Nodirabegim Ibrohimova. Ikki esse

14Болалигимнинг қишлари касалхонада ўтарди. Кечалари онамни ҳидини соғиниб йиғлар, аммо бошқа болаларгаям, ҳамшираларгаям ҳечам буни сездиргим, дардимни айтгим келмасди. Ўшанда ҳам одамови эдим. Эсимда, бир куни қўлингизда мандарин солинган пакетни кўтарганча баланд чинорлар тагидаги ўриндиқда атрофга ҳавотирли нигоҳларингизни тикиб мени кутиб ўтиргандингиз…

Нодирабегим Иброҳимова
ИККИ ЭССЕ


Юракдан юраккача…

04Вена шаҳридаги мўъзаж хонадонларидан бирида, сочлари тўзғиган бастакор шоша-пиша дўстига мактуб битарди. Ҳаяжон туфайли қўллари титрар, юраги ҳар қачонгидек тез урарди. Эшитиш қобилияти йўқотаёзган эсада, қулоқлари остида қизнинг шўх кулгулари янграрди. Эҳтимол, бу нозли кулгулар уни карлик балосидан сақлаб қолар. Ўша кун – Наполеон Бонапарт томонидан ташланган кучли бомба портлаши қулоқ пардасига зарар етказгандан бери у жон жаҳди билан бутунлай кар бўлиб қолишдан чўчиб яшарди.
«Биласизми, мен ёқимтой бир қиз билан танишдим, — ёзишда давом этди у. — Шу туфайли яна одамлар даврасига қўшила бошладим. Ўттиз ёшимда бунчалик севиб қоламан, деб ўйламагандим. Сўнгги икки йил ичида энди кула бошладим. Энг бахтли дақиқаларим у билан ўтяпти. Мен уни севаман, у ҳам шундай, чамамда…»
Мактуб битгач, уни хатжилдга солдида, хизматчини чақирди. У анчадан бери хат ёзмай қўйганди. Бундан таажжубланган хизматчи ҳам хўжайинининг чеҳраси очилганидан мамнун бўлиб номани элтмоққа шошди.
Шундан сўнг эркак ўрнидан туриб бисотидаги пўрим либосни кийди. Ўзини кўзгуга солиб басавлат гавдали, сочлари қуюқ, пешонаси кенг, лаблари қимтилган, икки ёноғига қизиллик югурган жиддий қиёфадаги аксини кўрди.
«Графиня Жульетта Гвиччарди, -хаёлида ёрининг сиймосига сўз қотди у. — Гўзалликда тенгсизсиз! Сиз учун шундай бир куй басталайманки ҳали… бахт куйи бўлади у. Никоҳ тўйимизда сизга чалиб бераман. Қандай қарсаклар чалинаётганини тинглайсиз, ҳа фақатгина сиз тинглайсиз…»
Кейин хушчақчақлик билан доимий манзилга – зодагон графлар оиласи томон йўл олди. У бу ерда кўпдан бери графиняга пианино чалишни ўргатарди. Одатига кўра ёш ўрганувчилардан ҳақ олмас, қайтанга Жульеттанинг гўзал чеҳрасини тез-тез кўриб турмоқ учун ўзи ҳақ тўлашга тайёр эди. Гарчи қизни севсада, аммо қаттиққўлликни қўймасди. Унинг нўноқлигидан аччиқланган пайтлари ҳатто партитурани ерга сочиб юборарди. Қиз бундан сира хафа бўлмас, дарров уларни йиғиб оларди.
Қўнғироқни чалгач, эшикни очган хизматчи уни лутфан ичкарига таклиф қилди. Графиня пианино қаршисидаги стулда ўтирганча бастакордан ўрганаётган куйни машқ қиларди.
— Людвиг, — у бастакорни кўриши билан ёш боладек унинг ёнига чопиб келди. Чиндан ҳам у ҳали ёш, энди 18 ни тўлдирганди. Зодагонларга хос бўлган барча билим ва ҳунарларни ўзлаштираркан, булар орасида пианино чалиш санъати ҳам борлигидан иккиси шод эди. – Чалишимни бир тингланг бугун. Сизга албатта, ёқади! Туни билан машқ қилиб чиқдим. Энди нота дафтарига қарамай чала оламан.
Бастакор унинг лаб ҳаракатлари ва суст эшитилаётган товушидан нима деганини тахминан англади. Ҳар гал қиз чалишда адашар ва партитурага ўғринча қараб қўярди. Бундан Людвиг аччиқланарди, албатта. Қиз барчасини тезда ўзлаштириб олса, дарслар якунланишига тўғри келади, бу эса уни кўриш бахтидан мосуво этарди. Балки нўноқлиги ҳам яхшидир. Шогирдининг секинлик билан ўзлаштириши, хатолари унга энди хуш ёқарди. Лекин неки мусиқий билими бўлса, борини унга тортиқ қиларди.
Қизнинг бармоқлари клавишларга қандай бориб келаётганини диққатлик билан кузатган бастакор унга қараб қарсак чалди: қиз деярли тўғри бажарганди.
— Офарин. Анча-мунча ўрганибсан.
— Демак, яхши чалдим-а? Дарвоқе, эртага уйимизда катта балл уюштиришяпти. Сиз ҳам келасиз-а? Куйларингиз билан меҳмонларни шод этасиз, — қиз энтикиб кўзларини юмди.
— Келаман…
Людвиг бу тантанага агар бастакор бўлмаганига таклиф қилинмаслигини яхши биларди. Зодагонлар бу паст табақадан чиққан мусиқачини фақат истеъдоди учунгина хурмат қилишарди. Кўпчилик уни қўпол, маданиятсиз, ташқи кўринишига эътиборсиз кимса деб ҳисобларди. У паст табақа вакили эканини яширишга уринмасди ҳам. Айнан шу келиб чиқиш масаласида маэстро қизга тенг келолмасди. Ҳар қанча иқтидорли бўлса ҳам… Хонадоннинг азиз меҳмони сифатида хуш кўрилсада, ҳеч қачон табаррук куёв деб қабул қилинмаслигини яхши биларди. Жульеттага ўзи каби зодагон бўлган графликлардан талабгорлар шундоғам кам эмасди. Людвиг шуни ўйлаб чуқур ух тортди.
Қиз эса гапиришдан тинмасди. Устози уни яхши эшитмаслигини билсада, завқини тўхтата олмас, ҳатти-ҳаракатлари орқали унга нимани ҳис қилаётганини англатишга уринарди. У балларни севар, турли кўйлаклар тиктириб тинмас, агар моҳир пианиночи бўлиб етишса, ўзига маҳлиё ошиқлар кўпайишини айтиб энтикарди.
— Айтганча, сиз учун кўйлак тикдим. Ахир дарсларингиз учун сира ҳақ олмаяпсиз-ку, — қиз токчадан оқ рангдаги кенг кўйлакни олиб, бастакорга кўз кўзлади. – Ёқасидаги кашталарни қаранг, ўзим тикдим… Нафис-а?
Людвиг кўйлакни қўлига олди ва ипак матони бармоқлари билан силади. Айни пайтда улар клавишлардан кўраям ёқимли туюлди. Миннатдорлик билдирди.
Машғулотдан сўнг қизни яна тез орада кўриш умиди билан хайрлашган маэстро яна уйига қайтди, пианино қаршисига чўкиб графиня учун аталган куйини басталамоққа шайланди. Аммо қанчалик завққа тўлмасин, кўнглидаги сонатани чиқара олмасди. Юракдан юракка ўтадиган асар бўлишини истарди. Аммо ҳеч ўхшамасди… Эҳтимол, қизга севги изҳор қилиш вақти етгандир? Балки унинг розилигини олгач бахтдан осмонларда учиб сўнг ўша куйни ярата олар? Людвиг қизга туйғуларини ошкор қилишга қарор қилди.
055…Бугун пианино чалиш дарслари очиқ ҳавода – графларнинг сўлим боғида ўтмоқда. Баҳор келгач графиня табиат қўйнида дарс олишни ихтиёр қилди. Дарахтлар гуллаб, майсалар ям яшил бўлиб барқ уриши, майин шабада, бунинг устига маэстро чалаётган ёқимли куй иккисига ҳам романтик кайфият бағишларди.
— Гарчи орамизда 12 ёш фарқ бўлса ҳам… айтишим керак, деб ўйладим, — секин сўз бошлади Людвиг. – Сизни жонимдан ортиқ севаман, Жульетта! Муҳаббатимни қабул қилинг… — у чалишдан тўхтаган қизнинг қаршисига тиз чўкди.
Графинянинг юзлари қизаринди. У анчадан бери кутаётган сўзларини тинглагани учунми, енгил тин олди. Сўз демай яна чалишда давом этди. Ним жилмайган куйи устозининг энг севимли сонатаси ижросини бошлади.
