Abu Rayhon Beruniy. «Qadimgi xalqlardan qolgan yodgorliklar» («Osor-ul-boqiya»)dan

055     Буюк ватандошимиз, қомусий аллома Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Масъуд қонуни” ва бошқа кўплаб йирик асарларидан саралаб олинган ҳикматлар, ривоят ва қайдларни ­эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ
АСАРЛАРИДАН ИҚТИБОСЛАР, ҲИКМАТ ВА РИВОЯТЛАР
09

067Шарқда илк Уйғониш даврининг қомусий олимларидан бири Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Беруний (973, 4 сентябр — 1048, 11 декабр) умумжаҳон табиий-илмий ва ижтимоий фанлар ривожига катта таъсир кўрсатган буюк ақл-заковат соҳибидир. Унинг дунёқараши Х асрнинг иккинчи ярми ва ХI асрнинг бошида Марказий Осиёда ривожланган феодализм қарор топаётган ғоят мураккаб, жўшқин воқеаларга бой тарихий вазиятда шаклланди. Биринчи устози бўлмиш Абу Наср Мансур ибн Али ибн Ироқ уни Эвклид геометрияси ва Птолемей асарлари билан таништиради. Ибн Ироқ унга Хоразмнинг турли шаҳарларидаги мадрасаларда ва машҳур устозларидан таълим олишга яқиндан ёрдам берган. Шунингдек, Абу Райҳон Берунийнинг табиий-илмий ва маърифий-педагогик ҳамда психологик қарашларининг шаклланишида қомусий олимлардан Муҳаммад ал-Хоразмий (780-850), Абу Аббос Аҳмад Фарғоний (IX аср), Марвозий (IX аср), Жавҳарий (IX аср), Абу Наср Форобий (870-950), Абул Вафо Бузхоний (840-938), Абу Саид ас-Сижий (951-1024) ҳамда юнон олимларидан Фалес, Пифагор, Архимед, Гален, Гиппократ, Эвклид, Птолемей, Платон, Аристотель, ҳинд олими Брамагупта ва бошқаларнинг асарлари таълим ва тарбия мактаби вазифасини ўтади. Беруний бу олимларнинг асарларини ўқиб билиш учун ёшлигиданоқ араб, форс, юнон, санскрит, яҳудий тилларини пухта ўрганди.

Астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бориб, бадиий асарлар яратиб буюк самараларга эришди.Маҳмуд Ғазнавийнинг ўғли Масъуд даврида Беруний ўзининг фалакиёт ва физикага оид машҳур “Қонуни Масъуд” асарини ёзиб, уни Масъуд номига бағишлайди. Шунингдек, олим ана шу даврда яратилган “Жойлар чегараларини аниқлаш учун турар жойларнинг масофаларини белгилаш” (“Геодезия”) асарида Қуёш ва Ойнинг тутилиш сабабларини, жойларнинг жўғрофик кенгликларини аниқлаш йўлларини тушунтириб беради. “Жавоҳирларни билиш ва умумий китоб” (“Минералогия”) асарида қимматбаҳо тош ва минералларни, уларнинг хосса ва хусусиятларини, солиштирма оғирлиги, қаттиқлик даражаси, ранги, тиниқлиги ва бошқа физик хоссаларни баён қилган. “Сайдана” (“Фармакогнозия”) асарида Беруний қадимги юнон ва ўрта аср Шарқи, Марказий Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва араб мамлакатларининг маданият тарихини тадқиқ қилиш ишига ҳам улкан ҳисса қўшди. Олимнинг энг машҳур асарларидан бири «Осор ул-боқия»« (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»)дир. Беруний 150 дан зиёд бебаҳо асарлар ёзиб қолдирди. Улардан бизгача 30 дан ортиқ асар етиб келган, холос.

059

09

Ўн икки минг терига ўзилган китоб

Подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида ­“Абисто” (“Авесто”)нинг ўн икки минг қорамол терисига тилло билан ёзилган бир нусхаси бор эди. Искандар Мақдуний оташхоналарни вайрон қилиб, уларга хизмат қилувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборган эди. Шунинг учун ўша вақтдан бери “Абисто”нинг бешдан уч қисми (“яъни, ўн саккиз наски) йўқолиб кетди. “Абисто” ўттиз наск эди, мажусийлар қўлида чамаси ўн икки наск (қисм) қолди.

Йил ва фасллар

Қуёшнинг буржлар фалакидаги ҳаракати ул-куллга (кулл — ҳамма, барча, бутун) қарши ҳаракат қилиб, қайси нуқта бўлса ҳам унинг ҳаракатининг бошланган жойи, деб фараз этилган нуқтага қайтиб келгунича ўтган (муддатда) йил дейилади. Йил тўрт фасл — баҳор, ёз, куз, қишни ва уларнинг тўрт хил табиатларини ўз ичига олиб, қаердан бошланган бўлса, шу ерда тамом бўлади.

Сувнинг шўрлигини камайтириш

Агар шўр сувли қудуқларга яхшилаб қуритилган мумдан бир неча ратл ташланса, сувдаги шўрлик камайиши мумкин. Ҳатто тажрибачилар: “Агар мумдан нозик бир идиш ясаб, денгиз сувига ташланса, оғзига чиқмайдиган бўлса, унинг ичига сизиб ўтган сув, албатта, ширин бўлади”, дейдилар. Чунончи, куз ва ёзда Тинч кўлига Нил суви кўп аралашса, ширин бўлади ёки аксинча, кам аралашса, жуда шўр бўлади.

