Muhammad Sharif. Ikki hikoya.

034    Чол ва кампир шом намози учун таҳорат оладиган палла эди. Бола тўсин ва синиқ шиферлари тутундан қорайган, деворлари ис босиб кетган тандирхонадаги пастак лойўчоқда ғўзапоя ёқиб, қумғонда сув қайнатди, қайноқ сувни обдастага қуйиб совуқ сув билан човуштирди, кейин кафтига қуйиб кўрди: бобоси айтганидек, оби-тобида.

Муҳаммад Шариф
ИККИ ҲИКОЯ

03

09Адиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган. 1988-1993 йиллари Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. Ҳозирги пайтда Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади. Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

035

ХИРГОЙИ

Ўша куни шомга яқин гоҳ кучайиб, гоҳ секинлаб ёғаётган шиғалоқ қор илкис изчил маромга кириб, майин шитир-шитири ила борлиқни мунгли оҳангга тўлдирди. Чол ва кампир шом намози учун таҳорат оладиган палла эди. Бола тўсин ва синиқ шиферлари тутундан қорайган, деворлари ис босиб кетган тандирхонадаги пастак лойўчоқда ғўзапоя ёқиб, қумғонда сув қайнатди, қайноқ сувни обдастага қуйиб совуқ сув билан човуштирди, кейин кафтига қуйиб кўрди: бобоси айтганидек, оби-тобида. Обдастани сал наридаги икки хонали уйнинг даҳлизига элтиб қўйгач, ғўзапоянинг ловуллаб-чарсиллаб турган чўғини оловкуракка солди-да, шошилинч ичкари уйга элтар экан, шиғалоқ қор зарралари чўғларга тушиб чирсиллар, олов лах-лах қизариб, қор ёнаётгандек туюларди. Осмоннинг тунд чеҳрасида, чор-атрофнинг оқликка жадал бурканиб боришида ҳам ҳайбатли бир маром ва тугаллик бордай эди. Бола қип-қизил чўғни сандалга солиб, устига эски кулни тортиб қўйди-да, ўзини кўрпа остига урди. Мазза! Бошқа қиладиган иши йўқ, иссиқ сандалда оловга тобланиб ётади энди.

…У одам қош қорая бошлаган маҳалда келди.
Кампир бир тутам исириқни сандал тагида лимиллаб турган чўғ устига ташлагач, қалин қора сатин камзулининг чўнтагидан жимитдек калит чиқариб, тиқир-тиқир урина-урина меҳробдаги жавонни очиб, лаш-лушларни титкилай бошлаган пайт эди. Эски газмоллар, қалампирмунчоқ ва яна алланарсаларнинг заиф ислари исириқнинг ўткир ҳидига қоришиб кетганди. Чол эса жилдига оқ сурп тортилган, сарғайиб, титилиб кетган баъзи саҳифаларига қоғоздан ямоқ солинган катта бир китобни деразадан тушаётган ғира-шира ёруғликка тутиб, шомгача яна бир-икки бет ўқиб қолиш илинжида, ташқари аллақачон оқликка бурканиб улгургани учун қош қорайса-да, атроф қор ёруғи билан ёришган эди.

Ҳа, у одам ана шу паллада кириб келди. Аввал ёғоч дарвозанинг бўғиқ ғийқиллагани, кейин ғарч-ғурч қор босиб келаётган қадам товушлари эшитилди. Даҳлизнинг остонасига келганда телпагидаги қорни қоқди, қисқа-қисқа йўталиб олди. Ниҳоят, ичкари эшик очилганида пастаккина хонадаги қуюқ тутун гуп ташқарига урилди. Исириқ тутуни чиқиб кетмасин деб, келгувчи эшикни ошиғич ёпди, сўнг чол ва кампир билан қуюқ сўрашиб, сандалнинг пойгак томонига чўккалаб ўтирди, чолнинг қистовидан кейингина совқотган оёқларини сандал ичига олди. Кампир жавондан қанд-қурс олиб дастурхонга қўйди, сандал устига ёпилган кўрпа тагидан қалампир гулли хитойи чойнакни олиб, чой қуйиб узатди.
Меҳмон тортина-тортина, секин ва сокин овозда келишидан мақсадини баён қилди: «Катта ота, шу десангиз, чамамда уч ойларми аввал, қайдан келди, нимадан бўлди, билмайману, аммо менга бир ёмон дард ёпишди. Шу денг, дард қурмағур кундан-кун зўрайиб боряпти…»

«Оббо!» деди сандал кўрпаси остида мазза қилиб ётган болакай: яна бир касал келди. Энди бобоси узундан-узун дуо ўқиб, дам солади. Тоза зерикадиган бўлдим-да, деб меҳмондан юз ўгириб, шипга термулди. Шипдаги ёриқлар, лак сурилган фанернинг бутоқ кўзлари атрофидаги тарам-тарам ажин-чизиқларга қараб, ўзича аллақандай шаклларни излади. Бир қарашда парвозга шай қушга, гоҳ шохдор соқолли эчкига, гоҳ эса қамишзор ичидан мўралаб турган қанақадир шарпага ўхшатди. Шу юмуш унинг севимли овунчоғига айланган эди. Яна янги шакллар изламоқчи бўлди, лекин учқур хаёлига тунов кунги киши келди. Сассиқ, важоҳатли бўлса ҳам ўша одам бунисидан кўра зўрроқ эди, деб ўйлади бола. Кундузлари “эшак ўлдирар” офтоб чарақлаган, кечалари қора совуқ туриб, кимсасиз кўчаларда изғирин кезаётган кунлар эди. Онаси учовлонга кечки овқатни едиргач, идиш-товоғини йиғиштириб, нариги ҳовлига чиқиб кетган, булар эса ётиш тадоригида экан, лоп этиб чироқ ёнган, ҳамма хурсанд эди. Бир оздан сўнг кўчада машинанинг оғир тўхтагани, тарақа-туруқ қилиб мотори ўчгани эшитилди, зум ўтмай, сувсар телпак кийган, почапўстини доғ-дуғ, юзи қорачадан келган бир киши кириб келди. У кириши билан хонада тери, ёғқовурдоқ, аччиқ ва ўткир тамаки ҳиди анқиди. Чол билан қўшқўллаб, кампирга елка тутиб кўришган бу киши хом ёғ суртилавериб ялтиллаб кетган этигининг қўнжидан катта дандон сопли пичоғини чиқариб, сандал устига «тўп» эткизиб ташлади:
– Катта ота, мана сиз оқсоқоллар сув етти юмаласа, пичоқ уч марта ерга суқилса ҳалол бўлади дейсизлар. Тўғрими шу гап!? – деди ҳарсиллаб. – Агар шу гап тўғри бўлса, китоб қараб, исботини топиб беринг деб келдим!
Бобоси унинг важоҳатига эътибор бермай: «Шермат болам, аввал бу шаштингдан туш, ўзингни бос, бир пиёла чой ич, кейин нима бўлганига қулоқ тутармиз”, деди.
– Катта ота, мени ҳар кўрганингизда эл-улусга қўшилиб юр, одамлар билан ош-қатиқ бўл, қўни-қўшниларнинг иссиқ-совуғига аралаш, савоби кўп дейсиз, – деди Шермат. – Шу бугун гапингизни қулоғимга олиб, Маҳмудбойнинг сабзи қирдисига бордим. Биласиз, эрта саҳар кенжасига ош беряпти. Борсам уй тўла одам, даҳлизда ёшлар сабзи қиряпти, ичкарида катталар тўғраяпти, гангир-гунгур авжида. Эл қатори ичкарига кириб, туртиниб-суртиниб пойгакка ўтирдим, пичоғимни чиқариб битта сабзини қўлга олганимни биламан, тўрда ёнбошлаб олган Ҳаким ҳисобчи бўйнини чўзиб қолди. Нима деди, биласизми? «Ҳўй, Шермат, бу пичоғинг билан тулкининг терисини шилгани келдингми ё элга бериладиган ошга сабзи тўғраганими?» деса бўладими!? Эл-юрт, катта-кичик олдида лавлагим чиқди. Даюсни устига бостириб бориб таъзирини бермоқчи эдим, ҳарқалай ёши улуғ, сиздан анча кичик бўлса ҳам оқсоқоллар даврасига кириб қолган, деб индолмадим. Шартта ўрнимдан туриб, бир улов топиб ёнингизга келиб турган жойим эди. Шу, пичоқ уч марта ерга санчилса ҳалол деган жойини топсангиз, мен билан бориб, эл олдида шу гапни китобдаги исботи билан айтсангиз, деб келдим. Кўчада мошина тайёр.

Чол мийиғида кулди. Шермат бу ҳолдан баттар бетоқат бўлиб, бўзарди.
– Шермат болам, тўй-маъракада оғир-енгил, ҳазил-ҳузул гаплар бўптуради. Азалдан эл ичида юрганингда бунақа гапларга кўникардинг. Эртага халққа ош бераётган Маҳмудбойнинг лақаби нималигини биласанми ўзи? – деб, Шерматга тикилди чол. У ҳануз қовоғи солиқ, бош чайқади.
– Халқ Маҳмудбойнинг уруғ-аймоғига “тулки” деб лақаб қўйган. Кириб боришингдан аввал даврада бир пайров кетгандирки, Ҳаким сенинг баҳонангда уни давом эттиргандир? Ўрнингда бошқа одам бўлганида Ҳакимга қараб «бир газанда тулкиларнинг қонини сўриб, терисини устихонига ёпиштириб қўйибди, пичоғим суягига қадалиб синди, бошқасини олиб келавердим”, деган бўларди. Боиси, Ҳаким ҳисобчининг лақаби “кана”. Эл олдида унинг оғзини ёпган бўлардинг, кейинги гал сен билан ўйлаб гаплашарди. Энди эса бу гапларга парво қилма, уйингга бориб, қўлингга ошпичоқ олгин-да, тўйга қайт, ҳеч нарса бўлмагандек элга аралашиб кетавер. Гапи қаттиқ ботганини сезса Ҳаким эрта-индин узрини сўраб қўяр, сўрамаса, ёнимга келганида ўзим бир нима дерман. Совуққа чиқсам оёғим оғрийди, маъракаларга бормай қўйганман, – деди чол, шу билан гап тамом дегандек.

Чолнинг насиҳатидан кўнгли тўлмагани юз-кўзидан сезилиб турган Шермат пичоғини этигининг қўнжига тиқиб, «майли, катта ота, айтганингизни қулоғимга оламан, лекин мавриди келганда Ҳакимбойнинг ҳам таъзирини бераман”, деб чиқиб кетди.
Чол неварасига эшикни очиб уйни шамоллатишни буюрди, кейин кампирига қараб, «ҳазилида ҳам, чинида ҳам Ҳакимбой ҳақ”, деб қўйди.
Болакай кўзи совуқ йилтирайдиган, юзида шиддатли бир ифода қотиб қолган бу одамни илк марта яқиндан кўрганидан ҳаяжонда эди. Шермат буларнинг ҳовлисидан икки кўча нарида яшар, аллақаерда қоровул бўлиб ишлашидан ташқари овчилик ҳам қиларди. Бир қараса тулки, бир қараса бедана ёки балиқ овлар эди. Овлайдиган нарса қолмаса, олақанотми, чумчуқми, ёввойи каптарми, отиб келаверарди. Уйида този, баъзан қопағон қозоқи итлар бўларди. Одамлар, айниқса болалар эшигининг тагидан юрак ютиб, оёқ учида ўтишарди. Ўзи кўчаларда кам кўринар, ҳар замон лабининг бир четида аллақачон ўчиб қолган тамакисини тишлаб, елкасига қўшотарини илиб, эски «Иж» мотоциклини тариллатганча қишлоқ кўчаларида пайдо бўлиб қоларди. Камгапу бадқовоқ, кўпчиликка аралашмасди. Лекин қишлоқда камдан-кам одам кириб чиқадиган ҳовлиси, ёки ўша қўрқинчли ҳовлида унинг нималар билан машғуллиги болаларни қўрқа-писа девор оша мўралашдан тийиб туролмасди. Маҳмудбой тўй берган кунлари қишлоқда чироқ ҳам ёниб қолган, Шерматнинг сувсар телпаги, мўйнали ёқаси ёруғда ял-ял товланиб, салобатини ошириб турарди.

