Ўша йил баҳор серёғин келди. Ҳаммёқ сувга бўкди. Туну кун, ҳафталаб ёмғир ёғди. Лой, ботқоқдан одамнинг эси кетди. Ёмғир ортидаги шамолни айтмайсизми?.. Қанчалик ёқимли бўлмасин, барибир, безор қилиб юборди. Ҳаммаси майли-я, дарахт гулларини тўкиб юборгани ёмон бўлди-да. Бу йил ўрик кам бўлса керак. Олча ҳам шундай. Анор энди гуллайди. Қимматчилик бўлмаса гўргайди. Ҳаётнинг тўкинлиги йилнинг келишига боғлиқ экан-да…
Бахтиёр Нуриддинов
ИККИ ҲИКОЯ
Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.
НУРБОЛА
нинг ёши салкам бир миллиардда эди. Шу ёшида энди бу тирмизакнинг ортидан чопиши қолувди. Тезлиги бирам тезки уларнинг. Қаёққа йўқолди экан?.. Миллионга кирган оға-инилари орасида кўринмайди. Уларни унчалик ҳушламаслигини яхши билади. Ҳойнаҳой мингйиллик акалари ёнидадир. Йўқ, у ерда ҳам эмас. Яралганига қирқ йил бўлмай шунча ташвиш орттирса-я. Ҳали таъзирини бериб қўяди. Баркаш бобосига айтиб бир тартибга чақиртирмаса…
Нурбола Офтоб момога дувара эди. Шу авлоди сал бошқача – таъсирчанроқ чиқди. Бутун қавмини эслайди. Қайси бир аждодига тортганини билмайди. Фақат тафти бор, холос. Ёқимли, жудаям ёқимли, аммо ўта мулойим. Ёмонлиги йўқ ҳеч. Баъзан ўзининг ҳам ҳаваси келади унга. Дунёдан зериккан пайтлари эркалаб, куч олади.
Қоронғи тушаётган эди. Заминни тарк этишларига озмунча фурсат бор. Узоқдан уммонда мавжланаётган ялтироқ аксни кўрди. Нурбола, деб ўйлади. Бориб қаради. У эмас. Оғасининг эрка авлоди. Делфинлар билан ўйнашиб, шўхлик қилиб юрибди. Яна қаердан изласин?!.. Боши қотди. Қуёшли юртларни кўрса-чи! Бу фикри тузук туюлди. Борди. Қир-адирлар орасидаги бир кўримсиз кулбадан милтиллаб нур тараларди. Аста тирқишдан кўз ташлади. Зимистонда Нурбола тўшакда маъюсгина ётган болага термулиб чарақлаяпти. Шунчалар берилиб шуъла таратардики, ҳатто унинг келганини ҳам сезмади. Хона совуқ эди. У кирганда бироз илиди. Шундагина ортига қаради Нурбола. Офтоб момосини кўриб янаям ёришиб кетди.
— Эплолмаяпман, — деди маҳзун қараб. – Совқотиб титраяпти.
— Ҳечқиси йўқ. Сендай пайтим менда ҳам шундай бўлган, — далда берди.
— Уч кун олдин нурларимга чалғиб, дарахтдан йиқилиб тушганди, — деди айбдорларча.
— Кетиш керак. Ҳадемай қоронғи тушади, — деди Офтоб момо.
— Уни шундай ташлаб ҳеч қаёққа бормайман. У менинг дўстим, — қатъий туриб олди у. – Бироз иситинг, ёрдам беринг!
— Иложи йўқ. Одамларнинг ишига аралашма, — деди яна бепарво Офтоб момо. Лекин Нурболага термулиб раҳми келди. Беихтиёр унинг айтганини қилди. Болакайнинг танаси қизиб, бироз жон киргандай бўлди.
— Раҳмат, — деди Нурбола.
— Энди қайтамиз. Кеч қолдик, — деб аччиғланди Офтоб момо.
— Яшайдими?.. – яна сўради умидвор.
— Буни Яратганнинг ўзи билади, — деди жиддий.
Улар чиқиб кетишди. Ортлариданоқ заминни зулмат қоплади. Йўлда Нурболага нисбатан янаям меҳри жўшди. Ўзига тортган. Инсонга тафт берибдими, демак, эзгу иш қиляпти. Аммо улар билан дўстлашиш жуда қалтис. Тартибга-қоидаларга риоя этиши шарт.
Эртасига шаррос ёмғир ёғди. Бу айни муддао бўлди. Баркаш бобо билан маслаҳат қилди момо. Минг уруғларини тўплади. Нурболани ёнига ўтқизишди. Баркаш бобо ҳаммасидан хабардор эди.
— Кенжа авлодларинг инсон билан дўстлашибди, — деди у. – Кеча Офтоб момонгларни анча хавотирга қўйибди.
— Ким экан у Нурболанинг тафтини олган одам боласи?.. – ҳайрон бўлиб сўрашди қавмдагиларнинг бари.
Нурбола ғужанак бўлиб доира шаклга кириб олди. Шу кўринишда у Порлоқ қуёшнинг кичкина бир аксини эслатарди.
— Яхши-ку! – деди орқа тарафдан Олтин нур.
— Нимаси яхши!? – ҳайрон бўлишди Шафақ нурлар.
— Коинотда инсондан бошқа ташвишларимиз ҳам етарли, — дейишди мингйиллик нурлар.
— Кенгашга миллион бошиларни ҳам чақириш керак эди. Юз миллион йиллар олдин бунақа гаплар йўқ эди, — деди Синиқ нурлар. – Инсон дунёни ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйди.
— Куйдириб ташлаш керак барисини, — дейишди Сўниқ нурлар алам билан.
— Бизнинг ишимиз инсон зоти билан кураш эмас. Аксинча, дуёни илитиш, яшнатиш. Унутманг, муз қавмининг абадий музликлар маконини ҳам эритиб юбориш бизнинг мақсадимизга кирмайди. Ёки шамол, қор, ёмғир, совуқ ҳаракатларига; осмон, ер ва яна бошқа сайёраларнинг тараққиётига ҳеч қачон ғов бўлмаймиз, шуни билиб қўйинглар! — деди қатъий Баркаш бобо.
— Тўғри. Биз инсонларга ҳали керакмиз. Улар ёмонликни исташмайди. Фақат коинотни билишга интилишяпти. Бунинг нимаси ёмон? — дейишди шаффоф нурлар ҳам.
Офтоб момо кенгаш фикри ўзгариб бораётганидан хавотирга тушди. Суҳбатнинг бу йўсин чуқурлашиб кетиши яхшиликка эмас.
— Мен Нурболани бироз тартибга чақириб қўйишини Баркаш бобосидан сўрагандим, холос. Бу ерда дунёнинг ишларини муҳокама қилишимиз шарт эмас. Фақат заминда тун кечикяпти. Бу мувозанатни бузаётган Нурбола. Куни келиб арзи ҳол бўлмасин дейман-да.
— Инсон коинотга интиляпти. Бунга жим қараб туришимизни хоҳлайсанми!? — деди аламзада кекса Сўниқ нур. У Офтоб момо билан тенгқур эди. Сўнганига анча бўлган. Шу сабаб бутун борлиққа нафрат билан қарайди. Лекин у билан ҳам ҳисоблашиш керак. Сўниқ нурлар ҳам оташ қавмининг аъзолари.
— Инсон ҳали ернинг ўзини тушуниб етганича йўқ. Коинотга интилишга нима бор?! — қўшилишди Синиқ нурлар.
— Нурболанинг инсон билан дўст тутиниши яхши эмас. Улар охирги юз йилликда жудаям шиддат билан ривожланиб кетишди. Одамлар Ойга интилишяпти. Сирларимиздан воқиф бўлишса ҳадемай порлоқ нурлар макони бўлмиш Қуёшни ҳам забт этишга киришади, — деди мингйиллик нурлар ичидан Қизил нур.
— Куйдириб кул қилиш керак. Куйик ҳидини ҳам соғиндик, — деди Олов нурлар.
Ҳеч қайси бири индамади. На Баркаш бобо, на Офтоб момо уларга қаради. Бу кенгашда уларнинг қатнашиши ноўрин эди.
Олам яралгандан буён Олов нурларининг нияти шу. Ҳамма ёқни ёндириб кулга айлантирса.
Кенгаш бир тўхтамга келолмади. Яхшиямки, ёмғир тиниб, булут тарқай бошлади. Кенгаш яна бироз чўзилса, тортишувга айланиб кетиши аниқ эди. Мингйиллик нурлар секин-аста булутлар ортидан шуъла тарата бошлади. Қолганлар ҳам ўз юмушларига тарқалишди. Офтоб момо Нурболани қидира бошлади. Баркаш бобосидан сўради. У ҳам ҳайрон бўлди. Нурбола аллақачон ер сари эниб бўлган эди. Офтоб момо иккиланиб қолди. Тинч қўйгани маъқулдир. Ҳартугул, вақт ўтиб ўзи ҳаммасига тушуниб етади. Барибир хавотир олди. Нурбола изидан йўл солди. Уни яна ўша кулбада учратди. Бола ўрнида йўқ эди. Ётган жойи нам. Боланинг сув-сув бўлиб оққани билиниб турарди. Ёстиғи устида қалпоқчаси ётарди. Ўзи эса меҳроб ичига кириб олиб:
— Менга ёрдам бер, эй Худо! Бобоқуёшга айт. Ҳаммаёғим музлаб кетяпти! Мен яшашим керак. Ёлғиз онам, кичкинагина сингилларим бор. Отам йўқ. Боғларга қарашим, ишлашим, онамга ёрдам беришим керак. Мен уларни ташлаб кетолмайман. Ўтиниб сўрайман, Қуёшжон! Менга ёрдам бергин. Совқотяпман, — дерди қалтираб.
