Cho’lpon Ergash. She’rlar & Tursunboy Adashboyev. Men bilgan Cho’lpon Ergash & Uch she’r kitobi

bcde824e8a9f976392923fce8b53864.jpgАтоқли шоир шоир таваллудининг 80 йиллигига бағишланади

  Чўлпон Эргаш одам сифатида ўта хоксор, камтар, ҳатто бироз тортинчоқ эди. Ўзини бўлар-бўлмас давраларга уравермасди. Фақир киши панада қабилида бир чеккада шеърини ёзиб юришни афзал биларди. Минбарларга чиқиб ваъзхонлик қилмасди, обрў, шон-шуҳрат, мукофот таъмасидан йироқ эди. Назаримда, назарга тушишни унинг ўзи ҳам истамасди. У ўзини ҳаёт долғаларидан четга тортгандай кўринса-да, қалбан лоқайд эмас эди, ўзи курашчанга ўхшамаса-да, шеърияти курашчан эди.(Сулаймон Раҳмоннинг «Чўлпончи Чўлпон ёхуд пардаланган ҳақиқат» эссесидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

ЧЎЛПОН ЭРГАШ
ШУНДАЙ СЎЗ ТОПСАМКИ
08

05Атоқли шоир Чўлпон Эргаш 1937 йил ёзида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетини тамомлаган (1960— 65). Биринчи шеърий тўплами — «Тонг юлдузи» (1970). «Бизнинг уйимиз» (1972), «Умид чироғи» (1979), «Баҳор орзулари» (1980), «Тонг отар садолари» (1982), «Сеҳрли қўнғироқ» (1984), «Ой чодир тикмоқда» (1985), «Энг баланд қаср» (1986), «Карвон келар», «Орзунинг оғир киприклари» (1990) каби шеърий асарлар муаллифи. Шоир 2010 йшда вафот этган.

08

ГИРЯ

Шодликни кўксига бошимни қўйиб,
Силкиниб-силкиниб йиғлагим келур.
Яхши тушларини ёмонга йўйиб,
Шодликнинг бағрини тиғлагим келур:
Йиғла эй осмон, сен ҳам бошида,
Токи кўз ёшларга ғарқ бўлсин у ҳам.
Бир зум у лол қотсин ғамнинг қошида —
Фақат бир зумгина бўлсин у одам…

ОРЗУ

Шундай сўз топсамки,
Уни эшитган,
Тополса йўлини адашган маҳал.
Таслим бўлиб менга ул парипайкар,
Кириб келса ўзи, кулиб, эшикдан.

Шундай кун топсамки,
Она еримиз
Қуёшга яқинроқ турса чинакам.
Куйиб, кул-кул бўлса, айрилиқ, алам,
Дарё бўлса қалблар, тамом эриб муз.

Ва мен у дарёда —
Чарх уриб ҳар ён,
Чағиллаб яшасам, чағалай мисол.
Катта очиб ҳар жон кўзларини, лол,
Қанот боғлаб, мағрур, урсалар жавлон.

МАЙЛИ, ДЕ, МАЙЛИМИ?

Сенга ошиқаман, кўксим сўкилиб,
Бўйингга бўйтумор муштдай юрагим.
Ойни тополмасдан, бағри тўкилиб,
Саргардон қуёшдай изғиб юрардим.

Осмонларга отгин шубҳаларимни,
Кўнглимга чироқ қил ишонч, майлингни.
Соғинтириб ёлғиз онам бағрини,
Сени топганимни айтсам, майлими?

“Билгин-у, билмаган у-бу демасин,
Набира меҳрига тўяйин мен ҳам,
Қанча тотли бўлса ўрик меваси,
Мағизи ундан ҳам ширин ”, дер онам.

Кел, бир қувонтиргин ўша кампирни
Икки қўли кўкда ўтиб кетмасин.
У ичимдагини топиб гапирди,
Оҳини ўзига ўзинг етказгин!

Ҳувуллаган шундай ёлғизлик қурсин,
Ёлғиз чақмоқ тошдан чиқмайди олов.
Бир ўзинг йиғламоқ у ёқда турсин,
Кулсанг ҳам кулгили, эшитса биров.

Дилим хонишини чизиб дафтарга,
Куймаган жонингни куйдирсам, дейман.
Ичим тўлиб кетди қизиқ гапларга,
Кулдиргичинг бўлиб, кулдирсам, дейман.

Сенсиз мени ҳамма хўрлаётгандай,
Йиғлагим келади кечалар ёлғиз.
Бирдан асрий зулмат тонги етгандай,
Пирпираб кўзларинг, хўп де, бир оғиз.

ҲАЗИЛ

Ногоҳ келар доимо:
Ҳар фалокат, ҳар бало.
Мен кутардим ҳаммавақт,
Қандоқ келдинг, о, зебо?!

ЖАВЗО КЕЧАСИ

Дераза пардалари учади.
Дераза пардалари
кўтарилиб тушади.
Ойнадан бошимни чиқариб,
Оқаётган булутларга қараб қоламан.
Муздек шамол урар кўкрагимга.
Кўксим кўтарилиб тушади.
Дераза пардалари учади.