Бироқ, бугун келган одам кўримсиз, гаплари тушунарсиз, зерикарли эди. Токчадаги мойчироқдан таралаётган шуъла гоҳо юзида ўйнаб, ботиқ кўзлари янада аянчли тус олар, пешонасидаги ажинлари узун-узун соя бериб қоларди. Бола шифтга қараб ётишдан зерикиб, сандалнинг нариги четида бобосига бир нималарни тўхтовсиз гапираётган бу одамга қайта разм солди.
– Нега менга келади бу дард, катта ота? Умрим бўйи қора меҳнатдан боши чиқмаган шўрпешона бўлсам?! Юмушим бошимдан ошиб ётибди, икки ўғил уйлашим, уч қиз чиқаришим керак ҳали. Сира чидаёлмай қолдим бу азобга. Келаверади, келаверади, ҳеч тўхтатолмайман қурғурни. Авваллари ич-ичимдан сезилар-сезилмас келарди. Кейин томоғимга, ундан димоғимга кўчди, бир маромда, ўртаб-ўртаб келаверади. Оғир, жуда оғир, юрак-бағрим эзилиб кетади, икки қоп буғдойни бараварига кўтарсам ҳам бунақа эзилмайман. Кечалари ўзимнинг товушимдан ўзим уйғониб кетаман… келаверади-да, ич-ичимдан тўлиб-тошиб. Шартта туриб кетаман, оғилга бораман чироқ кўтариб, мол-қўйнинг тагини тозалаб, билчиллаган гўнгни кўмир майдасига аралаштириб, зувала қиламан, гуваладек-гуваладек қилиб бостирма остига тераман. У иш тугаса, ҳовлига чиқиб эски ўрани қайта ковлайман, кўзим тушган ишга уннаб кетавераман. Уйда иш қолмаса, камига қўшниларнинг юмушини бажараман, итдек ҳориб уйга қайтаман, энди ётаман десам, яна кела бошлайди ўша! Тонг оқарганда мол етаклаб далага отланаман, кун бўйи кетмон чопиб, қош қорайганда елкамда замбилдек бир бойлам ўт, бурним ерга теккудек бўлиб, камига бир сигир билан бузоқни етаклаб уйга қайтаман, бироқ ўша нарса димоғимдан сира кетмайди. Кечқурун хотин-бола чақа билан ўтирганимда ҳам келаверади… Ҳамма ҳайрон. Элу юртга қўшилолмай қолдим. Булар-ку, майли, нари борса халқ орасида жинни деган ном оларман, лекин оғриғи-чи!? Зўриқишдан қорним, ичакларим аёздаги симёғоч симлари каби зириллаб титрайди, кўкракларим қақшаб, сиқилиб оғрийди, томоғим шишиб кетади. Баъзан тунлари кўнглим озиб, ўқчиб-ўқчиб қайт қилгим келади, ариқ лабига бориб роса кучанаман, ичим зардобга тўла туюлса-да, ҳеч вақо чиқмайди. Баъзан кўкрагимни пичоқ билан ёриб, шу энағар нарсани чиқариб юборгим келади, лекин қани қурбим етса. Бир куни шунақа келдики, амаллаб ташқари чиқариб юборай десам, бурун ва қулоқларимдан қон тизиллаб отилиб чиқди… – У гапириш асносида сандал қиррасига алам билан муштини тиради, мушти устига бошини қўйди.

– Ичингиздан келган нарса хиргойи экан-да, ўғлим? – Чолнинг ҳамиша ўйчан ва сокин чеҳрасидан бир хавотир қалқиб ўтгандек бўлди. – Нимани хиргойи қиласиз? Бирор Сўз борми?
– Сўз йўқ! – у бошини илкис кўтарди. – Бирорта сўзи йўқ, лекин жуда-жуда оғир бир оҳанг. Мунгли деб ҳам бўлмайди, чунки гоҳида юрагимга таскин беради, бироқ тасалли узоқ давом этмайди, аксар пайт азоблайди, дилимни тилка-пора қилади. Гоҳо қанақадир ғалати маъноларни илғагандек бўламан, лекин тушунмайман. Шу азоб-уқубат ичида ўлиб кетаманми деб қўрқаман. Билганим, мен бу юкни кўтарадиган одам эмасман, фақат меҳнатни, қора меҳнатни биламан холос… Катта ота! Мени бу азобдан қутқаринг. Дам соласизми, хатми қуръон қилиб ўқийсизми, ёрдам беринг, болаларим етим қолмасин! – унинг нам мижжалари шуълада йилт-йилт қилди.

Чол узоқ сукутда қолди. Болакай бобосини ҳали бундай ғуссага ботган ҳолда кўрмаган эди. Бобоси одатда ўйга чўмса, кўкрагига тушиб турган оппоқ соқолини тутамлаб оларди. Ҳозир эса бошини қуйи солиб жуда узоқ ўй суриб қолди.
Ташқарида ҳамон қор бўралаб ёғар, тун оппоқ, бутун борлиқни кучли бир оҳанг эгаллаб, дераза ойнасини чертиб тургандек эди. Кампир эса жонсарак, нима қиларини билмай, неварасига энгашиб, бошини силайди.
Ниҳоят, чол нигоҳини ердан олди:
– Катталардан эшитганим бор эдики, аввал ҳам одамлар шундай дардга йўлиқишган экан. Айтишларича, бу дард одамлар бошига бахт ёки аксинча, кулфат келтирармиш. Элчибек болам, айтар гапим шуки, сенга дам солиб, ёрдам беролмайман. Лекин ҳақингга ҳар куни дуо қиламан, Худодан ўзингни, болаларингни омонлигини тилайман. Жонинг омон бўлсин!
Элчибек инграб юборгандек бўлди. Кампирга жонсарак мўлтиради. Кампир чидаб туролмади, чолига қараб: «Эми-дамини қилиб қўйсаммикин, нафи тегиб қолар?» деди жонҳалак.
– Ҳа, жон эна, эми-дамини қилинг, – Элчибек остонага эмаклаб бориб, эшикни очди, бўсағага бошини қўйиб ётиб олди. Кампир ҳадик билан чолига қаради, чол розилик ишорасида бош ирғади-ю, лекин фойдаси йўқ деган маънода терс ўгирилди. Болакай қишлоқнинг йиғлоқи гўдаклари бу остонада қандай эмланганини кўп кўрган, чинқираб йиғлаб келганлари бурнини шилқ-шилқ тортганча оналари қўлида миқ этмай кетганига гувоҳ бўлган, лекин кап-катта одамнинг эмланиши ҳақиқий томоша эди. Кампир эски амиркон ковушини учидан ушлаб, товонини уч марта ерга урди, сўнг худди шундай ҳаракат билан Элчибекнинг оғзига ҳам уч марта урди, димоғида нималарнидир пичирлаб, суф-суф, туф-туф, деб қўйди. «Томоғимга ҳам уринг, эна, томоғимга!» деб ёлворарди Элчибек.

* * *

Учовлон Элчибекни ўшанда охирги марта кўришди. Чол-кампирнинг ёнига минг бир ҳасрат билан келувчилар Элчибек ҳақида турли гап-сўзларни бетўхтов етказиб туришарди. Элчибек энди ўзини оғир меҳнат билан овутмас, атрофидаги воқеалардан, хоҳ шодиёна, хоҳ фожиа бўлсин, ажабланмас, хиргойи қилишини бир лаҳза бўлса-да қўймас экан. Кўклам келиб, кирчил қор тагида ғужанак ётган ўт-ўланлар яшилланиб бўй чиқарди. Тор ва биқиқ хоналар, чироқсиз тунлардан безор бўлган одамлар тоза баҳор ҳавосидан кўксиларини тўлдириб нафас олдилар. Иссиқ-совуқ маъракаларда Элчибекнинг ёнида туриб қолганлар беихтиёр унга қўшилаётгани, баъзан бир уй одам елкама-елка туриб унга жўр бўлаётгани ҳақида миш-мишлар келарди.

…Бироқ уларнинг хиргойисида сўз пайдо бўлгани ҳақида ҳали хабарлар йўқ эди.
Ёзнинг чилласига етганда қишлоқнинг анча-мунча йигитлари Элчибекнинг дардига чалингани ҳақида хавотирли гаплар тарқалди. Касаллик дараги қишлоқдан қишлоққа кўчиб аллақачон шаҳарга ҳам етиб борганди. Бир куни қишлоқ нозири ёрдамчилари билан Элчибекни олдиларига солганча шаҳарга ҳайдаб кетгани ҳақида хабар келди. Шаҳарда уни марказдан келган олим-шифокорлар кўрар эмиш. Бироқ эртасига қишлоқда кутилмаган янгилик тарқалди: Элчибекни шифохонадан тўппа-тўғри руҳий беморлар касалхонасига олиб кетишаётганда у бир амаллаб қочиб қопти. Элчибекнинг касали хавфли ва юқумли бўлиб, эпидемияга айланиб кетиши мумкин экан. Шу сабабли ялпи қидирув эълон қилинибди. Қидирувчилар қишлоқнинг тит-питисини чиқариб ташлашди, кейин атрофдаги қиру адирлар, сой бўйидаги чакалакзорлар оралаб қидиришди. Шерматнинг куни туғди, у кўнгилли изқувар бўлиб қидирувчиларнинг олдига тушиб, елкасига қўшотарини илганча кўчаларда дадил қадам ташлаб борарди. Бироқ, Элчибекнинг ўзи тугул изиям йўқ эди.

Қидирув гоҳ сусайиб, гоҳ кучайиб давом этаётган кунларнинг бирида чол, кампир ва невара айвонда ўтиришарди. Кампир эски пахтани миталаб ўтирар, чол пешонаси ва бўйнида маржондек тизилган тер томчиларини белбоғи билан арта-арта китоб ўқир, қарияларнинг юмушини бажаришга шай болакай эса ҳозир шатмоқ оёғига қўнган пашшаларни ҳайдаш билан овора эди. Дарвоза тарақлаб очилиб, ҳассага таянганча оҳ-воҳ қилиб Ҳакимбой кириб келди. Кела солиб ҳай-ҳай дегунча бўлмай чолга ўзини ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Юзи моматалоқ бўлиб шишиб кетган эди. Чол Ҳакимбойни зўрға юпатди, кейин «Шерматнинг ишими бу?» деб сўради хўрсиниб. Ҳакимбой зўрға ўзини босиб, ҳиқиллаб сўз бошлади:
– Хону монингга ўт тушгур Шермат кеча тўрттасини эргаштириб ҳовлимга тўс-тўполон билан кириб келди, келиним, невараларим олдида уриб-тепкилади, беобрў қилиб сўкди. Элчибекни шу яширган, булар аввалдан ош-қатиқ эди деб ановиларни чиппа-чин ишонтириб юборди. Топиб бермасанг, қаердалигини айтмасанг ўғлингни қамоқда чиритаман, келининг тул ўтади, невараларинг тирик етим бўлади, деб роса қўрқитди. Ахийри боқиб қўйган ҳўкизимни бериб қутулдим, – деб йиғлар эди Ҳакимбой. Чол уни узоқ юпатди, кўпга келган дард, бу кунлар ҳам ўтиб кетади, Шермат ҳам жазосини топади, ҳаромдан келгани ҳаромга кетади, деди. Кейин жилдига оқ сурп тортилган китобидан байтлар ўқиб, қош қорайгунча Ҳакимбойни овутиб ўтирди:

…Ҳақни топқон туфроқ бўлиб йўлда ётар,
Туфроқ сифат олам ани босиб ўтар,
Манманликлар бошин босиб, тепиб кетар,
Бош кўтариб анга сухан қилғони йўқ.

Қул Хўжа Аҳмад, ҳарна бўлсанг фақир бўлғил,
Қайда борсанг, бўйнинг қисиб, ҳақир бўлғил,
Ошиқ бўлсанг, ишқ илгида асир бўлгил,
Асир бўлмай ҳеч ким мурод тобқони йўқ.

…Шерматвой танлаб-танлаб, қарчиғайдек чангал солиб шўрини қуритган оилалар сони тобора ортиб бораверди.

* * *

Кеч куз эди. Чол ташқарига таҳорат олгани чиққанида суякларининг зирқиллашидан ёмғир келаётганини сезди. Бир неча кун давомида кўкда булутлар йиғилиб, осмон бир хилда кулранг тус олди, шанба кунига келиб майда ва совуқ ёмғир савалаб ёға бошлади. «Жума ёғса шанба тинар, шанба ёғса қачон тинар?» дейишади одамлар бундай кезларда. Дарҳақиқат, ёмғир бир неча кунгача тинмади. Пахсаю гувала деворлар тагидан зах уриб, кўп жойларда қулади, айримлари ювилиб, ер бағирлади. Кўчалар чилп-чилп лой. Далаларда йиғиштириб улгурилмаган экинлар, дарахтлару кузги ўт-ўланлар, хазонрезги боғлар ивиб, жиққа ҳўл бўлди. Ёмғир эса бир текис ёғишда давом этарди. Атроф-жавониб ёғин товушларига тўлган, қушлар сайрамай қўйганига гўё кўп бўлган, одамлар эса бетоқат, қишлоқ узра ёмғир билан бирга ҳазин, мунгли куй ҳам ёғилаётгандек, ташқари чиқолмай тутоққан одамлар мана шу куйга жўр бўлишга шайдек эди.
Невараси таҳорат учун илиқ сув келтиришини кутиб айвонда ўтирган чол ёмғир томчиларининг бир маромдаги сасига қулоқ тутар экан, Элчибекнинг дардга йўлиққанига ҳам роса бир йил тўлаётганини ўйлади. Рутубатли тун кириб келаётганига қарамай ўзини енгил сезди, дилида осойишталик туйди.