Нурбола Офтоб момога маҳкам чирмашиб олди.
— Куйинма, — деди зўрға Офтоб момо. Бошқа ҳеч нарса деёлмади.
Лекин миллион йиллар олдинги каби шундай нур таратдики, буни юқоридан туриб Баркаш бобо ҳам қўллаб-қувватлади. Заминга илиқлик таралди. Болакай чеҳраси ёришиб ташқарига чиқди. Осмонга термулиб миннатдорчилик билдирди. Нурбола инсон боласининг қувонганини кўриб хурсанд бўлди. Офтоб момо бўлса уларга қараб ўй сурди: дунёда иссиқлик тафтидан ташқари сувуқ ёки шамол сингари кучлар ҳам мавжуд. Инсон шуларнинг барига чидаши керак ҳали. Буни Нурбола ҳам, Порлоқ қуёш нурларидан тўйиб-тўйиб баҳра олаётган болакай ҳам вақт-соати келиб билиб олади. Ахир оламнинг ўзи шундай яралган.
“Гулистон” журналининг 2014 йил 4-сонида эълон қилинган.
АНОРГУЛ
Юзйиллик ҳикоя
1914 йил…
Бу воқеани бизга отамиз, отамизга бобомиз айтиб берган экан.
Ўша йил баҳор серёғин келди. Ҳаммёқ сувга бўкди. Туну кун, ҳафталаб ёмғир ёғди. Лой, ботқоқдан одамнинг эси кетди. Ёмғир ортидаги шамолни айтмайсизми?.. Қанчалик ёқимли бўлмасин, барибир, безор қилиб юборди. Ҳаммаси майли-я, дарахт гулларини тўкиб юборгани ёмон бўлди-да. Бу йил ўрик кам бўлса керак. Олча ҳам шундай. Анор энди гуллайди. Қимматчилик бўлмаса гўргайди. Ҳаётнинг тўкинлиги йилнинг келишига боғлиқ экан-да…
У эринибгина кўчага чиқди. Мудом гавжум бўладиган жойларда ҳам ҳеч зоғ йўқ. Ҳатто дўконлар олдида инсон зоти кўринмайди. Бу пайтда бирон кимса уйда ўтирмасди-ю, нима бало одамлар ишламай қўйишганми?.. Ёмғирдан сўнг ҳаммаёқ шилт-шилт. Шунга бўлса керак.
«Бунақа пайтда юриб бўладими? Пойабзал лойга ботиб қолади-ку. Ҳамма уйга беркинади-да», хаёл қилди у.
…Бугун зерикди. Ҳаётданмас, ўзидан. Шунчалар жирканч туюляпти. Мақсадсиз узоқ йўл босди. Тоққа қараб борди. Ўйлаб-ўйлаб шу қарорга келди-да. Ундан кечирим сўрайди. Қизи ҳам катта бўлиб қолгандир. Бирон марта кўргани бормаптиям. Кимга ўхшаркан? Қуйиб қўйгандек ўзи бўлса-я. Ҳар қалай зурриёди. Онасига тортса ҳам майли. Отасини танимас-ов. Бегонасираса керак. Албатта. Бунга ҳақли у. Қизини айблолмайди. Ҳамма қусур ўзида. Энди бошқача яшайди. Уларга меҳрибончилик қилади. Янги ҳаёт бошлайди. Ўтган кунларини, бари-барисини унутади…
Қўлидан келармикан?
Ўзини, ўзлигини йўқотиб бўлган одам-а! Яна эски дўстларини, айш-ишратни қўмсаб қолса-чи?.. Иродасини синайман, деб уларга азоб бериб қўймасмикин? Калласида минг савол. Бир тўхтамга келиши ҳам қийин кечяпти. Ҳаммасига қўл силтаб, қўлтиғига қўл урсами?.. Йўқ. Қарори қатъий. Боради. Остонасида бош эгади. Қўймаса ялинади, ёлворади. Тиз чўкиб гуноҳларидан ўтишини сўрайди. Нима қилиб бўлса ҳам буни уддалайди. Ёлғиз яшаш жонига тегди. Ўзига ишончи сўнмаган ҳали. Вужуди ёняпти. Юраги ўтда куяётганга ўхшайди. Кимдир косов билан кавлаётган чўғнинг ўзгинаси. Қип-қизил… Қанийди муздеккина булоқ суви бўлса, ютоқиб-ютоқиб ичса. Турфа азобда қийналса ҳам майлийди кейин. Жуда-жуда соғинди уни. Энди дилидаги тилига чиқяпти. Қачонгача юради яшириб. Олдин ҳам яхши кўрарди-ку, ахир.
…Кўз ўнгида биринчи бор учрашган кезлари гавдаланди. Отаси билан уларникига келганди ўшанда. Сочларини айри қилиб иккитага ўриб олган кичкинагина қизча эди. Ўн бир, ўн икки ёшлар чамаси бўлса керак. Бирга ўйнашганди. Тўптошни ўргатган. Қизиқ ўйин эди. Тўп тошдан учтасини олади-да, биттасини осмонга отади. У тушгунча шеригини қўйиб, иккинчисини илади. Яна такрорлаб, ердан тўрт тошни кўтаради. Кафтларига қўйиб, бармоқларининг терс тарафида сакратади. Уддалолмаганда қиқир-қиқир кулганди устидан. Қайта-қайта ҳаракат қилиб, ўрганганди. У бўлса ўйинини зимдан кузатиб турарди. Хатоларини секингина, мулойимлик билан тўғрилаб қўярди. Қўллари ерга ишқаланиб моматалоқ бўлиб кетганди. Ана шунақа. Ўйлаб кўрса у билан бўлган азоблар илк кунлардан бошланган экан. Нима қилсин уни ёмон кўролмаса.
Узоқдан қораси кўзга ташланди. Худди ўзи. Ҳалиям ўша-ўша: қадди-қомати, юриш-туриши. Озгина улғайгани билинибди, холос. Бироз тўлишганроқми-ей. Кўзига шундай кўринди. У ниманидир олиб, қайтиб уй ичкариси томон юрди. Кетиб қоладигандек, қўққисдан бақириб юборди.
— Анор! Анор!! Аноргул!!!
* * *
Аноргул ажойиб қиз эди. Шўх, ҳушчақчақ. Ерга урса осмонга сапчийдиган. Болалигида уни «болари» деб аташарди. Йўқ бўлиб қолса, албатта гулзордан топишарди. Гулларни яхши кўрарди-да. Сўзлари майин, суҳбати эса ширин қизалоқ эди. Жудаям гаплашгиси келарди одамнинг. Ҳеч кимни зериктирмасди. Хушҳулқ, одобли… Гапирганда доим ерга қараб оларди. Яна болаларча кулимсираб қўярди. Табассуми ҳам бошқача эди. Жилмайишини айтмайсизми?.. Қишлоқдагилар йиллар тез ўтганини унинг улғайганидан билишди.
— Аноргулам кап-катта бўп қопти-я. Кечагина арғимчоқ сакраб юрган кичкина қизча ойдек тўлишиб, гулдек очилибди-ей!.. – дейишарди димоғларини кўтаришиб.
Унга совчи қўймаган қолмади. Ёши ҳам, қариси ҳам… Э, одамда сал уят бўлсин экан. Замоннинг зайли ҳам бор бўлсин-а. Отаси тенгилар ҳам бир оғиз солиб кўришди. Остона ҳатлаб ўтган одамнинг сон-саноғи йўқ. Унинг чиройини эшитган одам уни-буни баҳона қилиб кириб келаверишади. Нима, кўчада сув йўқмиди?.. Баҳона ҳам эви билан-да. Қақраган чўлда яшашмайди-ку. Ота-онасиям безор бўлишди. Бир куни:
— Қизим, энди катта қиз бўлиб қолдинг! – дейишди тагдор қилиб.
У индамади. Ҳаммасини тушуниб турибди. Хаёлида мингта ўй. Келган-кетганларга ҳам бир-бир узоқдан – зимдан бўлса ҳам назар ташлаган. Нима қилсин?.. Ҳеч қайсиси кўнглига ўтирмади ахир. Барисига рад жавоб қилувди. Бироқ болалигида бирга тўптош ўйнаган ўша йигитни ўйлаганда ҳамон юраги ҳаприқади. Дардини ҳеч кимга айтолмайди. Ахир бу ҳали кўнглининг тубида ётган бир хилқат, холос. Ўзи ҳам билмайди нималигини. Аммо ўйласа қитиғи қўзийди. Ўша ичидаги туйғулар жимирлаб, жунбушга кела бошлайди. Қани уни бир кас тушунса. Отаси бошқа уларникига олиб бормадиям. Ўзлари ҳеч келишмади. Ё отаси билан тортишиб қолишганмикин?.. Ундаймасдир. Ахир отаси билан унинг дадаси дўст-ку! Ҳар нарса бўлиши мумкин. Вақт кутиб ўтирмас экан. Онаси жон ҳолига қўймай қўйди: биронтасини танла, дейди. Қандай қилиб ёқмаганни ёқтиради. «Қиз бола палахмон тоши» эмиш. Нега унақа!? Тош жонсиз-ку. Унда бўлса юрак бор. Ҳали тирик, дук-дук уради. Кимгаям зарил бу нарсалар. Ундан сўраб ўтиришармиди?
