ, Ойбекникига ўхшаркан”.

Эркак оёғини чалкаштириб, тирсаги билан ўриндиқ суянчиғига таянганча Сайёра ўтирган томонга ярим ўгирилган кўйи журнални тиззаси устига қўйиб шошқин ҳаракат билан чўнтагидан ён дафтарини олди. Энгашиб нималарнидир тез-тез ёза бошлади. Ана, ўрнидан туриб анҳор томон юрди. Хиёбонни кесиб ўтиб панжарага суянди. Ортига қайтиб яна ўрнига ўтираётганда Сайёрага қаради. Қошлари ўртасидаги чизиқлар чуқурлашиб, чизиқлар орасидаги тугунча бўртиб чиқди. Ниманидир эслашга уринарди афтидан. Сайёра нигоҳини ундан узиб ерга кўз тикди. Қаддини ростламоқчи, кўксини кўтариб орқага суянмоқчи бўлди-ю, журъати етмади. Аксинча, энкайиб олди. Шабада майин-майин эсар, тамаки тутунининг ўткир ҳиди Сайёранинг димоғига уриларди. Бу ҳидга кўникишни истарди аёл ва бутун иродасини тўплаб чуқур-чуқур нафас оларди.

10

Эртаси кун Сайёра ўша жойни бўш кўрди. Лекин унинг ўриндиғига бориб ўтиришга ҳадди сиғмади. Келиб қолар деган умидда эски бир журнални варақлаб ўтирди. Ўқтин-ўқтин “ўқиш”дан бош кўтариб атрофга алангларкан, Анҳорнинг нариги бетида кимнингдир шарпасини пайқагандай бўлди. У томонда одамлар ўтиб-қайтиб туришарди. Ҳалиги шарпа ўзини панага – дарахт танаси ортига олгани аёлнинг диққатини тортди. Юзини журнал варағи билан тўсганча ўша томонни кузата бошлади. Шарпа беркинган жойидан қўзғалиб танаси айри бўлиб ўсган дарахт ортига ўтди.

Ғамгин қиёфали одамдан эса ҳамон дарак йўқ. Сайёра бўм-бўш ўриндиққа ғамгин нигоҳ ташларкан, ногоҳ Анҳорнинг нариги бетида пайдо бўлган шарпа ёдига тушди-да, атрофга аланглади. Дарахт танаси ортида жигарранг кийимнинг учбурчак этаги кўриниб турарди. “Э, бордир-да бирортаси” хаёлидан ўткарди у ва ўзини чалғитиш мақсадида яна журналга тикилди. Қуёш дарахтлар ортига ўтиб беркинди. Соялар қуюқлашди, салқин тушди. “Келмайди” аламнок айтилди бу сўз. Соатига қаради. Ўрнидан турди. Кетишга чоғланаркан, яна унинг ўрнига кўз ташлади ва шундагина майса устида ётган қизил рангли қутичага кўзи тушди. Устидаги шаффоф целлофани ҳам тушиб кетмаган. Шошқин ҳаракат билан қутичани сумкачасига солди.

Орадан тўрт ой ўтди.

11

Аспирантлар уйи ҳамишагидек хира чироқлари, магнитофон чинқириқлари ҳамда илм толибларининг шовур-шувури билан ўзининг дунёда мавжудлигидан дарак бериб турарди. Узун даҳлиз эшиклари олдида қўшнилар уймалашиб туришар, шанғиллаб гапиришар, бор овозлари билан кулишар, хуллас, сунъийлик эвазига бўлса-да, ўз димоқларини ўзлари чоғ қилишга уринардилар. “Қачондан буён шовқин-сурон ёқмай қолди менга?” Ўз шуурига ўзи савол берди Сайёра хонасига кириб эшикни зичлаб ёпаркан.

Дераза токчасидаги қутичалардан бирини олди. Энди нима ёзилганини ёддан билгани учун ёзувларни ўқимай қўйган, қутичага ҳавас билан қараб, ҳидлаб, яна жойига қўярди. Бу сафар ҳам ҳидлаш учун қутичани бурнига олиб бораркан, унинг ичидаги қоғозга кўзи тушди. Бармоқларининг титроқ ҳаракати билан олди уни. Ихчам қилиб букланган қоғоз… Хат!.. Қутича ичида хат бор эди. Бу қоғоз ўзига тааллуқли эканлигини ва бу хатда ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборишга қодир куч яширинлигини ички бир туйғу билан туйди Сайёра. Ғамгин қиёфали одамнинг қараб-қараб қўйиши, юз ифодаси, қошларининг чимирилиши, пешонасида ўйнаб турадиган чизиқлар аниқ-тиниқ кўз олдига келди. “Ҳар ҳолда унчалик билдирмаса ҳам менга эътибор қилган экан, бефарқ кўриниши бекор экан” деган хулоса билан хатни очди ва қуйидагиларни ўқиди:

“Эй, нотаниш Хилқат! Мақсадингни англат. Агар мени севиб қолган бўлсанг, бекор қиласан. Орамиздаги фарқ жуда катта. Ўйлаб кўр. Атрофингда шунча ёш йигитлар бўла туриб, мендек ёши ўтиб қолган кишини севишга нима мажбур этди? Жавоб хати ёзма. Анҳор бўйига келмай қўйсанг, шунинг ўзи йўллаган жавобинг бўлади.

Салом билан нотаниш одам”.

12

Сайёра яна ўша япон шифонидан тикилган кўйлагини кийди. Бу либосда ўзини дадилроқ сезарди. Айтадиган сўзларини такрор-такрор хаёлидан ўткарди ва сумкачасини елкасига илиб шахдам одимлаганча йўлга тушди. Не кўз билан кўрсинки, ғамгин қиёфали одам худди аввалгидек ўз ўрнида ўтирарди.

– Жавоб хатини ёздим, – деди Сайёра унинг рўпарасига келиб тўхтаркан, таъна ва гина барқ уриб турган нигоҳини ундан узмай.

– Қандай хат? Кимга? – сўради оҳиста ўгирилиб қараркан, ғамгин қиёфали киши.

– Сизга.

– Қани?

– Мана! – ўзига ишора қилди Сайёра.

– Тушунмадим…

Сайёра унинг ҳайратга тўла тиниқ кўзларига қаради.

– Сиз бу жойни сотиб олганмисиз?

– Қаерни?

– Шу анҳор бўйини-да.

Аёлга завқ билан қаради ғамгин қиёфали киши. Бош чайқади, лабларига унсиз табассум югурди. Сўнгра чуқур хўрсинди-да, сўради:

– Ёзувчига шайтоннинг ҳам раҳми келади деган гапни эшитганмисиз?

– Шайтоннинг нима даҳли бор?

Сокин, ярим синиқ овоз билан айтди аёл бу гапни.

– Мен пулдор эмасман. Тўғри, шу жойда оқшомги фурсат бироз ўтиришни яхши кўраман. Одатланганман. Ҳавоси тоза. Хилват. Ҳеч ким фикрлашимга халақит бермайди. Шу жойда ўтирсам миямга яхши фикрлар келаверади. Лекин бу жойни сотиб олмаганман.

– Сиз ёзувчимисиз?

Ғамгин қиёфали киши тасдиқ маъносида гуноҳкорона бош эгди.

– Менинг бу ерга келишимни тақиқлаш ҳам шу жойда хаёлингизга келганда-а? – табассум қилди Сайёра.

– Тақиқлаш… бу нима деганингиз? Ахир мен сиз билан бирор оғиз ҳам гаплашганим йўқ-ку. Келаверинг, эртага бу жойни яна бутунлай сизга ташлаб кетаман, – деди ғамгин қиёфали киши аёлнинг гапини ҳазил фаҳмлаб.

Сайёра ялт этиб унга қаради. Юзидаги табассум сўнди. Бошини қуйи солиб жим қолди. Титроқ бармоқлари билан кўйлак белбоғининг учини асабий тарзда ғижимлай бошлади.

– Ҳеч нарса тушунмадим, – деди ғамгин қиёфали киши сокин бир ҳаракат билан чўнтагини кавларкан. – Саволларингизга жавоб бердим, аммо ҳеч нарсага фаҳмим етмади.

– Шуниси маъқул. Энг муҳими, мен ҳақиқатни англадим.

– Менга ҳам англатинг-да, унда…

Қоронғи туша бошлаганди бу пайтда. Сайёра иккиланди. “Эртага кетмасангиз…” – дейишга кўп уринди. Аммо бу сўзларнинг ҳар бир товуши қўрғошиндан қуйилгандай оғир. Айтолмади. Кўзёшларини аранг тийиб турарди. Эртаси кун бўйи хонасидан чиқмади. Қўшниси ҳам эшикни қоқмай қўйди. Фақат ҳар замон, ҳар замонда ўта эҳтиёткорлик билан қадам босиб ошхона тарафга ўтгани эшитилиб қоларди.

