Ismoil Bekjon. Xonzodabegim va Xurramshoh qismati

09   Бобуршоҳнинг жияни Хуррамшоҳ ҳақида И. Бекжоновнинг “Бобурподшоҳнинг жияни” номли мақоласи орқали ҳикоя қилган эдик (Мақола мана бу саҳифада). Исмоил Бекжонов бу борада яна ҳам чуқурроқ изланиш олиб бориб, гап ҳақиқатига етишган ва уни қуйидаги мақоласида баён этган.

Исмоил Бекжон
ХОНЗОДАБЕГИМ ВА ХУРРАМШОҲ ҚИСМАТИ
088

09 Бобур подшоҳнинг опаси Хонзодабегим ва унинг ўғли, яъни Бобурнинг шайбонийзода жияни Хуррамшоҳ тақдири ҳақидаги маълумотлар талқинининг тарихий манбалар ҳамда ҳозирги замон бадиий адабиёти ва илмий тадқиқотларда турли-туманлигини кўрамиз. Шу сабабли гоҳо ўқувчиларимизни “Бобурнома” ёки Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”, Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихий Рашидий”, Муҳаммадёр ибн Араб Қатағаннинг “Мусаххир ил-билод” каби ўзбек тилида нашр қилинган асарлардан ташқари ҳозирча чоп этилмаган бошқа ёзма манбаларда Бобурнинг бу қариндошлари ҳақида яна қандай хабарлар борлиги ҳам қизиқтириши табиий ҳол.

Бобур подшоҳ “мақбул ўғлон эди” дея таърифлаган Хуррамшоҳ ҳақида эса ўқувчи жуда кам маълумотга эга. Биз ушбу мақолада ана шу иккита мавзуга тўхталиб, тарихий манбалар орқали воқеликка назар ташлаш ва ўқувчини бор ҳақиқатдан хабардор қилишни лозим топдик.

Хонзодабегим ва унинг ўғли Хуррамшоҳ ҳақидаги маълумотлар “Бобурнома” ва “Ҳабиб ус-сияр”, “Тарихи Рашидий”, “Ҳумоюннома”, “Аҳсан ат-таворих”, “Лаб ат-таворих”, “Тарихи оламоройи Аббосий”, “Тарихи Қипчоқхоний”, “Мажмаъ ул-ғаройиб”, “Мусаххир ил-билод”, “Тазкираи тарихи Муқимхоний” каби асарларда акс этган.

“Бобурнома”нинг бизгача етиб келган ноқис нусхаларида Хонзодабегимнинг Бобур Самарқандни сулҳ асосида ташлаб чиққан 1501 йил август ойида “Шайбонийхонга тушгани” қайд этилиб, опаснинг 1510 йил декабрида Марвдан шоҳ Исмоил ташаббуси билан Бобур Мирзо олдига юборилгани ҳамда опасининг Шайбонийхондан туққан “Хуррамшоҳ отлиқ мақбул ўғлон”ининг Балхда ҳоким бўлгани ва отаси ҳалок бўлгани воқеасидан бир-икки йил ўтиб эса вафот этгани қайд этилади, холос. “Тарихи Рашидий”да Хонзадабегимнинг кейинчалик Шайбоний никоҳидан чиқарилгани, бунинг сабаби эса Шайбонийхон Хонзодабегимни укаси Бобурнинг маслаҳатига кўра хон ҳаётига қасд қилиб қўйиши мумкинлигидан гумонсираганча талоқ қилиб, Саййид Атоий авлодидан бўлмиш Саййид Ҳодига бергани, бу саййиднинг эса Шайбонийхон ва бошқа шайбоний султонлари, умуман, дашти қипчоқлик барча ўзбеклар олдида катта эътиборга эгалиги эслатилади. Яна Саййид Ҳоди Марвдаги жангда ўлдирилгач, Хонзодабегим сафавийлар қўлига асир тушгани ва Шоҳ Исмоил унинг кимлигини билгач, иззат-ҳурмат кўрсатиб, ўз элчиси билан бирга Бобур Мирзо олдига юборилгани ҳам қайд этилган.

“Тарихи Қипчоқхоний”да ҳам Шайбонийхоннинг Хонзодабегимдан ажрашиш сабаби сифатида ана шу заҳар беришда гумонсираш масаласи очиқ-ойдин кўрсатилган.

Султон Муҳаммад Балхий “Мажмаъ ул-ғаройиб”да ёзишича, унинг отаси Дарвиш Муҳаммад муфти Хуррамшоҳ саройида хизмат қилган. Муҳаммдёр ибн Араб Қатаған қаламига мансуб “Мусаххир ил-билод” китобида Ҳодихожанинг кимлиги ва Хуррамшоҳнинг ҳукмдорлик фаолияти хусусида махсус маълумот берилган.

Кўрганимиздек, Бобурнинг бизгача етиб келган маълумотларида Ҳодихожа номи тилга олинмайди. Хуррамшоҳга Балх вилояти берилганидан бошқа факт ҳам қайд этилмайди. Бу қисқа маълумотда Бобурнинг бу жиянини кўрган-кўрмагани масаласи аниқ эмас. Хондамир ҳам, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо ҳам бу ҳақда ёзишмаган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романида Хонзодабегимнинг иккинчи никоҳи эсланмасдан, Хуррамшоҳнинг ҳам онаси билан бирга тоғаси Бобур олдига Қундузга келгани тасвирланади. Хонзодабегим ва Хуррамшоҳнинг бу каби Бобур билан учрашуви воқеаси албатта бадиий талқиндир. Асар яратилиши чоғи форс тилидаги “Ҳабиб ус-сияр”, “Тарихи Рашидий” каби яна ўнлаб ёзма манбалар қўл остида бўлган шарқшунос тарихчи олим ва ёзувчи Пиримқул Қодиров Хуррамшоҳнинг Бобур билан мулоқотини ана шу бадиий тўқима орқали акс эттиришни маъқул топган. Бадиий асарнинг йўриғи бошқалиги учун ёзувчининг бунга ҳаққи бор. Андижонлик адиба Омина Тожибоева “Қиёмат тақдир” ҳикоясида (Бобир армони. – Тошкент: Камолот, 2000. –Б. 20 – 37.) Хонзодабегимнинг Шайбоний никоҳидан чиқарилиб, унинг хизматидаги Зиё Ходи исмли бир кекса руҳоний билан турмуш қургани, бу руҳоний жисмонан заиф бўлгани ва Бобурни ҳурмат қилгани юзасидан Хонзодабегимни ўз синглиси каби асраб, фурсат топганида Бобур олдига юборишни мўлжаллаб юриши, аммо, Марв жангида Шайбонийхон билан бир сафда ўлдирилиб, унинг бу орзусини шоҳ Исмоил амалга оширганини ўз бадиий талқинида ҳавола этади. Бу адиба ҳам Хуррамшоҳнинг тоғаси олдига Қундузга келганини ҳикоя қилади. Гарчи ўрта аср қоидалари ўзгачалиги ва шоҳлар ҳаёти ҳам бошқача тарзда кечганини билсак-да, адибанинг бундай бадиий тўқима ва фаразидан мақсадини яхши тушуниб турибмиз ва уни шундайлигича қабул қилиш ўқувчига малол келмайди.

