Payvasta dillar me’mori & «Iliada»ga ilhom bergan «Dekameron» .

011
Ўзбек таржима мактабининг устунларидан бири,  Ўзбекистон санъат арбоби Қодир Мирмуҳамедов жаҳон адабиёти классикларининг 70 га яқин асарини ўзбекчага таржима қилган. Улар орасида Михаил Булгаковкинг «Уста ва Маргарита», Робиндранат Тагорнинг «Хонадон ва жаҳон», Жек Лондоннинг «Мартин Иден», Максим Горькийнинг «Клим Самгин», Бокаччионинг машҳур «Декамерон» каби романлари бор. Ҳомернинг икки шоҳ асари «Илиада» ҳамда «Одиссея» Қодир ака таржимасида ўзбек ўқувчиларига армуғон этилган.
Ана шу тенгсиз асарларнинг иккитасида менинг ҳам қисман улушим борлигидан фахрланаман. Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романи менинг тавсиям асосида таржима қилинган бўлса, Ҳомернинг бебаҳо «Илиада» достони нашрига махсус муҳаррирлик қилганман.

Хуршид Даврон

09
Саъдулла СИЁЕВ
ПАЙВАСТА ДИЛЛАР МЕЪМОРИ
Эссе
01

Икки оғиз ибтидо

Эллик йилдирки, каминангиз қалам билан дардлашиб келаман. Кўрган-билганларим, эшитганларимни баҳоли қудрат қоғозга туширдим. Чамаси, иншо санъатида бироз тажриба орттиргандекман. Аммо… бу азиз инсон тўғрисида сўз айтмакка чоғланиб қоғозга энгашдиму, хаёлим чувалашиб кетди. Назаримда неча йиллик сирдошим қалам ҳам саркашлик қилиб, не деб қоғоз қоралашга лолу ҳайрондек эди.

Ахир умр деганлари ҳам шунчалик чалкаш, кетма-кет синовларга, машаққату кулфатларга тўла бўладими? Одамнинг боши тошдан деганлари ростга ўхшайди. Йўқ, бу инсоннинг богаига тушган азобларни, мусибатларни, хўрликларни кўрса, тош нари турсин, темир ҳам чидамасди, тарс ёрилиб кетарди. У чидади. Тишини тишига қўйиб сабр қилди. Ҳаётда барибир, адолат ва инсоф ғолиб келишига, бу ўткинчи умрда оқибатсиз, мунофиқ, разил кимсаларга қарши турадиган яхши инсонлар ҳам борлигига ишонди. Ва, ниҳоят, омонат берилган бу ҳаётнинг қадрига етиб, инсон деган шарафли унвонни то абад оклашга сўз берди, сўзининг устидан чиқди.

Биз ўзбек таржимашунослигининг устунларидан бири, соҳир тил соҳиби, миллион-миллион дилларни дилларга пайваста қилган камтарин, хокисор инсон хусусида ёзмоқчи эдик. У Ўзбекистон санъат арбоби Қодир Мирмуҳамедов. Қодир ака ҳақида сўз айтишдан аввал икки оғиз эскартма: у киши жаҳон адабиёти классикларининг 70 га яқин асарини ўзбекчага ўгирган. Улар орасида Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита», Робиндранат Тагорнинг «Хонадон ва жаҳон», Жек Лондоннинг «Мартин Иден», Максим Горькийнинг «Клим Самгин», Бокаччионинг машҳур «Декамерон» каби романлари бор. Ҳомернинг шоҳ асари «Илиада» ҳам Қодир ака таржимасида ўзбек ўқувчиларига армуғон этилди.

Қодир аканинг қалами билан таржима қилинган 400 дан зиёд кинофильм томошабинлар эътиборига сазовор бўлди. Таржимашунослик, кино санъати борасида ёзган юзлаб мақолаларини-ку, айтиб ўтирмасак ҳам бўлади.

1. ЭСКИ ТОШКЕНТ КҲЧАЛАРИДА

Қодир ака билан у кишининг ғибрайдаги кенг, файзли ҳовлисида гурунглашиб ўтирибмиз. Баҳор авжида. Дов-дарахтлар чаппор уриб гуллаган. Қодир ака оппоқ, митти маржондек чечакларга узоқ тикилиб қолди. Сўнг хўрсиниб деди:
— Ассоциация, деган ҳолат бор. Яъни бир нарса иккинчи нарсани эсингга солади. Ҳар йили баҳор келиб, ўриклар, олчалар гулласа, Германиянинг Малвхин деган шаҳарчаси кўз олдимга келаверади. 1945 йилнинг 30 апрели, Малвхинда худди шундай олчалар гул очган эди. Биз асирликдан озод бўлдик. Лекин «асирга тушган» деган тамғадан кўп йилгача халос бўлолмадим.

Ўшанга ҳам, роппа-роса 63 йил бўлибди-я. 63 йил, кекса бир кишининг умри…
Мен Қодир акадан болалик чоғларини сўрайман. У кишининг чеҳрасига нур югуради.
— Ёшликни эслаш ҳамиша завқли, — дейди у ва эски Тошкент кўчаларида кечган болалик йилларидан сўз очади.

Қодир ака туғилганда шўролар ҳукм сурганига энди беш йил бўлган, ур-сурлардан Тошкент ҳали ўзига келмаган эди. Қодир оилада тўнғич фарзанд эди. Отаси ғосим ака иморатсоз уста эди, жўжабирдай жонни боқай, деб кечаю кундуз тиним билмасди. У киши қора ишчи бўлгани билан ўқимишли, китоб-дафтар кўрган саводхон эди. Рус тилида эркин гаплашар, айниқса форс тилини яхши биларди. Яҳё Ғуломовдек алломаи замонлар ила бақамти ўтириб суҳбат қурар, ўқиган китобларини фарзандларига сўзлаб бериб, уларда ҳам мутолаага рағбат уйғотарди. Қодир аканинг адабиётга барвақт кўнгил қўйганига сабаб, отасининг мароқли ҳикоялари бўлса ажаб эмас.

Қодир то мактабга боргунча Оқмачит маҳалласида, Зийнат бувиникида яшади. Бувисининг ҳовлиси бежирим эди. Ҳовли саҳнига текис ғишт ётқизилган, иморатнинг томи қизил тунука билан ёпилган эди. Ҳша йигирманчи йилларнинг бошида бунақа уйлар Тошкентдаги ман-ман деган бойлардагина бўларди. Бобоси Мирмуҳаммад ўрислар даврида ҳам шаҳарда донг таратган уста эди, Зийнат холанинг уйи ҳам ўша бобосининг мол-дунёси эвазига бунёд бўлган эди.

— 1930 йилда, саккиз ёшимда мактабга бордим, — деб эслайди Қодир ака, — мактабимиз Ширинкудуқ маҳалласида, бир бойнинг ҳовлисида очилган эди. Бойнинг қатор-қатор уйлари синфхонага мўлжаллаб қайта жиҳозланган, ўқитувчимиз бизга лотин алифбосини ўргатарди. У пайтлар араб ёзуви аста-секин истеъмолдан чиқаётган эди.

Ҳали қаҳатчиликка бир-икки йил бор бўлса-да, оғир замонлар эди. Мактаб ҳиммат қилса баъзан текин оби ёлғон беради ёки «кавуш бўлка» деган узунчоқ нон бўларди, шу нондан бир бўлак, бир бўлак тарқатади. Қувониб кетамиз.

Ёз келса, Мирмуҳаммад бобомнинг Гидрдаги (ҳозирги Ҳайвонот боғи ёнида) боғида ётиб дам оламиз ёки дадам Қурбақаободдан биронта дала ҳовлини ижарага олади, шу ерда ёзлаймиз. Бир сафар гидрда ҳовузга калла ташладим. Ҳовуз таги балчиқ экан, каллам билан тиқилиб, ўлишимга сал қолди.

Яна бир марта варрак учириб юриб, томдан думалаб кетай дедим. Кейин чинакам очарчилик бошланди. 1933 йил. Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайтлар. Дадам ҳар куни менга олти сўм беради. Мен Чорсуга бориб, бир қадоқ, яъни тўрт юз грам кепакли ун олиб келаман. Аям раҳматлик ялпизлик, исмалоқ ё жағ-жағми қўшиб, бояги ундан сомса ёпади. Уй ичи билан бир амаллаб қорин тўйдирамиз. Эски шаҳар бозорида шишиб, ўлиб ётган мурдаларни кўриб, қўрқиб кетардим. Бу воқеаларни бугун набирамга айтиб берсам, улар эртак эшитгандай анграйиб тинглашади. Бу кунларга ҳам шукур…

Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бир воқеа Қодир аканинг эсидан чиқмайди. Тўртинчи синфда ўқирди. Бир куни устози Жилин билан Костилин деган икки дўстнинг бошидан кечирганларини айтиб берди. Қодир киприк қоқмай тинглади. Икки бечора йигитнинг аҳволига ичидан ачинди. Буни ким ёзган экан-а, деб кизиқди. Кейин билса, бу марокли қисса Лев Толстойнинг «Кавказ асири» экан. Шу-шу, Қодир адабиётга астойдил кўнгил қўйди. Қўли ишдан бўшади, дегунча китобга ёпишади. Мабодо чўнтагига бир сўм-икки сўм тушиб қолса, ширинлик эмас, албатта китоб сотиб олади. Кейин ётиб олиб ўқийверади, ўқийверади… Ҳамон ёдида: у 12-14 ёшларида «Том Сойер», «Гулливер», «Ҳтган кунлар», «Мьюнхаузен», «Ҳамлет», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз» каби китобларни қайта-қайта ўқиб чиққан эди.

