Abdulla Gulshaniy. She’rlar & O‘rolboy Qobil.Bir muhabbat qissasi yoxud Abdulla Gulshaniy kim bo‘lgan?

Ashampoo_Snap_2017.08.14_16h09m38s_001_a.png     Бир бир ижодкор дўстим куйиниб айтиб қолди. Яқинда ўтказилган адабиёт ўқитувчиларининг йиғилишида қатнашишга тўғри келди. Мен қизиқсиниб, ўқитувчилардан: “Абдулла Гулшаний ҳақида ҳам ўқувчиларга маълумотлар берасизларми”? — деб сўрадим. Аввалига улар ажабланиб бир-бирларига қараб олишди.

БИР МУҲАББАТ ҚИССАСИ ЁХУД
АБДУЛЛА ГУЛШАНИЙ КИМ БЎЛГАН?
Ўролбой ҚОБИЛ
09

Ўролбой ҚОБИЛ.pngЎролбой Қобил 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Мактабда муаллим бўлиб узоқ йиллар ишлади. Ҳозир нафақада. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган.

09

Бир бир ижодкор дўстим куйиниб айтиб қолди. Яқинда ўтказилган адабиёт ўқитувчиларининг йиғилишида қатнашишга тўғри келди. Мен қизиқсиниб, ўқитувчилардан: “Абдулла Гулшаний ҳақида ҳам ўқувчиларга маълумотлар берасизларми”? — деб сўрадим. Аввалига улар ажабланиб бир-бирларига қараб олишди. Кейин эса кўксига нишон таққани менга қараб деди:

-Анови “Зарбулмасал”ни ёзганни айтаяпсизми?..

Мен индамадим. Аммо ич-ичимдан бир нима чирт узилиб кетгандек бўлди. Эй, дўстим, мана юртимиз истиқлолга эришганига ҳам йигирма олти йил бўлаяпи. Авваллари шўро тузумини айблардик. Энди-чи? Айтинг, қачон бу лоқайдлик деган балодан қутуламиз, ўзлигимизни англаймиз?…

***

Ғазалхон шоир, таржимон, аруз ва муаммо илмининг билимдони Абдулла Гулшаний 1898 йил март ойида Шаҳрисабзнинг Зингарон маҳалласида косиб Абдураҳмон Фозил ўғли оиласида туғилган. Олти ёшдан тоғаси мулла Мейлининг мактабида ўқиб, 13 ёшида Қуръони Каримни ёд олади ва мударрисларнинг синовидан ўтгач “қори” унвонига эришган.

У 18 ёшга етгач Бухорога бориб Мир Араб мадрасаси толиби бўлади. Навоий, Деҳлавий, Фузулий, Жомий, Фирдавсий, Бобур асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам Гулшаний тахаллуси билан ғазаллар ёзгани сабабли тез орада яхшигина шоир бўлиб танилади. Абдулла Гулшаний дўстлари Салимий ва Воизий билан бирга ғазалларини жамлаб “Туҳфат ул-аҳбоб” (Дўстлар совғаси”) номли девон тузишган.

Дарвоқе, Абдулла Гулшаний 1917 йилнинг ёзида маҳалладоши мулла Худойқулнинг гўзал қизи Ҳикоятхонга уйланади.

Ўша йилларда икки севишган дилнинг бир-бирига йўллаган ишқий мактуби эл-улус орасида машҳур бўлган.

Ҳикоятхон:
Сизга ёзиб юбордим ишқимнинг достонини,
Билмамки бу хатодир, ёки савоб бўлғай?

Абдулла:
Шеърингизни ўқиганда ҳайратда қолмаган ким?
Таҳсину офаринлар ҳам беҳисоб бўлгай.

Ҳикоятхон:
Кўксимдаги муҳаббат ўти шарораликдур,
Ҳар дамда мавж урса, диллар кабоб бўлғай.

Абдулла:
Ҳажрингнинг достонин ёзсам адо бўлурми?
Бирлаб китоб эмас, минглаб китоб бўлгай.

Ҳикоятхон:
Мунча ширин сўзингиз, магар масеҳ эрурсиз,
Жонсиз танимда лаззат жондек шароб бўлгай.

