Umid Bekmuhammad. Beruniy: Katdan G’aznagacha & Kolumb kashfiyotining siri.

006    Буюк аллома Берунийнинг кўпгина илмий мероси, дунё фанига,тамаддунига қўшган ҳиссаси эътирооф этилган бўлса-да, исми бўйича аниқ бир тўхтам йўқ. Абдулкарим ас-Самъоний “Китоб ал-ансоб” асарида эса “Беруний деган нисба Хоразмнинг ташқари қисмига оиддир.Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни “фалончи беруний” дейдилар.Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир” дея ёзиб ўтганди.

Умид Бекмуҳаммад
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ ҲАҚИДА ТАРИХИЙ ЛАВҲАЛАР
099

БЕРУНИЙ: КАТДАН ҒАЗНАГАЧА

022Қуръони каримни рус тилига таржима қилган Ю.Ю.Крачковский (1883-1951) “ Абу Райҳон”(“Райҳоннинг отаси” ёки “райҳонли киши” ) ҳақида аниқ бир фикр тўхтамга келиш қийин.Бу атоқли от маъносини англатиши эҳтимолдан узоқ, аммо “ райҳонли киши” маъносида лақаб бўлиб келган бўлса керак.Беруний болалик чоғидаёқ ботаникага қизиққани учун шундай лақаб берилган бўлиши ҳам мумкин” дея буюк мутафаккирнинг исми, шарифи тўғрисидаги тахминини илгари сурганди.

Ҳа,буюк аллома Берунийнинг кўпгина илмий мероси, дунё фанига,тамаддунига қўшган ҳиссаси эътирооф этилган бўлса-да, исми бўйича аниқ бир тўхтам йўқ. Абдулкарим ас-Самъоний “Китоб ал-ансоб” асарида эса “Беруний деган нисба Хоразмнинг ташқари қисмига оиддир.Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни “фалончи беруний” дейдилар.Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир” дея ёзиб ўтганди.

Бу фикрга эътироз шуки, ўша вақтда фақат Беруний шаҳардан ташқарида туғилмагандир, агарки шаҳардан ташқарида туғилган борки, улар ҳам шундай аталган бўлса ҳамманинг нисбаси Беруний бўлаверганмикин?!

Бундан ташқари “райҳон” сўзи арабчада “раҳмат”, “ризқ” маъноларини англатади, шу нуқтаи назардан Абу Райҳон “марҳаматли”, “раҳмдил” деган мазмунниям англатади, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Ҳижрий 362 йилнинг учинчи зулҳижжа, милодий 973 йилнинг 4 сентябрида туғилган қомусий олим қўлёзма асарларда Муҳаммад ибн Аҳмад Абу-ар-Райҳон ал-Беруний ал-Хоразмий дея номланиб, Хоразмнинг ўша вақтдаги қадимий пойтахти Кат шаҳрида туғилади.Маълумки, Кат 10 асрда Хоразмшоҳлар-африғийлар сулоласининг пойтахти, шарқнинг савдо, маданий марказларидан бири бўлиб, Шарқий Европа, Ҳиндистон,Яқин Шарқ,Хитой давлатларидан келиб кетадиган савдогарлар учун чорраҳа вазифасини ўтар,бу азим шаҳарда астрономия,гедезия, математика, география билан шуғулланувчи маҳаллий олимлар,суриялик, румлик фан вакиллари ҳам мавжуд эди.

Яъни, Берунийнинг болалик ва ёшлиги айнан ана шундай фан сирларини эгаллаш учун имкон бор даврга тўғри келди.Аммо ўша вақтда туғилган банда борки,Беруний даражасига етолмадики,бу ҳам яратганнинг Абу Райҳонга қилган иноятидандир.

У болалигидан айниқса тилларни ўрганишга интилиб,араб, форс, сўғдий, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини ўзлаштирди.“мен болалик чоғимданоқ ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга чанқоқ эдим.Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган жойга ўшанда бир юнон кўчиб келган эди.Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатар ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб олиб, номини ёзиб қўяр эдим” , дея аллома юнончани ўрганганини кейинчалик хотирлаб ўтганди.

Араб тилини ўрганиш эса машаққатроқ эди.Аммо Беруний буни ўзидек илмга тиришқоқ инсонлар учун эмас, авомлар учун қийин кечганини таъкилайди: “Араб ёзувининг катта нуқсони-унда шаклан бир-бирига ўхшаш ҳарфларнинг мавжудлигидир.Бу ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун зеру забарлар ва флексия ( сўз ўзагидаги товушларнинг алмашинуви орқали янги сўз ва грамматик формаларнинг ясалиши) белгилари қўйилади.Агар булар олиб ташланса, сўз маъноси бузилиб қолади.”Вақт ўтиб Беруний Ҳиндистонда яшаб санксрит тилиниям ўрганиш имконига эга бўлди.

Алломанинг ёшлигидан илм билан машғул бўлгани тўғрисида устози Ибн Ироқ ўз асарида ёзиб, Беруний 994-995 йиллари Кат шаҳрида муҳим астрономик тажрибалар ўтказиб борганини таъкидлаган.Бунинг учун Беруний астрономик асбоблар ихтиро қилган.

“Дарёларнинг доим денгизга қуйилиши унинг сувига таъсир кўрсатмаганидек, амал ва лаззат ҳақиқий илм олувчига таъсир кўрсата олмаслиги керак”. Буюк аллома Абу Райҳон Беруний ҳазратлари бу сўзлари билан илм дарёсида эркин суза оладиган киши кучли тўлқинларга дуч келишига қарамай, ўз мақсадига барибир етажагига ишора қилган эди…

Табиийки, Берунийдек даҳо яшаган давр ( 973-1048 йиллар) кескин ижтимоий тўқнашувлар, қонли урушлар замони эди. Болалиги ва камолот даври Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, яъни икки империя—қорахонийлар ва ғазнавийларнинг кучайиш ҳамда йиқилиш онларига тўғри келганди. Шунингдек, Хоразмда Африғ хонадонининг ҳалокатини ва қисқа вақт ичида гуллаган, лекин Маҳмуд Ғазнавий ҳужуми билан яксон қилинган давлатни кўрди. Кексайган пайтларида эса ўғуз салжуқийларининг янги кучли империя ташкил этишига гувоҳ бўлди.