Ёмон иссиқ бўлди кун бўйи,
Доим шунақа:
Булут босар кўкни шамол билан,
Бирдан совиб қолар ҳаво кечга бориб,
Ёмғир бўлар,
Довул бўлар кучли
шундай иссиқдан
кейин.
Миқ этмай туради
боягина қоққан
қозиқдек,
Энди қара,
Яйрашини қара дарахтларнинг.
Улар ҳам гўё
Пешиндаги иссиқ ёдига тушиб,
Бошини тебратар шамолда,
Доим шунақа.

Бир шамол турсами,
Сел қуйиб берсами довул билан.
Онасининг келар пайти етган
Семурғ
боласидай
Энтикаман, юрагим ҳовлиқа.
Қайдадир осмоннинг четида
Нимадир ярқ этди,
Гумбурлади кейин.
Дераза пардалари учади қаттиқ,
Кўтарилиб тушади.
Оқаётган булутларга қараб турибман, бир илинж билан.

Юлдузлар худди
Сой тошларидек
Гоҳ кўринар, гоҳо кўмилар.
Булутларнинг ихтиёри кимда экан?
Булутларнинг ихтиёри шамолдамикан?
Шамолларнинг ихтиёри кимда экан?..
Эҳ… қўлим калта-да, қўлим калта-да!..
Негадир юрагим ҳовлиқар.
Кўксим кўтарилиб тушади,
Дераза пардалари учади…

ОНАМНИНГ ТУШИ

Туш кўрибди онам.
Тушида
Кимдир туққан эмиш.
Ўзимизга яқин биров.
От қўймоқчи бўлар эмиш болага ўзи.
«Мен топган отни қўясизлар!»—
Дея онам
Туриб олармиш.

— Жуда-жуда улуғ от эмиш…
Ўзим топган эмишман.
Бирам
Ўша отни қўйишларини
Истармишман мен.

Эсимда бор эди ҳозир ҳам.
Тилимнинг учида турибди…
Ҳодиса от эди.
Ширин бир хаёл билан,
Бир бошқа бўлиб,
Жилмайиб қўяди хотиним ўзича —
Умид билан онамга қарайди.
Гап олмоқчи бўлиб яна:
— Қишлоқдаги сигиринглар туққандир, — дейди.

— Йўқ, йўқ! — дейман мен —
Бу туш бошқача…
Бу ажойиб туш!
Кўрпа-тўшак эплаяпти
Меҳмонга келган онам.

Она-да…
Чидаб туролмади —
Яхшиям
Ширин-ширин қилиқлар чиқаради
Невара қизи.
Келини.

— Ойи,—дейман мен, ҳазил қилиб, —
Топганимиз—шу қиз бизнинг
Икки кишилашиб.
—Бори яхши-да!.
Мен бошқа хонада.
Ҳалиям
Ўша тушни ўйлаб,
Юрагим ҳовлиқяпти.
Қувониб кетяпман ўзимдан-ўзим.

Қандайдир бир қувончли ҳодиса
Юз бериши керакдай уйимизда,
Қўниб қолсами бирдан
Эртами, индин
Бошимизга бахт қуши.

МEН

Сочларимнинг учларидан то
Оёқларим тирноғигача –
Меники, деб айтаман, ҳатто
Бутун умрим, нарёғигача…

Устун келиб кимдандир, дадил
Дейман доим: «Бу — менинг сўзим!..»
Менлигимга аммо ким кафил,
Қани ўша «Мен» деган ўзим?

Аллақандай йўқ бир «Мен — ҳоким»
Овоз бериб йўқ ердан «гур-гур»,
Қандай даҳшат: «Бу — менинг халқим…
Ватан!..» дея жар солса, мафур!

Яширмайман, рост, бу — қўлларим,
Менинг қорним, оғзим, юз-кўзим.
Анов узун, силлиқ — йўлларим,
Аммо, айтинг, қани мен ўзим?!

Оҳ, табиат, нечун бу суврат,
Эл-юрт, бойлик, доно сўзлигим?
Керак эмас бу бахт, бу қудрат,
Бергин аввал менга ўзлигим!

МАШРАБНИНГ ДОР ОСТИДА АЙТГАНЛАРИ

Тамошо қилгучи эрсанг, мозоримни тамошо қил.
Машраб

Мендек мотамсаро йўқ,
Ёвларимга қазо йўқ.
Нольиб шундай бесамар,
Мен кўрмаган бало йўқ.

Ёлғиз паноҳ нафсимиз,
Ҳам бу ҳаром лафзимиз.
Ҳақгўй одам — жавобгар,
Қасамхўрга жазо йўқ.

Етим қиздек бедаво,
Кулги бўлди шарм-ҳаё.
Орсиз кетди — тавоқда,
Таърифига имло йўқ.

Ҳалол нони — миннатли,
Қилган иши иллатли.
Ўғри тўрда – мўҳтаво*
Ҳеч гапида хато йўқ.

Ақли куллар* — девона,
Ўз элида бегона.
Юрт оғаси — сотқинлар,
Хоиндан зўр даҳо йўқ.

Ғару каззоб, қароқчи
Юртимизга пойлоқчи.
Эл-улус деб куйганлар
Ўлиб кетса, даъво йўқ.

