Ibrohim Haqqul. Ma’naviy muammolarimiz aksari mumtoz adabiyotdan uzoqlashishdan.

ibrohim haqqul

   Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1966-1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.
Иброҳим Ҳаққул 1970-1972 йилларда «Шофиркон ҳақиқати» газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган.
Унинг «Навоий ва Мавлоно Ашраф», «Дарё каби ҳамиша уйғоқ…» каби илк адабий мақолалари шу газетада босилиб чиққан.
Олим 1972 йилдан то ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият қилиб келади.
Иброҳим Ҳаққул 1976 йили «Ўзбек адабиётида рубоий» темасида номзодлик, 1995 йили «Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Дастлаб унинг «Ўзбек адабиётида рубоий» (1981), «Увайсий шеърияти» (1982), «Бадиий сўз шукуҳи» (1987) китоблари нашр этилган бўлса, кейин «Занжирбанд шер қошида» (1989), «Шеърият — руҳий муносабат» (1989), «Абадият фарзандлари» (1990), «Тасаввуф ва шеърият» (1991), «Камол эт касбким…» (1991), «Ғазал соғинчи» (1991) каби 20дан ортиқ китоблари босилиб чиққан.
У рус тилидаги икки жилдлик «История узбекской литературы» китобининг муаллифларидандир.
Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида Иброҳим Ҳаққулнинг адабий жараёнга фаол иштирокини кузатиш мумкин. У замонавий шеъриятга бағишланган ўнлаб мақола ёзган.
Шунингдек, Абдулҳамид Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» (1988), Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар» (1991) мажмуасини, шогирди Сайфиддин Рафиддинов билан ҳамкорликда «Боқирғон китоби» (1991), «Меърожнома» (1995) каби узоқ муддат нашр этилмай келинган асарларни ўқувчиларга етказган.
Кейинги етти-саккиз йил мобайнида у «Аҳмад Яссавий», «Ким нимага таянади?», «Эътиқод ва ижод», «Тасаввуф сабоқлари», «Тақдир ва тафаккур», «Мерос ва моҳият» деб номланган рисола ва китобларини чоп эттирган.
Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Вильям Шекспирдай даҳо санъаткорларнинг ўзбек тилига ўгирилган китобларига салмоқли сўзбоши ва сўнгсўзлар ёзган.
Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний»сидан танланган шоҳбайтларнинг алоҳида китоб ҳолида чиқарилганлиги ҳам эътиборга моликдир.
Кейинроқ Иброҳим Ҳаққулнинг «Ижод иқлими» ва «Мушоҳада ёғдуси» номли китоблар ҳам босилиб чиққан.
У 1996 йилдан «Қадимги давр адабиёти», 2001 йилдан буён «Ўзбек адабиёти тарихи» бўлими мудири сифатида фаолият кўрсатиб келаётир.
Олим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзбек тили ва адабиёти», «Тафаккур», «Нақшбандия» журналлари таҳрир ҳайъатлари аъзоси ҳамдир.
Унинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилиниб, нашр этилган.  Сўнгги йилларда олимнинг «Навоийга қайтиш» деб номланган 2 жилдлик китоби босмадан чиққан.

ibrohim haqqul

МАЪНАВИЙ МУАММОЛАРИМИЗ АКСАРИ МУМТОЗ АДАБИЁТДАН УЗОҚЛАШИШДАН
Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат

Бу галги Би-би-си меҳмони адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул бўладилар. Ассалому алайкум, Иброҳим ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Иброҳим Ҳаққул: Раҳмат.

Би-би-си: Илк матубимиз Ўшдан, Одил Махдумий сўраяптилар: «Буюк аллома Мир Алишер Навоий ҳазратларининг барча асарларидаги муножатлар Аллоҳга бўлган ишқми ёки аёл зотига бўлган ишқ? «Гули» ҳақиқатдан ҳам ҳазратнинг севгилиси бўлганми ёки Иззат Султон ва Уйғуннинг ижодий маҳсулими?»

