Normurod Norqobilov. Ikki hikoya & Bo’ron qo’pgan kun

054 7 июнь — таниқли ёзувчи Нормурод Норқобилов таваллуд топган кун

У қизга ёмон кўргани учун эмас, унинг падари бўлмиш Муса фермерга нисбатан юрагида тўнғиб қолган алами туфайли тош отди. Тош отгандаям номардларча, яъни кўча юзида ўз майлида суманглаб юрган ювош малла итни баҳона қилиб тош отди. Сўнг эса жони азобда қолган шўрлик қизнинг фарёди остида жуфтак ростлади…

Нормурод Норқобилов
ИККИ ҲИКОЯ
053

Ashampoo_Snap_2016.04.06_14h58m15s_002_.png Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2006). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1982). Дастлабки ҳикояси — «Чорраҳа» (1982). «Зангори кўл» (1987), «Унутилган қўшиқ» (1990), «Юзма-юз» (1993), «Пахмоқ» (1997), «Сариқгул» (1998), «Аразчи чумчуқ» (1999), «Бекатдаги оқ уйча» (2000), «Жўшқин дарё», «Овул оралаган бўри» (2005), «Бўрон қўпкан кун» (2007) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қуёши ботмайдиган юрт», «Шим ёхуд хотинлар жанжали» номли асарлари асосида бир неча қисмли видеофилм яратилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

053

БУЛОҚ

Кўҳна булоқ қаватидан, ерга ярим ботган қизғиш харсангтош  биқинидан янги булоқ кўз очганида, олатасир кўклам жаласи эндигина тинган, ёмғир ювган ям-яшил майсалар мисли увада пахтадек титилган булутлар орасидан чўчиброқ мўраламоққа тушган қуёш нуридан ял-ял товлана бошлаган, ҳув наридаги ёнбағирликка сочилган паст-баланд буталар эса намдан залвор тортган, эгилган нозик новдаларини тезроқ селгитиш умидида ҳар ёмғирдан сўнг кунботиш томондан қўзғаладиган эпкинни илҳақ кутиб, қўнишибгина турардилар. Улар эпкин эсиши билан жонланиб, роҳатланиб адоқсиз қўшиқлари — шитир-шитир ва шивир-шивирини бошлаб юбориш илинжида эдилар.

Кўп ўтмай бўлиқ майсалар бошини силаб-сийпалаб, эшилиб-эркаланиб енгил эпкин ҳам етиб келди. Ёнбағирликдаги яшил буталар шодланиб, кулранг япалоқ тош тагини макон тутган чумолилар ғимирлаб қолди. Бироқ инлари оғзидаги ёмғир сувидан ҳосил бўлган кафтдек кўлмакча уларга бамисоли уммондек кўринди шекилли, тараддудланганча туриб қолишди. Бу орада аввалига қаердандир оппоқ капалаклар пайдо бўлиб, сўнг визиллаганча арилар етиб келди. Улар майсалар оғушидаги турфа ранг митти чечакларни танлаб-танлаб «бўса» олмоққа тушиб кетдилар.

Қуёш қиздириб, ер селгигани сари теварак тобора жонлана бошлади.

Эндигина кўз очган булоқ учун буларнинг бари жуда қизиқ, жуда ҳайратланарли эди.

У оламнинг бу қадар фусункорлигидан ҳаяжони тошиб, ғайрати жўшиб, шўхчан-шўхчан шилдиради.

Овози тиниқ ва ўта нафис эди.

У ўз овозига ўзи маҳлиё бўлиб, янада қувноқроқ чулдирашга уринди. Бироқ унинг бу тахлит тўлғанишию тўлқинланишига эътибор берувчи бўлмади. Борлиқўз майлида тўлиб-тўлиқиб яшнарди, ялтирарди: яшил майсалар баҳорнинг бу илиқ-иссиқ кунлари муваққатлигини сезгандай, енгил эпкин измида беармон эркаланар, турфа хил мўъжаз чечаклар ўпич умидида бошлари узра тинмай визиллаётган ариларга нозу карашма қилишар, оппоқ капалаклар эса, умрлари атиги бир неча кунлик бўлишига қарамай, худди бу дунёда мангуга қоладигандек, оламга сиғмай майсадан гулга, гулдан майсага учиб қўнишарди. Дарвоқе, чумолилар офтобда қурий бошлаган кўлмакни ёқалаб ўтиб, аллақачон узун карвон ҳосил қилганди.

Янги булоқнинг сўраб-суриштирадиган нарсалари жуда сероб эди. Минг афсуски, шундоққина ёнгинасидан, бу дунёга бегонадек, сассиз-садосиз, ҳорғин ва толғин оқаётган кекса булоқ унинг барча саволларини жавобсиз қолдирмоқда эди. Бунга сари энди кўз очган булоқнинг қайнаб тошгиси ва ўзининг дилбар қўшиқлари билан бутун борлиқни шодликка кўмиб ташлагиси келарди.
Унинг кекса булоққа берган сўнгсиз саволларидан бири охири шу бўлди:

— Нечун бунча ғамгинсиз?

Кекса булоқ  бу сўроқни ҳам одатдагидек жавобсиз қолдириб, маҳзун оқишда давом этди.

— Қарибсиз жуда қарибсиз! — бу таъна янги булоқнинг тилидан бехос кўчди ва сўнг одобсизлик қилганини фаҳмлаб қолиб, хижолатомуз чулдираб қўйди.

Кекса булоқ эса унинг мавжудлигини пайқамагандай, лоақал қия боқишни лозим топмади. Бундан янги булоқнинг ёмон алами қўзиди. Кўҳна булоққа қасдма-қасд, тиришиб-тирмашиб ўзига янги ўзан оча бошлади. У йўлида учраган майсаларга салом бериб, уларнинг олқишидан роҳатланиб, тўлғаниб-тўлғаниб оқди. Табиатан шўх эмасми, рўбарў келган қурт-қумурсқаларни елкасига опичлаб қитмирланиб-қитмирланиб оқди. Ундаги бу тизгинсизлик соз тупроқли дўнгликкача давом этди. У йўлида учраган тўсиққа манглай уриб тўхтаркан, бу нимаси дегандай, бир зум анг-танг туриб қолди. Бир қарашда, энди унинг кекса булоқ оқимига қўшилмоқдан бўлак иложи йўқдай эди. Аммо у бўйберишни истамади. Шунинг учун зўр сабр-бардош билан дўнглик четини юмшатиб, аста «кемира» бошлади.
У ёш ва кучли эди.

Соз тупроқли дўнглик унинг тиришқоқлигига бардош беролмай, нурай-нурай, охири бағрини очди. Янги булоқўзининг дастлабки ғалабасидан беҳад шодланиб, теваракка ғолибона бир қур назар ташлади. Кўрдики, кекса булоқ  ўзанидаги сувнинг мазаси йўқроқ. Бу туришида узоққа борадиган эмас. Бироқ у йўқ-бор нарсалар ҳақида бош қотириб ўтиришга ҳали одатланмагани боис, дўнгда ушланиб қолганлигини ҳиссасини чиқармоқчидай, шиддатла олға интилди. Ва тезда шуни англадики, ўзининг кўз очганидан майсалар хурсанд. Ана, чечаклар ҳам эпкинда чайқалиб-чайқалиб чапак чалмоқдалар. Оппоқ капалаклар эса, назарида, бошидан нари кетмай қолди. Бундан у ўзида йўқ масрурланиб, чулдираганча қўшиғини энг авж пардасига чиқарди. Наздида, қўшиғини бор жумлайи жаҳон жон қулоғи билан тинглаётгандек эди. Йўқ, унинг шўх ялласини ҳамма ҳам тингламаётган экан. У кутилмаганда ҳавони титратиб юборган қаҳрли овоздан чўчиб тушди. Атрофга аланглаб, ҳали умрида кўрмаган жонзодлар — икки нафар одам боласига нигоҳи тушди. Улар тизза бўйи кўтарилган тошдевор ёнида бир-бирига хезланиб туришарди. Боягидек қаҳрга тўла хитоб бу сафар янада баланд оҳангда такрорланди.

— Мен сенга девор эгирма деганман!
— Эгираман!

— Қўлингни уриб синдираман!
— Синдириб бўпсан!

— Этингни бурда-бурда қип ташлайман!
— Мен сенинг этингни сихга тортаман!

Бу пайтда энди кўз очган булоқ навбатдаги чоғроққина дўнгликка етганди. У теваракка тузукроқ разм солиб, ўзича не гаплигини англамоқчи бўлди. Бироқ, турган гап, ҳеч вақога ақли етмади. Ҳалиги иккисининг жанжали эса, борган сари баттар авжланарди. Уларнинг бақир-чақирига паррандалар дош беролмади, биринчи бўлиб улар нари учиб кетдилар. Сўнг булоқ бўйидан капалаклар узоқлашиб, кўп ўтмай ариларнинг ҳам уни учди. Чечаклар бўй таратишдан тийилиб, майсалар қўнишиб олди. Фақат кўпни кўрган кекса булоққина бепарво, одатдагидек, бамайлихотир оқишда давом этарди.

У жуда кекса эди. Кўп эмас, оз эмас, нақ минг ёшни уриб қўйганди. Шунинг учун ҳам бу дунё ишлари ҳақида кўп нарсаларни билар ва бир олам воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлганди. Фақат ҳамма бало шундаки, унинг дарди ва хотираларини тингловчи йўқ эди.

Қаватида чулдираб оқаётган янги булоқни эса, бу ҳали гўдак, ниманиям тушунарди, деган ўйда ўзига тенгситмай турарди.

Янги булоқ йўлига кўндаланг бўлган бу дўнглик замини тошлоқ экан, шунча уринса-да, тўсиқни емиролмади. Оқибат, у сўлга  қайрилишга мажбур бўлиб, кекса булоқўзанига янада яқин келиб қолди. Лекин ҳали ҳавоси жуда баланд эмасми, унга қўшилмади ва нишабликдан фойдаланиб, ортиқча азиятсиз илгарилай  бошлади.

Бу орада ҳалиги кимсаларнинг бақир-чақириғи кучайгандан-кучайиб, улар қаторига икки аёл ҳам қўшилганди.

Энди кўз очган булоқ тўлғаниб, жаҳл билан чулдиради:
— Булар ким, нега бунча бақиришаяпти, а?

Кекса булоқ  қаватида шилдираб оқаётган ҳамроҳига илк борназар соларкан, чуқур уҳ тортиб деди:
— Булар пастдаги қўшнилар, сен билан мени бўлишолмай хуноб бўлишмоқда.

Янги булоқнинг нигоҳи шундагина қуйидаги қишлоқни ва  берироқда қўнқайган икки кулбани илғади.

— Нега энди бўлишаркан, нима, бизнинг уларга қарашли жойимиз борми? – деди у ичи ёниб.
— Йўқ, биз ҳеч кимга қарашли эмасмиз.

— Унда нега улар бизни талашишаяпти?
— Нодонликлари туфайли.
— Нима дегани у?

Кекса булоқ ортиқча изоҳга хоҳиш сезмади. Нимага деганда, «нодонлик»нинг нелиги сўзнинг ўзидан аён, уни ҳижжалаб тушунтирмоққа не ҳожат, деган хаёлда тағин сукутга толди.

Кекса булоқнинг ўйлайдиган, хотирлайдиган нарсалари мўл эди. Кўпи унутилиб, кўпини яхши эслаб қолганди. Эсида, юз йилнинг нарисида ҳозирги қишлоқ  ўрни бийдек яйлов эди. Ёз олди яйловга чорвасини ҳайдаб чиқадиган чорвадорлар ҳамиша булоқ бўйини макон тутардилар. Ўтовлар тикиб, кузни шу ерда охирлатардилар. Кундузи молларини боқиб, тунлари олов атрофида алламаҳалгача ўйин-кулгу қилишарди. Кекса булоқ бу фароҳбаш дамларни, ўзидан сал наридаги тошлоқ сайҳонликда ёқиладиган катта гулханни ва гулхан билан шуъла талашган осмон тўла юлдузларни, тўлин ойли тунларни ҳеч унутолмайди, ҳали-ҳануз қўмсайди.

