Asqad Muxtor. Dol qoya

077   Устоз Асқад Мухтор таваллудининг 95 йиллиги олдидан

    Умри охирлаб қолган паллада унинг “Дол қоя” достони ва туркум ғаройиб ҳикоялари “Шарқ юлдузи”да босилган эди. Шу даврда (қаттиқ хасталаниб ётиб қолишидан олдин) муҳарририятга гоҳо кирар, анча суҳбатлашиб ҳам ўтирар эди… (Омон Мухторнинг «Менинг тутинган акам» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада)

Асқад МУХТОР
ДОЛ ҚОЯ
Достон
09

Биринчи қисм

Йигит-ку, нафаси сиқарди жичча.
Кўйлаги танига ёпишган.
Букчайиб, ҳансираб борар йигитча,
Чуваккина чолни опичган.

Тоғ йўли — айланма. Сўқма йўл.Тикка.
Чақир тош тилади товонни.

Аммо чол оғирмас йигитга,
Ўзга юк аламли, давомли.

Тепада баҳайбат Дол Қоя,
Аждод-авлодларнинг мудҳиш манзили.
Ё тангри! Бу йўлга борми ниҳоя,
Қоями, юкининг рамзими?

Қора тунда қора қоя тош,
Шомлари шафақдан қондек қизарар…
Оғир юкдан ловуллайди бош,
Қалтирар, қалтирар тиззалар.

Реза тер йилтиллар сабза мўйида,
Бўйнида томирлар бўртади…
Мен ғулув уйғотдим шеърхон ўйида.
Бу узоқ ўтмишнинг эртаги.

— Яна ўтмиш? — дейди ғашланиб
Шу кун ташвиши-ла яшовчи ўртоқ.
Ҳа, кўҳна гап кетди бошланиб,
Ўтмишидан кечган — нодон ё қўрқоқ.

Ўтмиш хотирадир. Хотира — бойлик.
Кеча, Бугун, Эрта — бус-бутун.
Шошманг, дўстим, сабр қилайлик,
Қайга элтар экан йигитча юкин…

* * *

У ўрлайди. Тошлоқ йўл тикка.
Қоқиниб, қолади чўкиб, тиззалаб.
Чол ундайди, гўё эзгуликка,
Гоҳ далда бериб, гоҳ иззалаб.

Изза қилса ҳақли, бегона эмас,
Шу йигитчанинг  у — буваси.
Пастда туман, водий элас-элас,
Водий тўла ува-жуваси.

Лекин қариб, тамом қочди қон
Суякка ёпишган этидан.
Экин-тикинда йўқ, бедармон,
На юра олади сурув кетидан…

Шунинг учун неварага бу кун
(Унгагина эмас) юк бўлиб қолди.
Шунинг-чун умрида энг оғир юкин
Бола бугун кифтига олди.

Ўсмирларча, елкалари чиққан,
Усти-боши юпун, суяги бузуқ.
Бобо эса чанқаб ютлиққан,
Нафаси тез, гаплари юлуқ.

— Чапроққа юр, болам, ўнгда тайғоқлар… —
Бу йўлларни бобо билади.
Бувасин опичиб келган бир вақтлар.
Энди бунга боқиб, бағрин тилади.

Наҳотки, уни ҳам бир кун жигари
Бу йўллардан чиқса кўтариб?!..
Наҳот, ўшанда ҳам манов сингари
Қуйида водийлар ётса кўкариб?!.

Наҳот, йиллар ўтиб биланиҳоя
Узилмас бу лаънат занжири?
Тундай соя солиб турар Дол Қоя,
Гўёки бош узра қисмат шамшири?

Ҳа, икки бор ўтар шу мудҳиш йўлдан
Бу элатнинг марди-мардуми.
Шундай аждодлардан унга мерос бўлган
Дахлсиз, шафқатсиз урф русуми.

* * *

— Афсонами? Яна афсона? —
Дейди ишчан, омилкор дўстим.
Ҳа-да. Афсонанинг мағзи — дурдона.
Арчиб кўринг туманли пўстин.

Қалқиб чиқар нурдай ёришиб
Замонларнинг доно ҳамроҳи.
Борлиқ билан ҳаргиз қоришиқ
Ҳаёт сабоқларин асил қаймоги.

Бу афсона мени узоқ қийнади.
Эргашди, чирмашди ўй-ҳисларимга.
Тушларимга кирди, қўймади.
Аралашди баҳсларимга.

Мен уни эсладим, етдим қадрига
Солдат қасамини дилдан туйганда;
Қизалоқлар гуллар қўйганда
Ветеран боболар қабрига;

Бир навқирон шаккок ўз бобосининг
Жанговар медалин картга тикканда;
Ё кимнингдир мушфиқ момосини
«Жигули»си билан туртиб ўтганда.

Мен бу афсонани эсладим ҳар гал
Авлодлар тўқнашса башарти;
Оқсоқоллар кенгашган маҳал
Ёнма-ён ўтириб бақамти.

Мени қийнади у…

* * *

Лекин шу топда
Минг бор қийин қаҳрамонимга.
Бобо товонида оғриқ сезмоқда:
Тошлар бўялмоқда гўё қонига.

— Тиззанг толди, болам… — деди эзилиб. —
Нафасингни ростлаб ол жичча…
Бир бута ёнида аста эгилиб,
«Юкни» ерга қўйди йигитча.

Манглайида шўрлаб қотди тер
Дол Қоянинг зах совуғидан.
Чақир тошлар йўлда қизғимтир
Қонданми, қуёшнинг сўнгги чўғидан…

Пастда эса яшил пиллапоялар,
Бахмалдай тун ётар ясланиб.
Туманли уйқуга ботар соялар
Даралар устига ташланиб.

Воҳалар устида тун кўрпаси мовий.
Уфқлар тандирдай балқийди.
Талпинтирар қадрдои водий,
Гул ҳиди, нон ҳиди анқийди.

— Бобо, қаранг, осмон, худди шийша!
Наҳот, қийнамаса бу ранглар сизни?
Наҳотки, шуларни кўзингиз қийса?
Яшашни ҳеч истамайсизми?

— Ҳа, ҳусну каромат тўла бу олам!
Аммо энди мен учун эмас.
Одат-тариқатни бузиш гуноҳ, болам,
Гумон оралатма имонингга, бас…

Йигит чексиз алам, дард билан
Юрди бобосини яна елкалаб.
Аммо кифтда иссиқ жон тафтидан
Дармон қочди. Қолди чўккалаб.

