Cho’lpon Ergash. She’rlar.

099  Атоқли шоир Чўлпон Эргаш 1937 йил ёзида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетини тамомлаган (1960— 65). Биринчи шеърий тўплами — «Тонг юлдузи» (1970). «Бизнинг уйимиз» (1972), «Умид чироғи» (1979), «Баҳор орзулари» (1980), «Тонг отар садолари» (1982), «Сеҳрли қўнғироқ» (1984), «Ой чодир тикмоқда» (1985), «Энг баланд қаср» (1986), «Карвон келар», «Орзунинг оғир киприклари» (1990) каби шеърий асарлар муаллифи.
Сўнгги йилларда «Бизни унутганни унутмоқ керак»  кайфиятида яшаган шоирнинг  қачон   ва қай аҳволда вафот этгани на ижодий уюшма веб-саҳифасида, на бошқа бир оммавий ахборот нашрида қайд этилди. Шоирга яқин ёки унга юртдош одамлардан суриштирсам «3-4 бўлиб қолди» дейишади,холос, вафоти билан боғлиқ аниқ санани билишмайди.

  Менинг назаримда, бу бозорга ўралашиб қолган жамиятнинг  ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшган шоиргагина эмас,  миллий тараққиётнинг   онгу шуури бўлмиш  адабиётга  ва ижодкорга бўлган муносабатининг ёрқин далилидир. Илоҳим, Яратган устоз шоирни ўз раҳматига олган бўлсин. Шоирнинг умри унинг шеърларида давом этиши шак-шубҳасиздир.

Хуршид Даврон

Чўлпон Эргаш
ШЕЪРЛАР
022

* * *

Ишончсизлик буюк орзуларнинг қанотини синдирар.
Миразиз Аъзам

Нимадан қўрқяпсан, оғайни?
Кимдан қўрқасан?
Биласан-ку,
ит боқмайман мен.
Шартми тақиллатиш эшикни, ошна!

Сени танимасам — бошқа гап,
Мени танимасанг сен — бошқа.
Ваҳоланки,
Сенлигингни биламан дарров,
йўталсанг ҳам,
йўталмасанг ҳам,
Ваҳоланки,
Қўрқяпсан эшигим қоқишдан ҳатто.

Ҳеч ким сен ҳақингда бирон сўз айтиб,
Ёмон отлиқ қилолмас менга.
«Эҳтиёт бўл», деса мендан ҳам биров
Ишонмайсан сен ҳам ҳеч қачон.
Бир мактабда ўқиб яна,
Битта бўлиб туриб кўчамиз,
Нега қараб турибсан чўчиб?!

Ишонмасак бир-биримизга,
Қандай юрамиз бу кўчада дадил!
Сенинг учун очиқ эшигим катта,
Гурс-гурс босиб кириб келавер,
Сени танимасам — бошқа гап,
Мени танимасанг сен — бошқа.

УЧАЁТГАН ЛАБЛАР

Абдулҳамид хаёл суриб ётар…
йигит ёшини қоралаб,
Хурморанг бир қиз
Бир жуфт хумор кўзларини
чўлпон-чўлпон қилиб,
Гул умриии бутун унга бағишлаб,
Хурмозор оралаб масту мастон боради.

Лаъли Бадахшон лаблари саробдай титраб,
Қоронғу кеч — абосини куйдирган
Мана шу шамшод қомат,
мана шу мушки анбар қизни
Севмоқ учун туғилгандир Абдулҳамид.

«Эҳ… ҳаммаси қолди-ку орқада…
Жувонмарг отам…
йиғлаб турган онам…
Ака-укаларимни гапирмайман:
Битта қорнини деб,
У ҳам одамлиги учун,
Ер юзида яшаб юрганлиги учун ҳатто
Етиб олиб узр сўрашга тайёр…

Ўз уйим,
Атала — ун ошим учун курашиб
Ёмон кўринишим
Бир қориндан таталашиб тушганларимга;
Ёмон кўришим…
Қоронғида ўз ахлатидан ҳуркиб,
Чўққайган ҳар сояга юз бор ифлос тумшуғини уриб
кўргувчи
лаёқатсиз искович итдай
Қадамини санаб юришлари…

Яқин дўстим бўлиб,
Гапга солган хезалак сотқинларми-ей…
Ҳаммаси орқада қолдими ростдан?!» дея, бир нафас
Танасига ўйлаб кўрмас у.
Гўё шундай эркин, —
Бахтли туғилгандир.

Бахтлилар эса:
худони тан олмас бу замонда,
худони билмаган —
сени билмас, мени билмас!
Бир жилмайиб қўйди у фақат.
Бир хўмрайиб қўйди, чамаси…

Кейин — ағдарилди осмонга.
Абдулҳамид ўзи минора узра.
Ухлаб ётар кўзлари катта очиқ.

