Normurod Norqobilov. O’g’il & Bo’ron qo’pgan kun (qissa va hikoyalar)

Ashampoo_Snap_2017.10.21_13h16m35s_001_.png  Бола, одатдагидек, “йўқ” деганидан сўнг, ҳар гал дастурхон теварагида кавшанишиб ўтирган синглиси ва укасига кўз қирида зимдан разм солади ва ҳамиша ўзга бир хонадонда улардан айро ҳолда умргузаронлик қилишни ҳеч тасаввурига сиғдиролмайди: минг яхши кўргани билан Хосият момоси хеш эмас, бегона, магар чинданам унга ўғил қилиб берар бўлишса, жигарларисиз бировникида қандай яшайди?..

Нормурод НОРҚОБИЛОВ
ЎҒИЛ
053

Ashampoo_Snap_2016.04.06_14h58m15s_002_.png Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2006). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1982). Дастлабки ҳикояси — «Чорраҳа» (1982). «Зангори кўл» (1987), «Унутилган қўшиқ» (1990), «Юзма-юз» (1993), «Пахмоқ» (1997), «Сариқгул» (1998), «Аразчи чумчуқ» (1999), «Бекатдаги оқ уйча» (2000), «Жўшқин дарё», «Овул оралаган бўри» (2005), «Бўрон қўпкан кун» (2007) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қуёши ботмайдиган юрт», «Шим ёхуд хотинлар жанжали» номли асарлари асосида бир неча қисмли видеофилм яратилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

053

— Бу туришингда охири сени Хосият момога ўғил қип берамиз-ов.

Қўшни момога нисбатан меҳр ва ҳурмати ҳарчанд баланд бўлмасин,бу гап болага ёқмайди. У жиндек ясама зарда билан ушбу гапни ирод этган отаси ҳамда, нима деркин, дегандай мийиғида кулиб турган энаси томон кўзи остидан бир-бир қараб қўяркан, тўнғиллаб, “йўқ” дейди. Эртаси эса, гўё бу гап бўлмагандек, кундалик майда-чуйда юмушлардан қўли бўшаши ҳамоноқ уйлари қаршисидаги кенг сойлик ёқалаб чўзилган нариги бетдаги дўнглик белида, сўл биқинида кигизлари униққан чоққина ўтов, кўклам қуёшидан қовжираган қўзиқориндай, ёлғиз қўнқайиб турган тошкулба сари зинғиллайди. Уйидагилар унинг бу қилиғига кўпда монелик қилишмаса-да, нечундир сўнгги пайтда, деярли ҳар икки оқшомнинг бирида ушбу гапни такрор этмоқни хуш кўришади. Бола, одатдагидек, “йўқ” деганидан сўнг, ҳар гал дастурхон теварагида кавшанишиб ўтирган синглиси ва укасига кўз қирида зимдан разм солади ва ҳамиша ўзга бир хонадонда улардан айро ҳолда умргузаронлик қилишни ҳеч тасаввурига сиғдиролмайди: минг яхши кўргани билан Хосият момоси хеш эмас, бегона, магар чинданам унга ўғил қилиб берар бўлишса, жигарларисиз бировникида қандай яшайди? Бу-ку майли, сўнг анову Мўмин қотма “ўгай ўғил” дея, устидан роса иршанглаб-иршанглаб кулмайдими? Бола шуларни миясидан ўтказаркан, оғзидаги луқмасини чала-чулпа ютиб, бу сафар ичдан қатъий дейди: “Йў-ўқ!” Кейин энди-энди чойини эплаб-сеплаб ичишга кўника бошлаган укасига тағин хаёли оғади: “Отам қачон бунинг тўйини қиларкин, а?” Аммо бу ўйини сиртига чиқармайди, негаки, сўрар бўлса, отасининг жавоби ҳамиша тайин: “Худо хоҳласа, яқинда!”.

Укаси оёқлабдики – шу гап.

Кўклам бошида ўзидан бир синф юқорида ўқийдиган Мўмин қотма билан жиққамушт бўлганидан бери, бола инисининг суннат тўйини зўр интиқлик билан кутади – тўй куни узоқ-яқиндан ташриф буюрган хел-хешлари ҳовлиларига сиғмай, тишга ошиб-тошиб чиқишини, ўзи эса, мисли сувдаги балиқдек, меҳмонлар орасида жавлон уриб юрмоқни орзулайди. Бежизга эмас – Мўмин қотма ўз укасининг тўйи куни қариндош-уруғларининг сероблиги билан мақтаниб, ўмган тешар гап қилган: “Сен у, худди етим қўзидай, етти ёт бегонани хеш тутиб, доим уйига чопқиллаб юрасан!” Бу гапдан сўнг иккиси сойлик тубидаги сайҳонликда обдон ёқалашган, уриб, бир-бирларининг кўзларини кўкартиришган. Ушбу воқеа сабаб, укасининг тўйи куни барча хешларининг уйларида жам бўлишини сабр-тоқат-ла кутади. Ана ўшанда Мўмин қотмани ёнига имлаб, ўзича димоғланиб-димоғланиб дейди: “Ув-в, қотма, кўриб қўй, бизди қариндош-уруғлар қанчалигини?!” Баъзан эса кутилмаганда, беихтиёр, шубҳа-гумонга боради, негаки олис-яқиндан унда-бунда меҳмон бўлиб келадиган саноқли уруғларини демаса, бўлак хешларини кўпда танимайди. Бунақада Мўмин қотманинг олдида ер бўлиб қолмасмикан?

