Umid Bekmuhammad. Beklar sulolasining shoiri

021
Бу исмни Хоразмда “Кадхудолар эли”, “хонга қиз бермаган беклар эли” дея довруқ қозонган Гурланда ҳамма яхши билади. Шунингдек , уни беклар сулоласидан чиққан шоир ҳам дейишади.Ана шундай таърифланадиган шоир Турсунбой Каримовдир. Турсунбой Каримовнинг бобосини барча хоразмликлар сингари гурланликлар ҳам ўз талаффузларига мослаб Худирганбек деб аташади. ХХ асрнинг бошларида яшаб ўтган Худирганбек Матниёзбек ўғли ҳақида афсуски тарихий маълумотлар кам.

07
УМИД БЕКМУҲАММАД
БЕКЛАР СУЛОЛАСИНИНГ ШОИРИ
01

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 та китоби «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

01

Бу исмни Хоразмда “Кадхудолар эли”, “хонга қиз бермаган беклар эли” дея довруқ қозонган Гурланда ҳамма яхши билади. Шунингдек , уни беклар сулоласидан чиққан шоир ҳам дейишади.Ана шундай таърифланадиган шоир Турсунбой Каримовдир. Турсунбой Каримовнинг бобосини барча хоразмликлар сингари гурланликлар ҳам ўз талаффузларига мослаб Худирганбек деб аташади. ХХ асрнинг бошларида яшаб ўтган Худирганбек Матниёзбек ўғли ҳақида афсуски тарихий маълумотлар кам. Унинг ҳаёти ва фаолияти ўрганилмаган. Ваҳоланки, ўз даврида гурланликлар унга атаб қўшиқ яратганлар.

Хива жийдасини йирик дейдилар,
Хивада бегимиз тирик дейдилар.
Тирик бўлса келмасмийди элина,
Уни ҳам ўликнинг бири дейдилар.

Ҳа, халқ Худайберганбекнинг ўлганига ишонмаган, уни бир кун ўз элига қайтиб келади, деб ўйлашган. Негаки, 1916 йил январь, феврал ойларидаги Чор Россияси ва унинг қўғирчоқ хони Асфандиёрга қарши қўзғолонга айнан Худайберганбек раҳбарлик қилган.

У фақат қўзғолон раҳбари сифатида эмас, балки адабиёту-санъат ҳомийси, халқпарвар бек сифатида ҳам машҳурдир. Шуни айтиш керакки, Худайберганбекни баъзилар 1916 йилгача Гурлан ҳокими бўлган дейишади. Ваҳоланки, Лаффасийнинг «Тазкираи Шуаро» асарида ёзилишича «Пур Комил Ферузнинг ҳаётидан кейин Асфандиёрхон замонида Гурланга иккинчи марта ҳоким бўлиб турадур». Унинг ҳокимлиги 1916 йил 10 январгача давом этган. Шу йили у Хивани қамал қилган қўзғолончилар ўлдирган Мирзабоши ўрнига девонга Мирзабоши қилиб тайинланади. Демакки, Худайберганбек Гурлан Ҳокими эмас, балки бой-бадавлат беклардан бири бўлган. Бироқ кўпчилик уни Гурлан беги бўлган деб ўйлашади. Шуни эътиборга олиш керакки, гарчи Гурлан Хива хонлигининг маъмурий бир ҳокимлиги саналсада, фақат ҳокимлик Гурландангина иборат бўлмаган. Унга ҳозирги Янгибозор туманининг кўпчилик қисми ( ҳозирги Янгибозор тумани ва Урганч туманининг айрим жойлари Қиёт-Қўнғирот ноиблиги дея аталиб, уни хоннинг ноиби бошқарган), ҳозирги Гурлан туманининг бутун ҳудуди, Манғитнинг ҳам айрим жойлари қараган. Гурлан эса ҳокимликнинг маркази бўлган. Барча ҳудудни ҳоким бошқарган. Шунингдек, қишлоқ ва овулларнинг ҳам ўз беклари бўлган. Худайберганбек эса Гурланнинг ҳозирги Кўнақалъадан то Хизирэлигача бўлган ҳокимликнинг марказида бек бўлган. Унинг аждодлари ҳам шу жойларда бек бўлишган. Шунинг учун ҳам Кўнақалъадан оқиб ўтувчи Хизрэлиёп бўйидаги жойлар ҳануз Бековул деб аталади.

Бой-бадавлат Худирганбек маърифатпарвар инсон бўлган. Ҳар йили — Тошкентга бориб келар, ўша давр учун янгилик бўлган граммафон ҳам айнан Худирганбекда бўлган. Ҳатто, машҳур ҳофиз Мулла Тўйчининг грампластинкасини бекнинг ўзи Тошкентга борганида ҳофиздан совға сифатида Гурланга олиб келган. Шунинг учун ҳам асли Хивалик бўлган Шерозий ўша ерлик баъзи бойларнинг таъқибидан қочиб Гурланга, айнан Худирганбекдан паноҳ сўраб келган. Бекнинг Собирбек исмли ўғлининг суннат тўйида ҳам қатнашган.

Собирбек Худайберганбек ўғли 1901 йилда туғилган. Отаси маърифатпарвар бек бўлгани боис, уларнинг хонадонларига тез-тез шоир, ҳофиз, созандалар ташриф буюришарди. Шуларга бўлган ҳавасми ёки 1908 йилдан кейин уйларида отаси билан Шерозийнинг созу суҳбатларими, ҳар ҳолда Собирбекда дутор чертишга иштиёқ уйғонади.

Бу пайтда бутун хонлик бўйлаб Толиб махсум, Матёқуб Харрот, Матҳўсин ва Юсуф, Матҳасан, Мутриб, Матрасул Мирза, Собир маҳрам каби гўянда, Абдураҳмон бола, Отажон Харосман, Ота нафас Турум Эрончи, Абдукарим бола, Рўзматпоқолоқ, Аваз саллоҳ, Роман, Сафо банги, Бўронбой, Макайли, Исмоил итқопқон, Матлатифчўгирмадўз, Поччойи махсум каби дуторчилар машҳур бўлиб улар тез-тез ўша даврдаги қурли тўйларга бориб туришарди.

Гурланда ҳам Римболомончи, Пирашболомончи, Холмурот, Худирганмош доиракаш, Матразкал доиракаш, Султон сурнайчи, Амат сурнайчи, Аваз масхарабоз сингари санъаткорлар бўлиб, улар довруғи ҳам хонликда кенг тарқалганди.

Улар элнинг яхши кунларидаги тўйу-тантаналар, базму жамшидларда ўз сози, овози билан иштирок қилиб, халқ меҳрини қозонганлар.