Талаб мол-мулк, жонимиз,
Юрар ялло ҳар иблис.
Еб-ютмаган бизни ҳеч
Яъжуж-маъжуж, тарсо* йўқ.

Олди тўймай сарварим
Ҳатто бор-йўқ жавҳарим.
Оппоқ Хўжам қўллари
Етмаган жой — ҳало йўқ.

Тилларида мадҳ-сано,
Чаноғида* ҳеч вақо.
Дарвешлар биз беватан,
Қўлимизда асо йўқ.

Бас энди, ос, эй жаллод,
Мангумас ҳеч истибдод!
Келмаса у қасос кун,
Мен келурман, фано йўқ!

____________
* Мўҳтаво — эъзозли
* Ақли кул — буюк ақл
* Тарсо — ғайри дин
* Чаноқ — дарвешлар ёнига осиб юрадиган (одам бош чаноғидан ясалган) кашкул.

ЧИГИРТКАЛАР

Айланади чархпалак,-
Кеча-кундуз чир-чир,
Кечар не-не савдолар
Бошимизда гир-гир.

Ризқимизни териб жим,
Юргандай биз — ғир-ғир,
Ҳар қадам хавф-хатардан
Қақшар юрак зир-зир.

Ана бири — йиртқичлар,
Бир тулки деб, хирр-хир,
Йиртиб-йиртди типглашиб
Бир-бирини ширр-шир.

Томоқлари таккиллаб,
Даррандалар «чирр-чир»,
Пойлаб юрар бизни ҳам
Оғиз очиб қирр-қир…

Сал бошимиз кўтарсак,
Учиб келиб пирр-пир,
Чангал урар оч арвоҳ,
Паррандалар бирр-бир.

Ўт, ушоқ еб, яланғоч,
Ўрнимиз лой, кирр-кир.
Оёқ ости умримиз,
Айтишамиз жирр-жир.

Бош бўлмаса бир бошда,
Юрсак титраб дирр-дир,
Босиб ўтар ҳар ҳайвон,
Темирлар ҳам «тирр-тир».

Нур товланар бир, ана,
Бу не бало сиррсир?..
Жонинг бўлса, қочиб қол,
Ин-инигга кирр-кир!..

 Турсунбой Адашбоев
МЕН БИЛГАН ЧЎЛПОН ЭРГАШ
Шоир сайланмасига ёзилган сўз

09

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётга кириб келган тенгдошларимизнинг кўпчилик қисмининг оталари Иккинчи жаҳон урушидан, ишчи фронтларидан қайтмаган, юракларида чандиқлари бор йигитлар эдик. Ўша кезларда Дўрмондаги ижод боғида ўтказиладиган семинар кенгашларида бизларга сабоқ берган Миртемир, Шайхзода, Шуҳрат ва Саид Аҳмад каби улуғ устозларимиз эса мустабид тузумнинг жабру жафоларини татиб қайтган инсонлар эди.

Дўрмонда ўтган ижодий кенгашлар туфайли танишган Тўра Сулаймон, Йўлдош Сулаймон, Сафар Барноев ва камина етимликнинг ғам-андуҳларини ҳазил-ҳузул билан кўнгилдан чиқаришга ҳаракат қилардик. Бироқ Маъруф Жалил билан Чўлпон Эргаш одамови, хонанишин бўлиб, давраларга камроқ қўшиларди. Кейинроқ маълум бўлишича, улар Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирларнинг тақиқланган айрим асарларини биздан аввалроқ ўқиб, кўп нарсаларни билиб олишган экан.bcde824e8a9f976392923fce8b53864e.jpg Балки мен кечроқ таниган ҳамшаҳрим Чўлпон Эргашга унинг тортинчоқлиги, одамовилиги монелик қилгандир. “Қирғизистон ҳақиқати” республика газетаси 1960 йилда Бишкекдан Ўшга кўчиб келгач, адабий жараён анча жонланди. Бобур номидаги драма театрининг безакчиларидан бири Обиджон Ҳамидов дастлаб Чўлпон Эргаш ҳақида каминага сўзлаб берганди. У шаҳардаги Тельман номли ўрта мактабни битиргач, уч-тўрт йил театрда ишлаб, кейин Тошкентдаги маданий-оқартув техникумига ўқишга кетган экан. У билан 1963 йилнинг май ойларида ёзги таътилда Ўшга келганида қайтадан танишдик. Шаҳарнинг кўзга кўринмас ташвишлари, айниқса, ижодкорларни кутилмаган синовлари билан “сийлайди”. Ана шундай кезларда ёлғизқўл каминадай одамнинг ҳолига вой. Бу жиҳатдан Шавкат Раҳмонга ҳавасим келарди. Сабаби, қанотида ота-онаси, акаси Тошпўлат оғам, суянчтоғи укаси Маҳмуджон турарди. Чўлпоннинг отаси Иккинчи жаҳон урушидан қайтмагач, онаси Ширмонхон опа “пилта-савати” билан уч ўғилни Жўравой, Чўлпон ва Сайдуллоларни тарбиялаб вояга етказди, уйлаб-жойлади.

