Ozoda Bekmurodova. Bilamanki, sazovorlig’ tongi otar!

07

Озоданинг шеърларида кўнгил кишисининг энг ич­кин ва соҳир туйғулари рангин бўёқларда жилва қилади. Бу шеърларни ўқир экансиз, уларнинг шеър эканлигини унутасиз, зеро улар қайсидир маънода муаллифнинг иқрор­номалари тарзида жаранг сочади. Бу шеърлар кўнглингизга мунгли бир оҳанг тарзида қуйилади, сизни мафтун этиб, ўз асирига айлантиради. Боиси – уларда ҳар қандай макон ва замонда ҳам сирли жумбоқ бўлиб қолгувчи аёл қалби­нинг теран мушоҳадалари баъзан маҳзун, баъзан масрур, баъзан эса карашмали сатрлар аро жо бўлгандир.

8
Озода Бекмуродова
ШЕЪРЛАР
04

Озода Бекмуродова 1974 йил 12 июнда Қашқадарё вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган (2006). «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, «Ўзтелерадиокомпания «Тошкент» бош муҳарририяти муҳаррири, «Ёшлар» телеканали муҳаррири, катта муҳаррири, «Инсон ва қонун» ҳуқуқий газетаси таҳририяти муҳаррири, Ўзтелерадиокомпания Бош дирекцияси муҳаррири, «Ўзбекистон» телеканали маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар бош муҳарририяти катта муҳаррири бўлиб ишлаган.

04

МЕН БИЛМАЙМАН…

Зулфия Мўминовага

Мен билмайман,
Бу чарх қандай айланади,
Бу ғам сели қачон,
Қандай бойланади.
Фалак қандай сувлар сочар билмагайман,
Бу қўшиқлар унда қандай куйланади,
Биламанки, сазоварлиғ тонги отар!
Балки эрта,
Балки ҳозир, бир нафасда,
Бир ишора, бир илтижо, битта сасда,
То билмадим ҳаловатим, аҳволимни,
Гарчи жисмим УНИ деган нур қафасда!
Англайманки, сазоварлиғ тонги отар!
Нелар унут бўлар,
Нелар ёдда қолар,
Япроқлардай учиб тушар не юраклар,
Малакларнинг муддаоси кўкда қолар,
Кўкда кишнар Ҳақни кўзлаб не буроқлар!
Сезадурман… сазоварлиғ тонги отар!
Бу оғриқлар,
Бу андуҳлар жонфизодур,
Йўллар узра ёнаётган қуёш ойдур,
Чин саодат водийсидан гуллар терсак,
Шодумонлик манозили порлагайдур,
Сўрайманки, сазоварлиғ тонги отар!

* * *

Бир дўстим бор эди,
Камим йўқ эди…
Беилож, беҳуда дамим йўқ эди.
Дастим чораларни кафтда тутарди.
Андуҳим йўқ эди,
ўамим йўқ эди…
Орзуларим аниқ кўкка учарди,
Ўйласам ўйимдан тоғлар кўчарди.
Совғалар жўнатсам кўксим ўтидан,
Осмон эшикларин сўзсиз очарди!
Қанчалар бутун ва бисёр эдим,
Тонгларнинг исмига дўсти-ёр эдим.
Битта зарб ва битта ихтиёр ила,
Истасам энг ва энг бахтиёр эдим.
Ўзидан ҳам кўпроқ менга сўрарди,
Оқмаган дарёсин менда кўрарди,
Менам заррасини тўтиё қилсам.
Фалак тоқларида учиб юрарди.
Бир дўстим бор эди,
Бағрим бут эди,
Қушлар орасида шоҳ бургут эдим,
Ишонинг, лашкарим минг-минг лак эди
Ҳар қандай бўронда ўчмас ўт эдим,
Онам-а,
Онам-а, Онам бор эди…
Бир дўстим бор эди, бисёр эдим…