Қолаверса, дарё бўйидаги Эшимжирон қишлоғининг Алибобо майдонида гурланликлар тўйу тантаналари, халқ сайилларини ўтказишарди. Отасига эргашиб тўйларда юрган Собирбек созанда-ю хонандаларнинг куй-у қўшиқларини диққат билан тингларди. Бора-бора ўзи ҳам дутор чертиб қўшиқ айтадиган бўлди.

Худирганбек 1916 йилга келиб мустамлакачиликнинг авжига чиқиши ва Асфандиёрнинг кайфу-сафо, шаҳвоний ҳирсга берилиши натижасида юзага келган исён учқунларини вақтида пайқади. Хон харамига қиз йиғишга чиққан Ўғил ва Хотира маҳрамлар барча бекларда бўлишиб чиройли қизларни хон олдига олиб бориш учун Гурланга келганларида халқ исёнга ҳозирланди. Маҳрамларнинг мўғирдак аравасига ўт қўйилди, маҳрамларнинг ўзлари эса қувиб юборилади. Бундай ҳол Манғит, Хўжайлида ҳам бўлиб ўтган. Натижада халқдаги исёнкорлик кайфияти уйғонганини сезган Худирганбек ўз маслакдошлари билан маслаҳатлашиб айнан Гурланда 1916 йилнинг январь ойида қўзғолонни бошлаб юборади. Манғит, Хўжайли, Қипчоқда ҳам келишилганидек бир вақтда халқ ҳаракатга келади. Гурланликларга бош бўлган Худирганбек хонлик маркази Хива сари отланади. Қиёт, Шовот, Тошҳовуз, Қўшкўпирни ҳам қамраб олган қўзғолончилар шу тарзда Хивагача келиб пойтахт қамал қилинади. Қўзғолончиларга хонликдаги Россия қўшинлари гарнизони ҳам, хон навкарлари ҳам бас келолмагач, Асфандиёр генерал С. А. Галкин қўшини Тошкентдан ёрдамга келгунча қўзғолончилар билан музокора олиб боради. Музокарага борган ўн бир қўзғолончи орасида Худайберганбек Матниёзбек ўғли ҳам бор эди.

Бироқ музокара тугамай туриб С. А. Галкин қўшинининг етиб келиши натижасида Полёзхожи Юсупов хотираларига кўра «у Гурланга келиб (яъни, Галкин) Худайберганбек, Қилич иноқ, Оташ миробларни ҳам осиб ўлдирдилар».

Улар қўзғолон раҳбарлари сифатида дорга осиб ўлдирилади. 5000 кишилик қуролланган жазо отряди эса хонликдаги қўзғолон бўлиб ўтган жойларда аҳолидан товон пули — контрибуция ундириб олади. Шу тариқа 1916 йилдаги халқ ҳаракати қўзғолончилар мағлубияти билан тугайди. Бироқ халқ уларни унутмади.

Отаси ўлимидан сўнг Собирбек маҳзун кайфиятда фақат панд-насиҳат, диний мазмундаги қўшиқлар куйлай бошладиҳ қўшиқлари билан эл ишончини оқлайди.Шоир Турсунбой Каримов ёзганидек:

Салқин ҳовуз ором олган,
Тол, гужумлар қулоқ солган,
Овул, эллар қойил қолган,
Собирбек дутор чертганда.

Юракларда ғазаб сўнган,
Дарду ғамни тиғдай йўнган,
Қўша булбул келиб қўнган,
Собирбек дутор чертганда.

Худойберганбек бек боласи,
Юрагида кўп ноласи,
Кўринган элнинг оласи,
Собирбек дутор чертганда.

Оллоҳ ўзи солган разм,
Хону беклар қилган базм,
Адолатга этган жазм,
Собирбек дутор чертганда…

1920 йилда хонлик тугатилиб, Хоразмда олдинига ёш Хиваликлар кейин эса шўролар ҳокимияти ўрнатилади. Ушбу йилларда Собирбек халқ ўртасида машҳур ҳофиз сифатида танилди. Халқнинг онги-ю, руҳияти диний тарбия билан юксалганидан Собирбек диний қўшиқлар, хусусан «Кийик» достонини завқли оҳангда куйларди. Бироқ, бу вақтларда динга қарши кураш бораётгани, Худайберганбекнинг ўғли бўлгани учун шўро ҳукумати 1930 йилларда Собирбекни бир неча бор қамаб қўйди. Ҳар гал «Кийик» достонини куйламасликни шарт қилиб қамоқдан озод қилишарди. Бироқ халқ «Кийик»ниям ҳурмат қилар, Собирбек бўлса доимо шу достонни куйлагани куйлаган эди. Шу сабаб уни яна 1937 йилда қамоққа олишади. Унинг шундан сўнги ҳаёти номаълум. Баъзилар унинг қамоқхона соқчисининг унга бўлган ҳурмати ва отасига бўлган садоқати боис қочиб Туркманистонда анча йиллар яшаган деб ҳисоблайдилар. Бироқ бир нарса ойдин: Хоразмда ўз даврининг энг машҳур ҳофизларидан, созанда Собирбекнинг созини шўро мустамлакачилиги синдиргани аниқ.

Шоир Турсунбой Каримов ана шу исёнкор беклар сулоласига мансуб Худирганбекнинг иниси-Ўрозматбекнинг неварасидир.1941 йилда туғилган Турсунбой ака ота-онасидан бек боболарининг жасоратини эшитиб, шулар руҳиятида камол топиб улғайди. Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига кириб ўқиди.Бир неча йиллар Гурлан тумани мактабларида ўқитувчи, илмий бўлим мудири бўлиб ишлади.Кейин ишчан,тиришқоқлиги боис уни туман партия қўмитасига ишга олишди.Бу ердаям сидқидилдан ишлади, шу билан бирга шеърлар битди. Тошкент Олий партия мактабидаям таҳсил олди. Яна туман партия қўмитасида бўлим мудири, туман ижроқўмида раис муовини, “Пахтакорлар овози” туман газетасида муҳаррир, туман кинолаштириш идорасида директор бўлиб ишлади.Истиқлолдан сўнг туман ҳокимлигида бўлим мудири, маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари сифатида фаолият юритди.

Бундай қарасангиз Турсунбой Каримовнинг меҳнат фаолияти турли раҳбарлик вазифаларда ўтгандек. Аммо у киши табиатан ижодкор, ўз даври руҳиятида шу давр мафкурасига эътиқод қилганидан ҳақиқий маънода ҳалол , шўро даври одамлари ибораси билан айтганда “коммунистчасига” ишлади.Агарки, у билан бир даврда ишлаган айрим раҳбарлар фаолиятига назар солсангиз, қўша-қўша иморату кўчмас мулклар , машиналар соҳибига айланганини кўрасиз.Аммо Турсунбой ака маошга яшагани, тирикчилик ташвишида мол боқиб, айрим кичик савдолар билан шуғуллангани айтмасангиз, мутлақо давлат мулкига кўз тикмаган.