Абдулла:
Зулфинг қаросидин ойдек юзингни кўрсат,
Токи, бу дардмандинг масту хароб бўлғай.

Ҳикоятхон:
Меҳру муҳаббатингиз сийнамда нақш бўлса,
Тасвирингиз дилимда чун офтоб бўлғай.

Абдулла:
Ишқ ичра сабрсизлик охир бу ҳола етди,
Бир кўрмасам жамолинг менга азоб бўлгай.

Ҳикоятхон:
Ишқ-муҳаббатингиз албатта сир тутингиз,
Эл ичра фош бўлса, сизга итоб бўлғай.

Абдулла:
Токайгача бу сирни эл ичра фош қилмай,
Кундан-кун иштиёқим гар беҳисоб бўлғай.

Ҳикоятхон:
Ишқ ичра ҳар икковни мақсадимиз бир эрур,
Мақсадда бўлса бирлик, ул бехилоф бўлғай.
Абдулла:
Ҳижрон азоби ичра мақсад эрур висолинг,
Бу мақсудим ҳақиқат ёки сароб бўлғай.

Ҳикоятхон:
Сизга айтур Ҳикоят сабру таҳаммул айланг,
Арз айлайин дадамга, яхши жавоб бўлғай.

***

Аммо, икки ёшнинг висол онлари узоққа сузилмади.

Ёш Абдулла Гулшаний Бухорода С.Айний, А.Фитрат, М.Беҳбудий, Ф.Хўжаев, Ҳамза Ҳакимзода билан танишиб, “Ёш бухороликлар” ташкилоти ва жадидлар ҳаракатининг фаол аъзосига айланган.

Амирлик айғоқчилари 1919 йилнинг баҳорида отасининг уйида қўлга олиб Шаҳрисабз беги Саид Акромхон тўранинг зиндонига ташлайди. Абдулла зиндондалигида қора ниятли кимсалар Хикоятхонга “Абдуллани зиндонда осиб ўлдиришди”, деган хабарни етказишган. Севганидан айрилган 19 ёшли сулув келинчак захар ичиб жонига қаст қилади.

Абдулла Гулшаний Хикоятхонга бағишлаб кўплаб ўтли ғазаллар битади.

Мен ул ой ҳусну жамолин кўрмасайдим, кошки,
Бир кўриб Мажнуни шайдо бўлмасайдим, кошки,
Фурқатий ишқ ичра бундоғ кймасайдим, кошки,
Ғурбату дард ичра бундоғ тўймасайдим, кошки,
Ё ани кўрган билан ҳам суймасайдим, кошки.

Найлайин эй Гулшаний, ишқида бўлдим мубтало,
Оташи ҳажри фироқида куйиб, бўлдим адо,
Зори нолан, оҳи афғон, бир ишим субҳи со,
Бул эрур наҳил қисмина, қисмати бўлдим ризо,
Ёки ман рўзи азалда бўлмасайдим, кошки,
Ёки бул қисматга ул дам кўнмасайдим, кошки.

***

Энди Абдулла Гулшанийнинг кейинги тақдирини баён этсак:

Ҳокимият шўролар қўлига ўтгач, уни ишга чақиришган. У узоқ йиллар Қарши, Самарқанд, Наманган, Бухоро, вилоятларининг чекка туманларида турли лавозимларда ишлади. Қоракўл тумани “Чорвадор” газетаси муҳаррири ҳам бўлди.

Абдулла Абдураҳмон ўғли Гулшаний 1941 йилдан 1978 йилнинг 28 декабрига қадар Қамаши шаҳрида яшади ва ижод қилиб, 80 ёшида вафот этган.

Абдулла Гулшанийни 1962 йилда Тошкентга ЎзФА тил ва адабиёт институтига ишга таклиф этишган. У қисқа муддат ичида А. Жомийнинг “Рисолаи манзума” асарини форсчадан ўзбек тилига таржима қилди. Шунингдек А.Навоий қаламига мансуб “Мажолис ун-нафоис” асаридан 1000 байтли, “Хазойин ул-маъоний” асаридан 600 сатрли муаммони ечади. Бундан ташқари М.Нишопурийнинг “Муаммо фани қоидалари ҳақида” китобидан 6654 сатр, “Муаммо қоидалари” рисоласидан 1340 сатр, “99 номли муаммо” китобидан 650 сатр муаммоли шеърни ўзбек тилига ўгирган.

