Normurod Norqobilov. Ena bo‘ri. Qissa

06    Бола ўтов эшиги ташқарисида, кўзлари тўла уйқу, оёғи билан ерни пайпаслаганча, кавушини қидирарди. Онасининг андаккина зарда аралаш эркалаб койинишлари адоқлаб улгурмай, аввал бир, сўнг тўнкарилиб ётган иккинчи пойини топиб, оёғига иларкан, сўл тарафда қалашиб ётган қоятошлар томон зинғиллашдан бурун ўтовнинг ўнг ёнида, тутаётган ўчоқ бошида ўзига орқа ўгириб турган онаси Сарагулга шунчаки бир назар ташлаб қўяркан, шунда ўтовдан, чамаси, ўттиз одимча наридан, кунчиқишдаги арчазор қиялик сари ошиқмай бир маромда йўртиб бораётган, ҳайбати ўртачадан зиёдроқ, кулранг тусдаги ғоятда кўркам итга кўзи тушди…

Нормурод Норқобилов
ЭНА БЎРИ
09

07Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган. “Зангори кўл”, “Унутилган қўшиқ”, “Юзма-юз”, “Пахмоқ”, “Бекатдаги оқ уйча”, “Жўшқин дарё”, “Овул оралаган бўри”, “Бўрон қўпган кун” каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари, “Дашту далаларда” ва “Қорақуюн” романлари нашр этилган.

– Ҳа-а, қурсоғингни лорсиллатиб, тағин қўни-қўшниларни шўрини қуритиб келаяпсанми, а, Бойбичахон?! Ҳа-а, Бойбичча бўмайгина ўлгин сен! Кўзларинг жавдирамай кетгин сен!
Бу пайтда бола ўтов эшиги ташқарисида, кўзлари тўла уйқу, оёғи билан ерни пайпаслаганча, кавушини қидирарди. Онасининг андаккина зарда аралаш эркалаб койинишлари адоқлаб улгурмай, аввал бир, сўнг тўнкарилиб ётган иккинчи пойини топиб, оёғига иларкан, сўл тарафда қалашиб ётган қоятошлар томон зинғиллашдан бурун ўтовнинг ўнг ёнида, тутаётган ўчоқ бошида ўзига орқа ўгириб турган онаси Сарагулга шунчаки бир назар ташлаб қўяркан, шунда ўтовдан, чамаси, ўттиз одимча наридан, кунчиқишдаги арчазор қиялик сари ошиқмай бир маромда йўртиб бораётган, ҳайбати ўртачадан зиёдроқ, кулранг тусдаги ғоятда кўркам итга кўзи тушди. Айни шу дамда кулбет жонивор ҳам, кимсан сен, дегандай ўткир кўзларини ғалати чўғлантириб, айнан ўзига айрича қараб қўйганини бола сезган эса-да, ўлгудек заҳартанг қилиб турган эмасми, итнинг бу ғалати боқишига ортиқча эътибор бериб ўтирмади, нега деганда, тезгина қоятошлар панасига ўтиб, сўнг қайта иссиқ кўрпа оғушига шўнғиш илинжида эди-да у. Бироқ, шунга қарамай, думи ва қулоқларига тиғ тегмаган жонивор барибир диққатини тортмай қолмади, чунки ўзи билган ва кўрган овул итлари орасида ҳалигача бу хилдагисини учратмаган, қара-я, агар думи ва қулоқлари кесилмаса, ит дегани жуда кўркам бўларкан-а, деган хаёлда қоятошлар томон зипиллади.
Бола тонгги эпкиндан эти жунжикиб, ўтов ёнига қайтганда, боя кўрган кулранг ит аллақачон қияликдаги арчазорда кўздан ғойиб бўлган, онаси эса ўчоқ қошида чўккалаб, тутаётган ўтни қўзғаш ва пуфлаш билан овора эди. Бироқ нотаниш жониворнинг камдан-кам итларга хос салобат-ла йўртиши ҳамда келишимли жуссаси боланинг шуурида муҳрланиб қолган эмасми, уни қайта кўрмоқ умидида, иссиқ ўринни бир зумга унутиб, онасидан сўради.
– Бояги ит қани, эна?
– Қанақа ит? – Сарагул унинг барвақт турганидан ажабсингандай елкаси оша бир қараб қўяркан, сўнг ўчоққа юзланиб, ўғил бола бўла туриб, бўрини итдан ажрата билмадингми, нодон, деган оҳангда деди: – Қанақа ит… жондор-ку у!
Бола табиатан анча-мунча журъатли эса-да, бу гапдан қовуғи бўшашиб, иштонини ҳўллаб қў­йишга бир баҳя қолди. Уйқуси батамом ўчиб, дам онаси, дам арчазорга лолу ҳайрон боқаркан, сўнг биров бехос энсасига турткандай, бирдан ҳушёр тортди. Кўзларини аланг-жаланг қилганича, одатда, ҳар тун ўтовнинг кунботиш тарафидаги қўтонда сурувни тевараклаб ётадиган ўз итларини қидирди. Аммо уч бирдай итдан бирортаси йўқ – тонг саҳарда отаси Чори чўпон томонидан қўзғатилган қўй-қўзилар ортидан аллақачон яйловга чиқиб кетишганди. Болани таажжубга солган яна бир ҳол – салгина бурун бу ердан номининг ўзиёқ ҳар қандай юракка ададсиз ваҳима солғувчи ёвуз бир махлуқ йўртиб ўтмаганидек, қуйида, қутондан наридаги кенг сойлик саҳнида қантариқли тўриқ отдан ташқари, беш-олти қорамол бемалол ўтлаб юрар, гирди чўп ва оғоч билан ўралган беридаги чоққина қўрада эса дардмандлиги туфайли сурувдан қолган уч-тўрт ушоқ жонивор ҳамда икки бузоқча тинчгина кавш қайтариб ётар, қисқаси, атроф тинч ва осойишта эди.
Боланинг назари қачонки қўтонни супуриб-сидириб юрган опаси – Барнога тушгач, ҳайрати минг чандон ортди, нечун чумчуқ пир этса, юраги шиғ этадиган опаси жондордан ҳайиқмади?
Ё онаси ҳазиллашдимикан?
Йўқ, онаси ҳазил-ҳузул қиладиган аёллардан эмас.
Боз устига, тоғлар орасидаги бу овлоқ маконда бегона итга пишириб қўйибдими? Бундан чиқди, кўргани чиндан-да жондор экан-да!
Бола, кўнгли тўла ҳадик, ўтовга кирди.
Қалин кўрпани энгагигача тортиб, қайта ухлашга уриниб кўрди.
Бироқ энди уйқу қайда.
Бола қаватида пишиллаб ухлаб ётган укасини турткилаб уйғотгиси ва ҳозиргина кўрганларини оқизмай-томизмай, борича сўзлаб бергиси келди. Аммо уйғотгани билан иниси кучукваччадай ғингшиб, ғашига тегишдан бошқасига ярамаслигини ўйлаб, бу фикридан қайтди. Ётган жойидан ўтов увуқларига, шифтдаги энли-энсиз қизғиш тузмаларга, тепадаги ярим очиқ чанғороққа, керагаларга осилган турли рўзғор буюмларига бирма-бир кўз ташлаб чиқаркан, нигоҳи тароқи хуржун ёнида илиғли турган қўшоғиз милтиққа тушгач, ҳадиги ариб, яроғи бор одам ҳам жондордан ҳайиқадими, дея хотиржам тортди.
Аммо кўрганларини кимгадир жуда-жуда айтгиси келди.
Бироқ кимга?
Бу ерда на бир жўраси, на бирор яқин сирдоши бор унинг.
Қани энди, шу тобда жини севмас бу яйловда эмас, жонажон овулида бўлиб қолса-ю, кўрганларини аввалига Ойнагул момосига, сўнг андаккина ошириб-тошириб, хамирдайин кўпчитиб, жўраларига сўзлаб берса, ҳайратдан уларнинг анқайишларини кўриб, роса ҳузур қилса. Айтганча, ўзини жасур, шунчаки жасур эмас, ўта даражада жасур кўрсатиш учун, кўп эмас, жиндек ёлғон ишлатса, ёмон бўлмайди. Дейлик, жондор бир одим, йўқ-йўқ, бунга ўлақолса ишонишмайди, бор-йўғи олти-етти одим наридан менга бир қараб қўйди-да, қалайсан, дегандай думини бир-икки тўлғаб ўтиб кетди деса, бас – умрида жондорнинг ўзи тугул, унинг соясини-да кўрмаган жўраларига шу гапнинг ўзи етиб ортади.
Бола, хаёли жондорда эса-да, ўзини жўралари орасида ҳис этиб, юраги бир қалқиб тушди, сўнг шимолий довон орти кенглигидаги қадрдон овулини кўз олдига келтириб, беихтиёр чуқур хўрсиниб қўяркан, ҳар йили эрта кўкламдан куз ўртасига қадар ота-онаси қўним топадиган бу яшил яйлов ўзи учун ғоятда бегона, ғоятда зерикарли маскан эканини, магар инон-ихтиёри ўзида бўлганида борми, одам топмас бу овлоқ маконда бир дақиқага ҳам қолмай, бутун ёзни жонажон овулида, дўстлари билан гирди дарахтзор тақир майдонда эртадан кечгача копток тепиб ўтказишни миясидан бирма-бир ўтказар экан, Райимқул бобосидан жуда-жуда хафа бўлиб кетди. Боиси, мана иккинчи йилдирки, ёзги таътилни кутмаёқ бобоси уни ўзининг чавкар отига мингаштириб, тоғлар орасидаги ушбу яшил яйловга – Сувлиқсой водийсига ташлаб кетади, товларга меҳринг ийсин, деб.
Бироқ тоғу тошларга боланинг меҳри иймайди.
Бу манзилда ториқишдан бўлагини туймайди.
Биринчи кунданоқ ранги синиқиб, кўзлари маъюс тортиб, овул четидаги тўп сурадиган ўша тақир ялангликни, айни туш маҳал чўмиладиган тиниқ сойини, тергашлари эркалашга, хипчинлашлари силаб-сийпалашга ўхшаб кетадиган ўта кўнгилчан Ойнагул момосини, уларга девор-дармиён қўшни бўлмиш меҳрибон ва чўрткесар Шаҳло аммасини ҳамда ўтган йили кўклам адоғида туман марказида яшовчи Қобилбек амакиси ҳадя қилган серқилиқ жимитдек ити – Қўнғироқни соғинади. Бола кўппакларни унчалик жини севмайди, аммо Қўнғироқни бутунлай бўлакча қадрлайди, чунки у жуда тийрак ва зийрак жонивор – ўйнатсанг ўйнайди, эркалатсанг эркаланади, сўзласанг англайди, койинар бўлсанг ақлли кўзларини жавдиратиб, кечир мени, дегандай бошини эгади. Мабодо, бирор ёққа кетар эрсанг, дарвоза тирқишидан ташга мўралаб, уйга қайтишингни илҳақ кутади.
Бола шуларни ўйларкан, соғинчдан кўнгли ўртаниб, бир хаёли, шартда ўрнидан туриб, шу ондаёқ овулига жўнаб қолгиси келди. Бироқ бирор-бир жиддий сабаби бўлмаса, бу ҳаракатидан фойда йўқ – бобоси тағин отда олиб келиб ташлайди. Болани хуноб қиладиган яна бир ҳол – у қанчалик овулга интилса, бунинг акси ўлароқ, жўралари шунчалик унга ҳавас қилишади, нуқул, маза-маза, сенга маза, дейишади. Бола теваракдаги виқорли тоғларга, яшил яйлов кенгликларига маҳзун-маҳзун боқаркан, нимаси маза, дея доимо ҳайрон бўлади.
Бундан ҳам ночори – отаси қаватида бўлиш: бундай кезларда на тоғлар чўнглигини, на яшил арчалар тароватини, на енгил эпкин аллалаётган турфа чечаклар чиройини, на ўйноқи жилғалар сасини туяди, гўё чўпонлик тақдири азалдек, ланж ва тушкун бир кайфиятда сурув ортидан судралиб юраркан, зўр бериб, ўзича жонажон овулига қайтмоқнинг минг битта режасини тузади. Ҳадеб режа тузаверишдан чарчагач эса хуржун тубида ўзи билан олиб келган ола-була чарм коптогини қўмсаб, яйловнинг олис пучмоғида, офтобда оқарган дўппидек, дўмпайиб турган ўтов томон кўз ташлаб, ўзича ич-ичидан ўксиниб-ўксиниб қўяди. Чори чўпон қанчалик сабр-тоқатли одам бўлмасин, унинг тумшайиб юриши охири жонига тегиб, сен бола юракни тоза қон қип юбординг-ку, дея уни ўтовга ҳайдаб солади. Бироқ у ўтовга қайтиб ҳам ҳаловат топмайди.
Бу энди ўтган йилги гаплар.
Бу дафъа ўзини олдинда не бир зерикарли кунлар кутаётганини аввалдан билгани боис, кечадан буён чиройи очилай демасди. Бироқ тонгда юз берган бу воқеа унга фавқулодда қаттиқ таъсир этиб, вақтинчага бўлса-да, дилидаги бу нохуш кайфиятни кунпаякун қилиб ташлаганди. Ахир бўридек ўта даҳшатли бир махлуқнинг шундоққина ўтовлари ёнидан эмин-эркин ўтиб кетиши ҳеч ақлга сиғмайдиган ҳодиса эди-да. Бунинг устига, узундан-узун қиш кечалари катталардан жондор зотининг ёвуз қилмишлари ҳақида не бир гурунгларни эшитмаган у. Бу ерда эса жондор дегани нақ тумшуғи тагида ўралашиб юрибди! Буниси камдек, онаси уни койиб ва эркалаб ўтирибди!
Ё жондор дегани ёлғонмикан?
Бола ортиқ чўзилиб ётолмади.
Ўрнидан илкис қўзғолиб, апил-тапил кийинди.
Ташқарилашдан аввал, дастлабки иши – мили қуйига қарата осилган милтиқни силаб-сийпалаш бўлди. Кейин бунга ҳам қаноат этмай, уни қўлига олиб кўрди. Агар ихтиёри ўзида бўлганида борми, катта йигитлардек, уни елкасига илиб чиқарди-ю, лекин бу қилиғи онасига ёқмаслигини билгани боис, бу шаштидан қайтди.
У аста ташқарилади.
Бундай қарасаки, қозон тўла сутни шопираётган онасининг нечундир зардаси қайнаброқ турибди. Бола кўпроқ момоси қучоғида ўсганлиги учун азалдан онасига бақамти келавермасди. Ҳозир ҳам унинг кўзига кўрингиси келмай, ўтовнинг сўл қанотидан секин айланиб ўтди-да, ўтов ҳамда қўтон оралиғидаги кафтдек ялангликда қурилган ўрмак белидан ҳатлаб, қўтонни тугатиб, эндигина қўрани супурмоққа киришган опаси қошига борди ва паст овозда сўради.
– Опа, бояги… чиндан-да жондормиди?
– Нима, гумонинг борми? – деди Барно юмушдан бош кўтармай.
– Мен уни… итга ўхшатдим-да…
– Майли, унда ит бўлақосин.
– Опа, сиз билан ҳазиллашаётганим йўқ!
– Сен билан ҳазиллашишга менинг ҳам вақтим йўқ.
– Опа, кўп қонимни қайнатманг!
Бу гапдан сўнг қаддини тиклаган қиз кўклам қуёшидан қорая бошлаган кулча юзини табассумга тўлдириб, вой-бўй, ҳали сен менга жаҳл қиладиган бўп қолдингми, дея унинг устидан кулмоқ истади. Бироқ қошида кўзларини ўқдек қадаб турган боланинг гезарган афти бунга монелик қилди. Қиз унинг бу қадар жиддийлигини энди кўраётгандек, пича қараб турди-да, сўнг хиёл терсланиб деди:
– Ҳай-й, жондор ҳам дейлик, хўш?
– Нима, хўш? – бу сафар боланинг кўзлари бежо оловланди. – Агар у чинданам жондор бўлса, бу ердан изини қуритмоқ керак!
– Қандай қилиб?
– Қоқ манглайидан отиб! – деди бола ўтовдаги яроқни назарда тутиб.
– Осон экан-да…
– Нимаси қийин?
– Қўлингга ҳеч милтиқ тутганмисан ўзи?
– Мана энди, тутамиз-да!
– Тутмаганинг маъқул.
– Нечун?
– Нечунлигини, ана, энамдан, шомда отамдан сўрайсан…
– Ўзингиз айтсангиз пучуқ бўлиб қоласизми?
– Ҳа, пучуқ бўлиб қоламан.
– Опа, ачувимни қўзитманг! – бола овозини бир парда кўтарди.
– Қўзитсам, нима қилардинг?
Бола бу ёғини ўйламаган экан, не деярини билмай, бир муддат туриб қолди. Кейин оғирлигини у оёғидан бу оёғига ташлаб, ўнг муштини оғзига тутганча, аввал томоқ қириб, сўнг кетма-кет йўталган бўлди. Барно, кучинг дўқ қилишга етдими, холос, дегандай киноямуз жилмайди. Бу болага оғир ботди. У урмоқ учун тош қидиргандай, беихтиёр, ён-верига алангларкан, шунда кўзи наридаги ўрмакка тушиб, зуғумли оҳангда деди:
– Нима қилардим, анову ўрмак ипларини битта қолдирмай, кесиб ташлайман!..
Бу – боланинг қўлидан келиши тайин эди.
Бундан қиз ҳушёр тортди.
– Энам терингни шилийди сўғин, – дея боши билан ўчоқ томонга имо қилди. – Қара, шусиз ҳам ачуви қўзиб турибди.
– Нечун?
– Қора товуқни тулки илиб кетибди…
Бола тошлардан наридан-бери тикланган катакка, гўнг титкилаб юрган товуқларга боқаркан, ажабсиниб деди:
– Итларнинг кўзи қаёқда эди?
– Тулки сурув қўзғалгандан сўғин катакка бош суққанга ўхшайди.
– Катак оғзини маҳкам бекитиб қўйиш керак эди, – деди бола қора товуққа ичи ачиб.
– Шуни унутибман-да, мен ўлгир…
– Энди энам этингизни нимталаса керак-ов.
– Йўқ, бир товуқ учун этимни нимталамайди.
– Унда нечун ачувланаяпти?
– Мендан эмас, тулкининг қилиғидан ачувланаяпти.
– Ёмон тулки экан лекин…
– Ҳа, ёмон экан…
Катакка бош суқмоққа ҳадди етган тулкига нисбатан ғазаби жўшган бола бир дамга жондорни унутди. Товуқ ўғрисини қидириб, аввал атрофига, сўнг водий теграсидаги маҳобатли тоғларга – шимолий ва жанубий довонга, боя йиртқич изсиз ғойиб бўлган арчазор қиялик ва унинг тепасидаги қояга, ҳали тўла бош кўтариб улгурмаган тонгги қуёш нуридан манглайи ёришган мағрибдаги чўнг қояларга, кенг ўтлоқнинг олис пучмоғида нуқтадек қорайиб турган отаси сурувига бир-бир кўз ташлаб чиқаркан, пировардида, теваракка чалғиб, тулкини эсдан чиқарди.
Борлиқ ғоятда тароватли эди.
Борлиқ ғоятда фусункор эди.
Борлиқ теран сукунат оғушида эди.
Бола бунинг барини кўради, аммо заррача ҳис этмайди.
Қайтага сукунат юрагига мисли тошдай оғир ботади.
Бундан қалби беҳад ўртанади – наҳотки кузгача шу сукунат оғушида қолиб кетса?
Бунақада сиқилиб, адойи тамом бўлади-ку!
Бола шу ўйда шимолий довонга ғамнок боқади: воажаб, тунов кунгина мана шу тоғ ортида жўралари билан маза қилиб тўп тепиб юрган эди-я. Кеча эрталаб эса тўсатдан бобоси: “Ов-в, сенам кап-катта йигит бўп қолдинг, бориб, яйловга эл, отангга бел бўсанг-чи, қачонгача орқа этаги тугилган боладай, момонг қучоғидан чиқмай юрасан”, дея отда уни яйловга ташлаб кетди. Бола, ўтган йилгидек, бу гал ҳам ўзининг севимли овунчоғи – коптогини унутмади, ўзи билан олиб келди. Ана, турибди ўтов биқинида, ташландиқ бир буюмдек. Дарвоқе, бу ерда уни ким билан ўйнайди? Анову йиғлоқи укаси ёхуд тонгдан шомга қадар ўрмакдан бош кўтармайдиган манову бодомқовоқ, сертабассум опаси биланми? Йўқ, тўп суришда иккиси ҳам рақибликка ярамайди – болага эса худди ўзидек чапдаст шерик керак. Бу камдек, онаси нечундир коптогини жинидан баттар ёмон кўради, кеча уни хуржундан олаётганида, энсаси қотиб, бежо қараб қўйган.
Бир пайт ўнг томонида “дўп-дўп” этган эласгина шовурни эшитиб, бола илкис ёнига ўгирилди ва ўтов қаватида ғимирлаб юрган онаси томондан атай тепиб юборилган тўпни, дик-дик сакраган кўйи, қуйидаги сойлик сари думалаб бораётганини кўрди.
Аёл ўтиш-қайтишига халақит бергани учун эмас, бу лаънати коптокка нисбатан ўғлининг меҳри ҳаддан зиёдалиги туфайли, болани ундан қизғаниб тепганди. Бир хаёли, уни ёниб турган ўчоққа тиқмоқчи бўлди-ю, бироқ ўтган йили айни шу қилиғи боланинг яйловни тарк этиши билан якун топгани боис, бу гал оналик ҳиссиётига ортиқ даражада эрк бермай, коптокни тепиш билан чекланиб қўя қолганди. Коптокни ёқар бўлса, бола йўқ дардни ўзига чорлаб бўлса-да, бу ердан қорасини ўчиради. Аёл эса боланинг тоғу тошларга сингиб-сингишиб кетишини, ўғил боладай бўлиб, улар бағрида эмин-эркин тентишини, керак дамда отаси сурувини бемалол эплаб-сеплашини истарди. Аксига олиб, ўғли бу ерда ўзини худди бегонадек тутарди. Аёл – ўзи учун ғоятда азиз бўлмиш бу яшил оламнинг ўғлига ола-була тўпчалик қадри йўқлигидан аламда эди. Шунинг учун тўп изидан чопиб бораётган боланинг ортидан қараб қоларкан, копток деган балони ўйлаб топганларни яниб, улар гўрига аямай ғишт қалай кетди.
Бола сойлик тубидаги тиканаклар орасида коптогини қувиб етаркан, алами тошгандан-тошиб, бу кеч ўзини атай касалга солиб бўлса-да, яйловдан кетмоқни маҳкам дилига тугди.
Нега энди ҳозир эмас, кечда?
Боиси ҳозир ўзини касалга солар бўлса, онаси, нима бало, бирор ёмон нарса еб қўйдингми, дея қатиқ ичиради, чалоп ичиради, оғзига ўқловдек қаттиқ бармоғини тиқиб, қайт қилишга мажбур этади. Отаси эса бунга сира изн бермайди: “Касал қўйга чўпон, бемор болага эса дўхтир қараш керак”, дея ортиқча шовқинсиз, зудлик ила отига мингаштириб, уни овул фельдшери бўлмиш Шаҳло аммасининг ҳузурига олиб боради. Бола кўзларини ёшлаб, ёлғондакам инқиллаб-синқиллаб, тоғда нечундир бошим гир-гир айланиб, нуқул кўнглим айнийверади, деяр бўлса, бас – ҳар касал кўрганида, негадир доимо дарров жиддий тортадиган аммаси, ҳаммаси тушунарли, сенга тоғ ҳавоси ёқмас экан, дея болани момоси қучоғида қолдиради. Эртаси тонгдан эса уни дараклаб жўралари келишади, аввал майдонда обдон тўп суришиб, сўнг чуғурлашганча сойга энишади ва шу билан деярли кечга қадар ҳовли юзини кўрмайди.
Ойнагул момоси меҳрибон – салга қўлига хивич олавермайди.
Райимқул бобосига келсак, Шаҳло аммаси тағин жиддий тортиб, бир талай тушуниксиз тиббий ибораларни тилга олиб, боланинг соғлиғи хусусида пича “маъруза” ўқиса, тамом – қайтиб, “яйловга бор” демайди.

Энг муҳими, суюкли коптоги бу ердаги каби хор бўлмайди.