Хусусийлаштириш авж олиб, кимдир дўконни, кимдир яна бир иншоатни мулк қилиб олган, фермерлик ҳаракатига ҳамма ўзини уриб, ер эгаси бўлишга ҳаракат қилган пайтлардаям Турсунбой ака булардан ўзини тийди.Бўлмаса ўғиллари, неваралари ишга яраганди. Бироқ у қаноатли бўлганидан ҳатто фарзандлари бебош, ерга қайрилиб қарамайдиган айрим раҳбар оталардек ўзини мулкга, ерга урмади.Тўғриси, баъзи одамлар бор, коллективлаштириш йиллари тортиб олиниб, колхозга қўшилган бобосию аммасининг ўн таноб ерига фермер сифатида эга бўлиш учун бормаган идорасию, ёзмагани қолмаган. Ҳаттоки, “ бобом колхоз тузилганида туясию оти, молини колхоз фермасига қўшган экан.Мана колхоз тугаб, фермалар хусусийлашиб кетди.Бобомнинг чорваси ўтган 70 йилда қанчага кўпайди. Энди улардан қанчаси бизга тегиши керак? “ дея гапириб юрган одамларни кўрганман. Турсунбой ака ер талашса бек боболарининг неча минг таноб ерлари , қанчалаб чорваси бор эди.Аммо ундай қилмади.

Боболаридан қолган Бековулдаги эски уйи ўрнида иккита ҳовли қурди.Бунинг учун мол боқиб сотди,невараларига музқаймоғу кола, фанталаргача сотдирди.Ўқитувчи , машина, мотоцикл устаси бўлган ўғиллари, булочка , печенье пиширган келинлари топган пулига ўзинингу кампирининг нафақа пулини қўшди, хуллас, эл қатори фарзандларини уйли жойли қилди.Невараларини контрактда бўлсада ўқитди.

Бу орада қайсидир дўстининг, чин дилдан қўллаган раҳбарларнинг ҳомийлиги туфайли 20 та шеърий тўпламлари, достонларини чоп этдирди.

Турсунбой ота бугун нафақат исёнкор бек боболари, балки институтда Яҳё Ғуломовдан таҳсил олгани, Пирмат Шермуҳаммедов билан бирга ўқигани, Комил Аваз билан бирга ҳарбийда бўлгани, шеърларига талабалик чоғида Ўткир Рашид оқ йўл тилаганидан ғурурланиб сўзлайди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Халқ шоири, асли Гурланнинг Боғиолон қишлоғидан бўлган Омон Матжоннинг илк шеърларига туман матбуоти орқали ўзи ҳам оқ йўл тилаганидан қувониб, фахрланиб юради.

“Пахтакорлар овози” газетасининг 1966 йил 1 майдаги сони. “Оқ йўл, Омон” сарлавҳали сўзбоши ва Боғиолонлик ёш шоирнинг сурати, бир нечта шеърлари чоп этилган. “ Мен Омоннинг кўпчилик шеърлари билан танишиб чиқдим. Бу ёш шоирнинг асарларидан кутганимдан ортиқроқ баҳра олдим. Омонда нарса-ҳодисаларни шоирона дид билан кузата билиш ва уларнинг поэтик томонини кўра олиш заковати бор. Ёш қаламкашда ҳис-ҳаяжон, оригинал поэтик фикрга, бадийликка интилиш кучли. Авторнинг бу хусусиятлари китобхонда унга нисбатан ишонч ва эзгу умид куртакларини уйғотади.

Омон ҳали ажойиб фазилатларга бой, сермашаққат поэзия йўлининг бошланғич нуқтасида турибди. У жуда кўп ижодий синовлардан ўтиши, мутоалаа қилиши, тобланиши керак. Ҳали ёш авторда бадиий саёз, мантқан мужмал, баъзида қайтариқ, шаблон мисралар учрайдики, ёш ижодкор учун бундай жузъий нуқсонлар табиий ва узрлидир. Омоннинг ижодидаги асосий томон-муваффақиятлар билан уни табриклаймиз.

Ижод йўлида оқ йўл сенга, Омон!”, дея эзгу тилакларини билдириб ўтганди Турсунбой Каримов. Мана орадан вақт ўтиб Боғиолонлик Омон Матжон Турсунбой аканинг ишончини оқлаб, ҳақиқий маънодаги халқ шоири даражасига етди.

Ҳа, Турсунбой аканинг ўзи ўша 1960 йиллардаёқ шаклланган шоир эди.Шу боисдан бугун архивда ўтирганча туман газетаси саҳифаларини варақласангиз, бошқа яна кўплаб шоирларга оқ йўл тилагани, ўзининг ҳам кўплаб ашъорлари чоп этилганига амин бўламиз.

Маълумки, 1930 йиллардан бошлаб ҳар бир туманда газета чоп этиш йўлга қўйилган.Ушбу газеталар кўплаб ёш исътедодлар учун парвоз майдони ролини ўйнаган.Турсунбой аканинг ҳам ўзи ёшлик пайтларида туман газетасида ижод намуналарини ёритиб борган бўлса, 1983 йилда “Пахтакорлар овози” туман газетасига муҳаррирлик қилган.Бироқ, бироқ атиги бир йилгина.Бунга сабаб “Муштум” журналида Турсунбой Каримовнинг “Кўзойнак таққан чўчқа” деган масали чоп этилади.Бу масал туманнинг биринчи котиби ҳақида эди.Тумандаги бошқарув тизимини чигаллаштирган, ҳар бир идора раҳбари, ҳаттоки колхоз бригадири ортидан ҳам кузатувни йўлга қўйган саркотибга табиийки бу масални етказадиганлар ҳам топилади.Ниҳоят бир масал боис Турсунбой ака ишдан бўшатилади. Ҳақиқатни айтиш, бу борада адабий жанрлардан фойдаланиш Турсунбой аканинг ижодида кўп учрайдиган жиҳат.

Умуман олганда мағрурлик Турсунбой акага бек боболаридан ўтган десаям бўлади.Шу боис уни кўпчилик ёқтирмай , ҳатто ёши кичик бўлсада айрим мансабга минган маҳалладошлари салом бермай қўйган пайтлари бўлган.Ҳар гал яқин келганда, учрашганда ўзини кўрмаганга, телефонда гаплашганга солиб ўтишлардан сўнг Турсунбой ака ўзидан ёши кичик мансабдорга дакки бериб қўйишни лозим топади.Чунки, ёши каттаникини , шунча йил раҳбар бўлган Турсунбой аканики менсимай бораётган экан, оддий фақирларни айтмаса бўлади.Шу боис шоир унга қарата:
-Фалонкас, билсанг сенинг мансабингдан меним ёши катта,-деганди.

Шу-шу ўша инсон ўзидан каттага салом берадиган, кичикнинг саломига алик оладиган бўлди.