Иброҳим Ҳаққул: Навоийнинг асарларида муножатлар бор. Муножат деганда асосан Худога бағишланган сўзлар тушунилган. Навоийники ҳам Аллоҳга бағишланган. Наът деганда пайғамбаримиз ҳақидаги фикр-мулоҳазалар баёни назарда тутилган. Шунинг учун, у ерда инсон зотига, аёлга муножат деган гап йўқ. Энди кейинги савол — Гули масаласи, қаерга бормайлик шу савол бўлади: Гули ҳақиқий шахсми йўқми? Бу доимий сўралиб келинаётган савол-да. Лекин, бунга аниқ-тиниқ қилиб жавоб бериш қийин. Чунки, бирон жойда, бирон манбада Навоийнинг севгилиси Гули бўлган деган гап қайд қилинмаган. Халқ афсоналарида, ривоятларида шу Навоий, Гули ҳақида фикр-мулоҳазалар бўлган. Иззат Султон билан Уйғун шу асосда Гули образини яратишган. У энди шу икки ёзувчининг тасаввуридаги образ.

Би-би-си: Одил Махдумийнинг кейинги саволи: «Ҳазрат Алишер Навоийнинг бобоси асли Ўш вилояти Аравон қишлоғидан бўлган деб айтилади. Бу манба тасдиқланганми?»

Иброҳим Ҳаққул: «Ўшдан» деган гапни, тўғриси, ман биринчи марта эшитяпман. Навоийнинг аждодларини бошқа жойларга нисбат бериш бор, лекин Ўшда йўқ. Бу бирон тарихий манбада бирон навоийшунос томонидан айтилмаган факт. Шунинг учун, тасдиғини топиши қийин, деб ўйлайман.

Би-би-си: Ҳозир мумтоз адабиётни ўқийдиганлар кам экани айтилади. Бунга сабаб қилиб, кўпда уни оддий кўз билан тушуниш қийинлиги деб ҳам кўрсатилади. Масалан, Навоий асарларини керакли билимлар билангина тушуниш мумкин деган қараш шаклланган. Бу фақат тил муаммосими ёки бошқа сабаблар ҳам борми?

Иброҳим Ҳаққул: Энди сабаблари кўп, сабаблари кўп. Масалан, Навоийни ўрганиш учун, қизиқиб ўқиш учун, фақат Навоийни эмас, мумтоз адабиётни билиш учун замонавий адабиётни қизиқиб ўқиш керак. Замонавий адабиёт мумтоз адабиётни билишга, ўрганишга йўл очади. Бугун бизда ўша замонавий адабиётни ўқиш ҳам суст. Энди Навоийга бевосита келсак, албатта, Навоий — биздан анча асрлар олдин яшаб ижод этган шоир. Унинг дунёқараши бошқа. У яшаган муҳитдаги ахлоқий, маданий, фалсафий қарашлар бошқа. Навоийни ўрганаётганда аввало мана шуларни ҳисобга олиш керак. Шўролар даврида мана шу жиҳатлар инобатга олинмасдан замонавий Навоийни яратишга уринилган. Ва шу асосда одамларнинг тасаввурида сохта бир Навоий пайдо бўлган. Навоийни билиш учун унга яқин бориш керак, Навоийни Навоийга яқинлаштириш керак-да. Ана шунда, ҳамма нарса ўз-ўзидан очилади. Кейин Навоий шеъриятининг асосий йўналиши абадият ва охиратга қаратилган. Навоий қайси масалага ёки мавзуга эътиборни тортса, ўшани инкор қилганда ҳам ё-да, маъқуллаганда ҳам охират нуқтаи назаридан, абадият нуқтаи назаридан баҳолайди. Бундан ташқари, бу ўткинчи дунёнинг кўп масалаларига Навоий танқидий қараган. Навоийнинг асосий нақтаи назарига суянмасдан, ўшаларни кўнгилдан ўтказмасдан замонавий Навоий яратиш ўқувчиларни, албатта, чалғитган ва ҳозир ҳам чалғитиши табиий.

