Erkin Malik. Bir saboq

033   Нимагадир пиёла ўнг томондан айланиб, менга келганда тўхтаб, яна чап томондан айланар эди. Чой қуювчи ҳисобда янглишди шекилли, зора чап тарафдан етиб келса деган умидда пиёлага кўз тикардим. Ҳар қалай нотаниш одамлар. Бунинг устига ҳожилик одоби, эҳром салобати, бир нарса дея олмасдим.

Эркин МАЛИК
БИР САБОҚ
09

   Биз ҳожилар самолётга чиқишдан олдин эҳромларни кийиб, бир оз фурсат борлиги учун андек чойхўрлик қилиб ўтиргандик. Куннинг иссиқлиги, бунинг устига олис йўл олдидан ташналикни қондириб олишни ўйлардик. Мен тасодифан давранинг тўрига чиқиб қолибман. Рўпарамдаги одам каттакон термосдан чой қуйиб узатарди. Йўл усти бўлгани учун пиёла ҳам битта эди.

Нимагадир пиёла ўнг томондан айланиб, менга келганда тўхтаб, яна чап томондан айланар эди. Чой қуювчи ҳисобда янглишди шекилли, зора чап тарафдан етиб келса деган умидда пиёлага кўз тикардим. Ҳар қалай нотаниш одамлар. Бунинг устига ҳожилик одоби, эҳром салобати, бир нарса дея олмасдим. Лекин аксига олгандек на ўнг тарафдан, на чап тарафдан бир қултум чой етиб келарди. Бунинг устига самолётга чиқиш хабари эълон қилиниб қолди. Шундай қилиб денг, томоқ ҳўллашгаям фурсат етмади.

То самолёт осмонга кўтарилиб, сув сўраб ичгунгача бўлган фурсат мен учун бамисоли дўзах азоби бўлди. Ўзим чойхоначи бўлиб ишламаган бўлсам ҳам майли эди. Шу десангиз кўз олдимдан «тўқсон беш» дамланган чойнаклар, яхна чой тўлдириб қўйилган идишлар қаторлашиб ўтаверди. Чойхоначининг чанқаши қизиқ бўларкан. Қайсидир чойхўрнинг ташналигини қондирмаганим учун Аллоҳ мени жазолаяпти деб ҳам ўйлардим.

Шу боис, Маккага етиб бориб, Ҳаж маросимлари бошлангач, ёнимдан зам-зам идиши узилмай қолди. Томоғи қуриб лаби тамшанган одамни кўрдим дегунча ўз ҳолим эсимга тушиб, унга сув тутардим. Бировлар дуо қиларди, бировлар эса сув кўтариб юрганимдан кулиб қўйишарди. Тарки одат амри маҳол деб, чойхоначилигимга ишора қилиб қўяман.

Мадинаи Мунавварага кетаётганимизда биз чиққан автобуслар колоннаси нимадир бўлиб, тўхтаб қолди. Қоқ чўлнинг ўртаси эди. Офтоб роса забтига олиб турипти. Автобусларнинг ичи мисдек қизиб кетган. Ҳамма ўзини ташқарига отди. Аммо йўл ёқасида на бир салқин жой, на бир тиккайган дарахт бор эди. Ҳаво шу қадар қизиганки, олган нафасингиз димоқни куйдирарди. Ҳамма қаро терга ботган. Баъзи ҳожилар ўзларидан кета бошлашди. Ҳамширалар ҳам шошиб қолищди. Мен эсам ҳали у одамнинг, ҳали бу одамнинг оғзига сув тутиб юрибман.

Бир маҳал лоҳас бўлиб ётган ҳожилардан бири мен тутган сувни ичди-да, ўзига келиб, кутилмаганда қўлимни маҳкам тутди.
— Э, биродар, шошманг, сиз мени танимадингиз, мен сизнинг олдингизда гуноҳкор бир одамман, кечиролсангиз кечиринг мени, — деди.
— Нимага? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Сизга нокаслик қилган бир одамга… Ҳозир марҳамат кўрсатдингиз.
— Тушунмадим, — дедим.
— Тошканни, аэропортни эсланг, давра қуриб чой ичган эдик. Ўшанда тўрга чиқиб олганингизга ғашим келиб, атай сизга чой узатмаган эдим. Эсладингизми? Кўришган жойимизни қаранг, — деди у.
— Шуни айтинг, буям бўлса, Аллоҳнинг ўзига хос бир синови бўпти-ку, — дедим-да, идишдаги қолган сувни ҳам унинг бошидан қуйиб юбордим.

