Ozoda Bekmurodova. Bahodirim onam

Ashampoo_Snap_2018.02.18_21h05m26s_002_.png   Озоданинг шеърлари билан олдин ҳам таништирган эдик. Уларни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин. Бугун шоиранинг янги шеърларини тақдим этамиз.

Озода Бекмуродова
БАҲОДИРИМ ОНАМ
04

15037347_351672445184616_5501008523769719121_n.jpgОзода Бекмуродова 1974 йил 12 июнда Қашқадарё вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган (2006). «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, «Ўзтелерадиокомпания «Тошкент» бош муҳарририяти муҳаррири, «Ёшлар» телеканали муҳаррири, катта муҳаррири, «Инсон ва қонун» ҳуқуқий газетаси таҳририяти муҳаррири, Ўзтелерадиокомпания Бош дирекцияси муҳаррири, «Ўзбекистон» телеканали маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар бош муҳарририяти катта муҳаррири бўлиб ишлаган.
04

НАЖОТИЙГА

Кечир…
Бутун борлиғимдан,
Ҳилқатимдан ўтган ҳар бир оламдан,
Ҳар бир ҳужайрамдан, ҳар бир заррамдан.
Гаҳи маъюс,
Гаҳи шодон толамдан…
Ёлвориб айтаман… кечир!
Билиб қилганларим, билмай қилганим,
Ҳар битта гуноҳим,
Ҳар бир додимдан,
Ҳар бир қилган тавбам, ҳар бир тавофим,
Чиқган ва чиқмаган азиз ёдимдан…
Тонгларим ҳаққи кечир!
Биламан менингдек маҳзун ёмон йўқ.
Бахтинг ярим қилдим, тўлдиролмадим?
Қисмат бозоринда минг савдолашдим,
Отангнинг меҳрини ҳеч ололмадим
Кечир!
Кечир азизбандим,
Кечир жонбандим!
Бунча узоқ ёндим,
Бунча кўп куйдим…
Сенинг бўстонинга етмасин дедим,
Менинг хазонимнинг бу куйик ҳиди…
Кечир!
Сен қандай ёруғсан,
Қандайин ёрқин!
Боқсам зулматларим маҳв бўлгайдир.
Денгизсан,
Дарёсан, бахтиёр тўлқин!
Келсанг, ариқларим нурга тўлгайдир.
Кечир…
Кечир моҳиятим,
Кечир мазмуним!
Биламан менингдек маҳзун ёмон йўқ.
Бахтинг ярим қилдим, тўлдиролмадим?
Дунё бозорида минг савдолашдим,
Отангнинг меҳрини ҳеч ололмадим…

ОҚ КУНЛАР ҲАЖРИ…

Онам осмон эди,
Отам тоғ эди…
Еру осмон сеҳрли нурбоғ эди.
Кўзим кўнгил эди,
Кўнглим соғ эди,
Шодликлари тугамаган чоғ эди…
Тунлар шукуҳ, зар аралаш тонг эди,
Чексизликнинг чодирлари кенг эди.
Ўйламасдан ўйнаб кулиб чопардим,
Ёруғ тушларимнинг бари ўнг эди.
Волидамнинг бағри мангу баҳорим,
Мойчечаклар табассуми бахт эди.
Минг айтилса нигоҳларнинг изҳори
Бир қайрилиб боқмаганим вақт эди..
Фаслларнинг жами кўклам лолазор,
Лаҳзаларнинг ҳеч саноҒи йўқ эди,
Юлдузларнинг шулъасига қарасам,
Малакмисол бир гуноҳим йўқ эди.
Бутун олам дўстим эди, қадрдон,
Шодлик сувин сочар эди тўрт томон.
Қўл узатсам, қанот ёзган турналар,
Яна қайтиб келармикан ёрижон,
Ёрижон!

***

Қаҳҳор бахши Раҳимовга

Элим десам юрагимга нур кирар,
Томиримга осмон кирар, сир кирар.
БорлиҒимда бир илтижо ҳайқирар;
Элим десам икки дунём гуркирар!
О, билмайман бу қандайин табобат,
Тошин қучсам топгайдурман ҳаловат,
Олислардан соғинч тортиб келганда,
Кўксимдаги ғамлар эрур тоабад.
Шу тупроғнинг гулиман, гавҳариман,
ТоҒларининг бошидаги зариман,
Кўк ишқида учиб кетган қушману,
Кел деганда келадиган, бориман.
Шу борлиқнинг шамолига юз чайсам,
Шу кенгликнинг камолида улғайсам,
Исмим айтсам, танисайди гиёҳлар,
Исмин айтса, дунёларига ёйсам.
Юрагимга қувват керак ёронлар,
Менга синмас қанот керак ёронлар,
Элим десам, бизникисан десалар,
Менга шундай дастхат керак ёронлар.
Менга шундай нурхат керак ёронлар!

