Viktor Alimasov. Men va «Men» & Falsafa yoxud fikrlash lazzati

07    Ташқи «Мен» мен кабидир, лекин ички «Мен» мендан улуғроқ, сирлироқ, у муқаддасликка даъво қилиб мен ва ташқи «Мен»билан баҳслашгани-баҳслашган. Уларнинг бирортасидан ҳам кечолмайман, эъзозли фикрларим ҳам уларнинг баҳсу муроқабаларидан туғилган.

Виктор Алимасов
МЕН ВА «МЕН»
03

022Менинг онгим уч йўналишда: 1) мендан “Мен”га; 2) “Мен”дан менга; 3) мен ва “Мен”дан ташқаридаги мен ва “Мен”ларга талпиниб беором изланади. Қайси йўналиш муҳимроқ? Гиосеология учун уларнинг учаласи ҳам қизиқарли, аммо мен учун кўп ҳолларда мендан “Мен”га бориш завқлироқ.

* * *

Тўғри, мендан “Мен”га ва “Мен”дан менга боришдан мен ва “Мен”дан ташқаридаги мен ва “Мен”ларга бориш қийин, мураккаб. Жамият ва борлиқ сирлари шу йўналишдаги изланишлар орқали англанади. Бироқ ушбу изланишлар инсон дилига қониқиш бермайди, балки уни янги-янги муаммоларга дучор этади. Инсондаги ғофиллик ва золимлик ушбу қониқмасликдандир.

* * *

Мендаги “Мен” икки “мен”дан иборат. Унинг бири ўзига ўзи тасдиқ қидириб юради. У ўжар ва таккаббур “Мен”дир. Иккинчи “Мен” “Мен”га талпиниб, ундан қувват олиб ва уни шарафлаб яшайди. Биринчиси “Мен”ни итоат эттирганида мен “Мен”амрига, даъватларига қулоқ соламан, аммо иккинчиси устун келганда унинг илтижолари афсус уйғотади холос. Бунга фақат мен ва “Мен” айбдор бўлмасам керак …

* * *

Мендан “Мен”га боришнинг йўллари кўп: эҳтиёж, зарурат, билиш, эгалик қилиш, севиш, нафрат, ҳайрат ва б. Ҳатто ўлим ҳам мендан “Мен”га бориш йўлларидан биридир. Демак, инсон мавжуд экан у “Мен”га боришдан бир он ҳам тўхтамайди ва уни чеклай олмайди. Қолган икки йўналишни у чеклаши, ҳатто рад этиши мумкин.

* * *

“Мен” вужудимнинг қайси нуқтасида мужассам экан? Кўпчилик онгда, яъни мияда деб жавоб беради. Мен эса “Мен” инсоннинг бутун борлиғидан шаклланади деб биламан.Ҳатто билагимдаги ҳар бир тук ҳам “Мен”имнинг мағрур тасвиридир.

* * *

Қизиқ, мен “Мен”дан олдин пайдо бўлганми ёки “Мен” мендан олдин пайдо бўлганми? Материалистлар, мен олдин пайдо бўлган, деб жавоб беради. Шундай бўлса уни “Мен”сиз қандай тасдиқлаш мумкин? Ахир меннинг мавжудлигини “Мен”сиз қандай исботлаш мумкин? Ушбу саволда мен билан “Мен”нинг азалий уйғунлиги яширинган.

* * *

Мен ва “Мен” мавжуд экан уларнинг алоҳида субстанциялигини ҳам тан олишга тўғри келади. Бироқ улар бир-биридан алоҳида яшайдиган субстанциялар эмас, балки бир-бирини гоҳо рад этиб Бутунда яшайдиган, нисбатан мустақил субстанциялардир.

* * *

Мен “Мен”ни изламайди, акс ҳолда меннинг бирламчилиги тан олинади, “Мен” ҳам менни изламайди, акс ҳолда “Мен”нинг аввалдан мавжудлиги эътироф этилади. Улар ўртасидаги уйғунликни, мураттабликни топгандагина одамни тўлалигича идрок этиш мумкин. Лекин бу мен билан “Мен” ўртасида маълум бир зиддият борлигини инкор қилмайди.

