Muhammad Sharif. «Uoll strit». Hikoya

001    Акмал акаси келаётгани ҳақидаги хабарини илғаб-илғамай пешонаси қаттиқ тиришди, бироқ қўлида болта кўтариб олганмиш, деган гапдан кўзлари мошдек очилди. Эрталабдан бир бало бошланади шекилли, деган совуқ ўйдан бадани жимирлаб кетди. Хотини ҳамон оёғи куйган товуқдек ҳовлини гир айланиб типирчилайди, «Вой худойим-эй, ўлдириб қўйса-я!?» дея тинимсиз жаврайди, бир уйга киради, бир чиқади, рўмолини қайта-қайта танғийди, силлиқ шойи мато яна бошидан сирғалиб тушаверади.

Муҳаммад ШАРИФ
«УОЛЛ СТРИТ»
09

07Адиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган.  1988-1993 йиллари Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. Ҳозирги пайтда Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади. Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

09

– Войдод, вой ўлай! Болта кўтариб келаётганмиш! Энди нима қиламиз? — Ўттизга ўрлаб қўйган жувон темир дарвозани даранглатиб ёпиб кирди-да, қўлидаги чўлтоқ супургини четга улоқтириб, катта даҳага кирган қуртдек пишиллаб ётган эрини титраб-қақшаганча уйғотишга тушди. – Войдод! Турсангиз-чи ғафлат босмай! Акангиз келаётганмиш, қўлида болта кўтариб! Вой шўрим… войдод, одамлар, энди нима бўлади?!
Жувон ҳовли ўртасидаги темирдан ясалган ҳалинчак-каравотда қўлларини икки ёнга ланг ташлаб хуррак отаётган эрининг елкасидан қаттиқ-қаттиқ силтади. Турткининг кучидан каравот лапанглаб, ғижирлаганча нари бориб, бери келди. Каравот чайқалганида Акмалнинг қўллари уруғлай бошлаган садарайҳонларни дув силкитди. Ҳовли қуюқ райҳон ҳидига тўлди.

Акмал акаси келаётгани ҳақидаги хабарини илғаб-илғамай пешонаси қаттиқ тиришди, бироқ қўлида болта кўтариб олганмиш, деган гапдан кўзлари мошдек очилди. Эрталабдан бир бало бошланади шекилли, деган совуқ ўйдан бадани жимирлаб кетди. Хотини ҳамон оёғи куйган товуқдек ҳовлини гир айланиб типирчилайди, «Вой худойим-эй, ўлдириб қўйса-я!?» дея тинимсиз жаврайди, бир уйга киради, бир чиқади, рўмолини қайта-қайта танғийди, силлиқ шойи мато яна бошидан сирғалиб тушаверади.

Акмал қўлларини мушт қилиб пешонасига тираганча ўйланиб қолди, кейин оғир уф тортиб каравотдан турди. Қачондир охири бўлиши керак-ку бунинг, бор-э, бошга тушганни кўз кўрар, нима бўлса бўлди, бу ёғи энди худодан – шу фикр билан у ўзини босиб олишга уринди, тамбаланган темир дарвозага югурик нигоҳ ташлади, ҳовли этагидаги оғилхонага кириб, бир қўлида эски болта, иккинчисида синган кетмон сопини кўтариб чиқди, уларни дарвозахона деворига суяб қўйди. Хотини аллақаердан бешлик топиб келди.

– Қараб ўтираверамизми? Мен милиса чақираман! – деди хотини.
– Агар акам қамалса, иккита боласини олиб келиб қўлингга тутқазаман, ўзинг боқасан! – Акмалнинг бу гапидан кейин хотинининг овози ўчди. – Нега тўрсайиб турибсан, уйга кир, дамингни чиқарма, агар остона ҳатлаб ташқари чиқсанг бошингни ёраман. Болаларни тез энангникига жўнатвор. Ҳа, айтганча, Акромни уйғот, дарров чиқсин.

Бир оздан сўнг янгасининг авзойидан салкам ўтакаси ёрилган Акром туфлисининг иккинчи пойини оёғига илиб-илмай акасининг ёнига ҳаккалаб келди.
– Сен қоч, Акром. Тез қоч! Эрталабдан қайгаям борардинг… Ҳа, Сайидазимнинг дўконига яширин. У дўконини азонлаб очади.
– Сиз-чи, сизга нима бўлади? — деди Акром кўзлари чақчайиб.
– Мен билан ишинг бўлмасин, бу ёғига худо пошшо!
Акмал тақдирга тан берган, акаси шу келишида бошида тегирмон тоши юргизса ҳам чидаши кераклигини билади.

Уч ака-ука отадан етим қолибдики, катта ўғил Адҳамнинг калтаги укаларининг бошида синади. Бироқ қачонгача?! Аканинг шундай таъзирини берсинки, қайтиб қўл кўтаришга журъат топа олмасин. Лекин бу гал қўлида болта бўлса, иш чатоқ. Нима жин урди экан?

Ҳаким пахсакаш хотинидан айрилгач, уч ўғлини лойхонада катта қилди, дейилса сира муболаға бўлмас. Ён-атрофдаги қишлоқларда унинг қўлидан чиқмаган пахса девор кам. Кейинроқ болаларини ёнида олиб юрадиган бўлди. Энди у пахса урганда болалари лой тепиб беради. Кенжаси нимжонроқ бўлганидан лойхонага тушмас, акалари лой тепса, у лойпанғиллоқ ўйнарди. Шунданми, Акром лойи пишмаган пахсадек салга тўкилгудек, бўшангроқ кўринади. Адҳам билан Акмал аксинча, болалигидан лой тепиб катта бўлгани боис оёқлари узун-узун, тўрт пахса баландликка ҳам лойни ўйнаб отадиган билаги ва бели бақувват йигитлар бўлиб етишди. Бироқ катта ўғил Адҳам бадфеъл, дийдаси тошдек қаттиқ, ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмонига ёпишадиган, бермаса тутиб урадиган жаҳлдор кимсага айланди. Арақ ичиб олганида Адҳамнинг одамлик сиёқи қолмасди, кўзига салгина ёқмай турган кимсани урмасдан қўймас эди. Зўрдан зўр кўп, дейишади, лекин бу гап Адҳамга тегишли эмасди, оломон-калтак орасига тушиб қолганда ҳам гавдасини ғоз тутиб чиқарди.

Адҳам орада бир-икки марта ўн беш суткадан қамалиб чиқса-да, мулла бўлмади, қайтага бир одамга қаттиқроқ жароҳат етказиб, бир йилга қамалди. Қамоқдан чиқиб келган куниёқ хотинини калтаклади, кейин укалари, тоғаси ва амакисини тутиб урди. Бир йил ичида бирортаси Адҳамни кўргани бормаганмиш! Нега борсин ахир, у қамоқдалигида еттиёт бегоналар нари турсин, ғалвадан қутулган хеш-хўшларнинг ҳаммаси бирдек дўпписини осмонга отиб юрган бўлса!

Адҳам анойилардан эмас, энди ичиб маст бўлганида бегонага тегмай, фақат қариндошларини уришга одатланди. Тўғри-да, улар уйдаги гап кўчага чиқмасин дегандек милисига чопиб бормайди, Адҳам болаларини чирқиратиб яна қамалиб кетмасин, дейди-да. Лекин оғирлик Акмалга тушди, у ҳам қараб турмайди, кучи етганича олишса-да, ака барибир акалик қилади. Бир томондан, энг кичик Акромга-да осон тутиб бўлмасди, умрида бировга мушт кўтармаган заифгина ўспирин бола ҳали. Адҳам ичиб олса уни аямай уради, «мушт қайтар менга», дейди, қўрқа-писа акасига бир-икки мушт қайтарса, «муштинг қизларникидан ҳам юмшоқ», деб калтаклайди, қайтармаса, «ҳезалак» деб яна баттар дўппослайди.

