Cho’lpon Ergash. Shunday so’z topsamki. She’rlar

04   Чўлпон Эргаш одам сифатида ўта хоксор, камтар, ҳатто бироз тортинчоқ эди. Ўзини бўлар-бўлмас давраларга уравермасди. Фақир киши панада қабилида бир чеккада шеърини ёзиб юришни афзал биларди. Минбарларга чиқиб ваъзхонлик қилмасди, обрў, шон-шуҳрат, мукофот таъмасидан йироқ эди. Назаримда, назарга тушишни унинг ўзи ҳам истамасди. У ўзини ҳаёт долғаларидан четга тортгандай кўринса-да, қалбан лоқайд эмас эди, ўзи курашчанга ўхшамаса-да, шеърияти курашчан эди.(Сулаймон Раҳмоннинг «Чўлпончи Чўлпон ёхуд пардаланган ҳақиқат» эссесидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

ЧЎЛПОН ЭРГАШ
ШУНДАЙ СЎЗ ТОПСАМКИ
Шеърлар
08

05Атоқли шоир Чўлпон Эргаш 1937 йил ёзида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетини тамомлаган (1960— 65). Биринчи шеърий тўплами — «Тонг юлдузи» (1970). «Бизнинг уйимиз» (1972), «Умид чироғи» (1979), «Баҳор орзулари» (1980), «Тонг отар садолари» (1982), «Сеҳрли қўнғироқ» (1984), «Ой чодир тикмоқда» (1985), «Энг баланд қаср» (1986), «Карвон келар», «Орзунинг оғир киприклари» (1990) каби шеърий асарлар муаллифи. Шоир 2010 йшда вафот этган.

08

ГИРЯ

Шодликни кўксига бошимни қўйиб,
Силкиниб-силкиниб йиғлагим келур.
Яхши тушларини ёмонга йўйиб,
Шодликнинг бағрини тиғлагим келур:
Йиғла эй осмон, сен ҳам бошида,
Токи кўз ёшларга ғарқ бўлсин у ҳам.
Бир зум у лол қотсин ғамнинг қошида —
Фақат бир зумгина бўлсин у одам…

ОРЗУ

Шундай сўз топсамки,
Уни эшитган,
Тополса йўлини адашган маҳал.
Таслим бўлиб менга ул парипайкар,
Кириб келса ўзи, кулиб, эшикдан.

Шундай кун топсамки,
Она еримиз
Қуёшга яқинроқ турса чинакам.
Куйиб, кул-кул бўлса, айрилиқ, алам,
Дарё бўлса қалблар, тамом эриб муз.

Ва мен у дарёда —
Чарх уриб ҳар ён,
Чағиллаб яшасам, чағалай мисол.
Катта очиб ҳар жон кўзларини, лол,
Қанот боғлаб, мағрур, урсалар жавлон.

МАЙЛИ, ДЕ, МАЙЛИМИ?

Сенга ошиқаман, кўксим сўкилиб,
Бўйингга бўйтумор муштдай юрагим.
Ойни тополмасдан, бағри тўкилиб,
Саргардон қуёшдай изғиб юрардим.

Осмонларга отгин шубҳаларимни,
Кўнглимга чироқ қил ишонч, майлингни.
Соғинтириб ёлғиз онам бағрини,
Сени топганимни айтсам, майлими?

“Билгин-у, билмаган у-бу демасин,
Набира меҳрига тўяйин мен ҳам,
Қанча тотли бўлса ўрик меваси,
Мағизи ундан ҳам ширин ”, дер онам.

Кел, бир қувонтиргин ўша кампирни
Икки қўли кўкда ўтиб кетмасин.
У ичимдагини топиб гапирди,
Оҳини ўзига ўзинг етказгин!

Ҳувуллаган шундай ёлғизлик қурсин,
Ёлғиз чақмоқ тошдан чиқмайди олов.
Бир ўзинг йиғламоқ у ёқда турсин,
Кулсанг ҳам кулгили, эшитса биров.

Дилим хонишини чизиб дафтарга,
Куймаган жонингни куйдирсам, дейман.
Ичим тўлиб кетди қизиқ гапларга,
Кулдиргичинг бўлиб, кулдирсам, дейман.