— Умид қилсам бўладими, графиня? – бесабрлик билан сўради эркак.
— Сонаталарингиз каби… қалбингиз ҳам мени ўзига мафтун этган. Сиз буюк даҳосиз, маэстро. Умид қилманг, ишонинг…
Людвиг бу сўзларни аниқ-тиниқ илғади. Назарида, эшитиш қобилияти ҳам тикланаётгандек ҳис қилди ўзини. У севади, ҳа севади… Бундан ортиқ бахт борми? Бахт куйи… ана энди, янги сонатасини ёза олади! Юракдан юракка кўчадиган бир асар бўлсинки…
Машғулотдан сўнг боғда сайр қилишди. Людвиг дилидагиларни сўзга кўчиролмай қийналар, қиз эса тинмай сўйларди. Унинг нималар ҳақда гапираётганини бир илғаб, бир илғамай кетаркан, маэстро муҳими қиз қалбан унга талпинаётганини ҳис қилиб турарди. Англамаган сўзларини унинг кўзларига қараб ўқирди.
Ёз якунига қадар кунлар шундай бахтли ўтди… Людвиг ҳамон янги куйлар устида машқ қилар, лекин орзусидаги сонатани яратолмасди. Шу сабаб қизнинг қўлини сўрашни кечиктирар, никоҳ оқшомларида янграйдиган бахт куйи яралишини кутарди. У мусиқий хаёллари билан банд бўлган кунларнинг бирида қиздан кутилмаган мактуб олди. Бу вақтда машғулотлар аллақачон тугаган, қиз билан кам кўришишар, кўпроқ хат алмашишарди. Ўша мудҳиш хабар келган куни ташқарида шаррос ёмғир қўяётган эди.
«Менинг устимдан ғалаба қилган даҳодан юз ўгириб, менинг муҳаббатим учун курашаётган даҳо сари кетмоқдаман. Мен унинг нажот фариштаси бўлишни истайман».
У бу сўзларни ўқиб, қўллари титраб кетди. Мактубда кимни назарда тутганини дарҳол пайқади: граф Роберт фон Галленберг. У яқиндан бери қизга хушомад қилиб юришини сезганди. Энг ёмони, у ҳам пионист эди. Қиз охирги учрашувда унинг куйларини берилиб мақтагани ёдига тушди. Демак… ёш ва бадавлат граф мақсадига етибди.
Маэстро шошганча унга жавоб ёзмоққа тутинди. Аммо қўли бормади. Нима ҳам десин? Ёнига қайтишини сўраб ўтинсинми? Графдан кўра иқтидорли эканини айтиб ёлворсинми? Унинг қўлини сўрасинми, бахт куйини яратиш ташвишида юрганини айтсинми?
У ҳафсаласизлик билан креслога чўкди. Тартибсиз сочларини ғижимлаб узоқ вақт жим қолди. Ёнида сочилиб ётган партитураларни йиртиб улоқтириб юборди. «Юракдан юраккача…» ҳайқирди у ўрнидан туриб.
Соябонини ҳам унутиб кўчага чиқди ва узоқ яёв кезди. Ёмғир тиниб осмонда камалак кўринди. Людвиг энди қандай куй яратиши кераклигини англаганди… Қайғу куйи. Юракдан юракка етиб борадиган изтироб куйи. Парчаланган юраклар ҳақда мангу соната. Уни бахт тўйи эмас, айрилиқ онларида тинглайди одамлар. Ўлган муҳаббатларига аза очиб, йиғлаб-йиғлаб тинглайдилар.
Шундан сўнг катта саҳналарга чиқишни тўхтатган, лекин куй басталашдан чекинмаган Людвиг яна пианино билан овунди. Ҳар қачон ёлғизлигида унга дарддош бўлган ягона дўсти шу матоҳ эди. Эзгинлик туфайли эшитиш қобилияти батамом йўқолиб борар, лекин энди бу уни изтиробга солмасди. Куй унинг онгида эшитилар, қалбида туғён урарди. Эшитиш қобилиятини йўқотса омма олдида қандай қилиб пианино чаларди? Куйни якунлаб ўрнидан турганида ҳеч қандай қарсакларни эшитмаса… Йўқ, қарсаклар чалинади, буни бир бирига урилаётган кафтларга қараб билиш мумкин, аммо қулоқлари уни эшитармикин. Бастакор учун бундан оғир изтироб йўқ. На чалаётган мусиқангни эшита оласан, на мухлисларингни олқишларини… Фақатгина ноталар миянгда айланади. Шуни эшитасан, холос. Ички овоз билан.
Қизни унутиш учун Венгрияга жўнаб кетди. Ичида йиғилиб қолган туғён бир куни ёриб чиқишига ишонарди.  Кўчадаги сайрлардан бирида у нотаниш ўриндиққа чўкди ва оламни унутиб онгида етилиб пишган ноталарни шоша пиша қоғозга тушира бошлади. У ниҳоят, орзусидаги сонатани яратди! Партитурани олиб қўнимгохига шошди ва пианинода чалиб кўрди. Эшитмади, албатта. Тинглаб кўрмоқ учун уй эгаси — дўстини чорлади.
— Доҳиёна! – ўрнидан туриб қарсак чалди мезбон. – Юракка етиб борадиган!
Жульетта уни тинглаб эҳтимолки, собиқ устозининг қалб кечмишларини англаб ёнига қайтишидан умид қилди. Шу сабаб дарҳол Венага қайтди. Қайғули сонатани барча олқиш ва кўзда ёш билан қарши олди. Қаерда чалмасин, дастрўмол билан артиларди кўз ёшлар. Людвиг эса кутарди… Яна ёмғирли кунларнинг бирида ундан андуҳ ва афсусга тўла мактуб келишини, «сиз менинг даҳойимсиз, мен сизнинг нажот фариштангиз», деб битилган бир нома кутарди…
Бироқ йил ўтиб Жульетта ўша графга турмушга чиқиб, Италияга жўнаб кетди ва барига нуқта қўйилди. Людвиг энди умид қилмай қўйди. Муҳаббатдан кўнгли совуди. Қизни ҳеч қачон унутолмаслигини ўйлаб ўзидан ғижинди. Унинг хаёлларидан халос бўлиш учун бошқа аёл-қизлар билан учрашди, аммо қалбидаги яра битмади. У севги бобида нўноқ эди.
Орадан йигирма йилга вақт ўтибгина, Бетховеннинг ёши элликка яқишланганда ниҳоят, у келди. Жульетта уни излаб уйига келди. Йиғлаб, изиллаб келди… Қаршисида тик чўккан аёлга тикиларкан, Людвиг қалбида заррача меҳр уйғонмаётганидан ҳайратда эди. Шунчалар тош қотдими кўнгли? Ахир кутгани ниҳоят, келди-ку? Йўқ… аёл унга кечиккан дил изҳорини айтмади, севишини тан олмади.
— Ўтинаман, ёрдам қилинг… Оилам ночор аҳволга тушиб қолди, менга ҳиммат кўрсатинг.
Эркак унинг йиғисини умуман эшита олмас, аммо ночорлигини ҳис қилиб турарди. Қаршисидаги аёл ундан муҳаббат эмас, пул кутарди. Маэстро бир сўз демай, унга бор пулини тутқазди. Сўнг мағрурлик билан ортга ўгирилди ва кет, деб пичирлади.
Графиня бор будидан айрилганди. Бу вақтда ўзига тўқ бўлган маэстро ҳам бор бойлиги – адабий муҳаббатга бўлган ишончидан айрилди. У ниҳоят, Жульетта уни ҳеч қачон севмаганини тушунди.
Людвигнинг ҳаётга бўлган умиди сўнди. Яратган сонаталаридан бошқа ҳеч нимаси йўқлиги, меҳр кўрмаган қалбидаги исёнлар, уни тушунмаганлар орасида яшаш – охири уни тўшакка михлади. Кучли момақалдироқ чақаётган узун тунлардан бирида унинг жони узилди. Ўшанда ёнида биргина дўстидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. На маҳбубаси, на оиласи, на фарзандлари… Буткул ёлғизлик. Фақатгина сонаталар битилган партитуралар унга изтироб билан тикилиб тургандек бўларди.
Маэстро 56 ёшида у дунёга рихлат қилди. Иш столидан эса биргина мактуб топдилар: «Менинг фариштам, менинг бор-йўғим… Бу қандай ҳаёт бўлди! Сенсиз! Қанчалар яқинсан! Қанчалар узоқ! Қанчалик ғам ва кўзлар ёш – бари сенга, сенга, менинг ҳаётим, менинг бор-йўғим…»
Бетховеннинг ўлимидан анча вақт ўтиб, у Жульеттага бағишлаган ўша қайғули сонатага «Ой нури» деб ном бердилар. «Ой нури» сонатаси – юракдан юракка етиб борадиган айрилиқ ҳақдаги энг гўзал куй эди.