Ана шундай долғали, шариат пешволарининг ҳар томонлама тазйиқи палак отган бир даврда яшаб ҳам аждодимиз илму фан билан шуғулланишни канда қилмади. Гоҳида золимлар зулмидан қочса, баъзида Маъмундек саховатли ҳукмдор, ибн Ироқдек устозию, ан-Найсобурий, ибн Мисковайхдек маслакдош олимлар ардоғида бўлди.

Маълумки, 994-995 йиллари Ўрта Осиёда муҳис сиёсий ўзгаришлар бўлиб, Қорахонийлар Сомонийлар давлатига қарши ҳужумга ўтади.Натижада Хоразмдаям давлат тўнтариши бўлиб, Кат Урганч амири Маъмун 1 томонидан забт қилинади.Шу билан шаҳарда ҳукмдорлик этаётган африғийлар сулоласи тугатилади.Вазиятнинг ўзгариши амир хизматида бўлган Берунийнинг ҳаётини таҳликага қолдиради ва у 22 ёшида ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлади.Бир муддат Каспий денгизининг жануби шарқидаги Журжонда, кейин Теҳрон ёнидаги Рай шаҳрида мусофирликда азоб чекиб яшайди.

Аммо аллома қийинчиликларга қарамай асарлар ёзишда давом этаверди.У “Осор ал-боқия” асарида Рай шаҳрилик бир киши астрономияга доир масалада баҳслашгани ҳақида сўзлаб, у киши илмда Берунийдан анча паст турса ҳам, ўзини олимдан юқори тутиб, ҳатто уни ҳақорат қилишгача борганини ёзганди:” Ваҳоланки, орамизда фақат бойлик ортиқчалиги ва мақтовларни ёмонликларга, фахрларни айбларга айлантирувчи камбағаллик бор эди, холос.Чунки, мен у вақтда ҳамма томондан қийинчиликларга учраб, паришонҳол эдим”.

Шундан кейин у Журжонга қайтиб машҳур табиб, астроном ва файласуф ал-Масиҳий билан танишиб, ундан сабоқ олади.Ўша вақтда Берунийнинг бахтига Хоразм ва Капсий олди вилоятларида зиёрийлар сулоласи(928-1042) га мансуб Қобус ибн Вашмгир олимни ўз ҳимоясига олади ва унга шароитлар яратиб беради.Ҳаттоки, Берунийга вазирлик лавозимини таклиф этади, аммо аллома амалдорликдан илм билан шуғулланишни афзал кўради.

1010 йилга келиб Хоразмда осойишталик ўрнатилади ва Беруний Маъмун 2 томонидан Урганчга таклиф этилиб, унга катта ҳурмат кўрсатилади.Натижада Беруний бошқа олимлар билан айнан шу даврда тарихда кейинчалик Маъмун академияси дея ном олган, ўз вақтида эса “Дорул ҳикма” деб аталган фан масканига раҳбарлик қилади.Кўплаб фан вакилларини бу даргоҳга жалб этиш орқали, инсоният цивилизациясига катта ҳисса қўшилган асарлар, ихтиролар юзага келишига сабаб бўлади.

Афсуски, бундай оламшумул фаолиятга 1017 йилдаги нотинчликлар чек қўяди.Чунки, Моваруннаҳрдаги юзага келган қорахонийлар давлати барпо қилинади.Хуросон ва Афғонистонда эса Маҳмуд Ғазнавий (998-1030) ўз ҳукмдорлигини ўрнатади.Қорахонийлар ва Ғазнавийлар ўртасидаги сулҳга кўра, Амударё улар давлатининг чегараси қилиб олинади.Натижада Хоразм Ғазнавийларга қарам бўлиб қолади.Маҳмуд Хоразм саройидаги олимларни Ғазнага олиб кетмоқчи бўлади.Аммо Беруний ва унинг шогирди Абдусамад Аввал бунега қаршилик билдиришади.Гап-сўзи рад этилмай келинган Ғазнавий бундан қаҳрланиб, аллома ва шогирдини қатл этишга фармон беради.Шукрки, Ғазнавийнинг фан ва илмли инсон қадрига етадиган вазири Хўжа Ҳасан ўртага тушиб олимлар ҳаётини сақлаб қолади.Аммо ноиложликдан олимлар Ғазнага боришга мажбур бўлишади.

Шу тахлит Берунийнинг кейинги 31 йиллик ҳаёти ватанидан узоқда-Ғазнада кечди.Тўғри, у яратилган шароит ва имконият туфайли ўша ерда туриб ҳам ноёб асарлар яратолди. Ҳаттоки, ҳукмдор билан Ҳиндистонга қилинган юришда ёнида ҳамроҳлик қилди.Ўша давлатнинг шимолидаги Нандиа қаъласида яшаб у ерда ер шари айланасини ҳисоблаш мақсадида ўлчаш ишлари олиб борди.Ҳинд олимлари билан мубоҳасалар олиб борди.Натижада тажрибалари, кузатувлари асосида “Ҳиндистон” каби дунёга машҳур асар яратди.Афсуски, ушбу асарини ёзиб тугатаёган йили Маҳмсуд Ғазнавий вафот этиб, тахтга ўғли Масъуд чиқди.Шукрки, янги ҳукмдор астрономия ва бошқа фанларга қизиқарди.Натижада у Берунийга инъом, ҳадялар бериб имкониятлар яратиб берди.Алломадан араб тилини чуқур ўрганиб олди.

Беруний ҳазратлари эзгу мақсад сари интилган киши бир куни орзусига етади, чунки тинмай тақиллатавериладиган эшик бир пайт келиб очилади, деган амалга риоя қилганди.
Унинг мақсади илмнинг энг баланд чўққисини мумкин қадар забт этиш бўлган.Ниятига қисман эришди ҳам.Берунийнинг 70 та астрономия, 20 та математика, 4 та картография, 3 та метерология, 3 та минералогия, 1 та физика, 1 та фармокология, 15 та тарих ва этнография, 4 та фалсафа. 18 та адабиётга доир асарларидан бугунги кунда ҳам, ҳатто хорижликлар фойдаланишмоқда.10-11 асрларда ақидапарастлар, золимлар зулми, турли тўқнашув ва зиддиятлар авж олган пайтда бундай кенг қамровли, қомусий илмлар билан шуғулланишнинг ўзи Берунийнинг даҳолигидан нишонадир.