Сенсиз мени ҳамма хўрлаётгандай,
Йиғлагим келади кечалар ёлғиз.
Бирдан асрий зулмат тонги етгандай,
Пирпираб кўзларинг, хўп де, бир оғиз.

ҲАЗИЛ

Ногоҳ келар доимо:
Ҳар фалокат, ҳар бало.
Мен кутардим ҳаммавақт,
Қандоқ келдинг, о, зебо?!

ЖАВЗО КЕЧАСИ

Дераза пардалари учади.
Дераза пардалари
кўтарилиб тушади.
Ойнадан бошимни чиқариб,
Оқаётган булутларга қараб қоламан.
Муздек шамол урар кўкрагимга.
Кўксим кўтарилиб тушади.
Дераза пардалари учади.

Ёмон иссиқ бўлди кун бўйи,
Доим шунақа:
Булут босар кўкни шамол билан,
Бирдан совиб қолар ҳаво кечга бориб,
Ёмғир бўлар,
Довул бўлар кучли
шундай иссиқдан
кейин.
Миқ этмай туради
боягина қоққан
қозиқдек,
Энди қара,
Яйрашини қара дарахтларнинг.
Улар ҳам гўё
Пешиндаги иссиқ ёдига тушиб,
Бошини тебратар шамолда,
Доим шунақа.

Бир шамол турсами,
Сел қуйиб берсами довул билан.
Онасининг келар пайти етган
Семурғ
боласидай
Энтикаман, юрагим ҳовлиқа.
Қайдадир осмоннинг четида
Нимадир ярқ этди,
Гумбурлади кейин.
Дераза пардалари учади қаттиқ,
Кўтарилиб тушади.
Оқаётган булутларга қараб турибман, бир илинж билан.

Юлдузлар худди
Сой тошларидек
Гоҳ кўринар, гоҳо кўмилар.
Булутларнинг ихтиёри кимда экан?
Булутларнинг ихтиёри шамолдамикан?
Шамолларнинг ихтиёри кимда экан?..
Эҳ… қўлим калта-да, қўлим калта-да!..
Негадир юрагим ҳовлиқар.
Кўксим кўтарилиб тушади,
Дераза пардалари учади…

ОНАМНИНГ ТУШИ

Туш кўрибди онам.
Тушида
Кимдир туққан эмиш.
Ўзимизга яқин биров.
От қўймоқчи бўлар эмиш болага ўзи.
«Мен топган отни қўясизлар!»—
Дея онам
Туриб олармиш.

— Жуда-жуда улуғ от эмиш…
Ўзим топган эмишман.
Бирам
Ўша отни қўйишларини
Истармишман мен.

Эсимда бор эди ҳозир ҳам.
Тилимнинг учида турибди…
Ҳодиса от эди.
Ширин бир хаёл билан,
Бир бошқа бўлиб,
Жилмайиб қўяди хотиним ўзича —
Умид билан онамга қарайди.
Гап олмоқчи бўлиб яна:
— Қишлоқдаги сигиринглар туққандир, — дейди.

— Йўқ, йўқ! — дейман мен —
Бу туш бошқача…
Бу ажойиб туш!
Кўрпа-тўшак эплаяпти
Меҳмонга келган онам.

Она-да…
Чидаб туролмади —
Яхшиям
Ширин-ширин қилиқлар чиқаради
Невара қизи.
Келини.

— Ойи,—дейман мен, ҳазил қилиб, —
Топганимиз—шу қиз бизнинг
Икки кишилашиб.
—Бори яхши-да!.
Мен бошқа хонада.
Ҳалиям
Ўша тушни ўйлаб,
Юрагим ҳовлиқяпти.
Қувониб кетяпман ўзимдан-ўзим.

Қандайдир бир қувончли ҳодиса
Юз бериши керакдай уйимизда,
Қўниб қолсами бирдан
Эртами, индин
Бошимизга бахт қуши.

САЛОМ

Яна шу кунимдан бўлиб умидвор,
Тонг билан ишимга ошиқар эдим.
Ўтиб кетар экан кимдир беозор –
“Салом” деди кулиб, “Ассалом…” дедим.

Ўхшатгандир балки бировга яқин,
Қайдадир кўргандир мени, эҳтимол.
Танамга югурди эрка бир ёлқин,
Асир этди маҳзун руҳимни бу ҳол.

