Yangi kitob: «Tohir Malik gurunglari»

Ashampoo_Snap_2017.03.13_23h15m50s_003_.png    “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган мазкур китоб бошқа китобларга асло ўхшамайди. У кечаги, бугунги кун ва келажак хусусида турли мавзуларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Китобда устоз ва шогирднинг турли қарашлари, фикр-мулоҳазалари кенг жой олган. Табиийки, бунда устознинг сўзларига кўпроқ ўрин ажратилган. Зотан, улкан ҳаётий тажрибага эга адиб олдида шогирднинг бисёр гапириши одобдан ҳам эмас.

Мавзулар эса, асосан, ҳаёт, адабиёт, ижод, таълим-тарбия, ёшлар масаласи, кино, театр, санъат, глобал муаммолар, ҳатто футбол ва ҳазил-мутойибани ҳам қамраб олган.  Қуйида ушбу китобдан парча эълон қилинади.

Анвар НАМОЗОВ
“ТОҲИР МАЛИК ГУРУНГЛАРИ”
КИТОБИДАН ПАРЧА
007

А.Н.: – Бир амру маърифда воиз: “Бугун оилаларимизда насиҳатгўйлик камайиб кетган” деди. Дарҳақиқат, шундай. Оила аъзолари, одатда, қайси пайтда жамулжам бўлади? Асосан, дастурхон бошида! Кечки овқат тановул қилинади, дастурхонга фотиҳа ўқилади. Шундан сўнг ота-она телевизор томоша қилади ёки ўзаро суҳбатлашади, фарзандлар эса компьютер, телефон (аниқроғи, интернет) билан андармон бўлади. Агар кундузи бола беадаблик қилиб қўйган бўлса, она томонидан отага етказилади. Ота болани қаттиқроқ койиб қўяди. Вассалом! Ҳозирги аксар оилаларда тарбия йўсини шу! Бола тарбияни қаердан олсин? Ваҳоланки, ўтмишда ота ёки она фарзандларини ёнига ўтқазиб, ҳадислар, ҳикоятлар ва ривоятлардан ўқиб берган. Қандай бўлиш кераклигини уқтирган. Айниқса, ахлоқ-одоб бобида чуқур сабоқ берилган.

13580390_297939480546437_916011955897062140_o.jpgТ.М.: – Анваржон, бу саволингиз билан дардли юрагимни аниқ мўлжалга олиб, яраладингиз. Сизни қийнаётган дард мени ва икковимиз каби кўп зиёли аҳлини қийнаётганига гувоҳман. Агар ўтган йилларга қарайдиган бўлсак, устозлар ҳам шу дард билан ўтишган. Шу сабабли саволингизга ул азизларнинг ҳикматли сўзлари ёрдамида жавоб қайтаришга уриниб кўраман. Аввало устоз Абдулла Авлонийдан:

“Ахлоқ уламоси инсонларнинг хулқларини иккига бўлмишлар: агар нафс тарбият топиб, яхши ишларни қилурга одам қилса, яхшиликға тавсиф бўлуб “яхши хулқ”, агар тарбиятсиз ўсуб, ёмон ишлайдурган бўлуб кетса, ёмонликға тавсиф бўлуб “ёмон хулқ” деб аталур. Жаноби Ҳақ инсонларнинг асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши ила ёмонни, фойда ила зарарни, оқ ила қорани айирадурган қилуб яратмишдур. Лекин бу инсондаги қобилиятни камолга еткурмак тарбия ила бўладур. “Қуш уясинда кўрганин қиладур”. Инсон жавҳари қобилдур. Агар яхши тарбия топиб, бузуқ хулқлардан сақланиб, гўзал хулқларга одатлануб катта бўлса, ҳар ким қошида мақбул, бахтиёр бир инсон бўлуб чиқар. Агар тарбиятсиз, ахлоқи бузулуб ўсса, Аллоҳдан қўрқмайдурган, шариатга амал қилмайдурган, насиҳатни қулоғига олмайдурган, ҳар хил бузуқ ишларни қиладурган, нодон, жоҳил бир расвойи олам бўлуб қолур”.

“Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўстурмакдур. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур. Зероки, “Ҳассину ахлоқикум” амри шарифи узра хулқимизни тузатмакға амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур. Ахлоқимиз биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордур. Баъзилар “тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишида қандай бўлсалар, шундай ўсарлар, табиат ўзгармас”, демишлар. Лекин бу сўз тўғри эмасдур

Э, оталар! Жонларингиздан сучук фарзандингиз,
Ғайрат айланг ўтмасун вақт-замони тарбият.
Мояи зилли хумодур тарбиятнинг сояси,
Бизда анқо тухумидек йўқ ошиёни тарбият”.

“Эмди очуқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизни қувватландурмак, фикримизни нурландурмак, аҳлоқимизни гўзалландурмак, зеҳнимизни равшанландурмак лозим экан.

“Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур?” – деган савол келадур. Бу саволга: “биринчи – уй тарбияси, она вазифасидур; иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси, ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур”, деб жавоб берсак, бир киши деюрки: “қайси оналарни айтурсиз, билимсиз, боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар?” – дер. Мана бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндурур. Отасига нима дерсиз, десак, “қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур”, – дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтуқға урилур.

Хайр, бўлмаса, муаллим-чи десак, “қайси муаллим? Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқимаган, “усули таълим” кўрмаган муаллимларни айтурсизми? Аввал ўзлари “дорилмуаллимин”ларда ўқимаклари сўнгра дарс бермаклари лозимдур”, – дер. Ману бу сўз инсонни ҳайрат дарёсига ғарқ қилур.