— Айтмадимми, болам, ёмондир қутқу,
Оёқларинг яна тилинди…
Кўнглингга васваса ораладию
Оғирлигим дарров билинди…

— Йўқ, қилмаймаи бу ишни, бобо!
Орқага қайтайлик! — деди.
Ўтирди.
Дол Қоядан қайтди хунук акс садо.
Йигит ич-ичидан титраб, ўкирди.

— Тойлоғим, бу иснод эмасми?
Элда бош кўтариб нечук юрурман?
Ўлимдан қўрқибди, демасми?
Бурчингни адо эт, ғурурлан.

— Йўқ! Янчилсин бу мудҳиш русум!
Исёнга чорлайди сирли садолар:
Донишмандлик нурин сочсин, яйрасин,
Яшасин дунёда ҳамма боболар!

— Қонунлар мантиқли, қонунлар зийрак.
Ёшлар тўқ-мўл бўлсин, кучли, сербардош.
Тириклик ўлмасин, олам бўлсин ёш.
Қарилар дунёдан кетиши керак…

— Бадавийдан қолган урфдир балки бу.
Ғамлари бўлмаган қориндан бўлак.
Бошқа одам, бошқа оламмиз-ку,
Бизда руҳият бор, бизда бор юрак.

Кучли, тўқ бўлинглар, дедингиз… Ахир,
Ҳайвон ҳам тўқ, ҳайвон ҳам кучли.

Қани дард, хотира, меҳр ва қаҳр?
Қани ўй-у ҳавас, қалбимиз пучми?

— Дардинг чиқди кўзларингдан сирқиб.
Наҳот, авлодларга иснод этарсан…
— Қандай авлод бўлдим,
Илдизимни қирқиб,
Ганжинамни жарга итарсам…

Қоя яқин, жарга долдай эгик.
Тоғ кўчкиси солади ғовур.
Сўнгги кучин жамлаб ўрлайди йигит,
Кўтарилар кифтидан ҳовур…

«Имонимни сусайтдинг лекин.
Исён руҳи билан сармастсан.
Ҳа, эҳтимол, кўҳна дунё юкин
Энди сенлар кўтаролмассан.

Замонлар ўзгарар экан-да.
Тирилтирдинг яшаш ҳиссимни.
Менинг оғирлигим эмас елкангда,
Руҳинг эзар сенинг жисмингни».

— Қонун занжир, болам.
Ҳа, темир қопқон.
Темирни қирқишга лозимдир темир.
— Қани ўша темир, бобожон?
Сизсиз тополмасман уни бир умр!

Бобо бор умрини кўрди унинг шу дам:
Кексалигин кўрди нақ шу сўқмоқда.
Жигари опичиб, ана, уни ҳам,
Ҳансираб Дол Қоя сари чиқмоқда…

Бошими, Қоями айланди гир-гир.
Ўлимидан оғир боланинг дарди.
Вужудини Қоя тагидаги
Тубсиз ўпқон захи тортарди.

Ҳис этди девордай мангу зулматни.
Заиф кўзларида яшаш мунги бор.
Ҳозир боласининг иссиққина кафти
Елкасига тегар сўнгги бор…

Қалтираб кетяпти кўзин қароғи…
Шунда бобо деди:
— Тўхта-чи бирпас…
Қалтис таваккалга жазм этдинг чоғи…
Мен ёнингда бўлмасам бўлмас.

— Бобо! Бобожоним менинг! Ёпирай!
Менда бу оқшомнинг бутун гуноҳи!
Юринг! Сизни шундай яширай
Ки, инсон зотининг тушмас нигоҳи!

Икки заиф вужуд мушт жуфтлаб,
Мислсиз исёнга журъат этдилар.
Ўлимга, бу ўпқон зулматига туфлаб,
Дара йўлларидан тушиб кетдилар.

Тоғлар янграр сирли, ғаройиб,
Булардан тақдирин сўраган таҳлид.
Тепада Дол Қоя қолди қорайиб,
Асрлар номидан солгандай таҳдид.

Йиқилдилар, дармон битди. Лекин
Нимадир — дилдами-уфқда — ёришди.

Тонг бўзарган пайтда судралиб, секин
Чакра ғорларига етиб боришди.

— Бунда, бобо, булоқ суви ширин,
Нон-намакка зориқтирмасман.
Водий ҳавосидан чиқиб шимиринг
Юлдузларга тўлганда осмон.

Йигит кетди. Бобо қолди, майиб,
Бегона кўзлардан олисда.
Пўпанак гул ўсган тирик тош болишда
Тирик тушлар кўрди жилмайиб.

Чакра ғор оғзини чакалак тўсган,
Шомлари шабпарак қўналға танлар.
Тошларида ирғай, қорачайир ўсган,
Тонгда ястанади паға туманлар.

Дерларки, қуюнлар унда сарсари,
Тунлари шарпалар юрармиш.
Моғоранинг зимзиё қаъри
Одамдай шивирлар, дам оҳ урармиш…

Иккинчи қисм

Пастда водий илиқ нурга ғарқ,
Ўнгирларда пода салмоқлар.
Ерни тирмаб арпа сепади халқ —
Ўша уруғ, ўша аймоқлар…

Шомда олов ёқар эзгу худогўй.
Ой қалқади кумуш лагандай.
Ҳаёт ўша мангу ҳасратли куй,
Гўё ҳеч янгилик юз бермагандай.

Ваҳоланки, чағал аймоғида
Туғилганди бугун янги зот.
Эҳтимол, тарихнинг нарироғида
Ундан бошланажак янги бир авлод.

Бу менинг йигитчам. Ўша бола-пақир.
Дарвоқе… нега у ҳануз исмсиз?
Энди ном бермасак бўлмас унга.Ахир,
Иш қилди мислсиз, изнсиз…

Янги деб, бутунлай янгимас Ростон
(Шундай бўлақолсин отми—лақаби.
Энди уни қисмат ёрлақади —
Балки бўлиб кетар Ростони Достон.)

Уст-бош юпун, турқи ўша-ўша,
Елкалари чиққан, қоқ-қуруқ.
Аммо юрагида унинг янги руҳ,
Журъат ўт олдирган умидлар жўшар.

Гарчандким, дунёнинг ишлари мушкул,
Гоҳ мусибат умрни оғулар,
Диллардан дилларга топиб йўл,
Орзулар кезади, сирли орзулар.

Чақилар водийнинг тоғ-тошида
Ўчган юлдузларнинг ўтли излари.
Шомлар чақчақлашар булоқ бошида
Чағал аймоғининг чўғдек қизлари…

Гўзал шаҳзодаси бор эди юртнинг,
Йигитлари билан бўларди пайдо,
Сурма тортиб, териб қошу муртин —
Билардики, эл унга шайдо.

Водий йўлларидан, кўю деҳотдан
От солиб ўтарди лаҳзада.
Боши чиқмас сайру саёҳатдан,
Ёш эди, шўх эди шаҳзода.