Яна бир кун аранг чидади. Эрта деганда ўттиз адирлик узоқ қариндошларидан совчи бўлиб бир уй хотин келишди. «Қўйнимдан тўкилса қўнжимга» қабилида, онаси шуларга муомалани қуюқроқ қила бошлади. Ўғиллари чавандозмиш. Кўрди узоқдан, айиқполвоннинг ўзгинаси. Отнинг белини синдиради. Ўзларига сийлов. Кечаси билан даҳлизда йиғлаб чиқди. Худога ёлворди. Оҳ чекди. Жонини олса ҳам майли, фақат у келсин. Бўлмаса тоққа қочиб кетади. Нолалари етиб борган чоғи, эрта тонгда уста Йўлбарс ясаб берган ровот халқалари таққиллади. Ростдан ҳам улар – отасининг қадрдон дўсти. Нега бунчалар йўқ бўлиб кетишди. Ҳали кўрсатади. Кўришганда қарамайди.
Отасининг ҳам чеҳраси ёришди. Анор бошқа боғда ўсмайди, деган фикридан қайтди. Ҳақиқатанам шунақами?! Аммо рост. Олма боғда анор кўрмаган.
Онаси оёғини қўлига олиб қизининг олдига чопди.
— Анор, қара, сухсурдай йигит экан. Бунисини қайтариб кўр-чи, нақ миянгда ёнғоқ чақаман-а. Отаси дадангни ўртоғи-я тағин, — деди икки муштини устма-уст ишқаб.
Хуллас, тўй. Онасининг раъйини қайтаролармиди. Ўзига қолса-ку, яна бироз оёқ тирарди. Нозини кўрсатарди. У ҳам бир изтироб чексин-да. На чора. Розилик берди. Кузда – анор пишиғида тўйлари бўлди. Ўша куни даст кўтариб, олов атрофида айлантирганда чўчиб тушди. Куёв бўлгур худди сезгандай тўйхонага шошди. Ҳуркак оҳу-я, деб ўйлаган бўлса ажабмас. Олиб кириб, айвонга туширди. Хотин-халаж: «Келин келди, келин келди!» деб ичкарига тортқилашди. Дарчадан кўриб турди. Куёвжўралар куёвболани чирпирак қилиб, тинмай осмону фалакка отишди. Уни иккинчи бор яқиндан гўшангада кўрди. Анча келишган, билаклари ҳам бақувват йигит бўлибди. Мўйлов ҳам қўйиб олибди. Кўзи тушиб «пиқ» этиб кулиб юборди. У ҳайрон.
— Устимдан куляпсизми?! – деди.
— …
— Мени танимадингиз, а?..
— Йў…ўў-қ, — деди қитиғ-патига тегиб эркаланиб.
Ўша куни нималар бўлганини ўзларидан ташқари фақат худо билади. Ҳаётнинг бахтли лаҳзалари эди.
Бу кўп давом этмади. Атига уч ой.
— Тушунгин, — деди бир кун тунда. – Ҳамма йигитлар тоққа чиқиб кетишяпти. Якка ўзим қололмайман.
— Отангиз амин бўлса. Бекка айтса бўлди-ку.
— Фақат ўзингни ўйлама, — деди аччиқланиб.
Шундан сўнг ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Уйга маст-аласт кеч қайтадиган одат чиқарди. Баъзан келмасдиям. Кечаларни ёлғиз ўтказадиган бўлди. Бунга кўникиб ҳам қолди. Қўпол эркалашларига ҳам чидади. Унинг бекчилигини тўйдан кейин билганди. Умр у ўйлаганчалик доим бир текис кечмас экан. Шу орада ҳомиласи ўзини кўрсатди. Бу эрини қизиқтирмадиям. Одатдаги муносабат давом этаверди. Бир куни ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ қўполлик қилди. Балки тузукроқ эътибор қилмагандир. Ё ўзини ёмон кўрсатиш учун шундай қилдими, барибир тушунмади. Қайнотаси бекчилар шунақа баджаҳл бўлади, деди. Тонг саҳар лаш-лушларини йиғиштириб уйига жўнаворди. Уч кун сиғди ота-онасиникига.
— Турмушда келишмовчиликлар бўлади, чида! – дейишди.
У индамади. Яна бир неча кун кутди. Орқасидан кечирим сўраб келишини истади. У бўлса аксинча – озод қуш эди. Энди отаси аралашди.
— Маҳалла-кўйда бош кўтаролмай қолдим. Қизингга айт, эриникига қайтиб борсин! – деди.
Униям ўжарлиги тутди. Келмаса ўзи қайтмайди. Қайнона-қайнотасига ҳам «йўқ», дейди. Ҳафта ўтдиямки, дарак бўлмади. Онасига ачинди. Икки ўт орасида қолганди. Шу орада унинг аскарликка ёллангани қулоққа чалинди. Онаси тоққа – тоғасиникига кетишни маслаҳат берди. Шундай ҳам қилди. Ўша жойда қизи дунёга келди. Ҳар қандай қийинчиликларга чидади. Тоғу тошда пода ҳам боқди, лой қориб кичкинагина кулба ҳам тиклади. Қачонгача сиғинди бўлиб бировни уйида яшарди. Хуллас ҳаракат қилди. Аммо юраги тўрида у. Уни, фақат уни кутди. Фарзандини кўргани келар ҳеч бўлмаганда, деб ўйлади. Қизи бешга кирдиямки, дом-дарак йўқ.
Бугун тонгда кутилмаганда рўпарасидан чиқди. Жулдур кийимда, юзлари тирналган. Қаерда бунчалар қаҳрамонлик кўрсатганини сўрамадиям. Осмондан тушдими, остонада туриб, ялиниб ёлворди. Ноилож ичкарига қўйди. Қаршисида жимгина ўтирибди. Нима қилсин. Бўйнига осилиб йиғласинми?! Ё қувиб солсинми?.. Яна тақдирга тан берди. Ўзини қисматнинг қучоғига отди. Бу ёғи Яратганнинг иши. Нима бўлса бўлар.
Қизи пишиллаб ухлаб ётарди. Унинг шовқини-ю дупуридан қизчаси уйғониб кетди. Нима бўлаётганини тушунмай кўзларини ишқалади. Икковининг важоҳатини кўриб, орқага тисарилди.
— Энамга тегманг, илтимос, энамга тегманг!.. – деб қичқириб йиғлаб юборди юзларини икки қўли орасига беркитиб. Унинг онасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Ҳатто бу атрофда ўзи тенги ўртоғиям… Югуриб бориб қизини бағрига босди.
— Кетинг! – деди жон ҳолатда. – Қайтиб келманг!
— Қизим, қизим! – деб ёлворгудек бўлиб эмаклаб ёнига борди у.
— Алдаманг, — деди қизи ҳам йиғламсираб.
— Мен сени яхши кўраман.
— Ёлғон гапиряпсиз. Мени отам ёмонларни ҳайдагани кетган. Оқ отда келади, — деди хиққиллаб.
У индамади. Аноргулга қаради. Туриб ташқарига отилди. Орқасидан чиқолмади. Кетишини хоҳламасди. Бошқа чораси ҳам йўқ эди. Неча йил кутганди бу кунларни.
— Қайта қолинг бегим, — дея олди холос пичирлаб ортидан.
Бу сўзларни эшитмагани аниқ эди.
* * *
Калласида оқ от. Қаёқдан топади уни? Бунақаси фақат беклардагина бўлса. Худди ўшандек арғумоқни шаҳарга борганда кўрган. Аммо барибир излайди. Энди у қизини ўйларди. Катта бўлиб, ақлини таниб қолибди. Аноргул уни тушунар, аммо қизи-чи?.. Оиласига шундай қабул қилмаслигини англаб турипти. Ҳамма айб ўзида. Уларни ёлғиз ташлаб қўйди. Шу кўйи уч кун сандирақлаб юрди. Чўпонларнинг ўтовида тунади. Чора қидирди. Тоғнинг этагига бориб йилқибоқарга уюрдан бўз отини бериб туришни сўради.
— Синалмаган, ёввойи йўрға бўлса. Ҳали жиловланмаган ҳам, — деди йилқичи.
Барибир туриб олди. Отбоқарни авради. Кечаси билан қимиз ичиб, маст бўлишди. Унга дунёни ваъда қилди. Охири кўндирди. Уюрдан ажратишга бир кун вақт кетди. Жонивор асов эди. Уч-тўрт кун эгар, жабдуқ тақиб қўлга ўргатишди. Икки ҳафта ўтиб тонг саҳар яна Аноргулнинг ёнига борди. Отнинг пишқиришидан биринчи бўлиб ташқарига югургилаб қизи чиқди ва қувончдан осмонга сакрай бошлади.
— Отам келди оқ отда!.. Отам келди-ии! — деб бақирди ўзида йўқ хурсанд бўлиб.