Мударрисларга не дерсиз десак, “қайси мударрис? Матлаблари ош, мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинидан юрмаган мударрисларни айтурсизми? Булар ўз вазифаларини билуб, нафсларидан кечуб, замонға мувофиқ равишда дарсларини ислоҳ қилуб, имтиҳон бирла ўқутмаклари лозимдур”, – дер. Мана бу сўз ҳар кимни “ал-ислоҳ” демакка мажбур қилур…”
“Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар… кеча тарбияларига эътибор берилмаган болалардир”.

Самоворга чиқишуб, ёшу қари чулдирашур,
Эртадан кечгача чойни ичадур шўлдур-шўлдур.

Ўлтуруб мақташадур отини, эшшакларини,
Бири дер: – Йўрға, бири дер: – сеники дулдур-дулдур.

Уйда оч ўлтурадур хотуни – эр тўкма еяр,
Келтуруб бачча базмларга кетар пулдур-пулдур.

Ўйнабон қарта-қимор, пулларини бой берибон,
Том тешуб, бўғча ўғурлаб, одам ўлдур-ўлдур.

Бу сатрларнинг ёзилганига юз йилдан ошди. Кун тартибидаги масаланинг сиртида озгина ўзгариш бор, аммо моҳият ўзгармаган. Юз йил олдин от билан эшак мақталган бўлса, ҳозир “Мерседес” билан “Лимузин” мақталади. Уларнинг фарзандлари эса бошларидаги ақл билан эмас, қўлларидаги телефонлари билан керилишади.

Устоз Мунаввар қорининг фикрлари ҳам замондошларига ҳамоҳангдир:

“Тарбияли бола улуғларни иззат ва ҳурмат қилур. Ўзи баробариға яхши муомала қилур. Ва ўзидан кичикларға шафқат ва марҳамат қилур. Ҳар кимнинг қадрини билур. Ўзидан рози қилмоқға ҳаракат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларға ёрдам берур. Инсонликға ярашған ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг (қанча фойдалик бўлса ҳам) яқинига бормас. Ўзи билмайдурғон сўзларға ва қўлидан келмайдурғон ишларға асло аралашмас. Доимо яхшини яхши, ёмонни ёмон дер. Ҳар сўзни вақтиға ва жойиға қараб сўзлар. Ҳар ишда бир фойдани кўзлар. Ўзлариға ёки бошқа инсонларға фойдаси тегмайдурғон ишларға қадам қўймас. Ҳеч кимнинг ишиға, кучиға зарар еткурмас. Тарбиясиз, ёмон болаларға қўшилмас. Ота ва онасининг, муаллим ва халфаларнинг сўзларидан чиқмас. Ҳар ишда инсофни қўлдан бермас. Бировдан бир яхшилик кўрса, эсидан чиқармас. Қўлидан келмаган ишни устиға олмас. Устиға олган хизматини қилмай қолдирмас. “Миллат” деган сўзни жонидан ортиқ суяр”.

“Одобли бўлурман деган киши ҳар нарсага иззат кўзи ила боқуб, иззат олур. Қайси иш кўзига яхши кўрунса, ул ишни қилмоқға ҳаракат қилур. Ва қай иш кўзига ёмон кўринса, ул ишдан ўзини тортур. Бундай қилган киши, албатта, одобли бўлур”.

“Кўрайлик-чи, биз, мусулмонлар, хусусан, туркистонликлар, ўз фарзандларимизга тарбия беряпмизми ёки йўқми? – устоз Абдурауф Фитрат шу саволни кун тартибига қўйиб, бу жавобни берганлар: – Саволнинг охиридаги сўз бунга жавоб бўла олади, яъни “йўқ!” Мен буни шундай исбот қиламан: биз, туркистонликлар болаларимиздан кўра молларимизга яхшироқ қараймиз. Эшак ва қўйларимизни фарзандларимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз, деб айтмаяпман. Йўқ-йўқ, болаларимиз жонимиздан ҳам азиз. Улар назаримизда ҳаммадан суюкли ва ардоқли. Лекин бахтимизга қарши шуни эътироф қилиш лозимки, шунча муҳаббат ва меҳрга қарамасдан, эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз! Менинг бу сўзларимдан ҳайрон бўлманг, сабр қилинг, даъвомни исботлайман. Фалон нарсани тарбиялаш, яъни уни аста-секин камолга етиштиришдир. Назаримизда қўйнинг камоли унинг семизлиги ва соғломлигидадир. Эшакнинг камоли унинг кучи, оёқларининг бақувватлиги ва яхши юришидадир. Фараз қилинг, қўзи ёки хўтик сотиб олиб уйга келтирасиз. Диққат билан уларга қараб, бир муддатдан кейин қўйни семиртириб, эшакни бақувват ва йўрға қиласиз, яъни уларни тарбиялаб, камолга етиштирасиз. Аммо азиз фарзандларингизга шундай диққат билан тарбия бермайсиз. Баҳона қиласизки, болангиз ҳам камолга етишган. Эътироз билдиришингиз мумкинки, биз молларимизни боқишга қанча уринсак, фарзандимиз тарбиясига улардан юз баробар кўпроқ ҳаракат қиламиз, деб.

Бу даъвоингиз маълум бўлса-да, аммо тўғри эмас. Далил шулким, кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган, аммо фарзанди ҳеч бўлмаса, уч марта хасталикка чалинган. Бас, маълум бўладики, у киши молининг касал бўлмаслигига кўпроқ эътибор берар экан. Сўзингиз тўғри бўлса ҳам менинг даъвойимга ҳеч зарари йўқ, чунки боланинг соғлиғига эътибор бериш ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишни билдирмайди. Ҳақиқатдан агар одам қўй ва эшакка ўхшаб камол топиши, соғлиқ, билакларининг кучлилиги билан чегараланиб қолганида эди, биз ҳам фарзанд соғлиғи учун бўлган ҳаракатни, фарзанд тарбияси деб атардик. Тану тўшли ва соғлом болани камолга етишган деб қабул қилардик.

Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат. Одамнинг жисми, ақли ва ахлоқи турли касаллик ва нуқсонлардан узоқ бўлиши лозим. Одам ҳам ўз манфаатини ўйлаб, ҳам яқинларини бахтиёр қилишга қодир бўлиб ўсиши лозим. Зотан, бу мантиқий олишувларга нима ҳожат бор?”

“Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар, сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар”.

“Тарбия уч қисмдан иборат: бадан тарбияси, ақлий тарбия ва ахлоқ тарбияси”.

Ана энди биз ҳам фарзандларини тарбия қилаётган ота-оналарга савол берайлик: қайси тарбияга кўпроқ эътибор беряпсиз? Ўғил-қизингиз тонготарда туриб, бадантарбия билан шуғулланадими? Ўғил-қизингиз мактабда уйга берилган вазифаларни вақтида бажариш баробаринда маънавий оламини бойитадиган китобларни ҳам ўқийдими? Салом беришни, одамларни қадрлашни ўрганадими?

Энди бу саволни сал ўзгачароқ тарзда берайлик: ўзингиз бадантарбия билан шуғулланасизми? Фарзандингизни эрталаб уйғотиб, бадантарбияга даъват қиласизми? Ўзингиз китоб ўқийсизми? Ўқисангиз “баракалла!” – деймиз-да, яна бир савол берамиз: ўқиган китоблардан олган маъноларингизни фарзандларингиз билан баҳам кўрасизми? Ўзингиз қўшниларингиз, ҳамкасбларингизни ҳурмат қиласизми? Силаи раҳм талабларини бажарасизми? Эрингизга итоатлимисиз, кўп гап қайтармайсизми? Хотинингизни беҳаё сўзлар билан сўкмайсизми, урмайсизми? Ота-онангиз билан бошқа-бошқа уйда яшасангиз, ул азизларни ҳафтада неча бор йўқлайсиз? Қабристонда ётган яқинларингизни ойда неча бор зиёрат қиласиз, зиёратга фарзандларингизни олиб борасизми?..

Агар шу каби саволлар билан ота-оналарга чиндан ҳам мурожаат қилсагу улар чин юракдан рост жавоб берсалар, 60-70 фоиз салбий жавоб олишимизга имоним комил.

Бир-биримизни дуо қилсак, албатта “фарзандларингизнинг роҳатини кўринг”, деган ниятни ҳам айтамиз. Ҳар бир ота ва она боласи туғилган дақиқасидан бошлаб, унинг улғайишини, камол топишини умид қилади. Боланинг камолга етиши, унинг роҳатини кўриш фақат дуо билан бўлмайди. Келажакда роҳат кўрмоқ учун бугун тарбия заҳматини чекиш керак. Ҳа, “заҳмат” деб бекорга айтмадим. Тарбия осон иш эмас. Унинг ҳар кунлик машаққати бор. Болага ҳар он, ҳар соат даф қилувчи ёмон хулқ ўқларига ота-она кўкракларини қалқон қилишлари керак. Бунга чидаган ота ва она эртага унинг камолини кўради.

Болалар қамоқхонасида ҳозир вояга етмаган мингта маҳкум ўтирибди, деб тахмин қилсак, унинг бу жойга тушишига фақат ўзининг гуноҳи сабабчи эмас. Унинг гуноҳида мингта ота, мингта она (агар ҳаёт бўлишса, мингта бобо ва мингта буви), мингта амма ва мингта хола, мингта амаки ва мингта тоғанинг, “битта болага етти қўшни ота-она” деган мақолга кўра, мингта қўшнининг улуши бор. Агар амма-холалар, тоға-амакилар уч-тўрттадан бўлса, бу рақам янада ошади. Демак, мингта боланинг қамоқда азобланиб ётишига камида ўн минг одамнинг айби бор.

Агар бола ёмонлик қилиб қўйса, айбдорлар қидирилади. Энг аввало оила мактабни, мактаб эса оилани айблайди. Қўшнилар, тоға-амакилар, хола-аммалар ҳеч айбланмайди. Шу боис, икки томоннинг ўзаро айбловини кўрайлик: мактабнинг вазифаси энг аввало билим бериш. Билим бериш баробаринда тарбия ҳам берилади. Туну кун 24 соатдан иборат. Шундан 8 соатни уйқуга ажратсак, бола мактабда 5-6 соат бўлади. Демак, уйда 10 соат бўлади. Бола мактабда 5-6 соат давомида кимё, физика, тарихни… ўрганади. Уйида 10 соат давомида нимани ўрганади? Тарбиянинг асосий юки ота зиммасида. Демак, ота ишдан кейин ёки дам олиш кунларида неча соат вақтини болаларига ажратади? Тасаввуримизда бир осма тарози ясайлик-да, бир палласига боласи учун ажратган вақтни, иккинчисига улфатчилик, ошхўрлик, тўй базмлари…ни қўяйлик. Баъзи оталарнинг 4-5 улфатлари бор. Демак, ҳафтада 4-5 кун уйга келганида болалари ухлаб ётган бўлади. Бу ҳам етмагандай ҳозир аёлларимиз орасида ҳам “гап” аталмиш зиёфатлар урф бўляпти. Шу ота-оналар фарзандларининг келажакдаги бахтини қандай тасаввур қилар эканлар? Боласи қамоққа тушганида (Аллоҳ асрасин!) чойхонада совурган вақтини эслаб афсусланармикан? Ишдан барвақт келса-да, ёнбошлаб телевизор кўрувчи ота ёки она билан уйга кеч келганларнинг айби бир хилдир. Болаларга вақт ажратиш дегани – улар билан суҳбатлашиш, бирга китоб ўқиш, бирга дарс тайёрлаш, донишмандларнинг ҳикматларини айтиб бериш… киради. Ҳар бир ота ва она фарзандини севишини, лозим бўлса фарзанди учун жонини фидо қилишини айтади. Бу баландпарвозлик эмас, мен уларнинг гапларига ишонаман. Бобур мирзо жонларини Ҳумоюн мирзога садақа қилганлари каби, бугунги ота-оналар орасида бемор фарзандига кўзи, буйраги ёки жигарини бераётганлар бор. Шуларни мисол қилганим ҳолда фарзандининг тарбиясига лоқайд ота ва оналарга дейманки, болангизга жонингизни беришга тайёр эканингиз таҳсинга лойиқ жасорат, лекин сиз бугун жасорат кўрсатинг: болангизга жонингизни эмас, озгина-озгина вақтингизни беринг.

