Ibrohim Haqqul: Ijtimoiy-siyosiy-maʼnaviy ikkiyuzlamachilik – eng katta kulfatlardan biridir

55   Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул биз билан суҳбатда “Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – миллат ҳаётидаги энг катта кулфатлардан биридир, балки биринчи ўринда турадиган энг катта кулфат шу бўлиши ҳам мумкин“, дея ўтган даврларга ташхис қўяди. Шунингдек, адабиётшунос ушбу суҳбатда 20-аср ўзбек адабиёти вакилларининг фожиаси билан бирга миссияси ҳақида ҳам фикр юритади.

ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ-МАЪНАВИЙ ИККИЮЗЛАМАЧИЛИК –
ЭНГ КАТТА КУЛФАТЛАРНИНГ БИРИДИР
Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат
09

Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул биз билан суҳбатда “Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – миллат ҳаётидаги энг катта кулфатлардан биридир, балки биринчи ўринда турадиган энг катта кулфат шу бўлиши ҳам мумкин“, дея ўтган даврларга ташхис қўяди. Шунингдек, адабиётшунос ушбу суҳбатда 20-аср ўзбек адабиёти вакилларининг фожиаси билан бирга миссияси ҳақида ҳам фикр юритади.

Turon24: Суҳбат аввалида янги тарихимизни қисқача сарҳисоб қилсак, нима дейсиз?

032Иброҳим Ҳаққул: Нима бўлганда ҳам муз кўчди… Аммо қисқа даврда янги раҳбар катта ишларни амалга оширишга улгурди, айни пайтда душманларини ҳам ҳаддан зиёд кўпайтириб олди. Атрофида “дўст” қиёфасида ликиллаб юрган амалдорларнинг аксарияти ғирт душман-да! Улар каттанинг тойиб кетишини пойлаб юрибди…

T24: Шахс ва ижодкор… Ижодкор шахсининг жамиятдаги ўрни ҳақида жиддий ўйлаб кўриладиган вақт келмадими?

И.Ҳ.: Шахс ҳақидаги муаммо – адабиётимиздаги бош муаммо, лекин ҳал қилинмаган муаммодир. 1937 — 1938-йилларда айнан шахс қатағон қилинган, 1950 йилда шахс энди-энди бош кўтара бошлаган заҳоти қайтадан қувғин қилинади. Шахс нима дегани? Ўзини ва ўзлигини англаган одам шахс бўлади. Миллати билан, ватани билан, адабиёти билан қаттиқ боғланган бўлади шахс. Ҳар қандай оғир ва енгил шароитда кўпчиликка ўрнак бўладиган киши – шахс. Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам йўлини қилиб ҳақиқатни ифодалайдиган одам – шахс. Шахснинг зиммасидаги масъулият жуда катта бўлади. Талантли шоир ва ёзувчиларда шахсият шаклланмаса, у талант юкини кўтара олмайди, адабиёт учун кўзланган ишларни қила олмайди. Адабиёт учун шахс керак. Атоқли адибимиз Шукур Холмирзаев ҳам бир пайтлар матбуотда эълон қилган мақоласида “Ёзувчи шахс бўлиши керак” деб ёзган эди. Шахсни юзага чиқариш, шахс сифатида ўзини кўрсатиш ниҳоятда оғир масала. Бунинг учун жасоратли ва талантли бўлиш керак, миллат учун ҳар доим тўғри гапни айтиш керак бўлади. Бу жуда катта юк, юкнинг залвори ҳам унча-мунча одамни қўрқитиб юборади.

1960 йилдан эътиборан миллат ўзини англай бошлайди, яна ўша шахс масаласига қайтиш бўлган. Москва тарафларда рўй берган “илиқлик – оттепель”га ҳамоҳанг бизда шахс масаласи кўтарилади. 1970-йилларда адабиётга кириб келган бир гуруҳ навқирон ижодкорлар: “Шахс бўлмаса адабиёт бўлмайди, шахс ҳаракат қилмаса миллатни уйғотиб бўлмайди! Шунинг учун ижодкор шахс сифатида ўрнак бўлиши керак. Қандай қилиб ўрнак бўлади? Биринчидан, миннат қилмаслик керак. Иккинчидан, мукофотнинг орқасидан қувмаслик керак… Агар адабиётга, миллатга хиёнат қилиб мукофот олсак, мартабага эришсак, мансабга эришсак энг тубан махлуқ бўлайлик!”, — деб раҳматли ёзувчимиз Эмин Усмоннинг хонадонида тўпланиб қасам ҳам ичган.

Мен ўз ҳаётим давомида амин бўлдимки, агар сидқидилдан, астойдил ният қилиб адабиётга хизмат қиламан дейилса, адабиётга хизмат қилиш мумкин экан. Мустақилликкача бўлган даврда, айниқса, ошкоралик ва қайта қуриш йилларида бизнинг авлод адабиётга сидқидилдан хизмат қилди. Олдинги ва кейинги даврларга нисбатан шахснинг имкониятлари-ю имтиёзлари қандай эканини амалда исботлади. Ўзининг ёзган асарлари билан, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзини тутиши билан ва иқтисодий ҳаётга ўзига хос муносабати билан исботлади. Бу ҳол олдин ҳам кўринмаган, кейин ҳам кўринмаётган ноёб ҳодиса бўлган. 100 йил қамровида бундай ҳодиса бизнинг тарихимизда рўй бермаган эди. Эсингизда бўлса, миллатпарвар шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг “Қодирий ва ҳозирги ёшлар” деган шеъри бор:

«Ҳозирги ёшларда
Покизалик бор,
тирик қалбларига диёнат эга,
гўё пок табиат ёмон кўзлардан
асраб қўйганини шуларга берган.»

Шавкат “ҳозирги ёшлар” деганда компартиянинг чучмал шиорларига лаққа ишониб камол топган манқурт комсомолларни назарда тутмаган, балки 1970-йилларда адабиётга олов бўлиб кириб келган навқирон ижодкорларни назарда тутади. Шоир “Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирдек фидокор шаҳидлар авлодидан кейин ҳозирги ижодкор ёшлар пайдо бўлди!” деб замондошларига хабар беради гўё.

Хуллас, насрда ҳам, шеъриятда ҳам бизнинг авлод қўлидан келадиган вазифани сидқидилдан адо этди. Буюк мақсадимиз шу эдики, Ўзбекистон мустақил бўлса шахслар кўпаяди, ижод эркин бўлади, адабиёт гуркираб яшнайди, миллат қаддини тиклайди, ҳаёт фаровон бўлади ва ҳоказо. Афсуски, мустақилликдан кейин буюк мақсадимиз деярли амалга ошмади, мақсадимиз саробга айланди. Мустақиллик даврида адабиёт жуда катта зарар кўрди.

Биринчидан, мен айтган ижодкор ёшлар орасида катта парокандалик пайдо бўлди. Юқоридан мисли кўрилмаган парокандалик пайдо қилинди.

Иккинчидан, шахсият парчаланди. Ижодкор шахсияти парчалаб юборилди. Бирига амал берилди, яна бирига мукофот берилди, бошқасига   журнал очиб берилди…

Шундай қилиб, миллат тарихида эришилган ноёб бойлик бой берилди. Мустақилликдан кейин икки-уч йил ўтиб баҳайбат қўрқув пайдо бўла бошлади. Бу қўрқув шахсни ҳам, адабиётни ҳам, келажакни ҳам таҳликага солиб қўйди. Одамлар психологиясида эврилиш содир бўлди. Кечагина ҳуррият, эрк, бирлик, истиқлол деб бонг урадиган одамлар майдагина хашаки жониворга айлана бошлади.