1938 йилда ғосим ота Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги ғизил товуш кўчасидан уй олиб, бола-чақасини кўчириб кетди. Шундан кейин Қодирнинг болалиги тугаб, ўсмирлик, икки йилдан сўнг йигитлик мавсуми бошланди.
1940 йилда у етуклик шаҳодатномаси билан бирга паспорт ҳам олди. Энди у Мирмуҳамедов Қодир ғосим ўғли бўлиб, фуқаролар сафига кирди.

Ҳадемай уни аскарий хизматга чақирдилар. Қодир тенгдошлари билан юк ташийдиган қизил вагонларга жойлашиб, Россия томонга жўнади. Вагонга икки қават қилиб сўрилар ўрнатилган, ўртада печка бор эди. Тошкентда кузнинг ўртаси, ҳаво илиқ эди. Бир-икки кун ўтиб, Россиянинг изғиринлари бошланди. Бу изғиринлар тўрт йилгача тинкани қуритди.

Бирор ҳафтада Қодирлар тушган вагон Украинанинг Чернигов шаҳрига етиб келди. Қодир ҳарбий кийим кийиб, аскар бўлди. У олти ойга яқин тўпчилар тайёрлайдиган гуруҳда ўқиди. 1941 йилнинг баҳорида «Тўпотар аскар» бўлиб чиқди. Икки ойдан кейин эса, жаҳон тарихидаги энг даҳшатли уруш бошланди.

2. ЖАҲАННАМДАН ҚУТУЛИШ

Шундай қилиб, Қодир жангга кириб кетди. Ҳар икки тараф жон талашиб уришарди. Икки ҳафталик қаттол олишувдан кейин Полтава яқинидаги Қодирнинг дивизияси бутунлай таслим бўлди. Немислар жўхорипоялар, зовурлар, эски уйлар ичига бекинган аскарларни ҳам тутиб келиб, бир майдонга жамладилар. Ниҳоят, асирларни тўп-тўп қилиб, ғарбга, Германияга қараб ҳайдадилар. Босқинчиларга текин мардикор, тўғрироғи қул керак эди.

1941 йил, сентябр охирида пойи-пиёда оч-наҳор йўлга тушдилар. Бир ой ичида тўқсон километр йўл босиб, Украинанинг Житомир шаҳрига етиб келишди. Бу ерда асирларни ишга тақсимладилар. Биров тош конига кетди, биров дала юмушларига жўнатилди. Қодирнинг чекига отбоқарлик тушди. У сайисхонадаги отларнинг тагини тозалар, уларга сув берар, орқа-бошини қашларди. Бу орада куз оёқлади, кунлар совиди, баъзи ерларга қор тушди. Қодир куну-тун қочишни ўйларди. Бироқ бунинг иложи йўқ эди. Отхона уч томондан тиканли симлар билан ўралган, тўртинчи тарафи чуқур жарлик. Ҳовлининг ўртасида, баланд минорада автомат ушлаб немис солдати турибди. Ҳовлидан сал четга чиқмоқчи бўлсанг, тариллатиб отиб ташлайди. Нима қилиш керак?

Ёмон кун ортида яхшиси ҳам бор, деганларидек, бир куни Қодирнинг қорни оғриб қолди. У жарлик томонга қараб югурди. Қўрқа-писа минора тарафга боқди. Бахтига қўриқчи немис тескари қараб турган экан. Қодир жар ёқасида чўнқайиб бир лаҳза ўтирдию, таваккал деб ўзини жарга отди. Қорга кўмилиб, пастга думалади. «Отса-отар лаънати фашист, — деди ичида, — ҳар куни бир ўлгандан кўра бу азоблардан бир йўла қутулганим яхши!»

Қодир немис қачон отар экан, дегандек, минорага қараб-қараб қўйди. Фашист ҳамон бетини тескари буриб турарди. «Бетингни тескари бўлгани рост бўлсин», деди Қодир ва усти-бошини қоқиб, аста йўлга тушди. У жарликдан омон-эсон чиқиб олди. Рўпарадаги тепаликнинг ортига ўтди. Кейин ўзини ўрмонга урди. Қодир жаҳаннамдан қутулган эди.

У нафасини ростлаб, озод бўлганига ишонгиси келмагандай, анча ўтирди. Бир замон ёнгинасида эркак кишининг йўталгани эшитилди. Қодир чўчиб, ирғиб турди. Йўқ, бу немис эмас, шу ерлик мужик экан. У тупроқ йўлда ҳўкиз аравасини ҳайдаб келарди. Қодир салом берди. Чол бош қимирлатиб алик олди. У Қодирга ўхшаган қочоқларни кўравериб, ўрганиб кетганми, дарров йўл кўрсатди.

— Темир йўлга яқинлашма, немисларга дуч келишинг мумкин. Ўрмон ичи билан тўғрига юрсанг, қишлоққа чиқасан. У ёғига худо пошшо. Бирор уйдан бошпана топарсан, болам.
Қодир тағин бирор чиқаримча йўл юриб, чол айтган қишлоқ устидан чиқди. Бир уйнинг мўрконидан кўкка тутун ўрмаларди. Қодир таваккал, деб шу уйни кўзлаб бордию ғарибона эшикни тақиллатди. Хонадон соҳиблари уни оғринмай қаршиладилар. Бу қишлоқ одамлари қочоқ асирларга эшик очавериб, кўзлари пишиб кетган эди.

Кун совуқ. Қодир печка ёнида кафтларини ишқаб исинди. Уй эгалари унинг олдига топган-тутганларини қўйишди: қора нон, бўтқа, бир тишлам сало…

Бу хонадон хўжасини украинча Постой амаки, дер эканлар.
— Энди нима қилмоқчисан, ўғлим? — деди Постой амаки.
— Шарққа қараб кетавераман. Фронт чизиғидан ўтиб,ўзимизникиларга қўшилмоқчиман.
— Бунинг иложи йўқдир-ов, деб қўрқаман, — бошини қашиди уй эгаси, — аввало, фронт чизиғига етгунча мингта немисга дуч келасан. Яна қўлга тушсанг, аяб ўтиришмайди. Хўш, нариги тарафга ўтиб ўзимизникиларга қўшилдинг, ҳам дейлик. Сталиннинг буйруғи бормиш, асирга тушганларни терговсиз отиб ташлашар эмиш.
— Унда нима қилай, амаки? — деди Қодир. — Осмон узоқ, ер қаттиқ бўлса.
— Шу ерда қол, дердиму, атрофимизда немислар ғимирлаб юрибди. Фронт яқин-да. Сен бундай қил. Анави ойнинг нариги тарафига ўт. У ерлар Винница вилоятига қарайди. Фашистлар ҳам у ёқда камроқ. Бир-икки ҳафта юрсанг, Попивка деган қишлоққа борасан. Колхоз раиси яхши одам. Мени айтди, десанг, ишга олади.

Қодир кўнди. Нима қилиб бўлса-да, у жон саклаб қолишни, фашистлардан узоқроқ юриши керак эди.
— Менинг кийим-бошимни алмаштириб беролмайсизларми? — деди у.
— Бунинг иложи бор, — деб Қодирга украинча калта чўпон, дўнгалак қалпоқ, камар ўрнига арғамчи беришди. Қодир ҳарбий кийимини ечиб, қайта кийинди.

— Ана, бинойидек украин бола бўлиб қолдинг, — деб кулишди аёллар. Қодир янги шимининг ичига тунука пайчага жойлаштирган махфий хатини бекитиб қўиди. Унга Қодирнинг исми-фамилияси, туғилган ери, хизмат қилган ҳарбий бўлинмаси ёзилган эди. «Агар, ўлиб-нетиб кетсам, жасадим кўчада қолмас, бирон кимса ўқиб, кимлигимни уйдагиларга хабар қилар», деб ўйлаган эди.
Шўрлик мезбонлар Қодирга йўлда еб кетгани бир-икки ҳовуч егулик бердилар. Собиқ асир украин йигити қиёфасида олис йўлга отланди.

