Jek Ritchi. Ikki hikoya

034
«Gerald Jornel» газетасига бермоқчи бўлган эълоним қуйидаги мазмунда эди: «Сиз турмуш ўртоғингиздан зерикдингиз ва ундан қутула олмаяпсизми? Бу ҳолатда фақатгина битта йўлбор. Мижозларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади. Хатларингизни «Gerald Jornel» га, эълонлар бўлимига жўнатинг».

002
Жек Ритчи
ИККИ ҲИКОЯ
011

007Жек Ричи (Jack Ritchie) тахаллуси билан ижод қилган Жон Жорж Ричи (John George Reitci; 26.02.1922 — 25.04.1983) 50 — 80 йиллар давомида  Америка Қўшма Штатида  жуда таниқли адиб бўлган . Унинг ижоди асосан детектив — саргузашт йўналишида ёзилган ҳикоялардан иборат.  Адиб ҳикояларининг сони   500 тадан ортиқ. Унинг ҳикоялари асосида  50-йилларда жуда машҳур бўлган «Альфред Хичкок тақдим этади» сериалининг жуда кўп қисмлари суратга олинган. Адибнинг «Эмилисиз (The Absence of Emily) » ҳикояси  Эдгар По номидаги мукофотга сазовор деб топилган. Бу ҳикоя асосида икки марта фильм ҳам суратга олинган.Жек Ричи бор-йўғи битта роман ва у адибнинг ўлимидан кейин эълон қилинган.

011
«ҚОТИЛ КЕРАК»
  Дилшодбек Асқаров таржимаси

Эълонлар бўлимидаги жувон матнни ўқиб чиқиб, уни кўчириб олди ва менга нигоҳ ташлади.
-Буни худди шундай чоп этиш керакми?..
-Ҳа. Жавоблар учун абонент қутисига ҳам буюртма бермоқчиман.

«Gerald Jornel» газетасига бермоқчи бўлган эълоним қуйидаги мазмунда эди: «Сиз турмуш ўртоғингиздан зерикдингиз ва ундан қутула олмаяпсизми? Бу ҳолатда фақатгина битта йўлбор. Мижозларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади. Хатларингизни «Gerald Jornel» га, эълонлар бўлимига жўнатинг».
Жувон асабийлашиб қалами орқасини тишлади.

Мен унинг юзида қатъияцизликни кўрдим.
-Нима? Бирор хато борми?
-Мен бу ерга яқинда ишга келганман. Шунинг учун таҳририятдаги талабларни билмайман.

У афтидан ўзидан юқорироқ лавозимда ишлайдиган жаноб Уилсон исмли кишини чақирди. У эълонимни ўқиб кўрди.
-Сиз адвокатмисиз?
-Йўқ.
-Ажрашиш ишлари билан шуғулланасизми?
-Йўқ.

У йўталиб олди.
-У ҳолда «фақатгина битта йўл» деганингизни қандай тушуниш керак?
-Бунга жавоб — менинг эълонимда.

Мени юқорига, эълонлар бўлими раҳбари Бингхемнинг хонасига таклиф қилишди.
Эълоним мендан аввалроқ унинг хонасига етиб келган ва стол устида турарди.
-Эълонингиз матнини аниқроқ ёзишингизни талаб қиламан, акс ҳолда уни боса олмаймиз.
Мен уф тортдим.
-Хўш, менинг исмим Жеймс Паркерсон, университетда ишлайман. Психология фанлари профессориман.

У эълоним матни битилган қоғозга имлади.
-Мана бунинг касбингизга тааллуқли жойи борми?
-Албатта. Ҳозирда мен агар руҳий шарт-шароитлар имкон берса, эр-хотинлар орасидаги муносабат ҳозиргига нисбатан ўн марта кўпроқ қотиллик билан тугаши мумкинлиги ҳақидаги фикримнинг амалий исботи устида иш олиб боряпман.

-Қўлга тушиб қолишдан қўрқув бунга йўл қўймайдими?
-Албатта, бу ҳам муҳим аҳамиятга эга, лекин мен бошқа омилни муҳимроқ деб ҳисоблайман. Менимча, аксарият одамлар зўрлик ишлатишдан қўрқишади. Агар улар бу ишни бошқа бирортасига, масалан, профессионал қотилга ишониб топширишса, кўплаб фуқароларимиз суиқасд оқибатида ҳаётдан кўз юмган бўлишарди.
Бингхем қовоғини уйди.
-Сиз ўзингизни қотил сифатида таклиф қилмоқчимисиз? Демак, кимдир эълонингизга жавоб қайтаришига ишонасиз.

-Албатта жавоб қайтаришади. Одамлар ишонувчан бўлишади. Мисол келтирайми? Бир неча йил олдин бир йирик журналда қуйидагича эълон чоп этилган: «Бу сизнинг охирги имкониятингиз. 107-рақамли почта қутисига бир доллар жўнатинг». Тамом. Ҳеч қанақа хизмат ҳақида гап йўқ. Аммо минглаб одамлар пул жўнатишган.
Мен танлаган йўл нимани англатади? «Фақат биттагина йўл». «Қотиллик» сўзи ҳаммани қўрқитиб юбориши табиий, менинг эълонимга эса албатта жавоб қайтаришади. Менимча, жавоб қайтарадиганлар икки гуруҳга бўлинишади. Биринчи гуруҳдагилар мени юрист деб ўйлашади ва қонуний жиҳатдан имкониятлари қандайлигини билишга уринишади. Лекин бундай хатлар билан ишим бўлмайди.

Мен тик турганча гапираётгандим. Бингхем мени ўтиришга таклиф қилди.
-Иккинчи гуруҳдагилар эса иккиланишади ва ўзларига керакли нарсани топганига умид қилишади. Ана шунда улар вақт сарфлаб эълонимга жавоб ёзишади.
Бингхем иккиланиб қолди.
-Агар улар кимлигингизни ва асл мақсадингизни билишса, шу ондаёқ ҳафсалалари пир бўлади.
-Табиийки, мен улар билан савол-жавобимни тугатмагунимча кимлигимни айтмайман. Ўзимни профессионал қотилдек тутаман.