Хусусан, адабиётга кириб келаётган ижодкор ёшлар Усмон Азим, Хуршид Даврон каби миллатни уйғотган шоирлардан ўрнак олмади. Қарашса, бошқача йўлда ижод қилса яхши яшаш мумкин, имтиёзларга эга бўлиш мумкин экан. Натижада маддоҳ, ялтоқи янги авлод шоирлари пайдо бўлди. Аслида бизда маддоҳлик, ялтоқилик анъанаси узоқдан келади. Абдулла Орипов бирдан маддоҳ шоир бўлган эмас. Эркин Воҳидов ёки Омон Матжон ҳам бирдан маддоҳ шоир бўлган эмас. Улардан олдин буларнинг устозлари бор эди. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун каби шоирлар маддоҳлик намуналарини яратиб қўйган эди.

1970-йилларда адабиётга кириб келган бизнинг авлод маддоҳлик анъанасидан четроқда турди. Мустақилликдан сўнг Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидовнинг маддоҳлик йўналишидаги анъанасига эргашадиган ёш шоирлар (Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо каби) пайдо бўлди. Афсуски, 1970-йилларда адабиётга кириб келган талантли шоирларимизнинг кўпчилиги ёш маддоҳчаларга ўрнак бўлди. Ваҳоланки, улар миллатни уйғотган шоирлар эди. Масалан, “Миллий ҳисларни уйғотган, миллий ғояларга садоқат туйғусини шакллантирган шоир ким?” дейилса, мен Абдулла Орипов дейман бир умр. Талабалик давримда, хусусан, менга Абдулла Ориповдек қаттиқ таъсир қилган бошқа шоирни билмайман. Унинг кўп шеърларини ёдлаб олганман, ҳозир ҳам яхши эслайман. Бироқ тақдир тақозоси билан, давр ўйинлари туфайли бу киши ашаддий маддоҳ шоирга айланди-қўйди. Маддоҳлик анъанасини Абдулла Орипов устозларидан ҳам ўтказиб юборди. Лекин умрининг охиридаги шеърларида яна бирдан тўнини тескари кийиб олиб, мумтоз адабиётимизнинг “маломатчилик” анъанасига астойдил мурожаат қилиб ижод қила бошлайди. Астағфируллоҳ! Ўлими арафасида нега у аччиқ ҳақиқатларни баралла айтадиган шеърлар ёза бошлади? “Аввал ундай эди, кейин бундай бўлди” деб қуруқ гапларни айтиб ҳадеб Абдулла Ориповни шарманда қилмасдан унинг ижодини чуқур таҳлил қилиш керак. Абдулла Орипов ҳақиқати нима ўзи? Қанчалик аччиқ бўлса-да, рост гапни айтиш керак.

Адабиёт бугун тугамайди, эртага ҳам давом этади. Эртанги адабиёт учун ҳам бор ҳақиқат баралла айтилиши керак. Эртанги адабиёт бизни кўпроқ ташвишга солади.

Совет давридаги бузуқчиликни, маддоҳликни, ялтоқиликни, миллатга хиёнатни мустақиллик даврида тўлиқ таҳлил қилиб, ағдар-тўнтар этиб ташлаганимизда ўша салбий анъаналар бошқача кўринишда кейин давом этмаган бўларди, такрорланмасди. Мана аслида хатони қаердан излаш керак. Хато очилмагани туфайли иккиюзламачи, мунофиқ ижодкорлар пайдо бўлди: кеча Ленинни улуғлаб достон ёзган шоир бирдан Амир Темур тўғрисида тетралогия ёзиб юборди! Устига устак, ўша мунофиқ шоир Ёзувчилар уюшмасига раҳбар этиб қўйилди. Ана холос!

Совет даврида маддоҳ бўлган шоирлар бирпас нафас ростлаб туришди-да, бирдан бу қирғоққа ўтиб эски маддоҳликни давом эттириб кетаверишди. Лекин ўша маддоҳлар мустақилликка ҳам вафо қиладиган кимсалар эмас эди. Ҳозир яхши ўзгаришлар бошланди-а? Улар яна пойлаб турибди. Бирдан бошқача қўшиқ айтиб одамларни ўйнатишга ҳаракатини бошлаб юбораверади. Ижтимоий-сиёсий-маънавий иккиюзламачилик – миллат ҳаётидаги энг катта кулфатлардан биридир, балки биринчи ўринда турадиган энг катта кулфат шу бўлиши ҳам мумкин.

Совет тузуми емирилиб ўз-ўзидан адои тамом бўлгач, тусланиб-турланадиган ижодкорлар мустақиллик даврида жуда кўпайиб кетди. Тилёғламалик, хушомадгўйлик, мукофот учун, орден-медал учун ялтоқилик қилиш айб саналмайдиган бўлди. Ким мукофотга тавсия этадиган бўлса, ўша амалдорчанинг оёғини ялаш одатий ишга айланиб қолди. Уят кетди, маънавий уят қолмади. Бу энг катта фожиалардан биттаси. Мана шундай носоғлом маънавий жараён кечган 20 йил давомида яратилган адабиётни мен адабиёт деб ҳисобламайман. Жилд-жилд китоблар адабиётга ўхшаган макулатура, холос. Биринчидан, унда ҳеч ким ҳақиқатни айта олгани йўқ. Иккинчидан, у адабиёт ўзини ўзи ҳимоя қила олмади. Чунки ўша адабиётни яратган ижодкорлар орасида талантлар йўқ эди, шахслар йўқ эди. Мағлубият мезони майдалашди. Ғалаба мезони майдалашди. Арзимас мукофот олган ижодкорнинг боши осмонга етди, арзимас мукофот ололмай қолган ижодкор аламидан ҳафталаб ароқ ичиб “запой” қиладиган бўлди.

Одамлар ҳамма нарсага нафс — қорин нуқтари назаридан баҳо берадиган бўлди.

Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон авлоди неқадар тубанлашиб кетган бўлса-да, аммо улар адабиёт олдида, келажак олдида масъулияти борлигини мудом ҳис этиб туришар эди, уларнинг масъулияти бор эди. Улардан кейинги авлод вакилларининг аксарияти (Сирожиддин Саййидми, Иқбол Мирзоми ё бошқаларими) ҳали шаклланмаган думбул ижодкорлар. Шунинг учун улар масъулиятни ҳис қилолмади. Шу боис уларни айблаб ҳам бўлмайди, уларни айблаш ҳам тўғри эмас. Чунки улар шахс сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам шаклланмаган. Шунинг учун уларда маҳмадоналик жуда баланд, шунинг учун улар кўп нарсадан уялмайди. “Биз адабиётга хизмат қилаяпмиз! Биз ватанга хизмат қилаяпмиз!” деб доим кўкракларига муштлашарди. Ҳолбуки, улар фақат битта одамга хизмат қилган, холос. Уларнинг кўрар кўзлари ўша, адабиёт тимсоли ҳам, ватан тимсоли ҳам ўша эди. Мана фожиа қаерда! Бу масалаларга жуда жиддий қараш керак.

T24: Адабий танқид масаласида нима дейиш мумкин, Иброҳим ака?

И.Ҳ.: Адабиёт бўлмаса, адабий танқид қаердан пайдо бўлади! Адабиёт сўндими, адабий танқид ҳам ўз-ўзидан сўнади. Адабий танқиднинг материали адабиёт бўлгач, ундан куч олади, унга монанд равишда ривожланади. Адабиёт сўнганидан кейин адабий танқид ҳам ўз-ўзидан тўхтади, ҳозир адабий танқид ўз ҳолича мустақил фикр билдириш қувватига ҳам эга эмас. Ҳатто советлар давридаги танқидчиларнинг фидойилигини ҳам бугунги мунаққидлардан топиб бўлмайди, ҳамма нарса аллақачон бой берилган.