13

Ёзнинг димиққан оқшомларидан бирида аспирант йигит яна “Абушқа”ни сўраб остонада пайдо бўлди. Сайёра ғамгин қиёфали киши билан бўлган суҳбатдан кейин дарахт ортида яшириниб турган кишининг кимлигини ва хатни ким ёзганини тушунганди. Шу боис тўрт ой қутича ичида яшириниб ётган хатни китоб орасига солди-да, индамай узатди. Индамай эшикни ёпди ва қайтиб келиб ўрнига ётди. Кечаги суҳбатни ипидан-игнасигача қайта эслади. Унинг жавобларини, ҳолатини, қиёфасини такрор-такрор кўз ўнгидан ўткарди. “Менга ҳам англатинг-да, унда”. Ғамгин қиёфали кишининг сўнгги гапи шу бўлди.

Ногоҳ сапчиб ўрнидан туриб кетди Сайёра ва беихтиёр нидо қилди: “Ахир унинг қўлида ҳалиги бор эди-ку, ҳалиги… Альма… альмаматер! Альмаматер дарахтининг меваси! Нега хаёлимга келмади?!”

Сайёра шошқин бир ҳаракат билан кийина бошлади. Балки бугун ҳам келган ва ҳали кетмагандир деган илинж билан даҳлиз бўйлаб югуриб бораркан, кофтасини тескари кийиб олганини ҳам сезмади. Қош қорайганда манзилга етиб келди. Троллейбусдан тушиб анҳор бўйига томон энаркан, юраги ҳаприқиб, бутун вужуди билан олға интилди ва оқшом қоронғисида қорайиб турган гавдани кўрди…

* * *

Ўша қорайиб турган гавда, ғамгин қиёфали ўша одам мен эдим. Қўлимда альмаматер дарахтинингнг мевасини ушлаб турардим.

M: “Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон

nemat_arslon-640x400.jpg  “Amalgama!..” Xayollar olamining uzoq go‘shasida qolib ketgan, mazmuni ham, mohiyati ham notanish bu so‘z ko‘ksimga afsonaviy eliksirday quyilib, vujudimni hissiyotlarga to‘ldirib, yoqimli allalab turgan ilohiy ne’mat.

Ne’mat Arslon
IKKI HIKOYA
08

mat aka.jpgNe’mat Arslon (Arslonov) 1941 yil 7 iyun kuni Shahrisabz tumani Miraki qo’rg’onchasi yaqinidagi Takiya qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetini tamomlagan (1965). 1971-80 yillardan boshlab «Adabiyot va san’at» gazetasi, «Yoshlik», «Sharq yulduzi» jurnallarida hikoya, qissa va romanlari bosila boshladi. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. Adibning»Ayol suvratiga chizgilar», «Oldinda yana tun bor» hikoyalar to’plamlari, «Adam vodiysi», «Mavhumot» romanlari va bir qator asarlari chop etilgan .

08

AMALGAMA

1

“Amalgama!..”

Xayollar olamining uzoq go‘shasida qolib ketgan, mazmuni ham, mohiyati ham notanish bu so‘z ko‘ksimga afsonaviy eliksirday quyilib, vujudimni hissiyotlarga to‘ldirib, yoqimli allalab turgan ilohiy ne’mat.

Amalgama deganim ana shu.

Faqat shuning o‘zigina emas. Qishloqning oy bus-butun yoritgan sokin va sohir kechalari va ko‘chalari, yo‘l bo‘yida qalashib yotgan tuyatoshlar, xarobgina qishloq kutubxonasi va tuproq tomli bir uy… hammasi ana shu birgina so‘zda mujassam. Men uzoq yillar amalgamaning sehriga lol bo‘lib yashadim. Unga butun vujudim bilan intildim va undan qochdim. Har ikkala holatning ham sababi bor.

2

O‘n uch yoshda edim o‘shanda.

Qishki ta’tildan keyin o‘n besh kun maktabga bormadim. Yanvar sovuq keldi. Qor, qirov, tomlar bo‘g‘otida sho‘sha. Deraza shishalarida palmalarning g‘aroyib surati. Suvning, shamolning, havoning va inson xayollarining izi. Ertalabki quyosh derazaga chizilgan suratlarni iliq nurlari bilan yuva boshlaganda kutubxonaga yo‘l oldim. Issiqqina xonada Nazira opa nimalarnidir yozib o‘tirardi. Burchakda o‘zicha guvranayotgan va o‘z yumushini bajarayotgan tunuka pechdan olov harorati bilan birga yengilgina kerosin hidi taraladi. Javondagi kitoblarga ko‘z yugurtirarkanman, kutubxona eshigi ochilganini va kimdir kirib kelganini payqadim. Bu Roziya edi! Ortimga o‘girilib qaramasdan va hali qizgina kutubxonachi opa balan salomlashishga ulgurmasdan buni payqagan edim. Shu lahzada Nazira opa qizni so‘roqqa tutdi:

– O‘qidingmi?
– Himm, – javob qildi qizaloq.
– Tushundingmi?
– Bitta so‘zni tushunmadim.
– Qanday so‘z ekan?
– Amal…

Men o‘girilib qarab Roziyaning alvondek qizarib ketganini va hadeb boshidagi munchoqli do‘ppisini to‘g‘rilab kiyishga urinayotganini ko‘rdim. Qiz biroz sukut qildi va nihoyat so‘zning davomini topdi:
– Amalgama…

Roziya bu so‘zni juda chiroyli qilib, “l” harfini aytayotganda tilini “to‘shab”, ya’ni tilini pastki tishlariga bosib talaffuz qildi. Men ham ichimda qayta-qayta aytib ko‘rdim. “Amalgama, amalgama…”
– Bu bir qizning nomi.

Kutubxonachi opa aytgan bu gapning yolg‘onligini men uzoq yillar bilmadim. O‘sha kuni Roziya topshirgan kitobni men yozdirib oldim. Agar yanglishmasam, bu Lev Kassil degan yozuvchining “Mening aziz o‘g‘lonlarim” degan kitobi edi. Kutubxonadan chiqib yo‘lga qaradim. Roziya ko‘rinmadi. Uyga kelib kitobni varaqlashga tushdim. Men kitob varaqlaridan uni, Roziyaning o‘zini izlardim.

3

Yillar o‘tib, yoshimizga yosh qo‘shilgan sayin jur’atim kamayib borardi. Ke­yinchalik hayotimni tahlil etib ko‘rib, baxtsizligimga ana shu jur’atsizligim, jur’atsizligimga esa, haligi dardim sabab bo‘lganligini angladim. Hayotdagi asosiy ermagim – o‘tin yorish. Bu ham Roziyaga borib bog‘lanardi. Bahaybat to‘nkalar – devlar. Ular Roziyani o‘g‘irlab ketishgan. Men esa devlarni yengib, uni qutqazish maqsadida ertadan kechgacha bolta urardim. Natijada to‘qqizinchi sinflarga borib paylari baquvvatgina yigitchaga aylandim. Lekin jur’atsizligim zarracha kamaymadi. Har yil yoz oylari bug‘doy o‘rimiga chiqardik. O‘sha paytlarda xo‘jalikning asosiy ishchi kuchi o‘smirlar edi.

Bir kuni daladan Roziya bilan birga qaytdik. Ayollar ancha olislab ketishgan. Hademay ular qir ortiga o‘tib ko‘zdan pana bo‘lishdi. Roziya bilan ikkalamiz yolg‘iz. Nima uchundir u shoshilmayapti. Quyosh hali botmagan. Bug‘doy g‘aramlari ustiga bostirib kelayotgan tepaliklar soyasi o‘rkach-o‘rkach tuyalarga o‘xshaydi. Go‘yo hamma narsa yiriklashib borayotganday. Pastlikda kambargina sayhonlik bor. Nogoh Roziya yo‘lni shu tomonga burdi. Yuragim taka-puka bo‘lib ortidan yurdim. Qizgina suv yuvgan g‘aldir bo‘yiga o‘tirdi-da, lozimining jiyaklariga yopishgan sertikan rindak va chakamug‘ urug‘larini avaylab bitta-bitta tera boshladi. Men orqaroqda o‘tirar, uning otning yolidek qalin, qattiq va qop-qora sochidan ko‘zimni uzmasdim. Keyin u oyog‘ini men tomon uzatdi va “anavini ol” dedi yuzidagi ranj ifodasi bilan poychasiga ishora qilib. Izmagining popugiga yopishgan rindak urug‘larini ajratib olish oson kechmadi. Roziya aftidan menga oson bo‘lsin deb lozimini biroz yuqoriroq ko‘tardi. Uning to‘pig‘idan yuqorisi oppoq edi… mayin va siyrak qora tuklar bilan qoplangan edi… Men bu “manzara”ga qaramaslikka intilib rindak va chakamug‘lar bilan uzoq olishdim. Barmoqlarim shilinib, qonab ketdi. Rindakning po‘lat simdek qattiq, qavssimon urug‘lari yopishgan joyidan ajralishni sira istamasdi. La’natilar izmak popugiga o‘ranib, shu qadar mahkam yopishib yotardiki, ularni qo‘l bilan ajratib olishning sira imkoni yo‘q edi. Shunda men tishlarimni ishga soldim. Engashib mustahkam tugunga aylangan ipak popukni bor kuchim bilan tishlab torta boshladim. Lab­larim oyoqlarining tuklariga tegib qitig‘ini keltirardimi yoki boshqa bir sababdanmi, Roziya qiqirlab kulardi. Nihoyat, men rindak ustidan g‘alaba qildim, lablarimning qoniga bo‘yalgan popukni kaftimga qo‘yib egasiga uzatarkanman, boshimni ko‘tarib mag‘rur bir qiyofada unga qaradim. Aslida buni g‘urur deb ham bo‘lmasdi. Keyinroq qonli tugunchani tishlab turgan o‘sha holatimni qayta-qayta ko‘z o‘ngimdan o‘tkazarkanman, qonli lablarim, zo‘riqishdan qizarib ketgan ko‘zlarim va yuzimdagi vajohatli ifoda bilan qizning ko‘ziga qandaydir darrandaga o‘xshab ko‘ringan bo‘lsam kerak degan xulosaga keldim.