* * *

Кишига маҳдудотдан, муносабатлардан, ҳаётдан ўхшашлик, яқинлик, уйғунлик – қонунлар излаш хос. “Мен” менни ушбу қонунлар орқали оламни идрок этишга ва қонунлар доирасида яшашга ундайди. Киши аксарият ҳолларда “Мен”нинг ушбу талабларига бўйсунади. Менинг фикримча, киши “Мен”қонунларига бўйсунганида эмас, балки улардан ўзганида ўзини тўла намоён этади, эътиборли нарсалар яратади. Яшасин “Мен” талабларидан ўзувчи мен!

* * *

“Мен”да онг, тафаккурдан бошқа яна нимадир бор. Уни баъзилар “худо” деб атайдилар. Бу тақдирда “Мен” – худо деган формула келиб чиқади. Мен эса одамга бундай тавсиф беришдан қўрқаман…

* * *

“Мен”нинг менга уйғун келишини тушунса бўлади (ваҳоланки, бу даргумон), аммо “Мен”нинг “Мен”ларга айнан келишини тасаввур этиш қийин. Бундай жамиятда тўрт киши яшади нимаю юз миллион яшади нима – фарқи йўқ.

* * *

Мен билан мендан ташқаридаги менлар ўртасида диалектик уйғунлик кам. Агар шундай уйғунлик бўлганида мен изтироб чекиб, “Мен” билан баҳсга киришиб, гоҳо уни рад этиб менларни англашга интилмаган бўларди. Аммо Меннинг беҳаловатлиги “Мен” боис эмас, ўзи боисдир. Мен “Мен”ни ўжарона рад этиб ўзини ҳам, “Мен”ни ҳам изтиробга, ғамга, ташвишга солади.

* * *

“Мен” ва мен < МЕН. Аслида улар икки “Мен”дир. Агар “Мен” ва мен МЕНга тенг бўлганида мен ва “Мен” иноқ яшарди. “Мен” мен билан ҳеч чиқишолмагани учун менинг ўйида, руҳимда безовталик, исён ҳукмрон.

* * *

“Мен”лар ўртасидаги зиддиятлар асосан мен ва “Мен” ўртасидаги зиддиятлар сабаблидир. Инсон улардан халос бўлолмайди, аммо “Мен”лар ўртасидаги зиддиятларни “Мен”и орқали юмшатиши мумкин.

* * *

Мен ошқазон, эҳтиёж талабларига бўйсунади, “Мен” – онг, тафаккур. Улардан бири рад этилган заҳотиёқ инсонда инсоний яшашга асос қолмайди.

* * *

Мен кучга, қувватга тўлган пайтда “Мен” унга эргашади ва аксинча,мен заиф, беқувват пайтда “Мен” уни ўз кетидан юришга мажбур қилади. Шунинг учун ёшлик – бебошлик, қарилик – панд-насиҳатдир.

* * *

“Файласуфларнинг касб-кор жаргонини ўрганганлардан ҳали Экклисиаст чиқмаган” (М.Веллер). Ўзидан Экклисиаст чиқмаслигини билганлари ёдлаган жаргонни йўқотмаслик учун санохонликни касб – корга айлантирадилар.

* * *

Менсиз “Мен” – ярим “Мен”, “Мен”сиз мен – табоҳ мен. Одамдаги ҳикмат мен ва “Мен”нинг уйғунлигидадир.

* * *

Мен, агар Д.Юм категорияларини қўлласак, “нозик дид”, “Мен”эса “нозик аффект” уйғотади. Тўғри, Д.Юм кейингисини ривожлантирмасликни ёқлайди, чунки “нозик аффект”га эга киши ҳар нарсадан таъсирланадиган, гоҳо ўзини идора этолмайдиган бўлади. Бу, албатта, ўта кескин таъриф. Умуман олганда “нозик аффект” категориясини “Мен”га қўлласа бўлади. Аммо “Мен”даги икки “мен”борлигини унутмаслик даркор.

* * *

“Мен” билан мен ўртасидаги зиддият бир-бирини маҳв этишда эмас, бир-бирини етаклашдадир. Ким кимни етаклайди – “Мен” менними ёки мен “Мен”ними? Уни ҳар ким ўз иқтидорига мувофиқ ечади.

* * *

Мен “Мен”ни рад этмайди, унинг тескариси ёки сояси ҳам эмас. Улар уйғунлигидан борлиқни ўзгартиришга қодир, гоҳо важоҳатли ва даҳшатли куч пайдо бўлган. Аслида эса яратган уларни бир-бирига қўшмагани маъқул эди.