* * *
Оқшом – сурув қайтгандан сўнг, бола эрталабдан тузиб қўйган режасини эндигина амалга оширмоқчи ҳам эдики, қўшни отарлик Жовли чўпоннинг кутилмаган ташрифи бу ишнинг белига тепди. Қўноқ олдида инқиллаб ётишдан истиҳола қилган боланинг унинг кетишини кутишдан бўлак чораси қолмади. Аксига олиб, Жовли чўпон сира ошиқай демас, ҳар икки гапининг бирида “амаки”лаб, қошида ўтирган Чори чўпонга ўз дардини баён этаётгандек эса-да, аслида бутун эътибори Барнода эди. Кўз қирида ичкарига кириб-чиқиб турган қизга, киши билмас, зимдан қараб қўярди. Чамаси, қиз ҳам йигитга бепарво эмас шекилли, бошида янги қирмизи дурра, ҳар ўтовга бош суққанида, яноқлари алвонланиб, кўзлари ғалати чақнарди.
Буни туйқусдан пайқаб қолган бола аввалига ажабсинди, сўнг опасини қўноқ йигитдан қизғаниб, ўз режасини унутганча, одоб билан гурунг бераётган Жовли чўпоннинг барча пинҳона қилиқларини қаншари остидан кузатишга тушди. Кўп ўтмай, гумони чинлиги аёнлашгач, қўноқ йигитни жинидан баттар ёмон кўриб қолди: қани энди, бу ярамас тўп сураётганида ўзига рўбарў келиб қолса-ю, боплаб чалиб йиқитса! Бола шу оташли ўйда, ўзига қарши майдонга тушган рақибининг куч-қудратини чамалаётган полвондай Жовли чўпонга бошдан-оёқ қайта кўз ташларкан, тезда бу хаёли пучлигини англади. Бир қарашда қўноқ йигит бўштоброқ кўрингани билан жуссаси пишиқ ва чайир эди. Одатда, бунақаларни тўп ўйини пайтида минг чалиб йиқитсанг-да, худди ҳеч нарса бўлмагандай, бир-икки думалаб, сакраб ўрнидан туриб кетаверади.
Бундан боланинг баттар алами қўзиди. У чеккасини қашлай-қашлай, бу ярамасни нима қилсам экан, дея лабларини маҳкам қимтиганча, ўтов ичига кўз югуртираркан, нигоҳи керагада осиғли турган яроққа тушгач, беихтиёр, қуйидаги тасаввурга эрк берди: у жийрон отда кунботишдан, чўнг қоялар ортидаги водийдан итдай суманглаб келиб қолган қўноқ йигитни яйловнинг бирор пучмоғида қўлга туширади-да, унга милтиқ ўқталиб, қани, отдан туш, қўлингни кўтар, дейди. Рақиби ўзига нисбатан ҳарчанд кучли бўлмасин, яроғ олдида мусичадай ожиз қолиб, сирғалиб отдан тушади-да, ҳатто сўз айт­моққа ҳадди етмай, дарров ҳар иккала қўлини баланд кўтаради. Бола эса ҳаялламай навбатдаги буйруқни беради: “Қани, олдимга туш!” Бола шу созда Жовли чўпонни ўртадаги Кемтикқоя по­йига қадар ҳайдаб боради-да, сўнгра момосининг бирда қўшни шўх йигитга қарата айтган сўзини тилга олиб, дейди: “Ув-в, суюқкўз! Гапнинг эркаги шу – бундан сўғин бу томонда ортиқ қорангни кўрмай! Агар тағин келар бўлсанг, билиб қўй, нақ манглайингдан отаман!” Қўноқ йигит ундан осонгина қутулганига минг бора шукрлар айтиб, Кемтикқоя сўл биқинидаги қуюқ тўқайзор оралаб кетган тор сўқмоққа ўзини урганча, қочади. Бола эса унинг кетидан осмонга қарата, бир-икки ўқ узган бўлади.
Ахир киноларда шундай қилишади-ку.
Бола бу ҳузурбахш қасосли ўйлар гирдобида ўзича тебраниб ўтирар экан, дафъатан қулоғига чалина бошлаган қаттиқ-қуруқ гап-сўзлардан хаёли бўлиниб, ҳушёр тортди.
– Ҳай-й, мақсадинг унинг бошига етишми, а?
– Ахир бизга кун бермай қўйди-да, амаки.
– Агар унга зиён етказар бўлсанг, сўнг қўшни жондорлар бизга кун бермай қўйиши мумкин-ку. Шуни биласанми сен?
– Уларниям битта қўймай қириб ташлаймиз.
– Сен бола, ёмон қирғич чиқиб қолдинг-ку, а!
– Кеча тундаям…
– Ув-в, менга қара! – Чори чўпон, босиқ феълига хилоф равишда, овозини янада кўтаради.
– Агар билсанг, чўпоннинг молида жондорниям ҳаққи бор, улуши бор. Бир-иккита молингга жондор қотингани билан қуриб, камбағал бўп қомайсан-ку ахир!
– Тўғри-куя… – Жовли чўпон бош эгиб, ияк силаб, аввал кўрсаткич, сўнг бош бармоғи билан бурун қашлаб, хўрсинган бўлади. – Барибир одамга алам қилади-да, амакижон.
– Ҳай-й, отанг раҳматли яқин жўрам эди…
– Чори чўпон ёмондан-ёмон тўнгланиб, ёнидаги бахмал лўла болишдан бирини тиззасига олиб, унга ўмров тираркан, ҳар бир сўзини салмоқлаб-салмоқлаб, этни жунжиктуривчи бир оҳангда дейди: – Жондорни деб, энди ули билан ёвлашар эканмиз-да!
– Э, э, ундай деманг, амакижон, ундайлар деманг! – Жовли чўпон чотидан ари чаққандай, бир сапчиб тушаркан, айни шу дамда тўгарак оқиш патнисда нон ва ширинликлар кўтариб кирган Барнога ер остидан кўз ташлаб қўйишни унутмаган ҳолда, дейди: – Сиздек отақадрдон билан ёвлашмоқдан Худонинг ўзи асрасин! Сиз бизга… отадек яқинсиз, амакижон!..
Бу гап-сўзлардан боланинг дастлаб англаб етгани шу бўлдики, бугун тонгда ўтов ёнидан, онаси айтганидек, қурсоғини лорсиллатиб ўтган жондор тунда қўноқ йигитнинг икки ойлик бузоғини бўғизлаб кетибди. Бир оздан сўнг бола яна қизиқ ҳолдан огоҳ бўлдики, дам-бадам қўшни отарларга оралаб турадиган ўша йиртқич отаси молига асло қотинмас экан. Табиий, бу – бола учун ҳеч кутилмаган синоат эди. Пировардида, унинг ақли шошиб, ҳайрати ошиб, қўноқ йигитга нисбатан бўлган ўтли адоватини буткул эсидан чиқарди.
Қизиқ, нечун бу жондор отасининг молига қотинмайди?
Бола қиз ва йигит ўртасида пинҳон кечаётган сирли “мулоқот”га ортиқ аҳамият бермай, тобора қизғин ва қизиқ тус олаётган гурунгни тинглашда давом этди.
– Отанг раҳматли Сурбўри галасини қуритиб, кўп хато иш қилганди-да лекин…
– Айтманг… – Жовли чўпон чуқур сўлиш олади. – Аммо отамнинг эмас, Ҳайдар амакимнинг иши бу…
–Билмадим, аммо-лекин молига қотинмай, чет-чақадан улоққан жондорларниям қотинтирмай келарди…
– Шундай-шундай…
– Лекин менинг шўримни қуритарди…
– Шундайми?
– Шундай.
– Энди сизнинг Бойбичангиз бизнинг шўримизни қуритаяпти…
– А, энди чидайсан-да…
– Шу-у дейман, амаки, – Жовли чўпон муҳим гапни айтмоқчидай томоқ қиради, – бу жондорга бошқача бир ном топсангиз бўмайдими, а? Бойбича… қулоққа қандайдир ғалатироқ эшитилади-да…
– Бу номни янганг топган, – Чори чўпон кулади. – Менга қолса, уни “Кулбет” деб атардим.
– Бу… “ака”дан кўра, қанжиғи… Бойбича пешкирроқми дейман?
Узун қиш кечалари бўрилар хусусида гурунг кетганда, айрим ёши улуғ кишилар “жондор” ўрнига, нечундир андак ҳурмат, андак эҳтиром билан, “ака” сўзини қўллашларига кўп бора гувоҳ бўлган эмасми, энди гап қандайдир арлон бўри томон нишобланганини бола зумда фаҳмлайди.
– И-и, “ака” бўмай ўлсин у! – Чори чўпоннинг зардаси қайнаб, сўкинган киши бўлади. – Ҳалиям ёшлиги борми, ё бўган бўлдиғи шуми, қанжиғига қарашмайди. Болаларининг бор ғам-ташвиши ёлғиз Бойбичанинг елкасида…
– Болаларини деб ҳеч бир балодан тап тортмайди денг?
– Шундай.
– Аввал йўғиди бу…
– Ҳа, ўтган кўкламда пайдо бўлди.
– Сурбўри тирик бўлганида, ўлақолса буларни доритмасди…
– Ҳа, асло доритмасди.
– Энди қадри ўтаяпти…
– Қадри ўтаяптими? – Чори чўпон истеҳзоли кулимсирайди.
– Ҳа, жуда ўтаяпти.
– Сигир этини заҳарлаб йўлига ташлаган, бензин сепиб, уясига ўт қўйган ким? – дейди Чори чўпон чақиб олувчи оҳангда. – Ўзларинг-ку! Яна нимадан хафа бўласилар?
– Айтдим-ку, бари амакимнинг иши деб.
– Ҳим-м, қиларини қип, яйловни булғаб-сулғаб, сўғин ўзи қочиб қолди де?
– Ҳа, чорва бизга тўғри кемас экан деб, қайта чўлга жўнаворди.
– Тутуриқсиз одам эди…
– Гапирманг…
– Бойбичага келсак…
– Шундан гапиринг.
Бу гурунг овулдаги кечки суҳбатлардан тубдан фарқ қиларди. Бунда гап бўриларнинг қонли қилмишлари ҳақида эмас, уларнинг ўзига хос ғаройиб табиати, феъл-атвори хусусида борарди. Суҳбат асносида бола қуйидаги гапдан янада тўла воқиф бўлдики, айрим жондорлар, минг бора оч қолса-да, ўзларига тегишли ҳудуддаги чорвага қотинмаганидек, уни ўзга бўрилардан тик туриб ҳимоя қиларкан. Агар тонгдаги воқеага гувоҳ бўлмаганида, бола бу гап-сўзларга икки дунёда ҳам инонмасди. Аммо ўз кўзи билан кўрдики, онаси койиб эркалаган Бойбича отлиғ жондор на сойлик тубидаги молларга, на қантариғли тўриққа, на қўрадаги ушоқ жониворларга, на қўтонни супуриб юрган Барнога қия боқди. Қўшнилардан бирининг синашта, ювош итидай, шундоқ ёнларидан ўтди-кетди. Қўшни отарлардан улуш олиб турадиган бу жонивор ёлғиз эмас, ўзига нисбатан анча ёш, ўйинқароқ арлони ҳамда тоғнинг кунчиқишидаги ўнгирларда бир талай болалари бор экан. Мабодо, Жовли чўпон унга заррача озор етказар бўлса, отаси қўноқ йигитни у дунё-бу дунё кечирмас экан.
Катталар гурунгини жон қулоғи билан тинг­лаётган болага “Бойбича” сўзи ёқмай, бора-бора ғашига тега бошлади. Наздида, бу ном келбати ғоятда келишимли жониворга сира мос тушмаган, уни хиралатиб тургандек эди. Шу боис, бу жондорни бўлакча номлаш керак, деган фикрга келди. Бироқ ҳар қанча бош қотирмасин, миясига дурустроқ бирор ном келмагач, қошлари тугун тортиб, ўйга чўмди. Ана шу пайт тўсатдан Жовли чўпон забонидан ёқимли бир ташбеҳ юзага қалқиди-ю, бу ибора болага жуда ёқиб тушди. У иборани ичида бир неча марта такрор этаркан, бу суҳбатнинг бош ва асосий мавзуси бўлмиш Бойбича унинг тасаввурида бутунлай ўзгача маҳобат касб этгандай туюлди. Бола энди жондорни шу ном билан аташга жазм қилди.
Эна бўри!!!
Боланинг тасаввур этгани шу бўлди: – Бойбича – тили заҳардан аччиқ қўшни қиз каби кўримсиз.
“Эна бўри” эса жуда улуғвор эди!
Бойбича – кечаёқ халижойга айлантириб олган ўтов ёнидаги қоятошлар мажмуаси каби ғариб.
“Эна бўри” эса – ҳар тонг қуёшнинг илиқ нурларини кенг манглайи ила қаршилайдиган мағрибдаги юксак қоялар янглиғ чўнг ва маҳобатли эди.
Бироқ қизғин суҳбат тағин ини теварагида лўмбиллаб ўйнаб юрган бўри болалари томонга қиялагач, секин-асталик билан шўхчан бўриваччалар боланинг бутун ўй-хаёлини забт этиб, сира кутилмаганда юрагида қуйидаги иштиёқ алангасини ўт олмоғига сабаб бўлди: “Қани энди, бўри болаларидан бирини қўлга киритсам! Уни асраб, ўзимга ўргатиб олсам! О-о, шунда жўраларимнинг бари ҳавас ва ҳасаддан хом тарвуздай думалаб-думалаб қолишарди-да ўзиям! Айниқса, тўп ўйнаётган пайтимда уни майдон чеккасидаги маймоқ тутга боғлаб қўйсам, ўйиндан сўғин уни кўча-куйдан етаклаб ўтсам… ўҳ-ўҳ, тозагина зўр иш бўларди-да ўзиям!”
Бу ўйдан сўнг боланинг тасаввурида шу манзара жонланди: ана, ўша бўривачча ҳовли юзида суюкли ити Қўнғироқ билан ўйнашиб ва қувлашиб юрибди. У эшикда кўриниши билан Қўнғироқ, одатдагидек, унга талпинади, атрофида чир айланиб, ирғишлайди. Буни кўрган бўривачча ҳам эркаликда ундан қолишмасликка тиришади ва оқибат, болани қизғанишиб, иккиси бир-бири билан юмдалашиб кетади. Бола, ҳай-ҳай, деганча бирини ўнг тиззасига, иккинчиси сўл тиззасига олиб, обдон силаб-сийпалайди ва эркалайди. Бунинг натижаси ўлароқ, бўривачча ҳам, худди Қўнғироқдай, ёт деса – ётадиган, тур деса – турадиган жониворга айланади.
Бола шуларни хаёлидан ўтказар экан, ҳаяжондан юраги қинидан чиқар даражада ҳаприқиб, бу ниятини кимгадир жуда-жуда ошкор этгиси келди. Бироқ соддадил Ойнагул момосини ҳадеб алдайверганидан, қувлик бобида анча-мунча пишиган эмасми, бир амаллаб ўзини босди ва ичидагини ташига чиқармасликка қарор қилди, яъни орзусини бобоси каби ими-жимида амалга оширмоқни маъқул топди. Чунки бобоси бирор-бир маъқули йўқроқ ишга қўл урар бўлса, аввалига ўша ишни адо этиб, сўнг тиш ёрар ва минғирлаб койинишга тушган кампирига ишора қилиб, мана силарга тайёр радио – ўзи гапириб, ўзи тинади, дея невараларига шўхчан кўз қисиб қўярди.
Эшикда катта сопол лаганда таом кўтарган Барно пайдо бўлгач, Жовли чўпон манглай қашлаб, панжалари орасидан тағин қизга сирли қараш қилди. Кейин бунга қаноат этмай, бошидаги дўпписини энсасига суриб, қайтадан бошига қўндираркан, бу сафар, гўё эшикка қараган киши бўлиб, бот қизга кўз ташлади. Барно ошиқ йигитнинг яширин боқишларига нисбатан беэътибор эмаслигини англатгандек, яноқлари янада баттар пуштиланиб, майингина жилмайиб қўйди. Бутун фикр-ёди бўри боласида бўлган бола буни сезмади. Атиги ярим соатгина бурун ҳеч нарса емай ва ичмай, ўзини касалга солмоқчи бўлганини мутлақо унутган кўйи дастурхон четидаги қошиқлардан бирини қўлига олиб, ҳамма қатори зўр иштаҳа билан таомланишга тушди. Бола энди яйловни тарк этишни эмас, аксинча, эртаси тонгда жондор изидан соядай эргашиб, арчазор қиялик тепасидаги қояга кўтарилиш ва йиртқичнинг қайси ўнқир-чўнқирга қайрилишига қараб, унинг инини аниқлаш ўйида эди. Боя Жовли чўпоннинг хиёл катта кетиб: “Аслида жондор инини топиш менга чўт эмас, бир лаҳзалик иш. Аммо-лекин сизнинг иззатингизни қип, бу ишга қўл урмай турибман-да, амакижон”, – деган гапидан ўзича пишанг олган эмасми, бу иш жуда жўн туюлмоқда эди. Бунинг устига, ўтган йили кўкламда яқин жўраси Элёр билан Каттажардан тулки инини қидириб топиб, болаларини қўлга киритган эмасми, бу ишда ўзини ғоятда омилкор санарди. Эсида, ўшанда жарлик тубидаги торгина инни теша билан кавлаб, кенгайтириб, еттита тулки боласини қопга жойлашса ҳамки, хўрак илинжида даштга изғиб кетган тулкилардан дарак бўлмаган. Шунга кўра, бола қуйидаги хаёлда эди: “Жондор деганиям тулкидек бир гап-да, аввалига инини аниқлаб, сўнг бирор ёққа гум бўлишини пойлаб туриб, бир уринсам, битта боласи меники-да!”
Бола эмасми, бугун гурунгда эшитганларидан ўзича хулоса чиқариб, назарида, бўриларни беш қўлдай билиб олгандек эди. Ҳолбуки, у ҳеч вақони, жумладан, ҳамиша турли гирди-балолардан, чунончи, отасининг сурувидаги итлардан ҳам четланиб юришнинг обдон ҳадисини олган Бойбича – энди Эна бўри – мағрибда қомат кериб турган чўнг қоялар ортидаги қўшни водийга бош суққан кезларида, мабодо, изига ярим тунда қайтар бўлса, яйловнинг жанубий этагидан, яъниким жанубий довон пойи бўйлаб машриқ томонга чўзилиб кетган Илондара ёқалаб, агар тонгда – отаси суруви қўзғолгандан сўнг қайтмоғига тўғри келиб қолса, ўтлоқнинг шимолий сарҳадида қўнқайиб турган ўтовни ёнлаб ўтишини ва ўз навбатида, жониворнинг бу “эркалиги” онаси Сарагул туфайли бўлиб, улар ўртасида юзага келган бу ўзига хос “дўстлик” инсон ва ёввойи жониворлар орасида камдан-кам ҳолларда рўй берадиган ғаройиб ҳодиса эканини, табиий, билмасди.

* * *

Аёл Эна бўрига илк бора ўтган йили кўкламда дуч келганди.
04Ўша куни эндигина яйловга кўчиб чиқишган бўлиб, ўтов чўпларини тиклаш ҳамда оғир кигизларни тортишга озми-кўпми қарашган Чори чўпон боясароқ сурув изидан кетган, қайнотаси бошчилигида қолган майда-чуйда юклар билан ана-мана келиб қолиши лозим бўлган қизи ва ўғилчасидан эса ҳалича дарак йўқ – ўтовда Сарагулнинг ёлғиз ўзи эди. Аёл ҳар кўкламда так­рорланмиш бу юмушнинг обдон ҳадисини олган эмасми, ўзга бировнинг кўмагига эҳтиёж сезмай, ўтовнинг кам-кўстларини тўғрилаш билан овора эди.
Сарагул бошқа юклар қатори ўтов ташқарисида турган чий тўпларидан бирининг ипини бўшатаркан, ногаҳон нақ энсасида қандайдир ўткир нигоҳни ҳис этади. Ажабсиниб, аммо ўта хотиржамлик билан ортига ўгирилади ва сўлдаги қоятошлар биқинида чўнқайиб, чўғдек ёниқ кўзларини ўзига ўқдек қадаб турган Эна бўрини кўради. Аммо ўтовда туғилиб, ўтовда ўсиб-ўлғайган ва ҳали-ҳанузгача йилнинг илиқ фаслини овулидан йироқда – тоғу тошлар бағридаги кенг яйловда ўтказиб келаётган Сарагул ўз умри давомида бу каби бўриларга дуч келавериб, кўзи пишиб кетган эмасми, турган гап, пинагиниям бузмади.
Инсон ва йиртқич бир-бирига тикилганча туриб қолишди.
Эна бўри аёлнинг некбинлигини сезганидек, Сарагул ҳам чўнқайган жониворнинг келишган келбатига, салқитоб қизғиш кўксига, дам ўтдек чўғланиб, дам маъюс тортиб турган кўзларига синчков боқаркан, унинг бу ҳудудга бегона, сиғинди эканини дарров илғади ва кўнглида жондорга нисбатан ҳамдардлик ҳиси чечак отиб, ҳа-а, ётликдан ёмони йўқ – кўринган қорадан ҳадик тортиб, доим жонинг ҳалакда юради, дея ўйлади. Айни шу пайт, гўё аёлнинг кўнглидан нелар кечаётганини уққандай, йиртқич, беихтиёр тарзда, секин нола тортди – ғингшиди. Бундан аёлнинг кўнгли янада юмшаб, уни эркалаб деди:
– Ҳа-а, Бойбича! Бола-чақам деб тиним билмай човуб юрибсанми?!
Бу гапидан сўнг жониворнинг таранг вужуди андак бўшашиб, чўғдек ёниқ нигоҳи юмшаганини аёл зумда пайқади. Ўз навбатида, бирдан ирими эсига тушиб қолиб, кутилмаганда, муроди ҳосил бўлганидан ичида суюниб, жониворга меҳри ийиб қаради. Бу қарашига жавобан Эна бўри яна бир бора ғингшиб қўйди-да, кейин ўтовни бамайлихотир ёнлаб ўтиб, тўғри арчазорга шўнғиди.
Шу ўринда, Сарагулнинг иримчилиги хусусида тўхталар бўлсак, гап шундаки, яйловда, айниқса, кўчувнинг дастлабки кунларида бўрига рўпара келишни, яхшилик ва омад белгиси, деб билади.
Бу одат – унга онаси Сожида кампирдан ўтган.
Онаси яйловга кўчиб чиқишлари биланоқ ўтовдан хиёл узоқлатиб эчки боғлаб қўярди. Сўнг тунда юз бериши лозим бўлган жараённи интиқла кутиб, сергак ётарди. Агар кутилган ҳодиса тезда рўй беравермаса, тонг-азондан жаврашга тушарди: “Нима бало, жондор зотига қирғин келганми, а?!” Кечда сурувни иниси Тўрғинга қолдириб, эрталаб уни қабул қилиб оладиган, яъни ўрин алмашадиган отаси – Бўри чўпон йўлга отланаётиб: “Ҳа-а, ириминг қурсин сени-я!” – дея онаси устидан ошкора мазахлаб куларди. Бошда не гап-сўзлигини тузук англаёлмай юрган Сарагул қизалоқ ойдин тунлардан бирида ниҳоят ўша ҳодисага илк бора бевосита гувоҳ бўлади – аввалига отасининг уйқусираб тўнғиллаб сўкиниши, сўнг онасининг ҳаяжонли шивири қулоғига чалинади.
– Ана, ака келди, ака келди!
Катталар қатори чий тирқишидан ташга мўралаган тийрак қизалоқнинг кўзи эчки бўйнидаги арқонни тишлаганча, думи билан уни ҳайдаб бораётган бўрига тушади. Бу орада Сожида, уйқуси бузилганидан норози эрининг тўнғиллашларига ҳам эътибор бермай, қувончдан энтикиб, дейди:
– Худога шукр-эй! Ана, аканиям кўрдик, садақасиниям бердик!
Сарагул онаси каби ҳар баҳорда жондорга “садақа” бермаса-да, аммо яйлов аҳлидан фарқли ўлароқ, йиртқичларга ғаним кўзи билан қарамайди. Мабодо, кўчув бошида бирор жондорга дуч келиб қолар бўлса, иримчилиги туфайли, бундан ҳамиша боши кўкка етади.
Бу – унинг онасидан орттиргани.
Бўри чўпондан олгани эса – ҳозирда ҳам ҳар қандай асов отни салт минишдан сира ҳайиқмайди, шунингдек, ҳар қандай чигал масалада тез ва аниқ қарор қабул қилишда унча-мунча эркакни бир чўқишдаёқ қочиради.
Хуллас, Сарагул ўзининг ўктам ва шаддод феъли, чўрткесарлигию ва тўғрисўзлиги, аксарият аёлларга хос бўлмаган ўткир ва виқорли қарашлари билан ҳаммага бирдек маъқул бўлавермаганидек, ўзи ҳам одам боласига нисбатан, жониворларни кўпроқ хуш кўради. Жондор зотининг тантилигига тан берганидек, айёрлиги важидан тулкиларни ёқтирмайди, бу уйинг куйгурлар, серқусур одамдек, на яхшини, на ёмонни билади, нафси йўриғида кўзингга чўп суқишдан ҳам тоймайди, дейди. Шунга қарамай, бу айёр жонзотга сира ёмонлиги йўқ. Аммо тўриқни миниб, яйлов кезинмоқни истаб қолса, қаршисидан чиққан тулкини, олдига солиб қувламасдан тинчимайди. Аслида тўриқ от – Чори чўпонники, аммо яйловда кўпроқ унга Сарагул эгалик қилади, томоғига ўзи қарайди. Шунингдек, шикаст еган қўй-қўзилар бўғзига ҳеч қачон дарров пичоқ торттирмайди, қўлидан келганча ўзи муолажа қилади. Қизиғи, ҳар шомда сурув итлари уни ўлгудек соғиниб қайтишади, қўй-қўзилар қўтонга етиб улгурмай, улар аёл томон мисли ўқдек учишади, бир-бир суйкалишмасдан нари кетишмайди. Азонда Сарагул, борақолинглар, демагунча бирортаси сурувга эргашмайди, худди нимадандир умидвордай, тайсаллаб тураверишади.
– Сенда қандайдир бир сеҳр бор… – дейди Чори чўпон буни кўриб.
– Томоғига қараган мен, – дейди гоҳида Барно қизи ўпкаланган бўлиб. – Буларингиз нуқул сизга интилишади. Ишқилиб, буларни жоду-подулаб қўймаганмисиз, эна?
– Ҳа-а, чиндан-да, энангда сеҳр-жоду бор, – дея Чори чўпон кулган бўлади.
– Мен ҳам шу ўйдаман, – дея уни қувватлайди Барно қиз.
Аёлда эса, ҳеч қанақа сеҳр-жоду йўқ, шунчаки борлиққа нисбатан, онамерос, беқиёс меҳр бор. Табиатан камдан-кам одамлардагина мавжуд бўлмиш бу ноёб “меҳр” – аёл ботинида вулқон янглиғ оташланиб, мавжланиб, кўз илғамас ёғду каби, жисми-жонидан теварак-атрофга мудом таралиб тургани сабаб, жонивор зоти борки, бари унга талпинади. Меъёридан ошиқ эркаламаса-да, сурув итларининг аёл атрофида гирдикапалак бўлиши ёхуд ўтов теграсида умргузаронлик қилувчи турли ёввойи жонзотларнинг дам-бадам чийиллаб, чирқиллаб, ўзларининг мавжудлигидан огоҳ этиб туришининг асл боиси шудир. Айниқса, аёл ўтовда танҳо қолган кезлари ғаро­йиб бир ҳолатни кузатмоқ мумкин: бундай пайтда сойлик тубини макон тутган юмронқозиқлар бемалол қўтон томон ўрлаб, ўчоқбошида сариқ илонлар ўрмалаб, ўрмак гирдида тошбақалар суд­ралиб, қиялик этагидаги буталар ва тиканаклар орасидан ҳуркак товушқонлар мўралаб қолади. Бироқ ҳамиша юмуш билан банд бўлмиш Сарагул бунга кўпда аҳамият бермайди, табиий ҳол деб билади. Мабодо, шунчаки иш орасида қўтондан берман ўтиб, ўрмак ёнида ғуддаймоққа журъат этган бирорта юмронқозиққа “кишт” деяр бўлса, жонивор қочмайди, салгина нари жилган бўлиб, тағин қоққан қозиқдай қўққайиб тураверади. Аммо бу ҳолат жуда муваққат – ўтовга кимдир ташриф буюриши билан бирдан бари тезда эски ҳолига қайтади – юмронқозиқлар қуйига эниб, бошқа турдаги жонзотлар, ерга синггандай, бир онда кўздан ғойиб бўлади. Аёлдаги бу ғайритабиий кучни ўшанда Эна бўри ҳам туйганди.
Аммо, энг ачинарлиси, ёввойи жониворлар ҳис қила билган бу кучни бола туймайди, қайтага онасидан қаттиқ чўчийди. Бундан ташқари, овулидан айро тушгани сабаб, бола теваракка ўта бефарқ – уни на тўрғайлар саси, на жимитдек чумчуқлар тўполони, на ўзга бир нуқтага қадалиб тургандек бўлса-да, аслида кўзи остидан ўзи томон яқинлашаётган кимсанинг бор хатти-ҳаракатларини зимдан кузатмоқни ғоятда қойиллатадиган соқчи юмронқозиқ қувлиги, на тиканаклар орасига бекинишга улгурган товушқонни тутаман дея, бекорга тумшуғини яралаб олган шошқалоқ тулкиларнинг нодонлиги, на ҳудуд талашиб, жанг олдидан худди аскарлардай саф тортган айрим турдаги чумолилар ҳаракати қизиқтиради. Бобоси отда яйловга ташлаб кетган дамдан бошлаб, кўзлари мунгланиб, қандай бўлмасин овулга қайтишдан бошқасини ўйламайди.
Буни аёл сезади.
Бундан аёл қаҳрланади.
Бугун ҳам ўғли шу ниятда қандайдир найрангни ўйлаётганини Сарагул шомдаёқ пайқаганди. Афсуски, бола қорин чангаллаб, афтини тириштиришга улгурмай, Жовли чўпон келиб қолди-ю, аёлнинг диққат-эътибори боладан қўноқ йигитга кўчди. Бежизга эмас – Жовли чўпон зарурат юзасидан қадам ранжида қилгандек эса-да, аммо тоғ шароитига у қадар мос тушмаган ораста энгил-боши, ўта ҳафсала билан қиртиш­ланган ияги, бурқсиб турган чучмол атир ҳиди ҳамда у келиши билан дарров ўзгариб қолган Барно қизига, киши билмас, ер остидан боқишлариданоқ унинг не ниятда ташриф буюрганини дарҳол сезганди.
Бундан аёл мийиғида кулди.
Уч кун бурун қўноқ йигит отда қўра ёнидан ўтаётиб, қизидан улоққан қандайдир жонлиқлар хусусида уни-буни сўраб-суриштирганида ҳам аёл худди бугунгидек кулганди. Зеро, чўнг қоялар ортидаги яйловдан улоққан жонивор зоти икки дунёда ҳам бу томонга ўрламаслигини, улуғлар тугул, увоқлар ҳам яхши билади-да.
Жовли чўпоннинг ташрифи аёлга жиндек малол келган эса-да, барибир йигитни тўғри анг­лашга уриниб, ўзича оқлаган бўлди: ахир яйлов овул эмас-ку, бирор-бир овлоқда юзлашиб, юрагингдаги борини тўксанг. Бунинг иложини тополмагач, мана, жондор баҳона, юзига кул сепиб бўлса-да, қўноққа келиб ўтирибди. Шунга кўра, аёл таомни хиёл кечиктириброқ сузди, ўзининг ўткир қарашлари билан йигит бечорани ноқулай аҳволга солмаслик важидан ўтовга бош суқмади, ўз навбатида, қўноқ йигитнинг гапларига лаққа тушиб, жаҳл билан Эна бўрини ҳимоя қилмоққа тушган эрининг соддалиги устидан узун енгини лаб-лунжига босиб, елкалари силкиниб-силкиниб, роса кулди.
Аёл қалби шуни сездики, бу кеч йигит йўлини топиб, қизига нимадир дейди, қиз ҳам шунга қараб ўз жавобини айтади. Кейин кун оралатиб, қўшни отардан совчилар келади. Қиз томон эса, одатга кўра, атай жавобни дудмол қилади. Совчилар кетгач, аёл қизнинг кўнглига аста қўл солган бўлади. Зеро, бунга асло ҳожат йўқ – қизи тушмагур бекорга бошига янги дурра ўрамади, бекорга кўзлари ёниб-ёлқинланиб, ўтовга кириб-чиқмаяпти. Сарагул барини сезиб турган эса-да, ўзини билмаганга олади. Қозон бошида у-бу тотинган бўлиб, тўнкарилган эски челакка чўкканча, осмон тўла