…Roziyaning kulgisi tindi. Uning ko‘zlaridagi ifodani o‘sha lahzada tushunishga ojiz edim. Bir nafas menga jimgina tikilib turdi-da, sira kutilmaganda “sen shoir bo‘lasan” dedi va go‘yo mening borligimni ham unutganday indamay yo‘lga tushdi. Biz oldinma-keyin jimgina yurib qishloqqa qaytdik.

4

Oradan bir yil o‘tdi. Kuz. Dov-daraxtlar za’faron rangda. Bu fasl menga kasalmand qiz qiyofasida namoyon bo‘lib, yuragimda mungli hissiyotlar uyg‘otadi. Roziyani qo‘msab xazonrez bog‘larda kezardim. Qiziq holat: men qizning o‘zidan ko‘ra u haqda xayol surishni ko‘proq sevardim. Bunday pallada ko‘pincha yomg‘ir yog‘ishini orzu qilardim. Hind kinolaridagiday yomg‘irlar ostida yursak, “bog‘umi bahorumi…” deb birgalikda qo‘shiq aytsak, shalabbo bo‘lib ivisak, tom bo‘g‘oti ostida bir-birimizga qapishib tursak…
Shu yil ichida Roziyaning bo‘yi cho‘zildi. Rangi tiniq tortib, yigitlar undan ko‘z uzolmaydigan bo‘lib qolishgandi. Ana shundaylarning biri, nazarimda eng xavflisi – Ro‘zimat. Keng yelkali, bo‘ydor, bezori bola. Roziyaning uzoqroq qarindoshi. Tez orada qizni unga unashtirishdi.

Bir kuni tuyatoshlar oldida ularning gaplashib turganini ko‘rib qoldim. Yigit qizni kinoga taklif qilardi. Ularning yonidan qadamimni tezlatib o‘tdim. Qaramadim, shunday bo‘lsa ham Roziyaning uchrashuvdan norozi ekanligini tushundim… Qiz ketishga chog‘lanar, ammo Ro‘zimat uning yo‘lini to‘sib, ketkizgani qo‘ymasdi.

Uyga kelib madad berishlarini istagandek javondagi kitoblarga termilib o‘tirdim. Nogoh “Martin Iden”ga ko‘zim tushdi. Kitobni olib ro‘paramga qo‘ydim-da, iyagimni kaftlarim orasiga olib mushohada yurita boshladim. Shuncha kuchi va yengilmas irodasi bilan Martin ham sevgan qizini boshqa birovga berib qo‘ygan edi. Men Ro‘zimatni yenga olamanmi? Roziya uni sevib ulgurdimikin? Bugun ular kinoga borisharmikin?..

Ana shunday xayollar bilan qanday qilib ko‘chaga chiqib ketganimni payqamay ham qolibman. Uzoqdan o‘sha qadrdon va sirdosh tuyatoshlar ko‘ringandagina Roziya­ning uyiga yaqinlashib qolganimni angladim. Yomg‘ir tomchilab turardi. Tuproq hidi, og‘ir bulutlar karvoni, yo‘l hali quruq, ammo yo‘l bo‘yidagi toshlar changi yuvilgan…

Hamishagi joyimga kelib, bo‘yimdan baland xarsanglar orasidan uning darvozasiga qaradim. Xayol olib qochdi. Yana o‘sha hind kinolaridagi manzaralar: Ro‘zimat-Jaga, qo‘lida pichoq, men yengil yaralandim, Roziya kelib boshimni bag‘riga bosdi va bo‘zlab qo‘shiq ayta boshladi. Uning ko‘zlaridan oqayotgan tomchilar yuzlarimga tomyapti…

O‘zimga kelganimda yomg‘ir sharros quyar, bo‘tana suv yo‘lning nishab tomoniga qarab jilg‘a bo‘lib oqardi. Bu manzaradan ko‘z uzib yana darvozaga qaraganimda darvoza zanjiri tebranib turardi. Demak, kimdir darvozani ochgan, ko‘chaga qaragan va yana yopib uyiga kirib ketgan. Bu, albatta, Roziya!

Dilimni afsus o‘rtadi. Qosh qoraydi. Endi uni kutishdan foyda yo‘q. Kech tushganda qizlar hovliga ham onalari hamrohligida chiqadilar. So‘nggi bor darvozaga qaradim. Endi zanjir ko‘rinmasdi. Yomg‘ir kuchaygan, darvoza yondori, devor burchaklari, tom bo‘g‘otlari surmarang olib, bir-biriga qo‘shilib borardi. Uyga tomon yurdim. Kutubxona binosi yonidan o‘tarkanman, qo‘lida kitob ushlagancha kutubxonachining savollariga javob berayotgan Roziyaning holati ko‘z o‘ngimga keldi, tovushi qulog‘imga eshitildi: “Amalgama…”

Takrorlab ko‘rdim: “Amalgama… Amalgama…”

Ortimga qaradim. Bu yerdan uning uyi ko‘rinmasdi. Qishloq ko‘chalari kimsasiz. Ro‘zimatning holiga ich-ichimdan kuldim. Unga yo‘l bo‘lsin shunday yomg‘irli tunda ko‘chaga chiqish! Tomlarning qoraygan ko‘lankasiga qaradim. Ro‘zimatdan ustunligimni his qildim va ortimga qaytdim. Tuyatoshlar oldidan o‘tdim, mana uning darvozasi! Yuragim gurs-gurs urardi. Darvozaning qalpoqchali temir mixlari va yog‘ochning bo‘yalmagan g‘adir-budir sirtini siladim. So‘ngra zanjirni, Roziyaning barmoqlari tekkan zanjirni qo‘limga oldim-u, uning hissiz va sovuq sirtiga lablarimni bosdim.

5

Oradan o‘n yil o‘tib biz yana uchrashdik. Universitetni bitirib kelib, anchagacha ish tanlab yurdim. Nihoyat, nomi yoqimsizroq bo‘lgan bir korxonaga ishga joylashish niyatida rahbar bilan uchrashish uchun yuvinib, durustroq kiyinib peshtoqiga “XKMK” degan yorliq osilgan idoraga kirib bordim. Qabulxonada qorachadan kelgan bir ayol nimalarnidir yozib o‘tirardi. Boshliqni surishtirdim. Ayol jilmaygancha, bir so‘z demay, menga qarab turaverdi. Uning bunday qilig‘idan biroz ranjib yana avvalgi gapimni takrorladim:

– Menga boshliq kerak.
– Boshliq menman.

Uning tabassum yoyilib turgan yuzidan ko‘z uzib eshikdagi lavhaga qaradim: “Ro‘zimat Salimovich Nihonov”. Birdan ko‘z o‘ngimda Roziyaning bilagidan ushlab, uni qiynab turgan bezori gavdalandi. Nahot bu ayol o‘sha…

– Qanday ish bilan kelgandingiz? – so‘radi ayol endi rasmiy ohangda.
– Muhabbat izhor etish uchun.

Bunchalik surbetlik qila olishimni o‘zim ham kutmagandim. Gapni yumshatmoq niyatida darhol so‘radim:
– Siz Roziyamisiz?

– Ha, men sizni tanib turibman. Kitoblaringizni ham o‘qiganman. Aytganim to‘g‘ri chiqqanidan xursandman. Siz shoir bo‘lasiz derdim.

– “Sen” derdingiz.
– Ha, u paytlar yosh bola edingiz, o‘zgarib ketibsiz.