Р. Шамсутдинов, М. Абдуллаевнинг “Бобурнома”нинг йўқолган саҳифалари хусусида” номли мақоласида (Бобур ва бобурийларнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни. –Тошкент: ФАН, 2008. Б. 42–46.) эса “Хонзодабегимнинг Шайбонийхон 1510 йилда ўлдирилгач, Бобур олдига келгани ва шундан сўнг Саййид Ҳоди исмли киши билан никоҳдан ўтгани, аммо, уларнинг турмуши узоқ давом этмагач, Хонзодабегимнинг Маҳдий Хожа билан турмуш қургани” тарихий факт сифатида ҳавола этилган.

Аслида тарихий воқелик қандай бўлган? Юқорида эслатилган ёзма манбалар бу тўғрида қуйидаги маълумотни беради: Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да очиқроқ тарзда ёзишича, 1478 йилда туғилган Хонзодабегим 1501 йил августида Бобур ва Шайбонийхон ўртасида тузилган сулҳ битими шартига биноан Самарқандда Шайбонийхон никоҳига киради.. (Т.Файзиев. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари. -“Ёзувчи”, 1996.)

Бу никоҳдан 1502 йил май ойида Хуррамшоҳ дунёга келади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, Шайбонийхон Хонзодабегимни, заҳар беришда гумонсираб, ўз никоҳидан чиқаради. Қоидага биноан ҳукмдор эрдан ажрашган ёки бева қолган сарой аёли бундай воқеадан сўнг ё эрсиз ўтиши ёки ҳукмдорнинг энг яқин кишисига тегиши лозим эди. Хонзодабегимни ўзидан узоқлаштирган хон шу сабабли бевасининг ўз аммаваччаси Саййид Ҳодихожа бин Муртазохожа никоҳига киришига розилик беради. Бу даштиқипчоқлик саййидлар хонадони шажараси Саййид Ото (в. 1291 йил) орқали ҳазрат Али бин Аби Толибга уланади. Саййид Ҳодихожа Шайбонийхоннинг ҳам аммаваччаси, ҳам шижоатли амирларидан бири ҳисобланиб, ўша пайтда 50 ёшларда бўлган. Хонзодабегим эса 28 ёшида эди. Шайбонийхон 1506 йил 15 ноябрида Балхни эгаллаб, соғлом энагалар ва ҳарбий ишга моҳир амирлар, яхши илмли устозлар қўлида тарбия топган қобилиятли ўғли Хуррамшоҳни Балх ва унинг музофотларига ҳоким қилиб тайинлайди. “Мусаххир ил-билод” муаллифи бу ҳақда шундай ёзади: “…Ёш бўлгани учун ул шоҳзоданинг Отолиқи мансабига Қанбар Мирзо кўкалтош тайинланди. Ул яхши хислатли амир ҳамиша ўз марҳамати қаноти ва адолати соясини мазкур вилоят аҳолиси боши узра ёйди…шунинг шарофатидан бутун Балх мамлакати ободончилик ва фаровонлик топди. Олий мартабали шоҳзода Хуррамшоҳнинг ёрқин кўнгли ов ва шикор ҳавасига лим тўла, дили гул юзли ёшлар ва қуёш чеҳрали ботирлар билан суҳбат қурмоқ иштиёқи билан тўлиб-тошгани сабабли кўп вақтини шикор нашидасини сурмоқ билан ўтказарди. Доимо соядек отаси Шайбонийхон узангиси хизматида юрар, ҳеч қачон унинг буйруғи ва фармонини бажармасдан қолмас, ҳеч бир сўзини икки қилмас эди…” (Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған. Мусаххир ал-билод. Форс тилидан таржима, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифлар: Исмоил Бекжонов, Дилором Сангирова. – Тошкент: Янги аср, 2009. Б.: 130.) Шунингдек, “Мажмаъ ул-ғаройиб”да айтилишича, Хуррамшоҳ ўз атрофига ўқимишли ва фозил кишиларни тўплаган. Кўринадики, довюрак ва яхши ҳарбий таълим олган Хуррамшоҳ ёшлигига қарамай отаси Шайбонийхон билан бирга Балх, Ҳиротни олиш жангларида қатнашган ҳамда давлат бошқариш сирларини ўрганган.

1507 йил июнь ойида Машҳад ҳам қўлга кириб, Шайбонийхон у ерга мазкур аммаваччаси Саййид Ҳодихожани ҳоким қилиб тайинлайди ва Хонзодабегим ҳам Машҳадда яшай бошлайди. 1508 йил бошида Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Муҳаммад Қосим Мирзо Машҳадни Саййид Ҳодихожадан тортиб олади, Ҳодихожа эса Марвга қочади ва Марвдаги Шайбонийхон буйруғига биноан тез орада Убайдуллоҳ султон ёрдамида Машҳадни қайтариб олиб, Муҳаммад Қосим ўлдирлгач яна Машҳаддаги ҳокимлигини давом эттиради. Орадан икки йил ўтгач, аниқроғи, 1510 йил октябрида шоҳ Исмоил сафавий Хуросонга юриш қилади, оз сонли қўшин билан Ҳиротда ўтирган Шайбонийхон эса урушга қулай жой сифатида Марвга чекинади. Сафавийлар қўшини Машҳадга яқинлашгач, Ҳиротда қолган шу шаҳар доруғаси Жон Вафобий дўрмон, Машҳад ҳокими Саййид Ҳодихожа, Нисо ҳокими амир Муҳаммад Солиҳ ва Дурун ҳокими Подшоҳхожа (Хожа) кабилар ҳам Марвга келадилар. Шайбонийхон Балх, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Туркистон қўшинларини ёрдамга чақирган бўлиб, Хуррамшоҳ дарҳол ўз қўшини билан отасига ёрдамга отланади. Бироқ, Шайбонийхон ўғиллари ва бошқа султонлардан ёрдам келишини кутмай, 1510 йил 5 декабрида жангга киришиб, шу урушда ҳалок бўлади. Бу воқеалар Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сийар”, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” ва бошқа эронлик, ўрта осиёлик тарихчилар асарларида ҳам ўз аксини топган. Шу ерда таъкидлаб ўтиш лозимки, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Саййид Ҳодихожанинг мазкур Марв жангида ўлдирилганини қайд этади. Хондамирнинг Саййид Ҳодихожа ҳақидаги маълумотлари эса жуда қизиқ бўлиб, уларни алоҳида кўриб чиқишга тўғри келади. Аммо ўрни келганда айтиб ўтиш керакки, Марв уруши ва Хонзодабегимнинг Шоҳ Исмоил томонидан Бобур Мирзо олдига юборишини тасвирлаган Хондамир бу ҳикоя жараёнида Саййид Ҳодихожанинг бу жангда ўлгани ҳақида гапирмайди. Маълумки, Шоҳ Исмоил ғалаба қилгач, Марв аҳолисини “қатли ом” қилишга буйруқ бериб, бегуноҳ аҳоли бошларидан миноралар ясалади. Ана шундай бир пайтда Бухородан ёрдам учун келган Убайдуллоҳхон амакиси Шайбонийхон ҳарамидаги Бобурнинг тоғаваччаси Мўғулча хоним (Ойша султонбегим) бента Маҳмудхон Кошғарийни қутқариб, Бухорога олиб қочишга улгуради. Саййид Ҳодихожа уғруқи (оиласи) эса асир тушиб, Хонзода бегимнинг Бобур синглиси экани маълум бўлгач, шоҳ уни Бобур ҳузурига юборади.