Агарки, Турсунбой аканинг ижодига разм солсак, шоир табиатидаги адолатпарварлик, ҳақиқатни ўзига, юзига айтиш у кишининг шеърларида акс этганига ҳам гувоҳ бўламиз. Шу боисдан ҳам шоир шеърларида жудаям кўп инсон феълидаги, жамиятдаги салбий ҳолатлар ҳажв, сатира тиғига олинганига амин бўламиз.

Энди эса шоир шахсини кўп таърифу тавсиф қилавермай, 74 ёшли Гурланлик беклар сулоласининг шоири ижодидан айрим намуналарга эътибор қаратсак:

ТУРСУНБОЙ КАРИМОВ ШЕЪРЛАРИ
01

ЮРГИН ФАҚАТ МЕНИНГ ОРТИМДАН
( Бир бошлиқнинг муовинига айтганлари)

Талантинг оламни ҳайрон этса ҳам,
Кучинг билакларга сиғмай кетса ҳам,
Ақлинг минг йилларга бориб етса ҳам,
Жиловинг қўлимда маҳкам тортилган,
Олға юргин, фақат менинг ортимдан!

Осон иш менгаю, қийини сенга,
Бош ўрин менгаю, қийини сенга,
Қоғоз пул менгаю , тийини сенга,
Жиловинг қўлимда маҳкам тортилган,
Олға юргин, фақат менинг ортимдан!

Ёшларга тилим дер: ўқи, ўрган, ўс,
Кўнглим дер:-олдинга ўтказма, йўл тўс!
Ҳеч кимга айтилмас бундай очиқ сўз,
Жиловинг қўлимда маҳкам тортилган,
Олға юргин, фақат менинг ортимдан!

Менинг айбим деб юр, хато, ёмонни!
Бошлиқнинг иши де, яхши томонни,
Донини мен ейман, сен е сомонни,
Жиловинг қўлимда маҳкам тортилган,
Олға юргин , фақат менинг ортимдан!

Раҳмат олиш менга, сўкиши сенга,
Доклад ёзиш сенга, ўқиши менга,
Донни йиғиш сенга, тўкиши менга,
Жиловинг қўлимда маҳкам тортилган,
Олға юргин, фақат менинг ортимдан!

Ўзингни ер деб юр, мени де осмон,
Шунда тез ўсасан, мой бўлар қозон,
Йўқ десанг, томиринг қирқилар осон,
Жиловинг қўлимда маҳкам тортилган,
Олға юргин, фақат менинг ортимдан!

ЁҒЛИ МАНСАБ БЕРИНГ БОЛАМГА
( Катта амалдорлар қабулига қатнайдиган бир мансабпараст чолнинг юрак сўзлари)

Авваллари райкомга чопдим,
Энди ҳоким бобони топдим.
Оддийларни ит бўлиб қопдим,
Мансаб учун келдим оламга,
Ёғли мансаб беринг боламга.

Раҳбар бўлиб қаридим, тўздим,
Кимдан қолсам, кимлардан ўздим.
Болам учун бугун қўл чўздим,
Ёғли мансаб беринг боламга.
Мансаб учун келдим оламга.

Менга азиз бой, қорин тўқлар,
Бир чивиндай мансаби йўқлар,
Камбағалга отаман ўқлар,
Ёғли мансаб беринг боламга.
Мансаб учун келдим оламга.

Болам олғир, фойдаси тегар,
Эгилмаган шохларни эгар.
Мансаб излаб бугун ғам чекар,
Ёғли мансаб беринг боламга.
Мансаб учун келдим оламга.

Юраверсин анқовлар четда,
Думга ўхшаб судралиб кетда.
Мен бой бўлдим, уят йўқ бетда,
Мансаб учун келдим оламга.
Ёғли мансаб беринг боламга.

Болам ялқов, ақлу савод кам,
Тўғри йўлдан юролмайди ҳам.
Унда шумлик виждонсизлик жам,
Мансаб учун келдим оламга,
Ёғли мансаб беринг боламга.

Ўз авлодим ўстириш ўйим,
Пулдор қилиш, жўштириш ўйим.
Йўқ обрўни қўштириш ўйим,
Мансаб учун келдим оламга,
Ёғли мансаб беринг боламга.

Етмиш ёшли нафақахўрман,
Мансаб учун тетикман, зўрман.
Ҳоким айтган қўшиққа жўрман,
Мансаб учун келдим оламга,
Энди мансаб беринг боламга.

Мансабдорлар суяги аслим,
Мансаб билан улғайди наслим.
Тугаб қолди меним иш фаслим,
Мансаб учун келдим оламга,
Энди мансаб беринг боламга.

Ўғлим, қизим, саккиз неварам,
Мансаб сўраб ҳеч чекмасин ғам.
Мансаб севар ит, мушугим ҳам,
Мансаб учун келдим оламга,
Энди мансаб беринг боламга.

Ёпай йиртиқ , тешигингизни,
Ҳар кун чертай эшигингизни.
Бориб чайқай бешигингизни,
Мансаб учун келдим оламга,
Энди мансаб беринг боламга.

Касал чолман, тинмайман ўзим,
Мансаб сўраш билган гап-сўзим.
Қутуласиз юмилса кўзим,
Мансаб учун келдим оламга,
Энди мансаб беринг боламга.

БИР БОШЛИҚҚА УЧРАДИМ МЕН

Сўзлагани сўккан каби,
Эслагани тўккан каби,
Сувда сузса, чўккан каби,
Бир бошлиққа учрадим мен.

Дил фикрини қилса баён,
Қаллоблиғи шундан аён,
Чақар худди илон, чаён,
Бир бошлиққа учрадим мен.

Ўта айёр, тўймас ўғри,
Бошқаларга дер: бўл тўғри,
Қора кўмир юрак бағри,
Бир бошлиққа учрадим мен.

Ишга танлар онгсиз, бўшни,
Сўнг орқайин урар гўштни,
Ким ёқмаса олар ўчни,
Бир бошлиққа учрадим мен.

Қуш уяга йиққандай чўп,
Гап ташувчи думлари кўп,
Тепар, ходим унга бир тўп,
Бир бошлиққа учрадим мен.

Ўз ишингга бермайди йўл,
Ўзга ишни дер: бўл, ҳо , бўл,
Ишдан совур юрак ва қўл,
Бир бошлиққа учрадим мен.

Қилар фақат ваҳима, дўқ,
Шуҳрат истар, обрўси йўқ,
Халқ ғазаби унга ўқ,
Бир бошлиққа учрадим мен.