***

Мен сизни Худодан сўрасам,
Тақдир, ариғида хато оқмасму…
Юрагимни байроқдай илсам,
Олма дарахтлари гулин тўкмасму…
Мен сизни Худодан сўрасам…
Рўёлари келиб жилва қилмасму,
Ойдин кечалари хаёлингизга,
Нурдай кириб борсам, ҳеч ким билмасму…
Мен сизни Худодан сўрасам…
Қўшиғлар куйласам исмингиз солиб,
Миллион йил чақирсам,
Гирён чорласам.
Бир кун,
англайдиму мени андалиб.
Мен сизни Худодан сўрасам…
Гуноҳ шодалари жарангламасму,
Хаёлларим етган жойгача етсам,
Севги занжирлари ҳеч зангламасму?
Мен сизни Худодан сўрасам,
Муножотлар қилсам, изингиз сўраб,
Беҳудуд илтижом фалакка етса,
Юрагим уфққа кетмасми сачраб…
кетмасму сачраб!

ХИРГОЙИ

Мангу тонглар
Отмоғидан умидим бор,
Токи маҳшар илтижо-беҳудудим бор.
“Гул танамни хор этма ёт элларда
ўлгунимча сайисинг бўлай бойчибор*”.

Мен билмадим ағёр қандай бўлишини,
Қароғдаги осмон қандай сўнишини,
Волидамнинг паймонаси тўлишини,
Юрагимнинг муз тоғида ёнишини…

Гул вақтимнинг боладайин жим ўксиниб,
Бир сўз демай ҳижронларга кўнишини,
Руҳим маним юксакларга ҳур юкиниб,
Муқаддас бир садоларга дўнишини…

Бинафшаранг кунлар ёди учиб юрар,
Орзуларим ифорини қучиб юрар,
Яратганнинг дарчасидан бир имо бор-
Кўнглим ҳурлар дарёсини кечиб юрар…

Мангу тонглар
Отмоғидан умидим бор,
Нигоронлиғ ичра мудом сужудим бор,
Исмим толасига тегманг, қалбсизлар,
Ишқ қонида чўмилган нур вужудим бор…

* «Алпомиш» достонидан.

***

Йиқилганим йўқ Нажот,
Қоқилиб кетдим тошга,
Кўнглим қонагани йўқ,
Ишон ёнмайман бошқа.

Қисматнинг қирғоғида,
Бағрим бироз тилинди.
Сенга бутун тонглар бермоқчи эдим.
Ёлғизлигим билинди.

Нур тилаб олганим йўқ.
Сўник қорачиқлардан.
Қуёшим ўзимники,
Ўтим баланд чўғлардан

Ғимир-ғимир юрганлар.
Жимир-жимир қилганлар.
Тавонимга ҳам келмас,
Мисдан зийнат илганлар

Нақадар аянчлидир,
Муҳаббатсиз жароҳат,
Нон деб руҳингни сотма
Келолмасин қиёмат

Қисматнинг фалагида.
Кўнглим кундай тутилган,
Кечиргин жонга бандим
Мактуб шундай битилган

Нур тилаб олганим йўқ,
Сўник қорачиқлардан,
Нигоҳимни узганман.
Алангасиз чўғлардан…

***

Муҳаббатдир ёлғиз яроғим,
Инсон эмас ишонган тоғим,
Ғариба мен, ғолиба менман.
Қутлибека

Камалакдан рангин қуроғим,
Хазон эмас ҳеч бир япроғим.
Инсон эмас ишонган тоғим,
Ойзода мен, Озода менман.

Руҳим оппоқ эзгу байроғим,
Олис эмас ойдин йироғим,
Бир қарасам, етгай титроғим,
Ойзода мен, Озода менман.

Ишонаман тунлар сеҳрига,
Ёрим чиқар қисмат бағридан,
Ҳилпираймиз севги шаҳрида,
Озода мен, Ойзода менман.

Ёнар порлаб шамим чироғим,
Гулнинг япроғидан тароғим,
Муҳаббатдир ёлҒиз яроғим.
Ойзода мен, Озода менман.