Кейинчалик яйлов ўрнига бирин-сирин томсувоқ уйлар туша бошлади. Қишлоқ кенгайгандан кенгайиб, ажабтовур замонлар бошланди. Учли қалпоқ кийганлар у ён-бу ён от қўйиб ўтдилар. Алп келбатли йигитлар улар билан аёвсиз олишдилар. Бу нотинч замонларда кекса булоқ суви кўплаб одамларни — яхшиниям, ёмонниям қонини ювди, ташналигини қондирди. Ўқ ва тиғдан яраланган не-не азаматлар бир қултум сув илинжида унга етолмай шаҳид бўлиб кетдилар. Унинг билгани шуки,у замон йигитлари манови иккиси каби қирриқ эмасди, «юрт», «озодлик» деганга ўхшаш сўзларни оғизларидан қўймай, ёв билан олишганлари-олишган эди.

Ундан наридаги замонлар ҳам ажабтовур ва ҳар бири ўзига хос бир тарих  эди. Лекин шу пайтгача ҳали ҳеч ким бугунгидек булоқ талашиб жанжаллашмаганди. Бу ҳол кекса булоқ  ҳаётида илк бор юз бермоқда эди.

Янги булоқ  ўзининг кимгадир тегишли бўлишини ҳеч ҳазм қилолмади. Чулдираб савол деганларини қалаштириб ташлайверди. Унинг бу феъли, яъни бировга тегишли бўлишни истамаслиги кекса булоққа жуда ёқиб тушди. Меҳрини ийдириб, кўнглини юмшатди. Бу қишлоқ одамларининг барини танигани боис, кексаларга хос эзмаланиб, воқеани ўзи билганича ҳикоя қилишга тушди.

Кекса булоқнинг фикрича, ўрдаги-қирдаги нарсаларга девор эгиришни аввалига Рауф мўнди бошлаб берган. У тоғ бағридаги дўланазорни тошдевор билан ўрай бошлаганида, одамларгина эмас, қишлоқнинг бурга босган мушугию чўлоқ итигача ҳайрон қолган. Рауф мўнди деганлари тошдеворга жуда кўп куч сарфлади. Ҳадеб тош кўтараверганиданми, чурраси тушиб, мана энди яримжон  бўлиб  ўтирибди. Не машаққатлар билан кўтарилган тошдеворининг ярми ағнаб, ярми ўпирилиб ётибди.

Бир-бирига хезланган кўйи, ҳануз бақир-чақир қилаётган манову иккисига келсак, фикри бузуқлик аввал бошда Товқора чўтирдан чиққан. Ёнбағирликка туташ нишобтоб сайҳонликда жойлашган бу булоқ суви ҳар иккисининг томорқаси оралиғидан ўтиб, наридаги сойга бориб қуйилади. Фарқли жиҳати, булоқ кўзи Товқора чўтирнинг томорқасига хиёлгина яқинроқ эди. Шу бир куни тонгда у ювиқсиз бет билан ёнбағирликка чиқиб келади-да, ҳали уйқу тўла тарк этмаган мудроқ нигоҳини теваракка югуртириб, ўзича ниманидир қидиргандай бўлади. Бу унинг азалий одати, тонгдан вайсашга тушадиган аёлининг овозини эшитмаслик учун кўпинча ёнбағирликдан паноҳ  қидиради. Четдан қараганда, у табиат гўзаллигига маҳлиёдек туюлади. Аслида эса гўзаллик уни мутлақо қизиқтирмайди, бу каби нозик туйғулар унга етти ёт бегона. Кўзи очиғу, лекин ҳеч нарсани кўрмайди. Лекин бу сафар у Рауф мўнди эгирган тошдеворга негадир ўзга бир йўсинда назар ташлади. Тошдевор аллақачон заволга юз тутган эса-да, ундан қуйидаги ном қолган: «Рауфнинг жойи». Бу ном энди йўқолмайди, бир умр сақланиб қолади. Худди «Яшин урган қоя» ёхуд «Ит улиган дара» каби. Қай бир замонларда кунчиқишдаги қоя бошини яшин уриб, юқори тизмадаги дарада туни билан ит улиб чиққан экан. Шундан буён бу жойлар юқоридаги номлар билан атаб келинади.

Товқора чўтир шуларни хаёлидан ўтказаркан, аллақаердан бамисоли қовоқаридай ғунғиллаб етиб келган бир ўй миясига чиппа ёпишди қолди. Минг ҳайдаса-да нари кетмай, қайтамга тилида қуйидаги равишда эврилди: «Товқоранинг булоғи» У булоқ томонга ушшайиб тикиларкан, сув эгаси бўлишдек ҳавойи бир ҳисдан қувониб, руҳланиб кетди, зумда девор эгирилиши лозим бўлган ўринни белгилашга ҳам улгурди. Илгариям булоқни томорқасига қўшиб олишни бир-икки ўйлаганди-ю, лекин бугунгидек қатъий тўхтамга келмаганди. Бу ишидан қўшниси Тоҳир қоранинг ғазабга келишини билганди-ю, лекин жанжалнинг бу қадар жиддий тус олишини хаёлига келтирмаганди.

Мана ҳафтадирки, иккиси қирпичоқ. Тизза бўйи тошдеворнинг ҳар икки ёнида туриб олиб, бир-бирига айтмаган сўзи, отмаган тоши қолмади. Бугун эса Товқора чўтир йўқ ердаги даъвони илгари сурди, эмишки, қадимда бу ерлар бобосига тегишли бўлган экан. Бу ўринсиз даъводан Тоҳир қора қолиб, кекса булоқнинг ҳайрати ошди.

— Бу ерга унинг бобоси эмас, отаси кўчиб келганди-ку! —деди хуноби ошиб.

Бунга жавобан янги булоқ норози чулдираб қўйди. У кекса булоқнинг узундан-узун ҳикоясидан зериккан, одам боласининг бақир-чақириғидан ҳуркиб қочган қушларни, оппоқ капалаклар ва ариларни соғинганди. Шунинг учун жанжалкаш кимсаларни девор- певорига қўшиб оқизиб кетгиси келади. Бунга чоғи етмаслигини англаб, қаватида ҳануз сўзланиб оқаётган кекса булоққа умидвор тикилади. Бироқ кўрадики, ҳамроҳи хаста, унинг кучи хотиралар сўзламоққа етади, холос.

У ҳавога қалқиётган хитобларни эшитиб, баттар ташвишга тушади.
— Агар ниятингдан қайтмасанг, булоқ кўзини ёпаман! – деди Тоҳир қора.
— Тихирлик қилиб, ҳадеб жонимга тегаверсанг, мен уни бузаман! – деди униси.

Унинг бахтига яхшиям тун бор экан, одамзодни алаҳситувчи чеки-чегарасиз оқшом юмушлари бор экан. Дўнгда қишлоқ подаси кўриниши билан аввал аёллар кетди. Сўнг ишдан эмас, жанжалдан ҳориган эркакларнинг қораси ўчди.

Тун беором ўтди.

У кекса булоқнинг қуриб қолганини саҳарга яқин билди. Бундан қайғуришниям, қувонишниям билмай турганида, қушлар саломга етиб келишди. Тунги енгил шудринг остида ором олиб ётган турфа чечаклару майсалар қуёшдан олдин уйғонишиб, аввал унга, сўнг офтобга олқиш йўллашди. Кейин арилар кетидан оппоқ капалаклар пайдо бўлиб, олам дилкаш бир шовурга тўлди. Кечаги ғурбатли кун тушида кечганидек, у яна борлиққа маҳлиё бўлди. Гўдаклигига бордими, кекса булоқ фожиасини тўла ҳис этмаган ҳолда ундан қолган ўзанни тўлдириб, яйраб-яшнаб оқа бошлади. Агар тўсатдан қоқ белига калладай тош келиб тушмаганида, у бор овозда қўшиқ  ҳам айтмоқчи эди.

У чўчиб қарасаки, Тоҳир қора деганлари тошқаламаларни бузаяпти, деворни тепиб-сепиб, қўлига учраган тошларни чор тарафга улоқтираяпти. Шу пайт қуйидан ҳайқирганча Товқора чўтир чиқиб келди. У бу сафар Тоҳир қора билан ади-бади айтишиб ўтирмади, девори нураганидан алами ва ғазаби тошиб, шартта қўшнисининг ёқасига ёпишди. Улар ола-тасир олишиб кетдилар. Бу ҳолдан янги булоқ жуда қўрқиб кетди. У замин қаъридан нажот қидирди. Заминнинг бағри кенг эди, уни ўз қучоғига олди, авайлаб эркалади. Сўнг уни ер ости дарёси ўзани томон буриб юборди.

Қош-қовоғи шишган, ёрилган қўшнилар манглай қонларини ювгани узун-қисқа бўлиб, булоқ бўйига эндилар. Булоқииўрнида кичкина кўлмак кўрдилар. Бири кўлмак сувини қизартириб, ёрилган қаншарини юваркан, тепасида кафтини лунжига босиб турган шеригига ўшқирди.

— Булоқни… ебсан-ку, исқирт!

— Бу сенинг ишинг! – деди униси булоқдан сув қочганини энди пайқаб. – Тунда нимадир қилгансан сен!

Қуриган булоқ  ҳудудини аввал капалаклар, сўнг арилар тарк этишди. Митти чечаклар эса паноҳ  қидириб, бўлиқ майсалар пинжига суқилишди. Бироқ майсаларнинг ўзи паноҳга муҳтож эдилар.

Бу ҳолга фақат кўкдаги қуёшгина бефарқ эди. У, олди ёз эмасми, заминни одатдагидан кўра кўпроқ қиздирмоқда эди.

Қоқ тушга бориб қуриган ўзан ёқасидаги майсалардан бири аста нидо таратди, сўнг унга бошқалари жўр бўлди.
— Су-ув!

Уларнинг ҳорғин овози қайноқ  ҳавога сингиб, маъносиз бир  ифода касб этди-да, сўнг кенглик бағрига сочилиб кетди.

КУРАШ

Бойғозининг тўйи эртаси қишлоққа ёйилган хабар тўй довруғини бутунлай босиб кетди. Эндигина оғиз кўпиртирмоққа тушган одамлар дабдабали ўтган тўйниям, обрўталаб Бойғозини ҳам унутишди. Барчанинг оғзида шу гап, эмишки, Ҳамида момонинг қўли синиб, тўшакда михланиб ётганмиш. Ҳай, қўл синса енг ичида, шунга шунчами дерсиз. Бироқ ҳамма гап шундаки, кампирнинг қўли тасодифан эмас, балки ўғли Шомурод полвон томонидан синдирилган.

Эшикдан кўнгил сўрагани кирганлар момони тўшакда эмас, чап қўли бўйнига осилган кўйи, томорқасида ғимирсиб юрган ҳолда учратардилар. Кейин ойдинлашадики, қўли синмаган, чиққан. Тўғрироғи, чиқарилган.

Кирганлар унинг томдек гавдасига, бўйнига осилган қўлига, соғ қўлидаги тешага бир-бир боқишаркан, момонинг юз-кўзидан эзгинлик аломатларини топмоққа тиришадилар. Негаки, момонинг чарс феъли биринчи бўлиб сўз қотмоққа изн бермайди. Омонлашдингми, бу ёғига андак сабр эт, унинг ўзи юрагини очади. Басир эмас, не важдан кирганингни билиб, кўриб турибди. Акс ҳолда, чивин чақсаям, не гап деб югуриб келаверасанларми, дея бобиллаб бериши мумкин.