Би-би-си: Иброҳим ака, тингловчиларимизнинг ҳам худди шу мавзуда саволлари бор. Аввалига Канададан таниқли журналист Бахтиёр Шохназаровнинг саволлари: «Иброҳим ака, мана ҳозир фан-техника даврида яшаяпмиз. Ҳамма ёқ интернет бўлиб кетди, фейсбуклар, твиттирлар…ёшлар мана шу технология орқали бир-бирлари билан хат ёзишиб, хабарлашишаяпти. Эски пайтларда одамлар бир жойга тўпланганда ғазалхонлик, шеърхонлик қилишган. Ҳозир ёшларимизда мана шу нарсани кўрмаяпман. Афсуски, ёшларимиз ҳозирги кунда маданий меросимиздан, классик шеъриятимиздан жуда ҳам узоқлашиб кетишяпти. Уларни бой ўзбек классик шеъриятига ошно қилиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз? Раҳмат».

Иброҳим Ҳаққул: Бу гапларингизда, албатта, жон бор. Чунки, ёшлар бугунда нафақат мумтоз адабиёт, замонавий адабиёт асарларини ҳам жуда кам ўқишади-да, умуман, адабиётга қизиқиш одамни ҳайрон қолдирадиган даражада сусайганини кузатиш мумкин. Мумтоз адабиёт анъанавий йўлда ёзилган асарлардан таркиб топган. Бунинг учун, ўша мумтоз адабиётнинг асосий хусусиятларини фазилатларини, уни тушуниш йўлларини ёшларга ўргатиш керак, аввало. Яъни, ёшлар шунга қизиқиш пайдо қилиши керак. Лекин, бугунги мани кузатишларим бўйича, наинки ёшлар, ҳатто, адабиётга дахлдор бўлган аксарият одамлар, ижодкорлар ҳам арузга қизиқаётгани ёки чин дилдан ихлос қилиб мумтоз адабиётни ҳаракат қилиб ўрганаётгани йўқ. Ман бундан жуда ҳам ҳайрон қоламан. Навоий ҳақида гапир десангиз: «Навоий бобомиз ундоқ, фалончи мундоқ», деб кўкрак кериб гапиришади. Лекин, туб моҳиятда, ўша Навоий ижодиётидан, Навоий асарларининг ҳақиқатларидан аксарияти узоқ. Бизнинг бугунги маънавий муаммоларимизнинг аксарияти, ман айтаманки, классик меросдан узоқлашишдан…Буни чин дилдан муҳокама-мулоҳаза қилиб, бир хулосага келинмаса, аҳвол бундан ҳам баттарлашади. Лекин, мани фикримча, китобга қизиқиш пайдо қилинмаса, Навоийга, мумтоз адабиёт асарларини тушуниш даражасида агар ёшларни олиб чиқилмаса, уриниш ҳам, ҳар қандай гап ҳам бекор, беҳуда кетаверади. Чунки, ман ақлимни олганимдан бери: «Навоийни ўқиш керак, Навоийни фалон қилиш керак, тушунтириш керак, тили қийин, уни соддалаштириш керак ва ҳк», деб айтиб келинган. Лекин, амалда қилинган ишлар ёки эришилган натижалар кишини хурсанд қилади, деб айтолмайман. Шунинг учун, бу масалада ҳам, биз танқидий бир қараш билан, танқидий кўз билан ўзимизга қараб, «шу мерос бизники», деб мақтаниш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини ёшларга тушунтиришимиз керак. Лекин, тўғриси айтсам, ман дарсга бораман баъзи олий ўқув юртларга, гаплашаман, кўп ёшларимизнинг мумтоз адабиётни билишга майли паст. Балки, бунинг учун уларни айблаб бўлмас. Бугунги аҳвол, ҳарақалай, мана шунақа.