Хушбўй сув

Мисрда бир тоғ этагида ибодатхона яқинида “Пок” деб машҳур бўлган ҳовузга тоғ тагидаги булоқдан ширин, хушбўй сув оқиб туради. Қачон бирор исқирт, ифлос, кир одам унда ювинса, сувнинг таъми ўзгаради, бадҳид бўлади. То суви бўшатилиб тозаланмагунча, ўшандай ҳид чиқаверади, тозаланса хушбўйликка қайтади.

Очни тўйғаз

Халифа Умар ибн Абдулазиз ўғли Абдуллоҳнинг минг дирҳамга бир қимматбаҳо тошни сотиб олганини эшитиб, ўғлига хат ёзибди: “Менга етиб келган хабарга қараганда, бир узук олибсан. Сенга насиҳатим шу, дарҳол ўшани сотиб, унинг қийматига мингта очнинг қорнини тўйғаз. Ўзингга бўлса кумушдан узук қилдир, унинг кўзи ҳам ўзидан бўлсин”. Абдуллоҳ отаси айтгандай қилибди.

Ал-фир қўрғони ҳақида

Ал-Фир — Хоразм шаҳрининг чеккасидаги лой ва хом ғиштдан қурилган қалъа бўлиб бир-бирининг ичига жойлашган ва баландликда бир-биридан қолишмайдиган уч қават қўрғон эди. Бу барча қўрғонлар тепасида Ямандаги Ғумдон сингари подшоҳларнинг қасрлари бор эди.

Қачон мақтанарли бўлади?

Олтин ва кумуш қадри одамлар орасида табиий сувратда эмас, балки сунъий сувратда бўлади. Чунки бу иккаласи тош бўлиб, одамни очликдан тўйғаза олмайди, ташналикни қондиролмайди, зарарни даф қилолмайди. Машаққатдан сақлай олмайди. Овқат сифатида манфаати бўлмай, инсонни тиклай олмаган ва унинг турини боқий қондиролмаган, кийим бўлиб одамларни ўраб асрай олмаган, иссиқ-совуқ қийинчиликлардан сақлай олмаган ва пана ер сифатида сақланишга ёрдам беролмайдиган ҳар бир нарса табиатан мақтанарли эмас. Башарти, мақтовга сазовор бўлгудай бўлса ҳам, у табиий равишда мақталмайди, балки ҳаётда зарур бўлиб, бошқанинг эҳтиёжи тушадиган нарса унинг ёрдамида бўлса, шундагина мақталади.

Кўпчилик кишиларнинг табиатини пасткаш қиладиган ёмон хулқдан, ҳақиқатни кўришга имкон бермайдиган омиллардан ўзни тозалагач, уларнинг исбот учун келтирган сўз ва эътиқодларини бир-бирига солиштириш билан билинади. Мана шу айтиб ўтганим ҳақиқий мақсадга етказувчи энг яхши йўл ва бунга доғ туширувчи шак-шубҳани ювиб ташлаш учун энг ишончли ёрдамчидир. Гарчи қаттиқ уриниб, зўр машаққат чексак ҳам, ўшандан бошқа йўл билан мақсадга эришолмаймиз.

Илмларнинг фойдаси очкўзлик билан олтин-кумуш тўплаш учун бўлмай, балки у орқали инсон учун зарур нарсаларга эга бўлишдир.

Суқротнинг жавоби

Қадимги юнонларда терига ёзиш одати бўлмаган эди. Келтирилишича, Суқротдан бу ҳақда сўрашганда: “Илмни тирик кишилар қалбларидан ўлик қўйларнинг терларига кўчирмайман”, деган экан.

Ёмоннинг касофати

Бир киши, иттифоқо, ўзи танимаган бир гуруҳ билан ҳамроҳ бўлиб қолди. Бу кимсалар қароқчилар бўлиб, бир қишлоқни босиб, хароб қилиб қайтаётган эдилар. У киши ўғрилар билан бирга бироз йўл босгач, қасоскорлар етиб келиб, уларни қўлга олди. Бу киши гарчи ўғриларга шерик бўлмаса ҳам, уларга қўшилгани учун азобга дучор бўлди.

Номус

Малика Клеопатра (ўз ўлкасига ёпирилиб келаётган) душман бўлмиш Август қўлига тушиб, номуси поймол бўлишидан қўрқиб, иккала кўкрагига заҳарли илон қўйган экан. Унинг ҳузурига киришганда, у тож кийиб боши билан ўнг қўлига суянганича ўтирганмиш. Шу кўйи душман қўлига тушиб шарманда бўлмасдан, обрўсини сақлаб қолган экан.

Илонлар уйқуси

Озор (март) ойининг ўрталарида денгизда юриш яхши бўлади, дейишади. Худди шу пайтда илонлар кўзларини очар, лекин ҳали совуқ бўлгани сабабли қимир этмай ётар экан. Хоразмда илонларни ер остида бир-бирига ўралиб ётганини кўрдим. Улар худди шар сингари ўралиб ётар, кўпининг боши кўриниб ҳам турарди.

