Husan Maqsud. Chin so’z aytish — chin shoir qismati.

3456
Ўтган асрнинг 70-йиллари охири, 80-йиллари бошларида ўзбек адабиётига тоза руҳ, жарангдор овоз, поэтик тозарган соф адабий об-ҳаво кириб келди. Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон каби ижодкорлар ўша даврлардан бошлаб аввалгидай “катта” одамларнинг кичкина, арзимас, кераксиз юмушлари, ҳатти- ҳаракатлари ҳақида эмас, аксинча, “кичик”, содда одамларнинг катта-катта дардлари, пўртанавор руҳий кечинмалари, уларнинг ташвишлари, кўнгил оламининг турли товланишлари ҳақида куйлашди. Уларни буюк рус халқи, партия, коммунизм каби сафсаталар қизиқтирмай қўйди. Энди уларда оламни поэтик идрок этиш ўзгарди, рамзлар, мажозлар орқали инсоннинг ички кечинмаларини табиат манзаралари билан қоришиқ тарзда тасвирлаш кучайди.

777

Ҳусан Мақсуд
ЧИН СЎЗ АЙТИШ – ЧИН ШОИР ҚИСМАТИ
Шавкат Раҳмон ижодига бир назар

Ғам сўзин элимдан олдинроқ айтдим,
 Бахт сўзин айтаман, элдан кейинроқ.

Юқоридаги мисраларни элу юртини чин дилдан севган чин Шахсгина айтиши мумкин, бир умр Ватан ва Миллат учун яшаган Шоиргина шундай исён билан куйлай олади.
Шукрки, бизнинг адабиётимизда шундай Инсон, шундай Шоирлар йўқ эмас. Шулар орасида элининг ғам чекишини хоҳламаган, халқнинг доимо бахтли яшашини истаган Шахс – Шоир бор.У Шавкат Раҳмон эди. Ҳақиқатдан ҳам Шавкат Раҳмон исёнкор шоир эди. Халқининг ҳур ва озод яшашини истаган оловқалб Инсон эди. У оташин шеърлари билан умри давомида халқининг қалбини, онгу шуурини алангалатиб яшади. У Ватан ҳақда бир шеърида:

Ҳали асл Ватан бўлишинг учун
овози тошларни ёрар куйчилар,
қанчалаб сеҳргар шоирлар керак,
қанча билим керак,
қанча куч-чидам.

— дейди.
Ҳа, шоир наздида асл Ватан бўлиши учун жуғрофий ҳудуднинг ўзи камлик қилади. Асл Ватан бўлиши учун овози тошларни-да ёрадиган куйчилар, оддий қофиясевар шеърбозлар эмас, сеҳргар шоирлар керак. Шоирга тағин булар ҳам камлик қилади. У катта билим, катта куч-чидамни ҳам истайди.
Юқорида айтиб ўтдикки, шоир бутун умр Ватанини куйлади. Шавкат Раҳмоннинг бутун ижодига назар солсак, ижодининг талайгина қисмини Ватан, унинг ҳурлиги, озодлиги ва шу йўлда бўлган курашлар ҳақида ёзилган шеърлар ташкил қилади. Шунинг учун шоир ҳақли равишда:

Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар –
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
Ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.

— дейди.
Ҳақиқий шоиргина келажакни олдиндан кўра олади. Шунинг учун уни (шоирни) башоратчи десак янглишмаймиз. Зероки, асл шоир элдан олдинда юради. Халқдан аввал олам ва борлиқни идрок қилади. Ва бу ҳақда ўз халқини огоҳлантиради. Шоирнинг “ Башорат ” деб номланган шеърида шундай мисралар бор:

Сурилар бу темир пардалар,
истибдоднинг тоғлари қулар,
моғор босган қора қаърлардан
милён озод руҳлилар турар.