Би-би-си: Ўзбекистондан яна бир тингловимизнинг саволи худди шунга ўхшаш экан: «Адабиётнинг кучи тўғрисида сўрамоқчи эдим. Мани ўзим 1985 йилдан 1995 йилларгача адабиёт билан мунтазам танишиб турганман. Жуда яхши шоирлар бўлганми ёки ёзувчилар бўлганми, асарлар бўлганми, адабиётнинг менинг назаримда жуда кучли бўлиб кўринган. Ҳозир балки, ўша Муҳаммад Юсуфдек шоирлар, Ўткир Ҳошимовдек ёзувчилар ёки ўша «Икки эшик орасида» каби асарлар йўқми ё-да, ўшанақа асарларни ўқийдиган ўқувчи йўқми? Буни замонга боғлаш керакми, интернет, тараққиётга боғлаш керакми ёки ўқувчиларнинг савиясигами ва ё ёзувчи, шоирларнинг савиясигами, умуман, адабиётнинг кучига боғлаш керакми?»

Иброҳим Ҳаққул: Бу киши яхши савол берди, фикр алмашадиган савол. Бугун ҳақиқатда адабиётга қараш Ўзбекистонда ҳам, кўп жойларда бошқача, адабиёт олдингидек одамларни ўзига жалб қила олгани йўқ. Энди бунга фақат ёзувчини айблаш тўғри бўлмас. Чунки, ёзувчи ўқувчи учун асар ёзади. Танқидчи учун ёки бошқа бир ҳакам учун эмас. Агар ўша асар ўқилмаса, ёки биров ўқиёлмаса, ана унда ёзувчига муносабат билдириш мумкин. Ўзимнинг фикрим шундан ибораки, адабиётни адабиёт ўлароқ тушунадиган, адабиётга санъат иши деб қарайдиган, ёзувчи санъаткор бугун жуда кам, тўғрисини айтганда. Шунинг учун, ёзилаётган нарсаларнинг аксарияти бозорбоп нарсалар. Яъни, ёзувчи ёзади, ўзининг пулига чиқаради. Ҳар хил китоблар тўлиб кетган, уларнинг орасида ўқиладигани кам. Энди адабиёт ҳақида баҳо берадиган танқидга келсангиз, бу танқидни ўзи қолдими-йўқми буни ҳам ҳеч ким билмайди. Бир дадил гапни айтадиган танқидчи йўқ. Хуллас, адабиёт масаласи муаммога айланиб қолган. Ўқувчи ёзувчига ағдарса, ёзувчи ўқувчига ағдарса ёки бошқа бир танқидлар айтилса, бу билан иш битмайди. Шунинг учун, биз адабиётга адабиёт иши деб қарайдиган санъаткорларга, боя айтганимдек, санъаткор ёзувчи-шоирга мухтожлик жуда баланд. Адабиётни бошқа ишларга, бошқа нарсаларга хизмат қилдиришни ўйламаслик керак. Иккинчи даражали ўйлар билан, майда ғаразлар билан, мақсадлар билан ёзиб-чизиб юрган ёзувчию шиорларимиз ҳам жуда кўп. Шунинг учун, ўйлайманки, бу савол берган укамизнинг гапларида жон бор, бу масалани жиддий гапириш керак.

Би-би-си: Иброҳим ака, ҳозир Истанбулда фаолият қилаётган мустақил ижодкор Феруза Бону сўраяптилар: «Ассалому алайкум Иброҳим ака. Бундан 10 йил, 20 йил олдинги қарашларингиз билан ҳозирги қарашларингиз, адабий фикрларингиз бир-бирига уйғунми, бир-бирини тасдиқлайдими ёки инкор этадими?»