У гоҳида ушбу руҳсиз ўй-хаёллар оғушида тошкулбага қадам қўяди. Аммо Хосият момосининг биргина ширин каломиданоқ зумда барчасини унутганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Момо уни ҳар сафар қуёшдай чарақлаб қаршилайди. Боламлаб, дарров гирдига тош терилган супага таклиф этади, йўқ, деганига қарамай, чой дамлаб, олдига ярим косача қаймоқ қўяди. Сўнгра, одатдагидек, қўлига урчуғини олиб, қошида шу куз адоғида саккиз ёшга тўлиши лозим бўлган бўйчангина бола эмас, кап-катта мўртли йигит савлат тўкиб ўтирганидек, гурунг беришга тушади.

Момо кундузлар ёлғиз, тонг саҳарлаб молини қирга ҳайдаб кетадиган чоли – Эсон оқсоқол доимо оқшомлатиб уйига қайтади. Болани бу хонадонга момонинг ёлғизлиги ёхуд унинг бетаъма, қайноқ меҳри эмас, эртакнамо гурунглари кўпроқ ўзига чорлайди – онгу шуурини сеҳрлаб, бутунлай ўзига мафтун этиб қўяди. Натижада, бола маълум вақт бу олам шовурини унутиб, ўтмишда бўлиб ўтган ғаро­йиб воқеалар гирдобида яшай бошлайди: мана, қуюқ қаймоққа нон ботириб, эндигина оғзига олиб борган ҳам эдики, икки қир оралиғидаги сертепа кафтдек водийда жойлашган овули бирпасда кўздан ғойиб бўлиб, унинг ўрнида ҳалича одам оёғи етмаган кимсасиз бир ҳудуд юзага келади-да, хиёлдан сўнг паст-баланд тепаликлар орасида ўтов лаш-лушлари ва рўзғор қақир-қуқурлари юкланган қўш туяни етаклаган, олдида бир сурув қўй-қўзи, қаватида эса гўзалликда тенгги йўқ бир келинчак, ҳайбатли ва келбатли бир кимса — Эсон оқсоқол, йўқ, Эсон полвон пайдо бўлади.

Келинчак — Хосият момо ғамгин.

Куёв — Эсон полвон андак дилгиртоб.

Боиси уч кун бурун, агар бизни деяр бўлсанг, туғмас бу келинчакнинг баҳридан ўтасан, дея қатъий шарт қўйган хел-хештидан қаттиқ аразлаб, кўч-кўронини туяларга юклаганча, тоғ ошиб бу томонларга йўл торт­ган ва энди қайси манзилда қўним топмоғини билолмай, сарсон кезиниб юрарди-да. Ана, Эсон полвон тепаликлардан бири ёнидаги кенг сайҳонликда оёқ илиб, теваракка боққанча бир муддат туриб қолади. Шунда қаватидаги гўзал келинчак ияги билан водийдаги энг баланд тепалик – ушбу дўнгликка имо қилади. Пойида бир эмас, икки булоқ қайнаб турган бу жой Эсон полвонга жуда маъқул келади ва мазкур овулнинг илк тамал тоши мана шу тарзда у томондан қўйилади, яъни дўнглик белида ушбу тошкулба бунёд этилади.

Бошқалар эса сўнг-сўнг бирин-сирин кўчиб келишган.

Овул номи шундан қолган — Яккатом.

