Georgos Seferis. She’rlar

topic_14495.jpg   Ўзини бутунлай шеъриятга бағишлаш фикрида юрган шоир ниятини устози Элиотга айтади. Элиот эса у  кутган гапни эмас, тамомила бошқа маслаҳатни беради. “Шоир шеър ёзишдан ташқари бошқа бир иш билан ҳам шуғулланиши керак, — дейди устози. — Ўзини поэзияга буткул бахшида қилиш мумкин эмас, зеро шеърий ижод жараёнининг асосий қисми ғайришуурий тарзда кечади. Шу боисдан кўп вақтда нимадир — бошқа нарса билан машғул бўлиш зарур”.

Георгос СЕФЕРИС
ШЕЪРЛАР
007

14329s.jpgАтоқли юнон шоири, Нобель мукофоти соҳиби (1963) Георгос Сеферис ( Йоргос Сефериаадис)  номи ХХ асрнинг энг истеъдодли ижодкорлари қаторидан мустаҳкам ўрин олган. У 1900 йили Кичик Осиёнинг қадимий шаҳри бўлмиш Смирнада таваллуд топди. Бу шаҳар Гомер ватанига даъвогар етти шаҳарнинг бири саналиб, туркчада Измир деб номланади.
Георгос Сефериснинг илк шеърий тўплами — “Бурилиш” 1931 йили эълон қилинган. Ўшанда шоир 31 ёшда эди. Кейин унинг “Ҳавза” (1932), “Роман-афсона” (1935), “Машқлар дафтари” (1940), “Кихли” (1947), “Уч мўътабар достон” (1966) каби шеърий китоблари, “Акрополда олти тун” (1974) романи эълон қилинди. 1951 йили Сеферис элчининг биринчи маслаҳатчиси лавозимига тайинланиб, Лондонга келади. Номи дунёга танилган шоирни адабий жамоатчилик мамнуният билан қарши олди. Бу ерда у Томас  Элиот билан танишади, Стивен Спендир, Э.М.Форстер, Луис Мак Нис, У.Х.Оден ва Дилан Томаслар билан яқиндан мулоқотда бўлади.
Айни ўша пайтлар унинг кўнглида  дипломатик фаолиятини тарк этиб, ўзини бутунлай шеъриятга бағишлаш фикри пайдо бўлган эди. У бу ниятини  устози Элиотга айтади. Элиот эса у кутган гапни эмас, тамомила бошқа маслаҳатни беради. “Шоир шеър ёзишдан ташқари бошқа бир иш билан ҳам шуғулланиши керак, — дейди устоз. — Ўзини поэзияга буткул бахшида қилиш мумкин эмас, зеро шеърий ижод жараёнининг асосий қисми ғайришуурий тарзда кечади. Шу боисдан кўп вақтда нимадир — бошқа нарса билан машғул бўлиш зарур”.
Шоир 1971 йили оғир хасталикдан сўнг Афинада вафот этди.

007

ДЕРАЗА ОРТИДАГИ БОҒ

Ёмғир қўйнидаги фавворали боғ —
сен қарайсан унга чанг босган, хира,
пастак ойнадан. Хонанг ичра
камин нур сочар фақат,
аҳён-аҳён чақмоқ шуъласи эса
юздаги ажининг ёритар, эй дўст.

Бир пайт жилмаярди фавворали боғ —
ундаги шан ҳаёт ва ажиб сурур
йиқилган ҳайкалу синган устунлар
ва кўм-кўк майсага сочилган тошлар
рақсидан йироқ, —
энди акс этар у хира ойнадан.
Чуқур хўрсинасан. Ер ва оғочнинг
шарбати дафъатан ёдинг қаъридан
ойнага урилар —
ташқари ёқдан ёмғир юваётган ойнага.

ЖАНУБ ШАМОЛИ

Мағриб ёқда тоғлар силсиласи ила туташар денгиз.
Бизни телба қилар чапдан эсган жануб еллари.
Улар суягимизда сидирар этни.
Кенг дераза. Каттакон стол,
биз унда хатлар ёзамиз сенга
ой сайин ва ташлаймиз
айрилиқ чоҳига,
тўлдирмоқ бўлиб бу чоҳни.