Адабиётчини ҳам, танқидчини ҳам хор қилган, минг мақомга солиб ўйнатган нарса – тирикчилик. Кейинги йилларда қанча моддий қийинчилик бўлган бўлса, уларнинг асосий оғирлигини шоир-ёзувчилар, олимлар бошидан кечирди. Шунинг учун уларни “Сен маддоҳ бўлдинг! Сен ялтоқисан!” деб тўғридан-тўғри айблаш ҳам инсофдан эмас. Ижтимоий муҳит қанақа эди? Шароит қанақа эди? Улар нега бу аҳволга тушди? Мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олсангиз, Муроджон, ана ундан кейин ҳаққоний хулоса чиқариш мумкин.

T24: Адабий анъаналарнинг ижодкор шахсиятига таъсири жуда жиддий бўлади шекилли. Анъаналардан қутулиш керакми ёки анъаналарга содиқ бўлган маъқулми?

И.Ҳ.: Мен яқинда “Адабий анъана ва Ғафур Ғулом ижоди” мавзусида бир мақола ёздим. Бу мақола бировларга ёқса, бировларга ёқмаслиги мумкин. Мен Ғафур Ғуломни оқламоқчи эмасман, лекин қораламоқчи ҳам эмасман. У қандай бўлса ўша ҳолида, ўша ҳолатида кўриб талқин, тадқиқ қилмоқчиман. У қандай ҳолатда ижод қилди? Ижодига қараб қандай хулоса чиқариш мумкин? Муроджон, ҳозирги ёш маддоҳ шоирларда миллий шуур йўқ, ишонаверинг! Уларга бир қарасангиз, чала бахшига ўхшайди. Яна бир қарасангиз, чала ўйинчига ўхшайди.

Бироқ Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Миртемир сувратида Ленин ё шўро деса ҳам, компартия деса ҳам ич-ичида, сийратида – ботинида миллат бор эди, эски давлатчилик ғурури, Амир Темур сиймоси юракларида барҳаёт эди. Улар кулиб-қувониб яшаётгандек кўринса-да, ичида қон йиғлаган.

Нима демоқчиман?

Ғафур Ғулом билан Мақсуд Шайхзода оламдан ўтиб кетганидан кейин ҳазрат Навоий ижодини улардан ортиқ биладиган, улардан ортиқ ҳис қиладиган бирорта ижодкор пайдо бўлди деб айта олмайман. Улар ҳазрат Навоий асарларини хатм қилган, ҳазратнинг руҳи билан яшади. Улар маълум маънода ич-ичида ҳазрат Навоийга, Фузулийга, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга, Бобораҳим Машрабга ҳисоб бериб яшаган. Бугунги маддоҳчалар-чи? Тилида уларнинг номини такрорлашдан чарчамайди-ю, аслида уч-тўртта ғазалидан иқтибос келтиришдан нарига ўта олмайди. Улуғларнинг руҳидан ҳозирги маддоҳчаларда ном-нишон йўқ. Ғафур Ғулом эса бизгача улуғларимизнинг руҳини олиб келди. “Алишер” деган шеърини эслайсизми?

Юксак тоғ оралаб ўкирган шернинг
Наърасига тенгдир акси садоси,
Беш юз йил янгради тоғдай ватанда
Буюк Алишернинг асрий нидоси…

Ғафур Ғулом шеъридаги “буюк Алишернинг асрий нидоси” сизни ўрнингиздан турғазиб юборади. Ҳазрат Навоийни ичидан билмаган, ичидан англай олмаган шоир бундай ёза олмайди, бундай гапни айта олмайди.

Бу ерда анъаналарга қараш ҳақида гап кетаяпти. Абдулла Орипов авлодида анъаналарга қараш Ғафур Ғуломга нисбатан яқинроқ. Эркин Воҳидовлар Шайхзода мактабини, Ойбек мактабини, Миртемир мактабини, Ғафур Ғулом мактабини давом эттирган.

“Биз Абдулла Ориповга шогирдмиз, у кишининг этагидан тутдик!” ёки “Биз Эркин Воҳидовга шогирд тушдик, у киши оғзимизга тупуриб қўйди!” деб кариллайдиган кейинги авлод шоирлари классик меросимизни деярли билмайди. Ёшлар корчалонлик ва маддоҳлик бўйича шогирд бўлган, меросхўр бўлган, холос.

Устоз Шайхзода ҳам, Миртемир домла ва Ғафур Ғулом ҳам классик адабиётимизни, дунё адабиёти тажрибаларини жуда яхши билар эди.

T24: Ҳозирги ёш шоир-ёзувчилар билан сизнинг авлодингизга мансуб ижодкорлар орасида қандай фарқлар бор? Ўхшаш томонлари йўқми?

И.Ҳ.: Энди тасаввур қилинг: мана бу ерда Рауф Парфи бор, сал нарида Омон Матжон бор. Сал нарида Муҳаммад Юсуф билан Сирожиддин Саййидни тасаввур қилайлик. Ва икки авлод вакилларининг классик адабиёт билан жаҳон адабиёти тажрибасини ўрганганлик даражасини қиёслаб кўринг-чи! Мутлақо бошқа-бошқа манзараларга дуч келасиз, ер билан осмонча фарқни кўрасиз.

Кейинги пайтларда чуқур билим, мустақил фикр талаб қилинмади. Ҳатто шу нарсалар халақит бера бошлади. Энди шахсият керак бўлмади. Агар шахсият кўзга кўринса, у эркинликни намойиш қилиши керак, у ҳақиқатни айтиши керак, у “лаббай!” деб таъзим бажо келтирмаслиги керак, инкорчилиги ҳам бўлиши керак ва ҳоказо. Шунинг учун бу ерда силлиқлаш ва силлиқланиш бошқача жараёнда кетди.

Биласиз, биз кўп йиллар давомида Рауф Парфи билан ёнма-ён яшадик, адабиёт тўғрисида кўп суҳбатлашганмиз. У кишининг адабиёт ҳақида бир гапи бўларди, ундан: “Нега кам ёзасиз? Дангаса бўлсангиз керак-а?”, — деб сўрасам, “Тўғри-тўғри, кам ёзаман, дангаса бўлсам керак», — дер эди. Бирпас сукут сақлаб турарди-да, давом этарди: «Ҳар қандай зўр шоирдан ҳам фақат битта китоб қолади, ҳамма Алишер Ғиёсиддинович бўлавермайди, шуни билиб қўйинг!” (Яъни, ҳамма Алишер Навоий каби кўплаб дурдона асарлар ёза олмайди), — дер эди. Шеърларини қайта-қайта таҳрир қилаверарди: газета-журналда чоп этилганидан кейин ҳам, китобида чиқиб кетганидан кейин ҳам шеърларини таҳрир қилиб чарчамасди. Менда қайта-қайта таҳрир қилган кўплаб шеърларининг вариантлари сақланиб қолган. Қолаверса, агар дунёда иккита ҳақиқий китобхон бўлса, биттаси Рауф ака эди. Агар битта чинакам китобхон бўлса, шак-шубҳасиз, у ҳам Рауф ака бўлади. У китоб ўқишдан чарчамасди. Китоб варақласа ҳам албатта бирорта янгиликни топиб оларди. Доим янгиликка интиларди. Дунё адабиётида нима бўлаяпти? Миллий адабиётимизни қандай қилиб янгилаш мумкин? Шеър олдидаги масъулият нима? Сўз олдидаги масъулият нима?.. Мана шундай масалалар устидан доим бош қотирарди устоз Рауф Парфи. Шоир сифатида зиммасида бўлган масъулиятни ҳеч қачон эсидан чиқармасди.

Бугун шоирман деб кариллаб юрган бирорта қаламкашда ундай масъулият йўқ.

Мустақиллик даврида кўп нарсаларга эришилди. Лекин адабиёт соҳасида, санъат соҳасида, маънавият соҳасида кўп нарсалар бой берилди.