Маърифат

Маърифатдаги даражаларни бир-биридан ортиқ қўймоқчи бўлган кишилар учун шундай масал тўқилган: Қоронғу кечада шогирдлари билан йўлга чиққан бир киши йўл устида тик турган нарсани кўриб чўчиган ва унинг нима эканлигини аниқлашни буюрган. Бир шогирд: “Нима эканлигини билолмайман”, деган, иккинчиси: “Уни билишга қудратим ҳам етмайди”, дея тўғрисини айтган. Учинчиси эса: “Билишнинг фойдаси йўқ, чунки тонг ёришгач, маълум бўлади-қўяди” деган. Демак, уч шогирднинг маърифати қисқалик қилган. Биринчиси — илмсизлиги, иккинчиси — ожизлиги, учинчиси — ишни кейинга суриб, устозлари олдида ожиз эканликларини кўрсатишган. Аммо тўртинчиси аниқ жавоб бермаган ва шубҳали нарсага яқин бориб, унинг ўралашиб кетган қовоқ палаги эканлигини кўрган ва уни тепиб юборган. Шундай қилиб, шогирд ўзининг маърифатлилиги билан устозини хурсанд этган экан.

Нечта камолот даври мавжуд

Ан-Нотилий шундай деган: “Инсон учун учта камолот даври мавжуд. Бири — балоғатга етиши, яъни ўзи каби бировнинг ундан бўлиши мумкин бўладиган вақт бўлиб, иккинчи етти йилликнинг (собунинг) бошидир; иккинчи “камолот” тафаккур қуввати бўлиб, унинг ақли қувватдан феълга чиқадиган вақти, яъни олтинчи етти йилликнинг бошидир; учинчи “камолот” — одам ёлғиз бўлса, ўзини, уйланган бўлса оиласини, подшоҳ бўлса, фуқаросини кутишга ярайдиган вақти”. Ан-Нотилий “камолот” муддатини бир юз қирқ йил деган, яъни инсон шу ёшгача яшаши мумкин экан.

Қулоқ ва кўздан қўрқамиз

Жамил ал-Азарий дейди: “Хурсандчилик манзилида бўлсак ҳам, қулоқ ва кўздан қўрқиб турамиз”. Чунки кўз кузатувчи аъзо саналади. Қулоқ сезгиси тешиги роғалари эса қулоқ солади — ундан ҳеч нарса яширин қолмайди.

Қуёшнинг нечта номи бор?

Ҳиндлар биргина нарсани жуда кўп исм билан атайдилар. Мисол учун қуёшни олайлик: Айтишларича, улар қуёшга мингта ном берганлар. Араблар ҳам шерни мингтага яқин исм билан атаганлар. Шернинг арабча исмлардан баъзиси ўзига мувофиқ, баъзиси эса унинг ўзгариб турадиган аҳволидан ёки ундан содир бўладиган феъллардан олинган исмлардир. Бу ҳам сиёсат.

Ёруғ тош

Абу Башар Сайрафий бир куни тоғасиникида қизиқ воқеанинг гувоҳи бўлибди. Қизил ёқут келтиришибди. Ёқутнинг ёруғида кечаси китоб ўқиш мумкин экан. Биллур билан кўрилган хатлар кўзга йўғонлашиб, сатрлар ораси кенгайиб кўринибди. Нима учун бундай кўринишини ойнак ҳақидаги китоблар ечиб беради.

Эра қандай аниқланади?

Агар бир киши ўзига маълум бир эра орқали бошқа тарихни билмоқчи бўлса, ўша маълум эрани кунларга айлантирсин. Бунинг мажмуи “асл” деб аталади. Кейин иккови, яъни маълум ва матлуб тарихлар бошланиши ўртасидаги (фарқ)ни олсин! Биз уни “таъдил” деб атаймиз. Агар маълум тарих матлуб тарихдан олдин бўлса, аслдан таъдилни камайтиради: агар маълум тарих матлуб тарихдан кейин бўлса, унга таъдилни қўшади. Бунинг жами матлуб тарих кунлари бўлади. Шу кунларда ўша тарихга тегишли йил миқдорига тақсим қилсин, бундан чиққанлар тўла йиллар, қолганлари кунлардир. Бу кунларни йиллар ойларига айлантирилади ва ойларнинг ҳар бирига биз айтиб ўтган миқдор — (кунлар)дан кераклиси берилади. Ана шулар қўш қават “тайласон”да тарихлар ораларидаги кунлар бўлади. Яна Худо билимдонроқдир.

ҲИКМАТЛАР

«Яхшилик хислатлари: тақводорлик, тўғрилик, ўзини саклаш, диндорлик, одиллик, инсоний камтарлик, латофат, собитқадамлик, эҳтиёткорлик, сахийлик, мулойимлик, сиёсат ва бошқариш ишларида билимдонлик, тадбиркорлик, тўғри тахмин қила билиш ва булардан бошқа ақлга сиғмайдиган, киши баён этиб тугата олмайдиган (яхши) сифатлардан иборатдир».

* * *

«… Ҳар бир илм ва санъатнинг бориб тақаладиган бошланиш жойи бор. Шу бошланиш жойга яқинлашган сари, то ўзига бориб етгунча соддалашиб боради».

* * *

«… душманлар ҳамиша насабларга таъна қилиши, номусларни ерга уриши, турли уйдирма гаплар тарқатишга уринадилар. Шунингдек, дўстлар ва хайрихоҳлик қилувчилар ёмонни яхши қилиб кўрсатишга, ҳалал етадиган (йўлни) тўсишга, гўзалликни изҳор этишга ва яхшиликларга нисбатан беришга тиришадилар».