Тонг юлдузи, тортганинг чоғ нигоҳимизни,
дақиқаларимиз майинлашиб кетар
бир малҳамдай, зилол чашма сувидайин,
сулув оққушларнинг қаноти янглиғ.
Ҳаётимиз сенинг кафтингда турди.
Заққум ғурбат нонидан кейин
тунда, оппоқ девор олдида
сенинг сасинг ёлқинга айланар —
яна асабимиз торига тиғини тортар
ўша еллар.

Ёзамиз сенга ҳар куни бир хил соғинчни
ва боқамиз хаёл ичра бир-биримизга
ва кўрамиз дунёни ҳар биримиз ўз кўзимиз-ла,
чўққилар устидаги ёғдуни, тонг қоронғисин
ва сени.
Ким аритар ғуссаларни юрагимиздан?
Кечаги сел, бугунги булутлар
букар қаддимизни ерга. Ўткир фикрларимиз
селдан сўнгги қарағай игналари каби
остонага ғуж бўлиб, тирмашарлар
минора сари, минора эса қулар.

Забун бу қишлоқлар орасида,
жануб шамолига кўксин тутган қоя устида,
сени тўсиб турган тоғлар силсиласи рўпарасида —
ким баҳолар бизнинг қалб ғуссамизни?
Куз қўйнида ким англар бунда шаҳидлигимизни бизнинг?

ДАРБАДАРЛИК

Ахир, нима истар қалбларимиз —
чеҳраси оқарган аёллар ва йиғлоқ
болаларга тўла кемаларда
кезиб дарбадар,
зеро на учарбалиқлардек уча биларлар,
на мачта тепасидаги юлдуздек
ярқирарлар?

Граммафон садоларидан толиқиб,
мубҳам қадамжоларга руҳсиз талпиниб,
ғулдираб ўзига тил калимасини,
нени истарлар?

Нима изларлар бизнинг қалбларимиз
уринган денгиз матоҳларида —
кўрфаздан кўрфазга кезиб
саргардон?

Қоялар гирдида мудом тўлғаниб,
қайинлар ҳидидан беҳол кун-бакун,
ададсиз денгизда чарх урган кўйи
нима истарлар?

Биз аниқ билардик — худди шу ерда,
олдимизда турган йўлнинг устида,
сал юқори ё сал қуйироқ,
ёнгинамизда —
гўзал ороллар бор эди.

ОЙ ҚОНИ

Сенинг қонинг музлайди баъзан
сарҳадсиз тун ичра қотган ой каби,
сенинг қонинг оқ қанотларин ёяр
зулмат қоялар ва болалигимизнинг хира ёғдуси
қучган боғлар, уйлар устида.

ТОШГА ДЎНИШ

Пушмондаман, бармоқларим орасидан
оқиб кетди дарё,
улгурмадим ичмоққа томчисини ҳам.
Энди мен тошга дўнаман.
Қип-қизил заминда мўъжаз қарағай —
ундан бўлак дўстим йўқ менинг.
Ниманики севди, бари кетди —
ўтган ёз қурилган янги уйим-ла,
совурар қолганин куз шамоллари.

ЎЛИМ ОЛДИ

Еллар сарринлик бахш этмаса агар,
тобора қисқарса сарвлар сояси
ва бурилса барча йўллар тоғ сари,
бизга юк бўлажак
ўлимдан қўрқувчи дўсту ҳамроҳлар.

ЎЛИКЛАР ВА ТИРИКЛАР

Биз отландик ўз риҳлатимизга,
йиқилган ҳайкаллар қошидан ўтдик,
хаёлларга чўмиб дедик, шунчаки осонмас
ҳаётдин кетмоқ —
ўлимнинг ўз осий йўллари бор
ҳамда ўз адолати;
биз, тошлар орасида қотиб тош каби,
қаҳру ожизликнинг исканжасида
кўз юмаётган дақиқалар, —
бир-бир чиқиб келар эски марҳумлар
юзларида сокин жилмайиш билан.

ТАЖРИБА

Воқеалар шу қадар шитоб кечдики,
эслаб қололмадик кўп нарсаларни,
аммо муҳрланмиш хотирамизга —
бамисли ойдин тун қўй қўрасида
шарпалар, ўзимиздан-да ғалати, бежо,
кезинар зирк дарахтининг
қовжироқ барглари аро,

биз билиб қўйгандик тақдиримизни —
харсанг бўлаклари аро судраниб,
уч минг ёки олти минг йил
титкилаб бирма-бир харобаларни —
балки ўз уйимиздир улар…
Лекин эплай оламизми?