Қодир ака ўша мудҳиш кунларни эслайди:
— Мен 1941 йил 5-декабрдан бошлаб Украина бўйлаб узоқ сафарга чиқдим. Мақсадим битта: Шарққа, фронтга яқинлашиб бориш, бир амаллаб ўзимизникилар томонга ўтиш ва яна фашистларга қарши жанг қилиш.
Мен шаҳарларни, йирик аҳоли манзилларини четлаб ўтиб, поёнсиз дала йўлларида совуқдан дийдираб кетиб борарканман, хаёлимга бир фикр келди. Бу сафарим чоғида турли тоифадаги одамларга дуч келишим мумкин. Агар ҳаммага кимлигимни айтаверсам, битта-яримта хиёнатчи сотиб қўйиши аниқ. Унда тағин немис жаллодларининг қўлига тушаман. Ахир Житомирдаги тутқунликда озмунча азоб кўрдимми? Немислар кунига юзга яқин асирни отиб ташлар, ўликларни яна ўзимизга кўмдирарди. Йўқ, энди эҳтиёт бўлишим керак. Мен бир ёлғон баҳона ўйлаб топдим. Кимда-ким сўраса, отам 1929 йилда қулоқ қилиниб, Ўзбекистондан кўчирилган, ҳозир Херсонда турамиз, дейман. Зора гапимга ишонишса. Не ажабки, йўлда учратганларим менинг ёлғонимга ишонди. Қирқ саккиз кун ичида 600 километр йўл босдим. Ҳамма ерда яхшиларга дуч келдим. Қаерда тўхтасам, ҳеч ким кўкрагимдан итармадию украинлар эшиги мен учун доим очиқ бўлди. Улар менга бошпана берди, қорнимни тўйдиришди. Бир қишлоқда сув иситиб, тоғорада чўмилтиришди ҳам. Кийимларимни оловга тутиб, битларимни ўлдиришди. Буни мен ўла-ўлгунимча унутмайман.

Қодир ака йўл юриб, йўл юрса-да мўл юриб, ниҳоят Винница ўлкасининг Попивка деган кентига кириб борди. «Э, худо, жаҳаннам азобидан қутулганим рост бўлсин», деб ичида суюнди.
Аммо, қувонишга ҳали эрта эди…

3. «АРКАДИЙ» БЎЛГАН ҚОДИР

Попивкада Қодир Степаниха деган кампирнинг уйидан бошпана топди. Аввалига «Степаниха» эркак исми-ку, деб ҳайрон бўлди. Кейин билса, Степаннинг беваси, дегани экан.

Қодирнинг хуш ҳулқи, саранжом-саришталиги уй бекасига ёқиб қолди. Қодир, дейишга тили келмай, уни Аркадий деб чақира бошлади. Бир томондан бу эҳтиёткорлик чораси эди. Мабодо фашистлар суриштириб қолишса, кампир, бу менинг неварам, Аркадий Мирний, дейди. Шундай қилиб, Қодир Меленья холанинг дастёри бўлиб яшаб қолди. Лекин у уй ичида ётгани чўчийди, одатда ертўладами, саройда ё ўтинхонада тунайди.

Ҳадемай колхоз раиси ҳам келди. У Қодир-Аркадий билан узоқ гаплашди. Қодирнинг туғилган юртини, ота-онасини суриштирди. Қодир гоҳ завқ билан, гоҳо кўзига ёш олиб Ўзбекистон, бу диёрнинг одамлари, табиати, ноз-неъматлари, ҳақида сўзлаб берди. Раис жон қулоги билан тинглади. У Ўзбекистон деган юрт борлигидан мутлақо бехабар экан.

Раис Қодирга иш берди. «Ҳозирча отбоқарлик қилиб тур, кўкламда бошқа ишга ўтасан», деди. Қодир рози бўлди. Колхознинг юмушини ҳам, уй ишларини ҳам жон-дили билан адо этди. Кундуз сайисхонада отларни парваришлайди, уйга келиб, ёғоч ёради, сув ташийди, чўчқага ем беради, ҳовлининг қорини курайди. Қорамағиз бу ўзбек йигитининг ҳусни одобидан қишлоқ аҳли ҳам хурсанд эди. Уни тўйларга чақирадиган, зиёфатларга таклиф этадиган бўлишди. Бундай базмлар туфайли Қодир украин халқ қўшикдарини ўрганиб олди, украинчани ҳам бемалол гапирадиган бўлди.

Ёз келди. Раис сўзининг устидан чикди. Қодирга от-арава берди. Қодир даладан омборга ғалла таший бошлади. Ғаллани немислар Германияга олиб кетиши керак экан. Қодир ҳар куни қишлоқ оралаб ўтаркан, боқувчисиз қолган чол-кампирлар ёки бева-бечора аёллар уйи олдида тўхтаб, беш-ўн килодан буғдой ташлаб кетарди. У албатта Меленья бувисини ҳам унутмас эди. Янги аравакаш йигитнинг ҳиммати боис анча-мунча оила жон саклаб қолди.

Унинг бу «ҳотамтой»лигини немислар сезмади. Билганда сўзсиз отиб ташларди. Ажал фариштаси бу сафар ҳам Қодирни четлаб ўтди.

Бутдой ўроғи оёкдагандан кейин Қодир ўт ўрди, пичан ташиди, сув суғорди, мол бокди, хуллас колхоз раиси қандай иш буюрса, йўқ, демай ўринлатди. У оқшомлари ҳориб-толиб ертўласига тушаркан, бу лаънати урушнинг тезроқ тугашини, ёруғ юз билан она юртига қайтишни ўйлаб, жисми жони ўртанарди.
Шу алпозда 1942 йил ҳам ўтди, 43-йил баҳорида Қодир безгакка чалинди. Бувиси унга парвона бўлди. Бироқ фашистларнинг «облаваси» — одам овига учради. Немисларга бақувват, соғлом ёшлар керак экан, озиб-тўзиб кетган нимжон Қодирни менсимадилар. Оллоҳ бу сафар ҳам уни ёрлақаган эди.

Ёз ўтди, куз келди. Немислар яна «одам ови»га хуруж қилдилар. «Облава» бўлишдан аввал колхоз раиси ёш-ялангга яширининглар, деб хабар бериб қўярди. Қодир ертўланинг бурчагига, ўтин ғарамининг ортига бекинди. Бир замон автомат кўтарган немис аскари кўринди. У ертўлани бир айландию «Партезон!» деб тепага отилди. Қодир ноилож ўрнидан турди. У ҳозир ташқарига чиқмаса, немис солдати ертўлага граната ташлаши тайин. Унда «Алвидо, Тошкент!» деб қолаверасан.

Немислар қишлоқма-қишлоқ изғиб, Германияда ишлатиш учун ёш йигит-қизларни овлаётган экан. Қодир яна асир бўлди. Уни тенгдошларига қўшиб, тағин Ғарбга Германия сари ҳайдаб кетдилар. Йўлда Қодир бир уйнинг эски саройига бекиниб қолмоқчи бўлди. Немис аскари кўриб қолиб, судраб чиқди. Урди, лекин отмади.

Неча ой йўл босиб, Германиянинг кичкина бир шаҳрига етиб келдилар. Ҳарбий лагер. Қалин сим тўсиқ. Кутурган итлар. Тўрт томонда қўриқчи. Бу ердан қутулишнинг иложи йўқ эди. Иттифоқо у оғриб қолди. Терлама экан. Узоқ вақт лазаретда ётди. Сал ўзига келай, деганда 30 асирга қўшиб уни ҳам, Малхин деган шаҳарга олиб кетишди. У ерда қул бозори бўлиб, маҳаллий заминдорлар бақувват йигитларни молдай савдолашиб, сотиб олишар экан.

Немис офицери ўттиз асир йигитни бозорга қатор турғазиб қўйди. Харидор бойлар асирларнинг оғзини очиб кўрди, оёқ-қўлларини, кўзини текшириб, ўзларига маъкул йигитларни танлаб олишди. Ҳттиз асирдан тўрттасига харидор чиқмади. Уларнинг ичида Қодир ҳам бор эди. Оллоҳ таоло уни тағин асради. Агар сотилиб, мулқдор бойлар қўлига тушганида омон қолиши гумон эди. Негаки, заминдорларнинг ёвуз феъли бор эди, бўлар-бўлмасга калтаклар, эрмак учун отиб ташларди.

Қодир ҳарбий лагерда хизмат қила бошлади. Бандилар саҳар уйғонар, енгил нон-чойдан кейин шаҳарга, қора ишга жўнатишарди. Кўчалардаги ахлатни супуриб, қоплаб аравага ортар, баржага семон юклар, бирон бойникида омоч билан ер ҳайдар еки молини боқиб, уй-жойини таъмирларди.

1945 йилнинг баҳори. Малхинда олчазорлар гуллади. Қодир, «Бизнинг ҳовлидаги оқ ўрик ҳам гуллагандир. Дадамлар, нега Қодирдан дарак йўқ, деб хавотирда бўлса керак», деб ғусса гирдобида ўтирибди. Шу пайт ҳамма ёқни тўс-тўполон қўпди. Шаҳарни шодон қийқириқлар, ўқ товушлари тутиб кетди. Қодир ҳайрон бўлиб, кўчага чиқди. Немислар бетартиб қочар, кўчаларда совет танклари пайдо бўлган эди.

Шундай қилиб банди аскар Қодир Мирмуҳамедов 1945 йилнинг 30 апрелида асоратдан озод бўлди. Эртаси куни собиқ асирларни бир жойга тўпладилар. Улар ҳарбий трибунал вакили олдида жавоб беришлари керак эди. Қодирнинг жони товонига тушиб кетди. «Бу сафар адои тамом бўламан, деди ичида, — ё 25 йилга қамоққа ёки отувга ҳукм қилинаман».

