Isajon Sulton. Ota qasidasi

034    Бу ёруғ оламда шунча йил яшасам-да, зотингнинг қанчалар улуғ эканига ақлим етмаса нима қилай? Бунчалар меҳрни худойим қай тарз дилингга солибдики, ўтгаям, сувгаям қарамай мени дер эдинг? Йиқилганимда, бир жойим ғурра бўлганида жонҳолатда ҳеч нимага қарамай чопиб келганларинг элас-элас эсимда.

Исажон СУЛТОН
ОТА ҚАСИДАСИ
045

0451967 йили туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Муножот”, “Ойдинбулоқ” каби ҳикоя ва қиссалар тўплами, “Боқий дарбадар”, “Озод” романлари муаллифи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

045

Муҳташам бир бинонинг ойнаванд кириш эшиги олдида кўкиш зарҳал кийим кийган икки бақувват дарбон зерикиб турар эди.
Ёмғир шивалаб ёғар, қизил тош терилган йўлаклар, қимматбаҳо аробалар турли-туман чироқлар ёғдусида товланиб кўринарди.

Кишилар шоша-пиша йўлакдан ўтиб бормоқда эдилар. Салдан кейин усти ёмғирда анчайин ивиган, дўппи кийган ўрта яшар бир киши дарбонлар ёнига яқинлашди.

Башанг йигитлар илк қарашдаёқ унинг кимлигини аниқлаб бўлишган, ҳар ҳолда юпунгина бу одамнинг ҳашаматли ресторанда қилар иши йўқлиги шу бир қарашдаёқ аниқ-равшан бўлган эди.
Кишининг сочлари оқарган, пойафзали ҳам анча уринган.
У бир нафас тўхтаб, турганлардан ниманидир сўради. Ҳар ҳолда, юз-қўлимни ювиб чиқсам майлими, деган бўлиши мумкин.
Дарбонлар қош чимириб, бош чайқашди.
Шундан кейин у одам иккиланиб бир оз турди. Сўнг, ёмғир томчилаётган қизил йўлакдан қаддини букканча, йўлида кетди.
Бор-йўқ воқеа шу: бир юпун киши келди, эшик олдидагилардан бир нима сўради, жавоб олгач, йўлида давом этди.
Келинг, хаёл қушимиз шу одамнинг ортидан, боши узра айланиб учақолсин, ёмғирдан пана қилиб, шу баҳона, унинг ўй-хаёлларига, ўтказган умрига назар солақолсин!
Бу одамнинг онаси, аёли, қизлари бор эди.
Вақти-соати етиб, она оламдан ўтгач ва қизлар турмушга чиққач, ҳайҳотдай уйда ёлғиз аёли билан қолган эди.

* * *

Агар сен бўлмасайдинг, мен ҳеч ким эдим, дер эди хаста онасига, ақли тўлишгач, онасининг оёқларини ювиб, кўнгли тусаган нарсаларини олиб келиб, оғзига овқат тутиб ёнида ўтираркан.
“Бор, болаларингни олдига чиқақол, шунча ёнимда ўтирдинг, етар.”
“Йўқ, она, яна бир оз ўтирай, – дер эди. – Дийдорингга тўйиб-тўйиб олай. Ахир, сира ёнингдан кетгим келмаяпти.
Қадрингни энди билмоқдаман, онам.
Қадринг шунчаларки, агар бу дунёда сен бўлмасайдинг, мен ҳам бўлмас эдим.
Сен бир сирли-сеҳрли маҳак тошимидинг, ҳаётимни, оламимни ўзгартира оладиган?
Бир йўнилмаган гавҳар эмасмидим, ўзининг қийматини, нималигини билмаган, фикрлашни ҳам билмайдиган бир ғовак тош?
Жоним ипига бойланганим деб оҳ урсанг, юзингнинг пардаларини сидириб ташлаб ташқарига югуриб чиқсанг, оҳингдан етти дўзахнинг тутуни енгил буғ каби бўлиб қолсаю… бор-йўғи бир тошга қоқилиб тиззам шилингани учун етти оламнию фаришталарни, тақдирнию қисматни куйиниб-куйиниб қарғаган ҳам сен эдинг.

Мени деб Худодан ҳам қўрқмасмидинг, она?
Ҳар нарсада сенга зор эдим, сен бўлмасанг ҳайвондан фарқим йўқ эди.
Ҳайвоннинг ҳам боласи ширин бўлади-ку, кўзингга ўша ҳайвон боласидай ширин кўринган бўлсам не ажаб?