Энди шу ўринда муаррихлар, айниқса Хондамир ва ҳозирги замон олимлари тилга олган Маҳдихожа кимлигини ҳам аниқлаштириб олишга тўғри келади.

(Мавзуга доир ва ўқувчини чалғитувчи яна бир фактни унутмайлик: “Бобурнома” ва Ҳиндистонда битилган бошқа муаллифлар асарида Бобурнинг қизларидан бирига уйланган куёви ва она томондан темурий Мир Зиёд Маҳдихожа номи ҳам тилга олиниб, бу амирзода ёшликдан Бобур хизматида турган ва Ҳиндистонни забт этиш ҳамда Бобур подшоҳнинг бошқа топшириқларини бажаришда саркарда, ҳоким ва элчи сифатида фаол қатнашган. Абулфазл Алломий хабар беришича, Мир Зиёд Маҳдихожа Бобурга қариндош бўлгани сабабли Бобурдан сўнг тахтни эгалламоқчи бўлган. Бироқ бу фитна фош этилган; Бу ҳақда қаранг: Хорижда бобуршунослик. – Тошкент: Мумтоз сўз. 2008. Б.: 49 – 50.)

Хондамир “Ҳабиб ус-сийар” асарида Саййид Ҳодихожанинг 1507 йили Машҳадга ҳоким этиб тайинланишига оид ҳикоясида уни “писар аммаи хон буд (Шайбонийхонинг аммасининг ўғли эди)” деб кўрсатади.

Аммо Хондамир ўзининг мазкур асарида яна бир даштиқипчоқлик ва Шайбонийхонга қариндош ҳамда Бобурнинг опасига уйланган хожа ҳақида маълумот беради. Гарчи бу хожа кўп жиҳатлари билан Саййид Ҳодихожани эслатса-да, Хондамир негадир унинг номини “Маҳдихожа” шаклида тилга олган. Хондамир 1517 йил баҳорида бу хожа билан бир неча кун бирга бўлади ва, жумладан, ўша пайтда кечган воқеани қуйидагича ҳикоя қилади: Муҳаммад Замон Мирзо Кобулдан Балх сари келаётган Заҳириддин Бобур подшоҳ ҳузурига одам юборди. Бобур подшоҳ эса уни ўз олдига чорлади ва Балхни шайбонийларга мойил бўлган Қавомбекнинг қўлидан олиб, Муҳаммад Замонга бергач, ўзи яна Кобулга қайтажагини билдирди. Муҳаммад Замон Мирзо бу хабарни эшитгач, Бобур подшоҳ хизматига боришга жазм қилди, аммо йўлга тушишдан олдин ота томондан Саййид Муртазохожанинг набираси, она томондан эса нисбати Абулхайрхонга уланувчи ва ҳазрат подшоҳий Бобур Мирзонинг ҳамшираси бу хожа никоҳида турган жаноб сиёдатмаоб, салтанатинтисоб Саййид Маҳдихожа Даражаз манзилидан ул ҳазрат (Бобур подшоҳ – И.Б.)дан юз ўгириб, Муҳаммад Мирзо олдига келди ва уни олий ўрдуга боришдан қайтарди. … Муҳаммад Замон Мирзо тезликда Ғаржастон томонга йўналди, Пилчироғда эса Саййид Маҳдихожа ҳам ул ҳазрат (Муҳаммад Замон Мирзо – И.Б.)дан рухсат олиб, Мовароуннаҳр сари кетди.” (Хондамир. Ҳабиб ус-сияр. 4-жилд. Учинчи нашр. – Теҳрон: Ҳайдарий, 1362 ҳ.ш. С.: 402 – 403.; Ғиёсиддин ибн Ҳумомиддин Хондамир. Ҳабиб ус-сийар фи ахбори афроди башар. Исмоил Бекжонов таржимаси. – Тошкент: Ўзбекистон, 2013, Б.:1187 – 1188. )

Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр”идан саксон йил кейин Ўрта Осиёлик муаррих томонидан ёзилган “Мусаххир ил-билод”да эса қуйидагиларни ўқиймиз: (1507 йили) Ҳирот олингач, Шайбонийхоннинг аммаваччаси Саййид Муртазохожа ўғли Саййид Ҳодихожа муқаддас Машҳад шаҳрида ўлкани бошқариш байроғини баланд кўтарди.” (Мазкур нашр, Б.: 109.)

Ниҳоят, Хондамирнинг “Саййид Ҳодихожа” ва “Маҳдихожа” ҳақидаги мазкур хабарини “Тарихи Рашидий ва “Мусаххир ил-билод” маълумотлари билан қиёслайдиган бўлсак, ота томондан Саййид Отойи орқали ҳазрат Алига уланувчи Муртазохожа фарзанди, онаси Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхоннинг қизи ҳамда Бобур подшоҳнинг опасининг эри сифтида тилга олинган Саййид Ҳодихожа ва Маҳдихожа аслида бир шахс – Саййид Ҳодихожа бўлиб чиқади. Модомики, у 1517 йили Бобур подшоҳдан юз ўгириб, Мовароуннаҳрга қайтиб кетган ва номини янглиш равишда “Маҳдихожа” шаклида тилга олган Хондамир билан учрашган экан, демак, Саййид Ҳодихожа 1510 йил декабрида Марв жангида ҳалок бўлмаган. Аниқроғи, шоҳ Исмоил уни ҳам Хонзодабегимга қўшиб, Бобур подшоҳ олдига юборган. Бобурнинг бу ҳақда ёзмаслиги тушунарли бўлса-да, аммо Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг уни Марв жангида ўлдига чиқаришини яна бир бор ўрганиш керак бўлади.