Биз занжирбандлигимиз ва
тарқоқлигимиз боис
омонат деб билганимиз разил тўсиқлар
билан кураша-кураша,
Йўлга чиққан пажмурда,
сўқир тўдалар билан
Марафон кўли ботқоқларига чўкаётганда
эплай оламизми
ўлмоқни ҳамма қатори?

ТОНГ

Оз қолди —
бодомлар гул очар қийғос,
мармарлар офтобда жилвалангайдир,
денгиз мавж урмоқда,

оз қолди,
кўтарилмоқ керак юксакка озроқ.

ХАБАРЧИЛАР

Биз уларни танимасдик.
Фақат ичкин умид,
азал-азал танийсан, дерди.
Биз кўрдик уларни икки бор,
сўнг сузиб кетдилар
кўмир, дон ортилган кемада
ва ғойиб бўлдилар уммон ортига
у дўстларимиз бир умрга.
Тонг бизни қаршилар —
хира чироқнинг нуридан чизилган
кема, сув париси, чиғаноқлар-ла.
Кечқурун тушамиз дарё бўйига,
чунки йўл бор унда уммонлар сари
Тунлар ухламаймиз мум анқиган ертўлаларда.

Дўстларимиз бизни ташлаб кетди —
балки, бўлмагандир улар, балки
уларни кўргандирмиз биз тушимизда —
олис тўлқинларга бориб туташган;
балки излаймиз уларни,
излаганимиз боис ўзга ҳаётни:
нариги томонидан ҳайкалларнинг.

* * *

Хабарчини —
кутдик биз уч йил,
қарағайлар, денгиз ва юлдузларга
телмуриб нуқул.
Омоч тиши ёки кема пуштагига айланиб,
яна илк уруғликни излашга киришдик,
энг қадим тараддуд иштиёқида.

Биз уйимизга қайтдик, абгор,
руҳсиз-мадорсиз,
лабларимиз занг ва туздан четнаб.
Тонгда туриб шимол сари кетдик,
бегоналардек, туманда
оққушларнинг кумуш қанотларидан
кўзимиз қамашиб.

Қиш тунлари ақлдан оздирди машриқ шамоли.
Ёзнинг серташвиш кунлари буткул ҳолдан тойдик.
Ва қайтдик мана шу ноёб бир рафтор —
темир қиёфа билан.

МАРМАР БОШ

Сени маҳв этишган обжўй ёдимда.

Мен мармар бошимни тутганча уйғондим,
у қўлимда эди, билмасдим қайга қўймоқни.
У чўмди уйқуга, мен уйғонган он
бирлашди тақдиримиз, ажралмас бўлиб.

Мен кўзларига боқдим — сўниб борувчи,
сўйлайман лабларига, ҳали тинмаган,
ёноғин тутаман, этлари қочган.

Қўлларим йўқолар ва қайтар яна,
пажмурда, ҳолсиз.

* * *

Сени уйқу барглари-ла чулғаб олганда
нафас олар эдинг худди сокин нур ичра,
акс этарди зилол чашма мавжида юзинг,
қабоқларинг юмуқ, майин киприкларинг нам.
Бармоқларим майсадаги қўлингни топди
ва томиринг уришини туйди дафъатан,
юрагингнинг оғриғи ҳам шундоқ яқинда.

Улкан чинор соясига, кўм-кўк гўшага
туш етаклаб келди сени ва бунда тамом
борлиғингни ҳар томонга сочиб юборди,
бир қур қучмоқ қийин бўлур шу боис сени —
юзингдаги қотиб қолган сукутинг бирла,
қучиб олмоқ қийин бир қур ўзга дунёнинг
шарпалари аро сенинг айро шарпангни —
ўзини дам қўйиб эркин, дам жиловлаган.

Биз яшадик ўзимизга ато умрни.
Шафқат қил сен лекин, қора гулчамбар тақиб,
маҳобатли чинорларнинг каноридаги
қудуқлар ва чуқур чоҳлар аро бенажот
ўз фарёдин ёлғиз тинглаб ўтирганларга.

Шафқат айла, биз-ла манглай тери, очликни
бирга баҳам кўрган дўстга, қуёш қаърига
шўнғиди у, қарға қора мармар тубига
ғарқ бўлгандек, ҳеч нарсани қилмайин тама.