Шундоққина пешонасида — минора устида
Номозга чорлайди муаззин,
Нажотга чорлар. Муаззин эмас, гуё
Абдулҳамид ўзи минора узра.
Кимгадир ёлборар,
бақирар,
чақирар:
«Кўзларингиз борми, одамлар?!»

Қип-қизил чўғ лаблари учади, ҳозир ёрилар!
Депсинар асабий…
Нажотга чорлаган у —
Номозга чорлаган
ўзи ростдан Абдулҳамиднинг!

Юрагига чўккан оғир тош —
Орзулари унинг, дардлари
Бўғзига келар-ку ҳайқириқ бўлиб;
Айланади илоҳий чақириққа у!
Нимта-нимта бўлди бир бутун, —
Талон бўлди бу қавми араб.
Девор олиб ҳар бири юпун,
Бир-биридан кулар ёв қараб.
Гумбурлаб кетар-ку шу асно
ҳайқирган овозидан
худди чарақлаган еру осмон,
ўт олар-ку!..

Сиртмоқ бўлиб симоби салласи гўё
Юлиб олар минора устидан шу вақт!
Пирпирагинг қўшни томга илиниб қолиб,
Бир юлқиниб, кўтарилса яна осмонга,
худди шундай бўлади.
Осилар тиллари,
кўзлари — косасидан…
«Нималар бўляпти?
Нима бу яна?»
Кўриб турар шу ҳолига:
Ёғи ўт олган каттакон қозон —
оёқлари остида замин.
«Майли эди бўғилиб ўлсам,
Шу қозонга тушмасам…»

Бироқ ундай бўлмас одатда,—
Отилар «қозон»га
Қаттиқ шамол зарбидан баъзан
Чирт узилса бўғзидан ипи,
Шундай қулар ерга пирпирак.
Қулаб тушар Абдулҳамид баланд сўрисидан.

«Тамом…» деб ўйлайди у аввал,
Кейин
Ер юзини ларзон-ларзон элаган
Бомбаларнинг ҳайқирган сасидан, 
Чарсиллаган ют-ют
олов нафасидан
Ярқ этиб очилар кўзлари:
«Тамом» эмас эди,
Бошланганди эндигина рўзи қиёмат!

* * *

Бир жуфт қора кўз,
Қоп-қора тун бўйлаб боради
Бир жуфт қора кўз
Ўйлаб боради.
Кейин
Чақмоқ, гулдурак, ёмғир…

Гўё кўкдан ёғади бир ғам.
Ахир

Иккиси-да нам.
У, ғамгин, асабий боқади
Узоқ-узоққа.
Тоқати ёш бўлиб оқади,
Гўё тузоқда.

Бир жуфт қора кўз
Қоп-қора тун бўйлаб боради.
Бир жуфт қора кўз
Ўйлаб,
Бир жуфт оловни
Ўйнаб боради.

НИДО

Борар замон, борар нафас,
Борар қушлар бузиб қафас…
Борар жаҳон тўлиб бир сас!
— Ҳаво беринг!
— Омон беринг!

Борар кунлар, тунлар, унлар,
Ёқа йиртиб басир қўллар…
Яшаш даъво қилар улар:
— Имон беринг!
— Ватан беринг!

Беринг жилға, дарё уммон
Тўфон беринг, беринг сурон…
Берманг шафқат сиз ҳеч қачон,
— Қасам беринг!
— Қасос беринг!

ҚОРА КЎЗЛАР

Эй, сен, исли уйимизнинг —
Ризқли бекаси, —
Шу қора кунлардай —
Сенсиз чироқ ёқса ёришмас
Бу менинг вайрона юрагим қадар
Кўзларинг қоп-қора, севгилим.

Сен изсиз кетган у — эътиқодмидинг,
Бериб қўйдик уни, а, гулим!
Мен уни тополмай овора.

Шу қора кунда,
Сен унда,
Мен бунда
Нимадир истаймиз —
Она уйинг шундай илиқ бўлармиди…
Сен ва мен билмаган тонглардай,—
Шундай беғубор…

Бир қара,
Тоғларнинг бағрига қара,
Қорлар эримоқда баҳордан бекач,
Биз излаган кенглик ўша
Шу эмасми, дейман,
Шу эмасми…

Шу тунда
Сен унда:
— Йўқ, йўқ,— дейсан,— у — ундан-да улуғ!
Шу тунда
Мен бунда
— Йўқ, йўқ,— дейман,— у — тонгдан-да сулув.