Айтишларича, бир куни Хоразм шоҳи Маъмун отда олимнинг ҳужраси остонасига келиб, уни йўқлайди. Аммо Беруний ҳадеганда ташқарига чиқавермайди. Шунда сабри чидамаган шоҳ от жиловини тўғри ҳужра томонга буриб, уловдан энди тушмоқчи бўлиб турганида, олим ҳужрадан чиқади ва узр сўрайди. Шунда ҳукмдор:

—Эга бўлинадиган нарсаларнинг энг шарафлиси илмдир, барча илмга интиладир. Лекин илм унга келмайди. Дунёвий расмиятчилик бўлмаганида эди, мен сени йўқламас эдим. Илм ҳар нарсадан юқори. Илмни чақирган билан, буюрган билан келмайди. Илмга ўзинг талпинишинг, илм олдида ҳар қандай жилвакор оту эгардан пастга тушишинг керак,—дейди.

Ҳа, Беруний бобомизнинг илму салоҳияти олдида ҳукмдорлар ҳам “ отдан тушган эди”.Зеро, аллома ўз давригача биринчи бўлиб ҳамма жисмлар ерга тортилишини, ер курра эканини ҳамда табиат холис бўлиб, ўз қонуни бўйича ўзгариб туришини айтганди.

Шунингдек, аждодимиз география фанини ривожлантириб, ўзининг “ денгизлар назарияси” ни яратди. У Птолемей қоидасини инкор қилиб, Африка жануб томондан океан билан ўралган, деб қаттиқ ишонади.Бундан ташқари, у киши дунёда биринчи бўлиб сферик география тасвирини—Ер глобусини яратди. Ўрта Осиё халқларининг географик жойлашуви, Болтиқбўйи ва Шимолий Муз океанига яқин мамлакатлар ва халқлар ҳақида ишончли маълумотлар тўплади.Биринчи бўлиб Ер шарининг тузилмавий харитасини яратди.

У шоҳ Маъмун саройидаги “Дорул Ҳикма” да ҳам, кейинчалик Ғазнавий ёнида сафардош бўлиб, Ҳиндистонга борганидаям илм сари талпинди.Ҳиндистон ҳақида илмий маълумотларга эга бўлиш мақсадида қадимги ҳиндларнинг адабий тили бўлган санксрит тилини ўрганишга, умуман,Ҳиндистон мавзуси билан машғул бўлишга умрининг 20 йилини сарфлади.

Умуман, Берунийнинг илм ила ёритган ақл машъали инсоният ҳаётини абадул-абад ёритиб туради. Жамият тараққиёти нуқул илм билан боғлиқ экан, немис олими Э.Захау таърифлаганидек, “ фан оламида яккаю ягона хазина бу Берунийдир”.

Ан-Наҳавийнинг “Ас-Сутур” асарида фақиҳ ал-Валволийжийнинг шундай ҳикоясини келтириб ўтган: Унга кўра бир куни у Берунийнинг Ғазнадаги уйига кириб қарасаки,у жон бераётган, ғарғара билан нафас олиб, кўкраги сиқилаётган эди. Ўшандай ҳолатда туриб ҳам аллома Валволижийга қараб:
— Сен бир куни менга “ал-жаддот ал-фосида” ҳисоби-меросларни нотўғри бўлиши ҳақида айтганларингни такрорлаб бер”,-дея сўрайди.

Валволижий унинг қийналаётган ҳолига раҳми келиб:
-Шундай ҳолатда-я?,-дея жавоб беради ўзини ноқулай келган ҳис қилиб.

-Эй Валволижий,- дейди шунда Беруний,- мен бу дунё билан хайрлашаётибман,ўша масалани билмай кетганимдан, билиб кетганим яхшироқ эмасми?-деди.

Валволижий ноиложликдан у масалани такрорлаб айтади.Беруний эса ундан эшитганларини ёдлаб олди ва ўзи ҳам ваъда берган нарсасини менга ўргатади.Шу билан Валволижий алломанинг ёнида ноқулай аҳволда ўтирмай дея, у билан хайрлашиб чиқиб кетади.Валволижий кўчага чиқиши билан Берунийнинг уйидан йиғи овози эшитилди-аллома вафот этганди.

Тақдири азал сабаб, шу тариқа Хоразмда туғилган аллома Ғазнада вафот этиб, ўша ерга дафн этилади.Беруний қабрининг бош қисмига яшил туғли таёқ санчилган бўлиб, туғ учига ялтироқ тунукадан ясалган, балиқ овланадиган санчиқни эслатувчи беш панжа маҳкамланган.Панжалар гўёки “бу дунёдан икки қўлинг бўш кетади” деган насиҳатни эслатиб туради.Ҳа, бу насиҳат ҳаммага таниш.Аммо Ғазнадаги ушбу қабрда ётган инсондан бу дунёда кўплаб инсоният тараққиётига хизмат қилган асарлар ёдгор бўлиб қолди.

Бир пайтлари Ғазнавийлар сулоласи даврида гуллаб яшнаган шаҳар ҳозирда ғариб бир масканга айланиб қолган.Тарихдан аёнки, Ғазна тўғрисидаги дастлабки маълумотлар 7 асрга оид манбалардан маълум.10-11 асрларда Ғазнавийлар давлатининг пойтахти бўлган ушбу шаҳар Шарқнинг савдо, илму фан гуллаб яшнаган маркази даражасига етган.”Бобурнома”да муаллиф ёзганидек, “Яна бир Ғазна вилоятидир.Сабуктагин бирла Султон Маҳмуднинг ва авлодининг пойтахти Ғазна экандур.Қобул узумидан Ғазна узуми яхшироқ бўлур.Қовуни ҳам Қобул қовунидан ортуқроқдур.Олмаси ҳам яхши бўлур..Экини бисёр пурмашаққатдур.Ҳар миқдор ерким, экарлар,юзига тамом янги туфроқ ҳар йил киюурлар…Ғазнанинг оқ кийиги ва қулони бўлур.Ғазнанинг оқ кийигича семиз кийик кам ерда бўлғай…”.