Бингхем ўйланиб қолди. Кейин бошини қашлади.
-Хўп, яхши. Умуман олганда, эълонингизни қабул қилмаслигим керак эди, аммо мени қизиқтириб қўйдингиз. Уни чоп этишга рухсат бераман. Қачонга чиқиши керак?
-Иложи бўлса бугун.

Хонадан чиқаётганимда Бингхем менга яна бир маслаҳат берди.
-Жавоб хатларини олиш учун хонамга келганингиз маъқулроқ. Почта қутиси олдида сизни бирор мижоз ёки журналист кутиб олиши мумкин.
Эълоним шу куниёқ «Gerald Jornel»нинг кечки сонида босилиб чиқди. Эртасига тушдан сўнг, университетдаги ишим тугаши биланоқ Бингхемнинг хонасига етиб бордим.

Бингхем мени эшик ёнида ўтирган киши билан таништирди.
-Сержант Ларсон, фирибгарликка қарши кураш бўлимидан. Бу киши шубҳали эълонларни кузатиш билан шуғулланар экан.
-Менинг эълонимда қонунга қарши нарса йўқ,-дедим мен. -Жаноб Бингхем, марҳамат қилиб, сержант Ларсонга менинг мақсадим ҳақида айтиб берсангиз.
-Айтиб берди, -еътироз билдирди сержант. -Мен ўзим бунга ишонч ҳосил қилишим керак. Ҳужжатингизни кўрсам бўладими?
Мен унга ҳужжатимни узатдим.
-Ҳаммаси жойида, -деди у. -Ҳар қалай, Паркерсоннинг ҳужжати экан. Мен университетга ҳам бориб, буни аниқлайман.

Бингхем менга стол устида турган бир даста хатни узатди.
-Бугун эрталаб сизнинг номингизга келди. Олтита.
Ларсон менга диққат билан разм солди.
-Шуларнинг ичида ўз турмуш ўртоғини ўлдириш мақсадида ёзилган хатлар ҳам борлигига ишонасизми? -сўради у.
-Ҳали ўқиб кўрганим йўқ, лекин бўлиши мумкин.

У менга қўлини узатди.
-Буларни менга беринг.
Унинг талабини рад этдим.
-Афсуски,-дедим мен.-Шахсан менинг номимга келган хатни ҳеч кимга бермайман.
-Сизни тушунмадим, профессор!-ўшқирди сержант. -Наҳотки сиз қотилликка йўл очсангиз?
-Менинг тадқиқотим айнан шунга қаратилган,-жавоб қилдим мен.-Эпидемияни йўқотиш учун унинг чегарасини аниқлаб олиш керак. Менга мурожаат қилганлар ўзлари ўйлаган ишни амалга оширадиган одамни топганларидагина хавфли ҳисобланишади. Улар билан шуғулланаётган чоғимда ҳеч қандай бахциз ҳодиса юз бермайди.

Сержант Ларсон менинг далилларимни истар-истамас қабул қилди.
-Аммо улар билан гаплашсангиз, бизга ҳам кимлиги ҳақида маълумот берасиз. Биз уларни фикридан қайтаришимиз шарт.
Мен рози бўлдим.
-Майли, розиман.

Мен уйга келдим ва иш хонамга кирмоқчи эдим, лекин Дорис, турмуш ўртоғим мени тўхтатди.
-Бу йилги таътилни қаерда ўтказамиз, Жеймс?
-Нима? -дедим мен. -Уйда ўтказамиз. Мен янги лойиҳа устида ишлаяпман. Таътил давомида ҳам шу ишни давом эттираман.
-Жуда кўп ишлаяпсан, азизим, -деди Дорис ва хўрсинди. -Саёҳатга чиққим келяпти. Бир неча кишилик кичкинагина кемада. Зўр бўларди.

Мен хатларни ўқиш иштиёқида ёнаётгандим.
-Дорис, бу саёҳатдан нима кутяпсан?
-Нима? Янги инсонлар билан танишувлар…
-Одамлар ҳамма жойда бир хил, тўғрими?
-Ҳа, лекин…
-Ўзинг биладиган нарсанинг тўғрилигини текшириш учун пул сарфлаб нима қиласан?
Мен хонамга кириб, хатларни ўқишни бошладим. Хатлардан тўрттаси биринчи гуруҳга тегишли эди, аммо қолган иккитаси мени қизиқтириб қўйди. Мен биринчи хатни яна бир марта ўқиб чиқдим.

«Ҳурматли жаноб!
Сизнинг «Gerald Jornel» нинг кечки сонидаги жудаям қизиқарли эълонингизни ўқиб чиқдим ва «фақат биттагина йўл» деган терминингизни тушунмадим. Шуни тушунтириб бера оласизми? Агар рози бўлсангиз, «Gerald Jornel»да менга шундай жавоб ёзинг: «Колли зотли ит йўқолиб қолди. Лақаби Регис».
Хатга имзо қўйилмаган эди.

Мен машинкада ёзилган хатни лупа билан кўриб чиқа бошладим. «О» ва «е» сувалиб кетган, бошқа ҳарфлар ҳам машинкани тозалашни талаб қиларди. Рангли тасма ҳам алмаштирадиган даражада эди. «Термин» деб ёзишидан муаллифнинг унчалик саводли эмаслигини билиш мумкин эди.

Ёки «термин» сўзи «е» билан ёзилармиди? Мен одатда столим устида турадиган луғатимни изладим, лекин тополмадим. Ўрнимдан туриб қичқирдим:
-Дорис, «термин» сўзи қандай ёзилади?
-Т-ер-мин.
-Луғат қани?
-Ғаладонда, азизим.

Мен ғаладондан луғатни олдим. «Термин» сўзи «е» билан ёзилганди.
Иккинчи хат ҳам биринчисига ўхшарди. Унда ҳеч қандай мурожаат ҳам, имзо ҳам йўқ эди.
«Макс бари. 21-кўча ва Уелс кўчалари бурчагида. Бугун кечқурун 8да. Шотланд вискисига буюртма беринг. Ўнг оёғингиздаги поябзалингиз ипини ечинг ва қайта боғланг».
«Шундай қиламан», ўйладим мен.