Бу орада бир дамгина ўзига келган бола воқеа қаҳрамонларидан бири шундоққина қаршисида ўтирганига ишонгиси келмагандай, Хосият момога ҳайратомуз боқади. Бир пайтлар унинг гўзал келинчак бўлганини тасаввур этолмай, майда ажин тилимлаган юзига, урчуқ тутган озғин бармоқларига тикилади, сўнг хаёлидан не ўтаётганини, гўё момо сезиб қоладигандек, тошлари пишиқ-пухта терилган кулбага, наридаги ўтовга, сойлик тубидаги кенг майдонни энлаб тушган тошдеворли қўрага кўз ташлаб, ҳар келишида нуқул момонинг нону қаймоғини жиғилдонига уравермай, бирор юмушига кўмак бермоқни, ҳеч қурса қуйидаги булоқдан сув олиб чиқиб беришни ўйлайди. Бироқ момоси тушмагур — нақд ишнинг куяси, унга бирорта юмуш қолдирмайди. Боз устига, бола бир нарсадан — овулдаги айрим оғзига кучи етмайдиган, умрида бировга қайишмайдиган кимсаларнинг, фалончанинг боласини куни ўтмай қоптими дейман, Эсон оқсоқолнинг хизматини қилиб юрибди, дейишларидан ҳайиқади. Чамаси, момо ҳам шундан истиҳола қилса керак шекилли, болага бирор иш айтмайди. Аммо қаймоғу гурунгини ҳеч қачон қизғанмайди.

Кейинги қаймоқхўрликлардан бирида бола овул ёқалаб, кунчиқишга чўзилиб кетган катта қирга туташ чўнг тепаликда чордона қуриб ўтирган Алпомишни кўради. Ўҳ-ҳу, Алпомиш деганлари бу қадар ҳайбатли бўлмаса, ҳар бир кифтига тўрт-беш одам бемалол сиғади-я! Йўқ, бу сумбати олдида китобдаги сурати бир чақага қиммат! Чамаси, мусаввир Алпомишни Хосият момочалик билмайди. Билганида… Момонинг айтишига кўра, Ойбарчинни қоралаб, ўзга элга йўл тортган Алпомиш айни ўша тепаликда бирров қўниб ўтган экан, шунга кўра, мазкур тепалик “Алптепа” деб юритиларкан. Бола Алптепага ўзгача бир эҳтиром билан боқади. Эрта ё индин Алпомиш изларини тавоф қилгани Алптепага кўтарилишни кўнглига тугади. Шомда эса бу ҳақда уйдагиларга тўлиб-тошиб сўзламоқни истайди. Минг афсуски, тингловчи дегани ҳамиша анқонинг уруғи, тенгқурлари эса катталардан-да бефарқ — жуда нари борса, ўтирик, Алпомиш бу томонларга доримаган, дейишади. Бола бу қадар лоқайдликни танига сингдиролмай, эртаси тағин тошкулбага ошиқади. Одатдагидек, момонинг адоқсиз гурунгларига маҳлиё бўлиб, гоҳида чойнакдаги чой совуб, косадаги қаймоқнинг ярми қолиб кетганини ҳам сезмайди. Шунда кутилмаганда нақ мияни пармаловчи чўзиқ чорлов қулоғига чалинади.

— Анвару-у-у!

Бу овоздан хаёли бўлинган бола воқеаларни бамисли эртакдай ғоятда келиштириб сўзлаётган момонинг ориқ, чўзиқ, рангпар юзи ва ададсиз меҳр ёлқинланиб турган кўзларига боқаркан, сўзланг, сўзлайверинг моможон, дея ўрлангиси келади. Бироқ момо ортиқ сўзланмайди, сергакланиб, боланинг кетмоғини истамаган бир оҳангда, аста дейди.

— Энанг чақираяпти, болам.

Бола сойликнинг нариги бетидан туриб, ўзини йўқлаётган энаси томон норози боқади, малолланиб боқади.

— Насибангни қолдирма, еб кет, болам, — дейди момо.

Аммо емак дегани момонинг мароқли гурунглари билан тотли, шунга кўра, бола дастурхонга боқмай, ноилож ўрнидан қўзғалади. Бу бемавруд чорловдан оғриниб-оғриниб, ич-ичдан ғижиниб-ғижиниб секин-аста қуйига — эртаксиз олам сари эна бошлайди. Баъзида сойлик бетида, “ҳа, ўгай ўғил”, деган маънода ишшайиб турган Мўмин қотмага рўбарў келиб, бундан дили баттар хуфтон тортади. Ундан боплаб ўч олиш истаги хуруж қилиб, укаси тўйини тасаввурида жонлантириб, ўша кун тезроқ келмоғини орзулай бошлайди.

Иттифоқо, шу кунларда, отасидан бўлак, уйдагиларнинг бари тоғолди овулларидан бирида яшовчи холасининг тўйига борадиган бўлиб қолишди. Бу тўй — қавм-қариндошларининг қанчалигини аниқлаш умидида юрган болага зўр важ бўлди. Тўй куни эса йўқ-бор нарсага алаҳсимай, хешларини зимдан туванлаш билан банд бўлди. Буни қарангки, қариндошлари ўзи ўйлагандан ҳам кўп экан. Эркаклар, аёллар ва болалар — бари уларга хеш экан, уруғ экан.