Biz bir-birimiz bilan yuzma-yuz va juda yaqin turardik. Yana bir shakkoklik qilgim kelib qoldi. Uning bilagidan shartta ushladim. Xuddi bundan o‘n yil avval darvoza zanjirini ushlaganday. Va ovozimni pasaytirib shivirladim: “Men sizni sevardim, Amalgama!”
Roziya bo‘shashgan barmoqlarim orasidan qo‘lini tortib oldi. Shoshqin bir tarzda mendan uzoqlashdi. Eshik ochildi. Roziyaning ostona hatlab dahlizga chiqayotganini ko‘rdim. “Alvido, birinchi muhabbatim!” – dedim ko‘zlarimni chirt yumib. Kutilmaganda lablarimda iliq bir harorat tuydim. Roziya! Xayolimda u lablarini bo‘saga tutdi-yu, shoshqin uzib oldi…

Yuragimda hissiyotlar qayta jonlandi. Ammo bu hissiyot ulkan alangadan so‘ng kul ostida qolgan va tobora so‘nib borayotgan cho‘qqa o‘xshardi. Va u avvalgi ranglari bilan ko‘zni qamashtirmas, lovullamas, olov kabi kuydirmasdi.

– Alvido, Amalgama!

Uyga qaytib, qo‘limga Fasmerning lug‘atini oldim. Shuncha yillar davomida meni maftun etgan, qalbimni sohir tuyg‘ularga to‘ldirgan bu so‘zning mazmuni hafsalamni pir qildi. Nega shu paytgacha bu so‘zning mazmuniga qiziqmaganim, bu narsa mutlaqo xayolimga kelmaganidan taajjubdaman.

“Amalgama” simobda erigan ma’danning sovuq qotishmasi ekan…

ALMAMATЕR DARAXTINING MЕVASI

1

…Men Overda kutib turardim. Tavajjuh holatida. Atrofda odam ko‘p, ammo men yolg‘iz. Aslida tavajjuh so‘zining mazmuni biroz boshqacharoq. Bu holatga kirgan odam yolg‘iz bo‘ladi va u hech narsani eshitmaydi, hech narsani ko‘rmaydi degan tasavvurdaman. Nachora, men shunday bo‘lishini xohlayman. Qadimiy Qarshining “Over” deb yuritiladigan bu hududida bundan ancha yillar avval nochorgina bir tikuvchilik korxonasi bo‘lgan. Uning pastqam va nimqorong‘i xonalarida kiyimlar bichilgan, tikilgan va… overlovka qilingan, ya’ni choklangan. Bu so‘zning tilimizdagi atamasini topganimdan quvonib ketdim. “Choklangan!” Chok – alohida ikki bo‘lakning birlashtirib tikilgan joyi. Oramizda sevgi haqida hali biror gap bo‘lmagan, shunga qaramay, qachondir bir kun bizning bechora qalblarimiz ham muhabbat rishtalari bilan choklanadiganday va bir-biriga qo‘shib mustahkam tikiladiganday.

…Ammo o‘sha kuni u kelmadi. Men har doimgidek Overda kutdim.

Darvoqe, hozir bu korxona yo‘q, qarshiliklar lafzida uning nomigina saqlanib qolgan, xolos. Birinchi marta bu so‘zni bir taksi haydovchisidan eshitdim. Tushunmadim. Uning “Overda tushasizmi?” degan so‘rog‘ini xayolan miyamda aylantirib ko‘rdim. Over… bu so‘z menga yoqinqirab turardi. Nima bo‘lsa ham tushib qoldim. Shu so‘zning shirasi uchun tushdim. Eski Over o‘rnida zamonaviy binolar qad rostlab turgan bu mintaqa hozir men uchun juda qadrdon. Chunki uni shu joyda uchratganman va bizning qalblarimiz shu joyda “overlovka” qilinishidan umidvor bo‘lganman. Baxt va baxtsizlikning yonma-yon yurishini ham shu yerda mushohada qilganman.

2

…Bugun ham uning kelishi gumon.

Shunday bo‘lsa ham uzoq kutdim. Chorrahaning kesishgan burchagida, daraxt soyasidaman. Umrida ko‘p azoblarni ko‘rgan bu daraxt. Uning egri-bugri tanasida inson qo‘lining behad ko‘p izi bor. Arra, tesha, bolta, dastkola izlari… Kimdir mix qoqqan, kimdir chopqi bilan qirtishlagan. Uning dag‘al-do‘qqi, egrilanib o‘sgan tanasida inson xayollari va niyatlarining qotib qolgan izlarini ham ko‘rib turardim. Shuncha tazyiqlarga qaramay, daraxt meni o‘z farzandiday qabul qildi. U jazirama quyosh taftidan insonni himoya qilayotganidan xursand. Bu faqat onalarga xos. Ona eng dilozor, eng noqobil farzandini ham qanoti ostiga oladi. Agar bola noshud va dardmand, boshqalarga nisbatan baxtsiz bo‘lsa, ona birinchi navbatda shu farzandiga mehr ko‘rsatadi. Men esa birinchi darajali noshudman. Uyim yo‘q, pulim yo‘q, mansabdor ham emasman. O, aslida bular hammasi o‘quvchining jig‘iga tegadigan havoyi gaplar. Ammo men chin qalbdan, yuragim gurs-gurs urgan holda aytyapman. Daraxt esa fikrimga qo‘shilganday bilinar-bilinmas ovozda shivirlab, hamdardligini izhor etardi. Hatto meni siylashga ham jazm etdi. Yelkamga to‘p etib urilgan zarbadan o‘zimga keldim. Bolalar koptogiday bir narsa yelkamga urilib oyoqlarim ostiga tushdi. Meva! Hech kim, hatto biron bir jonivor ham yemaydigan, shumtaka bolalar qiyqirgancha to‘p o‘rnida tepib tepkilab yuradigan meva. Qo‘lga oldim uni. Og‘ir, zalvorli. Ko‘kimtir rangda. Burnimga bosib hidladim, vaholanki, uning hech qanday hidi yo‘qligini bilardim. Yerga urilgan tomoni birozgina ezilibdi. Ezilgan joylarida oppoq, quyuq, sershira sut. Uning taxir sutini og‘izga olib bo‘lmasligini ham azaldan bilaman. Shunday bo‘lsa ham barmog‘imning uchi bilan olib yalab ko‘rdim va boshim uzra yuksalib turgan yashil soyabonimdan yashirib sekingina chetga tuflab tashlamoqchi bo‘ldim. Uni ranjitgim kelmasdi. Axir u o‘zida borini berdi… Chetga tupurayotib kimdir meni kuzatib turganini payqadim. Juda noqulay holat. Ko‘chada tupurish – madaniyatsizlik. Labimda ko‘piklanib turgan sut bilan uni yutishni ham, tashlashni ham bilmay, bosh ko‘tarib qaradim. Uning kelganini payqamay qolibman. Yoshgina juvon meni tahqir nazari bilan kuzatib turardi. Kaftim bilan lablarimni artarkanman, nima ma’nodaligini o‘zim ham bilmagan holda bosh tebratar va jilmayishga urinardim. Juvon iddao qilganday ilkis bir harakat bilan yuzini chetga burdi. Qulog‘idagi og‘ir oltin isirg‘a bir muddat silkinib, daraxt yaproqlari orasidan sizg‘irib o‘tayotgan rishtai Maryamdek bir qatim nurni atrofga sochib tashladi. Hech shubhasiz, mening burishib turgan yuzim juvonga yoqmagan edi. Tomoq qirdim. Juvon menga bu safar ko‘z qiri bilan qaradi. Chap qoshining chekkasiga tomon tortilgan ingichka uchi yuqoriga ko‘tarilib, juvonning dilida va tilida turgan zaharni sochishga tayyor turardi. Bu holat menga g‘azabnok arini eslatdi va men o‘zimni tutolmay kulib yubordim. Hech shubhasiz, juvon meni aqli noqis odamlar jumlasidan deb o‘ylayotgandi. Mayli, bundan xafa emasman. Juvoning “g‘azabnok ari”ni ifodalovchi holati uzoq cho‘zilmadi, u butunlay teskari o‘girilib oldi.

– Siz kaminani noto‘g‘ri tushundingiz, – dedim o‘zimga o‘zim gapirayotganday bir ohangda.

– Ff-u! – degan javob bo‘ldi.

– Men tartib-intizomli odamman.

– Ko‘rinib turibdi.

– Bu daraxtning suti taxirligini bilardim…

– Bilsangiz nima uchun yalaysiz?

– Albatta, uning hurmati uchun! Ha, faqat uning hurmati uchun.

– Kimning?

Men boshim bilan daraxtga imo qildim. Juvonning ko‘zlarida ishonchsizlik alomatlari zuhur etdi. Shu holatda u anchagina chiroyli ko‘rinardi. Uning bug‘doyrang yuzi, biroz cho‘kkan yonoqlari, og‘iz-burni atrofidagi nozikkina qavssimon chiziqlarning har bir kunjida unga shukuh bag‘ishlab turgan o‘sha ishonchsizlik. O, Xudoyim, ayol zotiga jiddiylikdan boshqa hamma narsa yarashadi degan xayol shuurimdan o‘tdi.