Мағрур, сахий, билимдон. Аммо
Зерикарди шекил қай чоқлар.
Бир эрмак қидирар, топар муаммо,

Чилтонлар айтарди, жумбоқлар.

Бошлар эди қалтис ҳазил-ҳузул,
Баҳслашарди сопқон отишдан.
Ўзига маҳлиё, топар эди ҳузур
Омий элатларни лақиллатишдан.

Бир калака қилай, дея жўрттага,
Бир куни ташлади жавобсиз жумбоқ:
— Саҳар туриб ҳамманг эртага
Томданми, қирданми уфқларга боқ.

Ким аввал илғаса илк тонг нурини
Менга овоз берсин шу лаҳза.
Сўнг, майли, нимаки тилак тиласа,
Бахтиёр этаман умрини!

…Тунда юпун-яланг ва ёшу кекса
Қирга ёпирилди гўё мўр-малах.
Хотин-халаж томда, бола-бақра эса
Дарахтларга чиқди ўрмалаб.

Чодирда шаҳзода титраб кифтлари
Олдиндан завқланиб, кафтга кулади:
«Тонгда бирдан бақиради бари,
Томоша: жанжалу муштлаш бўлади!»

Шумшайиб ўлтирар қирда халойиқ,
Кўзин шарққа тикиб, мункиб гавдаси.
Ё раб, наҳот, уни шунга кўрсанг лойиқ,
Не кунларга рози умид бандаси?!

Кечикиб келган Ростон зап қолди гапга:
— Ҳа, ноумид шайтон! Сенга йўқ тараф…
Жой ҳам танламади бола, бир тўнгакка
Ўтириб олди мағрибга қараб.

— Кун шарқдан чиқади ҳой, банда! —
Бўлди кулги! Олишди гапни.
— Омаддан, қисматдан безор бўлган-да,
Елкамнинг чуқури кўрсин, деяпти!..

Ростон эса боши қуйи, сўзсиз,
Аста ўртанарди дил оташида.
Рози эди бўлмоққа кўзсиз:
Бугун яна кўрди булоқ бошида…

Солиққа тушади, бўлади каниз
Бўй етиб қирмизи кийган қизалоқ.
Бу жойнинг қизлари шундай сўлар тез,
Қиз эмас, мисоли қизғалдоқ.

Йигитлар, Ростондай, тўлғаниб,
Орзулардангина қонади.
Қирмизи кўйлакдан чўғланиб,
Бир умр дўзахда ёнади.

…Ҳазил-мазах тинди.
Уфқ қолди фақат…
Тонг олдидан зимзиё, жимжит…
Ҳар ким ўз умиди билан бетоқат,
Мижжа қоқмай ўлтирар жунжиб.

— Тонг нури! Тонг нури! —
янгради бир вақт.
Бу овоз ҳаммани қалқитди.
Шу зум шақзодани қилароқ карахт,
Мағрибда Дол Қоя ярқ этди.

Қирда тошди гўё шалола:
— Ютди! Бола ютди! — деган садолар.
Сўнди шаҳзодада шавқу ҳафсала,
Ижирғанди: «Хап тур, гадолар!»

Ростон пайдо бўлди.
Оломон ҳадсиз.
Оқ чодирнинг рўпарасида.
Шаҳзода илжаяр рағбатсиз:
«Нима ҳам тиларди бу норасида!..»

Нима тилар экан, зарми, хазина? —
Боланинг оғзига тикиларди халқ.
Тонг отди. Тоғларда зинама-зина
Шуълаланиб кўтарилди Шарқ.

Ростон мақкам тираб икки оёғини:
— Шаҳзода, мард бўлсанг, лафзингни рост қил,
Тилагим шу, — деди, — Чағал аймоғини
Қизлар солиғидан халос қил!

Майдон жим… Бировлар қашийди гардан,
Биров шод, бировлар ҳайратда хижил…
Акс-садо келди фақат тоғлардан:
— Халос қил!
— Халос қил!!
— Халос қил!!!

Шаҳзода лол, мағрур бошин эгган,
Бўзарган уфққа бўзариб боқди.
Алам қамчисини отга босар экан,
Ноилож: «Маъқул!» деб бош қоқди.

Водийга таралди байрам овулдан,
Шодлик овозаси етди кўкларга.
Ёш-яланг қирларга ёйилган…
Бамисли лолазор яшнар кўкламда.

Фақат Ростон…
Бобоси-ла ёлғиз
Қабристондай жимжит, зах моғорада.
Сўз тополмас гоҳо бир оғиз,
Гап қочгандай гўё орада.

— Айтганимдай қилибсан, болам,
Сен хижолат тортма, ҳаммаси тўғри.
Тилагинг ўзингга, девдим, ҳавола,
Уни ҳам топибсан, балле, эл ўғли!

Оналар кўнглида номинг бўлмас унут,
Дуо қилар қизлар икки дунёда.
Ғафлатда қолмасин аммо энди юрт,
Аламзада бўпти шаҳзода…

Юрт осойиш. Дориломон кезлар.
Наъматак гуллайди тоғи-тошида.
Етилади сухсурдай қизлар,
Сирли суҳбатлари булоқ бошида.

Келинлар товланар анвойи хилда
Сурнай садолари янграйди.
Арпа-буғдой тўлқинланар қирда,
Ўнгирда подалар маърайди.

Ростон бола эмас, энди бўз йигит.
Эътибори баланд, қадди рост.
Кўзлари сал мунгли, қошлари эгик,
Негадир чеҳрасин очмайди, холос.

Дилида кезади гўё қора булут
Бобо сўзин эслар гоҳ-гоҳда:
«Ғафлатда қолмасин энди юрт,
Аламзада бўпти шаҳзода»…

Кутганидай бўлди. Сокин бир кеча
Дўзах яллиғлатиб водийнинг тонгин,
Қўрғонидан тортиб боғи-роғигача
Қовжиратиб кетди даҳшатли ёнғин.

Узоққа бормади тўю алёрлар,
Бахт эркалатмади чағал халқини.
Дон-дун, ғарам ёнди, ёнди омборлар,
Осмонларга ўрлаб ёлқини…

Кулу косов қолди қазноқларда,
На-да уруғликни олдилар асраб.
Дамда гадо бўлган қора қишлоқларда
Аччиғ тутун каби кезарди ҳасрат.

Қора кулфат келди чағал аймоғига,
Экса йўқдир дону донаси.
Энди бош эгади кимнинг оёғига?
Кимга етар ўксук ноласи?