Ким бўлмасин, унга меҳрим товланди,
Худди товлангандай тонг чоғи қуёш.
Яқин кишим бўлиб кўнглим овлади,
Ичимда арслонлар ухларди ювош…

Кўз олдимдан ўтди мунис оилам,
Ўринлидай димоғ-фироғи қурғур.
Дер эдим, шу пайтда ёнида бўлсам,
Ўзимдан ўтди деб, сўрардим узр.

Кириб бордим, мана, ишхонамга шод,
Шодон қарши олди кўпчилик шу дам.
Фақат тик қаролмай ўтди биров ёт,
Ўзимни койидим бунинг учун ҳам.

Дилим оғритганди қай бир кун биров,
Кек сақлаш номарднинг ишидир аммо,
Ўша биров менга бўлган бўлса ёв,
Ўзимни ҳақман деб қилмасман даъво,

Шуларни ўйларкан дилда ҳаяжон,
Тилимга келмоқда ширин бир калом:
Жўралар, бахтимга бўлингиз омон.
Мен ҳам бу тонг сизга йўллайман салом.

Токи бу беғубор тонгги саломим
Даврангизда бўлсин мисоли кўзгу.
Холис бир одамдай, дўстларни доим
Менинг юрагимга чорлаб турсин у.

ЕЛЛАР

Ҳей!
Ҳей, шамолларнинг набиралари,
Қўлингизни беринг, қўлингизни!
Ҳей, сиз бўронларнинг чеваралари,
Этагимдан тутинг,
Бўлинг тездан:
Манзил яқин,
Порлоқ,
Еллар, жон еллар,
Бўронлар, шамоллар кутади сизни.
Дадил кўкрак керинг,
Жон фидо йўллар,
Ҳамон ёниб қуёш кутади бизни!
Ўлим…
У энг сўнгги мададкор кўкда,
Унга лойиқ бўлиб, масъул юрайлик.
Озод эллар аро
Бўлсин деб ўктам,
Юртимиз кўксини кунга бурайлик.
Йўлда яшинлар ҳам бизга кўкракдош,
Олов қамчисидан минг пора зулмат.
Ҳақиқат қиличдек,
Қасоскор, қўлдош,
Ундан у ёқ мангу йўқ элда кулфат!
Ҳей,
Ҳей шамолларнинг кенжаси еллар,
Бўрон бўлиб сиз ҳам
Даврон суринг бир!
Ҳей, сиз – бўронларнинг эркаси еллар,
Саф-саф бўлиб,
Шаҳдам,
Олға юринг бир:
Қуёшга тоблайлик бу эл юзини,
Нурларга буркайлик йўлимизни.
Эритайлик унинг асрий музини,
Қўлингизни беринг,
Қўлингизни!..

* * *

Ошиқман.
Қаергадир ошиқаман,
Кўзларим шабнам каби ялтирайди
Ой шуъласида.
Лабларим қалтирайди.
Сенга асраб қўйган сирли сўзларим,
Туннинг унсиз ашуласида,
Ором билмайди.
Сени излайди.
Бормисан ўзи?!.
Қаерларда юрибсан?..
Балки ҳозир оғир энтикиб,
Қайгадир кўз тикиб,
Эшигинг ёнида ўйчан турибсан.
Балки…
“Эсламай…” деб ўйнаб юрибсан.
Кўнглим нотинч,
Қийнар соғинч,
Ранги-рўйим сомон, кечаси
Кўкда бир ой,
Ерда бир мен,
Ёлғизликнинг ёмон кечаси…
Йироқларда бир куй йиғлайди,
Йиғлаб – юрак-бағрим тиғлайди.
Ой бўлса,
Севинчдан осмонга сиғмайди.
Мен бўлсам…
Оҳ, чалишни билсайдинг сен ҳам
Ул дардли куйни.
Билсам эди чалишни мен ҳам
У алам – куйни…
Кутаман…
Кута-кута силлам қуриган.
Нимадир ютаман,
Лабларимнинг нами қуриган.
Кўзларим
Шабнам каби ялтирайди
Ой шуъласида.
Лабларим қалтирайди.
Сенга айтмоқ бўлган сирли сўзларим
Туннинг унсиз ашуласида
Ором билмайди,
Сени излайди…