Мен «Gerald Jornel»га қўнғироқ қилдим ва колли зотли ит ҳақидаги эълонни чоп этиш учун буюртма бердим. Гўшакни қўйгач, яна хатларга тикилдим.
Сўнг тоза қоғоз олиб машинкага қўйдим ва ҳарфларни тердим: «Терминим муштарийни эълонни ўқишга мажбур қилади».

Мен ҳарфларга разм солдим. Ҳарфлар тиниқ эди, «о» ва «е» эса ишлов берилгандек ярақлаб турарди. Кечки овқатдан кейин палтомни кийдим.
-Мен университетга бориб келаман. Қачон қайтишим аниқ эмас.
-Бўпти, -деди Дорис. -Ёзув машинкангни тозалаб қўйганимни ҳам сезмадинг. Тасмасини ҳам алмаштирдим.
Шляпамни ушлаганча қотиб қолдим.
-Қачон?
-Бугун эрталаб, азизим.
Мен ташқарига чиқдим.

«Термин» сўзини миллионлаб одамлар хато ёзишади,-дедим ўзимга ўзим, машинани ўт олдирар эканман.-Ҳар куни миллионлаб одамлар ёзув машинкаларини тозалашади…».
Мен Макс барига бордим.
Бўш жойга ўтириб, шотланд вискисига буюртма бердим. Сўнг энгашиб, поябзалим ипини ечиб, қайта боғладим ва атрофга алангладим. Афтидан, менга ҳеч ким қизиқмаётганди.
Ўн дақиқадан кейин барга ўрта бўйли бир киши кириб келди. Мен баланд овозда яна бир марта шотланд вискисига буюртма бердим ва поябзалим боғичини ечиб боғладим. Лекин кирган кимса менга эътибор ҳам бермади.

Мен навбатдаги кирувчини кута бошладим.
Саккизинчи қадаҳдан сўнг бу иш жонимга тегди.
Уйга қайтганимда Дорис ухлашга ётганди, чамаси. Ҳарҳолда у пастда йўқ эди. Мен зўрға юқорига чиқдим ва ўзимни диванга ташладим. Эрталаб турганимда бошим лўқиллаб оғрирди. Иштаҳам йўқлиги учун қаҳва ичдим, холос.

Дорис менга ташвишли нигоҳ ташлади:
-Касал эмасмисан?
-Бўлиши мумкин, -дедим мен.-Гриппман, шекилли.
Тушга яқин маърузам тугаганида ўзимни енгил ҳис қилдим. Факултет ошхонасида тушлик қилгач, университет боғида айландим. Ҳайкал ёнига келганимда сигарет чекиш учун гугурт ёқдим ва мен томон келаётган баланд бўйли эркакка кўзим тушди.

У сирли жилмайди.
-Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?
Мен уни илгари кўрмагандим. Мен билан нима иши бор? У поябзалимга қаради.
-Ҳа, ипларини боғлашдан зерикмадингизми?
-Сиз?.. Сиз мени?

У бош ирғади.
-Ҳа. Кеча Макс барида эдим.
-Нега индамадингиз?
-Мен эҳтиёткор одамман,-жавоб қайтарди у. -Бундай ишларда эҳтиёт бўлиш лозим.-У менга астойдил тикилди.-«Фақат биттагина йўл» деганда нимани тушунасиз?

Мен ҳали ҳам жаҳлдан тушмагандим.
-Уч мартада топинг!-дедим қўполлик билан.
У жилмайди.
-Қотиллик?
-Тўғри, -дедим мен бир оз иккиланишдан кейин.

У менга синовчан назар ташлади.
-Хотинимни ўлдириш учун қанча сўрайсиз? -сўради у ниҳоят.

Мен оғзимга келган рақамни айтдим.
-Ўн минг доллар.
Бу нарх уни асло ҳайрон қолдирмади.
-Қандай ўлдирасиз?
-Аввал сиз учун алиби тайёрлаймиз, кейин хотинингизни отаман,-тушунтирдим мен.

У бош ирғади.
-Жуда осон экан, профессор Паркерсон.
-Мени қаердан танийсиз?
-Кеча кечқурун ортингиздан уйингизгача бордим, бугун эрталаб эса ортингиздан университетгача кузатиб келдим. Мен ким билан ишлашимни билмоқчи эдим. Яна бир нарсани айтишим керак, профессор, сиздай одам қотил эканлигига ишонмайман.
-Сер, -еътироз билдирдим мен. -Хотинингизни ўлдиртирмоқчимисиз?
-Йўқ, -деди у. -Мен уйланмаганман. Хўш, профессор, қанақа ўйин ўйнаяпсиз?
-Бу менинг ишим.

Унинг кўзларида нур чақнади.
-У ҳолда мен сиз ҳақингизда полицияга хабар қиламан.
-Полиция билади.
-Унда, газетачиларга мурожаат қиламан. Менинг маълумотимдан яхшигина мақола тайёрласа бўлади.

Бу гап мени эсанкиратиб қўйди. Газета менга эълон бериб туриш учун керак эди. Мен ҳақимда мақола чиқиши эса барча режаларимни чиппакка чиқариши мумкин эди.
-Хўш, газетага мурожаат қилайми?
Мен хўрсиндим.
-Йўқ.

Мен унга лойиҳам ҳақида айтиб бердим. Гапимни тугатганимдан сўнг у бирпас ерга қараганча ўйланиб қолди. Сўнг сўради:
-Эълонингизга бирортаси жавоб бердими?
-Ҳа. Олтита хат олдим.

У яна бирпас ўйланиб турди ва кейин сўради:
-Уларнинг исмларини менга айта оласизми, профессор? Мен иккинчи гуруҳдагиларни назарда тутяпман.
-Нима? Бу нима деганингиз?
-Ҳар бир исм учун сизга беш юз доллардан тўлайман, фақат битта шартим бор: улар билан ўзим шуғулланаман.

Ниҳоят мен унинг мақсадини англагандек бўлдим.
-Нима учун айнан уларнинг исмларини билмоқчисиз?
У илжайди.
-Менинг касбимда мижозлар билан алоқа ўрнатиш қийин. Мен сизга ўхшаб ўз хизматимни реклама қилолмайман.
-Сиз профессионал қотилмисиз?
-Балки беш юз доллар ўрнига сизга мукофот ажратарман,-жавоб қайтарди у саволимга. -Айтайлик, даромадимдан ўн беш фоизини?