Шаҳзодага фарёд хуш ёқар,
Олдиндан сезади завқ-шавқ галини.
Очлик таҳдид солган элатларга боқар:
«Келмайсан-а, йиғлаб, ялиниб!«

«Ноиложмиз, — дейди Ростон хирқираб,
Ўзи ҳам букчайиб қолган бободай.
Ғор совуқ, шам ёнар хира пирпираб, —
—  Очлик келаётир босиб вабодай…

Тун сесканар инсон ноласидан,
Вайроналар узра қузғун галалар.
Онадай зор-зор деҳқон боласига
Ҳувиллаб ётибди далалар.

—  Дон сўраб борамиз қон эвазига
Ўша текинхўрга яна чўкиб тиз.
Бахт, бобо, ётми чағал шевасига?
Эсиз ғуруримиз, қадримиз эсиз…

Бобо чўкиб ўтирар.
Ғорда машъум сукут.
Шифт босиб тушмоқда қисматдай қора.
Нафасини сиқар, қаддини букиб…
Айт пири донишманд, не чора?

Ташқарида кўклам бир сўзига зордай,
Мадор кетган пайт иликдан.
Ҳозир дон тикмаса деҳқон, кузга бормай
Эл-юрт қирилади қаҳатчиликдан.

— Бундай… — деди бобо йиғиб ҳушини,
Ростон кўзи соққа, юзлари қотма. —
Шаҳзода кутади бош эгишингни,
Сен иззат-нафсингни топтатма.

Текинхўрга борма, меҳнаткашга бор,
Меҳнаткаш киради жонингга аро.
Бобо, меҳнаткаш-ку битта донга зор,
Хонавайрон, ахир, фақир-фуқаро.

—  Текинхўрдан минг бор тежамли, жўмард
Чумоли меҳнаткаш, меҳнаткаш юмрон.
Тонгда ёш-ялангни тўпла-да жўнат,
Дала-тузга чиқсин, кезсин қир, ўрмон…

…Водийга ёйилган эрталаб
Йигит-қиз, бир-бирин чорлар, имларди.
Дон терарди улар битта-битталаб
Уяларни очиб, титиб инларни.

Биров қайтди — бир дўппи тариғ,
Биров — ҳовучида арпами, оқшоқ.
Биров — этагида сара буғдой: сариғ,
Биров — липпасида уч-тўртта бошоқ…

Ют келди ютоқиб. Эркагу хотин,
Болалар дармонсиз, қоқсуяк.
Оч нафсларин тийиб, ҳар дон гўё олтин,
Мисқоллаб ташишди бир-бирин суяб.

Дарҳақ, бўлур тома-тома кўл.
Ҳамал кириб қирлар кўкарди.
Қирилиб кетмади, бўлмаса-да мўл,
Оч юрт кузга бориб хирмон кўтарди.

…Қурбонсиз бўлмади бу сабот, тўзим —
Қазо қилди дардчил, заифлар.
Адо қилди фидойилар ўзин —
Жон берди жонсарак майиблар…

Бировларни очлик олиб кетди,
Бировларни унинг вос-воси.
Ташвишдан зўриқиб, тўсат вафот этди
Чагал аймоғининг пешвоси.

Дилгир одам эди, одил, куюнчак,
Юртга бағишлаган эди умрини.
Бир кесарди марҳум етти ўлчаб,
Энди ким босади унинг ўрнини?

Кимни сайлаш керак энди пешволикка?
Яна ташвиш билан қайнар оломон.
Саҳардан майдонда яна халқ тикка.
Ҳамманинг кўнглида жо эди бир ном.

Чиндан, ким, келганда шаҳзода, каззоб,
Ерга қаратмади юзларимизни?
Қаҳатлик қаҳрида ким топди нажот?
Ва ким халос этди қизларимизни?

—  Ростон!
—  Ростон бўлсин!
—  Ростон муносиб!
—  У тадбиркор, оқил, донишманд!
Ёш бўлса ҳам эл ғами билан банд! —
Сурон турар эди майдонни босиб.

Йигит бош кўтарди:
—  Йўқ, оқил мен эмас.
Юрт олдида гуноҳим катта… —
Майдон сув сепгандай жим бўлди бирпас,
Халойиқ турарди лол ва ҳайратда.

—  Хом сут эмган банда, Дол Қоядан қайтдим,
Мен бобомга топдим узлатдан гўша.
Мен бир нодон, қўрқоқ, бор гапни айтдим.
Жами доноликни ўргатган ўша.

Минг йиллик удумни буздим мен бадбахт,
Юрт олдида гуноҳим катта.
Бари бир куфримдан кечмайсиз ҳеч вақт…
Халойиқ туради лол ва ҳайратда.

Халойиқ турарди лол ва қайратда
Ростоннинг бобоси тирик! Водариғ!
Ўйлар ёнар эди бу сукунатда
Тоғларни, тошларни гўё ағдариб.

Уфқлар нопармон, барглар ҳали нам;
Тонг дунёни шабнамга чайган.
Тепада Дол Қоя ғариб, букчайган.
Ғорда бу жимликдан пирпирайди шам.

Ҳаёт қай томонга оқади энди?
Халойиқ туради лол ва қайратда.
Шунда бир товушдан сукут чил-чил синди:
 —  Кечамиз!
—  Юз марта!
— Минг марта!

Майли, Доно бобо бўлсин қошингда,
Биз сени деганмиз, пешвоимиз бўл! —
Қалққан оломонни тинчитиб шунда
Ростон майдон ора кўтаради қўл:

—  Маъқул, сайланг мени!
Лекин шартим шу:
Йўқотамиз мудҳиш удумни.
Илк фармоним бўлур Дол Қояга қарши,
Асрларга қарши тикдим ўзимни!

Гўёки тоғларда қанот қокди Ҳумо,
Бирпас жимликдан сўнг қалқди садолар:
— Донишмандлик нурин сочиб доимо
Яшасии дунёда ҳамма боболар!

Яшасин дунёда ҳамма боболар!

 

* * *

Мен билмайман чағал аймоғини.
Бўлганми бундай эл, бундай мамлакат.
Аммо афсона дер гапнинг қаймоғини:
Авлодлар аждодлар билан ялакат.

Билмайман ёлғонми-ростми бу қисса,
Илдизи қайларга бориб етади.
Биламан: ҳар бўғин, ҳатто ҳар кимса
Дунёнинг бир қисмин олиб кетади.

Инсон чексиз камолот деб яшар,
Марралар кетидан келар марралар.
Дахлсиз меросдир унга  бани-башар
Мисқоллаб тўплаган зарралар.

Аста ваҳшатлардан покланар дунё,
Инсоннинг қалб қуёши ўчмас.
Ҳадик солмас элга мудҳиш рўё,
Дол Қоя устида қузғунлар учмас.

