Cho’lponning bazzoz otasi

003
ХIХ аср охирларига келиб, Андижоннинг Қатортерак маҳалласида яшовчи Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғлининг номи бутун Туркистон ўлкасига маълум эди.Негаки, у нафақат баззоз ( ип-газлама савдоси билан шуғулланувчи дўкондор), балки тараққийпарвар маърифатчилардан ҳам бўлган.

04
Умид Бекмуҳаммад
ЧЎЛПОННИНГ БАЗЗОЗ ОТАСИ
011

09   1914 йил. Андижонлик Сулаймонқул кутилмаганда келган меҳмонни дастлаб хушламайроқ қарши олди. Чунки меҳмонни таклиф қилган ўғли уйда йўқ эди.Аммо “меҳмон отангдай улуғ” мақолига амал қиладиган баззоз Бошқирдистондан ташриф буюрган меҳмонни ғоятда сийлади.Оддийгина ҳол-аҳвол сўрашдан бошланган танишув ижтимоий ҳаёт, иқтисод ва адабиёт ақидаги гурунглар билан қизиб кетди.Шу тариқа бошқирд олими Закий Валидий Андижондан ўзига маслакдош дўст орттирди.Бу инсон Чўлпоннинг отаси-Сулаймонқул баззоз эди…

ХIХ аср охирларига келиб, Андижоннинг Қатортерак маҳалласида яшовчи Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғлининг номи бутун Туркистон ўлкасига маълум эди.Негаки, у нафақат баззоз ( ип-газлама савдоси билан шуғулланувчи дўкондор), балки тараққийпарвар маърифатчилардан ҳам бўлган.

Ёшлигидан деҳқончилик, ҳунармандчилик қилиб пул топган Сулаймонқул баззозлик қилиб рўзғорини тебратган.У Андижондаги қатор дўконларнинг эгаси сифатида ип-газлама савдоси билан машғул бўлиб, Туркистонни айланиб чиққан эди.Сулаймонқул чоризм мустамлакачилиги асоратидаги Туркистоннинг тараққиётдан орқада қолаётганини, жаҳолат ва таназзул ботқоғига ботаётган миллатдошларининг ачинарли ҳаётини кўриб, куюнарди.Таназзулдан чиқишнинг ягшона йўли эса маърифат эди.шу сабабли у замонасининг илғор фикрли, тараққийпарвар кишилари билан танишди, дўстлашди, баҳслашди.Мадрасани битирган ва ўз даврининг илғор зиёлиларидан саналган Сулаймонқул баззоз Расво, Вола тахаллуслари билан бош ғояси маърифат бўлган шеърлар ёзарди.Ўша вақтда маърифатли зотлар-газета ўқишдан баҳраманд бўла бошлаган, матбуот орқали давр, маърифат, ёшлар тараққиёт мавзуларида ўзаро баҳслашиб турардилар.

Сулаймонқул баззоз ҳам Россия,Кавказда чиқадиган жадиларнинг газета ва журналларига муштарий бўлиб, матбуотчилар билан мастаҳкам алоқада эди.Қолаверса, 20 асрнинг бошларида Туркистонда “Тараққий”, “Садои Фарғона”, “Ойина” каби нашрлар ҳам чоп этила бошлаганди.Сулаймонқул маърифатпарвар сифатида нафақат ушбу нашрларни ўқиб, уларга шеърлар юбориб турган, балки газеталарнинг қаддини ростлаши учун моддий кўмак ҳам берган.Қўқонда нашр этиладиган “Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 16 апрел сонидаги хабарга кўра, мазкур нашрнинг Андижон бўйича “обуна ва эълон қабул қиладиган вакили Сулаймонқул Юнус ўғли “ эканлиги ёзилган.Ушбу жадид газетасининг сал кейинроқ чиқган олтинчи сонида эса Абдулҳамид Сулаймонқул ўғли Юнусов “ Садои Фарғона”нинг вакили саналиши таъкидланган.