Айнан Ғазнага Бобур Мирзо таърифини келтирганимиздан мақсад, Беруний ҳазратларининг сўнгги 31 йиллик умри ана шу шаҳарда кечган ва юқорида келтирганимиздек, қабри ҳам ўша маскандадир…

КОЛУМБ КАШФИЁТИНИНГ СИРИ

011404 йил.Самарқанд.Тўрт ой давомида Амир Темур давлати ва унинг пойтахтида бўлган Руи Гонзалес де Клавихо кўрган-кечирганларидан ҳайратланиб, Испания қиролига совға-саломлар, мактуб ва қўлёзма китобларни олганича, 21 ноябр куни шаҳардан жўнаб кетди.У ўзини шарққа йўллаган валинеъмати-Кастилия ва Леон (Испания) қироли Ҳенрих 3 де Трастмар (1390-1407) томон шошар, унга бошидан кечирганлари ва кундаликларини, совға-салом, мактуб ва китобларни тезроқ туҳфа этгиси келарди…

…1492 йил.Барселона. Қирол Фердинанд, қиролича Изабелла, шаҳзода Дон Хуан аждодлари Ҳенрих 3 каби шарққа ўз элчиси Христофор Колумбни йўллашди.Колумбни ҳам, Қирол Фердинандни ҳам ажабтовур ўлка-Ҳиндистонга бориш ва у ерни эгаллаш хаёли ўзига тортиб турарди. Чунки, Самарқандга борган Клавихо Темур саройида бўлиб, соҳибқироннинг Ҳиндистонга қилган юриш тафсилотини эшитган ва кундалигига шундай қайдларни битганди: “Деҳлида Темурбек билан ҳинд подшоси ўртасида жанг бўлди.Ҳинд тарафдан кўп қўшин ва элликка яқин жанговар филлар иштирок этди.Темурбек кўп туяларни олдириб келиб, “устига хашак ортиб, филларга қарши қўйилсин”, деб буюрди.Жанг бошланганда туялар устидаги хашаклар ёқиб юборилди.Ёнаётган хашакли туяларни кўрган филлар тумстарақай қочди.Айтишларича , филлар кўзлари кичкина бўлгани учун оловдан қаттиқ қўрқади.Шундай қилиб, Ҳиндистон подшоҳи мағлубиятга учради”.

Шунингдек, Клавихо Ҳиндистон табиатини ҳам кундалигида тасвирлаб ўтган.Клавихо Самарқанддан келтирган қўлёзма китоблар орасида Берунийнинг “Ҳиндистон” асари ҳам бор эди.Колумб бир неча тилларда гаплаша оларди.Қирол Фердинад эса аждоди Ҳенрих 3га Клавихо келтирган китоблар, улардаги ҳинд диёрига доир тасвирлардан ҳайратланганди.Натижада айнан ана шу китоб боис, Фердинанддаги Ҳиндистонни эгаллаш ва Колумбдаги у ерни кашф қилиш орзуси бирлашди…

16 асрда яшаган турк сайёҳи Пири Раис Колмубни Ҳиндистонга йўллаган асар ҳақида шундай ёзганди: “Коломбонинг қўлига бир китоб тушган эди.Ундан ўқиб билдики, Ғарбий денгизнинг чеккасида, йироқ ғарбда қирғоқлар ва ороллар бор экан.У ерлардан маъданлар ва жавоҳирлар топилган.Коломбо ўшал китобни астойдил ўрганган.Маҳаллий аҳолининг турли туман ялтироқ шиша безакларга ихлосини Коломбо ўшал китобдан билиб олган эди….”

Айнан Беруний асарида ҳам Ҳиндистон табиати, ундаги маъданлар, аҳолининг қимматбаҳо безакларга ихлоси ва энг асосийси, “бизнинг текширишимизча, ернинг шимолий (икки) чорагидан бири қуруқлик бўлганлигидан, унинг ҳамқурт (диаметрал қарама-қаршисидаги) чорак қисми ҳам қуруқлик бўлишини тахмин қиламиз”, дейилган.
Ниҳоят, минг машаққатлар билан кемалар 1492 йилнинг 11 октябрида етиб келди.олдинда капитан Мартин Линсоннинг “пинти” кемаси бўлиб унинг олдинги учида матрос Родриго де Триана умидвор ҳолатда уфққа кўз тикиб борарди.Шунда бирдан ой нури ёруғлигида қуруқликни кўриб қолди ва “ер, ер, ер!!!” дея бақирди.Кемалардан тўп садолари янгради.Шу тахлит 12 октябр жума куни Колмуб ва ҳамроҳлари қуруқликка қадам қўйиб, у ерга Фердинанднинг байроғини қадаб қўйди: “Бугундан эътиборан бу ерлар Испания ҳукмдори тасарруфида”.Шу тарзда Колумб бу ерларни “Вест-Индия”, Ғарбий Ҳиндистон деб атади.

Бироқ, ҳиндулар дея Колмуб атаган халқ Клавихо ва Беруний асарларидагидек бой кийим-кечакка ўранган, нозик дидли, тараққий этган шарқ аҳолисига ўхшамасди….”Ажойиб, йирик ва кичик шаҳарларни учратиш умидида ичкарироқ киравердим” дея ёзганди кундалигига Колмуб.

Кашфиётчи ўша сафаридан сўнг ҳам янги дунёга 1493, 1498 ва 1502 йилларда ташриф буюрди ва ҳар гал уни Ҳиндистон, деб билди.Ҳаттоки, 1493 йилнинг сентябрида “Ҳиндистон” дан олтин нафар ҳиндуни Испанияга олиб келиб, Қирол фердинанд ҳузурига киритди.Ҳиндулар чўқинтирилиб, христианликка хос исм олишди.Дон Хуан исмини олган ҳинду саройда олиб қолиниб, қолганлар ортга қайтарилди.Қирол Фердинанд “дон Хуан”ни кузатар экан, уни Клавихо тасвирлаган ҳиндистонликка ўхшата олмасди.

Гарчи Колмуб сўзининг устидан чиқиб, қуруқликни эгаллаган бўлсада, Испания ҳукмдорлари эътиборидан четда қолди.Буюк сайёҳатчи тушкунликка ва қашшоқликка тушиб қолди ва 1506 йил 20 майда вафот этди.Колмуб умри сўнгигача ўзи борган жойларни Ҳиндистон деб билган ва шу хаёл билан оламдан ўтганди.