Трибунал полковниги қалин бир рўйхатни кўрди, Қодирнинг сўзларини эшитдию, гуноҳингиз йўқ экан, сиз озодсиз, эртадан бошлаб, янги ҳарбий кийим кийиб, жангга кирасиз, деди.
Қодир Оллоҳга шукрона келтирди. Ота-она дийдорини кўриш унга насиб қилган экан.
Бир йилдан сўнг, 1946 йилнинг июн ойида Қодир омон-эсон ғизил товуш кўчасидаги уйига кириб келди.

4. МИРТЕМИР АКАНИНГ МУРУВВАТИ

Қодир салкам олти йил окопларда тиззадан сув кечиб, тинимсиз ўқ ёмғири остида ҳар куни юз бор ўлиб, ҳарбий лагерларда асирлик жафосини тортиб юриб, ўқишни ниҳоятда соғиниб қолган эди. Армиядан келдию илм олиш пайида бўлди. У ёшлигидан адабиётчи бўлишни орзу қиларди. Ҳйлаб ўтирмай Белинский номидаги кечки педагогика институтига кирди. Бу ерда Ҳамид Сулаймон, Айюб Ғуломов сингари замонасиниг билимдон, бағри кенг олимларидан таълим олди.

Институтида қунт билан, астойдил ўқиди. Натижада йиллик дастурни тўрт йилда адо этиб, барвақт давлат имтиқонларини топширди ва диплом олди. Энди у олий маълумотли адабиётчи эди! ғувончи оламга сиғмайди. Энди у истаган мактабга бориб муаллимлик қилиши, ёшларга адаб илмидан сабоқ бериши, ўзи ҳам ҳаёт мактабини ўташи, баҳоли қудрат ижод билан шуғулланиши мумкин!

Эллигинчи йилларга келиб, Қодир қалам билан тиллашадиган бўлди. Кичик-кичик ҳикоялар, жаҳон халкларининг эртаклари, рус ёзувчилари битган ихчамроқ пьесаларни ўзбекчага ағдарарди. Уларни кўпроқ радиога элтарди. Чунки радиокомитетда болалик дўсти Убай Бурҳон хизмат қиларди.

Бир-икки йилда Ҳаким Назир сингари устозлар кўмагида қалами анча чархланиб, таржимашунослиқда кўзи пишиб қолди. Энди қадамни каттароқ ташласам ҳам бўлар, деб хаёлланди Қодир ва бир рус ёзувчисининг «Снежок» деган пьесасини ўзбекчага «Қор бола» деб ағдарди. Радионинг етакчи режиссёри Н. пьесани ўқиб маъқуллади, ўзи актёрларга ўйнатиб, эфирга берди. Қодир каттакон асарнинг мутаржими бўлди, фамилияси миллион-миллион кишиларга эшиттирилди. Устига устак оз-моз моддий рағбат ҳам келадиганга ўхшайди. Шуларни ўйлаб, Қодир Оллоҳга шукрона келтирди. У белини боғлаб, ғайрат билан ижодга киришди.

Бир куни ўша Н. деган режиссёр Қодирни суюнтирадиган гап айтди:
— Бу пьесани ТЮЗ (ёш томошабинлар театри)да қўйсак нима дейсиз, Қодиржон? Ҳар қалай, сизга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам бўларди?

Ёш таржимон жон-жон, деди.
— Аммо битта «лекин»и бор, — деди Н., — бу асар ҳали хомроқ. Уни биронта қалами ўткир ёзувчи устидан бир кўриб чиқса яхши бўларди.
— Мен… катта ёзувчиларни танимайман-да, — деди Қодир, — ўзингиз ёрдам қилинг, ака.
— Бўпти, — деди Н. ва Қодирни етаклаб Миртемир домланинг уйига олиб борди. Миртемир ака таржимани кўриб, таҳрир қилиб беришга рози бўлди.

Миртемир аканинг одати қизиқ экан. У киши оқшомлари иш бошлаб, тонготаргача меҳнат қилар, кундуз куни ётиб дам олар экан. Забардаст шоирнинг ёнида Қодир етти кун қоғозга тикилиб, домланинг таҳририни кузатиб ўтирди. Миртемир ака «Қор бола» деган номга узун чизиқ тортиб ўчирди ва «Оппоғим» деб ёзди. Қодирнинг кўнгли чарақлаб кетди. Пьесанинг янги номи унинг чиройини очиб юборгандек эди.
— Ахир бизда типратикан — юмшоғим, қора қўнғиз — оппоғим, дермиш деган гап бор-ку, тўғрими, иним? — деб кулади Миртемир ака. Қодир «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», деганлари рост экан, деб ичида Миртемир аканинг санъатига тасанно айтади.

Етти кун ўтиб, саккизинчи кун, деганда таржима битди.
— Ана энди буни кўчиртириб келинг, бўтам, — деди домла. Қодир оёғини қўлга олиб югурди. Бир неча кунда асарни қайта кўчиртириб олиб келди. Миртемир ака пьесанинг биринчи бетига қаради. У ерда «Миртемир ва Қодир Мирмуҳамедов таржимаси» деб ёзилган эди. Домла қўлига ручка олди ва «Миртемир» деган сўзни ўчириб ташлади. Қодир ташвишланиб сўради:
— Домла, нега ундай қилдингиз, ахир таржиманинг ярмидан кўпини сиз қайта ёзиб чиқдингиз-ку?
— Мени шундоқ ҳам кўпчилик танийди, — деди устоз, — сиз ҳали ёшсиз, сиз ўсишингиз керак. Менинг фамилиям сизга тўсқинлик қилиши мумкин. Сизга омад тилайман, иним!

Миртемир аканинг бағрикенглиги, олийжаноблиги Қодирни лол қолдирди. У бир иймонли-инсофли инсонга дуч келган эди.

Анча йиллар ўтиб, Қодир ака Ҳомернинг шоҳ асари «Илиада»ни таржима қилганда уни илк устози Миртемир домлага бағишлади.

…Пьесанинг бир нусхасини Маданият бошқармасига олиб бориб топширишди. Қодир хурсанд, кўнгли осмонда. Ахир унинг хом нарсасини Миртемир акадек зукко шоир «одам қилиб» берди, асар энди чамандек ярқираб турибди, хурсанд бўлмасинми?

Қодир қувончини баҳам кўргани радиокомитетга, қадрдони Убай Бурҳоннинг олдига чопди. Убай ака Қодирни табриклади ва дарҳол «Ленин учқуни» газетасининг муҳаррири Рамз Бобожонга кўнғироқ қилди.
— Қодиржон яхши бир асарни таржима қилибди. Чиройли нарса экан, харидор бўлмайсизми? — деб сўради. Рамз Бобожон, «Айтинг, обкелсин», деди.

Шундай қилиб, «Оппоғим» газетада сонма-сон Қодир аканинг таржимаси сифатида босилиб чиқа бошлади. Қодир севинчдан танасига сиғмас, газетаниг ҳар бир сонини ҳижжалаб ўқиб чиқарди…
Лекин… Афсуски, шодлик билан ғам эгизак, деганлари рост экан. Қодирнинг бошига тағин кулфат тушди.

5. ҚОРА ДОҒЛАР ЮВИЛДИ

1950 йилнинг охири. Қиш. Қодир мактабда ишларди. Бир куни у шогирдларини Ҳамза театрига томошага олиб тушди. Спектакл яримлаганда мазаси қочди. Бирдан бурнидан қон келди. Театр буфетида унинг пешонасига муз босиб, оғзи-бурнини чайиб, кўмаклашдилар. Қон тўхтамади. Уни бир холис киши уйига кузатиб қўйди.
Эртасига ТошМИда бориб, текширтирди. Рентгенда кўриб, сизда сил касали пайдо бўлибди, дедилар. Қодирнинг кўнгли чўкиб кетди. Ё раббий, энди оғзи ошга етай, деганда, у яна қандай кўргулик?!
У даволангани диспансерга ётди. Қодирга 3-палатадан жой ҳозирлабдилар. Кейин билса, 3-палатани беморлар ўзларига ажал палатаси, деб аташар экан. Чунки бу ерга тушганлар қайтиб одам бўлмас, марҳумлар қаторидан жой олишарди. «Иўқ, мен бу палатада ётмайман! — деди ўзича Қодир, — худо хоҳласа мен бу ердан ўз оёғим билан юриб чиқиб кетаман! Узинг мадад бер, парвардигор! Шунча йил қон кечиб, қирғин-баротлардан, асирлик азоб-уқубатларидан қутулиб келсаму ўз уйимда, жигарбандларим ёнида дунёдан кўз юмсам… бу қандоқ адолатсизлик бўлди, яратган эгам!»

Унинг муножоти халлоқи оламга етиб бордими, бир куни тепасида нажот фариштаси пайдо бўлди. У мушфиқ ҳамшира қиёфасида эди.

— Сизнинг касалингиз энди бошланган. Ҳали илдиз отмаган, — деди ҳамшира, — сизга стрептомицин деган дори керак. Фақат у дори бизда йўқ. Уни учувчилар чет элдан олиб келиб сотишяпти. Профессордан сўраб кўринг-чи, нима деркин, агар лозим деса, мен сизга топиб бераман.