Мен ўрнимдан турдим.
-Энди полицияга бориш учун менинг навбатим келди.
У елкасини қисди.
-Менга қарши далилингиз борми? Мен сиз билан гаплашганимни тан олмайман.

Унинг кўзлари чақнади.
-Сиз қандай иш қилишимиз мумкинлигини тушунмаяпсиз, шекилли. Сиз мамлакат миқёсида шундай тадқиқот ўтказишингиз мумкин.
-Ҳеч қачон! Ҳеч қачон ва яна бир марта ҳеч қачон!

У гапида давом этди.
-Хулоса чиқаришга шошилманг, профессор. Унутманг, менинг таклифим учун сизга ўхшаган юзлаб ҳамкасбларингиз бир-бирларини ғажишга ҳам рози бўлган бўлишарди.
У кўчани кесиб ўтди ва янги кабриолетга ўтириб кўздан ғойиб бўлди.
Кечки маърузадан сўнг машинамда уйга келдим.

Дорис кийимларни ажратаётган экан.
-Қариялар уйига бермоқчиман, азизим.
Мен у ажратган кийимларга қарадим.
-Жигарранг костюмим бу ерда нима қиляпти?
-У эскириб кетган, Жеймс.
-Шкафга солиб қўй. Эскирмаган.
-Хўп, азизим. Лекин ҳозир бунақа костюмни фақат ўликларга кийдиришяпти.
Мен унга таажжуб билан тикилиб қолдим. Нимага у бундай деди?
Мен елкамни қисдим ва хонамга кирдим. Қўшма Штатлар аҳолиси бир юз саксон олти миллион киши. Ундан камида юз мингтаси ўз турмуш ўртоғидан қутулишни истайди. Нимага энди фақат эр-хотинлар билан чекланиш керак? Холалар, тоғалар, жиянлар, ошна-оғайнилар ҳам бор…
Агар улардан беш мингтаси билан келишсанг ва ҳар бири беш минг доллардан тўласа, йигирма беш миллион доллар бўларди. Йигирма беш миллионнинг ўн беш фоизи эса…
Пайшанба куни тушдан сўнг «Gerald Jornel»га келдим ва 1183-почта қутисидан Регис лақабли колли ҳақидаги эълонимга жавобни олдим.

Мен хатжилдни очдим ва хатни ўқидим.
«Ҳурматли жаноб!
Регис ҳақидаги эълонингизни ўқидим. Сиз билан учрашишга тайёрман.
Сиз билан 27-кўча ва Гералд-стрит бурчагидаги «Леони» ресторанида учрашмоқчиман. Жума куни кеч соат саккизларда ўша ерда бўламан. Елкамда пушти шарф бўлади. Қўлингизда гулдаста бўлсин. Сизга «Регис» дейман, сиздан эса «Қора марварид» деган жавобни кутаман».
Мен хатни яна бир марта ўқиб чиқдим. Тушунишимча, бу хат аёл кишидан келганди ва бу сафар ҳарфлар тиниқ эди.
«Леони»? Ҳа, ўтган йили мен Дорис билан тушлик қилган ресторан.

Уйга келгунимча шу ҳақда ўйладим. Хонага киришим билан дедим:
-Анчадан бери бирга ҳеч қаерга бормадик, Дорис. Жума куни кечқурун «Леони»га борсак нима дейсан?
У журналдан кўзини узди.
-Афсус, азизим, лекин жума куни аёллар клубида учрашувим бор. Бормасам бўлмайди.

Мен шляпамни кийдим.
-Бирпас айланиб келаман.
-Ҳозиргина келдинг-ку, азизим!
-Нима бўпти?
Ташқарига чиқдим. Дорис мен билан ҳазиллашмоқчи бўлдимикин? Лекин у менинг лойиҳамни қаердан билди? Мен одатда бирор натижага эришмагунимча ишим ҳақида оғиз очмайман. Бу агар ишим ўхшамай қолса шармандаликдан сақлайди.
Ёки у ростдан ҳам мени ўлдирмоқчими?

Биз турмуш қурганимизга ўн йилдан ошаётганди. Турмушимиз яхши эди, ҳар қалай мен шундай деб ўйлардим. Ҳаётимиз осойишта ва бир маромда эди. Дориснинг отаси университетимизда роман филологияси бўйича дарс берар, онаси эса зоология бўйича профессор эди.
Дорис билан гаплашсаммикин? Ундан изоҳ талаб қилиш керакмикин? Бош чайқадим. Йўқ. У менга очиғини айтмайди. У нима учун мени ўлдирмоқчи бўлаётганини ўзим топишим керак. «Леони»даги учрашувимизда мени таниб қолмаслиги учун соқол, мўйлов ёпиштириб олишим керак. Эртага тасвирий санъат кафедраси мудири, профессор Тибери билан маслаҳатлашаман.

Ёнимдан кабриолет аста ўтиб, мендан бир неча қадам нарида тўхтади.
Одам ўлдириш бўйича мутахассис машинасидан тушди ва мени кутиб турди.
-Нимани ўйлаяпсиз, профессор? Ҳамкорликка тайёрмисиз?
Бу киши нима учун қотилликни танлаган? Одамлар нима учун қотилга айланишади? Пул, эҳтирос ва ўзини ҳимоя қилиш учун.

Кутилмаган фикрдан ўзимга келдим. Дорис мени ўлдиришига йўл қўймасдан, уни ўлдиришга ҳаққим йўқми? Бунинг учун кимни ёлласам бўлади? Мана шу кишиними?
Йўқ, Дорисни ўлдира олмайман. У менинг хотиним, яхши-ёмон кунларимизни бирга ўтказганмиз.
-Хўш, профессор,-деди қотил.-Ишлар қалай?
-Қанақа иш?

У бошини эгди ва менга жим қараб турди. Сўнг палтоси чўнтагидан ташриф варақаси олиб узатди.
-Мен яна икки кун «Уестланд» меҳмонхонасида бўламан. Қарорингизни кутаман. Бундан ташқари, яна бир марта эслатиб қўймоқчиман, бундай имкониятни бошқа руҳшунослар асло қўлдан бой бермаган бўлардилар.
-Марҳамат, -дедим мен. -Ихтиёрингиз!