Бундан бола ўзида йўқ севинди.

Азбаройи қувонганидан кўзлари ўтдек чақнаб, хешман деганнинг ҳар бирига меҳри жўшиб-жўшиб боқди, меҳри тошиб-тошиб боқди. Аммо чатоқ бир жиҳати – аксарият қариндошлари муносабатида ўзи кутган илиқликни туймади. Айримлари елкасига қоққан бўлиб: “Сен фалончанинг улимисан? Вой-бўй, кап-катта йигит бўп қопсан-ку!” — дегани билан улар нигоҳида ўзининг катта йигит бўлиб қолганидан қувониш аломатларини илғамади. Бироқ бундан боланинг кўнгли чўкмади, аниқроғи, чўктирмади — унисини у деб, бунисини бу деб, ўзича уларни оқлаган бўлди. Сўнг холасига ҳамсоя турмиш ўртанча тоғасининг ўзи тенги ўғли билан иноқлашиб, тўй якунига қадар у билан бирга юриб, бирга турди.

Эртаси кетар жафосига тоғасиникида меҳмон бўлдилар.

Тоғасининг тўлагина, чеҳраси тўнггина аёли — янгаси кўп чаққон экан, эт қовураётган ерида, иккинчи қозонда сут пиширмоққа тушди. Бола момонинг қаймоғини еявериб, мазахўрак бўлиб қолган эмасми, аёл ўртача сирли тоғорадаги сутни қозонга қўяётганида, бирдан иштаҳаси қўзиб, эт эмас, қаймоқ емоқни истаб қолди.

У шу истакда ёнидаги мезбон болага деди:

— Би-ир қаймоқхўрлик қимаймизми, а?

— Бўпти, юр, — деди мезбон бола ҳам тамшаниб.

Болалар қозон бошига бордилар.

Аёл улар хоҳишини англаб, чинни косага қаймоқ қуйиб узатди.

Бола хиёл олдинроқда эди, беихтиёр косага қўл чўзди.

Аёл ўзи билмаган ҳолда ошкора қизғаниб, қўлидаги идишни бола қолиб, ўз ўғлига узатиб, деди:

— Ўзи озгина… ма, ҳадаҳа ютиб ол!

Қўли муаллақ қолган боланинг кўнгли чўкди, ўзини етти ёт бегонадек ҳис этди.

Олам хира тортди.

Борлиқ хунук тус олди.

Дарвоза ёнида ётган ит, кет, дегандай ҳурди.

Ҳовли юзидаги хўроз итни маъқуллагандай қичқириб қўйди.

Биргина лаҳза ичидаёқ жиддий йигитчага айланиб улгурган бола ичкарида туғишганлари билан кулишиб ва суйлашиб ўтирган энаси олдига қуйидаги талабни кўндаланг қўйди.

— Эна, кетдик!

* * *

Эртаси тушга яқин бола тошкулба томон ўрларкан, бу дафъа, ҳар галгидек, Хосият момонинг қистовига итоат этиб, дастурхонга ўтирмади. Қўлига болта олиб, анча бурун кўз остига олиб қўйган, ўтов ортида қалашиб ётган қуриган ўтинларни ҳафсала билан майдалашга киришди. Момо эса уни алқай-алқай, мижжаларини ёшлай-ёшлай тезда эт қовурмоққа тушди. Боиси бугун унинг хонадонига ўша ўзи билган бола эмас, қарашлари жиддий йигит ташриф буюрган эди-да. Ахир, йигит одамни нону қаймоқ билан эмас, қовурилган эт ила сийламоқ лозим-да!

Оқшом ота ҳазиломуз деди:

— Бу туришингда охири сени Хосият момога ўғил қип берамиз-ов.

Бу сафар бола отасига ер остидан эмас, дадил қараш қилиб, деди:

— Майли.

Ота донг қотди.

Эна анқайди.

Бола эса қўлига қошиқни олиб, косадаги шўрвани ошиқмай ичмоққа тутинди.

Манба: «Адабиёт ва санъат» газетаси сайти

IMG_8447.jpg  Bola, odatdagidek, “yo‘q” deganidan so‘ng, har gal dasturxon tevaragida kavshanishib o‘tirgan singlisi va ukasiga ko‘z qirida zimdan razm soladi va hamisha o‘zga bir xonadonda ulardan ayro holda umrguzaronlik qilishni hech tasavvuriga sig‘dirolmaydi: ming yaxshi ko‘rgani bilan Xosiyat momosi xesh emas, begona, magar chindanam unga o‘g‘il qilib berar bo‘lishsa, jigarlarisiz birovnikida qanday yashaydi?..