Қодир профессор Айзенбергдан сўради.
— О, қани энди уни тополсангиз, — деди профессор, — айнан шу дори сизга кор қиларди. Саккиз грамм бўлса етади. Афсуски, бизда йўқ-да, болам.

Қодир энди ҳамширага йўлиқди.
— Опа, менга саккиз грамм стрептомицин керак экан. Грами қанча туради унинг?
— 125 сўм, — деди ҳамшира.

Қодир мунғайиб қолди. Демак, минг сўм керак. Қани ўша минг сўм пул? Уйда отаси ҳам ишсиз ўтирибди, рўзғорни бир амаллаб тебратиб турган Қодирнинг ўзи. Ҳа-а, асли пешонаси шўр экан-да…
Яна мўъжиза рўй берди. Ҳша дилгир кунларнинг бирида уйидан хушхабар эшитди. Қодирнинг номига оз эмас — 1800 сўм пул келибди. Бу «Оппоғим» учун газетадан келган қалам ҳақи эди. Қодирнинг умидсизлик чўккан дили қувнади. Минг сўмга дори олди, саккиз юзини рўзғорга ишлатди. Унга беш кун укол қилдилар.

Олтинчи куни бурнидан келаётган қон тўхтади.
Касалхонада анча даволаниб, Қодир уйига чикди. Уни кўргани мактаб директори Исмоилзода келди. Ҳол-аҳвол сўради. Қодир унга профессор Айзенбергнинг гапини айтди. Профессор ана, бироз тузук бўлдингиз, ўғлим, энди ғримга ўхшаган ерларга бориб, даволаниб турсангиз, касалдан бутунлай фориг бўлиб кетасиз, деган эди. Аммо, Қримга бориб келгани Қодирда имконият, тўғрироги сармоя йўқ эди.
Исмоилзода иккинчи бор келишида Қодирга текин йўлланма кўтариб келди. Қодир, ўзинг қўлла, илоҳим, деб поездга ўтирдию ғримга отланди.

Икки ой деганда семириб, рангига қон югуриб, жонажон шаҳрига кириб келди. Тошкентни соғиниб қолган эди, ютоқиб, шаҳар кеза бошлади. Лекин… Келинг, бу ёғини Қодир аканинг ўз оғзидан эшитайлик.
— Айни шу кунларда кўнглимни хира қилувчи яна бир воқеа содир бўлди. ТЮЗ театри «Оппоғим» спектаклини қўя бошлабди. Буни мен кўчалардаги афишалардан билдим. Мен суюниб кетдим ва яқинроқ бориб ўқидим. Лекин минг афсуски, пьеса таржимони мен эмас, Миртемир деб ёзилган эди.

Ўқиб жиғибийроним чиқди. Наҳотки олийжаноб инсон бўлиб кўринган Миртемир ака мени лақиллатган бўлса? Ахир у ўз исмини ўз қўли билан ўчириб ташлаган эди-ку?
Мен афиша қаршисида узоқ ўйланиб туриб қолдим. Ниҳоят, Миртемир акани кўриш баҳонасида ҳамма гапни ўзларидан эшитишга қарор қилдим.
Устоз мени анча маъюс чеҳра билан қарши олди. Ҳовли ўртасидаги кроватга таклиф этди. Янгам нон-чой келтирди. Домла менинг оғир касал бўлиб қолганимни эшитибди, ҳол-аҳвол сўради.

Мен Қримга бориб даволаниб келганимни, ҳозир анча яхши эканлигимни айтдим. Аммо нима мақсадда келганимни айтишга юрагим дов бермади — устознинг салобати босиб турарди.

Ҳртада юзага келган совуқ жимликни Миртемир аканинг ўзи бузди.
— Ҳа, анча хунук иш бўлди, иним, — деди у, — айтишларича сиз асирликда бўлган экансиз. Шунга кўра сизнинг номингизни ўчириб, мени таржимон деб эълон қилишибди. Кечиринг, мен бундан бехабар эканман.
— Менинг асирда бўлганимни сизга ким айтди?
— Маданият бошқармаси ходимлари.
— Улар қаёқдан билишади?
— Билмадим, иним, — деди Миртемир ака хижолат бўлиб.
— Мен Миртемир ака билан хайрлашиб тўғри Маданият бошқармасига бордим. У ерда бирин-кетин иккита одам билан учрашдим. Уларнинг бири таникли ёзувчи, иккинчиси режиссёр эди. Мен аввало ёзувчининг олдига кириб ўзимни танитдим ва асирда бўлганимни ким айтди, деб сўрадим.
— Буни менга фалончи айтди, — деди у. Мен режиссёрнинг олдига кирдим. Ҳалиги саволимни бердим.
— Буни менга ўша ёзувчи айтди, — деди у. Ҳар иккаласи мендан бир нарсани яшираётгани шундоқ кўриниб турарди. Ҳайрон бўлиб чиқиб кетдим.

Сир кейин очилди. Менинг асирда бўлганимни хўв ўша радиодаги эскидан таниш режиссёрим ҳаммага айтиб чиққан экан. Ёқамни ушладим. Ахир мен унга бирон ёмонлик қилмаган бўлсам. Доим этагини тутиб, устоз деб юрдим, назаримда у қалби пок, самимий инсон бўлиб кўринган эди. Одамнинг оласи ичида деб шунга айтишар экан-да, во ажаб.

Нечча кун аламдан ўзимга келолмадим. Охири ўйлаб-ўйлаб, юқори идорага хат ёздим. Хатимни ўша вақтдаги таниқли ёзувчи, идоранинг масъул ходими Ойдин Собирова ўқиб чиқибди. Мени чақиришди. Бордим. Ойдин опа мен билан узоқ гаплашди. У киши ўтмишимни ҳар томонлама ўрганибди ва менда айб йўқ, деган хулосага келибди. Спектаклда менинг номимни тиклашди. Энди у Миртемир ака иккаламизнинг фамилиямиз билан берила бошлади. Энг ажабланарли ери шуки, «Оппоғим» пьесаси нашриётда босилиб чиқди. Лекин китобда Миртемир аканинг ҳам, менинг ҳам фамилиямиз йўқ эди. У ерда ҳўв ўша радиодаги биринчи режиссёримнинг исми-фамилияси турарди. Мен ҳайратдан гаранг бўлиб қолдим. Ахир инсон боласи ҳам шунчалик пасткашликка борадими? Бировга бир нима демадим, худо ҳар кимга инсофу тавфиқ берсин экан, деб қўя қолдим.

Бир куни Миртемир оға менга анча-мунча пул бериб юборибди. Бу — менинг фамилиямсиз намойиш этилган спектакллардан тушган қалам ҳақим экан. Пулни чангаллаб туриб, ўйланиб қолдим. Қаранг, бировлар бор, инсон деган номни ерга уриб, кўнгилни хира қилади, бировлар бор, инсон деб аталмиш шарафли унвонни кўкка кўтаради.
Миртемир ака ана шундай беназир инсон эди. У кишини ҳалоллик, поклик тимсоли десам, сира янглишмайман.

ХОТИМА ЁКИ ҚОДИР АКА БИЛАН ҒОЙИБОНА СЎЗЛАШУВ

Ассалому алайкум, Қодир ака! Сиз билан икки кун гурунг қилдик. Бошингиздан ўтган савдоларни бир ипга тизиб чиқилса, юракларни ларзага солувчи расаматли қисса бўлишига иймоним комил. Эҳтимол шундай кун ҳам келиб қолар. Камина ҳозирча ҳаётингиздаги айрим эътиборли лавҳаларни келтириш билан чекландим, холос. Ана шу жонли, жонсарак лавҳаларнинг ўзиёқ ўқувчини бефарқ қолдирмас, деб умид қиламан. Мен сизнинг киностудиядаги ўттиз йиллик самарали фаолиятингизни айтиб ўтирмадим, мактаблардаги муаллимлик меҳнатингиз, радиокомитет ва нашриётлардаги йигирма йиллик муҳаррирлик санъатингиз хусусида тўхталмадим. Бунинг учун кўп қоғоз қоралашга тўгри келади. 1950 йилдан бошланган эллик йиллик таржимонлик, адабиётшунослик борасидаги заҳматларингизнинг ўзи таҳсинга сазовор.

Қодир ака! Сиз хўшлашаётган ярим ҳазил, ярим чин қабилида бир гап айтдингиз. Бу гап қулоғимга қўрғошиндай қуйилиб қолди:
— Ит йилида туғилган бўлсам-да, ҳеч кимга итлик қилмадим, – дедингиз, — нонимни ҳалол еб, болаларимни пешона терим билан бокдим. Шунинг учун виждоним тоза, бировдан тилим қисиқ эмас. Узоқ умрим давомида кўп асл инсонларни учратдим, уларнинг самимий ёрдамларидан баҳраманд бўлдим. Ҳтганларни Оллоҳ раҳматига олсин, тирик устозларимнинг умрини зиёда айлаб, барчаларига саодатли ҳаёт ато этсин.
Шу билан бирга менга ғайирлик қилган, ҳалол ишларимга ғов бўлган, мени бадном килишга уринган ғанимларим ҳам етарли бўлди. Уларнинг ҳаммасини кечирдим. Кек сақлаш мусулмон кишига ярашмайди. Буни раҳматли бобом ҳам васият қилганлар.

