Alisher Ibodinov. Qo’rboshi Madaminbek & Xurshid Davron. O’zbek o’zligini bilsin & O’zanini topar daryolar (1997). Videofilm

1ee11664299c978ba3b0257771066886.jpg    Ёлғон айтиш қулнинг қисмати, озод одам қисмати ҳақиқатни айтишдир, дейди қадимги юнон донишманди Апаллон. Узоқ йиллар давомида босмачилик деб аталган миллий-озодлик ҳаракатини тарихий воқеликдан узган тарзда, ўша воқеалардан анча вақт ўтганидан фойдаланиб, фақат совет ҳокимияти манфаатларини кўзлаб, айрим шахсларни ўша давр қатламларидан юлиб олиб ё қораладилар ёки уни ўзлари истаган тарзда тасвирладилар, босқинчини қаҳрамон, миллатнинг асл фарзандларини душман деб кўрсатдилар.

Хуршид ДАВРОН
ЎЗБЕК ЎЗЛИГИНИ БИЛСИН*
08

  Ватан фақат макон тушунчаси эмас, у энг аввало маърифий мазмунга эга, миллат хотирасанинг узвийлигини билдирадиган маънавий қадриятдир, Ватанни ўзи яшаб турган маълум макон ва замон деб билувчи одамлар аслида ўзларини Ватандан айри тушунадилар. Ватан инсон ботинида — унинг вужудида бўлган тақдирдагина кучли ва эҳтиросли қувватга айланади. Ватан — ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиздир. Ватан ғояси деган тушунчани изоҳлаш керак бўлса, мен бу аждодлар ёдини авайлаб сақлаш, улардан мерос қолган маданиятни, илм-фанни ўрганиш, тараққий эттириш деб уқтирар адим. Аждодлар хотирасини асраш эса фақат маърифатли киши қўлидан келади. Шу сабабдан ҳам буюк олмон файласуфи Ҳегел: «Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади», деб айтгани бежиз эмас.

Ashampoo_Snap_2017.12.21_16h24m51s_002_a.pngВатанимиз бўлмиш Туркистон тарихи ҳеч қачон тинмаган жанглар тарихи, юртимиз ҳудудларини бузиб кирган босқинчи душманларга қарши кураш тарихи, аёвсиз курашлар мобайнида элимиз озодлиги ва равнақи учун жонини аямаган халқ ўғлонлари ва қизлари жасорати тарихидан иборатдир. Ватан душманлари билан бўлган юзма-юз жангларда фидойилик кўрсатган Тўмарис, Широқ, Мате (Ботир тангриқут), Спитамен, Жалолидин Хоразмшоҳ, Темурмалик, Маҳмуд Таробий, Бобон ботир, Пўлатхон, Султон Содиқ, Номоз каби халқ қаҳрамонлари номи халқ хотирасида абадий муҳрланди.

Сўнгги бир неча асрлик кечмишимиз ҳам фожиаларга тўла кечди. Бир пайтлар буюк Темур бобомиз томонидан ягона давлатга бирлаштирилган Туркистон ноқобил ҳукмдорларнинг тожу тахт талашишлари туфайли бўлиниб — парчаланиб кетди. Оқибатда юртимиз сарҳадларига босқинчи Россия қўшинларининг қадами етганда ҳам шаклан, ҳам маънавий жиҳатдан бўлинган Туркистон бу яғмога қаршилик кўрсатишга ожизлик қалди. Ўлка ҳукмдорлари ўз қалбларини боболар ёдидан узгани учунгина эмас, балки миллий ҳамжиҳатликни унутгани учун ҳам енгилдилар. Ярим асрдан зиёд чўзилган асоратдан сўнг Россияда бошланган тўнтаришу инқилоблар туфайли Туркистон аҳолиси озодликка чиқаман деб ўйлаган эди. Бироқ, бу орзуси ҳам чиппакка чиқди. У иккинчи маротаба босиб олинди — бу гал ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олган большевиклар томонидан забт этилди. Халқлар ўртасида тенглик ғоясини шиор қилиб кўтарган алдамчи ва ёвуз Ленин бошлиқ фирқага аслида факат ҳокимият, ҳокимият бўлгандаям, бутун Рус империяси устидан ҳокимият керак эди. Бу мақсад йўлида улар ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмадилар. Инқилоб, аслида бир ҳовуч одамнинг ҳокимиятга чиқиб олиши учун зарур бўлгани тезда ошкор бўлди.

Советшунос олим А. Паркнннг ёзишича, 1917 йил воқеалари Туркистон ўлкаси халқлари учун икки тур инқилобни: овруполик ишчи ва солдатларнииг пролетар инқилоби ва маҳаллий аҳоли ўрта табақасининг миллий-буржуа инқилобини вужудга келтирган эда. Биринчи инқилоб, колониал хусусиятга эга бўлиб, Туркистонда руслар мавқеини сақлашга хизмат қилса, иккинчи инқилоб Туркистон ўлкасини руслар асоратидан олиб чиқиш, миллий истиқлол ғояларини олға сурган эди.

Асосан овруполиклардан иборат большевиклар фирқаси Туркистонни қўлдан чиқаришни истамасди, улар бу ҳудуд «коммунистик империя» учун обу ҳаводек зарур эканлигини билишарди. Улар худди чор амалдорлари каби Туркистон ўлкасида мавжуд бойликларнинг нақадар кўплигидан яхши хабардор эди. Аммо Туркистон ўлкасида яшовчи халқлар уларнинг бу ниятларига қарши эдилар, улар озод ва мустақил яшашни истардилар. Аслида Чор Росскисининг бу чет ҳудудида, тарих дарсликларида ёзилганидек, большевик инқилоби ғалаба қилган эдими, маҳаллий аҳоли большевикларга эргашганмиди? Йўқ, албатта! Туркистон халқлари миллий зиёлилари инқилоб арафасидаёқ минг бир машаққат билан ўз ватанларини асорат ва қолоқликдан халос этмоқ учун курашга чоғланган эдилар. Улар мустақил давлат барпо этиш ниятида ўз ҳаётларини фидо қилишга тайёр ҳолда сиёсий жанглар ичида эдилар.

Инқилобнинг дастлабки паллаларида бир қатор маҳаллий зиёлилар большевикларнинг миллий масала соҳасида эълон қилган шиорларига алданиб, уларнинг хизматига ўтдилар.

Большевикларнин шиорлари гўзал ва умуминсоний эди. 1914 йилдаёқ Ленин миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқи масаласини кўтариб чиққан, ҳатто фирқа конференцияларининг бирида у: «Биз бундай деб айтамиз: эй рус халқи, Филландияга зўравонлик қилма! Бошқа халқларга зулм қилувчи халқнинг ўзи озод бўлиши мумкин эмас». Бу ғоя Ленин ҳокимият тепасига келгандан кейин қабул қилинган бир қатор ҳужжатларда ҳам аксини топди. Шунингдек, «Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси”да халқларнинг ажралиб чиқиб, мустақил давлат тузишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқи тан олинди, ҳар қандай миллий, диний имтиёзлар ва чеклашлар бекор қилинди. Бу ғоя «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига мурожаат”да ҳам ошкор этилди. Бу мурожаатда: «Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳазур туза берингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз »,—деб қайд қилинган эди. Аммо бу хитобларнинг барчаси қоғозларда қолиб кетди. Бундай умумбашарий ғояларнинг эълон қилиниши инқилобнинг дастлабки босқичида Ленин бошлиқ коммунистик фирқа ҳокимиятни ҳали тўла қўлга ола билмагани, у бошқа фирқалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлгани ва халқ оммасини, энг аввало зиёлиларни ўз томонига ағдариб олишга уриниши билан изоҳланарди, холос.