ПАНОҲИМ

Болалигимнинг қишлари касалхонада ўтарди. Кечалари онамни ҳидини соғиниб йиғлар, аммо бошқа болаларгаям, ҳамшираларгаям ҳечам буни сездиргим, дардимни айтгим келмасди. Ўшанда ҳам одамови эдим. Эсимда, бир куни қўлингизда мандарин солинган пакетни кўтарганча баланд чинорлар тагидаги ўриндиқда атрофга ҳавотирли нигоҳларингизни тикиб мени кутиб ўтиргандингиз. Ўйинқароқлигимга бориб ҳамшираларга индамай шерикларим билан узоқларга бориб ўйнаб келгандик. Мени кўришингиз билан ёнимга келиб дакки беришга шайландингизу унинг ўрнига мандарин тутқаздингиз. Севиниб қўлимга олдим. У пайтлар экзотик мевалар қиммат бўларди. Ўшанда укаларимга мақтангим ҳам келди. Ҳозир эса мандаринлардан 2 тасини уларга олиб боринг демаган эканман, деб ўйлаб қоламан.
07Сиз тез келиб, тезда кетардингиз: ҳозир ҳам, ўша пайт ҳам кўп ишлардингиз. Ишхонангизга мени қўлимдан ушлаб олиб борганларингиз ёдимда. У пайт онам касалхонага тушиб қолганди. Пойтахтда қариндошлар йўқ, сиз мажбурликдан биз болаларни баъзида олиб юрардингиз. Бола эдимда, саёҳат бўлса хурсанд юраверардим. Катта бўлгач, шаҳарда мусофирчилигимиз қанчалик оғир ўтганини англаганман. Ёз фасли эса ҳаммамизнинг мушкулимизни осон қиларди: биз болалар уч ой қишлоқда мазза қилиб яшар, сиз ҳам ташвишлардан бироз тин олиб бемалол ишлардингиз. Чиндан ҳам ёз яхши эди, ҳозир ҳам энг севимли фаслим у. Чунки ёзда сира йўталмас, укол олмас, пойтахтдаги ёлғизликдан қийналмас, ўзимни бахтли сезардим. Куз яқинлашгач, мажбур шаҳарга қайтар, ноябрдан бошланадиган бронхит эрта баҳоргача дамда бам безовта қилар, кўп дарс қолдирар, шунга қарамай баҳоларим аъло бўлишига доим интилардим. Чунки чоракларим бешга ёпилса, адабиётдан олимпиадаларда юқори ўрин олиб келсам, устозларим мени мақтаса, сиз мендан фахрланишингизни жуда истардим. Нимагаки эришмай энг аввал бу ҳақда сизга айтар ва «баракалла, қизим», дейишингизни тинглашни ёқтирардим. Бу менга, мактабда ҳеч ким беролмаган мотивацияни берар, орзулар қилишимга қанот бўларди. Шуни тушуниб етдимки, ҳамма таниган ижодкор бўлишни аслида ўзим учун эмас, сиз учун, сизнинг ғурурланишингиз учун истаган эканман.
Ёлғизликка мойил қалбим билан кўпинча ўз оламимда яшаш ёқар, бу кичик оламимда албатта, ёшлигимда менга айтган сўзларингиз, танбеҳларингиз, меҳрингиз сокин яшашимда туртки бўларди. Йўқса, телбалардек улоқиб кетган, ўзлигимни излаб сарсон кезган бўлардим оламни. Ўзлигимни топишда, яратишда, шакллантиришда доим пойдевор яратиб бердингиз. Жоҳил оталар каби сурат чизсам отиб юбормадингиз, ҳикоя ёзсам йиртмадингиз, китобларимни жавонингиздан олиб ташламадингиз. Орзуларим учун нимаки керак бўлса, барини хозир қилдингиз. Ўсмирликдаги энг қизувчан давримда – рақс тўгарагими ёки пишириқлар, зардўзликми ёки тикувчилик, инглиз тилими ёки тарих, қай ўқув марказларига бормай, гарчи рўзғор камлари етарли бўлсада, қўлимга пул тутқаздингиз. Бу пулларни албатта қайтараман, оиламнинг корига ярайман, деб интилдим. Шу сабаб бўлса керак, илк стипендиям, илк ойлигимни ҳамиша ғор саналадиган, жавонингиз тепасидаги турадиган, биз болаларни боққан, эскириб кетган — жигарранг кашелокка солардим. Бунинг сурури бошқача эди.
Мактабни тамомлаганимдан сўнг 18 июль – туғилган кунимда ўқишга хужжат топширишга бирга бордик. У пайтлар аниқ мақсадим йўқ эди, бирда ўқитувчи, бирда таржимон, бирда раққоса, бирда тикувчи бўлишни истар, ҳамма нарсага қизиққаним учун бир қай касбни бошидан тутишни билмасдим. Балки ўзингиз ҳам шу касб одами бўлганингиз учундир, халқаро журналистика йўналишига хужжат топшириб қайтдик. Мандат куни жавобларни билишга ўзингиз бордингиз. Кун бўйи қўнғироғингизни интиқиб кутдим. Дугоналарим каби «менам талаба бўлдим», деб ҳаммага хушхабар улашишни истардим. Шом пайти телефон қилдингиз ва бир неча балл етмай йиқилганимни айтдингиз. Ўшанда уч йил тинимсиз репититорга қатнаб, тунлари ўқиб чиққанимни эсладим, олдингизда хижолат бўлдим ва йиғлаб юбордим. Адолат бўлишига ишонган содда қиз эдим ўшанда. Яхшики, қўшимча ўринлар очилди, ноябрь ойида талаба бўлиш бахтига эришдим. Бунинг учун қанча ҳаракат қилганингизни биламан. Қиз бола вақтида ўқиши керак, дердингиз доим.
Кейинчалик грандга кирган, қўлидан бирор сатр ёзиш ҳам келмайдиган айрим курсдошларимга қараб доим адолат ғалаба қозонади деган қоидамдан воз кечдим. Лекин вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяркан. Қўлида қалами борлар журналистикада ишлаб кетди, қолганлар бошқа соҳаларга ўтиб кетишди. Ўша факультетда ўқиганимдан сира афсус чекмадим, чунки айнан ўша ерда мен ўзимни кашф қилдим, ҳақиқий устозларнинг сабоғини олдим, чин дўстлар орттирдим, ижод оламига кирдим. Нафақат қалам сирлари, инсонийлик дарсларини ҳам олдим. Ҳар тонг эрталаб машинада мени факултетга, онамни ишхонасига ташлаб кетишни канда қилмасдингиз. Дарсдан чиқиб бир соат йўл юрадиган трамвайда уйга қайтарканман, дераза ойнасидан қараб катта орзулар қилишни ёқтирар, уларни кундалигимга битиб қўярдим. Ҳозир шу кундаликни варақлаб кўрдимки, уларнинг аксарияти амалга ошибди. Ҳар бир орзум йўлида сиз елка тутиб турганингиз, суянч бўлганингизни доим ҳис қилиб турардим.