***

Сенсиз ҳам имконлар юлдузлардай шаън,
Сенсиз ҳам қўлини узатар қуёш,
Сенсиз ҳам тўрига чорлайди Ватан,
Сенсиз ҳам кўксимда чўғланар оташ.
Сенсиз ҳам йўлларим ойдин ва шаффоф,
Чароғон бекатлар, тутади гуллар,
Кечалар мен учун ичади гулоб,
Интизор кутади мовий манзиллар.
Сенсиз ҳам,..
Сенсиз ҳам барчаси аниқ,
Кўкка поёндоздир отажак тонглар,
Сенсиз ҳам чироғим туради ёниб,
Юрагида олиб учар давонлар.
Сенсиз ҳам иқболим ойдай кулади,
Камалак ёғдули гўшанга безаб,
Дунёни бешикдай тебратсам, агар,
Само денгизида парилар сузар.
Сенсиз ҳам иложим чаман ва чаман,
Пешонам кўкида порлайди қуёш,
Номимни улуғлаб айтади Ватан
Кўксимда ёнмоқда ҳалоскор оташ…
Сенсиз ҳам…

***

Ул кўнгли қаттиғдан адаштир мени,
Нури ошиёнимга гарди тушмасин…
Севгисиз сайрдан асрагил мени,
Майсалар йўлимга меҳр тўшасин.

Мендан айро тушсин нигоҳи музлик.
Йўлимдан айрилсин нурсиз йўллари.
Ўлдирса, ўлдирар мени ҳиссизлик,
Боғимга келмасин совуқ еллари

Бир боқсам тошларни сел қиладурмен,
Унинг хун бағрини эритолмадим.
Мен ахир орзудан яралган гулмен,
Дилдорлик шавқини ҳис этолмадим.

Ул қаҳҳор қатлидан омонлик бергил,
Дилимда ўстирган дунёлар ҳаққи,
Мен фақат аёлмас…
Онаман ахир!
Асрагил, асралган хосларинг каби…

***

Недир…
ўзгаради даъфатан,
Яшин чақнаб ўт туташади,
Осмон қадар масофа зотан,
Кўзларингдан дарё тошади.

Ҳаётимнинг оқ ранги сенсан,
Янгилайсан кўҳна дилимни,
Тақдир отлиғ бузилмас қасам.
Ичиб қўйган ўнгу сўлимни.

Ишон жуда ўхшаш нуримиз,
Ёришганда атроф-жавониб,
Кўкдан тушган ёғду-сиримиз,
Дил кушкида порлайди ёниб!

Оқ лоладай очилади тонг,
Нигоҳингдай боқади қуёш,
Шу лаҳзанинг тафтида эриб,
Юрагимдан эриб тушар тош…

***

Ёлғизлик буюк дарс…
Ўзингдан ўзинга сабоқ беради…
Ситам бу чин севги эканлигини,
Ҳижрон дийдор сари улуғ йўллигин
Гулнинг гуллиги бу тиканлигини.

Ёлғизлик матонат синови…
Ўзингдан ўзингни суғуриб олиб
Руҳинга ҳаловат нурин беради
Зулмат пардасидан келади ғолиб
Умр сохилидан хикмат теради.

ЁлҒизлик жасорат дорилфунуни…
Ўзинга тик қараш фанидан,
Бирма-бир сўрайди иқрорларингни.
Қачон кўзинг юмиб Ҳақнинг ёнида,
Ёлғонга ўт ёққан асрорларингни

Ёлғизлик юксалиш пиллапояси…
Ҳақиқат тоғига ялангтўш чиқмоқ
Ўзингдан карбало, ўзингдан озод,
Тикласанг энг сара мақсудларингни
Жамлансанг,
ўзингни этасан бунёд!

Ёлғизлик буюк дарс…

***

Қаро туннинг яро бағрида,
Мен бир ёруғ хаёллар сурдим…
Еру кўкдан ундан нарида,
Бир нурафшон оламни кўрдим

***

Баҳодирим онам, полвоним онам…
Абдували Қутбиддин

Етмасам, етмадим сизнинг маъвога,
Билмасам, билмадим сизнинг қадрингиз.
Сўнгсиз қолиб кетдим куйган саҳрода,
Она қабрда ҳам,
Менми дардингиз…

Ҳанузам ниҳолман, майсадан майса,
Зарра совуқдан ҳам увишар бағрим,
Оҳ сизсиз қолганим ададсиз ғусса…
Оҳ сизсиз қолмади на ишқ, на қадрим.
То ҳануз топмадим,
жоннисор ғамхўр,
Топмасман то маҳшар Сиздай қувват шаън!
Сизсиз юкинганим, андуҳ ва озор,
Қабрингиз тупроғи Наззора Ватан!
Тушларимнинг мовий осмонларидан,
Илоҳ, ифорида келасиз тушиб,
Ёруғлигим онам,
Баётим онам,
Руҳимни аллаланг қушларга қўшиб…

***

Қўлларимни очдим дуога,
Ҳовучимга ой-қуёш кирди,
Жаҳонимни беладим нурга.

Қўлларимни очдим дуога,
Юрагимга кўчди субҳидам,
Деразамни ювди тонг ҳиди.

Қўлларимни очдим дуога,
Кўзларимга ғарқ бўлди осмон,
Шодлигимга жўр бўлди қушлар.