Ўтмишу келажак — бус-бутун.
Тарихнинг қаъридан келар садолар:
Набиралар бахти, камолоти учун
Яшасин дунёда ҳамма боболар!

1985—86

004

Asqad MUXTOR
DOL QOYA
Doston
09

Birinchi qism

Yigit-ku, nafasi siqardi jichcha.
Ko’ylagi taniga yopishgan.088
Bukchayib, hansirab borar yigitcha,
Chuvakkina cholni opichgan.

Tog’ yo’li — aylanma. So’qma yo’l.Tikka.
Chaqir tosh tiladi tovonni.

Ammo chol og’irmas yigitga,
O’zga yuk alamli, davomli.

Tepada bahaybat Dol Qoya,
Ajdod-avlodlarning mudhish manzili.
YO tangri! Bu yo’lga bormi nihoya,
Qoyami, yukining ramzimi?

Qora tunda qora qoya tosh,
Shomlari shafaqdan qondek qizarar…
Og’ir yukdan lovullaydi bosh,
Qaltirar, qaltirar tizzalar.

Reza ter yiltillar sabza mo’yida,
Bo’ynida tomirlar bo’rtadi…
Men g’uluv uyg’otdim she’rxon o’yida.
Bu uzoq o’tmishning ertagi.

— Yana o’tmish? — deydi g’ashlanib
Shu kun tashvishi-la yashovchi o’rtoq.
Ha, ko’hna gap ketdi boshlanib,
O’tmishidan kechgan — nodon yo qo’rqoq.

O’tmish xotiradir. Xotira — boylik.
Kecha, Bugun, Erta — bus-butun.
Shoshmang, do’stim, sabr qilaylik,
Qayga eltar ekan yigitcha yukin…

* * *

U o’rlaydi. Toshloq yo’l tikka.
Qoqinib, qoladi cho’kib, tizzalab.
Chol undaydi, go’yo ezgulikka,
Goh dalda berib, goh izzalab.

Izza qilsa haqli, begona emas,
Shu yigitchaning u — buvasi.
Pastda tuman, vodiy elas-elas,
Vodiy to’la uva-juvasi.

Lekin qarib, tamom qochdi qon
Suyakka yopishgan etidan.
Ekin-tikinda yo’q, bedarmon,
Na yura oladi suruv ketidan…

Shuning uchun nevaraga bu kun
(Ungagina emas) yuk bo’lib qoldi.
Shuning-chun umrida eng og’ir yukin
Bola bugun kiftiga oldi.

O’smirlarcha, yelkalari chiqqan,
Usti-boshi yupun, suyagi buzuq.
Bobo esa chanqab yutliqqan,
Nafasi tez, gaplari yuluq.

— Chaproqqa yur, bolam, o’ngda tayg’oqlar… —
Bu yo’llarni bobo biladi.
Buvasin opichib kelgan bir vaqtlar.
Endi bunga boqib, bag’rin tiladi.

Nahotki, uni ham bir kun jigari
Bu yo’llardan chiqsa ko’tarib?!..
Nahot, o’shanda ham manov singari
Quyida vodiylar yotsa ko’karib?!.

Nahot, yillar o’tib bilanihoya
Uzilmas bu la’nat zanjiri?
Tunday soya solib turar Dol Qoya,
Go’yoki bosh uzra qismat shamshiri?

Ha, ikki bor o’tar shu mudhish yo’ldan
Bu elatning mardi-mardumi.
Shunday ajdodlardan unga meros bo’lgan
Daxlsiz, shafqatsiz urf rusumi.

* * *

— Afsonami? Yana afsona? —
Deydi ishchan, omilkor do’stim.
Ha-da. Afsonaning mag’zi — durdona.
Archib ko’ring tumanli po’stin.

Qalqib chiqar nurday yorishib
Zamonlarning dono hamrohi.
Borliq bilan hargiz qorishiq
Hayot saboqlarin asil qaymogi.

Bu afsona meni uzoq qiynadi.
Ergashdi, chirmashdi o’y-hislarimga.
Tushlarimga kirdi, qo’ymadi.
Aralashdi bahslarimga.

Men uni esladim, yetdim qadriga
Soldat qasamini dildan tuyganda;
Qizaloqlar gullar qo’yganda
Veteran bobolar qabriga;

Bir navqiron shakkok o’z bobosining
Jangovar medalin kartga tikkanda;
YO kimningdir mushfiq momosini
«Jiguli»si bilan turtib o’tganda.

Men bu afsonani esladim har gal
Avlodlar to’qnashsa basharti;
Oqsoqollar kengashgan mahal
Yonma-yon o’tirib baqamti.

Meni qiynadi u…

* * *

Lekin shu topda
Ming bor qiyin qahramonimga.
Bobo tovonida og’riq sezmoqda:
Toshlar bo’yalmoqda go’yo qoniga.

— Tizzang toldi, bolam… — dedi ezilib. —
Nafasingni rostlab ol jichcha…
Bir buta yonida asta egilib,
«Yukni» yerga qo’ydi yigitcha.

Manglayida sho’rlab qotdi ter
Dol Qoyaning zax sovug’idan.
Chaqir toshlar yo’lda qizg’imtir
Qondanmi, quyoshning so’nggi cho’g’idan…

Pastda esa yashil pillapoyalar,
Baxmalday tun yotar yaslanib.
Tumanli uyquga botar soyalar
Daralar ustiga tashlanib.

Vohalar ustida tun ko’rpasi moviy.
Ufqlar tandirday balqiydi.
Talpintirar qadrdoi vodiy,
Gul hidi, non hidi anqiydi.

— Bobo, qarang, osmon, xuddi shiysha!
Nahot, qiynamasa bu ranglar sizni?
Nahotki, shularni ko’zingiz qiysa?
Yashashni hech istamaysizmi?

— Ha, husnu karomat to’la bu olam!
Ammo endi men uchun emas.
Odat-tariqatni buzish gunoh, bolam,
Gumon oralatma imoningga, bas…

Yigit cheksiz alam, dard bilan
Yurdi bobosini yana yelkalab.
Ammo kiftda issiq jon taftidan
Darmon qochdi. Qoldi cho’kkalab.

— Aytmadimmi, bolam, yomondir qutqu,
Oyoqlaring yana tilindi…
Ko’nglingga vasvasa oraladiyu
Og’irligim darrov bilindi…

— Yo’q, qilmaymai bu ishni, bobo!
Orqaga qaytaylik! — dedi.
O’tirdi.
Dol Qoyadan qaytdi xunuk aks sado.
Yigit ich-ichidan titrab, o’kirdi.

— Toylog’im, bu isnod emasmi?
Elda bosh ko’tarib nechuk yururman?
O’limdan qo’rqibdi, demasmi?
Burchingni ado et, g’ururlan.