Момо эса уларнинг кўзларида ҳамдардликдан ташқари, ғийбат истаги мавжудлигини илғагани боис, хушламайроқ қаршилайди. Сабаби, қишлоқ оралаган гап тонгдаёқ қулоғига етиб келган. Нима эмишки… Бу ёғини момонинг эслагиси келмайди. Биладики, гапни кеча оқшом кирганлар тарқатган. Ахир, момо не воқеа юз берганини жиддий тушунтирган. Йўқ, одамлар ўз билганларидан қолишмаган, момонинг гапидан кўра, ўз тасаввурларига кўпроқ ишонишган. Момонинг тик оёқда юрганидан кўра, кўрпа-тўшак қилиб ётгани маъқулроқ эди уларга. Ана шунда эзилишиб, ҳол-аҳвол сўраларди. Оқибатсиз фарзандлар обдон ғийбат қилиниб, қўлга уни суринг-буни суринг, деб ғамхўрлик кўрсатиларди. Бироқ, момо кирганларни бу лаззатдан маҳрум этиб, одатдагидек, кундалик юмуш билан банд эди. Бошда мезбон сифатида юмшаса-да, сўнг бирдан ўдағайлаб беради: «Нима, ҳеч мувадак* кўрмаганмисилар?! Айтдим-ку, олишаман деб қўлимни чиқариб олдим… деб…»

Ё тавба, бу хотинни жин чалганми? Қанақа кураш ҳақида гапираяпти у? Жин чалгани чинга ўхшайди. Эмасам, кимсан, Шомурод полвон билан ҳам кураш тушадими киши. Э, йўқ, олиб қочаяпти бу. Феъли туфайли дакки еган. Азалдан оғзи ботир, юзингда кўзинг борми демай, шартта бетингдан олади. Ўғлига тамизсизроқ гап қилган бўлса, бехос туртган чиқар. Жасадли одамнинг йиқилиши ёмон-да, бирон ери лат емасдан қолмайди. Аммо ажаб бўпти. Бунга ўғли бас келмаса, бошқанинг тенг бўлиши қийин.

Фақат момонинг яқин дугонаси Майрам чаққонгина бу фикрдан йироқ эди. У қийғир чангалига тушган полопонини қутқармоққа интилган она товуқдек потирлаб кириб келганида, Ҳамида момо навбатдаги «меҳмон»ларни эндигина кузатиб, қайта чопиққа тутинганди.

Дугонасини кўриб, момонинг этдор афти тиришди. Майрам чаққонни гап билан тинчитиш мушкул, воқеанинг туб-тубига етмай қўймайди у. Суриштиравериб жонини олади энди.

–Қани, у муштумзўр?! – Майрам чаққон эшикдан бақириб киради. Кейин ранги униққан желагини билагига солиб, тезгина ҳовли юзига кўз югуртираркан, баттар шанғиллайди: – Энани урадиган у зўр қани? Эркак бўсанг чиқ бу ёққа!

Ҳамида момо қўлидаги тешани уват ичида қолдириб, қоматини тиклашга мажбур бўлади.

Майрам чаққон пилдираганча у томон юради, югургилайди.
–Ўлдирибди-ку сени! – дея чакак отишда давом этади. – Ўлдирибгина қўйибди-ку сени. Қўлгинангни синдириб, мувадаккина қип қўйибди-ку сени у! Ўзи қани у зўр! Гаплашай ўзим! Гаплашибгина қўяй ўзим!

Ҳамида момо тоғ томонга ишора қилади.
–Кетди, товга кетди.
–Қочибди-да, – Майрам чаққон унинг қошига етаркан, турган ерида бир ирғишлаб олади. – Қилғиликни қип товга қочибди-да. Қўлимга тушар. Қўлимга тушсин, улинг экан деб турмайман. Бутгинасини йиртаман.

Момо эшикда ийманибгина турган келини олдида ҳижолат тортган бўлади.

–Ёқасини йиртаман де, бут йиртишинг нимаси, – дейди кулимсираб. – Уялмайсанми.
–Энани уриб у уялмаганда, нега мен уялишим керак.

Ҳамида момо ҳеч кимга раво кўрмаган илтифотини намойиш этиб, уват четига чиқаркан, унинг елкасидан қучганича ҳовлига бошлайди. Йўл-йўлакай келинига чой қўйишни буюради.

Майрам чаққон унинг қучоғидан юлқуниб чиқади.
–Ичмайман бунинг чойини.
–Нимага?

–Эрига сени урдириб, индамай қараб турган аёлнинг чойини ичмайман.
–Қай гўрдан топдинг бу гапни? – Момо эндигина унинг гап-сўзларига эътибор бера бошлайди. – Қулоғингни ким қиздирди?

–Катта улимникига кетувдим, – Майрам чаққон ўчоққа уннаётган келинга адоватли тикилади. – Уч-тўрт кунгина туриб келмоқчи эдим. Тонгда найнов неварам бориб қолди юмуш билан. Шу-шу, дугонангиз улидан калтак еб, қўлини синдирибди, деди. Чопдим кейин.

–Синмаган, чиққан, – Ҳамида момо бепарво ҳолатда аниқлик киритади.
–Ёмон урдима,а? – Майрам чаққон унинг майиб қўлига ачиниш-ла тикилади.

–Урмади, деяпман-ку.
–Унда нима бўлди?

–Айтгилиги йўқ…
–Айтақол энди, ичимни ит тирнатмай.

–Шу-шу… кураш тушувдим.
–Ким билан?

–Улим билан.
–Шу гапингга мени ишонади деб ўйлаяпсанми?

–Сени ишонтирай деб ўлиб ўтирганим йўқ.
–Кураш тушдим эмиш, – Майрам чаққон ўпкаланиб, супа четига чўкади. – Баҳонанинг тузукроғини топсанг ўлармидинг. Ахир, унинг сени таппи қип ташлайди-ку, яшамагур.

–Мени-я! – Момонинг қошлари керилиб, улкан кўкси бир қалқиб тушади. – Тўра полвоннинг қизини-я! Омон чўпонни ўхшатганим эсингдами. Чириллаб орага тушмаганингда, даштда гўрини қазирдим.
Момо эсга олган ҳодисага энди дуч келгандай, Майрам чаққоннинг нафаси ичига тушиб кетади. Воқеани тўлалигича кўз ўнгида гавдалантиришга тиришади. Бийдек даштда ёлғиз ўзи кўзи қизариб юрган давонгир чўпон аввал уларга ташландими, ё унинг ниятини кўзидан пайқаган дугонаси олдинроқ от қўйдими, бунисини эслаёлмади. Лекин даҳшатли олишув бўлганди ўшанда. Дугонаси келбатидан от ҳуркадиган омон чўпоннинг оёғини осмондан келтириб урганида, бетини янтоқтикан тилган ғаними бўғизланган буқадек бўкириб юборганди.

Бу воқеа ҳар учаласи ўртасида сир бўлиб қолганди. Ҳамида момо ғанимининг, ҳар ҳолда эркак киши, шаънини ўйлаган, Майрам чаққон дугонасининг юзидан ўтолмаган. Бугун эса у тўсатдан юзага қалқиб чиқди.

Майрам чаққон ушбу хотира таъсирида дугонасига ҳавасланиб боқаркан, бирдан ўзининг ҳам мақтангиси келиб кетади. Бироқ ҳаётида фахрланиб тилга олишга арзигулик фавқулодда ҳодиса тополмагач, момони узиб олгиси келади.

–Унда ёш эдингда, тинмагур, – дейди, нимангга мақтанасан, деган оҳангда.
–Нима, ҳозир қариманми?

Майрам чаққон унга синчков разм солади.

–Эби, чинданам қаримабсан, – дейди сўнг ҳайратини яширолмай. – «Момо-момо» деганларига кўзимга кексаргандай кўриниб қопсан-да. Чинданам, ёшсан ҳали. Эрга тексанг, ул тувғилиқ сиёғинг бор сени.
–Шукр, раҳматли чолимдан қолганлариям етиб ортади менга.

–Унда «момо» дегиздирма, – Майрам чаққон не ташвишда кирганини унутган кўйи, яна унга бошдан-оёқ тикилади. – Кўзга кексайтириб кўрсатаркан у сени.
–Анову Ўткир муаллимнинг иши бу, – Ҳамида дугонаси қаватига бамисоли хирмондай чўкади. – Мактабдаги бир йиғинда, энди сўз юртимизнинг полвон момоларига деди-ю, шундан «момо» бўлиб кетдим.

–Овзига бир урмабсан-да.
–Кимни?
–Ўткирни-да.
–Ҳамманинг олдида-я.

–Тиркаш қоранинг улларини ургансан-ку.
–Улар отани беҳурмат қип, бир-бирлари билан ёқалашганди-да. Эркак эмас уларинг, – Момо маъюс тортиб, дугонаси томон ўгириларкан, беихтиёр юрагини оча бошлади. – Билсанг, улимдан кўнглим қолиб, бовригинам ёниб ўтирибди. Бойғозининг тўйида Тўра полвоннинг арвоҳини ёмон чирқиратди у. Отам айтмишли, ғирром олишди. Бакавулниям худо уриб қўйибди экан… Бу қишлоқда ўзи эркак қолмабди…

–Сен гўр, бари балони биласан.
–Нега билмай, – Момо оғир хўрсинади. – Отам раҳматли олдимни қайтармагунча яйловда йигитларнинг курагини ерга ишқаб юрганман… Раҳматли қайнотам шунимга ҳаваси келиб, улига сўраттирганди-да. Эсингдами? Сени эса бир эчкига кучинг етмай юрарди.

–Ҳа-я, ёмон эдинг сен.
–Шу ёмонлигим учун туновгача юрагимда бир оврув яшарди, – Момо оғир тебранади. – Энди у йўқ…

–«Армон» де, – Майрам чаққон тузатиш киритади, унинг гапини бўлиб. – Сенда армон нима қилади, гум бўлгур?
–Шўрлик чолимга бир мартагина бўлса-да йиқилиб бермаганим манову еримда оврув… йўқ, армон бўп қоган-да, – Момо улкан кўксига нуқийди. – Бечора бекорга тиршанглаб кўп овора бўларди.

–Икковларинг ҳам тоза тентак эдинглар, – Майрам чаққоннинг овозига койиш оҳанги инади. – Бу ёқда болаларинг бўй чўзиб келаяпти, силар эса кигиз титиб олишиб ётардинглар.
–Чолим, биргина йиқитмасам, армонда кетаман, деб қўймасди-да.

–Ана, улидан йиқилибсан-ку, – дейди Майрам чаққон чақиб олувчи оҳангда. – Тағин олиш, бу қўлингни ҳам мувадак қилсин.
–Шу йиқилганим алам қилаяпти-да, – Ҳамида момо майиб қўлини чақалоқ қучгандай бағрига босади. – Яхши отасидан йиқилмай, ёмон улининг ҳимоясидан йиқилиб ўтирибман, мен тулуп.

–Тағин орқанг тутибди-да, сен яшамагурни.
–Орқам тутса, буйтиблар тутаб ўтирмасдим.
–Эмасам, нима? – Майрам чаққоннинг жазаваси қўзийди. – Нима бўлди, нима қўйди, айт-да бундай.