* * *

“Мен”да ўжарлик, ўзини асрашга интилиш бўлмаганида менлар уни ўзига муте, имтисол этардилар. Қайсарлик “Мен”га ўз эркини, ҳуқуқини, ўзига хосликни асрашга мадад бўлмоқда.

* * *

Ўз “Мен”ини таҳлил қилолмаган мен “Мен”даги ўжар ва такаббур “мен”нинг талабларига сўзсиз бўйсунади. Унинг иродасини ўжарлик, такаббурлик чулғаб олади ва “Мен”нинг ўзидаги позитив жиҳатларни намоён этишига имкон қолмайди.

* * *

Онг, тафаккурнинг заифлиги ёки адашгани “Мен”нинг ожизлиги ёки адашгани эмас. “Мен”да кучли, адашмайдиган, барқарор нимадир бор, акс ҳолда у меннинг кетидан сакдек эргашиб кетаверарди.

* * *

Алданиш ва алдаш меннинг табиатидан, алданиш ва алдаш эса “Мен”нинг хусусиятидандир. Табиатан алданиш ва алдашни тўғирлашнинг имкони йўқ, аммо хусусиятдаги алданиш ва алдашнинг олдини олиш ёки тўғирлаш мумкин. Шундай бўлса-да, шахсан “Мен”нинг хусусиятидаги алданиш ва алдашдан тўла халос бўлишига ишонмайман.

* * *

Мен адашганида “Мен” адашмаслиги, “Мен” адашганида мен чалғитмаслиги лозим. Агар уларнинг иккаласи ҳам адашса мен ва “Мен”дан ташқари мен ва “Мен” адашмаслиги шарт. Ҳамма мен ва “Мен”ларнинг адашишидан охират ҳиди келади.

* * *

Фан номзодлари, докторлари, хизмат кўрсатган фан арбоблари кўпайди, лекин улар мен ва “Мен” муаммосини ҳал этолмадилар. Ҳатто улар учун мен ва “Мен” муаммоси йўқ. Илмий даражали олимларни кўпайтириш “олимлар”ни нафақат “Мен”ни излашга, ҳатто саводга ҳам ўргатмас экан.

* * *

Мен изтироб, ғам, ташвиш изласа-да, “Мен”мусичанинг беозоргина токчага қўнганидан ўйни, хаёлни бузувчи ваҳима топади. Ҳар қандай сас, тебраниш, қимирлаш унга малолдир. Ташим – ўт, олов, тўфон, ичим сокин, қотган, ўлгандир. Уларнинг бир вужудга жо бўлганидан ҳайратдаман.

* * *

Конфуций коммунитар тартиблар тарафдори эди. Унинг ғоялари Хитойда узоқ асрлар расман тан олинган ва қўллаб-қувватланган бўлса-да, ҳеч бир хитойлик ақл қувлигидан, макридан фойдаланиш усулидан – стратегемадан воз кечмаган. Стратегема ички “Мен”нинг ифодасидир.

* * *

“Файласуфлар одамлар билган нарсаларни билим деб талқин қилиб келадилар” (М.Веллер). Аслида эса билим одамлар билмаган нарсаларни билишга қаратилиши зарур эди. Натижада файласуфлар бор билимларни шунчаки талқинчилари бўлиб чиқадилар.

* * *

Инсон “Мен”ини ҳам, бошқа мен ва “Мен”ларни ҳам тўла билолмайди. Хўш, у нимани билади ўзи? Суқрот, “Ҳеч нимани билмаслигимни билдим”, деб саволга жавоб беришдан қочган. Бирорта қониқарли жавоб бериши амри маҳол эди. Наҳотки 27 асрдан бери гносеологик изланишларнинг бари бефойда кетган бўлса?! Йўқ, мутлақ бефойда кетмади, инсон билганларини тўплашни, асрашни ўрганди. Ҳозирликча бу ҳам катта ютуқдир.

* * *

“Мен”ни билиш мумкинми? “Ҳа”, лекин қисман. Ва “Йўқ”, у ҳам қисман. Ақл ушбу икки қисман орасида овора.