Кўп вақт ўтмай Туркистон зиёлилари бу ғоялар аслида шиордан бошқа нарса эмаслигини, амалда бутунлай бошқача ишлар бўлаётганини тўла англаб етдилар. Зўрлик билан эгалланган Туркистондаги большевик ҳокимиятида маҳаллий халқ вакилларининг жалб этилмагани, маҳаллий аҳолини очиқдан-очиқ онгсизликда, нодонлик ва сиёсий саводсизликда айблаб таҳқирлаш, большевиклар ўлкада ўзаро урушни авж олдирганлари туфайли деҳқончилик тўхтаб қолгани, очлик бошлангани, Россиядан баъзан келиб турадиган ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини фақат овруполикларга тақсимлаш, маҳаллий халқнинг миллий онгини ўстиришга хизмат қиладиган матбуот нашрларни таъқиқлаш, маҳаллий халқларни бир-бирига гиж-гижлаш —большевиклар сиёсати мана шулардан иборат эди.

Большевикларга алданганлардан бири Турор Рисқулов Туркистон компартиясининг III ўлка съездида сўзлаган нутқида изтиробини яширмасдан очиқ айтган эди: «Партиядош ўртоқларимиз бутун мусулмон пролетариатидан шубҳаланадилар… Бундан ташқари уларни қамаб қўямиз деб дўқ қилмоқдалар. Мусулмонларнинг бор-йўқларини тортиб олмоқдалар, тортиб олибгина қолмай, ўлдирмоқдалар ҳам. Қишлоқларда аҳоли даҳшатга тушиб қочиб кетяпти. Ва ўғрилар (аслида миллий—озодлик ҳаракати қатнашчилари.X. Д.) кўпайиб боряпти. Лекин кимдир партиямас, қизил қўшин зўравонлик қиляпти деб эътироз билдириши мумкин. Аммо партия раҳнамо. Барча ҳокимият ташкилотларига партиявий ўртоқлар раҳбарлик қилишяпти, лекин улар аҳволни яхшилаш учун ҳеч қандай чора кўрмаяптилар. Уларнинг ҳомийлиги остида ҳамма жойда ичкиликбозлик ва номаъқул ишлар авж оляпти, бинобарин, партия мана шулар учун айбдор, албатта…Мусулмонларни қийнамоқдалар, уларни ҳатто отиб ташламоқдалар»

Т. Рисқулов нутқи давомида бундан ҳам даҳшатли манзарани чизади: «Ўртоқлар, биз камбағал мусулмонлар Николай замонида ваҳший ҳайвон аҳволида қандай яшаган бўлсак, ҳозир пролетар ҳукуматимиз даврида ҳам аҳволимиз худди ўшандай. Ҳатто ундан баттар аҳволдамиз, гарчи мана шундай аҳволда Совет ҳокимиятига қаршилик қилмай, имкони борича унга ёрдам бераётган бўлсак-да, шундай аҳволдамиз. Биз зулматда оч-яланғоч яшаб, итдек кафансиз ўлиб кетаётганимизга ким айбдор? Аммо мен айбдорни тўғридан-тўғри кўрсатиб беролмаймаи, мен бундай дейман: коммунистлар программаси жуда мақбул ва тўғри программа, бизнинг ҳокимият вакиллари нима сабабдан унга амал қилмайдилар, буни мен билмайман, чамаси улар билмаганларидан ёки жўрттага кўзни чирт юмиб шундай қиладилар, устига-устак улар программага қарши ҳаракат қиляптилар. Чунки улар капиталистларга қарши курашамиз, дейдилар, шу баҳона билан боримизни тортиб олиб, ўз ҳамёнларини қаппайтира бошладилар. Наҳотки ҳокимият программаси шундай бўлса? Бундай эмас, албатта. Мен зараркунанда бойлар ҳақида гапираётганим йўқ, аммо мисол учун, бир камбағал пролетарнинг битта оти ва араваси бор эди, юк ташиб оиласини боқарди. Қизил аскарлардан биттаси келиб, ҳеч қандай ҳақ тўламасдан отини тортиб олади, бунинг касофатига унинг оиласи оч-яланғоч қолади. Наҳотки, бу ҳам программага мувофиқ бўлса? Бойларни шилиш баҳонасида шаҳардаги 84000 аҳолининг ҳаммасини талашган. Шу тўғрими, ахир? Намангандан келтирилган молнинг ҳаммаси, ҳатто қулфгача мусодара қилинган: наҳотки, шунча мол ёниб кетган ва бошиданоқ сотила бошлаганмиди?

Баъзи кишиларни қуролинг бор, деб айблаб ҳибсга олганлар. Қуролни топа олмаганларидан кейин ва маълумот йўқлиги сабабли озод қилганлар, 5-10 минг жарима солганлар. Бу пул қаёққа кетган, советларнннг хазинасигами ёки киссагами. Агарда киссага кирган бўлса, сизнингча бу тўғрими?

Ҳокимиятни ишончли ҳокимият деб биламан, аммо мана шу ҳокимият ҳокимлари бўлмиш ўртоқлар аслида нима қилдилар? Улар фақат ўзларининг ўрисларини ажратиб олиб ҳимоя қилдилар, яхши едириб-ичирдилар, яхши кийинтирдилар, ўз уйларини бегоналарнинг тортиб олинган шойи мато ва бошқа қимматбаҳо буюмлари билан безадилар, аммо мусулмонларга нима каромат кўрсатдилар? Едириб ичирдиларми? Йўқ! Кийинтирдиларми? Йўқ! Агар кийинтирганларида, камбағаллар ялангоёқ юрмасди, агар едириб-ичирганларида минг-минглаб очлар ўлмасди. Бизникиларнинг нимаси қолди? Йиртиқ-ямоқ кўрпа-тўшагидан бошқа ҳеч вақоси қолмади.

Бизнинг қизил қўшин қисмлари тинч аҳолига жабр қилмоқдалар».

Бундай манфур сиёсат норозилик уйғотмаслиги мумкин эмас эди. Зеро, бу чор Россияси амалдорлари юргизган сиёсатдан фарқ қилмас, ҳатто зулм қилишда улардан ўтказарди. Халқ чор империяси зулмини унутмаган эди. Бор-йўғи бир йилча аввал Россия ҳукумати мардикорликка олинишига қарши кўтарилган халқ исёнини бостириш баҳонасида Туркистон халқларини қирғин қилиш — геноцид билан шуғуллангани ёдида эди. Қўзғолонни бостириш оқибатлари муҳокама этилган Россия давлат думаси мажлисида Александр Керенский (Туркистонда туғилиб, ўсган; кейинчалик вақтли ҳукуматнинг бошлиғи қилиб сайланган рус давлат арбоби) геноцид бўлганини ошкора тан олиб, шундай деган эди: «Бошдан-оёқ қуролланган пиёда аскарлар, тўпчилар ва отлиқлардан иборат жазо отряди ўз йўлда учраган ҳар бир аҳоли манзилини таг-туби билан йўқотиш, аҳолини бир бошдан, на жинси ва на ёшига қарамасдан ўлдириш билан шуғулланган: эмизикли болалар, чолу кампирлар беаёв қиличдан ўтказилган. Тоққа қочган, асосан хотин-халаж ва мурғак болалардан иборат аҳоли совуқ ва очликдан ҳалок бўлганлар».

Қарайб 6 ой давом этган 1916 йил қўзғолонида 673 минг киши ўлдирилган, 163 минг киши Сибирга сургун қилинган, 300 мингдан ортиқ аҳоли Шарқий Туркистонга қочиб жон сақлашга мажбур бўлган эди. Бир миллиондан зиёд бу аҳолининг молу мулки қўзғолонни бостиришда қатнашган рус аскарлари ва деҳқонларига тарқатилган (Россиянинг тарихидан маълумки, руслар ҳамиша ўз айбларини яшириб, ғалабаларини ошириб ҳисоб-китоб қилганлар, Айни шу сабабдан юқорида келтирилган рақамлар анча пасайтириб олинганига шак-шубҳа қилмаслик керак).

Большевиклар юргизган зулмкор сиёсат чор Россиясининг 1916 йилда амалга оширган қатлиом сиёсатидан деярли фарқ қилмас эди.

Туркистон халқларининг миллий истиқлолга бўлган интилишлари чексиз ва юксак эди. Шу интилиш оқибатида 1917 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган Туркистон мусулмонлари қурултойида Туркистон мухтор жумҳуриятини барпо этиш режаси туғилди.