Қўлларимни очдим дуога,
Чексизликнинг қирғоқларидан
Кетиб бораяпман ўзимга.

Қўлларимни очдим дуога,
Юлдузлар руҳига эврилдим.
Чақнадим, чақнадим, чақнадим.

Қўлларимни очдим дуога,
Теграмда товланди Ҳаққуш патлари,
Камалак нурига исинди руҳим.

Қўлларимни очдим дуога,
Товонимдан ўрлади шукуҳ,
Жонимга ёғилди жонфизо.

Қўлларимни очдим дуога,
Парвоз ишқи ёқди қанотим,
Оппоқ ёлқин сочмоқда уфқ…

Қўлларимни очдим…

***

Кўзларимни кўкдан узиб
Қарасам,
Куз келиб, заьфарон бўлибди барглар.
Сочларимни жаранглатиб тарасам,
Шуурим қаьрида уйғонди зарблар.

Сариқ ранг оламни этмоқда ишғол,
Сарғайгани йўқдир яшил ҳисларим!
Ҳали сарғаймади умидим расми,
Туғилгани йўқдир кундай қизларим…

***

Йўлга чиқдингизми
Нур аравада,
Тонгнинг нафасида Семурғдек елиб?
Ҳаволарда юксак руҳ янглиғ сузиб,
Айрилиқ уфқининг бағрини тилиб…
Келаяпсизми?..
Заррин ёғдулар-ла безанган йўллар
Ёруғ изингизни ўпиб қолурми?
Сизга етолмаган ошуфта гуллар
Чашмингиз ўтидан ўпич олурми?
Йўлга чиқдингизми?..
Бўрон қанотингиз гирёна қалқиб,
Дийдорим шамига зор талпинурми?
Абри найсонлардан чечаклар тақиб,
Қадамингиз саси кўкдан инурми?
Қутлуғ ташрифингиз – тантана расми,
Борлиғимни чулғаб бахт ифорига,
Яшнаблар кетурми умрим дафьатан
Ҳаёт воҳасининг кенгликларида?
Йўлга чиқдингизми
Нур аравада?..

***

Чопиб бораяпман ортингдан,
Оёғимни қўлимга олиб.
Сочларим силкиниб
Беҳис шамолларнинг туғёнларида,
Товонларим қонаб,
Юрагим қонаб.
Югуриб бораяпман, ҳануз
Умидимнинг хуржуни бўм-бўш.
Фасллар бир боқмай кетиб боряпти,
Сурон солмай ўтиб бораяпсан,
Нимасан, кимсан деб, бир қарамайсан,
Кўнглимни бир сўраб, Худо йўлида
Ҳолимга боқмассан,
Назар қилмассан.
Ҳар куни тураман бир маьно кутиб,
Интиқ термуламан ҳиссиз юзингга,
Ёритсанг умримнинг сарҳадларини,
Бир қараб қўйсайдинг сен ҳам изингга…
Вақт!

***

Маьсумликка чулғаб борлиғим,
Нафармон тусларга белаб дунёмни,
Синоат торларин машшоқдай чертиб,
Қалбим оламларин мунис аллалаб,
Энг яқинимдай,
Жонимга ўтлиғ шивирлаб,
Руҳимнинг шаффоф бешикларин тебратиб
Ёмғир ёғаётир…

Шууримнинг етти иқлимларини ёритиб,
Онгимнинг поёнсиз кенгликларида
Маҳзун ҳисларимни чақмоқдай ёқиб,
Ва яна меҳрибонимдай аяб-авайлаб,
Илоҳий тафт ила эркалаб,
Руҳимни ўпиб!
Ёмғир ёғаётир…

Ё Раббий, қудратинг боқий ва чексиз!!!
Маьюс, матлуб, шаффоф ёғдулар аро
Сочларим дунёсин кезарлар нажиб!
Юзларимнинг ойдин нурлари узра
Ўйнашиб,
Камалак шафақлар сочиб,
Зарра-зарраларим қадар сирғалиб,
Ёмғир ёғаётир…

Умид дарахтининг барглари бўйлаб,
Қўлимдан қимматли ҳамроздек тутиб,
Азиз оламларга етаклаб кетиб,
Тоабад зор қилган суюк чеҳрани
Ёдим заминига сим-сим оқизиб,
Ёмғир ёғаётир…

Ногоҳ, чашмим қирғоғидан тошган наҳрга
Қўшилиб кетади
Биллур томчиларнинг ситоралари,
Тозара бошлайман, гўдакдай гулгун!
Томир-томирларим қадар нур иниб.
Олам боғчасига боқаман яшнаб,
Руҳим ҳарир тортади бирдан!
Атрофга қарайман
Биринчи бор келганга ўхшаб,
Буюк Она каби боқади осмон!