Гулшаний домладан бизга 2 жилддан иборат “Гулистони Гулшаний” девони, 3 жилддан иборат тожикча шеърлар тўплами, ўзининг муаммо ва чистонлари жамланган “Муаммиёт” асари, “Тўю тўёна”, “Ариза”, “Кунларим” достонлари мерос бўлиб қолган. Шоирнинг жами 16 минг 854 мисрадан иборат адабий мероси Тошкент қўлёзмалар институтида сақланмоқда.

***

Адиб Саъдулла Сиёев 1971 йилда Қамашига келиб Абдулла Гулшаний билан учрашиб суҳбат қурган ва “Ҳукуматнинг авлиёси” деган бадиа ёзиб газетада эълон қилган.

“Саъдулла Сиёев: — Шунча қўлёзма китоблар ёзибсиз. Буларни бирор ерда бостирсангиз бўлмасмиди?

Гулшаний:- Мана, оққа кўчириб, таёрлаб қўйдим. Кимга керак бўлса, чиқариб олар…”

Эл орасида Абдулла қори номини олган шоирнинг башоратчи ва кароматгуйлиги ҳақида гап-сўзлар юради.

Мана шулардан биттаси. 1970 йил баҳор қурғоқчил келиб, экин-текинлар, айниқса пахта қожирай бошлаган. Туман фирқаси биринчи котиби М. Аллаёров Абдулла Гулшанийни чақириб, қачон ёмғир ёғишини сўрайди. Абдулла қори ҳисоб-китоб қилиб, “Келаётган жума куни пешиндан сўнг кучли жала бўлади”, деб жавоб беради. Айтилган куни тушдан сўнг ёмғир ёға бошлаган. Котиб ҳам мардлик қилиб қори бобони “Жигули” енгил машина билан мукофотлаган.

***

Қамаши шаҳри яқинида Қамай деб номланган қишлоқ бор. Қишлоқ ўзининг достончи бахшилари ва тилими тилни ёрадиган қовунлари билан машҳур. Дарвоқе бу макондан бутун республикага таниқли жарроҳ, шоир ва адиб тиббиёт фанлари доктори Жуманазар Бекназар етишиб чиққан. Қамайликлар эса Абдулла Гулшаний қаламига мансуб “Кўрдим Қамайда бир пари” шеърини ҳамон тўйларда, базмларда айтиб юришади.

Шеърдан бир парча:

Кўрдим Қамайда бир пари, ҳайронидир ёши-қари,
Кетди равон уйи сари, бир гавҳари кимё экан.

Овораси бўлдим нетай, қайга бошим олиб кетай?
Асло Қамай бормай кетай, бир фитналик наво экан.

Ишқин ани мен мубтало, қилмай дедим кўнглимга жо,
Бўлмас экан во ҳасрато, мумкин эмас савдо экан.

Боз кўрсайдим ани жоним, нисор этсам эди қани,
Олам деган бу Гулшаний, бир ошиқу шайдо экан.

***

Абдулла Гулшанийнинг шогирди журналист, шоир ва адиб Абдивой Раҳим Қамаши тумани газетасида ишлаб юрган кезларида шоир билан кўп бора учрашиб суҳбат қуриб, хотираларини ёзиб олган. Орадан йиллар ўтиб, унинг елиб-югуришлари туфайли Абдулла Гулшанийнинг “Алвидо” номли ғазаллар тўплами ва “Абдулла Гулшаний “ номли хотиралар китоби нашр этилди. Устозининг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўнлаб мақолалар, “Тонгда сўлиган лола” пьесса ёзиб чоп эттирди.