Normurod NORQOBILOV
O‘G‘IL
053

Normurod Norqobilov 1953 yil 7 iyunda Qashqadaryo viloyatining Yakkabog‘ tumanidagi Qishliq qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (2006). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1982). Dastlabki hikoyasi — «Chorraha» (1982). «Zangori ko‘l» (1987), «Unutilgan qo‘shiq» (1990), «Yuzma-yuz» (1993), «Paxmoq» (1997), «Sariqgul» (1998), «Arazchi chumchuq» (1999), «Bekatdagi oq uycha» (2000), «Jo‘shqin daryo», «Ovul oralagan bo‘ri» (2005), «Bo‘ron qo‘pkan kun» (2007) kabi qissa va hikoyalardan iborat to‘plamlari nashr etilgan. «Quyoshi botmaydigan yurt», «Shim yoxud xotinlar janjali» nomli asarlari asosida bir necha qismli videofilm yaratilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1999).

053

1512642_589631654455604_708578440_a.jpg— Bu turishingda oxiri seni Xosiyat momoga o‘g‘il qip beramiz-ov.

Qo‘shni momoga nisbatan mehr va hurmati harchand baland bo‘lmasin,bu gap bolaga yoqmaydi. U jindek yasama zarda bilan ushbu gapni irod etgan otasi hamda, nima derkin, deganday miyig‘ida kulib turgan enasi tomon ko‘zi ostidan bir-bir qarab qo‘yarkan, to‘ng‘illab, “yo‘q” deydi. Ertasi esa, go‘yo bu gap bo‘lmagandek, kundalik mayda-chuyda yumushlardan qo‘li bo‘shashi hamonoq uylari qarshisidagi keng soylik yoqalab cho‘zilgan narigi betdagi do‘nglik belida, so‘l biqinida kigizlari uniqqan choqqina o‘tov, ko‘klam quyoshidan qovjiragan qo‘ziqorinday, yolg‘iz qo‘nqayib turgan toshkulba sari zing‘illaydi. Uyidagilar uning bu qilig‘iga ko‘pda monelik qilishmasa-da, nechundir so‘nggi paytda, deyarli har ikki oqshomning birida ushbu gapni takror etmoqni xush ko‘rishadi. Bola, odatdagidek, “yo‘q” deganidan so‘ng, har gal dasturxon tevaragida kavshanishib o‘tirgan singlisi va ukasiga ko‘z qirida zimdan razm soladi va hamisha o‘zga bir xonadonda ulardan ayro holda umrguzaronlik qilishni hech tasavvuriga sig‘dirolmaydi: ming yaxshi ko‘rgani bilan Xosiyat momosi xesh emas, begona, magar chindanam unga o‘g‘il qilib berar bo‘lishsa, jigarlarisiz birovnikida qanday yashaydi? Bu-ku mayli, so‘ng anovu Mo‘min qotma “o‘gay o‘g‘il” deya, ustidan rosa irshanglab-irshanglab kulmaydimi? Bola shularni miyasidan o‘tkazarkan, og‘zidagi luqmasini chala-chulpa yutib, bu safar ichdan qat’iy deydi: “Yo‘-o‘q!” Keyin endi-endi choyini eplab-seplab ichishga ko‘nika boshlagan ukasiga tag‘in xayoli og‘adi: “Otam qachon buning to‘yini qilarkin, a?” Ammo bu o‘yini sirtiga chiqarmaydi, negaki, so‘rar bo‘lsa, otasining javobi hamisha tayin: “Xudo xohlasa, yaqinda!”.

Ukasi oyoqlabdiki – shu gap.

Ko‘klam boshida o‘zidan bir sinf yuqorida o‘qiydigan Mo‘min qotma bilan jiqqamusht bo‘lganidan beri, bola inisining sunnat to‘yini zo‘r intiqlik bilan kutadi – to‘y kuni uzoq-yaqindan tashrif buyurgan xel-xeshlari hovlilariga sig‘may, tishga oshib-toshib chiqishini, o‘zi esa, misli suvdagi baliqdek, mehmonlar orasida javlon urib yurmoqni orzulaydi. Bejizga emas – Mo‘min qotma o‘z ukasining to‘yi kuni qarindosh-urug‘larining serobligi bilan maqtanib, o‘mgan teshar gap qilgan: “Sen u, xuddi yetim qo‘ziday, yetti yot begonani xesh tutib, doim uyiga chopqillab yurasan!” Bu gapdan so‘ng ikkisi soylik tubidagi sayhonlikda obdon yoqalashgan, urib, bir-birlarining ko‘zlarini ko‘kartirishgan. Ushbu voqea sabab, ukasining to‘yi kuni barcha xeshlarining uylarida jam bo‘lishini sabr-toqat-la kutadi. Ana o‘shanda Mo‘min qotmani yoniga imlab, o‘zicha dimog‘lanib-dimog‘lanib deydi: “Uv-v, qotma, ko‘rib qo‘y, bizdi qarindosh-urug‘lar qanchaligini?!” Ba’zan esa kutilmaganda, beixtiyor, shubha-gumonga boradi, negaki olis-yaqindan unda-bunda mehmon bo‘lib keladigan sanoqli urug‘larini demasa, bo‘lak xeshlarini ko‘pda tanimaydi. Bunaqada Mo‘min qotmaning oldida yer bo‘lib qolmasmikan?