Nasir-Abbas-2.jpgOzodaning she’rlari bilan oldin ham tanishtirgan edik. Ularni mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin. Bugun shoiraning yangi she’rlarini taqdim etamiz.

Ozoda Bekmurodova
BAHODIRIM ONAM
04

c3fdb72697efdcd8f927e99b4d8da533.jpgOzoda Bekmurodova 1974 yil 12 iyunda Qashqadaryo viloyatida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetini tamomlagan (2006). “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida musahhih, muxbir, “O‘zteleradiokompaniya «Toshkent” bosh muharririyati muharriri, “Yoshlar” telekanali muharriri, katta muharriri, “Inson va qonun” huquqiy gazetasi tahririyati muharriri, O‘zteleradiokompaniya Bosh direksiyasi muharriri, “O‘zbekiston” telekanali madaniy-ma’rifiy va badiiy dam olish dasturlar bosh muharririyati katta muharriri bo‘lib ishlagan.
04

NAJOTIYGA

Kechir…
Butun borlig‘imdan,
Hilqatimdan o‘tgan har bir olamdan,
Har bir hujayramdan, har bir zarramdan.
Gahi ma’yus,
Gahi shodon tolamdan…
Yolvorib aytaman… kechir!
Bilib qilganlarim, bilmay qilganim,
Har bitta gunohim,
Har bir dodimdan,
Har bir qilgan tavbam, har bir tavofim,
Chiqgan va chiqmagan aziz yodimdan…
Tonglarim haqqi kechir!
Bilaman meningdek mahzun yomon yo‘q.
Baxting yarim qildim, to‘ldirolmadim?
Qismat bozorinda ming savdolashdim,
Otangning mehrini hech ololmadim
Kechir!
Kechir azizbandim,
Kechir jonbandim!
Buncha uzoq yondim,
Buncha ko‘p kuydim…
Sening bo‘stoninga yetmasin dedim,
Mening xazonimning bu kuyik hidi…
Kechir!
Sen qanday yorug‘san,
Qandayin yorqin!
Boqsam zulmatlarim mahv bo‘lgaydir.
Dengizsan,
Daryosan, baxtiyor to‘lqin!
Kelsang, ariqlarim nurga to‘lgaydir.
Kechir…
Kechir mohiyatim,
Kechir mazmunim!
Bilaman meningdek mahzun yomon yo‘q.
Baxting yarim qildim, to‘ldirolmadim?
Dunyo bozorida ming savdolashdim,
Otangning mehrini hech ololmadim…

OQ KUNLAR HAJRI…

Onam osmon edi,
Otam tog‘ edi…
Yeru osmon sehrli nurbog‘ edi.
Ko‘zim ko‘ngil edi,
Ko‘nglim sog‘ edi,
Shodliklari tugamagan chog‘ edi…
Tunlar shukuh, zar aralash tong edi,
Cheksizlikning chodirlari keng edi.
O‘ylamasdan o‘ynab kulib chopardim,
Yorug‘ tushlarimning bari o‘ng edi.
Volidamning bag‘ri mangu bahorim,
Moychechaklar tabassumi baxt edi.
Ming aytilsa nigohlarning izhori
Bir qayrilib boqmaganim vaqt edi..
Fasllarning jami ko‘klam lolazor,
Lahzalarning hech sanoG‘i yo‘q edi,
Yulduzlarning shul’asiga qarasam,
Malakmisol bir gunohim yo‘q edi.
Butun olam do‘stim edi, qadrdon,
Shodlik suvin sochar edi to‘rt tomon.
Qo‘l uzatsam, qanot yozgan turnalar,
Yana qaytib kelarmikan yorijon,
Yorijon!

***

Qahhor baxshi Rahimovga

Elim desam yuragimga nur kirar,
Tomirimga osmon kirar, sir kirar.
BorliG‘imda bir iltijo hayqirar;
Elim desam ikki dunyom gurkirar!
O, bilmayman bu qandayin tabobat,
Toshin quchsam topgaydurman halovat,
Olislardan sog‘inch tortib kelganda,
Ko‘ksimdagi g‘amlar erur toabad.
Shu tuprog‘ning guliman, gavhariman,
ToG‘larining boshidagi zariman,
Ko‘k ishqida uchib ketgan qushmanu,
Kel deganda keladigan, boriman.
Shu borliqning shamoliga yuz chaysam,
Shu kenglikning kamolida ulg‘aysam,
Ismim aytsam, tanisaydi giyohlar,
Ismin aytsa, dunyolariga yoysam.
Yuragimga quvvat kerak yoronlar,
Menga sinmas qanot kerak yoronlar,
Elim desam, biznikisan desalar,
Menga shunday dastxat kerak yoronlar.
Menga shunday nurxat kerak yoronlar!