Сиз айтган оила гурунгига ота ва она ҳар куни кўп эмас, ярим соат вақт ажратишса ҳам олам гулистон бўлар эди. Агар бугун ёлғон гапиришнинг зарари ҳақидаги бир ривоятни биргаликда ўқиб, муҳокама қилишса, эртага ғийбатнинг гуноҳи, кейин чақимчилик балоси ҳақида, сўнг ҳалол билан ҳаромнинг фарқи ҳақида суҳбатлашишса ва бу хайрли одат йил бўйи давом этса, бола камида 350-400 ҳикмат билан танишган бўлади. Шунинг ярми эсида қолса ҳам, юзтасига амал қила бошласа ҳам унинг келажагидан ташвишланмаса бўлади.

Саволингиздаги бир нозик нуқтага эътибор қаратмай ўтиб кета олмайман. Айрим оилаларда (эҳтимол, барча оилаларда) бола эмас, она кўпроқ чақимчилик қилади. Бола гапига кирмаса, инжиқлик ёки қайсарлик қилса, “ҳали қараб тур, аданг келганларида айтиб бераман”, дейди ва ваъдасини бажаради ҳам. Бола энди отасининг ишдан келишини соғиниб эмас, қўрқиб кута бошлайди. Оқшомдаги бўлажак жазодан қутулиб қолиш чорасини излайди, ёлғон баҳоналар тўқийди. Она шу чақимчилиги билан ота-бола орасидаги меҳр занжирини узиб қўйганини билармикан?

Оила ва бола тарбияси ҳақида сўз кетса, мен кўпроқ танқидий оҳангда гапираман. Балки пашшадан фил ясарман? Шундай бўлса, бу менинг камчилигим. Лекин жамиятимизда битта нобоп оила бўлса ҳам, биттагина жиноятчи ўсмир бўлса ҳам биз айблимиз. Чунки тарбия бобидаги бугунги битта бемор эртага иккита бўлади, индинга тўртта, сўнг ўн олтита…

Ҳаётда қора ранг ёнида албатта оқ ва бошқа гўзал ранглар мавжуд. Демоқчиманки, нобоп оилалар қанчалик кўп бўлмасин, яхши, ибратли, ҳаётининг мазмунини боласи тарбиясидан иборат деб белгилаган оилалар, боласи учун вақтинигина эмас, жонини беришга тайёр ота-оналар борки, улар ҳақига дуолар қилайлик. Уларнинг сафлари кўпайишини Аллоҳдан сўрайлик.

08.jpg“O‘zbekiston” nashriyot-matbaa ijodiy uyi tomonidan nashr etilgan mazkur kitob boshqa kitoblarga aslo o‘xshamaydi. U kechagi, bugungi kun va kelajak xususida turli mavzularni qamrab olgani bilan ahamiyatlidir. Kitobda ustoz va shogirdning turli qarashlari, fikr-mulohazalari keng joy olgan. Tabiiyki, bunda ustozning so‘zlariga ko‘proq o‘rin ajratilgan. Zotan, ulkan hayotiy tajribaga ega adib oldida shogirdning bisyor gapirishi odobdan ham emas.

Mavzular esa, asosan, hayot, adabiyot, ijod, ta’lim-tarbiya, yoshlar masalasi, kino, teatr, san’at, global muammolar, hatto futbol va hazil-mutoyibani ham qamrab olgan. Quyida ushbu kitobdan parcha e’lon qilinadi.

Anvar NAMOZOV
“TOHIR MALIK GURUNGLARI”
KITOBIDAN PARCHA
007

A.N.: – Bir amru ma’rifda voiz: “Bugun oilalarimizda nasihatgo‘ylik kamayib ketgan” dedi. Darhaqiqat, shunday. Oila a’zolari, odatda, qaysi paytda jamuljam bo‘ladi? Asosan, dasturxon boshida! Kechki ovqat tanovul qilinadi, dasturxonga fotiha o‘qiladi. Shundan so‘ng ota-ona televizor tomosha qiladi yoki o‘zaro suhbatlashadi, farzandlar esa kompyuter, telefon (aniqrog‘i, internet) bilan andarmon bo‘ladi. Agar kunduzi bola beadablik qilib qo‘ygan bo‘lsa, ona tomonidan otaga yetkaziladi. Ota bolani qattiqroq koyib qo‘yadi. Vassalom! Hozirgi aksar oilalarda tarbiya yo‘sini shu! Bola tarbiyani qayerdan olsin? Vaholanki, o‘tmishda ota yoki ona farzandlarini yoniga o‘tqazib, hadislar, hikoyatlar va rivoyatlardan o‘qib bergan. Qanday bo‘lish kerakligini uqtirgan. Ayniqsa, axloq-odob bobida chuqur saboq berilgan.