Акмал укаси Акромни олиб Россияга ишга жўнаворди ва шу тариқа аканинг мунтазам зуғумидан қочиб қутулишди. Ака-укалар баъзан бир йилда, гоҳо олти ойда бир келиб, отасидан қолган эски уйни бузиб, янгитдан қуришга бел боғлашди. Акмалнинг режаси аввал ўз уй-жойини битириб олганидан кейин укасини уйлаб, унга ҳам бир иморат солиш эди. Мусофирчилик, юрт, уй соғинчи кўнгилни юмшатар экан, ора-сира акасига пул жўнатиб турди. Майли, акам-ку барибир одам бўлмайди, лекин болалари қийналмасин, деди.

Бироқ орада кутилмаган воқеа юз бериб, тинч ҳаёт издан чиқди. У Россияда эканида акаси дабдуруст қўнғироқ қилди: «Хотининг шаҳарга тушиб бегона эркак билан шашликхўрлик қилибди, ўз кўзи билан кўрганлар бор экан», деди жони ҳалқумига тиқилиб. Ўша пайт йигирма бешинчи қаватда ғишт ураётган Акмал ғазабдан кўкарди, қўлидаги қизил ғишт уқаланиб кетди. У сира кечиктирмасдан хотинининг телефон рақамига смс-нома йўллаб, катта ҳарфлар билан «ТАЛОҚСАН!» деб ёзворди. Хотини ҳам бир зум кечиктирмай отасининг уйига жўнаворди. Акмал сафардан қайтгач хотини билан олти ой гаплашмади. Лекин маҳалла-кўй ўртага тушиб, эр-хотинни яраштириб қўйди. Хотини ҳам ялиниб-ёлвориб, худонинг зорини қилди: «Худо урсин, шаҳарга ҳисобот топширгани борган эдим, бошқармадагилар билан тушликка чиққандим, холос. Тил тортмай ўлай агар, бошқа бир гап бўлган бўлса». Хотини кичик бир идорада ҳисобчи эди, уйим бузилмасин деб ишдан бўшаб олди.

Бироқ ака норози бўлди. Хотини билан ярашган куни ичиб келиб Акмални ўлгудек дўппослади. Авваллари акаси сал аяб урар экан, бу гал аямади. Акмал моматалоқ юзига малҳам босаётган хотинига тикилар экан, майли, оилам бузилиб, болаларим етим қолмади-ку, дея ўзини юпатди.

Авваллари Адҳам биров билан жанжал бошлаганда ажратиб қўювчилар топилиб турарди, бироқ ўртага тушганларнинг кимисидир тишидан айрилиб, бошқасининг лунжи шишиб, яна бири елкасини чиқариб олгач, ҳамма томошабинга айланди-қўйди. Адҳам кейинчалик кўпроқ укаси билан жиққамушт бўлавергач, кўпчилик енгил тортди: «Ўзингдан чиққани ўпкангни туширади, дейишади, акасининг ўпкасини укаси босиб қўймаса, бошқа бировнинг қўлидан келмайди шекилли», дейишди одамлар. Адҳамга кўзи тушган катталар афсус билан бош чайқайди: «Раҳматли Ҳаким пахсакаш шу болаи баттол туғилганида пахса деворнинг орасига уриб кетмаган экан-да!?» «У бечора билмаган-да, билганда урворарди», дейди кимдир.

Бу орада Акмал укасини ёнига олиб яна Россияга жўнади ва шу кетганича бир ярим йилда қайтди. Келасолиб олти хонали данғиллама уй қурди. Уй ҳам майли, ҳайбатидан от ҳуркадиган каттакон темир дарвоза ясаттириб, ҳашаматли дарвозахона кўтарди. Дарвозахонанинг томи ёпилган куни акаси гандираклаб келди, бир-икки аччиқ-тиззиқ гаплар айтиб, жиғига тегди.

– Бу нима бу? Дарвозангни кўрган одам сени ўзига мақбара қуряпти, деб ўйлайди. Энди бир четига гўрингни ҳам кавлаттириб қўявермабсан-да, ёзда кириб салқинлаб ётардинг! – деди кесатиқ билан.
– Энди, ака, пул меники, ўзим хоҳлагандек қураман, – деди Акмал ғазабини тишлари орасидан бир-бир ситиб чиқариб. – Хоҳласам, мақбара ҳам қурдириб қўяман.
– Хеҳ, мишиқи, тилинг чиқиб қоптими? – Адҳам унинг тепасига келди.

Акмал акасининг авзойига қараб, ўлгудек маст шекилли, бир уриб ағдараман, деб ўйлади. Бироқ акаси худди фикрини уқиб олгандек илкис тиккасига калла қўйди. Акмал бирор соатлардан кейин ўзига келганида хотини пешонасига ҳўл сочиқ босиб ўтирарди.
– Қўйинг, шу жинни акангизга тенгалманг, нима деса деяверсин… ўзи ичи куйганидан қилади, ажаб бўсин, куйиб ўлсин, – дерди хотини жиғибийрон бўлиб.

Хотиним тўғри айтяпти, деб ўйлади Акмал. Акаси ҳамон отаси даврида ҳашар билан қурилган уйда ўтиради, икки хона, олди айвонли уй. Шунча йил ўтиб, яқинда арзик сувоқдан чиқди. Қайсидир йили озиб-ёзиб тепаси тандир, таги товуқкатак бир рамақи тандирхона тиклади. Улфатлари билан чой ичиб ўтирганида хотини тандирни қуритиш учун ўт қалаб турган экан, тандирхона қулаб, хотинининг оёғи синган эди. Шундан буён ҳали бошқа иморат солмади. Ҳа, ичи куяди-да, албатта! Устига устак, ўтган йилдан бери акасига пул ҳам жўнатмай қўйган.

Вақт ўтаверар экан, акаси калла қўйгандан бери, мана, орадан яна бир ярим йил ўтибди. Акмал укаси билан яна четга чиқиб ишлаб келдию қумсувоқ ҳолида қолган иморатни бўяб-безашга уриниб кетди. Икки ой деганда уйнинг безаги тўла қўлдан чиқди, ҳовли саҳнига қирмизиранг тош ётқизди. Деворнинг устини гир айлантириб қизил тунука билан ёпди, дарвозахонага кирган унча-мунча кишининг ҳашаматдан кўзи тиниб, боши айланади. Шифтини ёқутранг пластик билан қоплаттирди, деворларни энг охирги русумдаги ранг ва нақшлар билан безади. Улкан темир дарвозанинг ўзи қанча туради, эҳ-ҳэ, харажатларни ҳисоблаб тагига етиб бўлмасди. Ўзи усталарнинг тепасида туриб, кўнглига ёққан безак, ранг ва шаклларни айтиб турди. Усталар ўзининг тенгқур ўртоқлари, кўнгилдагидек иш қилишди. Акаси куяди-да буни кўриб, куйиш ҳам гапми, ёниб кул бўлади…

Тўсатдан дарвозанинг даранглаши унинг хаёлини қочирди. Нимадир гупиллаб қулади, кимдир «воҳ» деди. Акмал чўчиб кетди, лекин сир бой бермай «Ким у?» деб бақирди.
– Мен, Акмал, менман, ҳе энасини… великни тормози ушламай қолди, дарвозанггга тикка калла қилдим-ку, – деди оҳ-воҳ билан.
– Зокир, сенмисан? Шошма, футболкамни кийиб олай, ҳозир чиқаман, – деди Акмал.
– Чиқмай қўявер, мен зинғиллаб ортимга қайтяпман, сенга бир хабарни айтгани келувдим.

– Нима гап?
– Аканг йўлда тўхтади, дўконга кирди, – деди Зокир дарвоза ортидан.
– Нима?! Акром ўша ерда эди-ку?
– Қўрқма, Акром пештахта тагига беркиниб олган, устига тешиккулчадан бўшаган коробкаларини ёпиб қўйганмиз.

– Акам нима қиляпти у ерда?
– Ичяпти.
– Ичяпти…Ким билан?
– Эрраис билан. Эрталабдан ичвоса, биласан нима бўлишини, эҳтиёт бўл-у, лекин бўшашиб ҳам ўтирма. Бўпти, мен кетдим, шошмасам бўлмайди.

Эрраисни эслаб Акмалнинг пешонаси тиришди, кейин ажабланди: акаси уни ёмон кўрарди, бир гал боплаб дўппослаган, Эрраис акасини бир чақирим наридан четлаб ўтарди, нега энди бирга ичиб ўтирибди экан?