юлдузларга термилиб ўтиради.

* * *

Бу пайтда Эна бўри ини жойлашган ўрлик гирдида жуфти Тархашни кутиб, ҳайкалдай чўнқайиб турарди. Жонивор бу ерга қуёш ботиши олдидан кўтарилган бўлиб, унгача кўкиш, силлиқ тош саҳнида сочилиб ўйнаб юрган болаларининг ҳар бир хатти-ҳаракатини меҳр-ла кузатган кўйи сокин чўзилиб ётган, ўнгир нишоблигидаги буталар орасида эса ушбу бўриваччалар отаси бўлмиш Тархаш ҳалигача қайнаб қуйилмаган жуфти оғзидаги оғоч билан андармон бўлиб, ўз майлида тентираб юрарди. Кейин у бирдан ғойиб бўлиб қолди. Эна бўри жуфтининг қаён жилганини аниқлаш ўйида ўнгир тепасига кўтарилган ва ҳидидан кунчиқишдаги бутазор оралаб кетганини аниқлагач, кўнгли жойига тушиб, овга отланишдан аввал унинг йўлига кўз тикиб турган жойи эди. Кутишидан мақсад, зора ҳамроҳ бўлса, деган умидда эди. Бироқ Тархаш ҳамиша ҳам унинг райига юравермайди, мустақил тентишни яхши кўради. Бу камдек, болалари билан мутлақо иши йўқ – ўзини эндигина кучга кирган ғўр жонивордек тутади.
Эна бўри унинг мана шу аҳмоқона феълидан – билиб-билмай, бирор фалокатни бошлаб қўйишидан доимо ҳадикда юради. Чунки ҳудудида “одоб” доирасидан четга чиқишда хавфли нуқталар мавжуд бўлиб, ана шундай нуқталардан бири – Сувлиқсой водийси эди. Агар Эна бўри ҳушёр турмаса, нодон жуфти ўртадаги омонат чизиққа – одатда, инсон ақли ва жониворлар фаҳм-фаросати туфайли юзага келадиган муҳим “битим”га дахл қилиб, яйлов эгалари мол-ҳолига қотиниши, пировардида, Чори чўпонни ўзларига қарши қилиб қўйиши мумкин эди. Бу – болалари тақдирига ниҳоятда масъул бўлган Эна бўри учун фожеадан бўлак нарса эмасди. Афсуски, ҳалига қадар ўзини жиловламаган, боз устига, номига яраша хийла қайсар бўлган Тархаш қўни-қўшниликнинг бу каби ўзига хос нозик сир-асрорларини тўла идрок этгиси келмас – қимирлаган жон борки, барига ўлжа сифатида қарарди.
Эна бўри Тархашнинг кўз очиб кўргани бўлиб, жуфтига нисбатан анчагина ёш ҳамда нодон эди. Нодонлиги боис кўкламда Чори чўпоннинг молига човут солмоққа бир неча марта уриниб кўрган ва ҳар сафар қанжиғининг жиддий қаршилигига дуч келган. Айниқса, ҳафта бурун юз берган тўқнашув ғоятда кескин тарзда кечди – Эна бўри томонидан аёвсиз таланган Тархашнинг биқин ва яғринини ўткир тиш излари тилимлагандек, бу жангда қанжиғи ҳам ўз насибасини олмай қолмади. Бу хил олишувларда Эна бўрининг ягона устун жиҳати – болалари ҳаётига хавф солиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай ножўя амалга жон-жаҳди билан қарши турар, яъни ундаги оналик ҳисси, шусиз ҳам табиатан кучли бўлган жондорга янада катта қувват бағишларди.
Бу воқеадан кейин Тархаш ўзича аразлаб, бир неча кун ўнгирда қорасини кўрсатмади, тоғнинг кунчиқиш тарафида ўз насибасини териб-тергилаб юрди. Бироқ ёлғизлик ёхуд соғинч туйғуси кор қилдими, кеча у яна юз кўрсатди. Эна бўрини тевараклаб, айланиб-ўргилиб, бир амаллаб қанжиғи кўнглига йўл топди. Болаларига эса, одатдагидек, қайрилиб ҳам қарамади. Юқорида бирров тилга олинганидек, Тархаш ҳалича ўзини ота сифатида ҳис эта билмас, топганини жиғилдонига уриб, ўз майлида суманглаб юраверарди. Магар Эна бўри ўрнида одам боласи бўлганида борми, ўз оиласига нисбатан бу қадар бепарволиги учун уни юмма талаган, болалар ташвиши, нима, ёлғиз менинг бошимдами, дея оҳ-воҳ қилган бўларди. Бироқ одам боласига хос бу хил ёзғиришлар ёввойи жониворлар табиатига бутунлай ёт – борини бор ҳолича қабул қилиб, кўникиб кетаверадилар. Шунга кўра, боя Тархашнинг ғўр жониворларга хос қилиқларини тинчгина кузатиб ётаркан, Эна бўрининг бирдан-бир ўкинчи – аввалги жуфти Сўпоқни қўмсаш ва соғиниш бўлди.
Сўпоқ жанубий довон ортида воҳасининг етакчи жондорларидан бири бўлиб, кичик тўдани бинойидек бошқариб келарди. Эна бўри эса ўша тўданинг эрка ҳамда ақлли маликаси эди. Бироқ ўлгудек қаттол Сўпоқ бу “малика”нинг фаҳм-фаросатини чангда қолдириб, ҳамиша ўз йўриғида иш тутар, яъни воҳа аҳлини қон қақшатиб, қўрадаги жонлиқларни бекордан-бекорга, эрмакка бўғизлаб кетаверарди. Ва табиий, айни шу нарса тўданинг бошига етди – водий аҳли уларни йўқотишга аввал ўзлари уриниб кўришди, эвини қила олишмагач, қуйисойлик икки овчини ёллашди ва бу икки овчи ваъда қилинган мукофот эвазига бундан аввалги қишнинг қоқ чилласида тўдани тутдай тўкиб ташлашди. Бу қирғиндан омон қолгани шу – биргина Эна бўри бўлди. У тўдасидан айрилгач, улоғиб ва сулоғиб, бу томонларга келиб қолди-да, Сўпоқдан орттирган сўнг­ги зурриётларини Тошлидара қиялиги белида сўппайиб турган улкан қоя – Бургутбоши пойидаги кавакда танҳо ўзи дунёга келтирди. Ёлғизлиги кор қилдими, ё болаларининг ташвиши жиддий таъсир этдими, Эна бўри шу қисқа давр ичида ҳам жисмонан, ҳам ақлан янада пешланди ва секин-асталик билан бу ҳудудни тамомила ўзиники қилиб олди, эринмай сарҳадларини белгилаб чиқди ва натижада, машриқдаги қорли тоғлар этагидан тортиб Сувлиқсой водийсидаги чўнг қояларгача, шунингдек, шимолий ва жанубий довоннинг маълум бир қисми унинг ҳудудига айланди. Эна бўрининг бахтига бу томонга дам-бадам бош суқиб турадиган Сурбўри тўдаси сал бурун мавҳ этилган бўлиб, энди бу ҳудудда унинг ҳукмронлигига монелик қилиши мумкин бўлган кучнинг ўзи йўқдек эди.
Бироқ шундай куч бор эди.
Бу куч кўклам кунларидан бирида тўсатдан ўзини намоён этди.
Ўша куни шимолий довоннинг сербута тизмалари бўйлаб тентинган ва топган ўлжаси билан қурсоғини чала-ярим тўлдирган Эна бўри тушдан ўтиб, Сувлиқсой водийсининг шимолий-шарқий этагидаги тор дарадан яйловга бош суқаркан, яшил кенглик марказида ёйилиб юрган сурувга кўзи тушиб, ҳанг-манг туриб қолди. Ахир бугун эрталаб ўтлоқда жон асари йўқ эди-ку, булар қаердан пайдо бўлиб қолди? Шу дамгача у турли ертешар жонзотларга бой бўлмиш яйловда эмин-эркин кезинарди. Энди бу ҳолга чек қў­йилгани ва яшил водий одам боласи томонидан банд этилганини дарров англади. Унинг шарқий дўнглик ёқалаб олға жилмоқдан бўлак чораси қолмаганди. Эна бўри ини томон элтувчи энг яқин йўналиш – қияликдаги арчазорни қоралаб олға жиларкан, кутилмаганда қоятошлар мажмуаси ортидаги ясси дўнгликда, худди осмондан тушгандай, қўнқайиб турган ёлғиз ўтовга дуч келди.
У қўнқайиб турган ўтовдан эмас, унинг тўсатдан қаршисида пайдо бўлиб қолганидан бир лаҳза эсанкираб қолди. Кейин эса, одатига кўра, аввалига ҳид олиб, сўнг теваракка зимдан назар солиб, ўтов қаватида азалий ва абадий ғаними эрмиш итлар бор-йўқлигини аниқлаган бўлди. Бир оздан сўнг ўтовда, назарида, жон асари йўқдек туюлиб, чеккадаги харсанг пойига чўнқайди. Бир хаёли, иссиғи борида, ими-жимида изига қайрилиб кетмоқчи ҳам бўлди. Бироқ англарсиз бир куч негадир жойидан жилмоғига изн бермай турарди. Бу ёғига не қиларини билмай, тараддудланиб турганида, шу пайт ўтовдан бир аёл чиқиб келди-да, ҳали ичкарига ташиб киритилмаган юклар ёнида тўхтади. У собиқ жуфти Сўпоқдан пайт пойламоқнинг обдон ҳадисини олган эмасми, аёлни кўргач, ошиқишга ҳожат йўқлигини фаҳмлади. Чунки, ўз тажрибасидан шуни яхши биладики, одам боласи итдек сергак эмас, гоҳо у тумшуғи тагидаги қорани ҳам дарров сеза олмайди.
Бироқ аёл итдан сезгир чиқиб қолди.
Нигоҳлар тўқнашди.
Бу хил кутилмаган дамларда, одатда, ҳамиша қуйидаги икки ҳолатдан бири кузатилади: ё одам боласи қўрқувдан мисли тарашадай қотади, ё худди жин чалгандай, “жондор-жондор”, дея дарҳол шовқин кўтармоққа тушади.
Аммо бу дафъа на униси, на буниси юз берди – аёл хавфли йиртқичга эмас, гўё олис отардан адашиб-улоқиб келиб қолган, айни тобда андак меҳрга муҳтож абгор итга боққандай, шундай бир хокисорона қараш қилдики, унинг назаридан Эна бўри илиқ бир тафтни туйгандай бўлди. Бунинг устига, ёлғиз бошига болалари ташвиши зиёдалик қилиб, шу кунларда жони азобда юрган эмасми, атиги бир лаҳзадан сўнг аёл кўзларида ошкора жилоланган қувонч учқунлари қатори, ундан уфураётган бўлакча бир тафтни ҳис этиб, беихтиёр, ғингшиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бирор муддатдан кейин аёлнинг, таҳдиддан бутунлай йироқ, эркаловчи овози қулоғига чалингач эса, Эна бўри навбатдаги илиқ тўлқин – тафтни бу гал нақ юрагида туйди.
Бу ўринда, яна шуни айтиш керакки, агар ҳозир қаватида жуфти Сўпоқ турганида борми, турган гап, Эна бўри аёл ботинидан балқиётган ғаройиб бу илиқликни ҳис қилмаган, тўдабошининг ёвуз қатъиятига итоат этган ҳолда аёлга ғаним кўзи билан боққан бўларди. Сўпоқ тўдаси одам боласига бирон марта тажовуз қилмаган эса-да, аммо инсон қавми бу ёруғ оламда энг қудратли, энг хавфли ғаним эканини Эна бўри яхши билади. Бироқ некбин қарашли аёл билан бўлган бу учрашув жониворнинг шуурига фавқулодда кескин таъсир этиб, шу кезгача юраги тубида тўнғиб ётган муҳим бир табиий йўриқнинг қайта жонланмоғига сабаб бўлди.
Хўш, бу қандай йўриқ?
Табиатдан маълумки, аксарият йиртқичлар ўз ҳудудидаги чорвага тиш қайрамаслик, яъни қўни-қўшничилик муносабатига дахл этмаслик йўриғига деярли ҳамиша амал қилиб келади. Бу эса кишилар орасида жондор зотининг ўзига хос мардлиги ва тантилиги хусусида турли гап-сўзларнинг тепчимоғига асосий сабаб бўлиб келади.
Аслида-чи?
Аслида, бу йўриқнинг бош омили – хавфсизликдир. Ақл-идрокли жониворлар, асосан тажрибали тўдабошилар бунга доимо риоя қилиб келади. Ўз навбатида, бунинг акси ҳам кузатилади.
Энди Эна бўрига келсак, жониворнинг онг-шуурида азалдан, яъниким табиатан мавжуд бўлган бу йўриқ Сўпоқнинг ёвуз феъли важидан, тўнғиб, юраги қаърида муз қотиб ётарди. Буни қарангки, ушбу “муз” аёл ботинидан қалқиган илиқ тафтга бардош беролмади – “эриб”, қайтадан жонланди. Бу жонланиш туфайли, Эна бўри инсон қиёфасидаги қудратли кучнинг хавфли ғанимга эврилиш ва эврилмаслиги кўп жиҳатдан ўзига боғлиқлигини идрок этаркан, аёл қошида кўп қотиб турмай, иззати борида, ими-жимида қорасини ўчирмоғи лозимлигини англади. Ўтов соҳибасига нисбатан сира ёмонлиги йўқлигини намойиш этиб, жумладан, ўзи ҳам аёлдан бирор нохушликни кутмай, ўтовни ёнлаб, тўғри қияликдаги арчазорга оралади.
Бироқ Эна бўри бир нарсадан – бу рўйи заминда одам боласидан минг чандон қудратлироқ яна бир куч – табиий офат деган бало мавжудлигидан ҳали мутлақо бехабар эди. Орадан ҳафта ўтиб-ўтмай, бу кучдан ҳам бохабар бўлди. Даставвал инларини тарк этган теваракдаги майда жониворларнинг қаттиқ безовталанишидан ҳализамон нимадир содир бўлишини сезгандай бўлди. Сўнг эса…
Бу пайтда Эна бўри қурсоғини чала чайналган этга тўлдирган кўйи ини томон ошиқмоқда эди. Болаларини озиқлантириб, сўнг ўзи ҳам андак ором олиш илинжида эди. У тошлоқ муюлишдан жадал қайрилиб, эндигина инига рўбарў бўлган ҳам эдики, туйқусдан оёғи остидаги ер титраб, тоғу тошлар қасир-қусур қилганча, тебранмоққа тушди. Оқибат, кўчкилар кўчиб, улкан қоя – Бургутбоши пойи қияликдан қулаган тошларга тўлди ва Сўпоқнинг энг сўнгги зурриёдлари бўлмиш болалари унинг кўз ўнгида тошлар тагида қолиб, нобуд бўлди.
Бу пайтда қаватида Тархаш йўқ эди. Тархашни бу йилги қишда учратди. Аллақаердандир ёлғиз ўзи улоғиб келиб қолган ва ҳалича урғочи ҳидини туйишга улгурмаган бу бўз бўри Эна бўрининг дидига унчалик ўтиришмаган эса-да, аммо ўзидан насл қолдиришдек қудратли табиий майлга бўйсиниб, Тархаш билан жуфтлашди. Зеҳи буталар билан қопланган ўнгир тўрида жойлашган уядаги бўриваччалар шу мослиқнинг биринчи зурриёдлари эди. Мана энди, ҳам болаларини ёлғиз ўзи парваришлаш, ҳам Тархашнинг тайин­бетайин қилиқларига доимо кўз-қулоқ бўлиб юришга мажбур эди.
Эна бўри жуфтини кутишдан фойда йўқлигини англагач, тағин ёлғиз ўзи овга жўнаркан, бу сафар шимолий довонни мўлжал тортди.