* * *

Мен билиш объекти бўла оламанми? Ҳа, лекин ўз “Мен”им учун эмас, чунки ушбу “Мен” мен устидан тажриба ўтказиш имконига эга эмас. Бошқа “Мен” менни билиш объектига айлантириши мумкин. Мана қадимги “Ўзингни бил” даъватининг мураккаблиги нимада.

* * *

Барча фанларнинг марказини, деб ёзган эди Д.Юм, “инсон табиатини ўрганиш” ташкил этади. “Инсон ҳақидаги фан бошқа фанларнинг ягона асосидир”. Мен ва “Мен”ни ўрганиш ана шу асоснинг моҳиятини ташкил этади.

* * *

Яхши билан ёмон қўшилса ёмон хислатлари ғолиб чиқади. Мен билан “Мен”ни қўшганида яратган ушбу қонунни унутган. Шунинг учун одам “Мен”деганида менининг истакларини кўз олдига келтиради.

* * *

Кишининг яхши ёки ёмонлиги унинг “Мен”ига қараб эмас, бошқа ушбу “Мен”ни рад этганида “Мен”нинг ўзини тутишига қараб белгиланади. “Мен” бошқа “Мен”лар учун фарёд чекса, исён кўтарса унда тинглашга арзигулик фикр бор.

* * *

Мени ҳурмат қилмаслигингиз, ҳатто ёқтирмаслигингиз мумкин, бу сизнинг ҳуқуқингиз, лекин “Мен”имни тинглашга, ҳурмат қилишга мажбурмиз, бу мен ва “Мен”имнинг ҳуқуқидир.

* * *

Баҳс, муроқабаларимда мудом уч субъект – ички «Мен», ташқи «Мен» ва мен қатнашаман. Ички «Мен» муқаддасни, муаббадни ёқтиради, ташқи «Мен» ҳаёт кетидан чопиб, елосо югуриб яшашга мойил, мен эса ушбу икки «Мен» орасида сарсон-саргардон.

* * *

Ақл ҳам алдайди, лекин бу одамнинг ўз «Мен»ини алдаши эмас. Бўлмаса ким алдайди? Ақлми ёки одамми? Бу саволни ечиш учун ақл ва одамдан ташқари ҳакам керак. Чунки одамнинг ичида туриб ақл «одам адашаябди» дея олмаганидек, ақлга итоат эта туриб одам ҳам «ақл адашаябди» дея олмайди.

* * *

Мен мудом «Мен»имга эргашадиган «Мен»га эмас, балки «Мен»имдан ўзишга интиладиган «Мен»га муносиб яшашни орзу қиламан.

* * *

Ақл «Мен»инг атрибутимми ёки у «Мен»дан мустақилми? Фақат менинг ақлим «Мен»инг атрибутимдир, асрлар оша яшаб келаётган назарлар сифатида у «Мен»дан мустақилдир. Мустақил нарса кимнингдир, ниманингдир атрибути бўлиб қололмайди, акс ҳолда дедукция мустақил нарсанинг эркини ҳам, мустақилнинг мавжудлигини ҳам инкор қилишга олиб келарди.

* * *

Ким кимни бошқаради: мен ички «Мен»ними ёки ички «Мен» меними? Демак, мен бошқа, ички «Мен» бошқа, уларни ким муросага солади – менми ёки ички «Мен»ми ёки ғайриҳаётий кучми? Агар ғайриҳаётий куч бўлса, мен ва ички «Мен»нинг эрки, иродаси қаерда? Ақлу идрокнинг ушбу ожизлигини туйганлар жавобни трансценденциядан қидирадилар, бу аслида ақлнинг ўзини ўзи овунтиришидир.

* * *

«Мен»нинг ҳам қатламлари бор; ўз қатламларини унутган ўзлигини унутган «Мен»дир.

* * *

Ташқи «Мен» мен кабидир, лекин ички «Мен» мендан улуғроқ, сирлироқ, у муқаддасликка даъво қилиб мен ва ташқи «Мен»билан баҳслашгани-баҳслашган. Уларнинг бирортасидан ҳам кечолмайман, эъзозли фикрларим ҳам уларнинг баҳсу муроқабаларидан туғилган.