Айни пайтда, икки кўча наридаги ҳовлининг энг четки хонасида лойсувоқ деворга қатор илинган тулки териларини куяга қарши дорилаётган Шермат ҳам илкис ишидан тўхтади, савқи табиий ила ниманидир сезгандек бўлди. Узоқ давом этган ёғингарчилик ва сукунатдан зах тортиб кетган сезги томирлари қўққис жонланди: шошиб ташқари чиқди, ёнига чопиб келган този итларининг ҳўл бошларини силаганча, намчил ҳавони сергаклик ила ҳидлади. Шалаббо теваракни кўздан кечиргач, уйига шошиб кирди, темир жавонни очиб, яккаотар милтиғини олди, куя тешган жунпўстакка ўтириб, милини ҳафсала билан тозалади, сўнг қачонлардир тўнғиз отиш учун тайёрлаб қўйган ўқини бармоқларида айлантириб ўйнаганча тун яримлашини кутди.

Ярим тунда Шермат милтиғини қора елимхалтага ўраб кўчага чиқди. Қишлоқни бир айлангач, сой йўлидаги ҳовли олдида тўхтади, пахса девор ёқалаб юриб, ҳовлининг орқа томонига айланиб ўтди. Бу ерда оғилхона бўлиб, томига ғўзапоя босилган эди. У мушукдек эпчиллик билан намиқиб, бир тепса қулагудек зўрға турган девор устига енгил чиқиб олди, ундан оғилхона томига аста кўтарилди. Ғўзапоя ёмғирдан ивиган, чирт этган товуш чиқармайди. Ғарамнинг ўртасига келиб ётди, худди овда тулки пойлагандек, ғўзапоя шохлари билан ўзини пана қилди. Ётган жойидан кўримсизгина пастак дарвозахона, лой кўпчиган ҳовли саҳни, айвондан ичкари кириладиган эшик кафтдагидек кўриниб турарди. Шермат шу ётганича қимир этмади, тисир-тисир ёмғир томчиларига қулоқ солиб, кутаверди. Устидаги чакмони ивиб, совуқ томчилар ич-ичига кириб борди, лекин ўлжасининг яқинлашганини сезган ҳассос овчидек заррача ўнғайсизлик сезмас, аксинча, қулай ва иссиқ ўринда ётгандек эди у.

Ёмғир роса авжига чиққанида, ёғоч дарвоза аввал қитирлади, сўнг нам тортган ошиқ-мошиқлари хунук ғийқиллаб очилди. Ҳовлига кимдир шарпадай кириб келди. Уйга яқинлашганида қиёфаси аниқроқ кўринди. Элчибекнинг уст-боши жиққа ҳўл, дир-дир титрар, ёмғир томчилари бош-кўзи аралаш оқар, баданига жиппа ёпишган ҳўл кийими остидан суяклари бўртиб-бўртиб чиқиб турарди. Элчибек айвонда бироз туриб қолди. Айвоннинг бир четида лойи қуримаган картошка уйиб қўйилган, яна бир четида макка сўталари қалашиб ётарди. Ўртага бир этак беҳи ҳам тўкиб қўйилибди. Элчибек қачонлардир ўзи устунга илиб кетган, ёзи билан қуёшда куйиб, титилиб кетаёзган пахтали чопонига юзини босди, тўйиб-тўйиб ҳидлади, балки йиғлагандир ҳам, лекин, юзидаги ёмғир томчиларими ёки кўз ёшларими, билиб бўлмади. Шоша-пиша уст-бошини ечиб, қуруқ чопонга ўранди. Уйига, болалари ёнига киришдан аввал ўзини босиб олиш учунми ё тунд осмонда ниманидир кўрмоқчи бўлибми, айвон четига келди-да, хиргойисининг тўсатдан кучайиб кетганини ҳис қилди. Шу аснода ёмғир ҳам кучайди. У ҳовли ўртасигача келди, лойи кўпчиб турган ерга ўзини ташлаб, тиз чўкди: ичидан қайнаб-тошиб, шиддат билан кўтарилиб келаётган ўша дарду ҳасратни ташига чиқариш учун кўкрагини очиб ташлаб, кўкка юз тутди, бетига тасир-тусур ёмғир томчилари урилаётган пайт оғзини каппа очиб, ҳайқирмоққа чоғланди… Бироқ улгурдими йўқми, ўзи ҳам, нам ҳавода яккаотар милтиғи қадимги пилта милтиқдек чўзиқ ва бўғиқ варанглаб отилган Шермат ҳам, уйқудалигиниям, бедорлигиниям билиб бўлмайдиган қишлоқ аҳли ҳам сезмади. Элчибек фақат кўкрак қафаси тарс ёрилиб кетганини ҳис қилди, холос.

* * *

Болакай ғўзапояни тутамлаб-тутамлаб, жаҳд билан тиззасига қўйиб синдирар, кейин ловуллаган оловга ташларди. Қумғондаги сув билқиллаш арафасида эди. Бироз кутиб, хавотирга тушган чол тандирхонага кирди-да, неварасининг оловга термулганча қандайдир сокин, лекин оғир бир куйни хиргойи қилаётганини кўрди. Аста келиб дағал, лекин илиқ тафтли кафти билан боланинг бошини, пешаносини силади, кафтини юзидан сирғалтириб туширди-да, бармоқларини омбурсимон қилиб, неварасининг лабларини «Жим!» дегандек қилиб қаттиқ қимтиб қўйди.

Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонида босилган.

КУЛДИРГИЧ

– Қанча бўлди касал бўлганингга, Кулдиргич?
– Уч йил.
– Биринчи касал бўлган кунинг зўр-а!? Ҳамма сени кўргани келади!
– Ҳа, ҳақиқатан ҳам, зўр бўлади… роса кўпчилик келади биринчи кунлари. Сендаям шунақа бўлганми, Бойбўта?
– Ҳа, шунақа бўлган, ҳамма қариндошларимиз келган. Бир кунда етти-саккиз киши келарди. Опкелган нарсалардан маза қилардим.
– Менга кичкина аммам қарарди, ўзи ҳам касал эди, лекин рўзғорни эплай оларди. Турмуши бўлмагани учун бизникида яшарди, сиқилавериб, менга ўхшаб касал бўлганди… Характери зўр эди-да, аммо-лекин…

Кейинроқ касал кўргани келган одамлар камаяди. Агар касалинг бирдан ёмонлаб қолса, қариндошларинг яна янгитдан келишни бошлайди.
– Мендаям худди шунақа бўлган! Бориб-бориб ҳеч ким келмай қўяди. Айтдинг-ку, қачон оғирлашиб қолсанг, одамлар яна ҳар куни келишни бошлайди. Охири зерикади шекилли, кам келади, келганлари ҳам фақат қуруқ нон кўтариб келади. Бир куни анча оғир ётганимда бирданига кўп қариндошларимиз келган. Ярим тунгача ўтиришган. Уларнинг гапларини эшитиб ётардим, кўнглим айниб, қайт қилаверганимдан ҳеч нарса емаганман кун бўйи. Улар дастурхон атрофида ўтиришиб пўрр-пўрр овоз чиқариб кўк чой ичар, алланарсаларни ғўнғиллаб гапирарди: уйга худди қовоқари қамалиб қолганга ўхшарди. Баъзан ҳамма жимиб қоларди: қовоқари ойнага урилиб, дераза токчасида турган гултувак ичига қулади деб ўйлардим ўзимча. Онам шунда жимликни бузиб, тўхтовсиз: «Дастурхонга қараб ўтиринглар, меҳмонлар, олинглар, олинглар!» дерди. Кейин отам ҳам қўшилиб «Олинглар, олинглар,» деб қўярди. Энамнинг кўзи кечқурун яхши кўрмасди, лекин у ҳам меҳмонларга «Қани, олмайсизларми? Қаранглар дастурхонга!» дерди. Шунда меҳмонларнинг ҳам «Қани? Қани? Олиб ўтиринглар-чи!» деган овози келарди. Мен ярим тунда улар нима ейишяпти экан деб бош ўгириб қараганимда, дастурхонда қўшнимиз Сойиб тегирмончи куйдириб чиқарган ачимсиқ-тахир ундан ёпилган қора ноннинг қотган бўлтамларидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Нонга ҳеч ким қўл узатмас, лекин ҳамма «Ҳа, оляпмиз!» деб бош ирғаб қўярди, холос. Фақат шаҳарлик тоғам уялганидан қўлига нон олиб, тиши ўтмаганидан чойга ивитиб еб ўтирарди. Шунда тоғам ноннинг гардишини тишлаб ўтирганини кўрдим. «Ҳа, тоғам энди шаҳардан эмас, қишлоқдан уйланар экан», деб ўйладим. Биласанми, Кулдиргич, ноннинг четини тишласанг, қишлоқнинг четидан уйланасан, ўртасидан тишласанг, ўртасидан. Шуни тоғамга айтмоқчи бўлдим, лекин ўшанда тилим айланмаган. Ичим ёмон ачиб, яна қайт қилиб юборганман.

– Комага тушишингдан аввал шунақа бўлар экан, дўхтир айтишича, қонда ацетон кўтарилиб кетиб, бутун баданни заҳарлар экан. Бойбўта, ўзи сен қачон биринчи марта комага тушгансан?
– Икки йил бўлди. Бир кун комада ётганман. Сен комада ётганингда нималар бўлишини биласанми? Мен ҳеч нарса эслай олмайман. Кейин бошқалар сенга нима бўлганини гапириб беради-а?
– Ҳа, шунақа. Комага тушсанг ҳеч нарсани эслолмайсан. Мен эрталаб соат ўнда комага тушганман. Етти соат комада бўлиб, кечга бориб ўзимга келганман. Менга ҳам бошқалар гапириб беришган нима бўлганини. Ўшанда мен жуда кўп югуриб юборганман-да ўзи. Қанақа касалга чалинганимни дўхтирдан эшитган отам билан онам туни билан йиғлаб чиққан. Мен бўлса эрталаб туриб чопаверганман. Адирга чиқиб олиб югурганман. Шувоқларни шатиратиб, чиртиллатиб узиб чопганман, қомғоқларнинг устидан сакраб-сакраб ўтганман, оёқларимни янтоққа юмталатиб югурганман. Шимимнинг почасидан тиззамгача қўйтиканга тўлиб кетган. Мен бетўхтов чопаверганман. Шамолдан, қуюндан ҳам тез чопаётгандек эдим ўшанда. Чопаверсам тузалиб кетаман, деб ўйлаган бўлсам керак-да! Оёқларим қонталаш бўлиб уйга етиб келганман-да, комага тушганман. Аммо-лекин касалхонада ғира–шира бир гавда кўзимга кўринганда, худо бўлса керак, деб ўйлаганим эсимда бор. Кўп югурганим учун менинг олдимга келди, деб ўйлаганман. Кейин билсам, у дўхтир экан. Комадан чиққан пайтим ёнимга келиб: «Мени кўриб кулганинг эсингда қолдими?» деб сўраган.
– Сенга Кулдиргич деб эмас, «Югуронғич» деган лақаб қўйиш керак экан. Лекин укол олганингда ҳам куласан-а, нега?
– Оғримасин деб куламан. Кулаверганимдан кўкрагимга катетер қўймоқчи бўлган ҳамширалар ёмон қийналади, бир гал биттаси жаҳли чиқиб катетерни оёғимдаги томиримга қўйган.