* * *

Бола ичини ўтдай ёндираётган орзусига тезроқ етишмоқ ўйида арчазор қияликка ўрлаганида, эрталабки салқин эпкин тиниб, кўклам қуёши эндигина тоғу тошларни қиздирмоққа тушганди.
У ими-жимида юқориларкан, пастда қолган энасининг ҳар лаҳзада “қаёққа” деб қолишидан ҳадиксираб, ўз навбатида, нима, мен сизга манқоси оққан боламидимки, ҳадеб босган қадамимни ўлчайверасиз, демоққа ўзини чоғлаб, гўё кимгадир иддио қилгандай, ўрланиб-сўрланиб борарди. Ҳолбуки, онаси айрим жонсарак оналардек ҳеч қачон унинг босган қадамини ўлчамас, шунга кўра, дилидаги режасини пинҳон тутган ҳолда, истаган бир баҳонани рўкач қилиб, қияликка тирмашмоқ учун онасидан бемалол рухсат олмоғи мумкин эди. Бироқ эсини таниши биланоқ, барча овул болалари каби ҳеч бир изнсиз қирма-қир, адирма-адир дайдимоққа одатланган эмасми, худди қиз бола каби онасидан рухсат сўрамоқни ўзига ор деб билди. Чунончи, у энди гўдак эмас, шу ёзда ўнни адоқлаб, ўн бирга қадам қўяди. Райимқул бобоси айтмишли, еттидан сакраб, саккизга манглай урган ўғил бола ўзини ҳақиқий йигит санамоғи лозим экан. Ана, отаси кечадан, яйловга қадам қўйганидан бери аввалгидек шунчаки “улим”ламай, оғзини тўлдириб “жигит”лаяпти-ку. Онасига қолса, у ҳалиям орқа этаги тугилган бола… Ахир бунга тоқат қилиб бўладими!
Бироқ у кутган кескин хитобдан ҳадеганда дарак бўлавермагач, бола ербағирлаб ўсган сербутоқ арча ёнида бир зумга тин олиб, ажабсиниб, қу­йига кўз ташлади. Қарасаки, ўзи билан бировнинг иши йўқ, ҳамма ўз иши билан овора – онаси ўтовнинг ўнг биқинида, келинчаклардай, ғайрат билан куви пишмоқда, ўрмак белига миниб олган Барно опаси қўлидаги оғоч қилични гурса-гурса уриб, ҳар галгидек, берилиб гилам тўқимоқда, йиғлоқи иниси эса ўтов биқинидаги коптокни мазза қилиб тепкилаш ўрнига, қиз боладайин, ўчоқбошида сермаланиб юрибди. Буни кўрган бола дарров қуйидаги хулосага келди: “Бунақада икки тоғ ошиб кетсам-да, биров пайқамаслиги мумкин”. Бироқ чучварани хўп хом санаган экан – навбатдаги арча пойига етиб-етмай, керак онларда, кўзи қолиб, энсаси орқали кўра оладиган онанинг ўктам овози изидан қувиб етди.
– Бердиқул, кўпам олислаб кетма!
Буни сира кутмаган бола аввалига бир қалқиб тушди, сўнг қушдай енгил тортди, нега деганда, бу – “тушов” эмас, “изн” эди-да. Мана энди, ўнгу сўлига қарамай, бемалол шаталоқ отмоғи мумкин. Зеро, бугун тонгдан бери шунинг илинжида эди: дастлаб сурув ўрнидан қўзғалиб улгурмай, оёғига тўп тепадиган енгил ва қулай спорт пойабзалини кийиб, аввалига зўр интиқлик билан Эна бўри йўлига кўз тикди. Аммо йиртқичдан дарак бўлавермагач, ҳар сафаргидек, офтоб юз кўрсатмаёқ, қўтонни супуришга тушган опасига гўё қарашган киши бўлиб, астагина қўйнига қўл солиб кўрди. Қиздан Эна бўрини кунда эмас, ўзи хоҳлаган кунида ўтишини эшитгач, ҳафсаласи пир бўлиб, қўра деворига суянганча туриб қолди. Кейин ўзини қўлга олиб ва хаёлини бир ерга жамлаб, дастлаб қияликдаги арчазорга, сўнг унинг тепасида буржли кўҳна қалъа девори янглиғ бўйланиб турган қўнғир-қизғиш тусдаги қояга ғамнок термиларкан, ичидан қиринди ўтаётган эса-да, барибир болаларча орзуланди. Қани энди, шу тобда Эна бўри ёнидан ўтиб қолса-ю, кечагидай қияликка ўрласа, ўзи эса уни қоралаб, албатта, сездирмай, изидан тушса-да, анави қояга кўтарилиб, унинг қайси ўру гўрга кирганини аниқлаб олса. Бола назарида, қоя орти ўрликлардан иборат бўлиб, бўри ини ўша ўрликлардан бирида жойлашганди.
Бола шунга умид қилганди.
Болага бу юмуш жуда осон туюлганди.
– Кўпам ичикаверма, – дея боланинг хаёлини бўлди Барно. – Эрта ё индин тағин ўтиб қолар. Билмадим, унинг нимасига бунча қизиқиб қолдинг. Менга ҳеч бир қизиқ жойи йўқ. Жондорлигини айтмаса, итга ўхшаш бир жонзот-да…
Опасининг бу қадар беписанд гапиришидан таажжубланган бола унга тикилганча, серрайиб тураверди.
– Сиз ундан ҳечам қўрқмайсизми? – деди сўнг тилга кириб.
– Нимасидан қўрқаман, – деди қиз уни баттар ажаблантириб.
– Чинданам қўрқмайсизми?
– Йўқ, ҳечам қўрқмайман.
– Энам?..
– Энам учун ҳам итдан нари-бери бир ҳайвон-да, – деди қиз қайта ишга тутиниб. – Хоҳласа уришади, хоҳласа эркалайди… Қўрқма, у бизга қотинмайди.
Барнонинг бу гап-сўзларидан ўзича руҳланган бола бу гал қояга ўзгача бир нигоҳ билан боқаркан, Эна бўрининг ким-қачон ўтишини пойлаб-сойлаб ўтирмай, ҳозироқ қояга кўтарилишга аҳд қилди. Бироқ чатоқ жиҳати, бу ерни тоғу тош деб қўйибди, бу ишига онаси монелик қилмасмикан?
Бола бирдан сергак тортди, қизиқ, онасининг рухсат бериш-бермаслиги нечун шу пайтгача хаёлига келмади? Бу ҳақда нечун аввалроқ ўйламади?
Бунинг сабаби қуйидагича эди: ярим тунгача, кўзи илингунга қадар жажжигина бўриваччани ўйлаган, тушида эса уни қучиб ва эркалаб чиққан бола шу дамгача ўтли истак, оловли жаҳд оғушида эди. Бундан ташқари, омади чопиб, бугун бўри болаларидан бирини қўлга киритар бўлса, ўтовга қайтиб ўтирмай, тор дара орқали тўғри овулига жўнаб қолмоқчи эди. Жондор боласини кўтариб борар бўлса, бобоси, нечун яйловни ташлаб келдинг, демайди, қайтамга уни мақтайди. Момоси эса, турган гап, вой, менгина ўлай, бунинг каттаргач, ишқилиб, бизни еб-ютиб қўймайдими, дея оҳ-воҳ қилган бўлади. Хуллас, бўри боласини олиб борганлиги бирпасда бутун овулга гап бўлиб, у чинакам қаҳрамонга айланади.
Бироқ бу тонг Эна бўри қора бермагач, боз устига, опасидан унинг қачон ўтиши нотайинлигини эшитгач, барча режалари бир сонияда саробга айланиб, қайноқ жаҳди муз тортган ва оқибатда, эс-ҳуши жойига келиб, онасининг оловли феъли дабдурустдан эсига тушиб қолганди. Шунга кўра, нонуштадан сўнг дарров қияликка интилмади – шу атрофда тентиб юришига энасини кўниктирмоқ учун, ўзича, аввалига қоятошлар теварагида ўралашди, кейин бир неча муддат қўтонда ивирсиди, сўнг ёмғирдан кейин даштга қўзиқорин тергани чиққан болакайдай, бир майдон сойликда изғиди. Бир маҳал бундай қарасаки, нима қилиб нима қўйяпти, ўзи билан бировнинг иши йўқ – онасиям, опасиям ўзларининг кундалик юмушлари билан банд. Бундан боланинг ёмон ори қўзиди: “Нима, ўз эркида юролмайдиган ёш боламидим мен!” – дея қайта жаҳдланиб, қияликка тирмашган жойи эди.
Шунга қарамай, барибир онасидан хавотирда эди.
Мана энди, йўл очиқ – истаганча дайдиши мумкин. Бироқ бу – бемалол қояга тирмашавер дегани эмасди.
Шу боис, ниятини сездириб қўймаслик важидан, гўё шунчаки арчалар оралаган бўлиб, секин-аста юқорилай бошлади.
Бу орада дастлаб яқин туюлган қоянинг хийла узоқлигидан ажабланиб, тоғда ҳамма нарса яқин кўринади-я, деб қўйди.
Арчалар анча пастда қолиб кетган ўтовни кўздан яширишгач эса, илдамлашга тушди. Бироқ қиялик у юриб ўрганган қирлик эмас – юқорилаш хийла ноқулай эди. Бола паст-баланд арчаларни ёнлаб, катта-кичик тошларни оралаб, тиканакларга тилиниб, узоқ-яқиндан дам-бадамда сайраб қоладиган какликлар овозига чалғиб, ўт-ўланлар ораси турли ҳашаротларга мўллигидан ажабланиб, жадал юқориларди.
Қоя пастдан девордек тик ва текис кўринган эса-да, аммо юзаси энли-энсиз унгурлар билан бежалган, ингичка йўлакчалар ила тилимланган экан. Бола дуч келган йўлакчалардан бирига дадил тирмашиб, зумда қоя лабидаги пакана арча пойига етаркан, қизиқсиниб ортига назар ташлади ва қуйидаги ўтовнинг яғир дўппидек жуда кичирайиб қолганини кўриб, аввалига ҳайрон бўлди, сўнг эса анча олислаб кетганини англади. Аммо ўтовдан узоқлаган эса-да, қўрада мўраётган бузоқнинг овози нарги бетдаги какликлар сайроғи каби бемалол эшитилиб турарди.
Бола бу ҳақда бош қотириб ўтирмади.
Зеро, йўқ-бор нарсалар ҳақида бош қотирмоққа на вақти, на тоқати бор эди. Боиси у ўзи учун бутунлай нотаниш бўлган олам бўсағасида турарди-да. Назарида, бугун тонгда кўриниш бермаган Эна бўри қоя тепасида чўзилиб ётгандек эди. Қисқаси, хаёлида турли нохуш ўйлар ғужғон ўйнамоқда эди.
Бола арча бутоқларидан бирини тутганча, қулоғини динг қилди. Узун-қисқа йўталиб, тағин бир зумга тек қотди.
Бола андак чўчиб, ҳаяжондан тиззалари қалтираб, қоя лабига биринчи қадамни қўйди. Аммо салгина юрмай, яраланган қуш янглиғ ер қучиб ётган чоғроқ, кулранг қоятошга рўбарў бўлди. “Қуш”нинг ўнг қаноти иссиқ-совуқ таъсирида чатнаб, четлари уваланиб тушган қўнғир тусдаги ўртача харсанг ҳамда кичкина бутага тақалгани боис, бола оёғи остидаги майсаларни босиб-янчиб, сўл қанотдан айланиб ўтаркан, ўзи кутмаган ҳолда гирди ва юзасидаги тарам-тарам энли ва энсиз ёриқлари дағал майсалар билан қопланган оч қизғиш тусдаги ясси тош, аниқроғи, тошмайдон қаршисидан чиқди ва унинг бу қадар кенглигидан ҳайрати тошиб, вой-бўй, бемалол волейбол ўйнаса бўларкан-а, деб ўйлади. Тошмайдон саҳнига оёқ босгач, боядан бери юрагини ғижимлаётган ҳадикдан асар ҳам қолмади.
Тошмайдон қоянинг энг юқори нуқтаси бўлиб, шимолда у қўшни қояга баҳузур елка тираган ҳолда жанубга томон секин-аста қияланиб, мағрибдан машриққа чўзилган жанубий довон пойидан ўрин олган чуқур дара бўйидаги энсиз яшил сайҳонлик сари, чамаси, бир чақиримча ўркачлаб борган кичик тизма – арчазор қияликнинг давоми бўлмиш сербута дўнгликка ияк суяганди. Бу дўнглик Сувлиқсой водийси шарқий сарҳадининг маълум бир бўлаги, дара бўйидаги энсиз сайҳонлик эса қўшни Бурмали водийга олиб кирувчи йўлак – “дарвоза”си ҳисобланарди.
Бола тошмайдонни илдам кесиб ўтиб, қуйида ястаниб ётган Бурмали водийга бетланаркан, кўз ўнгида намоён бўлган манзарадан юраги орқасига тортиб кетди. Бир-бирига мингашиб ва чирмашиб кетган катта-кичик тошлоқ дўнглик ва ўнгирлардан иборат мўъжаз водий бағри тик ва чуқур жарликлар билан ҳам бўйига, ҳам энига аёвсиз равишда тилимлаган бўлиб, рафтори совуқ, жуда совуқ эди. Буни сира кутмаган ва ўзича бир текисда тарамлаган ўнгирларга дуч келмоқни ўйлаган бола бу нохуш манзара қаршисида донг қотди ва бағри чуқур жарликлар ила тилкаланган бу манзилдан жондор инини минг йилда ҳам қидириб тополмаслигига дарров амин бўлди.
Бола ваҳимали тарзда қорайиб турган чуқур жарликларга, улар тубидаги қуюқ буталарга, мисли қўриқчилардек қўнқайиб турган турли тус, турфа ҳажмдаги қоятошларга, қияланиб ва унгурланиб тушган ўнгирларга бирма-бир боқаркан, умиди бирдан синган эмасми, водийнинг нариги бетини чегаралаб, кўндаланг тушган баланд дўнгликка, кўкиш ҳовур оғушида сирли йўсинда ястаниб ётган паст-баланд тизмаларга, олисдаги қорли чўққиларга руҳсиз назар ташлаб турган эдики, кутилмаганда кўзи водийнинг дара бўйи яланглигидаги кичик тепаликлар орасида ғимирлаётган қорага, бу манзилда ҳамиша мўл-кўл бўлмиш семиз-семиз ертешар жониворларни овлаш дардида юрган Тархашга тушиб қолди. Агар у арлон бўрини тасодифан илғамаганида, жондор боласини қўлга киритмоқ ўзи ўйлаганчалик осон эмаслигини фаҳмлаб, бу ниятидан қайтган бўлармиди? Яна ким билади, ҳар ҳолда салдан кейин тепаликлардан бири ортида кўздан ғойиб бўлган Тархаш сабаб, бола қайтадан жонланди, Тархашни Эна бўри гумон қилиб, аҳ-ҳа, мана, ини қаерда экан, дея ўзида йўқ севиниб кетди. Бироқ эрталабки оловли жаҳдининг акси ўлароқ, қуйига энмоқни хаёлига ҳам келтирмади. Ваҳоланки жондор дегани тулки эмас, бориб бемалол инига қўл тиқсанг. Боз устига, ким қачонлардир жондорларнинг шўрини қуритган ва бу иши билан ҳозирга қадар давраларда мақтаниб юришни хуш кўрадиган қўшни овуллик Бойқул узуннинг гурунги, сира кутилмаганда лоп этиб эсига тушиб қолса бўладими: “…шу-у десангиз, бошда жондор уяси қаердалигини яхшилаб аниқлаб олдим, сўнг эртаси пана ерни танлаб, шамол кўзига тескари ётиб олдим. Совуқдан танам увишиб, қанча ётдим, билмайман, аммо-лекин бир кадича носни отиб тугатганим чин. Шу-у десангиз, бир маҳал жондорлар жўртиб овга жўнаб қолди. Қимир этмай ётавердим. Қачонки, жондорлар икки-уч газа ошиб кетганига кўнглим ишонгач, ё пирим дея, уясига аста уриб бордим, ўзим билган амални қўллаб, индаги болаларини битта қўймай қопга тиқдим…” Воқеа давоми бўри болалари учун аянчли якун топгани боис бола бу ёғини эслагиси келмайди: “Йўқ, жондор болаларига сира зиён етказмайман мен, – дея ўйлайди Бойқул узуннинг қилмиши учун кимдандир узр сўрагандай. – Менга фақат биттаси керак. Биттасини асраб олсам бас, қолгани билан ишим йўқ…” Бола шуларни хаёлидан ўтказар экан, бу орзу-нияти йўлида сабрнинг этагидан маҳкам тутмоқни, тутганда ҳам қўшқўллаб тутмоқни юрагига тугиб, гўё ҳозир ини оғзида лўмбиллаб ўйнаб юрган бўри болаларини илғай оладигандек, кафтини манглайига тутганча, тепаликлар томон қайта-қайта назар ташлайди. Агар шу пайт онасининг хиёлгина эласланган чорлови тўсатдан қулоғига чалинмаганида, у ҳаливери ўрнидан жилмас, тураверарди тепаликларга тикилиб. Чорловдан сўнг дарров эс-ҳушини жамлаб, магар ҳозирроқ изига қайтмаса, кейинги уринишларига онаси жиддий тўсиқ бўлмоғидан хавфсираб, тезда изига қайрилди. Бунинг устига, бугунги ҳаракати бесамар кетмаганидан, яъни ўзича жондор инини аниқлай олганидан кўнгли тўқ, димоғи чоғ эди. Бунинг устига, баландликдан туриб, бундан сўнг онасининг кўзича қояга тирмашиб юрмай, қўшни водийга “дарвоза” орқали кириш мумкинлигини ҳам билиб олганди.

Аёл қиялик этагидаги кекса арча ортидан манглайи терчиб, ҳадикда эса-да, аммо кўзлари ўзгача чақнаб, шатанглаб чиқиб келган болага зимдан боқаркан, ўғлининг бу ҳолатидан ич-ичдан мамнун бўлди. Негаки, яйловда уни бирор марта бу қадар шод, бу қадар қувноқ кўрмаган, доим кетарман одамдай, юракни қон қилиб, сумрайиб юрарди-да. Шунга кўра, боланинг қояга чиқиб тушганидан бохабар бўлса-да, худди бехабардек, бу ҳақда бир оғиз чурқ этмади – қайтанга бундан янада қувониб қўйди. Ахир қувонмай бўладими, кечагина яйловдан жуфтакни ростлаш ўйида ўзича важ қидириб, меровсираб юрган боласи дабдурустдан бугун қояга тирмашиб қолди.
Хўш, бу нимани англатади?
Аёл назарида, бу – бола қалбида тоғу тошларга нисбатан меҳр пайдо бўлганини билдиради. Бундай пайтда болалар фавқулодда фаоллашиб, оёғига минг тушов уриб қўйсанг-да, бир ерда тек ўтиролмай қолади ва боши оққан томонга улоқиб кетавериб, оналар учун ғирт дахмазага айланади.
Фақат Сарагулга ўхшаган аёллар учун эмас.
Чунки ўғли тенги вақтида унинг ўзи ҳам, қиз боламан-ку, деб турмаган, шўрлик онасини доим хавотирга солиб, тоғнинг ҳали у ўрида, ҳали бу ўрида дайдиб, тизза ва тирсакларини тошларга сидириб, бошини буталарга илдириб, учраган кавакка бош суқиб, турли жонзодларга дуч келиб, ўз майл-ҳавасида тентираб юрган. Салдан кейин эса бунга ҳам қаноат этмай, отда санғишни одат қилган. Аёлнинг дайдишлари олдида боланинг арзимаган бир қояга тирмашиши нима бўпти, аёл таъбири билан айтганда, ҳеч нима.
Сарагул шуларни хаёлидан ўтказаркан, дили нимадандир ғаш тортиб турганини ҳис қилди ва бир муддатдан сўнг бунинг сабабини топди – овоз бериши биланоқ боланинг зинғиллаб қуйига энганидан норози эди у. Бежизга эмас, агар ўғли ўрнида ўзи бўлганида борми, осмон бошига қулаб тушса-да, қоя ортидаги ерларни бир сидра айланиб чиқмасдан туриб, ортига қайтмаган бўларди. Боиси, аёлнинг ақидасига кўра, тоғу тошлар ро­йиш феълдан кўра, ўрликни хуш кўради, саркаш ва тиришқоқ одамгагина бағрини очиб, у билан сўйлашиб, куйлашади.
Аёл ҳар санғишидан сўнг, онаси Сожида хола томонидан бутанинг ҳўл новдаси билан “сийланса”-да, ҳеч қачон ортга чекинмаган, яланғоч болдирига пайдар-пай чирсиллаб тушаётган хивич зарбидан дод-фарёд қилиш ўрнига наридаги чўнг қояларга, беридаги арчали ўнгирларга боққан. Наздида, чўнг қоялар, бардам бўл, дея шўхчан кўз қисиб, арчали ўнгирлар ўз бағирларига чорлаётгандек туюлган. Бундан Сарагул куч олган, қувват олган. Куюнчак Сожида хола эса ўзига ройишли қиз ўрнига ўргина қиз берганидан Худодан нолиб-нолиб, уни хипчинлашда давом этарди.
Худо онаси орзулаган ўша қизни, мана, ўзига берди.
Барно аёлнинг ғирт акси – гўдаклигидан умри яйловда ўтиб келаётган эса-да, ҳалигача ҳозир укаси чиқиб тушган қояга бирор марта тирмашмаган, табиий, қўшни водийларга ҳам бош суқмаган – ўтовдан нари кетмай, тонгдан шомгача қўли юмушдан бўшамай, ғимирлаб юраверади. Аёл қизнинг бу қадар ўтроқлиги билан ҳеч қачон қизиқсинмаган, феъли шу – қадалиб ўтирганга, нечун қимирламайсан, тек турмаса, нега тек ўтирмайсан демайди – барини бор ҳолича қабул қилиб, керак-нокерак ерга тумшуқ тиқавермайди. Барно қизи иш куяси бўлмоқни ихтиёр этибдими, шундан кўнгли чоғми, марҳамат, куялигини қилаверсин ёхуд куз адоғигача бир эмас, икки жуфт гилам тўқимоқни мақсад қилибдими, майли, ниятига етсин. Ўз навбатида, қиз ҳам онаси эътиборига лоқайд, ҳар шом олди ўрмакдаги гиламнинг шу бугун тўқилган қисмини қаричлаб ўлчаркан, гар тўқигани мўлжалидан кам бўлса, нохуш тортиб, ортиқ бўлса, қийиқ кўзлари қувончдан порлаб, буғдойранг чеҳраси табассумдан жилваланиб, ҳадаҳа боши билан кечки юмушга шўнғиб кетади.
Кеча Эна бўри баҳонасида қўноққа келган Жовли, чўпон қизининг айни шу феъли учун суйиб қолганини аёл яхши билади. Ҳафта бурун ошиқ йигит юрак сирини ёлғиз ўз энасига баён этган эса-да, бу гап зумда қанот қоқиб, Сарагулнинг қулоғига етиб келган. Қизиқ жиҳати, чўпонлар қўналғаси бир-биридан анча-мунча йироқда жойлашган бўлишига қарамай, бу хилдаги гап-сўзлар қандайдир йўллар билан бирпасда барчага аён бўлади-қўяди. Ҳаттоки Жовли чўпоннинг қуйидаги: “Ёлғиз угина ёқамни оқартириб, умр йўлимни нурга тўлдиради, эна!” – деган ўтли эътирофидан ҳам аёл бохабар эди. Дарвоқе, шу ўринда яна бир гап: Жовли чўпон, қизга ошиқлигимни онамдан бўлак ўзга жон билмайди, деб ўйлаганидек, Барно қиз ҳам шу фикрда. Аёл эса, аксинча, бари-баридан хабардор. У йигитнинг бутун авлод-аждодини азалдан яхши билгани учун ҳам кечаги ўзига хос ғаройиб дийдорлашувга монелик қилмади. Акс ҳолда, отини тезаклатмаёқ, Жовли чўпоннинг думини туккан бўларди.
Хуллас, аёл қизининг ишларига ҳуда-беҳудага аралашавермаганидек, келганидан бери ўзича тумшайиб, ўзича дилтанг тортиб юрган болага ҳам тирғалмайди, лоақал, йигитдай бўп, сенам бундай теварак-атрофни айланиб келсанг-чи, қошимда сумрайиб турмасдан, демайди. Бу каби хоҳиш-истаклар боланинг ўзида туғилмоғини истайди. Бугун эса ҳеч кутилмаганда аёлнинг истаги рўёбга чиқди – ўғли ўз ихтиёри билан қояга чиқиб тушди, шунчаки чиқиб тушмади, яноқлари алвонланиб, кўзлари оловланиб тушди. Билъакс, бу ишга атай уннатилганида борми, бола қояни қалби билан эмас, жисми ила забт этган бўларди. Сарагул шуни яхши биладики, агар ҳар бир ишда киши жисмини қалб бошқармас экан, четдан бўлган барча уринишлар беҳуда.
Сарагул шу хаёлда қўлбола оқ сурп соябон остида гурсиллатиб ўрмак тўқиётган қизига шунчаки бирров кўз ташлаб қўйиб, сўнгра чинни косадаги чалопни ютоқиб симираётган болага аста юзланаркан, деди:
– Отангга тушлик ташлаб келмайсанми, улим?
Бу гапни айтиш асносида болага синовчан боқди. Мана, ҳозир боланинг биргина ҳолатидан кўп нарса аёнлашади: агар чеҳраси тундлашиб, кўзларида малолланиш аломати зуҳурланса, демак, барча умидлари пучга чиқиб, эрта қувонгани маълум бўлади. Аёлнинг бахтига, боланинг юзида норозилик аломати акс этмади, аксинча, чалоб юқи нимпушти лаблари орасидан қуйидаги сўз мисли қалдирғочдай енгил парвоз қилди.
– Майли.
Аёл ҳаялламай иккинчи синов ўқини отади.
– Уканг билан коптогингни тепкилаб тура тур, унгача мен…
Бола ўтов қаватида турган тўпга шунчаки бир қараб қўйди-ю, лекин, онаси кутгандек унга интилмади. Қайтанга, яйлов томонга юзланиб, нигоҳи ила отаси суруви қаердалигини қидирмоққа тушди.
Аёл бундан беҳад қувонди.
Аёл илк бор лаънати коптокдан болани қизғанмади.
Аёл бу таклифи нечун болага маъқул келганини билмади.
Магар бу юмуш куни кеча айтилганида борми, болага малол келмоғи тайин эди. Бугун эса аҳвол бошқача – бўри боласига беқиёс даражада ҳаваси кетган ва эндиликда уни тезроқ қўлга киритиш иштиёқида ёнаётган болага бу юмуш, том маънода, айни муддао эди-да. Мана энди, тушликни отасига ташлаб, изига қайтишида “дарвоза” орқали қўшни водийга ўтади ва бемалол бўри инини қидиради. У болалигига бориб, бу ишни ўта жўн деб ўйламоқда эди. Сабаби, кеча тонгда Эна бўрининг ўтов ёнидан беҳадик, бамайлихотир йўртиб ўтиши ҳамда у ҳақдаги кечдаги гурунг ва бугун қоядан туриб кўрганлари жамланиб, боланинг бу жониворлар тўғрисидаги бурунги тасаввурлари кескин ўзгариб, “жондор” деб аталмиш йиртқич ортиқ кўзига даҳшатли кўринмай қолганди.
Сарагул тушликни атай ўйлаб топганди.
Барча чўпон-чўлиқлар каби емагини ўзи билан олиб юрадиган Чори чўпонга тушликнинг ҳожати йўқ. Аёлнинг мақсади – момосининг эркаси бўлмиш ўғлини тезроқ тоғу тошларга кўниктириш эди. Ўтган йили кўкламда шу ниятда уни отаси қабатига қўйиб кўрди. Бироқ боланинг ранг очмай, сумрайиб юришидан ғаши келган Чори чўпон учинчи куниёқ уни қайтариб юборди. Буни қарангки, бу гал ҳеч кутилмаганда боланинг ўзи “уйғониб” қолди ва ундан изн сўраб ўтирмай, тўсатдан қояга тирмашди. Шу боис Сарагул синаш учун тушликни ўйлаб топди. Бола қулоқ қоқмай рози бўлди.
Аёл, тоғу тошларга ўғлимнинг меҳри ийди, дея ўзича бахтиёр эди.
Бола эса кутилмаганда ўзига тортиқ этилган эркинликдан шод эди.
Бугун кечга томон биринчи гиламни тугаллаш арафасида турган Барно ҳар иккисидан ҳам кўра бахтиёрроқ эди.
Кунда уч маҳал дастурхондаги ушоқлар қоқиладиган ерда – бутазор гирдидаги кафтдек сайҳонликда ғимирлаб юрган бир жуфт дала сичқони ва бошқа турдаги майда жониворлар ҳам бахтиёрликда улардан қолишмасди. Бу жимитдек жонзотларнинг бор бахти шунда эдики, Сарагул ўтов теварагини макон тутган бу каби ушоқ жонзотларнинг тинчлигини ўйлаб, табиатан мушукка меҳри баланд бўлмиш Барно қизнинг раъйига қарши ўлароқ, ўтовда мушук асратмасди. Бу-ку майли, ҳаттоки онда-сонда ўтовга ўрмалаб кириб қоладиган илонларга ҳам ўзга бировни қотинтирмас, ўзи аста думидан тутиб, нарига олиб бориб ташларди. Тағин қизиқ бир гап – аёл бирор қимматли чинни идиши синдирилганда ғинг демаслиги мумкин, бироқ ўша чиннини синдирган бола эрмакка ниначи ёхуд чигиртка қанотини юлқулаб ўйнаса, калтаги тагида қолиши аниқ эди.
Хуллас, табиат қўйнида кўз очиб, йиллар давомида бу оламга ҳам қалбан, ҳам жисмонан сингиб ва сингишиб кетган аёл ўзини унинг бир бўлаги сифатида ҳис қилганидек, ўзга тирик мавжудодларни ҳам шу қаторда кўрарди. Қисқаси, аёл теварагида мавжланиб турмиш бу ёввойи оламни ҳаддан зиёд севар, бугун эса ушбу оламга нисбатан ўғлимнинг муносабати ўзгарди, деган хаёлда ўзида йўқ бахтиёр эди.