Тўғри, ўша пайтларда бундай “башорат”ларни бошқалар ҳам айтган бўлиши мумкин: ота-она жимжит тунда ўғил-қизига, чоли кампирига, биров эса севган ёрига; ҳеч бўлмаганда кимдир ёлғиз қолганда ўзига ўзи айтгандир (ичида бўлса ҳам!). Лекин бу оддийгина “омонат гап”. Бундай гапни баралла айтиш учун эса Жасорат керак. Катта Жасоратгина шоирга баланд ва ўткир овозда куйлаш имконини беради. Ш.Раҳмон ана шундай Жасоратли истеъдод эгаси эди. Шунинг учун шоирнинг “ … билмоқчи бўлсангиз агар шоирлик, жасорат сўзининг таржимасидир”, деган мисраларига ўзининг ижоди ва шахсиятига ёндашган ҳолда ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Шавкат Раҳмон шеърияти жасоратли, журъаткор шеърият.Ўзи айтганидек, унинг сўзлари “…кескир сўзлар”. Шунинг учун у қандай мавзуда ёзмасин, руҳияти сўлган, қалби мудраган одамларни сергак торттиради, уларнинг ҳам худди ўзидек ҳақиқат, озодлик, ерк учун ёниб яшашларини истайди.
Аслида, биз бу мақолада Шавкат Раҳмонни Ватан ва унга даҳлдор туйғулар куйчиси сифатида бир ёқлама талқин қилмоқчи эмасмиз. Шоирнинг бошқа мавзудаги шундай бир лирик-фалсафий шеърлари ҳам борки, уларни таҳлил қилмасдан, юз ўгириб кетолмадик.Бу ҳақда сал қуйироқда тўхталиб ўтамиз. Худди шу ўринда қуйидагича савол туғилиши мумкин: “Хўш, шу пайтгача Шавкат Раҳмон фақат ватанпарвар шоир сифатида ўрганилиб келинганми? Ватан ҳақида ёзганларидан бошқа шеърлари таҳлил қилинмаганми?”. Бу, албатта, ҳақли савол.
Шоирнинг ижоди бўйича кўп тадқиқотлар олиб борилган.Чунончи, шоирнинг биринчи ва иккинчи китоблари чиққан пайтда (1980-йиллар бошида) таниқли мунаққид Озод Шарафиддинов ўша давр ёш ижодкорлари (Усмон Азим, Сулаймон Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон) ижоди билан биргаликда Шавкат Раҳмон ижодига ҳам назар ташлаб ўтади. 1981 йилда ёзувчи ва танқидчи Аҳмад Аъзам “Маъсул сўз” мақоласида, замонавий ва мумтоз адабиёт синчиси Иброҳим Ҳаққул эса “Қисмат туйғуси – ватанни таниш” мақоласида шоир шеърларига холисона ёндашиб, Ш.Раҳмоннинг поэтик маҳоратини кўрсатадиган шеърларига тўхталиб ўтадилар. Керак ўринларда шоирни очиқ танқид қилишади. Мустақиллик йилларида ҳам шоир ижоди анчайин ўрганилди. Профессор Қ.Йўлдошев ҳамда ёзувчи ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамнинг мақолалари, айниқса, характерлидир.Шу мақолалар орқали шоир феномени анчагина гавдаланади. Ҳозирги кунда шеъриятдаги Ватан мавзуси талқини бўйича тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчи Раъно Муллахўжаеванинг ёзганлари ҳам кўпроқ Шавкат Раҳмон ижодига бориб тақалади. Юқоридаги мақолаларга назар ташлаб чиқсак, уларда кўпроқ шоирнинг Ватан ва унга хос туйғулар, ҳаёт ҳақиқати, инсон ва унинг ўзлиги ҳақида ёзилган шеърлари таҳлили ёритилган.
Ўтган асрнинг 70-йиллари охири, 80-йиллари бошларида ўзбек адабиётига тоза руҳ, жарангдор овоз, поэтик тозарган соф адабий об-ҳаво кириб келди. Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон каби ижодкорлар ўша даврлардан бошлаб аввалгидай “катта” одамларнинг кичкина, арзимас, кераксиз юмушлари, ҳатти- ҳаракатлари ҳақида эмас, аксинча, “кичик”, содда одамларнинг катта-катта дардлари, пўртанавор руҳий кечинмалари, уларнинг ташвишлари, кўнгил оламининг турли товланишлари ҳақида куйлашди. Уларни буюк рус халқи, партия, коммунизм каби сафсаталар қизиқтирмай қўйди. Энди уларда оламни поэтик идрок этиш ўзгарди, рамзлар, мажозлар орқали инсоннинг ички кечинмаларини табиат манзаралари билан қоришиқ тарзда тасвирлаш кучайди.
Исбот тариқасида Шавкат Раҳмоннинг табиат тасвирлари инсон кечинмалари билан уйғун тарзда, мусаввирона чизилган шеърларидан баъзи бирлари билан танишиб чиқсак. Шоирнинг “Юрак қирралари” номли китобига киритилган “Қалин шоҳлар аро ялтираб…” деб бошланувчи шеъри бор. Бу шеър кейинчалик шоир “Сайланма”сига “Ўрмонда” номи билан киритилган. Шеърнинг сюжети шундай: бир одам милтиқ билан ўрмонга кириб келади. Ўқ узиб она бўрини ўлдиради ва етим қолган бўри болаларини қопга солиб, ўрмондан чиқиб кетади. Бу, юқорида айтиб ўтганимиздек, шеърнинг сюжети. Лекин шеърни ўқиган шеърхонни бошқа нарса ўзига тортади. Шеърда ўрмон манзараси, унинг ичидаги одам – овчининг ҳаракатлари, ўрмон жонзотларининг тасвири худди профессионал рассомдек чизилган. Шеърнинг қувватини шоирнинг ўткир мусаввирона нигоҳи оширган.