Еяётган нарсамнинг нималигини билмасдим, чўғ нима, сув нималигини билмасдим, ғоят бечора ва ночор бир жонзот эдиму не учун менга бу қадар меҳр қўйганингниям билмасдим. Ҳозир эслолмайману аммо ақлим етади, ҳар ҳолда эмаклаб ёки талпанглаб юриб бориб ариққа ёки шундоққина тупроқ устига неча мартадир йиқилиб тушган, ҳар сафарида чириллаб йиғлаб, сенга талпинган бўлсам керак. Ҳар сафарида ҳам мени оромбахш бағрингга босиб, бисотингдаги энг ширин сўзларингни айтиб овутгандирсан. Ундай ширин овутишларингни фақат менгагина атаганингни, ўз жонингдан кўра мени устун қўйганингни ҳозир яхши биламан. Дунёда ҳеч бир кас сен каби бўлолмаслигига энди ақлим етади. Тотли бир мевани кўрсанг, егинг келса ҳам емай қўйнингга солиб, на у меванинг таъмини фарқлай оладиган, на ўзининг кимлигини биладиган эмаклаб юрувчи бир жонзотга опкелиб тутганингни, тамшаниб шуни есам, оламга сиғмас даражада суюнганингнию мабодо емасам, шунча жойдан авайлаб олиб келганингга ранжимасдан, “жоним-жаҳоним” деб, инжиқликларимдан ҳам севинганингни-ю “шундай ширин нарсани емади-я, болагинамда бир ҳикмат бор, худойимдан ўргилай” деб, қўни-қўшниларингга суюнчилаганингга ҳам ақлим етади.

Бу ёруғ оламда шунча йил яшасам-да, зотингнинг қанчалар улуғ эканига ақлим етмаса нима қилай? Бунчалар меҳрни худойим қай тарз дилингга солибдики, ўтгаям, сувгаям қарамай мени дер эдинг? Йиқилганимда, бир жойим ғурра бўлганида жонҳолатда ҳеч нимага қарамай чопиб келганларинг элас-элас эсимда. Бир куни устимга тахлам тушиб кетганида сен бир нима қавиб ўтирар эдинг, ўшанда ўтирган жойингдан мен сари эмаклаб интилганларинггача эслайман, эй кўзимнинг нури, онагинам! Кулишларинг, гапиришларинг бари эсимда. Арзимаган сифатларимга суюниб мен билан мақтанишингни ҳам билмасмидим? Бўй-бастимга қараб суюнганларинг-чи? “Эшигимдан кириб келган давлатим” деб суймасмидинг мени? Қандай мушфиқ, сира ўзини ўйламаган зот экансанки, хаста ҳолингда ҳам мен келганимда “вой болажон, дарров овқат пиширақолай, ичингга иссиқ ўтсин” деб, судрала-судрала қозон бошига кетганларинг? Ахир, ўзингнинг ҳам онанг ҳаёт эди-ку, қошига бормасдан, дийдорига тўйиб-тўйиб олмасдан болам деб менинг қошимда ўтираверганларинг? Шамолларда, ёмғирларда мени деб тут баргларини ташиганларинг? Бошингга бир ғарам ўт қўйиб, бир қўлингда мени, бир қўлингда бешигимни кўтариб шийпонларга борганларинг, далаларда ишлаганларинг? Ўзинг емай менга едирганларинг, ичмай менга ичирганларинг, ахир, ўзинг бир тишламгина есанг бўлмасмиди, онам?