Илоҳим шу сув ўша ғилу ғашликларни таг-туги билан аритворсин, дедим ичимда.

Зиёфат

Масжидул Ҳарам. Ибодат онлари. Рўпарамда Каъбатуллоҳ. Нақадар мўъжиза. Уч ярим минг чақирим нарида туриб, жойнамозни шу ёққа ростлаймиз. «Юзимни қиблага қаратдим», деб ният қиламиз. Энди Аллоҳнинг уйи — Қибла қаршимизда.

Кузатаман, ҳожиларнинг кўзи Каъбатуллоҳда. Тўрт тарафдан тинмай тикилишади. Ниятларини пайқагандек бўламан: Каъбатуллоҳни кўз қорачиқларига жо қилиб олиш билан бандлар. Ўзимниям бирдан-бир орзуим шу. Узоқ термулиб, кўзларимни оҳиста юмаман ва ҳобимда қайта тиклаб кўрмоқчи бўламан. У дақиқаларнинг мингдан бир улушича корачиқларимда кўрингандек бўлади-ю, бироқ, минг афсуски, бу ҳолат узоққа чўзилмайди. Қандай тез келган бўлса, шундай тез ғойиб бўлади. Шошиб кўзларимни очаман-да, яна Каъбатуллоҳга термуламан.

Шунда таниш ва қадрдон бир овоз қулоқларимга шивирлагандек бўлаверади: «Сен Аллоҳинг уйи — Каъбатуллоҳни кўзингга эмас, қалбингга жо қил. Шундагина у ўнгингда ҳам, тушингда ҳам намоён бўлаверади! Бунинг йўли битга — ибодат, ибодат, ибодат! Аллоҳга қулчилик. Унинг олдида тавозуь, ҳокисорлик…»

Ибодат! Ҳа, Аллоҳнинг уйида ўқилган икки ракат намоз бошқа жойда ўқилган юз минг ракат намозга тенг. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадислари бор. Лекин одаммиз-да. Фаришта эмасмиз. Ҳой-ҳавас, роҳат-фароғатни нари сурган тақдиримизда ҳам нафс деган бало бор. У ҳар қандай ҳолатда ўзини эслатиб туради.

Ана, айтмадимми! Қорин таталагандек бўлди. Тонг саҳардан берисига шу ердалигимни, нонушта қилмаганимни, бунинг устига, кеча кечқурун ҳам тамадди чала бўлганини эсладим. Нафсни қондириш учун ташқарига чиқиш керак. Соатга қарадим: пешин намози яқинлашиб қолибди. Ҳозир ташқарига чиқсам, Ҳарамга сувдек оқаётган издиҳом яна қайтиб ичкари киришимга мушкулликлар туғдиради. Каъбатуллоҳнинг рўпарасидаги жойимдан ажраб қоламан. Нима қилиш керак? Худонинг уйида ҳатто нафсга ҳам зулм қилиб бўлмайди. Шунда нафсимга дедим: «Аллоҳ учун чида, эй нафсим. Пешин намозидан кейин, Худо хоҳласа, сени яхшилаб зиёфат қиламан».

Кўнглимдан кечган бу нарса ёдимдан кўтарилмай туриб, биров тепамга келди ва «Хажжи», деди. Ялт этиб қарадим. У: «Ҳадя», деди-да, кафтимга олмадеккина бир нарса ташлаб кета бошлади. Қарасам, сувқоғозда бир нарса. Очсам, хурмо экан!