Демакки, ота-бола жадидлар нашрининг тарғиботчилари ҳам бўлишган.Мутассиблар, қадимчилар гуруҳининг жаждиларга омма орасида қаршилиги кучайган даврда жадилар газеталарини тарғиб қилиш ўз даврида жасорат эди.Бундан ташқари Сулаймонқул Андижон шаҳрида ёшларнинг маърифатли бўлишини истаб ўз пулига қироатхона, яъни кутубхона ҳам ташкил этганди.1918 йилда ташкил этилган бу қироатхона кенг залдан иборат бўлиб бу масканга ёшлардан ташқари Ҳусайн Ниёзий, Усмонхон Эшонхўжа ўғли, Вали Мақсудий, Фозилбек Отабек ўғли, З.Аълам,Абулҳай Махдум сингари Андижоннинг тараққийпарвар инсонлари йиғналиб, ёшлар билан турли маърифий мавзуларда суҳбатлар ҳам ўтказишарди.

Дарвоқе баззознинг ўғли тўғрисида.1897 йилгача Сулаймонқулнинг бир ўғил ва қизи дунёга келган.Афсуски, улар гўдаклигидаёқ вафот этган.Сулаймонқулнинг онаси Тожи ая, келинининг олдинги фарзандлари турмаганлиги сабабли, 1897 йилда невараси туғилганида ирим қилиб, маҳалласига келиб қолган лўли аёлга чақалоқнинг киндигини кестирган.Гарчи Сулаймонқул ўғлининг қулоғига Абдулҳамид дея азон айтирган бўлса-да, оила аъзолари ва қариндош уруғлари болани Тожи аянинг ирими боис, Тешабой ,дея чақиришган.Шу сабабли,ҳатто, Сулаймонқул ҳам кейинчалик ўғли Абдулҳамидни ҳазиллашиб Тешабой , дея ҳангома шеър ёзган эди:

Келди ўтган жуъма Теша Тошкентдан Андижон
Лек турғайму бу берда икки-уч ой, бегумон
Фозилани кўнглини шод этмага аҳд айлағон.
Бўлмасин асло ҳафа Фозилахоним Ўшда,
“Кўрмадим Теша акамни”,-деб кўнгиллар позимон.

Фозилахоним Чўлпоннинг Фоиқа каби сингилларидан бири эди.Фоиқа аяда отаси Сулаймонқулнинг шеърий девони ҳам сақланиб қолган бўлиб, унда шундай ғазаллар бор:

Адойи ёр ўлиб умрим ўтиб охир адо бўлдим,
Қади зебо санам рухсорингга зору гадо бўлдим.

Ютармен заҳру ҳажринг бода ўрниға кеча кундуз,
Халокат ичра қолдим “ол қулим” деб бенидо бўлдим.

Шаҳодат шарбатин ичмакка нозинг навбати етди,
Бўлиб беҳуд бу истиғно сабаб ўздин жудо бўлдим.

Авалда сен ишонтирдинг вафо қилмоққа эй, жоним,
Сени бу ваъдаи бофингга мен жони фидо бўлдим…

Ҳароб ўлдим висолинг бир кўриб бори дигор кўрмай,
Илиндим риштаи меҳрингга тақдири Худо бўлдим.

Ўзингга ошнолик кўчасин шому саҳар истаб,
Кийиб эгнимға жанда ҳам қаландар бонидо бўлдим.

Най айларман сенинг ишқингда бўлдим волаи Расво;
Бўлиб ҳар қилмишимдан манфаил маҳва зидо бўлдим.

Қариндошлар Қатортерак маҳалласидаги оилавий йимғинларга тўпланганида, “тешавой қори, бир тилват қилсангиз”, дейишарди.Чунки Чўлпон қуръонни тиловат қилишда донг таратган илми қорилардан эди.Сулаймонқулнинг ана шундай қироатли, маърифатли ўғли кейинчалик машҳур шоир Чўлпон бўлиб донг таратди.Табиийки, ўғлининг бу даражага етишида отаси Сулаймонқул баззознинг роли катта эди.Отаси таъсирида Тешабой-Абдулҳамид болалигидан китоб, газетага ошно бўлиб ўсди.Эски, жадид, рус тузем мактабларида, мадрасада таҳсил олди.Отасининг газетачи жадидлар билан маслакдошлиги сабабли ҳам илк мақола, ҳикоя, шеърлари “Садои Фарғона”, “Садои Туркистон” газеталарида чоп этилган.Сулаймонқулнинг ўғли ижтимоий ҳаёт, адабиётда қатнашиб, шоир, драматург, адиб, журналист сифатида танилди.
Чўлпон отаси билан адабий мавзуларда баҳслашиб турар, отаси шарқ адабиётидан,ўғли эса кўпинча ғарб адабиётидан ўз ўқиганларидан келиб чиқиб гурунг қилардилар.Қолаверса, айрим мутассиблар фақат шарқ адабиётини ўқимоқ керак, жадид газеталарини эмас, дея Чўлпонга насиҳат ҳам қилишарди.Ана шундай суҳбат,баҳсу мунозаралар сабаб, ўзида туғилган саволлар билан Чўлпон Қирмда яшаётган жадидлар ҳаракатининг асосчиси Исмоил Гаспринскийга мурожаат қилади.”Таржимон” газетасининг 1913 йил 27 ноябр сонидаги мақоласида жаноб Гаспринский Чўлпоннинг хатига жавоб бериб ўтади:
“ Андижон собиқ Хўқанд хонлигининг муҳим шаҳарларидан бири.Қаҳрамон ва адиб султон Бобурнинг ватани ва ҳозирда Фарғона ўбластининг уезд марказидир.Усмонлича айтганда, қойим мақомлик макон.
Ушбу шаҳардан олган ажойиб бир мактубнинг босилиши диққатга лойиқ, деб билдик.Соҳиби мактуб биздан ҳам гўзалроқ сўйлаганидан ёзганларини айнан нақл қиламиз.