Момо айтмоқ истайди. Аммо ҳасрати тилига кўчмай дилида чарх ура бошлайди. Улим бел олишадиган бўлганидан бери давраларга яқин бормайман, дейди тили эмас, дили сўзлаб, кўзимдан қўрқаман, сўнг ғайратим қўзиб, юрагим ҳапқиради. Тунов куни фалокат босиб бориб қопман десанг. Қарасам, Шомурод соригина бир йигит билан беллашаяпти. Бирровгина томоша қилай-чи дебман, мен ўлгирам. Одамлар орасидан қараб турибман. Улим бовосининг қўлини қилиб, сори йигитнинг сонидан илди. Илган бўлиб, чотига бир тепди. Шундай бир ёмон қилиқ бор, киши кўзи илғамай қолади. Ғиррам қилиқ. Ёмон қилиқ. Эркакка ярашмаган қилиқ. Бундайларни отам раҳматли ёмон кўрарди, боласи бўлсаям кечирмасди. Бу қилиққа дуч келган полвоннинг нафаси ичига тушиб кетади. Шу-у, сори болаям ёмон азоб тортди. Мусофир-да, ҳақини айиролмади. Полвонидан тортиб бакавулигача ғиррам бўлган бу қишлоқда нимаям қила оларди у шўрлик. Желак ечиб, ўртага тушай дедим бир. Тағин ўзимни босдим. Ичим куйиб уйга қайтдим. Изимдан қўчқор етаклаб улим келди. Гапирсам, иршаяди дегин. Урсам – кам, сўксам, яна кам. Кел, болам, сенга олишни ўзим ўргатай, дедим. Тағин иршаяди. Белидан олдим. Улим полвон деб керилиб юрган эканману, бузилганидан бехабар қопман. Билсанг, кўзида қувлик, ҳаракатида айёрлик бор. Тикка келадиган полвон эмас экан у…

Бу хил сукутни ўзича англаган Майрам чаққоннинг баттар ичи пишади. Нима, ўлиб-пўлиб қолдингми, дея уни туртади. Ҳамида момо дугонасига ҳамдард истаб тикиларкан, беихтиёр дейди:
–Сигирдай бўмай ўлай мен. Жасадимни эплаёлмай ўзим йиқилиб тушдим. Белбоғи бўш экан, қўлим чиқиб кетди.

–Ҳозир юргандир тоза ичи ачишиб?
–Эна, сизга курашни ким қўйибди деб устимдан кулиб юрибди.

–Қўлимдан кемайди-да, эмасам, шу улингни ўзим…
–Қўлим тузалсин, ернинг кўзига ёпаман мен уни.

–Вой, ўлай, ҳали тағин олишмоқчимисан?
–Эмасам-чи! – Момо дугонасига баланддан боқади, – Ёмон полвоннинг энаси бўлгунча!.. Отамнинг арвоҳини чирқиллатиб қўймайман мен!..

Шу пайт кўчадан от тўёқларининг овози эшитилиб, Майрам чаққон унинг гапини бўлади.
–Улинг келди, шекилли.

Ҳақиқатан салдан сўнг дарвозада от етаклаган Шомурод полвон пайдо бўлади. Майрам чаққон унга ғазабли тикилади. Аммо йигитнинг хушҳол табассумидан ғазаби изсиз учади. Шомурод полвоннинг кулиб туришларидан, Ҳамида момонинг даъволари ноўриндек туюлади. Йўқ, бу йигит ғирромлик қилмайди.

Йигитнинг табассумидан кўнгли ийиган Майрам чаққон дугонасига илтижоли тикилади, кечирақол энди. Йўқ, дугонаси кечирадиган эмас, у ҳатто ўғлига боқмоқни лозим топмай, қўшни ҳовлидаги терак учларига тикилиб ўтирарди.

–Улинг келди, –Майрам чаққон дугонасини турткилайди.
–Кутиб оладиган хотини бор, – Ҳамида момо ҳолатини ўзгартирмайди.

–Бунча дийданг қаттиқ.
–Бўларим шу! – Ҳамида момонинг кўзлари энди кўкда оҳиста парвоз қилаётган бургутга қадалади. – Сенга ўхшаб иккибет эмасман, иршайганга иршайиб.

–Вой ўлай! – Майрам чаққон кичкина мушти билан унинг елкасига бир тушираркан, супага яқин келиб салом берган Шомурод полвонга шикоят қилади: – Бу қўлиниям синдир буни, Шомуроджон. Қара, одамни одам ўрнида кўрмаяпти. Э, полвонди қизи бўмай, товнинг тоши бўгир. Қовоғини қара бунинг. Э, кападай бўмай, ўл сен!

Ҳамида момо ўғлининг саломини жавобсиз қолдиргандек, дугонасининг чириллашларига ҳам эътибор бермади. Нигоҳи ҳануз бургутда эди. Қизиқ, қишлоқ устида бургут айланмасди, нечук бугун пайдо бўлиб қолди? Худди ўғлининг изидан келгандек. Тағин бу Тўраполвоннинг арвоҳи бўлмасин. Қўрқиб кетган момо беихтиёр кўксига туфларкан, ўғли ва дугонасига оғриниб назар ташлайди. Кейин тағин кўкка тикилади. Бироқ энди бургут кўринмас, терак шохларига тегай-тегай деб ўлаксахўр бир қуш қанот қоқарди. Бундан момонинг юраги баттар сиқилади. Сўнг нақ қаншарида ўғлининг эрмакловчи табассумини ҳис этиб, ялт этиб унга қарайди.

– Мен сиздан йиқилдим, эна, – дейди ўртадаги дилхираликни қувмоқ ниятида ўғли. – Истасангиз, умбалоқ ошиб яна йиқилиб берай.

У пича гапирмоқчи эди. Энасининг кўнглини овламоқ мақсадида эркаланиб, ҳазил-ҳузил қилмоқчи эди. Бироқ… Энанинг қарашида шундай бир истеҳзо мавжуд эдики, бу на ғазабга ўхшарди, на пичингга. Ботирнинг қўрқоққа, мард-нинг номардга қарашига ўхшаш нимадир эди бу. Бу хил қараш қаршисида киши ўзини майда ва арзимас ҳис этади.

Шомурод полвон беихтиёр кўзларини олиб қочаркан, яқиндагина худди шу хил қарашга яна қаердадир дуч келганини ўйлади. Қаерда ва ким эди у? Дарвоқе, Бойғозининг тўйида биринчи товоққа талабгор бўлиб чиққан маллатоб йигит мана шу тарзда қарамаганмиди? Ҳа, оғриқдан қизарган, бўзарган, тишлари орасидан ингранганди-ю, лекин, ғирром олишдинг-а, номард, демаган. Буни кўзларида билдирган. Билдирганда ҳам аламу ғазаб билан эмас, кўпни кўрган полвонларга хос босиқлик ила таассуф-ла ифода этган. Сўкишу ҳақоратдан кўра, бу қарашнинг ёмонлигини Шомурод полвон ўшанда билган ва сўнг унутиб юборганди. Энди шу ифодани энасининг кўзларида кўриб турарди. Йўқ, энаси- нинг нигоҳи залворлироқ, кишини янчиб юборай дейди. Бу залворни юмшатмай, нафас олмоқ мушкул.
Бу орада Ҳамида момо ўрнидан аста қўзғалиб, ҳовли этагидаги ҳужраси томон юради. Шомурод полвон гуноҳкорона илжайиб йўлини тўсади. Одатдагидек елкасидан қучиб, эркаланмоқчи бўлади. Шундай қилса, энаси ҳамиша тез кечирарди. Бироқ момо юмшамади. Юмшаёлмади. Ўғлига жиддий тикиларкан, ич-ичидан ғалати бир ҳис хуруж қилаётганини туйди. Бу таниш туйғуни у аллақачон ўтмиш қаърига кўмганди. Буни қарангки, у тўсатдан тағин бош кўтаряпти. Момо димоғида яйлов ҳидини туйгандай бўлади. Тунлари ўтов қаватида ёқиладиган гулхан алангаси кўз ўнгида акс этади. Гулхан теварагига умидвор йигитлар қадам қўйгувчи эди. «Мени ким йиқитса, ўшанга тегаман», деган ғаройиб қизни кимнинг ҳам кўргиси келмайди. Бу аҳдини қиз уйдагиларига эмас, дугоналаридан бирига билдирган. Дугонаси тушмагур бу гапни елга айтганди. Ел эса қанотига илиб, теваракка сочади. Ота бу гапни жуда кейин эшитади. Бу пайтда қиз анчагина йигитнинг курагини ерга ишқашга улгурганди. Узоқ-узоқларда тўйлаб, давраларни гуллаб қайтган ота қаршисида аждодлари тимсолини қўргандай бўлади. Ҳеч балодан тап тортмас момосининг қовоқ читишларини-ю, энасининг полвоннамо келбатини қизида кўради. Бир аммаси бўлгич эди, бир ҳимодаёқ ҳар қандай эркакнинг суягини шиқирлатиб юборарди. Назарида, қизи курашга туғилгандек, бунинг эса иложи йўқ эди. Ота бош чайқаб «уят» деди, «бас» деди. Оқибат, қиз табиий майл ва туғёнларини жиловлашга мажбур бўлади. Аниқроғи, ҳисларини кишанлаб, туғёнини қалбига қамайди…

Ушбу туғёнлар қайта бош кўтараркан, момо яна кураш истади. Бу истак кечагисига ўхшамасди. Кечагисида ғазаб бор эди. Бугунгиси унинг ихтиёридан ташқарида юз бермоқда. У беихтиёр ўғлининг белига қўл юборади. Ўғли аввалига белини бўш қўяди. Кулиб нимадир дейди. Чамаси, одатдаги ҳазилини қилди. Бироқ момо шу қадар кураш истардики, қулоғига гап кирмасди. Ўғлининг вужуди таранглашаётганини сезаркан, салдан сўнг жиддий қаршиликка ўтганини ҳис этади. Бу қарши ҳаракатдан момо роҳатланади. Истаги тийиқсиз бир куч олади. Майиб қўли ростланиб, ўнг яғринини «рақиб»и томон хиёл эгаркан, димоғида ўткир тер ҳиди, отаси Тўра полвоннинг давра айланишлари кўз ўнгида бир зумга акс этди-да, қизлигида сўнгги бор айтган ўша хитоб бўғзидан кўчди.

–Ё-ё, пирим!

Ўз хитобидан қулоғи очилиб, кўзи равшанланган Ҳамида момо ўғлини оёқлари остида кўради. Шомурод полвон, бу не синоат, дегандай кўкка термулиб ётар, нарида тик қотган келинининг оғзи очилиб қолган, Майрам чаққоннинг ҳайрати уникидан кам эмасди. Ана у кўмакка ошиққандай дик этиб ўрнидан туради-да, ҳануз лолу ҳайрон чўзилиб ётган Шомурод полвоннинг бошига келади. Сўнг кутилмаганда унинг атрофида ирғишлаб айлана бошлайди.

–Йўқитди! Йиқитди! Ҳамида полвон Шомурод полвонни йиқитди!

Қўлига қайта кучли оғриқ кирганини сезган момо ўғлидан узоқлашар экан, кўкда бояги бургутнинг пайдо бўлганини илғайди. Ўлаксахўр қушнинг изи учган, бургутнинг парвози эса осмонга жуда-жуда ярашиб тушган эди.
_____________________
* Мувадак – майиб

045

Normurod Norqobilov
IKKI HIKOYA
053

    Normurod Norqobilov 1953 yil 7 iyunda Qashqadaryo viloyatining Yakkabog’ tumanidagi Qishliq qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (2006). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1982). Dastlabki hikoyasi — «Chorraha» (1982). «Zangori ko’l» (1987), «Unutilgan qo’shiq» (1990), «Yuzma-yuz» (1993), «Paxmoq» (1997), «Sariqgul» (1998), «Arazchi chumchuq» (1999), «Bekatdagi oq uycha» (2000), «Jo’shqin daryo», «Ovul oralagan bo’ri» (2005), «Bo’ron qo’pkan kun» (2007) kabi qissa va hikoyalardan iborat to’plamlari nashr etilgan. «Quyoshi botmaydigan yurt», «Shim yoxud xotinlar janjali» nomli asarlari asosida bir necha qismli videofilm yaratilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1999).