***

Men sizni Xudodan so‘rasam,
Taqdir, arig‘ida xato oqmasmu…
Yuragimni bayroqday ilsam,
Olma daraxtlari gulin to‘kmasmu…
Men sizni Xudodan so‘rasam…
Ro‘yolari kelib jilva qilmasmu,
Oydin kechalari xayolingizga,
Nurday kirib borsam, hech kim bilmasmu…
Men sizni Xudodan so‘rasam…
Qo‘shig‘lar kuylasam ismingiz solib,
Million yil chaqirsam,
Giryon chorlasam.
Bir kun,
anglaydimu meni andalib.
Men sizni Xudodan so‘rasam…
Gunoh shodalari jaranglamasmu,
Xayollarim yetgan joygacha yetsam,
Sevgi zanjirlari hech zanglamasmu?
Men sizni Xudodan so‘rasam,
Munojotlar qilsam, izingiz so‘rab,
Behudud iltijom falakka yetsa,
Yuragim ufqqa ketmasmi sachrab…
ketmasmu sachrab!

XIRGOYI

Mangu tonglar
Otmog‘idan umidim bor,
Toki mahshar iltijo-behududim bor.
“Gul tanamni xor etma yot ellarda
o‘lgunimcha sayising bo‘lay boychibor*”.

Men bilmadim ag‘yor qanday bo‘lishini,
Qarog‘dagi osmon qanday so‘nishini,
Volidamning paymonasi to‘lishini,
Yuragimning muz tog‘ida yonishini…

Gul vaqtimning boladayin jim o‘ksinib,
Bir so‘z demay hijronlarga ko‘nishini,
Ruhim manim yuksaklarga hur yukinib,
Muqaddas bir sadolarga do‘nishini…

Binafsharang kunlar yodi uchib yurar,
Orzularim iforini quchib yurar,
Yaratganning darchasidan bir imo bor-
Ko‘nglim hurlar daryosini kechib yurar…

Mangu tonglar
Otmog‘idan umidim bor,
Nigoronlig‘ ichra mudom sujudim bor,
Ismim tolasiga tegmang, qalbsizlar,
Ishq qonida cho‘milgan nur vujudim bor…

* “Alpomish” dostonidan.

***

Yiqilganim yo‘q Najot,
Qoqilib ketdim toshga,
Ko‘nglim qonagani yo‘q,
Ishon yonmayman boshqa.

Qismatning qirg‘og‘ida,
Bag‘rim biroz tilindi.
Senga butun tonglar bermoqchi edim.
Yolg‘izligim bilindi.

Nur tilab olganim yo‘q.
So‘nik qorachiqlardan.
Quyoshim o‘zimniki,
O‘tim baland cho‘g‘lardan

G‘imir-g‘imir yurganlar.
Jimir-jimir qilganlar.
Tavonimga ham kelmas,
Misdan ziynat ilganlar

Naqadar ayanchlidir,
Muhabbatsiz jarohat,
Non deb ruhingni sotma
Kelolmasin qiyomat

Qismatning falagida.
Ko‘nglim kunday tutilgan,
Kechirgin jonga bandim
Maktub shunday bitilgan

Nur tilab olganim yo‘q,
So‘nik qorachiqlardan,
Nigohimni uzganman.
Alangasiz cho‘g‘lardan…

***

Muhabbatdir yolg‘iz yarog‘im,
Inson emas ishongan tog‘im,
G‘ariba men, g‘oliba menman.
Qutlibeka

Kamalakdan rangin qurog‘im,
Xazon emas hech bir yaprog‘im.
Inson emas ishongan tog‘im,
Oyzoda men, Ozoda menman.

Ruhim oppoq ezgu bayrog‘im,
Olis emas oydin yirog‘im,
Bir qarasam, yetgay titrog‘im,
Oyzoda men, Ozoda menman.

Ishonaman tunlar sehriga,
Yorim chiqar qismat bag‘ridan,
Hilpiraymiz sevgi shahrida,
Ozoda men, Oyzoda menman.

Yonar porlab shamim chirog‘im,
Gulning yaprog‘idan tarog‘im,
Muhabbatdir yolG‘iz yarog‘im.
Oyzoda men, Ozoda menman.

