No’mon Rahimjonov. Iymon asiri

bpy
Ўзбек шоирлари томонидан унга бағишланган шеърларнинг ўзи бир китоб бўлади… Рауф Парфи Ўзтурк ўзбек адабиётида мутлақо ўзига хос мактаб аратган шоир. Ўзбек-туркларининг юксак миллий руҳиятини ўз шеърияти орқали таниш ва танитиш учун олис йўлга чиққан, толмай кетаётган йўл аҳлидандир. Замондошлар букун уни Туронзаминнинг, Турк Дунёсининг, Улуғ Туркистоннинг порлоқ шоири, деб тан олмоқдалар.

055

Нўъмон Раҳимжонов
ИЙМОН АСИРИ

Рауф Парфи ҳаёти ва ижоди ҳақида олим татқиқоти

1

    ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан Рауф Парфи Ўзтурк – Сир шоири, унвони соҳир шеърият соҳибидир. Бизнинг билимларимиз бу шеъриятнинг зоҳирий қисминигина ёритиши мумкин, чунки уни тизимларга айириб, аниқ қолипларга жойлаб бўлмайди. Бу – жўн ўқувчи учун содда; билимдон ўқувчи учун – қудратли аҳмол бўла билади.
Рауф Парфи Ўзтурк асли насаби фарғоналик (Водилдан) бўлиб, 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таҳлимни «Шарқ юлдузи» (1-7 синфлар), Шўралисой (53-мактаб, 8-9-синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий (10-11 синфлар, кечки) мактабларида олди. У меҳнат фаолиятини матбуот қўмитасининг 2-сон босмахонасида, туман «Янгийўл» газетасида бошлади. 1960-1965 йилларда Тошкент Давлат Дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. Жумҳурият Кино қўмитасида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санҳат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси тарғибот марказида бош муҳаррир, «Жаҳон адабиёти» журналида етакчи муҳаррир вазифаларида хизмат қилди.
У шоир, носир, таржимон сифатида элга танилди. Шоирнинг олтмиш йиллик ҳаёти ва қирқ йилдан ортиқ ижодий-ижтимоий фаолияти жамоатчилик тарафидан муносиб тақдирланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Туркия Ёзарлар бирлигининг адабий мукофотларига сазовор бўлди. У Халқаро Маҳмуд Қошғарий, Туркия Диёнат Вақфи мукофотининг лауреатидир. Унга Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони берилди (1998).
Рауф Парфи Ўзтурк шеъриятининг асосий мавзуи – бу Ватан, Туркистон, Турк дунёсининг воҳидлиги . ХХ аср турк одамининг абадий шуурини, кескин фожеҳ руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга жазм этган ва муродига етган жасоратли шеъриятдир.
У адиб сифатида ўзгалардан фарқли ўлароқ қийин, машаққатли, лекин Чин шоир тажаллисила ижодининг бошидан то бу кунга қадар замона зайлининг аччиқ шамолларида эгилиб букилмади, синмади (энг буюк ҳикмат – Оллоҳ қўрқувидир). Асосий мавзуига содиқ, эҳтиқодига собит яшади. Мўмин банда — бевафоларга ҳам вафо қилди, фақат иймонини сотмади. Илло, иймони фано водийсида илоҳий Ватан эрур.
Ўзбек шоирлари томонидан унга бағишланган шеърларнинг ўзи бир китоб бўлади… Рауф Парфи Ўзтурк ўзбек адабиётида мутлақо ўзига хос мактаб аратган шоир. Ўзбек-туркларининг юксак миллий руҳиятини ўз шеърияти орқали таниш ва танитиш учун олис йўлга чиққан, толмай кетаётган йўл аҳлидандир.
Замондошлар букун уни Туронзаминнинг, Турк Дунёсининг, Улуғ Туркистоннинг порлоқ шоири, деб тан олмоқдалар.

2

Рауф Парфи Ўзтуркнинг аждодлари билимли, маҳрифатли, Туркистоннинг нуфузли ойдинларидан бўлганлар. Отаси Парфи Муҳаммад Аминнинг эскича, янгича маҳлумоти бўлиб, форс-тожик, усмонли туркча ва рус тилларини яхши билган. Рус босқинига қадар, ундан кейин ҳам бир муддат турли маҳкамаларда таржимонлик-тилмочлик қилган. Кейинроқ большевизмнинг қонли қатағонидан жон сақлаш учун умрининг охиригача барча ҳужжатларда ўзини саводсиз, деб ёздирган.
Рауф Парфи Ўзтуркнинг туғилган йили ва исми турли ҳужжатларда турлича ёзилган. У вақтлар бу тарафларда туғилганлик гувоҳномалар ҳали расм бўлмаган. Биргина ишончли ҳужжат яқингача жамоа раиси Ҳамроқул Турсунқуловнинг котиби Ҳамид Азимбоевнинг уйида сақланган катта хўжалик дафтари бўлиб, унда «… Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган…» деб ёзилган. Ҳ.Азимбоевнинг айтишича, энг тўғри ҳужжат шу эмиш. Гарчи, отаси ёлғиз ўғлига Абдурауф деб исм қўйган эса-да, қариндош-уруғлар, шу бола ўлмасин Турсун деб, оллоҳдан сўраб ирим қилишиб Турсун Али отини қўйганлар. Худди шу маҳнода бошида икки кокил ҳам ўстириб, бирини Ўшпиримга, бирини Шоҳимардон пиримга бағишлаганлар (Исломий, Шомоний). Шундай қилиб Рауф Парфи Ўзтурк 1943 йил 27 сентябрда Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Шўралисой қишлоғида туғилган.
1945 йили Парфи Мҳаммад Амин оиласи билан юқори раҳбарият ўртасида алғов-далғов можаролар бўлиб ўтади. Бу можароларга ота-онасининг келиб чиқиши бойлардан бўлганлиги асосий сабаб бўлади. Парфининг отаси – Муҳаммад Амин, унинг отаси Муҳаммад Сиддиқ Норқучоқ, унинг отаси Муҳаммад Расул Фарғоний, унинг отаси Муҳаммад Раҳим Фарғоний… Ота томондан момоси Жосият биби, унинг онаси Хосият биби, унинг онаси Марям биби. Катта бобоси Муҳаммад Расул Фарғоний Доғистонга Имом Шомил қўшинига ёрдамга бораётган туркистонлик мужоҳидлар билан чор босқинига қарши жангга кетган экан. Доғистондан туркийча сўзлашадиган Марям деган қизни олиб келиб, тўй қилиб уйланган экан…
Она томондан бобоси Исабек, унинг отаси Мусабек. Унинг отаси Толиббек, унинг отаси Олимбек… Она томондан момоси Қумринисо, унинг онаси Чаман бека… Онасининг катта момоси Ҳувайдо пиримнинг набираси бўлган экан…
Урушдан кейинги илик қуриган йиллар. Ўша пайтда «Бирлашув» жамоа хўжалигида отаси боғбон, онаси пиллакор бўлиб ишлайдилар. Отаси мусаллас қилиб, ўрислардан буғдойга, карислардан гуручга алмаштириб, очарчиликдан оиласини сақлаб қолади. 1947 йили ота-онаси билан Водил, Шоҳимардон, Жалолободга боради. Кейин Ўшга ўтишади. Ўшпиримга бағишланган кокилини 1948 йили олдиради. Биринчи синфга боради.
1950 йили иккинчи синфга ўтади. Дарсликлардан ташқари бадиий китобларни чанқоқлик билан ўқий бошлайди. Ота-онаси билан Шоҳимардонга боради. Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокилини олдиради… Абдулла оға Кримли (отасининг дўсти) тарбиясида бўлади. Уйида кутубхона очади (биродари Абдулла Собир билан) ва фильмлар қўяди (ибтидоий диафильм).
Рауф Парфи Ўзтурк 1953 йилдан эҳтиборан биринчи устози (отасининг дўсти) шоир Абдураҳмон Водилий тарбиясида бўлади. 5 март куни илк шеърини ёзади. У Сталин вафотига бағишланган «Энди қандай яшаймиз» деган марсия эди. Отаси билан Тошкент вилояти бўйлаб сафарга чиқади. (Отаси турли жойлардан кўчат олиб келади. Боғлар барпо қилади).
Мактаб кутубхонасида мавжуд бўлган ўзбек халқ достонларининг ҳаммасини ўқиб чиқади. Аммаси Хосиятбибидан (эртакчи) халқ достонларини ёзиб ола бошлайди.
1958 йили «Янгийўл» туман газетасида биринчи шеъри босилади. Янгийўл шаҳридаги 2-сон босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишлай бошлади. Кечки мактаб таҳсилини тугатгач, ТошДУ шарқ факультетининг араб филологияси бўлимига ҳужжат топширади. Лекин, омади чопмади. Келгуси – 1960 йили ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетига ўқишга киради. Талабалик давриданоқ жаҳон классикасини – Блок, Такубоку шеърларини таржима қилади. «Турк дунёси адабиёти» курсини ўқитишни таклиф қилади; ўзи дўстлари учун «Турк дунёси шеърияти» дастурини ёзади.
Талабалик йиллари Р.Парфи учун том маҳнода изланиш, ижодий шаклланиш даври бўлди. Ҳикоялар ёзади. Леся Украинка шеърларини таржима қилади. 1962 йили Нозим Ҳикмат шеърлари билан (София нашри) танишади. Унинг шеърларини, «Инсон манзаралари» шеърий эпопеясини таржима қила бошлайди.
1963 йили «Эрк» деб номланган биринчи китобини нашрга тайёрлайди. Ҳикоялар ёзишда давом этади. Шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, киночилар билан танишади ва дўстлашади. «Қрим» китобини ёзади. Самарқанд вилояти, Пойариқ туманида «Лайло» пьесаси қўйилади (муаллифи – Барот). Бош қаҳрамон – Рауфдир. («Лайло» қўшиғи атрофидаги афсоналар асосида).
1965 йили биродари Абдулла Собир ўғли ҳарбийда фожиали ҳалок бўлади. Русиянинг Навокузнецк шаҳридан (АЗАСС) унинг жасадини олиб келади. Уч қисмдан иборат «Абдуллажон марсияси» шу фожеа муносабати билан ёзилган. Дўстининг жасади солинган темир тобут билан поезддан тушганда қариндош-уруғлари, яқинлари Рауфни танимай қолишади. Олис Россиянинг Новокузнецк шаҳрига кетаётганда қоп-қора бўлган сочлари қайтганда қордек оппоқ оқариб кетган эди. Буни, хатто, ўзи ҳам сезмаган. Атроф-теварагидагиларнинг ҳайрат, ҳаяжонларидан кейингина билган.
«У кечикиб келди» кино қиссасини (Эрвин Умарий билан) ёзади. 1967 йили Устози Абдураҳмон Водилий вафот этади. Абдураҳмон Водилийнинг йўқолган девонини унинг ўғли Абдурауф билан излаб тополмайди. Девонни қоралама қўлёзмалар асосида тиклашга ҳаракат қилади. Абдураҳмон Водилий Низомийнинг «Маҳзанул асрор», Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонлари насрий баёнини яратганини айтадилар. Аммо бу асарлар ҳам топилмади. 1969 йили «Карвон йўли» – биринчи китоби босилади. Москва олий сценарийчилар курсига ҳужжат топширади. 1970 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санҳат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди. «Акс садо» иккинчи китоби босилади. Қизи – Муқаддас туғилади. 1971 йили Анвар Саламетнинг «Олтин болта» эртак-достонини таржима қилади. Келгуси йили Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари» асарининг 1-китобини нашриётга топширади.
1973 йили «Тасвир» китоби нашр этилади. Ўзбекистон ва Озарбайжон адибларининг Халил Ризо раҳбарлигида ўтган йиғинда унга Рауф Парфи Ўзтурк – исм-шарифи берилади. Кандакор Омон Азиз мисга унинг суратини ўяди. (Хабибулло Зайниддинда сақланади).
1974 йили Байроннинг «Манфред» драматик достонини (Шенгелиа), К.Каладзенинг «Денгиз хаёли» китобини таржима қилади. Ҳайкалтарош Илҳом Жаббор унинг бюстини ишлайди (ҳайкалтарошнинг айтишича, кимдир болта билан чопиб ташлаган).
1975 йили «Хотирот» китоби босилади. Мочаварианининг «Шиддат» китобини таржима қилади. Уйдан кетгач, кандакор Омон Азизнинг устахонасида яшайди.
1976 йили А.Дюманинг «Уч сарбоз» унинг таржимасида (роман асосидаги драма) ёш томошабинлар театрида қўйилди. «Зайтун новдаси» китобини, М.Ҳодийнинг «Алвоҳи интибоҳ» достонини таржима қилади. Ҳайкалтарош Илҳом Жаббор устахонасида яшайди. Рассом Шуҳрат Абдурашид суратини ишлайди. (Қизи Муножотда сақланади).
1977 йили «Ойдин» газетасида ишлайди. Саййид Азим Ширвоний девонини тайёрлайди. Девонга Навоий тилида ёзилган асарларни танлаб олади. «Кўзлар» китоби нашр этилади. Шеҳрлари русчага таржима қилинади.
1979 йили «Уйғур шоирлари» номли мажуани тайёрлайди. Қизи – Муножот туғилади. Турк Дунёси адабиёти билан жиддий танишади.
1980 йили Брехт, Бехер, Неруда ва бошқа ХХ аср жаҳон шоирларини таржима қилади. Рассом Исфандиёр Ҳайдар унинг суратини ишлайди. (Бахтиёр Исмоилда сақланади).
1981 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди. «Қайтиш» китоби босилади. Қизи – Севинч туғилади.
1982 йили Н.Ҳикмат «Инсон манзаралари» эпопеясининг иккинчи ва учинчи китобларини таржима қилади. Шеърлари латиш, эстон тилларида босилади. Рус шоири Виктор Соснора унинг русча китобини тайёрлайди. Я.Соловичнинг «Кумуш сиртлон» драмасини таржима қилади. Юрий Ласский, Владимир Лешенко унинг русча китобини тайёрлайдилар. Рассом Дилёр Сиддиқ шоирнинг суратини ишлайди (Акрам Муҳиддинда сақланади).
1985 йили А.Твардовскийнинг «Хотира ҳуқуқи» достонини таржима қилади. 1986 йили «Сабр дарахти» китоби учун Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмасининг адабий мукофоти берилади. Кинорежиссёр Умида Аҳмад у ҳақда қисқа метражли фильмни суратга олади.
1987 йили «Баргрезон» китобини ёзади. Туркияга таклиф этилади. 1988 йил «Она Туркистон» китобини тайёрлайди. Лия Сеппель таржимасида эстон тилида китоби босилади.
1989 йил. Туркистон Халқ Жабҳаси. «Туркистон» газетига муҳаррирлик қилади. «Ўлимдан сўнг» китобини ёза бошлайди.
1990 йили «Турон диёри» китобини тартиблайди. 1991 йил «Сукунат» китоби босилади. Туркия Ёзарлар бирлигининг Адабий мукофоти берилади. Рассом Исфандиёр Ҳайдар устахонасида яшайди. Ўзбекистон мустақил Республика деб эълон қилинади.
1992 йил. «Туркистон руҳи» китобини тайёрлайди. Халқаро Маҳмуд Қошғарий мукофоти берилади. 2 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлайди. Тоғаси – тарихчи Акрам Муҳиддиннинг уйида яшайди. Рассом Ваҳҳоб Зиё суратини ишлайди (хусусий мулк).
1993 йил. «Фано водийси» китоби устида ишлай бошлайди. Рассом Азиза Мамат унинг суратини ишлайди (хусусий мулк). «Она Туркистон» китобига Рассом Рўзи Чори суратлар чизади. (Нўҳмон Раҳимжонда сақланади). Роҳила – телефильм яратади. (Ўзтелеком). Бастакор Мирсодиқ Тожи унинг шеърлари асосида «Она Туркистон» симфониясини ёзади. Онаси Сакина Исабек қаттиқ бетоб бўлиб қолади, онасига ўзи қарайди. 1995 йили оғир бетобликдан вафот этади.
Шоирнинг тугалланмаган асарлари: «Турон Диёри» (шеърий китоб), «Фано водийси» (шеърий китоб), «Муҳожир» (роман).
Кейинги йилларда «Тавба», «Минг йил сизни изладимми мен», «Дунёнинг энг гўзал аёли», «Тҳакурия» туркумларини, «Адашган руҳ» достонини битади. Шоир ижоди ХХ асрнинг 70-йилларидан бугунги кунгача адабий жараён марказида. Салкам ярим асрлик адабий ҳаётни Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Бадиий-эстетик тафаккур ривожининг таҳайюллар асосига қурилган тимсолли тамойилларини, теран реалистик поэтик тадқиқотчилик маданиятининг бадиий шартлилик, рамзли образлилик сингари устивор йўналишларини белгилаб келаётир.