053

BULOQ

Ko‘hna buloq qavatidan, yerga yarim botgan qizg‘ish xarsangtosh biqinidan yangi buloq ko‘z ochganida, olatasir ko‘klam jalasi endigina tingan, yomg‘ir yuvgan yam-yashil maysalar misli uvada paxtadek titilgan bulutlar orasidan cho‘chibroq mo‘ralamoqqa tushgan quyosh nuridan yal-yal tovlana boshlagan, huv naridagi yonbag‘irlikka sochilgan past-baland butalar esa namdan zalvor tortgan, egilgan nozik novdalarini tezroq selgitish umidida har yomg‘irdan so‘ng kunbotish tomondan qo‘zg‘aladigan epkinni ilhaq kutib, qo‘nishibgina turardilar. Ular epkin esishi bilan jonlanib, rohatlanib adoqsiz qo‘shiqlari — shitir-shitir va shivir-shivirini boshlab yuborish ilinjida edilar.
Ko‘p o‘tmay bo‘liq maysalar boshini silab-siypalab, eshilib-erkalanib yengil epkin ham yetib keldi. Yonbag‘irlikdagi yashil butalar shodlanib, kulrang yapaloq tosh tagini makon tutgan chumolilar g‘imirlab qoldi. Biroq inlari og‘zidagi yomg‘ir suvidan hosil bo‘lgan kaftdek ko‘lmakcha ularga bamisoli ummondek ko‘rindi shekilli, taraddudlangancha turib qolishdi. Bu orada avvaliga qaerdandir oppoq kapalaklar paydo bo‘lib, so‘ng vizillagancha arilar yetib keldi. Ular maysalar og‘ushidagi turfa rang mitti chechaklarni tanlab-tanlab «bo‘sa» olmoqqa tushib ketdilar.
Quyosh qizdirib, yer selgigani sari tevarak tobora jonlana boshladi.
Endigina ko‘z ochgan buloq uchun bularning bari juda qiziq, juda hayratlanarli edi.
U olamning bu qadar fusunkorligidan hayajoni toshib, g‘ayrati jo‘shib, sho‘xchan-sho‘xchan shildiradi.
Ovozi tiniq va o‘ta nafis edi.
U o‘z ovoziga o‘zi mahliyo bo‘lib, yanada quvnoqroq chuldirashga urindi. Biroq uning bu taxlit to‘lg‘anishiyu to‘lqinlanishiga e’tibor beruvchi bo‘lmadi. Borliq o‘z maylida to‘lib-to‘liqib yashnardi, yaltirardi: yashil maysalar bahorning bu iliq-issiq kunlari muvaqqatligini sezganday, yengil epkin izmida bearmon erkalanar, turfa xil mo‘‘jaz chechaklar o‘pich umidida boshlari uzra tinmay vizillayotgan arilarga nozu karashma qilishar, oppoq kapalaklar esa, umrlari atigi bir necha kunlik bo‘lishiga qaramay, xuddi bu dunyoda manguga qoladigandek, olamga sig‘may maysadan gulga, guldan maysaga uchib qo‘nishardi. Darvoqe, chumolilar oftobda quriy boshlagan ko‘lmakni yoqalab o‘tib, allaqachon uzun karvon hosil qilgandi.
Yangi buloqning so‘rab-surishtiradigan narsalari juda serob edi. Ming afsuski, shundoqqina yonginasidan, bu dunyoga begonadek, sassiz-sadosiz, horg‘in va tolg‘in oqayotgan keksa buloq uning barcha savollarini javobsiz qoldirmoqda edi. Bunga sari endi ko‘z ochgan buloqning qaynab toshgisi va o‘zining dilbar qo‘shiqlari bilan butun borliqni shodlikka ko‘mib tashlagisi kelardi.
Uning keksa buloqqa bergan so‘ngsiz savollaridan biri oxiri shu bo‘ldi:
— Nechun buncha g‘amginsiz?
Keksa buloq bu so‘roqni ham odatdagidek javobsiz qoldirib, mahzun oqishda davom etdi.
— Qaribsiz juda qaribsiz! — bu ta’na yangi buloqning tilidan bexos ko‘chdi va so‘ng odobsizlik qilganini fahmlab qolib, xijolatomuz chuldirab qo‘ydi.
Keksa buloq esa uning mavjudligini payqamaganday, loaqal qiya boqishni lozim topmadi. Bundan yangi buloqning yomon alami qo‘zidi. Ko‘hna buloqqa qasdma-qasd, tirishib-tirmashib o‘ziga yangi o‘zan ocha boshladi. U yo‘lida uchragan maysalarga salom berib, ularning olqishidan rohatlanib, to‘lg‘anib-to‘lg‘anib oqdi. Tabiatan sho‘x emasmi, ro‘baro‘ kelgan qurt-qumursqalarni yelkasiga opichlab qitmirlanib-qitmirlanib oqdi. Undagi bu tizginsizlik soz tuproqli do‘nglikkacha davom etdi. U yo‘lida uchragan to‘siqqa manglay urib to‘xtarkan, bu nimasi deganday, bir zum ang-tang turib qoldi. Bir qarashda, endi uning keksa buloq oqimiga qo‘shilmoqdan bo‘lak iloji yo‘qday edi. Ammo u bo‘y berishni istamadi. Shuning uchun zo‘r sabr-bardosh bilan do‘nglik chetini yumshatib, asta «kemira» boshladi.
U yosh va kuchli edi.
Soz tuproqli do‘nglik uning tirishqoqligiga bardosh berolmay, nuray-nuray, oxiri bag‘rini ochdi. Yangi buloq o‘zining dastlabki g‘alabasidan behad shodlanib, tevarakka g‘olibona bir qur nazar tashladi. Ko‘rdiki, keksa buloq o‘zanidagi suvning mazasi yo‘qroq. Bu turishida uzoqqa boradigan emas. Biroq u yo‘q-bor narsalar haqida bosh qotirib o‘tirishga hali odatlanmagani bois, do‘ngda ushlanib qolganligini hissasini chiqarmoqchiday, shiddatla olg‘a intildi. Va tezda shuni angladiki, o‘zining ko‘z ochganidan maysalar xursand. Ana, chechaklar ham epkinda chayqalib-chayqalib chapak chalmoqdalar. Oppoq kapalaklar esa, nazarida, boshidan nari ketmay qoldi. Bundan u o‘zida yo‘q masrurlanib, chuldiragancha qo‘shig‘ini eng avj pardasiga chiqardi. Nazdida, qo‘shig‘ini bor jumlayi jahon jon qulog‘i bilan tinglayotgandek edi. Yo‘q, uning sho‘x yallasini hamma ham tinglamayotgan ekan. U kutilmaganda havoni titratib yuborgan qahrli ovozdan cho‘chib tushdi. Atrofga alanglab, hali umrida ko‘rmagan jonzodlar — ikki nafar odam bolasiga nigohi tushdi. Ular tizza bo‘yi ko‘tarilgan toshdevor yonida bir-biriga xezlanib turishardi. Boyagidek qahrga to‘la xitob bu safar yanada baland ohangda takrorlandi.
— Men senga devor egirma deganman!
— Egiraman!
— Qo‘lingni urib sindiraman!
— Sindirib bo‘psan!
— Etingni burda-burda qip tashlayman!
— Men sening etingni sixga tortaman!
Bu paytda endi ko‘z ochgan buloq navbatdagi chog‘roqqina do‘nglikka yetgandi. U tevarakka tuzukroq razm solib, o‘zicha ne gapligini anglamoqchi bo‘ldi. Biroq, turgan gap, hech vaqoga aqli yetmadi. Haligi ikkisining janjali esa, borgan sari battar avjlanardi. Ularning baqir-chaqiriga parrandalar dosh berolmadi, birinchi bo‘lib ular nari uchib ketdilar. So‘ng buloq bo‘yidan kapalaklar uzoqlashib, ko‘p o‘tmay arilarning ham uni uchdi. Chechaklar bo‘y taratishdan tiyilib, maysalar qo‘nishib oldi. Faqat ko‘pni ko‘rgan keksa buloqqina beparvo, odatdagidek, bamaylixotir oqishda davom etardi.
U juda keksa edi. Ko‘p emas, oz emas, naq ming yoshni urib qo‘ygandi. Shuning uchun ham bu dunyo ishlari haqida ko‘p narsalarni bilar va bir olam voqea-hodisalarga guvoh bo‘lgandi. Faqat hamma balo shundaki, uning dardi va xotiralarini tinglovchi yo‘q edi.
Qavatida chuldirab oqayotgan yangi buloqni esa, bu hali go‘dak, nimaniyam tushunardi, degan o‘yda o‘ziga tengsitmay turardi.
Yangi buloq yo‘liga ko‘ndalang bo‘lgan bu do‘nglik zamini toshloq ekan, shuncha urinsa-da, to‘siqni yemirolmadi. Oqibat, u so‘lga qayrilishga majbur bo‘lib, keksa buloq o‘zaniga yanada yaqin kelib qoldi. Lekin hali havosi juda baland emasmi, unga qo‘shilmadi va nishablikdan foydalanib, ortiqcha aziyatsiz ilgarilay boshladi.
Bu orada haligi kimsalarning baqir-chaqirig‘i kuchaygandan-kuchayib, ular qatoriga ikki ayol ham qo‘shilgandi.
Endi ko‘z ochgan buloq to‘lg‘anib, jahl bilan chuldiradi:
— Bular kim, nega buncha baqirishayapti, a?
Keksa buloq qavatida shildirab oqayotgan hamrohiga ilk bor nazar solarkan, chuqur uh tortib dedi:
— Bular pastdagi qo‘shnilar, sen bilan meni bo‘lisholmay xunob bo‘lishmoqda.
Yangi buloqning nigohi shundagina quyidagi qishloqni va beriroqda qo‘nqaygan ikki kulbani ilg‘adi.
— Nega endi bo‘lisharkan, nima, bizning ularga qarashli joyimiz bormi? – dedi u ichi yonib.
— Yo‘q, biz hech kimga qarashli emasmiz.
— Unda nega ular bizni talashishayapti?
— Nodonliklari tufayli.
— Nima degani u?
Keksa buloq ortiqcha izohga xohish sezmadi. Nimaga deganda, «nodonlik»ning neligi so‘zning o‘zidan ayon, uni hijjalab tushuntirmoqqa ne hojat, degan xayolda tag‘in sukutga toldi.