Иброҳим Ҳаққул: Раҳмат. Энди адабиёт ҳақидаги фикрларимда ўзаро бир фарқланиш бор, деб билмайман. Олдин нимани тушунган бўлсам, ҳозир ҳам шуни кейинги ишларимда ҳам янада чуқурлаштиришга, адабиёт ҳақида кўпроқ мулоҳаза юритишга ҳаракат қилганман. Олдин адабий танқидчи сифатида ҳам саксонинчи-тўқсонинчи йилларда бир нималар ёзиб юрганман. Яъни, ўша адабиё жараёнга қатнашганман. Бугун адабий жараёндан деярли четдаман. Замонавий асарларни ҳам, тўғрисини айтганда, камроқ ўқийман. Ўқиладигани топилса, ўқийман, бўлмаса, ўқимайман. Мумтоз адабиётни ўрганиш — менинг севимли соҳам. Ман Тошкентга, тўғрисини айтсам, шу илм қиламан, Навоийни ўрганаман, Бобурни ўрганаман, шулар ҳақида қўлимдан келган нарсаларни ёзаман, деб келганман. Худога шукурки, шу ишни баҳоли қудрат шу пайтгача қилиб келяпман. Кейинги 20 йилда 10дан ортиқ китоб чиқди, мақолалар чиқди. Шунинг учун, мумтоз адабиётни ўрганиш менинг фаолиятимда устунлик қилди, деб айта оламан.

Би-би-си: Раҳмат катта, Иброҳим ака. Феруза Бонунинг кейинги саволлари: «Иброҳим ака, Сизнинг ижодингиз гуллаб-яшнаган даврларга назар ташлайдиган бўлсак, ўша пайтда тасаввуф билан шуғулланадиган ижодкорлар тадқиқотчилар жуда ҳам озчиликни ташкил этарди. Ҳозирги кунда ана шу тасаввуф илмини тадқиқ этувчилар, ижодкорларнинг ижоди ҳақидаги фикрларингиз борми ёки бугунги тасаввуф билан шуғулланувчилар нақадар даражадаги ишларни бажара олаяптилар. Ва бу иш Сизни қай даражада қониқтиради?»

Иброҳим Ҳаққул: Раҳмат. Энди Шарқ адабиётини тасаввуфсиз ўрганиб бўлмайди. Бизда ўша тасаввуфдаги адабиёт бор, ундан кейин тасаввуфни тарғиб қилган адабиёт бор. Навоийлар шу тасаввуф билан боғлангани учун тасаввуфни ҳам ўрганишимиз керак. 1980 йиллар охиригача ҳам тасаввуфни ўрганадиган одамлар деярли йўқ эди. У пайтда тасаввуфни ўзи қораланган, у ҳақда ёзиш бир ютуқ бермасди. Лекин, мустақилликдан кейин қочган ҳам, қувган ҳам, билган ҳам, билмаган ҳам тасаввуфга ёпишди ва тасаввуф ҳақида ёза бошлади. Бугун Ўзбекистондаги тасаввуфшуносликни бир ўқиб, баҳо бераман десангиз, бошингиз гангиб кетади. Баъзан шундай бўлдики, мумтоз адабиётдаги қайси ёзувчи-шоир бўлса, ҳаммасини тасаввуфлаштириш, ҳаммасига тасаввуф муҳрини босишга ҳаракат қилинди. Бугун кўп тасаввуф ҳақида ёзилган талқинларга қўшилиб бўлмайди, маъқуллаб бўлмайди. Энг ёмони бу ўқувчини адабиётдан кўнглини совутади. Нотўғри тасаввур пайдо қилади. Энди булар ҳақида қўлдан келганча биз гапириб юрибмиз, айтаяпмиз. Лекин, фойдаси жуда кам бўляпти.