13558857_297939577213094_4671914146615419453_o.jpgT.M.: – Anvarjon, bu savolingiz bilan dardli yuragimni aniq mo‘ljalga olib, yaraladingiz. Sizni qiynayotgan dard meni va ikkovimiz kabi ko‘p ziyoli ahlini qiynayotganiga guvohman. Agar o‘tgan yillarga qaraydigan bo‘lsak, ustozlar ham shu dard bilan o‘tishgan. Shu sababli savolingizga ul azizlarning hikmatli so‘zlari yordamida javob qaytarishga urinib ko‘raman. Avvalo ustoz Abdulla Avloniydan:

“Axloq ulamosi insonlarning xulqlarini ikkiga bo‘lmishlar: agar nafs tarbiyat topib, yaxshi ishlarni qilurga odam qilsa, yaxshilikg‘a tavsif bo‘lub “yaxshi xulq”, agar tarbiyatsiz o‘sub, yomon ishlaydurgan bo‘lub ketsa, yomonlikg‘a tavsif bo‘lub “yomon xulq” deb atalur. Janobi Haq insonlarning asl xilqatda iste’dod va qobiliyatli, yaxshi ila yomonni, foyda ila zararni, oq ila qorani ayiradurgan qilub yaratmishdur. Lekin bu insondagi qobiliyatni kamolga yetkurmak tarbiya ila bo‘ladur. “Qush uyasinda ko‘rganin qiladur”. Inson javhari qobildur. Agar yaxshi tarbiya topib, buzuq xulqlardan saqlanib, go‘zal xulqlarga odatlanub katta bo‘lsa, har kim qoshida maqbul, baxtiyor bir inson bo‘lub chiqar. Agar tarbiyatsiz, axloqi buzulub o‘ssa, Allohdan qo‘rqmaydurgan, shariatga amal qilmaydurgan, nasihatni qulog‘iga olmaydurgan, har xil buzuq ishlarni qiladurgan, nodon, johil bir rasvoyi olam bo‘lub qolur”.

“Bolaning salomati va saodati uchun yaxshi tarbiya qilmak, tanini pok tutmak, yosh vaqtidan maslakini tuzatmak, yaxshi xulqlarni o‘rgatmak, yomon xulqlardan saqlab o‘sturmakdur. Tarbiya qiluvchilar tabib kabidurki, tabib xastaning badanidagi kasaliga davo qilgani kabi tarbiyani bolaning vujudidagi jahl maraziga “yaxshi xulq” degan davoni ichidan, “poklik” degan davoni ustidan berub, katta qilmak lozimdur. Zeroki, “Hassinu axloqikum” amri sharifi uzra xulqimizni tuzatmakg‘a amr o‘linganmiz. Lekin xulqimizning yaxshi bo‘lishining asosiy panjasi tarbiyadur. Axloqimiz binosining go‘zal va chiroyli bo‘lishiga tarbiyaning zo‘r ta’siri bordur. Ba’zilar “tarbiyaning axloqqa ta’siri yo‘q, insonlar asl yaratilishida qanday bo‘lsalar, shunday o‘sarlar, tabiat o‘zgarmas”, demishlar. Lekin bu so‘z to‘g‘ri emasdur

E, otalar! Jonlaringizdan suchuk farzandingiz,
G‘ayrat aylang o‘tmasun vaqt-zamoni tarbiyat.
Moyai zilli xumodur tarbiyatning soyasi,
Bizda anqo tuxumidek yo‘q oshiyoni tarbiyat”.

“Emdi ochuq ma’lum bo‘ldiki, tarbiyani tug‘ilgan kundan boshlamak, vujudimizni quvvatlandurmak, fikrimizni nurlandurmak, ahloqimizni go‘zallandurmak, zehnimizni ravshanlandurmak lozim ekan.

“Tarbiyani kimlar qilur? Qayda qilinur?” – degan savol keladur. Bu savolga: “birinchi – uy tarbiyasi, ona vazifasidur; ikkinchi – maktab va madrasa tarbiyasi, ota, muallim, mudarris va hukumat vazifasidur”, deb javob bersak, bir kishi deyurki: “qaysi onalarni aytursiz, bilimsiz, boshi paxmoq, qo‘li to‘qmoq onalarmi? O‘zlarida yo‘q tarbiyani qaydan olib berurlar?” – der. Mana bu so‘z kishining yuragini ezar, bag‘rini yondurur. Otasiga nima dersiz, desak, “qaysi ota? To‘ychi, uloqchi, bazmchi, do‘mbirachi, karnaychi, surnaychi, ilm qadrini bilmagan, ilm uchun bir pulni ko‘zlari qiymagan, zamondan xabarsiz otalarni aytursizmi? Avval o‘zlarini o‘qitmak, tarbiya qilmak lozimdur”, – der. Mana bu so‘zni eshitgach, umid qo‘llari qo‘ltuqg‘a urilur.

Xayr, bo‘lmasa, muallim-chi desak, “qaysi muallim? Maqsadi pul, maslagi shuhrat, yuqori maktablarda o‘qimagan, “usuli ta’lim” ko‘rmagan muallimlarni aytursizmi? Avval o‘zlari “dorilmuallimin”larda o‘qimaklari so‘ngra dars bermaklari lozimdur”, – der. Manu bu so‘z insonni hayrat daryosiga g‘arq qilur.