Баъзан Ёзувчилар уюшмасида думбул шоирлар ёшларга сабоқ берди деган хабарларни эшитиб қоламан. Ажаб-ажаб, ўзлари чаласавод бўлса-ю, қандай қилиб ёшларга сабоқ бериши мумкин? Кулгим қистайди. Ёшларнинг маслаги, дунёқараши ёшликдан покланмаса, тозаланмаса, кейин кеч бўлади. Эътиқоди, дунёқараши бир кирланган ёшларни кейин тўғри йўлга солиб бўлмайди.

Ярқ этган бирорта ёш шоир борми? Ярқ этган бирорта ёзувчи борми?

Ёшлар шунчаки ёзишни ўрганади. Дид ҳаминқадар. Савия ҳаминқадар. Яна адабиёт ҳақида оғиз тўлдириб уялмасдан гапираверишади! Ҳамма тараф ёлғонга тўлиб кетган. Ёлғон гуриллаб ётибди. Бугунги ҳаёт ҳақида ҳам, адабиёт ҳақида ҳам керакли гапни гапириш керак.

Ҳозир кераксиз гаплар жуда кўп гапирилаяпти. Агар фақат керакли гап гапирилиб, ҳар соҳанинг одами ўз ишини қилса, ҳокимиятга ялтоқилик қилмаса, ҳозирги ҳокимият ялтоқланишга муҳтож эмас, “Менга маддоҳлик қил!” демайди, шундагина ҳар соҳада ривожланиш бўлади. Маддоҳларни тузатиш қийин, улар барибир ўз билганидан қолмайди. Бизда чиркин бир мусобақа бор, бу жуда ёмон мусобақадир: бу мукофотбозлик! Хўп, моддий манфаатдорлик керак, аммо ғирромлик билан мукофот учун курашиб ётган кимсаларни кўриб одам ирганиб кетади. Яхши асар ёзишдан бошқа мукофот ҳам борлигини ўйламайдиган шоир-ёзувчиларимиз бармоқ билан санарлидир. Мана фожиамиз қаерда!

Яқинда Рауф Парфининг 75 йиллик таваллуд айёми бўлади. Менимча, “Рауф Парфининг санъаткорлик мактаби” барпо этилиши керак. Модомики, адабиёт сўз санъати бўлар экан, ёш ижодкорлар Рауф Парфининг санъаткорлик маҳоратини ўрганмасдан қаёққа бориши мумкин? Устоз Рауф Парфининг энг собит талантли шогирди, шубҳасиз, Муҳаммад Солиҳ эди.

T24: Рауф Парфи умрининг охирида ёзган шеърларида ҳаётининг концепсиясини тўла-тўкис очиб бергандай, адабий таҳлилчиларга иш қолдирмади гўё. Рауф Парфи сўнгги асарларида гўё ҳаётдаги миссиясини очиқлайди: Яссавий, Навоий метафизикаси, космогониясига уйғун келган янги ва оддий шаклда замон руҳи кайфиятини айтади. Сиз Муҳаммад Солиҳни “Рауф Парфининг энг собит талантли шогирди” деб айтдингиз, шу ўринда Муҳаммад Солиҳнинг, адашмасам, 1976 йили ёзган “Сен — қушсан, хабаринг йўқ бу сирдан…” деб бошланувчи катта бир шеъри мумтоз адабиёт анъанасини янги шаклда давом эттирганини ёдга солади. Узр, фикрингизни бўлганим учун.

И.Ҳ.: Солиҳ устозга тақлидчи шогирд даражасида қолиб кетмади, ўзи ҳам миллий адабиётимизга янгилик олиб кирди. Солиҳ шеърларида ўзига хос усулда халқ дардини баралла айта олди. «Ирония — заҳарханда» ифодалар орқали залворли миллий ғоялар, миллий дард зукко ўқувчига тақдим этилади.

Байт:

«Йўқолсин бойлар дедик,
Йўқолди бойлар.
Яшасин йўқсиллар дедик,
Яшаяпти йўқсиллар.»

Қаранг, халқ қашшоқ бўлиб кетди деган маънони гўё шўро давлатининг қип-қизил ғоясини пропаганда қилаётгандек бир тарзда шеърга кўчиради.

Солиҳнинг яна бир заҳарханда шеърида «Тупурдим пайғамбарнинг ол соқолига» деган сатр бор. «Ие, Солиҳ шаккоклик қипти-ку!» деб тўполон қилади айрим дўстлар. Ваҳоланки, пайғамбар деганда у қизил (ол) соқолли Маркс-Энгельс-Ленин деган пролетарлар доҳийсини назарда тутади. Шўро сиёсатига астойдил хизмат қилиб юрган айрим танқидчилар «Шеърингизни тушунтириб беринг!» деган махсус мақола ёзиб Муҳаммад Солиҳ шеърларидаги миллий ғоялар ифодасини ошкор этиб шоирни фош қилмоқчи ҳам бўлади. Муҳаммад Солиҳ миллий адабиётимизда ўз ўрнига эга покиза шахсият.

Ҳозир адабиётимизнинг эгаси йўқ. Агар Абдулла Қаҳҳорга ўхшаган битта посбонимиз бўлганда борми, адабиёт атрофидаги вазият бирдан ўзгарар эди. Аммо талантсиз минглаб қаламкашлар Қаҳҳор домлага қарши дарров бир ёқадан бош чиқариб, бирлашиб олиб кураш бошлаб юборарди. Талантсизлар бирпасда бирлашади, талантли ижодкорларнинг бирлашиши қийин. Чунки талантли одам ўз ҳолича бир дунё бўлади.

“Адабиёт атомдан кучли, аммо унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак”, деган эди Абдулла Қаҳҳор. Афсуски, узоқ йиллар адабиётнинг кучи билан фақат ўтин ёрдик, холос.

Манба: www.beta.turon24

Яна шу мавзуда:
Иброҳим Ҳаққул. Қачон холис, қачон мухлис бўламиз?

001 Filologiya fanlari doktori Ibrohim Haqqul biz bilan suhbatda “Ijtimoiy-siyosiy-maʼnaviy ikkiyuzlamachilik – millat hayotidagi eng katta kulfatlardan biridir, balki birinchi oʻrinda turadigan eng katta kulfat shu boʻlishi ham mumkin“, deya oʻtgan davrlarga tashxis qoʻyadi. Shuningdek, adabiyotshunos ushbu suhbatda 20-asr oʻzbek adabiyoti vakillarining fojiasi bilan birga missiyasi haqida ham fikr yuritadi.

IJTIMOIY-SIYOSIY-MAʼNAVIY IKKIYUZLAMACHILIK –
ENG KATTA KULFATLARNING BIRIDIR
Filologiya fanlari doktori Ibrohim Haqqul bilan suhbat
09

Filologiya fanlari doktori Ibrohim Haqqul biz bilan suhbatda “Ijtimoiy-siyosiy-maʼnaviy ikkiyuzlamachilik – millat hayotidagi eng katta kulfatlardan biridir, balki birinchi oʻrinda turadigan eng katta kulfat shu boʻlishi ham mumkin“, deya oʻtgan davrlarga tashxis qoʻyadi. Shuningdek, adabiyotshunos ushbu suhbatda 20-asr oʻzbek adabiyoti vakillarining fojiasi bilan birga missiyasi haqida ham fikr yuritadi.

Turon24: Suhbat avvalida yangi tariximizni qisqacha sarhisob qilsak, nima deysiz?

067Ibrohim Haqqul: Nima boʻlganda ham muz koʻchdi… Ammo qisqa davrda yangi rahbar katta ishlarni amalga oshirishga ulgurdi, ayni paytda dushmanlarini ham haddan ziyod koʻpaytirib oldi. Atrofida “doʻst” qiyofasida likillab yurgan amaldorlarning aksariyati gʻirt dushman-da! Ular kattaning toyib ketishini poylab yuribdi…

T24: Shaxs va ijodkor… Ijodkor shaxsining jamiyatdagi oʻrni haqida jiddiy oʻylab koʻriladigan vaqt kelmadimi?