Keksa buloqning o‘ylaydigan, xotirlaydigan narsalari mo‘l edi. Ko‘pi unutilib, ko‘pini yaxshi eslab qolgandi. Esida, yuz yilning narisida hozirgi qishloq o‘rni biydek yaylov edi. Yoz oldi yaylovga chorvasini haydab chiqadigan chorvadorlar hamisha buloq bo‘yini makon tutardilar. O‘tovlar tikib, kuzni shu yerda oxirlatardilar. Kunduzi mollarini boqib, tunlari olov atrofida allamahalgacha o‘yin-kulgu qilishardi. Keksa buloq bu farohbash damlarni, o‘zidan sal naridagi toshloq sayhonlikda yoqiladigan katta gulxanni va gulxan bilan shu’la talashgan osmon to‘la yulduzlarni, to‘lin oyli tunlarni hech unutolmaydi, hali-hanuz qo‘msaydi.
Keyinchalik yaylov o‘rniga birin-sirin tomsuvoq uylar tusha boshladi. Qishloq kengaygandan kengayib, ajabtovur zamonlar boshlandi. Uchli qalpoq kiyganlar u yon-bu yon ot qo‘yib o‘tdilar. Alp kelbatli yigitlar ular bilan ayovsiz olishdilar. Bu notinch zamonlarda keksa buloq suvi ko‘plab odamlarni — yaxshiniyam, yomonniyam qonini yuvdi, tashnaligini qondirdi. O‘q va tig‘dan yaralangan ne-ne azamatlar bir qultum suv ilinjida unga yetolmay shahid bo‘lib ketdilar. Uning bilgani shuki, u zamon yigitlari manovi ikkisi kabi qirriq emasdi, «yurt», «ozodlik» deganga o‘xshash so‘zlarni og‘izlaridan qo‘ymay, yov bilan olishganlari-olishgan edi.
Undan naridagi zamonlar ham ajabtovur va har biri o‘ziga xos bir tarix edi. Lekin shu paytgacha hali hech kim bugungidek buloq talashib janjallashmagandi. Bu hol keksa buloq hayotida ilk bor yuz bermoqda edi.
Yangi buloq o‘zining kimgadir tegishli bo‘lishini hech hazm qilolmadi. Chuldirab savol deganlarini qalashtirib tashlayverdi. Uning bu fe’li, ya’ni birovga tegishli bo‘lishni istamasligi keksa buloqqa juda yoqib tushdi. Mehrini iydirib, ko‘nglini yumshatdi. Bu qishloq odamlarining barini tanigani bois, keksalarga xos ezmalanib, voqeani o‘zi bilganicha hikoya qilishga tushdi.
Keksa buloqning fikricha, o‘rdagi-qirdagi narsalarga devor egirishni avvaliga Rauf mo‘ndi boshlab bergan. U tog‘ bag‘ridagi do‘lanazorni toshdevor bilan o‘ray boshlaganida, odamlargina emas, qishloqning burga bosgan mushugiyu cho‘loq itigacha hayron qolgan. Rauf mo‘ndi deganlari toshdevorga juda ko‘p kuch sarfladi. Hadeb tosh ko‘taraverganidanmi, churrasi tushib, mana endi yarimjon bo‘lib o‘tiribdi. Ne mashaqqatlar bilan ko‘tarilgan toshdevorining yarmi ag‘nab, yarmi o‘pirilib yotibdi.
Bir-biriga xezlangan ko‘yi, hanuz baqir-chaqir qilayotgan manovu ikkisiga kelsak, fikri buzuqlik avval boshda Tovqora cho‘tirdan chiqqan. Yonbag‘irlikka tutash nishobtob sayhonlikda joylashgan bu buloq suvi har ikkisining tomorqasi oralig‘idan o‘tib, naridagi soyga borib quyiladi. Farqli jihati, buloq ko‘zi Tovqora cho‘tirning tomorqasiga xiyolgina yaqinroq edi. Shu bir kuni tongda u yuviqsiz bet bilan yonbag‘irlikka chiqib keladi-da, hali uyqu to‘la tark etmagan mudroq nigohini tevarakka yugurtirib, o‘zicha nimanidir qidirganday bo‘ladi. Bu uning azaliy odati, tongdan vaysashga tushadigan ayolining ovozini eshitmaslik uchun ko‘pincha yonbag‘irlikdan panoh qidiradi. Chetdan qaraganda, u tabiat go‘zalligiga mahliyodek tuyuladi. Aslida esa go‘zallik uni mutlaqo qiziqtirmaydi, bu kabi nozik tuyg‘ular unga yetti yot begona. Ko‘zi ochig‘u, lekin hech narsani ko‘rmaydi. Lekin bu safar u Rauf mo‘ndi egirgan toshdevorga negadir o‘zga bir yo‘sinda nazar tashladi. Toshdevor allaqachon zavolga yuz tutgan esa-da, undan quyidagi nom qolgan: «Raufning joyi». Bu nom endi yo‘qolmaydi, bir umr saqlanib qoladi. Xuddi «Yashin urgan qoya» yoxud «It uligan dara» kabi. Qay bir zamonlarda kunchiqishdagi qoya boshini yashin urib, yuqori tizmadagi darada tuni bilan it ulib chiqqan ekan. Shundan buyon bu joylar yuqoridagi nomlar bilan atab kelinadi.
Tovqora cho‘tir shularni xayolidan o‘tkazarkan, allaqaerdan bamisoli qovoqariday g‘ung‘illab yetib kelgan bir o‘y miyasiga chippa yopishdi qoldi. Ming haydasa-da nari ketmay, qaytamga tilida quyidagi ravishda evrildi: «Tovqoraning bulog‘i» U buloq tomonga ushshayib tikilarkan, suv egasi bo‘lishdek havoyi bir hisdan quvonib, ruhlanib ketdi, zumda devor egirilishi lozim bo‘lgan o‘rinni belgilashga ham ulgurdi. Ilgariyam buloqni tomorqasiga qo‘shib olishni bir-ikki o‘ylagandi-yu, lekin bugungidek qat’iy to‘xtamga kelmagandi. Bu ishidan qo‘shnisi Tohir qoraning g‘azabga kelishini bilgandi-yu, lekin janjalning bu qadar jiddiy tus olishini xayoliga keltirmagandi.
Mana haftadirki, ikkisi qirpichoq. Tizza bo‘yi toshdevorning har ikki yonida turib olib, bir-biriga aytmagan so‘zi, otmagan toshi qolmadi. Bugun esa Tovqora cho‘tir yo‘q yerdagi da’voni ilgari surdi, emishki, qadimda bu yerlar bobosiga tegishli bo‘lgan ekan. Bu o‘rinsiz da’vodan Tohir qora qolib, keksa buloqning hayrati oshdi.
— Bu yerga uning bobosi emas, otasi ko‘chib kelgandi-ku! — dedi xunobi oshib.
Bunga javoban yangi buloq norozi chuldirab qo‘ydi. U keksa buloqning uzundan-uzun hikoyasidan zerikkan, odam bolasining baqir-chaqirig‘idan hurkib qochgan qushlarni, oppoq kapalaklar va arilarni sog‘ingandi. Shuning uchun janjalkash kimsalarni devor- pevoriga qo‘shib oqizib ketgisi keladi. Bunga chog‘i yetmasligini anglab, qavatida hanuz so‘zlanib oqayotgan keksa buloqqa umidvor tikiladi. Biroq ko‘radiki, hamrohi xasta, uning kuchi xotiralar so‘zlamoqqa yetadi, xolos.
U havoga qalqiyotgan xitoblarni eshitib, battar tashvishga tushadi.
— Agar niyatingdan qaytmasang, buloq ko‘zini yopaman! – dedi Tohir qora.
— Tixirlik qilib, hadeb jonimga tegaversang, men uni buzaman! – dedi unisi.
Uning baxtiga yaxshiyam tun bor ekan, odamzodni alahsituvchi cheki-chegarasiz oqshom yumushlari bor ekan. Do‘ngda qishloq podasi ko‘rinishi bilan avval ayollar ketdi. So‘ng ishdan emas, janjaldan horigan erkaklarning qorasi o‘chdi.
Tun orom o‘tdi.
U keksa buloqning qurib qolganini saharga yaqin bildi. Bundan qayg‘urishniyam, quvonishniyam bilmay turganida, qushlar salomga yetib kelishdi. Tungi yengil shudring ostida orom olib yotgan turfa chechaklaru maysalar quyoshdan oldin uyg‘onishib, avval unga, so‘ng oftobga olqish yo‘llashdi. Keyin arilar ketidan oppoq kapalaklar paydo bo‘lib, olam dilkash bir shovurga to‘ldi. Kechagi g‘urbatli kun tushida kechganidek, u yana borliqqa mahliyo bo‘ldi. Go‘dakligiga bordimi, keksa buloq fojiasini to‘la his etmagan holda undan qolgan o‘zanni to‘ldirib, yayrab-yashnab oqa boshladi. Agar to‘satdan qoq beliga kalladay tosh kelib tushmaganida, u bor ovozda qo‘shiq ham aytmoqchi edi.
U cho‘chib qarasaki, Tohir qora deganlari toshqalamalarni buzayapti, devorni tepib-sepib, qo‘liga uchragan toshlarni chor tarafga uloqtirayapti. Shu payt quyidan hayqirgancha Tovqora cho‘tir chiqib keldi. U bu safar Tohir qora bilan adi-badi aytishib o‘tirmadi, devori nuraganidan alami va g‘azabi toshib, shartta qo‘shnisining yoqasiga yopishdi. Ular ola-tasir olishib ketdilar. Bu holdan yangi buloq juda qo‘rqib ketdi. U zamin qa’ridan najot qidirdi. Zaminning bag‘ri keng edi, uni o‘z quchog‘iga oldi, avaylab erkaladi. So‘ng uni yer osti daryosi o‘zani tomon burib yubordi.
Qosh-qovog‘i shishgan, yorilgan qo‘shnilar manglay qonlarini yuvgani uzun-qisqa bo‘lib, buloq bo‘yiga endilar. Buloq o‘rnida kichkina ko‘lmak ko‘rdilar. Biri ko‘lmak suvini qizartirib, yorilgan qansharini yuvarkan, tepasida kaftini lunjiga bosib turgan sherigiga o‘shqirdi.
— Buloqni… yebsan-ku, isqirt!
— Bu sening ishing! – dedi unisi buloqdan suv qochganini endi payqab. – Tunda nimadir qilgansan sen!
Qurigan buloq hududini avval kapalaklar, so‘ng arilar tark etishdi. Mitti chechaklar esa panoh qidirib, bo‘liq maysalar pinjiga suqilishdi. Biroq maysalarning o‘zi panohga muhtoj edilar.
Bu holga faqat ko‘kdagi quyoshgina befarq edi. U, oldi yoz emasmi, zaminni odatdagidan ko‘ra ko‘proq qizdirmoqda edi.
Qoq tushga borib qurigan o‘zan yoqasidagi maysalardan biri asta nido taratdi, so‘ng unga boshqalari jo‘r bo‘ldi.
— Su-uv!
Ularning horg‘in ovozi qaynoq havoga singib, ma’nosiz bir ifoda kasb etdi-da, so‘ng kenglik bag‘riga sochilib ketdi.