Тавоф

Масжидул Ҳарамда бир чол билан кампир эътиборимни тортди. Улар ниҳоятда кекса ва нотавон кўринишарди. Чол кампирининг билагидан маҳкам ушлаб олган. Уч-тўрт қадам юрган бўлишади-да, таппа ўтириб, дам олишади. Шу алпозда Каъбатуллоҳни тавоф қилаётган оқимга қараб интилишарди. Улкан тегирмон тошини эслатувчи бу издиҳомга улар яқинлашсалар борми, билмадим, у ёғи нима бўлади. Ҳа, ҳаёт ширин. Бир кунми, бир дақиқами, инсон бу ёруғ дунёда яшагиси келади. Лекин ана, чол билан кампир тавофчилар сафига қўшилишди-ю, шу заҳоти кўздан ғойиб бўлишди…

Эртасига бомдоддан сўнг ҳажга келиб омонатини топширган марҳумларнинг жанозаси ўқилди. Каъбатуллоҳ ёнига қўйилган тобут кўтарилди. Ёпинчиқдан билдимки, бири эркак ва бири аёл. Ҳа, кечаги чол билан кампир. Беихтиёр дуо қилдим: «Жойлари жаннатда бўлсин, бундай саодатга камдан-кам инсонлар мушарраф бўлишади».

Аммо шу куни тушдан кейин… сал бўлмаса, ўзимни йўқотаёздим. Рўпарамдан ўша чол билан кампир чиқиб келишарди. Юришлари эса ўша-ўша, бир-бирларини етаклаб олишган. Гўё Аллоҳим менга хитобан: «Эй ғофил бандам, ўзингча ҳукм чиқаргувчи бўлдингми! Жон эгаси менман, кимнинг жонини қандоқ асрашни ўзим биламан», дегандек бўларди. Аллоҳга минг-минг тавбалар қилдим. Бўлмаса, шунча милён ҳожиларнинг орасидан Аллоҳ уларни яна менга рўпара қиларми эди?!

Ҳадя

Буюк британиялик Муҳаммад Аслон деган ҳожи билан бир хонада турардик. У, ўзингга маъқул бўлган бирон нарса харид қиларсан, деб ҳадя берди. Мен ҳам ўз навбатида сафарда зарурат учун олган пахта гулли пиёла билан чойнагимни унга совға қилдим. У пиёла гулига узоқ тикилиб турди-да, «пахта» деди. Ҳа, Ўзбекистоннинг миллий бойлиги, деб тушунтирган бўлдим. У хурсанд бўлиб кетганидан яп-янги оёқ кийимини менга совға этди. Олмасам, хафа бўляпти, ноилож олдим. Менинг бирдан-бир мақсадим юкни камайтиришу бир қултум бўлса-да, кўпроқ Замзам олиб кетиш эди. Ахир самолётда ҳар бир кило юк ҳисобли-да!

Эртасига ҳаж сафаримизнинг сўнгги куни эди. Каъбатуллоҳ билан хайрлашишимиз керак. Биринчи кун қанчалик ҳаяжонли бўлса, хайрлашув ҳам шунчалик ҳаяжонли эди. Қолаверса, яна Каъбани кўриш насиб этадими-йўқми. Видолашув тавофини қилиб, тутдек тўкилиб, жигар-бағирларимиз эзилиб, оёқларимизни базўр судраб ташқари чиқдик. Чиққач, оёқ кийимимни қаерга қўйганимни ҳеч эслай олмасдим. Тополмаслигимга кўзим етгач, бирдан:
— Эй, Аллоҳим, ўзинг чеварсан, ҳамма нарсани олдиндан кўриб, тақдир қилгувчисан, мени афв эт, — деб юбордим. Беихтиёр қуйилиб келган кўз ёшларимни артдим. Хамроҳларимдан бири нима гап, дегандек менга қаради. Мен:
— Аллоҳим пойабзалимни йўқолишини тақдир этган экан-у, мен ношуд банда билмаган эканман. Мана, энди Муҳаммад Аслоннинг ҳадясини кийиб, уйга қайтаман, — дедим.

Ҳофиз

Ҳарамда бир одамни кўрдиму, сесканиб кетдим. Танамга симиллаб оғриқ югурди. У шундоққина орқа қаторда ўтирарди.

Юзимни қанчалик тез ўгирмай, афт-ангори кўз олдимдан кетмасди. Тасаввур қилинг: кўмир унинг олдида оқлик қилади. Пешона бўртиб чиққан, бурун деярли йўқ, ияк томоққа ёпишган.