Қалин шоҳлар аро ялтираб,
кун нурлари оқаётган дам,
елкасида қўшоғиз милтиқ –
кириб келди ўрмонга одам…

Шохлари қалин ўрмонга қўшоғиз милтиқли одам кириб келди. Қалин шоҳлар орасидан қуёш нурлари товланиб турибди. Шоир 2-мисрада абстракт тушунча – кунни худди моддий нарсадек (яъни сувдек) жонлантиради: ялтираган кун шоҳлар орасидан оқмоқда.
2-бандда афсонавий зангори диёр бўлмиш ўрмон тасвири берилган:

Афсонавий, зангори диёр,
бағри тўла жодули сукун.
Шохлар аро тобора кўпроқ
нурларини оқизарди кун.

Тасвирга эътибор беринг-а! Қандай жонли тасвир!? Қадимги дунё афсоналаридан маълумки, жанг ва ов, кўпроқ, ўрмонда бўлади. Шунинг учун шоир ўрмонни “афсонавий” дейди.Ўрмоннинг сукунати шу даражадаки, сеҳр-жоду оролидек.

Чор атрофни кузатар одам,
бор садони тинглар атайлаб,
дарахтларни паналар, бирдан
майсаларни босар авайлаб…

Жодули ўрмонга кирган одам атрофга диққат билан назар солмоқда. Ҳар бир товушни тингламоқда. Ниманидир (ёки кимнидир) чўчитиб юбормаслик учун майсаларни ҳам авайлаб босмоқда…

Уйқудаги ўрмон тўсатдан
кўрмай қўяр кўҳна тушларни
ва қаттиқроқ бағрига босар
сайраётган гўзал қушларни.

Шоир шу ўринда жонлантириш воситасида поэтик манзара яратади. Яни кимдандир чўчиган ўрмон туш кўрмай қўйди, дейди. Ҳатто хавфдан асраш учун қўйнидаги митти ва гўзал жонзотларни бағрига қаттиқроқ боса бошлади.
Шундан сўнг, орага жимлик чўкди. Икки томон – одам ва ўрмон ниманидир жим кутмоқда:

Жимлик чўкар орага бир зум,
оҳ, бу кутуш лаҳзаси ёмон!
Варанглаган ўқдан айиқдай
бўкирворар баҳайбат ўрмон.

Тўсатдан ўқ узилди. Ўқнинг даҳшатли овозидан ўрмон жонзотлари бир сесканиб тушди: қарғалар “қар-қар” лай бошлади, у дарахтдан бу дарахтга сакраётган маймунлар боладай инграб юборди, турли-туман митти қушлар чуғурлай бошлади. Шу ҳолатни шоир образли қилиб ўрмонни бўкириб юборган айиққа менгзайди.
Шоир ҳеч бир сўзни исроф қилмай ишлатади. Бир жумлада жумлага сиғмайдиган воқеликни тасвирлайди. Масалан, юқоридаги банднинг 3-мисрасида одам елкасидан милтиқни олиб, мўлжаллаб ўқ узган ҳолатини бафуржа гапириб ўтирмайдида, “Варанглаган ўқдан айиқдай”, деб овчининг ўқ узганини қисқа поэтик тасвирда чизади. Бу ҳолатни кейинги бандда ҳам кўрамиз.