* * *

Тунда ови юришмаган Эна бўри тонгда шимолий довон белидан тўғри Бурмали водийга энаркан, ертешар жониворлар мўл бўлмиш дара бўйидаги ялангликка етганда, тўсатдан боланинг темир исига қоришиқ ҳидига дуч келди. Зеро, қўй-қўзилар тумшуғи тегмаган бўлиқ ўт-ўланли сайхонликда шусиз ҳам турли ҳидлар ҳаддан зиёд бисёр эди: мана, майсалар оралаб кетган ингичка сўқмоқдан азонда тулки югургилаб ўтибди, ярим қуриган пакана бута тубидан товушқоннинг ўтган кунги иси ҳануз тўла ариб битмаган, яқинда қазилган индан таралаётган ертешарнинг мазали бўйига басма-бас ҳолда сайхонлик четидаги харсанглар томондан қандайдир ўлакса иси анқир, тошлардан бири яғринида эса қирғийга ўлжа бўлган қуш патлари тўзғиб, сочилиб ётарди. Буларнинг бари Эна бўри учун одатий ҳолат ва ўргамчик ҳидлар эди.
Бироқ темир исига омухта бола бўйига рўбарў келгач, у теваракдаги бошқа ҳидларни зумда унутди ва худди ўт-ўланлар орасида ўз кўйида ғимирлаб юрган дала сичқонига бехос кўзи тушиб қолган тулки янглиғ бўйин қайириб, шу ҳолда бир муддат ҳайкалдай туриб қолди. Ке­йин таранг тортган думини ҳали у ён, ҳали бу ён бежо биланг­латиб, топтаб ўтилган майсаларга аввал тепалаб, сўнг қиялаб боқди ва бу таниш ҳид – бола ҳидига ўтган тонгда ўтов яқинида дуч келганини дарров эслади.
Эна бўрининг барча ёввойи жониворларга хос ғаройиб феъли – ҳар гал ўтовни ёнлаб ўтаркан, теваракдаги сон-саноқсиз ҳидлар орасидан, албатта, биринчи галда, ҳамиша ўтов аҳли ҳидини туванлар ва сўнг шунга қараб, нотаниш келди-кетди исларни аниқлаб оларди. Ўша куни қўтондан ўта-ўта, аввалига ердаги ғирт бегона ис – бола ҳидини туйган, сўнг ўтов қошида ўзини кўрган, турган гап, ундан зиғирча чўчимаган, қайтага нотаниш ҳид эгасининг ким қанақалигини аниқлаб олганидан кўнгли дарров хотиржам тортганди. Айни дамда эса бутун вужудида бунинг аксини ҳис этиб турарди. Боиси – бола ҳидига этни жунжиктирувчи темир иси қоришиқ эди. Эна бўри ўз тажрибасидан шуни яхши биладики, қоришиқ ҳид – инсон ва темир иси ҳеч қачон яхшиликдан дарак бермайди – унинг ортида доимо бирор хавф-хатар пинҳон ётади. Ахир Сўпоқ даврида бу хил омухта ҳидларга, яъни овчилар томонидан ғоятда устакорлик билан қўйиб кетилган шафқатсиз “темир махлуқ” – қопқонларга неча бор дуч келмаган. Шунга кўра, бехосдан оёққа оғиз соладиган қўнғир-қорамтир тусдаги даҳшатли “ғаним” – қопқонни кўз ўнгида гавдалантириб, беихтиёр ириллади. Ириллаш асносида, одатига кўра, теваракка сергак кўз югуртириб қўйишни ҳам унутмади. Кейин эса ҳар эҳтимолга қарши панжаларини ердан узмаган кўйи топталган майсаларга тағин тумшуқ чўзди ва бир ондан сўнг қоришиқ ҳид бир ерда уялашмай, ҳар икки ёнга – водийнинг шарқий қисмидаги майда тепаликлар ҳамда “дарвоза” сари чўзилиб кетганини дарров сезди. Жонивор ҳеч иккиланиб турмай, ҳидга эргашиб, тепаликлар томон жилди. Қоришиқ ҳид тепаликлар биқинидаги катта-кичик харсангларни ёнлаб ўтиб, кескин дара тарафга қайрилган ва сўнг жарлик ёқалаб, “дарвоза” тарафга қараб кетганди.
Эна бўри ҳид олиб-ҳид олиб бораркан, салдан сўнг бола томонидан ўткир пичоқда шунчаки эрмакка, аммо ўта ҳафсала билан кавланган саёз ва намчил чуқурчага тўқнаш келди. Чуқурча дара лабидан уч-тўрт одим берида қазилган бўлиб, қуйида эса ҳалига қадар тиниб улгурмаган жўшқин сой лойқаланиб оқарди.
Кутилмаган бу ҳолдан баттар таҳликага тушган Эна бўри кўзларини чуқурчага тикканча, лол туриб қолди. Нега деганда, ажал ҳиди – темир иси гупуриб турган намчил чуқурчанинг туриши ва шакли шафқат билмас “темир махлуқ” кўмилган ерга асло ўхшамасди. Одатда, “темир махлуқ” ер юзалаб – майин тупроқ ёхуд чириган хас-хашаклар остида пўсиб ётарди-да. Бунинг устига, чуқурча теварагида димоққа ўта хуш ёқувчи хўрак ҳам кўринмасди.
Унда бу нима?
Ана шунда Эна бўри қаватида собиқ жуфти Сўпоқ йўқлигидан жуда ўкинди. Агар шу тобда жуфти ёнида бўлганида борми, бирпасда бу жумбоқнинг тагига етган ва магар чуқурча тубида “темир махлуқ” биқиниб ётган бўлса, орқа панжаси билан тупроқ сочиб, бир лаҳзада унинг жағини ёпган бўларди.
Сўпоқ тўдабоши сифатида ниҳоятда омилкор эди. Айниқса, “темир махлуқ”ларни адашмай аниқлаш ва уларни зарарсизлантириш борасида жуда устаси фаранг эди. Одам боласи “темир махлуқ”ни нечоғли устакорлик билан бекитиб, темир исини йўқотмоқ учун унга не бир гирд-балолар сурган бўлмасин, Сўпоқ зумда уни аниқлар ва аниқлаши биланоқ кўксининг туб-тубидан бўғиқ ириллаб, бу балодан тўда аъзоларини огоҳ этарди. У шартли оҳангда ириллаши билан шериклари бир зумда турган жойларида тошқотар ва барининг эътибори тўдабошига қаратиларди. Бу хил қалтис онларда Сўпоқ нечундир ҳамиша ўзига нисбатан алоҳида диққатни талаб этар ва қачонки, барча йиртқичлар нигоҳи ўзида эканлигига тўла ишонч ҳосил қилгандан сўнггина, мана, кўриб қўйинглар, дегандай андак виқорланиб, гоҳ қопқон кўмилган ерга, гоҳ шериклари томонга бир-бир назар ташлаб, кўпда ошиқмай “темир махлуқ” кўмилган ерга орқа ўгирарди-да, кўпинча ўнг панжасини ишга солиб, аввал секин, сўнг шиддат-ла тупроқ сочмоққа киришарди. Тўдабошининг йирик ва ўткир тирноқлари ерга ботиб улгурмаёқ, қулоқлари динг тўда аъзолари ўша таниш “шилқ” этган товушни бетоқат кутар ва бу нохуш сас ҳавога қалқиши билан дастлаб бир-бир сесканишиб, кейин дарров жонланишарди: бири ўзича ботирланиб, ёпилиши забтида силкиниб юзага тепчиб чиққан “темир махлуқ”ни искаб кўрар, бири яқин бормоққа ўзида журъат топмай, турган ерида оҳиста ингиллаб қўяр, бири, энди ҳеч ҳожати бўлмаса-да, Сўпоқнинг қилиғини такрор этмоққа уринар, бири эса бир парча тайёр хўракни илиб кетиш пайида бўларди. Бироқ Сўпоқ бунга изн бермасди, туйқусдан ғазабкор ириллаб, хўракка пешоб оқизиб, уни булғаб ташларди. Бу – унинг қопқон эгасига нисбатан ўтли нафрати белгиси эди. Афсуски, тўдабоши сифатида у ҳар қанча зийрак ва ҳушёр бўлмасин, лоқайдлик ва айниқса, нафс йўриғида қопқонга тушиб қолувчи йиртқичлар ҳамиша учраб турарди. “Темир махлуқ” – ажал, унинг чангалига тушиб қолган жонга ҳеч бир куч, жумладан, ўта бақувват жағ соҳиби бўлмиш Сўпоқ ҳам кўмак беролмасди. Эна бўри ана шундай аянчли воқеа­лардан бири – ёш ва ўйинқароқ бўри – Оқдум фожеасини ҳалигача унутолмайди.
Ўшанда ўзича тўдадан илгарилаб кетган ва энди айни шу қилиғи учун Сўпоқдан боплаб таъзирини ейиши лозим бўлган Оқдум ундан қочаман деб, арчалар оралаб кетган сўқмоққа қўйилган қопқонга тушиб қолганди. Бу йўналиш тўданинг энг синашта йўлларидан бири эса-да, Сўпоқ ҳеч қачон шу сўқмоқдан бепарво ўтмас, бирорта жондорнинг ўзидан олдинга йўртмоғига изн бермас ва ҳатто тўданинг энг суюкли эркатойи бўлмиш Эна бўри ҳам бу йўриққа ҳеч бир монеликсиз бўйсунмоққа мажбур эди. Ўшанда Сўпоқ дарров кўмакка ошиқмаган, гўё йўриқни бузганига аччиқ қилгандек, дод-вой қилганча, жон-жаҳди билан қопқон занжирини ғажимоққа тушган Оқдумнинг ҳаракатларини кузатиб, бир четда чўнқайиб тураверган. Қолган йиртқичлар бу орада Оқдум атрофида айланишган-ўргилишган, баъзи бирлари занжирга оғиз солиб кўришган ва охир-оқибат, нима қиламиз энди, дегандай тўдабошига илтижоли боқишган. Сўпоқ кўринишидан аразда эса-да, аслида не қиларини билмай боши гаранг эди. У шу ҳолда бир неча муддат тошқотиб тургач, ошиқмай ўрнидан қўзғолган ва бориб занжир халқаларини тишлари орасига олган. Аввалига ириллаб-сириллаб чайнаган, сўнг қаттиқ пишқириб, занжирнинг иккинчи учидаги кўмилган ғўлани кавлаб олган. Бироқ бу чора эмасди. Зеро, шундан бўлагига Сўпоқнинг чоғи ҳам етмасди. Кейин олдинги сўл панжаси исканжага тушган Оқдум, ўртада, қопқон ва ғўлани зўр-базўр судраб, қолган жондорлар эса уни тевараклаб, нарироққа йўл тортишган – имкон ва иложи борича узоқроқ кетмоққа уринишган. Аммо изларидан қопқон эгаси – яроқ тутган отлиқ тушганини сезишгач эса Оқдумни тақдир измига ташлаб, арчалар орасига биқинишган ва кейинги даҳшатли жараёнга бевосита гувоҳ бўлишган. Қисқаси, думи учидаги бир тутамгина оқи тўқ кулранг келбатига сира мос тушмаган ёш жондорнинг аянчли қисмати Эна бўри хотирасида маҳкам муҳрланиб қолган. Шунга кўра, у оёқдан олмоққа ҳозиру нозир ҳолда пусиб ётадиган “темир махлуқ”дан доимо ҳазир бўлишга тиришади – уни яроқ тутган овчига нисбатан хавфли деб билади. Мана энди, ажал ҳиди анқиб турган чуқурчанинг нелиги ва унинг не важдан қазилганига ақли етмай, боши қотиб турарди.
Эна бўри ҳали нами аримаган чуқурчага гоҳ у ёнлаб, гоҳ бу ёнлаб, гоҳ тиккаланиб ва тикланиб боқаркан, охири темир исининг кучли анқишига қараб, ўша кўринмас бало чуқурча тубида деган қарорга келди. Сўпоқнинг амалини қўлламоққа жазм қилди. У теваракка яна бир карра сарасоб солиб, ортига қайрилди-да, бошда сўл, сўнг ўнг панжаси билан бир четда уюлиб ётган тошу туп­роқни чуқурча ичига сочқилашга тушди. Аммо чуқурча аввал яримлаб, сўнг бўғзига қадар тошу тупроққа тўлиб-тошса-да, у кутган таниш “шилқ” этган сасдан дарак бўлмади. Бу ҳолдан Эна бўрининг ҳайрати ортди, ўз навбатида, чуқурчадан ортиқ ҳайиқмай қўйди. Аммо чуқурчани шу ҳолида ташлаб кетмади – Сўпоқ каби нафрат-ла устига чоптириб, сўнг уни тарк этди, яъни ҳид бўйлаб тағин йўлида давом этди.
Қоришиқ ҳид уни тўғри “дарвоза”га бошлаб борди.
Бу ерда у кесишган изларга рўбарў бўлди.
Кеча Бурмали водийга қадам қўйган бола дастлаб этакдаги дўнгликлар ёқалаб тентиган ва сўнг дара томонга юриб, бир майдон у ерда уймалашиб, кейин дара зиҳи бўйлаб ортига қайтаркан, “дарвоза”да кирган изини кесиб ўтиб, Сувлиқсой водийси гирдидаги дўнглик ёқалаб, Эна бўрига қадрдон эрмиш ўтов томон кетганди. Бироқ бу ҳолдан жондорнинг кўнгли зиғирча таскин топмади, қайтага ҳадиги баттар кучайиб, ададсиз шубҳа-гумонлар оғушида қолди. У ўзига таниш бўлмиш болани ўта ушоқ билиб, уни хавфли ғаним сифатида қабул этмасликка ҳарчанд уринмасин, бироқ бола ҳидига эш бўлмиш лаънати темир иси ундаги бу илинжни жиддий инкор этгани боис, болапақир жониворнинг кўз олдида гоҳ яроқ тутмоққа қодир азамат йигит қиёфасида, гоҳ доимо жондорлар йўлига қопқон қўйиб юрадиган – жуфти Сўпоқ даврида уни бир неча бор кўрган, шунингдек, Оқдумнинг бошига ҳам шу етган – ўрта бўйли, қорувли овчи келбатида гавдаланиб, баттар юрагини эзарди. Ахир, ўтган тонгда кўзига чалинган болада бирон-бир ёмонлик аломати йўқлигини у ўша заҳотиёқ дарров фаҳмлаган эди-ку.
Унда бу синоат недур?
У беихтиёр бола изидан ўтов томон юрди.
Шу ўринда, қуйидаги саволнинг туғилиши табиий, нечун жониворнинг тинчини бузди?
Бор гап шундаки, бола унинг инига яқин ерда ўралашганди, бу – бир. Иккинчидан эса бу қоришиқ ҳид шу кезгача хавфсиз санаб келинган ўтовга боғлиқ эди. Эндиликда бу балони ўз кўзи билан кўрмагунча, нелигига тўла ишонч ҳосил қилмагунча, яъниким, ҳудуд эгаси сифатида ушбу жумбоқнинг тагига етмагунча унинг кўнгли тинчимасди. Бу – йиртқич учун ҳаёт-мамот масаласидек бир гап эди.
Эна бўри ўтовга яқин қолганда, шартта ўнгга бурилиб, қияликдаги арчазорга шўнғиди ва кўп ўтмай ўтов тепасида пайдо бўлди. У қияликда кеча тонгда бола томонидан қолдирилган ҳидни туйган эса-да, ортиқ чалғимай, бор диққатини жамлаб, ўткир кўзларини қуйидаги ўтовга тикди.
Ўтов, одатдагидек, тинч ва осойишта эди.
Эна бўри дастлаб тонгги юмуш – қўтонни супур-сидир қилиб юрган Барнога разм солди. У қиздан ҳайиқмас, унинг мисли капалакдай беозор ва безиёнлигини яхши биларди. Шунинг­дек, айни шу пайт ўтовдан челак кўтариб чиқиб келган Сарагулдан ҳам чўчимас, қайтага уни жуда хуш кўрарди. Шунга кўра, аёлга кўзи тушиши билан, гўё узоқ сафардан қайтган эгасини соғиниб қаршилаган итдай, беихтиёр инграшиб, ғингшинди. Қани энди, айни шу тобда итнинг ўрнида бўлиб қолса-ю, ўғри мушукдайин арча новдалари орасида биқиниб ётмай, қуйига энса, бир майдон аёлни чир айланиб-ўргилса, сўнг, мени силаб-сийпалаб қўй, дея тўртала оёғини даст кўтариб, ерга чалқанча тушиб ётиб олса, қорни ва бўйнини силаб-сийпаётган аёлнинг ҳузурбахш илиқ кафтини бутун танида ҳис қилса. Зеро, у чалқанча тушиб эркаланишни азалдан ёқтиради. Бундай дамларда, Тархашнинг акси ўлароқ, Сўпоқ ундан сира меҳрини аямасди – бошдан-оёқ ялаб-юлқаларди. Тархашга келсак, унинг бу хил нозик майлларга жавоб беролмас, ғўрлиги сабаб, ўзгани эркалашдан кўра, аксинча, ўзини эркалашларини хуш кўрарди.
Аёлга илк бор тўқнаш келган куниёқ, унинг ботинидан балқиётган илиқ тафт таъсирида, Эна бўри, бир лаҳзага бўлса-да, айни шу истакни туйган ва бу ҳолдан таажжубланиб, оҳиста инг­рашиб қўйганди. Сўнг арчазор қияликка ўрларкан, нечундир йўлда аёлнинг илиқ кафтини ич-­ичидан қайта қўмсаб, қайта инграгиси келди. Аёлнинг сирли ва сеҳрли тафтига ошуфталик кейинчалик ҳам жониворни тарк этмади – ҳар сафар ўтовни ёнлаб ўтаркан, шу истак важидан вужуди бир дамга бўшашиб, кўзининг ости билан аёлга эркаланиб боқади. Бироқ ўртадаги кўз илғамас “чизиқ”дан ҳатламоққа ҳадди етмайди. Аёл эса, гўё жониворнинг ичидан не ўтаётганини сезгандай, ҳар гал эркалаб, тергаб қўйишини сира канда қилмайди. Аёлнинг беғараз койиниши замирида ўзига нисбатан меҳр ва хайрихоҳликни ҳис қилган Эна бўри эса худди юввош итдай, беихтиёр дум силкиганини сезмай қолади. Агар бунинг эвини топганида борми, аёл қошида бир муддат тўхтаган ва кўзларига термулганча, кўп эмас, атига бир неча лаҳзага чуқур тин олган бўларди. Минг афсуски, бу мумкин эмас, негаки, инсон ва бўрилар орасида лойи “ҳадик”дан қорилган шундай бир мустаҳкам девор бўйланиб турардики, бу деворни менсимаслик табиат қонуниятига мутлоқо зид эди. Қисқаси, Эна бўри ўтов соҳибасини қанчалик ўзига яқин олмасин ва айни шу ҳолат аёл хатти-ҳаракатида нечоғли акс этмасин, мавжуд қонуниятни бузмоққа ҳеч бирининг юраги чопмас, яъни масофа сақлаб “муомала” қилмоқдан нарига ўта олишмасди.
Бу тириклик дунёсида, аслида, ушбу “муомала”нинг ўзи ҳам ўта ноёб ҳодиса саналади. Инсон ва йиртқич ўртасида бу каби “дўстлик” камдан-кам рўй беради. Ўз навбатида, у шу қадар мўрт бўладики, хиёлгина ноўрин хатти- ҳаракатдан зумда йўқликка юз тутиши мумкин.
Бугун айнан шу ҳол эпкинланган бўлиб, Эна бўрини ўтов сари юришга ундаган асосий сабаб­лардан яна бири – шу эди. Қоришиқ ҳид шу дамгача ўзи “дўст” деб билган ўтов аҳлидан бирига тегишли бўлиб чиққанининг ўзиёқ йиртқич юрагида шубҳа ҳиссини туғдирган, назарида, ўтовда ўзига қарши қандайдир хатар пайдо бўлгандек эди. У ўша хатарни ўз кўзи билан кўриш ва аниқлаш қасдида эди. Эна бўрининг ўзига қолса-ку, биргина қўрқув йўриғига бўйсуниб, аёлдан бет ўгиришни, яъни ўтовнинг хавфли нуқталардан бири сифатида билиб, ундан четланишни асло истамас, бундан кейин ҳам аёлга “эркаланиб”, вақт-бевақт ўтов ёнидан бемалол ўтиб-қайтиб туриш истагида эди.
Эна бўри қуюқ арча новдалари орасидан тонгги қуёш нуридан секин-аста фусункор тус ола бошлаган теваракка ора-сира кўз ташлаб қўйишни унутмаган ҳолда қоришиқ ҳид эгасини қидирмоқда эди. Аммо ҳозирча у ҳеч қаерда кўринмасди.
Эна бўрининг бахтига ҳид эгаси кўп куттирмади.
Ўтовнинг қўштабақали, пастак, кўримсизгина эшигида ҳали кўзларидан уйқу ариб битмаган бола пайдо бўлганида, йиртқичнинг нигоҳи Сарагулда эди. Болани кўргач, бирдан сергак тортиб, бутун диққатни унга қаратди. У липпасини тутган кўйи наридаги қоятошлар томон зинғиллаган бола ортидан ҳайрон қараб қоларкан, темир иси боис, хаёлида хавфли ғаним йўсинида гавдаланган ҳамда ўзини таҳликага солган бу ушоқ жоннинг ҳеч бир хатарли жиҳати йўқлигини, теварагида сайраб турадиган какликлардек беозорлигини зумда идрок этди. Бу эса тўсатдан қуйидаги воқеани эсига туширди.
Ўшанда ўзга бир армон майллик кўрсатгани учун Сўпоқдан аразлаб, тўдани тарк этган Эна бўри ербағирлаб ўсган қуюқ арча пойида кўнгли қоронғи тундай зимистон тортиб ётганди. Бошига тушган бу савдога тоқат қилмоққа бардоши етмай, ётган жойида ими-жимида ўлиб қўя қолгиси келарди. Бироқ у биқинган арча ёнидан ўтган сўқмоқда ўтин юкланган эшагини олдига солиб келаётган новча, қоратўри боланинг туйқусдан пайдо бўлиши жониворнинг ғам тўрига ҳаддан зиёд ўралиб-чирмалмоғига йўл қўймади. Табиий, Эна бўри боладан заррача чўчимади, юрагида унга нисбатан қаҳр туйғусини ҳам ҳис этмади, уловини ҳайдаб тезроқ қабатидан ўтиб кетишини кутиб, арча бутоқлари орасида димини чиқармай, пусиб ётаверди. Одам боласи кўради, аммо ҳид билмайди, деган ички ёввойи ақидага амал қилиб, илгари ҳам бу усулни бир неча бор қўллаб кўрганди. Аммо бу гал боланинг олдида келаётган узунқулоқ эшак, барча жонзотлар каби ҳар қандай хатарни олдиндан сеза билиш қобилиятига эга эканини хаёлидан мосуво этганди. Ана, арчага етишига бир арча бўйи қолганда, узунқулоқ махлуқ таққа-тақ тўхтаб, жойида тошдай қотди. Эшаги ортидан парвойи фалак келаётган бола не гаплигини ўйлаб ҳам турмай, аввалига “хих”лаб кўрди. Қани энди, эшак жойидан жила қолса. Шундан сўнг, боланинг ғазаби қайнаб, қўлидаги силлиқ халачўп билан уни аямай савалашга тушди. Калтакка эшак чидаш берди-ю, аммо шундоқ кўз олдидаги тасир-тусирга тоқат қилмоққа Эна бўрининг бардоши етмади. Арча тагидан аста сирғалиб чиқди-да, сўқмоқ бўйлаб йўртиб қочмоққа тушди. Аммо улов эгаси ғирт нодон бола экан, шунчаки йўлига қочган Эна бўрини қўрқоққа чиқариб, бундан ғайрати жўшиб, ўтин боғламлари орасидан кичик болтани қўлига олиб, “тўхта, энағар”, дея изидан қувлашга тушди. Эна бўри андишага бўйсуниб, “ана қайтар-мана қайтар”, дея бирор олтмиш одимча йўртиб борди. Бироқ қарасаки, бола тийиладиган эмас, шунда у шартта ортига қайрилди-да, тошингни терсанг-чи, дея сўйлоқ тишларини намойиш этганча, ярим овозда шундай бир ириллаб бердики, буни асло кутмаган боланинг қўлидан болтаси тушиб, иштонини ҳўллаганча, бояёқ жуфтагини ростлаган эшаги ортидан ура қочишга тушди.
Боланинг қораси ўчгач, Эна бўри сўқмоқ четида ётган болта ёнига бориб, уни қизиқсиниб искаб кўрди. Ажал ҳиди – қоришиқ ҳид эгаларидан бири зумда қочиб қолгани, иккинчиси эса шундоққина тумшуғи тагида хор бўлиб ётганидан ҳайрати тошгандай, болта тепасида пича чўнқайиб турди-да, сўнг ошиқмай боши оққан томонга йўртиб жўнади.
Бу воқеа фавқулодда эсига тушгач, бугун ҳам худди шунга ўхшаш қоришиқ ҳидга дуч келганини фаҳмлаб етган Эна бўри бирдан енгил тортди-да, болани ортиқ эътиборига арзитмай, тағин аёлга чалғиди. Бу орада қозон тагига ўт ёққан Сарагул кул тўла тоғорани биқинида тутганча, қўтондан наридаги, сойликдан беридаги кичкина култепа томон юрди. Ана шунда Эна бўри диққатини сойликнинг кенг саҳнида ғимирлаб юрган юмронқозиқлар ўзига жалб этди. Тархаш овлашни жуда хуш кўрадиган жониворларга бу сафар Эна бўри нафси очилиб қаради. Аммо бироздан сўнг уларни аёлдан сира ҳайиқмай, қайтага унга яқинроқ келишга уринаётганини сезгач, аёлга нисбатан рашкка ўхшаш ғалати бир туйғуни ҳис қилди. Бироқ бу ҳол узоқ давом этмади. Нафси рашкдан устувор келиб, у тумшуқ ялаб, тамшанди, тамшаниб, тумшуқ ялади. Қани энди, манави семизгина махлуқлардан бир нечтасини тутиб, паққос туширса! Қорни оч эса-да, қўрада кавш қайтариб ётган жонлиқларга қия боқмаган йиртқич юмронқозиқларни жуда-жуда тутиб егиси келарди. Аслида, тунда ови барордан келмагани туфайли, тонгда емак дардида Бурмали водийсига энган, ертешарлар жониворлардан икки-учтасини тутса тутди, тутолмаса, зах каваклардан бирида сақланмиш захирасига бориб қотиниш ниятида эди. Агар қоришиқ ҳидга чалғимаганида, ҳозир болалари ёнида тинчгина ором олиб ётган бўларди.
Кўнгли бутунлай жойига тушган Эна бўри бир неча муддатдан сўнг қоя оша аста изига қайта бошлади.