Тақдир тақазоси билан шоир биродаримнинг маҳалласидан уй-жой қилиб қўним топдим. Чўлпоннинг тоғалари Чирмашвой, Ҳусанбой акалар Ўшнинг эътиборли кишиларидан саналарди. Сайдулло эса энг яқин укаларимдан бирига айланди. Холаваччалари Исоқжон ва Ортиқвойлар – жўраларим.

1965 йилдан эътиборан Тошкентга серқатнов бўлишимга тўғри келган. Боиси – Миллий университетимизнинг журналистика факультетига сиртдан ўқишга киргандим. Кўчанинг бошроғида шоир биродаримнинг хонадони. Эрталаб ҳам, оқшом ҳам йўлим битта. Гоҳ Жўравой ака билан, гоҳо Сайдулло билан учрашиб ўтаман. Баъзан Чўлпондан андармон бўлган Ширмонхон опанинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламан. Ўқиш баҳонасида “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетаси редакциясида тез-тез бўлардим. Негаки, бу ерда Тоҳир Малик, Сафар Барноев, Чўлпон Эргаш, Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Эркин Малик каби қадрдонларим ишлашарди.

Чўлпон Эргашнинг оғалари, қариндош-уруғлари ўта ҳалол ва холис кишилар эканлигига ўзим гувоҳ бўлган бир ҳангома сира эсимдан чиқмайди. Дам олиш кунларининг бирида Чўлпоннинг тоғаси Ўш–Аравон йўналиши бўйича автобус шофёри Ҳусанбой ака уйимизга кириб келди. Бир пиёла чой устида у киши қуйидаги воқеани сўзлаб берди:

– Ука, бир ҳафтадан буён оромим йўқолган. Ўтган якшанба куни автобусда бир йўловчининг анчагина буюми, пуллари қолиб кетибди. Йўналишимдаги танишларим орқали тегишли жойларга хабар етказдим. Эгаси топилмаяпти…

Ҳусанбой ака билан маслаҳатга маҳси кийдириб, энлай материалларнинг ҳисобини чиқардик. Омонат пулларни беш, ўн, йигирма беш сўмликларга ажратиб, энлай матоларнинг ҳажми билан пулларнинг қанчалиги сир тутилган ҳолда газетага эълон берилди. Шундай қилиб, Ҳусанбой аканинг хонадони келди-кетдидан узилмай қолди. Йўқолган матонинг сохта эгалари олтмишдан ошса ҳам даъвогарларнинг жавоби пойинтар-сойинтар эди. Ниҳоят, тугунларнинг ҳақиқий эгаси тепақўрғонлик Хадича опа Олимова бўлиб энлай материалларнинг ҳажмини, ранг ва тусини, пулларнинг аниқ ҳисобини тўкис айтиб бергач, бошқаларнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Бир ойдан сўнг Ҳусанбой ака билан Хадича опанинг ўғил тўйида меҳмон бўлдик.

Бу орада Чўлпон Эргашнинг “Тонг юлдузи”, “Бизнинг уйимиз”, “Умид чироғи”, “Баҳор орзулари”, “Сеҳрли қўнғироқ”, “Ой чодир тикмоқда”, “Энг баланд қаср”, “Карвон келар”, “Орзунинг оғир киприклари” каби ўнлаб китоби босилиб чиқди. Унинг шеър ва достонлари ортиқча бақириқлардан холи, вазмин ва “гап тагида гап бор” қабилидаги туйғулар билан суғорилган. У мустақилликни орзу қилиб яшаб, ижод этган Рауф Парфи, Маъруф Жалил, Машраб Бобоев сингари иқтидорли қаламкашлардан биридир.

Янглишмасам, 1985 йилнинг баҳор ойлари эди. Оқшом уйимизга Сайдулло ғамгин ҳолатда кириб келди. Маълум бўлишича, Ширмонхон опа қазо қилибдилар. Чўлпонга хабар берайлик десак, адреси тўлиқ эмас, телефони йўқ. Таваккалига Сайёр аканинг хонадонига қўнғироқ қилишимизга тўғри келди. Шоир оғам у пайтда устоз Комил Яшиннинг ёрдамчиси эди. Гўшакни аканинг ўзи кўтарди. Вазиятни тушунтирдик. Ана шундай йўл билан дўстимизга совуқ хабарни етказдик.

Умр ўткинчи, ўлим барҳақ экан. Минг афсуски, ҳамшаҳрим, иқтидорли шоир Чўлпон Эргашга тобуткашлик қилолмадим. Ўтган гал Ўшга борганимда Сайдуллодан акасининг вафот этганини эшитиб, ундан кўнгил сўрашдан нарига ўтолмадим. Телеграмма берилмагани сабабли улар ҳам Тошкентга келишолмабди.

Муҳтарам китобхон! Шоир Чўлпон Эргашнинг энг сара шеърларидан ва достонларидан тузилган сайланмаси бугун қўлингизда. Унга баҳо бериш Сизларга ҳавола. Биз ўз навбатида дўстимизнинг турмуш ўртоғи Дилоромхонга, фарзандлари Саҳобатхон, Жалолиддинга, Ўшдаги иниларига, мухлисларига сиҳат-саломатлик тилаймиз.