Қизи у томон чопиб борди. Ота ўзини довюрак кўрсатмоқчи бўлиб, отнинг жиловини тортди. Жонивор ҳуркиб, депсинди ва қўққисдан кишнаб юборди. Олд оёқларини кўтариб, сакрай бошлади. Қизига шикаст етказиб қўйишдан қўрққан ота кутилмаганда мувозанатини йўқотди ва отга қаттиқ қамчи солди… От борган сари тезлашарди. У ортиқ эгарда ўзини тутолмай қолди. От бир сакраганида эгардан учиб кетди. Бутун вужудида оғриқ турди. Қимирлатса, ҳаммаёғига санчиқ кирарди. Ҳаммаси лаҳзада юз берди…
Бир маҳал йиғлаганча югургилаб Аноргул келди, ёнига чўккалади.
— Жоним, — дея инқиллади уни кўриб.
Аноргул нима қиларини билмай, иззиллаб қолди.
— Мени кечир… – деди у пичирлаб илтижо билан.
— Нега унақа дейсиз… — Аноргул қўллари билан оғзини тўсди. Унинг ортидан қоқилиб-суриниб қизи ҳам етиб келди.
— Отажон!.. — деди қучоғига отилиб.
У туришга ҳаракат қилди. Аммо бўлмади. Ичи эзилиб кетганга ўхшарди. Аноргул секин қизини тортди.
— Қўй, дийдорига тўяй!.. – деди ялиниб. Қизи жажжи бармоқлари билан юзини силади.
— Худди ўзинг, Анор?.. – деди у қизини эркалаб.
Хотини жавоб бермади.
— Нега шу пайтгача жимгина юрдинг, а? Оти нима?.. – деб сўради ҳолсизланиб. Кўзи юмилиб кета бошлади. Бошига оғриқ кирди. Осмон чирпирак бўлиб айланаётгандек туюлди. Назарида худди баландликдан қулаётганга ўхшади. Жангда ҳам бунақа аҳволга тушмаганди. Аноргулнинг қўлларига маҳкам тирмашди.
— Мени қўйворма, Анор. Қизимни бир бағримга босай… — деди хириллаб. У ўзининг абгор аҳволидан ўзи уялиб, кўзини «чирт» юмиб олди.
— Кўзингизни очинг!.. Туринг, туринг! – деди қизи отасининг бўйнидан қучоқлаб.
Энди унга барибир эди. Ниятига етди. Қизини бир лаҳза бўлса ҳам меҳр билан бағрига босди-ку! Душман қўлида ўлгандан кўра, мана шу ерда жони узилгани дуруст. У ҳушидан кетди. Ўзини осмонда учаётгандек ҳис қилди. Булутлар билан бирга сузаётгандек эди гўё. Сўфитўрғай овози эшитилди.
Алаҳсирай бошлади. Кўзига Аноргул кўринди. Юм-юм йиғлаяпти. Ие, нима бўлдийкан?! Уни йўқотиб қўйганди-ку! Кулгиси қистади. Аноргул билан бирга экан. Ёнида қизи. Унинг исмини билмайди, холос. Нега Аноргул айтмади?..
* * *
— Ифор!.. Қизингизнинг оти Ифор! – дея пичирлади Аноргул такрор-такрор.
У эшитмагандек бўлди. Гаплари қулоғига кирдимикан?.. Нима қилса экан?.. Атрофга олазарак боқди. Бирон зот йўқ. Сўфитўрғай бир жойда турганча сайраяпти. Шамол суриб кетади, у яна жойига келади. Бу ҳол қайта-қайта такрорланади.
Шу маҳал узоқдан тоғасининг қораси кўринди. Халлослаб етиб келди.
— Айтдим-а, булар жимиб кетди, деб! – қичқирди у. – Қимирлатма! Бели синганга ўхшайди. Ҳозир аравани қўшиб келаман.
Тоғаси югургилаганча қайтиб кетди. Бироздан кейин арава билан келди. Уни эҳтиётлаб аравага олишди. От жойидан қўзғалди.
— Ишқилиб, мен ўйлагандек бўлмасин-да. Одам бўлиши қийин унда, — деди йўлда бора туриб тоғаси. Бирпасдан сўнг: – Ўзи одаммиди?.. Ҳайвоннинг ўзгинаси, – деб ғудраниб қўшиб қўйди.
Аноргулнинг ҳуши ўзида эмасди. Ҳамма нарса жонсиз, рангсиздек кўринарди кўзига. Араванинг ғижирлаган овози эшитилади, холос. От нимадандир ҳуркиб тўхтади. Орқага тисланди, тоғасининг қистови билан яна олға юрди. Охирги пайтларда қишлоқда турли миш-миш тарқалган, хуфялар бекнинг аскарларини қидиришаётганини айтишарди. Аммо ҳозир Аноргулга буям аҳамиятсиздек эди. Қизи эса нима бўлганини тушунмай ёнида борарди.
— Жони қаттиқ бунинг, — деди тоғаси. – Умринг азобда ўтадиган бўлди, жиян. Ўлиб қолмасин-да. Тағин товонига қолмайлик.
Аноргул индамади. Ўзини койий бошлади. Шунақа бўлишини ўзи хоҳлаганди-ку. «Бўйнинг узилсин» демаганмиди? Деганди! Худди шундай қарғаганди. Овоз чиқариб айтмаган бўлса ҳам, кўнглидан ўтказганди. Нега шундай деди-я?.. Қизи учун яшасин. Тирик етим бўлиб, отасини узоқ кутди. Етдим деганда, йиқилмасин яна.
— Ўзинг ёрдам бер, Тангрим! – деди пичирлаб.
— Нима дейсан? – ортига ўгирилиб тўнғиллади тоғаси.
Аноргул оғиз очмади.
У жим, Ифордан кўз узмай борарди. Бўлиб ўтган воқеаларга ўзини айбдор, деб ҳис қиляпти чоғи.
Тоғаси қаттиқ-қаттиқ гапирсаям, барибир яхши одам. Уни ҳакимларга яхшилаб қаратди, муолажа қилдирди. Сўнг уйига қайтариб олиб келди. Туни билан қизи иккови ёнида ўтириб чиқишди. Ташқарида ёмғир шаррос қуярди. Гупиллаб тупроқ ҳиди келади. Ҳа демай ёз киради, пишиқчилик бошланади. Кузгача тузалиб кетади. Қизи учун парваришлайди. Анор пишса, сувини сиқиб ичиради. Минг дардга даво дейишган-ку. Оёққа турғазади ҳали.
Ифор ухлаб қолди. Тонгга яқин ўзининг ҳам кўзи илинибди. Туш кўрибди. Анорзормиш. Анорлар қийғос гуллабди. Ҳаммаёқ қип-қизил. Иккалови бир-бирини қувалашиб юришибди.
Бирданига оёқ остидан тубсиз жарлик чиқибди-ю, улар қулай бошлашибди. Қандайдир куч Аноргулни тутиб қолибди. «Аноргул!» ҳайқириқ келибди қоронғулик қаъридан.
— Мадрим ака!.. — деб чўчиб уйғониб кетди.
Қизи отасининг тепасида жимгина термулиб ўтирибди. Кўзларидан мил-милт ёш оқяпти.
— Отам мени чақирди, — деди қизи йиғламсираб.
Шу маҳал эрига ҳам жон кирди. Лаблари қимирлади. Шошиб пешонасига қўлини қўяётганда:
— Ифф…фор, — деди пичирлаб.
Бу тақдирнинг инояти эди.
Деразадан қуёш нурлари тушди. Яна умидвор кун бошланди. Ифор хурсанд бўладиган бўлди.
* * *
Мадрим олти ой деганда оёққа туриб, яна қора тўқайга қайтди. Бўртоғ этакларида қўним топди. Бекнинг қазоси еткач, ўрнига бек бўлди. Узоққа кетмади, атрофда юриб ўзининг қишлоғини хавф-хатардан ҳимоя қилди. Аноргул Ифорни тарбиялади.
Чеккатошлоқнинг тугаши – Яйдоқнинг бошланишида қабристони бор. Ҳозир улар ўша жойда. Ҳали ҳануз аҳён-аҳён қилинган хиргойилар ўтган кунларни эслатиб туради.
Мадрим кетди Бўртоққа,
Қачон қайтар бу ёққа?
Шамол увиллаб қочди,
Анор гулларин сочди.
“Sado” газетасининг 2014 йил 24 апрель ва 1,8 май сонларида чоп этилган
Baxtiyor Nuriddinov
IKKI HIKOYA
Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.
NURBOLA
ning yoshi salkam bir milliardda edi. Shu yoshida endi bu tirmizakning ortidan chopishi qoluvdi. Tezligi biram tezki ularning. Qayoqqa yo‘qoldi ekan?.. Millionga kirgan og‘a-inilari orasida ko‘rinmaydi. Ularni unchalik hushlamasligini yaxshi biladi. Hoynahoy mingyillik akalari yonidadir. Yo‘q, u yerda ham emas. Yaralganiga qirq yil bo‘lmay shuncha tashvish orttirsa-ya. Hali ta’zirini berib qo‘yadi. Barkash bobosiga aytib bir tartibga chaqirtirmasa…
Nurbola Oftob momoga duvara edi. Shu avlodi sal boshqacha – ta’sirchanroq chiqdi. Butun qavmini eslaydi. Qaysi bir ajdodiga tortganini bilmaydi. Faqat tafti bor, xolos. Yoqimli, judayam yoqimli, ammo o‘ta muloyim. Yomonligi yo‘q hech. Ba’zan o‘zining ham havasi keladi unga. Dunyodan zerikkan paytlari erkalab, kuch oladi.