* * *

Сенингдек Ягона,
Сенингдек Қодир,
Дунёда менингдек ёлғиз бормикин,
Кийиклар тоғларга ўтар парвона,
Қоялар лабида юлдуз бормикин…
Кўкларга термулсам турналар ўтмас,
Дарёлар куйлайди қайси лаҳжада,
Кўзим қирғоғидан бир савол кетмас,
Барчаси ўтурми битта лаҳзада?
Тупроқнинг рангида кетмоқ либоси,
Япроқлар видоси мискин ғазалму,
Зорлиқ ҳолатининг йўқдир қиёси,
Замон озса отдан эшак ўзарму?
Ариқлардан сутлар оққан саҳарлар,
Болалик мулкида музлаб қолганму,
Қирлардан топганим ёқут гавҳарлар,
Йиллар чангалида жим йўқолганму?…
Сенингдек ҳамиша мавжуд мукаррам,
Менингдек ёлғиздан ёлғиз бормикин…
Бир сокин дийдорга бунча зор қилдинг,
Интизорлик ичра илинж бормикин?!…
Сенингдек бемисл,
Сенингдек буюк!
Оламда менингдек ожиз бормикин,
Бир бора лабимни теккизсам эди,
Аршинг заминида илдиз бормикин.

* * *

Ўзимдайин ўзни изладим,
Она, сенинг туққанларингдан,
Сендай тонгруҳ юзни изладим,
Оқ сут бериб боққанларингдан.

Юрагимнинг қонини бердим,
Сенинг битта нуринг кўрай деб,
Ҳаётимнинг шонини бердим,
Изларингдан бир ўргилай деб.

Она, ишон, ўзимдан ортиқ,
Бахтни раво кўрдим уларга,
Ойдинликни руҳимга суртиб,
Жило бердим қалби йўқларга.

Мен билмадим, тушун, онажон,
Йўқлигини сендай оламнинг,
Сендай мушфиқ, муштипар осмон,
Сендай азиз, яхши одамнинг.

Англамадим,
Кечир, онажон,
Ой сўзларни сараласам ҳам,
Зар ёғдулар ёғдирсам ҳам ҳеч,
Изтиробда ёнар юрагим,
Оҳ, билурман энди жуда кеч…

Сендай ёруғ замин изладим,
Она сенинг туққанларингдан,
Гумроҳни ҳам сен деб, сизладим,
Она сенинг боққанларингдан!

* * *

Нақадар беҳуда
Нақадар беҳис…
Нечоғли бенишон оқмоқда кунлар…
Барчаси саросар,
Ёлғиз ва олис…
Билинмай яримлаб борар бутунлар…
Негадир тўлмайди, шавқим косаси,
Нимадир бўлмайди минг йилдан буён,
Кимдир ҳануз йўлда…
Додлар кўзларим…
Кутиш саҳнасида умидлар урён…
Руҳим мангу уйғоқ,
Шовуллар бетин,
Саволлар гуллади киприкларимда.
Тунларнинг кўксига ёғдулар тутиб,
Юрагим толмоқда ўтрикларимдан!?
Мен-ку дош берурман, селларни ютиб,
Сочларим оқини бўяб қонимга
Фусункор шомларим интизор ботиб,
Кетмоқда, уфқнинг чўғ томонига…

* * *

Фаридиддинга

ўурурингнинг байроқлари ҳилпирайди,
Тоғлар каби ўсаётган елканг узра.
Заиф жоним гулбаргидай нур сўрайди,
Қароғингда ёнаётган ўтга қараб
Қанотларинг қайрилмасин, жўмард ўғлон,
Алпомишдай ор осмони баланд ўғлон!

Азизларнинг руҳи мудом жиловдоринг,
Йўлларингда Ҳақнинг ёди ёринг бўлсин!
Сиддиқликдан маъмур бўлсин дил бозоринг,
Сомон йўли чечаклари таъзим қилсин!
Қанотларинг қайрилмасин, жўмард ўғлон,
Гўрўғлидай ҳаёт сари шиддат ўғлон!