09

Umid Bekmuhammad
ABU RAYHON BERUNIY HAQIDA TARIXIY LAVHALAR
099

BERUNIY: KATDAN G’AZNAGACHA

022Qur’oni karimni rus tiliga tarjima qilgan YU.YU.Krachkovskiy (1883-1951) “ Abu Rayhon”(“Rayhonning otasi” yoki “rayhonli kishi” ) haqida aniq bir fikr to’xtamga kelish qiyin.Bu atoqli ot ma’nosini anglatishi ehtimoldan uzoq, ammo “ rayhonli kishi” ma’nosida laqab bo’lib kelgan bo’lsa kerak.Beruniy bolalik chog’idayoq botanikaga qiziqqani uchun shunday laqab berilgan bo’lishi ham mumkin” deya buyuk mutafakkirning ismi, sharifi to’g’risidagi taxminini ilgari surgandi.

Ha,buyuk alloma Beruniyning ko’pgina ilmiy merosi, dunyo faniga,tamadduniga qo’shgan hissasi e’tiroof etilgan bo’lsa-da, ismi bo’yicha aniq bir to’xtam yo’q. Abdulkarim as-Sam’oniy “Kitob al-ansob” asarida esa “Beruniy degan nisba Xorazmning tashqari qismiga oiddir.Kimki shahardan tashqarida tug’ilgan bo’lsa, bunday odamni “falonchi beruniy” deydilar.Munajjim Abu Rayhon shunday nisba bilan mashhurdir” deya yozib o’tgandi.

Bu fikrga e’tiroz shuki, o’sha vaqtda faqat Beruniy shahardan tashqarida tug’ilmagandir, agarki shahardan tashqarida tug’ilgan borki, ular ham shunday atalgan bo’lsa hammaning nisbasi Beruniy bo’laverganmikin?!

Bundan tashqari “rayhon” so’zi arabchada “rahmat”, “rizq” ma’nolarini anglatadi, shu nuqtai nazardan Abu Rayhon “marhamatli”, “rahmdil” degan mazmunniyam anglatadi, degan qarashlar ham mavjud.

Hijriy 362 yilning uchinchi zulhijja, milodiy 973 yilning 4 sentyabrida tug’ilgan qomusiy olim qo’lyozma asarlarda Muhammad ibn Ahmad Abu-ar-Rayhon al-Beruniy al-Xorazmiy deya nomlanib, Xorazmning o’sha vaqtdagi qadimiy poytaxti Kat shahrida tug’iladi.Ma’lumki, Kat 10 asrda Xorazmshohlar-afrig’iylar sulolasining poytaxti, sharqning savdo, madaniy markazlaridan biri bo’lib, Sharqiy Yevropa, Hindiston,Yaqin Sharq,Xitoy davlatlaridan kelib ketadigan savdogarlar uchun chorraha vazifasini o’tar,bu azim shaharda astronomiya,gedeziya, matematika, geografiya bilan shug’ullanuvchi mahalliy olimlar,suriyalik, rumlik fan vakillari ham mavjud edi.

Ya’ni, Beruniyning bolalik va yoshligi aynan ana shunday fan sirlarini egallash uchun imkon bor davrga to’g’ri keldi.Ammo o’sha vaqtda tug’ilgan banda borki,Beruniy darajasiga yetolmadiki,bu ham yaratganning Abu Rayhonga qilgan inoyatidandir.

U bolaligidan ayniqsa tillarni o’rganishga intilib,arab, fors, so’g’diy, suryoniy, yunon va qadimgi yahudiy tillarini o’zlashtirdi.“men bolalik chog’imdanoq o’z yoshim va sharoitimga qarab, imkoni boricha ko’proq bilim olishga chanqoq edim.Buning dalili sifatida quyidagini keltirish kifoya: biz turadigan joyga o’shanda bir yunon ko’chib kelgan edi.Men har xil donlar, urug’lar, mevalar va hokazolarni olib borib, unga ko’rsatar va bu narsalar uning tilida qanday atalishini so’rab olib, nomini yozib qo’yar edim” , deya alloma yunonchani o’rganganini keyinchalik xotirlab o’tgandi.

Arab tilini o’rganish esa mashaqqatroq edi.Ammo Beruniy buni o’zidek ilmga tirishqoq insonlar uchun emas, avomlar uchun qiyin kechganini ta’kilaydi: “Arab yozuvining katta nuqsoni-unda shaklan bir-biriga o’xshash harflarning mavjudligidir.Bu harflarni bir-biridan ajratish uchun zeru zabarlar va fleksiya ( so’z o’zagidagi tovushlarning almashinuvi orqali yangi so’z va grammatik formalarning yasalishi) belgilari qo’yiladi.Agar bular olib tashlansa, so’z ma’nosi buzilib qoladi.”Vaqt o’tib Beruniy Hindistonda yashab sanksrit tiliniyam o’rganish imkoniga ega bo’ldi.

Allomaning yoshligidan ilm bilan mashg’ul bo’lgani to’g’risida ustozi Ibn Iroq o’z asarida yozib, Beruniy 994-995 yillari Kat shahrida muhim astronomik tajribalar o’tkazib borganini ta’kidlagan.Buning uchun Beruniy astronomik asboblar ixtiro qilgan.

“Daryolarning doim dengizga quyilishi uning suviga ta’sir ko’rsatmaganidek, amal va lazzat haqiqiy ilm oluvchiga ta’sir ko’rsata olmasligi kerak”. Buyuk alloma Abu Rayhon Beruniy hazratlari bu so’zlari bilan ilm daryosida erkin suza oladigan kishi kuchli to’lqinlarga duch kelishiga qaramay, o’z maqsadiga baribir yetajagiga ishora qilgan edi…

Tabiiyki, Beruniydek daho yashagan davr ( 973-1048 yillar) keskin ijtimoiy to’qnashuvlar, qonli urushlar zamoni edi. Bolaligi va kamolot davri Somoniylar hukmronligining so’nggi yillariga, ya’ni ikki imperiya—qoraxoniylar va g’aznaviylarning kuchayish hamda yiqilish onlariga to’g’ri kelgandi. Shuningdek, Xorazmda Afrig’ xonadonining halokatini va qisqa vaqt ichida gullagan, lekin Mahmud G’aznaviy hujumi bilan yakson qilingan davlatni ko’rdi. Keksaygan paytlarida esa o’g’uz saljuqiylarining yangi kuchli imperiya tashkil etishiga guvoh bo’ldi.