08

07
UMID BEKMUHAMMAD
BEKLAR SULOLASINING SHOIRI
01

Umid Bekmuhammad 1975 yilda Xorazm viloyatining Gurlan tumanida tug’ilgan.1997 yilda Urganch Davlat Universitetining tarix fakul`tetini tugatgan.Uning O’zbekiston va xorijdagi 55 ta gazeta va jurnallarda 600 ga yaqin maqolalari, “Xorazm tarixidan sahifalar”,“Navoiyning armonlari”, “Qatag’on qurbonlari-5 kitob”, “Qatag’on qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Gurlan tarixi”, “Amudaryo”, “Moziyning qora kunlari”, “Harbiy hiylalar”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Xorazmga oshufta ko’ngil”, “Tarixga bog’langan taqdirlar” kabi 30 ta kitobi «Pushkinning armonlari» roman-essesi nashr etilgan.

01

Bu ismni Xorazmda “Kadxudolar eli”, “xonga qiz bermagan beklar eli” deya dovruq qozongan Gurlanda hamma yaxshi biladi. Shuningdek , uni beklar sulolasidan chiqqan shoir ham deyishadi.Ana shunday ta’riflanadigan shoir Tursunboy Karimovdir. Tursunboy Karimovning bobosini barcha xorazmliklar singari gurlanliklar ham o’z talaffuzlariga moslab Xudirganbek deb atashadi. XX asrning boshlarida yashab o’tgan Xudirganbek Matniyozbek o’g’li haqida afsuski tarixiy ma’lumotlar kam. Uning hayoti va faoliyati o’rganilmagan. Vaholanki, o’z davrida gurlanliklar unga atab qo’shiq yaratganlar.

Xiva jiydasini yirik deydilar,
Xivada begimiz tirik deydilar.
Tirik bo’lsa kelmasmiydi elina,
Uni ham o’likning biri deydilar.

Ha, xalq Xudayberganbekning o’lganiga ishonmagan, uni bir kun o’z eliga qaytib keladi, deb o’ylashgan. Negaki, 1916 yil yanvar`, fevral oylaridagi Chor Rossiyasi va uning qo’g’irchoq xoni Asfandiyorga qarshi qo’zg’olonga aynan Xudayberganbek rahbarlik qilgan.

U faqat qo’zg’olon rahbari sifatida emas, balki adabiyotu-san’at homiysi, xalqparvar bek sifatida ham mashhurdir. Shuni aytish kerakki, Xudayberganbekni ba’zilar 1916 yilgacha Gurlan hokimi bo’lgan deyishadi. Vaholanki, Laffasiyning «Tazkirai Shuaro» asarida yozilishicha «Pur Komil Feruzning hayotidan keyin Asfandiyorxon zamonida Gurlanga ikkinchi marta hokim bo’lib turadur». Uning hokimligi 1916 yil 10 yanvargacha davom etgan. Shu yili u Xivani qamal qilgan qo’zg’olonchilar o’ldirgan Mirzaboshi o’rniga devonga Mirzaboshi qilib tayinlanadi. Demakki, Xudayberganbek Gurlan Hokimi emas, balki boy-badavlat beklardan biri bo’lgan. Biroq ko’pchilik uni Gurlan begi bo’lgan deb o’ylashadi. Shuni e’tiborga olish kerakki, garchi Gurlan Xiva xonligining ma’muriy bir hokimligi sanalsada, faqat hokimlik Gurlandangina iborat bo’lmagan. Unga hozirgi Yangibozor tumanining ko’pchilik qismi ( hozirgi Yangibozor tumani va Urganch tumanining ayrim joylari Qiyot-Qo’ng’irot noibligi deya atalib, uni xonning noibi boshqargan), hozirgi Gurlan tumanining butun hududi, Mang’itning ham ayrim joylari qaragan. Gurlan esa hokimlikning markazi bo’lgan. Barcha hududni hokim boshqargan. Shuningdek, qishloq va ovullarning ham o’z beklari bo’lgan. Xudayberganbek esa Gurlanning hozirgi Ko’naqal’adan to Xizireligacha bo’lgan hokimlikning markazida bek bo’lgan. Uning ajdodlari ham shu joylarda bek bo’lishgan. Shuning uchun ham Ko’naqal’adan oqib o’tuvchi Xizreliyop bo’yidagi joylar hanuz Bekovul deb ataladi.

Boy-badavlat Xudirganbek ma’rifatparvar inson bo’lgan. Har yili — Toshkentga borib kelar, o’sha davr uchun yangilik bo’lgan grammafon ham aynan Xudirganbekda bo’lgan. Hatto, mashhur hofiz Mulla To’ychining gramplastinkasini bekning o’zi Toshkentga borganida hofizdan sovg’a sifatida Gurlanga olib kelgan. Shuning uchun ham asli Xivalik bo’lgan Sheroziy o’sha yerlik ba’zi boylarning ta’qibidan qochib Gurlanga, aynan Xudirganbekdan panoh so’rab kelgan. Bekning Sobirbek ismli o’g’lining sunnat to’yida ham qatnashgan.

Sobirbek Xudayberganbek o’g’li 1901 yilda tug’ilgan. Otasi ma’rifatparvar bek bo’lgani bois, ularning xonadonlariga tez-tez shoir, hofiz, sozandalar tashrif buyurishardi. Shularga bo’lgan havasmi yoki 1908 yildan keyin uylarida otasi bilan Sheroziyning sozu suhbatlarimi, har holda Sobirbekda dutor chertishga ishtiyoq uyg’onadi.

Bu paytda butun xonlik bo’ylab Tolib maxsum, Matyoqub Xarrot, Matho’sin va Yusuf, Mathasan, Mutrib, Matrasul Mirza, Sobir mahram kabi go’yanda, Abdurahmon bola, Otajon Xarosman, Ota nafas Turum Eronchi, Abdukarim bola, Ro’zmatpoqoloq, Avaz salloh, Roman, Safo bangi, Bo’ronboy, Makayli, Ismoil itqopqon, Matlatifcho’girmado’z, Pochchoyi maxsum kabi dutorchilar mashhur bo’lib ular tez-tez o’sha davrdagi qurli to’ylarga borib turishardi.

Gurlanda ham Rimbolomonchi, Pirashbolomonchi, Xolmurot, Xudirganmosh doirakash, Matrazkal doirakash, Sulton surnaychi, Amat surnaychi, Avaz masxaraboz singari san’atkorlar bo’lib, ular dovrug’i ham xonlikda keng tarqalgandi.

Ular elning yaxshi kunlaridagi to’yu-tantanalar, bazmu jamshidlarda o’z sozi, ovozi bilan ishtirok qilib, xalq mehrini qozonganlar.

Qolaversa, daryo bo’yidagi Eshimjiron qishlog’ining Alibobo maydonida gurlanliklar to’yu tantanalari, xalq sayillarini o’tkazishardi. Otasiga ergashib to’ylarda yurgan Sobirbek sozanda-yu xonandalarning kuy-u qo’shiqlarini diqqat bilan tinglardi. Bora-bora o’zi ham dutor chertib qo’shiq aytadigan bo’ldi.