Кунларнинг бирида домла қўлимга бир нечта варақ тутқазиб деди:

-Шуларни компьютерда кўчириб берсанг, биласанми, янаги баҳорда Абдулла Гулшаний бобонинг туғилганига 120 йил тўлади. Шаҳрисабз ҳокимига хат ташламоқчиман. Ахир, Шаҳри Кеш алломанинг туғилган шаҳри. Бир ўйлаб кўришар…

Орадан анча кунлар ўтиб домлани яна учратиб қолдим.

-Машина ёллаб, Шаҳрисабзга бордим. Афсус, ҳоким қаёққадир кетган экан. Ёрдамчисига хатни ташлаб, тайинлаб келдим. Бирор натижа бўлиб қолар…

Абдулла Гулшанийнинг мероси ҳали ўрганилган эмас. Кунларнинг бирида пойтахтдаги ЎзФА А. Р. Беруний номли шарқшунослик илмий текшириш институти катта илмий ходими, қатор ўқимишли китоблар муаллифи Абдусаттор Жуманазардан бу ҳақида сўрадим.

-Абдулла Гулшаний ажойиб ғазалнавист шоиргина эмас, етук олим ва таржимон ва яна ислом илмининг билимдони бўлган. У кишининг илмий-адабий меросини бир нечта олимлар ўрганишган. Аммо, уни кенг оммага етказиш яъни китоб қилиб чоп этишга қолганда, яна ўша маблағ масаласи муаммо бўлиб турибди-да…

Ҳа, Абдулла Гулшаний Қашқа воҳасидан етишиб чиққан етук ижодкор эди. У киндик қони тукилган Шаҳрисабзни бир умр соғиниб яшади ва тақдир ҳукми боис Қамашида умргузаронлик қилди. Абдулла Гулшанийдек аллома ижодини эл бойлигига айлантириш ҳақида биринчилардан бўлиб Шаҳрисабз ва Қамашилик мутассадилар ўйлашлари ва амалий ишларни бажаришлари лозим эмасми? Сиз нима дейсиз?..

Қамаши

3l5cbOftKug.jpg Bir bir ijodkor do‘stim kuyinib aytib qoldi. Yaqinda o‘tkazilgan adabiyot o‘qituvchilarining yig‘ilishida qatnashishga to‘g‘ri keldi. Men qiziqsinib, o‘qituvchilardan: “Abdulla Gulshaniy haqida ham o‘quvchilarga ma’lumotlar berasizlarmi”? — deb so‘radim. Avvaliga ular ajablanib bir-birlariga qarab olishdi.

BIR MUHABBAT QISSASI YOXUD
ABDULLA GULSHANIY KIM BO‘LGAN?
O‘rolboy QOBIL
09

O‘rolboy Qobil 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Maktabda muallim bo‘lib uzoq yillar ishladi. Hozir nafaqada. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan.

09

Bir bir ijodkor do‘stim kuyinib aytib qoldi. Yaqinda o‘tkazilgan adabiyot o‘qituvchilarining yig‘ilishida qatnashishga to‘g‘ri keldi. Men qiziqsinib, o‘qituvchilardan: “Abdulla Gulshaniy haqida ham o‘quvchilarga ma’lumotlar berasizlarmi”? — deb so‘radim. Avvaliga ular ajablanib bir-birlariga qarab olishdi. Keyin esa ko‘ksiga nishon taqqani menga qarab dedi:

-Anovi “Zarbulmasal”ni yozganni aytayapsizmi?..

Men indamadim. Ammo ich-ichimdan bir nima chirt uzilib ketgandek bo‘ldi. Ey, do‘stim, mana yurtimiz istiqlolga erishganiga ham yigirma olti yil bo‘layapi. Avvallari sho‘ro tuzumini ayblardik. Endi-chi? Ayting, qachon bu loqaydlik degan balodan qutulamiz, o‘zligimizni anglaymiz?…

***

Ashampoo_Snap_2017.08.04_16h42m38s_002_y.pngG‘azalxon shoir, tarjimon, aruz va muammo ilmining bilimdoni Abdulla Gulshaniy 1898 yil mart oyida Shahrisabzning Zingaron mahallasida kosib Abdurahmon Fozil o‘g‘li oilasida tug‘ilgan. Olti yoshdan tog‘asi mulla Meylining maktabida o‘qib, 13 yoshida Qur’oni Karimni yod oladi va mudarrislarning sinovidan o‘tgach “qori” unvoniga erishgan.