Ёзади:
“Муҳтарам устозимиз Исмоилбек жаноблари! Андижоннинг баъзи буюклари менга айтадилар:
-“Сен Шалола,Турк Юрду,Шаҳбал,Таржимон, Вақт ва Иқбол ўқийсан.Нима учун “Мирзо Бедил” ва “ Хўжа Ҳофиз”ларни ўқимайсан?”
Бу саволга жавоб бўлгудек бир нарса айта олмадим.Агар жавоби бўлса “Таржимон”да босилишини ўтиниб сўрайман.Агар жавоби бўлмаса, “бу янги адабиётни” сувга, оташга отиб, вақтим борича “Мирзо Бедил” ва Хўжа Ҳофиз” мутоааласидан бош кўтармайман.
Сулаймонзода Абдулҳамид Чўлпон.

Эй ,менинг шўрпешона шогирдим, сенга ва сенга ўхшаганларга дарҳол жавоб берамиз…Илтимос қиламан,ҳамон адабиётни ўтда ёндирманг, сувга ботирманг! Мени “муҳтарам устоз” деманг! Ўттиз йил дарс бериб, “адабиёт”ни ёндирилиши тўғрисида эшитган бир “устоз” муҳтарам бўлмайди, ҳам устоз дейилишига ҳаққи йўқ.У, у бир бадбахт муаллимдир!

“Мирзо Бедил” Ҳиндистоннинг Шайх Саъдийси.Ёзган тамсилларида берадиган насиҳатлари, дарҳақиқат гўзал ва фойдали нарсалар.Хўжа Ҳофиз эса маълум…
Уларни бир, икки, беш марта ўқинг!

Уларда янги ва ёки эски адабиётга қарши айтилган бир сатр кўрсангиз, менга хабарини беринг….Улар инсон қаламидан тўкилмиш улуғ девонлар.Локин улар “Қуръон эмас! Қуръони азимуш-шаъннинг қирқ жилддан иборат ўн бир турли тафсри борки, улар “Қуръон адабиёти” дейилади.

Қардошим, “адабиёт” ўтда ёқиладиган нарсалардан эмас, ружуъ ила тавба қилинг!
Мирзо Бедил, Шайх Саъдий,Хўжа Ҳофиз ўқитилади, ўқитилиши керак.Лекин , уларда бўлмаган нарсаларни ўқимоқ ва ўрганмоқ керак эмасми?

Улар тўрт-беш юз йил муқаддам ёзилган нарсадир6 ҳозирги асрга доир бирор сўз йўқ.Бу кунни, бу асрни билишни ҳоҳласангиз на Шайх Саъдий раҳбарлик қилади, нар Мирзо Бедил далолат беради.Замонамизнинг тижорати, рақобати, идораси ва сиёсатидан, эҳтиёжи ва заруратидан, уруши ва талашидан хабар ва маълумот Мирзо Бедил ёки Хўжа Ҳофизда йўқ.
Буларни билиш керак бўлса иқболалларни, таржимонларни, вақтларни, турк юрдуларни ва булардан бошқаларини ўқимоқ керак.Агар, керак бўлмаса, осмонга қараб, юлдузларга, сайёраларга боққанингизча тураверинг! Лекин, “адабиёт”ни ёндирманг — айб…

Адабиёт сизга:
-Жоҳил бўлинг, демас.
-Сафил бўлинг, демас.
-Оламга кулгу бўлинг, демас.
-Дунёсевар киши бўлинг, демас.
-Бошқа инсонларга нисбатан ҳайвон қолинг, демас.