099 Cho’lpon Ergashning so’qmog’i garchi mutlaqo o’ziga xos bo’lsa-da, u bir paytlar Tavallo, Fitrat, Abdulhamid Cho’lpon boshlagan yo’lning davomi edi. Uning bosh dardi – millat dardi edi. Uzuq-yuluq suhbatlarda, gap orasida Yusuf Saryomiy, Tavallo, Behbudiy, Abdulla Qodiriy, Abdulla Avloniy, Cho’lpon, Fitrat, Munavvarqori nomini tez-tez tilga oladi. Ayniqsa, Cho’lponga mehri bo’lakcha. U o’zini ana shu millat jonkuyarlarining sadoqatli vorisi deb biladi (Sulaymon Rahmonning «Cho’lponchi Cho’lpon yoxud pardalangan haqiqat» essesidan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

CHO’LPON ERGASH
SHUNDAY SO’Z TOPSAMKI
She’rlar
08

Atoqli shoir Cho’lpon Ergash 1937 yil yozida Qirg’izistonning O’sh shahrida tug’ilgan. Toshkent san’at institutining aktyorlik fakul`tetini tamomlagan (1960— 65). Birinchi she’riy to’plami — «Tong yulduzi» (1970). «Bizning uyimiz» (1972), «Umid chirog’i» (1979), «Bahor orzulari» (1980), «Tong otar sadolari» (1982), «Sehrli qo’ng’iroq» (1984), «Oy chodir tikmoqda» (1985), «Eng baland qasr» (1986), «Karvon kelar», «Orzuning og’ir kipriklari» (1990) kabi she’riy asarlar muallifi. Shoir 2010 yshda vafot etgan.

08

GIRYA

Shodlikni ko’ksiga boshimni qo’yib,
Silkinib-silkinib yig’lagim kelur.
Yaxshi tushlarini yomonga yo’yib,
Shodlikning bag’rini tig’lagim kelur:
Yig’la ey osmon, sen ham boshida,
Toki ko’z yoshlarga g’arq bo’lsin u ham.
Bir zum u lol qotsin g’amning qoshida —
Faqat bir zumgina bo’lsin u odam…

ORZU

Shunday so’z topsamki,
Uni eshitgan,
Topolsa yo’lini adashgan mahal.
Taslim bo’lib menga ul paripaykar,
Kirib kelsa o’zi, kulib, eshikdan.

Shunday kun topsamki,
Ona yerimiz
Quyoshga yaqinroq tursa chinakam.
Kuyib, kul-kul bo’lsa, ayriliq, alam,
Daryo bo’lsa qalblar, tamom erib muz.

Va men u daryoda —
Charx urib har yon,
Chag’illab yashasam, chag’alay misol.
Katta ochib har jon ko’zlarini, lol,
Qanot bog’lab, mag’rur, ursalar javlon.

MAYLI, DE, MAYLIMI?

Senga oshiqaman, ko’ksim so’kilib,
Bo’yingga bo’ytumor mushtday yuragim.
Oyni topolmasdan, bag’ri to’kilib,
Sargardon quyoshday izg’ib yurardim.

Osmonlarga otgin shubhalarimni,
Ko’nglimga chiroq qil ishonch, maylingni.
Sog’intirib yolg’iz onam bag’rini,
Seni topganimni aytsam, maylimi?

“Bilgin-u, bilmagan u-bu demasin,
Nabira mehriga to’yayin men ham,
Qancha totli bo’lsa o’rik mevasi,
Mag’izi undan ham shirin ”, der onam.

Kel, bir quvontirgin o’sha kampirni
Ikki qo’li ko’kda o’tib ketmasin.
U ichimdagini topib gapirdi,
Ohini o’ziga o’zing yetkazgin!

Huvullagan shunday yolg’izlik qursin,
Yolg’iz chaqmoq toshdan chiqmaydi olov.
Bir o’zing yig’lamoq u yoqda tursin,
Kulsang ham kulgili, eshitsa birov.

Dilim xonishini chizib daftarga,
Kuymagan joningni kuydirsam, deyman.
Ichim to’lib ketdi qiziq gaplarga,
Kuldirgiching bo’lib, kuldirsam, deyman.

Sensiz meni hamma xo’rlayotganday,
Yig’lagim keladi kechalar yolg’iz.
Birdan asriy zulmat tongi yetganday,
Pirpirab ko’zlaring, xo’p de, bir og’iz.