Фитратингнинг осмонида бир қуш сайрар,
Саҳар чоғи кўкка қараб дилхуш сайрар,
Ватан деса, эл сўраса бул наволар,
Юрагимнинг туб-тублари хуш-хуш яйрар,
Қанотларинг қайрилмасин, жўмард ўғлон,
Юрт ишқида Кўрагоний монанд ўғлон.

Бу тупроқнинг буюклиги икки жаҳон,
Нури бўлган боболаринг бешигидир,
Бу Ватаннинг остонасин пирлар ўпган,
Саодатга йўл солгувчи эшигидир!
Қанотларинг қайрилмасин, жўмард ўғлон,
Эзгуликка орзулари каманд ўғлон.

Бир гиёҳдай униб-ўссанг шу заминда,
Яссавийдан япроқ бўлсанг шу заминда,
Юлдузларнинг ҳикматидан олам тузган,
Улуғбекдай даргоҳ бўлсанг шу заминда,
Қанотларинг қайрилмасин, жўмард ўғлон,
Номуси пок, кўнгли оппоқ, дилбанд ўғлон!

Боргил энди, нурдаштига наззора қил,
ўавсул Аъзам фикратидан гулзора қил,
То қиёмат қуёшингни сўраб олдим,
Бир қарасанг, беморларни мардона қил,
Қанотларинг қайрилмасин, жўмард ўғлим,
Фаридиддин машойихга руҳбанд ўғлим!

ҲАЗРАТИ ЛАНГАР ОТА ЗИЁРАТГОҲИДА

Юксаклик аслида тоғларнинг исми,
Ҳаётни поклайди фарзона руҳлар!
Ҳар бир тош,
Ҳар гиёҳ, ҳар хазон-хасда,
Кезиб юргандайин Қутлуғлар.

Мана шу Ҳақ тупроқ, мана шу зарра,
Отам дуосига қўшилиб айтган,
Тобора баландлаб борган бу йўллар,
Онамнинг зорига чидолмай кетган..

Бу лаҳза, руҳимнинг каҳкашонида
Муаазин ҳисларим
беҳудуд урён…
Бахтим калитини сўраб-сўроқлаб,
Волидам ҳар тошга бошини урган.

Ҳар гал юрагимдан йўл солиб ёруғ,
Чиқиб келарканман йиллар қаъридан.
Нигорон термулсам, муборак бу туғ
Мозий кўзгусидек ёнар дафъатан.

Ҳазрати Бобожон, Балогардоним,
Бир қаранг, кўзимдан оқмоқда жоним,
Менам бир неъматман,
Менам ҳикматман…
“Ё Дўст” — денг малакдек бўлсин имконим.

Шаффоф белгиларга умидим тикиб,
Муродим расмини чизиб келганман,
Дийдор василадек яшнаб, энтикиб,
Ҳақнинг Жилвасига шаффоф тўлганман.

Менам бир интизор,
Менам гуноҳкор —
Зорлиқ ҳолатимнинг йўқдир қиёси,
Васл мақомига ошиқу бемор,
Йўлимда уммеднинг сўнмас зиёси…

Ҳазрати Бобожон — Балогардоним…
Бир қаранг, кўзимда қалқмоқда жоним!

* * *

Ғамларимни ювасанми сув.
Афсуслардан кечасанми дил.
Борлиғимда муаззам қайғу.
Қайда кутар бахтли манозил.

Нигоҳларим ўтидан ўпиб,
Сочларимни куйлаган шамол,
Яратганга мактублар битиб,
Қисматимдан очаверар фол.

Атроф тўла нур ва ёғдулар,
Зулматга ҳеч зарра қолмаган,
Қанот боғлаб учар орзулар,
Уфқ орти, илоҳий маскан,

Ёдим кўкин ювиб ташладим,
Субҳидамнинг содиқ рангида, .
Бугун оппоқ ҳаёт бошладим,
Келармисан энди ёнимга..