U 18 yoshga yetgach Buxoroga borib Mir Arab madrasasi tolibi bo‘ladi. Navoiy, Dehlaviy, Fuzuliy, Jomiy, Firdavsiy, Bobur asarlarini o‘rganish bilan birga o‘zi ham Gulshaniy taxallusi bilan g‘azallar yozgani sababli tez orada yaxshigina shoir bo‘lib taniladi. Abdulla Gulshaniy do‘stlari Salimiy va Voiziy bilan birga g‘azallarini jamlab “Tuhfat ul-ahbob” (Do‘stlar sovg‘asi”) nomli devon tuzishgan.

Darvoqe, Abdulla Gulshaniy 1917 yilning yozida mahalladoshi mulla Xudoyqulning go‘zal qizi Hikoyatxonga uylanadi.

O‘sha yillarda ikki sevishgan dilning bir-biriga yo‘llagan ishqiy maktubi el-ulus orasida mashhur bo‘lgan.

Hikoyatxon:
Sizga yozib yubordim ishqimning dostonini,
Bilmamki bu xatodir, yoki savob bo‘lg‘ay?

Abdulla:
She’ringizni o‘qiganda hayratda qolmagan kim?
Tahsinu ofarinlar ham behisob bo‘lgay.

Hikoyatxon:
Ko‘ksimdagi muhabbat o‘ti sharoralikdur,
Har damda mavj ursa, dillar kabob bo‘lg‘ay.

Abdulla:
Hajringning dostonin yozsam ado bo‘lurmi?
Birlab kitob emas, minglab kitob bo‘lgay.

Hikoyatxon:
Muncha shirin so‘zingiz, magar maseh erursiz,
Jonsiz tanimda lazzat jondek sharob bo‘lgay.

Abdulla:
Zulfing qarosidin oydek yuzingni ko‘rsat,
Toki, bu dardmanding mastu xarob bo‘lg‘ay.

Hikoyatxon:
Mehru muhabbatingiz siynamda naqsh bo‘lsa,
Tasviringiz dilimda chun oftob bo‘lg‘ay.

Abdulla:
Ishq ichra sabrsizlik oxir bu hola yetdi,
Bir ko‘rmasam jamoling menga azob bo‘lgay.

Hikoyatxon:
Ishq-muhabbatingiz albatta sir tutingiz,
El ichra fosh bo‘lsa, sizga itob bo‘lg‘ay.

Abdulla:
Tokaygacha bu sirni el ichra fosh qilmay,
Kundan-kun ishtiyoqim gar behisob bo‘lg‘ay.

Hikoyatxon:
Ishq ichra har ikkovni maqsadimiz bir erur,
Maqsadda bo‘lsa birlik, ul bexilof bo‘lg‘ay.
Abdulla:
Hijron azobi ichra maqsad erur visoling,
Bu maqsudim haqiqat yoki sarob bo‘lg‘ay.

Hikoyatxon:
Sizga aytur Hikoyat sabru tahammul aylang,
Arz aylayin dadamga, yaxshi javob bo‘lg‘ay.

***

Ammo, ikki yoshning visol onlari uzoqqa suzilmadi.

Yosh Abdulla Gulshaniy Buxoroda S.Ayniy, A.Fitrat, M.Behbudiy, F.Xo‘jayev, Hamza Hakimzoda bilan tanishib, “Yosh buxoroliklar” tashkiloti va jadidlar harakatining faol a’zosiga aylangan.

Amirlik ayg‘oqchilari 1919 yilning bahorida otasining uyida qo‘lga olib Shahrisabz begi Said Akromxon to‘raning zindoniga tashlaydi. Abdulla zindondaligida qora niyatli kimsalar Xikoyatxonga “Abdullani zindonda osib o‘ldirishdi”, degan xabarni yetkazishgan. Sevganidan ayrilgan 19 yoshli suluv kelinchak zaxar ichib joniga qast qiladi.

Abdulla Gulshaniy Xikoyatxonga bag‘ishlab ko‘plab o‘tli g‘azallar bitadi.