3

Фасллар алмашиниши табиатнинг ўзгармас қонуниятининг табиий жараёни, ҳосиласи. Бадиий адабиётда ҳам нуроний авлодлар ўрнига навқирон наслларнинг кириб келиши маҳнавий-интеллектуал эҳтиёж, руҳоний зарурат тақозосидир. Бу — бадиий-эстетик тафаккурда ҳамиша янги дид ва эстетик савияларнинг зоҳир бўлиши демакдир. Бу — табиат ва жамият ҳодисаларини, Одам ва олам сир-синоатларини янгича тушуниш, янги образлар ва бадиий воситалар билан тушунтириш санҳати, демакдир.
Асл шоирларнинг таржимаи ҳоли ниҳоятда қисқа, тақдирлари эса узун бўлади. Туғилишу сўнгги нафас оралиғида кечган умр, бу — ёруғ қисмат, аччиқ тақдир. Тун билан кунларнинг, шом билан тонгларнинг ўрин алмашиниши, бу — табиат ҳаётининг шунчаки бир одатий кўриниши, ҳолати эмас. У — эзгулик билан ёвузлик, мутелик билан эркин нафас, яхшилик билан ёмонлик, адолат билан ёлғон-риё, нур билан зулмат ўртасида кечадиган азалий ва абадий кураш, муҳораба жараёнлари. Қисмат — бу шеърият. Уни бировга чўпчак қилиб айтиш қийин; ёлғиз дил-дилдан чуқур туйиш, ҳис этиш мумкин, холос. Рауф Парфи қўлига қалам тутган аснолардан эҳтиборан шеър — унинг учун қисматга, бир умрлик тақдирга айланган эди. Аслида, ўзбекнинг шоири бўлиш ниҳоятда масҳулиятли. Ва лекин, ниҳоятда шарафли. Боиси, ўзбек чақалоқларининг қулоғига айтилган азон ҳам шеърдир. Тўйлару байрамлари шеърсиз кечмайди. Ҳатто яқинларини, қариндош-уруғларини сўнгги манзилга ҳам йиғи-йўқловлар, марсиялар айтиб кузатади. Илло, шеър ўзбек учун ижтимоий зарурат, маҳнавий эҳтиёж. Руҳоний ҳаётининг ажралмас бир бўлаги.
Шеҳриятда шоирнинг бировдан яширадиган махфий нарсаси йўқ. Фақат, шеърнинг сир-асрори чексиз имкониятлари чегарасиздир. Бу — бадииятга айланган қисмат. Тақдирнинг олов кўзларини кўнглига жойлаган шеър. Рауф Парфи илк шеърлариданоқ дунёқараши, руҳонияти, маҳнавий эҳтиқоди шаклланган ижодкор сифатида ўзлигини намоён қилди. «Ҳасратлари дунёнинг кўпдир», «Мудрар ярим кеча…», «Шеҳрият», «Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар», «Тарғилланиб бормоқда осмон», «Термуламан олис уфққа», «Чексиз-чексиз дақиқалардан иборатдир» сингари ўнлаб шеърларида ижтимоий-эстетик идеалининг ёруғ аломатларини кузатиш мумкин. «Бир қушча сайрайди менинг руҳимда, Мен сенинг исмингни билмайман қушчам…», дейди шоир «Дарё мавждарига ёзилмиш ғазал» шеърида.
ХХ асрнинг 60-йил ўрталари, 70-йил бошлари шеъриятга кириб келган, ёрқин ўзлигини намоён этган Рауф Парфи янги, охори тўкилмаган, кутилмаган ноанҳанавий мажозий (Қушча, Чироқ, Дарахт, Най, Нур) образлари билан адабий жамоатчилик муҳаббатини қозонди; мажозий образлилик асосига қурилган бадиий тафаккур табиати билан эл-юрт назарига тушди. Коммунистик мафкуравий манфаатдорлик (ғоявийлик, синфийлик, партиявийлик сингари) эстетик мезонларга айлантирилган шўро адабий ҳаётида — айни шу 50-йилларда дабдабабозлик, риторика, маддоҳлик, ҳавойи тумтароқ пафос давр услубининг, адабий услубнинг етакчи йўналишига айланган эди.
Ҳаводан ҳолва ясаб бўлмас экан-да. Коммунизм, коммунистик партия, «доҳий» Ленин мадҳига бағишланган тумтароқ пафосдан, ширин ёлғондан безган ўқувчи учун Рауф Парфи шеърларидаги инсонга меҳр-муҳаббат ҳарорати, ишонч-эҳтибор руҳи, дардчил-маҳюс ва маҳзун оҳанг, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган самимийлик кўзга суртилгудек эҳзоз-эҳтиром топди. Ва янаям муҳими, шоир асарларининг ижтимоий-фалсафий мағзи шеъриятимизда янги йўналиш эди. Хусусан, биринчидан, ҳаётдан, тирикликдан мақсад руҳни камол топдиришдир. Иккинчидан, руҳоний эркинликсиз одам ўзлигини намоён қила билмайди; учинчидан, миллий бирликсиз миллат, халқ ўз борлиғини сақлаб қола олмайди, деган устивор ғоялар шоир шеъриятининг эстетик қимматини белгилаб берди. «Айни орзуларда, айни қайғуларда, айни севинчларда яшамоқ» тирикликнинг моҳиятидир, деб билади у. «Шундай бўлмаса агар, Нега керак бу келбат, бу овоз! Шунчаки дарахтдай ўсмоқми, шунчаки дарёдай оқмоқми дарбадар» дейди шоирнинг лирик қаҳрамони.

Мен-ку истамасман ўлимни,
Бироқ ҳар соатда, ҳар дақиқада
Бу ёруғ дунёнинг ҳар томонидан
Ҳукм этмоқдалар ўлимга мени.
Мен Юлиус Фучик — дорга осилди бошим.
Тўйчи Эрйигит ўғли — отим маним —
Кўксимда совиган қўрғошин.
Ботган кўзларимда жаллодларнинг аянч
сурати қотган.
Вьетнамлик бир гўдакман мен — бағри яра.
Қўлсиз, оёқсиз ва бошсиз ётган.
Мен ҳали ҳам турма панжаси ора
Сўнгсиз ва озод осмонларга қарайман.
Қарайман қуёшга!

Мазкур парчада кузатилганидек, жамият воқелигига, даврнинг сиёсий нафасига муносабат ишоралар орқали аёнлашаётир. Шартли маҳнодорлик юзага чиқаётир. Дор, қўрғошин, яра, темир панжара, осмон, қуёш сингари деталлар воситасида ҳаётдаги ноҳақлик, зулм-зўравонлик, жамиятда илдиз отган, кенг палак ёзган адолатсизлик кўринишларига лирик қаҳрамоннинг эркин шахсни ёқлаётган муносабати ойдинлашмоқда.
Кўринадики, Рауф Парфининг илк шеърларидан эҳтиборан эрк истаги ва озодлик руҳи, жамиятдаги зулмга, ижтимоий адолатсизликка, тенгсизликка, ноҳақликка қарши исён ғоялари етакчилик қилади. Демак, шоирнинг 70-йиллар бошида куртак ёзган, уч кўрсатган руҳ эркинлиги, фикр эркинлиги, қалб ҳурлиги ғоялари кейинги босқич шеъриятимиз тараққиётида миллатсеварлик, миллатпарварлик йўналишининг ўзак мағзини ташкил этди. Рауф Парфи ижодининг ижтимоий-эстетик моҳиятини, салафларидан, устозларидан, тенгқур шоирлардан фарқланиб турган бадииятининг табиатини белгилаб берди.
Чироқ, қуёш рамзли образлар зиммасига шоир чуқур маҳнолар юклайди. Хусусан, зимистон тун оғушида бўзариб ёнган чироқ хонани, атроф-теварагини шунчаки ёритиб қўя қолмаяпти. У куйиниб, ёзғириб, ёниб куйлаяпти. Чироқнинг ёниши — лирик қаҳрамоннинг севимли орзуси. У одамларнинг дилидаги армонларини, ғамларини, тилининг учида ёнган дардларини сўйлаяпти. Шунинг учун ҳам «Чироқ ёнар — сўнгги йўқ ҳасрат».

Чироқни тинглангиз, одамлар,
Қаршисида эгиб туринг бош,
Сизни куйлар у тонгга қадар,
То навбатни олгунча қуёш.
Чироқни тинглангиз, одамлар.

(«Акс садо», 21-бет)

Рамзли образларга юкланган мазмунни ўқиш унчалик қийин эмас. Тун — мустамлака зулматига чўмган жамият, чироқ — одамлар онги-тафаккурига фикр ёруғлигини элтишга тутинган шоир. Чироқ — фақат сўйлаётгани йўқ. У, яна ҳасратга ботиб куйлаяпти. Демак, одамлар кўнглини янги туйғулар, кечинмалар билан бойитади, поклайди. «Тонг отмоқда, тонг ўқлар отар, тонг отмоқда, қуёш замбарак», сатрлари бевосита  60-йиллардан жамиятда сиёсий вазият ҳийла юмшатилганига, одамларга эҳтибор ортганига, шахс эрки учун отланган курашчан Сўз маҳнавий ҳаётда тонг янглиғ, Офтоб янглиғ мақомга эриша бошлаганига бир ишорадир. Янги образлар воситасида аёнлашаётган маҳно теранлиги ва фикрий қудратдир.
Рауф Парфининг қалдирғоч шеърларида кузатилганидек, бадиий идрок ва ифода тарзи, тафаккур табиати ва тимсолли образлари билан ўзига хос бетакрор услубга эга бўлган шоир кўз очган, ўз нуқтаи назари билан дунёнинг қўрчоқбозлик шеваларини таний бошлаган, ўзлигини ҳам дунёга танитишга тутинган шахс эди. Бу — Рауф Парфи феномени эди.
Инсоннинг руҳоний эркинлиги масаласи Рауф Парфи ижодининг ўзак мағзини ташкил этади. Шу боисдан ҳам шоир лирикасида туйғулар ҳаётини, кечинмалар манзарасини. ҳолат-кайфиятлар суратини чизиш алоҳида тамойилга айланган. Шу боисдан ҳам уни туйғу-кечинмалар мусаввири дейишади. Шу маҳнода биргина «Ёмғир эмас, марварид ёғар» сатри билан бошланадиган шеърини кўздан кечириш кифоя. Ёмғир — шарқона тасаввурларга кўра — қут-барака, илоҳий неҳмат, яхшилик ва эзгулик уруғи. Унга шоирлар ўз руҳоний ҳолатлари, кайфиятларига монанд маҳнолар юклашади. Яҳни, ҳар бир шоир ўз эстетик принципларидан келиб чиқиб, ёмғир воситасида турфа хил бадиий-фалсафий мазмунни ифодалашга интилади. Кимдир ёмғирда ёрнинг кўз ёшларини кўради. Яна кимдир йиғлаётган кўнгилни тасаввур қилади. Бошқа бир шоир шеърида ёмғир булутларнинг, қоп-қора қўнғир осмоннинг ерга йўллаган тансиқ сўзлари бўлиб англашилади.
Рауф Парфи тасвирида ёмғир — қоп-қоронғи кеча шаклида. Кеча эса сув сингари жилдираб оқади. Шу боисдан ҳам кеча шод ва беармон кечаётир. Боиси — бағрида сувдек ҳаётбахш ойдинлик, эртанги куннинг ёруғ эпкини бор.

Баргларда рақс этар шаббода,
Ўйнар сабо шаклида кеча,
Гуллар каби сақлайди одоб,
Афсоналар айтар тонггача.
Кеча тепасида учади,
Кипригимдан отилгувчи нур.
Менга кеча ёмғир ичида,
Гўзал хаёл каби кўринур!