HAZIL

Nogoh kelar doimo:
Har falokat, har balo.
Men kutardim hammavaqt,
Qandoq kelding, o, zebo?!

JAVZO KECHASI

Deraza pardalari uchadi.
Deraza pardalari
ko’tarilib tushadi.
Oynadan boshimni chiqarib,
Oqayotgan bulutlarga qarab qolaman.
Muzdek shamol urar ko’kragimga.
Ko’ksim ko’tarilib tushadi.
Deraza pardalari uchadi.

Yomon issiq bo’ldi kun bo’yi,
Doim shunaqa:
Bulut bosar ko’kni shamol bilan,
Birdan sovib qolar havo kechga borib,
Yomg’ir bo’lar,
Dovul bo’lar kuchli
shunday issiqdan
keyin.
Miq etmay turadi
boyagina qoqqan
qoziqdek,
Endi qara,
Yayrashini qara daraxtlarning.
Ular ham go’yo
Peshindagi issiq yodiga tushib,
Boshini tebratar shamolda,
Doim shunaqa.

Bir shamol tursami,
Sel quyib bersami dovul bilan.
Onasining kelar payti yetgan
Semurg’
bolasiday
Entikaman, yuragim hovliqa.
Qaydadir osmonning chetida
Nimadir yarq etdi,
Gumburladi keyin.
Deraza pardalari uchadi qattiq,
Ko’tarilib tushadi.
Oqayotgan bulutlarga qarab turibman, bir ilinj bilan.

Yulduzlar xuddi
Soy toshlaridek
Goh ko’rinar, goho ko’milar.
Bulutlarning ixtiyori kimda ekan?
Bulutlarning ixtiyori shamoldamikan?
Shamollarning ixtiyori kimda ekan?..
Eh… qo’lim kalta-da, qo’lim kalta-da!..
Negadir yuragim hovliqar.
Ko’ksim ko’tarilib tushadi,
Deraza pardalari uchadi…

ONAMNING TUSHI

Tush ko’ribdi onam.
Tushida
Kimdir tuqqan emish.
O’zimizga yaqin birov.
Ot qo’ymoqchi bo’lar emish bolaga o’zi.
«Men topgan otni qo’yasizlar!»—
Deya onam
Turib olarmish.

— Juda-juda ulug’ ot emish…
O’zim topgan emishman.
Biram
O’sha otni qo’yishlarini
Istarmishman men.

Esimda bor edi hozir ham.
Tilimning uchida turibdi…
Hodisa ot edi.
Shirin bir xayol bilan,
Bir boshqa bo’lib,
Jilmayib qo’yadi xotinim o’zicha —
Umid bilan onamga qaraydi.
Gap olmoqchi bo’lib yana:
— Qishloqdagi sigiringlar tuqqandir, — deydi.

— Yo’q, yo’q! — deyman men —
Bu tush boshqacha…
Bu ajoyib tush!
Ko’rpa-to’shak eplayapti
Mehmonga kelgan onam.

Ona-da…
Chidab turolmadi —
Yaxshiyam
Shirin-shirin qiliqlar chiqaradi
Nevara qizi.
Kelini.

— Oyi,—deyman men, hazil qilib, —
Topganimiz—shu qiz bizning
Ikki kishilashib.
—Bori yaxshi-da!.
Men boshqa xonada.
Haliyam
O’sha tushni o’ylab,
Yuragim hovliqyapti.
Quvonib ketyapman o’zimdan-o’zim.

Qandaydir bir quvonchli hodisa
Yuz berishi kerakday uyimizda,
Qo’nib qolsami birdan
Ertami, indin
Boshimizga baxt qushi.

SALOM

Yana shu kunimdan bo‘lib umidvor,
Tong bilan ishimga oshiqar edim.
O‘tib ketar ekan kimdir beozor –
“Salom” dedi kulib, “Assalom…” dedim.

O‘xshatgandir balki birovga yaqin,
Qaydadir ko‘rgandir meni, ehtimol.
Tanamga yugurdi erka bir yolqin,
Asir etdi mahzun ruhimni bu hol.

Kim bo‘lmasin, unga mehrim tovlandi,
Xuddi tovlanganday tong chog‘i quyosh.
Yaqin kishim bo‘lib ko‘nglim ovladi,
Ichimda arslonlar uxlardi yuvosh…

Ko‘z oldimdan o‘tdi munis oilam,
O‘rinliday dimog‘-firog‘i qurg‘ur.
Der edim, shu paytda yonida bo‘lsam,
O‘zimdan o‘tdi deb, so‘rardim uzr.