Ҳа, калаванинг учини топгандек бўлди, ахир кеча ўзи Эрраисни тоза тузлаб жўнатган эди-ку, ана энди у акасини гижгижлаётгани аниқ.

Қишлоқ раисининг исми Абдуғаффор, орқаворатдан ҳамма уни Эрраис дейди. Аввалги лақаби Эррайим эди, халқ билмаса лақаб қўймайди, ахир. Эри четга ишга кетган жувон билан дон олишиб юргани элга достон бўлгач, энди Эрраисга айланган. Кўп қинғир ишлари боис орада бир раисликдан ҳайдалди. Унинг ўрнига келган қишлоқнинг обрўли кишиси туман марказидаги йиғинда бир марта қатнашгач, «Шу ёшимда энди ўғлим тенги болалардан сўкиш эшитишим қолувди», деб раисликдан воз кечди. Қишлоқнинг уддабурон йигитларидан бири раис бўлди, лекин уч ой ўтмай «умрим мажлисларда ўтиб кетади шекилли, қолаверса, маҳалланинг иши нуқул эр-хотин ўртасидаги жанжал экан», дея у ҳам ишдан бош тортди. Эрраис эски ишига фахр билан қайтди.

«Ана, айтган эдим-ку, сизларга! Мендан бошқа ким чидарди бунақа ишга, мендан бошқа ким эплайди бу ишни?! Урадими, сўкадими, ҳаммасига бардошим етади. Нима бўпти урса-сўкса, мажлисга киришдан олдин битта шишани бўшатиб, кейин қип-қизариб туравераман қўлимни кўксимга қўйиб», деб роса мақтанибди. Айтишларича, тор давраларда у ҳар икки лақаби билан ҳам фахрланиб юрармиш.

Кеча қош қорая бошлаганда биров дарвоза қоқди, чиқса шу, Эрраис турибди кеккайиб, катта қорнини қаппайтириб. Ёнидаги ёрдамчиси жигарранг жилдни гоҳ чап, гоҳ ўнг қўлтиғига қистиради, кирланиб, ёрила бошлаган кўйлак ёқасини тез-тез ушлаб қўяди. Салом-аликдан сўнг ичкари киришди, Эрраис дарвозахона ҳашаматини кўргач, ўсмоқчилаб гап бошлади:

– Ука, бу маҳалла номини биздан берухсат ўзгартириб юборганмишсан?..
– Нима қипман, нима деб ўзгартирибман?
– Мол стрит эмишми… нима эди? – Эрраис ёрдамчисига ўгирилди.

– У-олл Сит-рит, хўжайин, Уолл Стрит! – деди ёрдамчиси жилд ичидаги қоғозларни титкилаб.
– Ҳа, шунақамиш… Уолл Стритмиш. Элнинг оғзида шу гапмиш. Одамлар бизда Уолл Стрит пайдо бўлди, деб овоза қилиб юрганмиш. Катталардан ёмон дакки эшитдим, ука, бу қанақа гап энди! – Эрраис дарвозахонанинг ҳар икки деворига биттадан одам бўйи қилиб солинган Америка долларининг белгисига ишора қилди.

Акмал буни безак учун қилдирган, белгилар гипсдан ишланиб, девор сатҳидан бир қарич бўртиб чиққан. Оққа бўялиб, устидан лак сурилган, шаклнинг қиррадор ва гажакдор қисмларига зарҳал ранг беҳол теккизилган, оқшомлари шифтдаги чироқлар нурида жилваланиб туради. Акмал етти-саккиз йил давомида уйига доллар жўнатди, хотини пишиқ-пухта чиқди, шилдироқ қоғоз пулларнинг битасигаям хиёнат қилмай сақлади. Ниҳоят, мана шу ҳашаматли иморатни битирди. Иш якунланиш арафасида Акмалнинг хаёлига ҳали ҳеч ким кўрмаган безак солиб, одамларни лол қолдириш фикри келди – шу долларнинг белгисини ясаттирди.

Акмал долларга ҳайкал қурибди, деган хабар яшин тезлигида тарқалди. Долларнинг ҳайкали Америкада, Уолл Стрит кўчасида бормиш, уни бир қутурган буқа қўриқлаб турармиш, мана энди бизда ҳам ўзимизнинг «Уолл Стрит» пайдо бўлди, деган гапни кимдир киноя, кимдир завқланиб гапирадиган бўлди.

– Сен болани каллангга қайдан келди долларга ҳайкал қўйиш? – деди Эрраис Акмалга синчков нигоҳ ташлаб.
– Билмадим… бу ҳайкал эмас, безак, деворнинг безаги, кўп жойда кўрганман бунақасини.
– Менга қара ука, сени акангга ўхшамаган, гапга тушунадиган бола деб юрардим. Устингга мановинақа футболка илиб олиб бирда-иккида кўчада кўрганимда эътибор бермаган эдим, – Эрраис Акмалнинг футболкасидаги катта «Наша-Раша» деган ёзувга ишора қилди. – Энди буниси ҳаммасидан ўтиб тушибди-ку! Хуллас, ука, ҳайкалми, безакми, фарқи йўқ. Бу доллар, бу Америка, ўта нозик масала. Сиёсат билан ҳазиллашиб бўлмайди. Сенга маслаҳатим, шу бугуноқ ҳайкалларингни кўчириб ташла.

– Ие, нега кўчирар эканман, айтдим-ку, бу ҳайкалмас, безак деб. Ўзи сиз нега мени уйимга кириб хўжайинлик қиласиз? Нима ишингиз бор? Тегмайман, туради шундай, агар биров келиб тегса, қўлини синдираман. Ўн йил четда юриб топдим бу пулларни, нимани хоҳласам, шуни қураман, – дея тиккасига жавоб қайтарди Акмал.

– Ҳўв, ўпкангни бос, бола, хомлик қилма! Ҳали биров менинг гапимни икки қилмаган, аттанглаб қолмагин тағин дардингни айтгани одам тополмай, – деб Эррайис чўчанглади.

Акмал Эрраиснинг жўжахўрозга ўхшаб елка қоқишидан бир аччиғи келса, бир кулгиси қистади. Эрраиснинг тунов куни дўкончи Саидазим тасвирлаб берган қиёфаси кўз олдига келди. Эрраис дўконга тез-тез ичгани кириб турганидан Саидазимга арзи ҳол қилиши одатий экан. Бир куни Саидазимга қўлидаги тўрт букланган қоғозни очиб, кула-кула ўқиб берибди: “Буни қара, одамларимиз юмалоқ хат, йўқ, йўқ, қарғиш хат ёзишга ўтибди. Мана, мана шу хатни биров тунда дарвозамга қистириб кетибди. Эшит! Боламга бериладиган ёрдам пулини тўхтатганинг учун сен ер юткур худонинг лаънатига учрагин… ҳа, таниш сўзлар, …худоё худованда, катта қорнинг ёрилиб… ҳа, буниси ҳам эски гаплар, …сен хотинбоз… буям эски диёдиё, ҳа, мана буниси янги, эшит, …илоё тезроқ гўрга киргин ва устингга охирги кетмон тупроқ ташлангандаёқ ҳаромдан семирган танангни илонлар чақишни бошласин, ҳаромдан еганларингни сўриб-сўриб олсин”.

Эрраис хатдан бош кўтариб, Саидазимга қараб кулибди: “Мана кўрдингми, хотинларнинг оғзидан нималар чиқмайди, мени илонлар чақармиш, яна қачон дегин, гўрга кирганимдан кейин. Вой! Вой-вой-эй! Қўрқиб кетяпман, баданимни илонлар чақяпти”. Эрраис майитдек қўлларини ёнига қисиб, жилпанглабди.

Акмалнинг кўз олдидан ўша ҳолат ўтиб, мийиғида кулги пайдо бўлди. Эрраис буни дарров илғади:
– Куласан-а?! Пул шунақа қутуртирдими сени? Кўрмаганни кўргани қурсин деб шунга айтар экан-да!
– Ҳа, сиз кўриб қўйган эдингизми, етимлару бева-бечораларнинг ҳаққини еб ётибсиз-ку! Эррайимлик қилавериб ахийри Эрраис ҳам бўлдингиз. Биров бир нарса деяптими сизга?