Манба: http://www.faylasuf.uz

09Mendagi “Men” ikki “men”dan iborat. Uning biri o’ziga o’zi tasdiq qidirib yuradi. U o’jar va takkabbur “Men”dir. Ikkinchi “Men” “Men”ga talpinib, undan quvvat olib va unisharaflab yashaydi. Birinchisi “Men”ni itoat ettirganida men “Men”amriga, da’vatlariga quloq solaman, ammo ikkinchisi ustun kelganda uning iltijolari afsus uyg’otadi xolos.Bunga faqat men va “Men” aybdor bo’lmasam kerak …

Viktor Alimasov
MEN VA «MEN»
03

022Mening ongim uch yo’nalishda: 1) mendan “Men”ga; 2) “Men”dan menga; 3) men va “Men”dan tashqaridagi men va “Men”larga talpinib beorom izlanadi. Qaysi yo’nalish muhimroq? Gioseologiya uchun ularning uchalasi ham qiziqarli, ammo men uchun ko’p hollarda mendan “Men”ga borish zavqliroq.

* * *

To’g’ri, mendan “Men”ga va “Men”dan menga borishdan men va “Men”dan tashqaridagi men va “Men”larga borish qiyin, murakkab. Jamiyat va borliq sirlari shu yo’nalishdagi izlanishlar orqali anglanadi. Biroq ushbu izlanishlar inson diliga qoniqish bermaydi, balki uni yangi-yangi muammolarga duchor etadi. Insondagi g’ofillik va zolimlik ushbu qoniqmaslikdandir.

* * *

Mendagi “Men” ikki “men”dan iborat. Uning biri o’ziga o’zi tasdiq qidirib yuradi. U o’jar va takkabbur “Men”dir. Ikkinchi “Men” “Men”ga talpinib, undan quvvat olib va unisharaflab yashaydi. Birinchisi “Men”ni itoat ettirganida men “Men”amriga, da’vatlariga quloq solaman, ammo ikkinchisi ustun kelganda uning iltijolari afsus uyg’otadi xolos.Bunga faqat men va “Men” aybdor bo’lmasam kerak …

* * *

Mendan “Men”ga borishning yo’llari ko’p: ehtiyoj, zarurat, bilish, egalik qilish, sevish, nafrat, hayrat va b. Hatto o’lim ham mendan “Men”ga borish yo’llaridan biridir. Demak, inson mavjud ekan u “Men”ga borishdan bir on ham to’xtamaydi va uni cheklay olmaydi. Qolgan ikki yo’nalishni u cheklashi, hatto rad etishi mumkin.

* * *

“Men” vujudimning qaysi nuqtasida mujassam ekan? Ko’pchilik ongda, ya’ni miyada deb javob beradi. Men esa “Men” insonning butun borlig’idan shakllanadi deb bilaman.Hatto bilagimdagi har bir tuk ham “Men”imning mag’rur tasviridir.

* * *

Qiziq, men “Men”dan oldin paydo bo’lganmi yoki “Men” mendan oldin paydo bo’lganmi? Materialistlar, men oldin paydo bo’lgan, deb javob beradi. Shunday bo’lsa uni “Men”siz qanday tasdiqlash mumkin? Axir menning mavjudligini “Men”siz qanday isbotlash mumkin? Ushbu savolda men bilan “Men”ning azaliy uyg’unligi yashiringan.

* * *

Men va “Men” mavjud ekan ularning alohida substantsiyaligini ham tan olishga to’g’ri keladi. Biroq ular bir-biridan alohida yashaydigan substantsiyalar emas, balki bir-birini goho rad etib Butunda yashaydigan, nisbatan mustaqil substantsiyalardir.

* * *

Men “Men”ni izlamaydi, aks holda menning birlamchiligi tan olinadi, “Men” ham menni izlamaydi, aks holda “Men”ning avvaldan mavjudligi e’tirof etiladi. Ular o’rtasidagi uyg’unlikni, murattablikni topgandagina odamni to’laligicha idrok etish mumkin. Lekin bu men bilan “Men” o’rtasida ma’lum bir ziddiyat borligini inkor qilmaydi.

* * *

Kishiga mahdudotdan, munosabatlardan, hayotdan o’xshashlik, yaqinlik, uyg’unlik – qonunlar izlash xos. “Men” menni ushbu qonunlar orqali olamni idrok etishga va qonunlar doirasida yashashga undaydi. Kishi aksariyat hollarda “Men”ning ushbu talablariga bo’ysunadi. Mening fikrimcha, kishi “Men”qonunlariga bo’ysunganida emas, balki ulardan o’zganida o’zini to’la namoyon etadi, e’tiborli narsalar yaratadi. Yashasin “Men” talablaridan o’zuvchi men!