***

Sensiz ham imkonlar yulduzlarday sha’n,
Sensiz ham qo‘lini uzatar quyosh,
Sensiz ham to‘riga chorlaydi Vatan,
Sensiz ham ko‘ksimda cho‘g‘lanar otash.
Sensiz ham yo‘llarim oydin va shaffof,
Charog‘on bekatlar, tutadi gullar,
Kechalar men uchun ichadi gulob,
Intizor kutadi moviy manzillar.
Sensiz ham,..
Sensiz ham barchasi aniq,
Ko‘kka poyondozdir otajak tonglar,
Sensiz ham chirog‘im turadi yonib,
Yuragida olib uchar davonlar.
Sensiz ham iqbolim oyday kuladi,
Kamalak yog‘duli go‘shanga bezab,
Dunyoni beshikday tebratsam, agar,
Samo dengizida parilar suzar.
Sensiz ham ilojim chaman va chaman,
Peshonam ko‘kida porlaydi quyosh,
Nomimni ulug‘lab aytadi Vatan
Ko‘ksimda yonmoqda haloskor otash…
Sensiz ham…

***

Ul ko‘ngli qattig‘dan adashtir meni,
Nuri oshiyonimga gardi tushmasin…
Sevgisiz sayrdan asragil meni,
Maysalar yo‘limga mehr to‘shasin.

Mendan ayro tushsin nigohi muzlik.
Yo‘limdan ayrilsin nursiz yo‘llari.
O‘ldirsa, o‘ldirar meni hissizlik,
Bog‘imga kelmasin sovuq yellari

Bir boqsam toshlarni sel qiladurmen,
Uning xun bag‘rini eritolmadim.
Men axir orzudan yaralgan gulmen,
Dildorlik shavqini his etolmadim.

Ul qahhor qatlidan omonlik bergil,
Dilimda o‘stirgan dunyolar haqqi,
Men faqat ayolmas…
Onaman axir!
Asragil, asralgan xoslaring kabi…

***

Nedir…
o‘zgaradi da’fatan,
Yashin chaqnab o‘t tutashadi,
Osmon qadar masofa zotan,
Ko‘zlaringdan daryo toshadi.

Hayotimning oq rangi sensan,
Yangilaysan ko‘hna dilimni,
Taqdir otlig‘ buzilmas qasam.
Ichib qo‘ygan o‘ngu so‘limni.

Ishon juda o‘xshash nurimiz,
Yorishganda atrof-javonib,
Ko‘kdan tushgan yog‘du-sirimiz,
Dil kushkida porlaydi yonib!

Oq loladay ochiladi tong,
Nigohingday boqadi quyosh,
Shu lahzaning taftida erib,
Yuragimdan erib tushar tosh…

***

Yolg‘izlik buyuk dars…
O‘zingdan o‘zinga saboq beradi…
Sitam bu chin sevgi ekanligini,
Hijron diydor sari ulug‘ yo‘lligin
Gulning gulligi bu tikanligini.

Yolg‘izlik matonat sinovi…
O‘zingdan o‘zingni sug‘urib olib
Ruhinga halovat nurin beradi
Zulmat pardasidan keladi g‘olib
Umr soxilidan xikmat teradi.

YolG‘izlik jasorat dorilfununi…
O‘zinga tik qarash fanidan,
Birma-bir so‘raydi iqrorlaringni.
Qachon ko‘zing yumib Haqning yonida,
Yolg‘onga o‘t yoqqan asrorlaringni

Yolg‘izlik yuksalish pillapoyasi…
Haqiqat tog‘iga yalangto‘sh chiqmoq
O‘zingdan karbalo, o‘zingdan ozod,
Tiklasang eng sara maqsudlaringni
Jamlansang,
o‘zingni etasan bunyod!

Yolg‘izlik buyuk dars…

***

Qaro tunning yaro bag‘rida,
Men bir yorug‘ xayollar surdim…
Yeru ko‘kdan undan narida,
Bir nurafshon olamni ko‘rdim

***

Bahodirim onam, polvonim onam…
Abduvali Qutbiddin

Yetmasam, yetmadim sizning ma’voga,
Bilmasam, bilmadim sizning qadringiz.
So‘ngsiz qolib ketdim kuygan sahroda,
Ona qabrda ham,
Menmi dardingiz…

Hanuzam niholman, maysadan maysa,
Zarra sovuqdan ham uvishar bag‘rim,
Oh sizsiz qolganim adadsiz g‘ussa…
Oh sizsiz qolmadi na ishq, na qadrim.
To hanuz topmadim,
jonnisor g‘amxo‘r,
Topmasman to mahshar Sizday quvvat sha’n!
Sizsiz yukinganim, anduh va ozor,
Qabringiz tuprog‘i Nazzora Vatan!
Tushlarimning moviy osmonlaridan,
Iloh, iforida kelasiz tushib,
Yorug‘ligim onam,
Bayotim onam,
Ruhimni allalang qushlarga qo‘shib…

***

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Hovuchimga oy-quyosh kirdi,
Jahonimni beladim nurga.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Yuragimga ko‘chdi subhidam,
Derazamni yuvdi tong hidi.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Ko‘zlarimga g‘arq bo‘ldi osmon,
Shodligimga jo‘r bo‘ldi qushlar.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Cheksizlikning qirg‘oqlaridan
Ketib borayapman o‘zimga.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Yulduzlar ruhiga evrildim.
Chaqnadim, chaqnadim, chaqnadim.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Tegramda tovlandi Haqqush patlari,
Kamalak nuriga isindi ruhim.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Tovonimdan o‘rladi shukuh,
Jonimga yog‘ildi jonfizo.