Демак, Саййид Ҳодихожа ва Хонзодабегим орасидаги никоҳ иплари 1517 йил бошида узилган. Бу пайтда Хонзодабегим 38 – 40 ёшлар орасида бўлган.

Кўринадики, ёши қирққа етган Хонзодабегим шундан сўнг ҳеч кимга турмушга чиқмай, Бобур ва Ҳумоюн давлатининг жонкуяр маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатганича 1544 йили Кобилҳақ мавзесида оламдан ўтиб, Кобулдаги Бобуршоҳ мақбарасига дафн қилинган.

Энди Хуррамшоҳ мавзусига қайтсак. “Мусаххир ал-билод” муаллифи Хуррамшоҳ ҳақида яна шундай ёзади: “Отаси Марв қамалида қолганда биринчи бўлиб шу Хуррамшоҳ Балх лашкари билан отаси ёрдамига ошиққан эди…Отаси дунёни шаҳидлик билан тарк этгач, Хуррамшоҳ ҳам охират сари шитоб билан кетди. Хуррамшоҳдан насл қолмади.”

Кўринадики, томирида уч томонлама чингизий ва темурийлар қони юриб турган Хуррамшоҳ сафавий ҳукмдор Шоҳ Исмоил Балх сари юрмасдан бурун Самарқандга қайтади. У тоғаси сафавийлар ёрдамида Самарқандни эгаллаган 1511 йил кузидан олдин, яъни ўша йил ёзида ё Самарқандда, ё Туркистон шаҳрида вафот этади. Билмизки, шундан сўнг Бобур яна олти ой Самарқанд тахтида ўтиради. Айни ўша пайтда Самарқандда истиқомат қилиб турган ва ўша давр воқеаларини “Сулук ул-мулук” асари муқаддимасида акс эттирган Рузбеҳон Исфаҳоний шайбонийларнинг Туркистонга қочиб кетгани, 1512 йил апрелида эса уларнинг яна қайтиб келиб, Бухорога яқин Кўли Малик ёнидаги жангда Бобурни енгиб, мамлакатни қайтадан қўлга киритгач, шаҳару туманларни ўзаро тақсимлашгани ҳамда Бобурнинг ўша давр ичидаги ҳукмдорлик фаолиятини батафсил ёзиб, ўзбек хонзода ва султонлари номини бир-бир ва қайта-қайта тилга оларкан, Хуррамшоҳ номини бирон марта ҳам зикр этмайди. “Мусаххир ал-билод” муллифи ҳам бу жараённи муфассал ёзаркан, Хуррамшоҳ ҳақида сира фикр билдирмайди. Агар Хуррамшоҳ бу пайтда тирик бўлганида унга ҳам она бошқа акаси Темур султон ва унинг ўғиллари, она бошқа укаси Севинч Муҳаммад султон каби Самарқанддаги шериклик тахти ёки камида бирор вилоят ва туман ҳокимлиги берилгани қайд этилган бўларди. (Академик Бўривой Аҳмедов ҳам “История Балха” китобида таҳлил ва изоҳсиз бўлса-да, Хуррамшоҳнинг туғилиш ва вафоти санасини 1502 – 1511 йиллар шаклида кўрсатган.)

Хуллас, Бобурнинг севимли опаси Хонзодабегим ва унинг ана шу опасидан туғилган шайбонийзода Хуррамшоҳ исмли жияни тақдирига ёзма манбалар маълумотлари орқали ойдинлик киритиш ҳам, табиийки, жонажон тарихимизда кечган буюк сиймо Заҳириддин Бобур подшоҳ ҳаёти ва фаолиятини тўлароқ тасаввур этишимиз учун хизмат қилади.

Манба: “Холис” ижтимоий-оммабоп газетаси, 2011, 10 – (772) сон. 10 март.

01

Ismoil Bekjon
XONZODABEGIM VA XURRAMSHOH QISMATI
088

09 Bobur podshohning opasi Xonzodabegim va   uning o’g’li, ya’ni Boburning shayboniyzoda jiyani Xurramshoh taqdiri haqidagi ma’lumotlar talqinining tarixiy manbalar hamda hozirgi zamon badiiy adabiyoti va ilmiy tadqiqotlarda turli-tumanligini ko’ramiz. Shu sababli goho o’quvchilarimizni “Boburnoma” yoki Gulbadanbegimning “Humoyunnoma”, Mirzo Haydarning “Tarixiy Rashidiy”, Muhammadyor ibn Arab Qatag’anning “Musaxxir il-bilod” kabi o’zbek tilida nashr qilingan asarlardan tashqari hozircha chop etilmagan boshqa yozma manbalarda Boburning bu qarindoshlari haqida yana qanday xabarlar borligi ham qiziqtirishi tabiiy hol.

Bobur podshoh “maqbul o’g’lon edi” deya ta’riflagan Xurramshoh haqida esa o’quvchi juda kam ma’lumotga ega. Biz ushbu maqolada ana shu ikkita mavzuga to’xtalib, tarixiy manbalar orqali voqelikka nazar tashlash va o’quvchini bor haqiqatdan xabardor qilishni lozim topdik.

Xonzodabegim va uning o’g’li Xurramshoh haqidagi ma’lumotlar “Boburnoma” va “Habib us-siyar”, “Tarixi Rashidiy”, “Humoyunnoma”, “Ahsan at-tavorix”, “Lab at-tavorix”, “Tarixi olamoroyi Abbosiy”, “Tarixi Qipchoqxoniy”, “Majma’ ul-g’aroyib”, “Musaxxir il-bilod”, “Tazkirai tarixi Muqimxoniy” kabi asarlarda aks etgan.