— Yo’q! Yanchilsin bu mudhish rusum!
Isyonga chorlaydi sirli sadolar:
Donishmandlik nurin sochsin, yayrasin,
Yashasin dunyoda hamma bobolar!

— Qonunlar mantiqli, qonunlar ziyrak.
Yoshlar to’q-mo’l bo’lsin, kuchli, serbardosh.
Tiriklik o’lmasin, olam bo’lsin yosh.
Qarilar dunyodan ketishi kerak…

— Badaviydan qolgan urfdir balki bu.
G’amlari bo’lmagan qorindan bo’lak.
Boshqa odam, boshqa olammiz-ku,
Bizda ruhiyat bor, bizda bor yurak.

Kuchli, to’q bo’linglar, dedingiz… Axir,
Hayvon ham to’q, hayvon ham kuchli.

Qani dard, xotira, mehr va qahr?
Qani o’y-u havas, qalbimiz puchmi?

— Darding chiqdi ko’zlaringdan sirqib.
Nahot, avlodlarga isnod etarsan…
— Qanday avlod bo’ldim,
Ildizimni qirqib,
Ganjinamni jarga itarsam…

Qoya yaqin, jarga dolday egik.
Tog’ ko’chkisi soladi g’ovur.
So’nggi kuchin jamlab o’rlaydi yigit,
Ko’tarilar kiftidan hovur…

«Imonimni susaytding lekin.
Isyon ruhi bilan sarmastsan.
Ha, ehtimol, ko’hna dunyo yukin
Endi senlar ko’tarolmassan.

Zamonlar o’zgarar ekan-da.
Tiriltirding yashash hissimni.
Mening og’irligim emas yelkangda,
Ruhing ezar sening jismingni».

— Qonun zanjir, bolam.
Ha, temir qopqon.
Temirni qirqishga lozimdir temir.
— Qani o’sha temir, bobojon?
Sizsiz topolmasman uni bir umr!

Bobo bor umrini ko’rdi uning shu dam:
Keksaligin ko’rdi naq shu so’qmoqda.
Jigari opichib, ana, uni ham,
Hansirab Dol Qoya sari chiqmoqda…

Boshimi, Qoyami aylandi gir-gir.
O’limidan og’ir bolaning dardi.
Vujudini Qoya tagidagi
Tubsiz o’pqon zaxi tortardi.

His etdi devorday mangu zulmatni.
Zaif ko’zlarida yashash mungi bor.
Hozir bolasining issiqqina kafti
Yelkasiga tegar so’nggi bor…

Qaltirab ketyapti ko’zin qarog’i…
Shunda bobo dedi:
— To’xta-chi birpas…
Qaltis tavakkalga jazm etding chog’i…
Men yoningda bo’lmasam bo’lmas.

— Bobo! Bobojonim mening! Yopiray!
Menda bu oqshomning butun gunohi!
Yuring! Sizni shunday yashiray
Ki, inson zotining tushmas nigohi!

Ikki zaif vujud musht juftlab,
Mislsiz isyonga jur’at etdilar.
O’limga, bu o’pqon zulmatiga tuflab,
Dara yo’llaridan tushib ketdilar.

Tog’lar yangrar sirli, g’aroyib,
Bulardan taqdirin so’ragan tahlid.
Tepada Dol Qoya qoldi qorayib,
Asrlar nomidan solganday tahdid.

Yiqildilar, darmon bitdi. Lekin
Nimadir — dildami-ufqda — yorishdi.

Tong bo’zargan paytda sudralib, sekin
Chakra g’orlariga yetib borishdi.

— Bunda, bobo, buloq suvi shirin,
Non-namakka zoriqtirmasman.
Vodiy havosidan chiqib shimiring
Yulduzlarga to’lganda osmon.

Yigit ketdi. Bobo qoldi, mayib,
Begona ko’zlardan olisda.
Po’panak gul o’sgan tirik tosh bolishda
Tirik tushlar ko’rdi jilmayib.

Chakra g’or og’zini chakalak to’sgan,
Shomlari shabparak qo’nalg’a tanlar.
Toshlarida irg’ay, qorachayir o’sgan,
Tongda yastanadi pag’a tumanlar.

Derlarki, quyunlar unda sarsari,
Tunlari sharpalar yurarmish.
Mog’oraning zimziyo qa’ri
Odamday shivirlar, dam oh urarmish…

Ikkinchi qism

Pastda vodiy iliq nurga g’arq,
O’ngirlarda poda salmoqlar.
Yerni tirmab arpa sepadi xalq —
O’sha urug’, o’sha aymoqlar…

Shomda olov yoqar ezgu xudogo’y.
Oy qalqadi kumush laganday.
Hayot o’sha mangu hasratli kuy,
Go’yo hech yangilik yuz bermaganday.

Vaholanki, chag’al aymog’ida
Tug’ilgandi bugun yangi zot.
Ehtimol, tarixning narirog’ida
Undan boshlanajak yangi bir avlod.

Bu mening yigitcham. O’sha bola-paqir.
Darvoqe… nega u hanuz ismsiz?
Endi nom bermasak bo’lmas unga.Axir,
Ish qildi mislsiz, iznsiz…

Yangi deb, butunlay yangimas Roston
(Shunday bo’laqolsin otmi—laqabi.
Endi uni qismat yorlaqadi —
Balki bo’lib ketar Rostoni Doston.)

Ust-bosh yupun, turqi o’sha-o’sha,
Yelkalari chiqqan, qoq-quruq.
Ammo yuragida uning yangi ruh,
Jur’at o’t oldirgan umidlar jo’shar.

Garchandkim, dunyoning ishlari mushkul,
Goh musibat umrni og’ular,
Dillardan dillarga topib yo’l,
Orzular kezadi, sirli orzular.

Chaqilar vodiyning tog’-toshida
O’chgan yulduzlarning o’tli izlari.
Shomlar chaqchaqlashar buloq boshida
Chag’al aymog’ining cho’g’dek qizlari…

Go’zal shahzodasi bor edi yurtning,
Yigitlari bilan bo’lardi paydo,
Surma tortib, terib qoshu murtin —
Bilardiki, el unga shaydo.

Vodiy yo’llaridan, ko’yu dehotdan
Ot solib o’tardi lahzada.
Boshi chiqmas sayru sayohatdan,
Yosh edi, sho’x edi shahzoda.

Mag’rur, saxiy, bilimdon. Ammo
Zerikardi shekil qay choqlar.
Bir ermak qidirar, topar muammo,

Chiltonlar aytardi, jumboqlar.