* * *

Кечадан бери ўзини тўла эркин ҳис эта бош­лаган бола – ҳолбуки унинг эркинлигини ҳеч ким чекламаган – бугун жондор инини, албатта, қидириб топиш умидида, нонуштадан сўнг, бу ишга ҳозирланиб, ўтов ичида ғимирлаб юраркан, керагада, милтиқ қаватида осиғлиқ турган, кеча отасига тушлик олиб бораётиб, яширинча қўйнига солиб чиққан қорамтир чарм қинли, суяк сопли узун пичоққа қўлини чўзган ерида, гўё тўсатдан нимадир эсига тушгандай, бир муддат хаёлчан туриб қолди. Бир қарашда, тиғни сўроқсиз олмоққа истиҳола қилаётгандек эса-да, аслида бу дафъа пичоқни қўйнига бекитиб эмас, шу ернинг ўзидаёқ камарига тақиб чиқишни ўйлаётган эди. Боиси кеча ўтовдан андак узоқлаб, йўлда уни камарига тақиб олганида, ўзини жуда бўлакча – тоғни урса талқон қиладиган алп йигитдай ҳис қилган эди-да. Қани энди, бу истагига онаси монелик қилмаса-ю, тиғни бобоси каби ўнг ёнига эмас, худди шамширдайин сўл ёнига осиб, ўтов эшигидан қомат кериб чиқса!
Бола шу каби ўй-хаёллар оғушида қорамтир қинли пичоқни камарига тақаркан, белида оддий тиғ эмас, ростакам шамшир осилиб тургандай, ўзини кўзгуга солиб кўргиси келди. Бироқ бутун бошли ўтовда Барно опасининг катталиги ўртача ликопчадай, яшил гардишли ойнасидан бўлак кўзгунинг ўзи йўқ эди.
Бола теваракка аланглаб, эшик тепасида, безакли қизғиш тузма ортига қистириб қў­йилган кўзгуни тезда топиб, уни қўлига олди. Кўзгуни ўзидан узоқлатиб ва яқинлатиб, яқинлатиб ва узоқлатиб боқди. Кейин бунга қаноат этмай, уни белига тутиб боқди. Қизғиш майда нақшлар ила бежалган пичоқ қини қора камарига ғоятда мос тушганини кўриб, димоғи беҳад чоғланди: “У-у, қани энди, шу туришимни овулдаги жўраларим бир кўрса эди!..” – дея тотли хаёлларга берилди. Кейин қоматини янада ғоз тутаркан, белидагини чинакам шамшир ўрнида тасаввур этиб, уни шартта қинидан суғуриб, қайта қинига тиқди. Бу қилиғини уч-тўрт бор такрор этгач, тўсатдан ўрлиги қўзиб, пичоқни камаридан ечмай, шу ҳолича тўғри Бурмали водийга йўл тортмоқ истади. У шу саркаш ўйда ўтовдан бош чиқариб, тишга назар ташларкан, ҳар тонгдан онаси томонидан банд этиладиган ўчоқбошини бу сафар бўм-бўш кўргач, дадил ташқарига интилди. Овулда момосининг кўзини шамғалат қилиб, кўчага отилганидек, бу дафъа лип этиб қияликдаги арчазорга ўзини урмоқчи бўлди.
Бола шу жаҳдда оёқ учида илдам жиларкан, бир неча одим отмай, сира кутилмаганда ўтов ортидаги ялангликда ғимирсиб, ўрмакни янгилаётган Барнога қарашаётган онасининг жиддий, синовчан нигоҳига дуч келди. У бу режаси пучга чиққанини фаҳмлагач, белидаги пичоққа онасининг кўзи тушиб қолмаслини учун ўнг ёнлаб туриб олди-да, ўзича теваракка алаҳсиган бўлди. Кейин, менда бирор ишингиз йўқми, деган маънода онасига бир қараб қўйиб, секин олға юрди. Бироқ ўзини тутиши ҳамда қовушиқсиз хатти-ҳаракати билан ниманидир яширишга уринаётганини яққол сездириб қўйди.
Буни бир зумда пайқаган Сарагул аввалига ажабсинди, сўнг феълига хос ўктам оҳангда сўради:
– Ҳа, йўл бўсин, улим?
Бу ҳукмона овоздан жойида қотган бола, ўзи сезмаган ҳолда, беихтиёр, онаси тарафга ўгирилди. Ана шунда аёлнинг кўзи ўғлининг белида шопдай осилиб турган пичоққа тушди. Агар шу тобда Сарагул ўрнида бошқа бир аёл бўлганида борми, дарров саннашга тушмоғи тайин эди. Тўғри, боланинг бу қилиғи дастлаб аёлга жуда эриш туюлди. Аммо ўзининг ёшлиги бирдан эсига тушгач, аксинча, бу ҳолдан жуда мамнун бўлди, боласи тушмагур ҳалитдан эр йигит бўлгиси кеп қоптими, дея ичидан севинди.
Бу ёшида аёлнинг ўзи ҳам ҳеч қачон яроқсиз юрмаган. Қора қинли, ўткир тиғли ингичка пичоқчасини жигарранг нимчасининг сўл астарига ўзи атай тиккан махсус чўнтакка солиб, онаси Сожида момо айтмишли, худди ҳалакини итидай ўрма-ўр роса санқирди. Аёл қўйнидаги тиғни бирор-бир ёввойи жониворга зарар етказиш ўйида эмас, шунчаки оғзини ёпсанг, бурни билан гапирадиган сергап, маталчи момосининг: “Тоққа чиқсанг, яроғли чиқ, ёлғиз чиқма, танҳо чиқма, ҳамроҳ-ла чиқ”, – деган ўгитига амал қилиб, доимо ўзи билан олиб юрарди. Қўйнида яроғи бўлса, ҳамиша ўзини тетик ва бардам сезарди.
Аёл пичоқ таққан болага пинҳона ғурур билан қайта назар ташларкан, назарида, ўғли йигитлик сарҳадига вақтдан бурун етиб бормоққа жуда-жуда ошиқаётгандек туюлиб, танглайини тақиллатиб қўйди.
Бундай пайтда ўғил боланинг шаҳдини синдириш, кўклаб турган ниҳолни таг-томири билан суғуриб ташлашдек бир гап эканини билгани боис, ризолик аломати сифатида оқ сариққа мойил бодомқовоқ чеҳрасини эндигина табассумга тўлдирмоқчи ҳам эдики, бирдан сайрга отланган бу “йигит”да яна бир муҳим ҳамроҳ – заранг таёқ етишмаслигини дабдуруст­дан пайқаб қолди.
Заранг таёқ аёлнинг энг ишонган ҳамроҳи эди. Билган одамга калтак ишончли шерик – тепага ўрлашда кўмаги текканидек, гоҳо йўл-пўлда учраб қоладиган илонлардан ҳимояланишда жуда асқатади. Буни неча бор ўз бошидан кечирган аёл ўтовнинг ташқи боғичига қистириб қўйилган икки податаёқдан бирини, нисбатан калта ва йўғонроғини суғуриб олди-да, гўё сиртига ўтириб қолган чангини сидиргандай, уни кафти билан силаб-сийпалаб, боланинг қўлига тутқазаркан, улоқиб қаерга ҳам борарди, жуда нари борса, яйловни бир айланиб келади-да, деган ўйда жиддий деди:
– Ҳазир бўл, кўпам узоқлаб кетма!
Бор хавотири белидаги пичоқда бўлган бола бу гапдан мисли қушдай енгил тортди ва ўз нав­батида, жиндек ўкиниб қўйишни ҳам унутмади: “Эҳ-ҳ, шу туришимни жўраларим бир кўрганда эди-я!” Буни қарангки, айни шу тобда одамзодга хос яна бир қусур дарров бўй кўрсатди – онаси пичоққа изн бергач, боланинг хоҳиш-истаги янада кўпчиб, шартта изига қайрилгиси ва ўтовдан қўшоғиз милтиқни елкасига илиб чиққиси келди. У ҳатто ушбу истак майлига бўйсуниб, беихтиёр ортига ўгирилди ҳам. Ҳайтовур, сўнгги лаҳзада ақли ишлаб, ўз вақтида ўзини тия билди. Акс ҳолда, онасидан кўрадиганини кўрарди. Бу хавфли яроққа Чори чўпондан бўлак кимсанинг қотинишини жинидан баттар ёмон кўрадиган аёл бундай дамларда шунчаки койиш ёхуд хивичлаш билан кифояланиб қолмай, сендайчикин боланинг боридан йўғи яхши, дея зумда ковушини тўғрилаб қўйишдан ҳам қайтмасди. Айни кезда бу болага асло маъқул эмасди – хаёлини тамомила забт этган бўри болаларидан бирини қўлга киритмасдан туриб, яйловдан кетишни энди ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди.
Бу камдек, бу ўта хавфли эрмак унга жуда хуш ёқиб қолганди.
Кеча отасига тушлик олиб бораркан, ушбу “хавфли эрмак” таъсирида, илк бор теграсидаги яшил оламга ўзгача бир назар билан боққан ва шу вақтга қадар ғоятда туссиз, виқорли тоғлар бу гал кўзига бутунлай бўлакча кўринган, қандайдир бир куч ўзини бу оламга маҳкам боғлаб тургандек туюлган.
Бу куч – қалбидан ўрин олиб, аллақачоноқ тасаввурида яшай бошлаган ўша шўх ва ўйноқи бўривачча эди. Зеро, унинг хаёлидаги бўривачча овули шимолидаги дала-даштда ёхуд жанубидаги паст-баланд қирликларда эмас, айнан ушбу олам қучоғида эди-да. Боланинг назарида, қачон мени олиб кетасан, дея ини оғзида йўлига илҳақ термилиб тургандек эди гўё. Қани энди, суюкли бу жониворни тезроқ қўлга киритса-ю, тор дара ўзанига тушиволиб, овули томон ўқдек учса! Хуллас, кечадан буён ақли-ҳушини ўғирлаб қўйган ўша миттивой туфайли кўм-кўк ўтлоқ жилвакор, сокин тоғлар пирвиқор, бетдаги кўм-кўк арчалар ўта гўзал, қуйидаги яшил буталар ғоятда сирли кўринмоқда эди, кўзига.
Бола шунга ўхшаш туйғуни ўтган кўкламда Элёр жўраси билан тулки инини қидириб топган кезда ҳам айнан ҳис қилганди. Ўшанда жуда ваҳимали Каттажар кўзига гўзал ва тароватли кўринган. Теша билан жарлик пойидаги уяни кавлаб ва кенгайтириб, бир талай тулки болаларини дағал қопга жойлаб, изларига қайтишганида эса, у хушҳол кузатиб қолгандек туюлганди. Бироқ Каттажар томонидан “хушҳол кузатиб” қолинган болалар уйда нохуш қаршилаган: Ойнагул момоси, вой, менгина ўлай, болалари изидан келмиш тулкилар энди уйгинамни куйдириб, товуқларимни битта қўймай қириб битиради-ку, дея ваҳима кўтарган, оқиш соқолини тутамлаб, очиқ қопда қўрқувдан кўзлари жавдираб, бир-бирларининг пинжига суқилиб, ғуж бўлиб турган тулки болаларига хаёлчан термилиб турган Райимқул бобоси болани мақташ ва олқишлаш ўрнига, ўзига ўзи гапиргандай, аста тўнғиллаб, “увол” деган, “гуноҳ” деган ва сўнг бирдан жонланиб, ҳар иккисининг ҳам юмшоқ ерига бир-бир қамчи изини қолдириб, “қани, қопни кўтар, изимдан юр” деган ва неварасини отга мингаштириб, тулки болаларини тўғри Каттажарга олиб борган, эндигина овдан қайтиб, болаларини қидирмоққа тушган ва уларни кўришлари билан наридаги тиканаклар орасига бекинган она тулкининг кўз ўнгида қопдаги жониворларни, худди пиёз ёхуд картошкадай ерга ағдариб, секин ортларига қайтаркан, бояги аччиқ қамчи учун узр сўраган оҳангда, бобоси деган: “Кучинг кеп-кеп, тулкига етдими? Тулки ўрнига айиқ тутиб кел, жондор тутиб кел. Ана ундан сўғин мен сени, эр жигит, деб мақтайин­.”
Бобосининг ҳазил йўсинда айтган бу гапи боланинг хотирасида михланиб қолган эмасми, ўз хаёлида, бугун қўлга киритиши лозим бўлган бўри боласи бобоси томонидан ҳеч монеликсиз қабул қилиниши ҳамда бу ишидан ўзида йўқ суюнишига ишонарди. Ахир шу пайтгача овулда ҳеч ким уйига тирик бўри кўтариб бормаган-да. Дарвоқе, бир талай тулки болаларини ҳам биринчи бўлиб овулга у олиб борган, Элёр жўраси шунчаки қарашган. Бу иши бобосига ёқмаган эса-да, лекин овулда роса гап бўлган. Эртаси эса жўралари қутқуси билан тағин Каттажарга йўл олишган. Аммо тулкилар болаларини аллақачон бошқа жойга кўчириб улгуришган экан, икки қўлини бурунларига тиқиб, қуруқ қайтишган.
Бола шуларни хаёлидан ўтказар экан, миттигина бўриваччани ҳовли юзида лўмбиллаб юришини, қадами узилмай қолган овул болаларининг ҳавас ва ҳасаддан ўтдек чақнаган нигоҳларини кўз олдига келтириб, қувончи ичига сиғмай, ирғишлаб бораётган эса-да, йўл-йўлакай, белидаги пичоқни – Чори чўпон уни олиб қўйиши аниқ эди – беридаги харсанглардан бири ёнида қолдиришни унутмади.
Хуллас, бола қўлидаги тугунни, эй-я, тушлигим бор эди-ку, дея ҳайрон бўлган Чори чўпонга тутқазиб, ўзини тевараклаб келган сурув итлари билан пича андармон бўлган, сўнг эса онам кўп ҳаялламагин деган эди, дея ёлғонни дўндириб, ортига қайтган. Яйлов марказига етгач эса ўша поёнсиз рангин туйғулар оғушида Бурмали водий томонга бурилган. Бироқ “дарвоза”га етган жойида, кўп эмас, атига бир неча соатгина бурун водий ичкарисида бўрининг эласланган қорасини илғагани эсига тушиб, беихтиёр қадамини секинлатган. Буни қарангки, хаёл билан бўлиб, боя йўлда қайтадан белига тақиб олган пичоғи паққос ёдидан кўтарилган экан, уни қўлига олиши билан юрагига қайта қувват иниб, ўзича тиғни тенгсиз бир қурол деб билган. Кўнгли ичкарида ҳеч бир зоғ йўқлигини сезиб турган эса-да, Чори чўпоннинг тўн кийишган дўсти Холдор темирчи томонидан шунчаки эмас, ҳафсала билан, нисбатан узунроқ ишланган пичоқни, худди шамширдай, ҳар ён сермаб, олға жилишда давом этаркан, мабодо жондор зоти шу атрофда бўлса, бу хатти-ҳаракатимдан ҳайиқади, деган умидда, йўл-йўлакай бўлиқ майсалар бошини аёвсиз равишда чопқилаб, учраган яккам-дуккам бута новдаларини чирт-чирт узиб борган.
Бола шу созда, эрталаб Тархаш бирровга кўланкаланган тепаликлар этагига етаркан, теваракка қайтадан зеҳн солиб, бирор-бир шубҳали қорани илғамагач, учраган кавакка, харсанглар оралиғидаги тор ва кенг тирқишларга ҳадик-ла бирма-бир мўралаб, уларда бирор жон асарини учратмагач, жаҳди бўшашиб, дара томонга қайрилади ва барибир болалигига бориб, қуйидаги жўшқин сойга тикилганча туриб қолади. Қорли тоғлар бағридан бошланиб, йўл-йўлакай катта-кичик ирмоқлардан куч олиб, ўзида йўқ даражада қутуриб, Суйлиқсой кунботишдаги чўнгқоялар мажмуасининг жанубий томонидаги тор ўзанда шиддати ҳаддан зиёд зўрайиб, қўшни водий кенглигига етганда эса ҳовури бирдан пасайиб, бир неча тармоққа бўлиниб кетадиган ирмоққа нисбатан илгари болада ҳеч бир қизиқиш йўқ эди. Энди эса ўйноқи тўлқинлар мавжини мароқланиб кузатаркан, уни беихтиёр овули ёнидан оқиб ўтадиган сокин сойга қиёслаб, ўзича шу хулосага келади, йўқ, бу сувга эсини еган одамгина тушиши мумкин. Сўнг гоҳ сойга, гоҳ қуёш нуридан ял-ял товланиб, ғоятда фусункор тус олган борлиққа алаҳсиб, даранинг пичоқда кесилгандек, тик ва силлиқ қарши бетига, жанубий довон ўнгирларидаги қуюқ арчаларга, “дарвоза” тарафдан туриб қаралганда, Бурмали водийсининг тўри бўлмиш, юқори қисми қоятошлардан иборат, ўртача баландликдаги узун дўнгликка, водий шимолидаги довонга, бағри чуқур жарликлар билан тилимланган беридаги пала-партиш тизмаларга, ушбу тизмалар этагидаги – ҳозиргина ўзи бориб-қайтган – катта-кичик тепаликларга, ям-яшил ўтлоқларга қизиқсиниб разм солар экан, теграсидаги ажабтовур оламни тўла-тўкис қамрашга нигоҳи ожизлик қилаётгандек, кетма-кет қовоқларини уқалайди.
Бироқ кўп ўтмай, яшиллик азбаройи жонига текканидан, кўнгли ўзга рангларни истаб, яланғоч қояларга, қоятошларга, кўм-кўк тиниқ осмонга, тоғлар бошидаги момиқ пахтадек оппоқ дайди булутларга термилади ва айни шу аснода ўзича ўта муҳим сирни – олам яшилликдан эмас, турфаликдан гўзал эканини, бир тусдаги ранг, ҳар қанча жозибадор бўлмасин, тезда бадга уришини кашф этган бўлади, яъни илк бора англаб етади. Овулига қайтиши билан бу ҳақиқатни баён этиб, аввалига Ойнагул момосини, сўнг бунақанги сир-асрорларни ҳатто хаёлига келтирмайдиган жўраларининг бошини қотирмоқни дилига тугади.
Бола овули ва ўртоқларини эслаши билан, теварак не чоғли тароватли бўлмасин, оёғи остидаги яшил яланглик ўрнида жўралари билан эртадан-кечгача тўп сурадиган чанг-тупроқли тақир майдон бўлиб қолишини орзулаб, чуқур хўрсинади. Бир оздан сўнг эса хаёли яна бошқа томонга оғиб – боя отасининг яшил дўнгсада мисли минг қўйли бойдай баҳузур ёнбошлаб ётганига ҳаваси келган эмасми – қалин майсалар устига чўзилиб, жиндек тин олмоқ хоҳишини туяди. Бола ушбу истакка бўйсуниб, тизза бўйи ўт-ўланлар устига эндигина ёнбошлаган ҳам эдики, асосий мақсадидан хиёл чалғигани бирдан эсига тушиб қолиб, гўё эрталаб кўзига чалинган жондор шу яқин ўртада, қуюқ ўт-ўланлар орасида зимдан ўзини кузатиб ётгандек туюлиб, илкис қаддини тиклаб, теваракка кўз югуртиради. Бироқ атроф шу қадар тинч, шу қадар осойишта эдики, бу ҳақда ўйлашнинг ўзи жуда кулгили эди. Бу орада бола феълида мавжуд қусурлардан бири – тектурмаслиги қўзиб, ўтирган жойида бошда бир парча ерни ўт-ўланлардан тозалаган бўлади, сўнг бунга ҳам қаноат этмай, қўлидаги тиғнинг нечоғли ўткирлигини синаб кўрмоқчидек, тозаланган ерни ковлашга тушади.
Болапақир ўзи умид қилган ерда жондор ини ва у ерда бир-бирини қувлаб, лўмбиллаб ўйнаб юрган бўри болаларини учратмагач, бу ёғига нима қиларини билмай, боши гаранг эди. Аммо кўнгли худди нимадир сезгандай, водийнинг ўрли ва жарли қисмига қия боқмаган ҳолда тўрдаги дўнгликка тез-тез кўз ташлаб қўяркан, негадир, ички бир куч тинмай уни ўша томонга ундамоқда эди. Бироқ бу ерларнинг носинашталиги туфайли, юраги чопмай, ўз навбатида, ўтган йили кўкламда оддий бир тулки инини қидириб топмоқ нечоғли қийин кечгани ва бу ишга бир неча кун вақт сарфлашига тўғри келгани ёдига тушиб, биринчи кундан узоқ дайдишим яхши эмас, дея ўзини базўр тийиб турарди. Қисқаси, нечундир бугун ўзига эркинликни раво кўрган онасининг ишончига заха етказиб қўймаслик важидан, суюкли Ойнагул момосининг қуйидаги иборасини тилга олиб, худойимнинг эртасиям бор-ку, дея ими-жимида изига қайтади.
Мана энди, қўлида силлиқ заранг таёқ, белида шопдай пичоқ, ошиқмай йўлида давом этаркан, бугун, кечагидан кўра, ўзини янада тетик ҳис этмоқда эди. Бу сафар Бурмали водий тўридаги дўнгликдан ошиб ўтиш ниятида эди. Боланинг кўнгли айнан шуни истаётганди унчага-бунчага сир беравермайдиган отасидан жуда хафа эди.
Бола кеча оқшом бекор турмаган, онаси недир юмуш билан ташқарига чиқиши билан жондор инининг қайси ўрда-гўрдалигини тахминан бўлса-да, аниқлаш умидида феълидаги яна бир қусур – қувликни ишга солиб, атайдан анқовланиб, отаси олдига ушбу саволни кўндаланг қўйган:
– Ота, жондор ҳам туғадими?
Бу гапдан ота қолиб, Барно қиз пиқ этиб кулган. Одатдагидек, қошиққа қаноат этмай, косадаги шўрвани кўтариб ичаётган Чори чўпон эса бир-бирига туташиб кетган қуюқ қошлари остидан, болага эмас, аввалига суяк шимиб ўтирган кенжа ўғлига боққан, чунки бу қадар аҳмоқона саволни фақат боладан кутиш мумкин-да. Кейин косани дастурхон четига қўйиб, нимадир дегандай бўлдингми, дегандай ўғлига ярим юзланиб, ўзига ўзи гапиргандай, тўнғиллаб чўпон деган:
– Ҳа, худди итдай…
– Худди итдайин, – дея шоша-пиша хатосини тўғрилаган бўлади бола, – жондорлар ҳам кўп болалайдими демоқчи эдим…
– Итдан баттар… – дейди бу сафар Чори чўпон андак зарда билан.
– Улар уясида туғадими? – дейди ўсмоқчилаб бола. – Ё дайди итдай дуч келган ерга болалаб кетаверадими? Ишқилиб, уларнинг ин-пини борми?
Чори чўпон назарида, бу энди жуда жиддий савол эди.
Барчага маълум оддий бир ҳақиқатни ўғли билмайдими, демак, бу ўринда бола эмас, падар сифатида ўзи айбдор. Агар шу тобда Чори чўпон андак фаросат қилганида борми, қўшни отарлик Жовли чўпон ташриф буюрган ўтган кечда, айни шу мавзуда гурунг бўлганини, Эна бўри уруғини қуритмоқ ўйида, унинг инини сўраб-суриштирган қўноқ йигитни, юзинг-кўзинг демай, койиб ташлаганида, ўғли шундоққина ўнг биқинида, кўзлари алланечук ёниб-ёлқинланиб ўтирганини хотирлаган бўларди. Бироқ аксарият оталарга хос бир иллат – даврада ўтирган бола аҳлини катталар қаторида кўра билмаслиги панд бериб, ўша кечдаги гурунгни эслай олмади. Мабодо, бу аҳмоқона савол шу гурунгни катта ёшдаги иштирокчилари – Жовли чўпон ёхуд Барно қизга тегишли бўлганида эди, Чори чўпон тахминан шундай деган бўларди: “Нима, қулоқдан қолганмисан, ахир тунов кунигина бу тўғрида роса гурунглашгандик-ку.” Боз устига, одатдагидек, бугун ҳам тонгдан шомга қадар яйловда ёлғиз ўзи мум тишлаб юрган эмасми, боланинг саволи баҳона ўшанинг ҳиссасини чиқармоқчи бўлди ва наридаги қизғиш бахмал болишлардан бирини биқинига тортиб, бу ёруғ оламда барча турдаги жонзотлар, жумладан, тақир даштдаги чумолидан тортиб, тоғдаги қўпол айиқларгача ўз инларига эга бўлиши ҳақида чорак соатдан зиёд “маъруза” ўқиб, охири гапини шундай якунлайди:
– Хуллас, бу дунёда инсиз, уясиз жонивор зотининг ўзи йўқ.
Асосий мақсадга етишмоғига бир баҳя қолганини сезган бола, ичидан мисли тўфондек жўшиб келаётган ҳаяжонини зўрға босиб, томоқ қириб-томоқ қириб, дейди:
– Унда… тунов куни ўтовимиз ёнидан ўтган жондорниям уяси бор экан-да, а, ота?
Чори чўпон боланинг соддалигидан ўзича кулган бўлиб, дейди:
– Эмасам-чи.
– Қаерда? – дейди боланинг кўзлари ўтдек чақнаб.
– Нима қаерда? – Чори чўпон сергак тортади.
– Уяси?.. – қовун туширганини фаҳмлаган бола, қошиқдаги емакни оғзига олиб боради.
– Бу сенга нечун керак бўп қолди? – Чори чўпон қовоқ уяди.
– Шунчаки ўзим… – бола шошиб оғзига солган ва ўзи ўлгудек ёмон кўрадиган думба бўлагини лиққа ютиб юборади. – Қизиқ-да…
– Қизиқмаганинг дуруст… – дейди Чори чўпон қовоғини очмай.
– Қизиқсам, нима бўпти? – энди отасидан гап ололмаслигини пайқаган боланинг энсаси қотади.
Чори чўпон гапни янада калта қилади.
– Чатоқ бўлади!
Шу дам эшикда Сарагул пайдо бўлади-ю, боланинг дами ичига тушиб, бутунлай уни ўчади. Негаки, онаси ўта сезгир – коса тагидаги нимкосани зумда пайқайди. Оқибатда, отасидан ўпкаланмоқдан бўлак чораси қолмайди.
Боланинг хафалиги Бурмали водийсига қадам қўйганда ҳам аримади.
У “дарвоза”дан Бурмали водийга кираркан, бу сафар белидаги пичоқни худди кечагидай, шамшир янглиғ, у ён-бу ён сермамади, ҳаттоки уни қўлига ҳам олмади, ич-ичидан отасига иддао қилиб, айтмасангиз айтманг, сизсиз ҳам ўзим топаман жондор уясини, дея водий тўридаги дўнгни қора тортиб борарди.
Бола жуда дадил эди. Зеро, эсини таниши билан дала-даштга интилиб, қир-адирлар бағрида эмин-эркин кезинмоқнинг ҳадисини олган эмасми, мана энди, ушбу тажрибаси бовар келиб, кечагидан кўра, бугун ўзини жуда тетик сезарди. Миясида, ини қаердалигини тусмоллай олсам бас, сўнг нима қилишни ўзим биламан, деган саркаш ўй мисли қуюндек чарх ургани сайин ўзини улғайиб қолгандек ҳис этарди.
Ҳақиқатдан бола нисбатан хийла улғайгандек эди – масалан, кеча бўри боласини тезроқ қўлга киритиш иштиёқида, ўзида йўқ даражада ҳовлиқиб, турфа хомхаёллар гирдобида жунбушга келган бўлса, бугун, аксинча, хатти-ҳаракатларида совуққонлик аломатлари зуҳурланиб, анча жиддий тортганди. Аммо ичидаги оташ заррача сусаймаган, қайтага, беш баттар алангаларди.
Бола, шу аланга таъсирида, водий тўридаги дўнгликдан берида оёқ илиб, тоғу тошларнинг миридан-сиригача биладиган тажрибали сайёдлардек, ошиқмай дўнглик пойидаги сийрак буталарга, юқоридаги турли қоятошлару яккам-дуккам арчаларга диққат-ла кўз югуртираркан, бирдан ҳализамон юз очиши лозим бўлган дўнглик ортидаги нотаниш оламни тезроқ кўриш истаги жўш уриб, бундан юраги бир қалқиб тушди. Бу туйғу болага яхши таниш бўлиб, ёлғиз ўзи ёхуд бирор жўраси билан овул жанубидаги қир-адирларда кезинган кезларида, йўлига кўндаланг бўлган ҳар бир дўнглик ортида не борлиги билан жуда қизиқсинар, дўнг белига ўрлагач эса, қаршисида намоён бўлган манзара қошида энтикиш-ла туриб қоларди. Бола, момоси айтмишли, копток жиннисига айлангунга қадар, дала-даштда санғиб, олисдаги тоғларга туташиб кетган қирликларнинг маълум бир қисмини ҳамда улар бағридаги ўру жарликларни мана шу тарзда – “ўзга олам” йўсинида бирма-бир “кашф этиб” чиққанди. Бироқ коптокка бутунлай меҳр қўйгач, боладаги бу хусусият заволга юз тутган ва у “ўзга олам”га ортиқ қизиқмай қўйганди. Бугун эса шу феъли туйқусдан қайта жонланиб, эндиликда дўнглик ортидаги “ўзга олам” билан тезроқ бетлашиш иштиёқида юраги ёнмоққа тушганди, турган гап, бўри инини хаёлидан зиғирча мосуво этмаган ҳолда.
Бола кўпда ҳаялламай, тезроқ юқорига тирмашмоқ ўйида нигоҳи ила дўнглик белидан ўзига мосроқ жой қидираркан, хиёл ўтмай дара бўйи­даги торгина кўздан паналаб жойни дафъатан илғаб қолди-да, тўғри ўша томон юрди.
Заранг дарахтини дара тарафидаги торгина оралиқдан ўтиши билан унинг қаршисида қалин ўт-ўланли, узун энли йўлак пайдо бўлди. Қўш отлиқ бемалол сиғарли узун йўлакнинг ўнг ёнида чуқур дара, сўл ёнида қияланиб тушган дўнглик, адоғида эса яшил яланглик ва қандайдир қоятошлар кўзга ташланиб турарди. Бу – ғаройиб кўринишга эга бўлган йўлак сир-синоатга тўла оламга элтувчи афсонавий йўлдек туюлди унга. Шу боис йўлак оғзида ҳайрат ва ҳаяжон оғушида бир муддат анқайиб туриб қолди. Бироқ ҳар қанча ҳаяжонда бўлмасин, ўт-ўланлар оралаб кетган ингичка сўқмоқни назаридан қочирмади – жондор йўли, деган хаёлга борди. Бундан юрагига ҳадик инди. Бироқ дара ёқалаб, бир текисда чўзилиб кетган сирли йўлакни босиб ўтиш истаги шу қадар кучли эдики, айни пайтда ҳеч нарса уни бу йўлдан қайтара олмасди.
Бола теваракка ҳушёр боққанча, йўлакка дастлабки қадамни қўйди.
Қиялаб тушган дўнглик турфа тусдаги тош қатламлардан иборат бўлиб, қатламлар орасида тиканаклар кўкланиб, дара лабининг у ер-бу ерида эса, гўё қуйидаги сойга қулаб тушишдан қўрққандек, пастак буталар қўнишиб турар, оёқ ости айтарли равон эмас – дўнгдан думалаб тушган катта-кичик тошлар деярли ҳар одимда учрарди.
У, чамаси, икки юз газча масофани босиб ўтиб, йўлак адоғидаги чоғроқ яшил сайҳонликка етаркан, кўзи сўлда, дўнглик ортидаги ғоятда ғайритабиий манзарага – доирасимон чуқур ҳавзага тушди. Кафтдек текис туби арча ҳамда бошқа турдаги тоғ ўсимликлари билан қопланган ҳавзанинг умумий майдони олти танобдан зиёд, яъни бир ярим гектарча бўлиб, рангдор қирғоқлари тик, қоқ марказида эса худди найза учидек, боланинг таъбири билан айтганда, таомликка ярамайдиган эркак сабзидек, бир жуфт қоя кўкка бўй чўзиб турарди. Бу ҳавза маҳаллий чўпонлар тилида жўнгина тарзда “тошохур” деб юритиларди. Дарвоқе, сирли йўлак мазкур тошохур баралла кўзга ташланиб турган шу яшил сайҳонлик бўйида якун топиб, нарига ўтишнинг сира иложи йўқдек туюлса-да, аммо синчков нигоҳ ялангликнинг у чеккасидаги қоятошлару турли дов-дарахтлар бағрига сингиб, тошохурнинг шарқий қанотида жойлашган қатор ўнгирлар томон мисли илон изидек биланглаб кетган ингичка сўқмоқни илғамасдан қолмасди. Бироқ бола ҳозир ёни-верига разм соладиган аҳволда эмас – энди жондор инини паққос унутган кўйи, бу ғаройиб манзара қаршисида тамомила лолу ҳайрон туриб қолганди. Ҳолбуки, кечадан бери у қидираётган бўри ини шундоқ яқинида, тошохурдан кейинги биринчи ўнгирда жойлашганди.