Кўз ўнгимдан бу даҳшатни қувиш учун беихтиёр она юртим, юртдошларимни эсладим. Улар қанчалар истарали, келишган, хушбичим. Аллоҳим бизларни хўб ярлақаган эканда.

Ўрнимдан аста турдиму «Нуқсонсиз қилиб яратганинг учун» деб икки ракат шукрона намозини ўқий бошладим. Ичимдан эса унсиз бир ҳайқириқ гулдираб келарди. Юртдошларимга: «Эй менинг азизларим, қадрдонларим, опаларим, сингилларим, юртдошларим! Аллоҳим бизнинг диёрларни қанчалар гўзал қилиб яратганини билсангиз эди. Одамларимизни-чи? Оҳ-ҳо, худди табиатимиздек гўзал, бетакрор… Ана шулар учун ҳам Аллоҳга ҳамд айтмоқ керак, ибодат қилиш керак! Ибодат… Дарвоқе, у Сиз билан биз ўйлаганчалик жойнамоз устида ётиб-туравериш эмас. Йўқ, асло! Аллоҳ бизларни нимаданки қайтарибди, ўшалардан қайтиш, тийилиш ҳам ибодат. Ҳалол еб, ҳалол ичиш. Хиёнатдан, фитнадан ҳазар қилиш. Нафснинг қулига айланмаслик. Юртни ёмон кўзлардан, ёмон сўзлардан асраш. Ҳимматли бўлиш, савоб ишларнинг этагини тутиш… буларнинг бари, бари ибодат. Жойнамоз устидаги ибодатимиз шуларсиз мукаммал эмас!.. Яратган эгам хушсурат қилиб, жаннатдек маконларда яшатиб қўйибдими, дунёвий ишларимиз ҳам, уҳровий ишларимиз ҳам шунга яраша бўлмоғи керак, ҳа…» дегим келарди.

Ана шуларни кўнгилдан бир-бир ўтказиб турсам, ғоятда нафис ва майин Қуръон тиловати қулоғимга чалинди. Диққат қилсам, у орқа тарафимдан келарди. Оҳ, Аллоҳнинг каломи қанчалар ҳузурбахш-а? У кимнинг ва қайси миллатнинг тилидан учмасин, бирдек ёқимли, бирдек сеҳрли.

Аслида Ҳарамда овоз чиқариб тиловат қилинмайди. Бу ер қорихона ёки Мадраса эмас. Биров бировга ҳалал бермаслиги керак. Бироқ баъзилар илҳомга берилиб кетганларидан, ўзлари сезмаган ҳолда… ҳа, азбаройи йиғлаб қироат эта бошлайдилар. Эҳ, овозинг мана шундай ширали бўлса, ҳеч кимга ҳам малол келмаса керак. Қайтага кўзлари жиққа ёшга тўлиб, сел бўлиб эшитадилар.

Айни паллада шундай манзара кузатилаётган эди. Биз томонларда аксари шунақа ширали тиловат қилинади. Ажабо, овози танишми? Ким бўлса экан?

Орқага қараш учун менга икки нарса монелик қиларди. Бири — бояги бадбашара қиёфа бўлса, иккинчиси ҳофизи Қурьонни чўчитиб юбормаслик. Ҳа, у малол келяпти, деб ўйлаши мумкин.

Аммо… қани энди таскин топа олсам! Инсонмиз-да. Қулоққа кирдими — кўрсак деймиз. Кўрдикми — ушламагунча тинчимаймиз! Беихтиёр Аллоҳга ёлбораман: «Эй буюк Яратган Эгам, мени ҳам шунақа ҳофизи Қуръонлардан қил, овозимни ширали қил!»

Ажабо, инсоннинг товуши ҳам унинг суратини чиза олар экан: Ана, мош-гуруч соқолли, кулча юзли киши, юзидан нур ёғилиб тиловат қиляпти.