Qorong‘i tushayotgan edi. Zaminni tark etishlariga ozmuncha fursat bor. Uzoqdan ummonda mavjlanayotgan yaltiroq aksni ko‘rdi. Nurbola, deb o‘yladi. Borib qaradi. U emas. Og‘asining erka avlodi. Delfinlar bilan o‘ynashib, sho‘xlik qilib yuribdi. Yana qaerdan izlasin?!.. Boshi qotdi. Quyoshli yurtlarni ko‘rsa-chi! Bu fikri tuzuk tuyuldi. Bordi. Qir-adirlar orasidagi bir ko‘rimsiz kulbadan miltillab nur taralardi. Asta tirqishdan ko‘z tashladi. Zimistonda Nurbola to‘shakda ma’yusgina yotgan bolaga termulib charaqlayapti. Shunchalar berilib shu’la taratardiki, hatto uning kelganini ham sezmadi. Xona sovuq edi. U kirganda biroz ilidi. Shundagina ortiga qaradi Nurbola. Oftob momosini ko‘rib yanayam yorishib ketdi.
— Eplolmayapman, — dedi mahzun qarab. – Sovqotib titrayapti.
— Hechqisi yo‘q. Senday paytim menda ham shunday bo‘lgan, — dalda berdi.
— Uch kun oldin nurlarimga chalg‘ib, daraxtdan yiqilib tushgandi, — dedi aybdorlarcha.
— Ketish kerak. Hademay qorong‘i tushadi, — dedi Oftob momo.
— Uni shunday tashlab hech qayoqqa bormayman. U mening do‘stim, — qat’iy turib oldi u. – Biroz isiting, yordam bering!
— Iloji yo‘q. Odamlarning ishiga aralashma, — dedi yana beparvo Oftob momo. Lekin Nurbolaga termulib rahmi keldi. Beixtiyor uning aytganini qildi. Bolakayning tanasi qizib, biroz jon kirganday bo‘ldi.
— Rahmat, — dedi Nurbola.
— Endi qaytamiz. Kech qoldik, — deb achchig‘landi Oftob momo.
— Yashaydimi?.. – yana so‘radi umidvor.
— Buni Yaratganning o‘zi biladi, — dedi jiddiy.
Ular chiqib ketishdi. Ortlaridanoq zaminni zulmat qopladi. Yo‘lda Nurbolaga nisbatan yanayam mehri jo‘shdi. O‘ziga tortgan. Insonga taft beribdimi, demak, ezgu ish qilyapti. Ammo ular bilan do‘stlashish juda qaltis. Tartibga-qoidalarga rioya etishi shart.
Ertasiga sharros yomg‘ir yog‘di. Bu ayni muddao bo‘ldi. Barkash bobo bilan maslahat qildi momo. Ming urug‘larini to‘pladi. Nurbolani yoniga o‘tqizishdi. Barkash bobo hammasidan xabardor edi.
— Kenja avlodlaring inson bilan do‘stlashibdi, — dedi u. – Kecha Oftob momonglarni ancha xavotirga qo‘yibdi.
— Kim ekan u Nurbolaning taftini olgan odam bolasi?.. – hayron bo‘lib so‘rashdi qavmdagilarning bari.
Nurbola g‘ujanak bo‘lib doira shaklga kirib oldi. Shu ko‘rinishda u Porloq quyoshning kichkina bir aksini eslatardi.
— Yaxshi-ku! – dedi orqa tarafdan Oltin nur.
— Nimasi yaxshi!? – hayron bo‘lishdi Shafaq nurlar.
— Koinotda insondan boshqa tashvishlarimiz ham yetarli, — deyishdi mingyillik nurlar.
— Kengashga million boshilarni ham chaqirish kerak edi. Yuz million yillar oldin bunaqa gaplar yo‘q edi, — dedi Siniq nurlar. – Inson dunyoni halokat yoqasiga olib kelib qo‘ydi.
— Kuydirib tashlash kerak barisini, — deyishdi So‘niq nurlar alam bilan.
— Bizning ishimiz inson zoti bilan kurash emas. Aksincha, duyoni ilitish, yashnatish. Unutmang, muz qavmining abadiy muzliklar makonini ham eritib yuborish bizning maqsadimizga kirmaydi. Yoki shamol, qor, yomg‘ir, sovuq harakatlariga; osmon, yer va yana boshqa sayyoralarning taraqqiyotiga hech qachon g‘ov bo‘lmaymiz, shuni bilib qo‘yinglar! — dedi qat’iy Barkash bobo.
— To‘g‘ri. Biz insonlarga hali kerakmiz. Ular yomonlikni istashmaydi. Faqat koinotni bilishga intilishyapti. Buning nimasi yomon? — deyishdi shaffof nurlar ham.
Oftob momo kengash fikri o‘zgarib borayotganidan xavotirga tushdi. Suhbatning bu yo‘sin chuqurlashib ketishi yaxshilikka emas.
— Men Nurbolani biroz tartibga chaqirib qo‘yishini Barkash bobosidan so‘ragandim, xolos. Bu yerda dunyoning ishlarini muhokama qilishimiz shart emas. Faqat zaminda tun kechikyapti. Bu muvozanatni buzayotgan Nurbola. Kuni kelib arzi hol bo‘lmasin deyman-da.
— Inson koinotga intilyapti. Bunga jim qarab turishimizni xohlaysanmi!? — dedi alamzada keksa So‘niq nur. U Oftob momo bilan tengqur edi. So‘nganiga ancha bo‘lgan. Shu sabab butun borliqqa nafrat bilan qaraydi. Lekin u bilan ham hisoblashish kerak. So‘niq nurlar ham otash qavmining a’zolari.
— Inson hali yerning o‘zini tushunib yetganicha yo‘q. Koinotga intilishga nima bor?! — qo‘shilishdi Siniq nurlar.
— Nurbolaning inson bilan do‘st tutinishi yaxshi emas. Ular oxirgi yuz yillikda judayam shiddat bilan rivojlanib ketishdi. Odamlar Oyga intilishyapti. Sirlarimizdan voqif bo‘lishsa hademay porloq nurlar makoni bo‘lmish Quyoshni ham zabt etishga kirishadi, — dedi mingyillik nurlar ichidan Qizil nur.
— Kuydirib kul qilish kerak. Kuyik hidini ham sog‘indik, — dedi Olov nurlar.
Hech qaysi biri indamadi. Na Barkash bobo, na Oftob momo ularga qaradi. Bu kengashda ularning qatnashishi noo‘rin edi.
Olam yaralgandan buyon Olov nurlarining niyati shu. Hamma yoqni yondirib kulga aylantirsa.
Kengash bir to‘xtamga kelolmadi. Yaxshiyamki, yomg‘ir tinib, bulut tarqay boshladi. Kengash yana biroz cho‘zilsa, tortishuvga aylanib ketishi aniq edi. Mingyillik nurlar sekin-asta bulutlar ortidan shu’la tarata boshladi. Qolganlar ham o‘z yumushlariga tarqalishdi. Oftob momo Nurbolani qidira boshladi. Barkash bobosidan so‘radi. U ham hayron bo‘ldi. Nurbola allaqachon yer sari enib bo‘lgan edi. Oftob momo ikkilanib qoldi. Tinch qo‘ygani ma’quldir. Hartugul, vaqt o‘tib o‘zi hammasiga tushunib yetadi. Baribir xavotir oldi. Nurbola izidan yo‘l soldi. Uni yana o‘sha kulbada uchratdi. Bola o‘rnida yo‘q edi. Yotgan joyi nam. Bolaning suv-suv bo‘lib oqqani bilinib turardi. Yostig‘i ustida qalpoqchasi yotardi. O‘zi esa mehrob ichiga kirib olib:
— Menga yordam ber, ey Xudo! Boboquyoshga ayt. Hammayog‘im muzlab ketyapti! Men yashashim kerak. Yolg‘iz onam, kichkinagina singillarim bor. Otam yo‘q. Bog‘larga qarashim, ishlashim, onamga yordam berishim kerak. Men ularni tashlab ketolmayman. O‘tinib so‘rayman, Quyoshjon! Menga yordam bergin. Sovqotyapman, — derdi qaltirab.
Nurbola Oftob momoga mahkam chirmashib oldi.
— Kuyinma, — dedi zo‘rg‘a Oftob momo. Boshqa hech narsa deyolmadi.
Lekin million yillar oldingi kabi shunday nur taratdiki, buni yuqoridan turib Barkash bobo ham qo‘llab-quvvatladi. Zaminga iliqlik taraldi. Bolakay chehrasi yorishib tashqariga chiqdi. Osmonga termulib minnatdorchilik bildirdi. Nurbola inson bolasining quvonganini ko‘rib xursand bo‘ldi. Oftob momo bo‘lsa ularga qarab o‘y surdi: dunyoda issiqlik taftidan tashqari suvuq yoki shamol singari kuchlar ham mavjud. Inson shularning bariga chidashi kerak hali. Buni Nurbola ham, Porloq quyosh nurlaridan to‘yib-to‘yib bahra olayotgan bolakay ham vaqt-soati kelib bilib oladi. Axir olamning o‘zi shunday yaralgan.