Mudarrislarga ne dersiz desak, “qaysi mudarris? Matlablari osh, maqsadlari chopon, darslari beimtihon, isloh yaqinidan yurmagan mudarrislarni aytursizmi? Bular o‘z vazifalarini bilub, nafslaridan kechub, zamong‘a muvofiq ravishda darslarini isloh qilub, imtihon birla o‘qutmaklari lozimdur”, – der. Mana bu so‘z har kimni “al-isloh” demakka majbur qilur…”
“Bugungi kunda jamiyatimizning yuzini qora qiluvchi pastkashlar, yomonlar, beboshlar, o‘g‘rilar, giyohvandlar va nashavandlar… kecha tarbiyalariga e’tibor berilmagan bolalardir”.

Samovorga chiqishub, yoshu qari chuldirashur,
Ertadan kechgacha choyni ichadur sho‘ldur-sho‘ldur.

O‘lturub maqtashadur otini, eshshaklarini,
Biri der: – Yo‘rg‘a, biri der: – seniki duldur-duldur.

Uyda och o‘lturadur xotuni – er to‘kma yeyar,
Kelturub bachcha bazmlarga ketar puldur-puldur.

O‘ynabon qarta-qimor, pullarini boy beribon,
Tom teshub, bo‘g‘cha o‘g‘urlab, odam o‘ldur-o‘ldur.

Bu satrlarning yozilganiga yuz yildan oshdi. Kun tartibidagi masalaning sirtida ozgina o‘zgarish bor, ammo mohiyat o‘zgarmagan. Yuz yil oldin ot bilan eshak maqtalgan bo‘lsa, hozir “Mersedes” bilan “Limuzin” maqtaladi. Ularning farzandlari esa boshlaridagi aql bilan emas, qo‘llaridagi telefonlari bilan kerilishadi.

Ustoz Munavvar qorining fikrlari ham zamondoshlariga hamohangdir:

“Tarbiyali bola ulug‘larni izzat va hurmat qilur. O‘zi barobarig‘a yaxshi muomala qilur. Va o‘zidan kichiklarg‘a shafqat va marhamat qilur. Har kimning qadrini bilur. O‘zidan rozi qilmoqg‘a harakat qilur. Qo‘lidan kelganicha boshqa insonlarg‘a yordam berur. Insonlikg‘a yarashg‘an ishlardan o‘zini tortmas. Yarashmag‘an ishlarning (qancha foydalik bo‘lsa ham) yaqiniga bormas. O‘zi bilmaydurg‘on so‘zlarg‘a va qo‘lidan kelmaydurg‘on ishlarg‘a aslo aralashmas. Doimo yaxshini yaxshi, yomonni yomon der. Har so‘zni vaqtig‘a va joyig‘a qarab so‘zlar. Har ishda bir foydani ko‘zlar. O‘zlarig‘a yoki boshqa insonlarg‘a foydasi tegmaydurg‘on ishlarg‘a qadam qo‘ymas. Hech kimning ishig‘a, kuchig‘a zarar yetkurmas. Tarbiyasiz, yomon bolalarg‘a qo‘shilmas. Ota va onasining, muallim va xalfalarning so‘zlaridan chiqmas. Har ishda insofni qo‘ldan bermas. Birovdan bir yaxshilik ko‘rsa, esidan chiqarmas. Qo‘lidan kelmagan ishni ustig‘a olmas. Ustig‘a olgan xizmatini qilmay qoldirmas. “Millat” degan so‘zni jonidan ortiq suyar”.

“Odobli bo‘lurman degan kishi har narsaga izzat ko‘zi ila boqub, izzat olur. Qaysi ish ko‘ziga yaxshi ko‘runsa, ul ishni qilmoqg‘a harakat qilur. Va qay ish ko‘ziga yomon ko‘rinsa, ul ishdan o‘zini tortur. Bunday qilgan kishi, albatta, odobli bo‘lur”.

“Ko‘raylik-chi, biz, musulmonlar, xususan, turkistonliklar, o‘z farzandlarimizga tarbiya beryapmizmi yoki yo‘qmi? – ustoz Abdurauf Fitrat shu savolni kun tartibiga qo‘yib, bu javobni berganlar: – Savolning oxiridagi so‘z bunga javob bo‘la oladi, ya’ni “yo‘q!” Men buni shunday isbot qilaman: biz, turkistonliklar bolalarimizdan ko‘ra mollarimizga yaxshiroq qaraymiz. Eshak va qo‘ylarimizni farzandlarimizdan ham ko‘proq yaxshi ko‘ramiz, deb aytmayapman. Yo‘q-yo‘q, bolalarimiz jonimizdan ham aziz. Ular nazarimizda hammadan suyukli va ardoqli. Lekin baxtimizga qarshi shuni e’tirof qilish lozimki, shuncha muhabbat va mehrga qaramasdan, eshak va qo‘ylarimizdan kamroq tarbiyalaymiz! Mening bu so‘zlarimdan hayron bo‘lmang, sabr qiling, da’vomni isbotlayman. Falon narsani tarbiyalash, ya’ni uni asta-sekin kamolga yetishtirishdir. Nazarimizda qo‘yning kamoli uning semizligi va sog‘lomligidadir. Eshakning kamoli uning kuchi, oyoqlarining baquvvatligi va yaxshi yurishidadir. Faraz qiling, qo‘zi yoki xo‘tik sotib olib uyga keltirasiz. Diqqat bilan ularga qarab, bir muddatdan keyin qo‘yni semirtirib, eshakni baquvvat va yo‘rg‘a qilasiz, ya’ni ularni tarbiyalab, kamolga yetishtirasiz. Ammo aziz farzandlaringizga shunday diqqat bilan tarbiya bermaysiz. Bahona qilasizki, bolangiz ham kamolga yetishgan. E’tiroz bildirishingiz mumkinki, biz mollarimizni boqishga qancha urinsak, farzandimiz tarbiyasiga ulardan yuz barobar ko‘proq harakat qilamiz, deb.