Qo‘llarimni ochdim duoga,
Parvoz ishqi yoqdi qanotim,
Oppoq yolqin sochmoqda ufq…

Qo‘llarimni ochdim…

***

Ko‘zlarimni ko‘kdan uzib
Qarasam,
Kuz kelib, zafaron bo‘libdi barglar.
Sochlarimni jaranglatib tarasam,
Shuurim qarida uyg‘ondi zarblar.

Sariq rang olamni etmoqda ishg‘ol,
Sarg‘aygani yo‘qdir yashil hislarim!
Hali sarg‘aymadi umidim rasmi,
Tug‘ilgani yo‘qdir kunday qizlarim…

***

Yo‘lga chiqdingizmi
Nur aravada,
Tongning nafasida Semurg‘dek yelib?
Havolarda yuksak ruh yanglig‘ suzib,
Ayriliq ufqining bag‘rini tilib…
Kelayapsizmi?..
Zarrin yog‘dular-la bezangan yo‘llar
Yorug‘ izingizni o‘pib qolurmi?
Sizga yetolmagan oshufta gullar
Chashmingiz o‘tidan o‘pich olurmi?
Yo‘lga chiqdingizmi?..
Bo‘ron qanotingiz giryona qalqib,
Diydorim shamiga zor talpinurmi?
Abri naysonlardan chechaklar taqib,
Qadamingiz sasi ko‘kdan inurmi?
Qutlug‘ tashrifingiz – tantana rasmi,
Borlig‘imni chulg‘ab baxt iforiga,
Yashnablar keturmi umrim dafatan
Hayot vohasining kengliklarida?
Yo‘lga chiqdingizmi
Nur aravada?..

***

Chopib borayapman ortingdan,
Oyog‘imni qo‘limga olib.
Sochlarim silkinib
Behis shamollarning tug‘yonlarida,
Tovonlarim qonab,
Yuragim qonab.
Yugurib borayapman, hanuz
Umidimning xurjuni bo‘m-bo‘sh.
Fasllar bir boqmay ketib boryapti,
Suron solmay o‘tib borayapsan,
Nimasan, kimsan deb, bir qaramaysan,
Ko‘nglimni bir so‘rab, Xudo yo‘lida
Holimga boqmassan,
Nazar qilmassan.
Har kuni turaman bir mano kutib,
Intiq termulaman hissiz yuzingga,
Yoritsang umrimning sarhadlarini,
Bir qarab qo‘ysayding sen ham izingga…
Vaqt!

***

Masumlikka chulg‘ab borlig‘im,
Nafarmon tuslarga belab dunyomni,
Sinoat torlarin mashshoqday chertib,
Qalbim olamlarin munis allalab,
Eng yaqinimday,
Jonimga o‘tlig‘ shivirlab,
Ruhimning shaffof beshiklarin tebratib
Yomg‘ir yog‘ayotir…

Shuurimning yetti iqlimlarini yoritib,
Ongimning poyonsiz kengliklarida
Mahzun hislarimni chaqmoqday yoqib,
Va yana mehribonimday ayab-avaylab,
Ilohiy taft ila erkalab,
Ruhimni o‘pib!
Yomg‘ir yog‘ayotir…

Yo Rabbiy, qudrating boqiy va cheksiz!!!
Mayus, matlub, shaffof yog‘dular aro
Sochlarim dunyosin kezarlar najib!
Yuzlarimning oydin nurlari uzra
O‘ynashib,
Kamalak shafaqlar sochib,
Zarra-zarralarim qadar sirg‘alib,
Yomg‘ir yog‘ayotir…

Umid daraxtining barglari bo‘ylab,
Qo‘limdan qimmatli hamrozdek tutib,
Aziz olamlarga yetaklab ketib,
Toabad zor qilgan suyuk chehrani
Yodim zaminiga sim-sim oqizib,
Yomg‘ir yog‘ayotir…

Nogoh, chashmim qirg‘og‘idan toshgan nahrga
Qo‘shilib ketadi
Billur tomchilarning sitoralari,
Tozara boshlayman, go‘dakday gulgun!
Tomir-tomirlarim qadar nur inib.
Olam bog‘chasiga boqaman yashnab,
Ruhim harir tortadi birdan!
Atrofga qarayman
Birinchi bor kelganga o‘xshab,

Buyuk Ona kabi boqadi osmon!

05

(Tashriflar: umumiy 288, bugungi 1)

Izoh qoldiring