***

Севгилим…
Миллион йил йўл босдик,
олисдан келдик,
Хазонрез фасллар суйини ичиб.
О, у йўллар узра неларни кўрдик,
Не-не синоатлар наҳрини кечиб.

Руҳимнинг гувлаган боғлари ичра,
Мангу қуёшимдай топдим, порладим,
Нега мен мунг чалиб бунчалар сизни,
Оловли дарёни кечиб чорладим…

Севгилим…
Саҳроларнинг тубсиз алангасидай,
Бизлар яшамадик, йўққа соврилдик,
Ёруғ тушларимиз чекинди инграб.

Севгилим,
Яшин ёғдусидек туташдик сачраб,
Ноумид ва маҳрум ҳислар изида,
Ҳаётбахш, мунаввар бир илинж ичра,
Боқмадик ҳаётнинг сўник кўзига

Севгилим…
Севгилим…
Севгилим…

***

Кунлар ўтиб, тонглар отиб, тун тушади,
Дилдор дилим гоҳи-гоҳи увишади,
Қўлим чўзсам осмонларга етгудайин,
Оққушларим чархлар уриб қовушади,
Зулматларда умрим нурдай тилинади,
Ёлғизлигим ёбонларда билинади
“Ё, Ҳақ”-десам Ҳаққуш пати тўшалади,
“Ё, кел”-десам меърож оти бўшалади,

Менам гулруҳ,
Менам япроқ, гиёҳ хасман,
Сўраганим бесўз бедод ушалади,
Кимдир ботин, кимдир зоҳир кулинади,
Ёлғизлигим тўй айёмда билинади.
Кўчалардан юриб ўтсам из қолади,
Сайраётган қушлар аро бўз қолади,
Ўтиб кетсам бу фалакнинг шифтларида,
Битта садо, битта яшилсўз қолади.
Дўст ҳажрида бағри-руҳим юлинади,
Ёлғизлигим ғамдаштида билинади

Менам бир куй чалиб берсам, бу фонийга,
Айтиб юрсин, олиб боринг муғаннийга,
Юрагимнинг туб-тубида бир саҳро бор,
Обираҳмат кутиб ётар илоҳийдан,
Меҳробларда хуш хаёлим бўлинади
Кечир Раббим, ёлғизлигим билинади.

98

Ozoda Bekmurodova 1974 yil 12 iyunda Qashqadaryo viloyatida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetini tamomlagan (2006). «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasida musahhih, muxbir, «O’zteleradiokompaniya «Toshkent» bosh muharririyati muharriri, «Yoshlar» telekanali muharriri, katta muharriri, «Inson va qonun» huquqiy gazetasi tahririyati muharriri, O’zteleradiokompaniya Bosh direktsiyasi muharriri, «O’zbekiston» telekanali madaniy-ma’rifiy va badiiy dam olish dasturlar bosh muharririyati katta muharriri bo’lib ishlagan.

8
Ozoda Bekmurodova
SHE’RLAR
04

MEN BILMAYMAN…

Zulfiya Mo’minovaga

Men bilmayman,
Bu charx qanday aylanadi,
Bu g’am seli qachon,
Qanday boylanadi.
Falak qanday suvlar sochar bilmagayman,
Bu qo’shiqlar unda qanday kuylanadi,
Bilamanki, sazovarlig’ tongi otar!
Balki erta,
Balki hozir, bir nafasda,
Bir ishora, bir iltijo, bitta sasda,
To bilmadim halovatim, ahvolimni,
Garchi jismim UNI degan nur qafasda!
Anglaymanki, sazovarlig’ tongi otar!
Nelar unut bo’lar,
Nelar yodda qolar,
Yaproqlarday uchib tushar ne yuraklar,
Malaklarning muddaosi ko’kda qolar,
Ko’kda kishnar Haqni ko’zlab ne buroqlar!
Sezadurman… sazovarlig’ tongi otar!
Bu og’riqlar,
Bu anduhlar jonfizodur,
Yo’llar uzra yonayotgan quyosh oydur,
Chin saodat vodiysidan gullar tersak,
Shodumonlik manozili porlagaydur,
So’raymanki, sazovarlig’ tongi otar!