U gohida ushbu ruhsiz o‘y-xayollar og‘ushida toshkulbaga qadam qo‘yadi. Ammo Xosiyat momosining birgina shirin kalomidanoq zumda barchasini unutganini o‘zi ham sezmay qoladi.

Momo uni har safar quyoshday charaqlab qarshilaydi. Bolamlab, darrov girdiga tosh terilgan supaga taklif etadi, yo‘q, deganiga qaramay, choy damlab, oldiga yarim kosacha qaymoq qo‘yadi. So‘ngra, odatdagidek, qo‘liga urchug‘ini olib, qoshida shu kuz adog‘ida sakkiz yoshga to‘lishi lozim bo‘lgan bo‘ychangina bola emas, kap-katta mo‘rtli yigit savlat to‘kib o‘tirganidek, gurung berishga tushadi.

Momo kunduzlar yolg‘iz, tong saharlab molini qirga haydab ketadigan choli – Eson oqsoqol doimo oqshomlatib uyiga qaytadi. Bolani bu xonadonga momoning yolg‘izligi yoxud uning beta’ma, qaynoq mehri emas, ertaknamo gurunglari ko‘proq o‘ziga chorlaydi – ongu shuurini sehrlab, butunlay o‘ziga maftun etib qo‘yadi. Natijada, bola ma’lum vaqt bu olam shovurini unutib, o‘tmishda bo‘lib o‘tgan g‘aro­yib voqealar girdobida yashay boshlaydi: mana, quyuq qaymoqqa non botirib, endigina og‘ziga olib borgan ham ediki, ikki qir oralig‘idagi sertepa kaftdek vodiyda joylashgan ovuli birpasda ko‘zdan g‘oyib bo‘lib, uning o‘rnida halicha odam oyog‘i yetmagan kimsasiz bir hudud yuzaga keladi-da, xiyoldan so‘ng past-baland tepaliklar orasida o‘tov lash-lushlari va ro‘zg‘or qaqir-ququrlari yuklangan qo‘sh tuyani yetaklagan, oldida bir suruv qo‘y-qo‘zi, qavatida esa go‘zallikda tenggi yo‘q bir kelinchak, haybatli va kelbatli bir kimsa — Eson oqsoqol, yo‘q, Eson polvon paydo bo‘ladi.

Kelinchak — Xosiyat momo g‘amgin.

Kuyov — Eson polvon andak dilgirtob.

Boisi uch kun burun, agar bizni deyar bo‘lsang, tug‘mas bu kelinchakning bahridan o‘tasan, deya qat’iy shart qo‘ygan xel-xeshtidan qattiq arazlab, ko‘ch-ko‘ronini tuyalarga yuklagancha, tog‘ oshib bu tomonlarga yo‘l tort­gan va endi qaysi manzilda qo‘nim topmog‘ini bilolmay, sarson kezinib yurardi-da. Ana, Eson polvon tepaliklardan biri yonidagi keng sayhonlikda oyoq ilib, tevarakka boqqancha bir muddat turib qoladi. Shunda qavatidagi go‘zal kelinchak iyagi bilan vodiydagi eng baland tepalik – ushbu do‘nglikka imo qiladi. Poyida bir emas, ikki buloq qaynab turgan bu joy Eson polvonga juda ma’qul keladi va mazkur ovulning ilk tamal toshi mana shu tarzda u tomondan qo‘yiladi, ya’ni do‘nglik belida ushbu toshkulba bunyod etiladi.

Boshqalar esa so‘ng-so‘ng birin-sirin ko‘chib kelishgan.

Ovul nomi shundan qolgan — Yakkatom.