Ana shunday dolg’ali, shariat peshvolarining har tomonlama tazyiqi palak otgan bir davrda yashab ham ajdodimiz ilmu fan bilan shug’ullanishni kanda qilmadi. Gohida zolimlar zulmidan qochsa, ba’zida Ma’mundek saxovatli hukmdor, ibn Iroqdek ustoziyu, an-Naysoburiy, ibn Miskovayxdek maslakdosh olimlar ardog’ida bo’ldi.

Ma’lumki, 994-995 yillari O’rta Osiyoda muhis siyosiy o’zgarishlar bo’lib, Qoraxoniylar Somoniylar davlatiga qarshi hujumga o’tadi.Natijada Xorazmdayam davlat to’ntarishi bo’lib, Kat Urganch amiri Ma’mun 1 tomonidan zabt qilinadi.Shu bilan shaharda hukmdorlik etayotgan afrig’iylar sulolasi tugatiladi.Vaziyatning o’zgarishi amir xizmatida bo’lgan Beruniyning hayotini tahlikaga qoldiradi va u 22 yoshida vatanini tashlab ketishga majbur bo’ladi.Bir muddat Kaspiy dengizining janubi sharqidagi Jurjonda, keyin Tehron yonidagi Ray shahrida musofirlikda azob chekib yashaydi.

Ammo alloma qiyinchiliklarga qaramay asarlar yozishda davom etaverdi.U “Osor al-boqiya” asarida Ray shahrilik bir kishi astronomiyaga doir masalada bahslashgani haqida so’zlab, u kishi
ilmda Beruniydan ancha past tursa ham, o’zini olimdan yuqori tutib, hatto uni haqorat qilishgacha borganini yozgandi:” Vaholanki, oramizda faqat boylik ortiqchaligi va maqtovlarni yomonliklarga, faxrlarni ayblarga aylantiruvchi kambag’allik
bor edi, xolos.Chunki, men u vaqtda hamma tomondan qiyinchiliklarga uchrab, parishonhol edim”.

Shundan keyin u Jurjonga qaytib mashhur tabib, astronom va faylasuf al-Masihiy bilan tanishib, undan saboq oladi.O’sha vaqtda Beruniyning baxtiga Xorazm va Kapsiy oldi viloyatlarida ziyoriylar sulolasi(928-1042) ga mansub Qobus ibn Vashmgir olimni o’z himoyasiga oladi va unga sharoitlar yaratib beradi.Hattoki, Beruniyga vazirlik lavozimini taklif etadi, ammo alloma amaldorlikdan ilm bilan shug’ullanishni afzal ko’radi.

1010 yilga kelib Xorazmda osoyishtalik o’rnatiladi va Beruniy Ma’mun 2 tomonidan Urganchga taklif etilib, unga katta hurmat ko’rsatiladi.Natijada Beruniy boshqa olimlar bilan aynan shu davrda tarixda keyinchalik Ma’mun akademiyasi deya nom olgan, o’z vaqtida esa “Dorul hikma” deb atalgan fan maskaniga rahbarlik qiladi.Ko’plab fan vakillarini bu dargohga jalb etish orqali, insoniyat sivilizatsiyasiga katta hissa qo’shilgan asarlar, ixtirolar yuzaga kelishiga sabab bo’ladi.

Afsuski, bunday olamshumul faoliyatga 1017 yildagi notinchliklar chek qo’yadi.Chunki, Movarunnahrdagi yuzaga kelgan qoraxoniylar davlati barpo qilinadi.Xuroson va Afg’onistonda esa Mahmud G’aznaviy (998-1030) o’z hukmdorligini o’rnatadi.Qoraxoniylar va G’aznaviylar o’rtasidagi sulhga ko’ra, Amudaryo ular davlatining chegarasi qilib olinadi.Natijada Xorazm G’aznaviylarga qaram bo’lib qoladi.Mahmud Xorazm saroyidagi olimlarni G’aznaga olib ketmoqchi bo’ladi.Ammo Beruniy va uning shogirdi Abdusamad Avval bunega qarshilik bildirishadi.Gap-so’zi rad etilmay kelingan G’aznaviy bundan qahrlanib, alloma va shogirdini qatl etishga farmon beradi.Shukrki, G’aznaviyning fan va ilmli inson qadriga yetadigan vaziri Xo’ja Hasan o’rtaga tushib olimlar hayotini saqlab qoladi.Ammo noilojlikdan olimlar G’aznaga borishga majbur bo’lishadi.

Shu taxlit Beruniyning keyingi 31 yillik hayoti vatanidan uzoqda-G’aznada kechdi.To’g’ri, u yaratilgan sharoit va imkoniyat tufayli o’sha yerda turib ham noyob asarlar yaratoldi. Hattoki, hukmdor bilan Hindistonga qilingan yurishda yonida hamrohlik qildi.O’sha davlatning shimolidagi Nandia qa’lasida yashab u yerda yer shari aylanasini hisoblash maqsadida o’lchash ishlari olib bordi.Hind olimlari bilan mubohasalar olib bordi.Natijada tajribalari, kuzatuvlari asosida “Hindiston” kabi dunyoga mashhur asar yaratdi.Afsuski, ushbu asarini yozib tugatayogan yili Mahmsud G’aznaviy vafot etib, taxtga o’g’li Mas’ud chiqdi.Shukrki, yangi hukmdor astronomiya va boshqa fanlarga qiziqardi.Natijada u Beruniyga in’om, hadyalar berib imkoniyatlar yaratib berdi.Allomadan arab tilini chuqur o’rganib oldi.

Beruniy hazratlari ezgu maqsad sari intilgan kishi bir kuni orzusiga yetadi, chunki tinmay taqillataveriladigan eshik bir payt kelib ochiladi, degan amalga rioya qilgandi. Uning maqsadi ilmning eng baland cho’qqisini mumkin qadar zabt etish bo’lgan.Niyatiga qisman erishdi ham.Beruniyning 70 ta astronomiya, 20 ta matematika, 4 ta kartografiya, 3 ta meterologiya, 3 ta mineralogiya, 1 ta fizika, 1 ta farmokologiya, 15 ta tarix va etnografiya, 4 ta falsafa. 18 ta adabiyotga doir asarlaridan bugungi kunda ham, hatto xorijliklar foydalanishmoqda.10-11 asrlarda aqidaparastlar, zolimlar zulmi, turli to’qnashuv va ziddiyatlar avj olgan paytda bunday keng qamrovli, qomusiy ilmlar bilan shug’ullanishning o’zi Beruniyning daholigidan nishonadir.