(«Акс садо», 6-бет)

Лирик қаҳрамон кечинмалари қоронғу кечада ёғаётган ёмғирга эш. Ундан сурур, умид туяди. Шу маҳнода, унинг наздида, баргларда рақс этар шаббода. Ҳатто зимистон қоронғулик ҳам сабо шаклида ёқимли, фарахбахш. Гуллар сингари химо тортиб, тонггача афсоналар айтаётгандек туюлади. Шу боисдан ҳам лирик қаҳрамон кўнглидан шуҳла отилади, кипригидан нур чатнайди. Ҳаёл – адоқсиз бўшлиқ қаҳридаги рўё эмас. У ёмғир ичидаги зимистон қоронғулик. Унга ишонса бўлади. Гарчанд, қоронғулик оғушида эса-да, ёмғирдаги ойдин шаббода эпкини эртага отажак тонглар умидини уйғотади.
Кўринадики, тимсолли, мажозий лиризм Рауф Парфи услубининг ўтли нафаси, ўзак мағзи, дейиш мумкин. Давр воқелигига, жамиятдаги сиёсий вазиятга, ҳодисаларга, Инсон шаҳни-эркини, Ҳақни оёқ ости этувчи, адолатсизлик кўринишларини юзага чиқарувчи ижтимоий зулмга қарши туғён Рауф Парфи шеърларида туйғулар реализми устивор дейишга асос беради. Рауф Парфи ХХ аср ўзбек поэзиясида фикр билан кечинманинг синтезини бадиий санҳат даражасига кўтарган, соф туйғунинг табиий оқимини, қабариқ мажозий ифодасини омухталаштирган бетакрор услуб яратди. Бу — ХХ аср ўрталаридан эҳтиборан ХХI аср ўзбек шеърияти тараққиётида алоҳида йўналиш касб этди. Мустақил бадиий идрок ва ифода маданияти сифатида шаклланди.
ХХ асрнинг 60-йил охирлари, 70-йил бошларидан эҳтиборан ўзбек шеъриятига Рауф Парфи Ўзтурк олиб кирган янги эпкин мустақил бадиий-эстетик йўналишга айланди, дедик. Эҳтиборлиси шундаки, ХХI аср ўзбек бадиий-эстетик тафаккурида ҳам Рауф Парфи Ўзтурк тамал тошини қўйган тимсолли лиризм, мажозлар асосига қурилган идрок ва ифода маданияти устиворлик қилмоқда. Мана, салкам ярим асрки, у ўз Сўзи билан ўзбек шеърияти тафаккур гулханининг тафтини оширяпти. Бўй-бастини юксалтираяпти. Ичкин мушоҳадалари билан фикрчан ҳисларини кўнгил гулханида ёқаяпти. Не тонгки, ҳамма шоирларнинг ҳам юраги бу гулханда ёнавермайди. Бу, шундай бир оташгоҳки, барча шоирларни ҳам ўз бағрига олавермайди. Аксариятининг «суягида суви» кўплиги боис оловни ўчириб қўйиши мумкин.
Рауф Парфи Ўзтурк юраги — боқий шеърият гулханида ёнаяпти. («Юракда қайнаган сўзларим, ҳисларим ёнғини юракда»). Одамларнинг онгига нур, қалбига ҳарорат чўгларини қалаяпти, алангаланяпти.
Бу — шоирнинг ёруғ қисмати. Балки, пешонасига битилган ёзуқи — толеи шудир. Бу — ўзбек бадиий Сўз маданиятининг бахти. Чўлпон, Ойбек, Миртемир, Усмон Носир, Зулфия, Асқад Мухтор, Шуҳрат ва ҳ.к. юзлаб шоирлар силсиласида насиб этган, Тангри Таоло юқтирган ёруғлик шарофати. Зеро, Қодир Эгам назари, боқий назаркардалик ҳам тақдир, беназир қисматдир.
Рауф Парфи лирикасининг ўзига хослигини белгиловчи асосий омил, бу — жанрлар хилма-хиллиги эмас. Аксинча, ана шу турфа хил жанр ва шеърий шаклларни юзага келтирган бадиий тафаккур табиатидир. Хусусан, фикрий-ҳиссий маҳнонинг фожеий хазин оҳангга йўғрилганлиги Рауф Парфи услубининг зоҳирий аломати.
Серқатлам маҳноли метафоралар асосига қурилган шоир лирикаси янги шеърни юзага келтириши билан баробар яна янги шахслар авлодининг ҳам туғилиши ва шаклланишига замин яратди. Истибдодга, Хиёнатга, Ёлғон ва риёга қарши исёнкор лирикаси юракдан чак-чак томаётган қон зардобларини эслатади. Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг таҳми, ранги, чеҳраси умумбашарий. Дунёдаги барча эллар ва элатлар учун таниш, жондош ва қондош. Р.Парфи шеъриятидаги Ишқ, Қуш, Дарахт, Нур тимсоллари эркка интилиб ёниб яшаётган Шахс руҳоний ҳаётини акс эттирувчи янги рамзли маҳнодорлик касб этди.
… Бир уй бекаси пазандалик ҳақидаги қўлланмага қараб ош пиширишга чоғланибди. Сабзи, пиёз, гўшт, ёғ — керакли ҳамма масаллиқни ҳозирлабди. Қозонга босибди. Амал қилмаган йўриқлари қолмабди. Ва лекин, аксига, таомни тайёрлай олмабди. Боиси, китобда, аввало, Олов ёқиш керакли ёзилмаган экан…
Бугунги бозор шароитида яратилаётган адабиётда оловсиз пиширилган хом-хатала таомлар — руҳсиз асарлар хаддан ташқари кўпайиб кетди.

Чўкмоқдаман сувларга,
Кўкларга чўкмоқдаман,
Ўпмоқдаман қуёшнинг оёғини.

(«Она Туркистон» мажмуи, 254-бет)

Бу — лирик қаҳрамоннинг оний кайфиятини ифодалаётган ҳолат эмас. У — руҳнинг ҳайқириғи. Жамият иллатларидан юз бурган, чиркин муҳитдан бош олиб кетиб покиза ҳаволарга чўмган, оловга ошно тутинган ҳақ Сўз. У ёлғонга, ҳиёнатга, риёга қасида тўқишдан кўра бокираликнинг, ёруғликнинг оёғини ўпишни маҳқул кўради. Ўзига муносиб билади. Маҳзун асноларида лирик қаҳрамон чақмоқ билан, момақалдироқ билан сўзлашишни хуш кўради. Боиси, чинакам шоир қуёшнинг оёғида, оловнинг қучоғида яшайди, деб билади. Шеҳр — ёруғлик билан олов фарзанди, дейди у. Ёнмаган дил бамисоли кўлмак сув. Кул уюмлари орасида милтираган чўғдан алангалар ҳосил қилмаган кимса, бамисоли тунда ялтираган шиллиқ қурт. Нега сиз яшинни уйғотмадингиз, дейди у «Мен узоқ ухладим» учлигида. Яшинни яшириб қўйнимда, дунёни унутдим, ўзимга келдим, дейди «Севгили одамим…» учлигида. Қуёш эриб кетди кўзимда, Ой йиқилди кўксимда эриб, дейди яна бир учлигида.
Рауф Парфи шеъриятида табиат унсурлари, моддий олам ўз ҳаёти, хаёллари билан яшайди. Хоҳ осмон кенгликларию юлдузларми, хоҳ булутлару офтоб нурларими — барчаси ўз қувончи, ташвиши, дарди-дунёси билан бетакрор қиёфасини намоён этади. Сирли олам синоатларини тушунишга кўмак беради. Табиат образлари кўзимизга сингиб кираркан, кўнглимиздан жой олади. Яна муҳими, табиат деталлари, ранглари, образлари жамиятни, инсонни тушунишимизга кўмаклашади.
Томчида офтоб акс этгани сингари Рауф Парфи шеърлари — бу ички «мен» шаклида зоҳир бўлаётган шахснинг намоён бўлиш жараёнларини акс эттиради. Қайси сатрини ўқиманг, ундан шоирнинг нигоҳини туясиз, нафасини ҳис этасиз. Ўткир, синчков, олов кўзларини кўрасиз. Ҳар бир саҳифадан юриб келаётган, қўл чўзиб, «ассалому алайкум», дея сўрашаётган очиқ чеҳра шоирнинг ўзи билан танишасиз.
Шоирнинг илк шеърларидан бошлаб, Тонг, Ўлим. Офтоб, Нур, Дарахт, Қушча тимсоллари, Оқ ва Қора ранг образлари уйғоқ «мен»нинг, бетакрор Шахснинг беҳаловат руҳиятига эш. Улардаги теран маҳно қирралари қирғоқларга урилиб қайнаб чиқаётган, ўз ирмоғини очиб кетаётган булоқ мавжларини эслатади. Айтиш мумкинки, шоир ҳар бир шеъридан ўзини излайди. Жамият ва инсон сир-синоатларига, ҳукмрон мафкура кирдикорларига — ўйинларига муносабат билдираётган уйғоқ дилнинг тимсолларга айланган нолалари, дардлари кўзларини очади.

Бир замон фалакнинг кўзлари сўнди,
Аста қора кийди мудраган жаҳон.
Руҳимнинг асрлик музлари синди,
Нимадир бўғзимни кесди беомон.

Қора кийган фалак, қоронғу нигоҳ, қора лола… — лирик қаҳрамоннинг афтода, муте ҳолатидан йиғлаяпти. Фалак чирқиллайди, дов-дарахтнинг кўзлари ёшли. Фаришталар чекади нола. Нима бўлди, кўзларининг нури синдими? Юрагининг тафти сўндими? Ҳисларининг товушлари ҳам қора кийдими? Ушалмаган орзулари бўғзидан узилган сўнгги нафас мисол етим. Таҳбири ечилмаган тушлари ҳам кўланка сингари ўлган орзулари узра қанот қоқади. Аза тутади. Гуллар яноғида шабнам эмас — қон. Майсалар кипригида титрайди оғу. Боғларда мевамас, унади заҳар. Недан ҳузур-ҳаловат туйсин? Чирмовиқ мисоли қадамига илашар илон. Тилининг учида новвот эмас, заққум томчилар.
Ана, қоп-қора кўланка осмонда эмас, қуюқ ўрмонлар оралаб эмас, енгидан чиқиб келди, бош кўтарди. У кимларнинг ва ниманинг совуқ нусхаси? Мунча вужудини чирмаб боради? Кунгил тафтини, орзулар оловини суғуриб олмоқчими ночор танасидан?

Отилдим, номаҳлум, қоронғу нигоҳ,
Биров қулоғимга совуқ шивирлар.
Азиз бир товушни эсладим ногоҳ,
Рангин овоздир бу, гўзал ғимирлар.

Кўланканинг қўл-оёғи бемажол… Кўзларию сўзлари ҳам, ўйлари-ю туйғулари ҳам муз қотган, тилсиз. Қора кўланка… мунчалар совуқ, мунчалар сурбет. Уят-андишани биладими бу? Яна, ювуқсиз, кир-чир энгил боши билан оппоқ кўрпага ўраниб олди. Уйидан ҳайдаб чиқарай деса, кўланканинг боши йўқ, гап уқмайди. Қўлларидан тортиб турғизай деса, дасти-тиргаги йўқ. Начора, ўзининг ҳолати ҳам қўл-оёғи тушовланган ой мисоли. Қимирлашга мадори йўқ. Ёрдам сўрай деса, тили кесилган.
Қоп-қора кўланка шунчалар қудратлими? Суянган тоғи қайда? Унга шунчалар куч-қувват ато этган тирик ўликлар ўлкаси қани? Майитлар арвоҳи мисоли шамчироқлар теграсида айланади. Яна, липиллаган шуҳлалар билан бирга рақс ҳам тушади, қувлашмачоқ, бекинмачоқ ўйнайди. Ҳей, суллоҳ кўланка. Энгил-бошимни еб тугатдинг. Энди, сочларимни битта-битталаб териб ейсанми? Қоч, нари кет! Ҳайдаган сари баттар ёпишади-я.
Кўланка оҳиста сидрилиб, лирик қаҳрамоннинг сочлари орасига кириб яширинди. Жунбушга келиб тўлғанаётган, куяётган туйғулари қўққисдан ёниб кетди. Буткул вужуди гулханга айланди. Энди кўзлари, қўл-оёқлари ёна бошлади. Ёнғинда сочлари чарс-чарс чатнарди. Ловуллаган сочлари ҳам учиб бориб тупроққа қадалади. Худди кўчатларга ўхшаб экилиб қоларди. Энди, тупроқ ёнишга тушди.
Кошкийди ана шу издиҳомда қора кўланка ёниб кул бўлса. Бадар йўқолса. Йўқ, энди у бир думалаб аланганинг кўланкасига айланиб олди. Энди ер юзини олов қоплади. Кўланка олов денгизида қулоч отиб сузиб кетди. У … тирик. У кимларнингдир, нималарнидир соясига айланиш учун сузиб, учиб бораётир…

Нақадар гўзалдир чиркин бу товуш,
Оҳанг вужудимни чирмади буткул.
Бўғилдим, инградим, титрадим, беҳуш,
Ожиз баданимга суйканди бир гул.
Надир бу? Қўлимда қора лоладир,
Ул кўздан ғойибдир, тирик ноладир.