I.H.: Shaxs haqidagi muammo – adabiyotimizdagi bosh muammo, lekin hal qilinmagan muammodir. 1937 — 1938-yillarda aynan shaxs qatagʻon qilingan, 1950 yilda shaxs endi-endi bosh koʻtara boshlagan zahoti qaytadan quvgʻin qilinadi. Shaxs nima degani? Oʻzini va oʻzligini anglagan odam shaxs boʻladi. Millati bilan, vatani bilan, adabiyoti bilan qattiq bogʻlangan boʻladi shaxs. Har qanday ogʻir va yengil sharoitda koʻpchilikka oʻrnak boʻladigan kishi – shaxs. Har qanday murakkab sharoitda ham yoʻlini qilib haqiqatni ifodalaydigan odam – shaxs. Shaxsning zimmasidagi masʼuliyat juda katta boʻladi. Talantli shoir va yozuvchilarda shaxsiyat shakllanmasa, u talant yukini koʻtara olmaydi, adabiyot uchun koʻzlangan ishlarni qila olmaydi. Adabiyot uchun shaxs kerak. Atoqli adibimiz Shukur Xolmirzayev ham bir paytlar matbuotda eʼlon qilgan maqolasida “Yozuvchi shaxs boʻlishi kerak” deb yozgan edi. Shaxsni yuzaga chiqarish, shaxs sifatida oʻzini koʻrsatish nihoyatda ogʻir masala. Buning uchun jasoratli va talantli boʻlish kerak, millat uchun har doim toʻgʻri gapni aytish kerak boʻladi. Bu juda katta yuk, yukning zalvori ham uncha-muncha odamni qoʻrqitib yuboradi.

1960 yildan eʼtiboran millat oʻzini anglay boshlaydi, yana oʻsha shaxs masalasiga qaytish boʻlgan. Moskva taraflarda roʻy bergan “iliqlik – ottepel”ga hamohang bizda shaxs masalasi koʻtariladi. 1970-yillarda adabiyotga kirib kelgan bir guruh navqiron ijodkorlar: “Shaxs boʻlmasa adabiyot boʻlmaydi, shaxs harakat qilmasa millatni uygʻotib boʻlmaydi! Shuning uchun ijodkor shaxs sifatida oʻrnak boʻlishi kerak. Qanday qilib oʻrnak boʻladi? Birinchidan, minnat qilmaslik kerak. Ikkinchidan, mukofotning orqasidan quvmaslik kerak… Agar adabiyotga, millatga xiyonat qilib mukofot olsak, martabaga erishsak, mansabga erishsak eng tuban maxluq boʻlaylik!”, — deb rahmatli yozuvchimiz Emin Usmonning xonadonida toʻplanib qasam ham ichgan.

Men oʻz hayotim davomida amin boʻldimki, agar sidqidildan, astoydil niyat qilib adabiyotga xizmat qilaman deyilsa, adabiyotga xizmat qilish mumkin ekan. Mustaqillikkacha boʻlgan davrda, ayniqsa, oshkoralik va qayta qurish yillarida bizning avlod adabiyotga sidqidildan xizmat qildi. Oldingi va keyingi davrlarga nisbatan shaxsning imkoniyatlari-yu imtiyozlari qanday ekanini amalda isbotladi. Oʻzining yozgan asarlari bilan, ijtimoiy-siyosiy hayotda oʻzini tutishi bilan va iqtisodiy hayotga oʻziga xos munosabati bilan isbotladi. Bu hol oldin ham koʻrinmagan, keyin ham koʻrinmayotgan noyob hodisa boʻlgan. 100 yil qamrovida bunday hodisa bizning tariximizda roʻy bermagan edi. Esingizda boʻlsa, millatparvar shoirimiz Shavkat Rahmonning “Qodiriy va hozirgi yoshlar” degan sheʼri bor:

“Hozirgi yoshlarda
Pokizalik bor,
tirik qalblariga diyonat ega,
goʻyo pok tabiat yomon koʻzlardan
asrab qoʻyganini shularga bergan.”

Shavkat “hozirgi yoshlar” deganda kompartiyaning chuchmal shiorlariga laqqa ishonib kamol topgan manqurt komsomollarni nazarda tutmagan, balki 1970-yillarda adabiyotga olov boʻlib kirib kelgan navqiron ijodkorlarni nazarda tutadi. Shoir “Qodiriy, Choʻlpon, Fitrat, Usmon Nosirdek fidokor shahidlar avlodidan keyin hozirgi ijodkor yoshlar paydo boʻldi!” deb zamondoshlariga xabar beradi goʻyo.

Xullas, nasrda ham, sheʼriyatda ham bizning avlod qoʻlidan keladigan vazifani sidqidildan ado etdi. Buyuk maqsadimiz shu ediki, Oʻzbekiston mustaqil boʻlsa shaxslar koʻpayadi, ijod erkin boʻladi, adabiyot gurkirab yashnaydi, millat qaddini tiklaydi, hayot farovon boʻladi va hokazo. Afsuski, mustaqillikdan keyin buyuk maqsadimiz deyarli amalga oshmadi, maqsadimiz sarobga aylandi. Mustaqillik davrida adabiyot juda katta zarar koʻrdi.

Birinchidan, men aytgan ijodkor yoshlar orasida katta parokandalik paydo boʻldi. Yuqoridan misli koʻrilmagan parokandalik paydo qilindi.

Ikkinchidan, shaxsiyat parchalandi. Ijodkor shaxsiyati parchalab yuborildi. Biriga amal berildi, yana biriga mukofot berildi, boshqasiga  jurnal ochib berildi…

Shunday qilib, millat tarixida erishilgan noyob boylik boy berildi. Mustaqillikdan keyin ikki-uch yil oʻtib bahaybat qoʻrquv paydo boʻla boshladi. Bu qoʻrquv shaxsni ham, adabiyotni ham, kelajakni ham tahlikaga solib qoʻydi. Odamlar psixologiyasida evrilish sodir boʻldi. Kechagina hurriyat, erk, birlik, istiqlol deb bong uradigan odamlar maydagina xashaki jonivorga aylana boshladi.

Xususan, adabiyotga kirib kelayotgan ijodkor yoshlar Usmon Azim, Xurshid Davron kabi millatni uygʻotgan shoirlardan oʻrnak olmadi. Qarashsa, boshqacha yoʻlda ijod qilsa yaxshi yashash mumkin, imtiyozlarga ega boʻlish mumkin ekan. Natijada maddoh, yaltoqi yangi avlod shoirlari paydo boʻldi. Aslida bizda maddohlik, yaltoqilik anʼanasi uzoqdan keladi. Abdulla Oripov birdan maddoh shoir boʻlgan emas. Erkin Vohidov yoki Omon Matjon ham birdan maddoh shoir boʻlgan emas. Ulardan oldin bularning ustozlari bor edi. Gʻafur Gʻulom, Hamid Olimjon, Uygʻun kabi shoirlar maddohlik namunalarini yaratib qoʻygan edi.