Дада, биз фарзандларингизга доим идеал инсон қиёфасини сиздан олишимизга ўрнак бўлиб келдингиз. Мен дунёдаги энг яхши инсон образини ўқиган китобларимда эмас, сизда кўрдим. Доим отам эканингиздан фахрландим. Вақти келиб, фарзандларим учун ибратли бобо бўлишингизни ўйлаб суюндим. Уларга сизни ўрнак қилиб кўрсатишдан тўхтамадим. Қачон дуо қилсам, узоқ умр тиладим. Отаси йўқ қизларга чин дилдан ачиндим, азим чиноридан айрилган ниҳолларни не шамоллар, не тўфонлар ҳар он нобуд қилиши мумкинлигини ўйлаб куйиндим. Отаси оқ қилган фарзандларни эшитсам, қалбим ларзага тушди. Улар ҳаётда неки ютуқларга эришмасин, бутун қалб билан яшолмаслигини ўйлаб ачиндим. Отасининг дуосини ололмай қалби кемтик чимилдиққа кирган келинчаклар ҳам борлигини ўйлаб доим тақдиримга шукур қилдим. Сиз никоҳ тўйимда дилингизга асраб келган энг яхши ниятларни билдирдингиз. Ўшанда илк марта кўзларингиз ёшланганини кўрдим. Турмушим давомида ўша манзарани доим кўз олдимга келтириб яшадим, бахт тилаб кузатган нигоҳларингизда келгусида афсус ёшлари милтилламаслиги учун интилдим. Хато қилсам, аввало ўзим учун эмас, сиз учун сиқилдим. Чунки бир умр йўлимни ёритиб турдингиз, шундай ёруғ ҳаётимда хато қилишим, ношукур бўлишим, ўйламай иш қилишим – адолатдан эмасди. Сизга ўхшаб доим мулоҳазакор бўлишга ҳаракат қилдим. Буни қай даражада эплаяпман, билмадим.
Улғайиб, оила қуриб, фарзандлар кўриб, ишлаб, ижод қилиб чиндан ҳам бахтли ҳаёт кечирардим. Бахтли инсон ким? Мен аввало, соғлом инсон деган бўлардим. Соғ бўлсанг кўнглингга ҳар қандай орзулар сиғаверади, меҳнатдан қочмайман. Болаликнинг қоронғу даврлари – касалхонадаги кунларим, нафас қисилишлар, сизларнинг ҳали у доктор, ҳали докторга элтишларингиз, қиммат дорилар, бари бари ёдимдан ҳам чиқиб кетди. Дардларни енгиб ўтдик биргаликда. Лекин дард энди менга яқин йўламайди, деб бекор суюнибман. У сездирмай яна сени мавҳ қилар, яқинларингни ҳавотирга қўяркан.
Бир неча ой ичида йўталдан ҳолим қуриб, чарчоқдан бошқа нарсани ҳис қилмай қўйдим. Учта кичкина болаларга кун бўйи қараш, газетада ишлаш, рўзғор ишларидан ортиб кўзгуга тузукроқ разм сололмасдим. Ҳеч ким эътибор қилмаган нарсани сиз сездингиз ва озиб кетганимни айтдингиз. Ўша куни Ёзувчилар уюшмасига тўгарак ташкил қилиш ниятида йўл олаётгандим, мени тўхтатиб, ўзингиз рентгенга олиб бордингиз. Ижод қочиб кетмайди, соғлиққа қараш керак, дедингиз. Эртасига жавобларни олишга бордим. Ташхисни эшитганимдан сўнг умидсизлик билан уйга қайтдим. Сиз уйда, зинага ўтирардингиз. Ўпкамда касаллик аниқланганини айтганимда, назаримда сизнинг ўпкангизга ҳам ҳаво етмаётгандек сиқилдингиз. Болаларни онамга қолдириб, эртасигаёқ мени шифохонага жойлаштириб келдингиз, доктор билан бу касаллик ҳақда узоқ гаплашдингиз. У ерда менга яхши қарашди. Бир кун турмуш ўртоғим, бир кун сиз, бир кун укам келар, ҳеч нимага зориқтирмасдингизлар. Энг қийини онамга эди, менга ўрганиб қолган учта болани икки ой давомида ташвишини чекиб, парвариш қилдилар.
Энди нафақат ота-онам, турмуш ўртоғим, фарзандларимга ҳам керак эдим. Улар учун соғлом бўлишим лозим эди. Руҳим чўккан бўлсада, тузалиш учун ҳамма нарсани қилдим. Шифохонадан чиқиб, бир йил давомида уйда даволанган пайтим ҳам доим оғиримни енгил қилиш, эҳтиётлаш чораларини кўрардингиз. Ўтган ёзда санаторийга йўлланма олгач, Наманган тоғларига елтувчи таксига ҳам ўтирғизаркансиз, етиб олгунимга қадар қўнғироқ қилиб турдингиз. Ўпкамнинг тикланишига ўзимдан кўра ҳаракат қилардингиз. Чунки мен ижод ва болаларга чалғиб, соғлиғимга қунт қилмаслигимни билардингиз. Бу ҳасталикни ҳам енгиб ўтдик, шукур.
Куни кеча ҳам «ўзим Наманганга ташлаб келаман, ўша ерни иқлими сенга фойдали, бир ой туриб келасизлар», деганингиздан сўнг тайёргарликка киришгандим. Аммо пандемия кучайиб, уйдан чиқиш хавфли бўлиб қолди. Коронавирус эмидемияси бошланганидан бери ҳамиша эҳтиёт бўлишимни тайинлаб келдингиз. Ўзим ҳам ўпкасида муаммолари бор инсонларга бу вирус хавфли эканини билганим учунам деярли уйдан чиқмадим. Лекин пойтахтда сўнгги кунларда ҳасталик авж олдики, одам ҳавотирга тушиб қолди. Иситмам чиқа бошлагач, балки бошқа нарсадандир деб ўзимни ишонтирдим. Қариндошларим билан суҳбатда бу ҳақда айтгандим, кўп ўтмай сиз хабар топиб қўнғироқ қилдингиз. Сизларни ваҳимага қўйишни истамагандим, чунки умумий авҳолим яхши эди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан. Шунинг учун бу гал сиз қаттиқ ҳавотир билан қарадингиз вазиятга. Кўп ўтмай биздан тест олишди.
Буларни эса тест жавобини кутиш асносида ёзиб ўтирибман… У қандай чиқишидан қатъий назар негадир хотиржамман. Сиз бор экансиз, ҳеч нимадан ҳавотир олмайман. Болаликдан бери доим енгиб келганмиз, Яратган истаса, яна енгамиз. Энг муҳими, сиз бахтимизга омон бўлинг, ҳеч қачон касал бўлманг. Сиз ҳасталансангиз, ўзимдан ҳам кўпроқ куйинаман. Мен асли ўзимга азиз инсонлар ҳақда унча ёза олмайман. Чунки бор туйғуларимни қоғозга туширолмайман, кўнглим тўлмайди бундан. Лекин бугун кўнглимдан қуйилиб келаётган сўзларни оққа туширмасам бўлмаслигини англадим, кўнглим тўлиб кетди, кўз ёшларим тинмади. Энди эса жуда енгилман, жудаям енгил…
Отангиз – паноҳингиз бор экан, ёмғирли кунларда соябони бор одамдек хотиржам экансиз… Дунёдаги барча қизларга шундай хотиржамлик насиб қилсин.

2020 йил, ёз, Тошкент.

 051  Bolaligimning qishlari kasalxonada oʼtardi. Kechalari onamni hidini sogʼinib yigʼlar, ammo boshqa bolalargayam, hamshiralargayam hecham buni sezdirgim, dardimni aytgim kelmasdi. Oʼshanda ham odamovi edim. Esimda, bir kuni qoʼlingizda mandarin solingan paketni koʼtargancha baland chinorlar tagidagi oʼrindiqda atrofga havotirli nigohlaringizni tikib meni kutib oʼtirgandingiz…

Nodirabegim Ibrohimova
IKKI ESSE


  Nodirabegim Ibrohimova 1989 yil 18 iyulda Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanida tug‘ilgan. 2007-2011 yillarda O‘zbekiston davlat jahon tillari universiteti Xalqaro jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Ayni paytda «Bekajon» gazetasida faoliyat yuritmoqda. “Iste’dod maktabi VIII” Respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. 2017 yilda Yozuvchilar uyushmasi tomonidan “Yoningdagi baxt” nomli nasriy kitobi chop etilgan.