* * *

Вояга етиб улғайганимда ҳаётимга яна бир аёл кириб келди, у ҳам сен каби бир мушфиқнинг боласи эди.
Кўнглингга олмасанг, у ҳақда ҳам бир сўз айтсам.
То эр етилгунимча менинг сифатим сенга ўғиллик эди. Узоримда ҳар қанча кўп ҳақинг бўлса-да, билмаган эканман. Биров мени маломат қилса, сени маломат қилган бўлмасмиди? Ўзимча исмингни, зотингни ҳимоя қилар эдим. Аммо сен-да, бир хато иш қилсам, хатойимга шунчалар куйинар эдингки, кўзларингни ёши дувиллаб оқарди. Эр етилдинг, турмуш қурмасанг бўлмас дединг, аммо мени қанчалар қизғанишингни билиб турардим. Ахир, кучга тўлган, муштимни ерга урсам ер титрайдиган, ойга урсам ой тариқдай сочилиб кетадиган йигит эдим-ку? Қирда қуюн билан кураш тушардим. Шунчалар шиддатга, қувватга тўлган эдим. Қудратга тўлганим сайин сен заифлашиб борардингу шу ҳолингда ҳам мени асраб-авайлар, ош-овқатимдан хабар олар эдинг. Қанчалар қизғансанг ҳам айтай, она, қизғанганинг шу аёл менга яна бир қадр-қиммат бахш этди. Мен энди сенинг ўғлинг мақомидан ташқари, бир оилага бош бўлдим. “Қўзим” деб суяр эдинг, “тойчоғим” деб алқар эдинг. Кечагина қуюндай елиб юрганинг энди тоққа айланди, улкан, собит, метин бир қоятошга. Шу кичкинагина ҳудуд менинг фақат менинг салтанатим эди. Оиламда ҳукмим ҳукм, сўзим сўз бўлди. Ҳар қилган ишимнинг маломати ўзимга бўлди, ҳар ҳукмимнинг масъулияти ҳам ўз елкамга тушди.

Сен қилган ҳамма нарсани у ҳам қилди, овқатимни пиширди, кийимимни тузатди, уйимни саранжомлади, опкелган ризқимни донолик ва ҳушёрлик билан тақсимлаб, тежаб-тергади, умримда яна бир ҳаловат қўрғони бор эса, у – оилам бўлди. Ҳаётнинг олатасирларида озорлансам, райҳонлар иси анқиган, гуллар очилган, сувлар сепилган ҳовлимга киришим билан бари эсимдан чиқиб кетар, ёш оиланинг маликаси жилмайиб кутиб олар эди. Бир ёнимда сен – умримнинг Каъбаси, бир ёнимда у, хушбахтлик ила ҳаёт кечирар эдиму шу хушбахтлигимнинг сабабчилари бўлмиш сизлардан айирмасин деб Тангримдан қўрқар, “Илоҳо, мени севганларим билан имтиҳон қилмагин” дея илтижолар қилар эдим.

Ақлим етгани шуки, у ҳам бир онанинг боласи – бир маҳаллар мен каби, ўт нима-ю сув нима -билмайдиган ғоят бечора ва ночор жон эди, шу ҳолида, мана шу заифлигию мусаффолиги боис ота-онаси унга дунё қадар меҳр қўйган эди. У ҳам бир маҳаллар эмаклаб ёки талпанглаб бориб, ариққа йиқилган ва ҳар сафарида чириллаб йиғлаб, онасига талпингандир? Ҳар сафарида ҳам онаси уни бағрига босиб, бисотидаги энг ширин сўзларини айтиб овутгандир? Унинг онаизори ҳам ширин мевани кўрса қўйнига солиб, на у меванинг таъмини фарқлай оладиган, на ўзининг кимлигини англай оладиган эмаклаб юрувчи бир жон эгасига – боласига опкелиб тутганини, тамшаниб ўшани еса оламга сиғмас даражада суюнганинию мабодо емаса, шунча жойдан авайлаб олиб келганига хафа бўлмасдан “жоним-жаҳоним” деб, инжиқлигидан ҳам севинганини-ю “шундай ширин нарсани емади-я, шу боламда бир ҳикмат бор, худойимдан ўргилай” деб, қўни-қўшниларига суюнчилаганига ҳам ақлим етади.

Мана шу ғалати чархпалак аро умрим ўтиб борар экан, ҳаётимда яна бир аёл пайдо бўлди!