Адабиёт ўтда ёнмас, сувга ботмас.Лекин, ёндирилганларни ёндиради, ботиганларни ботиради, сувга эмас, лойга, балчиққа ботиради!
Ботганимиз, ётганимиз оз бўлдимики, яна ҳоҳлайсиз?

Мирзо Бедил,Ҳофиз Шерозий,Шайх Саъдий, “Гулистон” ёки “Анварул-ошиқийн” хўб улуғ номлар, хўб марғуб асарлапр.Улар ўқилиши керак.Лекин, улар етарли эмас.Замонамиз бошқа замона, гурунгларимиз бошқа гурунглар.Асрнинг, замоннинг камолот ва ирфони эски адабиётда эмас, янги адабиётда бўлади.Аср, замоннинг ҳол ва садоларига қулоқ беринг.Шуҳратли ислом олами бу кун бир “дорул-ожизийн”, макони ғофилийн” ҳолига келган…Бу доиранинг бир маҳалласи Андижон, иккинчи маҳалласи Боғчасарой харобаларидир.
Бу жавобни ҳар кимга айтишинг мумкин.Махфий эмас.
Исмоил Гаспринский.

Ҳа, 1913 йил “Таржимон” газетасида Гаспринский эҳтиросли ёш шоир Чўлпонга шундай насиҳатона жавоб берганди.Шулар таъсирида Абдулҳамид буюк шоир Чўлпон бўлиб шаклланди.

Сулаймонқул бўлса, баззозлик қилиб ,Андижонда ҳаёт кечирди.Ғазал, мухаммас, мувашшаҳлардан иборат девонга тартиб берди.Унинг ўғли Чўлпоннинг орзусидаги адабиётчи, маърифатпарвар инсон бўлиб шаклланганидан мамнун эди.Бундан ташқари, ўзи ёзган ёзган шеърларнинг ҳам 19 аср охири, 20 аср бошларидаги адабий муҳитда из қолдиражагига ишонарди.
Сулаймонқул баззоз 1929 йилда 55 ёшида вафот этди.

012

04
Umid Bekmuhammad
CHO’LPONNING BAZZOZ OTASI
011

09   1914 yil. Andijonlik Sulaymonqul kutilmaganda kelgan mehmonni dastlab xushlamayroq qarshi oldi. Chunki mehmonni taklif qilgan o’g’li uyda yo’q edi.Ammo “mehmon otangday ulug’” maqoliga amal qiladigan bazzoz Boshqirdistondan tashrif buyurgan mehmonni g’oyatda siyladi.Oddiygina hol-ahvol so’rashdan boshlangan tanishuv ijtimoiy hayot, iqtisod va adabiyot aqidagi gurunglar bilan qizib ketdi.Shu tariqa boshqird olimi Zakiy Validiy Andijondan o’ziga maslakdosh do’st orttirdi.Bu inson Cho’lponning otasi-Sulaymonqul bazzoz edi…

XIX asr oxirlariga kelib, Andijonning Qatorterak mahallasida yashovchi Sulaymonqul Mulla Muhammad Yunus o’g’lining nomi butun Turkiston o’lkasiga ma’lum edi.Negaki, u nafaqat bazzoz ( ip-gazlama savdosi bilan shug’ullanuvchi do’kondor), balki taraqqiyparvar ma’rifatchilardan ham bo’lgan.

Yoshligidan dehqonchilik, hunarmandchilik qilib pul topgan Sulaymonqul bazzozlik qilib ro’zg’orini tebratgan.U Andijondagi qator do’konlarning egasi sifatida ip-gazlama savdosi bilan mashg’ul bo’lib, Turkistonni aylanib chiqqan edi.Sulaymonqul chorizm mustamlakachiligi asoratidagi Turkistonning taraqqiyotdan orqada qolayotganini, jaholat va tanazzul botqog’iga botayotgan millatdoshlarining achinarli hayotini ko’rib, kuyunardi.Tanazzuldan chiqishning yagshona yo’li esa ma’rifat edi.shu sababli u zamonasining ilg’or fikrli, taraqqiyparvar kishilari bilan tanishdi, do’stlashdi, bahslashdi.Madrasani bitirgan va o’z davrining ilg’or ziyolilaridan sanalgan Sulaymonqul bazzoz Rasvo, Vola taxalluslari bilan bosh g’oyasi ma’rifat bo’lgan she’rlar yozardi.O’sha vaqtda ma’rifatli zotlar-gazeta o’qishdan bahramand bo’la boshlagan, matbuot orqali davr, ma’rifat, yoshlar taraqqiyot mavzularida o’zaro bahslashib turardilar.