Xudirganbek 1916 yilga kelib mustamlakachilikning avjiga chiqishi va Asfandiyorning kayfu-safo, shahvoniy hirsga berilishi natijasida yuzaga kelgan isyon uchqunlarini vaqtida payqadi. Xon xaramiga qiz yig’ishga chiqqan O’g’il va Xotira mahramlar barcha beklarda bo’lishib chiroyli qizlarni xon oldiga olib borish uchun Gurlanga kelganlarida xalq isyonga hozirlandi. Mahramlarning mo’g’irdak aravasiga o’t qo’yildi, mahramlarning o’zlari esa quvib yuboriladi. Bunday hol Mang’it, Xo’jaylida ham bo’lib o’tgan. Natijada xalqdagi isyonkorlik kayfiyati uyg’onganini sezgan Xudirganbek o’z maslakdoshlari bilan maslahatlashib aynan Gurlanda 1916 yilning yanvar` oyida qo’zg’olonni boshlab yuboradi. Mang’it, Xo’jayli, Qipchoqda ham kelishilganidek bir vaqtda xalq harakatga keladi. Gurlanliklarga bosh bo’lgan Xudirganbek xonlik markazi Xiva sari otlanadi. Qiyot, Shovot, Toshhovuz, Qo’shko’pirni ham qamrab olgan qo’zg’olonchilar shu tarzda Xivagacha kelib poytaxt qamal qilinadi. Qo’zg’olonchilarga xonlikdagi Rossiya qo’shinlari garnizoni ham, xon navkarlari ham bas kelolmagach, Asfandiyor general S. A. Galkin qo’shini Toshkentdan yordamga kelguncha qo’zg’olonchilar bilan muzokora olib boradi. Muzokaraga borgan o’n bir qo’zg’olonchi orasida Xudayberganbek Matniyozbek o’g’li ham bor edi.

Biroq muzokara tugamay turib S. A. Galkin qo’shinining yetib kelishi natijasida Polyozxoji Yusupov xotiralariga ko’ra «u Gurlanga kelib (ya’ni, Galkin) Xudayberganbek, Qilich inoq, Otash miroblarni ham osib o’ldirdilar».

Ular qo’zg’olon rahbarlari sifatida dorga osib o’ldiriladi. 5000 kishilik qurollangan jazo otryadi esa xonlikdagi qo’zg’olon bo’lib o’tgan joylarda aholidan tovon puli — kontributsiya undirib oladi. Shu tariqa 1916 yildagi xalq harakati qo’zg’olonchilar mag’lubiyati bilan tugaydi. Biroq xalq ularni unutmadi.

Otasi o’limidan so’ng Sobirbek mahzun kayfiyatda faqat pand-nasihat, diniy mazmundagi qo’shiqlar kuylay boshladih qo’shiqlari bilan el ishonchini oqlaydi.Shoir Tursunboy Karimov yozganidek:

Salqin hovuz orom olgan,
Tol, gujumlar quloq solgan,
Ovul, ellar qoyil qolgan,
Sobirbek dutor chertganda.

Yuraklarda g’azab so’ngan,
Dardu g’amni tig’day yo’ngan,
Qo’sha bulbul kelib qo’ngan,
Sobirbek dutor chertganda.

Xudoyberganbek bek bolasi,
Yuragida ko’p nolasi,
Ko’ringan elning olasi,
Sobirbek dutor chertganda.

Olloh o’zi solgan razm,
Xonu beklar qilgan bazm,
Adolatga etgan jazm,
Sobirbek dutor chertganda…

1920 yilda xonlik tugatilib, Xorazmda oldiniga yosh Xivaliklar keyin esa sho’rolar hokimiyati o’rnatiladi. Ushbu yillarda Sobirbek xalq o’rtasida mashhur hofiz sifatida tanildi. Xalqning ongi-yu, ruhiyati diniy tarbiya bilan yuksalganidan Sobirbek diniy qo’shiqlar, xususan «Kiyik» dostonini zavqli ohangda kuylardi. Biroq, bu vaqtlarda dinga qarshi kurash borayotgani, Xudayberganbekning o’g’li bo’lgani uchun sho’ro hukumati 1930 yillarda Sobirbekni bir necha bor qamab qo’ydi. Har gal «Kiyik» dostonini kuylamaslikni shart qilib qamoqdan ozod qilishardi. Biroq xalq «Kiyik»niyam hurmat qilar, Sobirbek bo’lsa doimo shu dostonni kuylagani kuylagan edi. Shu sabab uni yana 1937 yilda qamoqqa olishadi. Uning shundan so’ngi hayoti noma’lum. Ba’zilar uning qamoqxona soqchisining unga bo’lgan hurmati va otasiga bo’lgan sadoqati bois qochib Turkmanistonda ancha yillar yashagan deb hisoblaydilar. Biroq bir narsa oydin: Xorazmda o’z davrining eng mashhur hofizlaridan, sozanda Sobirbekning sozini sho’ro mustamlakachiligi sindirgani aniq.

Shoir Tursunboy Karimov ana shu isyonkor beklar sulolasiga mansub Xudirganbekning inisi-O’rozmatbekning nevarasidir.1941 yilda tug’ilgan Tursunboy aka ota-onasidan bek bobolarining jasoratini eshitib, shular ruhiyatida kamol topib ulg’aydi. Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat Pedagogika Institutining o’zbek tili va adabiyoti fakul`tetiga kirib o’qidi.Bir necha yillar Gurlan tumani maktablarida o’qituvchi, ilmiy bo’lim mudiri bo’lib ishladi.Keyin ishchan,tirishqoqligi bois uni tuman partiya qo’mitasiga ishga olishdi.Bu yerdayam sidqidildan ishladi, shu bilan birga she’rlar bitdi. Toshkent Oliy partiya maktabidayam tahsil oldi. Yana tuman partiya qo’mitasida bo’lim mudiri, tuman ijroqo’mida rais muovini, “Paxtakorlar ovozi” tuman gazetasida muharrir, tuman kinolashtirish idorasida direktor bo’lib ishladi.Istiqloldan so’ng tuman hokimligida bo’lim mudiri, ma’naviyat va ma’rifat markazi tuman bo’limi rahbari sifatida faoliyat yuritdi.

Bunday qarasangiz Tursunboy Karimovning mehnat faoliyati turli rahbarlik vazifalarda o’tgandek. Ammo u kishi tabiatan ijodkor, o’z davri ruhiyatida shu davr mafkurasiga e’tiqod qilganidan haqiqiy ma’noda halol , sho’ro davri odamlari iborasi bilan aytganda “kommunistchasiga” ishladi.Agarki, u bilan bir davrda ishlagan ayrim rahbarlar faoliyatiga nazar solsangiz, qo’sha-qo’sha imoratu ko’chmas mulklar , mashinalar sohibiga aylanganini ko’rasiz.Ammo Tursunboy aka maoshga yashagani, tirikchilik tashvishida mol boqib, ayrim kichik savdolar bilan shug’ullangani aytmasangiz, mutlaqo davlat mulkiga ko’z tikmagan.