Bu orada bir damgina o‘ziga kelgan bola voqea qahramonlaridan biri shundoqqina qarshisida o‘tirganiga ishongisi kelmaganday, Xosiyat momoga hayratomuz boqadi. Bir paytlar uning go‘zal kelinchak bo‘lganini tasavvur etolmay, mayda ajin tilimlagan yuziga, urchuq tutgan ozg‘in barmoqlariga tikiladi, so‘ng xayolidan ne o‘tayotganini, go‘yo momo sezib qoladigandek, toshlari pishiq-puxta terilgan kulbaga, naridagi o‘tovga, soylik tubidagi keng maydonni enlab tushgan toshdevorli qo‘raga ko‘z tashlab, har kelishida nuqul momoning nonu qaymog‘ini jig‘ildoniga uravermay, biror yumushiga ko‘mak bermoqni, hech qursa quyidagi buloqdan suv olib chiqib berishni o‘ylaydi. Biroq momosi tushmagur — naqd ishning kuyasi, unga birorta yumush qoldirmaydi. Boz ustiga, bola bir narsadan — ovuldagi ayrim og‘ziga kuchi yetmaydigan, umrida birovga qayishmaydigan kimsalarning, falonchaning bolasini kuni o‘tmay qoptimi deyman, Eson oqsoqolning xizmatini qilib yuribdi, deyishlaridan hayiqadi. Chamasi, momo ham shundan istihola qilsa kerak shekilli, bolaga biror ish aytmaydi. Ammo qaymog‘u gurungini hech qachon qizg‘anmaydi.

Keyingi qaymoqxo‘rliklardan birida bola ovul yoqalab, kunchiqishga cho‘zilib ketgan katta qirga tutash cho‘ng tepalikda chordona qurib o‘tirgan Alpomishni ko‘radi. O‘h-hu, Alpomish deganlari bu qadar haybatli bo‘lmasa, har bir kiftiga to‘rt-besh odam bemalol sig‘adi-ya! Yo‘q, bu sumbati oldida kitobdagi surati bir chaqaga qimmat! Chamasi, musavvir Alpomishni Xosiyat momochalik bilmaydi. Bilganida… Momoning aytishiga ko‘ra, Oybarchinni qoralab, o‘zga elga yo‘l tortgan Alpomish ayni o‘sha tepalikda birrov qo‘nib o‘tgan ekan, shunga ko‘ra, mazkur tepalik “Alptepa” deb yuritilarkan. Bola Alptepaga o‘zgacha bir ehtirom bilan boqadi. Erta yo indin Alpomish izlarini tavof qilgani Alptepaga ko‘tarilishni ko‘ngliga tugadi. Shomda esa bu haqda uydagilarga to‘lib-toshib so‘zlamoqni istaydi. Ming afsuski, tinglovchi degani hamisha anqoning urug‘i, tengqurlari esa kattalardan-da befarq — juda nari borsa, o‘tirik, Alpomish bu tomonlarga dorimagan, deyishadi. Bola bu qadar loqaydlikni taniga singdirolmay, ertasi tag‘in toshkulbaga oshiqadi. Odatdagidek, momoning adoqsiz gurunglariga mahliyo bo‘lib, gohida choynakdagi choy sovub, kosadagi qaymoqning yarmi qolib ketganini ham sezmaydi. Shunda kutilmaganda naq miyani parmalovchi cho‘ziq chorlov qulog‘iga chalinadi.

— Anvaru-u-u!

Bu ovozdan xayoli bo‘lingan bola voqealarni bamisli ertakday g‘oyatda kelishtirib so‘zlayotgan momoning oriq, cho‘ziq, rangpar yuzi va adadsiz mehr yolqinlanib turgan ko‘zlariga boqarkan, so‘zlang, so‘zlayvering momojon, deya o‘rlangisi keladi. Biroq momo ortiq so‘zlanmaydi, sergaklanib, bolaning ketmog‘ini istamagan bir ohangda, asta deydi.

— Enang chaqirayapti, bolam.

Bola soylikning narigi betidan turib, o‘zini yo‘qlayotgan enasi tomon norozi boqadi, malollanib boqadi.

— Nasibangni qoldirma, yeb ket, bolam, — deydi momo.

Ammo yemak degani momoning maroqli gurunglari bilan totli, shunga ko‘ra, bola dasturxonga boqmay, noiloj o‘rnidan qo‘zg‘aladi. Bu bemavrud chorlovdan og‘rinib-og‘rinib, ich-ichdan g‘ijinib-g‘ijinib sekin-asta quyiga — ertaksiz olam sari ena boshlaydi. Ba’zida soylik betida, “ha, o‘gay o‘g‘il”, degan ma’noda ishshayib turgan Mo‘min qotmaga ro‘baro‘ kelib, bundan dili battar xufton tortadi. Undan boplab o‘ch olish istagi xuruj qilib, ukasi to‘yini tasavvurida jonlantirib, o‘sha kun tezroq kelmog‘ini orzulay boshlaydi.

Ittifoqo, shu kunlarda, otasidan bo‘lak, uydagilarning bari tog‘oldi ovullaridan birida yashovchi xolasining to‘yiga boradigan bo‘lib qolishdi. Bu to‘y — qavm-qarindoshlarining qanchaligini aniqlash umidida yurgan bolaga zo‘r vaj bo‘ldi. To‘y kuni esa yo‘q-bor narsaga alahsimay, xeshlarini zimdan tuvanlash bilan band bo‘ldi. Buni qarangki, qarindoshlari o‘zi o‘ylagandan ham ko‘p ekan. Erkaklar, ayollar va bolalar — bari ularga xesh ekan, urug‘ ekan.