Ёвузлик, зулм-қабоҳат ўлим билмайди. Аксинча, йўқликка суяниб эзгулик ва ёруғликнинг кушандаси бўлиб қолаверади. Ёмонлик, ёвуз кучлар ёруғ орзу-умидларнинг ҳаётига зомин бўлаверади. Эркни, ҳур фикрларни бўғизлаб, қонини ичаверади. Дунё шевалари мунчалар чигал, турфа ва жумбоқли. Жаннат билан дўзах, кун билан тун, иссиқ билан совуқ, олов билан сув, эзгулик билан разолат, тириклик ила ўлим — бари инсоннинг икки дунёси учун. Не саодат ва не қабоҳатки, инсон ичида, яҳни феҳлида шайтону кўнглида раҳмон яшайди. Ҳурлик ила қуллик ҳам инсоннинг бир бурда умрига синов. Бу дунёси — ёруғлигию, у дунёси — охирати учун ҳам синов. Инсон — икки дунё зийнати. Инсон қисмати мунчалик чигал? Ҳар бир одимида, ҳар нафасида фожеа ҳамроҳ.
Рауф Парфи Ўзтурк шеърияти Инсоннинг ана шу азалий ва адабий ёзуқи ҳақида. Пешонасига битилган ёзуқнинг фожеавий руҳи тўғрисида. Бу — шоир шеъриятининг бадиий-эстетик мағзи.
Лирик қаҳрамон қўлида қора лола. Ёнган, куйган, ва лекин, адо бўлмаган жола. У, энди, тирик нола; туғён ва исён. У, энди сўзнинг додини беради. Кечинмаларнинг суяк-суякларини бурдалаб ёқади. У лирик қаҳрамоннинг мутелик ҳолатига, қулликнинг уйига ўт қўяди. Бузу нобудини, ўзини ёндиради. Сўзлар ёнганда ана шу тахлит дунёга ўт кетади. Ҳўлу қуруқ баравар куяди. Коинот бўшлиққа айланиб аланга ичида қовжирайди. Бу — бадиий Сўзнинг салоҳиятидан. Шоир истеҳдодининг чақмоқларга, шамолларга айланган сеҳрли қудратидан.
Рауф Парфи Ўзтуркнинг шахс эрки, миллат ҳуррияти, Ватан мустақиллигига бағишланган, миллий руҳнинг бадиий ифодасига айланган шеърлари гўзаллик ҳодисаси бўлиб қолди. Рауф Парфи шеърияти янги туйғуларнинг, янгича онг ва фикрларнинг мукаммал бадиий шаклдаги ифодасидир.
Сарбаст, хокку, танка, сонет, саккизлик, олтилик, тўртлик, фард ва ҳ.к. лирика жанрлари ва поэтик шакллардаги изланишлари истеҳдоднинг зоҳирий кўринишларидир. Рауф Парфи яратган янги Сўзнинг мағзини, янги шеърнинг табиатини олам, жамият ва одамни янгича англаш, тушуниш ҳамда англатиш маданияти ташкил этади. Илмий ифода билан айтганда, бадиий уйғунликнинг янгича кўриниши юзага келди, демакдир.
Рауф Парфи Ўзтуркнинг миллий маданиятимиз тараққиётидаги, бадиий тафаккур такомилидаги ўрни ва хизматлари яна шу нарса билан белгиланадики, у янги Сўзни, янги мазмунни қабул қиладиган, вужудига сингдирадиган ва ўзгаларга ҳам тушунтира биладиган китобхонлар зумрасини юзага келтирди. Тарбиялаб, камол топдириб бораяпти. Бунинг учун Шарқ, Ғарб ва Лотин Америкаси (япон, ҳинд, турк, араб, француз, немис, инглиз рус, озарбайжон, италян ва ҳ.з.) бадиий анҳаналарини ўрганиш, ўзлаштириш ҳамда ўзбек миллий маданиятига мувофиқлаштиришдек катта ва масҳул вазифани адо этди. (Исикава Такубоку, Робиндранат Тагор, Нозим Ҳикмат, Жаброн Ҳалил, Доғларжа, Пол Элюар, Сен-Жон Перси, Жак Превер, Пол Валери, Рене Шар, Гийо Аполлинер, Байрон, Шиллер, Пушкин, Блок, Квазимодо, Ҳусайн Жовид, Пабло Неруда ва ҳ.к.).
Демак, Рауф Парфи Ўзтурк ижодий тажрибаси новатор шоир эканлигини тасдиқлайди. Ўзбек поэтик сўз маданиятидаги новаторлиги шундан иборатки, у бой бадиий анҳаналардан воз кечмади. Уларга таяниб, ўз сўқмоғини очишга, ўз йўлини белгилашга эришди. Мавжуд бармоқ системасига асосланган туркий шеър маданиятини, таркибларини такомиллаштирди, бойитди, ривожлантирди.
Классик шеър маданятидаги, халқ оғзаки ижодидаги шеър тузилишининг пинакка кетган шакллари кўзларини уйқудан уйғотди. Қайтадан жон бағишлади, қанот берди. ХХ аср тонги адабий ҳаётига олиб кирилган насрий шеърни (Миртемир) қиёмига етказди. Гўзал, бадиий баркамол намуналарини яратди.
Ўзбек шеърий маданиятига сарбаст шеър тузилишини олиб кирди, дейиш анча чекланганлик бўлурди. Сарбаст шеър тузилиши туркий шеър учун буткул бегона эмаслигини, қадимий шеър маданиятимиз тарихида мавжуд бўлганлигини ижодий тажрибаси мисолида тасдиқлади. Уларни ХХ аср ўзбек халқининг нафақат орзу армонлари, дарду-аламлари, шу билан баробар яна тафаккур маданияти, қалб зарблари, ўзбекона миллий руҳи билан бойитди. Сонет, хокку, танка ва ҳ.з. жаҳон шеърияти жанрларига, поэтик шаклларига миллий ўзбекона руҳ олиб кирди. Томирларига туркона ҳарорат, оловли сўз ва тафаккур нурини қўшди.
Рауфона оксиморон образлар системасини яратди. Шеҳрий сатрлар мусиқийлигини кучайтиришда ҳайратангиз изланишлар олиб боради. Сатрлар такрорида нафақат фикрий кўчимларни, яна ҳис-туйғулар тўлқинини, кечинмалар пўртанасини вужудга келтиради. Ушбу жараёнда эмоционал ҳолат ва кайфиятлардаги, руҳоний кечинмалардаги ҳислар оқими шеър мусиқийлигини ҳосил қилади. Бу — ёлғиз Рауф Парфи ижодий изланишлари учун хос бўлган бетакрор самарадир. Сатрлардаги ички қофияланиши, аллитерация — оҳангдош сўзлар билан бойитилиши шеърнинг эмоционал таҳсир кучини оширади. Тафаккур тўлқинининг онг-шуурларда михланиб қолишини таҳминлайди, асослайди.

4

Рауф Парфи Ўзтуркнинг поэтик маданиятимиз тараққиётидаги ўрни, хизмати аввало, бадиий тафаккурдаги стереотип — қотиб қолган тасаввур ва тушунчаларни синдирганлиги билан белгиланади. Хўп, стереотип тушунча ва тасаввур дегани нима ўзи? «Бўладиган боланинг пешонаси дўнг бўлади», деган ҳикматни суюб тилга оламиз. Айниқса, ўғил кўрсак, манглайига тикиламиз. Пешонаси кенг ва дўнг бўлса, ич-ичдан ғурур туямиз. Фарзандимиз феҳли кенг, бағри бутун, олижаноб, ақл-заковатли, доно-билимдон бўлади; ёзуқининг белгиси қутлуғ, дея тотли умидлардан кўнглимиз қанотланади.
Бу — асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган табаррук тушунчалардан бири. Худди шу тахлит онг-шууримизда шаклланган тушунча ва тасаввурлар ҳаётимизга алоҳида мазмун, шукуҳ бағишлайди.
Бадиий адабиёт, шу жумладан шеъриятнинг ҳам ёзилмаган қонуниятларидан бири, бу — стереотиплар билан фикрлашни асло ҳазм қилолмайди. Санҳат асарлари онгда шаклланган турғун тасаввурларни синдириш асосида юзага келади. Бадиий тафаккур кўз очиб дунё танибдики, минг йиллар мобайнида ана шу табиатини асрий анҳаналардан бири сифатида сақлаб келаётир.
Поэтик тафаккур салоҳиятини симоб доначаларига қиёслаш мумкин. Симобни гарчанд, кўз билан кўрсак-да, қўл билан ушлаб бўлмаганидек, шеърдаги фикрчан кечинмалару, ҳиссий тафаккурни қўл билан ушлаб, кўриб бўлмайди. Уларни ёлғиз ҳис этамиз, ички эмоционал идрок ила туямиз.
Тахайюллар асосига қурилган мажозий образлилик, бу — воқеликни, инсонни, руҳоний ҳаётни реалистик идрок этиш шаклларидан бири. Бадиий тафаккурнинг мазкур йўналиши ХХ аср ўзбек шеъриятида Рауф Парфи ижодий изланишлари билан боғлиқликда гўзаллик ҳодисасига айланди. Ва салкам ярим аср бадалида бадиият мактаби сифатида шаклланди. Бу — миллат бадиий диди ва эстетик савиясининг янги босқичи демакдир.
Хўш, бунинг моҳияти нимадан иборат?
Рауф Парфи шеърияти 60-йилларда бадиий тафаккурда қотиб қолган андозаларни, стереотип фикрлаш тарзини синдирган бўлса, ХХ аср адоғида мазкур фалсафий-эстетик тажрибани мукаммалликка етказди. Хусусан, Ватан мустақиллиги, миллат озодлиги, шахс эрки масалаларининг бадиий талқинларида, Эзгулик, Адолат, Гўзаллик ҳақидаги тасаввур ва тушунчалар конорасини умумбашарий қадриятлар маҳноси ила беҳад кенгайтириб юборди. Хусусан, санҳаткор асарларининг бадиий-эстетик, ижтимоий-фалсафий аҳамияти муаллифнинг қайси миллатга, ёхуд Мағрибу Машриқ, кунчиқару кунботар маданиятларига мансублиги билан белгиланмайди. Бадиий асарнинг қадр-қиммати миллий-башарий қадриятларни нечоғлик ҳимоя қилганлигида, улуғлай олганлигида, умуминсоний мазмун-моҳиятида, Одам кўнглини қанчалик кашф эта билганлигида, деб тушунади. Бу, табиийки, янгича дунёқараш ва дунёвий дид маҳсули.
Шу маҳнода, Рауф Парфи ва унинг авлоди шўро даври фарзандлари эмас, маданият фарзандлари бўлиб қолди. Мағрибу Машриқ, кунботару кунчиқар қозонидаги таомлардан баҳраманд бўлишга, ва шу асосда, янги ўзбек шеърини — ўз дастурхонини ёзишга муваффақ бўлди. Шоирнинг бадиий-эстетик тажрибаси шўро мафкурасининг таҳқиб ва тазйиқлари остида онгимизга, дунёқарашимизга катта тўлқин олиб кирди. Хусусан, шўро-истибдод ўлкасида шахсларни тарбиялашга, шахсиятларни шакллантиришга, Шахслар мамлакатини вужулга келтиришга қаратилди.
Ушбу жараёнда Рауф Парфининг ижтимоий-сиёсий қарашлари бадиий-эстетик туйғуси билан омухта шаклланди, камол топди. Шу боисдан ҳам уларни бир-биридан айириш ёки бўлак-бўлак ўрганиш мумкин эмас. Улар бир мағизнинг икки палласи, бир олманинг икки бўлаги мисоли. Шоир эстетик қарашларининг илдизи халқимизнинг минг йиллар мобайнида қарор топган ижтимоий, бадиий, фалсафий тафаккури сарчашмаларига бориб туташади. Ундан ҳаёт сувини ичади.
Ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш ўзбек шеърияти тараққиётининг барча даврлари учун ҳам бош хусусият бўлиб келган. Лекин унга эришиш йўллари кўп, усуллари ниҳоятда хилма-хил. Хусусан, мажозий образлилик ҳақ сўзни айтишнинг, воқеликни реалистик идрок этишнинг шаклларидан биридир. Хусусан, шеърга ёлғон ёт. У ўлим билан баробар. Шоир ўзини ўлимдан — ёлғондан асраши керак. Шу маҳнода. ҳар бир шеърнинг юзага келиши, бу — ўлим билан юзлашиш демакдир. Ҳар бир одам, шу жумладан шоир ҳам ўзи билан ўзи курашиб, ўлиб кетади. Ана шу жараён — ўзи билан курашишнинг ўзи санҳат, қолган ҳаммаси омилкорлик. Шу боисдан ҳам шоирнинг ўз жонини сақлайдиган жойи йўқ. Бу рост ва ёлғон, нур ва зулмат, ҳаёт ва ўлим оралиғидаги бир ҳовуч ҳаво, бир чимдим нафас. Бир Сўз. Уни кўзига тўтиё этгувчи ҳам, оёқлар остига ҳазондек сочгувчилар ҳам ижодкор, аслида. Сўзни шоирга худонинг ўзи беради. Сўзини ҳам ўзи олади. Бу — жонини олгани билан баробар. Зеро, ўз сўзини йўқотиш, бу — шоир учун ўлим. Шоир ўз жонини қандай сақлай олади, ёлғоннинг макридан қанчалик ўзини эҳтиёт қилади — буни ёлғиз худо билади.

Тиккандир жонини Ватанига у,
Бу сўз қаршисида титрама, эй жон.
Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув
Юзма-юз келадир шоир ва замон.