…Она бўри инграб қулайди,
кўзлари – лим қотган жоласи.
Шошилмасдан милтиқли одам
қопга солар бўри боласин

Бандга эътибор берсак, банд кўп нуқта билан бошланган. Бу дегани банддан ҳам олдин қандайдир воқеа юз берган. Лекин шоир буни айтиб ўтирмайди, бўрининг инграб йиқилишидан бандни бошлайди. Демак, одам эҳтиёткорона ҳаракат қилиб, она бўрига ўқ узган экан. Бўри қулагандан кейин одам бўри болаларини шошилмасдан қопга солади…
Биз юқорида шоирни ўткир мусаввирона нигоҳ эгаси дедик. Бунга таҳлил қилинган мисралар орқали ҳам гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, шоир оламни ўзгача кўрадиган ижодкор. Шу боис ҳаётий манзаралар замиридан кутилмаган хулоса ва ҳукмлар чиқаради. Биз бунга шеърнинг кулминатцияси бўлган охирги икки бандни ўқиб ишонч ҳосил қиламиз:

Чор атрофга қарамас энди,
майсаларни босар хотиржам.
Титроқ босган ўрмон ичида
узоқ инграр ярадор одам…

Шоир наздида, қон тўкиб вахшийлашган овчи (одам емас!) энди атрофга бепарво; майсаларни хотиржам эзиб кетмоқда… Шу ерга келиб, шеърхоннинг ақли шошиб қолади: одам бўрини ўлдирди, болаларига эгалик қилиб, қопга солиб кетаётган бўлса… Ундан бошқа ҳеч кас йўқку! Аммо шоир нима учундир “Титроқ босган ўрмон ичида Узоқ инграр ярадор одам” демоқда. У одам ким?
Шоирнинг поэтик маҳорати шу ерда янада яққол кўринади. Банд охиридаги “одам” бу – бўри.
Ўзбек адабиётида рамз, одатда, инсонга нисбатан қўлланиб келинган. Масалан, тулки айёрлик рамзи. Айёр одамга тулки дейишади. Ёки тили заҳар одамга илон дейишади. Лекин Шавкат Раҳмон “одам” сўзини йиртқич жонзотга нисбатан қўллайди. “Узоқ инграр ўрмонда бўри”, демай, образли қилиб “Узоқ инграр ўрмонда одам” дейди. Маълумки, бўри ярадор. Ўзини ўнглашга қурби етмаяпти. Бунинг устига, овчи унинг болаларини олиб кетаётир. Иложсиз қолган бўри ўз болалари учун куюнмоқда. Ҳатто бўри ҳам худди одамдек ўз вужудидан яралган жигарбандлари учун инграмоқда. Шунинг учун шоир бўрининг ожизлигини инсонга қиёслаб, уни “одам” дейди. Шеърхон шу ўринда шоир поэтик тасвир услубининг ўзига хослигига гувоҳ бўлади.
Ва ниҳоят шоир охирги бандда мажозни ўз ўрнида қўллаб, одамни бўрига менгзайди:

Ғарқ қилади қалин шохларни
куннинг қонга ўхшаган нури,
елкасида қўшоғиз милтиқ,
чиқиб кетар ўрмондан бўри…

Энди эса шоир одамнинг қонхўрлигини, жонзотларга раҳм-шафқатсиз эканлигини вахшийлик деб билиб, уни “бўри” дейди. Чунки баъзи бир инсонларнинг ҳатти-ҳаракатлари, қиладиган ишлари уларни инсонлик қиёфасидан чиқариб юборади. Шавкат Раҳмон айнан разиллик, вахшийлик, нафсий қутириш каби иллатларни қоралаб, одамни бўрига қиёслайди.
Эътибор берган бўлсангиз, шеърнинг бошланишида ўрмонга қўшоғиз милтиқли Одам келганди. Шеър якунида эса “зангори диёрдан” қўшоғиз милтиқли Бўри чиқиб кетаётир…
Ушбу шеър воситасида инсоннинг нафси, мафаати орқали вахшийлашиши, қон тўкиши ҳақида шоирнинг сўнгсиз ёзғиришини, афсус ва надоматини ҳис қиламиз. Шоядки, келажак авлод ушбу шеърдан яхши хулосаларни чиқарса…

Манбаъ: Фейсбукдаги Шавкат Раҳмон саҳифаси

999

Husan Maqsud
CHIN SO’Z AYTISH – CHIN SHOIR QISMATI
(Shavkat Rahmon ijodiga bir nazar)

G’am so’zin elimdan oldinroq aytdim,
Baxt so’zin aytaman, eldan keyinroq.