Yurakdan yurakkacha…

Vena shahridagi moʼʼzaj xonadonlaridan birida, sochlari toʼzgʼigan bastakor shosha-pisha doʼstiga maktub bitardi. Hayajon tufayli qoʼllari titrar, yuragi har qachongidek tez urardi. Eshitish qobiliyati yoʼqotayozgan esada, quloqlari ostida qizning shoʼx kulgulari yangrardi. Ehtimol, bu nozli kulgular uni karlik balosidan saqlab qolar. Oʼsha kun – Napoleon Bonapart tomonidan tashlangan kuchli bomba portlashi quloq pardasiga zarar yetkazgandan beri u jon jahdi bilan butunlay kar boʼlib qolishdan choʼchib yashardi.
11«Bilasizmi, men yoqimtoy bir qiz bilan tanishdim, — yozishda davom etdi u. — Shu tufayli yana odamlar davrasiga qoʼshila boshladim. Oʼttiz yoshimda bunchalik sevib qolaman, deb oʼylamagandim. Soʼnggi ikki yil ichida endi kula boshladim. Eng baxtli daqiqalarim u bilan oʼtyapti. Men uni sevaman, u ham shunday, chamamda…»
Maktub bitgach, uni xatjildga soldida, xizmatchini chaqirdi. U anchadan beri xat yozmay qoʼygandi. Bundan taajjublangan xizmatchi ham xoʼjayinining chehrasi ochilganidan mamnun boʼlib nomani eltmoqqa shoshdi.
Shundan soʼng erkak oʼrnidan turib bisotidagi poʼrim libosni kiydi. Oʼzini koʼzguga solib basavlat gavdali, sochlari quyuq, peshonasi keng, lablari qimtilgan, ikki yonogʼiga qizillik yugurgan jiddiy qiyofadagi aksini koʼrdi.
«Grafinya Julьetta Gvichchardi, -xayolida yorining siymosiga soʼz qotdi u. — Goʼzallikda tengsizsiz! Siz uchun shunday bir kuy bastalaymanki hali… baxt kuyi boʼladi u. Nikoh toʼyimizda sizga chalib beraman. Qanday qarsaklar chalinayotganini tinglaysiz, ha faqatgina siz tinglaysiz…»
Keyin xushchaqchaqlik bilan doimiy manzilga – zodagon graflar oilasi tomon yoʼl oldi. U bu yerda koʼpdan beri grafinyaga pianino chalishni oʼrgatardi. Odatiga koʼra yosh oʼrganuvchilardan haq olmas, qaytanga Julьettaning goʼzal chehrasini tez-tez koʼrib turmoq uchun oʼzi haq toʼlashga tayyor edi. Garchi qizni sevsada, ammo qattiqqoʼllikni qoʼymasdi. Uning noʼnoqligidan achchiqlangan paytlari hatto partiturani yerga sochib yuborardi. Qiz bundan sira xafa boʼlmas, darrov ularni yigʼib olardi.
Qoʼngʼiroqni chalgach, eshikni ochgan xizmatchi uni lutfan ichkariga taklif qildi. Grafinya pianino qarshisidagi stulda oʼtirgancha bastakordan oʼrganayotgan kuyni mashq qilardi.
— Lyudvig, — u bastakorni koʼrishi bilan yosh boladek uning yoniga chopib keldi. Chindan ham u hali yosh, endi 18 ni toʼldirgandi. Zodagonlarga xos boʼlgan barcha bilim va hunarlarni oʼzlashtirarkan, bular orasida pianino chalish sanʼati ham borligidan ikkisi shod edi. – Chalishimni bir tinglang bugun. Sizga albatta, yoqadi! Tuni bilan mashq qilib chiqdim. Endi nota daftariga qaramay chala olaman.
Bastakor uning lab harakatlari va sust eshitilayotgan tovushidan nima deganini taxminan angladi. Har gal qiz chalishda adashar va partituraga oʼgʼrincha qarab qoʼyardi. Bundan Lyudvig achchiqlanardi, albatta. Qiz barchasini tezda oʼzlashtirib olsa, darslar yakunlanishiga toʼgʼri keladi, bu esa uni koʼrish baxtidan mosuvo etardi. Balki noʼnoqligi ham yaxshidir. Shogirdining sekinlik bilan oʼzlashtirishi, xatolari unga endi xush yoqardi. Lekin neki musiqiy bilimi boʼlsa, borini unga tortiq qilardi.
Qizning barmoqlari klavishlarga qanday borib kelayotganini diqqatlik bilan kuzatgan bastakor unga qarab qarsak chaldi: qiz deyarli toʼgʼri bajargandi.
— Ofarin. Аncha-muncha oʼrganibsan.
— Demak, yaxshi chaldim-a? Darvoqe, ertaga uyimizda katta ball uyushtirishyapti. Siz ham kelasiz-a? Kuylaringiz bilan mehmonlarni shod etasiz, — qiz entikib koʼzlarini yumdi.
— Kelaman…
Lyudvig bu tantanaga agar bastakor boʼlmaganiga taklif qilinmasligini yaxshi bilardi. Zodagonlar bu past tabaqadan chiqqan musiqachini faqat isteʼdodi uchungina xurmat qilishardi. Koʼpchilik uni qoʼpol, madaniyatsiz, tashqi koʼrinishiga eʼtiborsiz kimsa deb hisoblardi. U past tabaqa vakili ekanini yashirishga urinmasdi ham. Аynan shu kelib chiqish masalasida maestro qizga teng kelolmasdi. Har qancha iqtidorli boʼlsa ham… Xonadonning aziz mehmoni sifatida xush koʼrilsada, hech qachon tabarruk kuyov deb qabul qilinmasligini yaxshi bilardi. Julьettaga oʼzi kabi zodagon boʼlgan grafliklardan talabgorlar shundogʼam kam emasdi. Lyudvig shuni oʼylab chuqur ux tortdi.
Qiz esa gapirishdan tinmasdi. Ustozi uni yaxshi eshitmasligini bilsada, zavqini toʼxtata olmas, hatti-harakatlari orqali unga nimani his qilayotganini anglatishga urinardi. U ballarni sevar, turli koʼylaklar tiktirib tinmas, agar mohir pianinochi boʼlib yetishsa, oʼziga mahliyo oshiqlar koʼpayishini aytib entikardi.
— Аytgancha, siz uchun koʼylak tikdim. Аxir darslaringiz uchun sira haq olmayapsiz-ku, — qiz tokchadan oq rangdagi keng koʼylakni olib, bastakorga koʼz koʼzladi. – Yoqasidagi kashtalarni qarang, oʼzim tikdim… Nafis-a?
Lyudvig koʼylakni qoʼliga oldi va ipak matoni barmoqlari bilan siladi. Аyni paytda ular klavishlardan koʼrayam yoqimli tuyuldi. Minnatdorlik bildirdi.
Mashgʼulotdan soʼng qizni yana tez orada koʼrish umidi bilan xayrlashgan maestro yana uyiga qaytdi, pianino qarshisiga choʼkib grafinya uchun atalgan kuyini bastalamoqqa shaylandi. Аmmo qanchalik zavqqa toʼlmasin, koʼnglidagi sonatani chiqara olmasdi. Yurakdan yurakka oʼtadigan asar boʼlishini istardi. Аmmo hech oʼxshamasdi… Ehtimol, qizga sevgi izhor qilish vaqti yetgandir? Balki uning roziligini olgach baxtdan osmonlarda uchib soʼng oʼsha kuyni yarata olar? Lyudvig qizga tuygʼularini oshkor qilishga qaror qildi.
…Bugun pianino chalish darslari ochiq havoda – graflarning soʼlim bogʼida oʼtmoqda. Bahor kelgach grafinya tabiat qoʼynida dars olishni ixtiyor qildi. Daraxtlar gullab, maysalar yam yashil boʼlib barq urishi, mayin shabada, buning ustiga maestro chalayotgan yoqimli kuy ikkisiga ham romantik kayfiyat bagʼishlardi.
— Garchi oramizda 12 yosh farq boʼlsa ham… aytishim kerak, deb oʼyladim, — sekin soʼz boshladi Lyudvig. – Sizni jonimdan ortiq sevaman, Julьetta! Muhabbatimni qabul qiling… — u chalishdan toʼxtagan qizning qarshisiga tiz choʼkdi.
Grafinyaning yuzlari qizarindi. U anchadan beri kutayotgan soʼzlarini tinglagani uchunmi, yengil tin oldi. Soʼz demay yana chalishda davom etdi. Nim jilmaygan kuyi ustozining eng sevimli sonatasi ijrosini boshladi.
— Umid qilsam boʼladimi, grafinya? – besabrlik bilan soʼradi erkak.
— Sonatalaringiz kabi… qalbingiz ham meni oʼziga maftun etgan. Siz buyuk dahosiz, maestro. Umid qilmang, ishoning…