Bundan bola o‘zida yo‘q sevindi.

Azbaroyi quvonganidan ko‘zlari o‘tdek chaqnab, xeshman deganning har biriga mehri jo‘shib-jo‘shib boqdi, mehri toshib-toshib boqdi. Ammo chatoq bir jihati – aksariyat qarindoshlari munosabatida o‘zi kutgan iliqlikni tuymadi. Ayrimlari yelkasiga qoqqan bo‘lib: “Sen falonchaning ulimisan? Voy-bo‘y, kap-katta yigit bo‘p qopsan-ku!” — degani bilan ular nigohida o‘zining katta yigit bo‘lib qolganidan quvonish alomatlarini ilg‘amadi. Biroq bundan bolaning ko‘ngli cho‘kmadi, aniqrog‘i, cho‘ktirmadi — unisini u deb, bunisini bu deb, o‘zicha ularni oqlagan bo‘ldi. So‘ng xolasiga hamsoya turmish o‘rtancha tog‘asining o‘zi tengi o‘g‘li bilan inoqlashib, to‘y yakuniga qadar u bilan birga yurib, birga turdi.

Ertasi ketar jafosiga tog‘asinikida mehmon bo‘ldilar.

Tog‘asining to‘lagina, chehrasi to‘nggina ayoli — yangasi ko‘p chaqqon ekan, et qovurayotgan yerida, ikkinchi qozonda sut pishirmoqqa tushdi. Bola momoning qaymog‘ini yeyaverib, mazaxo‘rak bo‘lib qolgan emasmi, ayol o‘rtacha sirli tog‘oradagi sutni qozonga qo‘yayotganida, birdan ishtahasi qo‘zib, et emas, qaymoq yemoqni istab qoldi.

U shu istakda yonidagi mezbon bolaga dedi:

— Bi-ir qaymoqxo‘rlik qimaymizmi, a?

— Bo‘pti, yur, — dedi mezbon bola ham tamshanib.

Bolalar qozon boshiga bordilar.

Ayol ular xohishini anglab, chinni kosaga qaymoq quyib uzatdi.

Bola xiyol oldinroqda edi, beixtiyor kosaga qo‘l cho‘zdi.

Ayol o‘zi bilmagan holda oshkora qizg‘anib, qo‘lidagi idishni bola qolib, o‘z o‘g‘liga uzatib, dedi:

— O‘zi ozgina… ma, hadaha yutib ol!

Qo‘li muallaq qolgan bolaning ko‘ngli cho‘kdi, o‘zini yetti yot begonadek his etdi.

Olam xira tortdi.

Borliq xunuk tus oldi.

Darvoza yonida yotgan it, ket, deganday hurdi.

Hovli yuzidagi xo‘roz itni ma’qullaganday qichqirib qo‘ydi.

Birgina lahza ichidayoq jiddiy yigitchaga aylanib ulgurgan bola ichkarida tug‘ishganlari bilan kulishib va suylashib o‘tirgan enasi oldiga quyidagi talabni ko‘ndalang qo‘ydi.

— Ena, ketdik!

* * *

Ertasi tushga yaqin bola toshkulba tomon o‘rlarkan, bu daf’a, har galgidek, Xosiyat momoning qistoviga itoat etib, dasturxonga o‘tirmadi. Qo‘liga bolta olib, ancha burun ko‘z ostiga olib qo‘ygan, o‘tov ortida qalashib yotgan qurigan o‘tinlarni hafsala bilan maydalashga kirishdi. Momo esa uni alqay-alqay, mijjalarini yoshlay-yoshlay tezda et qovurmoqqa tushdi. Boisi bugun uning xonadoniga o‘sha o‘zi bilgan bola emas, qarashlari jiddiy yigit tashrif buyurgan edi-da. Axir, yigit odamni nonu qaymoq bilan emas, qovurilgan et ila siylamoq lozim-da!

Oqshom ota hazilomuz dedi:

— Bu turishingda oxiri seni Xosiyat momoga o‘g‘il qip beramiz-ov.

Bu safar bola otasiga yer ostidan emas, dadil qarash qilib, dedi:

— Mayli.

Ota dong qotdi.

Ena anqaydi.

Bola esa qo‘liga qoshiqni olib, kosadagi sho‘rvani oshiqmay ichmoqqa tutindi.

Manba: “Adabiyot va san’at” gazetasi sayti


07

(Tashriflar: umumiy 3 606, bugungi 1)

Izoh qoldiring