Ахийри чидай олмадим. Шундай қорига қараб қўймаслик мумкин эмасди. Қарасам, Каъбатуллоҳга қараб ўтириб тиловат қилаётган одам бояги киши эди!
Аллоҳга беадад тавбаларки, Ҳофизи Қуръон бояги беўхшов кишининг (айтишгада тил айланмасди) ўзгинаси эди. Ён-атрофдагилар унга томон кунгабоқардек қараб қолган эдилар. Мўъжизакор овоз ўша одамнинг йўқдан бордек оғзидан чиқар эди…

Манба: www.fermeruz.uz

09

Erkin MALIK
BIR SABOQ
09

Biz hojilar samolyotga chiqishdan oldin ehromlarni kiyib, bir oz fursat borligi uchun andek choyxo’rlik qilib o’tirgandik. Kunning issiqligi, buning ustiga olis yo’l oldidan tashnalikni qondirib olishni o’ylardik. Men tasodifan davraning to’riga chiqib qolibman. Ro’paramdagi odam kattakon termosdan choy quyib uzatardi. Yo’l usti bo’lgani uchun piyola ham bitta edi.

Nimagadir piyola o’ng tomondan aylanib, menga kelganda to’xtab, yana chap tomondan aylanar edi. Choy quyuvchi hisobda yanglishdi shekilli, zora chap tarafdan yetib kelsa degan umidda piyolaga ko’z tikardim. Har qalay notanish odamlar. Buning ustiga hojilik odobi, ehrom salobati, bir narsa deya olmasdim. Lekin aksiga olgandek na o’ng tarafdan, na chap tarafdan bir qultum choy yetib kelardi. Buning ustiga samolyotga chiqish xabari e’lon qilinib qoldi. Shunday qilib deng, tomoq ho’llashgayam fursat yetmadi.

To samolyot osmonga ko’tarilib, suv so’rab ichgungacha bo’lgan fursat men uchun bamisoli do’zax azobi bo’ldi. O’zim choyxonachi bo’lib ishlamagan bo’lsam ham mayli edi. Shu desangiz ko’z oldimdan
«to’qson besh» damlangan choynaklar, yaxna choy to’ldirib qo’yilgan idishlar qatorlashib o’taverdi. Choyxonachining chanqashi qiziq bo’larkan. Qaysidir choyxo’rning tashnaligini qondirmaganim uchun Alloh meni jazolayapti deb ham o’ylardim.

Shu bois, Makkaga yetib borib, Haj marosimlari boshlangach, yonimdan zam-zam idishi uzilmay qoldi. Tomog’i qurib labi tamshangan odamni ko’rdim deguncha o’z holim esimga tushib, unga suv
tutardim. Birovlar duo qilardi, birovlar esa suv ko’tarib yurganimdan kulib qo’yishardi. Tarki odat amri mahol deb, choyxonachiligimga ishora qilib qo’yaman.

Madinai Munavvaraga ketayotganimizda biz chiqqan avtobuslar kolonnasi nimadir bo’lib, to’xtab qoldi. Qoq cho’lning o’rtasi edi. Oftob rosa zabtiga olib turipti. Avtobuslarning ichi misdek qizib ketgan. Hamma o’zini tashqariga otdi. Ammo yo’l yoqasida na bir salqin joy, na bir tikkaygan daraxt bor edi. Havo shu qadar qiziganki, olgan nafasingiz dimoqni kuydirardi. Hamma qaro terga botgan. Ba’zi hojilar o’zlaridan keta boshlashdi. Hamshiralar ham shoshib qolishdi. Men esam hali u odamning, hali bu odamning og’ziga suv tutib yuribman.

Bir mahal lohas bo’lib yotgan hojilardan biri men tutgan suvni ichdi-da, o’ziga kelib, kutilmaganda qo’limni mahkam tutdi.
— E, birodar, shoshmang, siz meni tanimadingiz, men sizning oldingizda gunohkor bir odamman, kechirolsangiz kechiring meni, — dedi.
— Nimaga? — dedim hayron bo’lib.
— Sizga nokaslik qilgan bir odamga… Hozir marhamat ko’rsatdingiz.
— Tushunmadim, — dedim.
— Toshkanni, aeroportni eslang, davra qurib choy ichgan edik. O’shanda to’rga chiqib olganingizga g’ashim kelib, atay sizga choy uzatmagan edim. Esladingizmi? Ko’rishgan joyimizni qarang, — dedi u.
— Shuni ayting, buyam bo’lsa, Allohning o’ziga xos bir sinovi bo’pti-ku, — dedim-da, idishdagi qolgan suvni ham uning boshidan quyib yubordim.