1917 йилнинг 22 ноябрида комиссар Павел Полтарацкий Самарқандда Мустафо Чўқай билан олиб борган сўзлашувларида унга советларнинг Тошкентдаги халқ комиссарлари шўроси раислигини қабул қилишни таклиф этди. Мустафо Чўқай таклифни қатъиян рад этди. 1917 йилнинг 9 декабрида Кўқондаги хон саройида 203 туркистонлик вакил қатнашган Туркистон ўлкаси тўртинчи қурултойи очилди. 10 декабрда Россия федерацияси таркибида Туркистон маҳаллий мухтор жумҳурияти тузишга қарор этилди. Қурултой мухтор жумҳуриятнинг ижроия қўмитаси — ҳукуматини тузди. Ҳукумат раислигига дастлаб Муҳаммаджон Тинисбой ўғли, кейинчалик ташқи ишлар вазирлигига тайинланган Мустафо Чўқай, мудофаа вазирлигига Убайдуллахўжа, ички ишлар вазирлигига Абдураҳмон Ўроз ўғли, молия вазирлигига Шоҳ Аҳмад ўғли, озиқ-овқат ишлари вазирлигига Обиджон Маҳмад ўғли, маориф вазирлигига Носирхон тўра, қурилиш вазирлигига Миродил, зироат вазирлигига Ҳидоят Оға ўғли сайландилар.

1917 йилнинг 10 декабрида Туркистон мухтор жумҳурияти тузилгани ҳақидаги қарор қуйидаги жумлалардан иборат эди: «Тўртинчи Туркистон фавқулодда ўлка қурултойи Русия инқилоби асосларига таяниб, Туркистон халқларининг истаги ва орзусини ифода этади, Туркистонни демократик, федератив Русия жумҳуриятининг маҳаллий мухториятига эга бир қисми деб эълон этади. Мухторият шаклини белгилаш яқинда тўпланадиган Туркистон таъсис мажлисининг ихтиёрига топширилади. Қурултой Туркистондаги майда халқлар ҳуқуқининг ҳар томондан муҳофаза этилишини тантанали суратда эълон этади”.

Аммо Тошкендаги биринчи ва иккинчи Сибирь ўқчи полклари ва армани дашноқлари  кучига таянган рус большевикларидан  иборат Туркистон халқ комиссарлари совети бу қонуний ҳукуматни тнм олмади ва очиқдан-очиқ унга қарши кураш бошлади.

1918 йилнинг 18 февралидан 19-чига ўтар кечаси комиссар Перфильев қўмондонлиги остидаги рус қизил қўшини  ва дашноқлар Қўқонга ҳужум бошлади. Уч кунлик тўхтовсиз тўпга тутиш оқибатида ёндирилган, вайрон этилган Қўқон мағлуб бўлди. Ўн мингдан ортиқ юртдошимиз истиқлол йўлида қурбон бўлди. Шундан кейин Фарғона водийсини бўйсундириш ҳарбий жараёни бошланди. Беаёв жанглар давомида 180 дан ортиқ қишлоқ кули кўкка совурилди, Марғилонда 7000, Андижонда 6000, Наманганда 2000, Бўзқўрғон ва Кўқонқишлокда 4500 киши ўлдирилдн. Чор Россияси даврида бошланган геноцид қайта авжга чиқди. Халқ ўзини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олишга мажбур бўлди. Тўхтовсиз қирғин-барот манзилига айланган водийда тинч меҳнат қилиш учун шароит қолмади. Большевикларнинг халқни тинч меҳнат қилиш, даласида ҳосил етиштириб, оиласини тебратиш имкониятидан маҳрум қилишдан кўзлаган муддаоси — халқни оч қолдириб бир бурда нон эвазига ўзига бўйсундириш эди. Ҳадемай, очлик авжига чиқди. Очликни ўйлаб топган ва амалга оширган большевиклар энди уни юзага чиқаришда ўзлари босмачи деб атаган, аслида миллий-озоддик ҳаракати қатнашчиларини айблай бошладилар.

«Туркистондаги босмачилик ҳаракатининг ижтимоий асоси» (Социальная природа басмачества // Коммунист. – Ташкент, 1922) мақоласининг муаллифи Георгий Скалов қуйидагиларни ёзади: «Қўқон мухториятининг қулаши, совет қўшинларининг ва армани дашноқларининг тинч аҳолига ўтказган жабр-зулми, шаҳарлар, темир йўллар, корхоналар, деҳқончилик қилинадиган ерларнииг вайрон ва талон-тарож қилингани деҳқонларни қўлига қурол олишига сабаб бўлди». Ёки «Колониал инқилоб (Туркистон тажрибаси)» (Г. Сафаров. Колониальная революция (Опыт Туркестана). М., 1921.) китобининг муаллифи Григорий Сафаровнинг фикрича, «босмачилик ҳаракати, бир тарафдан Кўқон мухториятининг қулагани, ўлкада ўрнатилган пролетар диктатураси бошиданоқ колониал характерга эга бўлгани, нккинчи тарафдан, бу колониал сиёсат туфайли маҳаллий аҳолининг турмуши издан чиқарилгани, деҳқонларнинг ўзини ҳимоя қилишдан бошқа йўл тополмагани сабабидан пайдо бўлган эди».

«Босмачилик” учун эмас, миллий истиқлол учун кураш майдонига чиққанларнинг асосини деҳқонлар ташкил қилганини деярли ҳамма тадқиқотчилар тан олади. Бу фидойи инсонлар большавойлар томонидан қонга ботирилган аҳолини ҳимоя қилиб чиқиш билан қарайб 16 йилдан ортиқ вақт давом этган миллий-озодлик ҳаракатини бошлаб бердилар. Бу кураш йўли — кучли қуролланган, асосини ашаддай жиноятчилар ташкил этган қизил қўшинга қарши чиқиш оғир бўлди. Неча минг ватандошлармиз бу курашда қурбон бўлдилар. Биз Оллоҳдан эрк ва истиқлол учун шаҳид бўлган юртдошларимизга раҳматлар тилаймиз!

Мана шундай шаҳид кетган, қўлига қурол ушлаб она юртини келгинди босқинчилардан ҳимоя қилган қўрқмас инсонлардан бири Муҳаммад Амин Аҳмадбек ўғли — Мадаминбек эди. Бу улуғ инсонни совет тузуми маддоҳлари йиллар давомида қанчалар қораламасинлар халқ унинг номини юрагида асраб яшади. Узоқ йиллик ёлғон таъсирида қолган пайтимизда ҳам, миллат хотирасини сақловчилари бўлмиш оқил инсонлар Мадаминбек каби миллат фарзандлари шахсияти ва фаолияти қораланган китобларнинг сатрлари орасидан ҳақиқатни топиб ўқиш санъатини эгаладилар, Бу санъат китобларда битилган “хоин”ни “Фидойи”, “қароқчи”ни “Юрт ҳимоячиси”, “аксилинқилобчи”ни “Миллатпарвар” деб ўқишдангина иборат эмас эди. Бу миллат фарзандлари юрагидаги изтиробга шерик бўлиш, хатоларни англаш, улар хотирасини авайлаб сақлаш санъати ҳам эди. Оқни қора деб жилд-жилд китоблар битилган бўлса-да, халқ хотираси ўзгармадн, у ўзининг қўрқмас ўғлонлари хотирасига хиёнат қилмади.

Олис болалик чоғларимда ўқиганим боис аллақачоноқ муаллифининг кимлиги эсимдан чиқиб кетган бир китобда Мадаминбекнинг ўлдирилиши лавҳаси нима учундир хотирамда қаттиқ муҳрланиб қолган. Ҳар гал «Мадаминбек» исмини эшитишим билан ўша лавҳа гавдаланади. Аслида бу лавҳа онгимда аллақачонлар ўзгарган тарзда яшаётганини эса Алишер Ибодиновнинг китобини ўқиганимдан кейин сездим. Кўз ўнгимда гавдаланадиган лавҳада мен Мадаминбекни «босмачилар томонидан қуршаб олинган ҳовлида қизил аскарлар билан ёнма-ён  туриб жанг қилаётганини эмас, оппоқ отида ёмғирли ва чақмоқли кечада қаёққадир елиб бораётганини, чақмоқларнинг оний шуури ёритган кўзларида буюк бир дард товланиб турганини — курашчи инсон сиймосини кўраман.