Boshlar edi qaltis hazil-huzul,
Bahslashardi sopqon otishdan.
O’ziga mahliyo, topar edi huzur
Omiy elatlarni laqillatishdan.

Bir kalaka qilay, deya jo’rttaga,
Bir kuni tashladi javobsiz jumboq:
— Sahar turib hammang ertaga
Tomdanmi, qirdanmi ufqlarga boq.

Kim avval ilg’asa ilk tong nurini
Menga ovoz bersin shu lahza.
So’ng, mayli, nimaki tilak tilasa,
Baxtiyor etaman umrini!

…Tunda yupun-yalang va yoshu keksa
Qirga yopirildi go’yo mo’r-malax.
Xotin-xalaj tomda, bola-baqra esa
Daraxtlarga chiqdi o’rmalab.

Chodirda shahzoda titrab kiftlari
Oldindan zavqlanib, kaftga kuladi:
«Tongda birdan baqiradi bari,
Tomosha: janjalu mushtlash bo’ladi!»

Shumshayib o’ltirar qirda xaloyiq,
Ko’zin sharqqa tikib, munkib gavdasi.
YO rab, nahot, uni shunga ko’rsang loyiq,
Ne kunlarga rozi umid bandasi?!

Kechikib kelgan Roston zap qoldi gapga:
— Ha, noumid shayton! Senga yo’q taraf…
Joy ham tanlamadi bola, bir to’ngakka
O’tirib oldi mag’ribga qarab.

— Kun sharqdan chiqadi hoy, banda! —
Bo’ldi kulgi! Olishdi gapni.
— Omaddan, qismatdan bezor bo’lgan-da,
Yelkamning chuquri ko’rsin, deyapti!..

Roston esa boshi quyi, so’zsiz,
Asta o’rtanardi dil otashida.
Rozi edi bo’lmoqqa ko’zsiz:
Bugun yana ko’rdi buloq boshida…

Soliqqa tushadi, bo’ladi kaniz
Bo’y yetib qirmizi kiygan qizaloq.
Bu joyning qizlari shunday so’lar tez,
Qiz emas, misoli qizg’aldoq.

Yigitlar, Rostonday, to’lg’anib,
Orzulardangina qonadi.
Qirmizi ko’ylakdan cho’g’lanib,
Bir umr do’zaxda yonadi.

…Hazil-mazax tindi.
Ufq qoldi faqat…
Tong oldidan zimziyo, jimjit…
Har kim o’z umidi bilan betoqat,
Mijja qoqmay o’ltirar junjib.

— Tong nuri! Tong nuri! —
yangradi bir vaqt.
Bu ovoz hammani qalqitdi.
Shu zum shaqzodani qilaroq karaxt,
Mag’ribda Dol Qoya yarq etdi.

Qirda toshdi go’yo shalola:
— Yutdi! Bola yutdi! — degan sadolar.
So’ndi shahzodada shavqu hafsala,
Ijirg’andi: «Xap tur, gadolar!»

Roston paydo bo’ldi.
Olomon hadsiz.
Oq chodirning ro’parasida.
Shahzoda iljayar rag’batsiz:
«Nima ham tilardi bu norasida!..»

Nima tilar ekan, zarmi, xazina? —
Bolaning og’ziga tikilardi xalq.
Tong otdi. Tog’larda zinama-zina
Shu’lalanib ko’tarildi Sharq.

Roston maqkam tirab ikki oyog’ini:
— Shahzoda, mard bo’lsang, lafzingni rost qil,
Tilagim shu, — dedi, — Chag’al aymog’ini
Qizlar solig’idan xalos qil!

Maydon jim… Birovlar qashiydi gardan,
Birov shod, birovlar hayratda xijil…
Aks-sado keldi faqat tog’lardan:
— Xalos qil!
— Xalos qil!!
— Xalos qil!!!

Shahzoda lol, mag’rur boshin eggan,
Bo’zargan ufqqa bo’zarib boqdi.
Alam qamchisini otga bosar ekan,
Noiloj: «Ma’qul!» deb bosh qoqdi.

Vodiyga taraldi bayram ovuldan,
Shodlik ovozasi yetdi ko’klarga.
Yosh-yalang qirlarga yoyilgan…
Bamisli lolazor yashnar ko’klamda.

Faqat Roston…
Bobosi-la yolg’iz
Qabristonday jimjit, zax mog’orada.
So’z topolmas goho bir og’iz,
Gap qochganday go’yo orada.

— Aytganimday qilibsan, bolam,
Sen xijolat tortma, hammasi to’g’ri.
Tilaging o’zingga, devdim, havola,
Uni ham topibsan, balle, el o’g’li!

Onalar ko’nglida noming bo’lmas unut,
Duo qilar qizlar ikki dunyoda.
G’aflatda qolmasin ammo endi yurt,
Alamzada bo’pti shahzoda…

Yurt osoyish. Dorilomon kezlar.
Na’matak gullaydi tog’i-toshida.
Yetiladi suxsurday qizlar,
Sirli suhbatlari buloq boshida.

Kelinlar tovlanar anvoyi xilda
Surnay sadolari yangraydi.
Arpa-bug’doy to’lqinlanar qirda,
O’ngirda podalar ma’raydi.

Roston bola emas, endi bo’z yigit.
E’tibori baland, qaddi rost.
Ko’zlari sal mungli, qoshlari egik,
Negadir chehrasin ochmaydi, xolos.

Dilida kezadi go’yo qora bulut
Bobo so’zin eslar goh-gohda:
«G’aflatda qolmasin endi yurt,
Alamzada bo’pti shahzoda»…

Kutganiday bo’ldi. Sokin bir kecha
Do’zax yallig’latib vodiyning tongin,
Qo’rg’onidan tortib bog’i-rog’igacha
Qovjiratib ketdi dahshatli yong’in.

Uzoqqa bormadi to’yu alyorlar,
Baxt erkalatmadi chag’al xalqini.
Don-dun, g’aram yondi, yondi omborlar,
Osmonlarga o’rlab yolqini…

Kulu kosov qoldi qaznoqlarda,
Na-da urug’likni oldilar asrab.
Damda gado bo’lgan qora qishloqlarda
Achchig’ tutun kabi kezardi hasrat.

Qora kulfat keldi chag’al aymog’iga,
Eksa yo’qdir donu donasi.
Endi bosh egadi kimning oyog’iga?
Kimga yetar o’ksuk nolasi?

Shahzodaga faryod xush yoqar,
Oldindan sezadi zavq-shavq galini.
Ochlik tahdid solgan elatlarga boqar:
«Kelmaysan-a, yig’lab, yalinib!«

«Noilojmiz, — deydi Roston xirqirab,
O’zi ham bukchayib qolgan boboday.
G’or sovuq, sham yonar xira pirpirab, —
— Ochlik kelayotir bosib vaboday…

Tun seskanar inson nolasidan,
Vayronalar uzra quzg’un galalar.
Onaday zor-zor dehqon bolasiga
Huvillab yotibdi dalalar.