– Ҳўв ука, ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан, деган гапни эшитмаганмисан дейман, тилингни тийсанг-чи! – Эрраиснинг ёрдамчиси луқма ташлади ва эҳтиёти шарт ортга бир қадам тисарилиб олди.
– Айтдим-ку, йиғиштир доллар-полларингни деб. Бўлмаса ўзингдан кўр, оқибати чатоқ бўлади, – дея Эрраис энди жиддий дағдағага ўтди.
– Кекирдагингизни чўзманг, кеккайишингизни бошқа жойда қиласиз. Айтдим-ку, деворимга бировнинг қўлини текизмайман деб. Боринг, билганингизни қилинг! Осмон қўлингизда бўлса, ана, ташлаб юборинг, – деб хезланди Акмал.

Эрраис даҳанаки жанг чинига айланиб кетишини сезиб, ёрдамчисини олдига солиб жўнаб қолди. Лекин ёмон аччиғи чиқиб кетди, бир балони бошламаса бўлди эди. Кечроқ милиса билан келса керак, деб ўйлади Акмал. Лекин Эрраис қайтиб келмади.

Мана, кеча нега қайтиб келмаганининг сабаби энди аён бўлди.

…Одам кутган сайин кутилаётган воқеа олдида ожизлана борадими ёки кўп ўйлаш кишининг руҳини синдирадими, Акмал шашти тушиб кетаётганидан хавотирда эди. У дарвозахонада салмоқлаб қадам ташлаганча нари бориб, бери келади, баъзан тўхтаб, долларнинг ярқироқ белгисига тикилиб қолади, кўз олдидан йиллар давомида тўплаб уйига жўнатган пуллар ўтади. Ҳақини олганидан кейин муҳожир ишчилар ётоқхонасида пулини қандай яширгани, айниқса, бегона ва хатарнок шаҳар кўчаларида чўнтагида пулини чангаллаб банк эшигига етиб олгунга қадар бошидан ўтказган ҳаяжонли дамларини эслайди.

Ниҳоят, ташқарида дўпир-дўпир товушлар ва одамларнинг ғала-ғовури эшитилди.
– Акмал, дарвозани оч, – акасининг жарангдор овози келди.
– Нима ишингиз бор? Очмайман, гапингиз бўлса шундоқ гапираверинг, – деди Акмал қўлидаги кетмон сопини кафтига уриб.

– Оч деяпман, бўлмаса бузиб кираман!
– Боринг, ичмаган пайтингиз келарсиз.
– Қўрқоқ! Ҳали шашликхўр хотининг сени этаги тагига яшириб олган бўлмасин тағин? – Акасининг истеҳзоли кулгиси эшитилди.

Акаси темир дарвозани бузиб киролмаслиги тайин, лекин ҳақоратига чидаш осон эмас, бу гапни томошаталаб қўни-қўшни, маҳалла-кўй эшитиб тургани аниқ. Қолаверса, у бир ҳатлаб девор оша тушиши мумкин-ку. Акмал ноилож дарвозанинг кичик қанотини аста очди. Кутганидек, дарвоза тагида акаси чап қўлини белига тираб, ўнг қўлидаги болтасини елкасига қўйиб, заҳарханда ишшайиб турарди. Ўн беш-йигирма қадамлар нарида бир тўп оломон буларни кузатяпти. Акаси болтанинг кети билан Акмалнинг кўксига нуқиб йўлидан нари сурди ва дарвозанинг катта қанотини жаҳл билан очди. Эл кўриб қўйсин деган маъно бор эди бу ишида.
– Бу нима? – деди акаси деворда бўртиб турган доллар белгисига ишора қилиб.

– Ҳеч нима. Нима ишингиз бор? – деди Акмал акасининг важоҳати бу гал чиндан бошқача эканидан чўчиб. Адҳам қўлидаги болтани ўйнатиб, ярқироқ безак атрофида бироз айланди, кейин қўққисдан ҳайкалнинг қоқ ўртасига қарсиллатиб болта солди, гипс парчалари атрофга тарсиллаб учди, ҳўв наридаги уйнинг деразасидан Акмалнинг хотини бош чиқарди ва “Войдод, одамлар ёрдам беринглар, ўлдириб қўяди”, дея бақиришга тушди.

– Ие, ҳимоячиси зўр экан-ку бунинг, – деди акаси аччиқ истеҳзо билан, кейин ерда ётган гипс бўлагини моҳир футболчидек шундай тепдики, у тўппа-тўғри уйнинг деразасига бориб урилди ва ойнани чил-чил синдирди, аёлнинг дод-войи ҳам тинди. Адҳам иккинчи ҳайкални ҳам қўпориб ташлади, кейин бопладимми, дегандек атрофга мамнун қаради. Лекин бу кам эди, ҳали деворга туширилган безак нақшнинг ҳар қулочида биттадан доллар рамзи ярақлаб турарди. У девор бўёғини чопиб кўчиришга тушди. Энди Акмал чидаб туролмади, акасининг қўлидаги болтага ёпишди. Ака шуни кутиб турган эди, Акмалнинг қулоқ чаккасига зарб билан солди. Ука гандираклаб ортга тисарилди ва шу заҳотиёқ жон-жаҳди билан рақибига ташланди. Шу тариқа ёқалашув бошланди. Акмалнинг хотини яна айюҳаннос солиб бақиришга тушди, одамларни ёрдамга чорлади, лекин уйдан чиқмади; ҳамма биладики, уларнинг ўзлари тинчимаса, бошқа биров ўртага тушолмайди.

Энди дарвозага бироз яқин келиб томоша қилаётган катта-кичик орасида шивир-шивир бошланди:
«Акмал Россияда узоқ юрган, ўриснинг масласи билан колбасасига тўйган, кучи кўп, акасини уриб ташлайди».

«Ўрисни овқати нима бўпти? Анҳорнинг лойқа сувиям Адҳамга куч беради. Унга иблис бас келмаса, бошқаси тенг келолмайди. Лекин ичволганда, панд еб қолиши мумкин».
“Э, нима деяпсан, агар Акмал уриб ташламаса, битта ош мендан”.
“Адҳам урса, мендан битта шиша”.

Ака-ука роса муштлашиб чарчади, лекин аканинг билаги зўрлик қилди, амаллаб укасини тагига босиб олди, бироз нафас ростлагандек бўлиб, ҳали ўнг юзи, ҳали чап юзига тарсиллатиб солди.
– Сен мишиқи, ҳали ўзингдан кетиб қолдингми? Пул қутуртирдими сени? Мана сенга доллар! Мана сенга ҳайкал! Нима, бу ер сенга Америками? Ким қўйибди сенга отамнинг уйида долларга ҳайкал қўйишни!

Ака, ниҳоят, ҳансираб ўрнидан турди, оломонга қараб ишшайди, чангга беланиб ётган укани «бўлди, тегишингни олиб бўлдинг» дегандек енгил тепиб қўйди. Кейин болтасини яна елкасига қўйиб, дарвозадан мағрур чиқди, издиҳом ўртасидан ўтиб борар экан, “Бола ҳали ёш”, деб қўйди маънодор қилиб. Одамларнинг ярми аканинг кетидан эргашди, ярми қолди. Акмалнинг бир-икки оғайниси келиб, уни юпатишга тушди.
– Қўй, аканг ўзи ғирт аблаҳ, бузса бузсин эди, яна бошқатдан тиклаб оламиз. Лекин бир ойлик меҳнатимиз расво бўлди… Майли, яна бир Россияга бориб келсанг, янгитдан безаймиз.

Акмал бошини кўтариб, кўйлагининг йиртиқ енги билан оғзи четидаги қонни артар экан, ўртоғидан сўради:
– Зокир! Акам дарвозадаги доллар безакларга тегмади-а?
– Тегмади, кўрмади шекилли…

Акмал бу гапни эшитиб енгил нафас олди, чалқанча ётганча мусаффо осмонга мамнун тикилди, баданида оғриқ сезмасди.
– Дарвозаси бузилган уй харобазор бўлади, Зокир, акам атайлаб дарвозага болта урмаган, – деди Акмал маъюс жилмайиб. Лабининг четидан яна қон сизиб чиққан эди.