KURASH

Boyg‘ozining to‘yi ertasi qishloqqa yoyilgan xabar to‘y dovrug‘ini butunlay bosib ketdi. Endigina og‘iz ko‘pirtirmoqqa tushgan odamlar dabdabali o‘tgan to‘yniyam, obro‘talab Boyg‘ozini ham unutishdi. Barchaning og‘zida shu gap, emishki, Hamida momoning qo‘li sinib, to‘shakda mixlanib yotganmish. Hay, qo‘l sinsa yeng ichida, shunga shunchami dersiz. Biroq hamma gap shundaki, kampirning qo‘li tasodifan emas, balki o‘g‘li Shomurod polvon tomonidan sindirilgan.
Eshikdan ko‘ngil so‘ragani kirganlar momoni to‘shakda emas, chap qo‘li bo‘yniga osilgan ko‘yi, tomorqasida g‘imirsib yurgan holda uchratardilar. Keyin oydinlashadiki, qo‘li sinmagan, chiqqan. To‘g‘rirog‘i, chiqarilgan.
Kirganlar uning tomdek gavdasiga, bo‘yniga osilgan qo‘liga, sog‘ qo‘lidagi teshaga bir-bir boqisharkan, momoning yuz-ko‘zidan ezginlik alomatlarini topmoqqa tirishadilar. Negaki, momoning chars fe’li birinchi bo‘lib so‘z qotmoqqa izn bermaydi. Omonlashdingmi, bu yog‘iga andak sabr et, uning o‘zi yuragini ochadi. Basir emas, ne vajdan kirganingni bilib, ko‘rib turibdi. Aks holda, chivin chaqsayam, ne gap deb yugurib kelaverasanlarmi, deya bobillab berishi mumkin.
Momo esa ularning ko‘zlarida hamdardlikdan tashqari, g‘iybat istagi mavjudligini ilg‘agani bois, xushlamayroq qarshilaydi. Sababi, qishloq oralagan gap tongdayoq qulog‘iga yetib kelgan. Nima emishki… Bu yog‘ini momoning eslagisi kelmaydi. Biladiki, gapni kecha oqshom kirganlar tarqatgan. Axir, momo ne voqea yuz berganini jiddiy tushuntirgan. Yo‘q, odamlar o‘z bilganlaridan qolishmagan, momoning gapidan ko‘ra, o‘z tasavvurlariga ko‘proq ishonishgan. Momoning tik oyoqda yurganidan ko‘ra, ko‘rpa-to‘shak qilib yotgani ma’qulroq edi ularga. Ana shunda ezilishib, hol-ahvol so‘ralardi. Oqibatsiz farzandlar obdon g‘iybat qilinib, qo‘lga uni suring-buni suring, deb g‘amxo‘rlik ko‘rsatilardi. Biroq, momo kirganlarni bu lazzatdan mahrum etib, odatdagidek, kundalik yumush bilan band edi. Boshda mezbon sifatida yumshasa-da, so‘ng birdan o‘dag‘aylab beradi: «Nima, hech muvadak* ko‘rmaganmisilar?! Aytdim-ku, olishaman deb qo‘limni chiqarib oldim… deb…»
Yo tavba, bu xotinni jin chalganmi? Qanaqa kurash haqida gapirayapti u? Jin chalgani chinga o‘xshaydi. Emasam, kimsan, Shomurod polvon bilan ham kurash tushadimi kishi. E, yo‘q, olib qochayapti bu. Fe’li tufayli dakki yegan. Azaldan og‘zi botir, yuzingda ko‘zing bormi demay, shartta betingdan oladi. O‘g‘liga tamizsizroq gap qilgan bo‘lsa, bexos turtgan chiqar. Jasadli odamning yiqilishi yomon-da, biron yeri lat yemasdan qolmaydi. Ammo ajab bo‘pti. Bunga o‘g‘li bas kelmasa, boshqaning teng bo‘lishi qiyin.
Faqat momoning yaqin dugonasi Mayram chaqqongina bu fikrdan yiroq edi. U qiyg‘ir changaliga tushgan poloponini qutqarmoqqa intilgan ona tovuqdek potirlab kirib kelganida, Hamida momo navbatdagi «mehmon»larni endigina kuzatib, qayta chopiqqa tutingandi.
Dugonasini ko‘rib, momoning etdor afti tirishdi. Mayram chaqqonni gap bilan tinchitish mushkul, voqeaning tub-tubiga yetmay qo‘ymaydi u. Surishtiraverib jonini oladi endi.
–Qani, u mushtumzo‘r?! – Mayram chaqqon eshikdan baqirib kiradi. Keyin rangi uniqqan jelagini bilagiga solib, tezgina hovli yuziga ko‘z yugurtirarkan, battar shang‘illaydi: – Enani uradigan u zo‘r qani? Erkak bo‘sang chiq bu yoqqa!
Hamida momo qo‘lidagi teshani uvat ichida qoldirib, qomatini tiklashga majbur bo‘ladi.
Mayram chaqqon pildiragancha u tomon yuradi, yugurgilaydi.
–O‘ldiribdi-ku seni! – deya chakak otishda davom etadi. – O‘ldiribgina qo‘yibdi-ku seni. Qo‘lginangni sindirib, muvadakkina qip qo‘yibdi-ku seni u! O‘zi qani u zo‘r! Gaplashay o‘zim! Gaplashibgina qo‘yay o‘zim!
Hamida momo tog‘ tomonga ishora qiladi.
–Ketdi, tovga ketdi.
–Qochibdi-da, – Mayram chaqqon uning qoshiga yetarkan, turgan yerida bir irg‘ishlab oladi. – Qilg‘ilikni qip tovga qochibdi-da. Qo‘limga tushar. Qo‘limga tushsin, uling ekan deb turmayman. Butginasini yirtaman.
Momo eshikda iymanibgina turgan kelini oldida hijolat tortgan bo‘ladi.
–Yoqasini yirtaman de, but yirtishing nimasi, – deydi kulimsirab. – Uyalmaysanmi.
–Enani urib u uyalmaganda, nega men uyalishim kerak.
Hamida momo hech kimga ravo ko‘rmagan iltifotini namoyish etib, uvat chetiga chiqarkan, uning yelkasidan quchganicha hovliga boshlaydi. Yo‘l-yo‘lakay keliniga choy qo‘yishni buyuradi.
Mayram chaqqon uning quchog‘idan yulqunib chiqadi.
–Ichmayman buning choyini.
–Nimaga?
–Eriga seni urdirib, indamay qarab turgan ayolning choyini ichmayman.
–Qay go‘rdan topding bu gapni? – Momo endigina uning gap-so‘zlariga e’tibor bera boshlaydi. – Qulog‘ingni kim qizdirdi?
–Katta ulimnikiga ketuvdim, – Mayram chaqqon o‘choqqa unnayotgan kelinga adovatli tikiladi. – Uch-to‘rt kungina turib kelmoqchi edim. Tongda naynov nevaram borib qoldi yumush bilan. Shu-shu, dugonangiz ulidan kaltak yeb, qo‘lini sindiribdi, dedi. Chopdim keyin.
–Sinmagan, chiqqan, – Hamida momo beparvo holatda aniqlik kiritadi.
–Yomon urdima,a? – Mayram chaqqon uning mayib qo‘liga achinish-la tikiladi.
–Urmadi, deyapman-ku.
–Unda nima bo‘ldi?
–Aytgiligi yo‘q…
–Aytaqol endi, ichimni it tirnatmay.
–Shu-shu… kurash tushuvdim.
–Kim bilan?
–Ulim bilan.
–Shu gapingga meni ishonadi deb o‘ylayapsanmi?
–Seni ishontiray deb o‘lib o‘tirganim yo‘q.
–Kurash tushdim emish, – Mayram chaqqon o‘pkalanib, supa chetiga cho‘kadi. – Bahonaning tuzukrog‘ini topsang o‘larmiding. Axir, uning seni tappi qip tashlaydi-ku, yashamagur.
–Meni-ya! – Momoning qoshlari kerilib, ulkan ko‘ksi bir qalqib tushadi. – To‘ra polvonning qizini-ya! Omon cho‘ponni o‘xshatganim esingdami. Chirillab oraga tushmaganingda, dashtda go‘rini qazirdim.
Momo esga olgan hodisaga endi duch kelganday, Mayram chaqqonning nafasi ichiga tushib ketadi. Voqeani to‘laligicha ko‘z o‘ngida gavdalantirishga tirishadi. Biydek dashtda yolg‘iz o‘zi ko‘zi qizarib yurgan davongir cho‘pon avval ularga tashlandimi, yo uning niyatini ko‘zidan payqagan dugonasi oldinroq ot qo‘ydimi, bunisini eslayolmadi. Lekin dahshatli olishuv bo‘lgandi o‘shanda. Dugonasi kelbatidan ot hurkadigan omon cho‘ponning oyog‘ini osmondan keltirib urganida, betini yantoqtikan tilgan g‘animi bo‘g‘izlangan buqadek bo‘kirib yuborgandi.
Bu voqea har uchalasi o‘rtasida sir bo‘lib qolgandi. Hamida momo g‘animining, har holda erkak kishi, sha’nini o‘ylagan, Mayram chaqqon dugonasining yuzidan o‘tolmagan. Bugun esa u to‘satdan yuzaga qalqib chiqdi.
Mayram chaqqon ushbu xotira ta’sirida dugonasiga havaslanib boqarkan, birdan o‘zining ham maqtangisi kelib ketadi. Biroq hayotida faxrlanib tilga olishga arzigulik favqulodda hodisa topolmagach, momoni uzib olgisi keladi.
–Unda yosh edingda, tinmagur, – deydi, nimangga maqtanasan, degan ohangda.
–Nima, hozir qarimanmi?
Mayram chaqqon unga sinchkov razm soladi.
–Ebi, chindanam qarimabsan, – deydi so‘ng hayratini yashirolmay. – «Momo-momo» deganlariga ko‘zimga keksarganday ko‘rinib qopsan-da. Chindanam, yoshsan hali. Erga teksang, ul tuvg‘iliq siyog‘ing bor seni.
–Shukr, rahmatli cholimdan qolganlariyam yetib ortadi menga.
–Unda «momo» degizdirma, – Mayram chaqqon ne tashvishda kirganini unutgan ko‘yi, yana unga boshdan-oyoq tikiladi. – Ko‘zga keksaytirib ko‘rsatarkan u seni.
–Anovu O‘tkir muallimning ishi bu, – Hamida dugonasi qavatiga bamisoli xirmonday cho‘kadi. – Maktabdagi bir yig‘inda, endi so‘z yurtimizning polvon momolariga dedi-yu, shundan «momo» bo‘lib ketdim.
–Ovziga bir urmabsan-da.
–Kimni?
–O‘tkirni-da.
–Hammaning oldida-ya.
–Tirkash qoraning ullarini urgansan-ku.
–Ular otani behurmat qip, bir-birlari bilan yoqalashgandi-da. Erkak emas ularing, – Momo ma’yus tortib, dugonasi tomon o‘girilarkan, beixtiyor yuragini ocha boshladi. – Bilsang, ulimdan ko‘nglim qolib, bovriginam yonib o‘tiribdi. Boyg‘ozining to‘yida To‘ra polvonning arvohini yomon chirqiratdi u. Otam aytmishli, g‘irrom olishdi. Bakavulniyam xudo urib qo‘yibdi ekan… Bu qishloqda o‘zi erkak qolmabdi…
–Sen go‘r, bari baloni bilasan.
–Nega bilmay, – Momo og‘ir xo‘rsinadi. – Otam rahmatli oldimni qaytarmaguncha yaylovda yigitlarning kuragini yerga ishqab yurganman… Rahmatli qaynotam shunimga havasi kelib, uliga so‘rattirgandi-da. Esingdami? Seni esa bir echkiga kuching yetmay yurardi.
–Ha-ya, yomon eding sen.
–Shu yomonligim uchun tunovgacha yuragimda bir ovruv yashardi, – Momo og‘ir tebranadi. – Endi u yo‘q…
–«Armon» de, – Mayram chaqqon tuzatish kiritadi, uning gapini bo‘lib. – Senda armon nima qiladi, gum bo‘lgur?
–Sho‘rlik cholimga bir martagina bo‘lsa-da yiqilib bermaganim manovu yerimda ovruv… yo‘q, armon bo‘p qogan-da, – Momo ulkan ko‘ksiga nuqiydi. – Bechora bekorga tirshanglab ko‘p ovora bo‘lardi.
–Ikkovlaring ham toza tentak edinglar, – Mayram chaqqonning ovoziga koyish ohangi inadi. – Bu yoqda bolalaring bo‘y cho‘zib kelayapti, silar esa kigiz titib olishib yotardinglar.
–Cholim, birgina yiqitmasam, armonda ketaman, deb qo‘ymasdi-da.