Бундан чорак аср аввал мен таниқли телевизиончи Фарҳод Бобожонов ва истеъдодли режиссёр Жаҳонгир Қосимов тайёрлайдиган “Ўзанини топар дарёлар” телелойиҳасида Мадаминбек ҳақида қисқа видеоҳикоя тайёрлаган эдик. У тўлиқ ҳолда сақланиб қолмаган. Бир неча сониялик лавҳаси сақланган холос. Мен баъзан “Ассалом алайкум, дорнинг оғочи” қўшиғини қўйиб, ўша қисқа лавҳани қайта-қайта томоша қиламан. Ўша лаҳзаларда болагимдан онгимда сақланган лавҳа жонланади ва тилимга Қуръон оятлари қуйилиб кела бошлайди (Ўша видеолавҳа билан  сизга саҳифа ўртасида танишинг. У 1989 йилда ёзиб олинган ва ВХС касетасида сақлангани учун магнитсизланиб, сифати пастлашган, аммо мазкур видеолавҳа бундан 23 йил аввал ТВда биринчи марта Мадаминбек ҳақида кўрсатув тайёрлангани ҳақидаги тарихий ҳужжат бўлиб қолишини истайман. Лавҳада менинг «Уйғонмоқ керак» шеъримни Ўзбекистон халқ артисти Ҳожиакбар Нурматов ўқиган.).

madaminbek 1.jpgМадаминбек ҳақида ёзилган китоблар кам ва улар асосан ёлғон-яшиқдан иборат. Энг сўнгги ўқиган китобим: қирғиз адиби Тўлеген Қосимбековнинг «Булутлар ортида тоғ бор» рўмони ҳам шундай сохта чиқди. Асар қирғиз оқини Тўқтоғулга бағишланган бўлса-да, жуда кўп саҳифаларда Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа қўрбошилар ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Муаллиф Мадаминбекни совет тарих илми нуқтаи назари асосида тасвирлаган. Шу сабабдан бўлса керак, ёлғондан имкони қадар кўп фойдаланади. Чунончи, у Мадаминбекни ўлдиришда машҳур туркчи Анвар Пошонинг қўли борлигини кўрсатади. Анвар Пошо бир телба миллатчи тарзида тасвирланади. Ҳолбуки, Мадаминбек, расмий ҳужжатларга кўра, 1920 йилнинг 14 май куни ўлдирилган бўлса, Анвар Пошо Туркистон ўлкасига, аниқроғи Бухорога 1921 йилнинг октябрида келган эди. Миллий-озодлик йўлида фидо бўлган инсонларни душман тарзида тасвирлаган қирғиз адиби,  миллатпарварни қанча кўп қораласам, шунча яхши, деган ният билан қалам сурганга ўхшайди. У Туркистон халқлари озодлигининг кушандаси — қизил қўмондон Фрунзени рўмон қаҳрамони Тўқтағулдан ҳам ошириб меҳр-муҳаббат билан тасвирлайди, юксак пардаларда мадҳ этади. Улуғ бобокалонимиз ҳазрат Мир Алишер Навоий: «Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон» деб айтганларидек, Мадаминбек каби миллат ўғлонлари ҳақида ёлғонни ёзсалар уяладиган замонга етдик.(Ҳозир бундан 23 йил аввал ёзилган мана шу сатрларни ўқир эканман, бу гапларим нечоғли хомхаёл бўлганини англадим. 23 йилдан кейин тарихимиз ҳақида, унинг ўғлонлари ҳақида ёлғонни ёзиб уялмай юрганлар баттар кўпайди)

Ёлғон айтиш қулнинг қисмати, озод одам қисмати ҳақиқатни айтишдир, дейди тианлик донишманд Апаллон.

Узоқ йиллар давомида босмачилик деб аталган миллий-озодлик ҳаракатини тарихий воқеликдан узган тарзда, ўша воқеалардан анча вақт ўтганидан фойдаланиб, фақат совет ҳокимияти манфаатларини кўзлаб, айрим шахсларни ўша давр қатламларидан юлиб олиб ё қораладилар ёки уни ўзлари истаган тарзда тасвирладилар, босқинчини қаҳрамон, миллатнинг асл фарзандларини душман деб кўрсатдилар.

Фрунзени олқишлаб, Мадаминбекни эса қоралаб, Куйбишеву Будённийларга мадҳиялар битиб, Ленин буюк инсоний фазилатлар эгаси бўлгани ҳақида ваъзхонлик қилган ҳолда улар бошлиқ ашаддий жиноятчилардан иборат босқинчилар томонидан ёндирилган, вайронага айлантирилган юзлаб қишлоқларни, қилич билан чопилган аёллару болаларни тилга олмадилар, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолишини истадилар. Аммо ўтмиш, ўша даҳшатли ўтмиш юракларимизнинг ботиний қатламларида, бир бутун ўлка бўлган Туркистонни бўлиб ташлаган харита чизиқларида яшириндир. У боболаримиз, момоларимиз йиғлаб айтган қўшиқлар орқали бугунги авлодларга етиб келди.

Туркистон миллий-озоддик ҳаракатини ўрганишга, у ҳақда бор ҳақиқатни айтиш пайти етди, Шу пайтгача битилган туҳматлардан фидойи ватандошларимизни халос этайлик. Бугунгача сиғиниб келинаётган айрим шўрави даҳоларни миллий қаҳрамонларимиз дейишдан номус қилиб, 1916—1930 йиллар давомида, аниқроғи бутун асорат давомида истиқлол йўлида ҳалок бўлган инсонлар руҳини шод этайлик. Беҳбудий, Фитрат, Мунаввар Қори, Қодирий, Чўлпон ва Мадаминбекдай зотларнинг ҳақиқатини халқимизга етказайлик! Улар ҳақида очиқ-ойдин айтилмас экан, боболару момолар қўшиғи орқали етиб келган ўтмиш зулмати кўзларимиз нури билан ёритилмас экан, дилимизга, дину иймонимизга, маънавиятимизга, истиқлолимизга, келажагимизга бўлган тазйиқлар ортса, ортадики, ҳеч қачон камаймайди.

Шу сабабдан қўлингизда ушлаб турган Алишер Ибодинов қаламига мансуб ҳужжатли қиссага ўхшаш асарлар кўпроқ ёзилишини, нашр этилишини олқишлаш керак, Шу билан бирга бундай асарлар яна ҳам тўлароқ ва теранроқ бўлишини, юракларимизни ҳаяжонга солиш қудратига эга йирик бадиий асарларга айланишини орзу қиламан.

Алишер адабиётга озодлик мавзуси ёритилган «Қуёш ҳам олов» номли ажойиб ҳикояси билан кириб келган эди. Биз унга мана шу қутлуғ мавзуга содиқ қолишини тилаймиз. Озодлик йўлида қурбон бўлган, аммо номи забун бўлган ёки қораланган инсонлар ҳақида ҳақиқатни халққа қайтариш ҳам истиқлол учун кураш эканини ҳеч қачон унутмайлик.

1992

* Мақола «Қўрбоши Мадаминбек» китобига кириш сўзи сифатида 1992 йилда ёзилган

    Vatanimiz bo’lmish Turkiston tarixi hech qachon tinmagan janglar tarixi, yurtimiz hududlarini buzib kirgan bosqinchi dushmanlarga qarshi kurash tarixi, ayovsiz kurashlar mobaynida elimiz ozodligi va ravnaqi uchun jonini ayamagan xalq o’g’lonlari va qizlari jasorati tarixidan iboratdir. Vatan dushmanlari bilan bo’lgan yuzma-yuz janglarda fidoyilik ko’rsatgan To’maris, Shiroq, Mate (Botir tangriqut), Spitamen, Jalolidin Xorazmshoh, Temurmalik, Mahmud Tarobiy, Bobon botir, Po’latxon, Sulton Sodiq, Nomoz kabi xalq qahramonlari nomi xalq xotirasida abadiy muhrlandi.