1970-yillarda adabiyotga kirib kelgan bizning avlod maddohlik anʼanasidan chetroqda turdi. Mustaqillikdan soʻng Abdulla Oripov bilan Erkin Vohidovning maddohlik yoʻnalishidagi anʼanasiga ergashadigan yosh shoirlar (Muhammad Yusuf, Sirojiddin Sayyid, Iqbol Mirzo kabi) paydo boʻldi. Afsuski, 1970-yillarda adabiyotga kirib kelgan talantli shoirlarimizning koʻpchiligi yosh maddohchalarga oʻrnak boʻldi. Vaholanki, ular millatni uygʻotgan shoirlar edi. Masalan, “Milliy hislarni uygʻotgan, milliy gʻoyalarga sadoqat tuygʻusini shakllantirgan shoir kim?” deyilsa, men Abdulla Oripov deyman bir umr. Talabalik davrimda, xususan, menga Abdulla Oripovdek qattiq taʼsir qilgan boshqa shoirni bilmayman. Uning koʻp sheʼrlarini yodlab olganman, hozir ham yaxshi eslayman. Biroq taqdir taqozosi bilan, davr oʻyinlari tufayli bu kishi ashaddiy maddoh shoirga aylandi-qoʻydi. Maddohlik anʼanasini Abdulla Oripov ustozlaridan ham oʻtkazib yubordi. Lekin umrining oxiridagi sheʼrlarida yana birdan toʻnini teskari kiyib olib, mumtoz adabiyotimizning “malomatchilik” anʼanasiga astoydil murojaat qilib ijod qila boshlaydi. Astagʻfirulloh! Oʻlimi arafasida nega u achchiq haqiqatlarni baralla aytadigan sheʼrlar yoza boshladi? “Avval unday edi, keyin bunday boʻldi” deb quruq gaplarni aytib hadeb Abdulla Oripovni sharmanda qilmasdan uning ijodini chuqur tahlil qilish kerak. Abdulla Oripov haqiqati nima oʻzi? Qanchalik achchiq boʻlsa-da, rost gapni aytish kerak.

Adabiyot bugun tugamaydi, ertaga ham davom etadi. Ertangi adabiyot uchun ham bor haqiqat baralla aytilishi kerak. Ertangi adabiyot bizni koʻproq tashvishga soladi.

Sovet davridagi buzuqchilikni, maddohlikni, yaltoqilikni, millatga xiyonatni mustaqillik davrida toʻliq tahlil qilib, agʻdar-toʻntar etib tashlaganimizda oʻsha salbiy anʼanalar boshqacha koʻrinishda keyin davom etmagan boʻlardi, takrorlanmasdi. Mana aslida xatoni qayerdan izlash kerak. Xato ochilmagani tufayli ikkiyuzlamachi, munofiq ijodkorlar paydo boʻldi: kecha Leninni ulugʻlab doston yozgan shoir birdan Amir Temur toʻgʻrisida tetralogiya yozib yubordi! Ustiga ustak, oʻsha munofiq shoir Yozuvchilar uyushmasiga rahbar etib qoʻyildi. Ana xolos!

Sovet davrida maddoh boʻlgan shoirlar birpas nafas rostlab turishdi-da, birdan bu qirgʻoqqa oʻtib eski maddohlikni davom ettirib ketaverishdi. Lekin oʻsha maddohlar mustaqillikka ham vafo qiladigan kimsalar emas edi. Hozir yaxshi oʻzgarishlar boshlandi-a? Ular yana poylab turibdi. Birdan boshqacha qoʻshiq aytib odamlarni oʻynatishga harakatini boshlab yuboraveradi. Ijtimoiy-siyosiy-maʼnaviy ikkiyuzlamachilik – millat hayotidagi eng katta kulfatlardan biridir, balki birinchi oʻrinda turadigan eng katta kulfat shu boʻlishi ham mumkin.

Sovet tuzumi yemirilib oʻz-oʻzidan adoi tamom boʻlgach, tuslanib-turlanadigan ijodkorlar mustaqillik davrida juda koʻpayib ketdi. Tilyogʻlamalik, xushomadgoʻylik, mukofot uchun, orden-medal uchun yaltoqilik qilish ayb sanalmaydigan boʻldi. Kim mukofotga tavsiya etadigan boʻlsa, oʻsha amaldorchaning oyogʻini yalash odatiy ishga aylanib qoldi. Uyat ketdi, maʼnaviy uyat qolmadi. Bu eng katta fojialardan bittasi. Mana shunday nosogʻlom maʼnaviy jarayon kechgan 20 yil davomida yaratilgan adabiyotni men adabiyot deb hisoblamayman. Jild-jild kitoblar adabiyotga oʻxshagan makulatura, xolos. Birinchidan, unda hech kim haqiqatni ayta olgani yoʻq. Ikkinchidan, u adabiyot oʻzini oʻzi himoya qila olmadi. Chunki oʻsha adabiyotni yaratgan ijodkorlar orasida talantlar yoʻq edi, shaxslar yoʻq edi. Magʻlubiyat mezoni maydalashdi. Gʻalaba mezoni maydalashdi. Arzimas mukofot olgan ijodkorning boshi osmonga yetdi, arzimas mukofot ololmay qolgan ijodkor alamidan haftalab aroq ichib “zapoy” qiladigan boʻldi.

Odamlar hamma narsaga nafs — qorin nuqtari nazaridan baho beradigan boʻldi.

Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Omon Matjon avlodi neqadar tubanlashib ketgan boʻlsa-da, ammo ular adabiyot oldida, kelajak oldida masʼuliyati borligini mudom his etib turishar edi, ularning masʼuliyati bor edi. Ulardan keyingi avlod vakillarining aksariyati (Sirojiddin Sayyidmi, Iqbol Mirzomi yo boshqalarimi) hali shakllanmagan dumbul ijodkorlar. Shuning uchun ular masʼuliyatni his qilolmadi. Shu bois ularni ayblab ham boʻlmaydi, ularni ayblash ham toʻgʻri emas. Chunki ular shaxs sifatida ham, ijodkor sifatida ham shakllanmagan. Shuning uchun ularda mahmadonalik juda baland, shuning uchun ular koʻp narsadan uyalmaydi. “Biz adabiyotga xizmat qilayapmiz! Biz vatanga xizmat qilayapmiz!” deb doim koʻkraklariga mushtlashardi. Holbuki, ular faqat bitta odamga xizmat qilgan, xolos. Ularning koʻrar koʻzlari oʻsha, adabiyot timsoli ham, vatan timsoli ham oʻsha edi. Mana fojia qayerda! Bu masalalarga juda jiddiy qarash kerak.

T24: Adabiy tanqid masalasida nima deyish mumkin, Ibrohim aka?

I.H.: Adabiyot boʻlmasa, adabiy tanqid qayerdan paydo boʻladi! Adabiyot soʻndimi, adabiy tanqid ham oʻz-oʻzidan soʻnadi. Adabiy tanqidning materiali adabiyot boʻlgach, undan kuch oladi, unga monand ravishda rivojlanadi. Adabiyot soʻnganidan keyin adabiy tanqid ham oʻz-oʻzidan toʻxtadi, hozir adabiy tanqid oʻz holicha mustaqil fikr bildirish quvvatiga ham ega emas. Hatto sovetlar davridagi tanqidchilarning fidoyiligini ham bugungi munaqqidlardan topib boʻlmaydi, hamma narsa allaqachon boy berilgan.

Adabiyotchini ham, tanqidchini ham xor qilgan, ming maqomga solib oʻynatgan narsa – tirikchilik. Keyingi yillarda qancha moddiy qiyinchilik boʻlgan boʻlsa, ularning asosiy ogʻirligini shoir-yozuvchilar, olimlar boshidan kechirdi. Shuning uchun ularni “Sen maddoh boʻlding! Sen yaltoqisan!” deb toʻgʻridan-toʻgʻri ayblash ham insofdan emas. Ijtimoiy muhit qanaqa edi? Sharoit qanaqa edi? Ular nega bu ahvolga tushdi? Mana shularning hammasini hisobga olsangiz, Murodjon, ana undan keyin haqqoniy xulosa chiqarish mumkin.

T24: Adabiy anʼanalarning ijodkor shaxsiyatiga taʼsiri juda jiddiy boʻladi shekilli. Anʼanalardan qutulish kerakmi yoki anʼanalarga sodiq boʻlgan maʼqulmi?