Sulaymonqul bazzoz ham Rossiya,Kavkazda chiqadigan jadilarning gazeta va jurnallariga mushtariy bo’lib, matbuotchilar bilan mastahkam aloqada edi.Qolaversa, 20 asrning boshlarida Turkistonda “Taraqqiy”, “Sadoi Farg’ona”, “Oyina” kabi nashrlar ham chop etila boshlagandi.Sulaymonqul ma’rifatparvar sifatida nafaqat ushbu nashrlarni o’qib, ularga she’rlar yuborib turgan, balki gazetalarning qaddini rostlashi uchun moddiy ko’mak ham bergan.Qo’qonda nashr etiladigan “Sadoi Turkiston” gazetasining 1914 yil 16 aprel sonidagi xabarga ko’ra, mazkur nashrning Andijon bo’yicha “obuna va e’lon qabul qiladigan vakili Sulaymonqul Yunus o’g’li “ ekanligi yozilgan.Ushbu jadid gazetasining sal keyinroq chiqgan oltinchi sonida esa Abdulhamid Sulaymonqul o’g’li Yunusov “ Sadoi Farg’ona”ning vakili sanalishi ta’kidlangan.

Demakki, ota-bola jadidlar nashrining targ’ibotchilari ham bo’lishgan.Mutassiblar, qadimchilar guruhining jajdilarga omma orasida qarshiligi kuchaygan davrda jadilar gazetalarini targ’ib qilish o’z davrida jasorat edi.Bundan tashqari Sulaymonqul Andijon shahrida yoshlarning ma’rifatli bo’lishini istab o’z puliga qiroatxona, ya’ni kutubxona ham tashkil etgandi.1918 yilda tashkil etilgan bu qiroatxona keng zaldan iborat bo’lib bu maskanga yoshlardan tashqari Husayn Niyoziy, Usmonxon Eshonxo’ja o’g’li, Vali Maqsudiy, Fozilbek Otabek o’g’li, Z.A’lam,Abulhay Maxdum singari Andijonning taraqqiyparvar insonlari yig’nalib, yoshlar bilan turli ma’rifiy mavzularda suhbatlar ham o’tkazishardi.

Darvoqe bazzozning o’g’li to’g’risida.1897 yilgacha Sulaymonqulning bir o’g’il va qizi dunyoga kelgan.Afsuski, ular go’dakligidayoq vafot etgan.Sulaymonqulning onasi Toji aya, kelinining oldingi farzandlari turmaganligi sababli, 1897 yilda nevarasi tug’ilganida irim qilib, mahallasiga kelib qolgan lo’li ayolga chaqaloqning kindigini kestirgan.Garchi Sulaymonqul o’g’lining qulog’iga Abdulhamid deya azon aytirgan bo’lsa-da, oila a’zolari va qarindosh urug’lari bolani Toji ayaning irimi bois, Teshaboy ,deya chaqirishgan.Shu sababli,hatto, Sulaymonqul ham keyinchalik o’g’li Abdulhamidni hazillashib Teshaboy , deya hangoma she’r yozgan edi:

Keldi o’tgan ju’ma Tesha Toshkentdan Andijon
Lek turg’aymu bu berda ikki-uch oy, begumon
Fozilani ko’nglini shod etmaga ahd aylag’on.
Bo’lmasin aslo hafa Fozilaxonim O’shda,
“Ko’rmadim Tesha akamni”,-deb ko’ngillar pozimon.

Fozilaxonim Cho’lponning Foiqa kabi singillaridan biri edi.Foiqa ayada otasi Sulaymonqulning she’riy devoni ham saqlanib qolgan bo’lib, unda shunday g’azallar bor:

Adoyi yor o’lib umrim o’tib oxir ado bo’ldim,
Qadi zebo sanam ruxsoringga zoru gado bo’ldim.

Yutarmen zahru hajring boda o’rnig’a kecha kunduz,
Xalokat ichra qoldim “ol qulim” deb benido bo’ldim.