“Guliston” jurnalining 2014 yil 4-sonida e’lon qilingan.
ANORGUL
Yuzyillik hikoya
1914 yil…
Bu voqeani bizga otamiz, otamizga bobomiz aytib bergan ekan.
O‘sha yil bahor seryog‘in keldi. Hammyoq suvga bo‘kdi. Tunu kun, haftalab yomg‘ir yog‘di. Loy, botqoqdan odamning esi ketdi. Yomg‘ir ortidagi shamolni aytmaysizmi?.. Qanchalik yoqimli bo‘lmasin, baribir, bezor qilib yubordi. Hammasi mayli-ya, daraxt gullarini to‘kib yuborgani yomon bo‘ldi-da. Bu yil o‘rik kam bo‘lsa kerak. Olcha ham shunday. Anor endi gullaydi. Qimmatchilik bo‘lmasa go‘rgaydi. Hayotning to‘kinligi yilning kelishiga bog‘liq ekan-da…
U erinibgina ko‘chaga chiqdi. Mudom gavjum bo‘ladigan joylarda ham hech zog‘ yo‘q. Hatto do‘konlar oldida inson zoti ko‘rinmaydi. Bu paytda biron kimsa uyda o‘tirmasdi-yu, nima balo odamlar ishlamay qo‘yishganmi?.. Yomg‘irdan so‘ng hammayoq shilt-shilt. Shunga bo‘lsa kerak.
«Bunaqa paytda yurib bo‘ladimi? Poyabzal loyga botib qoladi-ku. Hamma uyga berkinadi-da», xayol qildi u.
…Bugun zerikdi. Hayotdanmas, o‘zidan. Shunchalar jirkanch tuyulyapti. Maqsadsiz uzoq yo‘l bosdi. Toqqa qarab bordi. O‘ylab-o‘ylab shu qarorga keldi-da. Undan kechirim so‘raydi. Qizi ham katta bo‘lib qolgandir. Biron marta ko‘rgani bormaptiyam. Kimga o‘xsharkan? Quyib qo‘ygandek o‘zi bo‘lsa-ya. Har qalay zurriyodi. Onasiga tortsa ham mayli. Otasini tanimas-ov. Begonasirasa kerak. Albatta. Bunga haqli u. Qizini ayblolmaydi. Hamma qusur o‘zida. Endi boshqacha yashaydi. Ularga mehribonchilik qiladi. Yangi hayot boshlaydi. O‘tgan kunlarini, bari-barisini unutadi…
Qo‘lidan kelarmikan?
O‘zini, o‘zligini yo‘qotib bo‘lgan odam-a! Yana eski do‘stlarini, aysh-ishratni qo‘msab qolsa-chi?.. Irodasini sinayman, deb ularga azob berib qo‘ymasmikin? Kallasida ming savol. Bir to‘xtamga kelishi ham qiyin kechyapti. Hammasiga qo‘l siltab, qo‘ltig‘iga qo‘l ursami?.. Yo‘q. Qarori qat’iy. Boradi. Ostonasida bosh egadi. Qo‘ymasa yalinadi, yolvoradi. Tiz cho‘kib gunohlaridan o‘tishini so‘raydi. Nima qilib bo‘lsa ham buni uddalaydi. Yolg‘iz yashash joniga tegdi. O‘ziga ishonchi so‘nmagan hali. Vujudi yonyapti. Yuragi o‘tda kuyayotganga o‘xshaydi. Kimdir kosov bilan kavlayotgan cho‘g‘ning o‘zginasi. Qip-qizil… Qaniydi muzdekkina buloq suvi bo‘lsa, yutoqib-yutoqib ichsa. Turfa azobda qiynalsa ham mayliydi keyin. Juda-juda sog‘indi uni. Endi dilidagi tiliga chiqyapti. Qachongacha yuradi yashirib. Oldin ham yaxshi ko‘rardi-ku, axir.
…Ko‘z o‘ngida birinchi bor uchrashgan kezlari gavdalandi. Otasi bilan ularnikiga kelgandi o‘shanda. Sochlarini ayri qilib ikkitaga o‘rib olgan kichkinagina qizcha edi. O‘n bir, o‘n ikki yoshlar chamasi bo‘lsa kerak. Birga o‘ynashgandi. To‘ptoshni o‘rgatgan. Qiziq o‘yin edi. To‘p toshdan uchtasini oladi-da, bittasini osmonga otadi. U tushguncha sherigini qo‘yib, ikkinchisini iladi. Yana takrorlab, yerdan to‘rt toshni ko‘taradi. Kaftlariga qo‘yib, barmoqlarining ters tarafida sakratadi. Uddalolmaganda qiqir-qiqir kulgandi ustidan. Qayta-qayta harakat qilib, o‘rgangandi. U bo‘lsa o‘yinini zimdan kuzatib turardi. Xatolarini sekingina, muloyimlik bilan to‘g‘rilab qo‘yardi. Qo‘llari yerga ishqalanib momataloq bo‘lib ketgandi. Ana shunaqa. O‘ylab ko‘rsa u bilan bo‘lgan azoblar ilk kunlardan boshlangan ekan. Nima qilsin uni yomon ko‘rolmasa.
Uzoqdan qorasi ko‘zga tashlandi. Xuddi o‘zi. Haliyam o‘sha-o‘sha: qaddi-qomati, yurish-turishi. Ozgina ulg‘aygani bilinibdi, xolos. Biroz to‘lishganroqmi-ey. Ko‘ziga shunday ko‘rindi. U nimanidir olib, qaytib uy ichkarisi tomon yurdi. Ketib qoladigandek, qo‘qqisdan baqirib yubordi.
— Anor! Anor!! Anorgul!!!
* * *
Anorgul ajoyib qiz edi. Sho‘x, hushchaqchaq. Yerga ursa osmonga sapchiydigan. Bolaligida uni «bolari» deb atashardi. Yo‘q bo‘lib qolsa, albatta gulzordan topishardi. Gullarni yaxshi ko‘rardi-da. So‘zlari mayin, suhbati esa shirin qizaloq edi. Judayam gaplashgisi kelardi odamning. Hech kimni zeriktirmasdi. Xushhulq, odobli… Gapirganda doim yerga qarab olardi. Yana bolalarcha kulimsirab qo‘yardi. Tabassumi ham boshqacha edi. Jilmayishini aytmaysizmi?.. Qishloqdagilar yillar tez o‘tganini uning ulg‘ayganidan bilishdi.
— Anorgulam kap-katta bo‘p qopti-ya. Kechagina arg‘imchoq sakrab yurgan kichkina qizcha oydek to‘lishib, guldek ochilibdi-ey!.. – deyishardi dimog‘larini ko‘tarishib.
Unga sovchi qo‘ymagan qolmadi. Yoshi ham, qarisi ham… E, odamda sal uyat bo‘lsin ekan. Zamonning zayli ham bor bo‘lsin-a. Otasi tengilar ham bir og‘iz solib ko‘rishdi. Ostona hatlab o‘tgan odamning son-sanog‘i yo‘q. Uning chiroyini eshitgan odam uni-buni bahona qilib kirib kelaverishadi. Nima, ko‘chada suv yo‘qmidi?.. Bahona ham evi bilan-da. Qaqragan cho‘lda yashashmaydi-ku. Ota-onasiyam bezor bo‘lishdi. Bir kuni:
— Qizim, endi katta qiz bo‘lib qolding! – deyishdi tagdor qilib.
U indamadi. Hammasini tushunib turibdi. Xayolida mingta o‘y. Kelgan-ketganlarga ham bir-bir uzoqdan – zimdan bo‘lsa ham nazar tashlagan. Nima qilsin?.. Hech qaysisi ko‘ngliga o‘tirmadi axir. Barisiga rad javob qiluvdi. Biroq bolaligida birga to‘ptosh o‘ynagan o‘sha yigitni o‘ylaganda hamon yuragi hapriqadi. Dardini hech kimga aytolmaydi. Axir bu hali ko‘nglining tubida yotgan bir xilqat, xolos. O‘zi ham bilmaydi nimaligini. Ammo o‘ylasa qitig‘i qo‘ziydi. O‘sha ichidagi tuyg‘ular jimirlab, junbushga kela boshlaydi. Qani uni bir kas tushunsa. Otasi boshqa ularnikiga olib bormadiyam. O‘zlari hech kelishmadi. Yo otasi bilan tortishib qolishganmikin?.. Undaymasdir. Axir otasi bilan uning dadasi do‘st-ku! Har narsa bo‘lishi mumkin. Vaqt kutib o‘tirmas ekan. Onasi jon holiga qo‘ymay qo‘ydi: birontasini tanla, deydi. Qanday qilib yoqmaganni yoqtiradi. «Qiz bola palaxmon toshi» emish. Nega unaqa!? Tosh jonsiz-ku. Unda bo‘lsa yurak bor. Hali tirik, duk-duk uradi. Kimgayam zaril bu narsalar. Undan so‘rab o‘tirisharmidi?