* * *

“Men”da ong, tafakkurdan boshqa yana nimadir bor. Uni ba’zilar “xudo” deb ataydilar. Bu taqdirda “Men” – xudo degan formula kelib chiqadi. Men esa odamga bunday tavsif berishdan qo’rqaman…

* * *

“Men”ning menga uyg’un kelishini tushunsa bo’ladi (vaholanki, bu dargumon), ammo “Men”ning “Men”larga aynan kelishini tasavvur etish qiyin. Bunday jamiyatda to’rt kishi yashadi nimayu yuz million yashadi nima – farqi yo’q.

* * *

Men bilan mendan tashqaridagi menlar o’rtasida dialektik uyg’unlik kam. Agar shunday uyg’unlik bo’lganida men iztirob chekib, “Men” bilan bahsga kirishib, goho uni rad etib menlarni anglashga intilmagan bo’lardi. Ammo Menning behalovatligi “Men” bois emas, o’zi boisdir. Men “Men”ni o’jarona rad etib o’zini ham, “Men”ni ham iztirobga, g’amga, tashvishga soladi.

* * *

“Men” va men < MEN. Aslida ular ikki “Men”dir. Agar “Men” va men MENga teng bo’lganida men va “Men” inoq yashardi. “Men” men bilan hech chiqisholmagani uchun mening o’yida, ruhimda bezovtalik, isyon hukmron.

* * *

“Men”lar o’rtasidagi ziddiyatlar asosan men va “Men” o’rtasidagi ziddiyatlar sabablidir. Inson ulardan xalos bo’lolmaydi, ammo “Men”lar o’rtasidagi ziddiyatlarni “Men”i orqali yumshatishi mumkin.

* * *

Men oshqazon, ehtiyoj talablariga bo’ysunadi, “Men” – ong, tafakkur. Ulardan biri rad etilgan zahotiyoq insonda insoniy yashashga asos qolmaydi.

* * *

Men kuchga, quvvatga to’lgan paytda “Men” unga ergashadi va aksincha,men zaif, bequvvat paytda “Men” uni o’z ketidan yurishga majbur qiladi. Shuning uchun yoshlik – beboshlik, qarilik – pand-nasihatdir.

* * *

“Faylasuflarning kasb-kor jargonini o’rganganlardan hali Ekklisiast chiqmagan” (M.Veller). O’zidan Ekklisiast chiqmasligini bilganlari yodlagan jargonni yo’qotmaslik uchun sanoxonlikni kasb – korga aylantiradilar.

* * *

Mensiz “Men” – yarim “Men”, “Men”siz men – taboh men. Odamdagi hikmat men va “Men”ning uyg’unligidadir.

* * *

Men, agar D.Yum kategoriyalarini qo’llasak, “nozik did”, “Men”esa “nozik affekt” uyg’otadi. To’g’ri, D.Yum keyingisini rivojlantirmaslikni yoqlaydi, chunki “nozik affekt”ga ega kishi har narsadan ta’sirlanadigan, goho o’zini idora etolmaydigan bo’ladi. Bu, albatta, o’ta keskin ta’rif. Umuman olganda “nozik affekt” kategoriyasini “Men”ga qo’llasa bo’ladi. Ammo “Men”dagi ikki “men”borligini unutmaslik darkor.

* * *

“Men” bilan men o’rtasidagi ziddiyat bir-birini mahv etishda emas, bir-birini yetaklashdadir. Kim kimni yetaklaydi – “Men” mennimi yoki men “Men”nimi? Uni har kim o’z iqtidoriga muvofiq yechadi.

* * *

Men “Men”ni rad etmaydi, uning teskarisi yoki soyasi ham emas. Ular uyg’unligidan borliqni o’zgartirishga qodir, goho vajohatli va dahshatli kuch paydo bo’lgan. Aslida esa yaratgan ularni bir-biriga qo’shmagani ma’qul edi.

* * *

“Men”da o’jarlik, o’zini asrashga intilish bo’lmaganida menlar uni o’ziga mute, imtisol etardilar. Qaysarlik “Men”ga o’z erkini, huquqini, o’ziga xoslikni asrashga madad bo’lmoqda.