* * *

Ой қизим, сенга қарайману ўзимнинг сендайлигим эсимга тушади.
Сен ахир, ўзингнинг кимлигингни, ўт нима, сув нима эканини билмайдиган ночор бир жон эгаси эдингу шу ҳолингда, мана шу заифлигинг аро сенга дунё қадар меҳр қўйган эдим. Табиийки, бундан бехабар эдинг. Эмаклаб ёки талпанглаб бориб ариққа ё ҳовли тупроғи устига неча марталаб йиқилиб тушар, ҳар сафарида чириллаб ё онангга, ё менга талпинардинг. Ҳар сафарида сени бағримга босиб овутганман-у… аммо бисотимдаги энг ширин сўзларим барибирам ичимда қолиб кетган. Ота ўзининг ҳиссиётларини тилига чиқаравермаслиги керак дер эдим-да. Ўзим билган ҳамма ширин сўзларим фақат сенгагина аталганини ҳам, ўз жонимдан кўра сени устун қўйишимни ҳам билмасдинг. Дунёда ҳеч бир кас сен каби бўлолмаслигига энди ақлим етмоқда. Мен ҳам, онанг каби, тотли бир мевани кўрсам, сенга опкелиб тутганларимни, тамшаниб есанг, оламга сиғмас даражада суюнганимнию мабодо емасанг, шунча жойдан авайлаб олиб келганимга хафа бўлмасдан, инжиқликларингдан ичимда суюнганларимни билмаслигингга ҳам ақлим етади.

Бу ёруғ оламда шунча йил яшасам-да, қанчалар ажойиб мўъжиза эканингга маҳлиё эсам, нима қилай? Бунча меҳрни худойим қай тарз дилимга солди эканки, ўтгаям, сувгаям қарамай сени дер эдим. Йиқилганингда, бир жойинг ғурра бўлганида йиғлаб чопиб келганларинг, овутсам, сал ўтмай қиқир-қиқир кулганларинг, чуғурлаб гапиришганларинг – бари эсимда. Ўртоқларингга “менинг дадам ҳаммадан зўр”, деб мақтанишларингни билмасмидим? Сени койисам ё уришсам, салдан кейин кўзингда ёшинг билан чопқиллаб келиб бағримга талпинганларингда, бунча меҳрни Худойим қай тарз дилингга солди экан, ўтгаям, сувгаям қарамай мени дейсан дердим.

Жужуқлигингда сени “Ой қизим” деб суйган бўлсам, кейинроқ “она қизим” деб суяр бўлдим!

…Эй онам менинг, эй доном менинг!

Кўряпсанми, куз келди, ёмғирлар ёғмоқда. Қушлар саф-саф бўлиб қайларгадир учиб кетмоқдалар.
Бир куни тонг саҳарда уйқудан кўз очганингда, мен ҳам шу қушлар каби қайгадир учиб кетган бўламан!
Ашёларимнинг ҳаммаси ўз ўрнида турганидан, худди ҳозиргина кўчага чиқиб кетганману мана ҳозир қайтиб кирадигандай туюлишимдан эзилишингни, кўзларингни ёши дувиллаб оқишини, бўзлаб-бўзлаб қолишингни биламан, онам.

Лекин, фалакнинг чархпалагини кўр, жоним қизим – сен ҳам бугун бир шаҳзодани султон айлаган ажойиб маликасан, кун келиб, “сен бўлмасайдинг, мен ҳам бўлмас эдим” дейдиган қуюндай бир болакайнинг онаси ҳам бўларсан.
У маҳалда мен, ҳар турли қилмишларимдану ҳатто озорларимдан ҳам суюнган онаизоримнинг, мени “паҳлавоним” деб суйган, айтар сўзларининг кўпи ичида қолиб кетган отамнинг оёқлари пойида бўлсам ажабмас.
Ва албатта бир куни, Худойим барчамизни яна бир ерга жамлашига, севганларимиз билан албатта қовуштиришига ишончим комил!..”

* * *

Бас, ҳикоя мана шу ерда тугади!
Энди сизу бизнинг қилар ишимиз – эшик оғзида турган, муҳташам отелнинг муҳташам кийимли малайларига мана шу гапларни етказиб қўйишдан иборат, холос.
Яна, агар кўчада кийимлари хийла уринган, ўз хаёллари оғушида кетиб бораётган, сочлари барвақт оқарган ўрта яшар бир кишини кўриб қолсангиз, Яратган Эгамдан нигоҳингизга теранлик, қалбингизга тиниқлик сўраб илтижо қилинг!

Ахир, у – Отадир!
Ажабо, бутун умрини, топган-тутганини, бору йўғини ота-онасига ва оиласига сарф қилиб юборган, ҳозир эса, ғофиллар қаршисида бир дам музтар бўлиб қолган шу зотга бир оғиз таскин сўзи топа олармикансиз?
Тополмаслигингизга ишончим комил!
Тополмасангиз, ҳеч бўлмаса бир жилмайиб қўйинг.
Бас. Етар!