 Xurshid DAVRON
O’ZBEK O’ZLIGINI BILSIN*
08

Vatan faqat makon tushunchasi emas, u eng avvalo ma’rifiy mazmunga ega, millat xotirasaning uzviyligini bildiradigan ma’naviy qadriyatdir, Vatanni o’zi yashab turgan ma’lum makon va zamon deb biluvchi odamlar aslida o’zlarini Vatandan ayri tushunadilar. Vatan inson botinida — uning vujudida bo’lgan taqdirdagina kuchli va ehtirosli quvvatga aylanadi. Vatan — o’tmishimiz, bugunimiz va kelajagimizdir. Vatan g’oyasi degan tushunchani izohlash kerak bo’lsa, men bu ajdodlar yodini avaylab saqlash, ulardan meros qolgan madaniyatni, ilm-fanni o’rganish, taraqqiy ettirish deb uqtirar adim. Ajdodlar xotirasini asrash esa faqat ma’rifatli kishi qo’lidan keladi. Shu sababdan ham buyuk olmon faylasufi Hegel: «Ma’rifatli xalqlarning haqiqiy jasorati Vatan yo’lida qurbon bo’lishga tayyor ekanliklarida aks etadi», deb aytgani bejiz emas.

Vatanimiz bo’lmish Turkiston tarixi hech qachon tinmagan janglar tarixi, yurtimiz hududlarini buzib kirgan bosqinchi dushmanlarga qarshi kurash tarixi, ayovsiz kurashlar mobaynida elimiz ozodligi va ravnaqi uchun jonini ayamagan xalq o’g’lonlari va qizlari jasorati tarixidan iboratdir. Vatan dushmanlari bilan bo’lgan yuzma-yuz janglarda fidoyilik ko’rsatgan To’maris, Shiroq, Mate (Botir tangriqut), Spitamen, Jalolidin Xorazmshoh, Temurmalik, Mahmud Tarobiy, Bobon botir, Po’latxon, Sulton Sodiq, Nomoz kabi xalq qahramonlari nomi xalq xotirasida abadiy muhrlandi.

So’nggi bir necha asrlik kechmishimiz ham fojialarga to’la kechdi. Bir paytlar buyuk Temur bobomiz tomonidan yagona davlatga birlashtirilgan Turkiston noqobil hukmdorlarning toju taxt talashishlari tufayli bo’linib — parchalanib ketdi. Oqibatda yurtimiz sarhadlariga bosqinchi Rossiya qo’shinlarining qadami yetganda ham shaklan, ham ma’naviy jihatdan bo’lingan Turkiston bu yag’moga qarshilik ko’rsatishga ojizlik qaldi. O’lka hukmdorlari o’z qalblarini bobolar yodidan uzgani uchungina emas, balki milliy hamjihatlikni unutgani uchun ham yengildilar. Yarim asrdan ziyod cho’zilgan asoratdan so’ng Rossiyada boshlangan to’ntarishu inqiloblar tufayli Turkiston aholisi ozodlikka chiqaman deb o’ylagan edi. Biroq, bu orzusi ham chippakka chiqdi. U ikkinchi marotaba bosib olindi — bu gal hokimiyatni zo’rlik bilan egallab olgan bol`sheviklar tomonidan zabt etildi. Xalqlar o’rtasida tenglik g’oyasini shior qilib ko’targan aldamchi va yovuz Lenin boshliq firqaga aslida fakat hokimiyat, hokimiyat bo’lgandayam, butun Rus imperiyasi ustidan hokimiyat kerak edi. Bu maqsad yo’lida ular hech qanday qabihlikdan qaytmadilar. Inqilob, aslida bir hovuch odamning hokimiyatga chiqib olishi uchun zarur bo’lgani tezda oshkor bo’ldi.

Sovetshunos olim A. Parknnng yozishicha, 1917 yil voqealari Turkiston o’lkasi xalqlari uchun ikki tur inqilobni: ovrupolik ishchi va soldatlarniig proletar inqilobi va mahalliy aholi o’rta tabaqasining milliy-burjua inqilobini vujudga keltirgan eda. Birinchi inqilob, kolonial xususiyatga ega bo’lib, Turkistonda ruslar mavqeini saqlashga xizmat qilsa, ikkinchi inqilob Turkiston o’lkasini ruslar asoratidan olib chiqish, milliy istiqlol g’oyalarini olg’a surgan edi.

Asosan ovrupoliklardan iborat bol`sheviklar firqasi Turkistonni qo’ldan chiqarishni istamasdi, ular bu hudud «kommunistik imperiya» uchun obu havodek zarur ekanligini bilishardi. Ular xuddi chor amaldorlari kabi Turkiston o’lkasida mavjud boyliklarning naqadar ko’pligidan yaxshi xabardor edi. Ammo Turkiston o’lkasida yashovchi xalqlar ularning bu niyatlariga qarshi edilar, ular ozod va mustaqil yashashni istardilar. Aslida Chor Rosskisining bu chet hududida, tarix darsliklarida yozilganidek, bol`shevik inqilobi g’alaba qilgan edimi, mahalliy aholi bolsheviklarga ergashganmidi? Yo’q, albatta! Turkiston xalqlari milliy ziyolilari inqilob arafasidayoq ming bir mashaqqat bilan o’z vatanlarini asorat va qoloqlikdan xalos etmoq uchun kurashga chog’langan edilar. Ular mustaqil davlat barpo etish niyatida o’z hayotlarini fido qilishga tayyor holda siyosiy janglar ichida edilar.

Inqilobning dastlabki pallalarida bir qator mahalliy ziyolilar bol`sheviklarning milliy masala sohasida e’lon qilgan shiorlariga aldanib, ularning xizmatiga o’tdilar.

Bol`sheviklarnin shiorlari go’zal va umuminsoniy edi. 1914 yildayoq Lenin millatlarning o’z taqdirini o’zi belgilashi huquqi masalasini ko’tarib chiqqan, hatto firqa konferentsiyalarining birida u: «Biz bunday deb aytamiz: ey rus xalqi, Fillandiyaga zo’ravonlik qilma! Boshqa xalqlarga zulm qiluvchi xalqning o’zi ozod bo’lishi mumkin emas». Bu g’oya Lenin hokimiyat tepasiga kelgandan keyin qabul qilingan bir qator hujjatlarda ham aksini topdi. Shuningdek, «Rossiya xalqlari huquqlari deklaratsiyasi”da xalqlarning ajralib chiqib, mustaqil davlat tuzishgacha bo’lgan o’z taqdirini o’zi belgilashi huquqi tan olindi, har qanday milliy, diniy imtiyozlar va cheklashlar bekor qilindi. Bu g’oya «Rossiya va Sharqning barcha musulmon mehnatkashlariga murojaat”da ham oshkor etildi. Bu murojaatda: «Sizning din va urf-odatlaringiz, sizning milliy va madaniy muassasalaringiz bundan buyon erkin va daxlsiz deb e’lon qilinadi. O’z milliy turmushingizni erkinlik bilan va bahazur tuza beringiz. Shunday qilishga haqlisiz »,—deb qayd qilingan edi. Ammo bu xitoblarning barchasi qog’ozlarda qolib ketdi. Bunday umumbashariy g’oyalarning e’lon qilinishi inqilobning dastlabki bosqichida Lenin boshliq kommunistik firqa hokimiyatni hali to’la qo’lga ola bilmagani, u boshqa firqalar bilan hamkorlik qilishga majbur bo’lgani va xalq ommasini, eng avvalo ziyolilarni o’z tomoniga ag’darib olishga urinishi bilan izohlanardi, xolos.