(«Она Туркистон» қўлёзмаси, 140-бет)

Шоир бу ёруғ дунёда яшаётган Инсоннинг чексиз-чегарасиз кечинмаларини сўз билан ифода қилгувчи шахсдир, — дейди Рауф Парфи. — Шоир кўзининг ўрнида дарёлар оққан, елкасида тоғлар йиқилган, ўз танидан чиқиб, руҳга айланган зотдир . Унинг ўз таҳбири билан айтганда, шоирни куйлатган ҳазрати инсон. Унинг ҳаққи-ҳуқуқлари — шеъриятнинг ҳам ҳаққи-ҳуқуқларидир. Жаҳолатнинг рангларини, зулмнинг маҳносини, зўравонлик, адолатсизликнинг сирти шакар-ботини заҳар табиатини образлар тилига кўчирган тимсолли реализм Рауф Парфи ижодий индивидуаллигини тайин этади.
Ушбу хусусият Рауф Парфи Ўзтурк ва бошқа бир қатор шоирларимизнинг (Чўлпон Эргаш, Ҳ.Худойбердиева. Шавкат Раҳмон, Тоҳир Қаҳҳор, Хуршид Даврон, Абдулла Шер, Усмон Қўчқор ва ҳ.к.) ижодий изланишларидаги етакчи услубий йўналишдир. Мажозий образлилик — рамзлар воситасида фикрлаш маданияти ХХ асрнинг 70-йилларидан эҳтиборан ўзбек шеъриятида етакчи тамойилга айланди.
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўзбек танқидчилигида бадиий тафаккурнинг ушбу кўриниши моҳиятини тушунмасликданми ёки тушунишни истамаганликданми, «Шеҳрингизни тушунтириб берсангиз», «Шоир нима демоқчи, шеър нима деяпти» қабилидаги мақолалар юзага келди. Уларда Рауф Парфи, Миразиз Аҳзам шеърларидаги мажозий образларни, рамзларни àðáãà òàқлидчиликда, ўта мураккаблик ва мавҳумликда айблаш расм бўлди. Тимсолли образлар сарбастдаги изланишларида ёрқинроқ тажассум топгани боисиданми, уларни Ғарб шеъриятига тақлидда айблашди. Ваҳоланки, маҳлум бўлишича, шеърнинг бу шакли аввалги минг йилликда мўйсафид Шарқнинг қадимий битикларидаёқ мавжуд экан.
Ушбу ҳодиса, айрим танқидчилар айтгандек, Ғарб ва Лотин Америкаси адабиётига тақлидан эмас, аксинча, эстетик таҳсир самараси ўлароқ юзага келди. Шу боисдан ҳам шоир: ўзимизнинг қадимий ёзувларимизда ўзимизни қайтадан топдик, дейди.
Рауф Парфи эстетикасида Санҳатнинг, Сўзнинг маҳрифий-тарбиявий роли, аҳамияти масаласи алоҳида ўрин тутади. «… Миллат бор экан, демак, адабиёт бор, Сўз бор. Жаҳонга буюк сўз соҳибларини берган бу тупроқ, бу ҳаво, бу сув, бу олов инсониятни шафқатсиз, қонли ўйинлардан, қирғинлардан, балою офатлардан асрай олмади. Лекин, олижаноб, қутлуғ Сўз яхшилар тарафида экани қувончлидир» («Шеҳрият ва абадият» мақоласи, 4-бет). Шоирнинг ишончи-эҳтиқодига кўра, эзгу сўз одамлар онгига нур-ёруғлик олиб киради, кўнгиллардан ёвузликни, жоҳилликни, ёмонликни қувиб чиқаради. Шу тариқа кўнгилларни тозартиради. Руҳиятларни поклайди. Дин – бани Одамларни, демакки, жамиятларни ҳам поклар экан, асл шеърият ҳам дин мисол юксак маҳнавий салоҳиятга эга. Эзгу сўз одамлар онги-тафаккурига таҳсир кўрсатиш орқали кўнгилларга уя қурган хиёнатни, риё-мунофиқликни, сотқинликни, қўрқувни ҳайдайди. Кўнгилларда олижаноблик, эзгулик гулзорларини кўкартиради. Саҳоват ва меҳр-шафқат боғларини барпо қилади («Дилимда бир сўз бор эди. Бу сўз меники эди. Айтдиму, мен сўзники бўлдим ортиқ»).

Буғубор тонг каби гўзал,
Тонг чоғи очилган ғунча каби,
Ғунчада шабнам каби мусаффо…
Осмон каби бепоён кўзлар севинчи янглиғ,

Бир сўз бор,
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак.
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак,
Бир сўз бор…

(«Она Туркистон» мажмуи,123-бет)

Бу – санҳат – санҳаткор – жамият масаласида янги нуқтаи назари, янги тушунча ва янги нигоҳи ила бадиий тафаккур маданиятида шоир ўзгача йўналиш яратди, демакдир. Бу – санҳат асарларини тушуниш, тушунтириш ва баҳолашда ҳам эстетик меҳзонларни ўзгартирди, янгилади, демакдир.
Шоир эстетикасида виждон эркинлиги масаласи алоҳида ўрин тутади. Руҳ феномени, кўнгил ҳуррияти, эрк феномени Рауф Парфи эстетикасида ижтимоий-фалсафий категория даражасида бадиий тадқиқ этилади.
Хусусан, онгимиз-шууримиздаги кўринмас, сезилмас темирдек қўпол ва қаттиқ бир куч бизни метин иплари билан боғлаб туради. Юриш-туришимиздан тортиб, гап-сўзларимизгача, хатти-ҳаракатимизу ўй-фикрларимизгача, бир сўз билан айтганда, изимизу сўзимизни, кўрар кўзимизу ўзимизни бошқаради. Бурун остидан бошқа нарсани кўрмайдиган аҳволга солади. Ичимиздаги сиёсий нозирнинг фармонбардор ҳукмрон мавқеи кишини қуллик, мутелик ҳолатига солади. Ана шу нарса иймони суст ижодкорни бадгумон ҳукмрон мафкура тоғорасига ўтказиб, ноғорасига ўйнатиб қўяди. Қачонки, ижодкор руҳан эркин бўлмас экан, ҳеч қачон мафкуравий қолиплардан, сиёсий манфаатдорликдан халос бўлолмайди. Бош олиб чиқиб кетолмайди. Замонасозликка берилади. Замонасозлик ботқоғига ботиб бораверади. Нафсга суянган муроса – ғоят аянчдир.
Руҳий эркинликнинг мазмуни недир? Дил эркинлигининг таҳми қанақа бўлади? Қандай одам эркин бўлади. Дилидан бўлак, ўзидан бошқа ҳеч қанақа давлати йўқ, шип-шийдам бандаи мўминми? Ёхуд, сочидан тирноғигача ҳукмрон мафкура бўтанасига ботириб олинган кимсами? Қандай жамият озод бўлгандагина унинг фуқаролари ҳам эмин-эркин яшаши, дориломон кун кечириши мумкин?
Шахс эркин бўлмас экан, у мансуб миллат ҳам, Ватан ҳам озод бўлолмайди. Бу – шоир талқинидаги эркнинг баланд нуқтаси. Ана шу мақомга етишиш эса, аввало, Одам ўзини-ўзи танишдан бошланади. «… Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз, — дейди Рауф Парфи. – Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Ақл Оллоҳни танишдан чалғиса, бу – айёрлик. Оқил деб Оллоҳни билганга айтишади. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас У — Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил, 2-сон, феврал).
Одам моддий борлиқни ҳам, руҳий дунёни ҳам идрок этишда холис. Унинг кўнглида ҳамиша тўрт фасл шавқи барқ уради. Еру Осмонлар оралиғида, барру баҳрлар сарҳадларида тизгинсиз бадиий диди ўзига хон эканлигини тасдиқлаб туради. Унинг илоҳий кўтаринкилиги, ҳеч қандай ўлчовларга сиғмаслиги – бадиий дидининг бетакрор асл табиати. Барча буюк санҳаткорлар инсоният тарихи бадалида яратган энг гўзал ва мумтоз бадиият намуналари миллий мансубиятларидан, макон ва замондан қатҳий назар, бадиий диднинг безавол меҳзонларидир; юксак ўлчовлари, идеал тош-торозусидир. Агар, кўкдаги бир тилим хилол, тупроққа санчилган гуллар мукаммал гўзаллик намуналари бўлса, Муҳаммад с.а.в. комиллик мақомига етишишнинг энг мумтоз тимсолидир. Чинни кўзли булоқ сувлари бокиралик ва мусаффоликнинг кўзгуси экан, Юсуф Хос Ҳожиб ва Яссавий, Бедил ва Навоий, Данте ва Шекспир, Пушкин ва Чўлпон шеъриятлари бадиий гўзалликнинг идеал намунаси эмасми?
Рауф Парфи Ўзтурк эстетик қарашларининг илдизларини – баҳравар омилларини ёлғиз абадий қайнаб турган булоқлардангина излаш тўғри эмасдир. У Мағрибу Машриқ, кунчиқару кунботар умумбашарий бадииятининг мумтоз намуналаридан ҳаёт сувини ичади. Шу боисдан ҳам шоирни жаҳон эстетикасидаги тимсоллар реализмига, туйғулар реализмига мойил санҳаткорлар кўпроқ қизиқтиради. Хусусан, реализм эстетикасига кўра шоирни жаҳонгир зулм-истибдодга қарши шахс эрки масаласи, табиатнинг тўрт фаслига монанд кечинмалар туғёни, ҳаёти банд этади. Шу боисдан ҳам шоир адабий асарларнинг эстетик қиммати ва аҳамиятини белгилашда уларнинг салоҳиятини, бадииятини бош меҳзон, деб билади. Бошига қилич келганда ҳам фақат рост сўзлаш, Ҳақ ва Ҳақиқатни ёқлаш, ҳар қандай ёлғон, риё, макр, зулм ва хиёнат кўринишларини инкор этиш, уларга қарши исён кўтариш Рауф Парфи Ўзтурк эстетикасининг мағзини ташкил этади.
«Санҳатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир. Шакли қандай бўлишидан қатҳий назар… Тушунган, англаган инсон ҳамиша оғриқ, фожеа билан яшайди. Агар, таҳбир жоиз бўлса, шундай айтиш мумкин – фожеа инсон билан бирга туғилган аниқ нарса. Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, Ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади. Инсоннинг фожеаси ёлғонларга тўқнашганида бошланади. Биз «Ёлғоннинг умри қисқа» деб ўзимизни юпатамиз. Йўқ, ёлғоннинг умри узун. Буни инсоният тарихига бир назар ташласангиз, билиб оласиз» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил, 2-сон, февраль).
Шеҳр – чексизликнинг чекида туғилган дунёдир. Шоир кўнглини ўртаган оғриқли сўроқларга воқеликдан, жамиятдан жавоб излайди. Муайян қиёслар, образлар шу тариқа юзага келади. Хусусан, шахс эрки, кўнгил ҳуррияти одам билан бирга туғилади. Эркинлик бой берилган жойда фожеа юзага келади. Бахтини пойдор этиши ҳам, бахтсизлик чоҳига юз тубан йиқилиши ҳам руҳнинг нечоғлик уйғоқлиги, руҳоний саодатга боғлиқ.
Рауф Парфи Ўзтурк эстетикасида Турон-Туркистон мавзуи алоҳида саҳифани ташкил этади. «Турон-Туркистон мавзуи милоддан аввалдан ёзма адабиётларда юз кўрсатиб келади, — деб ёзади Рауф Парфи. – Миср-Бобил, Хитой-Ҳиндистон, Рум, Эрон, Оврупо, Америка сингари Турон-Туркистон, Турк Дунёси жаҳон илму фани, маданияти, адабиёти ва санҳати хазинасига ўзининг муносиб меросини берди ва беражакдир» .
Шоирнинг кўнглини, ижодини билмоқчи бўлсанг, унинг она юртини бориб кўр, деган ҳикмат бор. Шоирнинг Ватани – бу унинг сеҳрла, пурҳикмат маҳноларни ўзига сингдирган сирли қиёфалар дунёсидир. Р.Парфи лирикасидаги Сўз, Кўз, Қушча, Булоқ, Дарахт, Чироқ, Хаёл, Нур сингари образлар тагдор, пурмаҳно мазмун ифодалашига кўра тимсолга айланаётир. Улар Туронзамин, Туркистон халқларининг тарихий ҳаёти саҳифаларини суратлантиради. Туркий халқлар тақдиридаги зилзилали воқеалар моҳиятини акс эттиради. Миллат тақдирида ўчмас из қолдирган ва айни кейинги юз йилликларда мудраган жўмардлик, жангарилик, қаҳрамонлик руҳини қайта тирилтириш, оёққа қўйиш, фаолликка даҳват Рауф Парфининг Турон-Туркистон мавзуидаги шеърларининг етакчи хусусиятларидан биридир.
Сўз санҳатида ҳамма бир-бирига шогирд, лекин ҳар ким ўз йўлидан кетади, дейди адиб. Ўзбек тилининг рамзларга, тимсолларга бой маҳно қирраларини акс эттириш Рауф Парфи Ўзтурк изланишларининг мағзидир. У сўзнинг таҳмини, ҳидини рангини, бўёқларини ғоят нозик ҳис қилади. Шу маҳнода, ҳар бир шеъридан шоирнинг қайноқ, этиросли нафаси шундоққина сезилиб туради. Ҳар бир сўзнинг ортидан унинг ўзи қараб тургандек туюлади. У айтадиган гапи учун сўз танламайди. Балки, фикрчан кечинмалари ўз маҳноси, ўз ифодаси билан туғилади. Р.Парфи Ўзтурк «Ҳар бир сўзим – ошкор жаҳоним» дейиши ҳам шундан.
«Сўзлар» шеърида ёзади: «Яна тун қўйнида бўшлиқнинг темир қўллари кўксимни қисаркан: — Ёрдам беринг, ухлаб ётаверманг, — дея ҳайқираман. Шундай уйғотаман қадимий Сўзларни – Туркистонимни» («Она Туркистон» мажмуи, 315-бет).
Рауф Парфи Ўзтурк шеъриятида сўз — конкрет маҳно ташиб келишидан ташқари инсон шахси ва маҳнавиятидаги муайян гўзалликни, тимсолли ёки ибратли мазмунни ифодалашига кўра ижтимоий-фалсафий, бадиий-эстетик аҳамият касб этади. Сўзлар табиатидаги шартлилик, коса тагидаги нимкоса тарзида ифодаланадиган кўчма маҳнодорлик, айниқса, Рауф Парфи изланишларида устивор. Рауф Парфининг сўз устида ишлаш заҳмати шундан иборатки, у «Сўзлар» шеърида кузатилганидек, «Оқ бинода қалин ва оқ кўрпаларига ўраниб-чирманиб қатор сўриларда» ухлаб ётган қадимий сўзларни уйқудан уйғотади. Уларни яшашга, курашга, фаолиятга сафарбар қилади. Зеро, шоирнинг ўз таҳбири билан айтганда, шеърият муттасил янгиланиб туради. Сўзларнинг маҳносига кўра доимо янгиланиб туриши эса унинг асл моҳиятини ташкил қилади.
Р.Парфининг Турон-Туркистон мавзуига бағишланган шеърларида фалсафий, ижтимоий мазмунига кўра сўзларни қаддинию қадрини бир баҳя баланд кўтаради; қанотини юксалтиради, уларга парвоз беради. Шоирнинг «Сўзлар», «Шеҳрият», «Харита», «Она тилим», «Туркистон», «Чўли Ироқ», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Қадимий туркийлардан», «Ўзингни аяма, бораётган илдиз», «Англатгани англаган бошлари қани» сингари ўнлаб шеърларида Турон-Туркистоннинг олис ўтмиши, бугуни ва келажаги билан боғлиқ турфа бадиий талқинлар силсиласини кузатамиз. Бадиий Сўзнинг шунчалар катта салоҳияти борлигидан ҳайратларга чўмамиз.
«Сўзлар» шеъридаги бадиий талқинга кўра, Инсон, бу – сўроқ гап, ундов гап, дарак гап. Сўзлар бизга яшамакни ўргатар. «Бир ажаб сўзлардир пешонада тўпланган ажин». Қўлларимиз ҳам фикрчан Сўзлар. Шу маҳнода, Турон – ҳаддан зиёд гўзал сўздир. Бу тонготару қуёшнинг ботиши, йўлдаги киши – барчаси ажойиб жумлаларга ўхшайди. Улар умр, тақдир, тириклик сатрлари. «Мозийга урилиб синди овозим» дейди шоир. Туронзаминнинг ўтмиши, кўҳна Туркистон хотиралари, аждодларнинг шонли ҳаёти тарихи лирик қаҳрамон руҳини кўтариши, тафаккурига қувват бериши билан баробар маҳзун кайфиятларга ҳам солади. Овозини синиқлаштиради.