2013

2012

08

Isajon SULTON
OTA QASIDASI
045

   1967 yili tug’ilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. “Munojot”, “Oydinbuloq” kabi hikoya va qissalar to’plami, “Boqiy darbadar”, “Ozod” romanlari muallifi. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi.

045

Muhtasham bir binoning oynavand kirish eshigi oldida ko‘kish zarhal kiyim kiygan ikki baquvvat darbon zerikib turar edi.
Yomg‘ir shivalab yog‘ar, qizil tosh terilgan yo‘laklar, qimmatbaho arobalar turli- tuman chiroqlar yog‘dusida tovlanib ko‘rinardi.
Kishilar shosha-pisha yo‘lakdan o‘tib bormoqda edilar. Saldan keyin usti yomg‘irda anchayin ivigan, do‘ppi kiygan o‘rta yashar bir kishi darbonlar yoniga yaqinlashdi.
Bashang yigitlar ilk qarashdayoq uning kimligini aniqlab bo‘lishgan, har holda yupungina bu odamning hashamatli restoranda qilar ishi yo‘qligi shu bir qarashdayoq aniq-ravshan bo‘lgan edi.
Kishining sochlari oqargan, poyafzali ham ancha uringan.
U bir nafas to‘xtab, turganlardan nimanidir so‘radi. Har holda, yuz-qo‘limni yuvib chiqsam maylimi, degan bo‘lishi mumkin.
Darbonlar qosh chimirib, bosh chayqashdi.
Shundan keyin u odam ikkilanib bir oz turdi. Keyin, yomg‘ir tomchilayotgan qizil yo‘lakdan qaddini bukkancha, yo‘lida ketdi.
Bor-yo‘q voqea shu: bir yupun kishi keldi, eshik oldidagilardan bir nima so‘radi, javob olgach, yo‘lida davom etdi.
Keling, xayol qushimiz shu odamning ortidan, boshi uzra aylanib uchaqolsin, yomg‘irdan pana qilib, shu bahona, uning o‘y-xayollariga, o‘tkazgan umriga nazar solaqolsin!
Bu odamning onasi, ayoli, qizlari bor edi.
Vaqti-soati yetib, ona olamdan o‘tgach va qizlar turmushga chiqqach, hayhotday uyda yolg‘iz ayoli bilan qolgan edi.