Ilohim shu suv o’sha g’ilu g’ashliklarni tag-tugi bilan aritvorsin, dedim ichimda.

Ziyofat

Masjidul Haram. Ibodat onlari. Ro’paramda Ka’batulloh. Naqadar mo»jiza. Uch yarim ming chaqirim narida turib, joynamozni shu yoqqa rostlaymiz. «Yuzimni qiblaga qaratdim», deb niyat qilamiz. Endi Allohning uyi — Qibla qarshimizda.

Kuzataman, hojilarning ko’zi Ka’batullohda. To’rt tarafdan tinmay tikilishadi. Niyatlarini payqagandek bo’laman: Ka’batullohni ko’z qorachiqlariga jo qilib olish bilan bandlar. O’zimniyam birdan-bir orzuim shu. Uzoq termulib, ko’zlarimni ohista yumaman va hobimda qayta tiklab ko’rmoqchi bo’laman. U daqiqalarning mingdan bir ulushicha korachiqlarimda ko’ringandek bo’ladi-yu, biroq, ming afsuski, bu holat uzoqqa cho’zilmaydi. Qanday tez kelgan bo’lsa, shunday tez g’oyib bo’ladi. Shoshib ko’zlarimni ochaman-da, yana Ka’batullohga termulaman.

Shunda tanish va qadrdon bir ovoz quloqlarimga shivirlagandek bo’laveradi: «Sen Allohing uyi — Ka’batullohni ko’zingga emas, qalbingga jo qil. Shundagina u o’ngingda ham, tushingda ham namoyon bo’laveradi! Buning yo’li bitga — ibodat, ibodat, ibodat! Allohga qulchilik. Uning oldida tavozu`, hokisorlik…»

Ibodat! Ha, Allohning uyida o’qilgan ikki rakat namoz boshqa joyda o’qilgan yuz ming rakat namozga teng. Bu haqda Payg’ambarimiz (s.a.v.)ning hadislari bor. Lekin odammiz-da. Farishta emasmiz. Hoy-havas, rohat-farog’atni nari surgan taqdirimizda ham nafs degan balo bor. U har qanday holatda o’zini eslatib turadi.

Ana, aytmadimmi! Qorin tatalagandek bo’ldi. Tong sahardan berisiga shu yerdaligimni, nonushta qilmaganimni, buning ustiga, kecha kechqurun ham tamaddi chala bo’lganini esladim. Nafsni qondirish uchun tashqariga chiqish kerak. Soatga qaradim: peshin namozi yaqinlashib qolibdi. Hozir tashqariga chiqsam, Haramga suvdek oqayotgan izdihom yana qaytib ichkari kirishimga mushkulliklar tug’diradi. Ka’batullohning ro’parasidagi
joyimdan ajrab qolaman. Nima qilish kerak? Xudoning uyida hatto nafsga ham zulm qilib bo’lmaydi. Shunda nafsimga dedim: «Alloh uchun chida, ey nafsim. Peshin namozidan keyin, Xudo xohlasa, seni yaxshilab ziyofat qilaman».

Ko’nglimdan kechgan bu narsa yodimdan ko’tarilmay turib, birov tepamga keldi va «Xajji», dedi. Yalt etib qaradim. U: «Hadya», dedi-da, kaftimga olmadekkina bir narsa tashlab keta boshladi. Qarasam, suvqog’ozda bir narsa. Ochsam, xurmo ekan!

Tavof

Masjidul Haramda bir chol bilan kampir e’tiborimni tortdi. Ular nihoyatda keksa va notavon ko’rinishardi. Chol kampirining bilagidan mahkam ushlab olgan. Uch-to’rt qadam yurgan bo’lishadi-da, tappa o’tirib, dam olishadi. Shu alpozda Ka’batullohni tavof qilayotgan oqimga qarab intilishardi. Ulkan tegirmon toshini eslatuvchi bu izdihomga ular yaqinlashsalar bormi, bilmadim, u yog’i nima bo’ladi. Ha, hayot shirin. Bir kunmi, bir daqiqami, inson bu yorug’ dunyoda yashagisi keladi. Lekin ana, chol bilan kampir tavofchilar safiga qo’shilishdi-yu, shu zahoti ko’zdan g’oyib bo’lishdi…

Ertasiga bomdoddan so’ng hajga kelib omonatini topshirgan marhumlarning janozasi o’qildi. Ka’batulloh yoniga qo’yilgan tobut ko’tarildi. Yopinchiqdan bildimki, biri erkak va biri ayol.
Ha, kechagi chol bilan kampir. Beixtiyor duo qildim: «Joylari jannatda bo’lsin, bunday saodatga kamdan-kam insonlar musharraf bo’lishadi».