– Ҳозир катетерни қўлдаги томирга ҳам қўяди. Охирги марта реанимацияда ётганимда пластик игнали катетер қўйган, эгиладиган, юмшоқ бўлгани учун қимирлаб кетсанг ҳам оғримайди, темир игна ўша пластик игна ичига тиқилади. Бу ерни реанимацияси яхши экан, дўхтирлари ҳам яхши. Мен ўзимизнинг тумандаги касалхонада ётганимда онам туни билан деразадан қараб ўтирган экан. Эрталаб нега уйга кетмаганини сўрасам, онам «Болам, комада ётганларнинг қонини ўғирлаб сотишади, деб эшитганим бор эди, қонингни, жонингни ойнадан қараб қўриқлаб турдим,» деган. Одамнинг жонини ўғирласа бўладими-а, Кулдиргич?
– Керак бўлса жонингни ҳам ўғирлайди-да! Мен ўтган йили ўзимизда реанимацияга тушганимда саксон ёшли бир момо ёнимда ётганди. Ўша момо нуқул: «Индамай турсанг, жонингни ҳам ўғирлайди булар», деб бақирарди. Менга кўзи тушиб қолса: «Сен тирранча, нима қилиб ётибсан бейда? Тур ўрнингдан, бориб энангни ўчоғига ўт қала, муштдек бошинг билан пишириб қўйибдими сенга бу ерда ётишни?» дерди. Ўша пайт мени яна югургим, шартта кўчага чиқиб кенг далага қараб чопгим келарди. Дим эди-да ҳаво, агар ғизиллаб чопаверсам, кўйлагимнинг этакларидан кўтарилган шамол ҳавони қўзғатиб юборади, деб ўйлаганман. Лекин ўрнимдан туролмаганман. Момо эртасига ўлган. Ҳеч ким билмай қолган ўлганини. Битта янги ишга келган ҳамшира бор эди, ўша келиб момонинг билагига укол қилмоқчи бўлган, аммо лекин терисига игна кирмаган сира. Охири у катта ҳамширани чақириб келган. «Жонинг чиққур, кампир ўлиб бўпти-ку, энди терисига игна кирармиди», деган бўтқа ҳамшира кичкинасига бақириб. Ўшанда момонинг жонини тунда кимдир ўғирлаган бўлиши мумкинмикин, деб ўйлайман баъзан. Чунки реанимациядан кимдир ўлиб чиқади, кимдир тирик чиқади. Худойим ўзи билиб кимнидир жонини бошқа бир зориққанроқ кимсага бериб юборармикин… Киноларда борку, кимнингдир жони қайтиб келади ёки бировнинг жони бошқасига ўтиб қолади. Тўғрими, Бойбўта?
– Ҳа, баъзан ҳайвон ёки қушларга ҳам ўтади, деб эшитганман. Мен қачон қўрқиб кетсам, одамни жони ўлганидан кейин шер ёки йўлбарсга ўтса зўр бўлади-да, деб ўйлардим. Чунки кейин у ҳеч нарсадан қўрқмайди-да.
– Қўрқади барибир. Овчидан қўрқади. Мен тез югураман-ку, шунга жоним шамолга ўтса зўр бўларди, лекин шамолнинг жони бўлармикин, деб ўйлаб қоламан. Қушга ўтсаям ёмон бўлмасди, пирр этиб учасан-да кетасан, ҳеч ким тутолмайди. Хоҳлаган томонингга қараб учасан.
– Жонинг қушга ўтса шўринг қурийди, Кулдиргич! Анови палопонга ўхшаб, ана, қара! Анови мушукни қара, чумчуқ боласини тутиб олибди. Уйидан олиб тушдимикин?
– Чумчуқ эмас, олақанотнинг боласи шекилли. Мушук дарахтнинг учигача чиқолмаса керак. Кечаси роса шамол бўлди-ку, шунда уясидан тушиб кетган. Мушукка текин овқат бўпти-да энди.
– Қара, биздан қизғаняпти. Дарров еб қўя қолса бўлмасмикин, ҳаммага томоша қилдирмай.
– Кўзини қара, қўрқинчли-а, Бойбўта? Нима бўлсаям жонинг шу мушукка ўтмаса бўлди. Этим жимирлаб кетяпти… Хайрият кетди, ҳўв ошхона ортидаги катта темир ўчоқнинг тагига борса керак энди. Қушнинг жони чиқиб бўлгандир ҳозиргача, қаерга кетдийкин, кимга ўтдийкин?..

– Сен бунақа гапларга ишонаверма, фақат киноларда бўлади бунақаси… Лекин жонингни биров ўғирлаб олса, сени ҳам ўғирлайди-да!? Жонинг билан бит¬тасан-ку ахир… Ҳали кечқурун Насиба опаш ғирчиллатиб думбангга игна санчганда ғилтиллаб кўзингдан ёш чиқарсанг, демак, жонинг ўзингники бўлади, ҳи-ҳи-ҳи…
– Ҳа, ўл-а, кул-а! Мен ҳар гал ўзимга инсулин урганимда жоним ўзимда эканимни билиб тураман.
– Сен яхши экансан, Кулдиргич, инсулинни ўзинг оласан. Уйда менга ҳали ҳам ойим укол қилади.
– Авваллари инсулин уколни менга кичкина аммам қиларди. Ўтган йили келганимда шу ердаги ҳамширалар ўргатди. Ўшандан бери ўзимга ўзим укол қила оламан.
– Менга ҳам ўргатишмоқчи, лекин мен сал қўрқяпман.

– Қўрқма, Бойбўта, бу ернинг дўхтирлари яхши, бирпасда ўрганиб оласан. Бу ерда овқатлари ҳам яхши. Менга айниқса котлети ёқади. Нега бизда ҳеч ким шунақа котлет пишира олмас экан-а? Агар кичкина аммам ҳам шу ерда даволана олганда эди, балки котлет пиширишни ҳам ўрганиб олган бўлармиди?
– Нима, амманг бу ерда даволанса бўлмайдими?
– Катталар учун даволаниш пулли, қиммат-ку. Менга бир йилда битта текин брон беради. Отам қишда обкемоқчи эди, кўнмадим. Баҳорда ё ёзда бораман дедим. Қишда совуқни ёмон кўраман, ёзда иссиққа чидолмайман, шамол бўлмайди-да умуман. Мана ҳозир шабадани қара, маза. Агар шунақа шабадага қарши югурсанг янаям маза қиласан. Қани энди ҳозир далага чиқиб чополсам, ортимдан кичкина аммам қичқириб қолардиёв: «Кулдиргичим кулдиргичмас куйдиргич бўлди», деб.
– Нега сенга Кулдиргич деган лақаб қўйишган? Мен ёшлигингдан ҳаммани кулдираверганингдан сени ҳамма Кулдиргич деса керак деб юрардим. Бетингда кулгичинг ҳам йўқ-ку.
– Йўқ, мени эмас, кичкина аммамнинг юзида кулгичи бор. Менга кўп айтарди: «Шу кулгичим бошимга битган бало бўлди», деб. Поччам аммамни кўп урган-да, нимага бегоналарга кулиб қарайсан деб. Лекин аммамнинг юзида худо берган кулгичи бўлса, унда нима айб, тўғрими, Бойбўта? Аслида бизда кулдиргич деб бошқа нарсани айтади. Сен ўзи кулдиргич нималигини биласанми?
– Йўқ, нима эди ўзи у?
– Кулдиргич адирда бўлади, тўпиғинггача ботиб кетадиган бўрсилдоқ майин тупроқда. Писта сотадиган кампирлар дафтарнинг варағини воронка қилиб ўра¬ганини кўрганмисан? Ҳа, худди шунақа шаклда бўлади кулдиргичнинг ини. Чумоли келиб инга сирғалиб тушиб қолганда у тупроқ тагидан чиқиб чумолини пастга, тупроқ ичига тортиб кетади. Ўша ерда еб битиради чумолини.
– Зўр экан-у. Чумоли индамай келиб тушиб қолаверадими тузоққа?
– Ҳамма чумоли ҳам тушавермайди. Ажали етгани тушади-да. Чумоли келиб пастда бир нима бор эканми, деб пайпаслаб кўради. Шунда ин лабидаги тупроқ тўкилиб, ичига чумоли қулаб тушади. Чиқмоқчи бўлади, лекин майин зарра тупроқ ўпирилиб тушаверади. Қизғиш чумолиларнинг баъзиси роса эпчил, кучли бўлади. Оёғи ва бели узунлиги учун тузоқдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Бу пайт кулдиргич тирс-тирс қилиб боши билан чумолига тупроқ отади. Тузоқдан энди чиқаман деган чумоли яна пастга сирғалиб-қулайди. Биз чумоли териб келиб кулдиргичнинг уясига ташлаб пойлаб ўтирардик. Кулдиргич ер тагидан чиқиб келиб чумолини оёғидан пастга торта бошлаганда уя атрофидаги тупроқни шартта ҳовучлаб, қорасақичи иссиқдан билқиллаб турган асфальт йўлга олиб чиқиб тўкардик. Кейин кичкина аммам эскирган уннинг митасини терганга ўхшаб тупроқни кафтимиз билан ёйиб, кулдиргични қидирардик. Топиш қийин эди, канага ўхшаш, лекин кесакранг, калта оёқлари ипдек ингичка, роса хунук нарса бўлади. Ким биринчи топиб олса, ўша дарров кулдиргични товонига эзғилаб суртиб оларди. Тез чопадиган қилади-да у одамни. Кейин катта йўлда кимўзарга чопардик.

– Ростдан ҳам ўша нарса одамни тез югурадиган қиладими?
– …Рост бўлса керак. Товонимга жуда кўп кулдиргич сурганман, чопағонлигим шундан-да. Э, шунақа чопардимки, шамолдан ҳам тез югурганга ўхшардим. Шунга мени аввал ўртоқларим, кейин ҳамма Кулдиргич деб чақирадиган бўлди. Чопағон бўлсанг яхши эди-да, қўйларни қайтариб келишга ҳам улгурардинг. Бировнинг пайкалига қўйинг кириб кетиб, кейин сўкиш эшитмасдинг-да. Биринчи марта касал бўлган куним ҳам роса кўп кулдиргич тутганмиз, кейин роса югурганмиз. Кечқурун ўзимни билмай тўшакка ётиб қолганимда қулоғимга фақат елкамдан ғизиллаб ўтаётган шамолнинг овози ғиз-ғиз этиб эшитиларди, холос. Шунда кичкина аммам айтиб йиғлаганди «Кулдиргичим куйдиргич бўлди» деб…

– Ҳа, зўр нарса экан бу кулдиргичинг. Яхшиям майда нарса, одамларни тортиб кетмайди.
– Энди эсимга тушди, қара, Бойбўта! Комага тушганимда нима бўлганини биринчи марта эслаяпман, шекилли… Ҳа, ўшанда мен кулдиргич эмас, боши айланиб тузоққа тушиб қолган чумолидек эдим назаримда. Тепага эмаклаб чиқмоқчи бўламан, бироқ пастга сирғалиб тушавераман. Бармоқларим орасидан шувиллаб тупроқ тўкилаверади, ҳеч нарсани ушлаб бўлмайди. Пастга қарашга қўрқаман. Калта, ипдек ингичка қўллар оёғимдан тортаётгандек бўлади. Мен чумоли эмас, Кулдиргичман деб бақирмоқчи бўламан, лекин тилим айланмайди. Қўлларимда тупроқни ғижимлаб ушламоқчи бўламан, лекин ушлайдиган ҳеч нарса йўқ. Тепада ғира-шира шарпалар кўринади, лекин тортиб олиш учун ҳеч ким қўлини узатмайди, чақирасан, эшитмайди. Росаям чўзилиб кетади бу, кейин, қани энди ҳаммаси тезроқ тугаса эди дейсан. Ҳа, шунақа, худди шунга ўхшаш бўлганди.
– Э, қойил! Сен ниманидир эслаяпсан-ку, мени эсимда ҳеч нарса қолмаган… Кулдиргич, қара! Анови найнов келяпти, ҳозир бир шумликни бошламаса бўлди…

– Ҳей, пандавақилар! Ҳалиям шўтта валақлашиб ўтирибсанларми? Кетту, қизларни ойнасидан мўралаймиз.
– Кетдик, кетдик! Чоп, Кулдиргич! Ўзиб кет-чи ундан!
– Чопдик, Бойбўта! Қани, ким менга етиб оларкин!?

Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 5-сонида босилган.

034

Muhammad Sharif
IKKI HIKOYA

03

Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. 1988-1993 yillari Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. Hozirgi paytda Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi. Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

035

XIRGOYI

Oʻsha kuni shomga yaqin goh kuchayib, goh sekinlab yogʻayotgan shigʻaloq qor ilkis izchil maromga kirib, mayin shitir-shitiri ila borliqni mungli ohangga toʻldirdi. Chol va kampir shom namozi uchun tahorat oladigan palla edi. Bola toʻsin va siniq shiferlari tutundan qoraygan, devorlari is bosib ketgan tandirxonadagi pastak loyoʻchoqda gʻoʻzapoya yoqib, qumgʻonda suv qaynatdi, qaynoq suvni obdastaga quyib sovuq suv bilan chovushtirdi, keyin kaftiga quyib koʻrdi: bobosi aytganidek, obi-tobida. Obdastani sal naridagi ikki xonali uyning dahliziga eltib qoʻygach, gʻoʻzapoyaning lovullab-charsillab turgan choʻgʻini olovkurakka soldi-da, shoshilinch ichkari uyga eltar ekan, shigʻaloq qor zarralari choʻgʻlarga tushib chirsillar, olov lax-lax qizarib, qor yonayotgandek tuyulardi. Osmonning tund chehrasida, chor-atrofning oqlikka jadal burkanib borishida ham haybatli bir marom va tugallik borday edi. Bola qip-qizil choʻgʻni sandalga solib, ustiga eski kulni tortib qoʻydi-da, oʻzini koʻrpa ostiga urdi. Mazza! Boshqa qiladigan ishi yoʻq, issiq sandalda olovga toblanib yotadi endi.