Би-би-си: Яна бир мухлисимиз: «Айримлар суфийликни Ислом динига ёт, қарама-қарши дейишади. Бунга қанчалар жон бор?» деб савол йўллаган. Марҳамат, Иброҳим ака.

Иброҳим Ҳаққул: Бу гап мутлақо қўшилиб бўлмайдиган гап. Чунки, сўфийлик, тасаввуфнинг чиройли қизга деймизми, аёлга ўхшайдиган томони бор. Унинг ошиғи кўп. Бировлар буни яҳудий манбасидан дейди, христиандан дейди, ҳинду ҳам дейди, йирик тасаввуфшуносларнинг эътирофи бўйича бу — ёлғон гаплар. Тасаввуфнинг замини Исломда ва Исломдан юзага чиққан. Исломнинг энг гўзал жиҳатларини тасаввуф акс эттирган. Шунинг учун, бутун дунёда тасаввуфга қизиқиш бор ва тасаввуф орқали Исломга кираётган одамлар ҳам етиб ортади.

Би-би-си: Сизга Канададан таниқли журналист Исмат Хушевнинг саволлари: «Ассалому алайкум Иброҳим ака, ман Сиз билан бугун боғланиб турганимдан бахтиёрман. Ман Сизнинг ёзганларингизни олис Канададан бўлса ҳам кузатиб келаман. Адабиётшунос олим сифатида, ўз эътиқодига эга бўлган одам сифатида номингизга эгасиз. Ман Сизнинг ижодий ишларингизга омад тилайман. Лекин, бугун ман бир масалада, кейинги пайтларда Ғаффор Ҳотамовнинг жуда катта шов-шув бўлаётган асари ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдим».

Иброҳим Ҳаққул: Хўп, раҳмат. Ҳозир Тошкентда Ғаффор Ҳотамовнинг шу асари (гап ёзувчининг «Тақдир ажойиботлари ёхуд Одил Ёқубов ҳақида» номи билан интернетда тарқатилган ҳужжатли қиссаси ҳақида гап бораяпти- Би-би-си) ҳақида кўп айтиб, эшитиляпти. Ман баъзи нарсаларини, лавҳаларини одамлардан эшитдим. Лекин, ўзим бу асарни ўқиб, бир хулосага келганим йўқ. Баъзи лавҳалар, агар ўша ўқувчилар айтган гаплар тўғри бўлса, бу ҳеч куракка сиғадиган гаплар эмас. Ёзувчи бунақа гаплар билан шуғулланиши мумкин эмас. Б аъзи лавҳаларни, Абдулла Қаҳҳор билан боғлиқ, Озод Шарофиддинов билан боғлиқ, яна бошқалар билан боғлиқ бир лавҳаларни гапириб беришди, ман ҳайрон қолдим.

Би-би-си: Ўшдан Даврон Ҳотам исмли тингловчимиз шундай хат йўллаган: «Ассалому алайкум! Азага борган ўз дардини айтиб йиғлаганидек, мен ҳам сизга Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбек ижодкорлари ҳақида, уларнинг катта адабиётдан узилиб қолганлигини эслатмоқчи эдим. Бу борада нима ишлар қилса бўлади? Яна бир гап Ўшда ташкил этилган www.ijodkor.com сайтига сиз каби устозларнинг ташриф буюриб, Ўзбекистондан ташқарида ижод қилаётган ёшлар ижодига муносабат билдиришларини истардим».

Иброҳим Ҳаққул: Ўзбекистондан ташқарида ижод қилаётган ёзувчи-шоирларнинг баъзилар ҳақида биламан, маълумотга эгаман, лекин уларнинг асарларини ўқиганим йўқ. Интернетга кириб ўқишни ҳам ман унча билмайман-да, тўғрисини айтганда. Агар ҳақиқий адабиёт қилинадиган бўлса, Ўзбекистонда бўладими, бошқа жойдами, барибир бир кун бўлмаса, бир кун умумий адабиёт ўлароқ ўқувчиларга етиб боради. Шунинг учун, адабиётга ўхшаш асарларни ёзиб кун ўтказиш эмас, аввало ҳақиқий адабиёт яратиш керак. Чинакам санъат асари яратиб, қаерга, қайси жойга кирилса, манимча, адабиёт учун, ўзбек адабиёти учун фойдали, ўқимишли асар бўлади у.