Aytishlaricha, bir kuni Xorazm shohi Ma’mun otda olimning hujrasi ostonasiga kelib, uni yo’qlaydi. Ammo Beruniy hadeganda tashqariga chiqavermaydi. Shunda sabri chidamagan shoh ot jilovini to’g’ri hujra tomonga burib, ulovdan endi tushmoqchi bo’lib turganida, olim hujradan chiqadi va uzr so’raydi. Shunda hukmdor:

—Ega bo’linadigan narsalarning eng sharaflisi ilmdir, barcha ilmga intiladir. Lekin ilm unga kelmaydi. Dunyoviy rasmiyatchilik bo’lmaganida edi, men seni yo’qlamas edim. Ilm har narsadan yuqori. Ilmni chaqirgan bilan, buyurgan bilan kelmaydi. Ilmga o’zing talpinishing, ilm oldida har qanday jilvakor otu egardan pastga tushishing kerak,—deydi.

Ha, Beruniy bobomizning ilmu salohiyati oldida hukmdorlar ham “ otdan tushgan edi”.Zero, alloma o’z davrigacha birinchi bo’lib hamma jismlar yerga tortilishini, yer kurra ekanini hamda tabiat xolis bo’lib, o’z qonuni bo’yicha o’zgarib turishini aytgandi.

Shuningdek, ajdodimiz geografiya fanini rivojlantirib, o’zining “ dengizlar nazariyasi” ni yaratdi. U Ptolemey qoidasini inkor qilib, Afrika janub tomondan okean bilan o’ralgan, deb qattiq ishonadi.Bundan tashqari, u kishi dunyoda birinchi bo’lib sferik geografiya tasvirini—Er globusini yaratdi. O’rta Osiyo xalqlarining geografik joylashuvi, Boltiqbo’yi va Shimoliy Muz okeaniga yaqin mamlakatlar va xalqlar haqida ishonchli ma’lumotlar to’pladi.Birinchi bo’lib Yer sharining tuzilmaviy xaritasini yaratdi.

U shoh Ma’mun saroyidagi “Dorul Hikma” da ham, keyinchalik G’aznaviy yonida safardosh bo’lib, Hindistonga borganidayam ilm sari talpindi.Hindiston haqida ilmiy ma’lumotlarga ega bo’lish maqsadida qadimgi hindlarning adabiy tili bo’lgan sanksrit tilini o’rganishga, umuman,Hindiston mavzusi bilan mashg’ul bo’lishga umrining 20 yilini sarfladi.

Umuman, Beruniyning ilm ila yoritgan aql mash’ali insoniyat hayotini abadul-abad yoritib turadi. Jamiyat taraqqiyoti nuqul ilm bilan bog’liq ekan, nemis olimi E.Zaxau ta’riflaganidek, “ fan olamida yakkayu yagona xazina bu Beruniydir”.

An-Nahaviyning “As-Sutur” asarida faqih al-Valvoliyjiyning shunday hikoyasini keltirib o’tgan: Unga ko’ra bir kuni u Beruniyning G’aznadagi uyiga kirib qarasaki,u jon berayotgan, g’arg’ara bilan nafas olib, ko’kragi siqilayotgan edi. O’shanday holatda turib ham alloma Valvolijiyga qarab:
— Sen bir kuni menga “al-jaddot al-fosida” hisobi-meroslarni noto’g’ri bo’lishi haqida aytganlaringni takrorlab ber”,-deya so’raydi.

Valvolijiy uning qiynalayotgan holiga rahmi kelib:
-Shunday holatda-ya?,-deya javob beradi o’zini noqulay kelgan his qilib.

-Ey Valvolijiy,- deydi shunda Beruniy,- men bu dunyo bilan xayrlashayotibman,o’sha masalani bilmay ketganimdan, bilib ketganim yaxshiroq emasmi?-dedi.

Valvolijiy noilojlikdan u masalani takrorlab aytadi.Beruniy esa undan eshitganlarini yodlab oldi va o’zi ham va’da bergan narsasini menga o’rgatadi.Shu bilan Valvolijiy
allomaning yonida noqulay ahvolda o’tirmay deya, u bilan xayrlashib chiqib ketadi.Valvolijiy ko’chaga chiqishi bilan Beruniyning uyidan yig’i ovozi eshitildi-alloma vafot etgandi.

Taqdiri azal sabab, shu tariqa Xorazmda tug’ilgan alloma G’aznada vafot etib, o’sha yerga dafn etiladi.Beruniy qabrining bosh qismiga yashil tug’li tayoq sanchilgan bo’lib, tug’ uchiga yaltiroq tunukadan yasalgan, baliq ovlanadigan sanchiqni eslatuvchi besh panja mahkamlangan.Panjalar go’yoki “bu dunyodan ikki qo’ling bo’sh ketadi” degan nasihatni eslatib turadi.Ha, bu nasihat hammaga tanish.Ammo G’aznadagi ushbu qabrda yotgan insondan bu dunyoda ko’plab insoniyat taraqqiyotiga xizmat qilgan asarlar yodgor bo’lib qoldi.

Bir paytlari G’aznaviylar sulolasi davrida gullab yashnagan shahar hozirda g’arib bir maskanga aylanib qolgan.Tarixdan ayonki, G’azna to’g’risidagi dastlabki ma’lumotlar 7 asrga oid manbalardan ma’lum.10-11 asrlarda G’aznaviylar davlatining poytaxti bo’lgan ushbu shahar Sharqning savdo, ilmu fan gullab yashnagan markazi darajasiga yetgan.”Boburnoma”da muallif yozganidek, “Yana bir G’azna viloyatidir.Sabuktagin birla Sulton Mahmudning va avlodining poytaxti G’azna ekandur.Qobul uzumidan G’azna uzumi yaxshiroq bo’lur.Qovuni ham Qobul qovunidan ortuqroqdur.Olmasi ham yaxshi bo’lur..Ekini bisyor purmashaqqatdur.Har miqdor yerkim, ekarlar,yuziga tamom yangi tufroq har yil kiyuurlar…G’aznaning oq kiyigi va quloni bo’lur.G’aznaning oq kiyigicha semiz kiyik kam yerda bo’lg’ay…”.