Men ul oy husnu jamolin ko‘rmasaydim, koshki,
Bir ko‘rib Majnuni shaydo bo‘lmasaydim, koshki,
Furqatiy ishq ichra bundog‘ kymasaydim, koshki,
G‘urbatu dard ichra bundog‘ to‘ymasaydim, koshki,
Yo ani ko‘rgan bilan ham suymasaydim, koshki.

Naylayin ey Gulshaniy, ishqida bo‘ldim mubtalo,
Otashi hajri firoqida kuyib, bo‘ldim ado,
Zori nolan, ohi afg‘on, bir ishim subhi so,
Bul erur nahil qismina, qismati bo‘ldim rizo,
Yoki man ro‘zi azalda bo‘lmasaydim, koshki,
Yoki bul qismatga ul dam ko‘nmasaydim, koshki.

***

Endi Abdulla Gulshaniyning keyingi taqdirini bayon etsak:

Hokimiyat sho‘rolar qo‘liga o‘tgach, uni ishga chaqirishgan. U uzoq yillar Qarshi, Samarqand, Namangan, Buxoro, viloyatlarining chekka tumanlarida turli lavozimlarda ishladi. Qorako‘l tumani “Chorvador” gazetasi muharriri ham bo‘ldi.

Abdulla Abdurahmon o‘g‘li Gulshaniy 1941 yildan 1978 yilning 28 dekabriga qadar Qamashi shahrida yashadi va ijod qilib, 80 yoshida vafot etgan.

Abdulla Gulshaniyni 1962 yilda Toshkentga O‘zFA til va adabiyot institutiga ishga taklif etishgan. U qisqa muddat ichida A. Jomiyning “Risolai manzuma” asarini forschadan o‘zbek tiliga tarjima qildi. Shuningdek A.Navoiy qalamiga mansub “Majolis un-nafois” asaridan 1000 baytli, “Xazoyin ul-ma’oniy” asaridan 600 satrli muammoni yechadi. Bundan tashqari M.Nishopuriyning “Muammo fani qoidalari haqida” kitobidan 6654 satr, “Muammo qoidalari” risolasidan 1340 satr, “99 nomli muammo” kitobidan 650 satr muammoli she’rni o‘zbek tiliga o‘girgan.

Gulshaniy domladan bizga 2 jilddan iborat “Gulistoni Gulshaniy” devoni, 3 jilddan iborat tojikcha she’rlar to‘plami, o‘zining muammo va chistonlari jamlangan “Muammiyot” asari, “To‘yu to‘yona”, “Ariza”, “Kunlarim” dostonlari meros bo‘lib qolgan. Shoirning jami 16 ming 854 misradan iborat adabiy merosi Toshkent qo‘lyozmalar institutida saqlanmoqda.

***

Adib Sa’dulla Siyoyev 1971 yilda Qamashiga kelib Abdulla Gulshaniy bilan uchrashib suhbat qurgan va “Hukumatning avliyosi” degan badia yozib gazetada e’lon qilgan.

“Sa’dulla Siyoyev: — Shuncha qo‘lyozma kitoblar yozibsiz. Bularni biror yerda bostirsangiz bo‘lmasmidi?

Gulshaniy:- Mana, oqqa ko‘chirib, tayorlab qo‘ydim. Kimga kerak bo‘lsa, chiqarib olar…”

El orasida Abdulla qori nomini olgan shoirning bashoratchi va karomatguyligi haqida gap-so‘zlar yuradi.

Mana shulardan bittasi. 1970 yil bahor qurg‘oqchil kelib, ekin-tekinlar, ayniqsa paxta qojiray boshlagan. Tuman firqasi birinchi kotibi M. Allayorov Abdulla Gulshaniyni chaqirib, qachon yomg‘ir yog‘ishini so‘raydi. Abdulla qori hisob-kitob qilib, “Kelayotgan juma kuni peshindan so‘ng kuchli jala bo‘ladi”, deb javob beradi. Aytilgan kuni tushdan so‘ng yomg‘ir yog‘a boshlagan. Kotib ham mardlik qilib qori boboni “Jiguli” yengil mashina bilan mukofotlagan.