Би-би-си: Ўзини Ломакондан деб Девона номи билан савол йўллаган тингловчимиз: «Деярли кўп китобларингизни ўқиганман, сизда бир илоҳий (Ладуний ва ё Увайсий) аломати борми, деб ўйлайман. Бундай гўзал илҳом қаердан?» деб сўраганлар. Марҳамат.

Иброҳим Ҳаққул: Йўқ, йўқ, манда ладуний ёки илоҳий илҳом йўқ. Ман илҳомни меҳнатда, деб биламан. Қанча кўп ўқисангиз, мулоҳаза юритсангиз, ишингиз ўнгланиб кетаверади. У кишида шундай туюлган бўлиши мумкин, лекин каму камчиликларимни ўзим биламан. Шунинг учун, баҳоли кудрат бугунгидан эртага, эртангидан индинга бир имконият очиш, тузукроқ бир нарса учун уриниб келиб, яхшидир, ёмондир мана шу натижаларга эришганман. Бу ҳеч камтаринликсиз, тўппа-тўғри эътирофим.

Би-би-си: Иброҳим ака, қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Иброҳим Ҳаққул: Мана рўза, Рамазон ойи бошланди. Ҳаммаларингизга хайр-барака бўлсин, дейман. Оилалари, ўзлари шу ойни яхши ўтказишсин. Бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари янада ошсин. Халқимиз бундан-да яхши ҳаёт кечирсин. Яхши кунларда учрашайлик, мана шунақа суҳбатлашайлик. Раҳмат.

Би-би-си: Сизга ҳам мустаҳкам соғлик тилаймиз. Янги ижодий ишларингизни кутиб қоламиз!

Manba: BBC

(Tashriflar: umumiy 518, bugungi 1)

5 izoh

  1. Суҳбатни ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Маза қилдим, раҳмат! Албатта, Иброҳим Ҳаққул ўзбек мумтоз адабиёти йўналишида беназир мутахассис. Тани соғ, умри узоқ бўлсин! Ўйлаган ҳамма ниятлари амалга ошсин!Бугунги ўзбек адабиёти дунёсида мумтоз адабиёт бўйича у кишига тенг келадиган олим йўқ, ҳисоби. мен ҳам китобларини топиб ўқиб юраман. Охирги китобларини «Алишер Навоий 2″ни ҳам буюртма қилиб қўйдим, юборишади. И. Ҳаққулнинг ёзганлари кўнглимга озуқа беради, ҳузур қиламан. Ўзбекнинг шундоқ олими борлигидан фахр ҳиссини туяман.
    Фақат домланинг бир фикри мени бир оз ўйлантириб қўйди. Бугугн ўзбек адабиётшунослигида яхши танқидчи йўқлиги ҳақидаги фикрига қўшилолмайман. Замонавий шеъриятга, насрга бугунги назар билан одилона, оқилона ва билгичлик билан ёндаша оладиган бир олим бор. У киши профессор Қозоқбой Йўлдошев. Ўзбек мумтоз адабиёти соҳасида Иброҳим Ҳаққул қандай мавқени эгалласа, замонавий адабиётда Қозоқбой Йўлдошев шундай мавқеда туради. Қ. Йўлдошев билан шундай суҳбат ташкил қилсангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
    Умуман, суҳбатни ташкил этганлардан миннатдорман. Ишларингизга ривож тилайман! Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин! Аллоҳ ишингизнинг ривожини берсин!
    Қундузхон ҲУСАНБОЕВА,
    Лос Анжелес.