–Ana, ulidan yiqilibsan-ku, – deydi Mayram chaqqon chaqib oluvchi ohangda. – Tag‘in olish, bu qo‘lingni ham muvadak qilsin.
–Shu yiqilganim alam qilayapti-da, – Hamida momo mayib qo‘lini chaqaloq quchganday bag‘riga bosadi. – Yaxshi otasidan yiqilmay, yomon ulining himoyasidan yiqilib o‘tiribman, men tulup.
–Tag‘in orqang tutibdi-da, sen yashamagurni.
–Orqam tutsa, buytiblar tutab o‘tirmasdim.
–Emasam, nima? – Mayram chaqqonning jazavasi qo‘ziydi. – Nima bo‘ldi, nima qo‘ydi, ayt-da bunday.
Momo aytmoq istaydi. Ammo hasrati tiliga ko‘chmay dilida charx ura boshlaydi. Ulim bel olishadigan bo‘lganidan beri davralarga yaqin bormayman, deydi tili emas, dili so‘zlab, ko‘zimdan qo‘rqaman, so‘ng g‘ayratim qo‘zib, yuragim hapqiradi. Tunov kuni falokat bosib borib qopman desang. Qarasam, Shomurod sorigina bir yigit bilan bellashayapti. Birrovgina tomosha qilay-chi debman, men o‘lgiram. Odamlar orasidan qarab turibman. Ulim bovosining qo‘lini qilib, sori yigitning sonidan ildi. Ilgan bo‘lib, chotiga bir tepdi. Shunday bir yomon qiliq bor, kishi ko‘zi ilg‘amay qoladi. G‘irram qiliq. Yomon qiliq. Erkakka yarashmagan qiliq. Bundaylarni otam rahmatli yomon ko‘rardi, bolasi bo‘lsayam kechirmasdi. Bu qiliqqa duch kelgan polvonning nafasi ichiga tushib ketadi. Shu-u, sori bolayam yomon azob tortdi. Musofir-da, haqini ayirolmadi. Polvonidan tortib bakavuligacha g‘irram bo‘lgan bu qishloqda nimayam qila olardi u sho‘rlik. Jelak yechib, o‘rtaga tushay dedim bir. Tag‘in o‘zimni bosdim. Ichim kuyib uyga qaytdim. Izimdan qo‘chqor yetaklab ulim keldi. Gapirsam, irshayadi degin. Ursam – kam, so‘ksam, yana kam. Kel, bolam, senga olishni o‘zim o‘rgatay, dedim. Tag‘in irshayadi. Belidan oldim. Ulim polvon deb kerilib yurgan ekanmanu, buzilganidan bexabar qopman. Bilsang, ko‘zida quvlik, harakatida ayyorlik bor. Tikka keladigan polvon emas ekan u…
Bu xil sukutni o‘zicha anglagan Mayram chaqqonning battar ichi pishadi. Nima, o‘lib-po‘lib qoldingmi, deya uni turtadi. Hamida momo dugonasiga hamdard istab tikilarkan, beixtiyor deydi:
–Sigirday bo‘may o‘lay men. Jasadimni eplayolmay o‘zim yiqilib tushdim. Belbog‘i bo‘sh ekan, qo‘lim chiqib ketdi.
–Hozir yurgandir toza ichi achishib?
–Ena, sizga kurashni kim qo‘yibdi deb ustimdan kulib yuribdi.
–Qo‘limdan kemaydi-da, emasam, shu ulingni o‘zim…
–Qo‘lim tuzalsin, yerning ko‘ziga yopaman men uni.
–Voy, o‘lay, hali tag‘in olishmoqchimisan?
–Emasam-chi! – Momo dugonasiga balanddan boqadi, – Yomon polvonning enasi bo‘lguncha!.. Otamning arvohini chirqillatib qo‘ymayman men!..
Shu payt ko‘chadan ot to‘yoqlarining ovozi eshitilib, Mayram chaqqon uning gapini bo‘ladi.
–Uling keldi, shekilli.
Haqiqatan saldan so‘ng darvozada ot yetaklagan Shomurod polvon paydo bo‘ladi. Mayram chaqqon unga g‘azabli tikiladi. Ammo yigitning xushhol tabassumidan g‘azabi izsiz uchadi. Shomurod polvonning kulib turishlaridan, Hamida momoning da’volari noo‘rindek tuyuladi. Yo‘q, bu yigit g‘irromlik qilmaydi.
Yigitning tabassumidan ko‘ngli iyigan Mayram chaqqon dugonasiga iltijoli tikiladi, kechiraqol endi. Yo‘q, dugonasi kechiradigan emas, u hatto o‘g‘liga boqmoqni lozim topmay, qo‘shni hovlidagi terak uchlariga tikilib o‘tirardi.
–Uling keldi, –Mayram chaqqon dugonasini turtkilaydi.
–Kutib oladigan xotini bor, – Hamida momo holatini o‘zgartirmaydi.
–Buncha diydang qattiq.
–Bo‘larim shu! – Hamida momoning ko‘zlari endi ko‘kda ohista parvoz qilayotgan burgutga qadaladi. – Senga o‘xshab ikkibet emasman, irshayganga irshayib.
–Voy o‘lay! – Mayram chaqqon kichkina mushti bilan uning yelkasiga bir tushirarkan, supaga yaqin kelib salom bergan Shomurod polvonga shikoyat qiladi: – Bu qo‘liniyam sindir buni, Shomurodjon. Qara, odamni odam o‘rnida ko‘rmayapti. E, polvondi qizi bo‘may, tovning toshi bo‘gir. Qovog‘ini qara buning. E, kapaday bo‘may, o‘l sen!
Hamida momo o‘g‘lining salomini javobsiz qoldirgandek, dugonasining chirillashlariga ham e’tibor bermadi. Nigohi hanuz burgutda edi. Qiziq, qishloq ustida burgut aylanmasdi, nechuk bugun paydo bo‘lib qoldi? Xuddi o‘g‘lining izidan kelgandek. Tag‘in bu To‘rapolvonning arvohi bo‘lmasin. Qo‘rqib ketgan momo beixtiyor ko‘ksiga tuflarkan, o‘g‘li va dugonasiga og‘rinib nazar tashlaydi. Keyin tag‘in ko‘kka tikiladi. Biroq endi burgut ko‘rinmas, terak shoxlariga tegay-tegay deb o‘laksaxo‘r bir qush qanot qoqardi. Bundan momoning yuragi battar siqiladi. So‘ng naq qansharida o‘g‘lining ermaklovchi tabassumini his etib, yalt etib unga qaraydi.
– Men sizdan yiqildim, ena, – deydi o‘rtadagi dilxiralikni quvmoq niyatida o‘g‘li. – Istasangiz, umbaloq oshib yana yiqilib beray.
U picha gapirmoqchi edi. Enasining ko‘nglini ovlamoq maqsadida erkalanib, hazil-huzil qilmoqchi edi. Biroq… Enaning qarashida shunday bir istehzo mavjud ediki, bu na g‘azabga o‘xshardi, na pichingga. Botirning qo‘rqoqqa, mard-ning nomardga qarashiga o‘xshash nimadir edi bu. Bu xil qarash qarshisida kishi o‘zini mayda va arzimas his etadi.
Shomurod polvon beixtiyor ko‘zlarini olib qocharkan, yaqindagina xuddi shu xil qarashga yana qaerdadir duch kelganini o‘yladi. Qaerda va kim edi u? Darvoqe, Boyg‘ozining to‘yida birinchi tovoqqa talabgor bo‘lib chiqqan mallatob yigit mana shu tarzda qaramaganmidi? Ha, og‘riqdan qizargan, bo‘zargan, tishlari orasidan ingrangandi-yu, lekin, g‘irrom olishding-a, nomard, demagan. Buni ko‘zlarida bildirgan. Bildirganda ham alamu g‘azab bilan emas, ko‘pni ko‘rgan polvonlarga xos bosiqlik ila taassuf-la ifoda etgan. So‘kishu haqoratdan ko‘ra, bu qarashning yomonligini Shomurod polvon o‘shanda bilgan va so‘ng unutib yuborgandi. Endi shu ifodani enasining ko‘zlarida ko‘rib turardi. Yo‘q, enasi- ning nigohi zalvorliroq, kishini yanchib yuboray deydi. Bu zalvorni yumshatmay, nafas olmoq mushkul.
Bu orada Hamida momo o‘rnidan asta qo‘zg‘alib, hovli etagidagi hujrasi tomon yuradi. Shomurod polvon gunohkorona iljayib yo‘lini to‘sadi. Odatdagidek yelkasidan quchib, erkalanmoqchi bo‘ladi. Shunday qilsa, enasi hamisha tez kechirardi. Biroq momo yumshamadi. Yumshayolmadi. O‘g‘liga jiddiy tikilarkan, ich-ichidan g‘alati bir his xuruj qilayotganini tuydi. Bu tanish tuyg‘uni u allaqachon o‘tmish qa’riga ko‘mgandi. Buni qarangki, u to‘satdan tag‘in bosh ko‘taryapti. Momo dimog‘ida yaylov hidini tuyganday bo‘ladi. Tunlari o‘tov qavatida yoqiladigan gulxan alangasi ko‘z o‘ngida aks etadi. Gulxan tevaragiga umidvor yigitlar qadam qo‘yguvchi edi. «Meni kim yiqitsa, o‘shanga tegaman», degan g‘aroyib qizni kimning ham ko‘rgisi kelmaydi. Bu ahdini qiz uydagilariga emas, dugonalaridan biriga bildirgan. Dugonasi tushmagur bu gapni yelga aytgandi. Yel esa qanotiga ilib, tevarakka sochadi. Ota bu gapni juda keyin eshitadi. Bu paytda qiz anchagina yigitning kuragini yerga ishqashga ulgurgandi. Uzoq-uzoqlarda to‘ylab, davralarni gullab qaytgan ota qarshisida ajdodlari timsolini qo‘rganday bo‘ladi. Hech balodan tap tortmas momosining qovoq chitishlarini-yu, enasining polvonnamo kelbatini qizida ko‘radi. Bir ammasi bo‘lgich edi, bir himodayoq har qanday erkakning suyagini shiqirlatib yuborardi. Nazarida, qizi kurashga tug‘ilgandek, buning esa iloji yo‘q edi. Ota bosh chayqab «uyat» dedi, «bas» dedi. Oqibat, qiz tabiiy mayl va tug‘yonlarini jilovlashga majbur bo‘ladi. Aniqrog‘i, hislarini kishanlab, tug‘yonini qalbiga qamaydi…
Ushbu tug‘yonlar qayta bosh ko‘tararkan, momo yana kurash istadi. Bu istak kechagisiga o‘xshamasdi. Kechagisida g‘azab bor edi. Bugungisi uning ixtiyoridan tashqarida yuz bermoqda. U beixtiyor o‘g‘lining beliga qo‘l yuboradi. O‘g‘li avvaliga belini bo‘sh qo‘yadi. Kulib nimadir deydi. Chamasi, odatdagi hazilini qildi. Biroq momo shu qadar kurash istardiki, qulog‘iga gap kirmasdi. O‘g‘lining vujudi taranglashayotganini sezarkan, saldan so‘ng jiddiy qarshilikka o‘tganini his etadi. Bu qarshi harakatdan momo rohatlanadi. Istagi tiyiqsiz bir kuch oladi. Mayib qo‘li rostlanib, o‘ng yag‘rinini «raqib»i tomon xiyol egarkan, dimog‘ida o‘tkir ter hidi, otasi To‘ra polvonning davra aylanishlari ko‘z o‘ngida bir zumga aks etdi-da, qizligida so‘nggi bor aytgan o‘sha xitob bo‘g‘zidan ko‘chdi.
–Yo-yo, pirim!
O‘z xitobidan qulog‘i ochilib, ko‘zi ravshanlangan Hamida momo o‘g‘lini oyoqlari ostida ko‘radi. Shomurod polvon, bu ne sinoat, deganday ko‘kka termulib yotar, narida tik qotgan kelinining og‘zi ochilib qolgan, Mayram chaqqonning hayrati unikidan kam emasdi. Ana u ko‘makka oshiqqanday dik etib o‘rnidan turadi-da, hanuz lolu hayron cho‘zilib yotgan Shomurod polvonning boshiga keladi. So‘ng kutilmaganda uning atrofida irg‘ishlab aylana boshlaydi.
–Yo‘qitdi! Yiqitdi! Hamida polvon Shomurod polvonni yiqitdi!
Qo‘liga qayta kuchli og‘riq kirganini sezgan momo o‘g‘lidan uzoqlashar ekan, ko‘kda boyagi burgutning paydo bo‘lganini ilg‘aydi. O‘laksaxo‘r qushning izi uchgan, burgutning parvozi esa osmonga juda-juda yarashib tushgan edi.
_____________________
* Muvadak – mayib


07

(Tashriflar: umumiy 445, bugungi 1)

Izoh qoldiring