* * *

«… Шубҳани аниқ, номаълумни маълумга қўшиш биз юрган йўлга лойиқ эмас».

* * *

«… жўрттага ўз сўзида туриб олган билимсиз киши билан баҳслашиш на мақсад эгасига ва на мақсадга бирон фойда етказмайди».

* * *

«… Фахрланиш ҳақиқатда яхши хулқлар ва олий феълларда олдин кетиш, илму ҳикматни эгаллаш ва имконият борича мавжуд (нопокликлардан) тозаланишдир. Кимда шундай (сифатлар) топилса, ҳукм унинг фойдасига ва кимда булар етишмаса, ҳукм унинг зарарига бўлади».

* * *

«(Одамлар) тузилишларининг ранг, сурат, табиат ва ахлоқда турлича бўлиши фақатгина насабларнинг турличалигидан эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг (одам) яшайдиган жойларнинг турличалигидан ҳамдир. Тилларнинг турлича бўлишига сабаб одамларшшг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида турли хоҳишларини ифодалаш учун (зарур) бўлган сўзларга эҳтиёж туғилишидир… ».

«Румликлар география ва астрономия илмини дуруст ўрганиб, мантиқий далиллар билан иш қилганларидан, ҳийлалар ишлатувчи кишилар сўзларига истисно этишдан жуда узоқлашдилар».

* * *

«Қиёс қилинувчи нарса билан қиёс учун олинувчи нарса орасини, исботланувчи нарса билан исбот орасини бирлаштирувчи бир сабаб бўлмаса, у далил ва мисоллар қабул этилмайди».

* * *

«Искандар ва унинг ворислари румликлар томонидан (эронликлар) рағбат қилган барча илмий китоблари куйдирилиб, ҳаёт воситаси бўлган ва фахр қилинадиган гўзал санъатларини барбод этган эди».

* * *

«Ваъдани адо этиб,… «Ҳар ким ўз ҳолига яраша иш қилади» ва «ҳар кимнинг қиймати севган нарсаси билан билинади» деганларидек,… (Бу китобни) ўқиган ўқувчи (қуйидаги кайфиятдан) ҳоли бўлмайди: ё у маълумотда менга тенглашади, унда мени мақтаб, бу китобга қилган меҳнатим учун мендан миннатдор бўлади, ёки мартабада мендан ортиқлик қилади, унда янглишларни ислоҳ этиб, юз берган тойилишлардан (мени) маъзур тутади. Учинчи (ҳолатдаги ўқувчига) келганда, у менга бўйсунса, истифода этишга, агар даъват қилса, ожиз қолишга кифоя қиларли асар яратдим».

* **

Одамлар ўрганган, одатланган ва кўпчиликка маъқул бўлган нарсага (кўр-кўрона) қаршилик кўрсатма.

***

Яхши хулқ яхшилик аломатдир.

***

Кичик нарсага эътиборсиз қарама, унинг фойдали ўрни бор, катта ишнинг керакли жойи бор.

***

Кўз билан кўрган эшитгандан афзалдир.

***

Эҳсон қилган кишининг миннати эҳсонини йўққа чиқаради.

***

Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар.

***

Ёлғон доим ростдан енгилади, у худди сув юзасидаги кўпикдек йўқ бўлиб кетади.

***

Яхши билмаган нарсасига уринган киши шарманда бўлади.

***

Билмаганимиз сабаби билган нарсаларимизни айтмай қўйишимиз ҳам яхши эмас.

***

Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати ўз ишини қойил қилиб бажаришида.

***

Донишманд ва олимлар хулқларидан ўрнак олиш яхши хулқни тиргизади, ёмонини йўқ қилади.

***

Хато содир бўлмаслиги учун донишмандлар қайта-қайта кузатишни ва халал этиш имкониятидан сақланишни тавсия қилганлар.

***

Бузуқ ниятли ва ёмон ахлоқли кишилар ўртага кириб олиши билан иш тўғри бормайди.

***

Асоси бўлмаган фандан воз кечса ҳам бўлади.

***

Тўғри йўлдан атайлаб энг узоқ йўлга ўтиш жуда зўр хатодир.

***

Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.

***

Кузатишларнинг турличалиги эмас, балки даврларнинг турличалиги аҳмоқлар асосланадиган фикрни рад этишга етарли далил ва энг кучли ёрдамчидир.

 