  2. Иброҳим Ҳаққул билан Қозоқбой Йўлдошевнинг битта фарқи бор. Иброҳим Ҳаққулов пасту баландни эътиборга олиб ёзади.Демоқчиманки,унинг савиясизлиги кўриниб турган асар ёки истеъдодсиз шоир ҳақида ёзганини кўрмаганман. Қозоқбой Йўлдошевда эса,афсуски, бу ҳолатни кўрганман. У истеъдодли шоирлар қаторида истеъдоддан дарак ҳам йўқ,аммо бири қудаси,бири жўраси бўлгани учун ёзганини кўп кўрганман.
    Иккинчи бир фарқ: Принципнинг йўқлиги. Қозоқбой Йўлдошев “Ислом Ўз” сайти «Ўзбек аёлининг маънавияти» деб азалий қадриятларимиз: одоб,ҳаё ҳақида ёзади ва шу билан бирга Саломат Вафонинг уятсиз асарларини мақтаб кўкка кўтаради,уларни Миллий Университет талабалари орасида тарғиб қилади,уларни ўқимаганни имтиҳондан ўтказмайди. Шу маънода уни Иброҳим Ҳаққул билан тенг қўйиб бўлмайди.

    Мен бу гапларни Қозоқбой Йўлдошевнинг қатор юксак савияли мақолаларини тан олган,рад этмаган ҳолда айтаяпман.

  3. Бу дунё дунё булгали хеч ким мукаммал булган эмас! Мукаммаллик факат Тангри таолга хосдир. Инсон эса хамиша ожиз ва хеч нарсани килаётиб килганини тан олмайди. яхши булса хам ёмон булса хам. Афсуски адабиёт елка кисиб колди деган эди Шукур Холмирзаев. Шавкат Рахмон Рауф Парфи Шукур Холмирзаевлар хаёт булганларида борми адабиётни каланги касангилардан, ВИРУСлардан тозалаб турган булардилар. ёки таъсир утказиб. Афсус улар орамиздан эрта кетди. Шукур ака Динозаврни бекорга ёзгани йук. Шавкат ака эса Мен жангчи эмасдим мен шоир эдим деб бекорга айтгани йук. Рауф ака мозийга карасам синар овозим деб шунчаки шеър ёзмади хаир. Козокбой Й хам Иброхим Хаккул хам ута билимдон шахслар. Йук, олимлар десам тугрирок булади. Лекин сунгги пайтлари Козокбой Йулдошевнинг шеър булиб беър эмас, бир нимарсаларни тахлил килиб макола ёзиб Шарк Юлдузида чоп килдиряпти. энди у илм хам эмас адабиёт хам эмас. Тарихда колиш учун тинимсиз ёзиш хам шартмикин, менимча шарт эмас…

  4. Менимча амал ва лавозимни истаган ижодкорлар маълум пайтларда ҳақиқатдан чекинишга ва истамаган гапларини айтишга мажбур бўлиб қоладилар. Лекин ундайлар сафида Иброҳим Ҳаққуловнинг йўқлиги мени жуда хурсанд қилади. Бу киши ўз фақатгина тасаввуфшунос олиммас, ўз эътиқодига эга инсон сифатида ҳурматга лойиқдир. Энди замонавий адабиёт танқидчилари масаласига келсак нимага Умарали Норматовни қўшмаяпсизлар, у ҳам кучли олимларданку!
    Иброҳим Ҳаққул 90-йилларда ижтимоий муаммолари ҳақида ҳам дадил мақолалар ёзган ижодкордир.

  5. Мен «мерос вамохияат» номли китобларини у́киганман жуда зу́р китоб мена ёккан.лекин ушбу китобларини раса кидириб хам тополмадим «такдир тафаккур»ёки шунга у́хшаш тасаввуфга доир китобларини топишга ёрдам беринлар.975033045 ку́конлиман

Izoh qoldiring