Yuqoridagi misralarni elu yurtini chin dildan sevgan chin Shaxsgina aytishi mumkin, bir umr Vatan va Millat uchun yashagan Shoirgina shunday isyon bilan kuylay
oladi.
Shukrki, bizning adabiyotimizda shunday Inson, shunday Shoirlar yo’q emas. Shular orasida elining g’am chekishini xohlamagan, xalqning doimo baxtli yashashini istagan Shaxs – Shoir bor.U Shavkat Rahmon edi. Haqiqatdan ham Shavkat Rahmon isyonkor shoir edi. Xalqining hur va ozod yashashini istagan olovqalb Inson edi. U otashin she’rlari bilan umri davomida xalqining qalbini, ongu shuurini alangalatib yashadi. U Vatan haqda bir she’rida:

Hali asl Vatan bo’lishing uchun
ovozi toshlarni yorar kuychilar,
qanchalab sehrgar shoirlar kerak,
qancha bilim kerak,
qancha kuch-chidam.

— deydi.
Ha, shoir nazdida asl Vatan bo’lishi uchun jug’rofiy hududning o’zi kamlik qiladi. Asl Vatan bo’lishi uchun ovozi toshlarni-da yoradigan kuychilar, oddiy qofiyasevar she’rbozlar emas, sehrgar shoirlar kerak. Shoirga tag’in bular ham kamlik qiladi. U katta bilim, katta kuch-chidamni ham istaydi.
Yuqorida aytib o’tdikki, shoir butun umr Vatanini kuyladi. Shavkat Rahmonning butun ijodiga nazar solsak, ijodining talaygina qismini Vatan, uning hurligi, ozodligi va shu yo’lda bo’lgan kurashlar haqida yozilgan she’rlar tashkil qiladi. Shuning uchun shoir haqli ravishda:

Har bir so’z
yuz so’zning o’rnini bosar –
Vatan, Xalq, Jasorat, Kurash, Ozodlik.
Har bir so’z yetajak yuzta umrimga,
Har biri baxsh etar
ruhimga shodlik.

— deydi.
Haqiqiy shoirgina kelajakni oldindan ko’ra oladi. Shuning uchun uni (shoirni) bashoratchi desak yanglishmaymiz. Zeroki, asl shoir eldan oldinda yuradi. Xalqdan avval olam va borliqni idrok qiladi. Va bu haqda o’z xalqini ogohlantiradi. Shoirning “ Bashorat ” deb nomlangan she’rida shunday misralar bor:

Surilar bu temir pardalar,
istibdodning tog’lari qular,
mog’or bosgan qora qa’rlardan
milyon ozod ruhlilar turar.