– Kimning hurmati uchun? – savolini takrorladi juvon mendan ko‘z uzmay.

– Daraxtning.

– Uf-f! – qo‘l siltadi juvon, so‘ngra bekatga kelib to‘xtagan mashinaga bir qarab oldi-da, so‘radi:

– Bu qanday daraxt o‘zi?

Daraxtning nomini bilmasdim. Nogoh tilimga kelgan so‘zni aytib yubordim:

– Almamater.

– Siz nemismisiz?

Juvonning lablarida o‘ynab turgan tabassum beozor edi, bu menga ham yuqdi.

3

Oradan bir hafta o‘tib yana uchrashdik. O‘sha joyda, o‘sha daraxt panohida. Biz salomlashmadik. Bir-birimizdan begonasirayotgandaymiz. Juvon telefonda kim bilandir gaplashdi va ikki-uch marta menga qarab qo‘ydi. Har safar menga qararkan, lablari keng yoyilib jilmayardi. Uning shirin tabassumi kimga atalgani men uchun qorong‘i. Telefonini sumkachasining kissasiga joylashtirayotib zerikkan qiyofada menga qaradi. Bu Overdagi bekatda ikkinchi uchrashuvimiz. Qani mening avvalgi jur’atim?

Juvon o‘zi o‘tirishi kerak bo‘lgan “Damas”ni to‘rtinchi marta ham o‘tkazib yubordi. “Eto koye-chto…” dedim o‘zimga o‘zim. Chunki bekatda to‘xtab o‘tayotgan mashinalarda bo‘sh o‘rin ko‘p edi.

– Siz bu daraxtning nomini eslab qoldingizmi? – so‘radim dabdurustdan dadil turib.

– Alma…

– Ha, ha… almamater. Xotirangiz kuchli ekan.

– Qandaydir yoqimli ekan nomi.

– Lotincha bu so‘z.

– Ma’nosi nima?

– Sut bergan ona.

– Shuning uchun uning sutini yalayotgan ekansiz-da.

– Bu so‘zni talabalar universitet ma’nosida ishlatishadi.

– Yo‘q, sut bergan ona deyilgani ma’qul.

– Ha, unda erkalash ma’nosi ham bor.

Juvon xo‘rsinib qo‘ydi. Hayotining faqat ayollargagina xos bo‘lgan qaysidir lavhasi yodiga tushgandi aftidan. Keyin daraxtga qaradi. Shox va novdalarda behisob “to‘pcha”lar. Yerda ham bir qanchasi tuproqqa qorishib yotibdi. Juvon haqida ko‘p narsa bilgim kelardi. Nazarimda uning hayoti taassurotlarga boy edi. Savol berishga chog‘landim, ammo sira kutilmaganda bekatga kelib to‘xtagan “Damas” tomon odimladi u. Mashinaga chiqib deraza tagidan joy olarkan, men turgan tomonga qaradi. Uning shoshqin nigohida men g‘aribga atalgan iliq bir narsa borligini payqadim. Mashina uzoqlashib borardi. Boshimni quyi egdim, ko‘zlarimni yumdim…

4

Oyog‘im yerdan uzildi. Shiddat bilan yuqoriga tomon ko‘tarilib borayapman. Qorong‘ilik. Hech narsani ko‘rmayman, hech qanday tovushni eshitmayman. Nazarimda yillar, asrlar mening yonimdan lip-lip etib o‘tib bormoqda. Bu har doim men mashq qiladigan tavajjuh holatining o‘ziga xos jihatlaridan biri. Ba’zan yerdagi hayotning uzuq-yuluq parchalari namoyon bo‘ladi, ammo ularni xayol pardasidan sidirib tashlayman. Yerga qaytgim kelmaydi. Chunki bosh bilan hududsiz samo qavatlarini yorib koinotning chuqur qa’riga kirib borish va bu holatning uzluksizligi, hech qachon tugamasligi juda yoqimli. Bu holatning mangu davom etishi uchun o‘tmish hayotimdan hech narsani eslamasligim kerak. Qandaydir yorug‘ yulduzga borib urildim. Balki bu meteoritdir… Yana yillar, asrlar o‘tdi. Yulduzlar pastga tomon shiddat bilan tushib borishardi. Xira tumanlik pardasi ortida bir bo‘lak muzga o‘xshagan narsa oqarib ko‘rindi. Bu oy bo‘lsa kerak deb o‘yladim.

…Ko‘zimni ochdim. Shift. Qorga monand yorug‘lik taratuvchi burama lampochka. Tepamda oq xalatli ayol. “O‘ziga keldi”, – dedi u kimgadir qarab. Uning kimga gapirayotganini bilmoqchi bo‘ldim, ammo kuchli og‘riq so‘nggida yana qorong‘ilik qo‘yniga sho‘ng‘idim. Bu holat bir necha bor takrorlandi. Va nihoyat, shifoxonada ekanligimni angladim. Yuzim tang‘ib tashlangan. Boshimni paypaslab ko‘rib kayfiyatim tushib ketdi…

Bir oy deganda chiqdim shifoxonadan. Militsiya formasidagi bir yigitdan boshqa biror kishi holimdan xabar olmadi. “Militsiya serjanti Nosirov”, – deb tanishtirdi o‘zini yigit va savolga tutdi. Uning talabi bilan tushuntirish xati yozdim va hech kimga da’vom yo‘qligini bildirdim. Keyinroq meni mashinasi bilan urib ketgan haydovchi amnistiya bilan oqlanib… to‘g‘rirog‘i, sud bo‘lmay ishi to‘xtatilganini eshitdim. Men uchun buning hech qanday qiziq joyi qolmagan. Undan ko‘ra oynaga qarab yuzimni tomosha qilish maroqliroq. Yuzim bamisoli qayrag‘och daraxtining tanasiday g‘adir-budur. Burnim chap tomonga qiyshayib qolgan, iyagimda chandiqning chuqur izi. Yonoqlarim pachaqlangan, chap qoshimning yarmi yo‘q… Chap yonga biroz og‘ib cho‘loqlangancha xona ichida kezinaman.

5

Oradan to‘qqiz oy o‘tdi. Toshkentda malaka oshirish kursida o‘qiyapman. Bahor. Turli viloyatlardan bu yerga turli qiyofadagi odamlar kelishgan. “Abdulla Avloniy”ning keng hovlisida mashg‘ulotlardan keyin sayr qilib yurgan kasbdoshlarimni derazadan kuzatishni yaxshi ko‘raman. Oradan biror hafta o‘tib bu mashg‘ulotni to‘xtatdim. Chunki qora do‘lanalar gullay boshlagandi. Bunday pallada uyda o‘tirish gunoh. Institut darvozasidan chiqib chap tomonga yurdim. Chamasi ellik-oltmish qadam narida bir to‘p qora do‘lana daraxti bor. Hali uning oldiga yetib bormasimdanoq havoning muattar bir hidga to‘yinganini his qildim. Boshim aylanib ketdi. Bu daraxt gullaridan taraladigan achqimtir hid menga juda yoqadi. Achqimtir, ammo juda muattar. Qora do‘lanalar gullagan damlarda bu dunyoni tashlab ketish sira mumkin emas. Daraxt malaka oshirish institutining hovlisiga yaqin joyda. Bu o‘quv dargohini ko‘pincha oddiygina qilib “Abdulla Avloniy” deymiz. Daraxt devorga taqalib o‘sgan. Uning tagida to‘xtab ko‘zlarimni yumdim, o‘pkamni to‘ldirib nafas oldim. Atrofda hech kim yo‘qligidan foydalanib tavajjuh holatiga kirdim va boshim bilan daraxt gullari orasiga sho‘ng‘idim. Gullar va men… Boshqa hech kim va hech narsa yo‘q. Olam faqat guldan iborat. Savatchalarda dasta-dasta bo‘lib joylashgan son-sanoqsiz gullarning har biri o‘z holicha havoga atir purkaydi. Arilarning bir maromda g‘uvullashi… O, qani endi butun umr shu joyda, shu gullar orasida, shu holatda qolsam!

Nogoh kimdir tirsagimdan tutdi. “Qori aka, yo‘ldan o‘tkazib qo‘yaymi?” – degan ovozdan borliqqa qaytdim. Ro‘paramda yoshgina bir ayol turardi. Uni tanidim. Unga rahmat aytmoqchi bo‘ldim. Ammo ko‘zlarim ochilganini ko‘rgan ayol darhol yo‘liga ravona bo‘ldi. Bu Sayyora edi…

6

…Sayyora yengilgina kiyinib chiqdi. Yapon shifonidan tikilgan kalta yengli ko‘ylagi egniga quyib qo‘yganday turar, ayolning qomatiga joziba baxsh etardi. Uning nazarida go‘yo olamdagi bor nurlar shu ko‘ylakdan taralar, shu ko‘ylak gullari atrofga atir purkardi. Sebzor ko‘chasiga yetganda biroz ikkilanib turib qoldi. Ko‘nglida dugonasiga xabar bermay yolg‘iz sayr etish istagi tug‘ildi, bunga arzirli bahona ham topildi. Dugonasining gapdonligi, hadeb ikki-uch yil avval ro‘y bergan sevgi tarixini kuyib-pishib gapiraverib joniga tegib ketganligi nogoh shu lahzada – dugonasining darvozasiga bir necha qadam qolganda yodiga tushib, indamay ortiga qaytdi-yu, lojuvard osmonda havolanib yurgan kabutardek erkin his etdi o‘zini.