Bu da’voingiz ma’lum bo‘lsa-da, ammo to‘g‘ri emas. Dalil shulkim, kimning uyida moli bo‘lsa, tekshirsa ko‘radiki, yil davomida uning mollaridan bittasi ham kasal bo‘lmagan, ammo farzandi hech bo‘lmasa, uch marta xastalikka chalingan. Bas, ma’lum bo‘ladiki, u kishi molining kasal bo‘lmasligiga ko‘proq e’tibor berar ekan. So‘zingiz to‘g‘ri bo‘lsa ham mening da’voyimga hech zarari yo‘q, chunki bolaning sog‘lig‘iga e’tibor berish ham farzand tarbiyasi bilan shug‘ullanishni bildirmaydi. Haqiqatdan agar odam qo‘y va eshakka o‘xshab kamol topishi, sog‘liq, bilaklarining kuchliligi bilan chegaralanib qolganida edi, biz ham farzand sog‘lig‘i uchun bo‘lgan harakatni, farzand tarbiyasi deb atardik. Tanu to‘shli va sog‘lom bolani kamolga yetishgan deb qabul qilardik.

Odamning kamoli faqat sog‘liq va kuchdan iborat bo‘lmay, balki jismonan, aqlan va axloqan yuksalishdan iborat. Odamning jismi, aqli va axloqi turli kasallik va nuqsonlardan uzoq bo‘lishi lozim. Odam ham o‘z manfaatini o‘ylab, ham yaqinlarini baxtiyor qilishga qodir bo‘lib o‘sishi lozim. Zotan, bu mantiqiy olishuvlarga nima hojat bor?”

“Bolalar axloqiy tarbiyani muhitdan oladilar, boshqacha qilib aytganda, bolalar suvga o‘xshaydilar, suv idishning shaklini olganidek, bolalar ham muhitning odob-axloqini qabul qiladilar”.

“Tarbiya uch qismdan iborat: badan tarbiyasi, aqliy tarbiya va axloq tarbiyasi”.

Ana endi biz ham farzandlarini tarbiya qilayotgan ota-onalarga savol beraylik: qaysi tarbiyaga ko‘proq e’tibor beryapsiz? O‘g‘il-qizingiz tongotarda turib, badantarbiya bilan shug‘ullanadimi? O‘g‘il-qizingiz maktabda uyga berilgan vazifalarni vaqtida bajarish barobarinda ma’naviy olamini boyitadigan kitoblarni ham o‘qiydimi? Salom berishni, odamlarni qadrlashni o‘rganadimi?

Endi bu savolni sal o‘zgacharoq tarzda beraylik: o‘zingiz badantarbiya bilan shug‘ullanasizmi? Farzandingizni ertalab uyg‘otib, badantarbiyaga da’vat qilasizmi? O‘zingiz kitob o‘qiysizmi? O‘qisangiz “barakalla!” – deymiz-da, yana bir savol beramiz: o‘qigan kitoblardan olgan ma’nolaringizni farzandlaringiz bilan baham ko‘rasizmi? O‘zingiz qo‘shnilaringiz, hamkasblaringizni hurmat qilasizmi? Silai rahm talablarini bajarasizmi? Eringizga itoatlimisiz, ko‘p gap qaytarmaysizmi? Xotiningizni behayo so‘zlar bilan so‘kmaysizmi, urmaysizmi? Ota-onangiz bilan boshqa-boshqa uyda yashasangiz, ul azizlarni haftada necha bor yo‘qlaysiz? Qabristonda yotgan yaqinlaringizni oyda necha bor ziyorat qilasiz, ziyoratga farzandlaringizni olib borasizmi?..

Agar shu kabi savollar bilan ota-onalarga chindan ham murojaat qilsagu ular chin yurakdan rost javob bersalar, 60-70 foiz salbiy javob olishimizga imonim komil.

Bir-birimizni duo qilsak, albatta “farzandlaringizning rohatini ko‘ring”, degan niyatni ham aytamiz. Har bir ota va ona bolasi tug‘ilgan daqiqasidan boshlab, uning ulg‘ayishini, kamol topishini umid qiladi. Bolaning kamolga yetishi, uning rohatini ko‘rish faqat duo bilan bo‘lmaydi. Kelajakda rohat ko‘rmoq uchun bugun tarbiya zahmatini chekish kerak. Ha, “zahmat” deb bekorga aytmadim. Tarbiya oson ish emas. Uning har kunlik mashaqqati bor. Bolaga har on, har soat daf qiluvchi yomon xulq o‘qlariga ota-ona ko‘kraklarini qalqon qilishlari kerak. Bunga chidagan ota va ona ertaga uning kamolini ko‘radi.

Bolalar qamoqxonasida hozir voyaga yetmagan mingta mahkum o‘tiribdi, deb taxmin qilsak, uning bu joyga tushishiga faqat o‘zining gunohi sababchi emas. Uning gunohida mingta ota, mingta ona (agar hayot bo‘lishsa, mingta bobo va mingta buvi), mingta amma va mingta xola, mingta amaki va mingta tog‘aning, “bitta bolaga yetti qo‘shni ota-ona” degan maqolga ko‘ra, mingta qo‘shnining ulushi bor. Agar amma-xolalar, tog‘a-amakilar uch-to‘rttadan bo‘lsa, bu raqam yanada oshadi. Demak, mingta bolaning qamoqda azoblanib yotishiga kamida o‘n ming odamning aybi bor.