— Don so’rab boramiz qon evaziga
O’sha tekinxo’rga yana cho’kib tiz.
Baxt, bobo, yotmi chag’al shevasiga?
Esiz g’ururimiz, qadrimiz esiz…

Bobo cho’kib o’tirar.
G’orda mash’um sukut.
Shift bosib tushmoqda qismatday qora.
Nafasini siqar, qaddini bukib…
Ayt piri donishmand, ne chora?

Tashqarida ko’klam bir so’ziga zorday,
Mador ketgan payt ilikdan.
Hozir don tikmasa dehqon, kuzga bormay
El-yurt qiriladi qahatchilikdan.

— Bunday… — dedi bobo yig’ib hushini,
Roston ko’zi soqqa, yuzlari qotma. —
Shahzoda kutadi bosh egishingni,
Sen izzat-nafsingni toptatma.

Tekinxo’rga borma, mehnatkashga bor,
Mehnatkash kiradi joningga aro.
Bobo, mehnatkash-ku bitta donga zor,
Xonavayron, axir, faqir-fuqaro.

— Tekinxo’rdan ming bor tejamli, jo’mard
Chumoli mehnatkash, mehnatkash yumron.
Tongda yosh-yalangni to’pla-da jo’nat,
Dala-tuzga chiqsin, kezsin qir, o’rmon…

…Vodiyga yoyilgan ertalab
Yigit-qiz, bir-birin chorlar, imlardi.
Don terardi ular bitta-bittalab
Uyalarni ochib, titib inlarni.

Birov qaytdi — bir do’ppi tarig’,
Birov — hovuchida arpami, oqshoq.
Birov — etagida sara bug’doy: sarig’,
Birov — lippasida uch-to’rtta boshoq…

Yut keldi yutoqib. Erkagu xotin,
Bolalar darmonsiz, qoqsuyak.
Och nafslarin tiyib, har don go’yo oltin,
Misqollab tashishdi bir-birin suyab.

Darhaq, bo’lur toma-toma ko’l.
Hamal kirib qirlar ko’kardi.
Qirilib ketmadi, bo’lmasa-da mo’l,
Och yurt kuzga borib xirmon ko’tardi.

…Qurbonsiz bo’lmadi bu sabot, to’zim —
Qazo qildi dardchil, zaiflar.
Ado qildi fidoyilar o’zin —
Jon berdi jonsarak mayiblar…

Birovlarni ochlik olib ketdi,
Birovlarni uning vos-vosi.
Tashvishdan zo’riqib, to’sat vafot etdi
Chagal aymog’ining peshvosi.

Dilgir odam edi, odil, kuyunchak,
Yurtga bag’ishlagan edi umrini.
Bir kesardi marhum yetti o’lchab,
Endi kim bosadi uning o’rnini?

Kimni saylash kerak endi peshvolikka?
Yana tashvish bilan qaynar olomon.
Sahardan maydonda yana xalq tikka.
Hammaning ko’nglida jo edi bir nom.

Chindan, kim, kelganda shahzoda, kazzob,
Yerga qaratmadi yuzlarimizni?
Qahatlik qahrida kim topdi najot?
Va kim xalos etdi qizlarimizni?

— Roston!
— Roston bo’lsin!
— Roston munosib!
— U tadbirkor, oqil, donishmand!
Yosh bo’lsa ham el g’ami bilan band! —
Suron turar edi maydonni bosib.

Yigit bosh ko’tardi:
— Yo’q, oqil men emas.
Yurt oldida gunohim katta… —
Maydon suv sepganday jim bo’ldi birpas,
Xaloyiq turardi lol va hayratda.

— Xom sut emgan banda, Dol Qoyadan qaytdim,
Men bobomga topdim uzlatdan go’sha.
Men bir nodon, qo’rqoq, bor gapni aytdim.
Jami donolikni o’rgatgan o’sha.

Ming yillik udumni buzdim men badbaxt,
Yurt oldida gunohim katta.
Bari bir kufrimdan kechmaysiz hech vaqt…
Xaloyiq turadi lol va hayratda.

Xaloyiq turardi lol va qayratda
Rostonning bobosi tirik! Vodarig’!
O’ylar yonar edi bu sukunatda
Tog’larni, toshlarni go’yo ag’darib.

Ufqlar noparmon, barglar hali nam;
Tong dunyoni shabnamga chaygan.
Tepada Dol Qoya g’arib, bukchaygan.
G’orda bu jimlikdan pirpiraydi sham.

Hayot qay tomonga oqadi endi?
Xaloyiq turadi lol va qayratda.
Shunda bir tovushdan sukut chil-chil sindi:
— Kechamiz!
— Yuz marta!
— Ming marta!

Mayli, Dono bobo bo’lsin qoshingda,
Biz seni deganmiz, peshvoimiz bo’l! —
Qalqqan olomonni tinchitib shunda
Roston maydon ora ko’taradi qo’l:

— Ma’qul, saylang meni!
Lekin shartim shu:
Yo’qotamiz mudhish udumni.
Ilk farmonim bo’lur Dol Qoyaga qarshi,
Asrlarga qarshi tikdim o’zimni!

Go’yoki tog’larda qanot qokdi Humo,
Birpas jimlikdan so’ng qalqdi sadolar:
— Donishmandlik nurin sochib doimo
Yashasii dunyoda hamma bobolar!

Yashasin dunyoda hamma bobolar!

* * *

Men bilmayman chag’al aymog’ini.
Bo’lganmi bunday el, bunday mamlakat.
Ammo afsona der gapning qaymog’ini:
Avlodlar ajdodlar bilan yalakat.

Bilmayman yolg’onmi-rostmi bu qissa,
Ildizi qaylarga borib yetadi.
Bilaman: har bo’g’in, hatto har kimsa
Dunyoning bir qismin olib ketadi.

Inson cheksiz kamolot deb yashar,
Marralar ketidan kelar marralar.
Daxlsiz merosdir unga bani-bashar
Misqollab to’plagan zarralar.

Asta vahshatlardan poklanar dunyo,
Insonning qalb quyoshi o’chmas.
Hadik solmas elga mudhish ro’yo,
Dol Qoya ustida quzg’unlar uchmas.

O’tmishu kelajak — bus-butun.
Tarixning qa’ridan kelar sadolar:
Nabiralar baxti, kamoloti uchun
Yashasin dunyoda hamma bobolar!

1985—86

004

(Tashriflar: umumiy 239, bugungi 1)

Izoh qoldiring