Бу – олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис эсдаликдир бўлмайди адо.

(«Она Туркистон» мажмуи, 384-бет)

Рауф Парфи шеъриятидаги поэтик образлар ва тимсолларнинг ўзига хослигини улар зиммасидаги маҳнолар моҳиятидан англаймиз. Шу ўринда тимсоллар табиатини очиб берувчи унсурлар орасидан характерли икки жиҳатига тўхталиб ўтиз жоиз кўринади. Хусусан, бу нарса тимсоллар табиатидаги ботиний ва зоҳирий аломатлардир. Чунончи, Ғ.Ғуломнинг «Соғиниш» шеъридаги ўғлини урушга кузатаётган ота – бу азамат Ватан, фидоий миллат тимсолига айланган. Ҳамид Олимжоннинг «Ўрик гуллаганда» шеъридаги баҳор тимсолига айланган ўрик гуллари – рамзнинг зоҳирий кўринишидир. Ўқувчи шеърни ўқиган заҳоти кўз ўнгида, тасаввурида ана шу символик маҳно касб этган поэтик белгилар яққол суратланади. Шеҳрдаги поэтик образлар ҳам у қадар мураккаб эмас. ўқувчининг ақли-шуурини таҳайюлларга, пўртанали ўй-фикрларга чулғаётгани йўқ.
Энди, тимсолларнинг ботиний кўриниши ҳам борки, у серқатлам, сертармоқ тагдор, кўчма маҳно қирраларига эга.
Рауф Парфи Ўзтурк сўзнинг тимсолли маҳно жилваларини кашф этишда ўзига хос бетакрор мустақил йўлга эга бўлган шоир. У халқимизнинг кексалар изидан юрма, лекин улар излаган нарсани сен ҳам изла, деган ҳикматига амал қилаётгандек туюлади. Шоир янги шаклда янги гап айтиш учун тинмай изланар экан, ҳар биримизга таниш сўзлар зиммасига янги ва чуқур маҳнолар юклайди. Мазкур йўналишда Р.П.Ўзтурк шеър сатрларини синдиришни яхши кўради. Хўш, бу нарса шеърга зиён-заҳмат етказмайдими? Шеҳрни ногирон қилмайдими? Йўқ, албатта. Сабаби, бу нарса фикрнинг синишига, туйғуларнинг сочилишига, маҳнонинг дарз кетишига олиб келмайди. Энг муҳими, шеърда сўз синмайди. Сўзнинг бадиий-эстетик таҳсир кучи, салмоғи ортса ортадики, асло букилмайди, сусаймайди. «Минг йил сизни изладимми, мен» туркумига кирган учликда ўқиймиз:

Мен узоқ ухладим.
Бир аср ухладим, нега мени –
Нега сиз яшинни уйғотмадингиз .

Шакл жиҳатдан синган сатрлар кескин кечинмали ҳолатлар маҳносини, мураккаб зиддиятли кайфият ва туйғуларнинг рангини, манзарасини чизишга йўналтирилган.
Шоир «Юрак» шеърида «Мен фақат Туркистон аталган ёрқин, Бир бутун юртимни истайман, холос» дер экан, ёқавайрон ўз ватанида ватансиз туркийлар бирлигини, йўллар, кўллар, тиллар, диллар бир бўлишини, яхлит бағри бутун миллат сифатида қад тиклашини орзу қилади («Кўкка етди сабр дарахти. Йиғла Қрим, йиғла, тангри кўк. Не бўлмоқда инсонлар айтинг: Қрим бору қримликлар йўқ»). Зеро, қўллардан кетган ихтиёрларни тиклаш, туркийлар учун маҳрга берилган мутелик, қуллик, озорларга барҳам бериш, бизлардаги йўқ иттифоқни бор қилиш, оёқ остидаги пайҳон бўлган инсоний ҳуқуқларни тиклаш, тупроққа қоришиқ муқаддас ҳурликка эгалик ҳаққини барқарор этиш («Она Туркистондир туркларнинг тожи») лирик қаҳрамоннинг бош муддаоси.

Ўзингни аяма бораётган Илдиз,
бораётган Ҳасрат,
бораётган Ватан,

Она Туркистон. (383-бет)

Ана шу жараёнда уйғоқ Сўз Ҳақиқатнинг олов кўзларига айланади («Ухлама сен, Ҳақиқат»). Лирик қаҳрамон тийран сўзга, қиличдек қайралган Ҳақиқатга ўтинч билдиради. Мудроқ, қўрқоқ жонларни, норасо маконларни, басирларни уйғотгин, дейди. Қасрларни, асрларни, асирларни замонларни уйқудан уйғотишига ишонади. Заҳар хўплаб эса-да, одамларни тўплаб айт. Сўзларинг ловуллаб турсин. Токи, юракларда кул босган чўғлар ловуллаб кетсин, алангалар ҳосил қилсин.

Сўзларингнинг қуёши,
Аччиқ ёшга айлансин.
Ботирларнинг кўз ёши,
Бир кун тошга айлансин.
(377-бет)

«Лутфихоним. Уйғон болам», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Туркистон ёди», «Оғриқ» сингари миллатпарварлик руҳи билан йўғрилган ўнлаб шеърларида миллий бирлик ғоясининг рангин қирралари ёритилади («Уйғон, уйғон болам, уйғонгил эй, дил»; «О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон»). Кўнгил хур туғилган эди. Руҳнинг омонлиги, эрки «азал гўзалликнинг шаҳмини ёқади». Ёрқин саҳарларда «Келур от ўйнатиб халоскор сарбоз».

* * *

Сўз – шундай бир руҳоний Ватанки, у ушалмаган, келажакдан умидвор хаёлларнинг ҳам ватанидир. Лирик қаҳрамоннинг ҳолати бу – Кўланкалар юртида, Шарпалар орасида офтобга тикилиб ўтирган Хаёлни эслатади. У ўз орзу-ўйларини «исминг нима», деб сўроққа тутгандек бўлади. «Менинг исмим озодлик», деб жавоб беради у.
— Фарзандларинг қани, нега бир ўзинг ёлғизсан?
-Бола-чақаларим кўп эди. Бириси, тахтга чиқиб, тож кийиб қурбон бўлди. Иккинчиси, тожу тахтга қасида ўқийман, деб эс-ҳушидан айрилди, тилдан қолди. Қолганлари аросат водийсида тентираб юришибди…

Хаёл оппоқ булутлар оғушига сингиб йўқолди…

Хуллас, шоир талқинидаги ишқ, бу – туш мисоли тутиб ва етишиб бўлмас Эрқ. Ҳақиқатга эришиш. Бу – фикр – туйғу ва Руҳ эркинлиги демакдир. Шу жиҳатдан ҳам у бадиий Сўз зиммасига ғоят чўнг ва теран маҳнолар юклайди. Чунончи, Сўз – бу эрк. Шахс эрки, миллат ва Ватан озодлиги, фикр ва руҳ эркинлиги ана шу бекарон  Сўзда мужассамлашади. Сўз табиатида ўзлигини намоён этади. Шоир миллати, Ватани эришмаган эркинликни бадиий сўзга беради. Рауф Парфи Ўзтурк образлари, тимсоллари, бадиий умумлашмалар Сўзнинг ана шу тахлит турфа маҳно қатламларини намойиш қилади. Янги шеърнинг фалсафий-эстетик табиатини инкишоф этади. Сўз ўз табатида моддий ва руҳоний дунё шеваларини ифода этар экан, демак, Сўз ила Дунё қиёфасини Олам ва Одам руҳоний ҳаёти иқлимларини ўзгартириш мумкин («Уйқудан уйғотдим Туркистонимни», дейди шоир). Озодлик сўзига у Инсон ҳақ-ҳуқуқи, эрки ва масҳулияти, ҳақиқатнинг ранглари сингари бир кўп мазмунлар юклайди.
Шу маҳнода, шоир сўзни кўнгилга олиб кирди. Руҳ ифодасига айлантирди. Сўз, Нур, Чироқ, оқ ранг, Дарахт, Қуш ва ҳ.з. тимсоллари орқали сўзларни қайтадан яратади. Қайтадан ҳаёт бағишлайди. Бу – сўзларга жон-руҳ ато этиш, демакдир. Бу сўзлар бағридан янги рамзларни кашф этиш, демакдир. Сўз – Рауфнинг хумо қуши, дулдули, буроқ тулпори. Сўз орқали у ҳақиқатга етишади. Кўнглидан силқиб, сизиб чиққан сўзлар сукунатнинг ўчоғига ўт қалайди. Ва шу тариқа, шоир шеъриятида сўз ёнади, тун ёнади, сукунат ёнади.
Демак, Сўз ҳаётнинг ўзи, ҳақиқатнинг кўзи. Бу — Рауф Парфи Ўзтурк шеъриятининг мағзи.
Агар эҳтибор берсак, Рауф Парфи Чўлпон эстетикасидаги Эрк ғояларини нечоғлик ривожлантирганлигини кўришимиз, кузатишимиз мумкин. Хусусан, Чўлпон эстетикасида миллиятчилик, асир Туркистон, эрк истаги ва руҳи етакчилик қилади. Рауф Парфи шеърияти ана шу руҳни ўз табиатига сингдирган ҳолда бадииятида унинг янги-янги қирраларини нурлантиради. Чунончи, миллий бирликсиз шахс ҳам, миллат ҳам ўз борлиғини сақлаб қола билмайди. Ватан мустақиллиги, миллат ҳуррияти, инсон эрки бевосита шахс руҳининг эркинлиги, миллат руҳининг уйғоқлиги билан восил бўлади, деган бадиий-фалсафий концепция устивор.
Шоир илгари сурган мазкур ғоялар ХХ аср шўро зулмининг, коммунистик истибдод воқелигининг, жамият ҳаётининг хилма-хил томонлари, мутелик кўринишлари орқали ёритилади. «Туркистон ёди», «Туркистон – энг ширин бўса», «Она тилим», «Ўзингни аяма бораётган илдиз», «Қадимий туркийлардан», «Ухлама сен, ҳақиқат», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё» ва ҳ.з. ўнлаб шеърлари ана шу қутлуғ ғояларнинг бадиий-фалсафий талқинлари ўлароқ юзага келади («Туркистон ёди. Нақадар узундир, оғирдир бу йўл»).

Яна йироқларга чорлайди мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган, хўрланган улус овозин
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.
Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур,
Товушга айланди ҳар бир ғишт ранги.
«Дунё менинг деганлар…» Нидо келур,
«Каркас қушдек…» қадим сўзлар жаранги.

(«Она Туркистон» мажмуи, 326-бет)