* * *

O’z “Men”ini tahlil qilolmagan men “Men”dagi o’jar va takabbur “men”ning talablariga so’zsiz bo’ysunadi. Uning irodasini o’jarlik, takabburlik chulg’ab oladi va “Men”ning o’zidagi pozitiv jihatlarni namoyon etishiga imkon qolmaydi.

* * *

Ong, tafakkurning zaifligi yoki adashgani “Men”ning ojizligi yoki adashgani emas. “Men”da kuchli, adashmaydigan, barqaror nimadir bor, aks holda u menning ketidan sakdek ergashib ketaverardi.

* * *

Aldanish va aldash menning tabiatidan, aldanish va aldash esa “Men”ning xususiyatidandir. Tabiatan aldanish va aldashni to’g’irlashning imkoni yo’q, ammo xususiyatdagi aldanish va aldashning oldini olish yoki to’g’irlash mumkin. Shunday bo’lsa-da, shaxsan “Men”ning xususiyatidagi aldanish va aldashdan to’la xalos bo’lishiga ishonmayman.

* * *

Men adashganida “Men” adashmasligi, “Men” adashganida men chalg’itmasligi lozim. Agar ularning ikkalasi ham adashsa men va “Men”dan tashqari men va “Men” adashmasligi shart. Hamma men va “Men”larning adashishidan oxirat hidi keladi.

* * *

Fan nomzodlari, doktorlari, xizmat ko’rsatgan fan arboblari ko’paydi, lekin ular men va “Men” muammosini hal etolmadilar. Hatto ular uchun men va “Men” muammosi yo’q. Ilmiy darajali olimlarni ko’paytirish “olimlar”ni nafaqat “Men”ni izlashga, hatto savodga ham o’rgatmas ekan.

* * *

Men iztirob, g’am, tashvish izlasa-da, “Men”musichaning beozorgina tokchaga qo’nganidan o’yni, xayolni buzuvchi vahima topadi. Har qanday sas, tebranish, qimirlash unga maloldir. Tashim – o’t, olov, to’fon, ichim sokin, qotgan, o’lgandir. Ularning bir vujudga jo bo’lganidan hayratdaman.

* * *

Konfutsiy kommunitar tartiblar tarafdori edi. Uning g’oyalari Xitoyda uzoq asrlar rasman tan olingan va qo’llab-quvvatlangan bo’lsa-da, hech bir xitoylik aql quvligidan, makridan foydalanish usulidan – strategemadan voz kechmagan. Strategema ichki “Men”ning ifodasidir.

* * *

“Faylasuflar odamlar bilgan narsalarni bilim deb talqin qilib keladilar” (M.Veller). Aslida esa bilim odamlar bilmagan narsalarni bilishga qaratilishi zarur edi. Natijada faylasuflar bor bilimlarni shunchaki talqinchilari bo’lib chiqadilar.

* * *

Inson “Men”ini ham, boshqa men va “Men”larni ham to’la bilolmaydi. Xo’sh, u nimani biladi o’zi? Suqrot, “Hech nimani bilmasligimni bildim”, deb savolga javob berishdan qochgan. Birorta qoniqarli javob berishi amri mahol edi. Nahotki 27 asrdan beri gnoseologik izlanishlarning bari befoyda ketgan bo’lsa?! Yo’q, mutlaq befoyda ketmadi, inson bilganlarini to’plashni, asrashni o’rgandi. Hozirlikcha bu ham katta yutuqdir.

* * *

“Men”ni bilish mumkinmi? “Ha”, lekin qisman. Va “Yo’q”, u ham qisman. Aql ushbu ikki qisman orasida ovora.

* * *

Men bilish ob’ekti bo’la olamanmi? Ha, lekin o’z “Men”im uchun emas, chunki ushbu “Men” men ustidan tajriba o’tkazish imkoniga ega emas. Boshqa “Men” menni bilish ob’ektiga aylantirishi mumkin. Mana qadimgi “O’zingni bil” da’vatining murakkabligi nimada.

* * *

Barcha fanlarning markazini, deb yozgan edi D.Yum, “inson tabiatini o’rganish” tashkil etadi. “Inson haqidagi fan boshqa fanlarning yagona asosidir”. Men va “Men”ni o’rganish ana shu asosning mohiyatini tashkil etadi.