* * *

Bir do’stim bor edi,
Kamim yo’q edi…
Beiloj, behuda damim yo’q edi.
Dastim choralarni kaftda tutardi.
Anduhim yo’q edi,
o’amim yo’q edi…
Orzularim aniq ko’kka uchardi,
O’ylasam o’yimdan tog’lar ko’chardi.
Sovg’alar jo’natsam ko’ksim o’tidan,
Osmon eshiklarin so’zsiz ochardi!
Qanchalar butun va bisyor edim,
Tonglarning ismiga do’sti-yor edim.
Bitta zarb va bitta ixtiyor ila,
Istasam eng va eng baxtiyor edim.
O’zidan ham ko’proq menga so’rardi,
Oqmagan daryosin menda ko’rardi,
Menam zarrasini to’tiyo qilsam.
Falak toqlarida uchib yurardi.
Bir do’stim bor edi,
Bag’rim but edi,
Qushlar orasida shoh burgut edim,
Ishoning, lashkarim ming-ming lak edi
Har qanday bo’ronda o’chmas o’t edim,
Onam-a,
Onam-a, Onam bor edi…
Bir do’stim bor edi, bisyor edim…

* * *

Seningdek Yagona,
Seningdek Qodir,
Dunyoda meningdek yolg’iz bormikin,
Kiyiklar tog’larga o’tar parvona,
Qoyalar labida yulduz bormikin…
Ko’klarga termulsam turnalar o’tmas,
Daryolar kuylaydi qaysi lahjada,
Ko’zim qirg’og’idan bir savol ketmas,
Barchasi o’turmi bitta lahzada?
Tuproqning rangida ketmoq libosi,
Yaproqlar vidosi miskin g’azalmu,
Zorliq holatining yo’qdir qiyosi,
Zamon ozsa otdan eshak o’zarmu?
Ariqlardan sutlar oqqan saharlar,
Bolalik mulkida muzlab qolganmu,
Qirlardan topganim yoqut gavharlar,
Yillar changalida jim yo’qolganmu?…
Seningdek hamisha mavjud mukarram,
Meningdek yolg’izdan yolg’iz bormikin…
Bir sokin diydorga buncha zor qilding,
Intizorlik ichra ilinj bormikin?!…
Seningdek bemisl,
Seningdek buyuk!
Olamda meningdek ojiz bormikin,
Bir bora labimni tekkizsam edi,
Arshing zaminida ildiz bormikin.

* * *

O’zimdayin o’zni izladim,
Ona, sening tuqqanlaringdan,
Senday tongruh yuzni izladim,
Oq sut berib boqqanlaringdan.

Yuragimning qonini berdim,
Sening bitta nuring ko’ray deb,
Hayotimning shonini berdim,
Izlaringdan bir o’rgilay deb.

Ona, ishon, o’zimdan ortiq,
Baxtni ravo ko’rdim ularga,
Oydinlikni ruhimga surtib,
Jilo berdim qalbi yo’qlarga.

Men bilmadim, tushun, onajon,
Yo’qligini senday olamning,
Senday mushfiq, mushtipar osmon,
Senday aziz, yaxshi odamning.

Anglamadim,
Kechir, onajon,
Oy so’zlarni saralasam ham,
Zar yog’dular yog’dirsam ham hech,
Iztirobda yonar yuragim,
Oh, bilurman endi juda kech…

Senday yorug’ zamin izladim,
Ona sening tuqqanlaringdan,
Gumrohni ham sen deb, sizladim,
Ona sening boqqanlaringdan!