To’g’ri, o’sha paytlarda bunday “bashorat”larni boshqalar ham aytgan bo’lishi mumkin: ota-ona jimjit tunda o’g’il-qiziga, choli kampiriga, birov esa sevgan yoriga; hech bo’lmaganda kimdir yolg’iz qolganda o’ziga o’zi aytgandir (ichida bo’lsa ham!). Lekin bu oddiygina “omonat gap”. Bunday gapni baralla aytish uchun esa Jasorat kerak. Katta Jasoratgina shoirga baland va o’tkir ovozda kuylash imkonini beradi. SH.Rahmon ana shunday Jasoratli iste’dod egasi edi. Shuning uchun shoirning “ … bilmoqchi bo’lsangiz agar shoirlik, jasorat so’zining tarjimasidir”, degan misralariga o’zining ijodi va shaxsiyatiga yondashgan holda ishonch hosil qilish mumkin.
Shavkat Rahmon she’riyati jasoratli, jur’atkor she’riyat.O’zi aytganidek, uning so’zlari “…keskir so’zlar”. Shuning uchun u qanday mavzuda yozmasin, ruhiyati so’lgan, qalbi mudragan odamlarni sergak torttiradi, ularning ham xuddi o’zidek haqiqat, ozodlik, yerk uchun yonib yashashlarini istaydi.
Aslida, biz bu maqolada Shavkat Rahmonni Vatan va unga dahldor tuyg’ular kuychisi sifatida bir yoqlama talqin qilmoqchi emasmiz. Shoirning boshqa mavzudagi shunday bir lirik-falsafiy she’rlari ham borki, ularni tahlil qilmasdan, yuz o’girib ketolmadik.Bu haqda sal quyiroqda to’xtalib o’tamiz. Xuddi shu o’rinda quyidagicha savol tug’ilishi mumkin: “Xo’sh, shu paytgacha Shavkat Rahmon faqat vatanparvar shoir sifatida o’rganilib kelinganmi? Vatan haqida yozganlaridan boshqa she’rlari tahlil qilinmaganmi?”. Bu, albatta, haqli savol.
Shoirning ijodi bo’yicha ko’p tadqiqotlar olib borilgan.Chunonchi, shoirning birinchi va ikkinchi kitoblari chiqqan paytda (1980-yillar boshida) taniqli munaqqid Ozod Sharafiddinov o’sha davr yosh ijodkorlari (Usmon Azim, Sulaymon Rahmon, Muhammad Rahmon) ijodi bilan birgalikda Shavkat Rahmon ijodiga ham nazar tashlab o’tadi. 1981 yilda yozuvchi va tanqidchi Ahmad A’zam “Ma’sul so’z” maqolasida, zamonaviy va mumtoz adabiyot sinchisi Ibrohim Haqqul esa “Qismat tuyg’usi – vatanni tanish” maqolasida shoir she’rlariga xolisona yondashib, SH.Rahmonning poetik mahoratini ko’rsatadigan she’rlariga to’xtalib o’tadilar. Kerak o’rinlarda shoirni ochiq tanqid qilishadi. Mustaqillik yillarida ham shoir ijodi anchayin o’rganildi. Professor Q.Yo’ldoshev hamda yozuvchi va adabiyotshunos Ulug’bek Hamdamning maqolalari, ayniqsa, xarakterlidir.Shu maqolalar orqali shoir fenomeni anchagina gavdalanadi. Hozirgi kunda she’riyatdagi Vatan mavzusi talqini bo’yicha tadqiqot olib borayotgan tadqiqotchi Ra’no Mullaxo’jaevaning yozganlari ham ko’proq Shavkat Rahmon ijodiga borib taqaladi. Yuqoridagi maqolalarga
nazar tashlab chiqsak, ularda ko’proq shoirning Vatan va unga xos tuyg’ular, hayot haqiqati, inson va uning o’zligi haqida yozilgan she’rlari tahlili yoritilgan.
O’tgan asrning 70-yillari oxiri, 80-yillari boshlarida o’zbek adabiyotiga toza ruh, jarangdor ovoz, poetik tozargan sof adabiy ob-havo kirib keldi. Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Muhammad Rahmon, Xurshid Davron kabi ijodkorlar o’sha davrlardan boshlab avvalgiday “katta” odamlarning kichkina, arzimas, keraksiz yumushlari, hatti- harakatlari haqida emas, aksincha, “kichik”, sodda odamlarning katta-katta dardlari, po’rtanavor ruhiy kechinmalari, ularning tashvishlari, ko’ngil olamining turli tovlanishlari haqida kuylashdi. Ularni buyuk rus xalqi, partiya, kommunizm kabi safsatalar qiziqtirmay qo’ydi. Endi ularda olamni poetik idrok etish o’zgardi, ramzlar, majozlar orqali insonning ichki kechinmalarini tabiat manzaralari bilan qorishiq tarzda tasvirlash kuchaydi.
Isbot tariqasida Shavkat Rahmonning tabiat tasvirlari inson kechinmalari bilan uyg’un tarzda, musavvirona chizilgan she’rlaridan ba’zi birlari bilan tanishib chiqsak. Shoirning “Yurak qirralari” nomli kitobiga kiritilgan “Qalin shohlar aro yaltirab…” deb boshlanuvchi she’ri bor. Bu she’r keyinchalik shoir “Saylanma”siga “O’rmonda” nomi bilan kiritilgan. She’rning syujeti shunday: bir odam miltiq bilan o’rmonga kirib keladi. O’q uzib ona bo’rini o’ldiradi va yetim qolgan bo’ri bolalarini qopga solib, o’rmondan chiqib ketadi. Bu, yuqorida aytib o’tganimizdek, she’rning syujeti. Lekin she’rni o’qigan she’rxonni boshqa narsa o’ziga tortadi. She’rda o’rmon manzarasi, uning ichidagi odam – ovchining harakatlari, o’rmon jonzotlarining tasviri xuddi professional rassomdek chizilgan.
She’rning quvvatini shoirning o’tkir musavvirona nigohi oshirgan.