Xususiylashtirish avj olib, kimdir do’konni, kimdir yana bir inshoatni mulk qilib olgan, fermerlik harakatiga hamma o’zini urib, yer egasi bo’lishga harakat qilgan paytlardayam Tursunboy aka bulardan o’zini tiydi.Bo’lmasa o’g’illari, nevaralari ishga yaragandi. Biroq u qanoatli bo’lganidan hatto farzandlari bebosh, yerga qayrilib qaramaydigan ayrim rahbar otalardek o’zini mulkga, yerga urmadi.To’g’risi, ba’zi odamlar bor, kollektivlashtirish yillari tortib olinib, kolxozga qo’shilgan bobosiyu ammasining o’n tanob yeriga fermer sifatida ega bo’lish uchun bormagan idorasiyu, yozmagani qolmagan. Hattoki, “ bobom kolxoz tuzilganida tuyasiyu oti, molini kolxoz fermasiga qo’shgan ekan.Mana kolxoz tugab, fermalar xususiylashib ketdi.Bobomning chorvasi o’tgan 70 yilda qanchaga ko’paydi. Endi ulardan qanchasi bizga tegishi kerak? “ deya gapirib yurgan odamlarni ko’rganman. Tursunboy aka yer talashsa bek bobolarining necha ming tanob yerlari , qanchalab chorvasi bor edi.Ammo unday qilmadi.

Bobolaridan qolgan Bekovuldagi eski uyi o’rnida ikkita hovli qurdi.Buning uchun mol boqib sotdi,nevaralariga muzqaymog’u kola, fantalargacha sotdirdi.O’qituvchi , mashina, mototsikl ustasi bo’lgan o’g’illari, bulochka , pechen`e pishirgan kelinlari topgan puliga o’ziningu kampirining nafaqa pulini qo’shdi, xullas, el qatori farzandlarini uyli joyli qildi.Nevaralarini kontraktda bo’lsada o’qitdi.

Bu orada qaysidir do’stining, chin dildan qo’llagan rahbarlarning homiyligi tufayli 20 ta she’riy to’plamlari, dostonlarini chop etdirdi.

Tursunboy ota bugun nafaqat isyonkor bek bobolari, balki institutda Yahyo G’ulomovdan tahsil olgani, Pirmat Shermuhammedov bilan birga o’qigani, Komil Avaz bilan birga harbiyda bo’lgani, she’rlariga talabalik chog’ida O’tkir Rashid oq yo’l tilaganidan g’ururlanib so’zlaydi.
Shu bilan birga O’zbekiston Xalq shoiri, asli Gurlanning Bog’iolon qishlog’idan bo’lgan Omon Matjonning ilk she’rlariga tuman matbuoti orqali o’zi ham oq yo’l tilaganidan quvonib, faxrlanib yuradi.

“Paxtakorlar ovozi” gazetasining 1966 yil 1 maydagi soni. “Oq yo’l, Omon” sarlavhali so’zboshi va Bog’iolonlik yosh shoirning surati, bir nechta she’rlari chop etilgan. “ Men Omonning ko’pchilik she’rlari bilan tanishib chiqdim. Bu yosh shoirning asarlaridan kutganimdan ortiqroq bahra oldim. Omonda narsa-hodisalarni shoirona did bilan kuzata bilish va ularning poetik tomonini ko’ra olish zakovati bor. Yosh qalamkashda his-hayajon, original poetik fikrga, badiylikka intilish kuchli. Avtorning bu xususiyatlari kitobxonda unga nisbatan ishonch va ezgu umid kurtaklarini uyg’otadi.

Omon hali ajoyib fazilatlarga boy, sermashaqqat poeziya yo’lining boshlang’ich nuqtasida turibdi. U juda ko’p ijodiy sinovlardan o’tishi, mutoalaa qilishi, toblanishi kerak. Hali yosh avtorda badiiy sayoz, mantqan mujmal, ba’zida qaytariq, shablon misralar uchraydiki, yosh ijodkor uchun bunday juz’iy nuqsonlar tabiiy va uzrlidir. Omonning ijodidagi asosiy tomon-muvaffaqiyatlar bilan uni tabriklaymiz.

Ijod yo’lida oq yo’l senga, Omon!”, deya ezgu tilaklarini bildirib o’tgandi Tursunboy Karimov. Mana oradan vaqt o’tib Bog’iolonlik Omon Matjon Tursunboy akaning ishonchini oqlab, haqiqiy ma’nodagi xalq shoiri darajasiga yetdi.

Ha, Tursunboy akaning o’zi o’sha 1960 yillardayoq shakllangan shoir edi.Shu boisdan bugun arxivda o’tirgancha tuman gazetasi sahifalarini varaqlasangiz, boshqa yana ko’plab shoirlarga oq yo’l tilagani, o’zining ham ko’plab ash’orlari chop etilganiga amin bo’lamiz.

Ma’lumki, 1930 yillardan boshlab har bir tumanda gazeta chop etish yo’lga qo’yilgan.Ushbu gazetalar ko’plab yosh is’tedodlar uchun parvoz maydoni rolini o’ynagan.Tursunboy akaning ham o’zi yoshlik paytlarida tuman gazetasida ijod namunalarini yoritib borgan bo’lsa, 1983 yilda “Paxtakorlar ovozi” tuman gazetasiga muharrirlik qilgan.Biroq, biroq atigi bir yilgina.Bunga sabab “Mushtum” jurnalida Tursunboy Karimovning “Ko’zoynak taqqan cho’chqa” degan masali chop etiladi.Bu masal tumanning birinchi kotibi haqida edi.Tumandagi boshqaruv tizimini chigallashtirgan, har bir idora rahbari, hattoki kolxoz brigadiri ortidan ham kuzatuvni yo’lga qo’ygan sarkotibga tabiiyki bu masalni yetkazadiganlar ham topiladi.Nihoyat bir masal bois Tursunboy aka ishdan bo’shatiladi. Haqiqatni aytish, bu borada adabiy janrlardan foydalanish Tursunboy akaning ijodida ko’p uchraydigan jihat.

Umuman olganda mag’rurlik Tursunboy akaga bek bobolaridan o’tgan desayam bo’ladi.Shu bois uni ko’pchilik yoqtirmay , hatto yoshi kichik bo’lsada ayrim mansabga mingan mahalladoshlari salom bermay qo’ygan paytlari bo’lgan.Har gal yaqin kelganda, uchrashganda o’zini ko’rmaganga, telefonda gaplashganga solib o’tishlardan so’ng Tursunboy aka o’zidan yoshi kichik mansabdorga dakki berib qo’yishni lozim topadi.Chunki, yoshi kattanikini , shuncha yil rahbar bo’lgan Tursunboy akaniki mensimay borayotgan ekan, oddiy faqirlarni aytmasa bo’ladi.Shu bois shoir unga qarata:
-Falonkas, bilsang sening mansabingdan menim yoshi katta,-degandi.