Lyudvig bu soʼzlarni aniq-tiniq ilgʼadi. Nazarida, eshitish qobiliyati ham tiklanayotgandek his qildi oʼzini. U sevadi, ha sevadi… Bundan ortiq baxt bormi? Baxt kuyi… ana endi, yangi sonatasini yoza oladi! Yurakdan yurakka koʼchadigan bir asar boʼlsinki…
Mashgʼulotdan soʼng bogʼda sayr qilishdi. Lyudvig dilidagilarni soʼzga koʼchirolmay qiynalar, qiz esa tinmay soʼylardi. Uning nimalar haqda gapirayotganini bir ilgʼab, bir ilgʼamay ketarkan, maestro muhimi qiz qalban unga talpinayotganini his qilib turardi. Аnglamagan soʼzlarini uning koʼzlariga qarab oʼqirdi.
Yoz yakuniga qadar kunlar shunday baxtli oʼtdi… Lyudvig hamon yangi kuylar ustida mashq qilar, lekin orzusidagi sonatani yaratolmasdi. Shu sabab qizning qoʼlini soʼrashni kechiktirar, nikoh oqshomlarida yangraydigan baxt kuyi yaralishini kutardi. U musiqiy xayollari bilan band boʼlgan kunlarning birida qizdan kutilmagan maktub oldi. Bu vaqtda mashgʼulotlar allaqachon tugagan, qiz bilan kam koʼrishishar, koʼproq xat almashishardi. Oʼsha mudhish xabar kelgan kuni tashqarida sharros yomgʼir qoʼyayotgan edi.
«Mening ustimdan gʼalaba qilgan dahodan yuz oʼgirib, mening muhabbatim uchun kurashayotgan daho sari ketmoqdaman. Men uning najot farishtasi boʼlishni istayman».
U bu soʼzlarni oʼqib, qoʼllari titrab ketdi. Maktubda kimni nazarda tutganini darhol payqadi: graf Robert fon Gallenberg. U yaqindan beri qizga xushomad qilib yurishini sezgandi. Eng yomoni, u ham pionist edi. Qiz oxirgi uchrashuvda uning kuylarini berilib maqtagani yodiga tushdi. Demak… yosh va badavlat graf maqsadiga yetibdi.
Maestro shoshgancha unga javob yozmoqqa tutindi. Аmmo qoʼli bormadi. Nima ham desin? Yoniga qaytishini soʼrab oʼtinsinmi? Grafdan koʼra iqtidorli ekanini aytib yolvorsinmi? Uning qoʼlini soʼrasinmi, baxt kuyini yaratish tashvishida yurganini aytsinmi?
U hafsalasizlik bilan kresloga choʼkdi. Tartibsiz sochlarini gʼijimlab uzoq vaqt jim qoldi. Yonida sochilib yotgan partituralarni yirtib uloqtirib yubordi. «Yurakdan yurakkacha…» hayqirdi u oʼrnidan turib.
Soyabonini ham unutib koʼchaga chiqdi va uzoq yayov kezdi. Yomgʼir tinib osmonda kamalak koʼrindi. Lyudvig endi qanday kuy yaratishi kerakligini anglagandi… Qaygʼu kuyi. Yurakdan yurakka yetib boradigan iztirob kuyi. Parchalangan yuraklar haqda mangu sonata. Uni baxt toʼyi emas, ayriliq onlarida tinglaydi odamlar. Oʼlgan muhabbatlariga aza ochib, yigʼlab-yigʼlab tinglaydilar.
Shundan soʼng katta sahnalarga chiqishni toʼxtatgan, lekin kuy bastalashdan chekinmagan Lyudvig yana pianino bilan ovundi. Har qachon yolgʼizligida unga darddosh boʼlgan yagona doʼsti shu matoh edi. Ezginlik tufayli eshitish qobiliyati batamom yoʼqolib borar, lekin endi bu uni iztirobga solmasdi. Kuy uning ongida eshitilar, qalbida tugʼyon urardi. Eshitish qobiliyatini yoʼqotsa omma oldida qanday qilib pianino chalardi? Kuyni yakunlab oʼrnidan turganida hech qanday qarsaklarni eshitmasa… Yoʼq, qarsaklar chalinadi, buni bir biriga urilayotgan kaftlarga qarab bilish mumkin, ammo quloqlari uni eshitarmikin. Bastakor uchun bundan ogʼir iztirob yoʼq. Na chalayotgan musiqangni eshita olasan, na muxlislaringni olqishlarini… Faqatgina notalar miyangda aylanadi. Shuni eshitasan, xolos. Ichki ovoz bilan.
Qizni unutish uchun Vengriyaga joʼnab ketdi. Ichida yigʼilib qolgan tugʼyon bir kuni yorib chiqishiga ishonardi. Koʼchadagi sayrlardan birida u notanish oʼrindiqqa choʼkdi va olamni unutib ongida yetilib pishgan notalarni shosha pisha qogʼozga tushira boshladi. U nihoyat, orzusidagi sonatani yaratdi! Partiturani olib qoʼnimgoxiga shoshdi va pianinoda chalib koʼrdi. Eshitmadi, albatta. Tinglab koʼrmoq uchun uy egasi — doʼstini chorladi.
— Dohiyona! – oʼrnidan turib qarsak chaldi mezbon. – Yurakka yetib boradigan!
Julьetta uni tinglab ehtimolki, sobiq ustozining qalb kechmishlarini anglab yoniga qaytishidan umid qildi. Shu sabab darhol Venaga qaytdi. Qaygʼuli sonatani barcha olqish va koʼzda yosh bilan qarshi oldi. Qaerda chalmasin, dastroʼmol bilan artilardi koʼz yoshlar. Lyudvig esa kutardi… Yana yomgʼirli kunlarning birida undan anduh va afsusga toʼla maktub kelishini, «siz mening dahoyimsiz, men sizning najot farishtangiz», deb bitilgan bir noma kutardi…
Biroq yil oʼtib Julьetta oʼsha grafga turmushga chiqib, Italiyaga joʼnab ketdi va bariga nuqta qoʼyildi. Lyudvig endi umid qilmay qoʼydi. Muhabbatdan koʼngli sovudi. Qizni hech qachon unutolmasligini oʼylab oʼzidan gʼijindi. Uning xayollaridan xalos boʼlish uchun boshqa ayol-qizlar bilan uchrashdi, ammo qalbidagi yara bitmadi. U sevgi bobida noʼnoq edi.
Oradan yigirma yilga vaqt oʼtibgina, Betxovenning yoshi ellikka yaqishlanganda nihoyat, u keldi. Julьetta uni izlab uyiga keldi. Yigʼlab, izillab keldi… Qarshisida tik choʼkkan ayolga tikilarkan, Lyudvig qalbida zarracha mehr uygʼonmayotganidan hayratda edi. Shunchalar tosh qotdimi koʼngli? Аxir kutgani nihoyat, keldi-ku? Yoʼq… ayol unga kechikkan dil izhorini aytmadi, sevishini tan olmadi.
— Oʼtinaman, yordam qiling… Oilam nochor ahvolga tushib qoldi, menga himmat koʼrsating.
Erkak uning yigʼisini umuman eshita olmas, ammo nochorligini his qilib turardi. Qarshisidagi ayol undan muhabbat emas, pul kutardi. Maestro bir soʼz demay, unga bor pulini tutqazdi. Soʼng magʼrurlik bilan ortga oʼgirildi va ket, deb pichirladi.
Grafinya bor budidan ayrilgandi. Bu vaqtda oʼziga toʼq boʼlgan maestro ham bor boyligi – adabiy muhabbatga boʼlgan ishonchidan ayrildi. U nihoyat, Julьetta uni hech qachon sevmaganini tushundi.
Lyudvigning hayotga boʼlgan umidi soʼndi. Yaratgan sonatalaridan boshqa hech nimasi yoʼqligi, mehr koʼrmagan qalbidagi isyonlar, uni tushunmaganlar orasida yashash – oxiri uni toʼshakka mixladi. Kuchli momaqaldiroq chaqayotgan uzun tunlardan birida uning joni uzildi. Oʼshanda yonida birgina doʼstidan boshqa hech kim yoʼq edi. Na mahbubasi, na oilasi, na farzandlari… Butkul yolgʼizlik. Faqatgina sonatalar bitilgan partituralar unga iztirob bilan tikilib turgandek boʼlardi.
Maestro 56 yoshida u dunyoga rixlat qildi. Ish stolidan esa birgina maktub topdilar: «Mening farishtam, mening bor-yoʼgʼim… Bu qanday hayot boʼldi! Sensiz! Qanchalar yaqinsan! Qanchalar uzoq! Qanchalik gʼam va koʼzlar yosh – bari senga, senga, mening hayotim, mening bor-yoʼgʼim…»
Betxovenning oʼlimidan ancha vaqt oʼtib, u Julьettaga bagʼishlagan oʼsha qaygʼuli sonataga «Oy nuri» deb nom berdilar. «Oy nuri» sonatasi – yurakdan yurakka yetib boradigan ayriliq haqdagi eng goʼzal kuy edi.