Унинг машинаси кўздан ғойиб бўлгач, мен кўча бурчагидаги симёғоч тагига бордим. Ташриф варақасида «Чарлз А. Хаскер» деган ёзувдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Ростдан ҳам унинг исми шунақамикин? Лекин бунинг фарқи йўқ. Мен сержант Ларсонга уни қаердан топиш мумкинлигини айта оламан. Полицияда унга қарши ҳеч қандай далил йўқ, лекин улар уни кузатишлари ва эртами-кечми қўлга олишлари мумкин.
Уйга қайтганимда уйимизда профессор Коннер ўтирган экан. У шахмат тахтаси олдида мени кутиб ўтирарди. У нима учун келганини тушунмадим. У зоолог ва орамизда бизни бирлаштирадиган умумий нарса йўқ. У билан шахмат ўйнашимнинг боиси эса гаплашишдан кўра шахмат ўйнаш маъқулроқлиги эди.

Соат ўн бирларда у Дорис пиширган балиқли бутербродни еб, кейин кетди.
Жума куни кечки овқатдан кейин Дорис клубга бориш учун тайёргарлик кўра бошлади. Ярим соатлардан сўнг у кийиниб чиқди.
-Қачон қайтишимни аниқ айтолмайман.

Унга ғамгин тикилдим.
-Ҳеч нарса эсингдан чиқмадими? Масалан, пушти шарфинг?
-Йўқ, сумкамга солиб олдим. Машинангда борсам бўладими?
-Сени Бронсон хоним олиб кетарди-ку, доим?
-Ҳадеб унинг машинасида бориш жонимга тегди.

Дорис чиқиб кетиши билан бугун тушда профессор Тибери берган буюмларни олдим ва кўзгу олдида ўтирганча грим қилишга киришдим.
Дорис нега мени ўлдирмоқчи? У бундан нима наф кўради? Пулми? Кулгили. Бизнинг жамғармамиз жуда оз эди. Унинг ҳаётида бошқа эркак пайдо бўлдими? Бўлиши мумкинмас.
Бир неча дақиқадан кейин кўзим очилгандек бўлди.

Нима учун профессор Коннер бизникига тез-тез келиб туради? Фақат шахмат ўйнаганими? Нимага Дорис лаънати балиқли бутерброд пишираверади? Мен балиқли бутербродни ёмон кўришимни билади-ку.
Бир оздан сўнг соқолли аксимга тикилдим ва яшил кўзойнак тақдим.
«Леони»га соат саккизларда келдим ва қўлимдаги гулдаста кўриниб турадиган жойга туриб олдим. Залга кўз югуртириб чиқдим, аммо пушти шарфли аёлни кўрмадим.

Беш дақиқача турганимдан сўнг йигирма беш ёшлардаги бир жувон олдимга келди.
-Регис? -деди у менга шубҳали назар ташлаганча.
Мен қотиб қолдим.
-Шарфингиз пушти эмас-ку!
-Наҳотки!

Бошимга биров гурзи билан туширгандек бўлди. Албатта! Яшил кўзойнак! Кўзойнагимни ечдим. Унинг елкасидаги шарф пушти эди.
-Қора марварид,-дедим мен. Биз столга ўтирдик ва аёл менга мақсадини айтди. У эрини ўлдирмоқчи экан, аммо нима учунлигини айтмади.

Биз ўн минг долларга ва иккинчи учрашувда батафсил гаплашиб олишга келишдик. Лекин мен энди бу аёл билан учрашмоқчи эмасдим. Бу аёл билан энди сержант Ларсон шуғулланиши мумкин.
Мен эса лойиҳам муваффақиятли якунланаётганидан хурсанд эдим.
Мен бошқа барга кирдим ва вискига буюртма бердим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек эди. Хавотирим беҳуда бўлиб чиқди — хотиним мени ўлдирмоқчи эмас экан.

Мен бардан чиққанимда соат ўн ярим эди. Бардан уйимгача уч мил эди. Мен пиёда кета бошладим.
Уйимга етишимга икки квартал қолганида ёнимдан машина ўтиб кетди.
Бу менинг машинам эди. Дорис клубдан қайтаётганди. Машина кўча бошида тўхтади. Ҳа, у мени кўриб қолди, «Ўзи билан олиб кетмоқчи», ўйладим мен. Кейин эса ёпиштирган соқолим ҳали ҳам турганлиги ёдимга тушди. Қизиқ. У мени қандай таниди?

Мен каловланганча машинамга яқинлашдим. Машина ичидаги улкан гавда иккига ажралди. Дорис ёлғиз эмасди. Мен эгилиб машина ичига қарадим. Дорис ва… профессор Коннер! Улар менга ғазаб билан тикилишди. Хотинимнинг овози қулоғимни тешиб юборгудай жаранглади.
-Нимангизни йўқотдингиз, жаноб? Йўқолинг бу ердан!

Мен индамай кетдим. Кўча бурчагидаги буталар орасига кириб уларни кузата бошладим. Улар яна бир-бирларининг пинжига суқилишди.
Мен соатга қарадим. Ўн дақиқа… ўн беш… улар бир-бирларидан ажралай демасди. Ниҳоят буталар орасидан чиқдим ва нарироқдаги телефон-автомат томон йўл олдим.

Хаскер Дорисдан қутулишим учун нима талаб қиларкин? Профессор Коннерни ҳам ўлдириш учун-чи? Катта пул сўраса керак.

Аммо у билан ҳамкорлик ҳақида келишиб олсам, балки у мен учун текинга ишлаб берар…

ҒАРОЙИБ ВАЗИЯТ
Муҳаббат Йўлдошева таржимаси

— Айбдор эмас, — қатъий оҳангда деди Генри Уатсон.

Стэнли Вэттер сўрашда давом этди.

— Ротуэлл?

— Айбдор.

— Женкинс?

— Айбдор.

— Коулмен?

— Айбдор, — эълон қилдим мен.

Шундан сўнг ўн бир нафар ҳакамлар Уатсонга тикилиб қолишди.

— Демак, мен ҳукм чиқаришим керак, — деди Вэттер. — Йигирма олтинчи овоз беришда ҳам айбловчи ўн битта овоз ва оқловчи битта овоз берилди.

Мен чуқур хўрсиндим:

— Менимча, у тентак бўлса керак.