…U odam qosh qoraya boshlagan mahalda keldi.

Kampir bir tutam isiriqni sandal tagida limillab turgan choʻgʻ ustiga tashlagach, qalin qora satin kamzulining choʻntagidan jimitdek kalit chiqarib, tiqir-tiqir urina-urina mehrobdagi javonni ochib, lash-lushlarni titkilay boshlagan payt edi. Eski gazmollar, qalampirmunchoq va yana allanarsalarning zaif islari isiriqning oʻtkir hidiga qorishib ketgandi. Chol esa jildiga oq surp tortilgan, sargʻayib, titilib ketgan ba’zi sahifalariga qogʻozdan yamoq solingan katta bir kitobni derazadan tushayotgan gʻira-shira yorugʻlikka tutib, shomgacha yana bir-ikki bet oʻqib qolish ilinjida, tashqari allaqachon oqlikka burkanib ulgurgani uchun qosh qoraysa-da, atrof qor yorugʻi bilan yorishgan edi.

Ha, u odam ana shu pallada kirib keldi. Avval yogʻoch darvozaning boʻgʻiq gʻiyqillagani, keyin gʻarch-gʻurch qor bosib kelayotgan qadam tovushlari eshitildi. Dahlizning ostonasiga kelganda telpagidagi qorni qoqdi, qisqa-qisqa yoʻtalib oldi. Nihoyat, ichkari eshik ochilganida pastakkina xonadagi quyuq tutun gup tashqariga urildi. Isiriq tutuni chiqib ketmasin deb, kelguvchi eshikni oshigʻich yopdi, soʻng chol va kampir bilan quyuq soʻrashib, sandalning poygak tomoniga choʻkkalab oʻtirdi, cholning qistovidan keyingina sovqotgan oyoqlarini sandal ichiga oldi. Kampir javondan qand-qurs olib dasturxonga qoʻydi, sandal ustiga yopilgan koʻrpa tagidan qalampir gulli xitoyi choynakni olib, choy quyib uzatdi.

Mehmon tortina-tortina, sekin va sokin ovozda kelishidan maqsadini bayon qildi: «Katta ota, shu desangiz, chamamda uch oylarmi avval, qaydan keldi, nimadan boʻldi, bilmaymanu, ammo menga bir yomon dard yopishdi. Shu deng, dard qurmagʻur kundan-kun zoʻrayib boryapti…»

«Obbo!» dedi sandal koʻrpasi ostida mazza qilib yotgan bolakay: yana bir kasal keldi. Endi bobosi uzundan-uzun duo oʻqib, dam soladi. Toza zerikadigan boʻldim-da, deb mehmondan yuz oʻgirib, shipga termuldi. Shipdagi yoriqlar, lak surilgan fanerning butoq koʻzlari atrofidagi taram-taram ajin-chiziqlarga qarab, oʻzicha allaqanday shakllarni izladi. Bir qarashda parvozga shay qushga, goh shoxdor soqolli echkiga, goh esa qamishzor ichidan moʻralab turgan qanaqadir sharpaga oʻxshatdi. Shu yumush uning sevimli ovunchogʻiga aylangan edi. Yana yangi shakllar izlamoqchi boʻldi, lekin uchqur xayoliga tunov kungi kishi keldi. Sassiq, vajohatli boʻlsa ham oʻsha odam bunisidan koʻra zoʻrroq edi, deb oʻyladi bola. Kunduzlari «eshak oʻldirar» oftob charaqlagan, kechalari qora sovuq turib, kimsasiz koʻchalarda izgʻirin kezayotgan kunlar edi. Onasi uchovlonga kechki ovqatni yedirgach, idish-tovogʻini yigʻishtirib, narigi hovliga chiqib ketgan, bular esa yotish tadorigida ekan, lop etib chiroq yongan, hamma xursand edi. Bir ozdan soʻng koʻchada mashinaning ogʻir toʻxtagani, taraqa-turuq qilib motori oʻchgani eshitildi, zum oʻtmay, suvsar telpak kiygan, pochapoʻstini dogʻ-dugʻ, yuzi qorachadan kelgan bir kishi kirib keldi. U kirishi bilan xonada teri, yogʻqovurdoq, achchiq va oʻtkir tamaki hidi anqidi. Chol bilan qoʻshqoʻllab, kampirga yelka tutib koʻrishgan bu kishi xom yogʻ surtilaverib yaltillab ketgan etigining qoʻnjidan katta dandon sopli pichogʻini chiqarib, sandal ustiga «toʻp» etkizib tashladi:
– Katta ota, mana siz oqsoqollar suv yetti yumalasa, pichoq uch marta yerga suqilsa halol boʻladi deysizlar. Toʻgʻrimi shu gap!? – dedi harsillab. – Agar shu gap toʻgʻri boʻlsa, kitob qarab, isbotini topib bering deb keldim!

Bobosi uning vajohatiga e’tibor bermay: «Shermat bolam, avval bu shashtingdan tush, oʻzingni bos, bir piyola choy ich, keyin nima boʻlganiga quloq tutarmiz», dedi.
– Katta ota, meni har koʻrganingizda el-ulusga qoʻshilib yur, odamlar bilan osh-qatiq boʻl, qoʻni-qoʻshnilarning issiq-sovugʻiga aralash, savobi koʻp deysiz, – dedi Shermat. – Shu bugun gapingizni qulogʻimga olib, Mahmudboyning sabzi qirdisiga bordim. Bilasiz, erta sahar kenjasiga osh beryapti. Borsam uy toʻla odam, dahlizda yoshlar sabzi qiryapti, ichkarida kattalar toʻgʻrayapti, gangir-gungur avjida. El qatori ichkariga kirib, turtinib-surtinib poygakka oʻtirdim, pichogʻimni chiqarib bitta sabzini qoʻlga olganimni bilaman, toʻrda yonboshlab olgan Hakim hisobchi boʻynini choʻzib qoldi. Nima dedi, bilasizmi? «Hoʻy, Shermat, bu pichogʻing bilan tulkining terisini shilgani keldingmi yo elga beriladigan oshga sabzi toʻgʻraganimi?» desa boʻladimi!? El-yurt, katta-kichik oldida lavlagim chiqdi. Dayusni ustiga bostirib borib ta’zirini bermoqchi edim, harqalay yoshi ulugʻ, sizdan ancha kichik boʻlsa ham oqsoqollar davrasiga kirib qolgan, deb indolmadim. Shartta oʻrnimdan turib, bir ulov topib yoningizga kelib turgan joyim edi. Shu, pichoq uch marta yerga sanchilsa halol degan joyini topsangiz, men bilan borib, el oldida shu gapni kitobdagi isboti bilan aytsangiz, deb keldim. Koʻchada moshina tayyor.

Chol miyigʻida kuldi. Shermat bu holdan battar betoqat boʻlib, boʻzardi.
– Shermat bolam, toʻy-ma’rakada ogʻir-engil, hazil-huzul gaplar boʻpturadi. Azaldan el ichida yurganingda bunaqa gaplarga koʻnikarding. Ertaga xalqqa osh berayotgan Mahmudboyning laqabi nimaligini bilasanmi oʻzi? – deb, Shermatga tikildi chol. U hanuz qovogʻi soliq, bosh chayqadi.
– Xalq Mahmudboyning urugʻ-aymogʻiga «tulki» deb laqab qoʻygan. Kirib borishingdan avval davrada bir payrov ketgandirki, Hakim sening bahonangda uni davom ettirgandir? Oʻrningda boshqa odam boʻlganida Hakimga qarab «bir gazanda tulkilarning qonini soʻrib, terisini ustixoniga yopishtirib qoʻyibdi, pichogʻim suyagiga qadalib sindi, boshqasini olib kelaverdim», degan boʻlardi. Boisi, Hakim hisobchining laqabi «kana». El oldida uning ogʻzini yopgan boʻlarding, keyingi gal sen bilan oʻylab gaplashardi. Endi esa bu gaplarga parvo qilma, uyingga borib, qoʻlingga oshpichoq olgin-da, toʻyga qayt, hech narsa boʻlmagandek elga aralashib ketaver. Gapi qattiq botganini sezsa Hakim erta-indin uzrini soʻrab qoʻyar, soʻramasa, yonimga kelganida oʻzim bir nima derman. Sovuqqa chiqsam oyogʻim ogʻriydi, ma’rakalarga bormay qoʻyganman, – dedi chol, shu bilan gap tamom degandek.

Cholning nasihatidan koʻngli toʻlmagani yuz-koʻzidan sezilib turgan Shermat pichogʻini etigining qoʻnjiga tiqib, «mayli, katta ota, aytganingizni qulogʻimga olaman, lekin mavridi kelganda Hakimboyning ham ta’zirini beraman», deb chiqib ketdi.

Chol nevarasiga eshikni ochib uyni shamollatishni buyurdi, keyin kampiriga qarab, «hazilida ham, chinida ham Hakimboy haq», deb qoʻydi.

Bolakay koʻzi sovuq yiltiraydigan, yuzida shiddatli bir ifoda qotib qolgan bu odamni ilk marta yaqindan koʻrganidan hayajonda edi. Shermat bularning hovlisidan ikki koʻcha narida yashar, allaqaerda qorovul boʻlib ishlashidan tashqari ovchilik ham qilardi. Bir qarasa tulki, bir qarasa bedana yoki baliq ovlar edi. Ovlaydigan narsa qolmasa, olaqanotmi, chumchuqmi, yovvoyi kaptarmi, otib kelaverardi. Uyida tozi, ba’zan qopagʻon qozoqi itlar boʻlardi. Odamlar, ayniqsa bolalar eshigining tagidan yurak yutib, oyoq uchida oʻtishardi. Oʻzi koʻchalarda kam koʻrinar, har zamon labining bir chetida allaqachon oʻchib qolgan tamakisini tishlab, yelkasiga qoʻshotarini ilib, eski «Ij» mototsiklini tarillatgancha qishloq koʻchalarida paydo boʻlib qolardi. Kamgapu badqovoq, koʻpchilikka aralashmasdi. Lekin qishloqda kamdan-kam odam kirib chiqadigan hovlisi, yoki oʻsha qoʻrqinchli hovlida uning nimalar bilan mashgʻulligi bolalarni qoʻrqa-pisa devor osha moʻralashdan tiyib turolmasdi. Mahmudboy toʻy bergan kunlari qishloqda chiroq ham yonib qolgan, Shermatning suvsar telpagi, moʻynali yoqasi yorugʻda yal-yal tovlanib, salobatini oshirib turardi.