* * *

Naqadar behuda
Naqadar behis…
Nechog’li benishon oqmoqda kunlar…
Barchasi sarosar,
Yolg’iz va olis…
Bilinmay yarimlab borar butunlar…
Negadir to’lmaydi, shavqim kosasi,
Nimadir bo’lmaydi ming yildan buyon,
Kimdir hanuz yo’lda…
Dodlar ko’zlarim…
Kutish sahnasida umidlar uryon…
Ruhim mangu uyg’oq,
Shovullar betin,
Savollar gulladi kipriklarimda.
Tunlarning ko’ksiga yog’dular tutib,
Yuragim tolmoqda o’triklarimdan!?
Men-ku dosh berurman, sellarni yutib,
Sochlarim oqini bo’yab qonimga
Fusunkor shomlarim intizor botib,
Ketmoqda, ufqning cho’g’ tomoniga…

* * *

Farididdinga

o’ururingning bayroqlari hilpiraydi,
Tog’lar kabi o’sayotgan yelkang uzra.
Zaif jonim gulbargiday nur so’raydi,
Qarog’ingda yonayotgan o’tga qarab
Qanotlaring qayrilmasin, jo’mard o’g’lon,
Alpomishday or osmoni baland o’g’lon!

Azizlarning ruhi mudom jilovdoring,
Yo’llaringda Haqning yodi yoring bo’lsin!
Siddiqlikdan ma’mur bo’lsin dil bozoring,
Somon yo’li chechaklari ta’zim qilsin!
Qanotlaring qayrilmasin, jo’mard o’g’lon,
Go’ro’g’liday hayot sari shiddat o’g’lon!

Fitratingning osmonida bir qush sayrar,
Sahar chog’i ko’kka qarab dilxush sayrar,
Vatan desa, el so’rasa bul navolar,
Yuragimning tub-tublari xush-xush yayrar,
Qanotlaring qayrilmasin, jo’mard o’g’lon,
Yurt ishqida Ko’ragoniy monand o’g’lon.

Bu tuproqning buyukligi ikki jahon,
Nuri bo’lgan bobolaring beshigidir,
Bu Vatanning ostonasin pirlar o’pgan,
Saodatga yo’l solguvchi eshigidir!
Qanotlaring qayrilmasin, jo’mard o’g’lon,
Ezgulikka orzulari kamand o’g’lon.

Bir giyohday unib-o’ssang shu zaminda,
Yassaviydan yaproq bo’lsang shu zaminda,
Yulduzlarning hikmatidan olam tuzgan,
Ulug’bekday dargoh bo’lsang shu zaminda,
Qanotlaring qayrilmasin, jo’mard o’g’lon,
Nomusi pok, ko’ngli oppoq, dilband o’g’lon!

Borgil endi, nurdashtiga nazzora qil,
o’avsul A’zam fikratidan gulzora qil,
To qiyomat quyoshingni so’rab oldim,
Bir qarasang, bemorlarni mardona qil,
Qanotlaring qayrilmasin, jo’mard o’g’lim,
Farididdin mashoyixga ruhband o’g’lim!

HAZRATI LANGAR OTA ZIYORATGOHIDA

Yuksaklik aslida tog’larning ismi,
Hayotni poklaydi farzona ruhlar!
Har bir tosh,
Har giyoh, har xazon-xasda,
Kezib yurgandayin Qutlug’lar.

Mana shu Haq tuproq, mana shu zarra,
Otam duosiga qo’shilib aytgan,
Tobora balandlab borgan bu yo’llar,
Onamning zoriga chidolmay ketgan..

Bu lahza, ruhimning kahkashonida
Muaazin hislarim
behudud uryon…
Baxtim kalitini so’rab-so’roqlab,
Volidam har toshga boshini urgan.

Har gal yuragimdan yo’l solib yorug’,
Chiqib kelarkanman yillar qa’ridan.
Nigoron termulsam, muborak bu tug’
Moziy ko’zgusidek yonar daf’atan.