Сен, эй, қора қошлигим, —
Шўрли бошим менинг, эй,
Биз-ку топишармиз бир куни, —
Ютиниб, ютоқиб боқишар (зора) кўзлар,
Аммо топармизми уни
Биз — қора кўзлар?!

КЕЛАЁТГАН ОДАМ

Йўлларида кўзларим толмаган,
Ич-ичимни емирган кимдир у?!
Ким экан у пойимдан қолмаган,
Шароб, дея тутгани кимга бу?

Ҳорғин чолга ўхшайди, э, худо,
Ўхтин-ўхтин йўталар, воҳ оғир.
Унинг йўли бўлмас ҳам ҳеч адо,
Адо қилмай қўймас ҳам у ахир.

Сенмидинг, а, тутқазган тобутим,
Кунинг менга қолдими, қария?
Юрт шу кунга қолдими то бу кун,
Элим сенга қолдими, ҳали-я?!

* * *

Кун ботишда уфқ ўсмаранг,
Кун чиқишда уфқ титрайди.
Тонг кўзини очади аранг,
Қайлардадир кимдир мудрайди

Биров киприк қоқмаган ҳали,
Биров ухлаб ётар донг қотиб.
Шундай маъсум саҳар маҳали
Кимдир пиқ-пиқ йиғлайди ётиб.

Тонг ёришар, ёришар олам,
Кўринади кун ҳошияси.
Ётиб ухлар бошқа бир одам,
Кўз ёш қилар энди бошқаси.

ОНАМГА ХАТ

Онажоним, соғинчимнинг суянган тоғи,
Сен учун ҳам янгиликмас соғиниб яшаш…
Кўкни тутган булут эмас, оналар оҳи.
Жудоликдан ҳамон улар бағри қонталаш.

Тушларимга кириб чиқар ҳар куни отам,
Омон-эсон қайтиб келган бўлар эмиш у.
Бу ҳам сенинг сеҳрингми, а, меҳвари олам.
Соғинчингми тушларимда йиғлатган туйғу?!

Қиёс излаб қудратингга шеър қанотида,
Яна сендан йироқларга тушар йўлларим.
Ўхшашингни тополмасдан олам олдида,
Оёғингга бош қўяди рангпар ўйларим.

Асли сенга на қиёсим, на шеърим ҳавас,
Ҳасратларинг қаршисида дунё қолур танг.
Бахтимдан шод, кулиб турган хатим борса бас,
Ҳам тенгини топса бўпти «дарбадар» боланг.

О, онажон, ўйлаганинг бўлар эрта-кеч,
Эртами-кеч топган қизинг меники бўлур.
Ҳар кимларнинг сўзларига учаверма ҳеч,
«Ўғлинг бошин эгиб олган»— шеър илми— сурур.

Ўша сендан йўлларимни айри солган руҳ,
Нотинч руҳим юпатгувчи жафокаш жўрам.
У — отамдан сену менга мерос шаҳри ғам,
Девонаваш юрагимда девони андуҳ.

Не бўлса ҳам, отамерос биз учун азиз,
У—занжирбанд шердай менинг руҳимга пайванд
Онажоним, ғамларингни қарғама ҳаргиз,
Унингсиз ҳам оталарнинг руҳи занжирбанд,

Не балолиқ, бу кунларни кўрмади отам,
Фарзандининг порлоқ тонги унга қоронғу.
Осмонларга кўкрак керган қарчиғайлар ҳам
Баъзан ёвуз қузғунлардан ютар-ку оғу!..

Она, фақат сен йўлимда ютмагин заҳар,
Бировларга мен ҳақимда ёрилма нигун.
Ўзинг кўрган дарвозасиз қадим бу шаҳар.
Бахт деб чопган йўлларимда пойандоз бугун.

Оёқларим тирамоққа тиргак бўлсайди,
Бир депсиниб, ҳузурингга учиб борардим.
Бу дунёда ўйлаганинг доим бўлмайди,
Бўлса эди, билганимни шеърга солардим..

Биламанки, мен ҳаётда ёлғиз эмасман,
Бу дунёда танҳо фақат қуёш ҳойнаҳой
Менга қолса, уни ҳам ҳеч ёлғиз, демасман,
Муз бўлса ҳам, парвона-ку атрофида ой!..

Бунда ақлинг толдиргудай қизлар йўқ эмас,
Бошга тушган савдоларни сўрамаёқ қўй.
Кўнгил боғлаб, ёр бўл десанг, ҳечам йўқ демас,
Ҳатто йигит бошимизга бало бўлмас тўй.

Шундоқ эркин қушлар каби озод муҳаббат,
Не қилайки, биз томонлар ҳали сал қолоқ,
Бироқ менга нечун керак бундай саодат,
Қишлоғимиз йигитлари ўтмоқдами тоқ?!