ABU RAYHON BERUNIY
ASARLARIDAN IQTIBOSLAR, HIKMAT VA RIVOYATLAR
09

067Sharqda ilk Uyg’onish davrining qomusiy olimlaridan biri Abu Rayhon Muhammad ibn Ahmad Al-Beruniy (973, 4 sentyabr — 1048, 11 dekabr) umumjahon tabiiy-ilmiy va ijtimoiy fanlar rivojiga katta ta’sir ko’rsatgan buyuk aql-zakovat sohibidir. Uning dunyoqarashi X asrning ikkinchi yarmi va XI asrning boshida Markaziy Osiyoda rivojlangan feodalizm qaror topayotgan g’oyat murakkab, jo’shqin voqealarga boy tarixiy vaziyatda shakllandi. Birinchi ustozi bo’lmish Abu Nasr Mansur ibn Ali ibn Iroq uni Evklid geometriyasi va Ptolemey asarlari bilan tanishtiradi. Ibn Iroq unga Xorazmning turli shaharlaridagi madrasalarda va mashhur ustozlaridan ta’lim olishga yaqindan yordam bergan. Shuningdek, Abu Rayhon Beruniyning tabiiy-ilmiy va ma’rifiy-pedagogik hamda psixologik qarashlarining shakllanishida qomusiy olimlardan Muhammad al-Xorazmiy (780-850), Abu Abbos Ahmad Farg’oniy (IX asr), Marvoziy (IX asr), Javhariy (IX asr), Abu Nasr Forobiy (870-950), Abul Vafo Buzxoniy (840-938), Abu Said as-Sijiy (951-1024) hamda yunon olimlaridan Fales, Pifagor, Arximed, Galen, Gippokrat, Evklid, Ptolemey, Platon, Aristotel`, hind olimi Bramagupta va boshqalarning asarlari ta’lim va tarbiya maktabi vazifasini o’tadi. Beruniy bu olimlarning asarlarini o’qib bilish uchun yoshligidanoq arab, fors, yunon, sanskrit, yahudiy tillarini puxta o’rgandi.

Astronomiya, astrologiya, falsafa, matematika, fizika, geodeziya, geologiya, farmakognoziya, mineralogiya, tarix, adabiyotshunoslik, tarjimonlik, lug’atshunoslik kabi sohalarda tadqiqotlar olib borib, badiiy asarlar yaratib buyuk samaralarga erishdi.Mahmud G’aznaviyning o’g’li Mas’ud davrida Beruniy o’zining falakiyot va fizikaga oid mashhur “Qonuni Mas’ud” asarini yozib, uni Mas’ud nomiga bag’ishlaydi. Shuningdek, olim ana shu davrda yaratilgan “Joylar chegaralarini aniqlash uchun turar joylarning masofalarini belgilash” (“Geodeziya”) asarida Quyosh va Oyning tutilish sabablarini, joylarning jo’g’rofik kengliklarini aniqlash yo’llarini tushuntirib beradi. “Javohirlarni bilish va umumiy kitob” (“Mineralogiya”) asarida qimmatbaho tosh va minerallarni, ularning xossa va xususiyatlarini, solishtirma og’irligi, qattiqlik darajasi, rangi, tiniqligi va boshqa fizik xossalarni bayon qilgan. “Saydana” (“Farmakognoziya”) asarida Beruniy qadimgi yunon va o’rta asr Sharqi, Markaziy Osiyo, Eron, Hindiston va arab mamlakatlarining madaniyat tarixini tadqiq qilish ishiga ham ulkan hissa qo’shdi. Olimning eng mashhur asarlaridan biri «Osor ul-boqiya»« (Qadimgi xalqlardan qolgan yodgorliklar»)dir. Beruniy 150 dan ziyod bebaho asarlar yozib qoldirdi. Ulardan bizgacha 30 dan ortiq asar yetib kelgan, xolos.

09

O’n ikki ming teriga o’zilgan kitob

Podshoh Doro ibn Doro xazinasida ­“Abisto” (“Avesto”)ning o’n ikki ming qoramol terisiga tillo bilan yozilgan bir nusxasi bor edi. Iskandar Maqduniy otashxonalarni vayron qilib, ularga xizmat qiluvchilarni o’ldirgan vaqtda uni kuydirib yuborgan edi. Shuning uchun o’sha vaqtdan beri “Abisto”ning beshdan uch qismi (“ya’ni, o’n sakkiz naski) yo’qolib ketdi. “Abisto” o’ttiz nask edi, majusiylar qo’lida chamasi o’n ikki nask (qism) qoldi.

Yil va fasllar

Quyoshning burjlar falakidagi harakati ul-kullga (kull — hamma, barcha, butun) qarshi harakat qilib, qaysi nuqta bo’lsa ham uning harakatining boshlangan joyi, deb faraz etilgan nuqtaga qaytib kelgunicha o’tgan (muddatda) yil deyiladi. Yil to’rt fasl — bahor, yoz, kuz, qishni va ularning to’rt xil tabiatlarini o’z ichiga olib, qaerdan boshlangan bo’lsa, shu yerda tamom bo’ladi.

Suvning sho’rligini kamaytirish

Agar sho’r suvli quduqlarga yaxshilab quritilgan mumdan bir necha ratl tashlansa, suvdagi sho’rlik kamayishi mumkin. Hatto tajribachilar: “Agar mumdan nozik bir idish yasab, dengiz suviga tashlansa, og’ziga chiqmaydigan bo’lsa, uning ichiga sizib o’tgan suv, albatta, shirin bo’ladi”, deydilar. Chunonchi, kuz va yozda Tinch ko’liga Nil suvi ko’p aralashsa, shirin bo’ladi yoki aksincha, kam aralashsa, juda sho’r bo’ladi.

Xushbo’y suv

Misrda bir tog’ etagida ibodatxona yaqinida “Pok” deb mashhur bo’lgan hovuzga tog’ tagidagi buloqdan shirin, xushbo’y suv oqib turadi. Qachon biror isqirt, iflos, kir odam unda yuvinsa, suvning ta’mi o’zgaradi, badhid bo’ladi. To suvi bo’shatilib tozalanmaguncha, o’shanday hid chiqaveradi, tozalansa xushbo’ylikka qaytadi.