«Ватанимизнинг энг буюк олимлари, шоирлари Туркистон халқларининг бирлиги учун курашдилар, Туркистонни бир бутун ҳолда кўришни орзу қилдилар, — деб ёзади Рауф Парфи «Моҳият» газетасидаги «Шеҳрият ва абадият» мавзуидаги суҳбатида. – Бу мавзу шеъриятда Ватан, Она тупроқ каби муқаддас сўзга айланди. Мустафо Камол Отатуркнинг қуйидаги сўзларини эсланг: «Буюк давлатлар қурган аждодларимиз буюк маданиятларга ҳам соҳиб бўлганлар. Буни ўрганмак, тадбиқ этмак, Туркни жаҳонга билдирмаклик бурчимиздир. Турк боласи аждодларни таниб оларкан, янада буюк ишлар учун ўзида қувват сезажакдир».
Рауф Парфи бадииятининг хизматларидан бири, бу – Чўлпоннинг эркчилик ғояларини ривожлантирганликда кўринади. Яҳни, у Чўлпон йўлини давом эттирди. ХХ аср ўрталари – ХХI аср бошлари ўзбек бадиий маданиятида Туркистонда туркчилик руҳини барқарор этди. Адабиётда миллият, миллатсеварлик, ватанпарварлик, миллий руҳни янги босқичга кўтарди. Шу маҳнода, ХХ аср бошлари Чўлпон ва аср ўрталаридан ХХI аср тонгларидаги Рауф эстетикасининг маҳнавият ва маданият учун хизматлари узвий ва баланд. Шу маҳнода, Чўлпон йўлини тутган Рауф Парфи ўзбек руҳини, ўзбек сўзининг қадри ва қаддини кўтарган, маданий-маҳновий қадриятларни янгилашга, такомиллаштиришга, ривожлантиришга интилган илғор мунаввардир. Рауф «шоирларимиз Туркистон руҳини, ўзбек руҳини куйладилар. Зеро, ўзбек руҳи ўлмасдир. Ўзбек руҳи абадийдир. Ўзбек руҳи бутун Турк дунёсининг меросидир», деганда бевосита ўз ижоди, шеъриятининг ижтимоий-фалсафий моҳияти хусусида фикрлашаётгандек туюлади.
ХХ аср тонги ва охирларида алоҳида-алоҳида зоҳир бўлса-да, ва лекин руҳан боғлиқ ҳар икки гўзаллик ҳодисаси табиатини англашда шоирларнинг поэтик образлари бизга кўмакка келади. Чўлпоннинг ХХ аср боши шеърларида биргина сукунат образининг турфа ҳаётий деталлар зиммасига юклатилган рангин маҳноларда ифодаланганини кузатиш мумкин. 1921 йили ёзилган «Амалнинг ўлими» шеърида бир ўринда хаёлда порлаган шамларнинг сўнишидан инган оғриқларни туяди («Мангу тутқунликка кирдими ўлка»). Шу боисдан кеча сукунати «жон олғувчи қоронғулик» қиёфасида кўринади. Ана – эрк-озодликнинг тимсоли: кўкдаги юлдузлар унинг изи бўлиб англашилади. «Амалнинг ўлими» шеъри Чўлпоннинг эркка интилган юрагининг, озодлик орзуларида алданган («Нажот юлдузини хаёлми билди?») халқ иродасининг ёниқ алангаси.
Она ўлкада кечаётган, халқ қалбини кемираётган, юрагини ёндираётган истак — бу эрк-мустақиллик дарди эканлигини, шеъриятнинг бош вазифаси ана шу азоб-аламларни, қиличлар тилида қотган қизил қон йиғисини, найзалар учига санчилган маҳсум гўдаклар ноласини ифодалаши шартлигини шоир яхши биларди. Шоир шеърияти — бу қафасдаги булбулнинг ёниқ ва ёруғ сўзлари эди.
Энди, Рауф Парфи Ўзтурк бадиий Сўзнинг ана шу салоҳиятини тимсолли тафаккур қудрати ила бойитди. Хусусан, дунёвий дил, оламгир Ишқ, илоҳий ёруғлик инсоният тарихининг барча замон ва маконларида кечган санҳаткорларни, уларнинг бадиий баркамол асарларини бирлаштиради. Зеро, зулм, залолат, ёлғон ва хиёнатдан ҳазар қилишликдек муштарак салоҳият уларга юқтирилган, пешонасига битилган. Рауф Парфи эстетикасидаги дунёвий дил (кўнгил-руҳият эркинлиги), оламгир Ишқ тушунчалари ўзининг чўнг ва теран маҳнолари ила ҳурмат-эҳтибор уйғотади. Хусусан, шоирнинг санҳатга қарашида некбинлик, ҳазин тушкунликдан ҳоли, тимсолларга асосланган мажозий реалистик ифода маданиятини ривожлантириш, ўзбек сўз маданиятини ёлғондан, ялтоқи маддохликдан ҳалос этиш сингари эзгу йўналиқлардир.
Шу ўринда нозик бир ҳолатни, Рауф Парфи шеъриятидаги фожеий маҳюсликни, маҳзунликни тушкунликка чўмиш, пессимизм деб тушунмаслик ва қабул қилмаслик лозим. Шу жиҳатдан Байрон билан руҳоний яқинлиги бордек англашилади. Байроннинг «Манфред» драматик достонидаги маҳюс руҳнинг таҳсири бордек кўринади. Шу маҳнода, Рауф Парфи «Манфред»ни бежиз ўзбек тилига таржима қилмаган, деб ўйлайсан. «Манфред»да Ҳақ, Эрк, адолат бу ёруғ очунда рўшнолик кўрмайди. Дунёвий залолат, зулм-истибдод, зўравонлик ҳамма замон ва маконларда гуллаб-яшнаган, ҳеч бир заминда Эркнинг кўксига эмин шабада теккан эмас, деган маҳно етакчи. Шу боисдан ҳам Манфред мутеликнинг ҳар қанақа кўринишларига қарши ёниқ исён кўтаради. Қаҳридан олов ёғилади. Ва лекин, ғазаби йиғига йўғрилган. Қаҳри тушкунликнинг қайроқ тошларида қайралган. Бу — руҳоний ҳолатнинг тушкунликдек кўринган бир жиҳати. Қолаверса, фикрий-интеллектуал орзу умидларнинг рўёбга чиқиши жамият тартибларига, воқеликка тўғри келмайди. Ушбу хусусиятлар «Манфред» асаридаги психологик маҳзунлик, тушкунлик табиатини бир қадар изоҳлаши мумкин.
Шу маҳнода руҳоний эркинлик, кўнгил Эрки тушунчаларини инсон кўнгил хушлиги ёки вақтни зое ўтказмаслик учун ўйлаб топган эрмак эмас. Эрк — инсон руҳида мавжуд, у билан бирга туғилган. Мусаввирнинг катта полотнога тортган ҳар бир чизиқлари, бўёқлар ранги яхлит суратга мукаммаллик, тиниқлик бағишлагани каби ҳар бир Шахснинг дил эркинлиги борасидаги саҳй-ҳаракатлари маҳнавий-маданий қадриятлар меросини бунёд этишга хизмат қилади. Мерос эса, ёлғиз ўтмишга дахлдор эмас, бугуннинг қиёфасини гўзаллаштиришга қаратилади. Миллат озодлиги, мамлакат мустақиллиги, Шахс эрки учун олиб борилган кураш руҳоний эркинлик беназир қадрият эканлигини яна бир карра тасдиқлайди.
Инсон ўзи юзага келтирган мероснинг қули эмас. Аксинча, бунёдкоридир. Зеро, у ўз кечмиши-ўтмишидан моддий ва маҳнавий қадриятлар яратади. Бу эса, инсонни ўз тақдиридан бир неча бош баландларга юксалтиради. Ана шундай лаҳзаларда ҳар қандай қадрият ғойибдан ҳозир бўлмайди. Курашлар эвазига қўлга киритилади.
Рауф Парфи Ўзтурк эстетикасида ана шу руҳоний эҳтиёж билан зулм либосига бурканган зўравонлик бақамти яшай олмайди, чиқишиб-келишиб кун кечириш эса ўлим демакдир, деган ижодкор нуқтаи назари етакчи. Бадиий баркамол санҳат намуналарини яратиш жараёнида ҳам мутафаккир руҳонияти фармонбардор мафкурага, ҳукмбардор кирдикорларига қарши бош кўтаради. Тирикчиликка, манфаатдорликка мутелик, жовдираб кўз тикиб яшаш — бу ўзликни ҳам, Руҳни ҳам хароб қилади, дейди. «Ўлим! Оғир! Гўзал! Буни чин санҳаткорлар билганлар. Таҳмагир билмайди, чунки у ёлғонлар қасрида яшайди. Ҳеч қачон ўлмайдигандек тасаввурда юраверади. Ўлимни идрок этган, мана, ҳозир ўлиши мумкинлигини билган ёлғон гапирмайди, зулм қилмайди. Зулмнинг отаси — қўрқоқлик ва жоҳиллик.
Фожеани идрок этган одам биз юқорида айтган «сир»га яқин келади. Аслида бу «сир» ҳар бир инсонда бор. Айтиш жоиз бўлса, у Яратганнинг инсонга берган неҳмати. Инсон уни ҳамиша ўзида сақлаши керак. Инсоннинг «сири» очилса, Оллоҳ билан муносабати узилади. Мен фалон нарсани англадим, билдим деса, шу ерда у Оллоҳдан айрилади» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил 2-сон, февраль).
Шу ўринда нозик бир жиҳат бор. Бу — миллий руҳни, миллиятни сақлаш. Бу — санҳаткор ўзлигини унутмаган, қиёфасини йўқотмаган ҳолда ўз миллатининг эрки, Ватан мустақиллиги ҳақидаги халқ идеалини бадиий тажассум этиш масаласидир.
ХХ аср бошларида кечган маҳрифатпарварлик, жадидчилик воқелигини Миллий Уйғониш, дея аталиши бежиз эмас. Бу нарса Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Элбек. Боту ва ҳ.з. мунавварлар фаолияти самараси ўлароқ миллат онги ва дунёқарашида оламгир ўзгаришларни вужудга келтирганлиги билан изоҳланади. Хусусан, Шахснинг ижтимоий-маданий ҳаётда маҳнавий-интеллектуал қадриятлар яратишдаги роли салмоқли моҳият касб этди. Яҳни, жамиятнинг сиёсий, маданий, маҳнавий ҳаётини ўзгартиришда Шахснинг роли ҳар қачонгидан ҳам қудратли кучга айланди.
Ижтимоий-бадиий тафаккурдаги мазкур сифат ўзгаришлари ХХ асрнинг иккинчи ярмидан эҳтиборан ўзгача йўналиш сари юз бурди. Хусусан, шоирнинг ўзидан ўзини излаши, ўзлигини таниши ва англаши сингари руҳоний изланишлари ХХ асрнинг уфқи — ХХI аср тонги бадиий-эстетик тафаккур тараққиётига шиддатли тўлқин олиб кирди. Миллий маҳнавий-интеллектуал қадриятларга таянган ҳолда умумбашарий мазмун касб этувчи асарлар яратиш сари юзланди. Рауф Парфи Ўзтуркнинг ижодий изланишлари ушбу йўналишга алоҳида руҳ бағишлади, қўш қанот берди. Хусусан, фалсафий-психологик таҳлил маданиятини янги савияга кўтарди.
Инсон ўз «мени»ни ботини — кўнгил фаслларидан ҳамда зоҳири — обҳектив олам билан боғлиқлик робиталаридан излашга тутинди. Шу маҳнода. Инсон оламнинг бир зарраси, олам эса, инсон кўнглида. Аслида, инсон шахсиятини тугал англаш, шахсини тўкис тушуниш амри-маҳол. Худди етти қават осмон билан етти қават ерни кафтига қўйиб, кўриб туришдек тасаввур этиб бўлмайдиган мушкулот. Шу жиҳатдан, табиат сир-асрорларини ўрганиш, олис мозийга, буюк тарихий шахслар тақдирига мурожаат этиш инсон ўзини, ва демакки, ўзлигини англаш шаклларидан бирига айланди. Бани Одам табиат ва жамиятни қанчалик кенг ва чуқур билар экан, ўз ички дунёсини ҳам шунчалик теран тушуна боради. Ушбу жараёнда Инсон шахси ҳал қилувчи аҳамиятга эга, дейди Рауф Парфи. Шоир Шахс эркини миллат ҳуррияти ва Ватан мустақиллигисиз тасаввур қилолмайди. Жамиятки, эркин нафас олмас экан, одамлар ҳам ўзини озод фуқаро деб билмайди. Зеро, инсон, табиат ва жамият уйғунлиги дунёнинг бус-бутунлигини ташкил этади. Ҳаёт — тупроқ, сув, олов, ҳаво деб аталган тўрт унсурдан таркиб топгани сингари инсон — табиат — жамият учлигининг бирлиги дунё тушунчасининг асосини белгилайди. Одам моддий ва маҳнавий мутеликнинг ҳар қанақа кўринишларига қарши кураши ўзлигини билиш ва билдириш шаклларидан бири сифатида зоҳир бўлди. Бунинг учун, аввало, Инсон ўз табиатидаги мутеликни, итоаткор иродани — тирикчилик таҳмасини енгиб ўтиши, моддий нафс қуллигидан озод бўлиши лозим. Ўз ички сирининг қули ҳам, хўжаси ҳам эмас, аксинча, ўзлигини англатувчи қудратли куч эканлигини тушуниб олиши шарт. Зеро, «Сир — бу ишқдир. Ишқда ақлу тану дилу жон бўлмас, — дейди Нақшбанд. Суқрот ва Нақшбандий ҳазратлари «сир»ни эгаллаганлар тоифасига киради.
Ҳар бир одамнинг «сири» ўз ичига, ботиний тафаккурига боғлиқ. Фаррошми, сотувчими, чўпонми, олимми, санҳаткорми, бошқами, «сири» ўз шаклида. Лекин моҳиятан улар бир хил. Фарқи, «сир»ни англашда, эгаллай олишда. Яҳни, моддийликдан руҳиятга эврилишда, ўзимиз билган тирикчиликка алмашмасликда» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил, 2-сон, февраль).
«Сир» деганда шоир, аввало, ҳар ким ботинидаги ўз руҳининг исмини, тусини, нурини билиб, таниб олишликни назарда тутади. Ва у, энг муҳими, қандай эркинликка мансублигини ҳам ўзи белгилаб олиши даркор, дейди. Негаки, инсон шундай бир хилқатки, у эркин туғилган ва эркинликни ҳамиша ҳимоя қилиш учун курашга сафарбар. Инсоният тарихи, бу — моддий ва маҳнавий эркинликка етишиш, эришиш йўлида тўкилган қонлар ва кўз ёшлардир. Эрк — курашлар эвазига келган. Шоирнинг бадиий талқинига кўра, қилич билан қалам, бу — эркка эришиш йўлларини очадиган, Эркни таҳминлайдиган асосий омиллар. Ва лекин, Рауф Парфи шеърларининг лирик қаҳрамони юрагида ҳадик, хавотир. Юрагини ғижимлаб, ҳовучида титраб тургандек туюлаверади. Бунинг боиси, эрк — осонлик билан қўлга киритилмаслигини, кураш йўлларида карнай-сурнай сурури эмас, кўпроқ айрилиқлар, йўқотишлар, ўлимлар пешвозлигини эслатаётгандек бўлади.