Shahodat sharbatin ichmakka nozing navbati yetdi,
Bo’lib behud bu istig’no sabab o’zdin judo bo’ldim.

Avalda sen ishontirding vafo qilmoqqa ey, jonim,
Seni bu va’dai bofingga men joni fido bo’ldim…

Harob o’ldim visoling bir ko’rib bori digor ko’rmay,
Ilindim rishtai mehringga taqdiri Xudo bo’ldim.

O’zingga oshnolik ko’chasin shomu sahar istab,
Kiyib egnimg’a janda ham qalandar bonido bo’ldim.

Nay aylarman sening ishqingda bo’ldim volai Rasvo;
Bo’lib har qilmishimdan manfail mahva zido bo’ldim.

Qarindoshlar Qatorterak mahallasidagi oilaviy yimg’inlarga to’planganida, “teshavoy qori, bir tilvat qilsangiz”, deyishardi.Chunki Cho’lpon qur’onni tilovat qilishda dong taratgan ilmi qorilardan edi.Sulaymonqulning ana shunday qiroatli, ma’rifatli o’g’li keyinchalik mashhur shoir Cho’lpon bo’lib dong taratdi.Tabiiyki, o’g’lining bu darajaga yetishida otasi Sulaymonqul bazzozning roli katta edi.Otasi ta’sirida Teshaboy-Abdulhamid bolaligidan kitob, gazetaga oshno bo’lib o’sdi.Eski, jadid, rus tuzem maktablarida, madrasada tahsil oldi.Otasining gazetachi jadidlar bilan maslakdoshligi sababli ham ilk maqola, hikoya, she’rlari “Sadoi Farg’ona”, “Sadoi Turkiston” gazetalarida chop etilgan.Sulaymonqulning o’g’li ijtimoiy hayot, adabiyotda qatnashib, shoir, dramaturg, adib, jurnalist sifatida tanildi.
Cho’lpon otasi bilan adabiy mavzularda bahslashib turar, otasi sharq adabiyotidan,o’g’li esa ko’pincha g’arb adabiyotidan o’z o’qiganlaridan kelib chiqib gurung qilardilar.Qolaversa, ayrim mutassiblar faqat sharq adabiyotini o’qimoq kerak, jadid gazetalarini emas, deya Cho’lponga nasihat ham qilishardi.Ana shunday suhbat,bahsu munozaralar sabab, o’zida tug’ilgan savollar bilan Cho’lpon Qirmda yashayotgan jadidlar harakatining asoschisi Ismoil Gasprinskiyga murojaat qiladi.”Tarjimon” gazetasining 1913 yil 27 noyabr sonidagi maqolasida janob Gasprinskiy Cho’lponning xatiga javob berib o’tadi:“ Andijon sobiq Xo’qand xonligining muhim shaharlaridan biri.Qahramon va adib sulton Boburning vatani va hozirda Farg’ona o’blastining uezd markazidir.Usmonlicha aytganda, qoyim maqomlik makon.Ushbu shahardan olgan ajoyib bir maktubning bosilishi diqqatga loyiq, deb bildik.Sohibi maktub bizdan ham go’zalroq so’ylaganidan yozganlarini aynan naql qilamiz.

Yozadi:
“Muhtaram ustozimiz Ismoilbek janoblari! Andijonning ba’zi buyuklari menga aytadilar:
-“Sen Shalola,Turk Yurdu,Shahbal,Tarjimon, Vaqt va Iqbol o’qiysan.Nima uchun “Mirzo Bedil” va “ Xo’ja Hofiz”larni o’qimaysan?”
Bu savolga javob bo’lgudek bir narsa ayta olmadim.Agar javobi bo’lsa “Tarjimon”da bosilishini o’tinib so’rayman.Agar javobi bo’lmasa, “bu yangi adabiyotni” suvga, otashga otib, vaqtim boricha “Mirzo Bedil” va Xo’ja Hofiz” mutoaalasidan bosh ko’tarmayman.
Sulaymonzoda Abdulhamid Cho’lpon.

Ey ,mening sho’rpeshona shogirdim, senga va senga o’xshaganlarga darhol javob beramiz…Iltimos qilaman,hamon adabiyotni o’tda yondirmang, suvga botirmang! Meni “muhtaram ustoz” demang! O’ttiz yil dars berib, “adabiyot”ni yondirilishi to’g’risida eshitgan bir “ustoz” muhtaram bo’lmaydi, ham ustoz deyilishiga haqqi yo’q.U, u bir badbaxt muallimdir!