Уатсон ўрнидан сакраб турди:

— Менга қаранг, сиз…

— Тинчланинг Уатсон, ишончим комилки, Коулмен бундай демоқчи эмасди, — орага қўшилди Вэттер.

— Айнан шундай демоқчи эдим, — унинг гапини бўлдим мен. — Бунчалар эшакдек қайсар, тутган жойидан кесадиган одамни умримда кўрмаганман.

Вэттер мен томонга энгашди ва қулоғимга шивирлади:

— Уни ўзимизга қарши қайрасак, ҳеч нарсага эришолмаймиз.

— Уни яхшиликча кўндиришга ҳаракат қилганимиз иш бермади-ку! — эътироз билдирдим мен. — Уни ақлини йиғиб олишга ундадик, аммо бари бефойда.

Доим ишни тинчлик билан ҳал қилишга мойил бўлган Вэттер аста деди:

— Келинглар, ҳаяжонланиб, жаҳлга эрк бермайлик.

Мен жаҳл билан Уатсонга ўгирилдим:

— Нима, ҳақиқатан ҳам О’Брайенни айбсиз деб ҳисоблайсизми?

У хижолат тортиб, стулида бир қимирлаб қўйди:

— Йўқ, у албатта айбдор. Аммо сиз менинг фикримни тушунмаяпсиз. Менимча, суд у Мэтт Тайсонни ўлдирганлигини исботлаб беролмади.

— Балки шундайдир, ўғлим, — деди Вэттер. — Аммо бундай фикр фақат сизнинг каллангизга келган, холос.

Мен намойишкорона босиқлик билан гапга қўшилдим:

— Дьюк О’Брайен ва Тайсон тамаки дўкончасининг орқасидаги хонада ёлғиз бўлишган. Айни шу вақтда дўкончага харидор, яъни полициячи кирган. У ўқ овозини эшитиб, орқа хонага югуриб кирганида Мэтт Тайсон ерда жонсиз чўзилиб ётар, ҳавода порох ҳиди анқир, Дьюк О’Брайен эса деразадан қочиб чиқиб кетаётган эди. Полициячи унинг ортидан югурган, бир нечта мавзенинг жин кўчалари бўйлаб уни қувлаган, огоҳлантирувчи ўқлар узган. Шу туфайлими ёки чарчаганиданми, охири О’Брайен таслим бўлган…

— Аммо полиция қотиллик қуролини топмади-ку! — қайсарлик билан деди Уатсон.

Ранги заҳил, афтидан доим бош оғриғидан қийналиши кўриниб турадиган дорихоначи Ротуэлл хужумда давом этди:

— Таъқибдан қочаётиб, О’Брайен бир нечта мавзелар, ҳовлилар ва буталар орасидан югуриб ўтган. Оқшом пайти, қоронғи тушиб қолганди, у тўппончасини исталган жойга отиб юборган бўлиши мумкин. Полиция фақат эрталабгина излашга тушган, — башарасини бужмайтиришидан Ротуэлл полициячиларнинг ишидан қониқмаганлиги сезилди. — О’Брайенни полицияга олиб келишганида биринчи қилган иши нима бўлди? У ўз адвокатининг келишини талаб қилди. Полициячилар унинг талабини қондиришди. О’Брайен адвокати билан нималарни гаплашганини сизларга айтишим мумкин. У тўппончасини қаерга ташлаганини адвокатга айтган, у эса Дьюкнинг йигитларидан бирини чақириб, қуролни тунда топишни буюрган…

— Аммо Дьюк қуроли бўлмаганлигини таъкидлади-ку!

— Унда тўппонча қини бор эди. Елкадан ўтказиб тақиладиган бўш тўппонча қини. Тўппончаси бўлмаса, уни тақармиди?

— Аммо Дьюк одатда тўппонча олиб юришини, ўша оқшомда эса уни уйида унутиб қолдирганини тушунтирди.

Ротуэлл бир зум кўзларини юмди.

— Полиция О’Брайеннинг ўнг қўлидаги порох изини аниқлади.

— Биламан, — тасдиқлади Уатсон. — Аммо О’Брайеннинг айтишича, у шу воқеадан икки соатча аввал нишонга отиш билан шуғулланган. Унинг қўлидаги порох юқи шундан қолган.

Эшик тақиллади, суд котибининг боши ва елкаси кўринди.

— Судья ҳукм чиқардингизми ёки йўқлигини сўраяпти.

Мен жаҳл билан у томонга ўгирилдим:

— Ҳукм чиқарганимизда бу ерда гап сотиб ўтирармидик!

Котиб бир сапчиб тушди:

— Нега менга ўшқирасиз? Судья сўраб келишни буюрди-ку!

Жиддий муаллима Женкинс хоним худди учинчи синф ўқувчисига муомала қилаётгандек қиёфада Уатсонга мурожаат қилди:

— Дьюк О’Брайен ёмон одамлигини биласиз, тўғрими?

— Ҳа… албатта.

— У бировларнинг ҳақини тортиб олиб яшайдиганлар тоифасидан, шундайми?

— Ҳа, шундай.

— У шаҳардаги жиноятчилар тўдасини назорат қилади, шундайми? Гиёҳванд моддалар, қиморхоналар ва… — у салгина қизарди, — ва бошқа муассасаларнинг бари унинг назорати остида, тўғрими?

— Ҳа, — тушкун овозда тасдиқлади Уатсон. — Аммо уни бунинг учун эмас, балки қотиллик учун суд қиляпмиз.

— Жаноб Уатсон, — қатъий овозда деди Женкинс хоним. — Сиз жуда қайсар одамсиз.

Уатсон бизни ишонтиришга уринди:

— Агар Дьюк О’Брайен шунақанги йирик жиноятчи бўлса… профессионал қотиллари ва бошқалари бор ташкилоти бўлса… унда нега Тайсонни ўзи ўлдиради? У биронтасини ёллаши, ўзи бир чеккада ўтириши мумкин эди-ку?

— Бу кутилмаганда юз берган. Улар Тайсон билан ниманидир талашиб қолишган, О’Брайен ўзини тутолмай, шеригини отиб қўйган. Нима, сизга албатта гувоҳлар бўлиши шартми?