Ochni to’yg’az

Xalifa Umar ibn Abdulaziz o’g’li Abdullohning ming dirhamga bir qimmatbaho toshni sotib olganini eshitib, o’g’liga xat yozibdi: “Menga yetib kelgan xabarga qaraganda, bir uzuk olibsan. Senga nasihatim shu, darhol o’shani sotib, uning qiymatiga mingta ochning qornini to’yg’az. O’zingga bo’lsa kumushdan uzuk qildir, uning ko’zi ham o’zidan bo’lsin”. Abdulloh otasi aytganday qilibdi.

Al-fir qo’rg’oni haqida

Al-Fir — Xorazm shahrining chekkasidagi loy va xom g’ishtdan qurilgan qal’a bo’lib bir-birining ichiga joylashgan va balandlikda bir-biridan qolishmaydigan uch qavat qo’rg’on edi. Bu barcha qo’rg’onlar tepasida Yamandagi G’umdon singari podshohlarning qasrlari bor edi.

Qachon maqtanarli bo’ladi?

Oltin va kumush qadri odamlar orasida tabiiy suvratda emas, balki sun’iy suvratda bo’ladi. Chunki bu ikkalasi tosh bo’lib, odamni ochlikdan to’yg’aza olmaydi, tashnalikni qondirolmaydi, zararni daf qilolmaydi. Mashaqqatdan saqlay olmaydi. Ovqat sifatida manfaati bo’lmay, insonni tiklay olmagan va uning turini boqiy qondirolmagan, kiyim bo’lib odamlarni o’rab asray olmagan, issiq-sovuq qiyinchiliklardan saqlay olmagan va pana yer sifatida saqlanishga yordam berolmaydigan har bir narsa tabiatan maqtanarli emas. Basharti, maqtovga sazovor bo’lguday bo’lsa ham, u tabiiy ravishda maqtalmaydi, balki hayotda zarur bo’lib, boshqaning ehtiyoji tushadigan narsa uning yordamida bo’lsa, shundagina maqtaladi.

Ko’pchilik kishilarning tabiatini pastkash qiladigan yomon xulqdan, haqiqatni ko’rishga imkon bermaydigan omillardan o’zni tozalagach, ularning isbot uchun keltirgan so’z va e’tiqodlarini bir-biriga solishtirish bilan bilinadi. Mana shu aytib o’tganim haqiqiy maqsadga yetkazuvchi eng yaxshi yo’l va bunga dog’ tushiruvchi shak-shubhani yuvib tashlash uchun eng ishonchli yordamchidir. Garchi qattiq urinib, zo’r mashaqqat cheksak ham, o’shandan boshqa yo’l bilan maqsadga erisholmaymiz.

Ilmlarning foydasi ochko’zlik bilan oltin-kumush to’plash uchun bo’lmay, balki u orqali inson uchun zarur narsalarga ega bo’lishdir.

Suqrotning javobi

Qadimgi yunonlarda teriga yozish odati bo’lmagan edi. Keltirilishicha, Suqrotdan bu haqda so’rashganda: “Ilmni tirik kishilar qalblaridan o’lik qo’ylarning terlariga ko’chirmayman”, degan ekan.

Yomonning kasofati

Bir kishi, ittifoqo, o’zi tanimagan bir guruh bilan hamroh bo’lib qoldi. Bu kimsalar qaroqchilar bo’lib, bir qishloqni bosib, xarob qilib qaytayotgan edilar. U kishi o’g’rilar bilan birga biroz yo’l bosgach, qasoskorlar yetib kelib, ularni qo’lga oldi. Bu kishi garchi o’g’rilarga sherik bo’lmasa ham, ularga qo’shilgani uchun azobga duchor bo’ldi.

Nomus

Malika Kleopatra (o’z o’lkasiga yopirilib kelayotgan) dushman bo’lmish Avgust qo’liga tushib, nomusi poymol bo’lishidan qo’rqib, ikkala ko’kragiga zaharli ilon qo’ygan ekan. Uning huzuriga kirishganda, u toj kiyib boshi bilan o’ng qo’liga suyanganicha o’tirganmish. Shu ko’yi dushman qo’liga tushib sharmanda bo’lmasdan, obro’sini saqlab qolgan ekan.

Ilonlar uyqusi

Ozor (mart) oyining o’rtalarida dengizda yurish yaxshi bo’ladi, deyishadi. Xuddi shu paytda ilonlar ko’zlarini ochar, lekin hali sovuq bo’lgani sababli qimir etmay yotar ekan. Xorazmda ilonlarni yer ostida bir-biriga o’ralib yotganini ko’rdim. Ular xuddi shar singari o’ralib yotar, ko’pining boshi ko’rinib ham turardi.

Ma’rifat

Ma’rifatdagi darajalarni bir-biridan ortiq qo’ymoqchi bo’lgan kishilar uchun shunday masal to’qilgan: Qorong’u kechada shogirdlari bilan yo’lga chiqqan bir kishi yo’l ustida tik turgan narsani ko’rib cho’chigan va uning nima ekanligini aniqlashni buyurgan. Bir shogird: “Nima ekanligini bilolmayman”, degan, ikkinchisi: “Uni bilishga qudratim ham yetmaydi”, deya to’g’risini aytgan. Uchinchisi esa: “Bilishning foydasi yo’q, chunki tong yorishgach, ma’lum bo’ladi-qo’yadi” degan. Demak, uch shogirdning ma’rifati qisqalik qilgan. Birinchisi — ilmsizligi, ikkinchisi — ojizligi, uchinchisi — ishni keyinga surib, ustozlari oldida ojiz ekanliklarini ko’rsatishgan. Ammo to’rtinchisi aniq javob bermagan va shubhali narsaga yaqin borib, uning o’ralashib ketgan qovoq palagi ekanligini ko’rgan va uni tepib yuborgan. Shunday qilib, shogird o’zining ma’rifatliligi bilan ustozini xursand etgan ekan.