Yana bir kun arang chidadi. Erta deganda o‘ttiz adirlik uzoq qarindoshlaridan sovchi bo‘lib bir uy xotin kelishdi. «Qo‘ynimdan to‘kilsa qo‘njimga» qabilida, onasi shularga muomalani quyuqroq qila boshladi. O‘g‘illari chavandozmish. Ko‘rdi uzoqdan, ayiqpolvonning o‘zginasi. Otning belini sindiradi. O‘zlariga siylov. Kechasi bilan dahlizda yig‘lab chiqdi. Xudoga yolvordi. Oh chekdi. Jonini olsa ham mayli, faqat u kelsin. Bo‘lmasa toqqa qochib ketadi. Nolalari yetib borgan chog‘i, erta tongda usta Yo‘lbars yasab bergan rovot xalqalari taqqilladi. Rostdan ham ular – otasining qadrdon do‘sti. Nega bunchalar yo‘q bo‘lib ketishdi. Hali ko‘rsatadi. Ko‘rishganda qaramaydi.
Otasining ham chehrasi yorishdi. Anor boshqa bog‘da o‘smaydi, degan fikridan qaytdi. Haqiqatanam shunaqami?! Ammo rost. Olma bog‘da anor ko‘rmagan.
Onasi oyog‘ini qo‘liga olib qizining oldiga chopdi.
— Anor, qara, suxsurday yigit ekan. Bunisini qaytarib ko‘r-chi, naq miyangda yong‘oq chaqaman-a. Otasi dadangni o‘rtog‘i-ya tag‘in, — dedi ikki mushtini ustma-ust ishqab.
Xullas, to‘y. Onasining ra’yini qaytarolarmidi. O‘ziga qolsa-ku, yana biroz oyoq tirardi. Nozini ko‘rsatardi. U ham bir iztirob cheksin-da. Na chora. Rozilik berdi. Kuzda – anor pishig‘ida to‘ylari bo‘ldi. O‘sha kuni dast ko‘tarib, olov atrofida aylantirganda cho‘chib tushdi. Kuyov bo‘lgur xuddi sezganday to‘yxonaga shoshdi. Hurkak ohu-ya, deb o‘ylagan bo‘lsa ajabmas. Olib kirib, ayvonga tushirdi. Xotin-xalaj: «Kelin keldi, kelin keldi!» deb ichkariga tortqilashdi. Darchadan ko‘rib turdi. Kuyovjo‘ralar kuyovbolani chirpirak qilib, tinmay osmonu falakka otishdi. Uni ikkinchi bor yaqindan go‘shangada ko‘rdi. Ancha kelishgan, bilaklari ham baquvvat yigit bo‘libdi. Mo‘ylov ham qo‘yib olibdi. Ko‘zi tushib «piq» etib kulib yubordi. U hayron.
— Ustimdan kulyapsizmi?! – dedi.
— …
— Meni tanimadingiz, a?..
— Yo‘…o‘o‘-q, — dedi qitig‘-patiga tegib erkalanib.
O‘sha kuni nimalar bo‘lganini o‘zlaridan tashqari faqat xudo biladi. Hayotning baxtli lahzalari edi.
Bu ko‘p davom etmadi. Atiga uch oy.
— Tushungin, — dedi bir kun tunda. – Hamma yigitlar toqqa chiqib ketishyapti. Yakka o‘zim qololmayman.
— Otangiz amin bo‘lsa. Bekka aytsa bo‘ldi-ku.
— Faqat o‘zingni o‘ylama, — dedi achchiqlanib.
Shundan so‘ng hammasi ostin-ustun bo‘lib ketdi. Uyga mast-alast kech qaytadigan odat chiqardi. Ba’zan kelmasdiyam. Kechalarni yolg‘iz o‘tkazadigan bo‘ldi. Bunga ko‘nikib ham qoldi. Qo‘pol erkalashlariga ham chidadi. Uning bekchiligini to‘ydan keyin bilgandi. Umr u o‘ylaganchalik doim bir tekis kechmas ekan. Shu orada homilasi o‘zini ko‘rsatdi. Bu erini qiziqtirmadiyam. Odatdagi munosabat davom etaverdi. Bir kuni hech narsadan hech narsa yo‘q qo‘pollik qildi. Balki tuzukroq e’tibor qilmagandir. Yo o‘zini yomon ko‘rsatish uchun shunday qildimi, baribir tushunmadi. Qaynotasi bekchilar shunaqa badjahl bo‘ladi, dedi. Tong sahar lash-lushlarini yig‘ishtirib uyiga jo‘navordi. Uch kun sig‘di ota-onasinikiga.
— Turmushda kelishmovchiliklar bo‘ladi, chida! – deyishdi.
U indamadi. Yana bir necha kun kutdi. Orqasidan kechirim so‘rab kelishini istadi. U bo‘lsa aksincha – ozod qush edi. Endi otasi aralashdi.
— Mahalla-ko‘yda bosh ko‘tarolmay qoldim. Qizingga ayt, erinikiga qaytib borsin! – dedi.
Uniyam o‘jarligi tutdi. Kelmasa o‘zi qaytmaydi. Qaynona-qaynotasiga ham «yo‘q», deydi. Hafta o‘tdiyamki, darak bo‘lmadi. Onasiga achindi. Ikki o‘t orasida qolgandi. Shu orada uning askarlikka yollangani quloqqa chalindi. Onasi toqqa – tog‘asinikiga ketishni maslahat berdi. Shunday ham qildi. O‘sha joyda qizi dunyoga keldi. Har qanday qiyinchiliklarga chidadi. Tog‘u toshda poda ham boqdi, loy qorib kichkinagina kulba ham tikladi. Qachongacha sig‘indi bo‘lib birovni uyida yashardi. Xullas harakat qildi. Ammo yuragi to‘rida u. Uni, faqat uni kutdi. Farzandini ko‘rgani kelar hech bo‘lmaganda, deb o‘yladi. Qizi beshga kirdiyamki, dom-darak yo‘q.
Bugun tongda kutilmaganda ro‘parasidan chiqdi. Juldur kiyimda, yuzlari tirnalgan. Qaerda bunchalar qahramonlik ko‘rsatganini so‘ramadiyam. Osmondan tushdimi, ostonada turib, yalinib yolvordi. Noiloj ichkariga qo‘ydi. Qarshisida jimgina o‘tiribdi. Nima qilsin. Bo‘yniga osilib yig‘lasinmi?! Yo quvib solsinmi?.. Yana taqdirga tan berdi. O‘zini qismatning quchog‘iga otdi. Bu yog‘i Yaratganning ishi. Nima bo‘lsa bo‘lar.
Qizi pishillab uxlab yotardi. Uning shovqini-yu dupuridan qizchasi uyg‘onib ketdi. Nima bo‘layotganini tushunmay ko‘zlarini ishqaladi. Ikkovining vajohatini ko‘rib, orqaga tisarildi.
— Enamga tegmang, iltimos, enamga tegmang!.. – deb qichqirib yig‘lab yubordi yuzlarini ikki qo‘li orasiga berkitib. Uning onasidan boshqa hech kimi yo‘q edi. Hatto bu atrofda o‘zi tengi o‘rtog‘iyam… Yugurib borib qizini bag‘riga bosdi.
— Keting! – dedi jon holatda. – Qaytib kelmang!
— Qizim, qizim! – deb yolvorgudek bo‘lib emaklab yoniga bordi u.
— Aldamang, — dedi qizi ham yig‘lamsirab.
— Men seni yaxshi ko‘raman.
— Yolg‘on gapiryapsiz. Meni otam yomonlarni haydagani ketgan. Oq otda keladi, — dedi xiqqillab.
U indamadi. Anorgulga qaradi. Turib tashqariga otildi. Orqasidan chiqolmadi. Ketishini xohlamasdi. Boshqa chorasi ham yo‘q edi. Necha yil kutgandi bu kunlarni.
— Qayta qoling begim, — deya oldi xolos pichirlab ortidan.
Bu so‘zlarni eshitmagani aniq edi.
* * *
Kallasida oq ot. Qayoqdan topadi uni? Bunaqasi faqat beklardagina bo‘lsa. Xuddi o‘shandek arg‘umoqni shaharga borganda ko‘rgan. Ammo baribir izlaydi. Endi u qizini o‘ylardi. Katta bo‘lib, aqlini tanib qolibdi. Anorgul uni tushunar, ammo qizi-chi?.. Oilasiga shunday qabul qilmasligini anglab turipti. Hamma ayb o‘zida. Ularni yolg‘iz tashlab qo‘ydi. Shu ko‘yi uch kun sandiraqlab yurdi. Cho‘ponlarning o‘tovida tunadi. Chora qidirdi. Tog‘ning etagiga borib yilqiboqarga uyurdan bo‘z otini berib turishni so‘radi.
— Sinalmagan, yovvoyi yo‘rg‘a bo‘lsa. Hali jilovlanmagan ham, — dedi yilqichi.
Baribir turib oldi. Otboqarni avradi. Kechasi bilan qimiz ichib, mast bo‘lishdi. Unga dunyoni va’da qildi. Oxiri ko‘ndirdi. Uyurdan ajratishga bir kun vaqt ketdi. Jonivor asov edi. Uch-to‘rt kun egar, jabduq taqib qo‘lga o‘rgatishdi. Ikki hafta o‘tib tong sahar yana Anorgulning yoniga bordi. Otning pishqirishidan birinchi bo‘lib tashqariga yugurgilab qizi chiqdi va quvonchdan osmonga sakray boshladi.