Ko’p vaqt o’tmay Turkiston ziyolilari bu g’oyalar aslida shiordan boshqa narsa emasligini, amalda butunlay boshqacha ishlar bo’layotganini to’la anglab yetdilar. Zo’rlik bilan egallangan Turkistondagi bol`shevik hokimiyatida mahalliy xalq vakillarining jalb etilmagani, mahalliy aholini ochiqdan-ochiq ongsizlikda, nodonlik va siyosiy savodsizlikda ayblab tahqirlash, bol`sheviklar o’lkada o’zaro urushni avj oldirganlari tufayli dehqonchilik to’xtab qolgani, ochlik boshlangani, Rossiyadan ba’zan kelib turadigan g’alla va boshqa oziq-ovqat mahsulotlarini faqat ovrupoliklarga taqsimlash, mahalliy xalqning milliy ongini o’stirishga xizmat qiladigan matbuot nashrlarni ta’qiqlash, mahalliy xalqlarni bir-biriga gij-gijlash —bol`sheviklar siyosati mana shulardan iborat edi.

Bol`sheviklarga aldanganlardan biri Turor Risqulov Turkiston kompartiyasining III o’lka s’ezdida so’zlagan nutqida iztirobini yashirmasdan ochiq aytgan edi: «Partiyadosh o’rtoqlarimiz butun musulmon proletariatidan shubhalanadilar… Bundan tashqari ularni qamab qo’yamiz deb do’q qilmoqdalar. Musulmonlarning bor-yo’qlarini tortib olmoqdalar, tortib olibgina qolmay, o’ldirmoqdalar ham. Qishloqlarda aholi dahshatga tushib qochib ketyapti. Va o’g’rilar (aslida milliy—ozodlik harakati qatnashchilari.X. D.) ko’payib boryapti. Lekin kimdir partiyamas, qizil qo’shin zo’ravonlik qilyapti deb e’tiroz bildirishi mumkin. Ammo partiya rahnamo. Barcha hokimiyat tashkilotlariga partiyaviy o’rtoqlar rahbarlik qilishyapti, lekin ular ahvolni yaxshilash uchun hech qanday chora ko’rmayaptilar. Ularning homiyligi ostida hamma joyda ichkilikbozlik va noma’qul ishlar avj olyapti, binobarin, partiya mana shular uchun aybdor, albatta…Musulmonlarni qiynamoqdalar, ularni hatto otib tashlamoqdalar»

T. Risqulov nutqi davomida bundan ham dahshatli manzarani chizadi: «O’rtoqlar, biz kambag’al musulmonlar Nikolay zamonida vahshiy hayvon ahvolida qanday yashagan bo’lsak, hozir proletar hukumatimiz davrida ham ahvolimiz xuddi o’shanday. Hatto undan battar ahvoldamiz, garchi mana shunday ahvolda Sovet hokimiyatiga qarshilik qilmay, imkoni boricha unga yordam berayotgan bo’lsak-da, shunday ahvoldamiz. Biz zulmatda och-yalang’och yashab, itdek kafansiz o’lib ketayotganimizga kim aybdor? Ammo men aybdorni to’g’ridan-to’g’ri ko’rsatib berolmaymai, men bunday deyman: kommunistlar programmasi juda maqbul va to’g’ri programma, bizning hokimiyat vakillari nima sababdan unga amal qilmaydilar, buni men bilmayman, chamasi ular bilmaganlaridan yoki jo’rttaga ko’zni chirt yumib shunday qiladilar, ustiga-ustak ular programmaga qarshi harakat qilyaptilar. Chunki ular kapitalistlarga qarshi kurashamiz, deydilar, shu bahona bilan borimizni tortib olib, o’z hamyonlarini qappaytira boshladilar. Nahotki hokimiyat programmasi shunday bo’lsa? Bunday emas, albatta. Men zararkunanda boylar haqida gapirayotganim yo’q, ammo misol uchun, bir kambag’al proletarning bitta oti va aravasi bor edi, yuk tashib oilasini boqardi. Qizil askarlardan bittasi kelib, hech qanday haq to’lamasdan otini tortib oladi, buning kasofatiga uning oilasi och-yalang’och qoladi. Nahotki, bu ham programmaga muvofiq bo’lsa? Boylarni shilish bahonasida shahardagi 84000 aholining hammasini talashgan. Shu to’g’rimi, axir? Namangandan keltirilgan molning hammasi, hatto qulfgacha musodara qilingan: nahotki, shuncha mol yonib ketgan va boshidanoq sotila boshlaganmidi?

Ba’zi kishilarni quroling bor, deb ayblab hibsga olganlar. Qurolni topa olmaganlaridan keyin va ma’lumot yo’qligi sababli ozod qilganlar, 5-10 ming jarima solganlar. Bu pul qayoqqa ketgan, sovetlarnnng xazinasigami yoki kissagami. Agarda kissaga kirgan bo’lsa, sizningcha bu to’g’rimi?

Hokimiyatni ishonchli hokimiyat deb bilaman, ammo mana shu hokimiyat hokimlari bo’lmish o’rtoqlar aslida nima qildilar? Ular faqat o’zlarining o’rislarini ajratib olib himoya qildilar, yaxshi yedirib-ichirdilar, yaxshi kiyintirdilar, o’z uylarini begonalarning tortib olingan shoyi mato va boshqa qimmatbaho buyumlari bilan bezadilar, ammo musulmonlarga nima karomat ko’rsatdilar? Yedirib ichirdilarmi? Yo’q! Kiyintirdilarmi? Yo’q! Agar kiyintirganlarida, kambag’allar yalangoyoq yurmasdi, agar yedirib-ichirganlarida ming-minglab ochlar o’lmasdi. Biznikilarning nimasi qoldi? Yirtiq-yamoq ko’rpa-to’shagidan boshqa hech vaqosi qolmadi.

Bizning qizil qo’shin qismlari tinch aholiga jabr qilmoqdalar».

Bunday manfur siyosat norozilik uyg’otmasligi mumkin emas edi. Zero, bu chor Rossiyasi amaldorlari yurgizgan siyosatdan farq qilmas, hatto zulm qilishda ulardan o’tkazardi. Xalq chor imperiyasi zulmini unutmagan edi. Bor-yo’g’i bir yilcha avval Rossiya hukumati mardikorlikka olinishiga qarshi ko’tarilgan xalq isyonini bostirish bahonasida Turkiston xalqlarini qirg’in qilish — genotsid bilan shug’ullangani yodida edi. Qo’zg’olonni bostirish oqibatlari muhokama etilgan Rossiya davlat dumasi majlisida Aleksandr Kerenskiy (Turkistonda tug’ilib, o’sgan; keyinchalik vaqtli hukumatning boshlig’i qilib saylangan rus davlat arbobi) genotsid bo’lganini oshkora tan olib, shunday degan edi: «Boshdan-oyoq qurollangan piyoda askarlar, to’pchilar va otliqlardan iborat jazo otryadi o’z yo’lda uchragan har bir aholi manzilini tag-tubi bilan yo’qotish, aholini bir boshdan, na jinsi va na yoshiga qaramasdan o’ldirish bilan shug’ullangan: emizikli bolalar, cholu kampirlar beayov qilichdan o’tkazilgan. Toqqa qochgan, asosan xotin-xalaj va murg’ak bolalardan iborat aholi sovuq va ochlikdan halok bo’lganlar».

Qarayb 6 oy davom etgan 1916 yil qo’zg’olonida 673 ming kishi o’ldirilgan, 163 ming kishi Sibirga surgun qilingan, 300 mingdan ortiq aholi Sharqiy Turkistonga qochib jon saqlashga majbur bo’lgan edi. Bir milliondan ziyod bu aholining molu mulki qo’zg’olonni bostirishda qatnashgan rus askarlari va dehqonlariga tarqatilgan (Rossiyaning tarixidan ma’lumki, ruslar hamisha o’z ayblarini yashirib, g’alabalarini oshirib hisob-kitob qilganlar, Ayni shu sababdan yuqorida keltirilgan raqamlar ancha pasaytirib olinganiga shak-shubha qilmaslik kerak).

Bol`sheviklar yurgizgan zulmkor siyosat chor Rossiyasining 1916 yilda amalga oshirgan qatliom siyosatidan deyarli farq qilmas edi.