PАNOHIM

05Bolaligimning qishlari kasalxonada oʼtardi. Kechalari onamni hidini sogʼinib yigʼlar, ammo boshqa bolalargayam, hamshiralargayam hecham buni sezdirgim, dardimni aytgim kelmasdi. Oʼshanda ham odamovi edim. Esimda, bir kuni qoʼlingizda mandarin solingan paketni koʼtargancha baland chinorlar tagidagi oʼrindiqda atrofga havotirli nigohlaringizni tikib meni kutib oʼtirgandingiz. Oʼyinqaroqligimga borib hamshiralarga indamay sheriklarim bilan uzoqlarga borib oʼynab kelgandik. Meni koʼrishingiz bilan yonimga kelib dakki berishga shaylandingizu uning oʼrniga mandarin tutqazdingiz. Sevinib qoʼlimga oldim. U paytlar ekzotik mevalar qimmat boʼlardi. Oʼshanda ukalarimga maqtangim ham keldi. Hozir esa mandarinlardan 2 tasini ularga olib boring demagan ekanman, deb oʼylab qolaman.
Siz tez kelib, tezda ketardingiz: hozir ham, oʼsha payt ham koʼp ishlardingiz. Ishxonangizga meni qoʼlimdan ushlab olib borganlaringiz yodimda. U payt onam kasalxonaga tushib qolgandi. Poytaxtda qarindoshlar yoʼq, siz majburlikdan biz bolalarni baʼzida olib yurardingiz. Bola edimda, sayohat boʼlsa xursand yuraverardim. Katta boʼlgach, shaharda musofirchiligimiz qanchalik ogʼir oʼtganini anglaganman. Yoz fasli esa hammamizning mushkulimizni oson qilardi: biz bolalar uch oy qishloqda mazza qilib yashar, siz ham tashvishlardan biroz tin olib bemalol ishlardingiz. Chindan ham yoz yaxshi edi, hozir ham eng sevimli faslim u. Chunki yozda sira yoʼtalmas, ukol olmas, poytaxtdagi yolgʼizlikdan qiynalmas, oʼzimni baxtli sezardim. Kuz yaqinlashgach, majbur shaharga qaytar, noyabrdan boshlanadigan bronxit erta bahorgacha damda bam bezovta qilar, koʼp dars qoldirar, shunga qaramay baholarim aʼlo boʼlishiga doim intilardim. Chunki choraklarim beshga yopilsa, adabiyotdan olimpiadalarda yuqori oʼrin olib kelsam, ustozlarim meni maqtasa, siz mendan faxrlanishingizni juda istardim. Nimagaki erishmay eng avval bu haqda sizga aytar va «barakalla, qizim», deyishingizni tinglashni yoqtirardim. Bu menga, maktabda hech kim berolmagan motivatsiyani berar, orzular qilishimga qanot boʼlardi. Shuni tushunib yetdimki, hamma tanigan ijodkor boʼlishni aslida oʼzim uchun emas, siz uchun, sizning gʼururlanishingiz uchun istagan ekanman.
Yolgʼizlikka moyil qalbim bilan koʼpincha oʼz olamimda yashash yoqar, bu kichik olamimda albatta, yoshligimda menga aytgan soʼzlaringiz, tanbehlaringiz, mehringiz sokin yashashimda turtki boʼlardi. Yoʼqsa, telbalardek uloqib ketgan, oʼzligimni izlab sarson kezgan boʼlardim olamni. Oʼzligimni topishda, yaratishda, shakllantirishda doim poydevor yaratib berdingiz. Johil otalar kabi surat chizsam otib yubormadingiz, hikoya yozsam yirtmadingiz, kitoblarimni javoningizdan olib tashlamadingiz. Orzularim uchun nimaki kerak boʼlsa, barini xozir qildingiz. Oʼsmirlikdagi eng qizuvchan davrimda – raqs toʼgaragimi yoki pishiriqlar, zardoʼzlikmi yoki tikuvchilik, ingliz tilimi yoki tarix, qay oʼquv markazlariga bormay, garchi roʼzgʼor kamlari yetarli boʼlsada, qoʼlimga pul tutqazdingiz. Bu pullarni albatta qaytaraman, oilamning koriga yarayman, deb intildim. Shu sabab boʼlsa kerak, ilk stipendiyam, ilk oyligimni hamisha gʼor sanaladigan, javoningiz tepasidagi turadigan, biz bolalarni boqqan, eskirib ketgan — jigarrang kashelokka solardim. Buning sururi boshqacha edi.
Maktabni tamomlaganimdan soʼng 18 iyulь – tugʼilgan kunimda oʼqishga xujjat topshirishga birga bordik. U paytlar aniq maqsadim yoʼq edi, birda oʼqituvchi, birda tarjimon, birda raqqosa, birda tikuvchi boʼlishni istar, hamma narsaga qiziqqanim uchun bir qay kasbni boshidan tutishni bilmasdim. Balki oʼzingiz ham shu kasb odami boʼlganingiz uchundir, xalqaro jurnalistika yoʼnalishiga xujjat topshirib qaytdik. Mandat kuni javoblarni bilishga oʼzingiz bordingiz. Kun boʼyi qoʼngʼirogʼingizni intiqib kutdim. Dugonalarim kabi «menam talaba boʼldim», deb hammaga xushxabar ulashishni istardim. Shom payti telefon qildingiz va bir necha ball yetmay yiqilganimni aytdingiz. Oʼshanda uch yil tinimsiz repititorga qatnab, tunlari oʼqib chiqqanimni esladim, oldingizda xijolat boʼldim va yigʼlab yubordim. Аdolat boʼlishiga ishongan sodda qiz edim oʼshanda. Yaxshiki, qoʼshimcha oʼrinlar ochildi, noyabrь oyida talaba boʼlish baxtiga erishdim. Buning uchun qancha harakat qilganingizni bilaman. Qiz bola vaqtida oʼqishi kerak, derdingiz doim.
Keyinchalik grandga kirgan, qoʼlidan biror satr yozish ham kelmaydigan ayrim kursdoshlarimga qarab doim adolat gʼalaba qozonadi degan qoidamdan voz kechdim. Lekin vaqt hammasini oʼz oʼrniga qoʼyarkan. Qoʼlida qalami borlar jurnalistikada ishlab ketdi, qolganlar boshqa sohalarga oʼtib ketishdi. Oʼsha fakulьtetda oʼqiganimdan sira afsus chekmadim, chunki aynan oʼsha yerda men oʼzimni kashf qildim, haqiqiy ustozlarning sabogʼini oldim, chin doʼstlar orttirdim, ijod olamiga kirdim. Nafaqat qalam sirlari, insoniylik darslarini ham oldim. Har tong ertalab mashinada meni fakultetga, onamni ishxonasiga tashlab ketishni kanda qilmasdingiz. Darsdan chiqib bir soat yoʼl yuradigan tramvayda uyga qaytarkanman, deraza oynasidan qarab katta orzular qilishni yoqtirar, ularni kundaligimga bitib qoʼyardim. Hozir shu kundalikni varaqlab koʼrdimki, ularning aksariyati amalga oshibdi. Har bir orzum yoʼlida siz yelka tutib turganingiz, suyanch boʼlganingizni doim his qilib turardim.