— Otam keldi oq otda!.. Otam keldi-ii! — deb baqirdi o‘zida yo‘q xursand bo‘lib.
Qizi u tomon chopib bordi. Ota o‘zini dovyurak ko‘rsatmoqchi bo‘lib, otning jilovini tortdi. Jonivor hurkib, depsindi va qo‘qqisdan kishnab yubordi. Old oyoqlarini ko‘tarib, sakray boshladi. Qiziga shikast yetkazib qo‘yishdan qo‘rqqan ota kutilmaganda muvozanatini yo‘qotdi va otga qattiq qamchi soldi… Ot borgan sari tezlashardi. U ortiq egarda o‘zini tutolmay qoldi. Ot bir sakraganida egardan uchib ketdi. Butun vujudida og‘riq turdi. Qimirlatsa, hammayog‘iga sanchiq kirardi. Hammasi lahzada yuz berdi…
Bir mahal yig‘lagancha yugurgilab Anorgul keldi, yoniga cho‘kkaladi.
— Jonim, — deya inqilladi uni ko‘rib.
Anorgul nima qilarini bilmay, izzillab qoldi.
— Meni kechir… – dedi u pichirlab iltijo bilan.
— Nega unaqa deysiz… — Anorgul qo‘llari bilan og‘zini to‘sdi. Uning ortidan qoqilib-surinib qizi ham yetib keldi.
— Otajon!.. — dedi quchog‘iga otilib.
U turishga harakat qildi. Ammo bo‘lmadi. Ichi ezilib ketganga o‘xshardi. Anorgul sekin qizini tortdi.
— Qo‘y, diydoriga to‘yay!.. – dedi yalinib. Qizi jajji barmoqlari bilan yuzini siladi.
— Xuddi o‘zing, Anor?.. – dedi u qizini erkalab.
Xotini javob bermadi.
— Nega shu paytgacha jimgina yurding, a? Oti nima?.. – deb so‘radi holsizlanib. Ko‘zi yumilib keta boshladi. Boshiga og‘riq kirdi. Osmon chirpirak bo‘lib aylanayotgandek tuyuldi. Nazarida xuddi balandlikdan qulayotganga o‘xshadi. Jangda ham bunaqa ahvolga tushmagandi. Anorgulning qo‘llariga mahkam tirmashdi.
— Meni qo‘yvorma, Anor. Qizimni bir bag‘rimga bosay… — dedi xirillab. U o‘zining abgor ahvolidan o‘zi uyalib, ko‘zini «chirt» yumib oldi.
— Ko‘zingizni oching!.. Turing, turing! – dedi qizi otasining bo‘ynidan quchoqlab.
Endi unga baribir edi. Niyatiga yetdi. Qizini bir lahza bo‘lsa ham mehr bilan bag‘riga bosdi-ku! Dushman qo‘lida o‘lgandan ko‘ra, mana shu yerda joni uzilgani durust. U hushidan ketdi. O‘zini osmonda uchayotgandek his qildi. Bulutlar bilan birga suzayotgandek edi go‘yo. So‘fito‘rg‘ay ovozi eshitildi.
Alahsiray boshladi. Ko‘ziga Anorgul ko‘rindi. Yum-yum yig‘layapti. Ie, nima bo‘ldiykan?! Uni yo‘qotib qo‘ygandi-ku! Kulgisi qistadi. Anorgul bilan birga ekan. Yonida qizi. Uning ismini bilmaydi, xolos. Nega Anorgul aytmadi?..
* * *
— Ifor!.. Qizingizning oti Ifor! – deya pichirladi Anorgul takror-takror.
U eshitmagandek bo‘ldi. Gaplari qulog‘iga kirdimikan?.. Nima qilsa ekan?.. Atrofga olazarak boqdi. Biron zot yo‘q. So‘fito‘rg‘ay bir joyda turgancha sayrayapti. Shamol surib ketadi, u yana joyiga keladi. Bu hol qayta-qayta takrorlanadi.
Shu mahal uzoqdan tog‘asining qorasi ko‘rindi. Xalloslab yetib keldi.
— Aytdim-a, bular jimib ketdi, deb! – qichqirdi u. – Qimirlatma! Beli singanga o‘xshaydi. Hozir aravani qo‘shib kelaman.
Tog‘asi yugurgilagancha qaytib ketdi. Birozdan keyin arava bilan keldi. Uni ehtiyotlab aravaga olishdi. Ot joyidan qo‘zg‘aldi.
— Ishqilib, men o‘ylagandek bo‘lmasin-da. Odam bo‘lishi qiyin unda, — dedi yo‘lda bora turib tog‘asi. Birpasdan so‘ng: – O‘zi odammidi?.. Hayvonning o‘zginasi, – deb g‘udranib qo‘shib qo‘ydi.
Anorgulning hushi o‘zida emasdi. Hamma narsa jonsiz, rangsizdek ko‘rinardi ko‘ziga. Aravaning g‘ijirlagan ovozi eshitiladi, xolos. Ot nimadandir hurkib to‘xtadi. Orqaga tislandi, tog‘asining qistovi bilan yana olg‘a yurdi. Oxirgi paytlarda qishloqda turli mish-mish tarqalgan, xufyalar bekning askarlarini qidirishayotganini aytishardi. Ammo hozir Anorgulga buyam ahamiyatsizdek edi. Qizi esa nima bo‘lganini tushunmay yonida borardi.
— Joni qattiq buning, — dedi tog‘asi. – Umring azobda o‘tadigan bo‘ldi, jiyan. O‘lib qolmasin-da. Tag‘in tovoniga qolmaylik.
Anorgul indamadi. O‘zini koyiy boshladi. Shunaqa bo‘lishini o‘zi xohlagandi-ku. «Bo‘yning uzilsin» demaganmidi? Degandi! Xuddi shunday qarg‘agandi. Ovoz chiqarib aytmagan bo‘lsa ham, ko‘nglidan o‘tkazgandi. Nega shunday dedi-ya?.. Qizi uchun yashasin. Tirik yetim bo‘lib, otasini uzoq kutdi. Yetdim deganda, yiqilmasin yana.
— O‘zing yordam ber, Tangrim! – dedi pichirlab.
— Nima deysan? – ortiga o‘girilib to‘ng‘illadi tog‘asi.
Anorgul og‘iz ochmadi.
U jim, Ifordan ko‘z uzmay borardi. Bo‘lib o‘tgan voqealarga o‘zini aybdor, deb his qilyapti chog‘i.
Tog‘asi qattiq-qattiq gapirsayam, baribir yaxshi odam. Uni hakimlarga yaxshilab qaratdi, muolaja qildirdi. So‘ng uyiga qaytarib olib keldi. Tuni bilan qizi ikkovi yonida o‘tirib chiqishdi. Tashqarida yomg‘ir sharros quyardi. Gupillab tuproq hidi keladi. Ha demay yoz kiradi, pishiqchilik boshlanadi. Kuzgacha tuzalib ketadi. Qizi uchun parvarishlaydi. Anor pishsa, suvini siqib ichiradi. Ming dardga davo deyishgan-ku. Oyoqqa turg‘azadi hali.
Ifor uxlab qoldi. Tongga yaqin o‘zining ham ko‘zi ilinibdi. Tush ko‘ribdi. Anorzormish. Anorlar qiyg‘os gullabdi. Hammayoq qip-qizil. Ikkalovi bir-birini quvalashib yurishibdi. Birdaniga oyoq ostidan tubsiz jarlik chiqibdi-yu, ular qulay boshlashibdi. Qandaydir kuch Anorgulni tutib qolibdi. «Anorgul!» hayqiriq kelibdi qorong‘ulik qa’ridan.
— Madrim aka!.. — deb cho‘chib uyg‘onib ketdi.
Qizi otasining tepasida jimgina termulib o‘tiribdi. Ko‘zlaridan mil-milt yosh oqyapti.
— Otam meni chaqirdi, — dedi qizi yig‘lamsirab.
Shu mahal eriga ham jon kirdi. Lablari qimirladi. Shoshib peshonasiga qo‘lini qo‘yayotganda:
— Iff…for, — dedi pichirlab.
Bu taqdirning inoyati edi.
Derazadan quyosh nurlari tushdi. Yana umidvor kun boshlandi. Ifor xursand bo‘ladigan bo‘ldi.
* * *
Madrim olti oy deganda oyoqqa turib, yana qora to‘qayga qaytdi. Bo‘rtog‘ etaklarida qo‘nim topdi. Bekning qazosi yetkach, o‘rniga bek bo‘ldi. Uzoqqa ketmadi, atrofda yurib o‘zining qishlog‘ini xavf-xatardan himoya qildi. Anorgul Iforni tarbiyaladi.
Chekkatoshloqning tugashi – Yaydoqning boshlanishida qabristoni bor. Hozir ular o‘sha joyda. Hali hanuz ahyon-ahyon qilingan xirgoyilar o‘tgan kunlarni eslatib turadi.
Madrim ketdi Bo‘rtoqqa,
Qachon qaytar bu yoqqa?
Shamol uvillab qochdi,
Anor gullarin sochdi.
“Sado” gazetasining 2014 yil 24 aprel va 1,8 may sonlarida chop etilgan