Nechta kamolot davri mavjud

An-Notiliy shunday degan: “Inson uchun uchta kamolot davri mavjud. Biri — balog’atga yetishi, ya’ni o’zi kabi birovning undan bo’lishi mumkin bo’ladigan vaqt bo’lib, ikkinchi yetti yillikning (sobuning) boshidir; ikkinchi “kamolot” tafakkur quvvati bo’lib, uning aqli quvvatdan fe’lga chiqadigan vaqti, ya’ni oltinchi yetti yillikning boshidir; uchinchi “kamolot” — odam yolg’iz bo’lsa, o’zini, uylangan bo’lsa oilasini, podshoh bo’lsa, fuqarosini kutishga yaraydigan vaqti”. An-Notiliy “kamolot” muddatini bir yuz qirq yil degan, ya’ni inson shu yoshgacha yashashi mumkin ekan.

Quloq va ko’zdan qo’rqamiz

Jamil al-Azariy deydi: “Xursandchilik manzilida bo’lsak ham, quloq va ko’zdan qo’rqib turamiz”. Chunki ko’z kuzatuvchi a’zo sanaladi. Quloq sezgisi teshigi rog’alari esa quloq soladi — undan hech narsa yashirin qolmaydi.

Quyoshning nechta nomi bor?

Hindlar birgina narsani juda ko’p ism bilan ataydilar. Misol uchun quyoshni olaylik: Aytishlaricha, ular quyoshga mingta nom berganlar. Arablar ham sherni mingtaga yaqin ism bilan ataganlar. Sherning arabcha ismlardan ba’zisi o’ziga muvofiq, ba’zisi esa uning o’zgarib turadigan ahvolidan yoki undan sodir bo’ladigan fe’llardan olingan ismlardir. Bu ham siyosat.

Yorug’ tosh

Abu Bashar Sayrafiy bir kuni tog’asinikida qiziq voqeaning guvohi bo’libdi. Qizil yoqut keltirishibdi. Yoqutning yorug’ida kechasi kitob o’qish mumkin ekan. Billur bilan ko’rilgan xatlar ko’zga yo’g’onlashib, satrlar orasi kengayib ko’rinibdi. Nima uchun bunday ko’rinishini oynak haqidagi kitoblar yechib beradi.

Era qanday aniqlanadi?

Agar bir kishi o’ziga ma’lum bir era orqali boshqa tarixni bilmoqchi bo’lsa, o’sha ma’lum erani kunlarga aylantirsin. Buning majmui “asl” deb ataladi. Keyin ikkovi, ya’ni ma’lum va matlub tarixlar boshlanishi o’rtasidagi (farq)ni olsin! Biz uni “ta’dil” deb ataymiz. Agar ma’lum tarix matlub tarixdan oldin bo’lsa, asldan ta’dilni kamaytiradi: agar ma’lum tarix matlub tarixdan keyin bo’lsa, unga ta’dilni qo’shadi. Buning jami matlub tarix kunlari bo’ladi. Shu kunlarda o’sha tarixga tegishli yil miqdoriga taqsim qilsin, bundan chiqqanlar to’la yillar, qolganlari kunlardir. Bu kunlarni yillar oylariga aylantiriladi va oylarning har biriga biz aytib o’tgan miqdor — (kunlar)dan keraklisi beriladi. Ana shular qo’sh qavat “taylason”da tarixlar oralaridagi kunlar bo’ladi. Yana Xudo bilimdonroqdir.

HIKMATLAR

«Yaxshilik xislatlari: taqvodorlik, to’g’rilik, o’zini saklash, dindorlik, odillik, insoniy kamtarlik, latofat, sobitqadamlik, ehtiyotkorlik, saxiylik, muloyimlik, siyosat va boshqarish ishlarida bilimdonlik, tadbirkorlik, to’g’ri taxmin qila bilish va bulardan boshqa aqlga sig’maydigan, kishi bayon etib tugata olmaydigan (yaxshi) sifatlardan iboratdir».

* * *

«… Har bir ilm va san’atning borib taqaladigan boshlanish joyi bor. Shu boshlanish joyga yaqinlashgan sari, to o’ziga borib yetguncha soddalashib boradi».

* * *

«… dushmanlar hamisha nasablarga ta’na qilishi, nomuslarni yerga urishi, turli uydirma gaplar tarqatishga urinadilar. Shuningdek, do’stlar va xayrixohlik qiluvchilar yomonni yaxshi qilib ko’rsatishga, halal yetadigan (yo’lni) to’sishga, go’zallikni izhor etishga va yaxshiliklarga nisbatan berishga tirishadilar».

* * *

«… Shubhani aniq, noma’lumni ma’lumga qo’shish biz yurgan yo’lga loyiq emas».