* * *

09Бу сафар болаларини заҳирадаги озуқа билан емаклантиришга мажбур бўлган Эна бўри ўнгирнинг дуярли нимчорак қисмини эгаллаган силлиқ, кўкиштоб тош четида, кундалик бетизгин қилиқлари – шўхликлари билан овора болалари ҳаракатини кузатиб, ўз навбатида, наридаги қоятош соясида бағрини ерга берган кўйи, жароҳатланган ўнг оёғини ялаб-юлқаб, ора-сирада худди норасида жонивордай араз-ла ғингшиб қўяётган жуфти Тархашга дам-бадам кўзларини пес-пес қилганча, чўзилиб ётарди, гўё сокин ором олмоқда эди. Зоҳиран шундай, ботинан эса, ҳали-ҳануз чексиз қаҳру ғазаб оғушида эди у.
Эна бўри бежизга қутурмаганди.
Бугун тонгда кўнглига ҳадик ва қўрқув солган қоришиқ ҳиднинг ким ва нималигига тўла-тўкис аниқлагач, қиялик тепасидаги қоядан ошиб, йўлда ҳеч қаёққа чалғимай, тўғри ини сари йўртаркан, тошохур бўйига етганда, жануб томондаги ингичка, ўта қалтис сўқмоқдан қуйига энган ва унинг марказида бўйланиб турган қўш қоядан бири пойидаги зах ковакда, бугунгидек омадсиз кун – қора кунга асраб қўйилган озуқасининг ярмидан кўпроғини Тархаш жиғилдонига уриб кетганидан огоҳ бўлганди. Бу ҳолдан Эна бўри аввалига эсини йўқотар даражада қутурган эса-да, сўнг йўлига илҳақ кўз тикиб турган оч-наҳор болаларини ўйлаб, ўзини босган, нодон ва безбет жуфтидан қолган эту суякларни чала чайнаб, чала ютиб, инига ошиққан. Ўнгирда қора бериши билан бир-бирини турткилаб-сурткилаб, пилдираб қошига чиққан болалари олдига қўрсоғидаги емишни эндигина қайд қилиб ташлаганида, бўлак пайт қуриб қолгандай, айни шу вақтда қайси гўрдандир суманглаб келиб қолган Тархашга ташланиб қолганди.
У нодон жуфтининг боплаб адабини берган эса-да, аммо бунга тўла қаноат этмаган – ботинида бир-бири билан аёвсиз равишда чўқишаётган икки қарама-қарши туйғунинг қайси бирига ён босмоқни билолмай, шуури карахт эди: қаҳри дердики: “Бос, янч, этини нимтала, бу ярамасни!” Ақлли эса зўр бериб бу ёвуз қутқуни инкор этмоққа уринарди: “Йўқ-йўқ, асло ғазабга эрк бера кўрма!” Жонивор ушбу икки ўт ўртасида аёвсиз равишда қоврилар экан, бахтига, хиёлдан сўнг ўтган йиллар давомида секин-аста орттирилган бор тажрибалари бовар келиб, агар ғазабини жиловламаса, оқибати хунук бўлиши мумкинлигини ҳис этиб, андак тинчланди. Ақли шуни айтдики: “Емакка қотиниб, ўзини айбдор сезгани учун ҳам Тархаш боя юмматаламоғингга қўйиб берди. Ҳозир қайта ҳамла қилар бўлсанг, ортиқ у қараб турмайди, ўтган галгидек, қурби етганча қутуриб қаршилик кўрсатишга тиришади ва натижада, бундан ҳар иккинг ҳам жиддий озор топмоғинг мумкин.” Бундан Эна бўри дарров ҳушёр тортди: “Агар бу жангда бехосдан қаттиқ яраланар бўлса, сўнг қошида лўмбиллаб ўйнаб юрган манову болаларининг ҳоли не кечади? Уларнинг томоғига ким қарайди?”
Тархашми?
Йўқ, икки дунёда ҳам!
Боз устига, она жонзодларнинг жиддий яраланиши ёхуд бевақт ўлим топиши туфайли, ҳар йили бу тоғу тошларда неча бир мурғак жониворлар барвақт нобуд бўлмайди. Тўғри, нодон Тархаш норасидалар ризқига хиёнат қилиб, муқаддас йўриқни бузди. Бироқ ҳарчанд уринмасин, ҳарчанд адабини бермасин, барибир унга эс кирмайди – бу қилиғини эрта бир кун тағин такрор этади. Шунинг учун у билан ёқалашиб юргандан кўра, заҳирасига ўзга жой топгани маъқул. Боиси Тархаш “оила ташвиши”ни бирга тортадиган аввалги жуфти Сўпоқ эмас, нақ куйдиргининг ўзи – на бутунлай узилиб кета олади, на жуфтлик вазифасини адо этади. Бугунгидек юмматалар бўлса, ўзича аразлаб, ғингишиб; индамаса, қилиқлари билан қонига ташна қилиб юраверади.
Эна бўри ҳануз жароҳатини ялаётган Тархашдан ирганиб, собиқ жуфти Сўпоқни қўмсаб, беихтиёр ув тортмоқ истайди. Кўксини тўлдириб, фиғон қилмоқни истайди.
Афсуски, бу асло мумкин эмас – ини яйлов яқинида жойлашган. Яйлов аҳли билан минг иттифоқ бўлмасин, ички майл ва туйғуларига бўйсуниб, ини жойлашган ҳудудда ув тортмоққа ҳозирча мутлақо ҳаққи йўқ.
Бу – ёввойи олам йўриғига сира тўғри келмайди.
Ув тортмоқдан ув тортмоқнинг фарқи бор дегандек, унинг ҳам ўз вақт- соати бор, яъни қачонки, болалари соғ-омон улғайиб, инини, ўтов аҳли эса яйловини тарк этгандан сўнг, оппоқ қорга бурканган тоғу тошлар орасидаги овулларни қоралаб, хоҳласа ойга боқиб, хоҳласа кўкка боқиб, бас деганча ув тортмоғи мумкин.
Энг муҳими, нола тортмаса бўлди.
Бундан аввалги болалари зилзила туфайли кўчки остида қолиб нобуд бўлганида, Эна бўри аламдан туни билан ув тортиб – нола қилиб чиққан, сўнг кутилмаган бу жудоликка тоқат қилмоққа бардоши етмай, ўзига ўзи ажал чорлаган. Аксига олиб, ҳеч ажалга дуч келмаган, дуч келганида эса, олди-ортига қарамай, тирақайлаб қочган. Ўшанда тоғ овуллардан бири яқинида кетма-кет милтиқ гумбирлаб, бир тўда ит изидан тушган. Эна бўри ажални истаган эса-да, аммо уни бир гала ит тимсолида тасаввур этмаган эканми, беихтиёр қочмоққа тушган. Қочиш асносида томирларида қон юришиб, унда ҳаётга ташналик ҳисси қайта жўш урган. Кейинчалик Тархашни учратиб, ғам-аламларини бутунлай унутган. Бу янги жуфтини худди Сўпоқдек оқил ва меҳрибон бўлади дея умид қилганди. Афсус­ки, Тархаш аввалги жуфтининг ғирт акси бўлиб нодон чиқди. Бу туришида ҳали-бери унга ақл кирадиганга ўхшамайди ва кирмаса ҳам керак.
Эна бўри чўзилиб ётган жойида, қачон сенга эс кираркан, нодон, деган йўсинда тағин Тархашга адоватла боқаркан, шу аснода хаёлига келгани шу бўлди: йўқ, жуфти Сўпоқ икки дунёда ҳам ўзини бу тарзда талатиб қўймасди, мабодо, ораларидан оламушук ўтиб қолар бўлса, Тархаш каби ғингшиб, ўз кўйида аразлаб ётмасди, дарров ўлжа қидириб кетарди. Магар ўлжа билан қайтар эрса, оғзидагини қанжиғи олдига намойишкорона тарзда улоқтириб, ўзи нарида тескари ўгирилиб, ғуддайиб туриб олган, яъни ораларига тушган совуқлик Эна бўри томонидан бартараф этилишини тоқат-ла кутган бўларди. Табиий, Сўпоқ ўлжа билан қайтар бўлса, Она бўри ортиқ ўрланмас, жуфти ёнига бориб, аста суйкалмоқни бошларди. Бироқ Сўпоқ дарровгина эрий қолмас – ич-ичидан ҳалимдек юмшаб турган эса-да, тишида буни асло сездирмас – ўзича жиндек ноз қилган бўларди. Аммо Эна бўри балонинг ўқи эди – унинг олдида Сўпоқ деганлари нима бўпти, бор-йўғи бир иссиқжон, керак бўлса тошни эритмоққа қодир эди у.
Баъзан эса бунинг акси бўларди.
Аммо, Сўпоқдан фарқли ўлароқ, Эна бўри тезгина бўй бермас, кунлаб, гоҳида ҳафталаб уни обдон сарсон-саргардан қилар, гоҳида эса чинакамига бўзлатарди. Табиий, бу ҳол Сўпоқ бирор-бир ўзга қанжиққа кўз сузиб қўйган кезларда юз берарди. Аммо шунчаки аразлашувларда ташаб­бус ҳамиша Эна бўридан чиқар – тошга айланган жуфтини саноқли дақиқада мисли мумдай эритиб оларди. Ана шунда мумдай эриган Сўпоқ нақ оёқлари остида эшилиб-эркаланиб ётган арлонини меҳр билан шу қадар ялаб-юлқалардики, бу каби фараҳбахш дамларда Эна бўри ўзини гўё еттинчи осмонда қалқиб юргандек ҳис этарди. Тархаш эса Сўпоқнинг тўкилган бир мўйига ҳам арзимайди – ўз нафсидан бошқасини ўйламаганидек, болаларига оталик ҳам қила олмайди. Ана, у ёнига эркаланиб борган болаларидан бирига, худди етти ёт бегонадай, ириллаб берди. Кейин нимадир эсига тушгандай, ўрнидан илкис қўзғолди-да, кунчиқардаги ўрликлар бағридаги бутазорга шўнғиб, зумда кўздан йўқолди.
Тархашнинг қораси ўчгач, гўё бирдан ғами аригандай, Эна бўри боядан бери тинмай атрофида ўралашаётган болаларига андармон бўлди – бирини ялаб, бирини юлқашга тушди. Шунда наридаги тошлар орасида калта чўпни гоҳ тиш­лаб, гоҳ ташлаб, ўз майлида ўйнаб юрган ёниқ кўз, тийрак бўривачча оғзидаги чўпни ташлаб, улар ёнига пилдираб келди-да, биродорларини нари-бери суриб, онасининг тумшуғи остига, тўртала оёғини даст кўтарганча, чалқанча тушиб ётиб олди. Эна бўри пишиқ-пухталиги ҳар бир ҳаракатидан яққол сезилиб турган ёниқ нигоҳли бу жимитдек урғочи жониворнинг истагини дарров англаб, худди бир вақтлар Сўпоқ ўзини суйиб эркалагандай, қайноқ тили билан унинг қорни, чоти ва бўйин тагларини ҳафсала билан ялашга тушди. Бу ҳолдан қолган бўриваччаларнинг рашки қўзиб, дарҳол ёниқ кўзни турткилаб-сурткилаб, нари ҳайдамоққа тушдилар. Эна бўри феъли ва туси ўзига ўхшаш бу жониворни азалдан бўлакча суярди, шунинг учун уни ака-­укалари ҳужумидан ҳимоялаб, меҳр-ла ялашда давом этди. Боз устига, ёниқ кўз ўзининг бу қилиғи – тантиқ талаби билан Эна бўри шуурида тотли хотираларни уйғотиб, энди амалга ошмоғи душвор бўлган баъзи бир хоҳиш-истакларни қўзғаб қўйган эди.
Эна бўри тумшуғи тагида чалқанча тушиб ётган бўривачча ўрнида ўзини, ўзи ўрнида эса қаҳр ва меҳр бобида ҳар қандай жонни бир ҳимо билан қочирадиган Сўпоқни тасаввур этиб, бу юмушни ўзгача бир шавқ билан адо этаркан, кутилмаганда ўнг биқинида аёл эласланиб, қайноқ кафтини нақ яғринида туйгандай бўлди.
Жонивор илкис қаддини тиклаб, беихтиёр ўнг ёнига ўгирилди.
Бироқ шуурида кўланкаланган Сарагул шарпаси сароб бўлиб чиқди.
Қизиқ, ахир аёлнинг қайноқ кафтини нақ яғринида аниқ ҳис қилди-ку!
Бу не ҳол?
Бу не синоат?
Бу сир-синоатга Эна бўрининг ақли етмади. Аммо яғринини сийпалаб ўтгандай туюлган қайноқ кафт таъсирида, ҳамиша жисмидан теваракка ғаройиб илиқлик таратувчи аёлга нисбатан, ҳолбуки, бугун тонгда уни кўрган эса-да, кучли соғинчни ҳис этиб, беихтиёр инграшди. Қошида ҳануз оёқларини кўтариб ётган ёниқ нигоҳни унутган ҳолда тумшуғини кунботишга чўзди. Сарагулнинг сархушлантирувчи таниш бўйини қаршисидан эсаётган енгил эпкиндан илғаб оладигандек, қайта-қайта искаланди. Ана шунда одам исини туйгандай бўлди.
Бироқ бу – у кутган бўй эмасди. Эна бўри бирдан ҳушёр тортди.
Эна бўри чинакамига таҳликага тушди.
Ахир ини жойлашган ҳудудда одам ҳидини туйиш, унинг учун ўлимдан минг карра даҳшатлироқ эди-да.
Бу, том маънода фалокат эди!
Эна бўри ҳозирча ким ёхуд нелиги ноаён бўлган бу фалокат ҳализамон теграсида бамайлихотир ўйнаб юрган болалари ҳаётига чанг солиб, бир лаҳза

ичида уларни мавҳ этадигандек, тани қалтираб, ириллаганча, болаларини уясига ҳайдади. Сўнг ўзи мисли камон ўқидек ўнгир четига отилди.