Ammo shu kuni tushdan keyin… sal bo’lmasa, o’zimni yo’qotayozdim. Ro’paramdan o’sha chol bilan kampir chiqib kelishardi. Yurishlari esa o’sha-o’sha, bir-birlarini yetaklab olishgan. Go’yo Allohim menga xitoban: «Ey g’ofil bandam, o’zingcha hukm chiqarguvchi bo’ldingmi! Jon egasi menman, kimning jonini qandoq asrashni o’zim bilaman», degandek bo’lardi. Allohga ming-ming tavbalar qildim. Bo’lmasa, shuncha milyon hojilarning orasidan Alloh ularni yana menga ro’para qilarmi edi?!

Hadya

Buyuk britaniyalik Muhammad Aslon degan hoji bilan bir xonada turardik. U, o’zingga ma’qul bo’lgan biron narsa xarid qilarsan, deb hadya berdi. Men ham o’z navbatida safarda zarurat uchun olgan paxta gulli piyola bilan choynagimni unga sovg’a qildim. U piyola guliga uzoq tikilib turdi-da, «paxta» dedi. Ha, O’zbekistonning milliy boyligi, deb tushuntirgan bo’ldim. U xursand bo’lib ketganidan yap-yangi oyoq kiyimini menga sovg’a etdi. Olmasam, xafa bo’lyapti, noiloj oldim. Mening birdan-bir maqsadim yukni kamaytirishu bir qultum bo’lsa-da, ko’proq Zamzam olib ketish edi. Axir samolyotda har bir kilo yuk hisobli-da!

Ertasiga haj safarimizning so’nggi kuni edi. Ka’batulloh bilan xayrlashishimiz kerak. Birinchi kun qanchalik hayajonli bo’lsa, xayrlashuv ham shunchalik hayajonli edi. Qolaversa, yana Ka’bani ko’rish nasib etadimi-yo’qmi. Vidolashuv tavofini qilib, tutdek to’kilib, jigar-bag’irlarimiz ezilib, oyoqlarimizni bazo’r sudrab tashqari chiqdik. Chiqqach, oyoq kiyimimni qaerga qo’yganimni hech eslay olmasdim. Topolmasligimga ko’zim yetgach, birdan:
— Ey, Allohim, o’zing chevarsan, hamma narsani oldindan ko’rib, taqdir qilguvchisan, meni afv et, — deb yubordim. Beixtiyor quyilib kelgan ko’z yoshlarimni artdim. Xamrohlarimdan biri nima gap, degandek menga qaradi. Men:
— Allohim poyabzalimni yo’qolishini taqdir etgan ekan-u, men noshud banda bilmagan ekanman. Mana, endi Muhammad Aslonning hadyasini kiyib, uyga qaytaman, — dedim.

Hofiz

Haramda bir odamni ko’rdimu, seskanib ketdim. Tanamga simillab og’riq yugurdi. U shundoqqina orqa qatorda o’tirardi.

Yuzimni qanchalik tez o’girmay, aft-angori ko’z oldimdan ketmasdi. Tasavvur qiling: ko’mir uning oldida oqlik qiladi. Peshona bo’rtib chiqqan, burun deyarli yo’q, iyak tomoqqa yopishgan.

Ko’z o’ngimdan bu dahshatni quvish uchun beixtiyor ona yurtim, yurtdoshlarimni esladim. Ular qanchalar istarali, kelishgan, xushbichim. Allohim bizlarni xo’b yarlaqagan ekanda.