* * *

Agar sen bo‘lmasayding, men hech kim edim, der edi xasta onasiga, aqli to‘lishgach, onasining oyoqlarini yuvib, ko‘ngli tusagan narsalarini olib kelib, og‘ziga ovqat tutib yonida o‘tirarkan.
“Bor, bolalaringni oldiga chiqaqol, shuncha yonimda o‘tirding, yetar.”
“Yo‘q, ona, yana bir oz o‘tiray, – der edi. – Diydoringga to‘yib-to‘yib olay. Axir, sira yoningdan ketgim kelmayapti.
Qadringni endi bilmoqdaman, onam.
Qadring shunchalarki, agar bu dunyoda sen bo‘lmasayding, men ham bo‘lmas edim.
Sen bir sirli-sehrli mahak toshimiding, hayotimni, olamimni o‘zgartira oladigan?
Bir yo‘nilmagan gavhar emasmidim, o‘zining qiymatini, nimaligini bilmagan, fikrlashni ham bilmaydigan bir g‘ovak tosh.
Jonim ipiga boylanganim deb oh ursang, yuzingning pardalarini sidirib tashlab tashqariga yugurib chiqsang, ohingdan yetti do‘zaxning tutuni yengil bug‘ kabi bo‘lib qolsayu… bor-yo‘g‘i bir toshga qoqilib tizzam shilingani uchun yetti olamniyu farishtalarni, taqdirniyu qismatni kuyinib-kuyinib qarg‘agan ham sen eding.
Meni deb Xudodan ham qo‘rqmasmiding, ona?
Har narsada senga zor edim, sen bo‘lmasang hayvondan farqim yo‘q edi.
Hayvonning ham bolasi shirin bo‘ladi-ku, ko‘zingga o‘sha hayvon bolasiday shirin ko‘ringan bo‘lsam ne ajab?
Yeyayotgan narsamning nimaligini bilmasdim, cho‘g‘ nima, suv nimaligini bilmasdim, g‘oyat bechora va nochor bir jonzot edimu ne uchun menga bu qadar mehr qo‘yganingniyam bilmasdim. Hozir eslolmaymanu ammo aqlim yetadi, har holda emaklab yoki talpanglab yurib borib ariqqa yoki shundoqqina tuproq yerga necha martadir yiqilib tushgan, har safarida chirillab yig‘lab, senga talpingan bo‘lsam kerak. Har safarida ham meni orombaxsh bag‘ringga bosib, bisotingdagi eng shirin so‘zlaringni aytib ovutgandirsan. Unday shirin ovutishlaringni faqat mengagina ataganingni, o‘z joningdan ko‘ra meni ustun qo‘yganingni hozir yaxshi bilaman. Dunyoda hech bir kas sen kabi bo‘lolmasligiga endi aqlim yetadi. Totli bir mevani ko‘rsang, yeging kelsa ham yemay qo‘yningga solib, na u mevaning ta’mini farqlay oladigan, na o‘zining kimligini biladigan emaklab yuruvchi bir jonzotga opkelib tutganingni, tamshanib shuni yesam, olamga sig‘mas darajada suyunganingniyu mabodo yemasam, shuncha joydan avaylab olib kelganingga ranjimasdan, “jonim-jahonim” deb, injiqliklarimdan ham sevinganingni-yu “shunday shirin narsani yemadi-ya, bolaginamda bir hikmat bor, xudoyimdan o‘rgilay” deb, qo‘ni-qo‘shnilaringga suyunchilaganingga ham aqlim yetadi.
Bu yorug‘ olamda shuncha yil yashasam-da, zotingning qanchalar ulug‘ ekaniga aqlim yetmasa nima qilay? Bunchalar mehrni xudoyim qay tarz dilingga solibdiki, o‘tgayam, suvgayam qaramay meni der eding? Yiqilganimda, bir joyim g‘urra bo‘lganida jonholatda hech nimaga qaramay chopib kelganlaring elas-elas esimda. Bir kuni ustimga taxlam tushib ketganida sen bir nima qavib o‘tirar eding, o‘shanda o‘tirgan joyingdan men sari emaklab intilganlaringgacha eslayman, ey ko‘zimning nuri, onaginam! Kulishlaring, gapirishlaring bari esimda. Arzimagan sifatlarimga suyunib men bilan maqtanishingni ham bilmasmidim? Bo‘y-bastimga qarab suyunganlaring-chi? “Eshigimdan kirib kelgan davlatim” deb suymasmiding meni? Qanday mushfiq, sira o‘zini o‘ylamagan zot ekansanki, xasta holingda ham men kelganimda “Voy bolajon, darrov ovqat pishiraqolay, ichingga issiq o‘tsin” deb qozon boshiga ketganlaring? Axir, o‘zingning ham onang hayot edi-ku, qoshiga bormasdan, diydoriga to‘yib-to‘yib olmasdan bolam deb mening qoshimda o‘tiraverganlaring? Shamollarda, yomg‘irlarda meni deb tut barglarini tashiganlaring? Boshingga bir g‘aram o‘t qo‘yib, bir qo‘lingda meni, bir qo‘lingda beshigimni ko‘tarib shiyponlarga borganlaring, dalalarda ishlaganlaring? O‘zing yemay menga yedirganlaring, ichmay menga ichirganlaring, axir, o‘zing bir tishlamgina yesang bo‘lmasmidi, onam?