***

Qamashi shahri yaqinida Qamay deb nomlangan qishloq bor. Qishloq o‘zining dostonchi baxshilari va tilimi tilni yoradigan qovunlari bilan mashhur. Darvoqe bu makondan butun respublikaga taniqli jarroh, shoir va adib tibbiyot fanlari doktori Jumanazar Beknazar yetishib chiqqan. Qamayliklar esa Abdulla Gulshaniy qalamiga mansub “Ko‘rdim Qamayda bir pari” she’rini hamon to‘ylarda, bazmlarda aytib yurishadi.

She’rdan bir parcha:

Ko‘rdim Qamayda bir pari, hayronidir yoshi-qari,
Ketdi ravon uyi sari, bir gavhari kimyo ekan.

Ovorasi bo‘ldim netay, qayga boshim olib ketay?
Aslo Qamay bormay ketay, bir fitnalik navo ekan.

Ishqin ani men mubtalo, qilmay dedim ko‘nglimga jo,
Bo‘lmas ekan vo hasrato, mumkin emas savdo ekan.

Boz ko‘rsaydim ani jonim, nisor etsam edi qani,
Olam degan bu Gulshaniy, bir oshiqu shaydo ekan.

***

Abdulla Gulshaniyning shogirdi jurnalist, shoir va adib Abdivoy Rahim Qamashi tumani gazetasida ishlab yurgan kezlarida shoir bilan ko‘p bora uchrashib suhbat qurib, xotiralarini yozib olgan. Oradan yillar o‘tib, uning yelib-yugurishlari tufayli Abdulla Gulshaniyning “Alvido” nomli g‘azallar to‘plami va “Abdulla Gulshaniy “ nomli xotiralar kitobi nashr etildi. Ustozining hayoti va ijodi haqida o‘nlab maqolalar, “Tongda so‘ligan lola” pyessa yozib chop ettirdi.

Kunlarning birida domla qo‘limga bir nechta varaq tutqazib dedi:

-Shularni kompyuterda ko‘chirib bersang, bilasanmi, yanagi bahorda Abdulla Gulshaniy boboning tug‘ilganiga 120 yil to‘ladi. Shahrisabz hokimiga xat tashlamoqchiman. Axir, Shahri Kesh allomaning tug‘ilgan shahri. Bir o‘ylab ko‘rishar…

Oradan ancha kunlar o‘tib domlani yana uchratib qoldim.

-Mashina yollab, Shahrisabzga bordim. Afsus, hokim qayoqqadir ketgan ekan. Yordamchisiga xatni tashlab, tayinlab keldim. Biror natija bo‘lib qolar…

Abdulla Gulshaniyning merosi hali o‘rganilgan emas. Kunlarning birida poytaxtdagi O‘zFA A. R. Beruniy nomli sharqshunoslik ilmiy tekshirish instituti katta ilmiy xodimi, qator o‘qimishli kitoblar muallifi Abdusattor Jumanazardan bu haqida so‘radim.

-Abdulla Gulshaniy ajoyib g‘azalnavist shoirgina emas, yetuk olim va tarjimon va yana islom ilmining bilimdoni bo‘lgan. U kishining ilmiy-adabiy merosini bir nechta olimlar o‘rganishgan. Ammo, uni keng ommaga yetkazish ya’ni kitob qilib chop etishga qolganda, yana o‘sha mablag‘ masalasi muammo bo‘lib turibdi-da…

Ha, Abdulla Gulshaniy Qashqa vohasidan yetishib chiqqan yetuk ijodkor edi. U kindik qoni tukilgan Shahrisabzni bir umr sog‘inib yashadi va taqdir hukmi bois Qamashida umrguzaronlik qildi. Abdulla Gulshaniydek alloma ijodini el boyligiga aylantirish haqida birinchilardan bo‘lib Shahrisabz va Qamashilik mutassadilar o‘ylashlari va amaliy ishlarni bajarishlari lozim emasmi? Siz nima deysiz?..

Qamashi

Abdulla Gulshaniy haqida va she’rlari

001

(Tashriflar: umumiy 339, bugungi 1)

Izoh qoldiring