Turkiston xalqlarining milliy istiqlolga bo’lgan intilishlari cheksiz va yuksak edi. Shu intilish oqibatida 1917 yilning sentyabrida bo’lib o’tgan Turkiston musulmonlari qurultoyida Turkiston muxtor jumhuriyatini barpo etish rejasi tug’ildi.

1917 yilning 22 noyabrida komissar Pavel Poltaratskiy Samarqandda Mustafo Cho’qay bilan olib borgan so’zlashuvlarida unga sovetlarning Toshkentdagi xalq komissarlari sho’rosi raisligini qabul qilishni taklif etdi. Mustafo Cho’qay taklifni qat’iyan rad etdi. 1917 yilning 9 dekabrida Ko’qondagi xon saroyida 203 turkistonlik vakil qatnashgan Turkiston o’lkasi to’rtinchi qurultoyi ochildi. 10 dekabrda Rossiya federatsiyasi tarkibida Turkiston mahalliy muxtor jumhuriyati tuzishga qaror etildi. Qurultoy muxtor jumhuriyatning ijroiya qo’mitasi — hukumatini tuzdi. Hukumat raisligiga dastlab Muhammadjon Tinisboy o’g’li, keyinchalik tashqi ishlar vazirligiga tayinlangan Mustafo Cho’qay, mudofaa vazirligiga Ubaydullaxo’ja, ichki ishlar vazirligiga Abdurahmon O’roz o’g’li, moliya vazirligiga Shoh Ahmad o’g’li, oziq-ovqat ishlari vazirligiga Obidjon Mahmad o’g’li, maorif vazirligiga Nosirxon to’ra, qurilish vazirligiga Mirodil, ziroat vazirligiga Hidoyat Og’a o’g’li saylandilar.

1917 yilning 10 dekabrida Turkiston muxtor jumhuriyati tuzilgani haqidagi qaror quyidagi jumlalardan iborat edi: «To’rtinchi Turkiston favqulodda o’lka qurultoyi Rusiya inqilobi asoslariga tayanib, Turkiston xalqlarining istagi va orzusini ifoda etadi, Turkistonni demokratik, federativ Rusiya jumhuriyatining mahalliy muxtoriyatiga ega bir qismi deb e’lon etadi. Muxtoriyat shaklini belgilash yaqinda to’planadigan Turkiston ta’sis majlisining ixtiyoriga topshiriladi. Qurultoy Turkistondagi mayda xalqlar huquqining har tomondan muhofaza etilishini tantanali suratda e’lon etadi”.

Ammo Toshkendagi birinchi va ikkinchi Sibir` o’qchi polklari va armani dashnoqlari kuchiga tayangan rus bol`sheviklaridan iborat Turkiston xalq komissarlari soveti bu qonuniy hukumatni tnm olmadi va ochiqdan-ochiq unga qarshi kurash boshladi.

1918 yilning 18 fevralidan 19-chiga o’tar kechasi komissar Perfil`ev qo’mondonligi ostidagi rus qizil qo’shini va dashnoqlar Qo’qonga hujum boshladi. Uch kunlik to’xtovsiz to’pga tutish oqibatida yondirilgan, vayron etilgan Qo’qon mag’lub bo’ldi. O’n mingdan ortiq yurtdoshimiz istiqlol yo’lida qurbon bo’ldi. Shundan keyin Farg’ona vodiysini bo’ysundirish harbiy jarayoni boshlandi. Beayov janglar davomida 180 dan ortiq qishloq kuli ko’kka sovurildi, Marg’ilonda 7000, Andijonda 6000, Namanganda 2000, Bo’zqo’rg’on va Ko’qonqishlokda 4500 kishi o’ldirildn. Chor Rossiyasi davrida boshlangan genotsid qayta avjga chiqdi. Xalq o’zini himoya qilish uchun qo’liga qurol olishga majbur bo’ldi. To’xtovsiz qirg’in-barot manziliga aylangan vodiyda tinch mehnat qilish uchun sharoit qolmadi. Bol`sheviklarning xalqni tinch mehnat qilish, dalasida hosil yetishtirib, oilasini tebratish imkoniyatidan mahrum qilishdan ko’zlagan muddaosi — xalqni och qoldirib bir burda non evaziga o’ziga bo’ysundirish edi. Hademay, ochlik avjiga chiqdi. Ochlikni o’ylab topgan va amalga oshirgan bol`sheviklar endi uni yuzaga chiqarishda o’zlari bosmachi deb atagan, aslida milliy-ozoddik harakati qatnashchilarini ayblay boshladilar.

«Turkistondagi bosmachilik harakatining ijtimoiy asosi» (Sotsial`naya priroda basmachestva // Kommunist. – Tashkent, 1922) maqolasining muallifi Georgiy Skalov quyidagilarni yozadi: «Qo’qon muxtoriyatining qulashi, sovet qo’shinlarining va armani dashnoqlarining tinch aholiga o’tkazgan jabr-zulmi, shaharlar, temir yo’llar, korxonalar, dehqonchilik qilinadigan yerlarniig vayron va talon-taroj qilingani dehqonlarni qo’liga qurol olishiga sabab bo’ldi». Yoki «Kolonial inqilob (Turkiston tajribasi)» (G. Safarov. Kolonial`naya revolyutsiya (Opit Turkestana). M., 1921.) kitobining muallifi Grigoriy Safarovning fikricha, «bosmachilik harakati, bir tarafdan Ko’qon muxtoriyatining qulagani, o’lkada o’rnatilgan proletar diktaturasi boshidanoq kolonial xarakterga ega bo’lgani, nkkinchi tarafdan, bu kolonial siyosat tufayli mahalliy aholining turmushi izdan chiqarilgani, dehqonlarning o’zini himoya qilishdan boshqa yo’l topolmagani sababidan paydo bo’lgan edi».

«Bosmachilik” uchun emas, milliy istiqlol uchun kurash maydoniga chiqqanlarning asosini dehqonlar tashkil qilganini deyarli hamma tadqiqotchilar tan oladi. Bu fidoyi insonlar bol`shavoylar tomonidan qonga botirilgan aholini himoya qilib chiqish bilan qarayb 16 yildan ortiq vaqt davom etgan milliy-ozodlik harakatini boshlab berdilar. Bu kurash yo’li — kuchli qurollangan, asosini ashadday jinoyatchilar tashkil etgan qizil qo’shinga qarshi chiqish og’ir bo’ldi. Necha ming vatandoshlarmiz bu kurashda qurbon bo’ldilar. Biz Ollohdan erk va istiqlol uchun shahid bo’lgan yurtdoshlarimizga rahmatlar tilaymiz!

07Mana shunday shahid ketgan, qo’liga qurol ushlab ona yurtini kelgindi bosqinchilardan himoya qilgan qo’rqmas insonlardan biri Muhammad Amin Ahmadbek o’g’li — Madaminbek edi. Bu ulug’ insonni sovet tuzumi maddohlari yillar davomida qanchalar qoralamasinlar xalq uning nomini yuragida asrab yashadi. Uzoq yillik yolg’on ta’sirida qolgan paytimizda ham, millat xotirasini saqlovchilari bo’lmish oqil insonlar Madaminbek kabi millat farzandlari shaxsiyati va faoliyati qoralangan kitoblarning satrlari orasidan haqiqatni topib o’qish san’atini egaladilar, Bu san’at kitoblarda bitilgan “xoin”ni “Fidoyi”, “qaroqchi”ni “Yurt himoyachisi”, “aksilinqilobchi”ni “Millatparvar” deb o’qishdangina iborat emas edi. Bu millat farzandlari yuragidagi iztirobga sherik bo’lish, xatolarni anglash, ular xotirasini avaylab saqlash san’ati ham edi. Oqni qora deb jild-jild kitoblar bitilgan bo’lsa-da, xalq xotirasi o’zgarmadn, u o’zining qo’rqmas o’g’lonlari xotirasiga xiyonat qilmadi.