— Йўқ, аммо…

— Жаноб Уатсон, нисбий далиллар нималигини биласизми?

— Ҳа, аммо барибир суддаги далиллардан қониқмадим…

Мен яна аралашдим:

— Сиз аҳмоқ одам эмассиз. Айтинг-чи, О’Брайен айбдор бўлмаса, нега қочган?

— У қўрқиб кетган.

— Бўлмаса, у ўша воқеани қандай талқин қилади?

Уатсон бўйнини ишқалади.

— О’Брайеннинг айтишича, улар Тайсон билан гаплашаётганларида, кимдир очиқ ойнадан ўқ узган.

Мен ишончсизлик ила жилмайдим:

— Очиқ ойнадан? Кўчада 3 даража совуқ эди. Бундай ҳавода ким ойнани очиб қўяркан?

— О’Брайен хона тамаки ҳидига тўлиб кетганини айтди.

— Тергов эса О’Брайен ҳам, Тайсон ҳам чекмаслигини исботлади.

— О’Брайен уни айтди, О’Брайен буни айтди, — жаҳл билан унинг гапини бўлди Ротуэлл. — Сиз унинг айтганларига ишонасиз. Нима учун? —

У стулда ўтирганча олдинга энгашди. — Маслаҳатчилар тарқатиб юборилганидан сўнг сиз ҳам машина сотиб оларсиз?

Уатсоннинг ранги оқариб кетди.

— Менга бундай муомала қилишларига чидаб ўтирмайман. Кечирим сўрашингизни талаб қиламан!

Тинчлик тарафдори бўлган Вэттер қўлини кўтарди.

— Менимча, ҳаммамиз чарчадик, қорин ҳам очди. Танаффус қилиб олсакмикан?

Биз қаҳва ва бутербродлар олиб келгани одам юбордик. Вэттер, Ротуэлл ва мен қаҳваларимизни олганча, узун столнинг нариги тарафига ўтирдик. Ротуэлл ҳафсаласизгина овқатланарди.

— Бу иш биринчи жараёндагидек тугаса, нима қиламиз?

— Бундай бўлмайди, деб умид қиламиз, — хўрсинди Вэттер.

Ротуэлл бир чеккада ёлғитз ўзи овқатланаётган Уатсонга ғазаб тўла нигоҳ ташлади.

— У дарҳол машина сотиб олишдек тентакликка қўл урмайди. У то бу иш тинчигунига қадар пулларни яшириб қўяди.

— Келинглар, шошилинч қарор чиқармайлик, — уни тўхтатди Вэттер. — Балки у О’Брайеннинг айбсизлигига ростдан ҳам ишонар?

Бу Мэтт Тайсонни ўлдирган О’Брайен устидан иккинчи марта суд иши кўрилиши эди. Биринчи жараёнда ўн битта айбловчи, битта оқловчи овоз берилганлиги туфайли маслаҳатчилар тарқатиб юборилганди. Ҳакамлар таркиби тарқатиб юборилганидан сўнг уч кун ўтиб, оқловчи овоз берган суд маслаҳатчиси янги автомобил сотиб олди. Буни нафақат қўшнилари, ҳатто ҳукуматнинг ҳам нигоҳидан яширолмади. Бундан бир кун аввал унинг ҳисоб рақамига беш минг доллар келиб тушганлиги ҳам аниқланди. Ҳозир унга нисбатан жиноят иши очилган. Гарчи бўйнига олмаётган эса-да, О’Брайен уни сотиб олганлиги аниқ.

Суд котиби идишларни йиғиштириб олгунича кутиб турдик-да, яна стол ёнидаги жойимизни эгалладик.

— Жаноб Уатсон, ҳаққоният барибир қарор топади, — гап бошлади Вэттер.

— Ростдан-а?

Вэттер бош ирғади.

— Сиз бировларнинг даромадини тортиб олувчи рэкетчиларнинг қамоққа олиниши ҳақида ўқийсизми?

— Албатта.

— Агар эътибор берсангиз, улар камдан-кам ҳоллардагина «рэкет” моддаси бўйича қамалишади. Одатда улар бошқа нарса учун, айтайлик, солиқлардан бош тортганликда айбланади.

— Тўғри.

— Уларга ўн йил, ўн беш йил қамоқ жазоси берилиши ҳаддан ташқари шафқатсиз ҳукм эмасми?…

Уатсон гапнинг давомини кутганча миқ этмай турарди. Вэттер жилмайди.

— Одатда, оддий солиқ тўлаш тартибини бузувчиларга кўнгилчанлик билан қарашади. Жарима ёки шартли жазо, баъзангина қисқа муддатли қамоқ жазоси тайинланади. Аммо рэкетчиларга энг юқори муддат ва энг катта жарима тайинланади.

Уатсон бош ирғади.

— Бу ерда гап нимадалигини тушундингизми? Албатта, судья унга солиқлардан бош тортгани учун эмас, балки содир этган, аммо исботлашнинг иложи бўлмаган барча жиноятлари учун жазо тайинлайди.

Уатсон хўрсинди:

— Нима демоқчи эканлигингиз тушундим, аммо…

— Гарчи унинг битта жинояти исботланмаган деб ҳисобласангиз-да, унинг бошқа кўплаб жиноятлари борлигини билишингиз керак. Уни жиноятчиларга хос ҳаёт тарзини кечираётгани учун айбдор деб топишингиз лозим.

— Тўғри, — истар-истамас рози бўлди Уатсон. — Аммо қамоқ жазоси бошқа… айтмоқчиманки, бу штатда бундай жиноят учун ўлим жазоси тайинланади.

Ротуэлл қаддини ростлаб ўтирди.

— Шунинг учун ҳам О’Брайенни айбдор деб ҳисобламаяпсизми? У электр стулига ўтириши кераклиги учунми?

Уатсон ундан нигоҳини олиб қочди. Ротуэлл овозини баландлатди:

— Сизни ҳакамлар таркибига сайлашдан олдин, ўлим жазосига қарши эмаслигингизни сўрашган. Сиз саволга ижобий жавоб бергансиз, акс ҳолда бу хонада бўлмасдингиз.

Уатсон қизариб кетди.