Shu-shu o’sha inson o’zidan kattaga salom beradigan, kichikning salomiga alik oladigan bo’ldi.

Agarki, Tursunboy akaning ijodiga razm solsak, shoir tabiatidagi adolatparvarlik, haqiqatni o’ziga, yuziga aytish u kishining she’rlarida aks etganiga ham guvoh bo’lamiz. Shu boisdan ham shoir she’rlarida judayam ko’p inson fe’lidagi, jamiyatdagi salbiy holatlar hajv, satira tig’iga olinganiga amin bo’lamiz.

Endi esa shoir shaxsini ko’p ta’rifu tavsif qilavermay, 74 yoshli Gurlanlik beklar sulolasining shoiri ijodidan ayrim namunalarga e’tibor qaratsak:

TURSUNBOY KARIMOV SHE’RLARI
01

YURGIN FAQAT MENING ORTIMDAN
( Bir boshliqning muoviniga aytganlari)

Talanting olamni hayron etsa ham,
Kuching bilaklarga sig’may ketsa ham,
Aqling ming yillarga borib yetsa ham,
Jiloving qo’limda mahkam tortilgan,
Olg’a yurgin, faqat mening ortimdan!

Oson ish mengayu, qiyini senga,
Bosh o’rin mengayu, qiyini senga,
Qog’oz pul mengayu , tiyini senga,
Jiloving qo’limda mahkam tortilgan,
Olg’a yurgin, faqat mening ortimdan!

Yoshlarga tilim der: o’qi, o’rgan, o’s,
Ko’nglim der:-oldinga o’tkazma, yo’l to’s!
Hech kimga aytilmas bunday ochiq so’z,
Jiloving qo’limda mahkam tortilgan,
Olg’a yurgin, faqat mening ortimdan!

Mening aybim deb yur, xato, yomonni!
Boshliqning ishi de, yaxshi tomonni,
Donini men yeyman, sen ye somonni,
Jiloving qo’limda mahkam tortilgan,
Olg’a yurgin , faqat mening ortimdan!

Rahmat olish menga, so’kishi senga,
Doklad yozish senga, o’qishi menga,
Donni yig’ish senga, to’kishi menga,
Jiloving qo’limda mahkam tortilgan,
Olg’a yurgin, faqat mening ortimdan!

O’zingni yer deb yur, meni de osmon,
Shunda tez o’sasan, moy bo’lar qozon,
Yo’q desang, tomiring qirqilar oson,
Jiloving qo’limda mahkam tortilgan,
Olg’a yurgin, faqat mening ortimdan!

YOG’LI MANSAB BERING BOLAMGA
( Katta amaldorlar qabuliga qatnaydigan bir mansabparast cholning yurak so’zlari)

Avvallari raykomga chopdim,
Endi hokim boboni topdim.
Oddiylarni it bo’lib qopdim,
Mansab uchun keldim olamga,
Yog’li mansab bering bolamga.

Rahbar bo’lib qaridim, to’zdim,
Kimdan qolsam, kimlardan o’zdim.
Bolam uchun bugun qo’l cho’zdim,
Yog’li mansab bering bolamga.
Mansab uchun keldim olamga.

Menga aziz boy, qorin to’qlar,
Bir chivinday mansabi yo’qlar,
Kambag’alga otaman o’qlar,
Yog’li mansab bering bolamga.
Mansab uchun keldim olamga.

Bolam olg’ir, foydasi tegar,
Egilmagan shoxlarni egar.
Mansab izlab bugun g’am chekar,
Yog’li mansab bering bolamga.
Mansab uchun keldim olamga.

Yuraversin anqovlar chetda,
Dumga o’xshab sudralib ketda.
Men boy bo’ldim, uyat yo’q betda,
Mansab uchun keldim olamga.
Yog’li mansab bering bolamga.

Bolam yalqov, aqlu savod kam,
To’g’ri yo’ldan yurolmaydi ham.
Unda shumlik vijdonsizlik jam,
Mansab uchun keldim olamga,
Yog’li mansab bering bolamga.

O’z avlodim o’stirish o’yim,
Puldor qilish, jo’shtirish o’yim.
Yo’q obro’ni qo’shtirish o’yim,
Mansab uchun keldim olamga,
Yog’li mansab bering bolamga.

Yetmish yoshli nafaqaxo’rman,
Mansab uchun tetikman, zo’rman.
Hokim aytgan qo’shiqqa jo’rman,
Mansab uchun keldim olamga,
Endi mansab bering bolamga.

Mansabdorlar suyagi aslim,
Mansab bilan ulg’aydi naslim.
Tugab qoldi menim ish faslim,
Mansab uchun keldim olamga,
Endi mansab bering bolamga.

O’g’lim, qizim, sakkiz nevaram,
Mansab so’rab hech chekmasin g’am.
Mansab sevar it, mushugim ham,
Mansab uchun keldim olamga,
Endi mansab bering bolamga.

Yopay yirtiq , teshigingizni,
Har kun chertay eshigingizni.
Borib chayqay beshigingizni,
Mansab uchun keldim olamga,
Endi mansab bering bolamga.

Kasal cholman, tinmayman o’zim,
Mansab so’rash bilgan gap-so’zim.
Qutulasiz yumilsa ko’zim,
Mansab uchun keldim olamga,
Endi mansab bering bolamga.

BIR BOSHLIQQA UCHRADIM MEN

So’zlagani so’kkan kabi,
Eslagani to’kkan kabi,
Suvda suzsa, cho’kkan kabi,
Bir boshliqqa uchradim men.

Dil fikrini qilsa bayon,
Qalloblig’i shundan ayon,
Chaqar xuddi ilon, chayon,
Bir boshliqqa uchradim men.

O’ta ayyor, to’ymas o’g’ri,
Boshqalarga der: bo’l to’g’ri,
Qora ko’mir yurak bag’ri,
Bir boshliqqa uchradim men.

Ishga tanlar ongsiz, bo’shni,
So’ng orqayin urar go’shtni,
Kim yoqmasa olar o’chni,
Bir boshliqqa uchradim men.

Qush uyaga yiqqanday cho’p,
Gap tashuvchi dumlari ko’p,
Tepar, xodim unga bir to’p,
Bir boshliqqa uchradim men.

O’z ishingga bermaydi yo’l,
O’zga ishni der: bo’l, ho , bo’l,
Ishdan sovur yurak va qo’l,
Bir boshliqqa uchradim men.

Qilar faqat vahima, do’q,
Shuhrat istar, obro’si yo’q,
Xalq g’azabi unga o’q,
Bir boshliqqa uchradim men.

08

(Tashriflar: umumiy 756, bugungi 1)

Izoh qoldiring