Biroq, bugun kelgan odam koʻrimsiz, gaplari tushunarsiz, zerikarli edi. Tokchadagi moychiroqdan taralayotgan shu’la goho yuzida oʻynab, botiq koʻzlari yanada ayanchli tus olar, peshonasidagi ajinlari uzun-uzun soya berib qolardi. Bola shiftga qarab yotishdan zerikib, sandalning narigi chetida bobosiga bir nimalarni toʻxtovsiz gapirayotgan bu odamga qayta razm soldi.
– Nega menga keladi bu dard, katta ota? Umrim boʻyi qora mehnatdan boshi chiqmagan shoʻrpeshona boʻlsam?! Yumushim boshimdan oshib yotibdi, ikki oʻgʻil uylashim, uch qiz chiqarishim kerak hali. Sira chidayolmay qoldim bu azobga. Kelaveradi, kelaveradi, hech toʻxtatolmayman qurgʻurni. Avvallari ich-ichimdan sezilar-sezilmas kelardi. Keyin tomogʻimga, undan dimogʻimga koʻchdi, bir maromda, oʻrtab-oʻrtab kelaveradi. Ogʻir, juda ogʻir, yurak-bagʻrim ezilib ketadi, ikki qop bugʻdoyni baravariga koʻtarsam ham bunaqa ezilmayman. Kechalari oʻzimning tovushimdan oʻzim uygʻonib ketaman… kelaveradi-da, ich-ichimdan toʻlib-toshib. Shartta turib ketaman, ogʻilga boraman chiroq koʻtarib, mol-qoʻyning tagini tozalab, bilchillagan goʻngni koʻmir maydasiga aralashtirib, zuvala qilaman, guvaladek-guvaladek qilib bostirma ostiga teraman. U ish tugasa, hovliga chiqib eski oʻrani qayta kovlayman, koʻzim tushgan ishga unnab ketaveraman. Uyda ish qolmasa, kamiga qoʻshnilarning yumushini bajaraman, itdek horib uyga qaytaman, endi yotaman desam, yana kela boshlaydi oʻsha! Tong oqarganda mol yetaklab dalaga otlanaman, kun boʻyi ketmon chopib, qosh qorayganda yelkamda zambildek bir boylam oʻt, burnim yerga tekkudek boʻlib, kamiga bir sigir bilan buzoqni yetaklab uyga qaytaman, biroq oʻsha narsa dimogʻimdan sira ketmaydi. Kechqurun xotin-bola chaqa bilan oʻtirganimda ham kelaveradi… Hamma hayron. Elu yurtga qoʻshilolmay qoldim. Bular-ku, mayli, nari borsa xalq orasida jinni degan nom olarman, lekin ogʻrigʻi-chi!? Zoʻriqishdan qornim, ichaklarim ayozdagi simyogʻoch simlari kabi zirillab titraydi, koʻkraklarim qaqshab, siqilib ogʻriydi, tomogʻim shishib ketadi. Ba’zan tunlari koʻnglim ozib, oʻqchib-oʻqchib qayt qilgim keladi, ariq labiga borib rosa kuchanaman, ichim zardobga toʻla tuyulsa-da, hech vaqo chiqmaydi. Ba’zan koʻkragimni pichoq bilan yorib, shu enagʻar narsani chiqarib yuborgim keladi, lekin qani qurbim yetsa. Bir kuni shunaqa keldiki, amallab tashqari chiqarib yuboray desam, burun va quloqlarimdan qon tizillab otilib chiqdi… – U gapirish asnosida sandal qirrasiga alam bilan mushtini tiradi, mushti ustiga boshini qoʻydi.
– Ichingizdan kelgan narsa xirgoyi ekan-da, oʻgʻlim? – Cholning hamisha oʻychan va sokin chehrasidan bir xavotir qalqib oʻtgandek boʻldi. – Nimani xirgoyi qilasiz? Biror Soʻz bormi?
– Soʻz yoʻq! – u boshini ilkis koʻtardi. – Birorta soʻzi yoʻq, lekin juda-juda ogʻir bir ohang. Mungli deb ham boʻlmaydi, chunki gohida yuragimga taskin beradi, biroq tasalli uzoq davom etmaydi, aksar payt azoblaydi, dilimni tilka-pora qiladi. Goho qanaqadir gʻalati ma’nolarni ilgʻagandek boʻlaman, lekin tushunmayman. Shu azob-uqubat ichida oʻlib ketamanmi deb qoʻrqaman. Bilganim, men bu yukni koʻtaradigan odam emasman, faqat mehnatni, qora mehnatni bilaman xolos… Katta ota! Meni bu azobdan qutqaring. Dam solasizmi, xatmi qur’on qilib oʻqiysizmi, yordam bering, bolalarim yetim qolmasin! – uning nam mijjalari shu’lada yilt-yilt qildi.

Chol uzoq sukutda qoldi. Bolakay bobosini hali bunday gʻussaga botgan holda koʻrmagan edi. Bobosi odatda oʻyga choʻmsa, koʻkragiga tushib turgan oppoq soqolini tutamlab olardi. Hozir esa boshini quyi solib juda uzoq oʻy surib qoldi.

Tashqarida hamon qor boʻralab yogʻar, tun oppoq, butun borliqni kuchli bir ohang egallab, deraza oynasini chertib turgandek edi. Kampir esa jonsarak, nima qilarini bilmay, nevarasiga engashib, boshini silaydi.

Nihoyat, chol nigohini yerdan oldi:
– Kattalardan eshitganim bor ediki, avval ham odamlar shunday dardga yoʻliqishgan ekan. Aytishlaricha, bu dard odamlar boshiga baxt yoki aksincha, kulfat keltirarmish. Elchibek bolam, aytar gapim shuki, senga dam solib, yordam berolmayman. Lekin haqingga har kuni duo qilaman, Xudodan oʻzingni, bolalaringni omonligini tilayman. Joning omon boʻlsin!

Elchibek ingrab yuborgandek boʻldi. Kampirga jonsarak moʻltiradi. Kampir chidab turolmadi, choliga qarab: «Emi-damini qilib qoʻysammikin, nafi tegib qolar?» dedi jonhalak.
– Ha, jon ena, emi-damini qiling, – Elchibek ostonaga emaklab borib, eshikni ochdi, boʻsagʻaga boshini qoʻyib yotib oldi. Kampir hadik bilan choliga qaradi, chol rozilik ishorasida bosh irgʻadi-yu, lekin foydasi yoʻq degan ma’noda ters oʻgirildi. Bolakay qishloqning yigʻloqi goʻdaklari bu ostonada qanday emlanganini koʻp koʻrgan, chinqirab yigʻlab kelganlari burnini shilq-shilq tortgancha onalari qoʻlida miq etmay ketganiga guvoh boʻlgan, lekin kap-katta odamning emlanishi haqiqiy tomosha edi. Kampir eski amirkon kovushini uchidan ushlab, tovonini uch marta yerga urdi, soʻng xuddi shunday harakat bilan Elchibekning ogʻziga ham uch marta urdi, dimogʻida nimalarnidir pichirlab, suf-suf, tuf-tuf, deb qoʻydi. «Tomogʻimga ham uring, ena, tomogʻimga!» deb yolvorardi Elchibek.

* * *

Uchovlon Elchibekni oʻshanda oxirgi marta koʻrishdi. Chol-kampirning yoniga ming bir hasrat bilan keluvchilar Elchibek haqida turli gap-soʻzlarni betoʻxtov yetkazib turishardi. Elchibek endi oʻzini ogʻir mehnat bilan ovutmas, atrofidagi voqealardan, xoh shodiyona, xoh fojia boʻlsin, ajablanmas, xirgoyi qilishini bir lahza boʻlsa-da qoʻymas ekan. Koʻklam kelib, kirchil qor tagida gʻujanak yotgan oʻt-oʻlanlar yashillanib boʻy chiqardi. Tor va biqiq xonalar, chiroqsiz tunlardan bezor boʻlgan odamlar toza bahor havosidan koʻksilarini toʻldirib nafas oldilar. Issiq-sovuq ma’rakalarda Elchibekning yonida turib qolganlar beixtiyor unga qoʻshilayotgani, ba’zan bir uy odam yelkama-elka turib unga joʻr boʻlayotgani haqida mish-mishlar kelardi.

…Biroq ularning xirgoyisida soʻz paydo boʻlgani haqida hali xabarlar yoʻq edi.

Yozning chillasiga yetganda qishloqning ancha-muncha yigitlari Elchibekning dardiga chalingani haqida xavotirli gaplar tarqaldi. Kasallik daragi qishloqdan qishloqqa koʻchib allaqachon shaharga ham yetib borgandi. Bir kuni qishloq noziri yordamchilari bilan Elchibekni oldilariga solgancha shaharga haydab ketgani haqida xabar keldi. Shaharda uni markazdan kelgan olim-shifokorlar koʻrar emish. Biroq ertasiga qishloqda kutilmagan yangilik tarqaldi: Elchibekni shifoxonadan toʻppa-toʻgʻri ruhiy bemorlar kasalxonasiga olib ketishayotganda u bir amallab qochib qopti. Elchibekning kasali xavfli va yuqumli boʻlib, epidemiyaga aylanib ketishi mumkin ekan. Shu sababli yalpi qidiruv e’lon qilinibdi. Qidiruvchilar qishloqning tit-pitisini chiqarib tashlashdi, keyin atrofdagi qiru adirlar, soy boʻyidagi chakalakzorlar oralab qidirishdi. Shermatning kuni tugʻdi, u koʻngilli izquvar boʻlib qidiruvchilarning oldiga tushib, yelkasiga qoʻshotarini ilgancha koʻchalarda dadil qadam tashlab borardi. Biroq, Elchibekning oʻzi tugul iziyam yoʻq edi.

Qidiruv goh susayib, goh kuchayib davom etayotgan kunlarning birida chol, kampir va nevara ayvonda oʻtirishardi. Kampir eski paxtani mitalab oʻtirar, chol peshonasi va boʻynida marjondek tizilgan ter tomchilarini belbogʻi bilan arta-arta kitob oʻqir, qariyalarning yumushini bajarishga shay bolakay esa hozir shatmoq oyogʻiga qoʻngan pashshalarni haydash bilan ovora edi. Darvoza taraqlab ochilib, hassaga tayangancha oh-voh qilib Hakimboy kirib keldi. Kela solib hay-hay deguncha boʻlmay cholga oʻzini tashlab, hoʻngrab yigʻlab yubordi. Yuzi momataloq boʻlib shishib ketgan edi. Chol Hakimboyni zoʻrgʻa yupatdi, keyin «Shermatning ishimi bu?» deb soʻradi xoʻrsinib. Hakimboy zoʻrgʻa oʻzini bosib, hiqillab soʻz boshladi:
– Xonu moningga oʻt tushgur Shermat kecha toʻrttasini ergashtirib hovlimga toʻs-toʻpolon bilan kirib keldi, kelinim, nevaralarim oldida urib-tepkiladi, beobroʻ qilib soʻkdi. Elchibekni shu yashirgan, bular avvaldan osh-qatiq edi deb anovilarni chippa-chin ishontirib yubordi. Topib bermasang, qaerdaligini aytmasang oʻgʻlingni qamoqda chiritaman, kelining tul oʻtadi, nevaralaring tirik yetim boʻladi, deb rosa qoʻrqitdi. Axiyri boqib qoʻygan hoʻkizimni berib qutuldim, – deb yigʻlar edi Hakimboy. Chol uni uzoq yupatdi, koʻpga kelgan dard, bu kunlar ham oʻtib ketadi, Shermat ham jazosini topadi, haromdan kelgani haromga ketadi, dedi. Keyin jildiga oq surp tortilgan kitobidan baytlar oʻqib, qosh qorayguncha Hakimboyni ovutib oʻtirdi:

…Haqni topqon tufroq boʻlib yoʻlda yotar,

Tufroq sifat olam ani bosib oʻtar,
Manmanliklar boshin bosib, tepib ketar,
Bosh koʻtarib anga suxan qilgʻoni yoʻq.

Qul Xoʻja Ahmad, harna boʻlsang faqir boʻlgʻil,

Qayda borsang, boʻyning qisib, haqir boʻlgʻil,
Oshiq boʻlsang, ishq ilgida asir boʻlgil,
Asir boʻlmay hech kim murod tobqoni yoʻq.

…Shermatvoy tanlab-tanlab, qarchigʻaydek changal solib shoʻrini quritgan oilalar soni tobora ortib boraverdi.

* * *

Kech kuz edi. Chol tashqariga tahorat olgani chiqqanida suyaklarining zirqillashidan yomgʻir kelayotganini sezdi. Bir necha kun davomida koʻkda bulutlar yigʻilib, osmon bir xilda kulrang tus oldi, shanba kuniga kelib mayda va sovuq yomgʻir savalab yogʻa boshladi. «Juma yogʻsa shanba tinar, shanba yogʻsa qachon tinar?» deyishadi odamlar bunday kezlarda. Darhaqiqat, yomgʻir bir necha kungacha tinmadi. Paxsayu guvala devorlar tagidan zax urib, koʻp joylarda quladi, ayrimlari yuvilib, yer bagʻirladi. Koʻchalar chilp-chilp loy. Dalalarda yigʻishtirib ulgurilmagan ekinlar, daraxtlaru kuzgi oʻt-oʻlanlar, xazonrezgi bogʻlar ivib, jiqqa hoʻl boʻldi. Yomgʻir esa bir tekis yogʻishda davom etardi. Atrof-javonib yogʻin tovushlariga toʻlgan, qushlar sayramay qoʻyganiga goʻyo koʻp boʻlgan, odamlar esa betoqat, qishloq uzra yomgʻir bilan birga hazin, mungli kuy ham yogʻilayotgandek, tashqari chiqolmay tutoqqan odamlar mana shu kuyga joʻr boʻlishga shaydek edi.

Nevarasi tahorat uchun iliq suv keltirishini kutib ayvonda oʻtirgan chol yomgʻir tomchilarining bir maromdagi sasiga quloq tutar ekan, Elchibekning dardga yoʻliqqaniga ham rosa bir yil toʻlayotganini oʻyladi. Rutubatli tun kirib kelayotganiga qaramay oʻzini yengil sezdi, dilida osoyishtalik tuydi.

Ayni paytda, ikki koʻcha naridagi hovlining eng chetki xonasida loysuvoq devorga qator ilingan tulki terilarini kuyaga qarshi dorilayotgan Shermat ham ilkis ishidan toʻxtadi, savqi tabiiy ila nimanidir sezgandek boʻldi. Uzoq davom etgan yogʻingarchilik va sukunatdan zax tortib ketgan sezgi tomirlari qoʻqqis jonlandi: shoshib tashqari chiqdi, yoniga chopib kelgan tozi itlarining hoʻl boshlarini silagancha, namchil havoni sergaklik ila hidladi. Shalabbo tevarakni koʻzdan kechirgach, uyiga shoshib kirdi, temir javonni ochib, yakkaotar miltigʻini oldi, kuya teshgan junpoʻstakka oʻtirib, milini hafsala bilan tozaladi, soʻng qachonlardir toʻngʻiz otish uchun tayyorlab qoʻygan oʻqini barmoqlarida aylantirib oʻynagancha tun yarimlashini kutdi.

Yarim tunda Shermat miltigʻini qora yelimxaltaga oʻrab koʻchaga chiqdi. Qishloqni bir aylangach, soy yoʻlidagi hovli oldida toʻxtadi, paxsa devor yoqalab yurib, hovlining orqa tomoniga aylanib oʻtdi. Bu yerda ogʻilxona boʻlib, tomiga gʻoʻzapoya bosilgan edi. U mushukdek epchillik bilan namiqib, bir tepsa qulagudek zoʻrgʻa turgan devor ustiga yengil chiqib oldi, undan ogʻilxona tomiga asta koʻtarildi. Gʻoʻzapoya yomgʻirdan ivigan, chirt etgan tovush chiqarmaydi. Gʻaramning oʻrtasiga kelib yotdi, xuddi ovda tulki poylagandek, gʻoʻzapoya shoxlari bilan oʻzini pana qildi. Yotgan joyidan koʻrimsizgina pastak darvozaxona, loy koʻpchigan hovli sahni, ayvondan ichkari kiriladigan eshik kaftdagidek koʻrinib turardi. Shermat shu yotganicha qimir etmadi, tisir-tisir yomgʻir tomchilariga quloq solib, kutaverdi. Ustidagi chakmoni ivib, sovuq tomchilar ich-ichiga kirib bordi, lekin oʻljasining yaqinlashganini sezgan hassos ovchidek zarracha oʻngʻaysizlik sezmas, aksincha, qulay va issiq oʻrinda yotgandek edi u.

Yomgʻir rosa avjiga chiqqanida, yogʻoch darvoza avval qitirladi, soʻng nam tortgan oshiq-moshiqlari xunuk gʻiyqillab ochildi. Hovliga kimdir sharpaday kirib keldi. Uyga yaqinlashganida qiyofasi aniqroq koʻrindi. Elchibekning ust-boshi jiqqa hoʻl, dir-dir titrar, yomgʻir tomchilari bosh-koʻzi aralash oqar, badaniga jippa yopishgan hoʻl kiyimi ostidan suyaklari boʻrtib-boʻrtib chiqib turardi. Elchibek ayvonda biroz turib qoldi. Ayvonning bir chetida loyi qurimagan kartoshka uyib qoʻyilgan, yana bir chetida makka soʻtalari qalashib yotardi. Oʻrtaga bir etak behi ham toʻkib qoʻyilibdi. Elchibek qachonlardir oʻzi ustunga ilib ketgan, yozi bilan quyoshda kuyib, titilib ketayozgan paxtali choponiga yuzini bosdi, toʻyib-toʻyib hidladi, balki yigʻlagandir ham, lekin, yuzidagi yomgʻir tomchilarimi yoki koʻz yoshlarimi, bilib boʻlmadi. Shosha-pisha ust-boshini yechib, quruq choponga oʻrandi. Uyiga, bolalari yoniga kirishdan avval oʻzini bosib olish uchunmi yo tund osmonda nimanidir koʻrmoqchi boʻlibmi, ayvon chetiga keldi-da, xirgoyisining toʻsatdan kuchayib ketganini his qildi. Shu asnoda yomgʻir ham kuchaydi. U hovli oʻrtasigacha keldi, loyi koʻpchib turgan yerga oʻzini tashlab, tiz choʻkdi: ichidan qaynab-toshib, shiddat bilan koʻtarilib kelayotgan oʻsha dardu hasratni tashiga chiqarish uchun koʻkragini ochib tashlab, koʻkka yuz tutdi, betiga tasir-tusur yomgʻir tomchilari urilayotgan payt ogʻzini kappa ochib, hayqirmoqqa chogʻlandi… Biroq ulgurdimi yoʻqmi, oʻzi ham, nam havoda yakkaotar miltigʻi qadimgi pilta miltiqdek choʻziq va boʻgʻiq varanglab otilgan Shermat ham, uyqudaliginiyam, bedorliginiyam bilib boʻlmaydigan qishloq ahli ham sezmadi. Elchibek faqat koʻkrak qafasi tars yorilib ketganini his qildi, xolos.

* * *

Bolakay gʻoʻzapoyani tutamlab-tutamlab, jahd bilan tizzasiga qoʻyib sindirar, keyin lovullagan olovga tashlardi. Qumgʻondagi suv bilqillash arafasida edi. Biroz kutib, xavotirga tushgan chol tandirxonaga kirdi-da, nevarasining olovga termulgancha qandaydir sokin, lekin ogʻir bir kuyni xirgoyi qilayotganini koʻrdi. Asta kelib dagʻal, lekin iliq taftli kafti bilan bolaning boshini, peshanosini siladi, kaftini yuzidan sirgʻaltirib tushirdi-da, barmoqlarini ombursimon qilib, nevarasining lablarini «Jim!» degandek qilib qattiq qimtib qoʻydi.