Бизга рихлат дунёсида ҳаловат бахш эт.

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржималари

73c564de315ae81db9aaa50a11f02581_XL.jpgGeorgos SЕFЕRIS
SHE’RLAR
007

Atoqli yunon shoiri, Nobel mukofoti sohibi (1963) Georgos Seferis ( Yorgos Seferiaadis) nomi XX asrning eng iste’dodli ijodkorlari qatoridan mustahkam o‘rin olgan. U 1900 yili Kichik Osiyoning qadimiy shahri bo‘lmish Smirnada tavallud topdi. Bu shahar Gomer vataniga da’vogar yetti shaharning biri sanalib, turkchada Izmir deb nomlanadi.
20_Georgos-Seferis-02.jpg Georgos Seferisning ilk she’riy to‘plami — “Burilish” 1931 yili e’lon qilingan. O‘shanda shoir 31 yoshda edi. Keyin uning “Havza” (1932), “Roman-afsona” (1935), “Mashqlar daftari” (1940), “Kixli” (1947), “Uch mo‘’tabar doston” (1966) kabi she’riy kitoblari, “Akropolda olti tun” (1974) romani e’lon qilindi. 1951 yili Seferis elchining birinchi maslahatchisi lavozimiga tayinlanib, Londonga keladi. Nomi dunyoga tanilgan shoirni adabiy jamoatchilik mamnuniyat bilan qarshi oldi. Bu yerda u Tomas Eliot bilan tanishadi, Stiven Spendir, E.M.Forster, Luis Mak Nis, U.X.Oden va Dilan Tomaslar bilan yaqindan muloqotda bo‘ladi.
Ayni o‘sha paytlar uning ko‘nglida diplomatik faoliyatini tark etib, o‘zini butunlay she’riyatga bag‘ishlash fikri paydo bo‘lgan edi. U bu niyatini ustozi Eliotga aytadi. Eliot esa u kutgan gapni emas, tamomila boshqa maslahatni beradi. “Shoir she’r yozishdan tashqari boshqa bir ish bilan ham shug‘ullanishi kerak, — deydi ustoz. — O‘zini poeziyaga butkul baxshida qilish mumkin emas, zero she’riy ijod jarayonining asosiy qismi g‘ayrishuuriy tarzda kechadi. Shu boisdan ko‘p vaqtda nimadir — boshqa narsa bilan mashg‘ul bo‘lish zarur”.
Shoir 1971 yili og‘ir xastalikdan so‘ng Afinada vafot etdi.

007

DЕRAZA ORTIDAGI BOG‘

Yomg‘ir qo‘ynidagi favvorali bog‘ —
sen qaraysan unga chang bosgan, xira,
pastak oynadan. Xonang ichra
kamin nur sochar faqat,
ahyon-ahyon chaqmoq shu’lasi esa
yuzdagi ajining yoritar, ey do‘st.

Bir payt jilmayardi favvorali bog‘ —
undagi shan hayot va ajib surur
yiqilgan haykalu singan ustunlar
va ko‘m-ko‘k maysaga sochilgan toshlar
raqsidan yiroq, —
endi aks etar u xira oynadan.
Chuqur xo‘rsinasan. Yer va og‘ochning
sharbati daf’atan yoding qa’ridan
oynaga urilar —
tashqari yoqdan yomg‘ir yuvayotgan oynaga.

JANUB SHAMOLI

Mag‘rib yoqda tog‘lar silsilasi ila tutashar dengiz.
Bizni telba qilar chapdan esgan janub yellari.
Ular suyagimizda sidirar etni.
Keng deraza. Kattakon stol,
biz unda xatlar yozamiz senga
oy sayin va tashlaymiz
ayriliq chohiga,
to‘ldirmoq bo‘lib bu chohni.

Tong yulduzi, tortganing chog‘ nigohimizni,
daqiqalarimiz mayinlashib ketar
bir malhamday, zilol chashma suvidayin,
suluv oqqushlarning qanoti yanglig‘.
Hayotimiz sening kaftingda turdi.
Zaqqum g‘urbat nonidan keyin
tunda, oppoq devor oldida
sening sasing yolqinga aylanar —
yana asabimiz toriga tig‘ini tortar
o‘sha yellar.