“Boburnoma”ning bizgacha yetib kelgan noqis nusxalarida Xonzodabegimning Bobur Samarqandni sulh asosida tashlab chiqqan 1501 yil avgust oyida “Shayboniyxonga tushgani” qayd etilib, opasning 1510 yil dekabrida Marvdan shoh Ismoil tashabbusi bilan Bobur Mirzo oldiga yuborilgani hamda opasining Shayboniyxondan tuqqan “Xurramshoh otliq maqbul o’g’lon”ining Balxda hokim bo’lgani va otasi halok bo’lgani voqeasidan bir-ikki yil o’tib esa vafot etgani qayd etiladi, xolos. “Tarixi Rashidiy”da Xonzadabegimning keyinchalik Shayboniy nikohidan chiqarilgani, buning sababi esa Shayboniyxon Xonzodabegimni ukasi Boburning maslahatiga ko’ra xon hayotiga qasd qilib qo’yishi mumkinligidan gumonsiragancha taloq qilib, Sayyid Atoiy avlodidan bo’lmish Sayyid Hodiga bergani, bu sayyidning esa Shayboniyxon va boshqa shayboniy sultonlari, umuman, dashti qipchoqlik barcha o’zbeklar oldida katta e’tiborga egaligi eslatiladi. Yana Sayyid Hodi Marvdagi jangda o’ldirilgach, Xonzodabegim safaviylar qo’liga asir tushgani va Shoh Ismoil uning kimligini bilgach, izzat-hurmat ko’rsatib, o’z elchisi bilan birga Bobur Mirzo oldiga yuborilgani ham qayd etilgan.

“Tarixi Qipchoqxoniy”da ham Shayboniyxonning Xonzodabegimdan ajrashish sababi sifatida ana shu zahar berishda gumonsirash masalasi ochiq-oydin ko’rsatilgan.

Sulton Muhammad Balxiy “Majma’ ul-g’aroyib”da yozishicha, uning otasi Darvish Muhammad mufti Xurramshoh saroyida xizmat qilgan. Muhammdyor ibn Arab Qatag’an qalamiga mansub “Musaxxir il-bilod” kitobida Hodixojaning kimligi va Xurramshohning hukmdorlik faoliyati xususida maxsus ma’lumot berilgan.

Ko’rganimizdek, Boburning bizgacha yetib kelgan ma’lumotlarida Hodixoja nomi tilga olinmaydi. Xurramshohga Balx viloyati berilganidan boshqa fakt ham qayd etilmaydi. Bu qisqa ma’lumotda Boburning bu jiyanini ko’rgan-ko’rmagani masalasi aniq emas. Xondamir ham, Muhammad Haydar Mirzo ham bu haqda yozishmagan.

O’zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovning “Yulduzli tunlar” romanida Xonzodabegimning ikkinchi nikohi eslanmasdan, Xurramshohning ham onasi bilan birga tog’asi Bobur oldiga Qunduzga kelgani tasvirlanadi. Xonzodabegim va Xurramshohning bu kabi Bobur bilan uchrashuvi voqeasi albatta badiiy talqindir. Asar yaratilishi chog’i fors tilidagi “Habib us-siyar”, “Tarixi Rashidiy” kabi yana o’nlab yozma manbalar qo’l ostida bo’lgan sharqshunos tarixchi olim va yozuvchi Pirimqul Qodirov Xurramshohning Bobur bilan muloqotini ana shu badiiy to’qima orqali aks ettirishni ma’qul topgan. Badiiy asarning yo’rig’i boshqaligi uchun yozuvchining bunga haqqi bor. Andijonlik adiba Omina Tojiboeva “Qiyomat taqdir” hikoyasida (Bobir armoni. – Toshkent: Kamolot, 2000. –B. 20 – 37.) Xonzodabegimning Shayboniy nikohidan chiqarilib, uning xizmatidagi Ziyo Xodi ismli bir keksa ruhoniy bilan turmush qurgani, bu ruhoniy jismonan zaif bo’lgani va Boburni hurmat qilgani yuzasidan Xonzodabegimni o’z singlisi kabi asrab, fursat topganida Bobur oldiga yuborishni mo’ljallab yurishi, ammo, Marv jangida Shayboniyxon bilan bir safda o’ldirilib, uning bu orzusini shoh Ismoil amalga oshirganini o’z badiiy talqinida havola etadi. Bu adiba ham Xurramshohning tog’asi oldiga Qunduzga kelganini hikoya qiladi. Garchi o’rta asr qoidalari o’zgachaligi va shohlar hayoti ham boshqacha tarzda kechganini bilsak-da, adibaning bunday badiiy to’qima va farazidan maqsadini yaxshi tushunib turibmiz va uni shundayligicha qabul qilish o’quvchiga malol kelmaydi.

R. Shamsutdinov, M. Abdullaevning “Boburnoma”ning yo’qolgan sahifalari xususida” nomli maqolasida (Bobur va boburiylarning jahon madaniyati tarixida tutgan o’rni. –Toshkent: FAN, 2008. B. 42–46.) esa “Xonzodabegimning Shayboniyxon 1510 yilda o’ldirilgach, Bobur oldiga kelgani va shundan so’ng Sayyid Hodi ismli kishi bilan nikohdan o’tgani, ammo, ularning turmushi uzoq davom etmagach, Xonzodabegimning Mahdiy Xoja bilan turmush qurgani” tarixiy fakt sifatida havola etilgan.

Aslida tarixiy voqelik qanday bo’lgan? Yuqorida eslatilgan yozma manbalar bu to’g’rida quyidagi ma’lumotni beradi: Gulbadanbegim “Humoyunnoma”da ochiqroq tarzda yozishicha, 1478 yilda tug’ilgan Xonzodabegim 1501 yil avgustida Bobur va Shayboniyxon o’rtasida tuzilgan sulh bitimi shartiga binoan Samarqandda Shayboniyxon nikohiga kiradi.. (T.Fayziev. Zahiriddin Muhammad Bobur va uning avlodlari. -“Yozuvchi”, 1996.)

Bu nikohdan 1502 yil may oyida Xurramshoh dunyoga keladi. Oradan uch-to’rt yil o’tgach, Shayboniyxon Xonzodabegimni, zahar berishda gumonsirab, o’z nikohidan chiqaradi. Qoidaga binoan hukmdor erdan ajrashgan yoki beva qolgan saroy ayoli bunday voqeadan so’ng yo ersiz o’tishi yoki hukmdorning eng yaqin kishisiga tegishi lozim edi. Xonzodabegimni o’zidan uzoqlashtirgan xon shu sababli bevasining o’z ammavachchasi Sayyid Hodixoja bin Murtazoxoja nikohiga kirishiga rozilik beradi. Bu dashtiqipchoqlik sayyidlar xonadoni shajarasi Sayyid Oto (v. 1291 yil) orqali hazrat Ali bin Abi Tolibga ulanadi. Sayyid Hodixoja Shayboniyxonning ham ammavachchasi, ham shijoatli amirlaridan biri hisoblanib, o’sha paytda 50 yoshlarda bo’lgan. Xonzodabegim esa 28 yoshida edi. Shayboniyxon 1506 yil 15 noyabrida Balxni egallab, sog’lom enagalar va harbiy ishga mohir amirlar, yaxshi ilmli ustozlar qo’lida tarbiya topgan qobiliyatli o’g’li Xurramshohni Balx va uning muzofotlariga hokim qilib tayinlaydi. “Musaxxir il-bilod” muallifi bu haqda shunday yozadi: “…Yosh bo’lgani uchun ul shohzodaning Otoliqi mansabiga Qanbar Mirzo ko’kaltosh tayinlandi. Ul yaxshi xislatli amir hamisha o’z marhamati qanoti va adolati soyasini mazkur viloyat aholisi boshi uzra yoydi…shuning sharofatidan butun Balx mamlakati obodonchilik va farovonlik topdi. Oliy martabali shohzoda Xurramshohning yorqin ko’ngli ov va shikor havasiga lim to’la, dili gul yuzli yoshlar va quyosh chehrali botirlar bilan suhbat qurmoq ishtiyoqi bilan to’lib-toshgani sababli ko’p vaqtini shikor nashidasini surmoq bilan o’tkazardi. Doimo soyadek otasi Shayboniyxon uzangisi xizmatida yurar, hech qachon uning buyrug’i va farmonini bajarmasdan qolmas, hech bir so’zini ikki qilmas edi…” (Muhammadyor ibn Arab Qatag’an. Musaxxir al-bilod. Fors tilidan tarjima, izoh va ko’rsatkichlar mualliflar: Ismoil Bekjonov, Dilorom Sangirova. – Toshkent: Yangi asr, 2009. B.: 130.) Shuningdek, “Majma’ ul-g’aroyib”da aytilishicha, Xurramshoh o’z atrofiga o’qimishli va fozil kishilarni to’plagan. Ko’rinadiki, dovyurak va yaxshi harbiy ta’lim olgan Xurramshoh yoshligiga qaramay otasi Shayboniyxon bilan birga Balx, Hirotni olish janglarida qatnashgan hamda davlat boshqarish sirlarini o’rgangan.

1507 yil iyun` oyida Mashhad ham qo’lga kirib, Shayboniyxon u yerga mazkur ammavachchasi Sayyid Hodixojani hokim qilib tayinlaydi va Xonzodabegim ham Mashhadda yashay boshlaydi. 1508 yil boshida Husayn Boyqaroning o’g’li Muhammad Qosim Mirzo Mashhadni Sayyid Hodixojadan tortib oladi, Hodixoja esa Marvga qochadi va Marvdagi Shayboniyxon buyrug’iga binoan tez orada Ubaydulloh sulton yordamida Mashhadni qaytarib olib, Muhammad Qosim o’ldirlgach yana Mashhaddagi hokimligini davom ettiradi. Oradan ikki yil o’tgach, aniqrog’i, 1510 yil oktyabrida shoh Ismoil safaviy Xurosonga yurish qiladi, oz sonli qo’shin bilan Hirotda o’tirgan Shayboniyxon esa urushga qulay joy sifatida Marvga chekinadi. Safaviylar qo’shini Mashhadga yaqinlashgach, Hirotda qolgan shu shahar dorug’asi Jon Vafobiy do’rmon, Mashhad hokimi Sayyid Hodixoja, Niso hokimi amir Muhammad Solih va Durun hokimi Podshohxoja (Xoja) kabilar ham Marvga keladilar. Shayboniyxon Balx, Samarqand, Buxoro, Toshkent va Turkiston qo’shinlarini yordamga chaqirgan bo’lib, Xurramshoh darhol o’z qo’shini bilan otasiga yordamga otlanadi. Biroq, Shayboniyxon o’g’illari va boshqa sultonlardan yordam kelishini kutmay, 1510 yil 5 dekabrida jangga kirishib, shu urushda halok bo’ladi. Bu voqealar Xondamirning “Habib us-siyar”, Muhammad Haydar Mirzoning “Tarixi Rashidiy” va boshqa eronlik, o’rta osiyolik tarixchilar asarlarida ham o’z aksini topgan. Shu yerda ta’kidlab o’tish lozimki, Muhammad Haydar Mirzo Sayyid Hodixojaning mazkur Marv jangida o’ldirilganini qayd etadi. Xondamirning Sayyid Hodixoja haqidagi ma’lumotlari esa juda qiziq bo’lib, ularni alohida ko’rib chiqishga to’g’ri keladi. Ammo o’rni kelganda aytib o’tish kerakki, Marv urushi va Xonzodabegimning Shoh Ismoil tomonidan Bobur Mirzo oldiga yuborishini tasvirlagan Xondamir bu hikoya jarayonida Sayyid Hodixojaning bu jangda o’lgani haqida gapirmaydi. Ma’lumki, Shoh Ismoil g’alaba qilgach, Marv aholisini “qatli om” qilishga buyruq berib, begunoh aholi boshlaridan minoralar yasaladi. Ana shunday bir paytda Buxorodan yordam uchun kelgan Ubaydullohxon amakisi Shayboniyxon haramidagi Boburning tog’avachchasi Mo’g’ulcha xonim (Oysha sultonbegim) benta Mahmudxon Koshg’ariyni qutqarib, Buxoroga olib qochishga ulguradi. Sayyid Hodixoja ug’ruqi (oilasi) esa asir tushib, Xonzoda begimning Bobur singlisi ekani ma’lum bo’lgach, shoh uni Bobur huzuriga yuboradi.

Endi shu o’rinda muarrixlar, ayniqsa Xondamir va hozirgi zamon olimlari tilga olgan Mahdixoja kimligini ham aniqlashtirib olishga to’g’ri keladi.

(Mavzuga doir va o’quvchini chalg’ituvchi yana bir faktni unutmaylik: “Boburnoma” va Hindistonda bitilgan boshqa mualliflar asarida Boburning qizlaridan biriga uylangan kuyovi va ona tomondan temuriy Mir Ziyod Mahdixoja nomi ham tilga olinib, bu amirzoda yoshlikdan Bobur xizmatida turgan va Hindistonni zabt etish hamda Bobur podshohning boshqa topshiriqlarini bajarishda sarkarda, hokim va elchi sifatida faol qatnashgan. Abulfazl Allomiy xabar berishicha, Mir Ziyod Mahdixoja Boburga qarindosh bo’lgani sababli Boburdan so’ng taxtni egallamoqchi bo’lgan. Biroq bu fitna fosh etilgan; Bu haqda qarang: Xorijda boburshunoslik. – Toshkent: Mumtoz so’z. 2008. B.: 49 – 50.)

Xondamir “Habib us-siyar” asarida Sayyid Hodixojaning 1507 yili Mashhadga hokim etib tayinlanishiga oid hikoyasida uni “pisar ammai xon bud (Shayboniyxoning ammasining o’g’li edi)” deb ko’rsatadi.

Ammo Xondamir o’zining mazkur asarida yana bir dashtiqipchoqlik va Shayboniyxonga qarindosh hamda Boburning opasiga uylangan xoja haqida ma’lumot beradi. Garchi bu xoja ko’p jihatlari bilan Sayyid Hodixojani eslatsa-da, Xondamir negadir uning nomini “Mahdixoja” shaklida tilga olgan. Xondamir 1517 yil bahorida bu xoja bilan bir necha kun birga bo’ladi va, jumladan, o’sha paytda kechgan voqeani quyidagicha hikoya qiladi: Muhammad Zamon Mirzo Kobuldan Balx sari kelayotgan Zahiriddin Bobur podshoh huzuriga odam yubordi. Bobur podshoh esa uni o’z oldiga chorladi va Balxni shayboniylarga moyil bo’lgan Qavombekning qo’lidan olib, Muhammad Zamonga bergach, o’zi yana Kobulga qaytajagini bildirdi. Muhammad Zamon Mirzo bu xabarni eshitgach, Bobur podshoh xizmatiga borishga jazm qildi, ammo yo’lga tushishdan oldin ota tomondan Sayyid Murtazoxojaning nabirasi, ona tomondan esa nisbati Abulxayrxonga ulanuvchi va hazrat podshohiy Bobur Mirzoning hamshirasi bu xoja nikohida turgan janob siyodatmaob, saltanatintisob Sayyid Mahdixoja Darajaz manzilidan ul hazrat (Bobur podshoh – I.B.)dan yuz o’girib, Muhammad Mirzo oldiga keldi va uni oliy o’rduga borishdan qaytardi. … Muhammad Zamon Mirzo tezlikda G’arjaston tomonga yo’naldi, Pilchirog’da esa Sayyid Mahdixoja ham ul hazrat (Muhammad Zamon Mirzo – I.B.)dan ruxsat olib, Movarounnahr sari ketdi.” (Xondamir. Habib us-siyar. 4-jild. Uchinchi nashr. – Tehron: Haydariy, 1362 h.sh. S.: 402 – 403.; G’iyosiddin ibn Humomiddin Xondamir. Habib us-siyar fi axbori afrodi bashar. Ismoil Bekjonov tarjimasi. – Toshkent: O’zbekiston, 2013, B.:1187 – 1188. )

Xondamirning “Habib us-siyar”idan sakson yil keyin O’rta Osiyolik muarrix tomonidan yozilgan “Musaxxir il-bilod”da esa quyidagilarni o’qiymiz: (1507 yili) Hirot olingach, Shayboniyxonning ammavachchasi Sayyid Murtazoxoja o’g’li Sayyid Hodixoja muqaddas Mashhad shahrida o’lkani boshqarish bayrog’ini baland ko’tardi.” (Mazkur nashr, B.: 109.)

Nihoyat, Xondamirning “Sayyid Hodixoja” va “Mahdixoja” haqidagi mazkur xabarini “Tarixi Rashidiy va “Musaxxir il-bilod” ma’lumotlari bilan qiyoslaydigan bo’lsak, ota tomondan Sayyid Otoyi orqali hazrat Aliga ulanuvchi Murtazoxoja farzandi, onasi Shayboniyxonning bobosi Abulxayrxonning qizi hamda Bobur podshohning opasining eri siftida tilga olingan Sayyid Hodixoja va Mahdixoja aslida bir shaxs – Sayyid Hodixoja bo’lib chiqadi. Modomiki, u 1517 yili Bobur podshohdan yuz o’girib, Movarounnahrga qaytib ketgan va nomini yanglish ravishda “Mahdixoja” shaklida tilga olgan Xondamir bilan uchrashgan ekan, demak, Sayyid Hodixoja 1510 yil dekabrida Marv jangida halok bo’lmagan. Aniqrog’i, shoh Ismoil uni ham Xonzodabegimga qo’shib, Bobur podshoh oldiga yuborgan. Boburning bu haqda yozmasligi tushunarli bo’lsa-da, ammo Muhammad Haydar Mirzoning uni Marv jangida o’ldiga chiqarishini yana bir bor o’rganish kerak bo’ladi.

Demak, Sayyid Hodixoja va Xonzodabegim orasidagi nikoh iplari 1517 yil boshida uzilgan. Bu paytda Xonzodabegim 38 – 40 yoshlar orasida bo’lgan.

Ko’rinadiki, yoshi qirqqa yetgan Xonzodabegim shundan so’ng hech kimga turmushga chiqmay, Bobur va Humoyun davlatining jonkuyar maslahatchisi sifatida faoliyat ko’rsatganicha 1544 yili Kobilhaq mavzesida olamdan o’tib, Kobuldagi Boburshoh maqbarasiga dafn qilingan.

Endi Xurramshoh mavzusiga qaytsak. “Musaxxir al-bilod” muallifi Xurramshoh haqida yana shunday yozadi: “Otasi Marv qamalida qolganda birinchi bo’lib shu Xurramshoh Balx lashkari bilan otasi yordamiga oshiqqan edi…Otasi dunyoni shahidlik bilan tark etgach, Xurramshoh ham oxirat sari shitob bilan ketdi. Xurramshohdan nasl qolmadi.”

Ko’rinadiki, tomirida uch tomonlama chingiziy va temuriylar qoni yurib turgan Xurramshoh safaviy hukmdor Shoh Ismoil Balx sari yurmasdan burun Samarqandga qaytadi. U tog’asi safaviylar yordamida Samarqandni egallagan 1511 yil kuzidan oldin, ya’ni o’sha yil yozida yo Samarqandda, yo Turkiston shahrida vafot etadi. Bilmizki, shundan so’ng Bobur yana olti oy Samarqand taxtida o’tiradi. Ayni o’sha paytda Samarqandda istiqomat qilib turgan va o’sha davr voqealarini “Suluk ul-muluk” asari muqaddimasida aks ettirgan Ruzbehon Isfahoniy shayboniylarning Turkistonga qochib ketgani, 1512 yil aprelida esa ularning yana qaytib kelib, Buxoroga yaqin Ko’li Malik yonidagi jangda Boburni yengib, mamlakatni qaytadan qo’lga kiritgach, shaharu tumanlarni o’zaro taqsimlashgani hamda Boburning o’sha davr ichidagi hukmdorlik faoliyatini batafsil yozib, o’zbek xonzoda va sultonlari nomini bir-bir va qayta-qayta tilga olarkan, Xurramshoh nomini biron marta ham zikr etmaydi. “Musaxxir al-bilod” mullifi ham bu jarayonni mufassal yozarkan, Xurramshoh haqida sira fikr bildirmaydi. Agar Xurramshoh bu paytda tirik bo’lganida unga ham ona boshqa akasi Temur sulton va uning o’g’illari, ona boshqa ukasi Sevinch Muhammad sulton kabi Samarqanddagi sheriklik taxti yoki kamida biror viloyat va tuman hokimligi berilgani qayd etilgan bo’lardi. (Akademik Bo’rivoy Ahmedov ham “Istoriya Balxa” kitobida tahlil va izohsiz bo’lsa-da, Xurramshohning tug’ilish va vafoti sanasini 1502 – 1511 yillar shaklida ko’rsatgan.)

Xullas, Boburning sevimli opasi Xonzodabegim va uning ana shu opasidan tug’ilgan shayboniyzoda Xurramshoh ismli jiyani taqdiriga yozma manbalar ma’lumotlari orqali oydinlik kiritish ham, tabiiyki, jonajon tariximizda kechgan buyuk siymo Zahiriddin Bobur podshoh hayoti va faoliyatini to’laroq tasavvur etishimiz uchun xizmat qiladi.

Manba: “Xolis” ijtimoiy-ommabop gazetasi, 2011, 10 – (772) son. 10 mart.

01

(Tashriflar: umumiy 2 992, bugungi 1)

5 izoh

  1. Назаримда, Хонзодабегим ва Хуррамшох тугрисидаги манбанинг энг хакикат га якини «Тарихи Рашидий» булса керак. Чунки асар муаллифи Хонзодабегим билан биргаликда бирмунча вакт Хумоюн саройида сиесий арбоб сифатида фаолият олиб борган.

  2. Элмиранинг фикрларига жавоб: Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг (туғ. 1499) Кошғар ҳукмдори Абдурашидхонга бағишлаб 1541 – 1546 йиллар орасида форс тилида ёзилган “Тарихи Рашидий” асарида минг афсуски Хонзодабегим ҳақида жуда кам маълумот берилган. “Тарихи Рашидий”нинг 2004 йили Теҳронда чоп этилган илмий-танқидий матни ҳамда Урумчида уйғурчага ўгирилган ва Ўзбекистонда русча, иккита ўзбекчага таржима нашрлари мавжуд. Қуйида Теҳрон нашрида келган Хонзодабегим, Хуррамшоҳ ва Саййид Ҳодихожа ҳақидаги бор-йўқ маълумотлар билан таништирамиз (улар уйғурча, русча, ўзбекча таржималардан фарқ қилмайди).
    1. Қутлуқ Нигорхоним Умаршайх Мирзога берилган эди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳ ва Хонзодабегим Қутлуқ Нигорхонимдан туғилганлар (Б.:151) 2. …Иккинчи қизи Қутлуқ Нигорхонимни Умаршайх Мирзога бердилар, ундан икки фарзанд ёдгор қолди – бири ҳозирги пайтда иффат ва ҳаё-ибо тахтида ўтирган Хонзодабегим, иккинчиси Бобур подшоҳ эди… (Б.:266) 3. Шоҳибекхон сулҳ билан якун топган Самарқанд қамали охирида Хонзодабегимни тилади, Бобур подшоҳ ўз жонини сақлаб қолиш эвазига Хонзодабегимни Шоҳибекхонга берди. Бу пайтда Меҳр Нигорхоним мазкур хон никоҳида бўлиб, у эса Хонзодабегимнинг холаси экани учун хон энди Меҳр Нигорхонимни талоқ қилиб, Хонзодабегимни ўз никоҳига киритди (Б.:322). 4. Бобур подшоҳ Қундузга келдилар. Ўша вақтда Шоҳ Исмоилнинг элчиси келган эди…Ўша аснода Бобур подшоҳнинг опаси Хонзодабегим ҳам Хуросондан келиб қолди. Илгари айтганимиздек, Самарқанд қамалида Бобур подшоҳ уни Шоҳибекхонга берган ва бу никоҳдан Хуррамшоҳ Султон исмли ўғил дунёга келганди. Шундан сўнг хон Хонзодабегимни “укасининг маслаҳатига кўра мени заҳарлаши” мумкин деган гумонда талоқ қилган ва уни Саййид Отойи саййидларининг улуғларидан саналган ва мазкур хон ва бошқа султонлар, балки бутун ўзбек эли қошида улкан ҳурматга эга Саййид Ҳодига берган эди. Саййид Ҳоди Марв жангида ўлдирилгач, бегим туркман(сафавий)лар қўлига тушганди. Хонзодабегимнинг Бобур подшоҳнинг опаси экани аниқлангач, Шоҳ Исмоил яхши меҳрибонликлар кўрсатиб, уни ҳалиги кетган элчиси кетидан совға-саломлар билан Бобур подшоҳ тарафга юборган эди. Айтганимдек, Хонзодабегим келди (Б.:370). 5. Яна шуким, Бобур подшоҳнинг опаси Хонзодабегим Кобулда бир касалликка чалинди. Ҳазрат Махдуми Нуранга бир хат ёзиб “менинг хасталикдан шифо топишимни тиласинлар” дея, мактубни ул ҳазратга олиб бориб беришимни буюрди;
    Элмира, Сиз қаттиқ ишонган Мирзо Ҳайдарнинг Хонзодабегим ва Хуррамшоҳ Султон ҳамда Саййид Ҳодихожа ҳақидаги бор-йўқ маълумотлари ана шулардан иборат, холос. Хонзодабегимнинг ёнида бўлган Мирзо Ҳайдар Хуррамшоҳнинг қачон ўлгани ёки Хонзодабегимнинг иккинчи эри Саййид Ҳодихожанинг Шайбонийхоннинг аммаваччаси эканини мутлақо тилга олмаган. Шу ҳолда Мирзо Ҳайдарнинг мазкур хожа ҳақида “Марв жангида ўлди” дегани ҳам бир ишонарсиз гап бўлиб чиқмайдими?
    Ахир Мирзо Ҳайдар бу хабарларни 1510 йилда рўй берган Марв жангидан анча кейин ёзган бўлса-да, лекин Хонзодабегимнинг (в.1544 й.) тирик пайтида (1541 – 1546 й.) уларни қаламга тушириб, юқорида кўрганимиздек буни ўзи қайд этмоқда-ку?
    Қолаверса, “Бобурнома” ва “Тарихи Рашидий” каби мўътабар асарларда Хонзодабегим ва Хуррамшоҳ ёки Саййид Ҳодихожа ҳақида арзирли маълумотлар мавжуд бўлганида эди, биз кўрганингиздек, чуқур илмий изланишни амалга ошириб, ўнлаб қўлёзма манбаларни кўздан кечириб, шунча заҳматлар чекмаган бўлардик. Саломат бўлинг.

Izoh qoldiring