Olis bolalik chog’larimda o’qiganim bois allaqachonoq muallifining kimligi esimdan chiqib ketgan bir kitobda Madaminbekning o’ldirilishi lavhasi nima uchundir xotiramda qattiq muhrlanib qolgan. Har gal «Madaminbek» ismini eshitishim bilan o’sha lavha gavdalanadi. Aslida bu lavha ongimda allaqachonlar o’zgargan tarzda yashayotganini esa Alisher Ibodinovning kitobini o’qiganimdan keyin sezdim. Ko’z o’ngimda gavdalanadigan lavhada men Madaminbekni «bosmachilar tomonidan qurshab olingan hovlida qizil askarlar bilan yonma-yon turib jang qilayotganini emas, oppoq otida yomg’irli va chaqmoqli kechada qayoqqadir yelib borayotganini, chaqmoqlarning oniy shuuri yoritgan ko’zlarida buyuk bir dard tovlanib turganini — kurashchi inson siymosini ko’raman.

Bundan chorak asr avval men taniqli televizionchi Farhod Bobojonov va iste’dodli rejissyor Jahongir Qosimov tayyorlaydigan “O’zanini topar daryolar” teleloyihasida Madaminbek haqida qisqa videohikoya tayyorlagan edik. U to’liq holda saqlanib qolmagan. Bir necha soniyalik lavhasi saqlangan xolos. Men ba’zan “Assalom alaykum, dorning og’ochi” qo’shig’ini qo’yib, o’sha qisqa lavhani qayta-qayta tomosha qilaman. O’sha lahzalarda bolagimdan ongimda saqlangan lavha jonlanadi va tilimga Qur’on oyatlari quyilib kela boshlaydi (O‘sha videolavha bilan sizga sahifa o‘rtasida tanishing. U 1989 yilda yozib olingan va VXS kasetasida saqlangani uchun magnitsizlanib, sifati pastlashgan, ammo mazkur videolavha bundan 23 yil avval TVda birinchi marta Madaminbek haqida ko‘rsatuv tayyorlangani haqidagi tarixiy hujjat bo‘lib qolishini istayman. Lavhada mening “Uyg‘onmoq kerak” she’rimni O‘zbekiston xalq artisti Hojiakbar Nurmatov o‘qigan.).

Madaminbek haqida yozilgan kitoblar kam va ular asosan yolg’on-yashiqdan iborat. Eng so’nggi o’qigan kitobim: qirg’iz adibi To’legen Qosimbekovning «Bulutlar ortida tog’ bor» ro’moni ham shunday soxta chiqdi. Asar qirg’iz oqini To’qtog’ulga bag’ishlangan bo’lsa-da, juda ko’p sahifalarda Madaminbek, Shermuhammadbek, Xolxo’ja qo’rboshilar haqida ham hikoya qilinadi. Muallif Madaminbekni sovet tarix ilmi nuqtai nazari asosida tasvirlagan. Shu sababdan bo’lsa kerak, yolg’ondan imkoni qadar ko’p foydalanadi. Chunonchi, u Madaminbekni o’ldirishda mashhur turkchi Anvar Poshoning qo’li borligini ko’rsatadi. Anvar Posho bir telba millatchi tarzida tasvirlanadi. Holbuki, Madaminbek, rasmiy hujjatlarga ko’ra, 1920 yilning 14 may kuni o’ldirilgan bo’lsa, Anvar Posho Turkiston o’lkasiga, aniqrog’i Buxoroga 1921 yilning oktyabrida kelgan edi. Milliy-ozodlik yo’lida fido bo’lgan insonlarni dushman tarzida tasvirlagan qirg’iz adibi, millatparvarni qancha ko’p qoralasam, shuncha yaxshi, degan niyat bilan qalam surganga o’xshaydi. U Turkiston xalqlari ozodligining kushandasi — qizil qo’mondon Frunzeni ro’mon qahramoni To’qtag’uldan ham oshirib mehr-muhabbat bilan tasvirlaydi, yuksak pardalarda madh etadi. Ulug’ bobokalonimiz hazrat Mir Alisher Navoiy: «Har kimki so’zi yolg’on, yolg’oni zohir bo’lg’och uyolg’on» deb aytganlaridek, Madaminbek kabi millat o’g’lonlari haqida yolg’onni yozsalar uyaladigan zamonga yetdik.(Hozir bundan 23 yil avval yozilgan mana shu satrlarni o’qir ekanman, bu gaplarim nechog’li xomxayol bo’lganini angladim. 23 yildan keyin tariximiz haqida, uning o’g’lonlari haqida yolg’onni yozib uyalmay yurganlar battar ko’paydi)

Yolg’on aytish qulning qismati, ozod odam qismati haqiqatni aytishdir, deydi tianlik donishmand Apallon.

Uzoq yillar davomida bosmachilik deb atalgan milliy-ozodlik harakatini tarixiy voqelikdan uzgan tarzda, o’sha voqealardan ancha vaqt o’tganidan foydalanib, faqat sovet hokimiyati manfaatlarini ko’zlab, ayrim shaxslarni o’sha davr qatlamlaridan yulib olib yo qoraladilar yoki uni o’zlari istagan tarzda tasvirladilar, bosqinchini qahramon, millatning asl farzandlarini dushman deb ko’rsatdilar.

Frunzeni olqishlab, Madaminbekni esa qoralab, Kuybishevu Budyonniylarga madhiyalar bitib, Lenin buyuk insoniy fazilatlar egasi bo’lgani haqida va’zxonlik qilgan holda ular boshliq ashaddiy jinoyatchilardan iborat bosqinchilar tomonidan yondirilgan, vayronaga aylantirilgan yuzlab qishloqlarni, qilich bilan chopilgan ayollaru bolalarni tilga olmadilar, yopiqlik qozon yopiqligicha qolishini istadilar. Ammo o’tmish, o’sha dahshatli o’tmish yuraklarimizning botiniy qatlamlarida, bir butun o’lka bo’lgan Turkistonni bo’lib tashlagan xarita chiziqlarida yashirindir. U bobolarimiz, momolarimiz yig’lab aytgan qo’shiqlar orqali bugungi avlodlarga yetib keldi.

Turkiston milliy-ozoddik harakatini o’rganishga, u haqda bor haqiqatni aytish payti yetdi, Shu paytgacha bitilgan tuhmatlardan fidoyi vatandoshlarimizni xalos etaylik. Bugungacha sig’inib kelinayotgan ayrim sho’ravi daholarni milliy qahramonlarimiz deyishdan nomus qilib, 1916—1930 yillar davomida, aniqrog’i butun asorat davomida istiqlol yo’lida halok bo’lgan insonlar ruhini shod etaylik. Behbudiy, Fitrat, Munavvar Qori, Qodiriy, Cho’lpon va Madaminbekday zotlarning haqiqatini xalqimizga yetkazaylik! Ular haqida ochiq-oydin aytilmas ekan, bobolaru momolar qo’shig’i orqali yetib kelgan o’tmish zulmati ko’zlarimiz nuri bilan yoritilmas ekan, dilimizga, dinu iymonimizga, ma’naviyatimizga, istiqlolimizga, kelajagimizga bo’lgan tazyiqlar ortsa, ortadiki, hech qachon kamaymaydi.

Shu sababdan qo’lingizda ushlab turgan Alisher Ibodinov qalamiga mansub hujjatli qissaga o’xshash asarlar ko’proq yozilishini, nashr etilishini olqishlash kerak, Shu bilan birga bunday asarlar yana ham to’laroq va teranroq bo’lishini, yuraklarimizni hayajonga solish qudratiga ega yirik badiiy asarlarga aylanishini orzu qilaman.

Alisher adabiyotga ozodlik mavzusi yoritilgan «Quyosh ham olov» nomli ajoyib hikoyasi bilan kirib kelgan edi. Biz unga mana shu qutlug’ mavzuga sodiq qolishini tilaymiz. Ozodlik yo’lida qurbon bo’lgan, ammo nomi zabun bo’lgan yoki qoralangan insonlar haqida haqiqatni xalqqa qaytarish ham istiqlol uchun kurash ekanini hech qachon unutmaylik.

1992

*Maqola «Qo’rboshi Madaminbek» kitobiga kirish so’zi sifatida 1992 yilda yozilgan

09

(Tashriflar: umumiy 1 796, bugungi 1)

Izoh qoldiring