Aynan G’aznaga Bobur Mirzo ta’rifini keltirganimizdan maqsad, Beruniy hazratlarining so’nggi 31 yillik umri ana shu shaharda kechgan va yuqorida keltirganimizdek, qabri ham o’sha maskandadir…

KOLUMB KASHFIYOTINING SIRI

011404 yil.Samarqand.To’rt oy davomida Amir Temur davlati va uning  poytaxtida bo’lgan Rui Gonzales de Klavixo ko’rgan-kechirganlaridan hayratlanib, Ispaniya qiroliga sovg’a-salomlar, maktub va qo’lyozma kitoblarni olganicha, 21 noyabr kuni shahardan jo’nab ketdi.U o’zini sharqqa yo’llagan valine’mati-Kastiliya va Leon (Ispaniya) qiroli Henrix 3 de Trastmar (1390-1407) tomon shoshar, unga boshidan kechirganlari va kundaliklarini, sovg’a-salom, maktub va kitoblarni tezroq tuhfa etgisi kelardi…

…1492 yil.Barselona. Qirol Ferdinand, qirolicha Izabella, shahzoda Don Xuan ajdodlari Henrix 3 kabi sharqqa o’z elchisi Xristofor Kolumbni yo’llashdi.Kolumbni ham, Qirol Ferdinandni ham ajabtovur o’lka-Hindistonga borish va u yerni egallash xayoli o’ziga tortib turardi. Chunki, Samarqandga borgan Klavixo Temur saroyida bo’lib, sohibqironning Hindistonga qilgan yurish tafsilotini eshitgan va kundaligiga shunday qaydlarni bitgandi: “Dehlida Temurbek bilan hind podshosi o’rtasida jang bo’ldi.Hind tarafdan ko’p qo’shin va ellikka yaqin jangovar fillar ishtirok etdi.Temurbek ko’p tuyalarni oldirib kelib, “ustiga xashak ortib, fillarga qarshi qo’yilsin”, deb buyurdi.Jang boshlanganda tuyalar ustidagi xashaklar yoqib yuborildi.Yonayotgan xashakli tuyalarni ko’rgan fillar tumstaraqay qochdi.Aytishlaricha , fillar ko’zlari kichkina bo’lgani uchun olovdan qattiq qo’rqadi.Shunday qilib, Hindiston podshohi mag’lubiyatga uchradi”.

Shuningdek, Klavixo Hindiston tabiatini ham kundaligida tasvirlab o’tgan.Klavixo Samarqanddan keltirgan qo’lyozma kitoblar orasida Beruniyning “Hindiston” asari ham bor edi.Kolumb bir necha tillarda gaplasha olardi.Qirol Ferdinad esa ajdodi Henrix 3ga Klavixo keltirgan kitoblar, ulardagi hind diyoriga doir tasvirlardan hayratlangandi.Natijada aynan ana shu kitob bois, Ferdinanddagi Hindistonni egallash va Kolumbdagi u yerni kashf qilish orzusi birlashdi…

16 asrda yashagan turk sayyohi Piri Rais Kolmubni Hindistonga yo’llagan asar haqida shunday yozgandi: “Kolomboning qo’liga bir kitob tushgan edi.Undan o’qib bildiki, G’arbiy dengizning chekkasida, yiroq g’arbda qirg’oqlar va orollar bor ekan.U yerlardan ma’danlar va javohirlar topilgan.Kolombo o’shal kitobni astoydil o’rgangan.Mahalliy aholining turli tuman yaltiroq shisha bezaklarga ixlosini Kolombo o’shal kitobdan bilib olgan edi….”

Aynan Beruniy asarida ham Hindiston tabiati, undagi ma’danlar, aholining qimmatbaho bezaklarga ixlosi va eng asosiysi, “bizning tekshirishimizcha, yerning shimoliy (ikki) choragidan biri quruqlik bo’lganligidan, uning hamqurt (diametral qarama-qarshisidagi) chorak qismi ham quruqlik bo’lishini taxmin qilamiz”, deyilgan.

Nihoyat, ming mashaqqatlar bilan kemalar 1492 yilning 11 oktyabrida yetib keldi.oldinda kapitan Martin Linsonning “pinti” kemasi bo’lib uning oldingi uchida matros Rodrigo de Triana umidvor holatda ufqqa ko’z tikib borardi.Shunda birdan oy nuri yorug’ligida quruqlikni ko’rib qoldi va “er, yer, yer!!!” deya baqirdi.Kemalardan to’p sadolari yangradi.Shu taxlit 12 oktyabr juma kuni Kolmub va hamrohlari quruqlikka qadam qo’yib, u yerga Ferdinandning bayrog’ini qadab qo’ydi: “Bugundan e’tiboran bu yerlar Ispaniya hukmdori tasarrufida”.Shu tarzda Kolumb bu yerlarni “Vest-Indiya”, G’arbiy Hindiston deb atadi.

Biroq, hindular deya Kolmub atagan xalq Klavixo va Beruniy asarlaridagidek boy kiyim-kechakka o’rangan, nozik didli, taraqqiy etgan sharq aholisiga o’xshamasdi….”Ajoyib, yirik va kichik shaharlarni uchratish umidida ichkariroq kiraverdim” deya yozgandi kundaligiga Kolmub.

Kashfiyotchi o’sha safaridan so’ng ham yangi dunyoga 1493, 1498 va 1502 yillarda tashrif buyurdi va har gal uni Hindiston, deb bildi.Hattoki, 1493 yilning sentyabrida “Hindiston” dan oltin nafar hinduni Ispaniyaga olib kelib, Qirol ferdinand huzuriga kiritdi.Hindular cho’qintirilib, xristianlikka xos ism olishdi.Don Xuan ismini olgan hindu saroyda olib qolinib, qolganlar ortga qaytarildi.Qirol Ferdinand “don Xuan”ni kuzatar ekan, uni Klavixo tasvirlagan hindistonlikka o’xshata olmasdi.

Garchi Kolmub so’zining ustidan chiqib, quruqlikni egallagan bo’lsada, Ispaniya hukmdorlari e’tiboridan chetda qoldi.Buyuk sayyohatchi tushkunlikka va qashshoqlikka tushib qoldi va 1506 yil 20 mayda vafot etdi.Kolmub umri so’ngigacha o’zi borgan joylarni Hindiston deb bilgan va shu xayol bilan olamdan o’tgandi.

077

(Tashriflar: umumiy 1 013, bugungi 1)

Izoh qoldiring