* * *

Voyaga yetib ulg‘ayganimda hayotimga yana bir ayol kirib keldi, u ham sen kabi bir mushfiqning bolasi edi.
Ko‘nglingga olmasang, u haqda ham bir so‘z aytsam.
To er yetilgunimcha mening sifatim senga o‘g‘illik edi. Uzorimda har qancha ko‘p xaqing bo‘lsa-da, bilmagan ekanman. Birov meni malomat qilsa, seni malomat qilgan bo‘lmasmidi? O‘zimcha ismingni, zotingni himoya qilar edim. Ammo sen-da, bir xato ish qilsam, xatoyimga shunchalar kuyinar edingki, ko‘zlaringni yoshi duvillab oqardi. Er yetilding, turmush qurmasang bo‘lmas deding, ammo meni qanchalar qizg‘anishingni bilib turardim. Axir, kuchga to‘lgan, mushtimni yerga ursam yer titraydigan, oyga ursam oy tariqday sochilib ketadigan yigit edim-ku? Qirda quyun bilan kurash tushardim. Shunchalar shiddatga, quvvatga to‘lgan edim. Qudratga to‘lganim sayin sen zaiflashib borardingu shu holingda ham meni asrab-avaylar, osh-ovqatimdan xabar olar eding. Qanchalar qizg‘ansang ham aytay, ona, qizg‘anganing shu ayol menga yana bir qadr-qimmat baxsh etdi. Men endi sening o‘g‘ling maqomidan tashqari, bir oilaga bosh bo‘ldim. “Qo‘zim” deb suyar eding, “toychog‘im” deb alqar eding. Kechagina quyunday yelib yurganing endi toqqa aylandi, ulkan, sobit, metin bir qoyatoshga. Shu kichkinagina hudud mening faqat mening saltanatim edi. Shu oilamda hukmim hukm, so‘zim so‘z bo‘ldi. Har qilgan ishimning malomati o‘zimga bo‘ldi, har hukmimning mas’uliyati ham o‘z yelkamga tushdi.
Sen qilgan hamma narsani u ham qildi, ovqatimni tayyorladi, kiyimimni tuzatdi, uyimni saranjomladi, opkelgan rizqimni donolik va hushyorlik bilan taqsimlab, tejab-tergadi, umrimda yana bir halovat qo‘rg‘oni bor esa, u – oilam bo‘ldi. Hayotning olatasirlarida ozorlansam, rayhonlar isi anqigan, gullar ochilgan, suvlar sepilgan hovlimga kirishim bilan bari esimdan chiqib ketar va yosh oilaning malikasi jilmayib kutib olar edi. Bir yonimda sen – umrimning Ka’basi, bir yonimda u, xushbaxtlik ila hayot kechirar edimu shu xushbaxtligimning sababchilari bo‘lmish sizlardan ayirmasin deb Tangrimdan qo‘rqar, “Iloho, meni sevganlarim bilan imtihon qilmagin” deya iltijolar qilar edim.
Aqlim yetgani shuki, u ham bir onaning bolasi – bir mahallar men kabi, o‘t nima, suv nima, bilmaydigan g‘oyat bechora va nochor jon edi, shu holida, mana shu zaifligiyu musaffoligi bois ota-onasi unga dunyo qadar mehr qo‘ygan edi. U ham bir mahallar emaklab yoki talpanglab borib, ariqqa yiqilgan va har safarida chirillab yig‘lab, onasiga talpingandir? Har safarida ham onasi uni bag‘riga bosib, bisotidagi eng shirin so‘zlarini aytib ovutgandir? Uning onaizori ham shirin mevani ko‘rsa qo‘yniga solib, na u mevaning ta’mini farqlay oladigan, na o‘zining kimligini anglay oladigan emaklab yuruvchi bir jon egasiga – bolasiga opkelib tutganini, tamshanib o‘shani yesa olamga sig‘mas darajada suyunganiniyu mabodo yemasa, shuncha joydan avaylab olib kelganiga xafa bo‘lmasdan “jonim-jahonim” deb, injiqligidan ham sevinganini-yu “shunday shirin narsani yemadi-ya, shu bolamda bir hikmat bor, xudoyimdan o‘rgilay” deb, qo‘ni-qo‘shnilariga suyunchilaganiga ham aqlim yetadi.
Mana shu g‘alati charxpalak aro umrim o‘tib borar ekan, hayotimda yana bir ayol paydo bo‘ldi!