Qalin shohlar aro yaltirab,
kun nurlari oqayotgan dam,
yelkasida qo’shog’iz miltiq –
kirib keldi o’rmonga odam…

Shoxlari qalin o’rmonga qo’shog’iz miltiqli odam kirib keldi. Qalin shohlar orasidan quyosh nurlari tovlanib turibdi. Shoir 2-misrada abstrakt tushuncha – kunni xuddi moddiy narsadek (ya’ni suvdek) jonlantiradi: yaltiragan kun shohlar orasidan oqmoqda.
2-bandda afsonaviy zangori diyor bo’lmish o’rmon tasviri berilgan:

Afsonaviy, zangori diyor,
bag’ri to’la joduli sukun.
Shoxlar aro tobora ko’proq
nurlarini oqizardi kun.

Tasvirga e’tibor bering-a! Qanday jonli tasvir!? Qadimgi dunyo afsonalaridan ma’lumki, jang va ov, ko’proq, o’rmonda bo’ladi. Shuning uchun shoir o’rmonni “afsonaviy” deydi.O’rmonning sukunati shu darajadaki, sehr-jodu orolidek.

Chor atrofni kuzatar odam,
bor sadoni tinglar ataylab,
daraxtlarni panalar, birdan
maysalarni bosar avaylab…

Joduli o’rmonga kirgan odam atrofga diqqat bilan nazar solmoqda. Har bir tovushni tinglamoqda. Nimanidir (yoki kimnidir) cho’chitib yubormaslik uchun maysalarni ham avaylab bosmoqda…

Uyqudagi o’rmon to’satdan
ko’rmay qo’yar ko’hna tushlarni
va qattiqroq bag’riga bosar
sayrayotgan go’zal qushlarni.

Shoir shu o’rinda jonlantirish vositasida poetik manzara yaratadi. Yani kimdandir cho’chigan o’rmon tush ko’rmay qo’ydi, deydi. Hatto xavfdan asrash uchun qo’ynidagi mitti va go’zal jonzotlarni bag’riga qattiqroq bosa boshladi.
Shundan so’ng, oraga jimlik cho’kdi. Ikki tomon – odam va o’rmon nimanidir jim kutmoqda:

Jimlik cho’kar oraga bir zum,
oh, bu kutush lahzasi yomon!
Varanglagan o’qdan ayiqday
bo’kirvorar bahaybat o’rmon.

To’satdan o’q uzildi. O’qning dahshatli ovozidan o’rmon jonzotlari bir seskanib tushdi: qarg’alar “qar-qar” lay boshladi, u daraxtdan bu daraxtga sakrayotgan maymunlar boladay ingrab yubordi, turli-tuman mitti qushlar chug’urlay boshladi. Shu holatni shoir obrazli qilib o’rmonni bo’kirib yuborgan ayiqqa mengzaydi.
Shoir hech bir so’zni isrof qilmay ishlatadi. Bir jumlada jumlaga sig’maydigan voqelikni tasvirlaydi. Masalan, yuqoridagi bandning 3-misrasida odam yelkasidan miltiqni olib, mo’ljallab o’q uzgan holatini bafurja gapirib o’tirmaydida, “Varanglagan o’qdan ayiqday”, deb ovchining o’q uzganini qisqa poetik
tasvirda chizadi. Bu holatni keyingi bandda ham ko’ramiz.