Yo‘l-yo‘lakay attorlik mollariga to‘lib ketgan do‘konlarga birrov kirib chiqdi, so‘ngra tayyor kiyimlar rastasi bo‘ylab yurdi. Va… va birdan dilida yashirinib yotgan istak aslida bu emasligini, biror narsa xarid qilishdan kuchliroq nimadir bezovta qilayotganini anglab qoldi-yu, ko‘ngli qo‘msayotgan narsaning nimaligini tushunib yetmay, yo‘ldan adashgan kishidek kadamlari sustlashdi. Nimanidir qattiq qo‘msardi. Ana shu qo‘msash uni Anhor bo‘yiga yetakladi. Odam kam, xilvatsaro bu go‘sha dastlab cho‘chitdi uni. Bahaybat akas va eman daraxtlari xayol og‘ushida. Anhor suvi ularning xayolini buzishga jur’at etmayotgan kabi yoki bu sokinlikdan biror narsa anglab olmoqchidek sokin oqar, ko‘chalarni to‘ldirib sirg‘alayotgan mashinalar va odamlarning aralashib ketgan guvranishi elas-elas eshitilardi. Odatda guruh-guruh bo‘lib sayr etib yuradigan yoshlar ko‘rinishmaydi. “Odamlar bozorlarda, Chorsuda, Otchoparda, – mulohaza qildi Sayyora. – Bu joyga avvalroq kelmaganimni qara-ya, qanday tinch, osoyishta”.

Temir panjaraning qora bo‘yoqli sirtini barmoqlarining uchi bilan siypalagancha, o‘yinqaroq bir kayfiyatda suv oqimi bo‘ylab boraverdi. Anhor ko‘prigining bahaybatligi e’tiborini tortib va bundan hayrati ortib, ayni paytda shunday balandlikdan o‘zini suvga yiqilib tushayotganday his qilgancha yuragi hapriqib borarkan, xiyobondagi eng chekka o‘rindiqda o‘tirgan kishini daf’atan payqamadi. Unga ko‘zi tushganda esa yuragi “shig‘” etib ketdi. Erkakning chekka sochlari oqargan, xuddi qulog‘iga ikki dona oq atirgul qistirib qo‘yilganday. Yoshi ellik besh-oltmishlarda. Qoshlari chimirilib burun qirrasi tomon intilib turgani sababli peshonaning o‘rtasida loviya kattaligidagi tuguncha. U sigareta tutatib o‘tirar va aftidan nimanidir qattiq o‘ylardi. O‘rindiq suyanchig‘i ustida qora yomg‘irpo‘shi, yonida shu rangdagi shlyapa. Shlyapa ustidagi suyrisimon chuqurchada bir quti sigaret. Uning ustida bir quti gugurt. Sayyoraning nigohi bularning barchasini bir sermab o‘tdi-da, erkakning g‘amgin qiyofasi ustida to‘xtadi. Erkak nigohini yerdan uzmasdan va haykalday qotib qolgan holatini o‘zgartirmasdan yana sigaretga qo‘l cho‘zdi. Begona erkakning ro‘parasida turib qolganidan o‘ng‘aysizlanib shoshilgancha yo‘lida davom etdi. Uch-to‘rt qadam o‘tib ortiga qaradi. O‘z xayollari og‘ushida o‘tirgan erkak tanishga o‘xshardi. Tanishday va hatto juda qadrdonday.

7

Oradan uch kun o‘tib yana anhor bo‘yida, o‘sha joyda, o‘sha alpozda o‘tirgan holatda uchratdi uni. Havo biroz aynib, shamol esar, dov-daraxtlar norozi bir qiyofada bosh tebratib turardi. Oldidan o‘tayotib, erkakka ko‘z qiri bilan nazar soldi. Bu safar erkakning qo‘lida qandaydir qog‘oz bor. “Gap bu yoqda ekan-da, – o‘yladi Sayyora. – Demak, bu odamning oilasi uzoqda. Xatning mazmuni esa tahlikali. Balki xotini rashkchidir…”

Erkak varaq qatini ocharkan, ko‘zini birdam qog‘ozdan uzib ro‘parasida qotib turgan ayolga qaradi. Nigohlarning qisqa, oniy bu to‘qnashuvida ko‘z ko‘zga tushdi, xolos. Sayyora shoshqin qadamlar bilan uzoqlashdi. Erkakning ko‘zlari qoramidi, qo‘ng‘irmidi, anglolmay qoldi. Xatni o‘qib bo‘ladi-yu, yo‘lga tushadi, mayli, borsin-da tezroq uyiga, dedi Sayyora o‘ziga o‘zi. Ammo oxirgi gap go‘yo “ketmasa yaxshi bo‘lardi”, degan fikrning shuurida bosh ko‘tarib qolishidan cho‘chiganday bir tarzda aytildiki, o‘z xayolidan o‘zi uyalib ketdi. Ancha joyga borgandan so‘ng yana ortiga qaradi. Erkakning xat ushlagan qo‘li tizzalaridan pastga majolsiz osilib turar, barmoqlari uchida qog‘oz oqarib ko‘rinardi.

Juvonning qadamlari sustlashdi. Yo‘ldan chetga o‘tib panjaraga suyandi. Peshonasini temir panjaraning sovuq sirtiga bir lahza bosib turdi. So‘ngra xiyobon chetidagi o‘rindiqqa omonatgina o‘tirdi. Endi xat yerga tushib yotar, yengilgina esayotgan shamol uni varaqlar, ammo uchirib keta olmay titkilardi.

Quyosh ufqqa tomon og‘di. Daraxt yaproqlari avvalgidan kuchliroq shovullar, novdalar tobora qattiqroq silkinar. Nihoyat erkak o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Yomg‘irpo‘shini va shlyapasini kiydi-da, boshini quyi solgan ko‘yi xiyobon bo‘ylab bitta-bitta qadamlagancha Sayyora o‘tirgan tomonga qarab kelaverdi. Qiz taraddudlanib qoldi. Dastlab o‘rnidan turishga, tezroq jo‘nab qolishga chog‘landi, ammo shu soniyaning o‘zida fikridan qaytib, sumkachasini tizzalari ustiga olgancha kavlashtira boshladi. Erkak yaqinlab kelib yonidan o‘tayotganda o‘zini shu ish bilan mashg‘uldek ko‘rsatdi. Ammo uni pinhona kuzatishda davom etdi. Erkak shoshilmay qadamlardi. Oyog‘ida qishki botinka, tumshug‘i ingichkaroq, tagcharmi qalin, askarlarnikiday. Chap oyog‘ini bosganda tagcharmning nola qilganday g‘irchillashi eshitiladi. Shimining poychasi botinka tovonidan pastroqqacha tushib yerga tegay deb turibdi.

8

Erkak ko‘zdan pana bo‘lishi bilan o‘rnidan sakrab turdi va uzoqda oqarib ko‘rinayotgan qog‘ozga tomon yurdi. Yo‘lning yarmiga borganda, sira kutilmaganda shiddatli shamol esa boshladi. Chang-to‘zon ko‘tarildi. Tepada guvranayotgan kuchli oqimning yer bag‘irlab o‘tayotgan epkini yo‘lakda yotgan qog‘ozni Anhor tomon uchirib ketdi. Sayyora endi havoda chirpirak urib aylanayotgan va tobora uzoqlashib borayotgan ikki varaq qog‘oz ortidan yugurib borar, qandaydir sirli bir kuch uni chorlardi. Qog‘oz shamol qanotida uchib borib sohil panjarasiga yopishdi va uni quvlab kelayotgan ayol bilan xayrlashayotgan kabi shaldirab silkina boshladi. Sayyora butun vujudi bilan xatga intildi, qo‘l cho‘zdi, ammo shamol undan chaqqonlik qilib, qog‘ozni panjara simidan yulqib oldi-yu, uchirib ketib Anhor suviga uloqtirdi.

Sayyora yomg‘irda ivib xonasiga qaytdi. Dastavval sumkachasidan sigereta qutisini olib ko‘zdan kechirdi: so‘zlarini qiziqish bilan o‘qidi. Uni deraza tokchasiga, boshqa xuddi shunday qutichalar oldiga qo‘ydi-da, javondan issiqroq kiyimlarini olib kiydi. Eti junjikar, qaynoqqina choy ichgisi kelardi. Yelkasiga tivit ro‘molini tashlab oshxonaga o‘tdi. Buxorolik aspirant yigit gazo‘choqqa choydish qo‘yib, qaynashini kutib turardi.