* * *
Худди бўлак жой қуриб қолгандек, чуқур дарага орқа ўгирганча, ажал комидан бор-йўғи тўрт-беш одим берида ҳайрат оғушида ҳануз тошдай қотиб турган бола илонизи ингичка сўқмоқдан эмас, тошохурнинг жанубий қирғоғи ёқалаб, харсанг ва буталар оралаб, ўзи томон соядек сирғалиб келаётган Эна бўрини пайқайдиган ҳолатда эмас – ҳали-ҳануз қаршисидаги тошохурнинг ғаройиб манзарасига маҳлиё эди. Шу кезгача тоғу тош деганда, Сувлиқсой водийси атрофидаги тоғларни ҳамда нотекис довон йўлига олиб чиқувчи тор дарани биларди. Бунинг устига, ҳар сафар тоққа ташриф буюрганида, бобоси айтмиш­ли, худди Ҳабиб бангидек ҳардамхаёл ҳолда, яъни қад­рдон овулидан ҳам кўра, энг севимли эрмаги – тўп суришдан бебаҳра этишгани учун барча-барчадан, ҳаттоки кундузи қуёшдан, тунда ойдан, қўйингки, бутун оламдан норози ҳолда келарди-да. Тўғри, тунов кундан ва айниқса, бугундан тоғу тошларга бир нигоҳ билан боқаётган эса-да, аммо келбати қорли тоғлардек чўнг, қандайдир афсонавий одам ёхуд одамлар томонидан атай қазилиб, атай зебланган ҳавзага биринчи бор дуч келиши эди-да.
У тошохурнинг тик қирғоқлари, яшил туби ва унинг қоқ марказида қад ростлаб турган – эни-бўйидан тортиб, шакл-шамойилигача, киши ақлини лол қолдирарли даражада, бир хилда бўлган эгиз қоя – қўш қояга боққани сари ҳайрати хамирдай кўпчиб, оқибатда, нафақат жондор инини, балки шундоқ ортида оғзини ланг очиб турган ажал – теран дарани ҳам унутиб қўйган эди.
Болани чандон қизиқтириб қўйган бу қоялар оралиғи чамаси ўн беш газча бўлиб, улар асосини ташкил этган тошқатламлар эни ҳамда ранг-туси ҳам айнан бир-бирини такрор этганди. Магар, шу ўринда, қоялардан бирини кўзда тутган ҳолда жиндек таърифга урғу берар бўлсак, қоя пойидаги баланд қатлам кулранг тусда бўлиб, ундан юқоридаги қатлам тўқ кўкимтир рангда эди. Учинчи, яъни қуйидаги тўқ кўкимтир қатлам сиртига қисман тарамлаб томир отган қирмизи қатлам эса, мисли қизил белбоғ янглиғ, қоя белини чирмаб, уни ўзгача зеблаб турарди. Умуман олганда, ранг борасида табиат қоялардан ўз саховатини асло аямаган – қирмизи “белбоғ” кифтига ўрнашган тўқ сариқ рангдаги тўртинчи қатлам ўзидан тепадаги оқиш тусли бешинчи қатлам билан уйғунлашиб, мисли тасмадек, уларни бир-биридан ажратиб турган ўртадаги қоп-қора чизиқ – мўъжаз қатламни деярли ютиб юборганди. Жигарранг тусдаги олтинчи йирик қатлам ўз яғринидан жой олган қорамтир – айрим ўринлари кўмирдек қоп-қора – қатламни инкор этган ҳолда ажабтовур кўриниш ҳосил қилганди. Айни шу ерда она табиат, қоялар устидан қаҳ-қаҳ отиб кулгандек, қорамтир қатлам устига, унинг акси бўлмиш оқиш қатламни, оқиш қатлам елкасига эса қизғиш, сарғиш, оч ҳамда тўқ жигарранг тусдаги энли ва энсиз қатламларни ўта моҳирлик билан пайдар-пай териб чиққанди. Эгиз қояларнинг энг юқори нуқтаси – найзадек ўткир учлари оч кулранг тусда бўлиб, бирини мужрайган яшил арча безаб турарди.
Болапақирни ҳайратга солган яна бир ҳолат – эгиз қоялардаги мавжуд рангли қатламлар тош­охурнинг тик ва баланд деворларида айнан шу йўсинда тўла-тўкис такрорланган бўлиб, тошохур тубидаги яшиллик бу турфа ранглар мажмуасини янада бўрттириб, унга айрича кўрк бағишлаб турарди. Агар бола геология фанидан озми-кўпми бохабар бўлганида борми, бу сир-синоатга қисман эса-да, ақли етган ва бу қадар ҳайратга тушмаган бўлар эди. Аммо унинг болалик бахти шунда эдики – қошидаги манзарани таърифи йўқ бир мўъжиза сифатида қабул қилганди.
Бор ҳайратининг асил сабаби шу эди.
Бу орада ниҳоят “тошқотган” болага жон кирди.
У ўнг қўлидаги заранг таёқни қўлига оларкан, азбаройи завқи тўлиб-тошганидан, ўнг тиззасига енгил бир шапатилади. Қани энди, айни шу дамда ўзидек тўптепар жўралари қабатида бўлиб қолишса-ю, бирга-бирга қуйига энишса, рангдор қоялар атрофида гир айланишиб, чир айланишиб, обдон уларни томоша қилишса, ўзларида йўқ завқланишиб ва шавқланишиб, дон талашган чуғурчиқлардек роса чуғурлашса, сўнг бу ҳақда овулдагиларга ошириб-тошириб сўзлаб беришса! Ахир момосининг хамир қориладиган сариқ сирли тоғорасидек бир текисда ўйилган, буниси камдек, қоқ киндигида, бобосининг жини севмайдиган эркак сабзидек кўкка бўй чўзиб турган қўш қояли, йўқ-йўқ, эгиз қояли бу қадар ажойиб манзарани яна қаерда кўриш мумкин?!
Фақат шу ерда!
Айнан шу ерда!
Эна бўри бир пайтлар тоғлар орасидаги сўқмоқдан ини ўрин олган камар томон отини елдириб бораётган суворий қаршисига тўсатдан лоп этиб чиққан Сўпоқ каби, тошохур лаби яқинидаги харсанглар ортидан яшил ялангликка сакраб чиққанида, бола шу шавқли хаёллар оғушида эди.
Боланинг кўзи ўзидан бор-йўғи ўн беш одимча нарида, худди осмондан тушгандай, туйқусдан пайдо бўлган Эна бўрига тушгач, беихтиёр қовуғи бўшашиб кетди. Қўлидаги заранг таёқ майсалар устига тап этиб тушиб, белидаги пичоқ ҳатто эсига келмади. Қаршисида кўзлари мисли чўғдек ёниб, тишлари даҳшатли тарзда иржайиб турган махлуқ ўтов ёнида учратган ройишли жондорга ўхшамас, ҳадемай ямламасдан ютадиган важоҳатда эди.
Бола қўрқувдан қотиб қолганди.
Эна бўри унинг ҳолатини сезгандек эса-да, аммо бундан юраги тариқча юмшамади. Боиси қошидаги боланинг, тоғлар орасидаги танггу тор сўқмоқда тўсатдан Сўпоққа дуч келган суворий сингари орқа-олдига қарамай, ура қочмоғини кутган ва айнан шу ниятда сайҳонликка сакраб чиққан эди-да. Қарасаки, боланинг жуфтакни ростлайдиган сиёғи йўқ, турибди серрайиб. Бу ҳолдан, бола қўрқувдан тош қотганидек, Эна бўри ҳам бу ёғига не қиларини билмай, бир неча сония тараддудланиб қолди.
Эна бўрининг ғазабланишига сабаб, бола унинг инига жуда яқин келиб қолганди. Хўш, бу ўринда, йиртқич қандай йўл тутмоқни ўзига маъқул топди? Собиқ жуфтининг қилиғини айнан такрор этиб, болани шунчаки қувиб солмоқчи бўлди. Боз устига, бу томонга яқинлашаётганида, ҳидиданоқ болани таниган, шунга кўра, ҳозирча бирор-бир ёмонликни ўйламаган ҳолда, фақат имкони борича тезроқ қорасини ўчиришини истарди, холос. Аксига олиб, болапақир жойидан жилай демас, наридаги харсанглардай тошқотиб турарди.
Ана шунда Эна бўри иккинчи амални қўллашга аҳд қилди ва гавдасини хиёл олдинга чўзганча, йўқол, дея ваҳшатла ириллаб, аста олға юрди. Шунда бирдан болага жон кирди, тўғри ажал сари – дара томонга тислана бошлади. Буни дарров фаҳмлаган Эна бўри тўхтади, хавфдан огоҳ этгандай, бу сафар бўғзида бўғиқ ириллади. Аммо бола, икки кўзи йиртқичда, тисарилишда давом этди ва бир зумдан сўнг “ва-а-а” деганча пастга қулади.
Эна бўри у томонга ошиқмади, хавф ариб, кўнгли оройиш топганидан суюнгандай, сайҳонликда пича туриб қолди. Кейин қизиқиши устун келиб, дара лабига борди. Бўйин чўзиб, қуйига мўралади. Қарасаки, бола, чамаси, уч-тўрт газча пастда, жар бетидан униб чиққан, жуссаси кичик эса-да, танаси бақувват арча шохлари орасида, ҳозирча ҳеч бир нарсани идрок эта олмай, кўзлари ола-кўла бўлганча, чалқанча тушиб ётар, қуйидаги жўшқин сой эса тезроқ уни ўз оғушига олиш иштиёқида уюрланиб-уюрланиб, мавжланиб-мавжланиб оқарди.
Бу орада ниҳоят бир амаллаб ўзига келиб олган бола жониқишла арча бутоқларидан бирига маҳкам ёпишиб, сой шовурига басма-бас, овози борича “Эна-эна”лаб бақириб қўяверди. Бу қилиғи билан йиртқичнинг кўзига янада ожиз, янада нотавон кўриниб кетди.
Эна бўри танг аҳволда қолган болани тақдир измига ташлаб, аста изига қайриларкан, йўлига кўндаланг тушиб ётган заранг таёқ олдидан бепарво ўтиб кетолмади, одатига кўра, уни искаб кўрди ва ўзи сира кутмаган ҳолда калтакда бола ҳиди қатори аёлнинг ҳам қадрдон бўйини туйди. Бундан сергак тортиб, гўё ишонгиси келмагандай, заранг таёқни у учидан бу учигача қайта искаб чиқди. Бу дафъа ғоятда ажабтовур бир ҳолдан – она-бола ҳидининг бир-бирига яқинлиги ва ўхшашликдан жуда ҳайратда қолди. Бу эса юрагида англарсиз илиқ бир туйғуни уйғонмоғига сабаб бўлди. Жондор ботинида юз берган ғаройиб бу эврилишдан таажжубга тушиб, бир дам тек туриб қолди. Кейин бунга тўла ишонч ҳосил қилмоқчидек, заранг таёқни яна бир карра искаб чиқди. Сўнг ички ройишга беихтиёр итоат этиб, дара лабига қайтди. Бўйин чўзиб қуйига боқди. Арча бутоқлари орасига энди жойлашиб ўтириб олган боланинг аҳволи ҳавас қиларли эмас, бақириб-чақиришлари эса ожиз жонзоднинг нолакор ғингшишидек туюлди унга.
Эна бўрида болага кўмак бериш истаги туғилди.
Бироқ қандай қилиб?
У болага боққанча, шу созда бир дақиқача қотиб турди-да, кейин секин ортига қайтаркан, туйқусдан юрагини илитган туйғунинг туб моҳиятини янада теранроқ англаб етмоқчидек, тағин калтакни бир сидра искаб чиқди. Она-болага ҳидига сезилар-сезилмас темир иси қоришиқ эса-да, бунга ортиқ эътибор бермай, қайтага, қуйидаги жўшқин сойнинг бир зайлдаги шовурига қасдма-қасд қичқираётганидек, дам-бадам нола қилаётган болага гўё далда бермоқчидек, бот изига қайрилиб, пастга мўралади.
Эна бўри ўз болаларини ҳар қандай вазиятда тинчлантиришга қодир эди. Бироқ кўмак сўраб, унинг наздида, овози борича тинмай “ғингшиётган” одам боласига таскин бермоққа жуда ожиз эди. Оқибатда, у икки ўт ўртасида қолди – кетай деса, юрагини забт этган илиқ туйғу бунга изн бермас, қолай деса, бундан бирон наф йўқ. Бунинг устига, она-боланинг ўхшаш ҳидини ўзида омухта этган заранг таёқ, кетмоғига изн бергиси келмагандай, шундоқ йўлида чўзилиб ётарди. Қисқаси, сиртдан қаралганда, Эна бўрининг ҳозирги ҳолати тумшуғи тагидаги тайёр ўлжага эга бўлмоқнинг эвини тополмай, беҳудага тимирс­киланаётган ношуд жониворнинг тентинишига жуда ўхшаб кетарди…
Охири бўлмади – боланинг тинмай нола қилишига ортиқ тоқати етмай, тик жарликда одам боласи эмас, ўз жигаргўшаларидан бири омонат илиниб тургандай ва ҳадемай дара тубидаги тезоб оқим бу жонни ўз комига тортиб кетадигандай, Эна бўри, калтакка ўтириб қолган аёл иси таъсирида, беихтиёр ув тортиб юборди.
Эна бўри калтакни ҳидлаб-ҳидлаб, аёлни йўқлаб-йўқлаб, кўкка боқиб-кўкка боқиб ув тортди.
Эна бўри арча шохлари орасида “ғингшиб” ётган болага қараб қўйиб-қараб қўйиб, осмонга тумшуқ чўзиб-тумшуқ чўзиб ув тортди.
Эна бўри, минг бора бебурд бўлса-да, Тархашнинг шу тобда қабатида йўқлигидан ранжиб-ранжиб ув тортди.
Эна бўри бундай дамда ҳамиша бирор-бир йўл-йўриқ топмоққа ҳамиша қодир бўлган Сўпоқни қўмсаб-қўмсаб, ув тортди.
Эна бўри ҳар сафар ўтов ёнидан аёл ҳидига тўйиниб-тўйиниб ўтарди, унинг илиқ тафтини бутун вужудида туйиб-туйиб ўтарди. Энди бу суюкли бўй заранг таёқда анқиб турарди, бола иси ўша ёқимли бўйга ўхшаб кетарди ва айни шу ўхшашлик туфайли юзага келган илиқ туйғу эса жониворнинг кетишига қўймай, тушовлаб турарди. У ботинида кечаётган бу ажабтовур ҳиснинг нелигини ҳалича тўла идрок этолмаган эса-да, юраги ва шуури амрига итоат этган ҳолда, қиш-қировли қоронғи тунда ёхуд қуюқ туманли кунда шеригини йўқлаган жондордек келиштириб-келиштириб, ув тортмоқда давом этди.
Эна бўри калтакни ҳидлаб-ҳидлаб, аёлни йўқлаб-йўқлаб, кўкка боқиб-кўкка боқиб ув тортди.
Эна бўри арча шохлари орасида чорасиз “ғингшиб” ётган болага қараб қўйиб-қараб қўйиб, осмонга тумшуқ чўзиб-тумшуқ чўзиб ув тортди…

* * *

Эна бўри аёлнинг қайноқ кафтини яғринида ҳис қилган ондаёқ хавотир ҳиси Сарагулнинг қалбига мисли қуюндек ёпирилиб кирганди.
Аёл дастлаб бундан ҳайрон бўлди.
Аёл безовталаниб, кенг яйловга ҳадик-ла боқди.
Аёлнинг хаёли эри ва сурувга оғиб турганида, бирдан эсига дайдиб кетган ўғли тушиб қолди. Болани эслаши билан бошқа аёллар каби, вой-й, худойим, ишқилиб, тинчликмикан, дея саросимага тушиб турмади, бу ҳақда ўрмак тўқиётган қизига ҳам бир оғиз чурқ этмади, худди ҳозир кимнингдир шартта ёқасидан оладигандек, йўл-йўлакай енгларини ҳимарганча, боясароқ ўзи сойлик гирдига жилдирган тўриқ отнинг ёнига уриб борди. Ўта ошиққан кезларида, чап­даст йигитлардек, азалдан отни салт минишга одатланган эмасми, тўриққа эгар урмоқни хаёлига келтирмади, турган гап, бунга сабри ҳам етмасди. Аёл ерга қоқилган темир қозиқни жаҳдла суғурди-да, жундан эшилган узун арқонни қозиқ тутган сўл қўлига тезгина йиғиб, ёши ва тўлароқ жуссасига унчалик мос бўлмаган ажиб бир чаққонлик билан енгил сакраб, тўриқнинг яланғоч яғринига миниб олди. Қўлидаги чилвир билан отнинг сағрисига қарсиллатиб туширишдан аввал, боласи тушмагур балки отаси ёнидадир, деган умид ва илинжда бошда яйловни тик кесиб, сурув томон жилмоқчи бўлди. Кейин, табиатнинг ғаройиб бир синоати – оналар қалби ҳеч қачон алдамайди – ички сезгисига бўйсиниб, от бошини арчазор қияликка туташ дўнглик сари бурди. Онасининг бу хатти-ҳаракатларидан ажаб­ланиб, қошига югуриб чиққан Барно қизнинг: “Вой-й, ўлай, йўл бўсин, эна? – деган саволига берган жавоби шу бўлди:
– Очиқ лаҳадга!
Сарагул дўнглик ёқалаб отни қичаб ҳайдади.
Йўл бўйи теваракка сарасоб солиб, болани дараклаб, овоз бериб-овоз бериб борди.
Кўнглида саросар кезиниб, юрак-бағрини тимталаётган бадгир ўйларни лаънатлаб-лаънатлаб, ич-ичидан қарғаниб-қарғаниб борди.
Аёл шу йўсинда Бурмали водий “дарвоза”сига етаркан, қулоғига бўри увлаши чалингандай бўлди. Дастлаб нохуш бу сас гўё шуурида акс этгандек, унга эътибор бермади. Зероки, шу ёшгача аёл жондорнинг ув тортишини баравж кўклам адоғида эмас, кеч кузда, қаҳратон қишда эшитган, кундузлари эмас, қоронғи тунларда эшитган. Аммо этни жунжиктирувчи бу овоз қайта такрорлангач, ҳушёр тортган аёлнинг оналик қалби – ботиний туйғуси от бошини ўша томонга бурмоқни амир этди. У Бурмали водийга қайриларкан, миясига қўйилиб келаётган бадгир ўйлардан хаёли қочиб, қуруқсиган лабларини ялаб, болани йўқлаб, тағин овоз бермоқчи ҳам эдики, кучли ички бир тебраниш – тўлқин: “Бас!” – дегандай бўлди. Аёл ортиқ товушланмай, атрофга синчков боққан кўйи, товани билан отни ниқталаб ҳайдади. Эна бўрининг навбатдаги ув тортишидан сўнг, овоз келаётган манзилни бир лаҳзада аниқлаб, тўғри дўнглик адоғидаги йўлак томон йўл тортди.
Сарагул қорли тоғлар бағрига элтувчи бу йўлни яхши биларди. Бир пайтлар бола каби у тошохурнинг бетакрор манзараси қошида донг қотганди. Аёл чўпон-чўлиқлар тилида, “кунчиқар” деб аталмиш бу йўналишни, ҳали турмушга чиқмай турибоқ, ўзидек тоғу тошда дайдимоқни хуш кўрадиган ўта хушфеъл Турғун амакиси ҳамроҳлигида отда босиб ўтган бўлиб, тошохурдан кейинги барча ўнгирларни, ҳамда, амакиси айтмишли, катта сурувга торлик қилмиш мўъжаз водийларни, тоғ пучмоқларидаги дўппидек овулларни, дара бошидаги Каттақояни босиб ўтиб, ёзнинг қоқ чилласида ҳам кўксидан қори аримайдиган чўнг қояли тоғларларгача етиб борганди. Чори чўпондан бўри уяси шу атрофда эканини ҳам эшитганди. Аёлнинг фақат бир нарсага ақли етмай, гаранг эди – бу уйинг куйгир Бойбича нечун куппа-кундузи ув тортиб қолди? Бундан ақли танг тортгани сари, қалби тинмай ўша томон ундарди.
Аёл йўлак оғзидаги заранг дарахтини ёнлаб, тарвақайлаган новдалари остидан от ёлига ёпишиб – эгилиб ўтаркан, хиёлдан кейин тагидаги отнинг яланғоч тани аввалига титраб, сўнг тинчланганидан, ув тортаётган йиртқичга яқин қолганини ва тўриқ зумда уни таниганини сезди-да, бутоққа илиниб, энсасига сурилиб қолган рўмолини тўғрилаш асносида йўлак адоғига ошиғич кўз ташлади ва дара лабида ювош итдай чўнқайиб, ўзи томон тикилиб турган Эна бўри – Бойбичани кўрди.
Ана, у аёлнинг етиб келишини кутиб турмай, аста қаддини тиклади ва худди нимагадир ишора қилгандай, тағин бир қуйига, бир унга қараб қўйди-да, сўнг ортига қайрилиб, наридаги тошу буталар томон кета бошлади. Аёл жониворнинг бу қилиғи не маъно англатишини фаҳмлашга улгурмай, сув шовури орасидан боланинг эласгина овози қулоғига чалинди.
– Эна-а-а!
Аёл жонланиб, товани билан отнинг биқинига ниқтаб, қўлидаги чилвир билан сағрисига кетма-кет тушириб, бор овозда ҳайқирди.
– Бердиқул! Бола-а-ам!
Бу сафар боланинг овози дадилроқ жаранглади:
– Эна-а-жо-он!
Аёл йўлак адоғидаги яшил ялангликка етгач, отдан сакраб тушди-да, чилвирни қўлидан қўймаган кўйи, боя Эна бўри мўралаган ердан пастга кўз ташлади. Арча шохлари орасида ранг-қути учиб ўтирган болани кўрди. Бироқ кутилмаган бу ҳолатдан аёл ўзини йўқотиб қўймади. Боиси тоғда ўсиб, тоғда улғайган эмасми, бир қарашнинг ўзидаёқ боланинг жонига ора кириб, уни муқаррар ҳалокатдан асраб қолган арчанинг бақувватлигини, ўғли йўғон ва чайир шохлар орасида омонат эмас, маҳкам жойлашиб ўтириб олганига тўла ишонч ҳосил қилганди. Шунга кўра, ортиқча ҳаяжонланмай қўлидаги чилвир учини отнинг нўхтасидан ечиб, иккинчи учини болага ташларкан, феълига хос қатъий йўсинда деди:
– Белингга маҳкам боғла! Ҳовлиқма! Маҳкамроқ боғла!
Аёл болани юқорига тортиб оларкан, уни дара лабидан узоқлаштирган ҳолда, бир сўз қотмай, қулоқ-чаккасига боплаб бир тарсаки туширди.
Бу тарсаки болага болдан тотли туюлди.
Аёл болани маҳкам бағрига босиб, шу созда пича қучиб тураркан, сўнг уни ўзидан нари итариб, ишқилиб, қўл-оёғинг бутунми, дегандай бошдан-оёқ бир сира кўз югуртириб чиқди-да, бу гал сўл қулоқ-чаккасига тарсаки тортди.
Бу тарсаки болага заҳардан аччиқ тотинди.
Аёл қошларини чимирган кўйи, лабларини маҳкам қимтиганча, узун жун чилвирни силкиб-силталаб, чаққонлик билан сўл билагига ўрашда давом этаркан, бу ҳол қандай содир бўлди, дея боладан сўрамади, ўғлимга Бойбича ҳамла қилганов, дея гумонга ҳам бормади, бўшалиши билан изига қайрилиб, жуфтак ростлаган тўриқни яниб ўтирмади – чилвирни йиғиб бўлгач, бошда Эна бўри ғойиб бўлган наридаги тошу буталарга, сўнг бир пайтлар ҳайратига сабаб бўлган тошохурга бир-бир назар ташлади-да, қошида гуноҳкорона бош эгиб турган боланинг энсасига бир туртиб, олдига солди.
Бурмали водийдан чиқаверишда, аёлнинг айтган бирдан-бир гапи шу бўлди:
– Бугуноқ бу ердан изингни ўчирасан!
Бола, “хўп”, демади, “йўқ”, дегандай ерга боқди.
Аёл болани ортиқ эътиборига арзитмай, нигоҳи ила яйлов кенглигидан тўриқни қидираркан, шунда унинг кўзи яшил ўтлоқни тик кесиб, ўтови томон бораётган икки отлиққа тушди.
– Вой-й, ўлмасам, тағин совчилар бўмасин булар! – деди беихтиёр.
Ана энди, оёқни қўлга олмоқдан бўлак илож йўқ эди.
Она-бола олдинма-кейин ўтов сари зинғиллашди.
Аёл, отлиқлар, мабодо, совчилар бўлиб чиқишса, аввал уларни ўтовга жойлаштириб, сўнг боланинг Чори чўпон ўрнига сурувга юборишни ўзича режалаштириб, шиддатла илгарилар, тўп сурмоққа ўта чапдаст бўлган бола эса, онасига зўр-базўр етишиб борарди…

2017

Манба: «Ёшлик» журнали


043

(Tashriflar: umumiy 1 149, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring