Аллома шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг 70 йиллиги олдидан
Атоқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Матназар Абдулҳакимнинг»Тафаккур чорраҳаларида.Таржимон талқинлари» номли салмоқли китоби буюк мутафаккир,шоир, жавонмардлик тариқатининг йирик намояндаси Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) меросини идрок этиш, рубоийларини таржима қилиш жараёнида мутафаккир қарашларини англашга бағишланган мақола,эссе ва суҳбатлардан ташкил топган. Бундан аввал сизга китобнинг «Иймон туҳфаси» бобини тақдим этган эдик. Бугун эса «Ялдони ёритган нур» номланган бобнинг биринчи бўлагини диққатингизга ҳавола этмоқдамиз.
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА
Таржимон талқинлари
ЯЛДОНИ ЁРИТГАН НУР
—————————-
Замондошларимиз Паҳлавон Маҳмудни ўз даври жавонмардийлик тариқатининг пешвоси сифатида биладилар. Биз жавонмардийликнинг истилоҳ сифатида “футувват” шаклида ҳам истифода этилишини биламиз. Бироқ ана шу сўзлар билан ифодаланган тариқатнинг ўзи ҳақида анча хира тушунчага эгамиз.
Футувват тариқати, бизгача етиб келган маълумотларга қараганда, инсонларда руҳий-эътиқодий қувватни, иймон қудратини устувор қиладиган тариқат бўлган. Бу ҳақда буюк шоиримиз Низомиддин Алишер Навоийнинг замондоши, ажойиб олим Ҳусайин Воиз Кошифий ўзининг “Футувватномаи султоний” асарида батафсил маълумот беради: “Футувват илмининг мавзуи бор, бу мавзу – инсон руҳи ҳисобланади, – ўқиймиз биз мазкур рисоладан, – хос таъриф юзасидан эса футувват – инсоний фитрат нури зуҳурининг нафсоний белгилар зулматига қарши қўйилиши, шу зулматни ёриб ўтишдан иборатдир”.
Биз мазкур рисола, яъни Ҳусайн Воиз Кошифийнннг “Футувватномаи султоний” асарини ғоявий асос сифатида қабул қилиб, шу асосда Паҳлавон Маҳмуд асарларининг ғоявий тагзамини ва бу тагзаминнинг буюк шоиримиз меросида акс этишини ўрганмоқчи эканмиз, юқорида футувватга берилган изоҳни Паҳлавон Маҳмуднинг бир рубоийси билан ҳамоҳанглаштириб ўтишни лозим топамиз:
Тупроққа кўмилгайман-у мен, шул кун пок,
Дўст руҳига кўчгайман агар бўлсам ҳалок.
ТАН ТУПРОҚ ЭРУР, ЖОН, ЭСА ҲАҚ ЁҒДУСИ,
НУР БИЛА НУР ЯШАР, АХИР ХОК ИЛА ХОК.
Паҳлавон Маҳмуд яшаб ўтган даврдан кейин битилган асар қандай қилиб буюк шоир ва мутафаккирнинг мероси учун назарий-ғоявий асос бўлиши мумкин, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, Ҳусайин Воиз Кошифийнинг ушбу рисоласи қадимий қўлёзмалардан фойдаланилган ҳолда битилган бўлиб, бу ҳақда муаллифнинг ўзи шундай ёзади: “Ушбу китоб футувват аҳлининг йўриғи, расму одатлари баёни, шайхлик ва муридлик, пиру шогирдлик қоида, шартлари ҳақидаги рисоладирки, уни фақирул ҳақир, беҳад нуқсонли Ҳусайн Воиз Кошифий машҳур ва мўътабар китоблардан фойдаланиб, таълиф ипига тизди”. Шундан кейин рисолада футувват, яъни жавонмардийликнинг моҳияти ҳақида, бу тариқатнинг тафсилотлари тўғрисида бир қатор маълумотлар борки, биз ушбу ишимизда Паҳлавон Маҳмуд ижоди учун тасаввуфий асос бўлган ана шу маълумотлардан келиб чиқиб, Паҳлавон Маҳмуд мероси ҳақида фикрлаймиз. Шоирнинг ўзи пешво бўлган тариқатнинг фалсафий асослари унинг ижодига қай даражада таъсир кўрсатганлигини баҳоли қудрат кузатишга ҳаракат қиламиз.
“Футувват нима?” Футувват элдан яширин бирон бир иш қилмаслик, ҳамма одамлар билан хушфеълликда яшашдир. Рубоий:
Ринд қасрига Давлат, урибон бош, келди
Ҳар нима пинҳон эса, сўнг фош келди.
Халқ таънасидан халосману, шукрим кўп.
Офтоб, сенинг ошёнинга ҳуффош келди.
“Футувват аҳдга вафо қилмоқдир”, – дейилади рисолада. Бу ўринда биз аҳд сўзини бирмунча кенгроқ англашимиз керак. Нечунки, футувватда “Аҳд боғлаш” махсус маросим бўлиб, аҳд боғлаган ёшлар тариқат аҳлининг сафига кирган ҳисобланади. Бунда фатий, яъни жавонмардийлик сафига киришга аҳд этган ёш йигит ўзи танлаган Пийрга қасамёд қилиб, жавонмардийликнинг эзгу амалларига содиқ қолиш учун аҳд этади. “Зеро вафо жавонмардларнинг ишидир, – дейилади рисолада – ва аҳду паймонни синдириш аҳдга вафо қилмаслик виждоннинг нуқсонидир”. Паҳлавон Маҳмуд ўз ҳаёти, ижоди билан жавонмардийликнинг бу талабига аъло даражада амалий жавоб бериб ўтган улуғ зотдир. Рубоий:
Чарх урфи ситамдир, ки, яралган дамдан,
Сидқ аҳли халос бўлмади ҳеч мотамдан.
Ит бўлайин вафоси бор одамга,
Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан.
Паҳлавон Маҳмуднинг аҳд ҳақидаги талабига жавоб ана шундай.
Хўш, жавонмардийликка дохил бўлмоқчи бўлган ёшлар нимага аҳд қилиб белларига футувват белбоғини боғлаганлар? “Футувват барчани ўзиндан афзал билиш ва ўзини ҳеч кимдан юқори қўймаслик”.
Паҳлавон Маҳмуд жавонмардийликнинг ушбу талабига ҳам садоқат билан, бироқ ижодий ёндошади. “Ижодий” деганимиз шу маънода-ки, у жавонмардийликнинг талабларини ўз шеъриятида тўғридан-тўғри қайд қилиб қўймасдан, балки бу муҳим талабларни турли ҳаётий вазиятлар кўзгусига солиб қаради. Мана, шундай рубоийлардан бири:
Жанг авжида, жон қушлари шаддод ўйнар,
Қумрию калхат бўлишиб, дод, ўйнар.
Дўст дастида ўйнайди қилич ялтиллаб,
Ёв остида ҳам гижинглаган от ўйнар.
Бу мисралардан шуниси аён бўладики, жавонмардийлар нафақат дўстларни, балки душманларни ҳам ўзларидан кам кўрмасдан уларга ҳушёрлик билан муносабатда бўлганлар. Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийсидаги ҳарбий кайфият ҳам, албатта, тасодифий эмас. “Футувватноми, султоний”нинг таржимони, ажойиб олим Нажмиддин Комилов ўзининг мазкур китобга сўзбошисида ёзади: «Жавонмардлар мазлумларни золим шоҳлар, маҳаллий ҳокимлардан ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатишдан ташқари, уюшиб ташқи душманларга қарши курашганлар ҳам».
“Фатий” – сўзининг луғавий маъноси ёш йигит демакдир. Жавонмардийлик тариқатига гарчи ёш йигитлар қабул қилинганлиги учун, уларни фатийлар деб аташ табиий бўлса-да, бу сўзнинг тариқатда мажозий маъноси ҳам мавжуддир. Китобга мурожаат қиламиз: “Модомики солик ҳали нафс ҳаваси тузоғида, табиий эҳтиёжлар бандида экан, у гўё гўдакка ўхшайди, нафс мартабасидан тараққий этиб, дил мақомига етишса, балоғат остонасидаги ёш ўспирин қабилида бўлади. Ёш йигитда эса қон қайноқ, бадан қуввати етарли бўлганидек, жавонмардларда ҳам инсоний камолот билан бирга маънавий камолот мавжуддир ва ушбу мартабадагига “Фатий” дейдилар”. Китобда шундан кейин маълумот берилишича, жавонмардийликнинг моҳияти яхшилик йўлида жондин кечишга тайёр туриш, фидойи қалб эгаси бўлишдир.
Паҳлавон Маҳмуд жавонмардийликнинг бу талабини ҳам ўз рубойиларида бетакрор бир тарзда, олиймақом бадиий маҳоратлар билан акс эттирди. Рубоий:
Ҳақ дўст, дея жим тортса фиғон дўст – чин дўст,
Қилгувчи ибодатни ниҳон дўст – чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст – чин дўст.
Паҳлавон Маҳмуд жавонмардийликдаги фидойилик масаласига ҳам аниқлик киритди. Унинг уқтиришича, фидойилик кўр-кўрона бошини ўлимга тутиб бериш эмас, балки шу бошга арзийдиган юксак қадриятлар учунгина амалга ошириладиган қутлуғ воқеадир.
Рубоий:
Эй дўст, қани айт, жонми керак жон берайин мен.
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.
Шуниси диққатга сазоворки, жон фидо қилмоқ Паҳлавон Маҳмуднинг ўзи учун ҳам, салафлари ва издошлари учун ҳам шунчаки китобий бир гап бўлиб қолмасдан, балки ҳаёт тақозо қилаётган олий бир фазилат эдики, ўз маслакларининг бу талабига Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд сингари азизларимиз шай турганликларини керак бўлганида қурбон бўлганликларини ҳам биз тарихдан яхши биламиз.
“Футувватномаи султоний”ни сатрма-сатр мутолаа қила борар эканмиз, ундаги фасллар футувват тариқатининг нақадар қаър-қаърларидан, теран сарчашмаларидан зилол сув ичганлигининг шоҳиди бўламиз. Бизнинг бу гувоҳлигимизни ўзларининг бу китобга бераётган муборак садолари билан Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларинннг оташин мисралари тасдиқлайдилар.
“Футувватнинг зоҳирий рукнлари қуйидагилар: Биринчиси ғийбат, ёлғон ва бўҳтон ва беҳуда сўзлардан тилни тийиш”.
Аён бўладики, жавонмард туҳматнинг тарқалмасилиги, бошқа юракларга етиб бориб, уларга озор бермаслиги учун ўзи изтироб чекиб, озор тортиб бўлса-да, ўз юрагидан тўғон қуради, банд боғлайди. Биз, одатда, очиқ жанг майдонларидаги шижоатнигина жасорат дейишга ўрганиб қолганмиз. “Футувватномаи султоний” шуни алоҳида таъкидлайди-ки, ҳеч кимга намойиш қилмасдан, бўҳтонлар, заҳарли тиллар отган кўзга кўринмас ўқларга юракни қалқон қилиш ҳам муборак жиҳоддир. Фикримизни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари тасдиқлайдилар. Рубоий:
Туҳмат бир исирға, биз уни эп кўрамиз,
Қулоққа бир-бир тақамиз, зеб кўрамиз.
Ғам заҳрини ҳижрон кўлидан неча юрак
Тотди, бу луқмани биз ҳам еб кўрамиз.
Миш-миш эзади, хаста юрак инжилади,
Дастимда менинг, эмишки, дур янчилади.
Кўз не учун очилмасин, айтинг ахир,
То тил тикани лаҳзада минг санчилади.
Софдиллик мавзуси, инсоннинг инсон томонидан ардоқланиши масаласи “Футувватномаи султоний”даги бош масалалардан бири эканлиги ўқувчида жавонмардийлик тариқатига, боболаримизнниг ушбу маънавий кашфиётига алоҳида ёрқин бир эҳтиром уйғотади. Аён бўлади-ки, инсон руҳи Оллоҳ даргоҳига йўл экан, вужуд эса ана шу муқаддас меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиб кузатиб қолишга вазифадор манзил. Мана шу гўзал фалсафадан бир ҳикмат ойдинлашади бутун рўйи замин аҳли башарни руҳга муносиб манзил сифатида парваришлайдиган қутлуғ маъво сифатида муборакдир, шунга кўра бу қутлуғ маъвога муносиб бўлиб яшамоқ. ҳар бир жон эгаси учун ҳам фарз, ҳам қарз. Бу ҳикмат китобнинг замирий мазмунидан келиб чиқиб яна ҳам чуқурлашади. Одамлар худонинг даргоҳига бориши керак бўлган руҳнинг мезбонлари сифатида бир-бирининг қадр-қимматини ўрнига қўйишлари, бир-бирларига муҳаббат билан муносабатда бўлишлари, бир-бирларини асраб-авайлашлари керак. “Ножўя, номақбул сўзлардан, бўҳтон, ғийбатлардан қулоқни беркитиш керак”, Паҳлавон Маҳмуд бунга бир неча аср наридан туриб садо берадилар:
Дунё кўраман кўзларим дарчаси билан.
Бахт, ғам, азоб, умид, ишқ – барчаси билан.
Юракни парча-парчалаб, қулоқни мен
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан.
Жавонмардийлик ҳам бошқа эзгу тариқатлар сингари жиҳодга, яъни яхшилик тантанаси учун ёмонликка қарши курашга даъват этади. Мумкин бўлган жойда ва вақтда ҳалоллик учун курашга ўтишга чақиради, бироқ айбжўликни қоралайди, яъни одамларнинг одамлар томонидан бартараф қилиниши мумкин бўлмаган нуқсонларини беҳуда тафтиш қилмасликни, бундай нуқсонларни даф қилишни худога солишни ёқлайди-ки, шунинг учун ҳам китоб саҳифаларидаги битиклар хабар берадилар. “Кўриш ножоиз ҳисобланган нарсалардан кўзни юмиш зарур”. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ёзадилар. Рубоий:
Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен,
Кимхобда азиз бўлиб, юпун-хўр бўл сен.
Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг
Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен.
Жавонмардийликнинг шартлари шу даражада кўп ва шу даражада уларни адо этиш зарурдирки, бу шартлар деярли инсоннинг дунёга келиш лаҳзаларидан бошлаб, то умрининг сўнгги нафасларигача амал қилиш керак бўлган ҳаётий талабларни ўз ичига олади “Тилидан халққа озор етмайдиган одамгина футувватга даъво қила олади”, – дейилади “Футувватномаи султоний”да.
Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўқдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ.
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ пўст йўкдир,
– деб жўр бўлади бу фикрга Паҳлавон Маҳмуд. Китобда қайд қилинганидек, “Ҳаром овқатлардан оғизни, зинодан аъзони беркитиш”, “Бориш манъ қилинган ношоиста жойлардан оёқни тортиш” зарурдир.
Мардманми ўзимни шоҳга лоқайд этмасам,
Илму амалга қунт ҳар пайт этмасам.
Мардманми, ҳаромхўрга эгиб бошимни,
Луқма есам, гар шу заҳот қайт этмасам.
Ҳусайин Воиз Кошифий ўзининг ушбу рисоласида жавонмардийларнинг ғурурни тарк этиб, илоҳийликка ўзни яқин тутишга, аниқроқ қилиб айтганда, қурбга катта эътибор берганликларини таъкидлайди. Унинг ёзишича, “ҚУРБ ва васлат мақомига бутун вужуди, дилу жони билан интилиш” масаласи жуда муҳимдир. Бир қарашда, ўзини худога яқин олишда ғурур мавжуддек. Бироқ, аслида, бу яқинлик учун чекилган риёзат ботинда ва астойдил бўлса, бунинг, албатта, ғурурга, кибру ҳавога ҳеч қандай даҳли йўқдир. Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларини мутолаа қилганимизда ҳам биз мана шу оҳангларга жавобан битилган пурҳикмат мисраларни жуда кўп учратамиз. Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида ўз лирик қаҳрамони, шунингдек, бу қаҳрамон билан чамбарчас бўлиб кетган ўзи номидан гапириб, такаббурликнинг нақадар кўримсиз атвор эканлигини гоҳ бевосита, гоҳ билвосита таъкидлаб туради. Бу мавзуда гапирар экан, шоиримиз анъанавий муборак фалсафага, яъни аждодларимизнинг хоки поклари бўлган, бизларнинг эса ҳаёт манбаимиз, ватанимиз бўлган тупроқ билан тенглик мартабасига тарғиб қилади. Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, тупроқ танимиз шундай бир қоронғуликдир-ки, у Ҳақ нури томонидан ёритилиш билан муборакланади. Шу боисдан хокисорликда, ўзини ер билан тенг тутишда улкан ҳикмат бор, аслида, ўзини тупроқ билан тенг тутиш бу – юксак мартабадир. Рубоий:
Тупроққа кўмилгайману мен шул кун пок
Дўст руҳига кўчгайман, агар бўлсам ҳалок.
Тан тупроқ эрур, жон эса Ҳақ ёғдуси.
Нур била нур яшар, ахир, хок била хок
Ўз тупроқлигини эътироф этиб, ўзини ер билан баробар тутган одам “футувватномаи султоний” фалсафасига кўра ҳам, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан келиб чиқадиган хулосаларга кўра ҳам қурбга эришади. Унга ноқис дунёнинг манфийликлари дахл қилмайди. Рубоий:
Мен на қаро ёки нада оқ била мен,
Ё на мурид ё нада пийр ёқ била мен
Мен пасту баланд жаҳлу аламдан озод,
Олам ишидан холиману, Ҳақ била мен.
Бу ўринда Паҳлавон Маҳмуднинг Ҳақни англаш фалсафаси ҳам таъкидлаб ўтгуликдир. Шоирнинг уқтиришича, оламдан юксак, оламдан ташқари ёлғиз Ҳақ бор. Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларини Хусайин Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний”сига муқояса қилиб мутолаа этиш шуни яққол кўрсатадики, Паҳлавон Маҳмуднинг бадиий ижоддан мақсади жавонмардийлик шартларини, футувват рукнларини тарғиб қилишдан иборат бўлган. Бу қудратли тарғиботнинг юксак бадиий маҳорат билан амалга оширилганлиги жавонмардийлик сулукининг ҳам, Паҳлавон Маҳмуд шеъриятининг ҳам юксак даражали эканини исбот этади. Футувват фалсафаси жаҳолат зулматини Ҳақ нури билан ёритиш масаласида бемисл теранликка, юксакликка ҳамда қамровлиликка эришган таълимот. Бу таълимот инсон феъл атвори, унинг ўзгалар билан муносабати борасида, ижтимоий фаолияти ҳамда одоб-икроми тўғрисида оладиган таълими ҳақида, хуллас, ҳаётимиздаги бирон-бир соҳа йўқки, жавонмардийлик ёҳуд футувват ҳикматларидан унга жавоб топилмайдиган бўлсин.
Жаҳолатнинг, маърифатсизликнинг ҳар бир лаҳзаси ҳам худди ялдо тунидек қоронғу, жавонмардийлик фалсафаси, ушбу муборак эзгулик ҳикмати ана шу зулматни ёритгувчи муқаддас нур десак муболаға бўлмайди.
Паҳлавон Маҳмуднинг мана шу фалсафа маърифати билан ҳаёт кечирганликларини, ўз маънавиятинигина ушбу муборак нур билан ёритиб қолмасдан, ўзгаларнинг-да руҳиятини равшан этганлигини бу буюк алломанинг ҳар бир рубоийси тасдиқлаб туради.
Жавонмардийлик мўъминликни, мусулмончилик эътиқодида устивор бўлишни талаб этса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Дил дафтари гул мисли очилди ҳар он,
Еллар учириб қилди ҳазонларни тўзон.
Дарду фироқ гардини қум соатидек
Бошга тўкар дил, бош эса дилга томон.
Жавонмардийлик Илм, яъни тиннимсиз ўқиш-ўрганиш туфайли Ҳақни ва у яраттан оламни, шунингдек, ҲИЛМ, яъни хушмуомалаликни тақозо этса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Беилму амал равзаи ризвон бўлмас
Рўза, намоз бўлмаса иймон бўлмас.
Ўтмакка илож топса-да қилкўприкдан,
Кимки дилозор, мусулмон бўлмас.
Жавомардийлик Вараъ, яъни парҳезкорликни, ёмонликлардан ўзини тийишни талаб этса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Айш аҳлидан ҳеч гарчи ҳазар йўқ бизда,
Айш таъмасидан зарра асар йўқ бизда,
Қон ярамиз лола каби гул очди.
Шундан-ки чаманларга назар йўқ бизда.
Жавонмардийликнинг СИДҚ шарти инсонлардан садоқатни, эътиқодда, ўзининг барча яхши ниятлари ҳамда амалларида мустаҳкам бўлишни талаб қилса. Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Бу хона вафо манзили, бир шарт бордир,
Ташриф беижозат, кимда-ки дард бордир.
Сидқ бирла келувчиларнинг ҳар пойинда
Икки кўзимга тўтиё гард бордир.
Жавонмардийликнинг КАРАМ шарти лутфу эҳсон, Ҳақ илтифотини баён қилса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Сен боису, тунда нурга ёр ҳар бир жон,
Равшан қиладир-ки, рўзигор ҳар бир жон.
Лутфинг ила топди эътибор ҳар бир жон,
Мушкулни осон қилди-ки, зор ҳар бир жон.
Жавонмардийлик МУРУВВАТ шарти илоҳий раҳмдилликдан келса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Тушдию жаҳлидан, келиб қошимга,
Раҳм этди, не бахт, менинг шаҳид лошимга
Бир лаҳза туриб очиқ мозорим узра
Хокимни сочиб кетди, у ўз бошимга.
Жавонмадийликнинг ШИЖОАТ шарти инсоннинг инсон манфаати учун жасорат кўрсатишини тақозо этса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Арслонману дўст кўрмадим инсон янглиғ,
Инсон мен учун азиз эрур жон янглиғ
Чорланг мени бошингизга кулфат тушса,
Дарров мадад этгум бориб арслон янглиғ.
Жавонмардийликнинг НАФС ТАҲОРАТИ шарти руҳий покликни, софликни, эътиқодда беминнатликни талаб қилса, Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Туз тотмадим ҳеч, ишқ юрагим қон айлар,
Ухламадим, Ёр мени нолон айлар.
Ҳолимга менинг тушсами бир дам зоҳид,
Дарров ўзини фаришта эълон айлар.
Жавонмардликнинг ЯХШИЛАР ВА ПОКЛАР БИЛАН СУҲБАТЛАШИШ шартига жавобан Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Дўст бўлгали сен ўзингга доно танла,
Ёки гўзал, бир гули раъно танла.
Бўлмаса гар айлама нобуд вақтинг,
Кашф эт сен ўзингни, ўзни танҳо танла.
“Футувватномаи султоний”ни Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари билан чоғиштириб ўқиш тағин шуни ҳам кўрсатади-ки, буюк шоир жавонмардийликнинг пешвоси сифатида ўз рубоийларининг ҳар бирини мазкур тариқатнинг бир шартига бағишлагандек таассурот қолади. Биз юқорида келтирган мисоллардан-да кўра аниқроқ яна бир мисол келтириб ўтсак. “Футувватномаи султоний”нинг қирқ еттинчи шарти қуйидагича: “Ножинс ва нокаслардан узоқ тутиш зарур”. Энди шу талабга Паҳлавон Маҳмуднинг бир рубоийсини мисол тариқасида келтирайлик:
Берма ёмонга жой сира ён, жондан,
Домдир ўзи ва фарқи ҳам йўқ дондан.
Тўғрилиги сабаб учур ёйдан ўқ
Йўқса чиқармиди у тинч ўқдондан.
Китобни мутолаа қилишда давом этамиз: “Тариқатнинт мақомоти нечта деб сўрсалар, тўрт юзу қирқ тўртта деб айт. Аммо унинг жаъми тўрт мақомда мужассамдир. Аввал ТАВБА.
Шу ўринда “Футувватномаи султоний” мутолаасини тўхтатиб, хотирамизни варақлаймиз. Тавба мавзуси Паҳлавон Маҳмуд меросида етакчи мавзулардан эмасмиди. Эслаймиз, рубоий:
Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлгайман,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлгайман.
Гардларни ювиб фориғ этар кўзёшим,
Мисли булоқ суви зилол бўлгайман.
Ушбу рубоийнинг мазмундорлиги ҳақида ўйларканмиз, яна “Футувватномаи султоний”га қайтамиз: “Тавба икки нав бўлади: Бири гуноҳдан зоҳиран тавба қилиш, иккинчиси худбинликдан ботинан тавба қилиш”. Демак, Паҳлавон Маҳмуднинг юқорида биз келтирган рубоийси ботиний тавба, қусурлардан истиғфор қилиб, руҳни тозалаш тўғрисида экан. Шоир мисраларинн ўқишда давом этамиз, рубоий:
Минг дод ҳазин дил ўзига жавр ўлди,
Фарёд, у дард, ғам ўтига қоврилди.
Ҳайҳотки, қанча парвариш қилсам ҳам,
Барбодки, мева бермайин соврилди.
Бу рубоий ҳам, аввалгидек, тўппа-тўғри тавба ҳақида эмас, балки унда билвосита ўз ҳаётидаги кўнгилсизликлардан, ўз қилмишларидан пушаймон оҳанги кучли.
Ўз ножўя қилмишларидан изтироб чекиш, маълумки, тавба-тазаррунинг нишонасидир. Паҳлавон Маҳмуд ижодида тавба-тазарру мавзуси, истиғфор оҳанглари фавқулодда кучли садо билан жаранглайди. Бу табиий, негаки, тавба-тазарру астойдил, чин юракдан отилиб чиқсагина қабул бўлади. Шу маънода ҳам шоирнинг тавба-тазарру оҳангидаги рубойлари бу мавзуда ижод этган шоирлар учун юксак ибрат намунаси бўлган, рубоий:
Кўнглим кўчасинда мен ибодат қилдим,
Маст чайқала покларни зиёрат қилдим.
Рўзани тутганимга шоҳидлик шу,
Ийд намозни бетаҳорат қилдим.
Шоир ўзининг яхши ниятда қилган ишлари ёмон натижа берганлигидан уқубат чекади. Дунёнинг чархкажрафторлигидан ўкинади. Рубоий:
Қўлда қалам толеъ эмас, доғ битар,
Дард экаман. бир-бир униб, боғ битар.
Бу боғда гулу сарву суман, сумбулнинг
Ҳар япроғида, не қилай, бир зоғ битар.
Паҳлавон Маҳмуднинг алоҳида таъкидлашича, тавба-тазарру қилиш осон кечмайди. Шайтонга қарши жиҳод, ўз ёмон қилмишларидан пушаймон бўлиш, энг муҳими, бундай ёмон қилмишларни такрорламасликка аҳд этиш ва бу аҳдда устувор бўлиш осон эмас. Рубоий:
Мен қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил,
Берди азобларимга барҳам чил-чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил-чил гоҳ.
Гоҳ тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил-чил.
Тавба-тазарру қилишнинг ва истиғфорда маҳкам туришнинг машаққатларини Паҳлавон Маҳмуд ўзининг бошқа рубоийларида яна ҳам теран таҳлил қилади, машаққатли руҳий жараённинг, ирода фаолиятининг осон кечмаслигини такрор-такрор уқтиради, бу мавзуга қайта-қайта мурожаат қилиб туради.
Ё раб, не ажаб қилса мени қон тавба,
Мен айладим излаб сени паймон-тавба.
Этдимки пушаймон, бу пушаймонимдан
Қилдирди мени бошқа пушаймон тавба.
Гуноҳларнинг бисёрлиги, тавбанинг ноқислиги шоирнинг ориятли қаҳрамонини изтиробли ўйларга толдиради. Жавонмардийликка жон-дили билан мансуб бу зот ўз маслагининг навбатдаги шартини бир лаҳза бўлсин эсдан чиқармайди. Яна “Футувватномаи султоний”га мурожаат қиламиз: “Хавф, яъни гуноҳдан, ғайри шаръий ишлардан қўрқиш. Ана шу хавфу хатардан қўрқмай эсон-омон ғолиб чиққан, дунё бандларидан қутулишга қудрати етадиган одам ўзини тариқатга мансуб, деб билиши мумкин”. Бу сатрлардан шундай хулоса келиб чиқадики, ғайри шаръий ишлардан қўрқувни эзгу амаллар қилиш ҳисобига енгиш керакки, Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари худди ана шундай оҳангдадир.
Паҳлавон Маҳмуднинг меросида бехайр амаллардан хавф, шариат ҳукмларни бажармаслик хавфи турли жиҳатлардан олиб таҳлил ва талқин қилинади. Бу хавфдан ўқувчи огоҳ этилиб туради. Шоирнинг фикрича, инсон ўз зиммасига Оллоҳ тақдири билан юклатилган вазифани мустаҳкам бир ботиний эътиқод билан адо этмоғи керак. Бу вазифаларни бажаришдаги зоҳирий жиҳатлар муҳим аҳамият касб этмайди. Бу вазифалардан энг оғир, энг масъулиятлилари, шоир таъкидлашича, шоҳлик қилиш, шунингдек, илоҳиёт билан машғул бўлиб одамларни Ҳақ йўлига бошлашдир. Бу вазифаларнинг алоҳида оғирлиги шундаки, бу вазифаларнинг ҳалол амалга ошириш ёҳуд оширилмаслигидан халқнинг бахти ёки бахтсизлиги келиб чиқади. Рубоий:
Мискин бу кўнгил… ҳаётдан ҳам безганман,
Чунки умр хорлигини сезганман.
Кийдим дея тож, нўхта уриб бошимга
Зил салла юки билан таним эзганман.
Агар шоҳ ва руҳонийларда ана шу масъулият ҳисси мавжуд бўлмаса, дунёнинг иши телба-тескари бўлиб кетади. Оқибатда мўъминлар Оллоҳдан мутлақо таҳликали тилаклар тилашга мажбур бўладилар-ки:
Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қил сен,
Яхшини шод, ёмонни дилхун қил сен,
Доно оёқ остинда-ю нодон бошда,
Ё раб. Бу фалакни остин-устун қил сен.
Паҳлавон Маҳмуд ўз рубойиларида жавонмардийликнинг ХАВФ шартига амал қилиш борасида, яъни мазкур хавфни бартараф қилиш учун, инсон дилида Ҳақнинг барқарор эканлигига шак-шубҳа бўлмаслиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини ҳам алоҳида бир юксак оҳангларда уқтириб ўтади.
Ақлимни менинг қилгувчи лол инсондир,
На кофиру, на муслим у – бир ҳайрондир.
Ҳақ не? Гумон не? Ахтариб, ўй ўйлаб,
Икки жаҳони шу билан вайрондир.
Мана шу шубҳа мана шу гумон, шоир таъкидлашича, Оллоҳ ҳузурига учиб етмоғи керак бўлган руҳ қушларининг қанотларини қирқади, инсонни охиратдан маҳрум қилади, рубоий:
Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз, турқи совуқмиз ҳаммамиз.
Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз, чунки товуқмиз ҳаммамиз.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида “Футувватномаи султоний”да қайд этилган жавонмардийликнинг шартларидан бўлмиш ЖИҲОД ҳақида, яъни ҳар бир инсоннинг, хусусан футуват тариқатига кирган навқиронларнинг эзгулик йўлидаги ғовларга қарши курашда собитқадамлиги тўғрисидаги шартига монанд оташин мисралари алоҳида сезиларли ўрин тутади.
Кураш – аввало нафси бадга, нафси амморага қарши, қолаверса, ана шу баднафслик оқибатида келиб чиқадиган барча иллатларга қарши шиддатли кураш сафарбарлигини билдиради, рубоий:
Арслонману, дўст кўрмадим инсон янглиғ,
Инсон мен учун азиз эрур жон янглиғ.
Ушбу рубоийда Паҳлавон Маҳмуднинг курашга сафарбарлик туйғусининг шиддати барқ уриб туради. Дарҳақиқат, курашнинг энг муҳим жиҳати бу – ўзини унутиб, бошқа инсонларга мададга шошилиб яшамоқ, Ҳақ йўлида ўзлик нафсидан кечмоқ, аҳли башар учун, хусусан, жавонмардийлар учун хос бўлган фазилатлардандир. Ҳар бир ннсон ўзида руҳ қувватини тарбияламоқ, эзгулик учун жиҳод йўлида ўз ҳаёти учун зарур бўлган имкон қадар оз неъматлар билан кифояланмоқ ўз нафсига қарши курашга отланган ҳар бир жавонмардийнинг кўнгил шиори бўлмоғи лозимлигини Паҳлавон Маҳмуд қайта-қайта уқтириб туради. Рубоий:
Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак.
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт унга султон не керак.
Ана шундай эзгуликлар билан барҳаёт юракни, жавонмардийлик ғоялари билан тўлган кўнгилни ўзининг султони билиб яшамоқ ва унинг, яъни ана шу жавонмардий “СУЛТОН”нинг ҳукмида бўлмоқ Паҳлавон Маҳмуд назарида ҳар бир жавонмардий учун зарур, ҳам қарз, ҳам фарз бўлган хислат. Рубоий:
Тозаюрак ва софназар бўлмоқ шарт,
Борлиқни билиш ва бехабар бўлмоқ шарт.
Ҳар лаҳза етишса неча минг дард сенга,
Чекмоқ барини ва бехатар бўлмоқ шарт.
Ҳақдан қўрқиш йўли ва бу йўлдаги нафси бад васвасаси қўрқу соладиган ҳеч бир иллатдан қўрқмаслик инсонга кураш хислатини бахш этадиган фазилат. Ана шу фазилатга эришган жавонмардий Ҳақ йўлида оқ-қорадан, иссиқ-совуқдан, яхши-ёмондан қатъий назар оғишмай йўл юрадиган соликка айланади. Бундай жавонмардий фақат Оллоҳдан фақат Оллоҳ дийдорини тиланади. Рубоий:
Дунёга сочиб сен дуру шаҳвор кетдинг,
Дарёлар ишин айладинг-у ор кетдинг.
Топди шарофатинг билан денгиз файз,
Кашкул қилибон садафни абгор, кетдинг.
Садафда ёлғизгина битта дурри шаҳвор бўлгани янглиғ Оллоҳ дийдорини талаб этган жавонмардий – “тиланчи”нинг кашкулида ҳам фақат Ҳақ дийдори орзусининг жавоҳири бўлади. Унинг нафси бошқа неъматни талаб этмайди ва Ҳақ дийдорини талаб этишлик дурри ундан барча инсоний фазилатларнинг соҳиби бўлишини тақозо этади. Ана шу даражага эришмак учун ҳар бир жавонмардий футувватнинг яна бир шарти САБРга амал қилиб яшайди, меҳнат қилади, фаолият кўрсатади. Қаноатга риоя қилади. Сабр бу – Ҳақ йўлида уқубатларга чидамоқ, қаноат бу – Ҳақ йўлида оз миқдордаги неъматлар билан кифояланмоқ. Мана шу йўлда мардга хизмат ва итоат қилмоғи, бошқаларга эҳтиром кўрсатиш бошқаларнинг эришган дунёвий мартабалари эвазига эмас, балки уларнинг эришган маънавий мартабалари бадалига кўрсатмоғи футувватда муҳим талабдир. Рубоий:
Руҳинда бўлай десанг-ки сердардларнинг,
Мардга юкун, бу шартидир шартларнинг.
Мард бўласан эгилмайин номардга.
Хизматига шай яшасанг мардларнинг.
Яна:
Дарвиш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу –
Шоҳ бахти эрур, дарвиш учун кулфат бу.
Ой нурни йўқотса, бир кун албат тўлғай,
Кун нурни йўқотса, кўп ёмон зулмат бу.
Футувватнинг руҳларни тарбиялайдиган илм эканлиги, бу илм рукнларининг кўнгилга бағишлаган жиҳатлари кўп эканлигида, айниқса яққол кўзга ташланади “Кўнгилларни зиёрат этиш, яъни кўнгиллар каъбасига сиғиниш” муҳимлигини таъкидлайди “Футувватномаи султоний”.
Рубоий:
Гарчи хато куйламади созим, йўқ
Дунё ишига қолмади ихлосим, йўқ
Тасбеҳу ридо, салла – булар бор, лекин
Дилларга нима бўлса агар лозим, йўқ.
Бу ўкинч, Паҳлавон Маҳмуднинг бу изтиробида ҳам ўзига хос уқубатли савол ва шунга яраша жавоб бор. “Дилларга нима бўлса агар лозим – йўқ”. Дилларга нима лозим? Оллоҳ ва унинг бандаларига муҳаббат туйғуси. Ва шу туфайли дилларни зиёратгоҳ билиб, юракдан Оллоҳга эътиқод қўйиш. Рубоий:
Муртад била гоҳида, не тонг, обид тенг.
Не топса камол ва бўлса не нобуд тенг.
Дунё ишини яхши – ёмон деб айтма.
Оқил назаринда тахт, билан тобут тенг,
– деб ёзган эди Паҳлавон Маҳмуд. Чиндан ҳам, агар кўнгиллар мулки эътиқод, мусаффолик билан ободонлаштирилиб, Ҳақ зиёратгоҳига айлантирилмаса, дунёда яхши-ёмоннинг, тахт-тобутнинг фарқи қолмайди. Ҳаёт ўз мазмунини йўқотади. Кўнгиллар саждагоҳи вайрон бўлади. Биз илгари, яъни мумтоз адабиётимиз асли қандай бўлса, уни шундайлигича эмас, балки мумтоз адабиётимизни биз қандай кўришни истаган бўлсак, шундай деб қабул қилиб ўрганган пайтларимизда буюк шоирларимизнинг ижодларида мулла-эшонларнинг кескин ҳажв қилинишларига асосланиб, қадимги ижодкорларимиз диндорларга қарши бўлганлар, деб аюҳаннос солишни яхши кўрар эдик.
Ҳали ҳам шу кайфиятдан воз кечмаганларнинг эътиборига “Футувватномаи султоний”дан бир шартни ҳавола қилмоқчимиз: “Ўз-ўзини маломат этиш, маломатдан қўрқмаслик”. Агар сал инсофга келиб, мумтоз адабиётимизга назар ташлайдиган бўлсак, мулла-эшонларни қақшатгич танқид тиғи остига олган азиз шоирларимизнинг ўзлари мулла эшонлар эдилар. Улар “бизга қарши турганларни шартта-шартта отишни” эмас, балки маломатийлик тариқатининг қутлуғ талабларини афзал билар, халқимизнинг “Аввал пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга”, деган ҳикматига амал қилар эдилар. Жавонмардийликнинг ана шу талаби, яъни ўз-ўзини маломат килиш Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳам муҳим ўрин тутади. Рубоий:
Жонларга тегиб, меҳрдан бегона ўзим.
Сўзлар чоғи бешарм ва мастона ўзим.
Маҳрумман учиш бахтидан, ўтданда жудо,
Тунлари пашша, кундуз парвона – ўзим”.
Яна:
Кўнглим кўчасинда мен ибодат қилдим.
Маст чайқала, покларни зиёрат қилдим.
Рўзани тутганимга шоҳидлик шу –
Ийд намозни бетаҳорат қилдим.
Жавонмардийликнинг муҳим шартларидан бири ИТОАТ бу тариқат шахс озодлигини, ҳар бир юракнинг ҳурлигини фақатгина илоҳий ихлос – эътиқод туфайлигина таъминлаш мумкинлигини таъкидлайди. Рубоий:
Шодман, чекибон ғам, неча тоат қилдим.
Ошно бўлибон ишққа, итоат қилдим.
Тавба гулин уздиму, ҳидлаб кўрдим
Раҳматга етишдим, то итоат қилдим.
Бу мисралардан кўрамизки, Паҳлавон Маҳмуд ҳар бир рубоийсини футувватнинг биргина шартига бағишлаб қолмасдан, балки баъзан бир неча шартларига атаб ҳам рубоий битган. Мазкур рубоийда биз шоирнинг ҳам ТАВБА ҳам ИТОАТ шартларига, мақомларига муносабатини кўрамиз.
Мутолаа шуни кўрсатадики, Футувватда тафаккурга, ақлга катта аҳамият берилган. Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Дилбарга дедимки, сўзларинг чил-чилдир,
Бунга сира борми сабаб, айт, билдир?
Айтди-ки сўзлаганда оғзим тор деб,
Қимтинаман ҳаёда, боис – шулдир.
Бу рубоийда афтидан фақатгина маҳбубанинг оғзи кичиклиги айтилиб қолмасдан, айни пайтда, сўзни тежаш, ортиқча гапирмаслик фазилати ҳам илгари сурилаётир. Негаки, “Футувватномаи султоний”да ёзилганидек “Агар тариқатнинг рукни нима деб сўрсалар, хос сўзни хос жойда хос кишиларга айтиш деб айт”. Биз юқоридаги рубоийни ана шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, маъшуқа ўз ошиғига, яъни одамга хос сўзни, яъни дил розларини хос жойда, яъни ёлғиз қолишганида ҳаё билан айтаётган бўлиб чиқади. Бу, албатта, рамзий ҳолат. Бироқ, шуниси аён-ки, жавонмардийлар сўзнинг қадрини баланд тутганлар, рубоий:
Сўз бўлди зилол лабинг аро то гавҳар
Бозор аро қиздирди-ки, савдо гавҳар,
Қўлда қадаҳ тутиб гуҳар излайман.
Излаш ва топиш учун-ку дарё, гавҳар.
“Қўлда қадаҳ тутиб гавҳар изламоқ” бу – сўзни майга, шаробга қиёсламоқ дегани. Биз биламизки, жавонмардийликда ҳам тасаввуфиинг бошқа тариқатларидек, шароб эътиқод рамзидир. Сўзнинг эътиқод билан тенглаштирилиши жавонмардийларнинг сўзга муносабатини билдирадиган муборак бир мезондир. Рубоий:
Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўкдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ
Барчаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўкдир.
Шуниси эътиборлики, жавонмардийлик хос сўзни хос жойда хос одамга айтишнинг иложи бўлмаганда, сукут сақлашни маслаҳат беради. Маъноларни беҳуда сўйлаб увол қилмаслик заруратини таъкидлайди. “Киши то даводан воз кечмаса, маънога етмас ва ўз маъноларини яширин тутмаса, тасаввуфдан баҳра топмас”. “Сиртим осойишта, ичим туғёнддир, қаъринда наҳанг сузгувчи дарёман мен” – деб ёзади бу ҳақда Паҳлавон Маҳмуд.
Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларида, “Футувватномаи султоний”га ҳамоҳанг тарзда тасаввуф йўлидаги одамларнинг, жавонмардийлик даъво қилган шахсларнинг ҳар хил бўлиши ҳақида, уларнинг эътиқод даражаси ҳақида фикр юритилади. “Агар ўзларига тасаввуф номини олган тоифа неча гуруҳга бўлинади – деб сўрасалар, уч гуруҳга деб: Биринчиси мустасуф. У… мол-дунё учун ўзини дарвешларга ўхшатиб юрадиган кишидир”. Паҳлавон Маҳмуд ёзади, рубоий:
Кўпдир гуноҳим, замон-замон йиғлайман,
Осийлигим ҳеч бермас омон, йиғлайман.
“Иккинчиси – мутаассуф. Бу мақсаднинг илм манзилига етган одамдир”.
Рубоий:
Оқ йўл сенга! Ишқнинг мен учун жон бўлди.
Сен ҳақда хаёлим, моҳи тобон, бўлди.
Ҳақ соясисан,тушдинг, ахир, бошимга,
Бу соя туфайли бошим осмон бўлди.
“Учинчиси – сўфий. У ўзидан фоний бўлиб, Ҳаққа етган одамдир… Дунё молини тарк этадилар ва эзгулик йўлида сулук билан шуғулланадилар, сўфий зоҳирда қул, ботинда эса озод бўлган киши”.
Рубоий:
Боқсам юзингга йироқдан, банда қилар,
Эркимни тағин мандан олиб санда қилар.
Ким-ки агар озоддир, ул – шоддир,
Мен эса шод, гарчи лабинг банда қилар.
Жавонмардийликнинг талаблари, гарчи булар кўп бўлса ҳам, ҳар бир аҳд қилган одам қобил бўлган, эришмакка илож топиладиган фазилатлардир. Жавонмардийликнинг юксак мақомларидан бири ФАҚРнинг ўзигина инсон маънавиятининг нақадар юксалтиришини бир ўйласак, руҳимиз боболар яратган бу таълимот обидасидан ифтихор туйғусига тўлади. “Агар фақрнинг аломати неча деб сўрсалар, учта деб айт. Биринчиси меҳрда қуёш каби бўлиш, зеро қуёш ҳамиша беминнат нур сочади, ҳеч кимни ўз нуридан баҳрасиз қолдирмайди”. Паҳлавон Маҳмудни тинглаймиз, рубоий:
Тонг бу юзинг ва ундан, ёр, гул ёғилар.
Хулқнинг эса фасли баҳор – гул ёғилар.
Хуш кечади давримиз, ёришди уфқ.
Юз очади бу рўзигор гул ёғилар.
“Иккинчиси – ер каби тавозуъли бўлиш, зеро ерга оёқ қўйган ҳар бир одам яхши-ёмон ҳақида ўйлайди ва ўз мақомидан силжимайди…”.
Рубоий:
Кўзимдаги сувратингни, эй ёрқин моҳ,
Ёмғир каби тўкдим, ўлиминг қўйгач доғ.
Дарҳол танигай энди сени кўрганлар,
Ул гул юзлининг, оҳ, худди ўзи бу тупроқ.
“…Учинчиси – булут каби сербарака, саҳоватли бўлсин, зеро булут баравар раҳмат ёмғирини ёғдиради, гўристону гулистонни ажратиб ўтирмайди”.
Рубоий:
Жом жаранги, гул ҳиди хуш бўлсин,
Жумла жаҳон дарди фаромуш бўлсин.
Ёмғир куйини тингла булут соясида,
Неча қадаҳ бўлса насиб, нўш бўлсин.
“…Агар фақрга қайси йўлдан кирдинг деб сўрсалар, ниёз-эҳтиёж йўлидан деб жавоб бер. Агар йўлдошинг ким деб сўрсалар, сидқ ва эътиқод деб айтгин”. Жавонмардийликнинг бу талабларига ҳам Паҳлавон Маҳмуднинг муносабати гўзал, жозибали, аниқ. Рубоий:
Йўлга чиқар бўлсанг агар чеккил оҳ,
Юрганда ҳазир бўл, четида бордир чоҳ,
Дўст очса кўнгил гар сенга ўз одамидек,
Ўз ҳаддини билсин кўнгилу кўз ва нигоҳ…
Албатта, бу ўрнида фақат дўст хонадонига меҳмонга боришни эмас, балки Дўст – Оллоҳнинг ихтиёрида бўлган ер юзига келишнинг, туғилишнинг ҳам ҳикмати кўзда тутилмоқда-ки, инсон дунёга келгандан сўнг ўзини муайян маънода азиз дўстникида қўноқ, Оллоҳнинг меҳмони сифатида тутиши керак. Мазкур рубоийнинг “Йўлга чиқар бўлсанг агар чеккил оҳ” мисрасини, шунингдек, тасаввуф йўлига, жавонмардийлик тариқатига тушган одамнинг юрагида ишқ дарди, яъни Оллоҳга етиш йўлида эзгу амалларни бажариш иштиёқи зарурати кўзда тутилганлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
Жавонмардийлик йўлида юксак мақомга эришган зотларни дарвишлар деб атаганлар-ки, дарвишлар даражасининг хусусияти ҳақида Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларида яна шундай рубоий бор:
Майхона учун қуёш билан моҳ барибир,
Дарвиш учун кулгу билан оҳ бирибир.
Ана энди бу хусусда “Футувватномаи султоний”га мурожаат қиламиз. “Агар дарвеш сўзининг ҳарфлари нима маънони билдиради, деб сўрасалар айтгилким, Шайх Қосим Анвар буни қуйидагича шарҳ этган: “Д” – Дард билан ёниш далили…”. Энди бу хусусда Паҳлавон Маҳмудни тинглаймиз, рубоий:
Кўксимни қилар пора шу дард бўлгайдир,
Доғимга топар чора шу дард бўлгайдир.
Дард тоғи ҳавола бўлиб дўст-ёримга,
Менга насиб зора шу дард бўлғайдир.
“Р – Риёдан сақланиш тимсоли…” – давом этади “Футувватномаи султоний”, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бўлса бунга жавобан ёзади, рубоий:
Айёр бу зоҳидда на ҳолат бўлмиш,
Касби риё, кори жаҳолат бўлмиш.
Товус деса каклик каби товланмишдир,
Каклик деса товус у… разолат бўлмиш,
“В – Видоъ, яъни тангри таолодан ўзга нарсалар билан видолашиш…”. Яна Паҳлавон Маҳмуд мисраларига мурожаат қиламиз, рубоий:
Қиш қаъридаман, гарчи баҳордир ҳавасим,
Дарёнинг ичиндаман канордир ҳавасим,
Тарки ватану шаҳру диёрдир ҳавасим,
Рўзигор не керак… Эрк-ихтиёрдир ҳавасим.
“И – Ишқ йўлида яқдил ва собиту содиқ бўлиш…”. Ишқда устуворлик, муҳаббат туйғусига, илоҳий эътиқодга вафоли бўлиш ҳақида ҳам Паҳлавон Маҳмуд меросидан ажойиб мисралар топилади. Чунончи, рубоий:
Мен бир умр ишқнинг бегонасиман,
Ақлнинг ҳамроҳиман, ҳамхонасиман.
Дейману, лек ул парирў менга томон,
Юрса тамом… мен яна девонасиман.
Дарвишликнинг сўнги ҳарфи ҳақида “Футувватномаи султоний” ёзади: “Ш – Шукр этмоқ ва шикоят қилмаслик”. Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари ичида шукроналик руҳи билан, ҳаётдан миннатдорлик кайфияти билан зийнатланган мисралар жуда кўпдир. Шулардан бирини эслайлик, рубоий:
Ёдинг ила ҳар даму ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг,
Хотир хушу, дил хурраму, жон тоза бўлур.
Ҳар иккала китобни, яъни “Футувватномаи султоний”ни ҳамда Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини мутолаа қилиш шуни кўрсатадики, жавонмардийлик ҳақидаги мазкур асар жуда ҳам қадимий манбалардан баҳраманд бўлиб ижод қилинган. Паҳлавон Маҳмуд шеърияти эса бу қутлуғ тариқатнинг сарчашмаларидан сув ичган.
Жавонмардийлик сулуки ва бу ҳақдаги таълимот, шаксиз, қўҳна ва қадимий қуролдир. Бу қурол – маънавит қуроли, эзгулик аслаҳаси. Биз XX асрни якунлаб, ХХI асрга қадам қўяётган авлодлар истиқлол шарофатидан муяссар бўлган имкониятлар туфайли ўз миллий маънавиятимизни, мустақиллик мафкурамизни яратиш учун тафаккур томирларимизни аср-асрларнинг қаър-қаърига отиб, тарихимиздаги жамийки фазилатларни тараққиёт ишига хизмат қилдиришимиз зарур. Бугун аён бўлмоқда-ки, биз беихтиёр амал қилиб келганимиз миллий қадриятларнинг кўпгина талаблари буюк жавонмардийларнинг тафаккурлари, фикратлари туфайли бунёд бўлган ҳаёт фалсафасининг муборак натижалари экан. Бунга гувоҳ бўларканмиз, келажакни ўтмишнинг иштирокисиз бунёд бўлмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.
МУБОРАК МУШТАРАКЛИКЛАР, ТАБАРРУК ТАФОВУТЛАР
———————————
Кутмоқда кўнгил бизни, жанона, кетайлик биз,
Дурдона талаблармиз, уммона кетайлик биз.
Сармасту хумордирмиз Ҳайём каби доим.
Дўзахга кетар бўлсак, мастона кетайлик биз.
Паҳлавон МАҲМУД
Умар Ҳайём ҳамда Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари – бир дарёдан сув ичган арслонлардир. Қолаверса, Паҳлавон Маҳмуд Умар Ҳайёмдан бир қанча замонлар кейин дунёга келган инсон. Бу икки буюк шахс ижодидаги муштаракликлар, қолаверса, Паҳлавон Маҳмуднинг ўз буюк салафи Умар Ҳайёмдаи мутаассир бўлиши, шубҳасиз, ана шу жиҳатлар билан изоҳланади.
Умар Ҳайём ва Паҳлавон Маҳмуднинг олам ва одамга муносабатлари умумисломий фалсафанинг тасаввуфий қарашлари асосида шаклланган ва тараққий топган. Бунга амин бўлиш учун ҳар иккала рубоийнавис шоирнииг мисраларига енгил бир кўз ташлаш кифоя қилади. Умар Ҳайём:
Фалак кўнглим доим ғамнок қилурсан,
Қувончим кўйлагин чок-чок қилурсан.
Менга эсган елдан оташ уфуриб,
Сув ичсам, оғзимда тупроқ қилурсан .
Паҳлавон Маҳмуд:
Дарёдаги сув кўзимдаги намдандир,
Дунёдаги бор аланга – сийнамдандир.
Ишлайди кулол… бу кўҳна дўстлар хоки,
Ўт-сув ила мавжуд хазинамдандир.
Кўриниб турибди-ки, ҳар иккала мутафаккир деярли жўровоз мушоҳада этадилар. Тафовут шундан иборат-ки, Умар Ҳайём мисраларида фалсафий мулоҳазакорлик, инсоннинг бунёд бўлишидаги моддий асосларни кузатиш кучли. Паҳлавон Маҳмуд рубоийсида эса бу асос шахс, ёхуд биз адабиётшунослик илмида “лирик қаҳрамон” деб атайдиган “Мен”нинг фаоллиги ҳисобига, унинг ташаббускорлиги бадалига муайянлашиб, “фикр ипи” таранглашади.
Паҳлавон Маҳмуд ижодига Умар Ҳайём рубоиётининг таъсири қанчалик сезиларли бўлмасин, юқоридаги келтирганимиз муқоясадаги хусусият бу таъсурот учун деярли бошдан оёқ хосдир.
Ҳар иккала алломанинг ижодий меросларини ҳеч қандай муболағасиз ўзига хос ҳаёт қомуси деб аташ мумкин. Шарқ тупроғида униб-ўсиб, Шарқ ҳавосидан нафас олган бу икки мутафаккирнинг ижодидаги ҳамнафасликларни кузатиш – бир боғда ўсган икки туп мевали дарахтнинг тафовут ва ўхшашликларини кузатишдек мароқли.
Устоз ва шогирдлар юзлаб йиллар оша инсоннинг вужуди, руҳи, унинг ибтидоси ва интиҳоси ҳақида хаёл сурадилар. Уларнинг ҳамоҳангликда сурган хаёлларининг самараси ажабланарли, ҳаммамизнинг хаёлларимизни ўзига банд этадиган даражада мазмундордир.
Қарилик бошида нечоғлик бало,
Ёноғим гулнори ҳозир қаҳрабо
Вужудим тош, эшик ва тўрт устуни,
Бузилган, нураган, хароб, бедаво,
– деб ҳасрат чекади Умар Ҳайём. Бу мисралардан англашиладики, инсон ҳам иморатга ўхшайди. Унинг вужуд ва руҳ иморатининг қурилиши, бузилиши бор. Ибтидо ва интиҳоси мавжуд. Яъниким, Оллоҳи таолодан бошқа ҳамма жонли-ю жонсиз мавжудотлар маҳкум бўлган қисматга – бунёд бўлиш ва инқироз қисматига инсон ҳам мансубдир.
Бу ҳақда Паҳлавон Маҳмуд шундай фикрлайди:
Мен-ку хазон… ваҳки, елар ел қаттиқ,
Ҳолимга менинг фиғон қилар эл қаттиқ.
Кўз ёш бу вужудни аямай ювмоқда,
Девор гувала… нетай, келар сел қаттиқ.
Юлдузлар сўнадилар.
Неча миллиардлаб йил умр кўрган нурафшон бу само фарзандларининг-ки ҳаёти мангу эмас экан, бундай сайёраларнинг энг кичик, жимитларидан бўлмиш Заминнинг фарзандлари – инсонларнинг бу дунёда абадий яшашларига йўл бўлсин. Паҳлавон Маҳмуд ҳам, унинг салафи Умар Ҳайём ҳам баҳамжиҳатликда чиқарган хулоса шундай-ки, инсон, майлига, жуда қисқа, мангулик нуқтаи назаридан олиб қараганда, Умар Ҳайём таъбири билан айтганда, бир чивинчалик умр кўрса ҳам, унинг бу умри ўз аждодлари ҳаётидан чиқарилган қутлуғ хулоса, ўз авлодлари учун муборак ибратдир.
Хушвақт бўл, ғуссанинг чеки йўқ бир он,
Бу чарх юлдузларга солади қирон.
Сенинг тупроғингдан ясалган ғиштлар,
Булар ўзгаларга манзилу макон,
– дейди бу ҳақда Умар Ҳайём.
Паҳлавон Маҳмуд Умар Ҳайёмга қўшимча тарзда шундай тафаккур этади-ки, унинг фикридан инсон ҳамиша руҳан барҳаёт, ҳатто у неча йиллар ўтиб, ўз жисми тупроққа айланганида ҳам, ўз тупроғининг ўз бошига сочилишига гувоҳ бўла олади, деган маъно келиб чиқади, рубоий:
Тушдию жаҳлидан келиб қошимга,
Раҳм этди, не бахт, менинг шаҳид лошимга.
Бир лаҳза туриб очиқ мозорим узра,
Хокимни сочиб кетди у ўз бошимга.
Эътибор қилган бўлсангиз керак, юқорида биз қиёслаган рубоийларда инсон вужудини ташкил қиладиган машҳур тўрт унсур –“аносур-ул арбаа” ҳақида гап кетганди. Тупроқ, ўт, сув, ҳаводан таркиб топган инсон Умар Ҳайём талқинида ана шу таркиботнинг мавжудлигига бир шоҳид, бир далил бўлса, Паҳлавон Маҳмуднинг уқтириши бўйича, у энди камолот мақсади билан тараққий топади, ҳатто ўзини шакллантирган ўша тўрт унсурга ҳам сайқал бериб, мазкур жисмларнинг инсондан ташқарида бўлган намуналарини инсондагисига нисбатан қусурли деб билади. Тупроқ, ўт, сув, ҳавони инсон вужудига киргандан кейин мубораклашганлигини алоҳида таъкидлайди.
Файласуф шоиримиз англатишларича, бу тупроқ, бу ўт, бу сув, бу ҳаво энди шунчаки тупроқ, ўт, сув, ҳаво эмас, балки инсон жисмида ўз тажассумини топиб, хилқат сифатида юксалган, инсон бўлиши воситасида Ҳаққа яқинлашмоқ шарафига муяссар бўлган ўзгача бир ТУПРОҚ, ЎТ, СУВ, ҲАВОдир.
Жон ато этилган бу жисмлар энди тафаккур ва ҳиссиёт соҳиблари, ўзининг дунёга келишидан ўз олдига қўйилган мақсадини англашга интиладиган ва шу мақсадга эришмак учун курашадиган, фаолият кўрсатадиган, ўзгаларга жисму жон ато қиладиган Ҳақ дийдорини умид этадиган даражада баркамол зотдирлар. Умар Ҳайём:
Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди,
Бир сир қолмади-ки, мафҳум бўлмабди.
Туну кун ўйладим етмиш икки йил,
Англадим, ҳеч нарса маълум бўлмабди.
Юқоридаги рубоийдан кўринади-ки, етмиш икки йил хаёл қилган Ҳайём ана шу етмиш икки йилдан, ўз умрининг ана шу кисмидан сўнг, эҳтимол, ниманидир маълум қилиш мумкинлигига умид сақлайди. Паҳлавон Маҳмуд эса ўз устозининг фикрини яна ҳам теранлаштириб дунёни билишнинг сарҳадлари йўқлигини, илмнинг бепоёнлигини алоҳида уқтиради. Туғилишдан то ўлгунча инсон умри изланишдаи иборат эканлигини таъкидлайди. Бироқ бу изланишнинг ҳам имкониятлари чекланганлигига ишора қилади. Нафақат инсоннинг ҳаёти, балки бутун инсониятнинг ҳаёти бошдан-охир илм излаш уқубати ва самарасидан, бахти ва кулфатидан иборат эканлигини қайд қилади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоийсидан машҳур “Бешикдан то тобутгача илм изланг” ҳадиси фақатгина муайян бир инсонга эмас, балки бутун аҳли башарга, инсониятга тааллуқли эканлиги маълум бўлади. Паҳлавон Маҳмуд:
Ёдларда Жалол… дашту биёбон жўнадик,
Тан оламидин, чорлади-ки жон, жўнадик.
Етмиш икки йил туну кун фикр этдим,
Биз келдигу бош айланиб… ҳайрон жўнадик.
Ҳар иккала буюк аждодимизнинг қайта-қайта уқтиришларича, илм ўрганиш худди ҳаётдек зарурат. Худди ҳаётдек муборак ҳикмат ва ана шу ҳаётнинг ўзидек ниҳояси йўқ бир тилсимдир. Бу деганимиз, албатта, илм излаш бесамар бир машғулот деган мазмунда эмасдир. Хулоса шундай-ки, илмнинг чўқиси – Оллоҳ дийдори, то шунга бориб етилмагунча, бу борада мукаммалликка эришиб бўлмайди. Дийдорга тўйиб бўлмаганидек, маърифатнинг ҳам охирига етиш мушкул, аксар, иложсиз. Шунинг учун ҳам Умар Ҳайём айтади-ки:
Бошга чарх кулфати тушмасдан ҳали
Келингиз кўр бўлиб шароб ичгали.
Бу фалак дунёдан ўтар чоғимиз,
Қўймайди бир томчи сув ҳам ичгали.
Маърифатга ташна одам учун, дарҳақиқат, илм бир шаробдек, жазирама иссиқда муздек сув каби ҳаётбахшдир. Ал-Беруний ҳазратлари ҳаётидан бир лавҳа ёдингиздами, Буюк аллома ўз шогирдларидан бирига ҳар иккаласи учун номаълум бўлган бир маълумотни топиб ўзига маълум қилиш вазифасини топширади. Шу орада буюк олим қаттиқ касалланиб қолади, шогирди уни йўқлаб келганида у жон таслим қилиш арафасида ётган бўлади. Шунга қарамасдан ҳалиги шогирдидан ўша номаълум маълумотни аниқлаганми-йўқми эканлигини сўрайди. Шогирди унга жавобан айтади-ки, “Устоз шу аҳволда ётибсизу, менга ўз топшириғингизни эслатасиз-а!”. Аллома жавоб бериб айтади-ки “Мен шу нарсани билмай ўлиб кетганимдан билиб ўлиб кетганим яхши”. Кўряпмиз-ки, асл маърифатпарварлар ҳадиси шарифга астойдил амал қилганлар, муболаға юзасидан эмас, балки чиндан ҳам тобутгача илм излаганлар. Ажал томоқларини қақратганида, бир томчи ҳаётбахш билимга зор бўлганлар.
Паҳлавон Маҳмуд бу ҳолатни ўз “Мен”ининг бирмунча камтарин ҳолати орқали ифода этади. Унинг талқинича, барча чоралар чорасизлик, иложлар иложсизликдан иборат:
Даштлар назаримда тор, саҳро тангдир,
Хотирам ойинаси чангу зангдир.
Сув-ку яқин, узатсам ҳеч етмас қўл,
Ташлашга қадам, нетай, оёғим лангдир.
Шуниси мароқлики, шоирларимиздаги бу умидсизлик умид билан, бу шубҳа-гумон эса ишонч-эътиқод билан алмашинади. Олдинда чироқлар кўринади.
Бор-йўқнинг зоҳири, юзини билдим,
Баланд-паст илдизи, изини билдим.
Мансаб деб мастликнинг ўзин билмасам,
Билимим ҳайф кетсин… ўзини билдим.
– деб хитоб этади Умар Ҳайём ҳазратлари. Паҳлавон Маҳмуд унга жавобан дейдилар-ки:
Яхши-ми ҳеч ниятимиз? – Бир биламиз.
Борми аҳамиятимиз? – Бир биламиз,
Тил тийғи билан дилни очиб ташлаймиз,
Не, ўзи, моҳиятимиз? – Бир биламиз.
Умар Ҳайём ва Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан инсон ва инсонийликнинг моҳияти бор мураккаблиги билан аён бўлади. Бу рубоийларда уқтирилишича, инсон Оллоҳнинг фуқароси. Унинг олаётган ҳар бир нафаси, у кечираётган ҳар бир лаҳза умр ва бутун ҳаёти буларнинг барчаси Оллоҳнинг туҳфасидир. Бу саодат учун Умар Ҳайём:
Соқий, менинг қалбим овоза бўлмиш,
Мастлигим ҳам хўп беандоза бўлмиш.
Мўйсафиду шодмен, чунки хатингдан,
Оқ бошим баҳору дил тоза бўлмиш
– деб шукроналар айтадилар. Паҳлавон Маҳмуд эса бу фикрни яна ҳам теранлаштириб давом этади-ки:
Ё раб, мени элга зор-адо айламагил,
Шоҳларга куним қўйма гадо айламагил.
Лутфинг ила мўйсафид бўлибман бул кун,
Оқ соқолим ила юзи қаро айламагил.
Шайтон васвасасига қарши мунтазам кураш, Ҳақ дийдори ҳамда халқ камолоти йўлида тинимсиз изланиш, тафаккур қилиш, тўғри йўл излаб азоб-уқубат чекиш Умар Ҳайём ва Паҳлавон Маҳмуд ижод этган рубоийлардаги инсоннинг ноёб кечинмаларидаги изтиробни, руҳий ғалаёнларни ва бу инсонлар туфайли топилган роҳи рост – тўғри йўл саодатини, албатта, ўзларига хос бўлган услубда, ўз даври учун, тасаввуф шеърияти, шарқ поэтик тафаккури анъаналаридан келиб чиқиб ифода этадилар.
Бу фазилат Умар Ҳайём рубоийсида қуйидагича намоён бўлгандир:
Дедим, энди майи гулгун ичмайман,
Май – ток қони, энди мен хун ичмайман.
Кекса ақлим айтди: Шу гапинг ростми?
Дедим: Ҳазиллашдим. Нечун ичмайман!
Паҳлавон Маҳмуд бу мавзуни гуноҳ ва истиғфор алмашинуви, йўлдан адашмоқ, гумроҳлик уқубати ҳамда тазарру туфайли Ҳақ йўлига кирмак саодатига эришув тарзида тараққий топтиради. Рубоий:
Қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил,
Чун, берди азоб, дардима барҳам чил-чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил-чил гоҳ,
Гоҳ тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил-чил.
Яна:
Ёраб, не ажаб қилса мени қон тавба.
Айладим, излаб сени, паймон – тавба.
Этдим-ки пушаймон, бу пушаймонимдин,
Қилдирди мени бошқа пушаймон тавба.
Қуёшни нурсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, шоирларни ҳам умидсиз кўз олдимизга келтириб бўлмайди. Умар Ҳайём ҳамда унинг буюк издоши Паҳлавон Маҳмудда ҳам ўлим ҳаёт, ҳаёт ўлим билан, умидсизлик умид билан, кулфат бахт билан алмашиниб, булар ҳақдаги уларнинг фикру хаёллари, оташин мисралари ўқувчини ўтдан сувга, сувдан ўтга солиб туради. Руҳини чиниқтиради.
Умар Ҳайём:
Соқий гулу кўкат ҳозир кўп қувноқ,
Балки, бу ҳафтада у бўлар тупроқ,
Май ич, гул тер. Кўзни юмиб очгунча,
Гул ерга тўкилур, қовжирар ўтлоқ.
Паҳлавон Маҳмуд:
Қай дилга фалак жабр ила бедод айлар,
Бедод эвазига Ҳақ уни шод айлар.
Куз фасли хазон ўйнаса ғужғон қайда,
Шу жойда баҳор майсани бунёд айлар.
Юқоридаги рубоийларда бир тафовут кўзга ташланади. Умар Ҳайёмнинг борлиққа муносабати фактни кайд қилишдан иборат, Паҳлавон Маҳмуд эса борлиқда юз бераётган Оллоҳ иродасига боғлиқ ижобий жараёнлардан қувонади, том ва рамзий маъноларда хазон ўрнига баҳор келишини олқишлайди.
Ҳар иккала шоирнинг қаламига мансуб мисраларда хам бирдек ҳикматталаблик, маърифат майидан, эзгулик шаробидан, яьни ҳақиқат учун ҳар бир лаҳзада шиддатли фаолиятга шай туриш талабидан мастлик туйғулари барқ уриб туради. Бундай руҳият соҳиби бўлмиш инсонларнинг кайфиятлари тарғиб ва ташвиқ қилинади, ўқувчига ибрат этиб кўрсатилади. Умар Ҳайём:
Кафтида лаълин май, ёнида санам,
Чаманда ўтирса, бахт бўлиб ҳамдам,
Май ичиб, фалакдан ҳеч емаса ғам,
Ишрат майи кайфин сургай шу одам.
Паҳлавон Маҳмуд:
Шароб ичиб, майли, гўзал айб этгил,
Боғ сайрига чиқ, ғамнинг ишин ҳайф этгил.
Шомдан то саҳар суриб юриб айшингни,
Тонгдан то қуёш ботгунча кайф этгил.
Бу мисралардаги, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд рубоийсидаги инсоннинг фаоллиги борлиқ билан қиёсланади. Маълумки, тирик жонзотлар, шу жумладан инсон ҳам, қуёш ботишига қараб тин оладилар. Бироқ, бутун олам, шу жумладан осмон ҳам, ундан жой олган қуёш ҳам, ер ҳам бир лаҳза бўлсин тин олишни билмай, муттасил ўзлари ва ўзга қавмларининг атрофларида чарх урадилар, бир-бирларини фалакда тортиб ушлаб турадилар. Тушиб кетишга қўймайдилар.
Паҳлавон Маҳмуд Умар Ҳаёмнинг фикрларини ривожлантириб, ўз қаҳрамонидан ўз фаолиятида худди ана шу фалакдек, ундаги сайёралардек тинимсиз ҳаракатда, шомдан то саҳаргача, саҳардан то шомгача фаолиятда бўлишни талаб қилади. Ҳар битта инсон-ки, мана шундай илоҳий мўъжизанинг – тупроқ, ўт, сув ва ҳаводан Оллоҳнинг нафаси билан инсонга айлантирилган санъатнинг маҳсули экан, Умар Ҳайём ва Паҳлавон Маҳмудларнинг ҳамда уларга маслакдош бўлган бошқа алломаларнинг мустаҳкам эътиқодларига кўра, бундай “маҳсуллар”, яъни инсонлар бир-бирини ниҳоятда эъзоз этиб яшамоқлари жоиз. Акс ҳолда, улар нафақат бир-бирларини, балки ҳар қайси нафари ўзи ўзини, шунингдек, ҳаммаси уларни яратган ҳолиқни ҳурмат қилмайдиган бўлиб чиқадиларки, 6у шаккокликка баробардир. Шу боисдан ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўз салафларига, шу жумладан, Умар Ҳайёмга ҳамоҳанг тарзда инсонпарварликнинг авж пардаларида куйлайди. Умар Ҳайём “Келолмасмиз қайтиб ушбу оламга, қўрқаман етмасмиз ёру ҳамдамга. Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик, балки етолмасмиз ҳатто шу дамга” деб огоҳлантирса, Паҳлавон Маҳмуд унга жавобан гоҳ “Дийдорга тўйинг, бунингдек ҳеч дам бўлмас, Такрор биров бировга ҳамдам бўлмас. Бўлса пароканда агар дон излаб, Осонлик ила қушлар, ахир, жам бўлмас”, деб ҳасрат чекади, гоҳ “Тонгни қуёш аста сочар томларга, Хисрав қуядир ёғду майин жомларга, Субҳи сабоҳ майин симир сен ҳайрон, Осонми етиш, айтки бу айёмларга” деб хитоб этади.
Одамнинг одамга муносабати одамнинг Оллоҳга бўлган муносабатлари учун ўзига хос мухтасар бир дебочадир. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ўз устозларидан, шу жумладан, Умар Ҳайёмдан олган сабоқларига илоҳий бир нуқтаи назардан ёндошади. Халқимизда “болакай ўйин пайтида ўзини қандай тутса, улғайганида ҳаётда ҳам ўзини шундай тутади”, деган бир чиройлн ақида бор. Дарҳақиқат, ҳаётий кузатишлар шуни кўрсатади-ки ёш болалар ўйинда ҳалол бўлсалар, аксар улғайганларида ҳам ана шундай жўмард, бир сўзли, софдил бўлишаркан. Аксинча, ўйинда ғирромлик қилсалар, ҳаётда ҳам ўзларини номардларча тутишга одатланар эканлар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, одамлар бир-бирлари билан қандай муносабатда бўлсалар, уларнинг Оллоҳга муносабатлари ҳам ана шундай бўлиб чиқса ажаб эмас. Чунки, одамларга хиёнат қиладиган, номард, нокас одамдан Оллоҳга мўминларга итоатни кутиб бўлмаганидек одамларга нисбатан садоқатли, меҳрибон, камтар, оқибатли кишилардан муртадликни, аксар ваҳшийларга хос бўладиган ёвузликни, тошбағирликни кутиб бўлмаса керак-ки, ўз устозларига содиқ шогирд бўлган Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларидан бирида уқтиради:
Чарх урфи ситамдир-ки яралган дамдан,
Сидқ аҳли халос бўлмади дард, мотамдан.
Ит бўлайин вафоси бор одамга,
Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан.
Шуни кузатиш алоҳида мароқли-ки, Паҳлавон Маҳмуд учун устозларнинг, шулардан мумтози бўлмиш Умар Ҳайёмнинг сабоқлари фақат ижодий маҳорат соҳаси билан чекланиб қолмасдан, маънавий-эстетик соҳаларни ҳам қамрайди.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида Умар Ҳайёмнинг рубоийларидан баракали баҳрамандлик туфайли, инсонларда маънавий фазилатларни шакллантирадиган оҳанглар алоҳида бир жарангдорлик, бадиий гўзаллик касб этади. Паҳлавон Маҳмуднинг бу борадаги манзумалари қуруқ дидактика билан кифояланиб қолмасдан, юксак эстетик фазилатлар таратиб турадики, бу хусусият шоир асарларига алоҳида бир умрбоқийлик, ишонарлилик бахш этган.
Умар Ҳайём ўз рубоийларидан бирида истеҳзо усулидан фойдаланиб уқтиради-ки:
Дил мулкида бўлмоқ керак кўп ҳушёр,
Жаҳон ишида-чи беуну, беор.
Икки кўз, тил, қулоқ омон чоғида,
Кўз, тил ва қулоқсиз бўлмоқлик даркор.
Умар Ҳайёмга хос бўлган бу киноя, бундай аччиқ қочириқ, бундай қақшатқич кесатиқ баракали мутаассирлик туфайли Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида яна ҳам тиниқ, аниқ, аёвсизроқ жаранглайди:
Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен,
Кимхобда азиз бўлиб, юпун-ҳўр бўл сен.
Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг,
Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен.
Инсоний фазилатларни тафовут қила олмаслик, одам таний билмаслик тубан иллатдир, барча адолатсизликларнинг ибтидосидир. Одамларни ақлу идрокли қилиб тарбиялаш, уларда одам таниш, бу борада саракни саракка, пучакни пучакка ажратиш қобилиятини тараққий топдиришни Паҳлавон Маҳмуд Умар Ҳайёмдан теран бир заковат билан ўрганган-ки, шогирднинг сабоқ олишдаги бундай зийраклиги унинг устозидан олган ибратларининг зое кетмаганлигини кўрсатади. Бунинг устига иқтидорли шогирд бу сабоқлардан чиқарган гўзал хулосаларни ўз рубоийларига ҳам ажиб бир маҳорат билан жо этадики, энди бу Паҳлавон Маҳмуднинггина бахти бўлиб қолмасдан, энг яхши маънода бирники мингга, мингники туманга қабилада фазилат тарқатувчилик жараёнига айланади. Умар Ҳайём ана шу мавзуда таассуфланиб мана бундай уқубатли бир рубоий иншо этган:
Бир қултум май мулки Қобусдан яхши,
Қубод пайтахти у Тусдан яхши.
Ошиқлар саҳар пайт ҳар бир чеккан оҳ,
Зоҳиддаги сохта товушдан яхши.
Ўз ўқувчиларини маънавий ҳушёрликка даъват қилиб шеър битишда Паҳлавон Маҳмуд ўз устозининг амалий васиятига оғишмай амал қилганлигини қуйидаги мисралардан билиш мумкин:
Афсус, бугун бўлди ўтин уд била тенг,
Бўлди Ҳалил маснади Намруд била тенг.
Давлатидан мастга қулоқ тутсанг дер:
“Эшшакнинг ҳанги нағмаи Довуд била тенг.
Аён бўляпти-ки, шоирларимиз қаламига мансуб юқоридаги “Икки кўз, тил, қулоқ омон чоғида, Кўз, тил ва қулоқсиз бўлмоқлик даркор”, “Кўзингни очиб жаҳонда бор айбларнинг, Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен” каби мисралардаги фикрлар одамда шу мисралардаги мазмунга қарши аксилкайфият уйғотиши керак бўлган даъватномалардир.
Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифларда қайта-қайта таъкид этилганидек, одамлар Оллоҳнинг инсониятга туҳфа этган неъматларидан баҳраманд бўлишлари керак. Бироқ бу баҳрамандлик аввало ҳар кишининг ўз саъй-харакатлари эвазига, бунинг иложи бўлмаган тақдирда эса, Оллоҳи таолодан умид бадалига, яъни таваккул ҳисобига бўлмоғи лозим.
Ҳаёт неъматларидан баҳрамандлик тўғрисида Умар Ҳайём ҳазратлари ёзадилар:
Сабодан бўлибди гул яқоси чок,
Гул юзидан булбул бўлмиш тарабнок.
Гул тагида ўлтир, чунки жуда тез,
Гул ерга тўкилур, биз бўламиз хок.
Бу жиҳатдан ҳам Паҳлавон Маҳмуд ўз устозининг ғояларига содиқ. Бироқ ҳаётсеварлик кайфияти Умар Ҳайёмда бирмунча ғамгин, шиквалироқ кечса, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларида бу кайфият бирмунча ёруғ фараҳли:
Жом жаранги, гул ҳиди хуш бўлсин,
Жумла жаҳон дарди фаромуш бўлсин.
Ёмғир куйини тингла булут соясида,
Неча қадаҳ бўлса насиб-нўш бўлсин.
Ҳар иккила улуғ аллома ҳам ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлишни тарғиб этар эканлар, бу борада меъёрдан ошмасликни, нафси амморанинг қўлида тутқун бўлиб қолмасликни қайта-қайта уқтирадилар. Оллоҳ буюрган тарз ва даражада амалга оширмоқни тинимсиз таъкидлайдилар. Ҳар иккала шоирда ҳам бундай таъкидлар ниҳоятда жозибадор, эсда қоларлидир. Умар Ҳайём:
Биласанми савсан ҳам сарв тақдирин,
Оғизларда достон бўлганлик сирин.
Бириси юз тили билан жим турар,
Бириси юз қўлдан узатмас бирин.
Паҳлавон Маҳмуд, одатдагидек бу ўринда ҳам устозининг фикрини тараққий топдиради. Умар Ҳайём ўз рубоийсида инсондан ҳудди сарв билан савсандек ўз нафсини тийишни ўрганишни, барча имкониятлардан меъёри билан фойдаланишни талаб этса, Паҳлавон Маҳмуд зоҳиран имкони бор бўлиб кўринган нарсалар, ботинан, агар Оллоҳи таолодан насиби рўзи қилмаган бўлса, ҳеч қачон насиб бўлмаслигини, шунинг учун ҳам барча неъматлардан илоҳий мантиқдан келиб чиққан бир мезон асосида, бандалардан таъмагир бўлмасдан баҳраманд бўлиш лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Таваккул заруратини эътироф этади:
Йўқ андуҳимиз, нега хуш айём таъма,
Чошгоҳ маҳали, айт, не учун шом таъма,
Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан,
Ҳеч кишидан бўлмадик ҳеч хомтаъма.
Умар Ҳайём ва Паҳлавон Маҳмуднинг ҳамоҳанг рубоийларидаги моҳият охир-оқибатда, инсонни ардоқлаш таълимотидан, Оллоҳ яратган мўъжизаларнинг мумтозларидан бўлмиш инсонни аввало инсоннинг ўзи қадрлаши кераклиги заруратидан иборат. Устоз ҳамда шогирд бирининг фикрини иккинчиси давом эттириб, ривожлантириб, сайқал бериб, ўқувчини шундай гўзал бир хулосага олиб келадилар-ки, бунинг натижаси-да беихтиёр оламдан мақсад одам деган маъни шаклланадн. Модомики шундай экан, инсонга, унинг эзгу ниятларига, бахту саодатига қарши бориш энг кабир гуноҳлардан бўлиб чиқади. Аксинча, инсон манфаатларини кўзлаб иш тутиш ҳаётдаги солиҳ амаллар сифатида намоён бўлади.
Аксар Умар Ҳайём ҳазратларининг рубоийлари данакнинг мағзи, масаланинг моҳияти бўлса, Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари шу данакдан униб чиққан дарахтдир. Устознинг:
Дунёнинг тилаги – самари ҳам биз,
Ақл кўзин қароси – жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз, унинг – кўзи гавҳари ҳам биз.
– деб битган моҳият кўрсатгувчи рубоийсидан Паҳлавон Маҳмуднинг:
Ушбу жаҳонга қош сену, кўз ҳам сен,
Шодлигу ғам сен, ризқ ила рўз ҳам сен.
Жангу осойиш сен, сукут сўз ҳам сен,
Ер чеҳрасини очгувчи Наврўз ҳам сен,
тарзида жаранглайдиган оҳангдор фалсафий хулосалари келиб чиқади-ки, бундай жўровозлик рубоийдан рубоийга, мавзудан мавзуга теранлашиб боришини кузатиш бениҳоят завқлидир.
Таваккул бу – юриш учун оёқ, парвоз учун қанот толиққанидаги ҳолат. Бечораликда Оллоҳга таяниш, Аслида, Умар Ҳайём ва Паҳлавон Маҳмуднинг сабоқ беришларича, Оллоҳнинг ўзи инсонга чексиз имкониятлар туҳфа этиб қўйибди. Мана шу имкониятларнинг барчаси ишга солинганда, таваккул “пистирмадаги” илож бўлиб қолаверади. Чунки Умар Ҳайём таъкид килганидек:
Эй дил, бил, ҳар нима тансиқ жаҳонда,
Шодлик борин кўкат безар ҳар ёнда.
Кечқурун кўкатда шабнам сингари,
Бир қўндингу учиб кетдинг азонда
эмас, билъакс, унинг вориси Паҳлавон Маҳмуд инкишоф этганидек:
Рўй берди жаҳон, жаҳон ўзинг, рўй ўзинг,
Дарёдир ақл. Оққан узун ўй ўзинг,
Шабнам каби баргда бесамар милтирама,
Гул бу – ўзинг, гулдаги хуш бўй ўзинг.
Модомики, инсон шу қадар мумтоз экан, инсоннинг мумтозлигини тиниқ тароналар билан ифода этаётган шоирларимизни ана шу инсоннинг, шунингдек, ана шу инсон зотига, мансуб бўлган ўз шахсларинииг қадр-қиммати, ўзлари рубоийларида бунёд этган лирик қаҳрамонларнинг эъзозланиши, инсоннинг инсон томонидан ҳар икки дунёда ҳам ардокланиб турилиши кераклиги безовта қилмаслиги мумкин эмас.
Албатта, бу безовталикнинг худбинликка ҳеч алоқаси, кибру ҳавога ҳеч қандай даҳли йўқдир.
Алломамизга шуниси аён ва улар бизга ҳам шуни равшан қилиб кетганлар-ки, ҳар бир инсон ўтмиш ва келажак силсиласининг мустаҳкам бир ҳалқасидир. Агар ҳаётда бир одамнинг ҳаёти изсиз йўқ бўлса, ана шу муборак занжирдан бир ҳалқа йўқолади, азал ва абадни бириктириб турган пиллапоядаги бир поғонанинг ўрни очиқ қолади. Ҳар бир соғлом фикрли одам ўзининг бу дунёдан ўтишига иқрор. Буни эътироф этган мўъмин ўзининг ўзгалар томонидан хотирланишини умид этар экан, нафақат ўз хотирасининг абадийлиги учун қайғуради, балки, айни пайтда ўз фазилатларининг бошқалар томонидан эътироф этилишини, шунга кўра, эътироф этилган бу инсоний фазилатларнинг бошқаларда, ўз ворисларида давом қилмоқлигини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Умар Ҳайём айтади-ки:
Дўстлар, иноқликда бўлингиз обод,
Тез-тез дийдор кўриб, этинг ўзни шод.
Соқий тоза майни сузганда айланг,
Мен бечорани ҳам дуо била ёд.
Шун инг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд кайғуради-ки:
Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай,
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай.
Қайда-ки хоки пок, тавоф этдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида диний эътиқод, маслак масалаларида тасаввуф дастурларига муносабатда, расулуллоҳ Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳадиси-шарифларига, шунингдек, ўзларидан муқаддам яшаб ўтган азизларнинг панд-насиҳатларига муносабат масалаларида табиий муштараклик ва маънавий мерос талқинлари масаласида моҳиятан ихтилоф келиб чиқмайдиган даражада тафовутлар сезилиб туради.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ҳам, Умар Ҳайём рубоийларини ҳам мустаҳкам ботиний бир маънавий таянч жипслаштириб жаранглатади, бу жаранглардан бизнинг ақлимиз ҳаммаслак хулосаларга келади, айни бир пайтда аллома шоирнинг ижодий меросидан ўзига хос, такрорланмас баҳра олади. Умар Ҳайём:
Май ичсанг оқилу доно билан ич,
Ёки бир гул юзли зебо билан ич,
Оз-оз ич, гоҳ-гох, ич ҳам яширин ич,
Эзма, расво бўлма, ҳаё билан ич.
– деб хитоб этар экан, назаримда, Расулиллоҳи алайҳи вассаламнинг диний кўрсатмаларига амал қилишда меьёридан ошмаслик, динга қаттиқ бериламан деб диндан чиқиб кетганлар қавмига кўшилиб қолмаслик ҳақидаги ўгитларга амал қилишга чақиради. Паҳлавон Маҳмуд бўлса бу кўрсатмани, устозининг бу васиятини ўзига хос тарзда давом қилдириб, ҳамишагидек, ундан янги, бироқ дастлабкисига хилоф бўлмаган хулоса келтириб чиқаради, салафининг ишини фалсафий жиҳатдан теранлаштириб давом эткизади:
Дўст бўлгали бир умрга доно танла,
Ҳамда гўзал бир гули раъно танла.
Бўлмаса: гар, айлама нобуд вақтинг,
Кашф эт сен ўзингни, ўзни танҳо танла,
– дер экан, Паҳлавон Маҳмуд эътиқодда меъёр масалалари билан чекланиб қолмасдан, эътиқоддан мақсад, тасвуввафдан мурод инсоннинг зиммасига Оллоҳ дийдорига эришмак учун саъй ҳаракат қилмоқ баробаринда ўз моҳиятини, маънавий ўзлигини излаш ва кашф этиш вазифасини юклайди, бу вазифани адо этиш йўлида риёзатлардан тап тортмаслик заруратини ҳам алоҳида уқтириб ўтади. Тўғри, тасаввуфда Ҳақ дийдорига эришмак учун ўзини унутиш, ўзликдан воз кечиш масаласи ҳам ниҳоятда муҳим. Бироқ, шуниси ҳам борки, бирон бир нимадан воз кечмоқ учун ўша “бирон бир нима”га эга бўлмоқ шарт эмасми. Юқоридаги рубоийда, бошқа рубоийларида Паҳлавон Маҳмуд масалани худди ана шу тарзда қўяди. Ҳақ дийдорига етмак, Паҳлавон Маҳмуд фикрича, инсоннинг ўзлигини ташкил қилувчи фазилатлардан воз кечмоғи эмас, балки ана шу фазилатларни миннат қилмаслик, эътиққодда камтарин бўлиш Ўзни буғдой бўлатуриб сомон, яхши бўла туриб ёмондек билиш ва ҳамиша камолотга интилиш демакдир.
Умар Ҳайём эътиқодда самимийлик, ҳалоллик, риёга қул бўлмаслик каби фазилатларни ўз рубоийларида илгари суриб фикрлайди, “Жанда тўн, хонақоҳ ва шайх бўлмаса, Қўнғироғу черков ва зуннор ҳам бас” дея хитоб этади у, яъни кўр-кўрона “мусулмонлик”дан, “хўжакўрсинга” қилинадиган исломий амаллардан ихлос билан бўлак динга эътиқод қилишда ҳам камроқ гуноҳ кўради шоир. Бўлак бир рубоийсида у “Бундан сўнг бойлайин белимга зуннор, уялиб гуноҳу мусулмонликдан” дейди. Бунинг билан аллома мусулмон бўла туриб гуноҳ қилишни ҳам ёҳуд гуноҳ қила туриб, мусулмон бўлишни ҳам бирдек қоралайди. Бундан зуннорни афзал кўради.
Паҳлавон Маҳмуд жавонмардийлик маслагининг пешвоси сифатида ожизларга, биринчи навбатда эътиқоди ожизларга мадад беришни ўз бурчи деб билади ва бу ғояни рубоийларида, Ҳайём мактабидан баракали сабоқ олароқ оташнафаслиқ билан тарғиб қилади. Ҳайёмнинг юқоридаги байтларига ҳамоҳанг, бироқ ўзига хос тарзда у шундай деб ёзади:
Эй дўст, қани, айт, жонми керак, жон берайин мен,
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.
Тасаввуф шеъриятида “Зуннор” сўзи, айни вақтда, эътиқод қудратини билдирувчи рамз сифатида келишини ҳам эсласак, шоир ўз қаҳрамонини ушбу рубоийда ҳеч енгилмас бир вазиятга солади. Яъни, мўъмин-мусулмон лирик қаҳрамон бир вақтнинг ўзида “кофири шаддод”нинг чинакам зуннорини олиб, ўрнига унга иймон туҳфа этади, сўнгра бўлса, кофирга эътиқод туҳфа қилиниши эвазига олинган зуннор иймон-эътиқод рамзига айланиб, уни яна ҳам юқори маснадга кўтаради.
Икки буюк шоирнинг назарида ҳам, эътиқоди мустаҳкам, бунинг устига ўзгаларга иймон туҳфа этишлар эвазига Ҳақ йўлида чекилаётган риёзатлар бадалига “ўзини танҳо танлаётган” шахс юксак камолот даражасига мушарраф бўлади.
Умар Ҳайём:
Десалар майпараст худди ўша – мен,
Десалар фосиқ, маст, худди ўша – мен.
Сиртимга кўп боқма, ичимда ўзим,
Бўлсам баландми, паст, худди ўша – мен,
– деб таърифлаган эътиқодли шахснинг ботиний тасвирига, унинг сийратига Паҳлавон Маҳмуд:
Мангу қазо измида, сиймоман мен,
Яктолар ичинда, билки, яктоман мен.
Сиртим осойишта ичим туғёндир,
Қаъринда наҳанг сузгувчи дарёман мен,
– дея жўр бўлади.
Умар Ҳайём билан Паҳлавон Маҳмуднинг дунё ўткинчилигига муносабатларида муайян тафовутлар мавжуд. Умар Ҳайём бу дунёнинг ўткинчилиги қошида инсоннинг ожизлигини алоҳида уқтирадн. Шу сабабдан ҳам ўткинчи дунё уқубатларини унутиш, “Беш кунлик дунё”дан ўз улушини олиб қолишга ҳар бир инсонни даъват этиш, моддий дунё неъматларидан баҳрамандлик унинг мисраларида етакчи мазмун касб этади:
Ўтиб борар ажаб умр карвони,
Қўлингдан чиқмасин шодлик замони.
Соқий, эрта куннинг ғамин емагил,
Қадаҳ суз! Ўтмасин туннинг бир они.
Умар Ҳайём рубоийларида икки шахснинг кечинмалари алоҳида ўрин тутса, Паҳлавон Маҳмуд мисралари умумбашарий ғоялар якка бир шахснинг кечинмалари орқали ифода этилиши билан диққатга сазовор, шогирд бу жиҳатдан ҳам устознинг фалсафий хулосаларига хилоф иш тутмаган ҳолда уларни ривожлантиради. Теранлаштиради. Миқиёслироқ қилади. Умар Ҳайёмнинг юқоридаги тўртлигига у:
Тоғларга, не бахт, баҳор келиб кетгувси,
Боғларга унум барор келиб кетгувси.
Топғил, ки, қарор жаҳонда. Чунки инсон,
Топмоққа абад қарор келиб кетгувси,
– деб, инсоният ҳаётининг ўткинчи бу дунёда боқийлигини англатади.
Умар Ҳайём дунёни борлигича талқин этади. Паҳлавон Маҳмуд эса борлигича Умар Ҳайём томонидан талқин этилаётган ана шу дунёнинг ишларига фаол аралашиб куйлайди. Умар Ҳайёмнинг тахайюл, мавжуд борлиқнинг илоҳий жиҳатларидан баҳраманд, шунинг билан бирга мулоҳазакор кузатувчанлик руҳи билан суғорилган рубоийларига Паҳлавон Маҳмуд ўз мисралари билан гўё шиддат бахш этади. Умар Ҳайёмнинг рубоийларидаги дунёнинг оний шодликларини ғанимат билиб, омонат бу саодатни бағрига босганича “кайф сураётган” қаҳрамони Паҳлавон Маҳмуд мисраларида чекига тушган бир инсонга яраша умри билан “Топмоққа абад қарор” “келиб кетаётган” шиддатли курашчига айланади. Бу икки улуғ инсон рубоийнавислик бобида тафаккур қушининг икки қудратли қаноти бўлиб, шеърият қушини баланд парвозларга олиб чиқадилар. Руҳларимизни юксак-юксакларга чорлайдилар.
ХАЛОСКОР ДАРД
————————-
Мажмуи давони дард қилди,
Дардингки монго даво бўлибдур.
Алишер НАВОИЙ
Адабиётимизда, хусусан, мумтоз шеъриятимизда “дард” сўзи биз ниҳоятда кўп дуч келадиганларимиз сўзлардан биридир. “Дард” бу форс тилида оғриқ деган маънони билдиради. Хўш, бу дард, бу оғриқ, ўзи, нима? Тиббиётда оғриқ муҳим физиологик фазилатлардан ҳисобланади. Оғриқ бу – вужуднинг юз тутиши мумкин бўлган заволидан ана шу вужуд эгасининг огоҳлантирилишидир. Шу маънода ҳам тиббиётда дард шу дардни даволовчининг яқин ёрдамчиси. Токи оғриқ бор экан, ана шу оғриқни бартараф этиш баробаринда мазкур оғриқни келтириб чиқараётган касалликларни даволаш ҳам осон кўчади. “Оғримаган ярадан қўрқ”, дейилишининг боиси ҳам шунда.
Тиббий адабиётларда таъкидланишича, инсон вужудида неча минглаб оғриқ “марказлари” бор. Бу марказлар танамизни ўз “таъсир доираси”га “тақсимлаб олишган” бўлиб, ҳар бир марказ ўз тасарруфидаги “майдон”ни дардлардан огоҳ этувчи оғриқ келтириб чиқариш учун “масъул”. Шу боисдан ҳам оғриқни қолдиргувчи дорилар, ана шу оғриқни келтириб чиқараётган касалликлардан воқиф бўлингандан кейин, беморни муайян маънода “ғафлатда” тутиб туриш учун берилади.
Бу мулоҳазалардан келиб чиқиб, шеъриятимизда дард сўзининг фаол иштирокини ўйласак, шунга ишонч ҳосил қиламизки, шоирлар башариятнинг маънавий жиҳатдан ўзига хос оғриқ марказларидирлар. Уларнинг шеърлари инсониятни ҳалокатга келтирувчи оғриқлардан огоҳлантириб, ғафлатдан халос этувчи мўътабар оғриқ салтанатларидир.
Ҳозир бизнинг хаёлимиз ана шундай мўътабар оғриқ марказларидан бўлмиш Паҳлавон Маҳмуднинг мисраларидадир. Рубоий:
Ишқда вужудимни совуқ ўй чақади,
Гул очилиб, димоғни хуш бўй чақади.
Бу дардда ўзим силайман ўз бошимни,
Мисли илон, қўлимни ҳар мўй чақади.
Ишқ тафаккури билан оғриқ дардини чекаётган бошнинг ҳиссиз мўйларидан-ки минг-минглаган илон чақиши қадар оғриқни ўз кафтлари билан сезаётган шоирнинг юраги қандай дардманд эканлигини, Паҳлавон Маҳмуд умр бўйи нақадар буюк дардда яшаганлигини ана шу мисралардан тасаввур қилиш мумкин.
Паҳлавон Маҳмуд дард ҳақида, ўзини ва ўзгаларни руҳий ғалаёнлар, маънавий туғёнга солиб туриши керак бўлган муборак оғриқ тўғрисида оташин мисралар битар экан, ўзининг ҳар бир сўзи билан бизни ҳушёрликнинг юксак чўққиларига олиб чиқиб туради ва биз ҳам беихтиёр рўйи заминнинг нафақат тўрт, балки олти томонининг юксаклик ва тубанликдаги сатҳларида мавжуд бўлган дардларни муттасил илғаб турадиган ўзига хос оғриқ марказларига айлана борамиз. Ва шоир учун ана шу олти тарафдан биттаси, яъни қибла нақадар ардоқли бўлса, бизларга ҳам ана шу қибла билан муштараклашиб, ҳар бир инсон ва унинг дардлари азиз бўла боради. Рубоий:
Ҳақ бу – Сен. Ўзга ҳақни мен билмасман.
Ҳажрингда бўлак фироқни мен билмасман.
Олти тараф бўлса-да мавжуд гарчи,
Қибладан ўзга ёқни мен билмасман.
Шоирнинг қибласи Каъбатуллоҳ ҳамда шу табаррук даргоҳ орқали Оллоҳ дийдорига талпинадиган инсондир. Рубоий:
Дўст дея мард ёргувчи бош ҳеч ким йўқ,
Дўст дардини қилгувчи талош ҳеч ким йўқ.
Ёр ҳолини бир нуқта билиб паргордек,
Гир айланибон тўккувчи ёш ҳеч ким йўқ.
Демак, шоирнинг дарди паргор чизаётган айлана чизиғидек муттасил ҳамда шу паргорнинг маркази янглиғ барқарордир. Шуниси муҳимки, бу барқарорлик шоир ижодида инсон руҳини жароҳатларга гирифтор қилиб тургувчи, инсоннинг инсонлигини таъмин этувчи ана шу мўътабар маънавий оғриққа сўнмас меҳр-муҳаббат, шу оғриқни асраб-авайлаш, уни бой бериб қўймаслик умидларидан келиб чиққан бир гўзаллик билан суғорилган. Шунинг учун ҳам бу дард мазкур дард билан ихтилофда бўлган барча қалбаки неъматларга қарши қўшилиб улуғланади. Рубоий:
Айш аҳлидан ҳеч гарчи ҳазар йўқ бизда,
Айш таъмасидан зарра асар йўқ бизда.
Қон ярамиз лола каби гул очди,
Шундан-ки чаманларга назар йўқ бизда.
Шундай қилиб, шоир дардда инсонни маънавий жиҳатдан мумтозлаштирувчи фазилатнигина кўриб қолмасдан, бу дардда чексиз бир мумтозлик борлигини ҳам алоҳида уқтиради. Паҳлавон Маҳмуд ўз лирик қаҳрамони ҳам ўз ўқувчиси билан дард чекар экан, чекилаётган бу дарднинг ҳукми мутлақлигига баъзан шубҳа билан қарайди ва мазкур шубҳа-гумон натижасида дарддан дард келиб чиқади, ботиний фожеа кучаяди ва шунинг шарофатидан инсоннинг инсонлиги яна ҳам теранлашади.
Аччиқ бу жаҳонки, жон ширин бўлмайди,
Ҳолва десанг забон ширин бўлмайди.
Чарх лаззатини тотармиканман ҳеч вақт,
Бу даргумон, гумон ширин бўлмайди.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида дард дард учун эмас, балки дард инсонни маънавий жиҳатдан баркамол қилиб юксалтирмоқ учундир. Паҳлавон Маҳмуд дардининг мутлақо ботиний бир эҳтиёждан келиб чиққанлигига далил шуки, шоирниг қалами лозим бўлган пайтда масрур тебранади, ҳаёт шодликларидан завқланади, эришилган руҳий зафарлардан тантана қилади. Бироқ бу тантаналар уни мутлақо эсанкиратиб қўймайди, аксинча яна ҳам сергаклантиради, дардмандроқ қилади ва бу дардмандликнинг самараси ўлароқ ўз навбатида яна ҳам музаффар мисралар алангаланади. Шунда беихтиёр Паҳлавон Маҳмуднинг буюк ворисларидан Алишер Навоий берган таъриф тасдиқланади, яъни шоир рубоийларида дарднинг ўзи шу дарднинг давоси бўлиб жаранглайди. Рубоий:
Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлғайман,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлғайман.
Дардларни ювиб фориғ этар кўз ёшим,
Мисли булоқ суви зилол бўлғайман.
Паҳлавон Маҳмуд ўз дардларини пеш қилмай чекади. Баъзан ҳатто шундай туюладики, шоир ўз дардларини тилло кўмгандек кўмади. Теран мутолаа жараёнидагина шоир дардларини ўқувчи равшан англайди, бу ёмби, бу дафина дардларни ўзи учун кашф этади.
Бошдаги ҳушдан майи ноб афзалдир,
Маст кўздаги ёш ва изтироб афзалдир.
Ҳеч кимга вафо раво эмас дунёда,
Дард чеккан эмас, масти хароб афзалдир,
рубоийснни дардмандликнинг яширин шарҳи сифатида англамаган ўқувчи жиддий хатога йўл қўяди. Шоирнинг асл дардидан ғафлатда қолади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳар бир одамдан одамийлик хислатини. инсониятдан эса умумбашарий фазилатларни ахтариб, гоҳ “Мен номаи иқболдан мазмун сўрай, Тушми бу ўнг? Бу тақдир нечун? Сўрай”, дея, гоҳ эса “Эзгуми ҳеч ниятимнз? – Бир биламиз”, дея инсониятнинг улуғ дардларига таскин ахтаради, гоҳ “Ақлимни менинг қилгувчи лол инсондир, на кофир у, на муслим у – бир ҳайрондир. Ҳақ не, гумон не, ахтариб ўй ўйлаб, Икки жаҳони шу билан вайрондир”, дея бу ташхисни муайянлаштиради ва ўзи аниқлаган оғир дардга даволар излайди. Рубоий:
Эй дўст, қани, айт, жонми керак, жон берайин мен,
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел.
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.
Паҳлавон Маҳмуд талқинича, дард чекиш инсон учун илоҳий бир ёзғитдир. Чунки дард чекмак фазилати фалакнинг ўзига хос. Рубоий:
Меъмор фалак қаср ила айвон этгай,
Нақшини тамом этгач у вайрон этгай.
Пештоқини бир кун ўзига этгач тенг,
Эртасига ер била яксон этгай.
Мана шу гоҳ қаср ила айвон, гоҳ ер билан яксон бўлиб турган фалакда шоир узлуксиз бир фироқ, муттасил бир умид ҳукмида яшайди. Ҳар бир одамдан одамийликни ахтаради, бу одамийликдан, бу илоҳий фазилатли инсонларнинг дийдорига мушарраф бўлишдан тонгла қиёматгача тинмаяжагини айтади. Рубоий:
Кўп чекдиму дард бўлмадим ҳеч шод дариғ,
Ғурбатда бу жон, қилмадилар ёд, дариғ.
Афсус, надомат юки елкамда маним,
Дийдор қиёматгача барбод дариғ.
Паҳлавон Маҳмуд дард чекаётган одамга дармон бўлиш учун мана шу инсон келиб чиққан коинот моҳиятини ўрганади ва бу ўрганиш уни руҳий талотумлар бағрига ташлайди. Шоирда гоҳ барча муаммоларни бартараф этиш имкони бор, бунга инсоннинг ўзи ожиздек бўлиб туюлади:
Даштлар назаримда тор, саҳро тангдир,
Хотирам ойнаси чангу зангдир
Сув-ку яқин, узатсам ҳеч етмас қўл,
Ичмакка борай десам, оёғим лангдир,
гоҳ эса гумроҳликка, бу дунёда ҳар бир инсон маҳкумдек бўлиб кўринади. Рубоий:
Асли ажал ширин бу жон қасдидадир,
Умри кунинг ҳаёт – ўлим дастидадир.
Ер устидадир сенинг омонат ўрнинг,
Мангу ҳаёт ҳамиша ер остидадир.
“Мангу ҳаёт ҳамиша ер остидадир” бу қудратли бир кесатик, “Ер устидаги” ҳаётнинг ўткинчилигидан чекилаётган изтироб. Паҳлавон Маҳмуд бу дардни бошқа рубоийларда ҳам яна-да теранлаштиради, бизга ҳаёт кечиришимиз учун ноз-неъматлар тортиқ қилаётган мулки борлиқнинг туҳфалари шунчаки бир туҳфа эмас, залварли бир қарз эканлигини қайта-қайта ва турли жиҳатлари билан уқдиради. Рубоий:
Ерни бировларки бисот деб турғай,
Ўлча-улаш, ё ол, ё сот деб турғай.
Оқил билади, қабрдир ул еб тўймас,
Кирмаса тез-тез одам, дод деб турғай.
Чанг солса алам, йўқ сира дармон, ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо, айласа фармон, ҳайҳот,
Бошига етган эди шоҳ Кирмоннинг,
Шоҳнинг ўзин емоқда кирмон, ҳайҳот.
Шуни алоҳида таъкид этиш жоизки, бундай рубоийлар ўқувчининг юрагига таҳлика солиш учун эмас, балки уни умрнинг ўткинчилигидан огоҳ этиш учун, нафс бандасидан Оллоҳ бандасига, ўз руҳининг мураббийсига айлантириш учун битилгандир. Агар инсон ана шу даражага эришаолса, бундай инсон “Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз, Дон – таъмамиз. Турқи совуқмиз ҳаммамиз. Эртага руҳ қушлари бир-бир учади. Биз қоламиз чунки… товуқмиз ҳаммамиз” рубоийсидаги “ҳамма”лар сафидан халос бўлади ва бундай инсон шундай камолотга эришадики, унинг шарафига Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бошқача мисралари бағишлангандир. Рубоий:
Рўй берди жаҳон, жаҳон ўзинг, рўй-ўзинг.
Дарёдир ақл, оққан узун ўй ўзинг.
Шабнам каби баргда бесамар милтирама,
Гул бу ўзинг, гулдаги хўш бўй ўзинг.
Паҳлавон Маҳмуд дарди мусбат ва манфий нуқталар ўртасида тинимсиз жунбушдадир. Шоир бу рубоийсида:
Дафтардаги ҳар нуқта – дилимдан доғдир,
Мотамда Миср каби ишим дард, оҳдир.
Дилда таъма сабаб бу сўзим мужмал,
Бошда фироқ сабаб бу ер – дардгоҳдир,
– деб рўйи заминда ҳаёт кечирмакнинг турли машаққатларини изтироб билан ифода этса, бошқа рубоийсида:
Мен-ку хазон. Ваҳки, елар ел қаттиқ,
Ҳолимга менииг фиғон қилар эл қаттиқ,
– деб инсоннинг тупроққа маҳкумлигидан надомат чекса, учинчи бир рубоийсида:
Бу хона вафо манзили, бир шарт бордир,
Ташриф беижозат, кимдаки дард бордир.
Сидқ бирла келувчиларнинг ҳар пойинда,
Икки кўзимга тўтиё гард бордир,
– деб барча яхши-ёмонликлардан қатъий назар, устида ҳаёт кечирмак буюк шараф бўлган бу заминни улуғлайди ва чексиз машаққатларни мағлуб қилиб, унда ўз бахтини топаётган инсон қудратининг бетимсол суратини чизади.
Фаҳм этгувчи қисмат юкини дил менман,
Уммондир у бир, наҳанг эса, бил, менман.
Жипс икки жаҳон юкига тутган елка
Бир фил бу – фалак, сенсану, бир фил – менман.
Паҳлавон Маҳмуд “жипс икки жаҳон юкига елка тутиб”, фалак билан оғир юкни баҳам кўрадиган филмонанд инсонларнинг буюк дардларини ташувчилар сифатида ёлғизлигини теран идрок этади. Рубоий:
Сочи илон, ахир, унинг, мен – ёлғиз,
Сонсиз хатару, офату, мунг, мен – ёлғиз.
Кокил чигалин ёзиш тароқнинг бахти,
Чунки тароқлар тиши минг, мен – ёлғиз,
– деб ёзади шоир ўз рубоийларидан бирида. Аллома ўзининг ёлғизлигига қарамасдан, ўз ватани, халқи учун ниҳоятда фожеали бир даврда яшаб ўтган фарзанд сифатида даврнинг залварли дардини чекиб яшамоқни ўзининг шарафли бурчи деб билади. Рубоий:
Кўксимни қилар пора шу дард бўлғайдир,
Дардимга топар чора шу дард бўлғайдир.
Дард тоғи ҳавола бўлди дўст-ёримга,
Менга насиб, зора, шу дард бўлғайдир.
“Дўст-ёр” – жавонмардийлар аҳли билан халқ дардини баҳам кўриб яшаган шоир ҳам ўз ватанига садоқатни, ўз эътиқодида устуворликни муҳим фазилат санади. Шоирнинг дастлабки мулоҳазаларига кўра инсон табиатан шундай яралган-ки, унинг эзгуликларга садоқат борасида устувор бўлмоғи душвордир. Ҳамиша ўз нафси билан курашмак, ҳаётда ўз йўлини ахтараётиб, юз берадиган гумроҳликлар, билиб-билмасдан йўл қўйиладиган гуноҳлар – буларнинг ҳаммаси бир қарашда инсоннинг садоқатли бўлишига йўл қўймайди, у гўё хоинликка маҳкум. Буни Паҳлавон Маҳмуд ўзининг қатор асарларида изчиллик билан таъкидлайди. Масалан, рубоий:
Чарх урфи ситамдирки яралган дамдан,
Сидқ аҳли халос бўлмади ҳеч мотамдан.
Ит бўлайин вафоси бор одамға,
Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан.
Яна:
Ҳеч сира дўст, ҳеч сира ҳамдам йўқдир,
Қилгувчи халос бизни бу ғамдан йўқдир.
Кўз тутма садоқатни сира одамдан,
Ҳеч сидқу вафо қилгувчи одам йўқдир.
Бироқ шуниси аҳамиятлики, шоир ўзининг бу фикрига ҳукми мутлақ деб қарамайди. Эътибор қилган бўлсангиз, шоир “Сидқ аҳли халос бўлмади ҳеч мотамдан”, дейиш билан ўз фикрига ўзи қарши чиқади, яъни садоқат аҳлининг мавжудлигига ишора қиладики, бунинг билан биз шоирни мантиқсизликда айблай олмаймиз. Одамларда садоқатнинг йўқлигини таъкидлаш билан Паҳлавон Маҳмуд бу фазилатнинг нақадар ноёблигини бўрттириб кўрсатади.
Паҳлавон Маҳмуд баҳайбат бир самовий юрак, унинг рубоийлари эса инсон ҳар бир жиҳатдан етук бўлиши учун чекилган дарднинг изтиробларга тўла тўлқинли чизиқлари, ўзига хос кардиограммалари деб айтсак ўринли бўлади. Шоир
Ҳеч қаро тош дур каби маъдан бўлмас.
Мурч ила занжабил ширин таъм бўлмас.
Тинглаки, Пурёрвали айтади сўз,
Аслида номард сира одам бўлмас,
– деб маънавий иллатларнинг энг оғирини ҳар одамнинг одамийликка бегона бўлишида кўради ва бу касалликларни белгилабгина қўймасдан, унга “диагноз қўйибгина” қолмасдан, бу дарддан фориғ бўлиш йўлини ҳам кўрсатади. Рубоий:
Ҳақ дея жим тортса фиғон дўст – чин дўст,
Қилғувчи ибодатни ниҳон дўст – чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида жон дўст – чин дўст.
Паҳлавон Маҳмуд ўз шеърларида тафаккур манзиллари сари кўз илғамас бир шитоб, шу қадар шиддат билан интиладики, бу суръатга баъзан унинг хотираси бардош бера олмай қолади. Рубоий:
Токайгача бегона ғамин чеккайман,
Яхшиси, дилга ўз ғамим эккайман.
Ниҳолда бир ғўра бўлибман, май қуй,
Мевамни, билолмадим, қочон тўккайман.
Бу ҳар лаҳзада ҳайратомуз маънавий дарахтлар, тафаккур боғлари экиб, шу лаҳзанинг ўзидаёқ мазкур боғларнинг мевасини тўкиб турган зотнинг ўз фаолиятига ўзига хос бир бепарволигидир. Тўғрироғи, бу кайфият бепарволикдан ҳам кўра, ўз қилган ишларидан қаноатланмасликдир, қилган ишларига нисбатан энди қилиши керак бўлган ишларнинг буюкроқ эканлигини сезган, муттасил парвозда бўлган эътиқод лочинининг надомати, айни бир пайтнинг ўзида келажакдан бўлган умидининг ҳайбатидир. Рубоий:
Минг дод, ҳазин дил ўзига жавр ўлди,
Фарёд, у дард, ғам ўтига қоврилди.
Ҳайҳот-ки қанча парвариш қилсам ҳам,
Барбод-ки, мева бермайин соврилди.
Кўряпмизки, камтарлик бобида, ўзига талабчанлик борасида шоиримиз баъзан ҳатто “ҳаддидан ҳам ошиб” кетади.
Паҳлавон Маҳмуд нафақат ўзининг, балки инсон зотининг фазилатларида устувор бўлиши қийинлигини муттасил таъкидлаб туради. Бунинг билан у, албатта, ношукурлик, инсоннинг лаёқатига ишонмаслик кайфиятига берилмайди. Шоирнинг мақсади ўқувчини муттасил ҳушёрлик кайфиятида ушлаб туриш, ҳар кимни ўз маънавиятига бедор посбон қилиб қўйишдир.
Ҳар бир инсонни софдилликка чорлаш дарди, ҳар бир инсонни унинг ўзи эришган маънавий юксакликдан ўзини қўйиб юборишга қўймаслик изтироби Паҳлавон Маҳмуднинг, хусусан, тавба масаласига ёндошувида аён кўзга ташланади. Шоир тавбадан мағрурланиш ана шу тавбани чиппакка чиқаришини уқтирар экан, умуман фазилатларидан кибру ҳавога берилиш инсонни ана шу фазилатлардан маҳрум қилишига урғу беради. Унинг бошқалар ғамини чекиб туриб, “токайгача бегона ғамин чеккайман” мисрасини, ўзини бошқалар тақдирига лоқайд кўрсатиш истагини ҳам ана шу жиҳатдан келиб чиқиб шарҳласак, ўринли бўлади.
Шоир бу изтиробли дардни тинимсиз чекади. Рубоий:
Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз.
Басма-бас ичдик, дод деди соғаримиз.
Май устида бизми бугун, билмадик ҳеч,
Кетдик-ми қолиб май тагида ё баримиз.
Равшан бўлади-ки, шоир пичоқни аввало ўзига, кейин, гарчи оғриса ҳам, бошқаларга уради. Шоир инсондаги тавба-тазаррунинг мустаҳкам бўлиши қийинчилигини ҳар лаҳзада эътиборда тутиб қалам суради. Асл тавба, чинакам покланиш камдан-кам одамларга насиб этадиган бир саодат эканлигини уқтиради. Рубоий:
Кўксимда юрак кўринди. Жондан қутулай.
Дард англамаган аҳли замондан қутулай.
Тавба ушатган элни соч ҳар ёққа,
Гурас-гурас яхши ёмондан қутулай.
Шоир одамларни, аввало, шундан огоҳлантиради-ки, шодлик пайтида ғамдан, бахт лаҳзаларида кулфатдан ғофил бўлмаслик керак. Ҳамиша меъёр, ҳамиша мўътадиллик инсонга хос фазилат бўлмоғи лозим. Шоирнинг бу қарашини биз унинг Умар Ҳаёмга ҳамоҳанг битган:
Дўст бўлгали бир умрга доно танла,
Ёки гўзал бир гули раъно танла.
Бўлмаса гар, айлама нобуд вақтинг,
Ўзингни топ, ўзингни танҳо танла
Ёки:
Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз,
Басма-бас ичдик, дод деди соғаримиз.
Май устида бизми бугун, билмадик кеч,
Кетдикми қолиб май тагида ё баримиз,
каби рубоийларидан илғаб оламиз. Бу мисраларида Паҳлавон Маҳмуд инсонларнинг фазлу нуқсонларини поэтик таҳлил қилар экан, уларга нақадар кечиримли бўлганлигини, ҳар бир инсондаги фазилатларнинг барқарор бўлишини истаб дард чеккан бул зотнинг ўзини бошқалардан юқори тутмаслиги унга нақадар одат бўлганлигини кўрамиз. Бироқ шоир руҳидаги бу кечиримлилик, дардмандларга ҳамдардлик туйғусидан келиб чиққан ҳилм Паҳлавон Маҳмудга унинг иллатларга қарши шафқатсиз бўлишида заррача ҳалақит бермаганлигини ҳам кўрамиз-ки, бу ҳам буюк бобомизнинг бизга ибрат бўла оладиган кўпгина фазилатларидан биридир.
Шоир, хусусан, эътиқод масаласида, мол-дунё масаласида “хожа”ларга, яъни иқтисодий жиҳатдан, фаровонлик даражаси жиҳатидан кўпчиликдан баландда турган шахсларга аёвсизлик билан муносабатда бўлди. Шоирнинг бу аёвсизлигини, такрор айтамиз, инсонларга бўлган бешафқатлик эмас, балки уларнинг нуқсонларига нисбатан муросасизликдир. Паҳлавон Маҳмуд, масалан, рубоий:
Йўқдир хабаринг, бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол-дунё.
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ, уни ҳам,
Кўргайми раво-йўқми бу қаттол дунё,
– деб ёзар экан, бойлик эгаларини ўз давлатларига мағрур бўлмасликка даъват этади. Бундай ғурур билан, ҳатто яхши ният билан қилинган амалларнинг-да натижаси бехайр бўлишини ҳам алоҳида ғазаб билан уқтиради. Рубоий:
Бу ҳожики маккадан, Минодан қайтди,
Зинҳор демангиз Каъбадан одам қайтди.
Аждарга дўниб қайтди илон денг Ҳаждан,
Бир хонахароб, денг-ки, худодан қайтди.
Паҳлавон Маҳмуд чекаётган дарднинг икки жиҳати бордир. Шоир борлиқнинг мусбат ва манфий томонларини тафаккур қилиб, ўрганар экан, бир жиҳатдан, одамларни ҳаётнинг гўзал томонларидан бебаҳра бўлиб, ғафлатда қолмасликка чақирса, иккинчи жиҳатдан, борлиқдаги номақбулликлар қошида довдираб қолмасликка даъват этади. Рубоий:
Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ,
Дилда хумор-май таъмини тотгани йўқ,
Нега бу дард, ёр, сени уйғотгани йўқ.
Ол қўлга қадаҳ, токи қуёш ботгани йўқ.
Яна:
Дард мени куйдирди, маломат ватанимдир,
Ишқ мени ўлдирди, муҳаббат кафанимдир.
Жаннат сеники, зоҳидо, мен булбули мастман,
Куй мени куйдиради-ки, дўзах чаманимдир.
Ҳаёт, ҳаттоки у тинимсиз мумтозлаша борганда ҳам, биз унинг яна ҳам мукаммалроқ, яна ҳам фаровонроқ бўлмоғини орзу қиламиз. Инсонларнинг-да кун сайин етукроқ бўлмоғини тилаймиз. Ҳар бир даврнинг, ҳар бир ҳалқнинг пешқадам вакиллари ўз замондошларини, маслакдошларини ўзлари билан баробар бир маънавий даражада кўрмакни умид этадилар ва, табиий, аксар бу умид жуда секинлик билан рўёбга чиқади. Замон ва маконда яхшилик ва ёмонликнинг аралаш келиши, бу аралашликда ёмонликнинг ҳамиша бўртиб туриши шу даврнинг асл фарзандлари учун битмас-туганмас дард манбаидир. Бу дарднинг шифобахш хислати ана шу фарзандларнинг фаолиятида намоён бўлади.
Бир донишманд таъкидлаганидек, “жоҳил сўзи билан ғазабланади, доно-иши билан”. Сўзи ва иши бир хил бўлган мутафаккирларнинг “ғазабланиши”, яьни мазкур ғазабни келтириб чиқараётган иллатларга қарши фаол курашда бўлишлари – уларнинг сурункали дардларидир. Шунинг учун ҳам азиз авлиёларимизнинг дардлари халқимиз, ҳар бир замон аҳлларининг гирифтор бўлиб турадиган нуқсонларини бартараф қилувчи шифобахш мўъжизадир. Буюк донишмандларимизнинг кўзлари кўриб, қулоқлари эшитган, ақлу ҳушлари илғаганини биз – оддий одамлар пайқамай яшамоғимиз ҳам мумкин. Бизни муҳлик хавфлардан огоҳ қилиб, азизларимиз руҳиятимизда ўзларининг сергаклантирувчи сўзлари билан мўътабар орғиқлар пайдо қилиб турадилар. Рубоий:
Эй ишқ алангасан, не дудинг йўқ, ҳеч?
Эй ғам, не навосан-ки, сурудинг йўқ ҳеч?
Ҳеч маълум эмасдир йўқу боринг, орзу,
Эй айш, чекинг йўқдир, ҳудудинг йўқ ҳеч?
– деб ёзган эди Паҳлавон Маҳмуд. Гарчи шоир шундай деб наво қилган бўлса ҳам, у ишқ алангасининг ҳудудини, ғам навосининг сурудини, айшнинг ҳудудини илғаб яшаган инсон эди ва худди шу боис орзунинг кимлар учун йўқ кимлар учун борлигини теран англарди. Ўзининг мана шу ҳушёрлиги учун ҳам Паҳлавон Маҳмуднинг кўзлари лочинникидек ўткир, қулоқлари ниш ураётган майсанинг овозини эшитадиган қадар сезгир, сўзлари ҳазрати Исоникидек жонбахш эди. Рубоий:
Қўлда қалам толе эмас, доғ битар,
Дард экаман, бир-бир униб, боғ битар.
Бу боғда суман, сарву гулу сумбулнинг
Ҳар япроғида, не қилай, бир зоғ битар.
Паҳлавон Маҳмуд ўзи эккан ана шу дард боғларининг новдаларидаги боғларининг зоғлардан халос бўлиб, уларнинг ўрнида булбулларни кўришни умид этиб ҳаёт кечирди. Бизларнинг шоир қаламига мансуб ҳар бир рубоийдан топган файзларимиз, ўйлайманки, шоир умид этган булбуллардир. Асрлар ўта борган сайин шоирнинг дард боғлари юксалиб, улардан бебаҳралик зоғлари учиб кетажаклар. Файз булбуллари эса бу боғда ошёнлар қуриб қолажак.
ДАВОМИ БОР
Lotin alifbosida mutolaa qiling