KULDIRGICH

– Qancha bo‘ldi kasal bo‘lganingga, Kuldirgich?
– Uch yil.
– Birinchi kasal bo‘lgan kuning zo‘r-a!? Hamma seni ko‘rgani keladi!
– Ha, haqiqatan ham, zo‘r bo‘ladi… rosa ko‘pchilik keladi birinchi kunlari. Sendayam shunaqa bo‘lganmi, Boybo‘ta?
– Ha, shunaqa bo‘lgan, hamma qarindoshlarimiz kelgan. Bir kunda yetti-sakkiz kishi kelardi. Opkelgan narsalardan maza qilardim.
– Menga kichkina ammam qarardi, o‘zi ham kasal edi, lekin ro‘zg‘orni eplay olardi. Turmushi bo‘lmagani uchun biznikida yashardi, siqilaverib, menga o‘xshab kasal bo‘lgandi… Xarakteri zo‘r edi-da, ammo-lekin… Keyinroq kasal ko‘rgani kelgan odamlar kamayadi. Agar kasaling birdan yomonlab qolsa, qarindoshlaring yana yangitdan kelishni boshlaydi.
– Mendayam xuddi shunaqa bo‘lgan! Borib-borib hech kim kelmay qo‘yadi. Aytding-ku, qachon og‘irlashib qolsang, odamlar yana har kuni kelishni boshlaydi. Oxiri zerikadi shekilli, kam keladi, kelganlari ham faqat quruq non ko‘tarib keladi. Bir kuni ancha og‘ir yotganimda birdaniga ko‘p qarindoshlarimiz kelgan. Yarim tungacha o‘tirishgan. Ularning gaplarini eshitib yotardim, ko‘nglim aynib, qayt qilaverganimdan hech narsa yemaganman kun bo‘yi. Ular dasturxon atrofida o‘tirishib po‘rr-po‘rr ovoz chiqarib ko‘k choy ichar, allanarsalarni g‘o‘ng‘illab gapirardi: uyga xuddi qovoqari qamalib qolganga o‘xshardi. Ba’zan hamma jimib qolardi: qovoqari oynaga urilib, deraza tokchasida turgan gultuvak ichiga quladi deb o‘ylardim o‘zimcha. Onam shunda jimlikni buzib, to‘xtovsiz: «Dasturxonga qarab o‘tiringlar, mehmonlar, olinglar, olinglar!» derdi. Keyin otam ham qo‘shilib «Olinglar, olinglar,» deb qo‘yardi. Enamning ko‘zi kechqurun yaxshi ko‘rmasdi, lekin u ham mehmonlarga «Qani, olmaysizlarmi? Qaranglar dasturxonga!» derdi. Shunda mehmonlarning ham «Qani? Qani? Olib o‘tiringlar-chi!» degan ovozi kelardi. Men yarim tunda ular nima yeyishyapti ekan deb bosh o‘girib qaraganimda, dasturxonda qo‘shnimiz Soyib tegirmonchi kuydirib chiqargan achimsiq-taxir undan yopilgan qora nonning qotgan bo‘ltamlaridan boshqa hech narsa yo‘q edi. Nonga hech kim qo‘l uzatmas, lekin hamma «Ha, olyapmiz!» deb bosh irg‘ab qo‘yardi, xolos. Faqat shaharlik tog‘am uyalganidan qo‘liga non olib, tishi o‘tmaganidan choyga ivitib yeb o‘tirardi. Shunda tog‘am nonning gardishini tishlab o‘tirganini ko‘rdim. «Ha, tog‘am endi shahardan emas, qishloqdan uylanar ekan», deb o‘yladim. Bilasanmi, Kuldirgich, nonning chetini tishlasang, qishloqning chetidan uylanasan, o‘rtasidan tishlasang, o‘rtasidan. Shuni tog‘amga aytmoqchi bo‘ldim, lekin o‘shanda tilim aylanmagan. Ichim yomon achib, yana qayt qilib yuborganman.
– Komaga tushishingdan avval shunaqa bo‘lar ekan, do‘xtir aytishicha, qonda atseton ko‘tarilib ketib, butun badanni zaharlar ekan. Boybo‘ta, o‘zi sen qachon birinchi marta komaga tushgansan?
– Ikki yil bo‘ldi. Bir kun komada yotganman. Sen komada yotganingda nimalar bo‘lishini bilasanmi? Men hech narsa eslay olmayman. Keyin boshqalar senga nima bo‘lganini gapirib beradi-a?
– Ha, shunaqa. Komaga tushsang hech narsani eslolmaysan. Men ertalab soat o‘nda komaga tushganman. Yetti soat komada bo‘lib, kechga borib o‘zimga kelganman. Menga ham boshqalar gapirib berishgan nima bo‘lganini. O‘shanda men juda ko‘p yugurib yuborganman-da o‘zi. Qanaqa kasalga chalinganimni do‘xtirdan eshitgan otam bilan onam tuni bilan yig‘lab chiqqan. Men bo‘lsa ertalab turib chopaverganman. Adirga chiqib olib yugurganman. Shuvoqlarni shatiratib, chirtillatib uzib chopganman, qomg‘oqlarning ustidan sakrab-sakrab o‘tganman, oyoqlarimni yantoqqa yumtalatib yugurganman. Shimimning pochasidan tizzamgacha qo‘ytikanga to‘lib ketgan. Men beto‘xtov chopaverganman. Shamoldan, quyundan ham tez chopayotgandek edim o‘shanda. Chopaversam tuzalib ketaman, deb o‘ylagan bo‘lsam kerak-da! Oyoqlarim qontalash bo‘lib uyga yetib kelganman-da, komaga tushganman. Ammo-lekin kasalxonada g‘ira–shira bir gavda ko‘zimga ko‘ringanda, xudo bo‘lsa kerak, deb o‘ylaganim esimda bor. Ko‘p yugurganim uchun mening oldimga keldi, deb o‘ylaganman. Keyin bilsam, u do‘xtir ekan. Komadan chiqqan paytim yonimga kelib: «Meni ko‘rib kulganing esingda qoldimi?» deb so‘ragan.
– Senga Kuldirgich deb emas, «Yugurong‘ich» degan laqab qo‘yish kerak ekan. Lekin ukol olganingda ham kulasan-a, nega?
– Og‘rimasin deb kulaman. Kulaverganimdan ko‘kragimga kateter qo‘ymoqchi bo‘lgan hamshiralar yomon qiynaladi, bir gal bittasi jahli chiqib kateterni oyog‘imdagi tomirimga qo‘ygan.
– Hozir kateterni qo‘ldagi tomirga ham qo‘yadi. Oxirgi marta reanimatsiyada yotganimda plastik ignali kateter qo‘ygan, egiladigan, yumshoq bo‘lgani uchun qimirlab ketsang ham og‘rimaydi, temir igna o‘sha plastik igna ichiga tiqiladi. Bu yerni reanimatsiyasi yaxshi ekan, do‘xtirlari ham yaxshi. Men o‘zimizning tumandagi kasalxonada yotganimda onam tuni bilan derazadan qarab o‘tirgan ekan. Ertalab nega uyga ketmaganini so‘rasam, onam «Bolam, komada yotganlarning qonini o‘g‘irlab sotishadi, deb eshitganim bor edi, qoningni, joningni oynadan qarab qo‘riqlab turdim,» degan. Odamning jonini o‘g‘irlasa bo‘ladimi-a, Kuldirgich?
– Kerak bo‘lsa joningni ham o‘g‘irlaydi-da! Men o‘tgan yili o‘zimizda reanimatsiyaga tushganimda sakson yoshli bir momo yonimda yotgandi. O‘sha momo nuqul: «Indamay tursang, joningni ham o‘g‘irlaydi bular», deb baqirardi. Menga ko‘zi tushib qolsa: «Sen tirrancha, nima qilib yotibsan beyda? Tur o‘rningdan, borib enangni o‘chog‘iga o‘t qala, mushtdek boshing bilan pishirib qo‘yibdimi senga bu yerda yotishni?» derdi. O‘sha payt meni yana yugurgim, shartta ko‘chaga chiqib keng dalaga qarab chopgim kelardi. Dim edi-da havo, agar g‘izillab chopaversam, ko‘ylagimning etaklaridan ko‘tarilgan shamol havoni qo‘zg‘atib yuboradi, deb o‘ylaganman. Lekin o‘rnimdan turolmaganman. Momo ertasiga o‘lgan. Hech kim bilmay qolgan o‘lganini. Bitta yangi ishga kelgan hamshira bor edi, o‘sha kelib momoning bilagiga ukol qilmoqchi bo‘lgan, ammo lekin terisiga igna kirmagan sira. Oxiri u katta hamshirani chaqirib kelgan. «Joning chiqqur, kampir o‘lib bo‘pti-ku, endi terisiga igna kirarmidi», degan bo‘tqa hamshira kichkinasiga baqirib. O‘shanda momoning jonini tunda kimdir o‘g‘irlagan bo‘lishi mumkinmikin, deb o‘ylayman ba’zan. Chunki reanimatsiyadan kimdir o‘lib chiqadi, kimdir tirik chiqadi. Xudoyim o‘zi bilib kimnidir jonini boshqa bir zoriqqanroq kimsaga berib yuborarmikin… Kinolarda borku, kimningdir joni qaytib keladi yoki birovning joni boshqasiga o‘tib qoladi. To‘g‘rimi, Boybo‘ta?
– Ha, ba’zan hayvon yoki qushlarga ham o‘tadi, deb eshitganman. Men qachon qo‘rqib ketsam, odamni joni o‘lganidan keyin sher yoki yo‘lbarsga o‘tsa zo‘r bo‘ladi-da, deb o‘ylardim. Chunki keyin u hech narsadan qo‘rqmaydi-da.
– Qo‘rqadi baribir. Ovchidan qo‘rqadi. Men tez yuguraman-ku, shunga jonim shamolga o‘tsa zo‘r bo‘lardi, lekin shamolning joni bo‘larmikin, deb o‘ylab qolaman. Qushga o‘tsayam yomon bo‘lmasdi, pirr etib uchasan-da ketasan, hech kim tutolmaydi. Xohlagan tomoningga qarab uchasan.
– Joning qushga o‘tsa sho‘ring quriydi, Kuldirgich! Anovi paloponga o‘xshab, ana, qara! Anovi mushukni qara, chumchuq bolasini tutib olibdi. Uyidan olib tushdimikin?
– Chumchuq emas, olaqanotning bolasi shekilli. Mushuk daraxtning uchigacha chiqolmasa kerak. Kechasi rosa shamol bo‘ldi-ku, shunda uyasidan tushib ketgan. Mushukka tekin ovqat bo‘pti-da endi.
– Qara, bizdan qizg‘anyapti. Darrov yeb qo‘ya qolsa bo‘lmasmikin, hammaga tomosha qildirmay.
– Ko‘zini qara, qo‘rqinchli-a, Boybo‘ta? Nima bo‘lsayam joning shu mushukka o‘tmasa bo‘ldi. Etim jimirlab ketyapti… Xayriyat ketdi, ho‘v oshxona ortidagi katta temir o‘choqning tagiga borsa kerak endi. Qushning joni chiqib bo‘lgandir hozirgacha, qaerga ketdiykin, kimga o‘tdiykin?..
– Sen bunaqa gaplarga ishonaverma, faqat kinolarda bo‘ladi bunaqasi… Lekin joningni birov o‘g‘irlab olsa, seni ham o‘g‘irlaydi-da!? Joning bilan bit­tasan-ku axir… Hali kechqurun Nasiba opash g‘irchillatib dumbangga igna sanchganda g‘iltillab ko‘zingdan yosh chiqarsang, demak, joning o‘zingniki bo‘ladi, hi-hi-hi…
– Ha, o‘l-a, kul-a! Men har gal o‘zimga insulin urganimda jonim o‘zimda ekanimni bilib turaman.
– Sen yaxshi ekansan, Kuldirgich, insulinni o‘zing olasan. Uyda menga hali ham oyim ukol qiladi.
– Avvallari insulin ukolni menga kichkina ammam qilardi. O‘tgan yili kelganimda shu yerdagi hamshiralar o‘rgatdi. O‘shandan beri o‘zimga o‘zim ukol qila olaman.
– Menga ham o‘rgatishmoqchi, lekin men sal qo‘rqyapman.
– Qo‘rqma, Boybo‘ta, bu yerning do‘xtirlari yaxshi, birpasda o‘rganib olasan. Bu yerda ovqatlari ham yaxshi. Menga ayniqsa kotleti yoqadi. Nega bizda hech kim shunaqa kotlet pishira olmas ekan-a? Agar kichkina ammam ham shu yerda davolana olganda edi, balki kotlet pishirishni ham o‘rganib olgan bo‘larmidi?
– Nima, ammang bu yerda davolansa bo‘lmaydimi?
– Kattalar uchun davolanish pulli, qimmat-ku. Menga bir yilda bitta tekin bron beradi. Otam qishda obkemoqchi edi, ko‘nmadim. Bahorda yo yozda boraman dedim. Qishda sovuqni yomon ko‘raman, yozda issiqqa chidolmayman, shamol bo‘lmaydi-da umuman. Mana hozir shabadani qara, maza. Agar shunaqa shabadaga qarshi yugursang yanayam maza qilasan. Qani endi hozir dalaga chiqib chopolsam, ortimdan kichkina ammam qichqirib qolardiyov: «Kuldirgichim kuldirgichmas kuydirgich bo‘ldi», deb.
– Nega senga Kuldirgich degan laqab qo‘yishgan? Men yoshligingdan hammani kuldiraverganingdan seni hamma Kuldirgich desa kerak deb yurardim. Betingda kulgiching ham yo‘q-ku.
– Yo‘q, meni emas, kichkina ammamning yuzida kulgichi bor. Menga ko‘p aytardi: «Shu kulgichim boshimga bitgan balo bo‘ldi», deb. Pochcham ammamni ko‘p urgan-da, nimaga begonalarga kulib qaraysan deb. Lekin ammamning yuzida xudo bergan kulgichi bo‘lsa, unda nima ayb, to‘g‘rimi, Boybo‘ta? Aslida bizda kuldirgich deb boshqa narsani aytadi. Sen o‘zi kuldirgich nimaligini bilasanmi?
– Yo‘q, nima edi o‘zi u?
– Kuldirgich adirda bo‘ladi, to‘pig‘inggacha botib ketadigan bo‘rsildoq mayin tuproqda. Pista sotadigan kampirlar daftarning varag‘ini voronka qilib o‘ra­ganini ko‘rganmisan? Ha, xuddi shunaqa shaklda bo‘ladi kuldirgichning ini. Chumoli kelib inga sirg‘alib tushib qolganda u tuproq tagidan chiqib chumolini pastga, tuproq ichiga tortib ketadi. O‘sha yerda yeb bitiradi chumolini.
– Zo‘r ekan-u. Chumoli indamay kelib tushib qolaveradimi tuzoqqa?
– Hamma chumoli ham tushavermaydi. Ajali yetgani tushadi-da. Chumoli kelib pastda bir nima bor ekanmi, deb paypaslab ko‘radi. Shunda in labidagi tuproq to‘kilib, ichiga chumoli qulab tushadi. Chiqmoqchi bo‘ladi, lekin mayin zarra tuproq o‘pirilib tushaveradi. Qizg‘ish chumolilarning ba’zisi rosa epchil, kuchli bo‘ladi. Oyog‘i va beli uzunligi uchun tuzoqdan chiqib ketishi ham mumkin. Bu payt kuldirgich tirs-tirs qilib boshi bilan chumoliga tuproq otadi. Tuzoqdan endi chiqaman degan chumoli yana pastga sirg‘alib-qulaydi. Biz chumoli terib kelib kuldirgichning uyasiga tashlab poylab o‘tirardik. Kuldirgich yer tagidan chiqib kelib chumolini oyog‘idan pastga torta boshlaganda uya atrofidagi tuproqni shartta hovuchlab, qorasaqichi issiqdan bilqillab turgan asfalt yo‘lga olib chiqib to‘kardik. Keyin kichkina ammam eskirgan unning mitasini terganga o‘xshab tuproqni kaftimiz bilan yoyib, kuldirgichni qidirardik. Topish qiyin edi, kanaga o‘xshash, lekin kesakrang, kalta oyoqlari ipdek ingichka, rosa xunuk narsa bo‘ladi. Kim birinchi topib olsa, o‘sha darrov kuldirgichni tovoniga ezg‘ilab surtib olardi. Tez chopadigan qiladi-da u odamni. Keyin katta yo‘lda kimo‘zarga chopardik.
– Rostdan ham o‘sha narsa odamni tez yuguradigan qiladimi?
– …Rost bo‘lsa kerak. Tovonimga juda ko‘p kuldirgich surganman, chopag‘onligim shundan-da. E, shunaqa chopardimki, shamoldan ham tez yugurganga o‘xshardim. Shunga meni avval o‘rtoqlarim, keyin hamma Kuldirgich deb chaqiradigan bo‘ldi. Chopag‘on bo‘lsang yaxshi edi-da, qo‘ylarni qaytarib kelishga ham ulgurarding. Birovning paykaliga qo‘ying kirib ketib, keyin so‘kish eshitmasding-da. Birinchi marta kasal bo‘lgan kunim ham rosa ko‘p kuldirgich tutganmiz, keyin rosa yugurganmiz. Kechqurun o‘zimni bilmay to‘shakka yotib qolganimda qulog‘imga faqat yelkamdan g‘izillab o‘tayotgan shamolning ovozi g‘iz-g‘iz etib eshitilardi, xolos. Shunda kichkina ammam aytib yig‘lagandi «Kuldirgichim kuydirgich bo‘ldi» deb…
– Ha, zo‘r narsa ekan bu kuldirgiching. Yaxshiyam mayda narsa, odamlarni tortib ketmaydi.
– Endi esimga tushdi, qara, Boybo‘ta! Komaga tushganimda nima bo‘lganini birinchi marta eslayapman, shekilli… Ha, o‘shanda men kuldirgich emas, boshi aylanib tuzoqqa tushib qolgan chumolidek edim nazarimda. Tepaga emaklab chiqmoqchi bo‘laman, biroq pastga sirg‘alib tushaveraman. Barmoqlarim orasidan shuvillab tuproq to‘kilaveradi, hech narsani ushlab bo‘lmaydi. Pastga qarashga qo‘rqaman. Kalta, ipdek ingichka qo‘llar oyog‘imdan tortayotgandek bo‘ladi. Men chumoli emas, Kuldirgichman deb baqirmoqchi bo‘laman, lekin tilim aylanmaydi. Qo‘llarimda tuproqni g‘ijimlab ushlamoqchi bo‘laman, lekin ushlaydigan hech narsa yo‘q. Tepada g‘ira-shira sharpalar ko‘rinadi, lekin tortib olish uchun hech kim qo‘lini uzatmaydi, chaqirasan, eshitmaydi. Rosayam cho‘zilib ketadi bu, keyin, qani endi hammasi tezroq tugasa edi deysan. Ha, shunaqa, xuddi shunga o‘xshash bo‘lgandi.
– E, qoyil! Sen nimanidir eslayapsan-ku, meni esimda hech narsa qolmagan… Kuldirgich, qara! Anovi naynov kelyapti, hozir bir shumlikni boshlamasa bo‘ldi…
– Hey, pandavaqilar! Haliyam sho‘tta valaqlashib o‘tiribsanlarmi? Kettu, qizlarni oynasidan mo‘ralaymiz.
– Ketdik, ketdik! Chop, Kuldirgich! O‘zib ket-chi undan!
– Chopdik, Boybo‘ta! Qani, kim menga yetib olarkin!?

«Sharq yulduzi» jurnalining 2012 yil 5-sonidan olindi.

078

(Tashriflar: umumiy 368, bugungi 1)

Izoh qoldiring