— Ҳа, мен қарши эмасдим… ҳозир ҳам қарши эмасман. Аммо… ўша Тайсон энг яхши фуқароларимиздан эмас ва уни йўқотиб, О’Брайен яхши иш қилган дейиш мумкин, — у ютиниб қўйди. — Бундай ҳолат учун ўлим жазоси ўта шафқатсизлик эмасми?

Хонага бир зум сукунат чўкди, кейин Вэттер сўради:

— Ўғлим, наҳотки сен қотил кўчада сайр қилиб юришини истасанг?

— Албатта, йўқ! — Уатсон чуқур хўрсинди. — Айтайлик, бизнинг ҳакамлар ҳукм чиқаролмаса, шу билан О’Брайенни озодликка чиқаришмайди-ку! Яна битта жараён бўлади, кейинги сафар уни айбдор деб тан олишади.

Бундай хулосадан Женкинс хоним хушини йўқотаёзди.

— Жаноб Уатсон, нималар деяётганингизни ўйлаяпсизми? Сиз ҳақиқатан ҳам О’Брайенни айбдор деб биласиз, аммо бу… ифлос ишни ўрнингизга бошқа одам қилишини хоҳлайсизми?

Вэттер ғамгин бош чайқади.

— Демак, О’Брайеннинг устидан яна бир марта иш кўрилади деб ҳисобларкансиз-да?

Уатсон бармоғини кўйлагининг ёқаси остига тиқди.

— Албатта.

— Нимаям дердим, бўлиши мумкин, — ғамгин илжайди Вэттер. — Аммо менинг бунга ишончим комил эмас. Назарий жиҳатдан, олганда, биронта ҳукм чиқарилмагунича О’Брайеннинг ишини чексиз даражагача олиб бориш мумкин. Аммо иккита ҳакамлар таркиби тарқатиб юборилгач, айбловчи томон шубҳаланиб қолади. Суд маслаҳатчиларини ишонтириш учун далиллар етарлими? Яна суд қилиш учун вақт ва маблағ сарфлаш шартми, балки яна бир ҳукмга келинмас? Ёки ҳатто оқловчи қарор қабул қилинар? Буларнинг бари айбловчининг жонига тегиб, «О’Брайенни ўтириши керак бўлган жойга жўнатиш учун ҳалоллиги ва қатъияти етадиган ўн иккита маслаҳатчиларни топишга қодир эмасман. Жин ургурни қўйиб юбориш керак. Шаҳарча аҳолиси шунга муносиб бўлганидан кейин ўзидан кўрсин” деб қолиши ҳам мумкин.

Уатсон ўзини ноқулай ҳис этаётгани аниқ сезиларди.

— Балки бошқача бўлиши ҳам мумкин, — давом этди Вэттер. — Тўсатдан О’Брайенни тутган полициячи нималарни кўрганини «унутиб” қўйиши мумкин. Унинг ҳам бошқалар сингари нафси бор, у ҳам О’Брайен электр стулига ўтирмаслигидан манфаатдор…

— Менга қаранг, Уатсон, — луқма ташлади Ротуэлл. — Сиз ахир О’Брайенни нафақат қотиллик учун электр стулига ўтказмаяпсиз-ку! Балки у Тайсонни ўлдиргани учун ўлим жазосига муносибдир, аммо шу уни озод қилиш учун етарлими?

— Ўғлим, — яна гапга тушди Вэттер, — буни О’Брайен айбдор бўлган биринчи ўлим деб ҳисоблайсанми? Ҳар сафар кимдир ўз машинасининг юкхонасидан жонсиз ҳолда топилганини ўқиганингда, бунинг ортида ким турганини биласан!

— Қайси томондан олсанг ҳам, — шаҳд билан гапга аралашдим мен, — О’Брайен электр стулида қоврилишга муносиб.

Уатсон фақат кўзларини пириллатди, холос.

— Жаноб Уатсон, — хотиржамгина деди Женкинс хоним, — фарзандларингиз борми?

Уатсон бош ирғади:

— Иккита. Ўғлим ўн тўртда, қизим ўн еттида.

— О’Брайенни озодликка чиқариб юборсангиз, улар сиздан фахрланармикин?

Уатсон индамасди.

— Шаҳримизда гиёҳванд моддалар савдоси қай даражадалигини биласиз, — давом этди Женкинс хоним. — Юқори синфдагиларнинг қанчаси О’Брайен ва унга ўхшаганларнинг тузоғига илиниб, игнада ўтирганини-чи?

Хонага узоқ жимлик чўмди, ниҳоят Уотсон бошини кўтарди. Кейин хўрсинди:

— Сизлар ҳақсиз. Ҳаммангиз. Мен… қўрққандим!

Вэттернинг юзига табассум ёйилди.

— Келинглар, бунга расмий тус берамиз. Мен қайта қайд этиб чиқаман.

Уатсоннинг исми айтилганда, у ўрнидан турди ва қатъий оҳангда деди:

— Айбдор!

Вэттер маъқуллаб бош ирғади ва давом этди:

— Женкинс?

— Айбдор.

— Коулмен?

— Айбдор эмас, — дедим мен.

Ўтирганларнинг бари менга ўгирилишди. Мен ўрнимдан турдим.

— Адлиянинг асосий қоидаларидан бирини бузаётганимиз хаёлимга келиб қолди. Биз О’Брайенни судга олиб келган қилмиши учун эмас, уни қандай деб ҳисоблаганимиз учун айбламоқдамиз.

Тўғри, бу қарорим ўзгаришининг асосий сабаби эмасди. Уатсон қайсарлик қилиб турганида ҳамма ишлар жойида эди. Маслаҳатчиларнинг бир қарорга келмаслигига у сабабчи бўлишини истаганим учун ҳам тинмай унинг жиғига тегиб, мазахлаб, қайсарлигини ошириб тургандим. Аммо энди Уатсон фикридан қайтди.

Мен ҳайратда қолган ўн бир нафар маслаҳатчиларга қараб, олган пулларимни оқлашим кераклигини тушундим. Шундай қилишим керакки, ҳаммаси ишончли чиқсин. Ахир Дьюк О’Брайен бу сафар ҳам ҳукм чиқарилмаслигига амин бўлиш учунгина менга ўн минг доллар берган-да…

Манба: hwww.biznestrener.uz/

067

(Tashriflar: umumiy 83, bugungi 1)

Izoh qoldiring