Қодир ака! Сизнинг фарзандларингиз ва набираларингизга атаб ёзиб қўйган васиятномангизни диққат билан ўқиб чиқдим. Унда раҳматлик бобонгиз Сиддиқ маҳсумнинг сизга айтган бир неча ўгитини келтирасиз ва бу ўгитларни зурриёдингизга ҳам раво кўрасиз. Мана ўша ўгитлар:

Ҳеч маҳал ёмон одамларнинг гапига кириб, қинғир ишга қўл урма, ҳамиша ҳалол бўл.
Бошинга бирон мушкул савдо тушганда зорланма, бардошли бўл, сабр қил. Сабр таги раҳмон.
Доим рост гапир, ёлғончининг юзи шувут, бир куни ҳоли вой бўлади.

Кечагина ўзинг сингари ғариб танишларингнинг омади чопиб, бойиб кетганини, данғиллама иморатлар солиб, мол-ҳоли кун сайин кўпайиб бораётганини кўрсанг, ҳасад қилма, нега мен унақа эмасман, деб ичингдан куйма. Унга ҳавас қил, худодан сен ҳам давлат тила. Астойдил тилаб, ғайрат қилсанг, Оллоҳ тилагингни беради.

Мансабинг зиёда бўлиб, мол-жонинг ортиб кетса, керилма, мақтанма. Борингни бировга кўз-кўз қилма. Бир кун келиб қўлингдаги мол-давлатингдан мосуво бўлиб айрилиб қолишинг мумкин. Шунда уялиб, бошинг эгилиб қолади.
Қодир ака! Мен сизнинг ҳузурингиздан бир олам таассурот билан бирга ҳаётий сабоқ ҳам олиб қайтдим. Ҳар инсоннинг кўксида одамларга меҳр ва яхшилик қилишга рағбат, ҳалоллик ва иймон нури чараклаб туриши керак экан. Сизнинг салкам тўқсон йиллик умр дафтарингизни варақлаб, ана шундай хулосага келдим.

Маърифатни қадрловчи элимиз бахтига, миллионлаган адабиёт мухлислари бахтига умрингиз янада зиёда бўлсин, Қодир ака!

04

033 Қодир Мирмуҳамедов (1920.10.12, Тошкент) — таржимон ва киносценарийчи.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1999), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1981). 2-жаҳон уруши қатнашчиси. Тошкентдаги кечки педагогика ин-тини тугатган (1950). Ўзбекистон радиоқўмитасида катта муҳаррир (1956—
58); Ўзбекистон телевидениеси адабиёт таҳририятида бош муҳаррир (1958—59). Ғафур Ғулом номидаги нашриётда таржима бўлими бошлиғи (1959—61), «Ўзбекфильм» киностудиясида сценарий бўлимида муҳаррир, дубляж гуруҳида бош муҳаррир ва бадиий раҳбар (1961—89).
Қодир Мирмуҳамедов таржимонлик фаолиятини 1951 й.да болалар учун эртак ва ҳикоялар таржима қилишдан бошлаган. Биринчи йирик таржимаси индонез ёзувчиси Абдул Муиснинг «Сурапати» (1958) романидир. Шундан кейин у жаҳонга таникли ёзувчилар Жек Лондоннинг «Мартин Идеи» (1968), Рабиндранат Тагорнинг «Хонадон ва жаҳон», «Сўнгги достон» (1973). Максим Горькийнинг «Клим Самгиннинг ҳаёти» (2, 3 қисм, 1974— 75), Кришан Чандарнинг «Бир қизга минг ошиқ» (1976), Ж. Боккаччонинг «Декамерон» (1978—79), Виктор Гюгонинг «Бюг Жаргаль» (1982), М. Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» (1987), Гомернинг «Илиада» (1988), «Одиссея» асарларини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Қодир Мирмуҳамедов булардан ташқари, чет эл ёзувчиларининг қатор драмаларини, кўплаб бадиий фильмларни ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

04

 

09
«ИЛИАДА»ГА ИЛҲОМ БЕРГАН «ДЕКАМЕРОН»
Таниқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов билан суҳбат
Гулчеҳра Умарова
01

Атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов билан учрашиб суҳбатлашиш мақсадида хонадонига йўл оларканман, устоз билан дастлабки танишганим ёдимга тушди. Ўшанда Тошкент Миллий университети филология факултетида Қодир аканинг қизи Раиса Мирмуҳамедова билан бирга ўқирдик. Бизга Раисанинг оддийлиги, камгаплиги, энг асосийси, адабиётни, айниқса, чет эл адабиётини яхши билиши жуда ёқарди. Кимнинг фарзанди эканини билганимиздан сўнг адабиётга меҳри баландлигининг сабаби аён бўлди.

Ўттиз бир йил олдин “Ўзбекфилм” киностудиясининг дубляж бўлими раҳбари сифатида мени қандай самимий, очиқкўнгиллик билан кутиб олган бўлса, Қодир акани ҳамон ўша самимият, бағрикенглик тарк этмаган. Бироз чўкиб, сочлари оқарганини ҳисобга олмаганда, у инсоннинг тўқсонни қаршилаётганига ишонгинг келмайди. Ўзига шу гапни айтганимизда, устоз бир хўрсиниб қўйдилар-да, гап бошладилар:

— Ҳа, мен тенгиларнинг сафи анча сийраклашиб қолди. Синфдошларимдан композитор Икром Акбаров билан иккимиз қолдик. Шунисига ҳам шукур. Кечагина бола эдик, учта синглим ва мен ота-онамизнинг бағрида ташвиш нималигини билмай юрардик. Отам иморат устаси эди, онам фарзандлар тарбияси билан шуғулланарди. Ҳаётда нимага эришган бўлсак, аввало, бу ота-онамизнинг бизга берган тарбияси туфайли. Айниқса, бола тарбиясида онанинг ўрни катта, чунки ота кўчанинг одами. Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда, онамни миннатдор бўлиб хотирлайман. Отам ҳам оддий уста бўлгани билан, саводли инсон эди, форс ва рус тилларини биларди, бизнинг ўқимишли бўлишимизни истарди.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда адабиётга меҳрим бўлакча эди, ўқитувчининг ҳар бир гапини жон қулоғим билан тинглардим. Кейинчалик сўз устаси сифатида танилган Убай Бурҳон билан синфдош эдик. У билан акаси Шукур Бурҳонов хизмат қиладиган театрга тез-тез бориб турардик. Мен спектаклларни томоша қилиб, саҳнада кечаётган воқеалар таъсирида ёзувчиликка қизиқиб қолганман. Болалик экан-да, ўша вақтларда ёзганларим китоб бўлиб чиқишини орзу қилардим, ҳатто асарларимнинг муқовасини тасаввур этиб кўрганман. Бироқ хаёл бошқа, ҳаёт бошқа экан…

Ҳа, Қодир аканинг айни йигитлик даври иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. У 1941 йилдан 1946 йилгача урушнинг даҳшатли суронлари ичида бўлди. 1941 йили 19 сентябрда Полтава-Перятин шаҳрида бутун дивизия немислар томонидан асирга олиниб, уларни Черниговга ҳайдашади. Қодир ака баъзи воқеаларни кўзида ёш билан эслайди.

— Немислар қуршовида борарканмиз, йўл-йўлакай ҳолдан тойиб юролмай қолганларни отиб ташлашарди. Юриб-юриб бир жойда тўхтадик. Ейиш-ичишнинг тайини йўқ, эртадан кечгача ишлаймиз. Бу ердаги кўргиликлар жонимга тегиб, таваккал қилиб қочдим. Юриб-юриб ўрмонга бориб қолдим. Ўрмон йўлида арава ҳайдаб кетаётган бир мужик қишлоқни кўрсатиб юборди. Қишлоққа кириб, чеккадаги бир уйни тақиллатдим. Эшикни очиб, уйга киритишди. Уйда бир кампир, ўрта яшар аёл ва иккита ёш бола бор эди. Аёл учта идишга бўтқа сузиб келиб, менга ва болаларга берди. “Сизлар еяверинглар, биз тўқмиз, боя еганмиз”, деди. Лекин улар ўз насибаларини менга илинганларини билиб турардим. Ниҳоятда очиққанимдан ейишга мажбур бўлдим.

Уруш, нотинчлик, очарчилик одамларни бир-бирига меҳрибон қилиб қўйганди. Улар менинг миллатимни ҳам суриштириб ўтиришмади,овқатдан сўнг аскар кийимимни оддий кийимга алмаштириб беришди, ҳар ҳолда, бехавотирроқ. Кейин бу ердан чиқиб, қайси томонга юришимни кўрсатиб юборишди.