I.H.: Men yaqinda “Adabiy anʼana va Gʻafur Gʻulom ijodi” mavzusida bir maqola yozdim. Bu maqola birovlarga yoqsa, birovlarga yoqmasligi mumkin. Men Gʻafur Gʻulomni oqlamoqchi emasman, lekin qoralamoqchi ham emasman. U qanday boʻlsa oʻsha holida, oʻsha holatida koʻrib talqin, tadqiq qilmoqchiman. U qanday holatda ijod qildi? Ijodiga qarab qanday xulosa chiqarish mumkin? Murodjon, hozirgi yosh maddoh shoirlarda milliy shuur yoʻq, ishonavering! Ularga bir qarasangiz, chala baxshiga oʻxshaydi. Yana bir qarasangiz, chala oʻyinchiga oʻxshaydi.

Biroq Gʻafur Gʻulom, Maqsud Shayxzoda, Mirtemir suvratida Lenin yo shoʻro desa ham, kompartiya desa ham ich-ichida, siyratida – botinida millat bor edi, eski davlatchilik gʻururi, Amir Temur siymosi yuraklarida barhayot edi. Ular kulib-quvonib yashayotgandek koʻrinsa-da, ichida qon yigʻlagan.

Nima demoqchiman?

Gʻafur Gʻulom bilan Maqsud Shayxzoda olamdan oʻtib ketganidan keyin hazrat Navoiy ijodini ulardan ortiq biladigan, ulardan ortiq his qiladigan birorta ijodkor paydo boʻldi deb ayta olmayman. Ular hazrat Navoiy asarlarini xatm qilgan, hazratning ruhi bilan yashadi. Ular maʼlum maʼnoda ich-ichida hazrat Navoiyga, Fuzuliyga, Zahiriddin Muhammad Boburga, Boborahim Mashrabga hisob berib yashagan. Bugungi maddohchalar-chi? Tilida ularning nomini takrorlashdan charchamaydi-yu, aslida uch-toʻrtta gʻazalidan iqtibos keltirishdan nariga oʻta olmaydi. Ulugʻlarning ruhidan hozirgi maddohchalarda nom-nishon yoʻq. Gʻafur Gʻulom esa bizgacha ulugʻlarimizning ruhini olib keldi. “Alisher” degan sheʼrini eslaysizmi?

Yuksak togʻ oralab oʻkirgan sherning
Naʼrasiga tengdir aksi sadosi,
Besh yuz yil yangradi togʻday vatanda
Buyuk Alisherning asriy nidosi…

Gʻafur Gʻulom sheʼridagi “buyuk Alisherning asriy nidosi” sizni oʻrningizdan turgʻazib yuboradi. Hazrat Navoiyni ichidan bilmagan, ichidan anglay olmagan shoir bunday yoza olmaydi, bunday gapni ayta olmaydi.

Bu yerda anʼanalarga qarash haqida gap ketayapti. Abdulla Oripov avlodida anʼanalarga qarash Gʻafur Gʻulomga nisbatan yaqinroq. Erkin Vohidovlar Shayxzoda maktabini, Oybek maktabini, Mirtemir maktabini, Gʻafur Gʻulom maktabini davom ettirgan.

“Biz Abdulla Oripovga shogirdmiz, u kishining etagidan tutdik!” yoki “Biz Erkin Vohidovga shogird tushdik, u kishi ogʻzimizga tupurib qoʻydi!” deb karillaydigan keyingi avlod shoirlari klassik merosimizni deyarli bilmaydi. Yoshlar korchalonlik va maddohlik boʻyicha shogird boʻlgan, merosxoʻr boʻlgan, xolos.

Ustoz Shayxzoda ham, Mirtemir domla va Gʻafur Gʻulom ham klassik adabiyotimizni, dunyo adabiyoti tajribalarini juda yaxshi bilar edi.

T24: Hozirgi yosh shoir-yozuvchilar bilan sizning avlodingizga mansub ijodkorlar orasida qanday farqlar bor? Oʻxshash tomonlari yoʻqmi?

I.H.: Endi tasavvur qiling: mana bu yerda Rauf Parfi bor, sal narida Omon Matjon bor. Sal narida Muhammad Yusuf bilan Sirojiddin Sayyidni tasavvur qilaylik. Va ikki avlod vakillarining klassik adabiyot bilan jahon adabiyoti tajribasini oʻrganganlik darajasini qiyoslab koʻring-chi! Mutlaqo boshqa-boshqa manzaralarga duch kelasiz, yer bilan osmoncha farqni koʻrasiz.

Keyingi paytlarda chuqur bilim, mustaqil fikr talab qilinmadi. Hatto shu narsalar xalaqit bera boshladi. Endi shaxsiyat kerak boʻlmadi. Agar shaxsiyat koʻzga koʻrinsa, u erkinlikni namoyish qilishi kerak, u haqiqatni aytishi kerak, u “labbay!” deb taʼzim bajo keltirmasligi kerak, inkorchiligi ham boʻlishi kerak va hokazo. Shuning uchun bu yerda silliqlash va silliqlanish boshqacha jarayonda ketdi.

Bilasiz, biz koʻp yillar davomida Rauf Parfi bilan yonma-yon yashadik, adabiyot toʻgʻrisida koʻp suhbatlashganmiz. U kishining adabiyot haqida bir gapi boʻlardi, undan: “Nega kam yozasiz? Dangasa boʻlsangiz kerak-a?”, — deb soʻrasam, “Toʻgʻri-toʻgʻri, kam yozaman, dangasa boʻlsam kerak“, — der edi. Birpas sukut saqlab turardi-da, davom etardi: ”Har qanday zoʻr shoirdan ham faqat bitta kitob qoladi, hamma Alisher Gʻiyosiddinovich boʻlavermaydi, shuni bilib qoʻying!” (Yaʼni, hamma Alisher Navoiy kabi koʻplab durdona asarlar yoza olmaydi), — der edi. Sheʼrlarini qayta-qayta tahrir qilaverardi: gazeta-jurnalda chop etilganidan keyin ham, kitobida chiqib ketganidan keyin ham sheʼrlarini tahrir qilib charchamasdi. Menda qayta-qayta tahrir qilgan koʻplab sheʼrlarining variantlari saqlanib qolgan. Qolaversa, agar dunyoda ikkita haqiqiy kitobxon boʻlsa, bittasi Rauf aka edi. Agar bitta chinakam kitobxon boʻlsa, shak-shubhasiz, u ham Rauf aka boʻladi. U kitob oʻqishdan charchamasdi. Kitob varaqlasa ham albatta birorta yangilikni topib olardi. Doim yangilikka intilardi. Dunyo adabiyotida nima boʻlayapti? Milliy adabiyotimizni qanday qilib yangilash mumkin? Sheʼr oldidagi masʼuliyat nima? Soʻz oldidagi masʼuliyat nima?.. Mana shunday masalalar ustidan doim bosh qotirardi ustoz Rauf Parfi. Shoir sifatida zimmasida boʻlgan masʼuliyatni hech qachon esidan chiqarmasdi.

Bugun shoirman deb karillab yurgan birorta qalamkashda unday masʼuliyat yoʻq.

Mustaqillik davrida koʻp narsalarga erishildi. Lekin adabiyot sohasida, sanʼat sohasida, maʼnaviyat sohasida koʻp narsalar boy berildi.

Baʼzan Yozuvchilar uyushmasida dumbul shoirlar yoshlarga saboq berdi degan xabarlarni eshitib qolaman. Ajab-ajab, oʻzlari chalasavod boʻlsa-yu, qanday qilib yoshlarga saboq berishi mumkin? Kulgim qistaydi. Yoshlarning maslagi, dunyoqarashi yoshlikdan poklanmasa, tozalanmasa, keyin kech boʻladi. Eʼtiqodi, dunyoqarashi bir kirlangan yoshlarni keyin toʻgʻri yoʻlga solib boʻlmaydi.

Yarq etgan birorta yosh shoir bormi? Yarq etgan birorta yozuvchi bormi?