“Mirzo Bedil” Hindistonning Shayx Sa’diysi.Yozgan tamsillarida beradigan nasihatlari, darhaqiqat go’zal va foydali narsalar.Xo’ja Hofiz esa ma’lum…
Ularni bir, ikki, besh marta o’qing!

Ularda yangi va yoki eski adabiyotga qarshi aytilgan bir satr ko’rsangiz, menga xabarini bering….Ular inson qalamidan to’kilmish ulug’ devonlar.Lokin ular “Qur’on emas! Qur’oni azimush-sha’nning qirq jilddan iborat o’n bir turli tafsri borki, ular “Qur’on adabiyoti” deyiladi.

Qardoshim, “adabiyot” o’tda yoqiladigan narsalardan emas, ruju’ ila tavba qiling!
Mirzo Bedil, Shayx Sa’diy,Xo’ja Hofiz o’qitiladi, o’qitilishi kerak.Lekin , ularda bo’lmagan narsalarni o’qimoq va o’rganmoq kerak emasmi?

Ular to’rt-besh yuz yil muqaddam yozilgan narsadir6 hozirgi asrga doir biror so’z yo’q.Bu kunni, bu asrni bilishni hohlasangiz na Shayx Sa’diy rahbarlik qiladi, nar Mirzo Bedil dalolat beradi.Zamonamizning tijorati, raqobati, idorasi va siyosatidan, ehtiyoji va zaruratidan, urushi va talashidan xabar va ma’lumot Mirzo Bedil yoki Xo’ja Hofizda yo’q.
Bularni bilish kerak bo’lsa iqbolallarni, tarjimonlarni, vaqtlarni, turk yurdularni va bulardan boshqalarini o’qimoq kerak.Agar, kerak bo’lmasa, osmonga qarab, yulduzlarga, sayyoralarga boqqaningizcha turavering! Lekin, “adabiyot”ni yondirmang — ayb…

Adabiyot sizga:
-Johil bo’ling, demas.
-Safil bo’ling, demas.
-Olamga kulgu bo’ling, demas.
-Dunyosevar kishi bo’ling, demas.
-Boshqa insonlarga nisbatan hayvon qoling, demas.

Adabiyot o’tda yonmas, suvga botmas.Lekin, yondirilganlarni yondiradi, botiganlarni botiradi, suvga emas, loyga, balchiqqa botiradi!Botganimiz, yotganimiz oz bo’ldimiki, yana hohlaysiz?

Mirzo Bedil,Hofiz Sheroziy,Shayx Sa’diy, “Guliston” yoki “Anvarul-oshiqiyn” xo’b ulug’ nomlar, xo’b marg’ub asarlapr.Ular o’qilishi kerak.Lekin, ular yetarli emas.Zamonamiz boshqa zamona, gurunglarimiz boshqa gurunglar.Asrning, zamonning kamolot va irfoni eski adabiyotda emas, yangi adabiyotda bo’ladi.Asr, zamonning hol va sadolariga quloq bering.Shuhratli islom olami bu kun bir “dorul-ojiziyn”, makoni g’ofiliyn” holiga kelgan…Bu doiraning bir mahallasi Andijon, ikkinchi mahallasi Bog’chasaroy xarobalaridir.Bu javobni har kimga aytishing mumkin.Maxfiy emas.
Ismoil Gasprinskiy.

Ha, 1913 yil “Tarjimon” gazetasida Gasprinskiy ehtirosli yosh shoir Cho’lponga shunday nasihatona javob bergandi.Shular ta’sirida Abdulhamid buyuk shoir Cho’lpon bo’lib shakllandi.

Sulaymonqul bo’lsa, bazzozlik qilib ,Andijonda hayot kechirdi.G’azal, muxammas, muvashshahlardan iborat devonga tartib berdi.Uning o’g’li Cho’lponning orzusidagi adabiyotchi, ma’rifatparvar inson bo’lib shakllanganidan mamnun edi.Bundan tashqari, o’zi yozgan yozgan she’rlarning ham 19 asr oxiri, 20 asr boshlaridagi adabiy muhitda iz qoldirajagiga ishonardi.
Sulaymonqul bazzoz 1929 yilda 55 yoshida vafot etdi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 859, bugungi 6)

Izoh qoldiring