* * *

«… jo’rttaga o’z so’zida turib olgan bilimsiz kishi bilan bahslashish na maqsad egasiga va na maqsadga biron foyda yetkazmaydi».

* * *

«… Faxrlanish haqiqatda yaxshi xulqlar va oliy fe’llarda oldin ketish, ilmu hikmatni egallash va imkoniyat boricha mavjud (nopokliklardan) tozalanishdir. Kimda shunday (sifatlar) topilsa, hukm uning foydasiga va kimda bular yetishmasa, hukm uning zarariga bo’ladi».

* * *

«(Odamlar) tuzilishlarining rang, surat, tabiat va axloqda turlicha bo’lishi faqatgina nasablarning turlichaligidan emas, balki tuproq, suv, havo va yerning (odam) yashaydigan joylarning turlichaligidan hamdir. Tillarning turlicha bo’lishiga sabab odamlarshshg guruhlarga ajralib ketishi, bir-biridan uzoq turishi, ularning har birida turli xohishlarini ifodalash uchun (zarur) bo’lgan so’zlarga ehtiyoj tug’ilishidir… ».

«Rumliklar geografiya va astronomiya ilmini durust o’rganib, mantiqiy dalillar bilan ish qilganlaridan, hiylalar ishlatuvchi kishilar so’zlariga istisno etishdan juda uzoqlashdilar».

* * *

«Qiyos qilinuvchi narsa bilan qiyos uchun olinuvchi narsa orasini, isbotlanuvchi narsa bilan isbot orasini birlashtiruvchi bir sabab bo’lmasa, u dalil va misollar qabul etilmaydi».

* * *

«Iskandar va uning vorislari rumliklar tomonidan (eronliklar) rag’bat qilgan barcha ilmiy kitoblari kuydirilib, hayot vositasi bo’lgan va faxr qilinadigan go’zal san’atlarini barbod
etgan edi».

* * *

«Va’dani ado etib,… «Har kim o’z holiga yarasha ish qiladi» va «har kimning qiymati sevgan narsasi bilan bilinadi» deganlaridek,… (Bu kitobni) o’qigan o’quvchi (quyidagi kayfiyatdan) holi bo’lmaydi: yo u ma’lumotda menga tenglashadi, unda meni maqtab, bu kitobga qilgan mehnatim uchun mendan minnatdor bo’ladi, yoki martabada mendan ortiqlik qiladi, unda yanglishlarni isloh etib, yuz bergan toyilishlardan (meni) ma’zur tutadi. Uchinchi (holatdagi o’quvchiga) kelganda, u menga bo’ysunsa, istifoda etishga, agar da’vat qilsa, ojiz qolishga kifoya qilarli asar yaratdim».

* **

Odamlar o’rgangan, odatlangan va ko’pchilikka ma’qul bo’lgan narsaga (ko’r-ko’rona) qarshilik ko’rsatma.

***

Yaxshi xulq yaxshilik alomatdir.

***

Kichik narsaga e’tiborsiz qarama, uning foydali o’rni bor, katta ishning kerakli joyi bor.

***

Ko’z bilan ko’rgan eshitgandan afzaldir.

***

Ehson qilgan kishining minnati ehsonini yo’qqa chiqaradi.

***

Odamlar bilmagan narsalariga dushmanlik ko’zi bilan qaraydilar.

***

Yolg’on doim rostdan yengiladi, u xuddi suv yuzasidagi ko’pikdek yo’q bo’lib ketadi.

***

Yaxshi bilmagan narsasiga uringan kishi sharmanda bo’ladi.

***

Bilmaganimiz sababi bilgan narsalarimizni aytmay qo’yishimiz ham yaxshi emas.

***

Har bir insonning qadr-qimmati o’z ishini qoyil qilib bajarishida.

***

Donishmand va olimlar xulqlaridan o’rnak olish yaxshi xulqni tirgizadi, yomonini yo’q qiladi.

***

Xato sodir bo’lmasligi uchun donishmandlar qayta-qayta kuzatishni va xalal etish imkoniyatidan saqlanishni tavsiya qilganlar.

***

Buzuq niyatli va yomon axloqli kishilar o’rtaga kirib olishi bilan ish to’g’ri bormaydi.

***

Asosi bo’lmagan fandan voz kechsa ham bo’ladi.

***

To’g’ri yo’ldan ataylab eng uzoq yo’lga o’tish juda zo’r xatodir.

***

Tenglik hukm surgan joyda sotqin, aldamchi ehtiroslar, g’am-g’ussa bo’lmaydi.

***

Kuzatishlarning turlichaligi emas, balki davrlarning turlichaligi ahmoqlar asoslanadigan fikrni rad etishga yetarli dalil va eng kuchli yordamchidir.

059

(Tashriflar: umumiy 27 315, bugungi 7)

3 izoh

  1. Ассалому алайкум,қадрдон сайт, Беруний ҳазратларининг шарафли номларини, нодир асарини эслатибсиз, Раҳмат! Вақтимга вафо қилиб, ушбу қимматли китобини Ўз ФАсининг Асосий кутубхонасида мутолаа қилганман, излаган сўз, ҳикмат, дунёни топасиз. Ўқинг, дўстлар!

  2. Assalomu aleykum mana shu kitobni qayerdan sotib olsam boladi yoʻki onlayn tarzda pulini qilib berman iltimos shu kitobni qayerdan sotib olsam boladi

Izoh qoldiring