Манба: «Тафаккур» журнали, 2015/4-сон

024

Muhammad SHARIF
«UOLL STRIT»
09

Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan (1988-1993).Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. 2004-yildan Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi. Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

09

– Voydod, voy o’lay! Bolta ko’tarib kelayotganmish! Endi nima qilamiz? — O’ttizga o’rlab qo’ygan juvon temir darvozani daranglatib yopib kirdi-da, qo’lidagi cho’ltoq supurgini chetga uloqtirib, katta dahaga kirgan qurtdek pishillab yotgan erini titrab-qaqshagancha uyg’otishga tushdi. – Voydod! Tursangiz-chi g’aflat bosmay! Akangiz kelayotganmish, qo’lida bolta ko’tarib! Voy sho’rim… voydod, odamlar, endi nima bo’ladi?!
Juvon hovli o’rtasidagi temirdan yasalgan halinchak-karavotda qo’llarini ikki yonga lang tashlab xurrak otayotgan erining yelkasidan qattiq-qattiq siltadi. Turtkining kuchidan karavot lapanglab, g’ijirlagancha nari borib, beri keldi. Karavot chayqalganida Akmalning qo’llari urug’lay boshlagan sadarayhonlarni duv silkitdi. Hovli quyuq rayhon hidiga to’ldi.

Akmal akasi kelayotgani haqidagi xabarini ilg’ab-ilg’amay peshonasi qattiq tirishdi, biroq qo’lida bolta ko’tarib olganmish, degan gapdan ko’zlari moshdek ochildi. Ertalabdan bir balo boshlanadi shekilli, degan sovuq o’ydan badani jimirlab ketdi. Xotini hamon oyog’i kuygan tovuqdek hovlini gir aylanib tipirchilaydi, «Voy xudoyim-ey, o’ldirib qo’ysa-ya!?» deya tinimsiz javraydi, bir uyga kiradi, bir chiqadi, ro’molini qayta-qayta tang’iydi, silliq shoyi mato yana boshidan sirg’alib tushaveradi.

Akmal qo’llarini musht qilib peshonasiga tiragancha o’ylanib qoldi, keyin og’ir uf tortib karavotdan turdi. Qachondir oxiri bo’lishi kerak-ku buning, bor-e, boshga tushganni ko’z ko’rar, nima bo’lsa bo’ldi, bu yog’i endi xudodan – shu fikr bilan u o’zini bosib olishga urindi, tambalangan temir darvozaga yugurik nigoh tashladi, hovli etagidagi og’ilxonaga kirib, bir qo’lida eski bolta, ikkinchisida singan ketmon sopini ko’tarib chiqdi, ularni darvozaxona devoriga suyab qo’ydi. Xotini allaqaerdan beshlik topib keldi.

– Qarab o’tiraveramizmi? Men milisa chaqiraman! – dedi xotini.
– Agar akam qamalsa, ikkita bolasini olib kelib qo’lingga tutqazaman, o’zing boqasan! – Akmalning bu gapidan keyin xotinining ovozi o’chdi. – Nega to’rsayib turibsan, uyga kir, damingni chiqarma, agar ostona hatlab tashqari chiqsang boshingni yoraman. Bolalarni tez enangnikiga jo’natvor. Ha, aytgancha, Akromni uyg’ot, darrov chiqsin.

Bir ozdan so’ng yangasining avzoyidan salkam o’takasi yorilgan Akrom tuflisining ikkinchi poyini oyog’iga ilib-ilmay akasining yoniga hakkalab keldi.
– Sen qoch, Akrom. Tez qoch! Ertalabdan qaygayam borarding… Ha, Sayidazimning do’koniga yashirin. U do’konini azonlab ochadi.
– Siz-chi, sizga nima bo’ladi? — dedi Akrom ko’zlari chaqchayib.
– Men bilan ishing bo’lmasin, bu yog’iga xudo poshsho!
Akmal taqdirga tan bergan, akasi shu kelishida boshida tegirmon toshi yurgizsa ham chidashi kerakligini biladi.

Uch aka-uka otadan yetim qolibdiki, katta o’g’il Adhamning kaltagi ukalarining boshida sinadi. Biroq qachongacha?! Akaning shunday ta’zirini bersinki, qaytib qo’l ko’tarishga jur’at topa olmasin. Lekin bu gal qo’lida bolta bo’lsa, ish chatoq. Nima jin urdi ekan?

Hakim paxsakash xotinidan ayrilgach, uch o’g’lini loyxonada katta qildi, deyilsa sira mubolag’a bo’lmas. Yon-atrofdagi qishloqlarda uning qo’lidan chiqmagan paxsa devor kam. Keyinroq bolalarini yonida olib yuradigan bo’ldi. Endi u paxsa urganda bolalari loy tepib beradi. Kenjasi nimjonroq bo’lganidan loyxonaga tushmas, akalari loy tepsa, u loypang’illoq o’ynardi. Shundanmi, Akrom loyi pishmagan paxsadek salga to’kilgudek, bo’shangroq ko’rinadi. Adham bilan Akmal aksincha, bolaligidan loy tepib katta bo’lgani bois oyoqlari uzun-uzun, to’rt paxsa balandlikka ham loyni o’ynab otadigan bilagi va beli baquvvat yigitlar bo’lib yetishdi. Biroq katta o’g’il Adham badfe’l, diydasi toshdek qattiq, o’tganning o’rog’i, ketganning ketmoniga yopishadigan, bermasa tutib uradigan jahldor kimsaga aylandi. Araq ichib olganida Adhamning odamlik siyoqi qolmasdi, ko’ziga salgina yoqmay turgan kimsani urmasdan qo’ymas edi. Zo’rdan zo’r ko’p, deyishadi, lekin bu gap Adhamga tegishli emasdi, olomon-kaltak orasiga tushib qolganda ham gavdasini g’oz tutib chiqardi.

Adham orada bir-ikki marta o’n besh sutkadan qamalib chiqsa-da, mulla bo’lmadi, qaytaga bir odamga qattiqroq jarohat yetkazib, bir yilga qamaldi. Qamoqdan chiqib kelgan kuniyoq xotinini kaltakladi, keyin ukalari, tog’asi va amakisini tutib urdi. Bir yil ichida birortasi Adhamni ko’rgani bormaganmish! Nega borsin axir, u qamoqdaligida yettiyot begonalar nari tursin, g’alvadan qutulgan xesh-xo’shlarning hammasi birdek do’ppisini osmonga otib yurgan bo’lsa!

Adham anoyilardan emas, endi ichib mast bo’lganida begonaga tegmay, faqat qarindoshlarini urishga odatlandi. To’g’ri-da, ular uydagi gap ko’chaga chiqmasin degandek milisiga chopib bormaydi, Adham bolalarini chirqiratib yana qamalib ketmasin, deydi-da. Lekin og’irlik Akmalga tushdi, u ham qarab turmaydi, kuchi yetganicha olishsa-da, aka baribir akalik qiladi. Bir tomondan, eng kichik Akromga-da oson tutib bo’lmasdi, umrida birovga musht ko’tarmagan zaifgina o’spirin bola hali. Adham ichib olsa uni ayamay uradi, «musht qaytar menga», deydi, qo’rqa-pisa akasiga bir-ikki musht qaytarsa, «mushting qizlarnikidan ham yumshoq», deb kaltaklaydi, qaytarmasa, «hezalak» deb yana battar do’pposlaydi.

Akmal ukasi Akromni olib Rossiyaga ishga jo’navordi va shu tariqa akaning muntazam zug’umidan qochib qutulishdi. Aka-ukalar ba’zan bir yilda, goho olti oyda bir kelib, otasidan qolgan eski uyni buzib, yangitdan qurishga bel bog’lashdi. Akmalning rejasi avval o’z uy-joyini bitirib olganidan keyin ukasini uylab, unga ham bir imorat solish edi. Musofirchilik, yurt, uy sog’inchi ko’ngilni yumshatar ekan, ora-sira akasiga pul jo’natib turdi. Mayli, akam-ku baribir odam bo’lmaydi, lekin bolalari qiynalmasin, dedi.