– Mana, menikidan damlab olaqoling, – mulozamat qildi yigit. – Kutib o‘tirasizmi? Ana, qaynay deb qoldi. Ikkovimizga ham yetadi.

– Rahmat, – javob qildi Sayyora.

Yigit yana bir-ikki gap tashlab ko‘rdi-yu, uning sukut saqlashidan o‘zicha ma’no sezib boshqa indamadi. Kasbdoshining choynagiga qaynoq suv quyib berarkan: “Hayot shu ekan-da”, – deya xo‘rsinib qo‘ydi.

Oradan yarim soatlar o‘tib dahlizchada jur’atsiz bosilayotgan qadam tovushlari eshitildi. Eshik ohista tiqilladi. “Yana “Abushqa”ni so‘raydi”, – xayolidan o‘tkazdi Sayyora. Kitobni oldi-da, eshikni qiya ochib: “mana” dedi. Yigit kitobni olarkan, rahmat aytdi va qaddini xam qilgancha, og‘ir qadamlar bilan o‘z xonasi tomon ketdi. Yigitning maqsadi ikki og‘iz gaplashish, kitob esa bahona ekanligini tushunardi Sayyora. Ammo ro‘yxushlik bermadi.

Uning ruhiyatida nimadir o‘zgargan, nimadir yetilgan va yana nimadir bo‘y ko‘rsata boshlagandi. Xona devoriga qarasa ham, kitob varaqlasa yoki idish-tovoq yuvishga tutinsa ham mutlaqo begona, lekin ayni paytda “ming yillik qadrdon” o‘sha g‘amgin qiyofa ko‘z o‘ngida namoyon bo‘lardi. Karavot panjarasi orasidan qo‘l cho‘zib intilgancha sigaret qutichasidan birini oldi, yozuvlariga, rangiga, aylana ichidagi otliq kishining haykaliga qaradi va sekingina burniga yaqinlashtirdi. Hidlab ko‘rdi. Bu qizil qutichani ham o‘rindiq yonidan o‘tib ketayotib o‘t-o‘lanlar orasidan topib olgan va “uniki” ekanligini bilardi. Nogoh eshikning taqillashi Sayyorani cho‘chitib yubordi. Yuragi hapriqqancha o‘rnidan otilib turdi, tezroq harakat qilmasa “U” ketib qoladiganday shoshib eshikka qo‘l cho‘zdi.

– Kitobingizni olib kelgandim, – degan tovush eshitildi tashqaridan.

Sayyora alam bilan uf tortdi. Eshikni ochdi va indamay kitobni olarkan, aspirant yigitning istehzoli nimtabassumidan o‘ziga keldi.

– Sigaret qutisi?..

– Ha, chekaman. Nima, mumkin emasmi? – ters gapirdi Sayyora.

Shoshilib eshik tomon borganida sigaret qutisini qoldirishni unutgan ekan. Yigit lablarida qotib qolgan o‘sha istehzoli tabassum bilan indamay bosh tebratdi-yu, shaxdam qadamlar bilan ortiga qaytdi. Uning harakatida zarda va keskinlik yaqqol ko‘rinib turardi.

9

Anhor bo‘yi Sayyoraning muqaddas manziliga aylanib qoldi. Endi u g‘amgin qiyofali odam o‘tirgan o‘rindiqqa yaqinroq borib og‘ziga bir dona nordon “Dyushes” qandidan solardi-da, sumkachasidan kitobini olib o‘qishga tutinar, dunyo bexabar qo‘shnisining sigareta tutatishiga qarar, uning gazetani ko‘zdan kechirishi, so‘ngra qandaydir qalin jurnalni varaqlashini hech qachon e’tibordan chetda qoldirmasdi. G‘amgin qiyofali odam ba’zan nimalarnidir yozardi ham.

Ko‘k, qizil qutichalar o‘n oltitaga yetdi. Har safar g‘amgin qiyofali odam ketishi va ko‘zdan pana bo‘lishi bilan Sayyora uning o‘rnida paydo bo‘lardi. Bu o‘rindiqda o‘tirish o‘ng‘ay, orqa suyanchig‘i yotiqroq, bemalol yastanish mumkin. Oyoq va bel toliqmaydi. Haligi xat g‘amgin qiyofali odamning hayotida u qadar muhim ahamiyat kasb etmaganini allaqachon tushungandi Sayyora. Chunki u hech qayoqqa ketmadi. Balki o‘sha qog‘ozda butunlay ahamiyatsiz bitiklar bo‘lgandir?

Ular o‘tiradigan o‘rindiqlar orasidagi masofa yetti qadamcha keladi. Shu bois g‘amgin qiyofali kishining yuz ifodasi aniq ko‘rinadi. Uning uzunchoq yuzi, chap tomonga biroz qiyshiq o‘rnashgan qirra burni, iyagidagi chandiq va yarimta qoshi qizga juda chiroyli, hatto bir qadar savlatli ko‘rinadi. Faqat lablari yupqa va hamisha qattiq qimtilgan. Og‘iz o‘rnida ikki cheti pastga tomon osilgan qavssimon ikkita chiziq. Bu “qavs”ni unchalik chiroyli deb bo‘lmaydi. Jurnalni o‘qiyotganda barmoqlari bilan chekka sochini tortqilab turadi. Qoshlari chimrilgan, yuzida goh iztirob, goh o‘kinch aksi. Bir safar uning yuzi yorishib ketdi. Chetlari pastga osilgan “qavs” to‘g‘rilandi. G‘amgin qiyofali odam, Sayyora uni tanigani va”do‘stlashgani”dan buyon, ilk marta jilmaydi. Ammo g‘amgin qiyofa lablarning bunday xiyonati va o‘zaro bitishuvini payqamay o‘qishda davom etdi. Ayol bir muddat nigohini undan uzmadi. Shu begona odamning yuzidagi har bir chiziqni va har bir ifodani xotirasida uzoqroq saqlab qolish maqsadida astoydil tikildi. Qulog‘ining solinchog‘i katta. Quloq ichida o‘sgan yunglar qorayib ko‘rinib turibdi. Ularning ayrimlari yuzi tomon qayrilib, chekka sochiga qo‘shilib ketgan. “Sochi Betxovennikiga emas, Balzaknikiga ko‘proq o‘xshaydi, – xayolidan o‘tkazdi Sayyora, so‘ngra lahza o‘tmay fikridan qaytdi. – Yo‘q, Oybeknikiga o‘xsharkan”.

Erkak oyog‘ini chalkashtirib, tirsagi bilan o‘rindiq suyanchig‘iga tayangancha Sayyora o‘tirgan tomonga yarim o‘girilgan ko‘yi jurnalni tizzasi ustiga qo‘yib shoshqin harakat bilan cho‘ntagidan yon daftarini oldi. Engashib nimalarnidir tez-tez yoza boshladi. Ana, o‘rnidan turib anhor tomon yurdi. Xiyobonni kesib o‘tib panjaraga suyandi. Ortiga qaytib yana o‘rniga o‘tirayotganda Sayyoraga qaradi. Qoshlari o‘rtasidagi chiziqlar chuqurlashib, chiziqlar orasidagi tuguncha bo‘rtib chiqdi. Nimanidir eslashga urinardi aftidan. Sayyora nigohini undan uzib yerga ko‘z tikdi. Qaddini rostlamoqchi, ko‘ksini ko‘tarib orqaga suyanmoqchi bo‘ldi-yu, jur’ati yetmadi. Aksincha, enkayib oldi. Shabada mayin-mayin esar, tamaki tutunining o‘tkir hidi Sayyoraning dimog‘iga urilardi. Bu hidga ko‘nikishni istardi ayol va butun irodasini to‘plab chuqur-chuqur nafas olardi.

10

Ertasi kun Sayyora o‘sha joyni bo‘sh ko‘rdi. Lekin uning o‘rindig‘iga borib o‘tirishga haddi sig‘madi. Kelib qolar degan umidda eski bir jurnalni varaqlab o‘tirdi. O‘qtin-o‘qtin “o‘qish”dan bosh ko‘tarib atrofga alanglarkan, Anhorning narigi betida kimningdir sharpasini payqaganday bo‘ldi. U tomonda odamlar o‘tib-qaytib turishardi. Haligi sharpa o‘zini panaga – daraxt tanasi ortiga olgani ayolning diqqatini tortdi. Yuzini jurnal varag‘i bilan to‘sgancha o‘sha tomonni kuzata boshladi. Sharpa berkingan joyidan qo‘zg‘alib tanasi ayri bo‘lib o‘sgan daraxt ortiga o‘tdi.