Dada, biz farzandlaringizga doim ideal inson qiyofasini sizdan olishimizga oʼrnak boʼlib keldingiz. Men dunyodagi eng yaxshi inson obrazini oʼqigan kitoblarimda emas, sizda koʼrdim. Doim otam ekaningizdan faxrlandim. Vaqti kelib, farzandlarim uchun ibratli bobo boʼlishingizni oʼylab suyundim. Ularga sizni oʼrnak qilib koʼrsatishdan toʼxtamadim. Qachon duo qilsam, uzoq umr tiladim. Otasi yoʼq qizlarga chin dildan achindim, azim chinoridan ayrilgan nihollarni ne shamollar, ne toʼfonlar har on nobud qilishi mumkinligini oʼylab kuyindim. Otasi oq qilgan farzandlarni eshitsam, qalbim larzaga tushdi. Ular hayotda neki yutuqlarga erishmasin, butun qalb bilan yasholmasligini oʼylab achindim. Otasining duosini ololmay qalbi kemtik chimildiqqa kirgan kelinchaklar ham borligini oʼylab doim taqdirimga shukur qildim. Siz nikoh toʼyimda dilingizga asrab kelgan eng yaxshi niyatlarni bildirdingiz. Oʼshanda ilk marta koʼzlaringiz yoshlanganini koʼrdim. Turmushim davomida oʼsha manzarani doim koʼz oldimga keltirib yashadim, baxt tilab kuzatgan nigohlaringizda kelgusida afsus yoshlari miltillamasligi uchun intildim. Xato qilsam, avvalo oʼzim uchun emas, siz uchun siqildim. Chunki bir umr yoʼlimni yoritib turdingiz, shunday yorugʼ hayotimda xato qilishim, noshukur boʼlishim, oʼylamay ish qilishim – adolatdan emasdi. Sizga oʼxshab doim mulohazakor boʼlishga harakat qildim. Buni qay darajada eplayapman, bilmadim.
Ulgʼayib, oila qurib, farzandlar koʼrib, ishlab, ijod qilib chindan ham baxtli hayot kechirardim. Baxtli inson kim? Men avvalo, sogʼlom inson degan boʼlardim. Sogʼ boʼlsang koʼnglingga har qanday orzular sigʼaveradi, mehnatdan qochmayman. Bolalikning qorongʼu davrlari – kasalxonadagi kunlarim, nafas qisilishlar, sizlarning hali u doktor, hali doktorga eltishlaringiz, qimmat dorilar, bari bari yodimdan ham chiqib ketdi. Dardlarni yengib oʼtdik birgalikda. Lekin dard endi menga yaqin yoʼlamaydi, deb bekor suyunibman. U sezdirmay yana seni mavh qilar, yaqinlaringni havotirga qoʼyarkan.
Bir necha oy ichida yoʼtaldan holim qurib, charchoqdan boshqa narsani his qilmay qoʼydim. Uchta kichkina bolalarga kun boʼyi qarash, gazetada ishlash, roʼzgʼor ishlaridan ortib koʼzguga tuzukroq razm sololmasdim. Hech kim eʼtibor qilmagan narsani siz sezdingiz va ozib ketganimni aytdingiz. Oʼsha kuni Yozuvchilar uyushmasiga toʼgarak tashkil qilish niyatida yoʼl olayotgandim, meni toʼxtatib, oʼzingiz rentgenga olib bordingiz. Ijod qochib ketmaydi, sogʼliqqa qarash kerak, dedingiz. Ertasiga javoblarni olishga bordim. Tashxisni eshitganimdan soʼng umidsizlik bilan uyga qaytdim. Siz uyda, zinaga oʼtirardingiz. Oʼpkamda kasallik aniqlanganini aytganimda, nazarimda sizning oʼpkangizga ham havo yetmayotgandek siqildingiz. Bolalarni onamga qoldirib, ertasigayoq meni shifoxonaga joylashtirib keldingiz, doktor bilan bu kasallik haqda uzoq gaplashdingiz. U yerda menga yaxshi qarashdi. Bir kun turmush oʼrtogʼim, bir kun siz, bir kun ukam kelar, hech nimaga zoriqtirmasdingizlar. Eng qiyini onamga edi, menga oʼrganib qolgan uchta bolani ikki oy davomida tashvishini chekib, parvarish qildilar.
Endi nafaqat ota-onam, turmush oʼrtogʼim, farzandlarimga ham kerak edim. Ular uchun sogʼlom boʼlishim lozim edi. Ruhim choʼkkan boʼlsada, tuzalish uchun hamma narsani qildim. Shifoxonadan chiqib, bir yil davomida uyda davolangan paytim ham doim ogʼirimni yengil qilish, ehtiyotlash choralarini koʼrardingiz. Oʼtgan yozda sanatoriyga yoʼllanma olgach, Namangan togʼlariga yeltuvchi taksiga ham oʼtirgʼizarkansiz, yetib olgunimga qadar qoʼngʼiroq qilib turdingiz. Oʼpkamning tiklanishiga oʼzimdan koʼra harakat qilardingiz. Chunki men ijod va bolalarga chalgʼib, sogʼligʼimga qunt qilmasligimni bilardingiz. Bu hastalikni ham yengib oʼtdik, shukur.
Kuni kecha ham «oʼzim Namanganga tashlab kelaman, oʼsha yerni iqlimi senga foydali, bir oy turib kelasizlar», deganingizdan soʼng tayyorgarlikka kirishgandim. Аmmo pandemiya kuchayib, uydan chiqish xavfli boʼlib qoldi. Koronavirus emidemiyasi boshlanganidan beri hamisha ehtiyot boʼlishimni tayinlab keldingiz. Oʼzim ham oʼpkasida muammolari bor insonlarga bu virus xavfli ekanini bilganim uchunam deyarli uydan chiqmadim. Lekin poytaxtda soʼnggi kunlarda hastalik avj oldiki, odam havotirga tushib qoldi. Isitmam chiqa boshlagach, balki boshqa narsadandir deb oʼzimni ishontirdim. Qarindoshlarim bilan suhbatda bu haqda aytgandim, koʼp oʼtmay siz xabar topib qoʼngʼiroq qildingiz. Sizlarni vahimaga qoʼyishni istamagandim, chunki umumiy avholim yaxshi edi. Ogʼzi kuygan qatiqni ham puflab icharkan. Shuning uchun bu gal siz qattiq havotir bilan qaradingiz vaziyatga. Koʼp oʼtmay bizdan test olishdi.
Bularni esa test javobini kutish asnosida yozib oʼtiribman… U qanday chiqishidan qatʼiy nazar negadir xotirjamman. Siz bor ekansiz, hech nimadan havotir olmayman. Bolalikdan beri doim yengib kelganmiz, Yaratgan istasa, yana yengamiz. Eng muhimi, siz baxtimizga omon boʼling, hech qachon kasal boʼlmang. Siz hastalansangiz, oʼzimdan ham koʼproq kuyinaman. Men asli oʼzimga aziz insonlar haqda uncha yoza olmayman. Chunki bor tuygʼularimni qogʼozga tushirolmayman, koʼnglim toʼlmaydi bundan. Lekin bugun koʼnglimdan quyilib kelayotgan soʼzlarni oqqa tushirmasam boʼlmasligini angladim, koʼnglim toʼlib ketdi, koʼz yoshlarim tinmadi. Endi esa juda yengilman, judayam yengil…
Otangiz – panohingiz bor ekan, yomgʼirli kunlarda soyaboni bor odamdek xotirjam ekansiz… Dunyodagi barcha qizlarga shunday xotirjamlik nasib qilsin.

2020 yil, yoz, Toshkent.

065

(Tashriflar: umumiy 313, bugungi 1)

1 izoh

  1. Nodirabegim ikkala esseyingiz biz kitobxonlar qalbidan joy oldi. Ilohim ijodingiz bardavom bo’lsin. Sizdan yana ajoyib ijod maxsullaringiz bitilgan to’plamlar kutib qolamiz.

Izoh qoldiring