Бу уйдан чиқиб, Шарққа қараб 900 километр йўл босдим. Ҳамма жойда одамлар қорнимни тўйдириб, кийимларимни алмаштириб, йўл кўрсатиб туришди. Қирқ иккинчи йилнинг 21 январида бир украин қишлоғига кириб бордим. Бир хонадонга кирсам, ўқимишли одамлар экан, кимлигимни билиб, “Бу ер фронтга яқин, ёнимизда Винница қишлоғи бор, ўша ерга борсанг, бирортасиникида хизматини қилиб юришинг мумкин”, дейишди.

Шундай қилиб, Винница қишлоғида ўғли билан яшайдиган бир кампирникидан бошпана топдим. Колхозга чиқиб, ер ҳайдадим. Шу ерда украин тилини ўргандим, украинча китобларни ўқидим. Виктор Гюгонинг “Кулаётган одам” китобини шу ерда, украин тилида ўқиганман. 1943 йилгача шу тарзда кун кечирдим…

Қодир ака бу воқеаларни ҳазин оҳангда, маъюс, ўйчан ҳикоя қиларкан, уруш йиллари унинг бошига қанчалик оғир кунлар тушганини ич-ичимдан ҳис этиб турардим. Айни пайтда, ўзим яхши биламан, деб юрган одам ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслигимни сезиб қолдим. Устознинг ҳикояларини тинглар эканман, яшаш учун кураш одамдан метин ирода, чўнг матонат талаб этиши ҳақида ўйлардим.

Хуллас, 1945 йилнинг апрел ойида улар турган шаҳар озод қилинади. Қодир ака бошидан кечирган воқеаларни айтиб бергач, уни 22-дивизияга миномётчи қилиб жўнатишади. Ғалабани шу дивизия билан бирга қарши олган Қодир Мирмуҳамедов декабргача Германияда бўлиб, кейин полк билан ортга қайтади. 1946 йил июн ойининг бошларида унга уйига кетишга рухсат тегади.

Эндигина урушдан қайтган Қодир аканинг зиммасида оилани боқиш вазифаси турарди. Ўқишга, ижодга чанқоқ собиқ аскар Педагогика институтининг кечки бўлимига ўқишга киради.

— Институтда антик давр адабиётидан ажойиб инсон,адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймон дарс берарди, — ҳикоясини давом эттирди Қодир ака. — Дарсларни шундай таъсирчан ўтардики, вақт қандай ўтганини сезмай қолардик. Ўша сабоқлар боис, антик давр адабиётига қаттиққизиқиб қолганман. Бешинчи курсни тугатганимда Ҳамид ака мени Москвага, аспирантурага жўнатмоқчи бўлди. Лекин уйдагилар розилик беришмади.

Институтни битирган йилим оғир дардга чалиниб қолдим. Врачлар икки ёқлама ўпка шамоллашининг оғир шакли, дейишди. Ўша пайтларда стрептомицин, деган дорини топиш жуда қийин, нархи ҳам баланд эди.Оллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг, “Снежок” деган асарни таржима қилиб, топшириб қўйгандим. Касалхонадалигимда матбуотда чоп этилиб, номимга 1800 сўм қалам ҳақи келибди. Шунинг минг сўмига дори олиб, муолажани бошлаб юбордик. Уч ой деганда соғайиб кетдим.

Тузалгач, техникумда дарс бера бошладим. Бўш вақтим ўзимга ёққан асарларни таржима қилиб, радиога олиб борардим. Ўша пайтда радиога ишга кирмоқчи бўлганимда, урушда асирликка тушганим учун ишга олишмаган. Таржималаримни ўқиб эшиттиришардию, лекин фамилиямни айтишмасди. Шундай даврлар эди-да, баъзилар ҳатто соясидан ҳам қўрқарди. Сталин вафотидан сўнг кўп ўзгаришлар бўлди. Мен ҳам 1956 йилдан радиода адабий таҳририятда ишладим. Шу ерда ёзувчилар, актёрлар, режиссёрлар билан танишдим. Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад каби адиблар билан танишлигимиз, мулоқотларимиз шу даврдан бошланган.

— Қодир ака, ҳар қандай ижодкор кимдандир ўрганади, кимгадир ҳавас қилади, яъни устоз ўгитларидан баҳраманд бўлади…

— Менинг биринчи устозим раҳматли Ҳаким Назир бўлади. Радио учун биринчи ишим — «Оппоғим»ни тайёрлашда устознинг хизматлари катта бўлди. Вақти келиб бу асарни спектакл қилмоқчи бўлишди. Шунда Ҳаким ака мени Миртемир домланинг олдига юборди. Домла мени жуда яхши қаршилаб, асарни ўқиб чиқиш учун олиб қолди. Кейин келибасарни қўлимга олганимда, олтмиш фоиз Миртемир домланинг меҳнатлари сингганини кўриб хижолат бўлдим. Таржимон сифатида у кишининг номларини ҳам ёзиб қўйдим. Лекин домла ўз номларини ўчириб ташлади. Миртемир ака ижодкорларга ниҳоятда меҳрибон, бағрикенг инсон эди. Яна у киши қатори Миркарим Осим, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилийни ҳам устоз сифатида жуда қадрлайман.

Бу устозларимдан, аввало, таржима жараёнида синоним, антоним, омонимлардан фойдаланишни, буларнинг қаҳрамон нутқини беришдаги аҳамиятини, умуман, ҳар бир сўзни ўз ўрнида ишлатишни, сўзни исроф қилмасликни ўргандим. Чунки қаҳрамон характери, қиёфаси сўзда намоён бўлади. Сўзма-сўз таржимада эса, ҳар қандай асарнинг қиммати йўқолади.

Яна бир нарсани унутмаслик лозим. Бирор асар таржимасига қўл урганда ёзувчи шахсини, у яшаган жойни, даврни, кишилар ҳаётини, муҳитни ўрганиш керак бўлади. Бусиз ҳаққоний таржима асари яратиш мушкул. Қолаверса, таржима учун қўлга олинган асар мутаржимнинг дилига яқин, унинг дунёқараши асар муаллифининг ижодий қарашлари билан муштарак бўлиши лозим. Масалан, Рабиндранат Тагор ижоди менда катта қизиқиш уйғотган, айниқса, «Хонадон ва жаҳон» романи жуда ёққан.

Ҳар қандай асар таржимасида дастлабки қадамлар қийин кечади. Кейин, воқеалар ичига кириб борганингиз сари таржима жараёни тез кетади. Бирор асарни ўгиришга киришган одамда масъулият ҳисси бўлиши керак. Яъни дуч келган асарни қўлга олиб, шунчаки ўгириб ташлайверган билан иш битмайди. Таржимон, аввало, асар муаллифи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, унинг қандай асари устида иш бошлаётганини тушуниши лозим.

— «Декамерон»ни таржима қилишингизга нима туртки бўлган?

— Бунинг сабабини айтиш учун  олдин «Илиада» достонига қай тариқа қўл урганим ҳақида гапириб беришим керак. Айтганимдек, антик давр ва антик адабиётга меҳрим бўлакча. Шу сабабли «Илиада»ни ўзбек тилига ўгириш ҳақида кўпдан ўйлаб юрардим. Фақат бундай жиддий асарга қўл уриш учун, аввало, тажриба, қолаверса, вақт керак эди. Хуллас, вақт-соати етиб, «Илиада»ни ўгиришга қарор қилдим. Биласиз, бу достонни рус тилига Гнедич ва Вересаев таржима қилишган. Вересаев нусхаси соддароқ, Гнедичники жуда мураккаб ва оғир. Ўзиям 30 йил таржима қилган. Мен Гнедичникини танладим. Дастлаб асарнинг 53 сатрини ўгириб, ишлаб чиқдим. Кейин яна ишлаб, чизиб таҳрир қилдим. Ана шу 53 сатр таржимаси ҳақида ким биландир маслаҳатлашиш истаги туғилди. Ўйлаб-ўйлаб, ёзувчи Асқад Мухторга учрашдим. У киши эртасига хабар олишимни айтди. Очиғи, эртасига Асқад аканинг олдига минг бир ҳадик билан келдим. «Бу жайдари шоирлар қиладиган иш эмас, — деди у киши. — Лекин сизнинг қўлингиздан келади».

Катта ёзувчининг бу гапи менга далда бўлди. Дарҳол Миртемир акага телефон қилиб, олдиларига маслаҳатли иш билан бормоқчилигимни айтдим. Таржимон Ҳусан Рўзиметов билан бордик. Миртемир ака матнни дарҳол ўқишга тутинди. Ўқиб бўлгач, «Қофияли таржима қилибсиз. Қофия керак эмас, таржимангиз менга жуда ёқди. Давом эттиринг. Шояд мен ҳам ортингиздан бориб, «Одиссея»ни тугатсам», деди. Ҳозир битта қўшиғини таржима қилганини, жуда қийналаётганини айтди.

Улар билан хайрлашиб, уйга бориб, устознинг нима учун қийналаётгани ҳақида ўйладим. Ўзимча фикрлаб кўрсам, «Илиада»ни ўқимай таржимага киришган экан.