O’rnimdan asta turdimu «Nuqsonsiz qilib yaratganing uchun» deb ikki rakat shukrona namozini o’qiy boshladim. Ichimdan esa unsiz bir hayqiriq guldirab kelardi. Yurtdoshlarimga: «Ey mening azizlarim, qadrdonlarim, opalarim, singillarim, yurtdoshlarim! Allohim bizning diyorlarni qanchalar go’zal qilib yaratganini bilsangiz edi. Odamlarimizni-chi? Oh-ho, xuddi tabiatimizdek go’zal, betakror… Ana shular uchun ham Allohga hamd aytmoq kerak, ibodat qilish kerak! Ibodat… Darvoqe, u Siz bilan biz o’ylaganchalik joynamoz ustida yotib-turaverish emas. Yo’q, aslo! Alloh bizlarni nimadanki qaytaribdi, o’shalardan qaytish, tiyilish ham ibodat. Halol yeb, halol ichish. Xiyonatdan, fitnadan hazar qilish. Nafsning quliga aylanmaslik. Yurtni yomon ko’zlardan, yomon so’zlardan asrash. Himmatli bo’lish, savob ishlarning etagini tutish… bularning bari, bari ibodat. Joynamoz ustidagi ibodatimiz shularsiz mukammal emas!.. Yaratgan egam xushsurat qilib, jannatdek makonlarda yashatib qo’yibdimi, dunyoviy ishlarimiz ham, uhroviy ishlarimiz ham shunga yarasha bo’lmog’i kerak, ha…» degim kelardi.

Ana shularni ko’ngildan bir-bir o’tkazib tursam, g’oyatda nafis va mayin Qur’on tilovati qulog’imga chalindi. Diqqat qilsam, u orqa tarafimdan kelardi. Oh, Allohning kalomi qanchalar huzurbaxsh-a? U kimning va qaysi millatning tilidan uchmasin, birdek yoqimli, birdek sehrli.

Aslida Haramda ovoz chiqarib tilovat qilinmaydi. Bu yer qorixona yoki Madrasa emas. Birov birovga halal bermasligi kerak. Biroq ba’zilar ilhomga berilib ketganlaridan, o’zlari sezmagan holda… ha, azbaroyi yig’lab qiroat eta boshlaydilar. Eh, ovozing mana shunday shirali bo’lsa, hech kimga ham malol kelmasa kerak. Qaytaga ko’zlari jiqqa yoshga to’lib, sel bo’lib eshitadilar.

Ayni pallada shunday manzara kuzatilayotgan edi. Biz tomonlarda aksari shunaqa shirali tilovat qilinadi. Ajabo, ovozi tanishmi? Kim bo’lsa ekan?

Orqaga qarash uchun menga ikki narsa monelik qilardi. Biri — boyagi badbashara qiyofa bo’lsa, ikkinchisi hofizi Qur`onni cho’chitib yubormaslik. Ha, u malol kelyapti, deb o’ylashi mumkin.

Ammo… qani endi taskin topa olsam! Insonmiz-da. Quloqqa kirdimi — ko’rsak deymiz. Ko’rdikmi — ushlamaguncha tinchimaymiz! Beixtiyor Allohga yolboraman: «Ey buyuk Yaratgan Egam, meni ham shunaqa hofizi Qur’onlardan qil, ovozimni shirali qil!»

Ajabo, insonning tovushi ham uning suratini chiza olar ekan: Ana, mosh-guruch soqolli, kulcha yuzli kishi, yuzidan nur yog’ilib tilovat qilyapti.

Axiyri chiday olmadim. Shunday qoriga qarab qo’ymaslik mumkin emasdi. Qarasam, Ka’batullohga qarab o’tirib tilovat qilayotgan odam boyagi kishi edi!
Allohga beadad tavbalarki, Hofizi Qur’on boyagi beo’xshov kishining (aytishgada til aylanmasdi) o’zginasi edi. Yon-atrofdagilar unga tomon kungaboqardek qarab qolgan edilar. Mo»jizakor ovoz o’sha odamning yo’qdan bordek og’zidan chiqar edi…

Manba: www.fermeruz.uz

09

(Tashriflar: umumiy 889, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бу хикояларни ёзган одам муродига етсин. Каминага ёқди. Яна икки алфавитда. Чоллар ҳам ёшлар ҳам ўқисин учун.

Izoh qoldiring