G‘amgin qiyofali odamdan esa hamon darak yo‘q. Sayyora bo‘m-bo‘sh o‘rindiqqa g‘amgin nigoh tashlarkan, nogoh Anhorning narigi betida paydo bo‘lgan sharpa yodiga tushdi-da, atrofga alangladi. Daraxt tanasi ortida jigarrang kiyimning uchburchak etagi ko‘rinib turardi. “E, bordir-da birortasi” xayolidan o‘tkardi u va o‘zini chalg‘itish maqsadida yana jurnalga tikildi. Quyosh daraxtlar ortiga o‘tib berkindi. Soyalar quyuqlashdi, salqin tushdi. “Kelmaydi” alamnok aytildi bu so‘z. Soatiga qaradi. O‘rnidan turdi. Ketishga chog‘lanarkan, yana uning o‘rniga ko‘z tashladi va shundagina maysa ustida yotgan qizil rangli qutichaga ko‘zi tushdi. Ustidagi shaffof sellofani ham tushib ketmagan. Shoshqin harakat bilan qutichani sumkachasiga soldi.

Oradan to‘rt oy o‘tdi.

11

Aspirantlar uyi hamishagidek xira chiroqlari, magnitofon chinqiriqlari hamda ilm toliblarining shovur-shuvuri bilan o‘zining dunyoda mavjudligidan darak berib turardi. Uzun dahliz eshiklari oldida qo‘shnilar uymalashib turishar, shang‘illab gapirishar, bor ovozlari bilan kulishar, xullas, sun’iylik evaziga bo‘lsa-da, o‘z dimoqlarini o‘zlari chog‘ qilishga urinardilar. “Qachondan buyon shovqin-suron yoqmay qoldi menga?” O‘z shuuriga o‘zi savol berdi Sayyora xonasiga kirib eshikni zichlab yoparkan.

Deraza tokchasidagi qutichalardan birini oldi. Endi nima yozilganini yoddan bilgani uchun yozuvlarni o‘qimay qo‘ygan, qutichaga havas bilan qarab, hidlab, yana joyiga qo‘yardi. Bu safar ham hidlash uchun qutichani burniga olib borarkan, uning ichidagi qog‘ozga ko‘zi tushdi. Barmoqlarining titroq harakati bilan oldi uni. Ixcham qilib buklangan qog‘oz… Xat!.. Quticha ichida xat bor edi. Bu qog‘oz o‘ziga taalluqli ekanligini va bu xatda hayotini ag‘dar-to‘ntar qilib yuborishga qodir kuch yashirinligini ichki bir tuyg‘u bilan tuydi Sayyora. G‘amgin qiyofali odamning qarab-qarab qo‘yishi, yuz ifodasi, qoshlarining chimirilishi, peshonasida o‘ynab turadigan chiziqlar aniq-tiniq ko‘z oldiga keldi. “Har holda unchalik bildirmasa ham menga e’tibor qilgan ekan, befarq ko‘rinishi bekor ekan” degan xulosa bilan xatni ochdi va quyidagilarni o‘qidi:

“Ey, notanish Xilqat! Maqsadingni anglat. Agar meni sevib qolgan bo‘lsang, bekor qilasan. Oramizdagi farq juda katta. O‘ylab ko‘r. Atrofingda shuncha yosh yigitlar bo‘la turib, mendek yoshi o‘tib qolgan kishini sevishga nima majbur etdi? Javob xati yozma. Anhor bo‘yiga kelmay qo‘ysang, shuning o‘zi yo‘llagan javobing bo‘ladi.

Salom bilan notanish odam”.

12

Sayyora yana o‘sha yapon shifonidan tikilgan ko‘ylagini kiydi. Bu libosda o‘zini dadilroq sezardi. Aytadigan so‘zlarini takror-takror xayolidan o‘tkardi va sumkachasini yelkasiga ilib shaxdam odimlagancha yo‘lga tushdi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, g‘amgin qiyofali odam xuddi avvalgidek o‘z o‘rnida o‘tirardi.

– Javob xatini yozdim, – dedi Sayyora uning ro‘parasiga kelib to‘xtarkan, ta’na va gina barq urib turgan nigohini undan uzmay.

– Qanday xat? Kimga? – so‘radi ohista o‘girilib qararkan, g‘amgin qiyofali kishi.

– Sizga.

– Qani?

– Mana! – o‘ziga ishora qildi Sayyora.

– Tushunmadim…

Sayyora uning hayratga to‘la tiniq ko‘zlariga qaradi.

– Siz bu joyni sotib olganmisiz?

– Qayerni?

– Shu anhor bo‘yini-da.

Ayolga zavq bilan qaradi g‘amgin qiyofali kishi. Bosh chayqadi, lablariga unsiz tabassum yugurdi. So‘ngra chuqur xo‘rsindi-da, so‘radi:

– Yozuvchiga shaytonning ham rahmi keladi degan gapni eshitganmisiz?

– Shaytonning nima dahli bor?

Sokin, yarim siniq ovoz bilan aytdi ayol bu gapni.

– Men puldor emasman. To‘g‘ri, shu joyda oqshomgi fursat biroz o‘tirishni yaxshi ko‘raman. Odatlanganman. Havosi toza. Xilvat. Hech kim fikrlashimga xalaqit bermaydi. Shu joyda o‘tirsam miyamga yaxshi fikrlar kelaveradi. Lekin bu joyni sotib olmaganman.

– Siz yozuvchimisiz?

G‘amgin qiyofali kishi tasdiq ma’nosida gunohkorona bosh egdi.

– Mening bu yerga kelishimni taqiqlash ham shu joyda xayolingizga kelganda-a? – tabassum qildi Sayyora.

– Taqiqlash… bu nima deganingiz? Axir men siz bilan biror og‘iz ham gaplashganim yo‘q-ku. Kelavering, ertaga bu joyni yana butunlay sizga tashlab ketaman, – dedi g‘amgin qiyofali kishi ayolning gapini hazil fahmlab.

Sayyora yalt etib unga qaradi. Yuzidagi tabassum so‘ndi. Boshini quyi solib jim qoldi. Titroq barmoqlari bilan ko‘ylak belbog‘ining uchini asabiy tarzda g‘ijimlay boshladi.

– Hech narsa tushunmadim, – dedi g‘amgin qiyofali kishi sokin bir harakat bilan cho‘ntagini kavlarkan. – Savollaringizga javob berdim, ammo hech narsaga fahmim yetmadi.

– Shunisi ma’qul. Eng muhimi, men haqiqatni angladim.

– Menga ham anglating-da, unda…

Qorong‘i tusha boshlagandi bu paytda. Sayyora ikkilandi. “Ertaga ketmasangiz…” – deyishga ko‘p urindi. Ammo bu so‘zlarning har bir tovushi qo‘rg‘oshindan quyilganday og‘ir. Aytolmadi. Ko‘zyoshlarini arang tiyib turardi. Ertasi kun bo‘yi xonasidan chiqmadi. Qo‘shnisi ham eshikni qoqmay qo‘ydi. Faqat har zamon, har zamonda o‘ta ehtiyotkorlik bilan qadam bosib oshxona tarafga o‘tgani eshitilib qolardi.

13

Yozning dimiqqan oqshomlaridan birida aspirant yigit yana “Abushqa”ni so‘rab ostonada paydo bo‘ldi. Sayyora g‘amgin qiyofali kishi bilan bo‘lgan suhbatdan keyin daraxt ortida yashirinib turgan kishining kimligini va xatni kim yozganini tushungandi. Shu bois to‘rt oy quticha ichida yashirinib yotgan xatni kitob orasiga soldi-da, indamay uzatdi. Indamay eshikni yopdi va qaytib kelib o‘rniga yotdi. Kechagi suhbatni ipidan-ignasigacha qayta esladi. Uning javoblarini, holatini, qiyofasini takror-takror ko‘z o‘ngidan o‘tkardi. “Menga ham anglating-da, unda”. G‘amgin qiyofali kishining so‘nggi gapi shu bo‘ldi.

Nogoh sapchib o‘rnidan turib ketdi Sayyora va beixtiyor nido qildi: “Axir uning qo‘lida haligi bor edi-ku, haligi… Alma… almamater! Almamater daraxtining mevasi! Nega xayolimga kelmadi?!”

Sayyora shoshqin bir harakat bilan kiyina boshladi. Balki bugun ham kelgan va hali ketmagandir degan ilinj bilan dahliz bo‘ylab yugurib borarkan, koftasini teskari kiyib olganini ham sezmadi. Qosh qorayganda manzilga yetib keldi. Trolleybusdan tushib anhor bo‘yiga tomon enarkan, yuragi hapriqib, butun vujudi bilan olg‘a intildi va oqshom qorong‘isida qorayib turgan gavdani ko‘rdi…

* * *

O‘sha qorayib turgan gavda, g‘amgin qiyofali o‘sha odam men edim. Qo‘limda almamater daraxtiningng mevasini ushlab turardim.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 2016 yil, 5-son

008

(Tashriflar: umumiy 530, bugungi 1)

Izoh qoldiring