Yozamiz senga har kuni bir xil sog‘inchni
va boqamiz xayol ichra bir-birimizga
va ko‘ramiz dunyoni har birimiz o‘z ko‘zimiz-la,
cho‘qqilar ustidagi yog‘duni, tong qorong‘isin
va seni.
Kim aritar g‘ussalarni yuragimizdan?
Kechagi sel, bugungi bulutlar
bukar qaddimizni yerga. O‘tkir fikrlarimiz
seldan so‘nggi qarag‘ay ignalari kabi
ostonaga g‘uj bo‘lib, tirmasharlar
minora sari, minora esa qular.

Zabun bu qishloqlar orasida,
janub shamoliga ko‘ksin tutgan qoya ustida,
seni to‘sib turgan tog‘lar silsilasi ro‘parasida —
kim baholar bizning qalb g‘ussamizni?
Kuz qo‘ynida kim anglar bunda shahidligimizni bizning?

DARBADARLIK

Axir, nima istar qalblarimiz —
chehrasi oqargan ayollar va yig‘loq
bolalarga to‘la kemalarda
kezib darbadar,
zero na ucharbaliqlardek ucha bilarlar,
na machta tepasidagi yulduzdek
yarqirarlar?

Grammafon sadolaridan toliqib,
mubham qadamjolarga ruhsiz talpinib,
g‘uldirab o‘ziga til kalimasini,
neni istarlar?

Nima izlarlar bizning qalblarimiz
uringan dengiz matohlarida —
ko‘rfazdan ko‘rfazga kezib
sargardon?

Qoyalar girdida mudom to‘lg‘anib,
qayinlar hididan behol kun-bakun,
adadsiz dengizda charx urgan ko‘yi
nima istarlar?

Biz aniq bilardik — xuddi shu yerda,
oldimizda turgan yo‘lning ustida,
sal yuqori yo sal quyiroq,
yonginamizda —
go‘zal orollar bor edi.

OY QONI

Sening qoning muzlaydi ba’zan
sarhadsiz tun ichra qotgan oy kabi,
sening qoning oq qanotlarin yoyar
zulmat qoyalar va bolaligimizning xira yog‘dusi
quchgan bog‘lar, uylar ustida.

TOSHGA DO‘NISH

Pushmondaman, barmoqlarim orasidan
oqib ketdi daryo,
ulgurmadim ichmoqqa tomchisini ham.
Endi men toshga do‘naman.
Qip-qizil zaminda mo‘’jaz qarag‘ay —
undan bo‘lak do‘stim yo‘q mening.
Nimaniki sevdi, bari ketdi —
o‘tgan yoz qurilgan yangi uyim-la,
sovurar qolganin kuz shamollari.

O‘LIM OLDI

Yellar sarrinlik baxsh etmasa agar,
tobora qisqarsa sarvlar soyasi
va burilsa barcha yo‘llar tog‘ sari,
bizga yuk bo‘lajak
o‘limdan qo‘rquvchi do‘stu hamrohlar.

O‘LIKLAR VA TIRIKLAR

Biz otlandik o‘z rihlatimizga,
yiqilgan haykallar qoshidan o‘tdik,
xayollarga cho‘mib dedik, shunchaki osonmas
hayotdin ketmoq —
o‘limning o‘z osiy yo‘llari bor
hamda o‘z adolati;
biz, toshlar orasida qotib tosh kabi,
qahru ojizlikning iskanjasida
ko‘z yumayotgan daqiqalar, —
bir-bir chiqib kelar eski marhumlar
yuzlarida sokin jilmayish bilan.

TAJRIBA

Voqealar shu qadar shitob kechdiki,
eslab qololmadik ko‘p narsalarni,
ammo muhrlanmish xotiramizga —
bamisli oydin tun qo‘y qo‘rasida
sharpalar, o‘zimizdan-da g‘alati, bejo,
kezinar zirk daraxtining
qovjiroq barglari aro,

biz bilib qo‘ygandik taqdirimizni —
xarsang bo‘laklari aro sudranib,
uch ming yoki olti ming yil
titkilab birma-bir xarobalarni —
balki o‘z uyimizdir ular…
Lekin eplay olamizmi?

Biz zanjirbandligimiz va
tarqoqligimiz bois
omonat deb bilganimiz razil to‘siqlar
bilan kurasha-kurasha,
Yo‘lga chiqqan pajmurda,
so‘qir to‘dalar bilan
Marafon ko‘li botqoqlariga cho‘kayotganda
eplay olamizmi
o‘lmoqni hamma qatori?