Шеҳрият ҳам дин мисоли одамлар онгини-шуурини, руҳониятини поклайди. Кўнглига Ҳақни таниш, жамолига етишиш ишқини жойлайди. Эзгулик, Адолат, Гўзаллик туйғулари уруғини экиб чиқади. Рауф Парфи шеърияти шу тахлит маҳрифий-руҳоний тарбияда айрича аҳамият касб этди. Бу борада миллатнинг онги — дунёқарашига миллатсеварлик, ватанпарварлик, миллий руҳ билан йўғрилган истиқлол ғояларини сингдиришдаги ролини алоҳида таҳкидлаш жоиз. Шоир эстетик қарашларида онг ва дунёқараш тарбиясига алоҳида урғу беради. Индивидуал онгларни у ёки бу мафкуравий оқимлар таҳсирига кўр-кўрона эргашишига асло чидаб ҳам, йўл қўйиб ҳам бўлмайди, дейди у. — Бунинг учун индивидуал онгларни табиий оқимига ташлаб қўйиш эмас, аксинча, уларни бошқариш асосида муайян самарага эришиш мумкин.
Онг ва дунёқарашларни бошқариш, бу — тафаккур маданиятини бойитиш дегани. Тарихий, маҳнавий-ахлоқий қадриятларга таяниб, жамият тартибларини янгилаш концепцияси «табиий оқим»нинг ўзак асосини ташкил этади. Умиднинг маҳзун, тушкун ҳолатларини, ижтимоий зулмнинг турфа хил азоблару мусибат кўринишларини маҳв этиш, аввало, инсоннинг ўз-ўзини енгишдан бошланади. Тўғри, шундай аснолар кечадики, одам ўз ақли, ирода кучлари орқали эришган самаралари олдида бўшангликка берилади. Ўзидан ўзи мамнун бўлиб, қаноатга бўйсунади. Ваҳоланки, дил эркинлиги шундай бир оловки, у ҳамиша фикр-туйғуларни, ўзликни ўтин қилиб қалашни тақозо этади. Бу, ҳамиша ўзи билан курашиб яшаш, демакдир. Шахс табиатидаги ялтоқланиш, қаноат, ҳаловат, шуҳрат асғасалари ва ҳ.з. турли хил нафс мутелиги кўринишларини инкор этади. Одамнинг моддий Нафсга берилиш, муккасидан кетиш, бўйсуниш сингари ҳолатларини бартараф этиши, бу — ўзликни енгиб ўтиш демакдир. Руҳоний эркинликка етишиш йўлидаги маҳнавий эҳтиёжларни таҳминлаш мақоми демакдир.
Шоир эстетикасида маҳнавий комиллик, бу — Шахснинг руҳоний эркинликка эришиш йўлларидан бири сифатида талқин этилади. Шу маҳнода, сукунат — кураш суронларининг бир шакли. Сокинлик бу — тафаккурда чақнаган чақин. Сув юзидаги жим-жит эпкин, бу — тўфон-қасирғалар, талотум бўронлардан узилган томчи. Қатрада уммон акс этгани сингари Рауф Парфининг оксиморон образлари, серқатлам тимсоллар, сермаҳно мажозлари Эрк тушунчасининг мазмун қанораларини кенгайтиради. Умр, бу —инсон наслига насиб этган эркинликнинг бир лаҳзаси. Олам қанчалик чексиз экан, зулм-истибдод ҳам беадад; кўринишлари хилма-хил. Қулликнинг чеки-чегараси йўқ. Булар — бани одамга берилган синов. Тириклик — ана шу мутелик чангалзоридан бешикаст, эсон-омон ўтиш, унинг ўрнига ҳуррият боғларини барпо этиш, демакдир. Тун — шарпа-кўланкалар ватани эмас. Тонг — бу боқий саодат шуҳлалари, дея англамаслик лозим. Барчаси инсон учун синов онлари. Ўзлигидан воз кечмаслик, ўзини билиш ва таниш орқали дил эркинлигининг рангларини ҳис этиш, таҳмини туйиш лаҳзаларидир.
Қуш осмон узра чаппар уриб эмин-эркин учгани билан барибир у ҳавога тобе. Ҳаво бўлмаса қанотлари ҳаракатлана олмайди. Шунга монанд, одам тириклигининг ўзи табиатга тобеликнинг бир шамойили эмасми? Шундай экан, одам тириклиги бадалида идеалига — руҳоний эркинликка етиша олмайдими? Инсоният тарихида қайси миллат, қайси мамлакат фуқаролари ана шундай саодатдан тўлиқ баҳраманд? Тирикликнинг ўзи чексиз эркинликдир, дегувчилар ҳам йўқ эмас. Уни бой бермаслик учун уззи-кун ўзи билан курашиши муттасил мутелик, қуллик ботқоғига ботишми ёки тобелик занжирларини бирма-бир парчалашми? Иссиқ билан совуқ, ширин билан аччиқ, яхши билан ёмон, кун билан тун ва ҳ.з. ёнма-ён яшагани сингари Эрк билан мутелик ҳам бир зуваладан ушатиб олинганми? Йўқса, инсоният тарихида инсоният у ёки бу зўравонлар зуғумларидан, зулм-истибдод чангалидан халос бўлса-да, ўз ичидаги шайтонни енголмай ўлиб кетганлари озмунчами?! Нафс қули бўлиб қолганларчи?
Рауф Парфи эстетикасида Руҳ эрки масаласи айрича аҳамиятга эга. У инсон ҳаётининг ҳар икки дунёсига дахлдор, таянч асоси. Одам зотининг маҳнавий фаолияти кўринишларида ўзлиги, қалб муҳри, демакки, руҳи ҳам мужассамлашган бўлади. Агар одамзод Руҳ деган олий маснадни билмаганда эди, башарият тарихи ҳам битилмаган бўлармиди. Инсон ҳаёти маҳнавий куч-қудрат тажаллиси эмас, қуп-қуруқ бўшликдан иборатлигича қолармиди. Одамни инсон деган олий мақомга кўтарган ҳам, тўрт оёқли жонзотдан фарқлантириб турган нарса ҳам, аслида, ана шу Руҳ. «Руҳсиз одам қул бўлади, — дейди Рауф Парфи. — Ичида аллоҳ қўрқуви бор одам эркиндир. У ҳамма нарсадан эркин. Худосиз одам қафасдаги одамдир. Улар ўзларини ўзлари қафасга солишган. Токи Оллоҳни топмагунларича бу қафасдан чиқолмайдилар. Ерда тирикчилик қилиб юрган одам учун ўлим ҳақида очиқ гапириб бўлмайди. Гувиллаб, гарангсиб юрган оломон буни англаши оғир. Санҳат ҳамиша одамни, одамларни «ушлаб» турган.
Санҳат — Инсонни шакллантиради. Шаклланган одам ўзини енгиб, ўз қалбига сингишади. Ўзини текшира бошлайди. Фикрлайди. Шунча имконимиз бўла туриб шайтоннинг гапига кирдим, деймиз. Шайтон — аянчли, гўзал тимсол! Биз эса шунча хатоларимизни битта шайтонга юклаб кетаверамиз. Шайтон бизнинг бой берилган руҳимизни эгаллаб олган нафсимиздир. Шайтонга қарши кураш бутун илмдан иборат эканлигини, китоб шайтонга қарши ёзилганлигини била туриб, ҳар қадамингизда шайтонга дуч келаверасиз» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил, 2-сон, февраль).
Рауф Парфининг руҳли сўзи, бу – бамисоли нур. Нур эса ёлғиз ёруғликдан иборат. Руҳий Сўз — риёни, ёлғонни кўтаролмайди. Унга ёлғон аралашса, фиғонидан тутун чиқиб кетади. Риёни кўрган жойда унинг нигоҳи замбарак ўқига айланади. Сўз бу — кимлардир ағанаб, ағдарилиб ётиши учун бўла болишлар ясаш, кўрпа, кўрпачалар қавиш учун асқотадиган пахта эмас. Ёмби сўзда муқаддас Руҳ бўлмаса, у титилиб кетади. Чок-чокидан сўкилиб, авра-астари ағдарилади.
Руҳли Сўз шунинг учун ҳам Нурки, у қозонларда қайнамайди. Ўчоқларда кулга айланмайди. Бўла болишлар мисоли тер босган биқинларда димиқиб бўғилмайди. Руҳли Сўзлар қошида шамоллар чопқиллаб-чопқиллаб чой ташиб юради. Қаҳ-қаҳ отиб турган чақмоқлар кўкдан ерга тушади. Қовоқ уйган қоп-қора булутларнинг ҳам чеҳраси қўққисдан ёришиб кетади.
Рауф Парфи Ўзтурк эстетикасида бадиий сўз шафқатсиз ҳақиқатни ёқлашига кўра реализмнинг таҳайюллар асосига қурилган тимсолли тафаккур йўналишига янги тўлқин олиб кирди, оташин руҳ бағишлади. Мажозий лиризм табиатини шартли реалистик ифода маданияти билан чуқурлаштирди. Бизни ҳамиша дил уйғоқлигига, ҳаётнинг маҳносини, яшашнинг моҳиятини англаб етишга даҳват этди. Ҳақиқат рангларини ҳис этишга, адолатнинг аччиқ таҳмини тотиб кўришга мажбур қилади. Ҳақиқат, аслида, гўзаллик демакдир. Шахс эрки, миллат ҳуррияти ва ватан мустақиллиги ижтимоий ҳақиқат. Ҳаққа етишишга интилиш — руҳоний эркинликнинг асл саодати. Адолат туйғусининг кўнгилларда кўкартириш ҳам гўзаллик ҳодисаси.
Рауф Парфи шеъриятида Руҳоний эркинликка эришиш асл Ҳақиқат, дея талқин этилади. Ва у Оллоҳ жамолига етишиш йўлларидан бири. Шу боисдан хам гадой, бу — тирикчилик кўчаларида қўли очиқ тентираган, бир бурда нон беринг, дея тиланчилик қилиб юрган бандаи мўмин эмас. Йўқ. У ўз турмуш тарзи билан бизга Олло Таолони эслатиб туради. Олло йўлига садақа қилинг, дея одамларнинг мудраган виждонини уйқудан уйғотади. Ҳамиша бедорликка даҳват этувчи виждон қўнғироғи. Лирик қаҳрамон тирикчилик водийсидаги кўримли ва сезимли нарсаларни ўз ҳаёт тарзига мувофиқ келмагани боис инкор этибгина қолмайди. Аксинча, иллатлар бўлгани учун уларни йўқотишга ошиқади. У руҳнинг буюк яратувчи, бунёдкор кучини алқайди. Йўқлик водийсидан борлик саодати сари йўналган Руҳнинг соҳир туйғулари рангини кўрсатади, маҳноларини суратлантиради.
Туйғу ва фикр Рауф Парфи эстетикасида Руҳоний эркинликка эришиш учун олис сафарга чиққан йўловчи. У ниҳоятда сезгир ва дилгир. Шу маҳнодаки, шудринг кўзларида ёришган тонг шуҳлаларини силкитиб, тўкиб юбормайди. Оппоқ тонг тупроққа қоришиб кетмайди. У лирик қаҳрамоннинг қорачиғида кунларини узайтиради. Тонглар лирик қаҳрамон қорачиғида яшаб қолади.
Фикрнинг ҳам, туйғунинг ҳам жони бор, руҳи бор. Шу боисдан улар миллат ва Ватан тимсолида қаддини ростлайди. Фикр — бу улкан, ададсиз Ватан. Қир-адирлару тоғлар, боғ-роғлару водийлар, сим-сим кўллару дарёлар тафаккур томирлари. Шу боисдан ҳам фикр кўнгил булоқларидан сув ичади. Рауф Парфи эстетикасида ўтмиш — бу идеаллаштириш учун, миллатнинг ўз-ўзини овутиши учун эмас, аксинча, янги Сўз айтиш учун, келажакка одимлаш учун таянч тоғ, суянадиган маҳнавий-интеллектуал манба. Шунинг учун ҳам Рауф шеъриятида ўтмишни эслаб худа-беҳудага чапак чалиш, мадҳ-саноларга берилиш ҳоллари йўқ. Бир варақ қоғоз бамисоли жойнамоз бўлса, бандаи Мўминнинг Олло Таолога тазарруси кечадиган майдон — бу шеър. Шунга монанд, аждодлар тарихи, маҳнавий-маданий мерос — бу келажак тараққиёти учун парвоз майдонидир.
Келажак деганда шоирнинг лирик қаҳрамони Руҳнинг эркинликка етишган эмин-эркин нафасини, довқур овозини тушунади. Миллат равнақи, Ватан иқболи билан боғлиқ ғоялар, ният-интилишлар унинг қанотлари. Ҳар қандай диний, мафкуравий қолиплар, чеклаш-чегаралашлар унинг парвозига халақит беролмайди. Инсон ўз кўнглини қанчалик теран тушуна борса, эрк осмонига кўтарилди, демакдир. Руҳоний эркинлик маҳнавий комилликнинг баланд ҳолати экан, комиллик хусусиятлари ҳам инсон шахсида мужассамлашади. Бу — руҳоний ҳаётнинг тўлақонли тажассуми, демакдир. Руҳоний эркинлик — бу маҳнавий комилликнинг асоси экан, у жамиятнинг ҳар қандай диний ва мафкуравий қонун-қоидаларидан юқори туради. Булар кўкдан қувилган осмон фаришталари эмас. Шоирнинг лирик қаҳрамони ана шунақа эркин тафаккур, ҳур туйғулар соҳиби.
Демак, кўнгил эркин, туйғу-тафаккур озод. Ва лекин, тирикчилик кўргуликлари уларнинг қўл-оёғини тушовлайди. Шу боис лирик қаҳрамон ушоқдек эса-да, севинчдан қанотланади. Шукр қилади. Шукроналик ила яна фикрлашга тутинади. Қадимги мутафаккирлар таҳкидлагандек, дил амрига итоат этиш Ҳаққа етишиш йўлларидан биридир.
Бор хам ўтади, йўк ҳам йитади. Дунё қурғур омонат. Одам дегани, бамисоли бир пиёла сув, тўкилдинг кетдинг. Тупроққа шимиласан-қўясан. Шу боис бу ёруғ очунда ҳеч бир бандаи мўмин тонг отишию кун ботишини, субҳидам шамолию момогулдирак қалдироғини, уммонлар шиддатию пурвиқор тоғлар салобатини, сукунатни меники, дея уйига олиб кириб кетолмайди. Ёки, кўрпа-тўшак қилиб, тахмонга тахлаб қўйолмайди. Улар эркин руҳоният жилвалари. Ёлғиз, бастакор куйларида, рассом бўёқларида, шоир шеърларининг бадиий сеҳри-салоҳияти орқали кўнгилларда муҳрланиб қолади.
Рауф Парфи эстетикасида Ўзини таниш, Ўзликни билиш — бу кўнгилга қайтишгина эмас. Яна, жамият сир-синоатларини, халқнинг дарди-аламларини чуқур туйиш ва тушунтириш ҳам демакдир. Бу — қайноқ воқеликка сингиб кетиш, халқ кўнглига қайтиш, миллат идеалини билишдир. Шоирнинг таҳкидлашига кўра, санҳатнинг бош вазифаси — бу инсонни ҳимоя қилиш, инсонни улуғлаш, инсондаги одамийликни, юксак маҳнавий-ахлоқий хислат-фазилатларни ардоқлаш, камол топдириш ва шу тариқа Олло жамолига етишишдир.

 

 

(Tashriflar: umumiy 434, bugungi 1)

Izoh qoldiring