…Ona bo’ri ingrab qulaydi,
ko’zlari – lim qotgan jolasi.
Shoshilmasdan miltiqli odam
qopga solar bo’ri bolasin

Bandga e’tibor bersak, band ko’p nuqta bilan boshlangan. Bu degani banddan ham oldin qandaydir voqea yuz bergan. Lekin shoir buni aytib o’tirmaydi, bo’rining ingrab yiqilishidan bandni boshlaydi. Demak, odam ehtiyotkorona harakat qilib, ona bo’riga o’q uzgan ekan. Bo’ri qulagandan keyin odam bo’ri bolalarini
shoshilmasdan qopga soladi…
Biz yuqorida shoirni o’tkir musavvirona nigoh egasi dedik. Bunga tahlil qilingan misralar orqali ham guvoh bo’ldik. Bundan tashqari, shoir olamni o’zgacha ko’radigan ijodkor. Shu bois hayotiy manzaralar zamiridan kutilmagan xulosa va hukmlar chiqaradi. Biz bunga she’rning kulminattsiyasi bo’lgan oxirgi ikki bandni o’qib ishonch hosil qilamiz:

Chor atrofga qaramas endi,
maysalarni bosar xotirjam.
Titroq bosgan o’rmon ichida
uzoq ingrar yarador odam…

Shoir nazdida, qon to’kib vaxshiylashgan ovchi (odam yemas!) endi atrofga beparvo; maysalarni xotirjam ezib ketmoqda… Shu yerga kelib, she’rxonning aqli shoshib qoladi: odam bo’rini o’ldirdi, bolalariga egalik qilib, qopga solib ketayotgan bo’lsa… Undan boshqa hech kas yo’qku! Ammo shoir nima uchundir “Titroq bosgan o’rmon ichida Uzoq ingrar yarador odam” demoqda. U odam kim?
Shoirning poetik mahorati shu yerda yanada yaqqol ko’rinadi. Band oxiridagi “odam” bu – bo’ri.
O’zbek adabiyotida ramz, odatda, insonga nisbatan qo’llanib kelingan. Masalan, tulki ayyorlik ramzi. Ayyor odamga tulki deyishadi. Yoki tili zahar odamga ilon deyishadi. Lekin Shavkat Rahmon “odam” so’zini yirtqich jonzotga nisbatan qo’llaydi. “Uzoq ingrar o’rmonda bo’ri”, demay, obrazli qilib “Uzoq ingrar o’rmonda odam” deydi. Ma’lumki, bo’ri yarador. O’zini o’nglashga qurbi yetmayapti. Buning ustiga, ovchi uning bolalarini olib ketayotir. Ilojsiz qolgan bo’ri o’z bolalari uchun kuyunmoqda. Hatto bo’ri ham xuddi odamdek o’z vujudidan yaralgan jigarbandlari uchun ingramoqda. Shuning uchun shoir bo’rining ojizligini insonga qiyoslab, uni “odam” deydi. She’rxon shu o’rinda shoir poetik tasvir uslubining o’ziga xosligiga guvoh bo’ladi.
Va nihoyat shoir oxirgi bandda majozni o’z o’rnida qo’llab, odamni bo’riga mengzaydi:

G’arq qiladi qalin shoxlarni
kunning qonga o’xshagan nuri,
yelkasida qo’shog’iz miltiq,
chiqib ketar o’rmondan bo’ri…

Endi esa shoir odamning qonxo’rligini, jonzotlarga rahm-shafqatsiz ekanligini vaxshiylik deb bilib, uni “bo’ri” deydi. Chunki ba’zi bir insonlarning hatti-harakatlari, qiladigan ishlari ularni insonlik qiyofasidan chiqarib yuboradi. Shavkat Rahmon aynan razillik, vaxshiylik, nafsiy qutirish kabi
illatlarni qoralab, odamni bo’riga qiyoslaydi.
E’tibor bergan bo’lsangiz, she’rning boshlanishida o’rmonga qo’shog’iz miltiqli Odam kelgandi. She’r yakunida esa “zangori diyordan” qo’shog’iz miltiqli Bo’ri chiqib ketayotir…
Ushbu she’r vositasida insonning nafsi, mafaati orqali vaxshiylashishi, qon to’kishi haqida shoirning so’ngsiz yozg’irishini, afsus va nadomatini his qilamiz.
Shoyadki, kelajak avlod ushbu she’rdan yaxshi xulosalarni chiqarsa…

Manba’: Facebookdagi Shavkat Rahmon sahifasi

(Tashriflar: umumiy 219, bugungi 1)

Izoh qoldiring