TONG

Oz qoldi —
bodomlar gul ochar qiyg‘os,
marmarlar oftobda jilvalangaydir,
dengiz mavj urmoqda,

oz qoldi,
ko‘tarilmoq kerak yuksakka ozroq.

XABARCHILAR

Biz ularni tanimasdik.
Faqat ichkin umid,
azal-azal taniysan, derdi.
Biz ko‘rdik ularni ikki bor,
so‘ng suzib ketdilar
ko‘mir, don ortilgan kemada
va g‘oyib bo‘ldilar ummon ortiga
u do‘stlarimiz bir umrga.
Tong bizni qarshilar —
xira chiroqning nuridan chizilgan
kema, suv parisi, chig‘anoqlar-la.
Kechqurun tushamiz daryo bo‘yiga,
chunki yo‘l bor unda ummonlar sari
Tunlar uxlamaymiz mum anqigan yerto‘lalarda.

Do‘stlarimiz bizni tashlab ketdi —
balki, bo‘lmagandir ular, balki
ularni ko‘rgandirmiz biz tushimizda —
olis to‘lqinlarga borib tutashgan;
balki izlaymiz ularni,
izlaganimiz bois o‘zga hayotni:
narigi tomonidan haykallarning.

* * *

Xabarchini —
kutdik biz uch yil,
qarag‘aylar, dengiz va yulduzlarga
telmurib nuqul.
Omoch tishi yoki kema pushtagiga aylanib,
yana ilk urug‘likni izlashga kirishdik,
eng qadim taraddud ishtiyoqida.

Biz uyimizga qaytdik, abgor,
ruhsiz-madorsiz,
lablarimiz zang va tuzdan chetnab.
Tongda turib shimol sari ketdik,
begonalardek, tumanda
oqqushlarning kumush qanotlaridan
ko‘zimiz qamashib.

Qish tunlari aqldan ozdirdi mashriq shamoli.
Yozning sertashvish kunlari butkul holdan toydik.
Va qaytdik mana shu noyob bir raftor —
temir qiyofa bilan.

MARMAR BOSH

Seni mahv etishgan objo‘y yodimda.

Men marmar boshimni tutgancha uyg‘ondim,
u qo‘limda edi, bilmasdim qayga qo‘ymoqni.
U cho‘mdi uyquga, men uyg‘ongan on
birlashdi taqdirimiz, ajralmas bo‘lib.

Men ko‘zlariga boqdim — so‘nib boruvchi,
so‘ylayman lablariga, hali tinmagan,
yonog‘in tutaman, etlari qochgan.

Qo‘llarim yo‘qolar va qaytar yana,
pajmurda, holsiz.

* * *

Seni uyqu barglari-la chulg‘ab olganda
nafas olar eding xuddi sokin nur ichra,
aks etardi zilol chashma mavjida yuzing,
qaboqlaring yumuq, mayin kipriklaring nam.
Barmoqlarim maysadagi qo‘lingni topdi
va tomiring urishini tuydi daf’atan,
yuragingning og‘rig‘i ham shundoq yaqinda.

Ulkan chinor soyasiga, ko‘m-ko‘k go‘shaga
tush yetaklab keldi seni va bunda tamom
borlig‘ingni har tomonga sochib yubordi,
bir qur quchmoq qiyin bo‘lur shu bois seni —
yuzingdagi qotib qolgan sukuting birla,
quchib olmoq qiyin bir qur o‘zga dunyoning
sharpalari aro sening ayro sharpangni —
o‘zini dam qo‘yib erkin, dam jilovlagan.

Biz yashadik o‘zimizga ato umrni.
Shafqat qil sen lekin, qora gulchambar taqib,
mahobatli chinorlarning kanoridagi
quduqlar va chuqur chohlar aro benajot
o‘z faryodin yolg‘iz tinglab o‘tirganlarga.

Shafqat ayla, biz-la manglay teri, ochlikni
birga baham ko‘rgan do‘stga, quyosh qa’riga
sho‘ng‘idi u, qarg‘a qora marmar tubiga
g‘arq bo‘lgandek, hech narsani qilmayin tama.

Bizga rixlat dunyosida halovat baxsh et.

Ruschadan Mirpo‘lat Mirzo tarjimalari

006

(Tashriflar: umumiy 172, bugungi 1)

Izoh qoldiring