Hazrati Bobojon, Balogardonim,
Bir qarang, ko’zimdan oqmoqda jonim,
Menam bir ne’matman,
Menam hikmatman…
“YO Do’st” — deng malakdek bo’lsin imkonim.

Shaffof belgilarga umidim tikib,
Murodim rasmini chizib kelganman,
Diydor vasiladek yashnab, entikib,
Haqning Jilvasiga shaffof to’lganman.

Menam bir intizor,
Menam gunohkor —
Zorliq holatimning yo’qdir qiyosi,
Vasl maqomiga oshiqu bemor,
Yo’limda ummedning so’nmas ziyosi…

Hazrati Bobojon — Balogardonim…
Bir qarang, ko’zimda qalqmoqda jonim!

* * *

G’amlarimni yuvasanmi suv.
Afsuslardan kechasanmi dil.
Borlig’imda muazzam qayg’u.
Qayda kutar baxtli manozil.

Nigohlarim o’tidan o’pib,
Sochlarimni kuylagan shamol,
Yaratganga maktublar bitib,
Qismatimdan ochaverar fol.

Atrof to’la nur va yog’dular,
Zulmatga hech zarra qolmagan,
Qanot bog’lab uchar orzular,
Ufq orti, ilohiy maskan,

Yodim ko’kin yuvib tashladim,
Subhidamning sodiq rangida, .
Bugun oppoq hayot boshladim,
Kelarmisan endi yonimga..

***

Sevgilim…
Million yil yo’l bosdik,
olisdan keldik,
Xazonrez fasllar suyini ichib.
O, u yo’llar uzra nelarni ko’rdik,
Ne-ne sinoatlar nahrini kechib.

Ruhimning guvlagan bog’lari ichra,
Mangu quyoshimday topdim, porladim,
Nega men mung chalib bunchalar sizni,
Olovli daryoni kechib chorladim…

Sevgilim…
Sahrolarning tubsiz alangasiday,
Bizlar yashamadik, yo’qqa sovrildik,
Yorug’ tushlarimiz chekindi ingrab.

Sevgilim,
Yashin yog’dusidek tutashdik sachrab,
Noumid va mahrum hislar izida,
Hayotbaxsh, munavvar bir ilinj ichra,
Boqmadik hayotning so’nik ko’ziga

Sevgilim…
Sevgilim…
Sevgilim…

***

Kunlar o’tib, tonglar otib, tun tushadi,
Dildor dilim gohi-gohi uvishadi,
Qo’lim cho’zsam osmonlarga yetgudayin,
Oqqushlarim charxlar urib qovushadi,
Zulmatlarda umrim nurday tilinadi,
Yolg’izligim yobonlarda bilinadi
“YO, Haq”-desam Haqqush pati to’shaladi,
“YO, kel”-desam me’roj oti bo’shaladi,

Menam gulruh,
Menam yaproq, giyoh xasman,
So’raganim beso’z bedod ushaladi,
Kimdir botin, kimdir zohir kulinadi,
Yolg’izligim to’y ayyomda bilinadi.
Ko’chalardan yurib o’tsam iz qoladi,
Sayrayotgan qushlar aro bo’z qoladi,
O’tib ketsam bu falakning shiftlarida,
Bitta sado, bitta yashilso’z qoladi.
Do’st hajrida bag’ri-ruhim yulinadi,
Yolg’izligim g’amdashtida bilinadi

Menam bir kuy chalib bersam, bu foniyga,
Aytib yursin, olib boring mug’anniyga,
Yuragimning tub-tubida bir sahro bor,
Obirahmat kutib yotar ilohiydan,
Mehroblarda xush xayolim bo’linadi
Kechir Rabbim, yolg’izligim bilinadi.

98

(Tashriflar: umumiy 578, bugungi 1)

Izoh qoldiring