…Нима бўлса бўлиб ўтди, ўтганлар сабоқ,
Яхши ишлар учун ўғлинг ҳозиру нозир:
Бу кун инсон қисматининг ўзи бир сўроқ,
Келажак деб, она, қанча яшасак арзир!

Ўзгачадир энди бизнинг туйғулар тамом:
Кўзларимда порлаб турар ажиб бир зиё:
Дўстлар билан дўстлик учун кўтарамиз жом,
Оғайнилар қўлидадир энди бу дунё,

Оталарни эслаб яна юракда алам,
Бир туйғудан титраб йигит қалбимиз ночор,
Соғингандай ўз юртини узоқда одам,
Онамизга талпинамиз доим интизор.

Ва урушга ўқиб лаънат, қобил ўғилдай,
Она замин қаршисида эгарканмиз бош,
Тилимизни тишлаймиз гоҳ, ўзимиз билмай,
Ўйлаб баъзи оналарни, кўзларида ёш.

Бор шундайлар нафс бандаси, оқпадар авлод,
Зор қақшар-ку еру осмон улардан бугун.
Лекин умид бешигида, кўксида сабот,
Аллалайди, гўдакларни оналар, устун.

Ўн саккиз минг олам — она пушту паноҳи,
Ким айбдор агар фарзанд ноқобил бўлса?
Авлодларга доғ бўлса ҳам оталар доғи,
Нечун она зурёдидан тонмайди, ўлса?

Оналарда сабру тоқат тоғлардек қадим,
Яна сенга суянади бу қадим жаҳон,
Баланд тоғлар оша бориб етганда хатим,
Тоғлар қадар бардош тила унга, онажон.

* * *

Майсалар учида,
Гул барглари,
ниҳолларнинг шохчаларида
Ўйин қилар ўйинқароқ еллар, шабада..
Бош тебратар майса,
гуллар, ниҳоллар яйраб:
— Еллар, дейман, шабадалар ҳой?
Чақирар дарғазаб онаси —
Шамол:
Бўкирар қулоқсиз болаларига

Ўгит бериб отаси — Бўрон:
— Нима қилди сизга ниҳоллар,
гуллар, бу майса?!
Қачон шамол бўлади булар?
Бўрон бўлармикан булар ҳам!
Тутиб тез тартибсиз болаларини,
Қулоғини чўзиб қўйишар.
Шамол,
бўроннинг бу дағдағасидан ҳар ер-ҳар ерда
Дарахтлар шохлари қайрилиб,
Ер-парчин бўлади гуллар, майсалар.

ТУШ

— Уф-ф… .
Энг яқин кишим ухлаяпти.
Жим:
«Уф» тортяпти.
У — мен,
У — менинг ҳориган чоғим.
«Уф» тортяпман.

— Уф-ф…
Тушлар, тушлар, туш…
Туш кўряпман мен:
Иффатли
Ҳам бахтли қиз эмишсан сен,
Мен сен билан қурибман турмуш.

Қандай яхши!…
Энг чиройли,
Энг фидойи,
Бир ойлик келин…
Кейин,
Номус ва муҳаббат баҳси…
Аллакимнинг аламли саси…

Қандай яхши,
Қандай яхши яшаш дунёда!..
Ажаб, қалқинаман,
Ҳадеб талпинаман
Тун ичида тунлар қадар қуюқ зиёга.

Уф-ф…
Ёнмоқдаман, ёнмоқдаман!..
Юз-кўзларинг шундоқ олов ранг,
Ўт ичида нимадандир тонмоқдасан,
Ўт ичидан боқмоқдаман аранг…

Тагли-тугли,
Ҳовли жойли,
Ор-номусли қиз эмишсан сен.
Қилчалик йўқ эмиш гумон, пушаймон.
Шундоқ бахтли эмишманки мен, —
Шодлигимдан икки қўлим тепамда,
Борар эмишман…

Суқланармиш бировлар кўрса,—
Суқи оқармиш,.
Суқсурим, сенга!..

Уч-тўрт дарвиш таъна билан боқармиш менга.
Мен бўлсам-чи,
Ичим тўла қарғиш,
Учраганга

ёниб,
ичим ёшармишман…

Уф-ф…
Энг яқин кишим ухлаяпти.
Жим,
«Уф» тортяпти.
У — мен,
У — менинг ҳорғин чоғим,
«Уф» тортяпман…
«Уф-ф…»

08

    Atoqli shoir Cho’lpon Ergash 1937 yil yozida Qirg’izistonning O’sh shahrida tug’ilgan. Toshkent san’at institutining aktyorlik fakul`tetini tamomlagan (1960— 65). Birinchi she’riy to’plami — «Tong yulduzi» (1970). «Bizning uyimiz» (1972), «Umid chirog’i» (1979), «Bahor orzulari» (1980), «Tong otar sadolari» (1982), «Sehrli qo’ng’iroq» (1984), «Oy chodir tikmoqda» (1985), «Eng baland qasr» (1986), «Karvon kelar», «Orzuning og’ir kipriklari» (1990) kabi she’riy asarlar muallifi.