* * *

Oy qizim, senga qaraymanu o‘zimning sendayligim esimga tushadi.
Sen axir, o‘zingning kimligingni, o‘t nima, suv nima ekanini bilmaydigan nochor bir jon egasi edingu shu holingda, mana shu zaifliging aro senga dunyo qadar mehr qo‘ygan edim. Tabiiyki, bundan bexabar eding. Emaklab yoki talpanglab borib ariqqa yo hovli tuprog‘i ustiga necha martalab yiqilib tushar, har safarida chirillab yo onangga, yo menga talpinarding. Har safarida seni bag‘rimga bosib ovutganman-u… ammo bisotimdagi eng shirin so‘zlarim baribiram ichimda qolib ketgan. Ota o‘zining hissiyotlarini tiliga chiqaravermasligi kerak der edim-da. O‘zim bilgan hamma shirin so‘zlarim faqat sengagina atalganini ham, o‘z jonimdan ko‘ra seni ustun qo‘yishimni ham bilmasding. Dunyoda hech bir kas sen kabi bo‘lolmasligiga endi aqlim yetmoqda. Men ham, onang kabi, totli bir mevani ko‘rsam, senga opkelib tutganlarimni, tamshanib yesang, olamga sig‘mas darajada suyunganimniyu mabodo yemasang, shuncha joydan avaylab olib kelganimga xafa bo‘lmasdan, injiqliklaringdan ichimda suyunganlarimni bilmasligingga ham aqlim yetadi.
Bu yorug‘ olamda shuncha yil yashasam-da, qanchalar ajoyib mo‘‘jiza ekaningga mahliyo esam, nima qilay? Buncha mehrni xudoyim qay tarz dilimga soldi ekanki, o‘tgayam, suvgayam qaramay seni der edim. Yiqilganingda, bir joying g‘urra bo‘lganida yig‘lab chopib kelganlaring, ovutsam, sal o‘tmay qiqir-qiqir kulganlaring, chug‘urlab gapirganlaring – bari esimda. O‘rtoqlaringga “mening dadam hammadan zo‘r”, deb maqtanishlaringni bilmasmidim? Seni koyisam yo urishsam, saldan keyin ko‘zingda yoshing bilan chopqillab kelib bag‘rimga talpinganlaringda, buncha mehrni Xudoyim qay tarz dilingga soldi ekan, o‘tgayam, suvgayam qaramay meni deysan derdim.
Jujuqligingda seni “Oy qizim” deb suygan bo‘lsam, keyinroq “Ona qizim” deb suyar bo‘ldim!
…Ey onam mening, ey donom mening!
Ko‘ryapsanmi, kuz keldi, yomg‘irlar yog‘moqda. Qushlar saf-saf bo‘lib qaylargadir uchib ketmoqdalar.
Bir kuni tong saharda, seni shirin uyqungdan to‘satdan uyg‘otishganida, men ham shu qushlar kabi qaygadir uchib ketgan bo‘laman!
Ashyolarimning hammasi o‘z o‘rnida turganidan, xuddi hozirgina ko‘chaga chiqib ketganmanu mana hozir qaytib kiradiganday tuyulishimdan ezilishingni, ko‘zlaringni yoshi duvillab oqishini, bo‘zlab-bo‘zlab qolishingni bilaman, onam.
Lekin, falakning charxpalagini ko‘r, jonim qizim – sen ham bugun bir shahzodani sulton aylagan ajoyib malikasan, kun kelib, “sen bo‘lmasayding, men ham bo‘lmas edim” deydigan quyunday bir bolakayning onasi ham bo‘larsan.
U mahalda men, har turli qilmishlarimdanu hatto ozorlarimdan ham suyungan onaizorimning, meni “pahlavonim” deb suygan, aytar so‘zlarining ko‘pi ichida qolib ketgan otamning oyoqlari poyida bo‘lsam ajabmas.
Va albatta bir kuni, Xudoyim barchamizni bir yerga jamlashiga, sevganlarimiz bilan albatta yana qovushtirishiga ishonchim komil!..”

* * *

Bas, hikoya mana shu yerda tugadi!
Endi sizu bizning qilar ishimiz – eshik og‘zida turgan, muhtasham otelning muhtasham kiyimli malaylariga mana shu gaplarni yetkazib qo‘yishdan iborat, xolos.
Yana, agar ko‘chada kiyimlari xiyla uringan, o‘z xayollari og‘ushida ketib borayotgan, sochlari barvaqt oqargan o‘rta yashar bir kishini ko‘rib qolsangiz, Yaratgan Egamdan nigohingizga teranlik, qalbingizga tiniqlik so‘rab iltijo qiling!
Axir, u – Otadir!
Ajabo, butun umrini, topgan-tutganini, boru yo‘g‘ini ota-onasiga va oilasiga sarf qilib yuborgan, hozir esa, g‘ofillar qarshisida bir dam muztar bo‘lib qolgan shu zotga bir og‘iz taskin so‘zi topa olarmikansiz?
Topolmasligingizga ishonchim komil!
Topolmasangiz, hech bo‘lmasa bir jilmayib qo‘ying.
Bas. Yetar!

2013

045

(Tashriflar: umumiy 646, bugungi 1)

Izoh qoldiring