Хуллас, устозларнинг далдаси мадад бўлиб, нашриётга Ҳамид Ғуломнинг олдига бордим ва мақсадимни айтдим. Асарнинг таржима қилинган қисмини ўқиб чиқишини айтди. Орадан 15 кун ўтди ва менинг нашриётга боришимни айтишди. Нашриёт асарни босадиган бўлибди. Ўн йил муддатга шартнома туздик. «Илиада» жуда мураккаб, жиддий асар бўлгани учун чарчаган вақтларимда орада дам олишим зарур эди. Шунда «Декамерон»ни танладим. Сабаби, бу асарнинг тили мени ўзига тортарди. Ҳар бир образнинг ўзига хос сўзлаш услуби, ҳикоя мароми бор.

«Декамерон» «Илиада» таржимасига илҳом бериб, ҳар икки асарни ҳам борлиғимни бағишлаб таржима қилдим. Уларнинг сифатига баҳо бериш, албатта, ўқувчиларга ҳавола.

Қодир Мирмуҳамедов билан бир-икки йирик асар таржимаси ҳақида суҳбатлашиб ўтирарканмиз, устознинг ўнлаб катта-кичик асарларни таржима қилгани хаёлимдан ўтди. Улар орасида Л.Толстой, М.Шолохов, Г.Севунц, А.Пушкин, М.Горкий, Д.Фонвизин, В.Гюго, Ж.Лондон, Р.Тагор, К.Чандр, Латифа аз-Зайёд каби жаҳон таниган ва тан олган адиблар бор. Яна булар қаторига радио-телевидение, театр саҳнаси учун қилган таржималарини, дубляж соҳасида қўлга киритган ютуқларини қўшадиган бўлсак, Қодир аканинг ижодий имкониятлари ва мутаржимлик маҳорати қанчалар юқори эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу ўринда таржимоннинг дубляж соҳасидаги фаолиятига алоҳида тўхталишга тўғри келади. Зеро, айнан Қ.Мирмуҳамедов дубляжда ишлаган ва унга раҳбарлик қилган даврда студия фаолияти гуллаб-яшнагани, МДҲ давлатлари орасида бир неча йиллар мобайнида етакчиликни қўлдан бермай келгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша даврда студияда Эсон Каримов, Борий Ҳайдаров, Илёс Ёқубов, Софа Имонқулова, Мирғиёс Соатов, Йўлдош Абдукаримов сингари ўз ишининг усталари бўлган режиссёрлар, Юлдуз Ризаева, Шарофат Қўшбоева сингари муҳаррирлар фаолият кўрсатишган, бетакрор овозга эга актёрлар гуруҳи ҳам бу соҳа ютуқларининг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшган.

Кино асарлари таржимасида Қодир Мирмуҳамедовнинг меҳнатини тасаввур қилиш учун «Она Ҳиндистон», «Уйимиздаги эркак», «Москва-Генуя», «Солдат отаси», «Чангда қолган гул», «Бутун умрга тенг йил», «Ҳеч ким ўлишни истамасди», «Уруш ва тинчлик», «Журналист», «Сангам», «Она муҳаббати», «Белорус вокзали», «Қирол Лир», «Бошсиз чавандоз», «Номингни унутма», «Сиёвуш ҳақида достон» каби филмларни эслашнинг ўзи кифоя. Ўша даврда ўзбек филмларининг рус тилида суратга олинганини назарда тутсак, Қодир ака кўплаб «Ўзбекфилм» картиналарини ҳам маҳорат билан ўгирганини таъкидлаш жоиз.

—Шубҳасиз, бадиий таржима ва дубляж орасида фарқ бор, — дейди Қодир ака — Бу ҳақда кўп айтилган, ёзилган. Шунинг учун батафсилликдан қочмоқчиман. Фақат шуни айтишим керакки, ҳар иккисининг ҳам ўзига хос мураккабликлари бор. Дубляжнинг мураккаб томони шундаки, унга кўпчиликнинг меҳнати сингади. Таржимон, режиссёр, муҳаррир, актёрлар ва бошқа техник жараёнлар. Дубляж муваффақияти уларнинг ҳар бирига боғлиқ. Яна ҳам муҳими, филм қаҳрамонларининг характери, ҳолати, ҳиссиётларини образларга овоз бераётган актёр ўзидан ўтказган ҳолда томошабинга етказиб бериши керак. Бунда, шубҳасиз, режиссёрнинг хизмати катта. Зеро, режиссёр актёр танлашда адашмаслиги керак.

Биласизми, бу борада бизнинг режиссёрларимизга ҳавас қилса арзийди. Айниқса, Эсон Каримов зўр режиссёрлардан бири эди. Биринчи навбатда, у образга овоз берадиган актёр ҳар томонлама мос келиш ё келмаслиги ҳақида ўйларди. Шу ўринда «Маугли» мултфилми таржимасига тўхталмоқчиман. Мултфилмда қоплон Багира образи бор. Мен бу образга Дилбар Исмоилова овоз бериши керак, деб ўйладим. Эсон Каримов эса Римма Аҳмедова овоз берса тўғри бўлади, деб туриб олди ва ҳақ бўлиб чиқди. «Қирол Лир»да ҳам бош қаҳрамонга Ҳамза Умаровни олмоқчи бўлганимизда, актёрнинг ўзи овози, сўзлаш услуби тўғри келмаслигини айтиб, рад этган. Дарҳақиқат, Қирол Лир Обид Юнус овози билан ўзбекчада ниҳоятда ишонарли жаранглайди.

— Бадиий асарлар асосидаги филмлар таржимасига қандай ёндашгансиз?

— Агар ўша бадиий асар ўзбек тилига ўгирилган бўлса, ўқиб чиқиш зиён қилмайди. Масалан, мен «Уруш ва тинчлик» филмининг дубляжи жараёнида столимга асарнинг русча вариантини, Абдулла Қаҳҳор таржимасидаги ўзбекча нусхасини қўйиб ишладим. Жараён ниҳоятда мураккаб кечди. Лекин Абдулла аканинг таржимаси менга илҳом бағишлаб турди.

Бугунги кунда филмлар таржимасининг савияси ҳақидаги саволимизга Қодир Мирмуҳамедов шундай жавоб берди:

— Ҳозир филмлар синхрон овоз бериш усулида ўгириляпти. Шубҳасиз, дубляж билан бу жараён ўртасида катта фарқ бор. Тўғри, муваффақиятли таржималар ҳам йўқ эмас. Лекин аксарият ўгирма филмларда тилга эътиборсизлик, экрандаги ҳолатдан йироқлик кўзга ташланади. Айниқса, бир актёрнинг бир неча образга овоз бериши таржима савиясига путур етказиши турган гап. Аслида гап овозни турли-туман қилишда эмас, қандай овоз беришда.

Назаримда, Қодир ака фикрларини силлиқлаб, кўнгилга тегмайдиган қилиб гапирди. Чунки бугун аксарият филмларда сўзлар пала-партиш ишлатилади, овоз бераётган актёрлар образнинг ички дунёсини, характерини етарли очиб беролмайди, овозларида ҳиссиёт, эмоция етишмайди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, филм савиясига таъсир қилади.

Суҳбат асносида Қодир ака нафақага чиққанларидан сўнг нималар билан шуғулланганларидан хабардор бўлдик. Энг асосий ишлари — «Одиссея» таржимаси. Асарни ўгиришни 2000 йилда бошлаган таржимон 2008 йили уни ниҳоясига етказди. «Жаҳон адабиёти» ва «Шарқ юлдузи» журналларида асардан айрим қўшиқлар эълон қилинди. Айни пайтда «Одиссея» китоб ҳолида чоп этилиши арафасида.

«Жаҳон адабиёти» журналида буюк масалчи Эзоп ҳаёти ҳақидаги мақоласи чоп этилганидан сўнг, Эзоп масалларидан бир қанчасини таржима қилиб журналда чиқарди.

— Бугун болаларнинг аксарияти китоб ўқимаслиги ҳақида кўп гапириляпти, — дейди Қодир ака. — Назаримда, бунинг сабабини, аввало, катталар ўзларидан қидиришлари керак. Кўп оилалар фарзандларини замонавий қиламан, деб ҳамма нарсани аралаштириб юборяптилар. Боғча ёшидаги болага компютер, видео олиб беришади, телевизордаги кўрсатувларни истаганча томоша қилишга қўйиб беришади, бошланғич синф ўқувчиси қўл телефонини кўтариб, қулоғига плеер тақиб юради. Бола ёшига, қобилиятига мос иш билан шуғулланиши керак. Ҳатто уйда ўйинчоқни ҳам кўпайтириб ташлаб бўлмайди. Чунки бундай «ғамхўрлик»дан бола тўйиб қолади, оқибатда уни ҳеч нима қизиқтирмай қўяди. Шуни ёдда тутиш керакки, кўрган, эшитган нарса тез эсдан чиқиб кетади, китобдан ўқилган матн эса узоқ вақт хотирада сақланади. Яъни китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.

Устоз билан кино танқидчилиги, бугунги таржимонлар фаолияти хусусида ҳам суҳбатлашиш ниятимиз бор эди. Бироқ уларни чарчатиб қўймаслик учун суҳбатнинг давомини навбатдаги учрашувга қолдириб хайрлашдик.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 4-сонидан олинди.

хдк

(Tashriflar: umumiy 2 690, bugungi 1)

Izoh qoldiring