So’nggi yillarda «Bizni unutganni unutmoq kerak» kayfiyatida yashagan shoirning qachon va qay ahvolda vafot etgani na ijodiy uyushma veb-sahifasida, na boshqa bir ommaviy axborot nashrida qayd etildi. Shoirga yaqin yoki unga yurtdosh odamlardan surishtirsam «3-4 bo’lib qoldi» deyishadi, xolos, vafoti bilan bog’liq aniq sanani bilishmaydi.

Mening nazarimda, bu bozorga o’ralashib qolgan jamiyatning XX asr o’zbek adabiyoti taraqqiyotiga ulkan hissa qo’shgan shoirgagina emas, milliy taraqqiyotning ongu shuuri bo’lmish adabiyotga va ijodkorga bo’lgan munosabatining yorqin dalilidir. Ilohim, Yaratgan ustoz shoirni o’z rahmatiga olgan bo’lsin. Shoirning umri uning she’rlarida davom etishi shak-shubhasizdir.

Xurshid Davron

Cho’lpon ERGASH
SHE’RLAR
022

* * *

Ishonchsizlik buyuk orzularning qanotini sindirar.
Miraziz A’zam

Nimadan qo‘rqyapsan, og‘ayni?
Kimdan qo‘rqasan?
Bilasan-ku,
it boqmayman men.
Shartmi taqillatish eshikni, oshna!

Seni tanimasam — boshqa gap,
Meni tanimasang sen — boshqa.
Vaholanki,
Senligingni bilaman darrov,
yo‘talsang ham,
yo‘talmasang ham,
Vaholanki,
Qo‘rqyapsan eshigim qoqishdan hatto.

Hech kim sen haqingda biron so‘z aytib,
Yomon otliq qilolmas menga.
«Ehtiyot bo‘l», desa mendan ham birov
Ishonmaysan sen ham hech qachon.
Bir maktabda o‘qib yana,
Bitta bo‘lib turib ko‘chamiz,
Nega qarab turibsan cho‘chib?!

Ishonmasak bir-birimizga,
Qanday yuramiz bu ko‘chada dadil!
Sening uchun ochiq eshigim katta,
Gurs-gurs bosib kirib kelaver,
Seni tanimasam — boshqa gap,
Meni tanimasang sen — boshqa.

UCHAYOTGAN LABLAR

Abdulhamid xayol surib yotar…
yigit yoshini qoralab,
Xurmorang bir qiz
Bir juft xumor ko‘zlarini
cho‘lpon-cho‘lpon qilib,
Gul umriii butun unga bag‘ishlab,
Xurmozor oralab mastu maston boradi.

La’li Badaxshon lablari sarobday titrab,
Qorong‘u kech — abosini kuydirgan
Mana shu shamshod qomat,
mana shu mushki anbar qizni
Sevmoq uchun tug‘ilgandir Abdulhamid.

«Eh… hammasi qoldi-ku orqada…
Juvonmarg otam…
yig‘lab turgan onam…
Aka-ukalarimni gapirmayman:
Bitta qornini deb,
U ham odamligi uchun,
Yer yuzida yashab yurganligi uchun hatto
Yetib olib uzr so‘rashga tayyor…

O‘z uyim,
Atala — un oshim uchun kurashib
Yomon ko‘rinishim
Bir qorindan tatalashib tushganlarimga;
Yomon ko‘rishim…
Qorong‘ida o‘z axlatidan hurkib,
Cho‘qqaygan har soyaga yuz bor iflos tumshug‘ini urib
ko‘rguvchi
layoqatsiz iskovich itday
Qadamini sanab yurishlari…

Yaqin do‘stim bo‘lib,
Gapga solgan xezalak sotqinlarmi-yey…
Hammasi orqada qoldimi rostdan?!» deya, bir nafas
Tanasiga o‘ylab ko‘rmas u.
Go‘yo shunday erkin, —
Baxtli tug‘ilgandir.

Baxtlilar esa:
xudoni tan olmas bu zamonda,
xudoni bilmagan —
seni bilmas, meni bilmas!
Bir jilmayib qo‘ydi u faqat.
Bir xo‘mrayib qo‘ydi, chamasi…

Keyin — ag‘darildi osmonga.
Abdulhamid o‘zi minora uzra.
Uxlab yotar ko‘zlari katta ochiq.

Shundoqqina peshonasida — minora ustida
Nomozga chorlaydi muazzin,
Najotga chorlar. Muazzin emas, guyo
Abdulhamid o‘zi minora uzra.
Kimgadir yolborar,
baqirar,
chaqirar:
«Ko‘zlaringiz bormi, odamlar?!»

Qip-qizil cho‘g‘ lablari uchadi, hozir yorilar!
Depsinar asabiy…
Najotga chorlagan u —
Nomozga chorlagan
o‘zi rostdan Abdulhamidning!

Yuragiga cho‘kkan og‘ir tosh —
Orzulari uning, dardlari
Bo‘g‘ziga kelar-ku hayqiriq bo‘lib;
Aylanadi ilohiy chaqiriqqa u!
Nimta-nimta bo‘ldi bir butun, —
Talon bo‘ldi bu qavmi arab.
Devor olib har biri yupun,
Bir-biridan kular yov qarab.
Gumburlab ketar-ku shu asno
hayqirgan ovozidan
xuddi charaqlagan yeru osmon,
o‘t olar-ku!..

Sirtmoq bo‘lib simobi sallasi go‘yo
Yulib olar minora ustidan shu vaqt!
Pirpiraging qo‘shni tomga ilinib qolib,
Bir yulqinib, ko‘tarilsa yana osmonga,
xuddi shunday bo‘ladi.
Osilar tillari,
ko‘zlari — kosasidan…
«Nimalar bo‘lyapti?
Nima bu yana?»
Ko‘rib turar shu holiga:
Yog‘i o‘t olgan kattakon qozon —
oyoqlari ostida zamin.
«Mayli edi bo‘g‘ilib o‘lsam,
Shu qozonga tushmasam…»

Biroq unday bo‘lmas odatda,—
Otilar «qozon»ga
Qattiq shamol zarbidan ba’zan
Chirt uzilsa bo‘g‘zidan ipi,
Shunday qular yerga pirpirak.
Qulab tushar Abdulhamid baland so‘risidan.

«Tamom…» deb o‘ylaydi u avval,
Keyin
Yer yuzini larzon-larzon elagan
Bombalarning hayqirgan sasidan,
Charsillagan yut-yut
olov nafasidan
Yarq etib ochilar ko‘zlari:
«Tamom» emas edi,
Boshlangandi endigina ro‘zi qiyomat!

* * *

Bir juft qora ko‘z,
Qop-qora tun bo‘ylab boradi
Bir juft qora ko‘z
O‘ylab boradi.
Keyin
Chaqmoq, guldurak, yomg‘ir…

Go‘yo ko‘kdan yog‘adi bir g‘am.
Axir
Ikkisi-da nam.
U, g‘amgin, asabiy boqadi
Uzoq-uzoqqa.
Toqati yosh bo‘lib oqadi,
Go‘yo tuzoqda.

Bir juft qora ko‘z
Qop-qora tun bo‘ylab boradi.
Bir juft qora ko‘z
O‘ylab,
Bir juft olovni
O‘ynab boradi.

NIDO

Borar zamon, borar nafas,
Borar qushlar buzib qafas…
Borar jahon to‘lib bir sas!
— Havo bering!
— Omon bering!

Borar kunlar, tunlar, unlar,
Yoqa yirtib basir qo‘llar…
Yashash da’vo qilar ular:
— Imon bering!
— Vatan bering!

Bering jilg‘a, daryo ummon
To‘fon bering, bering suron…
Bermang shafqat siz hech qachon,
— Qasam bering!
— Qasos bering!

QORA KO‘ZLAR

Ey, sen, isli uyimizning —
Rizqli bekasi, —
Shu qora kunlarday —
Sensiz chiroq yoqsa yorishmas
Bu mening vayrona yuragim qadar
Ko‘zlaring qop-qora, sevgilim.

Sen izsiz ketgan u — e’tiqodmiding,
Berib qo‘ydik uni, a, gulim!
Men uni topolmay ovora.

Shu qora kunda,
Sen unda,
Men bunda
Nimadir istaymiz —
Ona uying shunday iliq bo‘larmidi…
Sen va men bilmagan tonglarday,—
Shunday beg‘ubor…

Bir qara,
Tog‘larning bag‘riga qara,
Qorlar erimoqda bahordan bekach,
Biz izlagan kenglik o‘sha
Shu emasmi, deyman,
Shu emasmi…

Shu tunda
Sen unda:
— Yo‘q, yo‘q,— deysan,— u — undan-da ulug‘!
Shu tunda
Men bunda
— Yo‘q, yo‘q,— deyman,— u — tongdan-da suluv.

Sen, ey, qora qoshligim, —
Sho‘rli boshim mening, ey,
Biz-ku topisharmiz bir kuni, —
Yutinib, yutoqib boqishar (zora) ko‘zlar,
Ammo toparmizmi uni
Biz — qora ko‘zlar?!

KЕLAYOTGAN ODAM

Yo‘llarida ko‘zlarim tolmagan,
Ich-ichimni yemirgan kimdir u?!
Kim ekan u poyimdan qolmagan,
Sharob, deya tutgani kimga bu?

Horg‘in cholga o‘xshaydi, e, xudo,
O‘xtin-o‘xtin yo‘talar, voh og‘ir.
Uning yo‘li bo‘lmas ham hech ado,
Ado qilmay qo‘ymas ham u axir.

Senmiding, a, tutqazgan tobutim,
Kuning menga qoldimi, qariya?
Yurt shu kunga qoldimi to bu kun,
Elim senga qoldimi, hali-ya?!

* * *

Kun botishda ufq o‘smarang,
Kun chiqishda ufq titraydi.
Tong ko‘zini ochadi arang,
Qaylardadir kimdir mudraydi

Birov kiprik qoqmagan hali,
Birov uxlab yotar dong qotib.
Shunday ma’sum sahar mahali
Kimdir piq-piq yig‘laydi yotib.

Tong yorishar, yorishar olam,
Ko‘rinadi kun hoshiyasi.
Yotib uxlar boshqa bir odam,
Ko‘z yosh qilar endi boshqasi.

ONAMGA XAT

Onajonim, sog‘inchimning suyangan tog‘i,
Sen uchun ham yangilikmas sog‘inib yashash…
Ko‘kni tutgan bulut emas, onalar ohi.
Judolikdan hamon ular bag‘ri qontalash.

Tushlarimga kirib chiqar har kuni otam,
Omon-eson qaytib kelgan bo‘lar emish u.
Bu ham sening sehringmi, a, mehvari olam.
Sog‘inchingmi tushlarimda yig‘latgan tuyg‘u?!

Qiyos izlab qudratingga she’r qanotida,
Yana sendan yiroqlarga tushar yo‘llarim.
O‘xshashingni topolmasdan olam oldida,
Oyog‘ingga bosh qo‘yadi rangpar o‘ylarim.

Asli senga na qiyosim, na she’rim havas,
Hasratlaring qarshisida dunyo qolur tang.
Baxtimdan shod, kulib turgan xatim borsa bas,
Ham tengini topsa bo‘pti «darbadar» bolang.

O, onajon, o‘ylaganing bo‘lar erta-kech,
Ertami-kech topgan qizing meniki bo‘lur.
Har kimlarning so‘zlariga uchaverma hech,
«O‘g‘ling boshin egib olgan»— she’r ilmi— surur.

O‘sha sendan yo‘llarimni ayri solgan ruh,
Notinch ruhim yupatguvchi jafokash jo‘ram.
U — otamdan senu menga meros shahri g‘am,
Devonavash yuragimda devoni anduh.

Ne bo‘lsa ham, otameros biz uchun aziz,
U—zanjirband sherday mening ruhimga payvand
Onajonim, g‘amlaringni qarg‘ama hargiz,
Uningsiz ham otalarning ruhi zanjirband,

Ne baloliq, bu kunlarni ko‘rmadi otam,
Farzandining porloq tongi unga qorong‘u.
Osmonlarga ko‘krak kergan qarchig‘aylar ham
Ba’zan yovuz quzg‘unlardan yutar-ku og‘u!..

Ona, faqat sen yo‘limda yutmagin zahar,
Birovlarga men haqimda yorilma nigun.
O‘zing ko‘rgan darvozasiz qadim bu shahar.
Baxt deb chopgan yo‘llarimda poyandoz bugun.

Oyoqlarim tiramoqqa tirgak bo‘lsaydi,
Bir depsinib, huzuringga uchib borardim.
Bu dunyoda o‘ylaganing doim bo‘lmaydi,
Bo‘lsa edi, bilganimni she’rga solardim..

Bilamanki, men hayotda yolg‘iz emasman,
Bu dunyoda tanho faqat quyosh hoynahoy
Menga qolsa, uni ham hech yolg‘iz, demasman,
Muz bo‘lsa ham, parvona-ku atrofida oy!..

Bunda aqling toldirguday qizlar yo‘q emas,
Boshga tushgan savdolarni so‘ramayoq qo‘y.
Ko‘ngil bog‘lab, yor bo‘l desang, hecham yo‘q demas,
Hatto yigit boshimizga balo bo‘lmas to‘y.

Shundoq erkin qushlar kabi ozod muhabbat,
Ne qilayki, biz tomonlar hali sal qoloq,
Biroq menga nechun kerak bunday saodat,
Qishlog‘imiz yigitlari o‘tmoqdami toq?!