099 Cho’lpon Ergashning so’qmog’i garchi mutlaqo o’ziga xos bo’lsa-da, u bir paytlar Tavallo, Fitrat, Abdulhamid Cho’lpon boshlagan yo’lning davomi edi. Uning bosh dardi – millat dardi edi. Uzuq-yuluq suhbatlarda, gap orasida Yusuf Saryomiy, Tavallo, Behbudiy, Abdulla Qodiriy, Abdulla Avloniy, Cho’lpon, Fitrat, Munavvarqori nomini tez-tez tilga oladi. Ayniqsa, Cho’lponga mehri bo’lakcha. U o’zini ana shu millat jonkuyarlarining sadoqatli vorisi deb biladi (Sulaymon Rahmonning «Cho’lponchi Cho’lpon yoxud pardalangan haqiqat» essesidan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

CHO’LPON ERGASH
SHUNDAY SO’Z TOPSAMKI
08

Atoqli shoir Cho’lpon Ergash 1937 yil yozida Qirg’izistonning O’sh shahrida tug’ilgan. Toshkent san’at institutining aktyorlik fakul`tetini tamomlagan (1960— 65). Birinchi she’riy to’plami — «Tong yulduzi» (1970). «Bizning uyimiz» (1972), «Umid chirog’i» (1979), «Bahor orzulari» (1980), «Tong otar sadolari» (1982), «Sehrli qo’ng’iroq» (1984), «Oy chodir tikmoqda» (1985), «Eng baland qasr» (1986), «Karvon kelar», «Orzuning og’ir kipriklari» (1990) kabi she’riy asarlar muallifi. Shoir 2010 yshda vafot etgan.

08

GIRYA

Shodlikni ko’ksiga boshimni qo’yib,
Silkinib-silkinib yig’lagim kelur.
Yaxshi tushlarini yomonga yo’yib,
Shodlikning bag’rini tig’lagim kelur:
Yig’la ey osmon, sen ham boshida,
Toki ko’z yoshlarga g’arq bo’lsin u ham.
Bir zum u lol qotsin g’amning qoshida —
Faqat bir zumgina bo’lsin u odam…

ORZU

Shunday so’z topsamki,
Uni eshitgan,
Topolsa yo’lini adashgan mahal.
Taslim bo’lib menga ul paripaykar,
Kirib kelsa o’zi, kulib, eshikdan.

Shunday kun topsamki,
Ona yerimiz
Quyoshga yaqinroq tursa chinakam.
Kuyib, kul-kul bo’lsa, ayriliq, alam,
Daryo bo’lsa qalblar, tamom erib muz.

Va men u daryoda —
Charx urib har yon,
Chag’illab yashasam, chag’alay misol.
Katta ochib har jon ko’zlarini, lol,
Qanot bog’lab, mag’rur, ursalar javlon.

MAYLI, DE, MAYLIMI?

Senga oshiqaman, ko’ksim so’kilib,
Bo’yingga bo’ytumor mushtday yuragim.
Oyni topolmasdan, bag’ri to’kilib,
Sargardon quyoshday izg’ib yurardim.

Osmonlarga otgin shubhalarimni,
Ko’nglimga chiroq qil ishonch, maylingni.
Sog’intirib yolg’iz onam bag’rini,
Seni topganimni aytsam, maylimi?

“Bilgin-u, bilmagan u-bu demasin,
Nabira mehriga to’yayin men ham,
Qancha totli bo’lsa o’rik mevasi,
Mag’izi undan ham shirin ”, der onam.

Kel, bir quvontirgin o’sha kampirni
Ikki qo’li ko’kda o’tib ketmasin.
U ichimdagini topib gapirdi,
Ohini o’ziga o’zing yetkazgin!

Huvullagan shunday yolg’izlik qursin,
Yolg’iz chaqmoq toshdan chiqmaydi olov.
Bir o’zing yig’lamoq u yoqda tursin,
Kulsang ham kulgili, eshitsa birov.

Dilim xonishini chizib daftarga,
Kuymagan joningni kuydirsam, deyman.
Ichim to’lib ketdi qiziq gaplarga,
Kuldirgiching bo’lib, kuldirsam, deyman.

Sensiz meni hamma xo’rlayotganday,
Yig’lagim keladi kechalar yolg’iz.
Birdan asriy zulmat tongi yetganday,
Pirpirab ko’zlaring, xo’p de, bir og’iz.

HAZIL

Nogoh kelar doimo:
Har falokat, har balo.
Men kutardim hammavaqt,
Qandoq kelding, o, zebo?!

JAVZO KECHASI

Deraza pardalari uchadi.
Deraza pardalari
ko’tarilib tushadi.
Oynadan boshimni chiqarib,
Oqayotgan bulutlarga qarab qolaman.
Muzdek shamol urar ko’kragimga.
Ko’ksim ko’tarilib tushadi.
Deraza pardalari uchadi.

Yomon issiq bo’ldi kun bo’yi,
Doim shunaqa:
Bulut bosar ko’kni shamol bilan,
Birdan sovib qolar havo kechga borib,
Yomg’ir bo’lar,
Dovul bo’lar kuchli
shunday issiqdan
keyin.
Miq etmay turadi
boyagina qoqqan
qoziqdek,
Endi qara,
Yayrashini qara daraxtlarning.
Ular ham go’yo
Peshindagi issiq yodiga tushib,
Boshini tebratar shamolda,
Doim shunaqa.

Bir shamol tursami,
Sel quyib bersami dovul bilan.
Onasining kelar payti yetgan
Semurg’
bolasiday
Entikaman, yuragim hovliqa.
Qaydadir osmonning chetida
Nimadir yarq etdi,
Gumburladi keyin.
Deraza pardalari uchadi qattiq,
Ko’tarilib tushadi.
Oqayotgan bulutlarga qarab turibman, bir ilinj bilan.

Yulduzlar xuddi
Soy toshlaridek
Goh ko’rinar, goho ko’milar.
Bulutlarning ixtiyori kimda ekan?
Bulutlarning ixtiyori shamoldamikan?
Shamollarning ixtiyori kimda ekan?..
Eh… qo’lim kalta-da, qo’lim kalta-da!..
Negadir yuragim hovliqar.
Ko’ksim ko’tarilib tushadi,
Deraza pardalari uchadi…

ONAMNING TUSHI

Tush ko’ribdi onam.
Tushida
Kimdir tuqqan emish.
O’zimizga yaqin birov.
Ot qo’ymoqchi bo’lar emish bolaga o’zi.
«Men topgan otni qo’yasizlar!»—
Deya onam
Turib olarmish.

— Juda-juda ulug’ ot emish…
O’zim topgan emishman.
Biram
O’sha otni qo’yishlarini
Istarmishman men.

Esimda bor edi hozir ham.
Tilimning uchida turibdi…
Hodisa ot edi.
Shirin bir xayol bilan,
Bir boshqa bo’lib,
Jilmayib qo’yadi xotinim o’zicha —
Umid bilan onamga qaraydi.
Gap olmoqchi bo’lib yana:
— Qishloqdagi sigiringlar tuqqandir, — deydi.

— Yo’q, yo’q! — deyman men —
Bu tush boshqacha…
Bu ajoyib tush!
Ko’rpa-to’shak eplayapti
Mehmonga kelgan onam.

Ona-da…
Chidab turolmadi —
Yaxshiyam
Shirin-shirin qiliqlar chiqaradi
Nevara qizi.
Kelini.

— Oyi,—deyman men, hazil qilib, —
Topganimiz—shu qiz bizning
Ikki kishilashib.
—Bori yaxshi-da!.
Men boshqa xonada.
Haliyam
O’sha tushni o’ylab,
Yuragim hovliqyapti.
Quvonib ketyapman o’zimdan-o’zim.

Qandaydir bir quvonchli hodisa
Yuz berishi kerakday uyimizda,
Qo’nib qolsami birdan
Ertami, indin
Boshimizga baxt qushi.

MEN

Sochlarimning uchlaridan to
Oyoqlarim tirnog‘igacha –
Meniki, deb aytaman, hatto
Butun umrim, naryog‘igacha…

Ustun kelib kimdandir, dadil
Deyman doim: «Bu — mening so‘zim!..»
Menligimga ammo kim kafil,
Qani o‘sha «Men» degan o‘zim?

Allaqanday yo‘q bir «Men — hokim»
Ovoz berib yo‘q yerdan «gur-gur»,
Qanday dahshat: «Bu — mening xalqim…
Vatan!..» deya jar solsa, mafur!

Yashirmayman, rost, bu — qo‘llarim,
Mening qornim, og‘zim, yuz-ko‘zim.
Anov uzun, silliq — yo‘llarim,
Ammo, ayting, qani men o‘zim?!

Oh, tabiat, nechun bu suvrat,
El-yurt, boylik, dono so‘zligim?
Kerak emas bu baxt, bu qudrat,
Bergin avval menga o‘zligim!

MASHRABNING DOR OSTIDA AYTGANLARI

Tamosho qilguchi ersang, mozorimni tamosho qil.
Mashrab

Mendek motamsaro yo‘q,
Yovlarimga qazo yo‘q.
Nolib shunday besamar,
Men ko‘rmagan balo yo‘q.

Yolg‘iz panoh nafsimiz,
Ham bu harom lafzimiz.
Haqgo‘y odam — javobgar,
Qasamxo‘rga jazo yo‘q.

Yetim qizdek bedavo,
Kulgi bo‘ldi sharm-hayo.
Orsiz ketdi — tavoqda,
Ta’rifiga imlo yo‘q.

Halol noni — minnatli,
Qilgan ishi illatli.
O’g‘ri to‘rda – mo‘htavo*
Hech gapida xato yo‘q.

Aqli kullar* — devona,
O’z elida begona.
Yurt og‘asi — sotqinlar,
Xoindan zo‘r daho yo‘q.

G’aru kazzob, qaroqchi
Yurtimizga poyloqchi.
El-ulus deb kuyganlar
O’lib ketsa, da’vo yo‘q.

Talab mol-mulk, jonimiz,
Yurar yallo har iblis.
Yeb-yutmagan bizni hech
Ya’juj-ma’juj, tarso* yo‘q.

Oldi to‘ymay sarvarim
Hatto bor-yo‘q javharim.
Oppoq Xo‘jam qo‘llari
Yetmagan joy — halo yo‘q.

Tillarida madh-sano,
Chanog‘ida* hech vaqo.
Darveshlar biz bevatan,
Qo‘limizda aso yo‘q.

Bas endi, os, ey jallod,
Mangumas hech istibdod!
Kelmasa u qasos kun,
Men kelurman, fano yo‘q!

____________
* Mo‘htavo — e’zozli
* Aqli kul — buyuk aql
* Tarso — g‘ayri din
* Chanoq — darveshlar yoniga osib yuradigan (odam bosh chanog‘idan yasalgan) kashkul.

CHIGIRTKALAR

Aylanadi charxpalak,-
Kecha-kunduz chir-chir,
Kechar ne-ne savdolar
Boshimizda gir-gir.

Rizqimizni terib jim,
Yurganday biz — g‘ir-g‘ir,
Har qadam xavf-xatardan
Qaqshar yurak zir-zir.

Ana biri — yirtqichlar,
Bir tulki deb, xirr-xir,
Yirtib-yirtdi tipglashib
Bir-birini shirr-shir.

Tomoqlari takkillab,
Darrandalar «chirr-chir»,
Poylab yurar bizni ham
Og‘iz ochib qirr-qir…

Sal boshimiz ko‘tarsak,
Uchib kelib pirr-pir,
Changal urar och arvoh,
Parrandalar birr-bir.

O’t, ushoq yeb, yalang‘och,
O’rnimiz loy, kirr-kir.
Oyoq osti umrimiz,
Aytishamiz jirr-jir.

Bosh bo‘lmasa bir boshda,
Yursak titrab dirr-dir,
Bosib o‘tar har hayvon,
Temirlar ham «tirr-tir».

Nur tovlanar bir, ana,
Bu ne balo sirrsir?..
Joning bo‘lsa, qochib qol,
In-inigga kirr-kir!..

Tursunboy Adashboyev
MЕN BILGAN CHO‘LPON ERGASH
Shoir saylanmasiga yozilgan so‘z

09

O‘tgan asrning oltmishinchi yillarida adabiyotga kirib kelgan tengdoshlarimizning ko‘pchilik qismining otalari Ikkinchi jahon urushidan, ishchi frontlaridan qaytmagan, yuraklarida chandiqlari bor yigitlar edik. O‘sha kezlarda Do‘rmondagi ijod bog‘ida o‘tkaziladigan seminar kengashlarida bizlarga saboq bergan Mirtemir, Shayxzoda, Shuhrat va Said Ahmad kabi ulug‘ ustozlarimiz esa mustabid tuzumning jabru jafolarini tatib qaytgan insonlar edi.

90.jpgDo‘rmonda o‘tgan ijodiy kengashlar tufayli tanishgan To‘ra Sulaymon, Yo‘ldosh Sulaymon, Safar Barnoyev va kamina yetimlikning g‘am-anduhlarini hazil-huzul bilan ko‘ngildan chiqarishga harakat qilardik. Biroq Ma’ruf Jalil bilan Cho‘lpon Ergash odamovi, xonanishin bo‘lib, davralarga kamroq qo‘shilardi. Keyinroq ma’lum bo‘lishicha, ular Abdulla Qodiriy, Cho‘lpon, Usmon Nosirlarning taqiqlangan ayrim asarlarini bizdan avvalroq o‘qib, ko‘p narsalarni bilib olishgan ekan. Balki men kechroq tanigan hamshahrim Cho‘lpon Ergashga uning tortinchoqligi, odamoviligi monelik qilgandir. “Qirg‘iziston haqiqati” respublika gazetasi 1960 yilda Bishkekdan O‘shga ko‘chib kelgach, adabiy jarayon ancha jonlandi. Bobur nomidagi drama teatrining bezakchilaridan biri Obidjon Hamidov dastlab Cho‘lpon Ergash haqida kaminaga so‘zlab bergandi. U shahardagi Telman nomli o‘rta maktabni bitirgach, uch-to‘rt yil teatrda ishlab, keyin Toshkentdagi madaniy-oqartuv texnikumiga o‘qishga ketgan ekan. U bilan 1963 yilning may oylarida yozgi ta’tilda O‘shga kelganida qaytadan tanishdik. Shaharning ko‘zga ko‘rinmas tashvishlari, ayniqsa, ijodkorlarni kutilmagan sinovlari bilan “siylaydi”. Ana shunday kezlarda yolg‘izqo‘l kaminaday odamning holiga voy. Bu jihatdan Shavkat Rahmonga havasim kelardi. Sababi, qanotida ota-onasi, akasi Toshpo‘lat og‘am, suyanchtog‘i ukasi Mahmudjon turardi. Cho‘lponning otasi Ikkinchi jahon urushidan qaytmagach, onasi Shirmonxon opa “pilta-savati” bilan uch o‘g‘ilni Jo‘ravoy, Cho‘lpon va Saydullolarni tarbiyalab voyaga yetkazdi, uylab-joyladi.

Taqdir taqazosi bilan shoir birodarimning mahallasidan uy-joy qilib qo‘nim topdim. Cho‘lponning tog‘alari Chirmashvoy, Husanboy akalar O‘shning e’tiborli kishilaridan sanalardi. Saydullo esa eng yaqin ukalarimdan biriga aylandi. Xolavachchalari Isoqjon va Ortiqvoylar – jo‘ralarim.

1965 yildan e’tiboran Toshkentga serqatnov bo‘lishimga to‘g‘ri kelgan. Boisi – Milliy universitetimizning jurnalistika fakultetiga sirtdan o‘qishga kirgandim. Ko‘chaning boshrog‘ida shoir birodarimning xonadoni. Ertalab ham, oqshom ham yo‘lim bitta. Goh Jo‘ravoy aka bilan, goho Saydullo bilan uchrashib o‘taman. Ba’zan Cho‘lpondan andarmon bo‘lgan Shirmonxon opaning ko‘nglini ko‘tarishga harakat qilaman. O‘qish bahonasida “Lenin uchquni” (hozirgi “Tong yulduzi”) gazetasi redaksiyasida tez-tez bo‘lardim. Negaki, bu yerda Tohir Malik, Safar Barnoyev, Cho‘lpon Ergash, Mahmud Sa’diy, Murod Xidir, Erkin Malik kabi qadrdonlarim ishlashardi.

Cho‘lpon Ergashning og‘alari, qarindosh-urug‘lari o‘ta halol va xolis kishilar ekanligiga o‘zim guvoh bo‘lgan bir hangoma sira esimdan chiqmaydi. Dam olish kunlarining birida Cho‘lponning tog‘asi O‘sh–Aravon yo‘nalishi bo‘yicha avtobus shofyori Husanboy aka uyimizga kirib keldi. Bir piyola choy ustida u kishi quyidagi voqeani so‘zlab berdi:

– Uka, bir haftadan buyon oromim yo‘qolgan. O‘tgan yakshanba kuni avtobusda bir yo‘lovchining anchagina buyumi, pullari qolib ketibdi. Yo‘nalishimdagi tanishlarim orqali tegishli joylarga xabar yetkazdim. Egasi topilmayapti…

Husanboy aka bilan maslahatga mahsi kiydirib, enlay materiallarning hisobini chiqardik. Omonat pullarni besh, o‘n, yigirma besh so‘mliklarga ajratib, enlay matolarning hajmi bilan pullarning qanchaligi sir tutilgan holda gazetaga e’lon berildi. Shunday qilib, Husanboy akaning xonadoni keldi-ketdidan uzilmay qoldi. Yo‘qolgan matoning soxta egalari oltmishdan oshsa ham da’vogarlarning javobi poyintar-soyintar edi. Nihoyat, tugunlarning haqiqiy egasi tepaqo‘rg‘onlik Xadicha opa Olimova bo‘lib enlay materiallarning hajmini, rang va tusini, pullarning aniq hisobini to‘kis aytib bergach, boshqalarning tarvuzi qo‘ltig‘idan tushdi. Bir oydan so‘ng Husanboy aka bilan Xadicha opaning o‘g‘il to‘yida mehmon bo‘ldik.

Bu orada Cho‘lpon Ergashning “Tong yulduzi”, “Bizning uyimiz”, “Umid chirog‘i”, “Bahor orzulari”, “Sehrli qo‘ng‘iroq”, “Oy chodir tikmoqda”, “Eng baland qasr”, “Karvon kelar”, “Orzuning og‘ir kipriklari” kabi o‘nlab kitobi bosilib chiqdi. Uning she’r va dostonlari ortiqcha baqiriqlardan xoli, vazmin va “gap tagida gap bor” qabilidagi tuyg‘ular bilan sug‘orilgan. U mustaqillikni orzu qilib yashab, ijod etgan Rauf Parfi, Ma’ruf Jalil, Mashrab Boboyev singari iqtidorli qalamkashlardan biridir.

Yanglishmasam, 1985 yilning bahor oylari edi. Oqshom uyimizga Saydullo g‘amgin holatda kirib keldi. Ma’lum bo‘lishicha, Shirmonxon opa qazo qilibdilar. Cho‘lponga xabar beraylik desak, adresi to‘liq emas, telefoni yo‘q. Tavakkaliga Sayyor akaning xonadoniga qo‘ng‘iroq qilishimizga to‘g‘ri keldi. Shoir og‘am u paytda ustoz Komil Yashinning yordamchisi edi. Go‘shakni akaning o‘zi ko‘tardi. Vaziyatni tushuntirdik. Ana shunday yo‘l bilan do‘stimizga sovuq xabarni yetkazdik.

Umr o‘tkinchi, o‘lim barhaq ekan. Ming afsuski, hamshahrim, iqtidorli shoir Cho‘lpon Ergashga tobutkashlik qilolmadim. O‘tgan gal O‘shga borganimda Saydullodan akasining vafot etganini eshitib, undan ko‘ngil so‘rashdan nariga o‘tolmadim. Telegramma berilmagani sababli ular ham Toshkentga kelisholmabdi.

Muhtaram kitobxon! Shoir Cho‘lpon Ergashning eng sara she’rlaridan va dostonlaridan tuzilgan saylanmasi bugun qo‘lingizda. Unga baho berish Sizlarga havola. Biz o‘z navbatida do‘stimizning turmush o‘rtog‘i Diloromxonga, farzandlari Sahobatxon, Jaloliddinga, O‘shdagi inilariga, muxlislariga sihat-salomatlik tilaymiz.

099

(Tashriflar: umumiy 423, bugungi 1)

Izoh qoldiring