Yoshlar shunchaki yozishni oʻrganadi. Did haminqadar. Saviya haminqadar. Yana adabiyot haqida ogʻiz toʻldirib uyalmasdan gapiraverishadi! Hamma taraf yolgʻonga toʻlib ketgan. Yolgʻon gurillab yotibdi. Bugungi hayot haqida ham, adabiyot haqida ham kerakli gapni gapirish kerak.

Hozir keraksiz gaplar juda koʻp gapirilayapti. Agar faqat kerakli gap gapirilib, har sohaning odami oʻz ishini qilsa, hokimiyatga yaltoqilik qilmasa, hozirgi hokimiyat yaltoqlanishga muhtoj emas, “Menga maddohlik qil!” demaydi, shundagina har sohada rivojlanish boʻladi. Maddohlarni tuzatish qiyin, ular baribir oʻz bilganidan qolmaydi. Bizda chirkin bir musobaqa bor, bu juda yomon musobaqadir: bu mukofotbozlik! Xoʻp, moddiy manfaatdorlik kerak, ammo gʻirromlik bilan mukofot uchun kurashib yotgan kimsalarni koʻrib odam irganib ketadi. Yaxshi asar yozishdan boshqa mukofot ham borligini oʻylamaydigan shoir-yozuvchilarimiz barmoq bilan sanarlidir. Mana fojiamiz qayerda!

Yaqinda Rauf Parfining 75 yillik tavallud ayyomi boʻladi. Menimcha, “Rauf Parfining sanʼatkorlik maktabi” barpo etilishi kerak. Modomiki, adabiyot soʻz sanʼati boʻlar ekan, yosh ijodkorlar Rauf Parfining sanʼatkorlik mahoratini oʻrganmasdan qayoqqa borishi mumkin? Ustoz Rauf Parfining eng sobit talantli shogirdi, shubhasiz, Muhammad Solih edi.

T24: Rauf Parfi umrining oxirida yozgan sheʼrlarida hayotining konsepsiyasini toʻla-toʻkis ochib berganday, adabiy tahlilchilarga ish qoldirmadi goʻyo. Rauf Parfi soʻnggi asarlarida goʻyo hayotdagi missiyasini ochiqlaydi: Yassaviy, Navoiy metafizikasi, kosmogoniyasiga uygʻun kelgan yangi va oddiy shaklda zamon ruhi kayfiyatini aytadi. Siz Muhammad Solihni “Rauf Parfining eng sobit talantli shogirdi” deb aytdingiz, shu oʻrinda Muhammad Solihning, adashmasam, 1976 yili yozgan “Sen — qushsan, xabaring yoʻq bu sirdan…” deb boshlanuvchi katta bir sheʼri mumtoz adabiyot anʼanasini yangi shaklda davom ettirganini yodga soladi. Uzr, fikringizni boʻlganim uchun.

I.H.: Solih ustozga taqlidchi shogird darajasida qolib ketmadi, oʻzi ham milliy adabiyotimizga yangilik olib kirdi. Solih sheʼrlarida oʻziga xos usulda xalq dardini baralla ayta oldi. “Ironiya — zaharxanda” ifodalar orqali zalvorli milliy gʻoyalar, milliy dard zukko oʻquvchiga taqdim etiladi.

Bayt:

“Yoʻqolsin boylar dedik,
Yoʻqoldi boylar.
Yashasin yoʻqsillar dedik,
Yashayapti yoʻqsillar.”

Qarang, xalq qashshoq boʻlib ketdi degan maʼnoni goʻyo shoʻro davlatining qip-qizil gʻoyasini propaganda qilayotgandek bir tarzda sheʼrga koʻchiradi.

Solihning yana bir zaharxanda sheʼrida “Tupurdim paygʻambarning ol soqoliga” degan satr bor. “Ie, Solih shakkoklik qipti-ku!” deb toʻpolon qiladi ayrim doʻstlar. Vaholanki, paygʻambar deganda u qizil (ol) soqolli Marks-Engels-Lenin degan proletarlar dohiysini nazarda tutadi. Shoʻro siyosatiga astoydil xizmat qilib yurgan ayrim tanqidchilar “Sheʼringizni tushuntirib bering!” degan maxsus maqola yozib Muhammad Solih sheʼrlaridagi milliy gʻoyalar ifodasini oshkor etib shoirni fosh qilmoqchi ham boʻladi. Muhammad Solih milliy adabiyotimizda oʻz oʻrniga ega pokiza shaxsiyat.

Hozir adabiyotimizning egasi yoʻq. Agar Abdulla Qahhorga oʻxshagan bitta posbonimiz boʻlganda bormi, adabiyot atrofidagi vaziyat birdan oʻzgarar edi. Ammo talantsiz minglab qalamkashlar Qahhor domlaga qarshi darrov bir yoqadan bosh chiqarib, birlashib olib kurash boshlab yuborardi. Talantsizlar birpasda birlashadi, talantli ijodkorlarning birlashishi qiyin. Chunki talantli odam oʻz holicha bir dunyo boʻladi.

“Adabiyot atomdan kuchli, ammo uning kuchini oʻtin yorishga sarflamaslik kerak”, degan edi Abdulla Qahhor. Afsuski, uzoq yillar adabiyotning kuchi bilan faqat oʻtin yordik, xolos.

Manba: www.beta.turon24

Yana shu mavzuda:
Ibrohim Haqqul. Qachon xolis, qachon muxlis boʻlamiz?

007

(Tashriflar: umumiy 1 025, bugungi 1)

4 izoh

  1. Устоз Иброҳим Хаққул ХХ1 аср жадид ижодкори. Ул тзотга бу жўмардлиги ва ҳақсўзлиги учун миллион ташаккур

    Эшқобил Вали, Самарқанд

  2. Албатта, қўшилмайдиган жойлари бор. Аммо аллақачон аайтилиши керак бўлган гаплар. Умуман, ижод зулм ва ёлғон билан бир жойда яшолмайди. Агар сарой зулм ва ёлғондан холи бўлса ёки ҳеч қурса, ундан узоқлашишга, ўзини ундан тозалашга уринса, ижод унинг ёнида туради, у билан бирга курашга киради, агар у ёлғон ва зулм билан бирлашса, у саройдан кетади. Бу азалий ҳақиқат, «ижод»нинг қонуни. ким бу қонунни менсимай, Ёлғон билан бир сафда туриб, «ижод қилаяпмиз» деётган бўлса, у ўзини ҳам, миллатни ҳам, адабиётни ҳам, сўзни ҳам алдаяпти. Бундайларни адабиёт, шундай анъананинг оммавийлашишига жим қараб турган миллат зиёлиларини тарих, келажак кечирмайди. Назар Эшонқул

  3. Maqtov kimga yoqmas, koʼngling toʼldirar,
    Maqtov shirin ogʼu, shirin oʼldirar,-deb yozgan edi Rauf Parfi bir sheʼrida. Maqtovlarga koʼmilgan adabiyotimiz haqiqatan, oʼquvchi didi va saviyasini ham oʼldirdi. Shu bois hozir hatto oʼzbek filologiyasida tahsil oladigan aksariyat talabalar Rauf Parfi, Abdulla Oripovdan koʼra Muhammad Yusufdan koʼproq bilishadi, baʼzisi hatto Ahad Qayumchi.
    Soʼz yukini anglamagan ijodkor qanday qilib oʼquvchida soʼz zavqini uygʼotardi? Bu xususda jiddiy oʼylash kerak? Soʼzni mayda va oʼtkinchi hislarga qurbon qilmay, maqomini bilib ishlataylik. Bu suhbat hammamizni hushyor torttirmogʼi kerak. Adabiyotning chin jonkuyari ustoz Ibrohim Haqqulga behad tashakkur.

  4. Haqiqat…
    Ba’zan nahotki, «Adabiyotning kuni o’sha mayda gaplarga qolgan bo’lsa» deb o’ylab qolaman.
    BARAKA BOQIY, shoir.

Izoh qoldiring