…Nima bo‘lsa bo‘lib o‘tdi, o‘tganlar saboq,
Yaxshi ishlar uchun o‘g‘ling hoziru nozir:
Bu kun inson qismatining o‘zi bir so‘roq,
Kelajak deb, ona, qancha yashasak arzir!

O‘zgachadir endi bizning tuyg‘ular tamom:
Ko‘zlarimda porlab turar ajib bir ziyo:
Do‘stlar bilan do‘stlik uchun ko‘taramiz jom,
Og‘aynilar qo‘lidadir endi bu dunyo,

Otalarni eslab yana yurakda alam,
Bir tuyg‘udan titrab yigit qalbimiz nochor,
Sog‘inganday o‘z yurtini uzoqda odam,
Onamizga talpinamiz doim intizor.

Va urushga o‘qib la’nat, qobil o‘g‘ilday,
Ona zamin qarshisida egarkanmiz bosh,
Tilimizni tishlaymiz goh, o‘zimiz bilmay,
O‘ylab ba’zi onalarni, ko‘zlarida yosh.

Bor shundaylar nafs bandasi, oqpadar avlod,
Zor qaqshar-ku yeru osmon ulardan bugun.
Lekin umid beshigida, ko‘ksida sabot,
Allalaydi, go‘daklarni onalar, ustun.

O‘n sakkiz ming olam — ona pushtu panohi,
Kim aybdor agar farzand noqobil bo‘lsa?
Avlodlarga dog‘ bo‘lsa ham otalar dog‘i,
Nechun ona zuryodidan tonmaydi, o‘lsa?

Onalarda sabru toqat tog‘lardek qadim,
Yana senga suyanadi bu qadim jahon,
Baland tog‘lar osha borib yetganda xatim,
Tog‘lar qadar bardosh tila unga, onajon.

* * *

Maysalar uchida,
Gul barglari,
nihollarning shoxchalarida
O‘yin qilar o‘yinqaroq yellar, shabada..
Bosh tebratar maysa,
gullar, nihollar yayrab:
— Yellar, deyman, shabadalar hoy?
Chaqirar darg‘azab onasi —
Shamol:
Bo‘kirar quloqsiz bolalariga

O‘git berib otasi — Bo‘ron:
— Nima qildi sizga nihollar,
gullar, bu maysa?!
Qachon shamol bo‘ladi bular?
Bo‘ron bo‘larmikan bular ham!
Tutib tez tartibsiz bolalarini,
Qulog‘ini cho‘zib qo‘yishar.
Shamol,
bo‘ronning bu dag‘dag‘asidan har yer-har yerda
Daraxtlar shoxlari qayrilib,
Yer-parchin bo‘ladi gullar, maysalar.

TUSH

— Uf-f… .
Eng yaqin kishim uxlayapti.
Jim:
«Uf» tortyapti.
U — men,
U — mening horigan chog‘im.
«Uf» tortyapman.

— Uf-f…
Tushlar, tushlar, tush…
Tush ko‘ryapman men:
Iffatli
Ham baxtli qiz emishsan sen,
Men sen bilan quribman turmush.

Qanday yaxshi!…
Eng chiroyli,
Eng fidoyi,
Bir oylik kelin…
Keyin,
Nomus va muhabbat bahsi…
Allakimning alamli sasi…

Qanday yaxshi,
Qanday yaxshi yashash dunyoda!..
Ajab, qalqinaman,
Hadeb talpinaman
Tun ichida tunlar qadar quyuq ziyoga.

Uf-f…
Yonmoqdaman, yonmoqdaman!..
Yuz-ko‘zlaring shundoq olov rang,
O‘t ichida nimadandir tonmoqdasan,
O‘t ichidan boqmoqdaman arang…

Tagli-tugli,
Hovli joyli,
Or-nomusli qiz emishsan sen.
Qilchalik yo‘q emish gumon, pushaymon.
Shundoq baxtli emishmanki men, —
Shodligimdan ikki qo‘lim tepamda,
Borar emishman…

Suqlanarmish birovlar ko‘rsa,—
Suqi oqarmish,.
Suqsurim, senga!..

Uch-to‘rt darvish ta’na bilan boqarmish menga.
Men bo‘lsam-chi,
Ichim to‘la qarg‘ish,
Uchraganga
yonib,
ichim yosharmishman…

Uf-f…
Eng yaqin kishim uxlayapti.
Jim,
«Uf» tortyapti.
U — men,
U — mening horg‘in chog‘im,
«Uf» tortyapman…
«Uf-f…»

08

(Tashriflar: umumiy 447, bugungi 1)

Izoh qoldiring