Agar bola yomonlik qilib qo‘ysa, aybdorlar qidiriladi. Eng avvalo oila maktabni, maktab esa oilani ayblaydi. Qo‘shnilar, tog‘a-amakilar, xola-ammalar hech ayblanmaydi. Shu bois, ikki tomonning o‘zaro ayblovini ko‘raylik: maktabning vazifasi eng avvalo bilim berish. Bilim berish barobarinda tarbiya ham beriladi. Tunu kun 24 soatdan iborat. Shundan 8 soatni uyquga ajratsak, bola maktabda 5-6 soat bo‘ladi. Demak, uyda 10 soat bo‘ladi. Bola maktabda 5-6 soat davomida kimyo, fizika, tarixni… o‘rganadi. Uyida 10 soat davomida nimani o‘rganadi? Tarbiyaning asosiy yuki ota zimmasida. Demak, ota ishdan keyin yoki dam olish kunlarida necha soat vaqtini bolalariga ajratadi? Tasavvurimizda bir osma tarozi yasaylik-da, bir pallasiga bolasi uchun ajratgan vaqtni, ikkinchisiga ulfatchilik, oshxo‘rlik, to‘y bazmlari…ni qo‘yaylik. Ba’zi otalarning 4-5 ulfatlari bor. Demak, haftada 4-5 kun uyga kelganida bolalari uxlab yotgan bo‘ladi. Bu ham yetmaganday hozir ayollarimiz orasida ham “gap” atalmish ziyofatlar urf bo‘lyapti. Shu ota-onalar farzandlarining kelajakdagi baxtini qanday tasavvur qilar ekanlar? Bolasi qamoqqa tushganida (Alloh asrasin!) choyxonada sovurgan vaqtini eslab afsuslanarmikan? Ishdan barvaqt kelsa-da, yonboshlab televizor ko‘ruvchi ota yoki ona bilan uyga kech kelganlarning aybi bir xildir. Bolalarga vaqt ajratish degani – ular bilan suhbatlashish, birga kitob o‘qish, birga dars tayyorlash, donishmandlarning hikmatlarini aytib berish… kiradi. Har bir ota va ona farzandini sevishini, lozim bo‘lsa farzandi uchun jonini fido qilishini aytadi. Bu balandparvozlik emas, men ularning gaplariga ishonaman. Bobur mirzo jonlarini Humoyun mirzoga sadaqa qilganlari kabi, bugungi ota-onalar orasida bemor farzandiga ko‘zi, buyragi yoki jigarini berayotganlar bor. Shularni misol qilganim holda farzandining tarbiyasiga loqayd ota va onalarga deymanki, bolangizga joningizni berishga tayyor ekaningiz tahsinga loyiq jasorat, lekin siz bugun jasorat ko‘rsating: bolangizga joningizni emas, ozgina-ozgina vaqtingizni bering.

Siz aytgan oila gurungiga ota va ona har kuni ko‘p emas, yarim soat vaqt ajratishsa ham olam guliston bo‘lar edi. Agar bugun yolg‘on gapirishning zarari haqidagi bir rivoyatni birgalikda o‘qib, muhokama qilishsa, ertaga g‘iybatning gunohi, keyin chaqimchilik balosi haqida, so‘ng halol bilan haromning farqi haqida suhbatlashishsa va bu xayrli odat yil bo‘yi davom etsa, bola kamida 350-400 hikmat bilan tanishgan bo‘ladi. Shuning yarmi esida qolsa ham, yuztasiga amal qila boshlasa ham uning kelajagidan tashvishlanmasa bo‘ladi.

Savolingizdagi bir nozik nuqtaga e’tibor qaratmay o‘tib keta olmayman. Ayrim oilalarda (ehtimol, barcha oilalarda) bola emas, ona ko‘proq chaqimchilik qiladi. Bola gapiga kirmasa, injiqlik yoki qaysarlik qilsa, “hali qarab tur, adang kelganlarida aytib beraman”, deydi va va’dasini bajaradi ham. Bola endi otasining ishdan kelishini sog‘inib emas, qo‘rqib kuta boshlaydi. Oqshomdagi bo‘lajak jazodan qutulib qolish chorasini izlaydi, yolg‘on bahonalar to‘qiydi. Ona shu chaqimchiligi bilan ota-bola orasidagi mehr zanjirini uzib qo‘yganini bilarmikan?

Oila va bola tarbiyasi haqida so‘z ketsa, men ko‘proq tanqidiy ohangda gapiraman. Balki pashshadan fil yasarman? Shunday bo‘lsa, bu mening kamchiligim. Lekin jamiyatimizda bitta nobop oila bo‘lsa ham, bittagina jinoyatchi o‘smir bo‘lsa ham biz ayblimiz. Chunki tarbiya bobidagi bugungi bitta bemor ertaga ikkita bo‘ladi, indinga to‘rtta, so‘ng o‘n oltita…

Hayotda qora rang yonida albatta oq va boshqa go‘zal ranglar mavjud. Demoqchimanki, nobop oilalar qanchalik ko‘p bo‘lmasin, yaxshi, ibratli, hayotining mazmunini bolasi tarbiyasidan iborat deb belgilagan oilalar, bolasi uchun vaqtinigina emas, jonini berishga tayyor ota-onalar borki, ular haqiga duolar qilaylik. Ularning saflari ko‘payishini Allohdan so‘raylik.

007

(Tashriflar: umumiy 914, bugungi 1)

Izoh qoldiring