Biroq orada kutilmagan voqea yuz berib, tinch hayot izdan chiqdi. U Rossiyada ekanida akasi dabdurust qo’ng’iroq qildi: «Xotining shaharga tushib begona erkak bilan shashlikxo’rlik qilibdi, o’z ko’zi bilan ko’rganlar bor ekan», dedi joni halqumiga tiqilib. O’sha payt yigirma beshinchi qavatda g’isht urayotgan Akmal g’azabdan ko’kardi, qo’lidagi qizil g’isht uqalanib ketdi. U sira kechiktirmasdan xotinining telefon raqamiga sms-noma yo’llab, katta harflar bilan «TALOQSAN!» deb yozvordi. Xotini ham bir zum kechiktirmay otasining uyiga jo’navordi. Akmal safardan qaytgach xotini bilan olti oy gaplashmadi. Lekin mahalla-ko’y o’rtaga tushib, er-xotinni yarashtirib qo’ydi. Xotini ham yalinib-yolvorib, xudoning zorini qildi: «Xudo ursin, shaharga hisobot topshirgani borgan edim, boshqarmadagilar bilan tushlikka chiqqandim, xolos. Til tortmay o’lay agar, boshqa bir gap bo’lgan bo’lsa». Xotini kichik bir idorada hisobchi edi, uyim buzilmasin deb ishdan bo’shab oldi.

Biroq aka norozi bo’ldi. Xotini bilan yarashgan kuni ichib kelib Akmalni o’lgudek do’pposladi. Avvallari akasi sal ayab urar ekan, bu gal ayamadi. Akmal momataloq yuziga malham bosayotgan xotiniga tikilar ekan, mayli, oilam buzilib, bolalarim yetim qolmadi-ku, deya o’zini yupatdi.

Avvallari Adham birov bilan janjal boshlaganda ajratib qo’yuvchilar topilib turardi, biroq o’rtaga tushganlarning kimisidir tishidan ayrilib, boshqasining lunji shishib, yana biri yelkasini chiqarib olgach, hamma tomoshabinga aylandi-qo’ydi. Adham keyinchalik ko’proq ukasi bilan jiqqamusht bo’lavergach, ko’pchilik yengil tortdi: «O’zingdan chiqqani o’pkangni tushiradi, deyishadi, akasining o’pkasini ukasi bosib qo’ymasa, boshqa birovning qo’lidan kelmaydi shekilli», deyishdi odamlar. Adhamga ko’zi tushgan kattalar afsus bilan bosh chayqaydi: «Rahmatli Hakim paxsakash shu bolai battol tug’ilganida paxsa devorning orasiga urib ketmagan ekan-da!?» «U bechora bilmagan-da, bilganda urvorardi», deydi kimdir.

Bu orada Akmal ukasini yoniga olib yana Rossiyaga jo’nadi va shu ketganicha bir yarim yilda qaytdi. Kelasolib olti xonali dang’illama uy qurdi. Uy ham mayli, haybatidan ot hurkadigan kattakon temir darvoza yasattirib, hashamatli darvozaxona ko’tardi. Darvozaxonaning tomi yopilgan kuni akasi gandiraklab keldi, bir-ikki achchiq-tizziq gaplar aytib, jig’iga tegdi.

– Bu nima bu? Darvozangni ko’rgan odam seni o’ziga maqbara quryapti, deb o’ylaydi. Endi bir chetiga go’ringni ham kavlattirib qo’yavermabsan-da, yozda kirib salqinlab yotarding! – dedi kesatiq bilan.
– Endi, aka, pul meniki, o’zim xohlagandek quraman, – dedi Akmal g’azabini tishlari orasidan bir-bir sitib chiqarib. – Xohlasam, maqbara ham qurdirib qo’yaman.
– Xeh, mishiqi, tiling chiqib qoptimi? – Adham uning tepasiga keldi.

Akmal akasining avzoyiga qarab, o’lgudek mast shekilli, bir urib ag’daraman, deb o’yladi. Biroq akasi xuddi fikrini uqib olgandek ilkis tikkasiga kalla qo’ydi. Akmal biror soatlardan keyin o’ziga kelganida xotini peshonasiga ho’l sochiq bosib o’tirardi.
– Qo’ying, shu jinni akangizga tengalmang, nima desa deyaversin… o’zi ichi kuyganidan qiladi, ajab bo’sin, kuyib o’lsin, – derdi xotini jig’ibiyron bo’lib.

Xotinim to’g’ri aytyapti, deb o’yladi Akmal. Akasi hamon otasi davrida hashar bilan qurilgan uyda o’tiradi, ikki xona, oldi ayvonli uy. Shuncha yil o’tib, yaqinda arzik suvoqdan chiqdi. Qaysidir yili ozib-yozib tepasi tandir, tagi tovuqkatak bir ramaqi tandirxona tikladi. Ulfatlari bilan choy ichib o’tirganida xotini tandirni quritish uchun o’t qalab turgan ekan, tandirxona qulab, xotinining oyog’i singan edi. Shundan buyon hali boshqa imorat solmadi. Ha, ichi kuyadi-da, albatta! Ustiga ustak, o’tgan yildan beri akasiga pul ham jo’natmay qo’ygan.

Vaqt o’taverar ekan, akasi kalla qo’ygandan beri, mana, oradan yana bir yarim yil o’tibdi. Akmal ukasi bilan yana chetga chiqib ishlab keldiyu qumsuvoq holida qolgan imoratni bo’yab-bezashga urinib ketdi. Ikki oy deganda uyning bezagi to’la qo’ldan chiqdi, hovli sahniga qirmizirang tosh yotqizdi. Devorning ustini gir aylantirib qizil tunuka bilan yopdi, darvozaxonaga kirgan uncha-muncha kishining hashamatdan ko’zi tinib, boshi aylanadi. Shiftini yoqutrang plastik bilan qoplattirdi, devorlarni eng oxirgi rusumdagi rang va naqshlar bilan bezadi. Ulkan temir darvozaning o’zi qancha turadi, eh-he, xarajatlarni hisoblab tagiga yetib bo’lmasdi. O’zi ustalarning tepasida turib, ko’ngliga yoqqan bezak, rang va shakllarni aytib turdi. Ustalar o’zining tengqur o’rtoqlari, ko’ngildagidek ish qilishdi. Akasi kuyadi-da buni ko’rib, kuyish ham gapmi, yonib kul bo’ladi…

To’satdan darvozaning daranglashi uning xayolini qochirdi. Nimadir gupillab quladi, kimdir «voh» dedi. Akmal cho’chib ketdi, lekin sir boy bermay «Kim u?» deb baqirdi.
– Men, Akmal, menman, he enasini… velikni tormozi ushlamay qoldi, darvozanggga tikka kalla qildim-ku, – dedi oh-voh bilan.
– Zokir, senmisan? Shoshma, futbolkamni kiyib olay, hozir chiqaman, – dedi Akmal.
– Chiqmay qo’yaver, men zing’illab ortimga qaytyapman, senga bir xabarni aytgani keluvdim.

– Nima gap?
– Akang yo’lda to’xtadi, do’konga kirdi, – dedi Zokir darvoza ortidan.
– Nima?! Akrom o’sha yerda edi-ku?
– Qo’rqma, Akrom peshtaxta tagiga berkinib olgan, ustiga teshikkulchadan bo’shagan korobkalarini yopib qo’yganmiz.

– Akam nima qilyapti u yerda?
– Ichyapti.
– Ichyapti…Kim bilan?
– Errais bilan. Ertalabdan ichvosa, bilasan nima bo’lishini, ehtiyot bo’l-u, lekin bo’shashib ham o’tirma. Bo’pti, men ketdim, shoshmasam bo’lmaydi.

Erraisni eslab Akmalning peshonasi tirishdi, keyin ajablandi: akasi uni yomon ko’rardi, bir gal boplab do’pposlagan, Errais akasini bir chaqirim naridan chetlab o’tardi, nega endi birga ichib o’tiribdi ekan?

Ha, kalavaning uchini topgandek bo’ldi, axir kecha o’zi Erraisni toza tuzlab jo’natgan edi-ku, ana endi u akasini gijgijlayotgani aniq.

Qishloq raisining ismi Abdug’affor, orqavoratdan hamma uni Errais deydi. Avvalgi laqabi Errayim edi, xalq bilmasa laqab qo’ymaydi, axir. Eri chetga ishga ketgan juvon bilan don olishib yurgani elga doston bo’lgach, endi Erraisga aylangan. Ko’p qing’ir ishlari bois orada bir raislikdan haydaldi. Uning o’rniga kelgan qishloqning obro’li kishisi tuman markazidagi yig’inda bir marta qatnashgach, «Shu yoshimda endi o’g’lim tengi bolalardan so’kish eshitishim qoluvdi», deb raislikdan voz kechdi. Qishloqning uddaburon yigitlaridan biri rais bo’ldi, lekin uch oy o’tmay «umrim majlislarda o’tib ketadi shekilli, qolaversa, mahallaning ishi nuqul er-xotin o’rtasidagi janjal ekan», deya u ham ishdan bosh tortdi. Errais eski ishiga faxr bilan qaytdi.

«Ana, aytgan edim-ku, sizlarga! Mendan boshqa kim chidardi bunaqa ishga, mendan boshqa kim eplaydi bu ishni?! Uradimi, so’kadimi, hammasiga bardoshim yetadi. Nima bo’pti ursa-so’ksa, majlisga kirishdan oldin bitta shishani bo’shatib, keyin qip-qizarib turaveraman qo’limni ko’ksimga qo’yib», deb rosa maqtanibdi. Aytishlaricha, tor davralarda u har ikki laqabi bilan ham faxrlanib yurarmish.

Kecha qosh qoraya boshlaganda birov darvoza qoqdi, chiqsa shu, Errais turibdi kekkayib, katta qornini qappaytirib. Yonidagi yordamchisi jigarrang jildni goh chap, goh o’ng qo’ltig’iga qistiradi, kirlanib, yorila boshlagan ko’ylak yoqasini tez-tez ushlab qo’yadi. Salom-alikdan so’ng ichkari kirishdi, Errais darvozaxona hashamatini ko’rgach, o’smoqchilab gap boshladi:

– Uka, bu mahalla nomini bizdan beruxsat o’zgartirib yuborganmishsan?..
– Nima qipman, nima deb o’zgartiribman?
– Mol strit emishmi… nima edi? – Errais yordamchisiga o’girildi.

– U-oll Sit-rit, xo’jayin, Uoll Strit! – dedi yordamchisi jild ichidagi qog’ozlarni titkilab.
– Ha, shunaqamish… Uoll Stritmish. Elning og’zida shu gapmish. Odamlar bizda Uoll Strit paydo bo’ldi, deb ovoza qilib yurganmish. Kattalardan yomon dakki eshitdim, uka, bu qanaqa gap endi! – Errais darvozaxonaning har ikki devoriga bittadan odam bo’yi qilib solingan Amerika dollarining belgisiga ishora qildi.

Akmal buni bezak uchun qildirgan, belgilar gipsdan ishlanib, devor sathidan bir qarich bo’rtib chiqqan. Oqqa bo’yalib, ustidan lak surilgan, shaklning qirrador va gajakdor qismlariga zarhal rang behol tekkizilgan, oqshomlari shiftdagi chiroqlar nurida jilvalanib turadi. Akmal yetti-sakkiz yil davomida uyiga dollar jo’natdi, xotini pishiq-puxta chiqdi, shildiroq qog’oz pullarning bitasigayam xiyonat qilmay saqladi. Nihoyat, mana shu hashamatli imoratni bitirdi. Ish yakunlanish arafasida Akmalning xayoliga hali hech kim ko’rmagan bezak solib, odamlarni lol qoldirish fikri keldi – shu dollarning belgisini yasattirdi.

Akmal dollarga haykal quribdi, degan xabar yashin tezligida tarqaldi. Dollarning haykali Amerikada, Uoll Strit ko’chasida bormish, uni bir quturgan buqa qo’riqlab turarmish, mana endi bizda ham o’zimizning «Uoll Strit» paydo bo’ldi, degan gapni kimdir kinoya, kimdir zavqlanib gapiradigan bo’ldi.

– Sen bolani kallangga qaydan keldi dollarga haykal qo’yish? – dedi Errais Akmalga sinchkov nigoh tashlab.
– Bilmadim… bu haykal emas, bezak, devorning bezagi, ko’p joyda ko’rganman bunaqasini.
– Menga qara uka, seni akangga o’xshamagan, gapga tushunadigan bola deb yurardim. Ustingga manovinaqa futbolka ilib olib birda-ikkida ko’chada ko’rganimda e’tibor bermagan edim, – Errais Akmalning futbolkasidagi katta «Nasha-Rasha» degan yozuvga ishora qildi. – Endi bunisi hammasidan o’tib tushibdi-ku! Xullas, uka, haykalmi, bezakmi, farqi yo’q. Bu dollar, bu Amerika, o’ta nozik masala. Siyosat bilan hazillashib bo’lmaydi. Senga maslahatim, shu bugunoq haykallaringni ko’chirib tashla.

– Ie, nega ko’chirar ekanman, aytdim-ku, bu haykalmas, bezak deb. O’zi siz nega meni uyimga kirib xo’jayinlik qilasiz? Nima ishingiz bor? Tegmayman, turadi shunday, agar birov kelib tegsa, qo’lini sindiraman. O’n yil chetda yurib topdim bu pullarni, nimani xohlasam, shuni quraman, – deya tikkasiga javob qaytardi Akmal.

– Ho’v, o’pkangni bos, bola, xomlik qilma! Hali birov mening gapimni ikki qilmagan, attanglab qolmagin tag’in dardingni aytgani odam topolmay, – deb Errayis cho’changladi.

Akmal Erraisning jo’jaxo’rozga o’xshab yelka qoqishidan bir achchig’i kelsa, bir kulgisi qistadi. Erraisning tunov kuni do’konchi Saidazim tasvirlab bergan qiyofasi ko’z oldiga keldi. Errais do’konga tez-tez ichgani kirib turganidan Saidazimga arzi hol qilishi odatiy ekan. Bir kuni Saidazimga qo’lidagi to’rt buklangan qog’ozni ochib, kula-kula o’qib beribdi: “Buni qara, odamlarimiz yumaloq xat, yo’q, yo’q, qarg’ish xat yozishga o’tibdi. Mana, mana shu xatni birov tunda darvozamga qistirib ketibdi. Eshit! Bolamga beriladigan yordam pulini to’xtatganing uchun sen yer yutkur xudoning la’natiga uchragin… ha, tanish so’zlar, …xudoyo xudovanda, katta qorning yorilib… ha, bunisi ham eski gaplar, …sen xotinboz… buyam eski diyodiyo, ha, mana bunisi yangi, eshit, …iloyo tezroq go’rga kirgin va ustingga oxirgi ketmon tuproq tashlangandayoq haromdan semirgan tanangni ilonlar chaqishni boshlasin, haromdan yeganlaringni so’rib-so’rib olsin”.

Errais xatdan bosh ko’tarib, Saidazimga qarab kulibdi: “Mana ko’rdingmi, xotinlarning og’zidan nimalar chiqmaydi, meni ilonlar chaqarmish, yana qachon degin, go’rga kirganimdan keyin. Voy! Voy-voy-ey! Qo’rqib ketyapman, badanimni ilonlar chaqyapti”. Errais mayitdek qo’llarini yoniga qisib, jilpanglabdi.

Akmalning ko’z oldidan o’sha holat o’tib, miyig’ida kulgi paydo bo’ldi. Errais buni darrov ilg’adi:
– Kulasan-a?! Pul shunaqa quturtirdimi seni? Ko’rmaganni ko’rgani qursin deb shunga aytar ekan-da!
– Ha, siz ko’rib qo’ygan edingizmi, yetimlaru beva-bechoralarning haqqini yeb yotibsiz-ku! Errayimlik qilaverib axiyri Errais ham bo’ldingiz. Birov bir narsa deyaptimi sizga?