* * *

Yaxshi bilan yomon qo’shilsa yomon xislatlari g’olib chiqadi. Men bilan “Men”ni qo’shganida yaratgan ushbu qonunni unutgan. Shuning uchun odam “Men”deganida menining
istaklarini ko’z oldiga keltiradi.

* * *

Kishining yaxshi yoki yomonligi uning “Men”iga qarab emas, boshqa ushbu “Men”ni rad etganida “Men”ning o’zini tutishiga qarab belgilanadi. “Men” boshqa “Men”lar uchun faryod cheksa, isyon ko’tarsa unda tinglashga arzigulik fikr bor.

* * *

Meni hurmat qilmasligingiz, hatto yoqtirmasligingiz mumkin, bu sizning huquqingiz, lekin “Men”imni tinglashga, hurmat qilishga majburmiz, bu men va “Men”imning huquqidir.

* * *

Bahs, muroqabalarimda mudom uch sub’ekt – ichki «Men», tashqi «Men» va men qatnashaman. Ichki «Men» muqaddasni, muabbadni yoqtiradi, tashqi «Men» hayot ketidan
chopib, yeloso yugurib yashashga moyil, men esa ushbu ikki «Men» orasida sarson-sargardon.

* * *

Aql ham aldaydi, lekin bu odamning o’z «Men»ini aldashi emas. Bo’lmasa kim aldaydi? Aqlmi yoki odammi? Bu savolni yechish uchun aql va odamdan tashqari hakam kerak. Chunki odamning ichida turib aql «odam adashayabdi» deya olmaganidek, aqlga itoat eta turib odam ham «aql adashayabdi» deya olmaydi.

* * *

Men mudom «Men»imga ergashadigan «Men»ga emas, balki «Men»imdan o’zishga intiladigan «Men»ga munosib yashashni orzu qilaman.

* * *

Aql «Men»ing atributimmi yoki u «Men»dan mustaqilmi? Faqat mening aqlim «Men»ing atributimdir, asrlar osha yashab kelayotgan nazarlar sifatida u «Men»dan mustaqildir. Mustaqil narsa kimningdir, nimaningdir atributi bo’lib qololmaydi, aks holda deduktsiya mustaqil narsaning erkini ham, mustaqilning mavjudligini ham inkor qilishga olib kelardi.

* * *

Kim kimni boshqaradi: men ichki «Men»nimi yoki ichki «Men» menimi? Demak, men boshqa, ichki «Men» boshqa, ularni kim murosaga soladi – menmi yoki ichki «Men»mi yoki g’ayrihayotiy kuchmi? Agar g’ayrihayotiy kuch bo’lsa, men va ichki «Men»ning erki, irodasi qaerda? Aqlu idrokning ushbu ojizligini tuyganlar javobni transtsendentsiyadan qidiradilar, bu aslida aqlning o’zini o’zi ovuntirishidir.

* * *

«Men»ning ham qatlamlari bor; o’z qatlamlarini unutgan o’zligini unutgan «Men»dir.

* * *

Tashqi «Men» men kabidir, lekin ichki «Men» mendan ulug’roq, sirliroq, u muqaddaslikka da’vo qilib men va tashqi «Men»bilan bahslashgani-bahslashgan. Ularning birortasidan ham kecholmayman, e’zozli fikrlarim ham ularning bahsu muroqabalaridan tug’ilgan.

Manba: http://www.faylasuf.uz

044

(Tashriflar: umumiy 1 104, bugungi 1)

1 izoh

  1. «Ички «мен» ташқи меннинг махсули бўлсада…» деб ёзгансиз «Фалсафа ёхуд фикрлаш санъати» китобизни 12 бетида.

    Бу тўпдамда «Ташқи «Мен» мен кабидир, лекин ички «Мен» мендан улуғроқ, сирлироқ, у муқаддасликка даъво қилиб мен ва ташқи «Мен»билан баҳслашгани-баҳслашган. Уларнинг бирортасидан ҳам кечолмайман, эъзозли фикрларим ҳам уларнинг баҳсу муроқабаларидан туғилган» деяпсиз.

    Савол ички мен ташқи меннинг махсулими? Махсули бўса нега хозирги ёзувингизда ички мен улуғроқ, муқаддасликка даъво қилади деяпсиз. Ахир муқаддасликка даъво қилувчи ички мен бўса? Нега унда ички мен ташқи меннинг махсули бўлиши мумкин?

Izoh qoldiring