Kirib bordim, mana, ishxonamga shod,
Shodon qarshi oldi ko‘pchilik shu dam.
Faqat tik qarolmay o‘tdi birov yot,
O‘zimni koyidim buning uchun ham.

Dilim og‘ritgandi qay bir kun birov,
Kek saqlash nomardning ishidir ammo,
O‘sha birov menga bo‘lgan bo‘lsa yov,
O‘zimni haqman deb qilmasman da’vo,

Shularni o‘ylarkan dilda hayajon,
Tilimga kelmoqda shirin bir kalom:
Jo‘ralar, baxtimga bo‘lingiz omon.
Men ham bu tong sizga yo‘llayman salom.

Toki bu beg‘ubor tonggi salomim
Davrangizda bo‘lsin misoli ko‘zgu.
Xolis bir odamday, do‘stlarni doim
Mening yuragimga chorlab tursin u.

YELLAR

Hey!
Hey, shamollarning nabiralari,
Qo‘lingizni bering, qo‘lingizni!
Hey, siz bo‘ronlarning chevaralari,
Etagimdan tuting,
Bo‘ling tezdan:
Manzil yaqin,
Porloq,
Yellar, jon yellar,
Bo‘ronlar, shamollar kutadi sizni.
Dadil ko‘krak kering,
Jon fido yo‘llar,
Hamon yonib quyosh kutadi bizni!
O‘lim…
U eng so‘nggi madadkor ko‘kda,
Unga loyiq bo‘lib, mas’ul yuraylik.
Ozod ellar aro
Bo‘lsin deb o‘ktam,
Yurtimiz ko‘ksini kunga buraylik.
Yo‘lda yashinlar ham bizga ko‘krakdosh,
Olov qamchisidan ming pora zulmat.
Haqiqat qilichdek,
Qasoskor, qo‘ldosh,
Undan u yoq mangu yo‘q elda kulfat!
Hey,
Hey shamollarning kenjasi yellar,
Bo‘ron bo‘lib siz ham
Davron suring bir!
Hey, siz – bo‘ronlarning erkasi yellar,
Saf-saf bo‘lib,
Shahdam,
Olg‘a yuring bir:
Quyoshga toblaylik bu el yuzini,
Nurlarga burkaylik yo‘limizni.
Eritaylik uning asriy muzini,
Qo‘lingizni bering,
Qo‘lingizni!..

* * *

Oshiqman.
Qayergadir oshiqaman,
Ko‘zlarim shabnam kabi yaltiraydi
Oy shu’lasida.
Lablarim qaltiraydi.
Senga asrab qo‘ygan sirli so‘zlarim,
Tunning unsiz ashulasida,
Orom bilmaydi.
Seni izlaydi.
Bormisan o‘zi?!.
Qayerlarda yuribsan?..
Balki hozir og‘ir entikib,
Qaygadir ko‘z tikib,
Eshiging yonida o‘ychan turibsan.
Balki…
“Eslamay…” deb o‘ynab yuribsan.
Ko‘nglim notinch,
Qiynar sog‘inch,
Rangi-ro‘yim somon, kechasi
Ko‘kda bir oy,
Yerda bir men,
Yolg‘izlikning yomon kechasi…
Yiroqlarda bir kuy yig‘laydi,
Yig‘lab – yurak-bag‘rim tig‘laydi.
Oy bo‘lsa,
Sevinchdan osmonga sig‘maydi.
Men bo‘lsam…
Oh, chalishni bilsayding sen ham
Ul dardli kuyni.
Bilsam edi chalishni men ham
U alam – kuyni…
Kutaman…
Kuta-kuta sillam qurigan.
Nimadir yutaman,
Lablarimning nami qurigan.
Ko‘zlarim
Shabnam kabi yaltiraydi
Oy shu’lasida.
Lablarim qaltiraydi.
Senga aytmoq bo‘lgan sirli so‘zlarim
Tunning unsiz ashulasida
Orom bilmaydi,
Seni izlaydi…

099

(Tashriflar: umumiy 2 488, bugungi 1)

Izoh qoldiring