– Ho’v uka, o’ynashmagin arbob bilan, arbob urar har bob bilan, degan gapni eshitmaganmisan deyman, tilingni tiysang-chi! – Erraisning yordamchisi luqma tashladi va ehtiyoti shart ortga bir qadam tisarilib oldi.
– Aytdim-ku, yig’ishtir dollar-pollaringni deb. Bo’lmasa o’zingdan ko’r, oqibati chatoq bo’ladi, – deya Errais endi jiddiy dag’dag’aga o’tdi.
– Kekirdagingizni cho’zmang, kekkayishingizni boshqa joyda qilasiz. Aytdim-ku, devorimga birovning qo’lini tekizmayman deb. Boring, bilganingizni qiling! Osmon qo’lingizda bo’lsa, ana, tashlab yuboring, – deb xezlandi Akmal.

Errais dahanaki jang chiniga aylanib ketishini sezib, yordamchisini oldiga solib jo’nab qoldi. Lekin yomon achchig’i chiqib ketdi, bir baloni boshlamasa bo’ldi edi. Kechroq milisa bilan kelsa kerak, deb o’yladi Akmal. Lekin Errais qaytib kelmadi.

Mana, kecha nega qaytib kelmaganining sababi endi ayon bo’ldi.

…Odam kutgan sayin kutilayotgan voqea oldida ojizlana boradimi yoki ko’p o’ylash kishining ruhini sindiradimi, Akmal shashti tushib ketayotganidan xavotirda edi. U darvozaxonada salmoqlab qadam tashlagancha nari borib, beri keladi, ba’zan to’xtab, dollarning yarqiroq belgisiga tikilib qoladi, ko’z oldidan yillar davomida to’plab uyiga jo’natgan pullar o’tadi. Haqini olganidan keyin muhojir ishchilar yotoqxonasida pulini qanday yashirgani, ayniqsa, begona va xatarnok shahar ko’chalarida cho’ntagida pulini changallab bank eshigiga yetib olgunga qadar boshidan o’tkazgan hayajonli damlarini eslaydi.

Nihoyat, tashqarida do’pir-do’pir tovushlar va odamlarning g’ala-g’ovuri eshitildi.
– Akmal, darvozani och, – akasining jarangdor ovozi keldi.
– Nima ishingiz bor? Ochmayman, gapingiz bo’lsa shundoq gapiravering, – dedi Akmal qo’lidagi ketmon sopini kaftiga urib.

– Och deyapman, bo’lmasa buzib kiraman!
– Boring, ichmagan paytingiz kelarsiz.
– Qo’rqoq! Hali shashlikxo’r xotining seni etagi tagiga yashirib olgan bo’lmasin tag’in? – Akasining istehzoli kulgisi eshitildi.

Akasi temir darvozani buzib kirolmasligi tayin, lekin haqoratiga chidash oson emas, bu gapni tomoshatalab qo’ni-qo’shni, mahalla-ko’y eshitib turgani aniq. Qolaversa, u bir hatlab devor osha tushishi mumkin-ku. Akmal noiloj darvozaning kichik qanotini asta ochdi. Kutganidek, darvoza tagida akasi chap qo’lini beliga tirab, o’ng qo’lidagi boltasini yelkasiga qo’yib, zaharxanda ishshayib turardi. O’n besh-yigirma qadamlar narida bir to’p olomon bularni kuzatyapti. Akasi boltaning keti bilan Akmalning ko’ksiga nuqib yo’lidan nari surdi va darvozaning katta qanotini jahl bilan ochdi. El ko’rib qo’ysin degan ma’no bor edi bu ishida.
– Bu nima? – dedi akasi devorda bo’rtib turgan dollar belgisiga ishora qilib.

– Hech nima. Nima ishingiz bor? – dedi Akmal akasining vajohati bu gal chindan boshqacha ekanidan cho’chib. Adham qo’lidagi boltani o’ynatib, yarqiroq bezak atrofida biroz aylandi, keyin qo’qqisdan haykalning qoq o’rtasiga qarsillatib bolta soldi, gips parchalari atrofga tarsillab uchdi, ho’v naridagi uyning derazasidan Akmalning xotini bosh chiqardi va “Voydod, odamlar yordam beringlar, o’ldirib qo’yadi”, deya baqirishga tushdi.

– Ie, himoyachisi zo’r ekan-ku buning, – dedi akasi achchiq istehzo bilan, keyin yerda yotgan gips bo’lagini mohir futbolchidek shunday tepdiki, u to’ppa-to’g’ri uyning derazasiga borib urildi va oynani chil-chil sindirdi, ayolning dod-voyi ham tindi. Adham ikkinchi haykalni ham qo’porib tashladi, keyin bopladimmi, degandek atrofga mamnun qaradi. Lekin bu kam edi, hali devorga tushirilgan bezak naqshning har qulochida bittadan dollar ramzi yaraqlab turardi. U devor bo’yog’ini chopib ko’chirishga tushdi. Endi Akmal chidab turolmadi, akasining qo’lidagi boltaga yopishdi. Aka shuni kutib turgan edi, Akmalning quloq chakkasiga zarb bilan soldi. Uka gandiraklab ortga tisarildi va shu zahotiyoq jon-jahdi bilan raqibiga tashlandi. Shu tariqa yoqalashuv boshlandi. Akmalning xotini yana ayyuhannos solib baqirishga tushdi, odamlarni yordamga chorladi, lekin uydan chiqmadi; hamma biladiki, ularning o’zlari tinchimasa, boshqa birov o’rtaga tusholmaydi.

Endi darvozaga biroz yaqin kelib tomosha qilayotgan katta-kichik orasida shivir-shivir boshlandi:
«Akmal Rossiyada uzoq yurgan, o’risning maslasi bilan kolbasasiga to’ygan, kuchi ko’p, akasini urib tashlaydi».

«O’risni ovqati nima bo’pti? Anhorning loyqa suviyam Adhamga kuch beradi. Unga iblis bas kelmasa, boshqasi teng kelolmaydi. Lekin ichvolganda, pand yeb qolishi mumkin».
“E, nima deyapsan, agar Akmal urib tashlamasa, bitta osh mendan”.
“Adham ursa, mendan bitta shisha”.

Aka-uka rosa mushtlashib charchadi, lekin akaning bilagi zo’rlik qildi, amallab ukasini tagiga bosib oldi, biroz nafas rostlagandek bo’lib, hali o’ng yuzi, hali chap yuziga tarsillatib soldi.
– Sen mishiqi, hali o’zingdan ketib qoldingmi? Pul quturtirdimi seni? Mana senga dollar! Mana senga haykal! Nima, bu yer senga Amerikami? Kim qo’yibdi senga otamning uyida dollarga haykal qo’yishni!

Aka, nihoyat, hansirab o’rnidan turdi, olomonga qarab ishshaydi, changga belanib yotgan ukani «bo’ldi, tegishingni olib bo’lding» degandek yengil tepib qo’ydi. Keyin boltasini yana yelkasiga qo’yib, darvozadan mag’rur chiqdi, izdihom o’rtasidan o’tib borar ekan, “Bola hali yosh”, deb qo’ydi ma’nodor qilib. Odamlarning yarmi akaning ketidan ergashdi, yarmi qoldi. Akmalning bir-ikki og’aynisi kelib, uni yupatishga tushdi.
– Qo’y, akang o’zi g’irt ablah, buzsa buzsin edi, yana boshqatdan tiklab olamiz. Lekin bir oylik mehnatimiz rasvo bo’ldi… Mayli, yana bir Rossiyaga borib kelsang, yangitdan bezaymiz.

Akmal boshini ko’tarib, ko’ylagining yirtiq yengi bilan og’zi chetidagi qonni artar ekan, o’rtog’idan so’radi:
– Zokir! Akam darvozadagi dollar bezaklarga tegmadi-a?
– Tegmadi, ko’rmadi shekilli…

Akmal bu gapni eshitib yengil nafas oldi, chalqancha yotgancha musaffo osmonga mamnun tikildi, badanida og’riq sezmasdi.
– Darvozasi buzilgan uy xarobazor bo’ladi, Zokir, akam ataylab darvozaga bolta urmagan, – dedi Akmal ma’yus jilmayib. Labining chetidan yana qon sizib chiqqan edi.

Manba: «Tafakkur» jurnali, 2015/4-son

024

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 1)

Izoh qoldiring